loader

011. Ҳуд сураси

Ҳуд – пайғамбар номи.
Сура Яманда яшаган Од қабиласига юборилган пайғамбар Ҳуд (а.с.) номи билан аталган. Унда ширк, куфр, тавҳид, имон, ислом, шариат аҳкомлари, пайғамбарлар қиссаси, Қуръони карим тавсифи ва бошқа маълумотлар баён этилган. Ибн Аббос (рз.) ривоятига кўра, Абу Бакр (рз.) Расул (а.с.)га: “Сочингиз оқариб кетибди-ку!” – деганида Он ҳазрат: “Менинг сочимни оқартирган “Ҳуд”, “Воқеа”, “Мурсалот”, “Амма” ва “Таквир” сураларидир”, – деган эканлар. Яъни мазкур сураларда баён этилган қиёмат, ҳисоб-китоб, жаннат ва дўзах ҳақидаги маълумотлардан таъсирланишлари натижасида сочлари оқариб кетган бўлиши мумкин (Хз.).

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)

1. Алиф, Лом, Ро. (Бу) оятлари мустаҳкам (қатъий) қилинган, сўнгра ҳикмат эгаси ва (ҳамма нарсадан) хабардор бўлмиш зот томонидан батафсил баён этилган Китобдир.
2. (Қисқача баёни эса): «Аллоҳдан ўзгага асло сиғинмангиз!» (деган хитобдир). Албатта, мен (Муҳаммад) Унинг номидан огоҳлантирувчи ва хушхабар берувчидирман.
3. (Аллоҳ буюрадики), Раббингиздан мағфират (кечирим) сўрангиз, сўнгра Унга тавба қилингиз, шунда (У) сизларни маълум муддат (ажалларингиз охири)гача чиройли баҳра билан баҳраманд қилур ва ҳар бир фазлли (карамли, сахий) кишига Ўз фазлини ато этур. Агар юз ўгирсангиз, бас, мен сизларга Улуғ кун (қиёмат) азоби (етиши)дан қўрқаман.
4. Қайтиш жойингиз Аллоҳнинг ҳузуридир. У эса ҳар нарсага қодирдир.
5. Огоҳ бўлингизки, албатта, улар (кофирлар сирларини) Ундан махфий тутиш учун кўкракларини (бошқа томонга) бурадилар. Огоҳ бўлсинларки, кийимларига ўраниб олганларида ҳам (Аллоҳ) яширган ва ошкор қилган нарсаларини билур. Албатта, У кўкрак (дил)лардаги сирларнинг билимдонидир.
6. Ерда ўрмаловчи бирор нарса (жонзот) йўқки, унинг ризқи (таъминоти) Аллоҳнинг зиммасида бўлмаса! (У) унинг қароргоҳини ҳам, оромгоҳини ҳам билур. Ҳаммаси аниқ Китоб (Лавҳул-маҳфуз)да (ёзилган)дир*.
* Лавҳул-маҳфуз – Аллоҳ таоло барча мавжудотни яратмасдан олдин, то қиёматгача яратиладиган ашёларни, қиладиган ишларини, инсонлар тақдирини, илоҳий китоблар матни ва бошқа маълумотларни ёзиб қўйган манбанинг номи.
7. У (Аллоҳ) сизларнинг қайсиларингиз чиройлироқ (яхшироқ) иш қилишингизни синаш учун осмонлар ва Ерни олти кунда яратган зотдир. (У пайтда) Арши сув устида эди*. Агарда Сиз: «Албатта, сизлар ўлгандан кейин тирилтирилурсиз», – десангиз, куфрга кетганлар: «Бу сеҳрдан ўзга нарса эмас!» – дейишлари аниқ.
* Аллоҳ таоло Еру осмонларни якшанба кунидан бошлаб жума кунигача, яъни олти кунда яратган. Аҳли китобларнинг баъзилари Аллоҳ еттинчи куни, яъни шанба куни дам олган десалар, бошқалари душанба кунидан бошлаб шанба куни тугатган ва якшанба куни дам олган, деб ҳисоблайдилар. Ислом дини таълимоти бўйича бу хил гаплар мутлақо нотўғридир. Зеро, Аллоҳ таоло ҳеч қачон чарчамайди ва У дам олишга, ухлашга, роҳатга муҳтож эмасдир. Олти кунда яратган нарсаларини бир зумда яратиб қўйишга ҳам қодир эди, лекин бандаларига намуна бўлсин учун қудрати ета туриб шунча муддатда яратгани сабр-тоқатга ташвиқ этиш ва биз билмаган яна бошқа ҳикматлар сабаблидир. Бандаси эса, қудрати етмаса ҳам доимо шошилади.
8. Борди-ю, улардан азобни маълум муддатгача кечиктирсак, улар: «Уни (азобни) нима ушлаб турибди?» – дейдилар. Огоҳ бўлсинларки, (азоб) келадиган кунида (уни) улардан қайтариб бўлмас ва масхара қилиб юрган нарсалари (азоб) уларни қамраб олур.
9. Агарда биз инсонга Ўз марҳаматимизни тоттириб, сўнгра (яна) уни тортиб олсак, (қарабсизки) у ноумид ва ношукр (бўлиб қолур).
10. Агарда унга бирор зарар келиб кетгандан кейин неъматларни тоттириб қўйсак: «Ёмонликлар мендан (ўзича) кетди», – дейди, албатта. Зеро, у мағрур ва фахрланувчидир.
11. Илло, сабрли бўлган ва эзгу ишларни қилганларга, айнан ўшаларга мағфират ва катта мукофот бордир.
12. Балким, Сиз «Унга бирор хазина тушса эди ёки у билан бирга (гувоҳ сифатида) бирор фаришта келса эди»,– деганлари учун Сизга ваҳий қилинаётган оятларнинг баъзиларини тарк этмоқчидирсиз ва шу сабабли юрагингиз сиқилаётгандир. Сиз, ахир, фақат огоҳлантирувчисиз, Аллоҳ эса ҳар нарсага вакил (гувоҳ)дир.
