loader

010. Юнус сураси

Сурада Юнус (а.с.) ва бошқа пайғамбарлар қиссаси, имон, эътиқод, илоҳий китоблар, қиёмат, қайта тирилиш, жазо, жаннат, дўзах каби масалалар баён этилади. Унда асосан тавҳидга даъват, ширк ва куфрга нафрат ғоялари талқин этилади.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)

1. Алиф, Лом, Ро. Ушбу (зикр этилажак гап)лар ҳикматли Китоб оятларидир.
2. Ўзларидан (бўлмиш) бир кишига (Муҳаммадга), одамларни огоҳлантиринг ва имон келтирганларга Парвардигорлари ҳузурида “содиқлик қадами”* борлиги ҳақида хушхабар беринг, деб ваҳий юборганимиз одамларга ажабланарли бўлдими?! Кофирлар эса: «Албатта, бу (Муҳаммад) аниқ сеҳргардир», – дедилар.
* “Содиқлик қадами”дан мурод нима экани тўғрисида Ибн Аббос (рз.) амаллари учун бериладиган ажру савоб деса, Заҳҳок (рҳ.) содиқлик савоби, дейди. Мужоҳид (рҳ.) ибодатлари деса, Ҳасан Басрий (рҳ.) олдин қилган солиҳ амаллари, дейди. Зайд ибн Аслам (рҳ.) Муҳаммад (а.с.)нинг шафоатлари, деса, Абу Убайда (рҳ.) олдин қилган яхши ва ёмон ишлари, деб тафсир қилган (Хз.).
Имом Табарий (рҳ.) Мужоҳид (рҳ.)дан нақл қилинган “солиҳ амаллар” тафсири маъқулроқ деб ёзади.
3. Албатта, Раббингиз осмонлар ва Ерни олти кунда яратиб, сўнгра Арш узра “муставий” бўлган Аллоҳдир*. Иш тадбирини (пухта) кўрар. Унинг изнисиз бирор шафоат қилувчи бўлмас. Ана ўша Аллоҳ Раббингиздир, Унга ибодат қилингиз! Бас, (бундан) эслатма олмайсизми?!
* Ушбу оят “муташобиҳ” оятлардан бўлиб, “Муставий бўлди” сўзини таржима ва тафсир қилишни салаф уламолари жоиз эмас, деб билганлар (Ақ.)
4. Барчангизнинг қайтиш жойингиз Унинг ҳузуридир. Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. У яратишни бошлайди, сўнгра имон келтириб, эзгу иш қилганларни адолат билан мукофотлаш учун уни (барча яратганларини) яна (ҳаётга) қайтаради. Кофир бўлганларга эса, қайноқ сувдан иборат ичимлик ва кофир бўлганлари сабабли аламли азоб бордир.
5. У Қуёшни зиё (таратувчи) ва Ойни нур (сочувчи) этган ҳамда йилларнинг ададини ва (вақт ва замонга доир) ҳисобни билишларингиз учун уни (Ойни) манзилларга (бўлиб) ўлчаб қўйган зотдир*. Буни Аллоҳ фақат ҳақ (ҳикмат) билангина яратди. Билувчи қавм учун оятларни (У) батафсил баён қилур.
* Ойнинг ўн икки буржи ва йигирма саккизта манзили бор. Буржлар – ҳамал, савр, жавзо, саратон, асад, сунбула, мезон, ақраб, қавс, жадий, далв, ҳут. Ҳар бир буржда иккию учдан бир манзил бўлиб, ой ҳар кеча шу манзиллардан бирига тушиб ўтади. Агар ой 30 кун бўлса, икки кеча ой кўринмайди. 29 кун бўлса, бир кеча кўринмайди. Қуёш мазкур манзиллардан ҳар бирида 13 кун ва 1/3 кунда қўниб ўтади. 28 та манзилнинг кунлари қўшилиб бир йил бўлади (Бғ.).
6.Албатта, тун ва куннинг алмашиб туришида ҳамда осмонлар ва Ердаги Аллоҳ яратиб қўйган нарсаларда Аллоҳдан қўрқадиган қавм учун аломатлар бор.
7. Албатта, Биз билан мулоқотда бўлишни кутмай, дунё ҳаёти билан қаноатланган ва у билан (дили) таскин топганлар ҳамда оятларимиздан ғофил бўлган (кофир)лар,
8.ана ўшаларнинг жойлари – қилмишлари туфайли – дўзахдир.
9. Имон келтирган ва эзгу ишларни қилганларни эса, имонлари сабабли Парвардигорлари ҳидоят қилур, неъмати мўл жаннат (боғ)ларда остиларидан анҳорлар оқиб тургай.
10. У ердаги дуолари: «Эй, Аллоҳ! Сенга тасбеҳ айтамиз» дейиш ва у ердаги сўрашишлари «Салом-алик»дир. Дуоларининг охири эса: «Оламлар Парвардигори – Аллоҳга ҳамд!» дейишдир*.
* Жаннат аҳли бирор нарса ейишни истаб қолсалар тасбеҳ айтар эканлар. Яъни “Субҳонакаллоҳумма” дейишлари билан кўнгиллари истаган таом ва бошқа ноз-неъматлар муҳайё бўлар экан. Муаккал хизматкорлар уларнинг тасбеҳларини эшитишлари билан дастурхонларда етмиш минг хил бир-бирига ўхшамаган таомларни келтирар эканлар. Таомдан фориғ бўлиб Аллоҳга ҳамд айтишлари билан хизматкорлар дастурхонларни йиғиштириб олиб кетар эканлар. Оятнинг бошқача тафсири – жаннат аҳли Аллоҳнинг зоту сифатларига лойиқ ҳамду сано ва тасбеҳларни айтишдан роҳатланар эканлар. Демак, бу зикрлари хурсандлик ва мамнуният аломатлари экан. Ҳадисда: “Жаннат аҳли еб ичадилар, лекин улардан ҳеч қандай чиқинди, ахлат каби нарсалар чиқмайди. Балки еган овқатлари мушку анбар ҳиди каби буғ ва ел шаклида чиқиб кетади”, – дейилган (Хз. Лс.).
