loader
Эй иймон келтирганлар! Аллоҳдан ва Унинг Расулдан олдин шошилманглар. Ва Аллоҳга тақво қилинглар. Албатта Аллоҳ эшитувчи ва билувчи зотдир. (Мўмин-мусулмонлар ҳеч бир ишда ҳовлиқмасликлари, ҳар бир нарсани Аллоҳнинг амрига ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатларига эргашган ҳолда қилишлари лозим.)
Эй иймон келтирганлар! Овозингизни Пайғамбар овозидан юқори кўтарманг ва унга бир-бирингиз ила сўзлашгандек дағал сўз айтманг, ўзингиз сезмаган ҳолда амалларингиз ҳабата бўлиб қолмасин. (Бу ояти карима саҳобаларга қаттиқ таъсир қилди. Баъзиларида оятда зикр қилинган камчилик бўлса, тузатди, баъзилари эса, оят айнан, ўзи ҳақида тушган деб қабул қилди.)
Албатта, Расулуллоҳнинг ҳузурида овозларини пастлатганлар, ана ўшалар Аллоҳ қалбларини тақвога имтиҳон қилган зотлардир. Уларга мағфират ва улкан ажр бор.
Албатта, сени ҳужралар ортидан чақираётганларнинг кўплари ақл ишлатмаслар. (Маккаи Мукаррама фатҳ қилингандан сўнг турли қабилаларнинг вакиллари Расулуллоҳнинг ҳузурларига келиб, Исломни қабул қилганларини эълон қила бошладилар. Уларнинг кўплари саҳровий, таълим кўрмаган, қўпол аробийлар эдилар. Шулардан бири Бани Тамим қабиласининг бошлиғи ал-Ақраъ ибн Ҳабис келиб, Пайғамбаримиз аҳли аёллари билан истиқомат қиладиган ҳужралари ортидан туриб: «Ҳой, Муҳаммад, ҳой, Муҳаммад, менга қара, менинг мақтовим зийнат, ёмонлашим айбдир», деган экан. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни туширган.)
Агар уларнинг ҳузурига чиққунингча сабр қилсалар, ўзлари учун яхши бўларди. Аллоҳ мағфират қилувчи ва раҳимлидир.
Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, бир қавмга билмасдан мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар. (Агар хабар Аллоҳдан ва Пайғамбар алайҳиссаломдан бўлса, сўзсиз қабул қилиш вожибдир. Қабул қилмаганлар гуноҳкори азим, кофир бўладилар. Ояти каримада Аллоҳ таоло «фосиқ хабар келтирса, аниқлаб» хабарнинг собитлигини текшириб кўришга амр қилмоқда. Аллоҳнинг амрига бўйсуниш вожиб. Афсуски, мусулмонлар ушбу оятга амал қилмаганлари оқибатида катта мусибатларга дучор бўлмоқдалар. Бир хабарни эшитиши биланоқ, суриштирмай, бирор иш қилинса, кейин хабарнинг ёлғонлиги ёки хатолиги аён бўлса, ҳақиқатдан афсус-надоматга сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло «бир қавмга билмасдан мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар», демоқда.)
Ва билингларки, албатта, ичларингизда Расулуллоҳ бордир. Агар У ишлардан кўпида сизга итоат қилса, албатта, қийинчиликка дучор бўлардингиз. Лекин, Аллоҳ сизларга иймонни маҳбуб қилди ва уни қалбларингизда зийнатлади ва сизларга куфрни, фисқни ва исённи ёмон кўрсатди. Ана ўшалар тўғриликда юрувчиларидир.
Бу Аллоҳ томонидан фазл ва неъматдир. Аллоҳ билувчи ва ҳикматли зотдир.
Агар мўминлардан икки тоифа урушиб кетсалар, бас, ўрталарини ислоҳ қилинг. Агар улардан бири иккинчисига тажовуз қилса, сиз тажовуз қилганига қарши, то у Аллоҳнинг амрига қайтгунича урушинг, агар қайтса, бас, ўрталарини адолат билан ислоҳ қилинг. Одил бўлинг, албатта, Аллоҳ адолат қилгувчиларни суядир.
Албатта, мўминлар биродардирлар, бас, икки биродарингиз ўртасини ислоҳ қилинг, Аллоҳга тақво қилинг, шоядки, раҳм қилинсангиз.