13. Ёки: «Уни (ваҳийни Муҳаммад) тўқиб чиқаряпти», – дейдиларми? Айтинг: «Агар гапларингиз рост бўлса, шунга ўхшаш ўнта тўқилган сура келтириб, Аллоҳдан ўзга имконингиз етган кишини (ёрдамга ёки гувоҳликка) чақирингиз!»*
* “Бақара” ва “Юнус” сураларида айтилишича, Расул (а.с.) уларни биргина сура келтиришга таклиф этганларида келтира олмаган эдилар. Бу ерда улардан ўнта сура тўқиб келтириш талаб қилинишининг сабаби эса, олдинги сўралган сура ғайбдан хабар бериш, шариат аҳкомлари, ваъда-ваъид каби мураккаб маълумотларни ўз ичига олган сура бўлиши талаб қилинган эди. Бунга кучлари етмагач, ушбу оятда ўнта, лекин мазкур мураккаб маълумотларсиз, фақат фасоҳат ва балоғатли суралар келтириш таклиф этилган (Бғ.).
14.Бас, агар (улар) сизларга жавоб қилмасалар*, билингизки, албатта, нозил қилинган нарса (Қуръон) Аллоҳнинг илми билан (ваҳий қилинган) экан ва Ундан ўзга илоҳ йўқ экан. Бас, энди сизлар мусулмонмисиз?!
* Жавоб қилмаганлар – кофирларнинг ўзлари ёки улар ёрдамга чақирган олимлари бўлиши мумкин (Хз.).
15. Кимки дунё ҳаёти ва унинг зийнатини истаса, у (каби)ларга амаллари (савоби)ни шу (дунё)да мукаммал берурмиз ва улар унда (дунёда) зиён қилмайдилар*.
* Яъни қилган савоблари учун ажрни ҳам шу дунёда олиб, охиратдан бенасиб бўлурлар.
Бу оят савобли амалларни охират учун эмас, шу дунёда обрў ва шуҳрат орттириш мақсадида қилувчи риёкор кишилар учун ҳам огоҳлантиришдир (Мд.).
16. Ана ўшаларга охиратда дўзахдан бошқа (нарса) йўқдир. Қилган (савобли) ишлари ҳабата (барбод) ва қилиб юрган амаллари ботил (зое) бўлур.
17. Парвардигори томонидан ҳужжатга эга бўлган, кетидан Ундан гувоҳ (Қуръон) келган, ундан олдин пешво ва раҳмат саналмиш Мусо китоби (Таврот) ҳам бўлган киши (фақат дунё неъматларини истовчилар билан баробарми?!) Айнан ўшалар унга (Қуръонга) имон келтирадилар. Гуруҳлардан кимки уни инкор этса, бас, унга аталган жой дўзахдир. Бас, унда шак қилманг! Албатта, У Раббингиздан (келмиш) ҳақиқатдир. Лекин одамларнинг аксарияти (бунга) имон келтирмайдилар.
18. Аллоҳ номидан ёлғон тўқигандан ҳам золимроқ киши борми?! Ана ўшалар (қиёматда) Парвардигори билан юзма-юз қилинурлар ва гувоҳлар: «Ана шулар Парвардигорлари номидан ёлғон гапирганлар», – дейдилар. Огоҳ бўлингизки, Аллоҳнинг лаънати золимларга (бўлур).
19. (Улар) Аллоҳнинг йўлидан (одамларни) тўсиб, уни (йўлни) чалкаштирмоқчи бўладилар ва улар охиратни инкор этувчилардир.
20. Ана ўшалар Ер юзида (ҳеч кимни) ожиз қолдира олмаган ва улар учун Аллоҳдан ўзга дўстлар ҳам бўлмаганлардир. Уларга азоб зиёдаси билан берилур. (Улар ҳақ гапни) эшита олмас ва (ҳақ нарсани) кўрмас эдилар*.
* Ҳадисда охират куни номаи аъмоллар ўз эгаларига берилиш ҳолати жумладан, шундай тасвирланган: “Қиёмат куни мўмин киши Аллоҳга шунчалик яқин бўладики, ҳатто, Аллоҳ таоло унга дунёда қилган гуноҳларини бирма-бир эслатганида у ҳаммасини тан олади. Шунда Парвардигор унга, гуноҳларингни дунёда ёпдим, одамларга фош қилмадим. Мана, энди бугун уларни кечирдим, деб қўлига фақат савоблари ёзилган номаи аъмолини берар экан. Кофир ва мунофиқларнинг қилмишларини эса, фаришталар ёки Аллоҳнинг ўзи халойиққа эълон қилиб, фалон-казо ишларни қилган, Парвардигорни инкор этган кимсалар – ана шулардир. Ўзига зулм қилганларга Аллоҳнинг лаънати бўлгай, дер экан” (Бх. Мс.).
21. Ана ўшалар ўзларига зиён қилганлардир ва (қиёмат куни) улардан тўқиб юрган (бут ва санам)лари ғойиб бўлур.
22. Шубҳа йўқки, улар охиратда кўпроқ зиён кўрувчилардир.
23. Албатта, имон келтириб, эзгу ишларни қилган ва Парвардигорлари (тоати)га бўйин сунганлар – айнан ўшалар жаннат аҳлидирлар, улар у ерда мангудирлар.
24. Иккала гуруҳ (кофир ва мўмин)ларнинг мисоли худди кўр билан кар ва кўрувчи билан эшитувчилар кабидир. Иккиси мисолда баробар бўладими?! Эслаб кўрмайсизларми?!
25. Дарҳақиқат, Нуҳни ўз қавмига (пайғамбар қилиб) юбордик*. (У деди): «Мен сизларга аниқ огоҳлантирувчиман.
* Нуҳ (а.с.) Ибн Аббос (рз.) ривоятига кўра, 480 ёшида пайғамбар бўлган. 120 йил қавмини тавҳидга асосланган динга даъват қилган. 600 ёшида кемага минган. Тўфондан сўнг 350 йил умр кўриб, ҳаммаси бўлиб, 950 йил яшаган. Ваҳб ибн Мунаббаҳ (рҳ.) сўзига қараганда Нуҳ (а.с.) 1050 йил умр кўрган (Лс.).
Нуҳ (а.с.)нинг пайғамбарлик асносида кўрган-кечирганлари яна “Нуҳ”сурасида берилган.
26.Аллоҳдан ўзгага сиғинмангиз! Мен сизларга аламли азоб (келиши)дан қўрқаман».
27. Бас, қавми орасидаги куфрга кетган зодагонлари дедилар: «Сени (биз) худди ўзимиздек (оддий) инсон деб биламиз ва сенга фақат бечораҳол кишиларгина (ўйламай) бир кўришда эргашаётганини кўраяпмиз. Сизларнинг биздан ортиқ жойингизни кўрмаяпмиз. Балки сизларни ёлғончи деб гумон қилмоқдамиз».