11. Мабодо Аллоҳ одамларга ёмонликни (улар) яхшиликка шошилганлари каби тезлаштирганда эди, албатта, уларнинг ажаллари битган бўлур эди. Бас, Бизнинг мулоқотимизни кутмаганларни ўз туғён (тажовузкорлик)ларида гангиб юришларига ташлаб қўямиз.
12. Инсонга зарар етганда, ётган ҳолда ё ўтириб ёки тик туриб ҳам Бизга илтижо қилади. Ундан зарарини кетказганимизда эса, гўё етган зараридан Бизга дуо қилмагандек кетаверади. Мана шу тарзда исрофчи (тажовузкор)ларга ўз қилмишлари зийнатли (чиройли) қилиб қўйилди.
13. Сизлардан олдинги авлодларни (ҳам) зулм қилганларида ва пайғамбарлари (илоҳий) ҳужжатларни келтиргач, инонмаганларида, ҳалок қилганмиз. Шу тарзда жиноятчилар қавмини жазолагаймиз.
14. Сўнгра қандай иш қилишингизни кузатишимиз учун сизларни улардан кейин Ерга халифа (ўринбосар) қилдик*.
* Ушбу оят Муҳаммад (а.с.) уммати учун огоҳлантиришдир. Зеро, унинг мазмуни: “Сизлардан олдинги умматларни Аллоҳга ва пайғамбарларига итоатсизлик қилганлари сабабли турли бало ва азоблар юбориб, ҳалок қилдим. Энди синов навбати сизларга келди” деган маънони тақозо этади (Лс.).
15. Уларга Бизнинг оятларимиз аниқ қилиб ўқиб берилса, мулоқотимизни кутмаганлар: «Бундан бошқа қуръон келтир ёки уни (Қуръон оятларини) ўзгартир!» – дейдилар*. Айтинг: «Уни ўз томонимдан ўзгартириш менга мумкин эмас. Мен фақат, менга ваҳий қилинган оятларгагина эргашурман. Мен, агар Раббимга итоатсизлик қиладиган бўлсам, улуғ кун (қиёмат) азобидан қўрқаман».
* Бу гапни айтишларига сабаб – оятлардаги кофир ва мушриклар ҳамда бут-санамлар тўғрисида келган илоҳий ҳукмлар уларга ёқмас эди (Мд.).
Фахриддин Розий (рҳ.) тафсирига кўра, Макка мушрикларининг бу таклифлари икки хил эҳтимолдан холи эмас: биринчидан, бу гапни улар Расул (а.с.)ни масхара қилиш ниятида айтишган ёки тажриба-синов учун, яъни агар улар айтган талабни қилсалар, демак, Қуръон оятлари Аллоҳ томонидан туширилади, деган гаплари ёлғон бўлиб чиқади, деб ўйлашган. Расулуллоҳ (а.с.)нинг раддия жавобларидан кейин ўзлари мулзам бўлдилар (Хз.).
16. Айтинг: «Агар Аллоҳ хоҳлаганда эди, мен уни (Қуръонни) ўқимас эдим ва сизларга ҳам (Аллоҳ) уни билдирмаган бўлур эди. (Ахир) ундан олдин ҳам умр бўйи сизларнинг орангизда (яшаб) турдим-ку! Бас, (бунга) ақлни ишлатмайсизми?!».
17. Аллоҳ номидан ёлғон тўқиган ёки оятларини ёлғонга йўйган кимсадан ҳам золимроқ киши борми?!* Зотан, жиноятчилар (ҳеч қачон) нажот топмагайлар.
* Заҳҳок (рҳ.) тафсирига кўра, Аллоҳга бўҳтон тўқиган золим шахс Мусайлима исмли каззобдир. У ўзини пайғамбар деб эълон қилган ва Муҳаммад (а.с.)га пайғамбарликни иккига бўлиб олишни таклиф қилган эди (Лс.).
18. Аллоҳни қўйиб, уларга зарар ҳам, фойда ҳам келтира олмайдиган нарсаларга ибодат қиладилар ва «Ана шулар Аллоҳ ҳузурида бизни шафоат қилувчиларимиз», – дейдилар. Айтинг: «Аллоҳга осмонлар ва Ердаги У билмайдиган нарсаларни билдириб қўймоқчимисиз?! Аллоҳ улар келтираётган ширкдан пок ва юксакдир!»
19. Одамлар ягона уммат (бир динда) эдилар*. Сўнгра турли хил бўлиб кетдилар. Агар Раббингиздан (қиёматгача қўйиб бериш ҳақида) сўз кечмаганида, тортишаётган нарсалари ҳақида (аллақачон) ҳукм қилинган бўлур эди.
* Яъни Одам (а.с.) даври бўлиб, то Қобил Ҳобилни қатл этгунга қадар давом этган ёки Нуҳ (а.с.) тўфондан омон қолган мусулмонлар билан яшаган давр бўлиб, ўша пайтда омон қолганлар ислом динида бўлган эдилар (Мд. Хз. Лс.).
20. «Унга (Муҳаммадга) Парвардигоридан бирор мўъжиза туширилса эди!» – дейишади. Бас, айтинг: «Албатта, ғайб (ишлари) Аллоҳга хосдир. Кутингиз! Мен ҳам сизлар билан бирга кутувчиларданман».
21. Одамларга* етишган зарар (қаҳатчилик) кетидан раҳмат (мўлчилик)ни тоттирсак, ногоҳ уларда оятларимизга нисбатан макр (инкор) намоён бўлади. Айтинг: «Аллоҳ тезроқ «макр» қилувчидир». Элчи (фаришта)ларимиз қилаётган макрингизни, албатта, ёзиб қўюрлар.
* Макка кофирлари бошига келган етти йиллик қаҳатчилик ва қурғоқчиликдан кейин ёмғирни сероб қилиб мўлчилик пайдо қилгани учун Аллоҳга шукр айтиш ўрнига яна куфр, фасод ва макр ишларига берилиб кетган ва серобгарликни ўзимиз пайдо қилдик, деган эдилар (Мд. Хз.).
