إِنَّ ٱلَّذِينَ كَذَّبُوا۟ بِـَٔايَٰتِنَا وَٱسْتَكْبَرُوا۟ عَنْهَا لَا تُفَتَّحُ لَهُمْ أَبْوَٰبُ ٱلسَّمَآءِ وَلَا يَدْخُلُونَ ٱلْجَنَّةَ حَتَّىٰ يَلِجَ ٱلْجَمَلُ فِى سَمِّ ٱلْخِيَاطِ ۚ وَكَذَٰلِكَ نَجْزِى ٱلْمُجْرِمِينَ
Албатта, оятларимизни ёлғонга чиқарганлар ва улардан кибр қилганларга осмон эшиклари очилмас ва улар туя игна тешигидан ўтмагунча жаннатга кирмаслар. Жиноятчиларни мана шундай жазолаймиз. (Уларнинг руҳлари осмонга олиб чиқилганда, эшик очилмай, аҳволлари расво бўлган эди. Энди жаннатга киришлари учун ғоят оғир шарт қўйилмоқда. Бир тарафда улкан жуссали тоғдек туя дарёдек пишқириб турибди. Иккинчи тарафда кўз илғаб-илғамай бир игна. Аммо унинг тешигини, унга нигоҳи ўткир одам яқинроқдан тикилмаса, кўрмайди ҳам. Бу баҳайбат туя ушбу кичкина тешикдан ўтса, бош устига, «анавилар» ҳам жаннатга кираверсинлар. Бу илоҳий таъбир оддийгина қилиб, абадул абад жаннатга кирмайди, дейишдан кўра юз чандон таъсирчандир. Бу ҳам уларнинг азобига азоб, жазосига жазо қўшиш учундир.)