28. (Нуҳ) деди: «Эй, қавмим! Қани айтинг-чи, агар Раббимдан (юборилган) ҳужжатга эга бўлсам ва У менга ўз даргоҳидан раҳмат (пайғамбарлик) ато этган бўлса-ю, сизларга (бу) мавҳум қилиб кўрсатилган бўлса, Сизлар уни ёқтирмаган ҳолингизда уни сизларга мажбурлаймизми?!
29.Эй, қавмим! Сизлардан у (пайғамбарлик хизмати) учун мол-дунё сўрамайман. Менинг мукофотим фақат Аллоҳнинг зиммасидадир. Мен (сизларнинг талабингиз билан) имон келтирганларни (ҳузуримдан) қувиб чиқарувчи эмасман*. Зеро, улар Парвардигорлари билан рўбарў бўлувчилардир. Лекин сизларнинг жоҳил қавм эканингизни кўриб турибман.
* Пайғамбар ҳузуридаги камтар, камсуқум мўминларни кофирлар назарга илмасдан, уларни ўз ҳузуридан ҳайдаб юборишни талаб қилар эдилар.
30. Эй, қавмим! Агар уларни ҳайдасам Аллоҳ (азоби)дан (қутилишимда) менга ким ёрдам беради? Бас, (буни) эсламайсизми?!
31. (Мен) сизларга, ҳузуримда «Аллоҳнинг хазиналари бор» ҳам демайман. Ғайбни ҳам билмайман. «Мен фариштаман» ҳам демайман*. Назарингизга илинмаётган (фақир) кишилар тўғрисида, Аллоҳ уларга бирор яхшилик бермайди ҳам демайман. Уларнинг ичларидаги (имон ва ихлос)ни Аллоҳ яхшироқ билур. Мен (биламан десам), у ҳолда золимлардан бўлиб қолурман».
* Баъзи тоифалар Нуҳ (а.с.)нинг шу сўзларини далил қилиб, фаришталар пайғамбарлардан юқори мартабада деб гумон қиладилар. Аслида эса, бу сўзни Нуҳ (а.с.) кофирларнинг “Сен ҳам биз каби башар зотидансан” деган гапларига жавобан “Мен ўзимни фариштаман, демайман. Балки менинг сизлардан фарқим пайғамбар эканимда”, демоқчи бўлган (Хз.)
32. Улар (Нуҳ қавми) дедилар: «Эй, Нуҳ! Биз билан баҳслашдинг, лекин баҳсни кўп қилиб юбординг. Бас, агар ростгўйлардан бўлсанг, бизга ўша чўчитган нарсанг (азоб)ни келтир!»
33. (Нуҳ) деди: «Уни Аллоҳ хоҳласа, албатта, келтиради. Сизлар эса, ожиз қолдирувчи (енгувчи) эмассиз.
34. Агар Аллоҳ сизларни оғдиришни истаб турган бўлса, (мен) сизларга насиҳат қилишни истаганим билан сизларга насиҳатим фойда бермайди. У Раббингиздир ва Унинг ҳузурига қайтарилажаксиз».
35. Ёки (кофирлар): «Унинг (Нуҳнинг) ўзи тўқияпти» дейишяптими? Айт: «Агар тўқиган бўлсам, жиноятим ўзимга-ку! Мен сизларнинг қилаётган жиноятингиз (куфрингиз)дан покдурман»*.
* Баъзи тафсирларда бу оятдаги сўзлар Нуҳ (а.с.)нинг эмас, балки Муҳаммад (а.с.) сўзлари дейилган.
36.Нуҳга ваҳий қилинди: «Қавмингдан (ҳозиргача) имон келтирганларидан бошқа ҳеч ким энди имон келтирмас. Бас, уларнинг қилаётган ишлари туфайли ташвиш чекма!
37. Бизнинг кузатувимиз ва ваҳиймиз (амримиз) билан кемани ясагин ва зулм қилганлар ҳақида Менга (асраш тўғрисида) хитоб қилмагин! Улар, албатта, ғарқ қилинувчилардир!»
38. Кемани ясай бошлади. Қавмининг зодагонлари ҳар гал унинг олдидан ўтганларида уни масхара қилардилар. (Нуҳ) деди: «Агар бизни масхара қилсангиз, сизлар масхара қилганингиздек, биз ҳам (яқинда) сизларни масхара қилажакмиз.
39. Бас, яқинда кимга хорловчи азоб келиб, унга мангу азоб тушишини билурсиз».
40. То Бизнинг буйруғимиз (азобимиз – тўфон) келиб, ишлар кескинлашгач*, айтдик: «(Эй, Нуҳ!) Унга (кемага) ҳар бир (жонивор)дан бир жуфт – иккитадан ва аҳлинг (оила аъзоларинг)ни, илло (аҳлингдан кимларга ғарқ бўлиши ҳақида Биздан) сўз кечган бўлса, улар мустасно**, ҳамда имон келтирганларни орт!» Ваҳоланки, у (Нуҳ) билан бирга имон келтирганлар оз эди.
* Ишнинг кескинлашуви оятда "тандир қизиб кетгач" деган маънони англатувчи ибора билан келтирилган.
** Ғарқ бўлиши тақдирда белгиланганлар ичида Нуҳ (а.с.) нинг бир Воила деган хотини ва Канъон деган ўғли ҳам бор эди. Ҳаммаси бўлиб кемада соғ-саломат қолганлар адади тўғрисида турли ривоятлар мавжуд. Масалан, 7, 8,10, 72, 78, 80 киши. Имом Табарий (рҳ.) сўзига кўра, муайян бир адад тайин этилмагани яхши (Хз.).
41. (Нуҳ) деди: «Унга (кемага) мининглар! Унинг сузиши ҳам, тўхташи ҳам Аллоҳнинг исми биландир*. Албатта, Раббим кечиримли ва раҳмлидир».
* Бу оят бошқача тафсирни ҳам кўтаради. Масалан, "Аллоҳнинг исми билан" жумласи тепага қўшилса, Аллоҳнинг исми билан минингиз, бўлади.
42. У (кема) уларни тоғлардек тўлқинлар ичида олиб борар экан, Нуҳ чеккада турган (Канъон исмли) ўғлини чақириб деди: «Эй, ўғилчам! Биз билан бирга (кемага) мингин! Кофирлар билан бирга бўлмагин!»
43. У (ўғли) деди: «Мени сувдан сақлайдиган бирор тоққа (чиқиб) паноҳ топарман». (Нуҳ) деди: «Бугун У раҳм қилганлардан бошқасига Аллоҳнинг амридан сақлаб қолувчи (ҳеч қандай куч) йўқдир». (Шу пайт) иккисининг ўртасини бир тўлқин тўсди ва (ўғли) ғарқ қилинганлардан бўлди.
