loader
Алиф. Лом. Ро. (Ушбу) китоб оятлари маҳкам қилинган, сўнгра ҳикматли ва хабардор Зот томонидан муфассал қилингандир.
Аллоҳдан ўзгага ибодат қилмаслигингиз учундир. Албатта, мен сизларга Ундан келган огоҳлантирувчи ва хушхабарчиман.
Роббингизга истиғфор айтинглар, сўнгра Унга тавба қилинглар. (Шунда) У сизларни маълум муддатгача яхши роҳатлар ила баҳраманд қилур ва ҳар бир фазл эгасига фазлини берур. Агар юз ўгириб кетсангиз, бас, албатта, мен сизларга улуғ куннинг азоби бўлишидан қўрқаман.
Аллоҳнинг Ўзига қайтишингиз бор. У ҳар бир нарсага қодир зотдир.
Огоҳ бўлингким, албатта, улар ундан яшириниш учун кўксиларига (бошларини) эгадилар. Огоҳ бўлингким, кийимларига ўралган чоғларида ҳам, У зот нимани сир тутаётганларинию нимани ошкор қилаётганларини биладир. Албатта, У қалблардаги бор нарсаларни билгувчи зотдир. (Ушбу оятда жоҳилият аҳлининг кулгили ҳолатларидан бири ҳақида сўз кетмоқда. Пайғамбаримиз (с. а. в.) кишиларга Қуръони Карим оятларини ўқиб бераётганларида, юқорида зикр қилинган ҳақиқатларни етказаётганларида, баъзи мушриклар, мен ҳам шу гапларга дахлдор бўлиб қолмай, дегандек, кўринмасликка уриниб, пусиб, бошини кўксига эгиб, беркинишга ҳаракат қилар эканлар. Оятда уларнинг қилмишлари, Аллоҳдан яширинишга уриниш, деб таърифланмоқда.)
Ер юзида ўрмалаган нарса борки, уларнинг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир. У уларнинг турар жойларини ҳам, борар жойларини ҳам билур. Ҳаммаси очиқ-ойдин китобдадир.
У сизлардан қайсингизнинг амали яхшироқ эканини синаб кўриш учун олти кунда осмонлару ерни яратди. Ўшанда арши сув устида эди. Агар сен: «Сизлар ўлимдан кейин, албатта, қайта тирилтириласизлар», десанг, куфр келтирганлар, албатта: «Бу очиқ-ойдин сеҳрдан ўзга нарса эмас», дерлар. (Бу оятда ҳам Аллоҳ таолонинг таърифи давом этмоқда. Аллоҳ осмонлару ерни олти кунда яратган зотдир. Бу ҳақда ўтган Юнус сураси тафсирида батафсил гапирилган. Ушбу оятда эса, осмонлару ерни яратишдан мақсад одамлардан қайсилари яхшироқ амаллар қилишини синаб кўриш эканлиги таъкидланмоқда. Шунингдек, Аллоҳнинг арши ва унинг турган жойи ҳақида ҳам маълумот келмоқда: Демак, Аллоҳ таоло осмонлару ерни яратган вақтда унинг арши сув устида бўлган экан. Шунинг ўзини билишимиз кифоя. Аллоҳнинг арши бор экан. Ўша пайтда бу арш сувнинг устида турган экан. Бўлди, бундан бошқаси ортиқча. Бунақа ғайбиётга тегишли масалалар атрофида овора бўлиб, вақт ва ақл-заковотни бехуда сарфлагандан кўра, кўпроқ яхши амалларни қилиб, синовдан яхши ўтишга уринган маъқул.)
Агар Биз улардан маълум муддатгача азобни кечиктирсак, албатта, улар: «Уни нима тўхтатиб турибди?» дерлар. Огоҳ бўлингларким, у келган кунда улардан қайтарилмас ва уларни ўзлари истеҳзо қилиб юрган нарса ўраб олур.
Агар инсонга Ўз томонимиздан роҳатни тоттириб, сўнгра ундан уни тортиб олсак, албатта, у ноумид ва ношукр бўлур.
Агар унга етган қийинчиликлардан сўнг неъмат тоттирсак, албатта: «Мендан ёмонликлар кетди», дейдир. Албатта, у хурсанд ва фахрлидир.
Магар сабр қилганлар ва яхши амаллар қилганлар, ана ўшаларга мағфират ва катта ажр бор.