22. У сизларни қуруқлик ва денгизда сайр қилдирур. Сизлар кемаларда бўлган пайтингизда ва улар майин шамол билан уларни (сизларни)* олиб кетаётганида ва улар бундан шодланиб турганларида, қаттиқ шамол ҳамда ҳар томондан тўлқин келганда, улар қуршовда қолганларини билиб: «Агар шундан бизни халос қилсанг, албатта, шукр қилувчилардан бўлурмиз!» – деб ихлос билан Аллоҳга илтижо қилурлар.
* "Сизларни" сўзи ўрнига "уларни" деб иккинчи шахсдан учинчи шахсга ўтиш, балоғат илмида "илтифот" деб аталади. Ўзбек тилида ҳам "мен" ўрнига "биз", "сиз" ўрнига "улар" сўзи қўлланилади. Ҳаж сафаридан келган кишига: "Ҳаж қилибсиз-да!" ўрнига "Ҳаж қилибдилар-да!" – дейилиши каби.
23. Аллоҳ уларни халос этгач, бехос (яна) Ер юзида ноҳақдан тажовузкорлик қилурлар. Эй, одамлар! Бу тажовузингиз фақат ўзингизга зарардир. (Бу роҳат) дунё ҳаётининг матоҳи (овунчоғи)дир. Сўнгра қайтиш жойингиз Бизнинг ҳузуримиздир. Бас, (ўшанда) қилган ишларингиз хабарини сизларга берурмиз.
24. Ҳақиқатан, дунё ҳаётининг мисоли худди Биз осмондан туширган сув (ёмғир) бўлиб, одамзот ва ҳайвонот ейдиган нарсалардан иборат ер гиёҳлари у билан аралашиб, то ер ясаниб ва зийнатлангач, ер эгалари ўзларини унга қодир деб билган бир пайтда, ерга тунда ёки кундузи Бизнинг амримиз келиб, уни кечаги куни обод бўлмагандек (йиғиб олинган) ҳосилга айлантириб қўйганимизга ўхшайди. Тафаккур қилувчи қавм учун (Биз) оятларни шу тарзда батафсил баён қилурмиз.
25. Аллоҳ (одамларни) тинчлик диёри* (жаннат)га чорлайди ва хоҳлаган кишини тўғри йўлга ҳидоят этади.
* “Тинчлик диёри”нинг арабчаси оятда “Дорус-салом” дейилган. Уни турлича тафсир қилганлар. Масалан, “ас-Салом” Аллоҳнинг номларидан бири, “дор” жаннат. Демак, унинг маъноси, “Аллоҳнинг жаннати” бўлади. “ас-Салом” саломатлик, тинчлик маъноларини ҳам билдиради. Ҳадиси шарифда: “Кўзим уйқуда, қалбим уйғоқ пайтида қулоғимга овоз келди. У бир хожа ҳовли қурди, дастурхон ёзди ва зиёфатга таклиф этиш учун жарчи юборди. Таклифни қабул этган киши келиб, дастурхон узра меҳмон бўлади. Хожа бу – Аллоҳ, ҳовли – ислом, дастурхон – жаннат, жарчи – Муҳаммад”, – дейилган (Лс.).
26. Эзгу иш қилганларга чиройли нарса (жаннат) ва зиёдалик (Аллоҳнинг дийдорини кўриш) бордир*. Уларнинг юзларини қоралик ҳам, хорлик ҳам қопламас. Айнан ўшалар жаннат аҳлидирлар. Улар у ерда мангудирлар.
* Абу Бакр, Ҳузайфа, Ибн Аббос, Абу Мусо, Убода (рз.) каби буюк саҳобийлар ва муфассирлар оятдаги “зиёдалик”дан мурод Аллоҳнинг жамолини кўриш, деб тафсир қилганлар. Ҳадисда: “Жаннат аҳли ўз жойларини эгаллаб бўлганларидан кейин Аллоҳ таоло уларга, яна бирор нарса истайсизми, деб сўрар экан. Улар, юзимизни ёруғ қилдинг, жаннатга мушарраф этдинг, дўзахдан паноҳ бердинг, яна нимани истаймиз, деганларида ўртадан пардани кўтариб, Ўзини намоён этар экан. Жаннат аҳли бундан ёқимлироқ неъмат йўқлигини идрок этар эканлар”. Расул (а.с.) шундай деб, мазкур оятни далил сифатида ўқиб берган эканлар. Имом Насафий (рҳ.) тафсир китобида: “Имом Замахшарий ушбу ҳадисни бошқача иборалар билан зикр этиб, уни “мадфуъ”, яъни рад этилган ҳадис, деб баҳолаганига таажжуб қиламан”, – деб ёзади (Мд.).
Мўътазилийлар дунёда ҳам, охиратда ҳам Аллоҳни кўриш жоиз эмас, деб ҳисоблайдилар (Ақ.).
27. Гуноҳ ишларни қилганларга эса, ҳар бир гуноҳга ўша баробарида жазо (бордир) ва уларни хорлик қоплагай. Улар учун Аллоҳ тарафидан сақловчи йўқ. Уларнинг юзлари гўё зулматли туннинг бир бўлаги билан қоплангандекдир. Ана ўшалар дўзах аҳлидирлар. Улар у ерда мангу қолувчилардир.
28. Уларнинг ҳаммасини ўша кун (қиёмат)да тўплаб, сўнгра ширк келтирганларга: «Сизлар ва (Аллоҳга) шерик қилиб олган (бут)ларингиз, жойингизда турингиз!» – деб уларнинг ораларини ажрим қиламиз. (Сиғинилган) шерикларингиз айтур: «Бизга сиғинмас эдингиз.
29. Бас, Аллоҳнинг ўзи биз билан сизларнинг ўртамизда гувоҳликка кифоядирки, сизларнинг (бизга қилган) ибодатингиздан ғофил (бехабар) эдик».
30. Ана ўша ерда ҳар бир жон (эгаси) қилиб ўтган ишини синаб кўрар ва (ҳаммаси) ҳаққоний эгалари – Аллоҳга қайтарилур. Тўқиб юрган (бут)лари ҳам улардан ғойиб бўлур.
31. Айтинг: «Сизларга осмон ва Ердан ризқ бераётган ким ёки қулоқ ва кўзларингизга эгалик қилаётган ким?! Ўликдан тирикни чиқарадиган ва тирикдан ўликни чиқарадиган ва ишнинг тадбирини кўрадиган кимдир?!» Улар, албатта: «Аллоҳ», – дейдилар. Шунда айтинг: «Бас, (шундай экан) қўрқмайсизми?!»
