loader

023. Мўъминун сураси

118 оятдан иборат бўлиб, Маккада нозил бўлган. Хусусан суранинг илк оятларида нажот топган мўминларнинг ибодатларидан, ахлоқий яшашларидан ва ноил бўладиган охират неъматларидан сўзланганлиги учун «ал-Муъминун» номини олган. Шунингдек Абдуллоҳ ибн Аббосдан ривоят қилинган бир ҳадисда Пайғамбаримиз (с.а.в) бу оятларнинг тушиши билан : «Менга ўн оят нозил бўлдики, кимнинг ҳолати бунга мувофиқ бўлса, Жаннатга киради»,-деб марҳамат қилиб, суранинг илк ўн оятини ўқиганлар.

Аллоҳ таолонинг номи билан бошлайман. Ул зот шул дунёда ва ҳам охиратда бандаларига меҳрибондир.

1-11. Албатта, Қиёмат куни шундай мўъминлар нажот топадики, улар ўз намозларини тақво ва ожизлик билан адо этадилар. Ва ҳам бу зотлар номақбул афъол ва ақволлардан юз ўгирувчидирлар. Ва ҳам бу зотлар молларидан Худонинг ҳаққини адо этувчи ва ҳам ўз нафсларини ҳаромдан сақловчидирлар. Магар ўз ҳалол хотинлари ва канизларидан сақланмагайлар ва бу феъллари учун маломат қилинмайдилар. Бас, ҳар кимки, ўз ҳалол хотинларидан бошқа ажнабийларга зино ва шу каби ношаръий муомала қилса, ана ўшалар шариат ҳудудидан тажавуз қилувчидирлар. Аммо мўъминлар омонатга хиёнат қилмайдиган ва қилган аҳдларига риоя қилувчи ва намозларини шароитларига риоя қилиб, ўз вақтида муҳафазот этиб адо этувчидирлар. Мана шундай зотлар жаннатул Фирдавсга ворис бўлувчи ва абадий у ерда қоладурлар.

12-17. Албатта биз асл инсонни, яъни ҳазрати Одамни холис лойдан яратдик. Сўнгра унинг фарзандларини халқ бўладиган моддасини манийга айлантириб мустаҳкам жойда қарор топтирдик, сўнгра у манийни қуйуқ қонга айлантирдик, сўнг у увиган қондан гўшт пайдо қилдик, сўнгра ул гўштпорадан суяклар, томирлар, бошқа аъзолар яратдик. Кейин у суякларни гўшт билан ўрадик, сўнгра ул жасаддин бошқа нарсаларни яратдик, яъни жон ато қилдик. Аллоҳ таоло маҳлуқларни бенуқсон халқ қилувчи зотдир. Сўнгра сизларнинг ҳаётларингиз тамом бўлиб, ўлувчисизлар. Сўнгра Қиёмат куни қайтадан тирилгайсизлар. Албатта биз сизларни тепларингизга етти табақали осмонни халқ қилдик. Биз яратган маҳлуқларимиздан ғофил эмасмиз.

18-20. Биз бандаларнинг салоҳияти учун осмондан ёмғирларни андоза билан нозил қилдик ва бу ёмғирларни ерларда сокин қилдик. Бундай чашмалар жорий бўлди. Ва ҳоланки бизлар бу сувларни йўқ қилишга қодир эдик. Бас, сизлар учун ушбу ёмғир билан боғ ва бўстонлар яратдик. Хурмозорлар, узумзорлар, ул боғларда халқ қилдик. Сизлар учун бўстонларда кўп мевалар пайдо бўлади. У мевалардан ейсизлар. Яна сизлар учун Тури Синодан чиқадиган зайтун дарахтини яратдик. У дарахт сизларга ва ҳам егувчиларга нонхуруш бўлади. Ва чироқларингизни равшан қилади.

21-22. Албатта сизларга тўрт оёқлик жониворларни халқ қилишимизда фойдалар бордир. Бу жониворларни қоринларидан чиққан сут билан сизларни сероб қиламиз. Сизларга бу жониворлардан кўп манфаатлар ҳосил бўлади. Баъзиларининг гўштини ейсизлар, баъзиларининг устиларига кемаларга ўхшаб юк ортурсизлар. Ўзларинг ҳам узоқ масофаларга миниб борасизлар.