Эҳтимол сен уларнинг: «Унга хазина туширилса эди» ёки «У билан бирга фаришта келса эди», деганлари учун ўзингга ваҳий қилинган нарсанинг баъзисини тарк қилмоқчи бўларсан ёки ундан юрагинг сиқилар. Сен огоҳлантирувчисан, холос. Аллоҳнинг Ўзи ҳамма нарсага вакилдир. (Албатта, кофир ва мушриклар қанчалик шаккоклик қилмасинлар, қанчалик таклифлар киритмасинлар, Расулуллоҳнинг (с. а. в.) эътиқодларига зарар етказа олмайдилар. У киши Қуръоннинг баъзисини тарк этмоқчи ҳам бўлмайдилар, ундан юраклари сиқилмайди ҳам. Аммо бу оят у кишига ва у киши орқали барча мўмин-мусулмонларга тасалли, панд-насиҳат бўлиб келмоқда. Яъни, мушриклар қанчалар ёмонлик қилсалар ҳам, сизлар сабр қилинглар, сиқилманглар, демоқда.)
Ёки: «Ўзи тўқиб олди», дерларми? Сен: «Бас, агар ростгўй бўлсаларингиз, Аллоҳдан бошқа кимни чақиришга қодир бўлсангиз, чақириб, бунга ўхшаш ўнта тўқилган сура келтиринг-чи», дегин. (Мушрикларнинг аввалги оятда келган «Пайғамбарга хазина туширса ёки у билан бирга фаришта ҳам Пайғамбар этиб юборилсагина унга эргашамиз», деган мантиқсиз гаплари етмаганидек, улар: «Қуръонни Пайғамбарнинг ўзи тўқиб олган», ҳам дейдилар. Бундан ҳам аччиғинг чиқмасин, хафа бўлма. «Аллоҳдан бошқа кимни чақиришга қодир бўлсангиз, чақириб, бунга ўхшаш ўнта тўқилган сура келтиринг-чи», дегин.)
Агар жавоб бера олмасалар, бас, билингки, у фақатгина Аллоҳнинг илми ила нозил қилингандир. Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир. Энди мусулмон бўларсизлар?!
Кимки бу дунё ҳаётини ва унинг зийнатини хоҳласа, бу борадаги амалларининг (самараси)ни тўлиқ берурмиз. Улар бунда камситилмаслар.
Ана ўшаларга охиратда дўзах оловидан бошқа ҳеч вақо йўқдир. Бу дунёда қилган ишлари ҳабата бўлди ва қилган амаллари ботил бўлди.
Ўз Роббидан аниқ ҳужжатга эга бўлган, унга ўша (Робб)нинг Ўзидан гувоҳ эргашган ва у(гувоҳ)дан олдин Мусонинг китоби имом ва раҳмат ҳолида унга (шоҳид) бўлган кишига (куфр келтирилади)ми? Ана ўшалар у(шоҳид)га иймон келтирарлар. Гуруҳлардан ким унга куфр келтирса, унга ваъда қилинган жой жаҳаннамдир. Сен у ҳақда шак-шубҳада бўлма! Албатта, у Роббингдан келган ҳақдир. Лекин одамларнинг кўплари иймон келтирмаслар. (Қуръони Каримдан олдин Мусонинг (а. с.) китоби Таврот ҳам имом ва раҳмат бўлган ҳолида Муҳаммаднинг (с. а. в.) охирзамон Пайғамбари бўлишларига гувоҳ бўлган эди. Ана шундай кишига куфр келтирадиларми?! Қуръонга иймон келтирмасдан жаннатга киришни ҳеч ким хаёлига ҳам келтирмасин. Албатта, Пайғамбармиз (с. а. в.) ҳеч қачон Қуръони Каримнинг ҳақ эканлигига шак-шубҳа қилмаганлар. Аммо бу сўзлар ўша даврдаги оғир ҳолатни енгиллатиш учун айтилмоқда. Чунки у пайтда одамлар Исломга қаршилик қилиб, даъват ишлари юришмай туриб қолган эди. Аллоҳ таоло Пайғамбарига ва оз сонли мўмин бандаларига тасалли бериб, бу ҳолатдан ҳайрон бўлмасликларини уқдирмоқда. Нимага Қуръон иши тўхтаб қолди, деб ўйлама, Аллоҳ хоҳлаган вақтида юришиб кетади.)
Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиган кимсадан ҳам золимроқ одам борми? Ана ўшалар Роббиларига рўбарў қилинурлар ва гувоҳлар: «Анавилар Роббилари шаънига ёлғон гапирганлардир. Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг лаънати золимларгадир», дерлар.