32. Бас, ана ўша ҳақиқий Аллоҳ ва Раббингиздир. Ҳақиқатдан ўзгаси эса гумроҳликдир. Бас, қаёққа оғиб кетаяпсиз?!
33. Шундай қилиб, имон келтирмаганлари сабабли фосиқлик қилганлар устидан Раббингизнинг («азоблайман» деган) сўзи ҳақ бўлиб чиқди.
34. Айтинг: «Шерик (бут, санам)ларингиз ичида олдин яратиб, (ўлгандан кейин) яна (ҳаётга) қайтара оладигани борми?!» Айтинг: «Аллоҳ олдин яратиб, сўнгра 35. Айтинг: «Шерик (бут, санам)ларингиз ичида ҳақ йўлга соладигани борми?!» Айтинг: «Аллоҳ ҳақ йўлга солади. Ҳақ йўлга сола оладиган Зот эргашилишга ҳақлироқми ёки йўлга сола олмайдиган, балки ўзи йўлга солинишга муҳтож нарсами?!* Бас, сизларга не бўлди?! Қандай ҳукм қилмоқдасиз (ўзи)?!»
* Бут ва санамлар жонсиз ашё бўлса, уларнинг йўлга солиши ва солиниши қандай тасаввур қилинади? Бу саволга бир неча хил жавоб берилган. Масалан, бут ва санамларга нисбати берилаётган “йўл кўрсатиш” бир жойдан иккинчи жойга кўчирилиши. Яъни уларнинг ўзи кўчмайди, балки кимдир кўтариб кўчиришига муҳтож.
Иккинчи жавоб – бу ердаги “йўлга солиш” ёки “солиниш” мажозий маънода қўлланилган. Яъни бутпарастларнинг ақидаси бўйича муомала қилинмоқда. Учинчи жавоб – бу ердаги “шериклар”дан мушрикларнинг раҳбарлари назарда тутилган бўлиши мумкин (Хз.).
36. Уларнинг аксарияти фақат гумон ортидан эргашадилар. Гумон эса, бирор нарсада ҳақиқат ўрнига ўтмайди. Албатта, Аллоҳ уларнинг ишларидан огоҳдир.
37. Ушбу Қуръон Аллоҳдан бошқа кимнингдир томонидан тўқилган бўлиши мумкин эмас. Балки, у (бутун) оламлар Парвардигори томонидан (келган), шубҳасиз, ўзидан олдинги нарса (илоҳий китоблар)ни тасдиқловчи ва батафсил (баён этилган) китобдир.
38. Ёки: «Уни (Муҳаммад) тўқиган», – дейдиларми?! Айтинг: «У ҳолда, агар ростгўй бўлсангиз, унга тенг биргина сура келтириб, Аллоҳдан бошқа кимга имконингиз бўлса, ўшаларни (ёрдамга) чорлангиз!»
39. Балки, (улар Қуръон) илмини эгалламай ва таъвили (тафсири) келмай туриб, (Қуръонни) ёлғонга йўйгандирлар. Улардан олдингилар ҳам (пайғамбарларини) худди шундай ёлғончига чиқарган эдилар. Золимларнинг тақдири қандай бўлганига боқинг!
40. Улар ичида унга (Қуръонга) имон келтирганлари бор ва улар ичида унга имон келтирмайдиганлари ҳам бор. Раббингиз эса, бузғунчиларни билувчироқдир.
41. Агар Сизни ёлғончига чиқарсалар, айтинг: «Менинг амалим – менга. Сизларнинг амалларингиз – сизларга! Cизлар менинг қилаётган ишимга дахлсиздирсизлар, мен сизларнинг ишларингизга дахлсиздирман».
42. Улар ичида Сизга (бепарволик билан) қулоқ соладиганлари ҳам бор. Ўзлари ақл юргизмаганларидан кейин Сиз «карлар»га (гап) эшиттира олармидингиз?!
43. Улар ичида Сизга (шунчаки) назар ташлаб турадиганлари ҳам бор. Ўзлари кўрмасалар, кўрларни йўлга сола олармидингиз?!*
* Бу ерда гап маънавий кўрлик ҳақида бормоқда. Зеро, кўзи ожиз бўла туриб, қалб кўзи очиқ кишилардан яхшилик кутиш мумкин. Маънан кўр ва кар кишиларни, ҳатто, пайғамбарлар ҳам тўғри йўлга солишлари қийин экани тўғрисида бундан бошқа оятлар ҳам кўп. Бундан олдинги оятда ўзини карликка солган кишиларда ақл ҳам бўлмаслиги, ушбу оятда эса, ўзини кўрликка солганларнинг кўзлари ожиз деб тавсиф берилишида қулоқнинг кўздан, эшитиш қобилиятининг кўриш қобилиятидан устун эканига ишорат бордир. Бу оятлар “жавомиул-калим”, яъни сўзи қисқа, лекин пурҳикмат маънога эга оятлардандир (Лс.).
44. Албатта, Аллоҳ одамларга бирор нарсада зулм (ноҳақлик) қилмайди. Лекин одамлар ўзларига зулм қиладилар.
45. Уларни жамлайдиган кунда (қиёматда ўзларини бу дунёда) гўё кундуз куннинг бир соатича тургандек сезишиб, бир-бирларини таний бошлайдилар. Аллоҳ билан мулоқотда бўлишни инкор этганлар зиён кўрдилар, ҳидоят топганлардан бўлмадилар.
46. Агар Биз уларга ваъда қилаётган (азоб)нинг бир қисмини Сизга кўрсатсак ёки (олдинроқ) Сизни вафот эттирсак ҳам, барибир уларнинг қайтиб борадиган жойи Бизнинг ҳузуримиздир. Сўнгра (қолганига) Аллоҳ уларнинг кирдикорларига гувоҳдир.
47. Ҳар бир уммат учун пайғамбар (юборилган). Бас, пайғамбарлари келганда, уларга (умматларига) зулм (ноҳақлик) қилинмаган ҳолда ўрталарида одилона ҳукм қилинур*.
