loader
Бу сенга у ила огоҳлантиришинг учун ва мўминларга эслатма этиб нозил қилинган китобдир. Кўнглингда ундан танглик бўлмасин.
Сизларга Роббингиздан нозил қилинган нарсага эргашинглар! Ундан бошқа валий-дўстларга эргашманглар. Жуда оз эслайсизлар.
Қанчадан-қанча шаҳар-қишлоқларни ҳалок қилдик. Бас, азобимиз уларга тун уйқусида ёки кун уйқусида келди. (Аллоҳ таоло исён қилган кўплаб қавмларни ҳалокатга учратган, уларга Аллоҳнинг азоби кечаси ёки кундузи ухлаб ётган вақтларида, ғафлатнинг чўққисига чиққанларида келган.)
Бас, Бизнинг азобимиз келган чоғида уларнинг даъволари: «Албатта, биз золимлардан бўлган эдик», дейишларидан бошқа нарса бўлмади.
Бас, Биз, албатта, Пайғамбар юборилганлардан ҳам ва, албатта, Пайғамбарлардан ҳам сўрармиз. (Яъни, охиратда Пайғамбар келган ҳар бир қавмдан, шахсдан: «Сизларга Пайғамбар келдими? Бизнинг амрларимизни етказдими? Сизлар нима дедингиз?» деб сўралади. Шунингдек, Пайғамбарлардан ҳам: «Амримизни умматларингизга етказдингизми? Улар сизга қандай жавоб бердилар?» деб сўралади.)
Бас, уларга илмий равишда қисса қилиб берурмиз. Ҳолбуки, Биз ғойиб бўлмаган эдик.
Ўша куни (амалларни) тортиш ҳақдир. Бас, кимнинг тортилган (амаллари) оғир келса, ана ўшалар нажот топгувчилардир.
Ва кимнинг тортилган (амаллари) енгил келса, бас, ана ўшалар Бизнинг оятларимизга зулм қилиб, ўзларига зиён этганлардир.
Батаҳқиқ, Биз сизларга ер юзида имкон бердик ва унда маишат (воситалари) қилдик. Жуда оз шукр этарсизлар.
Ва батаҳқиқ, Биз сизларни яратдик, кейин сизларга суврат бердик. Сўнгра эса, фаришталарга: «Одамга сажда қилинг», дедик. Бас, улар сажда қилдилар. Магар Иблис сажда қилувчилардан бўлмади.
У зот: «Сенга амр этганимда сажда қилишингдан нима тўсди?» деди. У: «Мен ундан яхшиман, мени ўтдан яратдинг ва уни лойдан яратдинг», деди. (Аллоҳ таоло Ўз амрини бажармаган, Одамга сажда қилмаган Иблисдан: «Сенга амр этганимда сажда қилишингдан нима тўсди?» деб сўраганида, у «тавба қилдим, хато қилибман» дейиш ўрнига: «Мен ундан (яъни, Одамдан) яхшиман, мени ўт (олов)дан яратдинг ва уни лойдан яратдинг», деди. Яъни, Аллоҳнинг очиқ-ойдин фармони туриб, ўзининг фикрини ишлатди. Аллоҳнинг амри турганда, қачон фикрбозликлар бошланса, Иблиснинг иши қилинган бўлади. Бунинг оқибати Иблиснинг оқибатига ўхшаш бўлади. Иблиснинг оқибати эса, қуйидаги оятда баён қилинади:)
У зот: «Бас, ундан (жаннатдан) туш! Сен учун унда мутакаббирлик қилиб юриш йўқ. Бас, чиқ! Албатта, сен хору зор бўлгувчилардансан», деди.
У: «Менга улар қайта тирилтириладиган кунгача муҳлат бер», деди.
У зот: «Албатта, сен муҳлат берилганлардансан», деди.
У: «Мени иғвога учирганинг сабабли, албатта, мен уларни Тўғри йўлингда тўсиб ўтираман».