44. (Сўнгра) айтилди: «Эй, Ер! Сувингни ютгин! Эй, осмон! Ўзингни тутгин (ёғишни бас қил!)» Сув қуриди, буйруқ адо этилди ва (кема) Жувдий (тоғи)* узра қўнди ҳамда «Золимлар қавмига – ҳалокат!» – дейилди.
* Жувдий тоғи қаерда экани тўғрисида ҳам аниқ маълумот йўқ. У Шомда, Ироқнинг Мосул шаҳрида, Ҳиндистонда, Араратда, Омулда дейилган.
Нуҳ (а.с.) Ражаб ойининг ўнинчи куни кемага миниб, олти ойдан кейин Муҳаррам ойининг ўнинчи куни тушган. Бинобарин, шу куни рўза тутадилар (Хз. Қз.).
45. Нуҳ Раббига нидо қилиб деди: «Раббим! Ўғлим менинг аҳлимдан. Сенинг (оиламни сақлашга берган) ваъданг эса ҳақ ва Сен ҳукм қилувчиларнинг энг доноси (ва одили)сан».
46. (Аллоҳ) деди «Эй, Нуҳ! У сенинг аҳлингдан эмас!* Албатта, у (унинг қилгани) яхши иш эмас. Бас, Мендан ўзинг (яхши) билмаган нарсани сўрамагин! Мен сенга жоҳиллардан бўлишингдан (қайтариб) насиҳат қиламан».
* Ибн Аббос (рз.), Икрима, Саид, Заҳҳок (рҳ.)лар Канъон Нуҳ (а.с.)нинг пушти камаридан бўлган ўғли эмас эди, деган фикрларни рад этганлар. Зеро, Аллоҳ таоло кофирдан мўминни, мўминдан кофирни дунёга келтириши жоиздир. Чунончи, Озардан Иброҳим (а.с.), Одам (а.с.)дан Қобилни пайдо қилгани каби (Хз.).
Абу Мансур Мотуридий (рҳ.) айтадилар: “Нуҳ (а.с.)нинг ўғли Канъон мунофиқ эди. Лекин буни отаси билмас эди. Акс ҳолда уни кемага ҳам чорламаган бўлур эди. У ўзини зоҳирда отаси динига эътиқод қиладиган қилиб кўрсатгани учун Нуҳ (а.с.) уни ўз аҳлидан ҳисоблаб, мазкур муомалани қилган эди” (Мд.).
Нуҳ (а.с) кемасининг узунлиги 300, эни 50, баландлиги 30 газ бўлиб, уч қават: биринчисида йиртқич ҳайвонлар, иккинчисида ёввойи ва хонаки ҳайвонлар, учинчисида одамлар билан Одам (а.с.)нинг жасади бўлган (Абс.).
47. (Нуҳ) айтди: «Раббим! Мен Сендан ўзим (яхши) билмаган нарсани сўрашимдан паноҳ тилайман. Агар мени кечирмасанг ва менга раҳм қилмасанг, албатта, зиён кўрувчилардан бўлиб қолурман».
48. Айтилди: «Эй, Нуҳ! Биздан (бўлмиш) саломатлик ва сенга ва сен билан биргаликдаги жамоаларга (аталган) баракотлар билан (кемадан ерга) тушгин! (Умматингдан келажакда шундай кофир) жамоалар ҳам бўладики, уларни озгина баҳраманд қилурмиз, сўнгра уларни Биздан (юборилувчи) аламли азоб тутар».
49. (Эй, Муҳаммад!) Булар Сизга ваҳий қилаётган Биздаги ғайб хабарларидандир. Буларни илгари на Сиз ва на қавмингиз билар эдингиз. Бас, сабр қилинг! Албатта, оқибат (ютуқ) тақводорларникидир.
50. Од (қабиласи)га биродарлари Ҳудни (пайғамбар этиб юбордик). У айтди: «Эй, қавмим! Аллоҳга сиғинингиз! Сизларга Ундан ўзга илоҳ йўқдир! Сизлар (сохта илоҳларни) фақат ўзларингиз тўқиб олувчисиз.
51. Эй, қавмим! Cизлардан (элчилик хизмати учун) ҳақ сўрамайман. Менинг ажрим (мукофотим) фақат мени яратган Зот зиммасидадир. Ақлни ишлатмайсизларми?!
52. Эй, қавмим! Раббингиздан мағфират (кечирим) сўрангиз, сўнгра Унга тавба қилингиз, шунда У осмондан (ёмғир) ёғдирар ва қувватингизга қувват қўшар. Жиноятчи бўлиб кетмангиз!»*
* Истиғфор айтиб тавба қилиш серобгарчиликка, серфарзандликка сабаб бўлиши ҳақида яна “Нуҳ” сурасининг 10,11,12-оятларига қаралсин.
53. (Улар) дедилар: «Эй, Ҳуд! Бизга бирор ҳужжат келтирмадинг. Биз сенинг (қуруқ) гапинг билан илоҳларимизни тарк этувчи ҳам, сенга ишонувчи ҳам эмасмиз.
54. Сени балким илоҳларимиздан бирортаси чалиб кетгандир, деб биламиз». (Ҳуд) деди: «Мен Аллоҳни гувоҳ қиламан ва сизлар ҳам гувоҳ бўлингизки, мен сизлар келтираётган ширкдан безорман.
55.(Зеро, у) Аллоҳдан ўзгадир. Бас, энди ҳаммангиз менга макр қилаверинг, сўнгра менга (уни) кечиктириб ўтирмангиз!
56.Мен Раббим ва Раббингиз – Аллоҳга таваккул қилдим. Ўрмаловчи (жонивор) борки, унинг инон-ихтиёри (тасарруфи) Унинг қўлидадир. Албатта, Раббим тўғри йўлдадир.
57. Агар сизлар (имон ва тавбадан) бош тортсангиз, бас, сизларга етказишим топширилган нарсани сизларга етказиб бўлдим. Раббим сизлардан бошқа қавмни ўринларингизга халифа қилиб келтирур. Сизлар эса, Унга зарар етказа олмайсиз. Албатта, Раббим ҳамма нарсани қўриқловчидир».
58. Амримиз (шамол азоби) келгач, Ҳудни ва у билан бирга имон келтирганларни Биздан (бўлмиш) марҳамат туфайли халос этдик ва уларга қаттиқ азобдан нажот бердик*.