Улар Аллоҳнинг йўлидан тўсарлар ва унинг эгри бўлишини хоҳларлар ҳамда улар охиратга куфр келтирувчи кимсалардир.
Ана ўшалар ер юзида қочиб қутилувчи бўла олмадилар, уларга Аллоҳдан ўзга дўст ҳам бўлмади, азоб бир неча баробар қилинур. Улар эшитишга қодир бўла олмадилар ва кўра олмадилар ҳам.
Ана ўшалар ўзларига зиён қилганлардир ва тўқиган нарсалари улардан ғойиб бўлди.
Шак-шубҳасиз, албатта, улар охиратда яна ҳам кўпроқ зиён кўргувчилардир.
Албатта, иймон келтирганлар, яхши амаллар қилганлар ва Роббиларига ишонч ила бўйинсунганлар, ана ўшалар жаннат эгаларидир. Улар унда абадий қолурлар.
Бу икки гуруҳнинг мисоли худди кару кўр ҳамда эшитувчи ва кўрувчига ўхшайдир. Улар бир-бирларига баробар бўла оладиларми? Ибрат олмайсизларми? (Кофир билан мўминнинг орасида ер билан осмонча фарқ бор. Кофир кўр ва кар одамга ўхшайди. Мўмин эса, кўзи, қулоғи бутун, ҳам кўриб, ҳам эшитадиган одам кабидир. Куфри туфайли қалб кўзи кўр, ибрат қулоғи кар бўлиб қолган кофир бу дунёнинг ҳақиқатини кўролмайди, эшитолмайди. Ҳаммаёққа урилиб, туртилиб-суртилиб юради. Иймони сабабли қалб кўзи ва ибрат қулоғи очиқ бўлган мўмин эса, ҳамма нарсани кўриб, эшитиб, яхши йўлни танлаб, тўғри ва шаҳдам юради.)
Албатта, Биз Нуҳни ўз қавмига: «Албатта, мен сизларга очиқ-ойдин огоҳлантирувчиман.
Аллоҳдан ўзгага ҳеч ибодат қилманглар, албатта, мен сизларга аламли кун азоби бўлишидан қўрқаман», дедириб юбордик.
Унинг қавмидан куфр келтирган зодагонлар: «Биз сени ҳам фақат ўзимизга ўхшаган одам эканингни кўряпмиз, сенга ичимиздан эси паст пасткашларимизгина эргашаётганини кўряпмиз, сизларнинг биздан устун фазлингизни кўрмаяпмиз, балки сизларни ёлғончи деб ўйлаяпмиз», дедилар. (Нуҳнинг (а. с.) гапларига қавм номидан уларнинг корчалонлари, оғзи ботир зодагон бошлиқлари жавоб берди. Диққат билан разм солсак, уларнинг жавоблари барча кофир, саркаш қавмларнинг ўзларига келган Пайғамбарларга берган жавобларига ўхшашини кўрамиз: Уларнинг фикрича, камбағал кишилар пасткаш ва ақли оз ҳисобланади. Шунинг учун камбағал бўлиб қолган, дейишади. Ўша камбағаллар аралашган ҳар бир ишга хосиятсиз иш деб қарашади. Аслида эса, камбағалларнинг қалбини бойлик, айшу ишрат ва мутакаббирлик бузмагани учун улар илоҳий даъватларга тез жавоб берадилар. Буни бой-зодагонлар тамоман тескари тушунадилар.)
У: «Эй қавмим, айтинг-чи, агар мен Роббимдан аниқ ҳужжатга эга бўлган бўлсам ва У менга Ўз ҳузуридан раҳмат берган бўлса-ю, сизга махфий қолган бўлса, уни сизга, агар ёқтирмасангиз ҳам, мажбурлаймизми?!
Эй қавмим, бу (даъватим) учун сиздан мол сўрамайман. Менинг ажрим фақат Аллоҳнинг зиммасида. Мен иймон келтирганларни қувловчи эмасман. Албатта, улар Роббиларига рўбарў бўлувчилардир. Аммо мен сизларнинг жоҳил қавм эканингизни кўрмоқдаман». (Эй қавмим, менинг сиз учун куюнаётганимни ўзингизча ҳар хил тушунманг. Мен сизларнинг иймонли бўлиб, саодатга эришишингизни истайман, холос. Ажрни Аллоҳ беради, сиз бермайсиз, хавотирланманг. Сенга пасткашларгина эргашаётганини кўряпмиз, деганингиз учун, сизларга ёқиш мақсадида ёки сизларни рози қилиш учун: «Мен иймон келтирганларни қувловчи эмасман». Мен учун бой-камбағал барибир, муҳими, иймон келтириш. Ҳамма гап иймонда. Шунингдек, улар мен учун иймон келтирган эмаслар, уларнинг иймон келтиришлари Аллоҳга боғлиқ. Қадр-қийматни пул-мол билан ўлчаб юрибсиз. Одамлар Роббиларига рўбарў келишларини англамай, жоҳиллик қилмоқдасиз.)