* Исломий эътиқод бўйича, пайғамбар ёки илоҳий китоб етиб келмаган ва диндан мутлақо бехабар ўтган одам ўз ақли билан Аллоҳни танимаган бўлса, охиратда Аллоҳ ҳузурида унинг узри қабул қилинмайди (Ақ.).
48. «Агар ростгўй бўлсангиз, бу ваъда (азоб) қачон (бўлади)?» – дейдилар.
49. Айтинг: «Аллоҳ хоҳламас экан, мен (ҳатто) ўзимга (ҳам) на зарар ва на фойда етказишга асло эга бўлмасман. Ҳар бир уммат учун (муайян) ажал (муддат) бордир. Ажаллари етганда, бирор соат кечиктира олмайдилар ҳам, олдинга ҳам сура олмайдилар».
50. Айтинг: «Кўрдингизми, агар Унинг азоби сизларга кечаси ёки кундузи келса, жиноятчилар у (азоб)нинг нимасига шошиладилар?!»
51. Қачон (ўша азоб) рўй бергандан сўнг унга имон келтирдингизми?! Эндими?! Уни (қачон бўлади деб) қистаган эдингиз-ку!
52. Сўнгра зулм қилганларга: «Мангу азобни тотингиз! Қилган қилмишларингиз сабаблигина жазоланурсиз», – дейилади.
53. Сиздан: «У (азоб) ҳақми?» – деб сўрайдилар. Айтинг: «Раббимга қасамки, ҳа, у албатта ҳақдир. Сизлар эса, ожиз қолдирувчи (ундан қутулувчи) эмассиз».
54. Зулм қилган ҳар бир жон (эгаси ихтиёри)да Ердаги бор нарса бўлган тақдирда (азобдан қутулиш учун), албатта, уни тўлаган бўлур эди. Азобни кўришгач, армонларини ичларида сақлайдилар. Ўрталарида уларга ноҳақлик қилинмасдан одилона ҳукм қилинур.
55. Огоҳ бўлингизки, осмонлар ва Ердаги нарсалар, албатта, Аллоҳникидир. Огоҳ бўлингизки, албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир, лекин уларнинг аксарияти (буни) билмайдилар.
56. У тирилтирур ва ўлдирур ҳамда (охиратда) Унинг ҳузуригагина қайтарилурсиз.
57.Эй, одамлар! Сизларга Раббингиздан ваъз (насиҳат), диллардаги нарса (ширк ва бошқа иллатлар)га шифо ва мўминларга ҳидоят ва раҳмат келди*.
* Дарҳақиқат, Қуръон оятларида келтирилган ваъз-насиҳат, эслатма, амр ва наҳйлар унга амал қилувчиларга моддий ва маънавий жиҳатдан фойдалидир. Айниқса, дилларидаги бузуқ ақидалар, салбий иллатлар тузатилар экан, инсоннинг диний ва дунёвий ишлари ўз-ўзидан изга тушиб, икки дунё саодатига эришиш имконияти туғилади. Бунинг учун фақат чин имон ва тўғри эътиқод бўлиши зарур.
58. Айтинг: «Аллоҳнинг фазли ва раҳмати билан, бас, (албатта), шулар сабабли (мўминлар) шодлансинлар! У тўплаган нарса (бойлик)ларидан яхшироқдир*.
* Бу оятда Аллоҳнинг икки улуғ неъмати зикр қилинаётир. Бири – фазлу карами, яъни Ислом дини. Иккинчиси – раҳмати, яъни Қуръони карим. Ҳадиси шарифда айтиладики, кимга Аллоҳ таоло Ислом дини ва Қуръон илмини насиб этган бўлса-ю, у камбағалман деб нолиса, Аллоҳ то қиёмат кунигача унинг икки кўзи ўртасига (пешонасига) фақирлик тамғасини босиб қўяр.
Ибн Аббос (рз.), Ҳасан Басрий ва Қатода (рҳ.)лар оятдаги “Аллоҳнинг фазли” – ислом. “Унинг раҳмати” – Қуръон, деб тафсир қилганлар. Абу Саид ал-Худрий (рз.) эса, Аллоҳнинг фазли – Қуръон, Унинг раҳмати – Қуръонга аҳл бўлишдир, деган. Бундан бошқача тафсирлар ҳам мавжуд (Хз.).
59. Айтинг: «Кўрдингизми, Аллоҳ сизлар учун нозил қилган ризқдан (бирини) ҳаром, бошқасини ҳалол қилиб олдингиз». Айтинг: «Бас, кўрдингизми, сизларга Аллоҳ рухсат бердими ёки Аллоҳга туҳмат қиляпсизларми?!»
60. Аллоҳ шаънига ёлғон тўқийдиганларнинг қиёмат куни ҳақидаги гумонлари нимадан иборат экан?! Албатта, Аллоҳ одамларга (нисбатан) фазл соҳибидир, лекин уларнинг аксарияти шукр қилмайдилар.
61. Қайси бир машғулотда бўлманг, ундан (Қуръондан) бирор (оят) тиловат қилманг, (умуман) қандай иш қилманг, илло ўшанга киришганингиздаёқ (Биз) сизларга шоҳид бўлурмиз. Ерда, хоҳ осмонда бирор зарра миқдорида ёхуд ундан кичикроқ нарса ҳам Раббингиздан четда қолмайди, балки (у) аниқ битик (Лавҳул-маҳфуз)да бордир.
62. Огоҳ бўлингизки, албатта, Аллоҳнинг валийлари (дўстлари)га хавф йўқдир ва улар ташвиш ҳам чекмаслар*.