* Мўминлар сони 400 киши бўлган (Мд.).
59. Ана шулар Од (қабиласи)дир*. (Улар) Парвардигорларининг оятларини инкор этдилар, пайғамбарларига итоатсизлик қилдилар ва ҳар қандай золиму қайсарларнинг буйруқларига эргашдилар.
* Аллоҳнинг Од қабиласига ишора қилишига қараганда, ғазабга учраган бу қавмнинг қабрлари ва асоратлари Расулуллоҳ давриларигача ҳам Яман тоғларида сақланиб қолган (Мд.).
60. Уларга ушбу дунёда ҳам, қиёмат кунида ҳам лаънат етиб турур. Огоҳ бўлинг, албатта, Од (қабиласи) Парвардигорларини инкор этган эдилар. Огоҳ бўлинг, Ҳуднинг қавми – Од (қабиласи)га ҳалокат муқаррардир!*
* Од қавми икки қабила бўлиб, биринчи ва қадимийси Ҳуд (а.с.) қавми. Иккинчиси эса, Ирам қабиласидир (Мд. Хз.).
61. Самуд (қабиласига) биродарлари Солиҳни (пайғамбар этиб юбордик). (У) айтди: «Эй, қавмим! Аллоҳга сиғинингиз! Сизлар учун Ундан ўзга илоҳ йўқ. У сизларни ердан пайдо қилиб, сизларни уни обод этувчи этди*. Бас, Ундан кечирим сўрангиз, сўнгра Унга тавба этингиз! Албатта, Раббим (бандаларига) яқин ва (дуоларни) ижобат этувчидир».
* Ўша пайтдаги одамларнинг умри 300 дан 1000 ёш атрофида бўлар экан. Форс мамлакатининг золим шоҳлари ариқ қазиб сув чиқариш, дарахт экиш билан шуғулланишар экан. Ўша давр пайғамбари Аллоҳдан уларнинг узоқ умр кўришлари сабабини сўраганида, У: “Улар бандаларим учун ободончилик ишлари билан шуғулланадилар”, – деб жавоб берган экан (Мд.).
62.(Улар) дедилар: «Эй, Солиҳ! Бундан олдин умид қилинадиган киши эдинг. (Энди) бизга боболаримиз сиғинадиган нарсаларга сиғинишимизни ман этасанми? Биз сен даъват этаётган нарсангдан шак-шубҳадамиз».
63.(Солиҳ) айтди: «Эй, қавмим! (Ўйлаб) кўрдингизми, мабодо Раббим томонидан ҳужжатим бўлиб, Ўзи томонидан раҳмат (пайғамбарлик) берган бўлса-ю, (мен) Унга итоатсизлик қилсам, Аллоҳ (жазоси)дан (қутулишимда) менга ким ёрдам беради (қутқаради)? Менга (сизлар) зиёндан бошқа (нарса) орттирмаяпсиз.
64.Эй, қавмим! Мана бу – Аллоҳнинг мўъжизали туяси. Бас, уни Аллоҳнинг ерида ўтлаб юришига қўйиб берингиз ва унга бирор ёмонлик етказмангиз. Акс ҳолда сизларни яқин (фурсатда) азоб тутар».
65.Бас, уни (туяни) сўйдилар*. (Солиҳ) деди: «Уйларингизда уч кун (ҳаётдан) баҳраманд бўлиб турингиз! Бу ёлғон эмас (чин) ваъдадир».
* Солиҳ (а.с.) итоатдан бош тортиб, туяни сўйиб юборган қавмига: “Уч кундан сўнг сизларга Аллоҳнинг азоби келади. Эртага биринчи куни юзларингиз сарғайиб кетади. Иккинчи куни қизаради. Учинчи куни қорайиб кетади”, – дейди. Айтганларига мувофиқ тўртинчи куни улар устига Аллоҳнинг азоби – қичқириқ келади ва улар ҳалок бўладилар (Хз.).
66. Буйруғимиз (азобимиз) келгач, Солиҳни ва у билан бирга имон келтирганларни Биздан бўлмиш раҳмат билан (азобдан) ва ўша куннинг шармандалигидан халос этдик. Албатта, Раббингиз Қувватли ва Қудратлидир!
67. Зулм қилганларни қичқириқ* тутди. Бас, (улар ўз) уйларида мурдага айландилар.
* Жаброил (а.с.) бир наъра тортиб қичқириши билан улар ҳалок бўлдилар (Мд.).
68. Гўё у ерда (олдин) яшамагандек (излари ўчиб кетди). Огоҳ бўлингизки, Самуд (қабиласи) Парвардигорини инкор этган эди. Огоҳ бўлингизки, Самуд (қавми)га ҳалокат етсин!
69. Иброҳимга элчиларимиз* (фарзандли бўлиши ҳақида) хушхабар келтирдилар ва «Салом!» дедилар. У ҳам «Салом!» деди-да, ҳеч қанча вақт ўтмай, бир бузоқ (гўштининг) кабобини келтирди**.
* Элчилар – Жаброил, Мекоил, Исрофил ёки Жаброил билан бирга ўн икки фаришта.
Бошқа тафсирларда улар адади турлича берилган (Мд. Хз.).
** Иброҳим (а.с.)нинг чорвачилиги фақат қорамоллардан иборат эди. Шунинг учун меҳмонларга дарҳол бузоқ сўйиб, гўштини офтобда қиздирилган тошга ёпиб пишириб келган. Ердан чуқур кавлаб унга офтобда қиздирилган тошларни ташлаб, димлаб пиширар эдилар (Лс. Хз.).
70. Унга (таомга) қўл чўзишмаганини кўргач, (Иброҳим) улардан ётсиради ва улардан қаттиқ қўрқиб кетди*. (Улар) дедилар: «Қўрқма! Биз Лут (қавми)га юборилганмиз».
* Иброҳим (а.с.) улар айрим гуноҳкор умматларини ҳалок этгани келишдимикан, деб қўрқиб кетган эдилар.
71. Хотини (Сора) турган эди, кулиб юборди. Унга Исҳоқ (номли фарзанд) ва Исҳоқнинг орқасидан Яъқуб (исмли набира беришимиз) ҳақида хушхабар бердик.
72.(Сора) деди: «Вой, ўлмасам! Ўзим кампир ва бу эрим қария бўлатуриб, туғаманми?! Бу жуда қизиқ нарса-ку!»