Эй иймон келтирганлар! Бир қавм бошқасини масхара қилмасин, эҳтимол улар булардан яхшироқдир. Ва аёллар ҳам бошқа аёлларни (масхара қилмасин), эҳтимол улар булардан яхшироқдир. Ва ўзингизни ўзингиз мазах қилманг, бир-бирингизга лақаб қўйманг. Иймондан кейин фосиқлик исми нақадар ёмон! Ва ким тавба қилмаса, бас, ана ўшалар ўзлари золимлардир. (Албатта масхара ёмон одат бўлиб, жамият аъзолари ўртасидаги ўзаро алоқаларнинг бузилишига сабаб бўлади. Бир одам иккинчисини масхара қилса, камситса, устидан кулса, албатта, масхара қилинган одамнинг аччиғи чиқади, у ҳам масхара қилувчига ўзига яраша жавоб беришга уринади. Орада низо-жанжал чиқади, ижтимоий алоқалар бузилади ва жамият заифлашади. Ислом эса доимо мусулмонлар жамиятининг мустаҳкам бўлиши учун қайғуради. Шунинг учун ҳам ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло инсонларни бир-бирини масхара қилишдан қайтармоқда.)
Эй иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир. Жосуслик қилманглар. Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар. Сизлардан бирорталарингиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрадими? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавбани кўп қабул қилувчи ва раҳмлидир. (Маълумки, кимнинг ўйига бадгумонлик ўрнашса, у одам ўша гумонини тасдиқлаш учун ҳужжат ва далил қидира бошлайди. Натижада гумон остидаги одамнинг ўзига билдирмасдан, айбини ахтаришга тушади. Буни эса, жосуслик, дейдилар. Одатда, жосуслик деб бировга ёмонлик етказиш ниятида айбларини ва заиф жойларини ўзига билдирмай яширинча ахтаришга айтилади. Бу иш ҳам катта гуноҳлардандир. Чин мусулмон кишининг қалби бу каби жирканч одатлардан пок бўлмоғи зарур.)
Эй одамлар! Биз сизларни бир эркак ва аёлдан яратдик ва сизларни ўзаро танишишингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг тақводорингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир. (Ушбу ояти каримада «Эй одамлар!» деб барча инсониятга қарата нидо қилинмоқда, шу билан бирга уларнинг асли бир эканлиги эслатилмоқда. Демак, одамларнинг асли бир — ҳаммалари Одам Ато ва Момо Ҳаводан таралганлар. Айни чоғда Аллоҳ таоло уларни турли халқлар ва қабилаларга ажратиб ҳам қўйганини таъкидламоқда. Инсонларнинг турли халқ ва қабилаларга бўлинишини сабаби эса, ўзаро танишиш, маърифат ҳосил қилиш эканлиги уқтирилмоқда.)
Аъробийлар, иймон келтирдик, дедилар. Сен: «Иймон келтирганингиз йўқ, лекин бўйинсундик денглар, ҳали иймон қалбларингизга киргани йўқ ва агар Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилсангиз, амалларингиздан ҳеч нарса камимас. Албатта, Аллоҳ кечирувчи ва раҳмли зотдир», деб айт. (Бир кун саҳро араблари Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига келиб, иймон келтирдик, деб миннат қилишган. Аслида эса, улар янги мусулмонлар бўлиб, ҳали ҳақиқий иймон қалбларидан жой олган эмас эди. Аллоҳ таоло уларга ҳақиқий иймон ҳақида таълим беришни ирода қилиб, ушбу оятни туширди.)
Албатта, ҳақиқий мўминлар Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтирган, сўнгра шубҳа қилмаган ва Аллоҳнинг йўлидан моллари ва жонлари ила жиҳод қилганлардир. Ана ўшалар, ўшаларгина (иймонида) содиқлардир.
Сен: «Аллоҳга динингизни билдирмоқчимисиз? Ва ҳолбуки, Аллоҳ осмонлару ердаги нарсани билувчи зотдир. Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчидир», деб айт.
Сенга мусулмон бўлганларини миннат қилурлар. Сен: «Менга Исломингизни миннат қилманг. Балки агар содиқ бўлсангиз, Аллоҳ сизни иймонга ҳидоят қилганини миннат қилур», деб айт.
Албатта, Аллоҳ осмонлару ернинг ғайбини билувчи зотдир. Ва Аллоҳ қилаётган ишларингизни кўрувчи зотдир.