loader
Мўминлар учун ҳидоят ва хушхабардир.
Улар намозни тўкис адо этадиган, закотни берадиган ва охиратга қаттиқ ишонадиганлардир.
Албатта, охиратга иймон келтирмайдиганларга Биз амалларини зийнатлаб кўрсатдик. Бас, улар адашиб-улоқиб юраверарлар.
Ана ўшаларга ёмон азоб бордир ва улар охиратда энг кўп зиён кўргувчилардир. (Бу дунёда охиратдан умиди йўқлиги учун молу дунё, айшу ишрат, шаҳвату лаззат кетидан тушиб, ўзини ўтга-чўққа уриб, расво бўлади. Охиратда эса, қанақа азобларга дучор бўлишини Аллоҳнинг Ўзи билади.)
Албатта, сенга бу Қуръон ўта ҳикматли ва ўта илмли зот томонидан берилур.
Мусо ўз аҳлига: «Аниқки, мен бир олов кўрдим. Тезда мен сизларга ундан бирор хабар ёки исинишингиз учун бир тутам чўғ келтираман», деганини эсла.
У (олов)га келганида: «Олов олдидаги ва атрофидаги шахсларга барака берилди ва Оламларнинг Робби–Аллоҳ покдир», деб нидо қилинди.
«Эй Мусо! Албатта, бу Менман! Азизу ҳаким Аллоҳман!
Ва асоингни ташла!» Бас, қачонки Мусо у(асо)нинг илондек қимирлаётганини кўрганида, ортига қарамай қочди. «Эй Мусо! Қўрқма! Зеро, Менинг ҳузуримда Пайғамбарлар қўрқмаслар!
Лекин ким зулм қилсаю сўнгра ёмонлик кетидан унга яхшиликни бадал қилса, бас, Мен, албатта, мағфиратли ва меҳрибондирман.
Қўлингни ёқангнинг ичига суқ, ҳеч қандай ёмонликсиз оппоқ бўлиб чиқур. Фиръавн ва унинг қавмига қаратилган тўққиз мўъжиза орасида (бу бордир). Албатта, улар бузғунчи қавм бўлдилар».
Бас, қачонки уларга оят-мўъжизаларимиз кўз очгувчи бўлиб келганида, «Бу очиқ-ойдин сеҳрдир», дедилар.
Ва ўзлари аниқ билиб туриб, зулм ва кибр туфайли у(мўъжиза)ларни инкор этдилар. Бузғунчиларнинг оқибати қандай бўлишига назар сол. (Улар бу мўъжизаларнинг нималигини жуда яхши билганлар. Аммо билиб туриб, зулм юзасидан, иймонни менсимасдан, кибр қилган ҳолларида инкор этдилар. Бу инкорнинг оқибати нима билан тугаши маълум ва машҳурдир.)
Батаҳқиқ, Биз Довуд ва Сулаймонга илм бердик. Икковлари: «Бизни кўпгина мўмин бандаларидан афзал қилган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин», дедилар.
Ва Сулаймон Довудга ворис бўлди. У: «Эй одамлар, бизга қуш тили ўргатилди ва ҳар бир нарсадан берилди. Бу, албатта, очиқ-ойдин фазлдир», деди. (Ушбу оятдаги ворислик, илмга ворисликдир. Ота вафот этгандаги болаларнинг ворислиги эмас. Чунки Довуд алайҳиссаломнинг Сулаймон алайҳиссаломдан бошқа фарзандлари ҳам кўп эди. Улар молу дунё масаласидаги меросда тенг ҳуқуқли эдилар. Аммо илм маъносидаги меросга фақат Сулаймон алайҳиссалом ворис бўлдилар. Шунинг учун ҳам «Ва Сулаймон Довудга ворис бўлди» жумласидан кейин Сулаймоннинг алайҳиссалом «Эй одамлар, бизга қуш тили ўргатилди», деган сўзлари келмоқда. Сулаймон алайҳиссалом ўзларига Аллоҳ томонидан қушларнинг тилини англаш илми берилганлигини барча одамларга эълон қилмоқдалар. Бу эълон фахр ва риёкорлик учун эмас, балки Аллоҳнинг неъматини эслаш маъносидадир.)
Сулаймонга жин, инс ва қушлардан бўлган аскарлари тўпланиб, тизилган ҳолда турдилар.
Токи улар чумолилар водийсига келганларида, бир чумоли: «Эй чумолилар, масканларингга киринглар, Сулаймон ва унинг аскарлари сизларни билмасдан эзиб юбормасинлар», деди. (Чумолилар ҳам асалариларга ўхшаб, ажойиб интизомга эга. Ҳали-ҳануз уларнинг жамоат бўлиб яшашлари сири англанган эмас. Бу оятда улар бир-бирларини хавф-хатардан огоҳ этишлари айтилмоқда.)
Бас, у унинг сўзидан табассум қилди ва: «Роббим, мени Ўзинг менга ва ота-онамга берган неъматларингга шукр этишимга ва сен рози бўладиган солиҳ амаллар қилишимга муяссар этгин. Ўз раҳматинг ила мени солиҳ бандаларингга қўшгин», деди. (Сулаймон алайҳиссалом чумолининг сўзларини эшитиб жилмайдилар.)