73. (Фаришталар) дедилар: «Аллоҳнинг ишидан ажабланасанми?! Эй, хонадон аҳли, сизларга Аллоҳнинг раҳмати ва баракоти бўлсин! Албатта, У ҳамд ва улуғлик эгасидир».
74. Иброҳимдан қўрқув кетиб, унга хушхабар етгач, Биз билан Лут қавми (ҳалокати) тўғрисида баҳслаша бошлади.
75. Албатта, Иброҳим ҳалим, серқайғу ва сертавбадир.
76.(Фаришталар): «Эй, Иброҳим! Бу (баҳс)дан қайт! Зеро, Раббингнинг амри (Лут қавмига атаган азоби) келиб бўлган. Уларга қайтарилмас азоб келгусидир!»
77. Элчиларимиз Лутнинг ҳузурига келганларида улар сабабли (ҳолати) ёмонлашди ва улар туфайли ташвиш чекди* ҳамда «Бу – оғир кун!» – деди.
* Ташвишлари – қавми буларни ҳам бузиб қўймасмикан, деб ўйлашлари эди. Зеро, улар хушрўй ёш йигитлар шаклида келган эдилар. Уларнинг фаришта эканини билмай, қавм тарафидан ёмон иш содир этилишидан хавфсиради. Элчиларга Аллоҳ таоло: “Лут ўз қавми устидан тўрт марта ёмон эди, деб гувоҳлик бермагунича азоб қилмагайсиз”, – деб буюрган эди. Лут (а.с.) элчиларни ўз манзилига бошлаб келгунига қадар тўрт бор, бу қавм ер юзидаги энг ёмон қавм, деб гувоҳлик бергач, қавмга азоб юборилган (Мд.).
78. Унинг (Лутнинг) олдига қавми югуриб келдилар. Олдиндан (улар) ёмон ишлар (баччабозлик) қилар эдилар. У (Лут) деди: «Эй, қавмим! Ана улар – қизларим, (уларга уйланинггиз), улар сизлар учун покроқдир*. Бас, Аллоҳдан қўрқингиз ва меҳмоним олдида мени шарманда қилмангиз! Сизларда бирорта тўғри йўл топган киши йўқми?!»
* Лут (а.с.) ўз қизларини кофир қавмига эрга беришга рози бўлишларининг сабаби қадим даврдан то Муҳаммад (а.с.) нинг илк пайғамбарлик замонларигача мусулмон қизни кофирга никоҳи жоиз бўлган. Расул (а.с.) қизларидан бирини Абу Лаҳабнинг ўғлига никоҳлаб, кейинроқ ажратиб олганлари Ислом тарихидан маълум.
79. (Улар) дедилар: «Бизнинг қизларингга ҳожатимиз йўқлигини биласан ва бизнинг мақсадимиз ҳам сенга маълум»*.
* Мақсадлари – эркак жинси билан бўлишлик эди.
80. (Лут) деди: «Қани эди, сизларга қувватим етса ёки кучли бир суянчиққа суяна олсам...»
81. (Фаришталар) айтдилар: «Эй, Лут! Биз Раббингнинг элчиларимиз. (Қавминг) сенга сира ета олмаслар (тега олмаслар). Бас, туннинг бир қисмида оилангни олиб кет! Сизлардан бирор киши ортига боқмасин! Хотинингни эса қўявер! Зеро, уларга етган нарса (азоб) унга ҳам етгусидир. Уларга ваъда қилинган вақт бомдод вақтидир. Бомдод яқин эмасми?!»
82. Фармонимиз (азобимиз) келганида у ерни остин-устун қилиб юбордик ва у ерга қиздирилган лой қотишмасидан иборат тошларни пайдар-пай ёғдирдик*.
* Аллоҳ таоло Жаброил (а.с.)га буйруқ бергач, у бир қаноти билан Лут қавми яшайдиган Мадоин юртининг йирик қишлоғи Садумни остидан осмону фалак бўйлаб кўтариб туриб тескаричасига ерга ташлайди. Бир ривоятда унинг қавмидан бу ҳодисада 400 минг, бошқа ривоятда тўрт миллион киши ҳалок бўлади (Мд. Хз.).
83.(Азоб тошлари) Раббингиз ҳузурида белгили қилиб қўйилган эди. Улар золимлардан узоқ эмасдир*.
* Ҳар бир тошга у билан ҳалок бўлувчи золимнинг исми ёзиб қўйилган эди. Шундай жазо Макка мушрикларига ёки ҳар қандай золим, ситамкорга ҳам етиши мумкин (Мд.).
84. Мадян (қавми)га биродари Шуайбни (элчи – пайғамбар этиб юбордик). (У) деди: «Эй, қавмим! Аллоҳга сиғинингиз! Сизлар учун Ундан ўзга илоҳ йўқдир. Ўлчов ва вазндан уриб қолмангиз. Мен сизларни (ҳозирча) яхшилик (фаровонлик)да кўриб турибман ва мен сизларга (ҳаммани) қамраб олувчи кун (қиёмат)нинг азоби (бўлиши)дан қўрқаман.
85. Эй, қавмим! Ўлчов ва вазнни адолат билан тўла берингиз! Одамларнинг нарсаларини уриб қолмангиз ва Ерда фасод ишлари билан бузғунчилик қилмангиз!»
86. Агар мўмин бўлсангиз (билиб қўйингизки), Аллоҳнинг (ҳалол касбдан) қолдиргани сизлар учун яхшидир. Мен эса, сизларга (бойликларингизга) қўриқчи эмасман»*.
* Бойликнинг қўриқчиси – бу, ҳалол касб. Бу оят билан Аллоҳ таоло ҳалол меҳнат, пешона тери билан орттирилган бойликнинг фойдали экани, ҳалолдан топилган бойликнинг баракали бўлиши ҳақида баён этмоқда.
87. (Улар) дедилар: «Эй, Шуайб! Ота-боболаримиз сиғиниб келаётган нарса (маъбуда)ларни тарк этишимизга ёки мол-мулкларимизни қандай хоҳласак, шундай бошқаришимизга қарши сенга намозинг буйруқ бераяптими?* Ахир, сен ҳалим ва тўғри йўлдаги одам эдинг-ку?!»
* Мушриклар бу сўзлари билан Шуайб (а.с.) ўқийдиган намозини масхара қилган. Шуайб (а.с.) уларга намоз барча ёмон ишлардан қайтариб, эзгу ишларга ундайди, дегани билан улар бунга ишонишмас ва ундан таъсирланмас эдилар (Мд.).