* “Аллоҳнинг дўстлари”, яъни авлиёлар кимлиги хусусида турли таърифлар мавжуд. Жумладан, улар тоат-ибодат билан Аллоҳга яқин бўлувчи, Аллоҳ эса, уларга фазлу каромати билан яқин бўлган кишилардир. Кўпчилик уламолар фикрига кўра, валийлар Аллоҳ йўлида дўстлашган кишилар бўлиб, уларни боғлаб турувчи нарса бойлик ҳам эмас, қариндошлик ҳам, балки Аллоҳнинг ризолигидир. Бунга далил қилиб, ушбу ҳадисни келтирадилар: “Аллоҳнинг шундай бандалари ҳам борки, қиёмат куни уларнинг Аллоҳга яқинлигини кўриб пайғамбарлар ва шаҳидлар ҳам уларнинг мақом ва мартабаларини ҳавас қиладилар. Улар ўзаро қариндош ҳам эмаслар, бир-бирлари билан бойлик жиҳатдан ҳам олди-бердилари бўлмаган, лекин улар Аллоҳнинг йўлида дўстлашган кишилардир. Уларнинг юзлари нуроний, ўзлари ҳам нури раббоний узра барқ уриб турурлар. Одамлар (қиёмат ваҳимасидан) қўрққанда улар қўрқмаслар, одамлар (гуноҳларидан) ташвиш чекканда улар ташвиш чекмаслар”, деб Расул (а.с.) мазкур оятни ўқиб берган эканлар (Дв. Хз.).
Валийлар ёки авлиёлар таърифи тасаввуфда ўзига хос тарзда акс эттирилган. Ҳар икки таъриф ўртасида муайян муносабат бор.
63. Улар имон келтирган ва тақволи бўлганлардир.
64. Уларга дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам башорат (хушхабар) бордир. Аллоҳнинг сўзларида ўзгартириш йўқдир. Ана шу буюк ютуқдир.
65.Уларнинг (кофирларнинг) гапи Сизни хафа қилмасин! Куч-қудратнинг ҳаммаси Аллоҳдадир. У эшитувчи ва билувчидир.
66. Огоҳ бўлингизки, албатта, осмонлар ва Ердаги барча жонзотлар Аллоҳникидир. Аллоҳни қўйиб, шерик (бут-санам)ларга эргашиб, илтижо қиладиганлар фақат гумон (нарса)га эргашадилар ва улар фақат тахмин қиладилар.
67. У сизларга ором олишларингиз учун кечани ва (иш-ҳаракатингиз учун) ёруғлик берадиган қилиб кундузни яратган зотдир. Албатта, бунда эшитувчи қавм учун аломатлар бордир.
68. «Аллоҳ фарзанд тутди», – дедилар. У (бу туҳматдан) мутлақо покдир. У ғаний (бой)дир. Осмонлар ва Ердаги нарсалар Уникидир. Сизларнинг ҳузурингизда бу тўғрида (Аллоҳнинг фарзандли эканини исботлайдиган) ҳеч қандай ҳужжат йўқдир. Аллоҳ шаънига билмайдиган нарсаларингизни гапирасизми?!
69. Айтинг: «Албатта, Аллоҳ номидан ёлғон тўқиётганлар нажот топмаслар».
70.(Улар учун) бу дунёда озгина баҳрамандлик бор. Сўнгра, қайтишлари Бизнинг ҳузуримизгадир. (Шундан) сўнг кофир бўлганлари учун уларга қаттиқ азобни тоттирурмиз.
71. (Эй, Муҳаммад!) Уларга Нуҳ ҳақидаги хабарни ўқиб беринг! У (ўз) қавмига айтганди: «Эй, қавмим! Агар сизларга (менинг орангизда) туришим ва Аллоҳнинг оятларини (сизларга) эслатишим оғирлик қилган бўлса, бас, Аллоҳга таваккул қилдим. Шерик (бут ва санам)ларингиз билан бир бўлиб ишларингизни қилаверингиз! Кейин ишларингиз сизларга ғам-ташвиш* бўлмасин, тағин! Сўнгра ҳукмингизни менга ижро этаверингиз, мени кутиб ўтирмангиз!
* "Ишларингиз сизларга ғам-ташвиш бўлмасин" жумласидаги "ғам-ташвиш" бошқа маънода ҳам тафсир қилинган. Масалан, "махфий бўлмасин" деган маънода. Бунга қараганда, жумланинг маъноси Нуҳ (а.с.) ўз қавмига: "Мени ҳалок қилишга бўлган ниятингиз махфий эмас, ошкора бўлсин", – деган бўладилар. Нуҳ (а.с.) ўз қавми орасида 950 йил турган (Мд.).
72. Бас, агар юз ўгирсангиз, сизлардан (мен хизматим учун) ҳақ сўраганим йўқ. Менинг (тегишли) ҳаққим (савобим) Аллоҳнинг зиммасидадир. (Мен Аллоҳга) таслим этувчилардан бўлишга буюрилганман».
73. Бас, уни (Нуҳни) ёлғончига чиқаришгач, Биз уни ва у билан кемада бирга бўлганларни халос этдик ва уларни (ер юзида) ўринбосарлар қилдик. Оятларимизни ёлғонга йўйганларни эса (тўфонга) ғарқ қилдик. Огоҳлантирилганларнинг оқибатини (тақдирини) кўринг!
74. Сўнгра ундан кейин (кўпгина) пайғамбарларни (ўз) қавмларига юбордик*. Бас, уларга ҳужжатларни келтирдилар. Улар олдин ёлғонга йўйган нарсаларига (энди ҳам) имон келтирмадилар. Тажовузкорларнинг дилларини шу тарзда муҳрлаб қўямиз.
* Нуҳ (а.с.)дан кейин Ҳуд, Солиҳ, Иброҳим, Лут, Шеъё (Ашеъё) каби пайғамбарлар юборилгани ва уларнинг кўпчилик қавми Аллоҳга ва пайғамбарларига итоатсизлик қилгач, Унинг ғазабиган учраб ҳалок этилгани айтилиб, Макка мушриклари огоҳлантирилмоқда (Мд.).
75. Сўнгра, уларнинг ортидан Мусо билан Ҳорунни Фиръавн ва (унинг) зодагонлари ҳузурига мўъжизаларимиз билан бирга юбордик*. Бас, (улар) кибрландилар ва жиноятчи қавм бўлдилар.
* Бу ерда зикр этилган Мусо (а.с.)нинг мўъжизалари қўлларидан таралувчи ёруғлик, асолари, тўфон, чигиртка, бит-бурга, қурбақа, қон, қаҳатчилик кабилар эди (Абс.).
76. Бизнинг ҳузуримиздан уларга ҳақиқат келганида эса, «бу аниқ сеҳр», – дедилар.
77. Мусо деди: «Сизларга ҳақиқат келганда (унинг инкорига) сўз қиласизларми?! Сеҳрми шу?! Сеҳргарларнинг омади юришмайди-ку!»