Эй қавмим, агар уларни қувсам, ким менга Аллоҳ(азобидан)дан (қутулишга) ёрдам беради? Ўйлаб кўрмайсизларми?»
Мен сизларга: «Ҳузуримда Аллоҳнинг хазиналари бор», демайман. Ғайбни ҳам билмайман. «Мен фариштаман», демайман. «Кўзингизга ҳақир кўринаётганларга Аллоҳ ҳаргиз яхшилик бермайди», демайман. Уларнинг дилларида нима борлигини Аллоҳ яхши биладир. Акс ҳолда, мен, албатта, золимлардан бўлиб қоламан», деди. (Ушбу ояти каримада Нуҳнинг (а. с.) ўз шахслари ва Пайғамбарликлари хусусиятларини қавмларига қандай васф қилиб берганлари баён қилинмоқда.)
Улар: «Эй Нуҳ, батаҳқиқ, сен биз билан тортишдинг, кўп тортишдинг. Энди, агар ростгўйлардан бўлсанг, бизга ваъда қилаётган нарсангни келтир», дедилар.
У: «Уни сизларга, агар хоҳласа, фақат Аллоҳгина келтирур ва сизлар қочиб қутулувчи эмассиз.
Ва агар Аллоҳ сизларни йўлдан оздиришни истаса, мен насиҳат қилишни хоҳлаганим билан насиҳатим сизларга манфаат бермайди. У сизнинг Роббингиздир ва Унга қайтарилурсиз», деди.
Ёки: «Уни тўқиб олди», дейдиларми? Сен: «Агар уни тўқиб олган бўлсам, жиноятим ўз зиммамда ва мен сиз қилаётган жиноятдан холидирман», деб айт.
Ва Нуҳга: «Қавмингдан аввал иймон келтирганлардан бошқа ҳеч ким иймон келтирмас ва уларнинг қилмишларидан қайғуга тушмагин.
Бизнинг риоятимиз ва ваҳиймиз ила кема ясагин ҳамда зулм қилганлар тўғрисида Менга гап очмагин, албатта, улар ғарқ бўлгувчилардир», деб ваҳий қилинди.
У кема ясамоқда. Ўз қавмидан бўлган зодагонлар қачон олдидан ўтсалар, уни масхара қилдилар. У: «Агар бизни масхара қилсангиз, биз ҳам худди сиз бизни масхара қилганингиздек сизларни масхара қиламиз.
Бас, яқинда кимга шарманда қилувчи азоб келишини ва кимнинг устига муқим азоб тушишини билиб олурсиз», деди.
Токи Бизнинг амримиз келиб, таннур фаввора отганда: «У(кема)га ҳар нарсадан бир жуфтдан ва аҳлингдан аввал сўз кетмаганини ва иймон келтирганларни ол», дедик. У билан бирга иймон келтирганлар жуда оз эди. (Нуҳ (а. с.) оиласидан ҳалок бўлишга сўз кетиб қолганлар–хотини билан бир ўғли. Уларни кемага олмасликни амр қилинди. Ҳа, Нуҳ (а. с.) узоқ вақт–эллик санаси кам минг йил даъват қилишларига қарамай, саркаш қавмнинг озгинасидан бошқаси иймонга келмади. Шу сабаб ила бу тузалмас дардисарларни дунё танасидан бутунлай кесиб ташлаш учун Аллоҳ ҳаммасини ғарқ этишни ирода қилди.)
Ва у: «Кемага мининглар, унинг юриши ҳам, туриши ҳам Аллоҳнинг исми ила бўлур. Албатта, Роббим мағфиратли ва раҳмлидир», деди.
Ва у(кема) уларни тоғлардек тўлқинда олиб кетаётганида, Нуҳ бир четда турган ўғлига: «Эй ўғлим, биз билан бирга мингин, кофирлар билан бирга бўлмагин», деди. (Нуҳ (а. с.) ва шериклари нажот кемасига минганларидан сўнг, ўғиллардан бирининг бир четда ажралиб турганини кўрдилар. Даҳшатли тўфондан-да оталик меҳрлари устун келиб: «»бир четда турган ўғлига: «Эй ўғлим, биз билан бирга мингин, кофирлар билан бирга бўлмагин», деди»лар.)