88. (Шуайб) деди: «Эй, қавмим? (Ўйлаб) кўрдингизми, ахир (мен) Раббим томонидан ҳужжатга эга бўлсам ва (У) мени яхши ризқ билан таъминлаган бўлса (қандай қилиб сизларни ёмон ишлардан қайтармайин?). Мен сизларга мухолифлик қилиб, сизларни қайтараётган нарсани ўзим қилишни истамайман. Имконим борича, ислоҳдан ўзга ҳеч нарсани хоҳламасман. (Бунга) муваффақ қилиш эса, Аллоҳнинг ихтиёридадир. Унга таваккул этдим ва Унга инобат қилдим (ихтиёримни топширдим).
89. Эй, қавмим! Менга хилоф қилишингиз сизларга Нуҳ қавмига ё Ҳуд қавмига ёки Солиҳ қавмига етганга ўхшаган балолар етишига олиб келмасин, тағин! Лут қавми ҳам сизлардан узоқ эмас.
90. Раббингиздан мағфират сўрангиз, сўнгра Унга тавба қилингиз! Албатта, Раббим раҳмли ва (мўминларни) дўст тутувчи зотдир».
91. Дедилар: «Эй, Шуайб! Сенинг айтаётганларингдан кўпини яхши англамаяпмиз* ва биз сенинг орамиздаги бир ожиз (инсон) эканлигингни кўрмоқдамиз. Агар қариндошларинг бўлмаганида, сени тошбўрон қилган бўлур эдик. Сен биз учун азиз одам эмассан».*
* Шуайб (а.с.)нинг қавми ичида ўз қариндошлари ҳам бўлган. Улар мушрик бўлсалар ҳам, пайғамбарни ҳимоя қилишлари мумкин, деб кофирлар ҳадиксираб турар эдилар. Яъни ичимиздаги мушрик қариндошларинг ҳурматидан сенга ҳужум қилмай турибмиз, дейишган.
Мушриклар Шуайб (а.с.)нинг айтган сўзларини жуда яхши тушунар эдилар. Зеро, у зот “пайғамбарлар хатиби” деган унвонга сазовор бўлган юқори малакали нотиқ эди. Уларнинг “англамаяпмиз” дегани “гапларинг тўғри эканига ақлимиз етмаяпти” деган маънодадир (Мд.).
92. (Шуайб) деди: «Эй, қавмим! Сизлар учун қариндошларим Аллоҳдан ҳам азизроқми? (Шунинг) учун Уни ортингизга (эътиборсиз) ташлаб қўйдингизми? Албатта, Раббим қилмишларингизни қамраб олувчидир*.
* Яъни қилмишларингизга яраша бу дунё ёки охиратда тегишли жазони берувчидир.
93. Эй, қавмим! Мақомингизда (эътиқодингизда) туриб иш қилаверингиз! Мен ҳам иш қилувчиман. Сўнгра кимга хор қилувчи азоб келиши ва ким ёлғончи эканини билурсиз. (Кутиб) кузатиб турингиз! Мен ҳам сизлар билан бирга кузатувчидирман».
94. Амримиз (азобимиз) келганда эса, Шуайбга ва у билан бирга имон келтирганларга Биздан (бўлмиш) раҳмат сабабли нажот бердик. Зулм қилганларни эса, қичқириқ* тутди. Бас, (улар ўз) уйларида мурдаларга айландилар.
* Жаброил (а.с.)нинг қичқириқларидан ҳалок бўлдилар.
95. Гўё у ерда (олдин) яшамагандек (излари ўчиб кетди). Огоҳ бўлингизки, Самуд (қавми)га ҳалокат етгани каби Мадян (қавми)га ҳам ҳалокат етсин!
96. Дарвоқе, Мусони оятларимиз ва аниқ ҳужжат (мўъжизали асо)* билан элчи қилиб,
* У бошқа мўъжизаларининг сараси эди.
97. Фиръавн ва унинг зодагонлари ҳузурига юбордик*. Улар эса, Фиръавннинг буйруғига эргашдилар. Ваҳоланки, Фиръавннинг буйруғи тўғри эмас эди.
* Мусо (а.с.) билан Фиръавн ўрталарида ўтган воқеалар ҳаммага ибратли бўлгани боис уларнинг қиссалари такрорий равишда зикр этилади.
98. У (Фиръавн) қиёмат куни (ўз) қавмини эргаштириб, уларни дўзахга туширур. (Улар) тушадиган ер қандай ҳам ёмон ер?!
99. Уларга ушбу (дунё)да ҳам, қиёмат кунида ҳам лаънат етказилур. Берилган (бу) «ёрдам» қандай ҳам ёмон ёрдам?!
100. Ана шу Биз Сизга (эй, Муҳаммад!) қиссасини айтаётган шаҳарларнинг хабарларидандир. Улардан (ҳозиргача сақланиб) тургани ва (йўқ бўлиб) кетгани бор.
101. Уларга Биз зулм қилмадик, балки ўзларига (ўзлари) зулм қилдилар. Раббингиз амри (азоби) келганда эса, Аллоҳни қўйиб сиғинган (маъбуда)лари ҳеч ҳам фойда бермади ва уларга зиёндан бошқа нарсани орттирмади.
102. Аҳолиси золим юртларни (азобга) тутганда Раббингизнинг тутиши шундайдир. Албатта, Унинг (азобга) тутиши аламли ва шиддатлидир.
103. Албатта, бунда охират азобидан кўрққанлар учун ибрат бордир. Бу кун одамлар тўпланадиган ва ҳозир бўлинадиган кундир.
104. У (кун)ни фақат саноқли муддатгача кечиктирамиз.
105. (У) келган куни ҳеч бир жон (эгаси) Унинг рухсатисиз гапирмас*. Улар ичида бахтсиз ҳам, бахтли (инсонлар) ҳам бўлур.
* Бу оятдаги “гапирмас” сўзини баъзи муфассирлар “шафоат қилмас” деб тафсир қилган. “Умуман гапирмас” деб тафсир қилганлар ҳам бор. Бошқа оятда “ҳар бир жон ўзини ҳимояси учун баҳслашади” дейилган. Бу икки бир-бирига зид мазмундаги оятларга шундай тафсир берилган: Қиёмат кунининг муддати жуда узун. Ҳисоб-китоб тугагунга қадар одамлар ҳар хил ҳолатда бўлади. Масалан, шундай ҳолат бўладики, ўша пайтда мутлақо гапира олмайдилар. Яна бир ҳолат бўладики, гапиришга рухсат берилади. Яна шундай ҳолат бўладики, хавф-хатар енгиллашади ва улар ўзларини мудофааси учун баҳслашадилар, айбларидан тонишга ҳаракат қиладилар (Мд. Хз.).