Ва қушларни текширди-да: «Нега Ҳудҳудни кўрмаётирман ёки ғойиблардан бўлдими?
Албатта, уни шиддатли азобла азобларман ёки сўйиб юборурман ёхуд менга, албатта, очиқ-ойдин ҳужжат келтиражак», деди.
Кўп ўтмасдан у келиб: «Сен билмаган нарсани билдим ва сенга Сабаъдан ишончли бир хабар олиб келдим. (Сабаъ Арабистон ярим оролининг жанубида, Яманда жойлашган бир мамлакат эди. Ана ўша мамлакатдан ўта муҳим бир хабар келтирганини айтди.)
Дарҳақиқат, мен бир аёлни кўрдим. У уларнинг маликаси экан. Унга ҳар нарса берилган экан. Ҳамда унинг улуғ тахти бор экан. (Ўша Сабаъ юртида бир аёлни кўрдим. У аёл халққа подшоҳ экан. Аёлга ҳар нарса берилган экан. Ҳамда ўша маликанинг катта тахти бор экан.)
Мен у(аёл)нинг ва қавмининг Аллоҳни қўйиб, қуёшга сажда қилаётганларини ва шайтон уларга амалларини зийнатлаб, йўлдан тўсаётганини кўрдим. Бас, улар ҳидоят топмаслар. (Гап шу ерга келганда, энг муҳим хабар чиқди. Ўша Сабаъ мамлакатига подшоҳ бўлган аёл ва унинг қавми Аллоҳга эмас, қуёшга сажда қилаётган экан. Бу нотўғри йўл. Аллоҳнинг Пайғамбари Сулаймон алайҳиссалом уларнинг бу хатоларини тузатишлари зарур. Шайтон лаънати улар қилаётган гуноҳ амалларни ўзларига чиройли кўрсатиб қўйибди. Агар шу ҳолларида юраверсалар, ҳидоят топмайдилар.)
Осмонлару ердаги сирларни ошкор қиладиган, махфий ва ошкор қилган нарсаларингизни биладиган Аллоҳга сажда қилмайдиларми?!
Аллоҳ–Ундан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқ зотдир. У улуғ аршнинг Роббидир», деди.
У: «Кўрамиз, рост сўзладингми ёки ёлғончилардан бўлдингми?
Бу мактубимни олиб бориб, уларга ташла, сўнгра четга чиқиб назар сол-чи, нима қайтарарлар», деди.
У (Малика): «Эй аъёнлар! Менга кароматли бир мактуб ташланди. (Малика аъёнларига мактуб ҳақида хабар бериши унинг ўз одамлари билан маслаҳатлашиб иш кўришига далолат қилади. Шу билан бирга, малика ўзи сезган белгилар асосида мактубнинг кароматли эканини айтмоқда.)
Албатта, у Сулаймондандир, албатта, унда: «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Менга қарши бош кўтармай, таслим бўлган ҳолингизда келинг», дейилмишдир», деди.
У: «Эй аъёнлар! Менга бу ишимда фатво беринглар. Сизлар шоҳид бўлмагунингизча, мен бир ишга қатъий қарор қилмасман», деди.
Улар: «Биз куч-қувват эгаларимиз ва шиддатли азму шижоат эгаларимиз. Иш ўзингга ҳавола. Нима амр қилишингни ўйлаб кўр», дедилар.
У: «Албатта, подшоҳлар бирор шаҳар-қишлоққа кирсалар, уни вайрон қилурлар ва унинг азиз аҳлларини хор қилурлар. Ана шундай қилурлар.
Мен уларга бир ҳадя юборурман, кўрай-чи, элчилар нима билан қайтар эканлар», деди.
Қачонки, (элчиси) Сулаймонга келганида, у: «Сизлар менга мол-дунё ила мадад бермоқчимисиз?! Бас, Аллоҳ менга берган нарса сизга берган нарсадан яхшидир. Аммо сизлар ҳадяларингиз билан қувонурсиз.
(Эй элчи!) Сен уларга қайтиб бор. Бас, албатта, Биз улар бас кела олмайдиган қўшин ила борурмиз ва у ердан уларни хору зор ҳолларида чиқарурмиз», деди.
У (Сулаймон): «Эй аъёнлар! Улар менга таслим бўлиб келишларидан олдин қайсингиз ҳузуримга у(малика)нинг тахтини келтира оладир?» деди.
Жинлардан бўлган Ифрит: «Мен уни сенга мақомингдан тургунингча келтирурман. Албатта, бунга қувватим ва ишончим бор», деди. (Араб тилида ёмонликда учига чиққан ва қувватли жин-шайтон «ифрит» дейилади. Бу сўз шайтонга ўхшаш одамга ҳам ишлатилади.)