78. Айтдилар: «Ота-боболаримизнинг биз унда топган нарса (динлари)дан бизни буриш ва икковингизга Ерда катталик (ҳукмронлик) бўлиши учун бизга келдингми? Биз иккингизга (ҳам) ишонувчи эмасмиз».
79. Фиръавн: «Барча билимдон сеҳргарларни менга келтирингиз!» – деди.
80. Бас, сеҳргарлар келгач, Мусо уларга: «Ташламоқчи бўлган нарсангизни ташлангиз!» – деди.
81. (Қўлларидаги нарсаларни) ташлаганларида, Мусо деди: «Сизлар келтирган нарса – бу сеҳрдир. Аллоҳ, албатта, уни ботил (барбод) қилур. Зеро, Аллоҳ бузғунчиларнинг ишини ислоҳ этмагай.
82. Гарчи жиноятчилар ёқтирмасалар-да, Аллоҳ ўз сўзлари (амрлари) билан ҳақиқатни рўёбга чиқарур».
83. Мусога қавмидан фақат биргина зурриёт кишилари Фиръавн ва унинг зодагонлари фитна қилишларидан хавфсираган ҳолда имон келтирдилар*. Зеро, Фиръавн ерда «олий» (мутакаббир) ва у исрофгар (тажовузкор)лардандир.
* Имон келтирган бир зурриёт кишилари кимлар экани тўғрисида бир неча тафсирлар бор. Улар Мусонинг қавмидан, яъни Исроил авлодидан, Фиръавн қатл этганлардан омон қолганлари, яъни қибтийларга яҳудийлар қатлдан қочиб берган ўғил болалари улғайиб, мўъжизани кўргач, имон келтирганлари ёки Фиръавн зурриёти, яъни унинг хотини Осия, лашкарбошиси, хазинабони ва унинг хотини ҳамда пардозчи аёл. Уларни зурриёт деб аталишининг сабаби уларнинг оталари қибтий, оналари Исроил авлодидан эди. Фарзанд у пайтларда она ва тоғалар наслига мансуб бўлар эди (Мд. Хз. Бғ.).
84. Мусо деди: «Эй, қавмим! Аллоҳга имон келтирган экансиз, бас, Унга таваккул ҳам қилингиз, агар мусулмон бўлсангиз, албатта».
85. Бас, улар дедилар: «Аллоҳгагина таваккул қилдик. Эй, Раббимиз! Золимлар қавмига бизни фитна (алданувчи) қилиб қўймагин!
86. Ўз раҳматинг билан бизни кофирлар қавмидан халос этгин!»
87. Мусо ва унинг биродарига ваҳий орқали: «Қавмингиз учун Мисрда уйлар ҳозирлангиз ва уйларингизни қибла (намозгоҳ) этиб, намозни баркамол ўқингиз* ва мўминларга эса (ғалаба ҳақида) хушхабар беринг!» – деб айтдик.
* Мусо қавми Фиръавндан яширинча уйларида Каъба томонга юзланиб, намоз ўқир эдилар. Бу билан етган мусибатлардан халос қилишни Аллоҳдан сўраш эди (Мд.).
88. Мусо деди: «Эй, Раббимиз! Сен Фиръавн ва унинг зодагонларига бу дунёда зебу зийнат ва мол-мулк ато этдинг. Эй, Раббимиз! (Бу эса, одамларни) Сенинг йўлингдан оздиришларига сабаб бўлди*. Эй, Раббимиз! Мол-мулкларини барбод эт ва дилларини қаттиқ қил, токи (қиёматда) аламли азобни кўрмагунларича имон келтирмасинлар».
* “Сабаб бўлди” жумласини “сабаб бўлсин!” – деб дуо шаклида таржима қилиш ҳам мумкин (Хз.).
89. (Аллоҳ) деди: «Иккингизнинг дуоингиз ижобат этилди*. Энди, (даъват қилишда) собит бўлингиз! Билмайдиганларнинг йўлига зинҳор эргашмангиз!»
* Мусо (а.с.) дуо қилди. Ҳорун (а.с.) “омин!” деб турди. Дуолари қирқ йилдан кейин ижобат бўлиб, Фиръавн зулмидан халос топдилар (Мд.).
Бу оятда биз мусулмонлар учун бир ибратомуз ишорат бор. У ҳам бўлса икки буюк пайғамбарнинг дуосини Аллоҳ қирқ йилда ижобат қилган бўла туриб, биз дуоларимизнинг тез ижобат бўлмаётганидан нолишимиз ақлан ва шаръан номақбул эканидир.
90. Исроил авлодини денгиздан ўтказдик. Фиръавн ва унинг лашкарлари улар ортидан зўравонлик ва зулм юзасидан эргашдилар. Унга (Фиръавнга) ғарқ бўлиш (соати) етишганда айтди: «Имон келтирдимки, Исроил авлоди имон келтирган Зотдан ўзга илоҳ йўқдир. Мен ҳам мусулмонларданман».
91. (Аллоҳ деди): «Эндими?! Ахир, сен илгари итоатсизлик қилгандинг ва бузғунчилардан эдинг-ку!
92. Мана бугун сендан кейингиларга белги (ибрат) бўлишинг учун жасадингни қутқарурмиз*. Ҳақиқатан, одамларнинг аксарияти оятларимиздан ғофилдирлар».
* Фиръавннинг қилмиши ва жазосини кейинги авлод эслаб юрсин, деган маънода Аллоҳ таоло унинг жасадини денгиздан чиқариб қўйишини ваъда қилган. Британия музейига унинг мумиёсиз ҳам ҳалигача чиримаган жасади топиб қўйилгани тўғрисида матбуотда эълон қилинганига анча бўлди.
Кунлардан бир кун Фиръавн ҳузурига Жаброил (а.с.) инсон шаклида келиб, ундан: “Хожасининг ноз-неъматини еб, улғайгач, унга нонкўрлик қилиб, ундан ўзини юқори ҳисоблаган қулга қандай жазо берилиши керак”, – деб фатво сўраганларида, Фиръавн: “Ундай қулни сувга ғарқ қилиш керак”, – деб фатво хати берган экан. Жон бериш олдидан ўша хатни ўзига кўрсатиб қўйилган экан (Хз.).