У (ўғил): «Тоққа жойлашиб олсам, мени сувдан сақлайдир», деди. У эса: «Бугун Аллоҳнинг амридан сақловчи йўқдир. Магар кимни раҳм қилсагина (сақлар)», деди. Шунда ораларини тўлқин тўсди ва у(ўғил) ғарқ бўлганлардан бўлди. (Кофир бўлгандан кейин қийин экан. Улуғ Пайғамбар бўлмиш отанинг гапини эшитиб туриб ҳам, бостириб келаётган даҳшатли тўфонни кўриб туриб ҳам: «Тоққа жойлашиб олсам, мени сувдан сақлайди», деди.)
«Эй ер, сувингни ютгин, эй осмон, ўзингни тутгин», дейилди. Сув қуриди. Фармон бажарилди ва (кема) Жудий (тоғи)га жойлашди. Ҳамда «Золим қавмлар йўқолсин!» дейилди.
Нуҳ Роббига нидо қилиб: «Роббим, албатта, ўғлим аҳлимдандир, албатта, ваъданг ҳақдир ва Сен ҳукм қилгувчиларнинг энг ҳикматлисисан», деди. (Яъни, бу билан Нуҳ (а. с.), эй Роббим, сен менга аҳлингни қутқараман, деб ваъда берган эдинг, ўғлим аҳлимдан-ку, ўша боламни менга бергин, ўзинг ҳикмат ила ҳукм чиқаргувчи зотсан, демоқчилар.)
У зот: «Эй Нуҳ, албатта у(ўғил) аҳлингдан эмас. Албатта, у яхши амал эмасдир. Ўзингнинг илминг бўлмаган нарсани зинҳор сўрамагин. Мен сенга жоҳиллардан бўлмаслигингни насиҳат қиламан», деди. (Унинг қилган иши яхши эмас. У кофирлик қилди. У кофирлиги билан сенинг аҳлингдан бўла олмайди. Иймони борлар сенинг аҳлинг бўлади. Билмаган нарсаларингни сўрайвериб, жоҳиллар қаторига қўшилиб қолмагин, дейман. Мисол учун, юқоридаги саволинг билан инсонлар орасидаги ҳақиқий алоқа иймон алоқаси эканидан, аҳл деганда кимни эътиборга олиш кераклигидан, Аллоҳ Ўз ваъдасини қандай бажарганидан бехабарга–жоҳилга ўхшаб кўриняпсан. Ҳолбуки, Аллоҳ иймонли қалблар ўртасидаги риштани ҳар қандай алоқадан устун қўяди, аҳл деганда, иймонли аҳлни кўзда тутади. Аҳлингни қутказишга ваъда берган бўлса, сенга ҳақиқий аҳл бўлганларни тўфон балосидан халос этиб қўйди.)
У: «Роббим, мен ўзимнинг илмим бўлмаган нарсани сендан сўрамоқдан паноҳ тилайман. Агар мени мағфират қилмасанг ва менга раҳм кўрсатмасанг, зиён кўргувчилардан бўламан», деди.
«Эй Нуҳ, Биздан сенга ва сен билан бирга бўлган умматларга бўлган тинчлик ва баракотлар ила (кемадан) тушгин. Яна бир умматлар бўлур, уларни бир оз ҳузурлантирурмиз, сўнгра уларни биздан бўлган аламли азоб тутар», дейилди.
Ана шу ғайб хабарларини сенга ваҳий қилмоқдамиз. Бундан олдин уларни сен ҳам билмас эдинг ва сенинг қавминг ҳам. Бас, сабр қил, албатта, оқибат тақводорларникидир. (Нуҳ (а. с.) ва у кишининг қавмлари аллақачон ўтиб кетган. Уларнинг хабарини Муҳаммад (c. а. в.) ҳам, у кишининг қавмлари, Арабистон аҳолиси ҳам билмас эдилар. Лекин ана шу одамларга ваҳий йўли билан номаълум нарсаларнинг хабари–Нуҳ (а. с.) ва у зотнинг қавмлари хабари келди.)
Ва Одга ўз биродарлари Ҳудни (юбордик). У: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинг. Сиз учун ундан ўзга илоҳ йўқдир. Сизлар фақат тўқиб олувчиларсиз, холос.