Сўнгра уларнинг олдиларидан, орқаларидан, ўнг томонларидан ва чап томонларидан келаман. Ва уларнинг кўпларини шукр қилувчи ҳолда топмссан», деди.
У зот: «Ундан мазамматга учраган ва қувилган ҳолингда чиқ!!! Улардан ким сенга эргашса, албатта, жаҳаннамни сизларнинг ҳаммангиз билан тўлдираман», деди. (Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни яратганидан сўнг фаришталарни унга сажда қилишга буюргани, улар сажда қилгани, аммо ёлғиз Иблис алайҳи лаъна сажда қилмаганини зикр қилгандан сўнг, Иблис билан бу борада бўлган муколама келтирилди. Бинобарин, Иблисни жаннатдан қувиб юборди.)
Эй Одам, сен жуфтинг билан жаннатни маскан тут. Икковингиз хоҳлаган жойингиздан енг. Аммо мана бу дарахтга яқинлашманглар. Унинг сабабидан золимлардан бўлиб қолманглар.
Бас, шайтон икковларининг беркитилган авратларини очиш учун уларни васваса қилди ва: «Роббингиз сизни ушбу дарахтдан фақат икковингиз фаришта бўлмаслигингиз ёки абадий қолмаслигингиз учунгина ман қилди», деди.
Уларга: «Албатта, мен сизларга насиҳат қилувчиларданман», деб қасам ичди.
Бас, уларни алдов ила паст(ҳолат)га туширди. Икковлари дарахтдан татиб кўришганда, авратлари ўзларига кўриниб қолди ва ўзларига жаннат баргларидан тўсиқ тўқий бошладилар. Шунда Роббилари уларга нидо қилиб: «Сизларни ана ўша дарахтдан қайтарган эмасмидим ва, албатта, шайтон икковингизга очиқ-ойдин душмандир, демаганмидим?!» деди.
Икковлари: «Эй Роббимиз, биз ўзимизга зулм қилдик. Агар Сен бизни мағфират қилмасанг ва бизга раҳм қилмасанг, албатта, зиён кўрганлардан бўламиз», дедилар.
У зот: «Бир-бирингизга душман бўлган ҳолингизда тушинглар. Сизларга ер юзида қароргоҳ бор ва маълум вақтгача фойдаланиш бор», деди.
У зот: «Унда ҳаёт кечирасизлар, унда ўласизлар ва ундан қайта чиқариласизлар», деди.
Эй Одам болалари, батаҳқиқ, сизларга авратингизни тўсадиган либос ва зийнат либосини нозил қилдик. Тақво либоси, ана ўша яхшидир. Ана ўшалар Аллоҳнинг оят-белгиларидандир. Шоядки эсласалар. (Либоснинг зарури авратни пинҳон тутадиганидир. Лекин Аллоҳ инсоннинг авратдан бошқа аъзоларини ҳам тўсиш эҳтиёжи борлигини инобатга олиб, либосни зийнат тарзида нозил қилди. Худди шундай–либосни ўз ўрнида, яъни, шариатга мувофиқ истеъмол қилган инсон зийнатли ҳисобланади. Аммо энг асосий либос–тақво либоси.)
Эй Одам болалари, шайтон ота-онангизни ўзларига авратларини кўрсатиш учун устларидан либосларини ечиб, жаннатдан чиқарганидек, сизни ҳам фитнага солмасин. Албатта, у ва унинг ёрдамчилари сизни сиз кўрмайдиган томондан кўради. Биз, албатта, шайтонларни иймон келтирмайдиганларга дўст қилганмиз. (Шайтон инсониятнинг ота-онаси Одам ато ва Момо Ҳавони қандай фитнага солгани юқоридаги оятлардан маълум бўлди. У Одам ато ва Момо Ҳавони гуноҳга чорлаб яланғоч қилди ва жаннатдан чиқаришга муяссар бўлди. Одам болалари бу ҳодисани зинҳор унутмасликлари зарур. Акс ҳолда, шайтон уларни ҳам шармандаларча яланғочлаб, жаннатдан маҳрум этади.)