93. Албатта, Исроил авлодини қулай жойга (Миср ва Шомга) жойлаштирдик ва уларга пок нарсалардан ризқ қилиб бердик. Уларга, то илм (Таврот) келмагунча, ихтилоф қилмадилар. Албатта, Раббингиз ихтилоф қилган нарсалари ҳақида қиёмат куни ўрталарида ҳукм чиқаражак.
94. (Эй, Муҳаммад!) Агар Сизга нозил этган нарса (тарихий воқеалар) хусусида шубҳа қилсангиз, Сиздан олдинги Китобни ўқийдиганлардан сўранг! Раббингиздан Сизга ҳақиқат (ваҳий) келгандан кейин (энди) сира шубҳаланувчилардан бўлманг!
95. Аллоҳнинг оятларини ёлғонга йўядиганлардан ҳам бўлмангки, (акс ҳолда) зиён кўрувчилардан бўлиб қолурсиз!
96. Албатта, (тақдирларида) Аллоҳнинг (“кофир бўлурлар” деган) сўзи муқаррар бўлганлар имон келтирмагайлар.
97. Уларга барча мўъжизалар келса ҳам, то (қиёматда) аламли азобни кўрмагунларича (куфрда давом этаверадилар).
98. (Биз ҳалок қилган қишлоқлардан) бирор қишлоқ (аҳли) имон келтирганда эди, имони унга фойда берган (ва ҳалок бўлмаган) бўлур эди. Илло, Юнус* қавми (шундай қилди). Имон келтиришгач, улардан дунё ҳаётидаги хорлик азобини кетказдик ва уларни (маълум) вақтгача (ҳаёт лаззатидан) баҳраманд қилдик.
* Юнус (а.с.) Ироқнинг Мусил вилояти ҳудудидаги Найново шаҳри кишиларига пайғамбар қилиб юборилган эди. Юнус (а.с.) уларни ҳақ динга даъват қилди, лекин улар бут-санамларга сиғинишни тарк этмадилар. Пайғамбар улардан озорланиб, аччиқланган ҳолда шаҳардан чиқиб кетади. Кетишдан олдин эрта тонгдан бошлаб азоб келиши тўғрисида қавмини огоҳлантиради. Эртасига қора тутун аралаш ёмғир ёғиб, ҳамма ёқни қорага бўяб юборади. Бундан қўрқиб кетган қавм тавба қилиб, ислом динига ўтишга бошлайди. Кейин ҳаммаси бир тепаликка тўпланиб, дуо қилишга ўтади. Бир аллома шайх уларга: “Ё Ҳайй, ҳийна ло ҳайй, ваё Ҳайй, Муҳйил-мавто, ваё Ҳайй, ло илоҳа илло Ант” деган дуони ўргатади.
Фузайл (қ.с.) сўзига кўра, дуолари: “Эй, Аллоҳ! Гуноҳимиз буюк, лекин Сен ундан-да буюкроқсан. Бизга Ўзингга лойиқ ишни қил, бизга лойиқ бўлган ишни қилма!” эди. Юнус (а.с.) келиб уларга кўринишдан ор қилиб, диллари танг бўлган ҳолда ўзини сувга ташлайди. Қирқ кун ўтгач, азоб кўтарилади (Мд.Хз.Тб.Лс.).
99. Агар Раббингиз хоҳласа эди, Ер (юзи)даги барча кишилар ёппасига имон келтирган бўлур эдилар. Бас, Сиз одамларни мўмин бўлишларига мажбур қиласизми?!
100. Аллоҳнинг изнисиз ҳеч бир жон (инсон) имон келтира олмас. Азобни эса (Аллоҳ) ақл юритмайдиганларга раво кўрар.
101. Айтинг: «Осмонлар ва Ердаги нарсаларга (ибрат назари билан) боқингиз! (Аммо) имон келтирмайдиган қавм учун мўъжизалар ҳам, огоҳлантиришлар ҳам фойда бермагай».
102. (Улар) ўзларидан олдин (имон келтирмай) ўтганларнинг кунларига ўхшаш (азоб ёғилган) кунларнигина кутмоқдалар. Айтинг: «Кутаверингиз! Мен ҳам сизлар билан бирга кутувчиларданман».
103.Сўнгра (қиёматда) пайғамбарларимиз ва имон келтирганларга нажот берурмиз. Шундай қилиб, мўминларга нажот бериш Бизга ҳақ (муқаррар) бўлди.
104. Айтинг: «Эй, одамлар! Агар менинг динимдан шакда бўлсангиз, бас, сизларнинг Аллоҳни қўйиб сиғинаётган (бут-санам)ларингизга (мен) сиғинмайман, балки сизларни вафот эттирадиган зот – Аллоҳга сиғинаман ва менга мўминлардан бўлиш буюрилган.
105. Шунингдек, (менга буюрилганки) юзингизни (ўзингизни) тўғри бўлмиш динда муқим тутинг, асло мушриклардан бўлманг!
106. Аллоҳни қўйиб, фойда ҳам, зарар ҳам етказа олмайдиган нарсаларга илтижо қилманг! Агар қилсангиз, унда, албатта, Сиз золимлардандирсиз.
107. Агар Аллоҳ Сизга бирор зарар етказса, бас, Унинг Ўзидан бошқа уни кетказадиган (куч) йўқдир. Агар Сизга бирор яхшилик (етказиш)ни истаса, Унинг фазлини қайтарувчи (куч) ҳам йўқдир. Уни (фазлини) бандаларидан хоҳлаганига етказур. У Kечиримли ва Раҳмлидир».
108. Айтинг: «Эй, одамлар! Сизларга Раббингиздан ҳақиқат (Қуръон ва Пайғамбар) келди. Бас, кимки ҳидоят йўлига кирса, фақат ўзи учун ҳидоят йўлига кирган бўлади. Кимки янглишса, бас, ўзининг зарарига янглишган бўлади. Мен сизларга вакил (муаккал) эмасман».
109. Сизга ваҳий этилган нарсага эргашинг ва то Аллоҳ ҳукм қилгунича сабр қилинг! Албатта, У ҳукм қилувчиларнинг яхшисидир.

Орқага Олдинга