loader

وَمَنْ أَظْلَمُ مِمَّنِ ٱفْتَرَىٰ عَلَى ٱللَّهِ كَذِبًا أَوْ قَالَ أُوحِىَ إِلَىَّ وَلَمْ يُوحَ إِلَيْهِ شَىْءٌۭ وَمَن قَالَ سَأُنزِلُ مِثْلَ مَآ أَنزَلَ ٱللَّهُ ۗ وَلَوْ تَرَىٰٓ إِذِ ٱلظَّٰلِمُونَ فِى غَمَرَٰتِ ٱلْمَوْتِ وَٱلْمَلَٰٓئِكَةُ بَاسِطُوٓا۟ أَيْدِيهِمْ أَخْرِجُوٓا۟ أَنفُسَكُمُ ۖ ٱلْيَوْمَ تُجْزَوْنَ عَذَابَ ٱلْهُونِ بِمَا كُنتُمْ تَقُولُونَ عَلَى ٱللَّهِ غَيْرَ ٱلْحَقِّ وَكُنتُمْ عَنْ ءَايَٰتِهِۦ تَسْتَكْبِرُونَ

Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиган ёки унга ҳеч нарса ваҳий қилинмаса ҳам, менга ваҳий келди, деган ёхуд, Аллоҳ нозил қилган нарсага ўхшаш нарсани мен ҳам нозил қиламан, деган кимсадан ҳам золимроқ кимса борми? Золимларнинг ўлим талвасаси пайтларини, фаришталарнинг уларга қўл чўзиб: «Жонингизни чиқаринг! Бугунги кунда Аллоҳга нисбатан ноҳақ гап айтганларингиз учун ва Унинг оятларидан мутакаббирлик қилиб юрганингиз учун хорлик азоби ила жазоланурсиз», дегандаги ҳолларини кўрсанг эди. (Кофир мушриклар Пайғамбарни (а. с.) инкор қилиб, у зотга қўяётган айблар ғоят катта айблардир. Бундай ишлар Аллоҳнинг маҳбуб Пайғамбаридан содир бўлиши асло мумкин эмас. Агар фаразан кимдир бундай зулмни қиладиган бўлса, албатта, жазосини тортади ва тезда фош бўлади. Тарих бунинг кўпига гувоҳ. Пайғамбаримизнинг (с. а. в.) даврларида Мусайламатул каззоб, унинг хотини Сажоҳ бинти ал-Ҳорис ва ал-Асвад ал-Анасийлар шундай даъво билан чиқдилар. Аммо тезда шарманда бўлдилар. Бундай кишилар энг золим кишилар ҳисобланадилар. Уларнинг кимлигини ояти каримадаги таърифдан ҳам билиб олиш мумкин.)