Китобдан илми бор шахс: «Мен уни сенга кўзингни очиб юмгунингча келтирурман», деди. Қачонки, у(Сулаймон) у(тахт)ни ўз ҳузурида қарор топганини кўргач: «Бу Роббимнинг фазлидандир. Мен шукр қиламанми ёки куфрони неъмат қиламанми, синаш учундир. Ким шукр келтирса, ўзи учунгина шукр қилур. Ким куфрони неъмат қилса, бас, Роббим беҳожат ва карамли зотдир», деди. (Уламолар «китобдан илми бор шахс»нинг кимлиги ҳақида кўп фикрлар айтганлар. У Тавротни, Исмул Аъзамни биладиган, Лавҳул Маҳфуздан хабардор эди, деган гапларни айтишган. Лекин Қуръони Карим ёки Пайғамбаримиз (с. а. в.) айтмаганларидан кейин, ишончли илмий далил бўлмагач, Қуръон ибораси билан кифояланиб, Аллоҳ ўша шахсни «китобдан илми бор», деб айтибди, у ёғини ўзи билади, дейишимиз тўғридир.)
У (Сулаймон): «Унинг тахтини танимайдиган қилиб қўйинг. Кўрайлик-чи, у(малика) уни танийдими ёки танимайдиганлардан бўладими?» деди.
Қачонки у(малика) келганида: «Сенинг тахтинг шундайми?» дейилди. У: «Худди ўшанинг ўзи», деди. «Бизга бундан илгари илм берилган эди ва мусулмон бўлган эдик».
Ва у(малика)ни Аллоҳдан ўзга ибодат қилган нарса тўсди. Албатта, у кофир қавмлардан бўлган эди.
У(малика)га: «Саройга кир», дейилди. Қачонки уни кўрганида, сув деб ўйлаб, пойчаларини очди. У(Сулаймон): «Албатта, бу биллурдан силлиқ қилиб ясалган саройдир», деди. У (малика): «Эй Роббим, албатта, мен ўзимга зулм қилиб юрган эканман, Сулаймон ила оламларнинг Робби– Аллоҳга мусулмон бўлдим!» деди. (Сарой олдидаги майдон ҳам биллурдан ясалган, жуда силлиқ, уни сув деб ўйлаб, кийимингни кўтарма. Ана шунда малика рўй бераётган ҳодисалар оддий эмаслигига, балки Аллоҳ юборган Пайғамбарнинг мўъжизалари эканига ишонч ҳосил қилди. Аллоҳ таолонинг қудратига тан берди.)
Батаҳқиқ, Самуд қавмига, Аллоҳга ибодат қилинг, деб биродарлари Солиҳни юбордик. Бас, баногоҳ улар икки гуруҳ бўлиб тортиша бошладилар.
У (Солиҳ): «Эй қавмим, нима учун яхшиликдан олдин ёмонликка ошиқасиз?! Аллоҳдан мағфират сўрасангиз-чи?! Шояд раҳм қилинсангиз», деди. (Ўзингизга азоб сўраш ўрнига, Аллоҳдан гуноҳларингизни кечиришини тиласангиз бўлмайдими? Ана ўшанда шояд гуноҳингиз кечирилиб, Аллоҳнинг раҳматига эришсангиз, дедилар.)
Улар: «Сендан ва сен билан бўлганлардан шумландик», дедилар. У: «Шумланишингиз (сабаби) Аллоҳнинг ҳузуридадир. Балки сизлар синалаётган қавмсиз», деди. (Биз «шумланиш» деб таржима қилган маъно ояти карима матнида «тоир», «тоййар» каби иборалар билан келган. Бу ибора қуш, қуш учириш маъноларини беради. Ўша пайтлар мушриклар бирор иш қилмоқчи бўлсалар, қуш учириб кўрар эдилар. Агар қуш ўнг томонидан учса, хурсанд бўлар ва ўша ишни бошлар эди. Агар қуш чап томонига учса, шумқадамлик деб ўйлар, хафа бўлар, шумланар ва у ишни қилмас эди. Кейин бориб-бориб бу ибора қуш учирмаса ҳам, бирор нарсанинг шумқадамлигини англатиш учун ишлатиладиган бўлиб кетган. Самуд қавми ҳам ўзларига «Аллоҳга ибодат қилинг» шиорини олиб келган, уларни Аллоҳга истиғфор айтишга, ундан раҳматини сўрашга чақирган Пайғамбарлари Солиҳдан алайҳиссалом шумланганларини айтишди.)
У шаҳарда тўққиз нафарли гуруҳ бор бўлиб, ер юзида бузғунчилик қилишар, ислоҳ қилмас эдилар. (Яъни, Солиҳ алайҳиссалом шаҳарлари Ҳижрда тўққиз кишидан иборат бир гуруҳ бўлиб, ўша гуруҳ аъзолари бузғунчилик, фасод ишлар билан шуғулланишарди.)
Улар: «Аллоҳнинг номига қасам ичинглар! Албатта, у(Солиҳ)ни ва унинг аҳлини тунда ўлдирармиз, сўнгра валийсига, биз унинг аҳлининг ҳалокатига гувоҳ эмасмиз, албатта, биз ростгўйлармиз, дермиз», дедилар.
Улар макр қилдилар. Биз ҳам улар сезмаган ҳолда бир «макр» қилдик.