Улар қачон фоҳиша иш қилсалар: «Ота-боболаримиз ушбуни қилаётганини кўрдик. Буни бизга Аллоҳ буюрган», дерлар. сен: «Аллоҳ, албатта, фаҳш ишларга буюрмас. Аллоҳ шаънига билмайдиган нарсангизни айтасизми?!» дегин.
Сен: «Роббим адолатга амр қилди. Ҳар бир ибодатда юзингизни тўғри тутинг. Унинг динига ихлос этган ҳолда дуо қилинг. Сизларни аввалда қандай яратган бўлса, ўша ҳолда қайтарсизлар», деб айт.
Бир гуруҳни ҳидоят қилди. Бошқа гуруҳга йўлдан озиш ҳақ бўлди. Чунки улар Аллоҳни қўйиб шайтонларни ўзларига дўст тутдилар. Ҳамда ўзларини, албатта, ҳидоят топганлар, деб ҳисоблайдилар. (Ҳатто Пайғамбарлар, авлиё ва солиҳ бандалар ҳам шайтон васвасасидан саломат қолмаганлар. Аммо улар доимо яхшиликни ихтиёр қилганлари, ёмонликдан қочганликлари учун Аллоҳ ҳидоятига сазовор бўлганлар. Хатокорларни ҳам биров мажбур қилиб ёки зўрлаб йўлдан оздиргани йўқ, шайтон фитнаси шу ҳолга туширди. Икки гуруҳ ҳам Аллоҳ ҳузурига қайтадилар.)
Эй Одам болалари, ҳар бир ибодат чоғида ўз зийнатингизни олинг. Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки У зот исроф қилувчиларни севмас. (Ўтган ояти каримада келганидек, кийимсиз ҳолда ибодат-тавоф қилиш ёхуд жанда, ямоқ-ясқоқ кийим билан бажариш ибодат фазли ва савобини зиёда этмайди. Лекин табиати бузуқ кишилар бузуқ диндорликка уринадилар, тақвони жулдур кийимлар ила ҳосил бўладиган этиб кўрсатишга ҳаракат қиладилар. Аллоҳ таоло эса, энгил-бошда ҳаддан ошиб фахр ва ғурурга кетишни қоралаганидек, унинг паст ва табиатсиз ҳолда истеъмол қилинишини ҳам қоралайди.)
Сен: «Аллоҳ Ўз бандаларига чиқарган зийнатларни ва покиза ризқларни ким ҳаром қилди?!» деб айт. «Улар ҳаёти дунёда иймон келтирганларга, қиёмат кунида эса фақат ўзларига хосдир», деб айт. Биладиган қавмлар учун оятларни мана шундай муфассал баён қиламиз. (Ушбу оятлар эгниларига кийим киймай тавоф қилишни, ҳаж мавсумида яхши таом истеъмол этмасликни ўзларига русум қилиб олиб, бу Аллоҳ амри, деб юрган араб мушрикларининг қилмишлари нотўғри эканини билдириш учун тушгани ва бу орқали ҳамма замон кофирларига хитоб қилинаётгани бошда айтиб ўтилган эди. Яланғоч ҳолда тавоф қилиш жоиз эмаслигини тушуниб етган мусулмонлар кийим-бош билан тавоф қилишса, мушриклар уларнинг устиларидан кулишган. Шунда Аллоҳ таоло мазкур ояти каримани нозил қилган.)
«Роббим фақатгина ошкора ва яширин фаҳш ишларни, гуноҳларни, ноҳақ тажовузкорликни ва Аллоҳга ҳеч қандай ҳужжат туширмаган нарсаларни шерик қилиб олишингизни ҳамда Аллоҳга нисбатан билмаган нарсани айтишни ҳаром қилган, холос», деб айт.