Қиёматдаги баҳс, албатта, бу дунёдагидек кечмайди. У ерда ёлғон гап, сохта ҳужжат, таниш-билиш, ҳийла-найранг ўтмайди. У кун ҳақ билан ботил ажрим этиладиган кундир.
106. Бас, ўшанда бахтсиз бўлганлар (кофирлар ва гуноҳкор мўминлар) дўзахда бўлурлар ва улар у ерда инграб-ҳанграб турурлар*.
* Яъни эшак овозига ўхшаш нохуш овоз қилурлар.
107. Модомики (охиратдаги) осмонлар ва ер бор экан, (улар) у ерда мангудирлар, илло Раббингиз хоҳлагани (мўминларни ундан чиқариши) бундан мустаснодир. Албатта, Раббингиз истаган нарсасини амалга оширувчидир!
108. Аммо бахтли бўлганлар эса, бас, жаннатда, токи (охиратдаги) осмонлар ва ер бор экан, у ерда мангу турурлар, илло Раббингиз хоҳлагани (дўзахда бўлган вақтлари) бундан мустаснодир. (Бу) битмас-туганмас неъматдир.
109. Ана ўша (мушрик)лар сиғинаётган нарса туфайли шубҳада қолманг? (Улар) олдин ота-боболари сиғингандек сиғинаверадилар. Биз ҳам уларнинг улушларини камайтирмасдан тўла берувчидирмиз.
110. Мусога ҳам Китоб (Таврот) берган эдик. Бас, у ҳақда ихтилоф қилинди*. Агар Раббингиздан (кечиктириш ҳақида) сўз кечмаганда эди, уларнинг ўрталарида (шу дунёда) ҳукм чиқарилган бўлур эди. Улар у (Қуръон ёки азоб) тўғрисида шак-шубҳададирлар.
* Яъни Тавротга баъзилар имон келтирди, баъзилар уни инкор этди. Қуръони каримга нисбатан Макка аҳли ҳам худди шундай муносабатда бўлдилар. Бу оятлар билан Аллоҳ таоло Муҳаммад (а.с.)га ташвишларидан тасалли бермоқда (Мд.).
111. Албатта, Раббингиз барчага амаллари (мукофоти ва жазоси)ни мукаммал берур. Зеро, У (уларнинг) қилаётган ишларидан хабардордир.
112. Бас, (эй, Муҳаммад!) буюрилганингиздек тўғри бўлинг!* Сиз билан бирга тавба қилганлар ҳам (тўғри) бўлсинлар! Ҳаддан ошиб кетмангиз, (эй, мўминлар!) У қилаётган ишларингизни, албатта, кўриб турувчидир.
* Расул (а.с.) тўғри бўлишга буюрилишлари ул зотга қаттиқ таъсир қилган. Айнан шу оятни кўп ўйлаганларидан “Ҳуд” сураси сочимни оқартирди” деганлар. Суфён Сақафий (рз.) Пайғамбар (а.с.)га: “Менга исломдан шундай бир сўз айтингки, Сиздан кейин у ҳақда ҳеч кимдан сўрамайин” деганида Он ҳазрат: “Аллоҳга имон келтирдим, дегин-у, сўнгра тўғри бўлгин!” – деган эканлар (Мд. Хз.).
Дарҳақиқат, инсон ҳамма ишида тўғри бўлса, унинг икки дунёси ҳам тўғри бўлиб, бахтли инсонлардан бўлиши муқаррардир.
113. Зулм (ноҳақлик) қилганларга суянмангиз, токи сизларга (дўзахдан) олов етмасин! Сизлар учун Аллоҳдан ўзга дўст йўқдир. Сўнгра сизларга (қиёматда ҳам) ёрдам берилмас.
114. Куннинг ҳар икки тарафида (яъни, эртаю кеч) ва туннинг бир бўлагида намоз ўқинг!* Албатта, савобли ишлар гуноҳларни кетказади. Бу ёд этувчилар учун ёдномадир.
* Оят мазмунидан беш маҳал намоз вақтларини чиқарганлар. Зеро, куннинг икки тарафини бомдод билан пешин, аср намозлари вақти, туннинг бир бўлагини эса, шом ва хуфтон намозлари вақти, деб таъвил қилиш мумкин (Мд.).
115. Сабр қилинг! Бас, албатта, Аллоҳ эзгу иш қилувчилар мукофотини зое қилмагай.
116. (Қани энди) сизлардан олдинги асрларда ўтган фазилат эгалари ер (юзи)даги фасод (ишлар)дан қайтарганларида эди? Лекин улар ичида Биз нажот берганлардан озчилиги (бу) ишни қилдилар. (Ўзларига) зулм қилганлар ўз роҳат-фароғатлари кетидан кетдилар ва жиноятчи бўлиб қолдилар.
117. Раббингиз аҳолиси ислоҳотчи бўлган шаҳарларни (аҳолисини) ноҳақлик билан ҳалок этувчи эмасдир.
118. Агар Раббингиз хоҳлаганида эди, (барча) одамларни бир уммат (бир хил динга тобе) қилган бўлур эди. (Улар) мудом турлича (ҳар хил эътиқодда) бўлиб бораверадилар.
119. Раббингиз раҳм қилган кишилар эса, бундан мустаснодирлар. Уларни шунинг учун яратгандир. Раббингизнинг «Жаҳаннамни барча (куфрда ўтган) жинлар ва одамлар билан тўлдиражакман», – деган сўзи ҳақдир.
120.Сизга (эй, Муҳаммад!) Пайғамбарларнинг хабарларидан дилингизга сабот бахш этадиганларини айтиб бермоқдамиз. Бу (қиссалар)да ҳақиқат, мўминлар учун насиҳат ва эслатма келгандир.
121. Имон келтирмайдиганларга айтинг: «Ўз ҳолингизча иш қилаверингиз! Биз ҳам иш қилувчилармиз.
122. Кутаверингиз ҳам. Биз ҳам кутувчилармиз».
123.Осмонлар ва Ернинг ғайбий сири (уларнинг илми) Аллоҳга хосдир. Барча иш Унгагина қайтарилур. Бас, Унга ибодат қилинг ва Унга таваккул этинг! Қилаётган ишларингиздан (эса) Раббингиз ғофил эмасдир.

Орқага Олдинга