Ҳар бир умматнинг ажали бор. Ажаллари келган вақтида бирор соатга кетга ҳам, олдинга ҳам сура олмаслар. (Дунёга келган ҳар бир шахснинг белгилик ажали бўлиб, ўша ажал келганда бу дунёни, албатта, тарк этиши ҳақиқат. Шунингдек, оламдаги ҳар бир уммат–халқ ва қавмнинг ҳам белгилик ажали бор. Бу ажал муқаррар суратда, ўз вақтида келади. Уни на бирор соат олдинга, на бирор соат ортга сура оладилар.)
Эй Одам болалари, агар сизларга ўзингиздан бўлган Пайғамбарлар келиб, оятларимни сўзлаганда, бас, ким тақво қилса ва яхши амал қилса, уларга хавф йўқдир ва улар хафа ҳам бўлмаслар.
Оятларимизни ёлғонга чиқарганлар ва улардан кибр қилганлар, ана ўшалар дўзах эгаларидир. Улар унда абадий қолурлар.
Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиган ёки Унинг оятларини ёлғонга чиқарган кимсадан ҳам золимроқ одам борми?! Ана ўшаларга китобдан насибалари етадир. Бизнинг элчиларимиз келиб уларнинг жонларини олаётиб: «Аллоҳдан ўзга ибодат қилаётган нарсаларингиз қани?» дерлар. Улар: «Биздан ғоиб бўлишди», дерлар ва ўз зиёнларига, кофир бўлганларини айтиб, гувоҳлик берарлар.
У зот: «Сиздан олдин ўтган, жин ва инсдан бўлган умматлар билан дўзахга киринг», дер. Қачонки қайси бир уммат (дўзахга) кирса, шеригини лаънатлар. Бироқ у ерда ҳаммалари топишганларида, кейингилари аввалгиларини (маломат қилиб): «Эй Роббимиз, бизни анавилар адаштирган эдилар. Уларга дўзах азобини икки баробар қилиб бер», дерлар. У зот: «Ҳаммага ҳам икки баробар, лекин билмассизлар», дер. (Осий зот айнан ўз шеригига эргашиб, оқибат ушбу балойи азимга гирифтор бўлди. Шундай қилиб, бир-бирларини лаънатлаб, бирин-кетин дўзахда топишадилар: «Ҳаммалари унда топишганда эса, кейингилари аввалгиларини (маломат қилиб): «Эй Роббимиз, бизни анавилар адаштирган эдилар. Уларга дўзах азобини икки баробар қилиб бер», дерлар».)
Аввалгилар кейингиларга: «Сизларни биздан афзаллик томонингиз йўқ. Қилган касбингизга яраша азобни тортаверинглар», дерлар.
Албатта, оятларимизни ёлғонга чиқарганлар ва улардан кибр қилганларга осмон эшиклари очилмас ва улар туя игна тешигидан ўтмагунча жаннатга кирмаслар. Жиноятчиларни мана шундай жазолаймиз. (Уларнинг руҳлари осмонга олиб чиқилганда, эшик очилмай, аҳволлари расво бўлган эди. Энди жаннатга киришлари учун ғоят оғир шарт қўйилмоқда. Бир тарафда улкан жуссали тоғдек туя дарёдек пишқириб турибди. Иккинчи тарафда кўз илғаб-илғамай бир игна. Аммо унинг тешигини, унга нигоҳи ўткир одам яқинроқдан тикилмаса, кўрмайди ҳам. Бу баҳайбат туя ушбу кичкина тешикдан ўтса, бош устига, «анавилар» ҳам жаннатга кираверсинлар. Бу илоҳий таъбир оддийгина қилиб, абадул абад жаннатга кирмайди, дейишдан кўра юз чандон таъсирчандир. Бу ҳам уларнинг азобига азоб, жазосига жазо қўшиш учундир.)
Уларга жаҳаннамдан тўшак ва устларига чойшаб бор. Золимларни мана шундай жазолаймиз.
Иймон келтириб, яхши амалларни қилганлар–Биз ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмаймиз–ана ўшалар жаннат эгаларидир. Улар унда абадий қолурлар. (Аллоҳ таоло ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмайди. Тоқати доирасидаги амалларни бажариб жаннатга соҳиб бўлиш қандай улуғ толе! Боз устига, жаннатда абадий қолиш нечук саодат!)
Ва кўксиларидаги ғиллу ғашларни чиқариб олдик, остиларидан анҳорлар оқиб турибди. Улар: «Бизни шунга ҳидоят қилган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин, агар Аллоҳ бизни ҳидоят қилмаганда, ўзимиз йўл топа олмас эдик. Роббимизнинг элчилари ҳақни келтирдилар», дедилар. Ва уларга: «Мана шу жаннатингизни қилган амалларингиз туфайли мерос қилиб олдингиз», деб нидо қилинур.
Ва жаннат эгалари дўзах эгаларига: «Биз Роббимиз бизга ваъда қилган нарсанинг ҳақ эканини топдик. Сизлар ҳам Роббингиз ваъда қилган нарсанинг ҳақ эканини топдингизми?!» деб нидо қиладир. Улар: «Ҳа!» дерлар. Бас, улар ўрталарида бир жарчи: «Золимларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин!!!
Аллоҳнинг йўлидан тўсадиган, уни бузишни истайдиган ва охиратга кофир бўлувчиларга!!!» деб жар соладир. (Бундай ҳолатда савол беришга фақат жаннат эгаларигина қодирдирлар. Чунки дўзах эгалари ўзлари билан ўзлари овора. Бу дунёда кофирлар Аллоҳнинг охирати, жаннати ва дўзахига, уларда азоб-уқубат, роҳат-фароғат бўлишига иймон келтирган мўминлар устидан кулган эдилар. Энди вазият буткул ўзгарди. Мўминларнинг юзи ёруғ, сўзлари ҳақ бўлди.)
Ораларида аъроф-тўсиқ бор, у деворлар устидаги кишилар ҳаммаларини сиймоларидан танирлар. Тамаъ қилган ҳолларида кирмай турган жаннат эгаларига: «Сизга салом бўлсин», деб нидо қиларлар. (Жаннат билан дўзах орасида тўсиқ бўлиб турган баланд ва кенг девор–аъроф устида одамлар бор. Бу одамлар кимлар эканлиги ҳақида уламолар ўртасида икки хил фикр мавжуд. Биринчиси: улар яхшилик ва ёмонликлари тенг келиб, на жаннатга, на дўзахга ҳукм бўлмай қолган кишилардир. Иккинчиси, ўз қавмига Пайғамбарларнинг ҳақ даъватларини етказиб, уларни яхшиликка бошлаган даъватчилар, уламолар ва шуҳадолардир. Биз иккинчи маънони ихтиёр қилдик. Чунки, аъроф–олиймақом жой, жаннатнинг ҳам устида. Унинг юзида турган одамлар халойиқни юқоридан кузатишяпти. Улар ишонч билан яхшиларга яхши, ёмонларга муносиб тарзда сўз қотмоқдалар. Жаннат эгаларини олқишлаб, дўзах аҳлини итоб қилмоқдалар. Ўзларини нима кутаётганини билолмай, қиёмат саҳнида изтироб чекиб турганлар бунга журъат эта олмайдилар. Аллоҳу аъламу бис-савоб.)
Қачонки кўзлари дўзах эгалари томон бурилиб қолса: «Эй Роббимиз, бизни золим қавмлар билан бирга қилмагин», дерлар.
Аъроф эгалари сиймоларидан танийдиган кишиларига нидо қилиб: «Тўплаганингиз ва қилган кибру ҳавоингиз сизга асқотмабди-ку!
Сизлар: Аллоҳ уларга раҳмат етказмас, деб қасам ичганингиз ана уларми?! (Уларга): Жаннатга киринглар! Сизга хавф йўқ ва сиз хафа ҳам бўлмайсиз, дейилди-ку!» дерлар.
Дўзах эгалари жаннат эгаларига: «Бизга ҳам сувдан ёки Аллоҳ сизга ризқ қилиб берган нарсадан тўкинглар», деб нидо қиларлар. Улар: «Албатта, Аллоҳ буларни кофирларга ҳаром қилган.