23-25. Биз Нуҳ алайҳиссаломни ўз қавмига пайғамбар қилиб юбордик. Бас, Нуҳ алайҳиссалом айтадилар: «Эй қавмларим, сизларни халқ қилган бир Худонинг ўзига ибодат қилинглар. Бундан бошқа Худо йўқдир. Сизлар Худонинг азобидан қўрқмайсизларми?!» Бас Нуҳ алайҳиссаломнинг қавмларидан бир жамоа кофирларнинг бошлиқлари айтдилар: «Эй мардум, Нуҳ ҳам сизларга ўхшаш бир одамдир. Мен пайғамбарман деб, сизларга сардор бўлишни хоҳлайди. Агар Худойи таоло бизни ҳидоятга бошлашни хоҳласа, бизга малоикалардан пайғамбар қилиб юборган бўлар эди. Бизлар бундай сўзларни ўтган обоу аждодларимиздан ҳам эшитган эдик. Бу одамга жин теккандир. Сизлар мунтазир бўлиб туринглар, бир мунча вақтдан кейин у йўқ бўлиб кетади».

26-27. Вақтики ҳазрати Нуҳ алайҳиссалом кофирларнинг иймон келтиришларидан ноумид бўлдилар. Парвардигорга муножот қилиб айтдилар: «Эй парвардигоро менга ёрдам бергил, чунки бу қавм мени ёлғончига чиқардилар». Бас, бизлар Нуҳга ваҳий юбориб унга амр қилдикки, эй Нуҳ, бизни назоратимиз ва амримизга мувофиқ кема тайёрлагин. Бас, вақтики фармонимиз келса, кофирларнинг азобига маконингдаги танурдан сув қайнаб чиқса, ҳар бир ҳайвондан бир жуфтини ва ҳам аёлларингни кемага солгин. Магар ул кофирлар ва сени аҳли байтингдан кимнинг ҳалокатига бизнинг ҳукмимиз жорий бўлган бўлса улар ҳалок бўладилар, сен золимларни нажотига дуо қилмагин, чунки улар ғарқ бўлгувчидирлар.

28-32. Эй Нуҳ, сен билан бирга бўлган мўъминлар кемада қарор топганларингдан кейин айтгил: «Парвардигорга ҳамду сано бўлсинки, бизларга золим қавмдан нажот берди. Ва ҳам Парвардигорга дуо қилиб айтгил: «Эй Парвардигоро, кемадан чиқар ҳолатимизда саломатлик ва хайр-баракот бирла кемадан нозил қилгин, Сен нозил қилвучиларнинг афзалисан»». Албатта бу қавмнинг ҳалокатида, мўъминлар нажот топганида инсон учун ҳикматли ибратлар бордур. Шубҳасиз, бизлар саркаш қавмни азобга мубтало қилувчимиз. Нуҳ қавми ҳалок бўлгандан кейин бизлар дунёга бошқа миллатларни халқ қилдик. Бас, у қавмга ўзларидан пайғамбарлар юбордик. У пайғамбарлар қавмларига насиҳат қилиб айтдилар: «Эй қавм, сизларни яратган бир Аллоҳга ибодат қилинг. Сизларга ибодат қилмоқ учун бошқа Худо йўқдур. Ахир сизлар Худонинг азобидан қўрқмайсизларми?»

33-38. Бу расуллар қавмидан бир жамоа кофир бўлганлар Қиёматнинг келишига инкор қилдилар. Бовужуд бу дунёда тирик эканликларида баъзиларига ноз-неъматлар берган эдик. Айтар эдиларки: «Бу пайғамбар сизларга ўхшаш инсондур, сизлар еган таомдан ейди, сизлар ичган сувдан ичади. Бу қандай пағамбар бўлди. Агар сизлар ўзларингга ўхшаш инсонга итоат этар экансизлар у ҳолда сизлар ўзларингга зиён қилувчилардан бўласизлар. Агар пайғамбар сизларга ваъда бериб айтсаки: «Сизлар ўлиб тупроқ бўлгандан сўнг қайтадан тирилиб гўрдан чиқасизлар», деб ваъда берса, сиздар бу ёлғонга ишонасизларму? Бу пайғамбарларни қилган ваъдалари ҳақиқатда ақлдан ниҳоятда узоқдур. Бизларни ҳаётимиз шу дунёдаги ҳаётдур. Бундан бошқа ҳаёт йўқдур. Бизлардан баъзиларимиз ўлсак, баъзиларимиз дунёга келади. Ўлгандан сўнг бизлар қайтадан тирилмаймиз. Бу пайғамбар бу сўзларида Худога тўҳмат қилади. Бизлар бунга ҳаргиз иймон келитирмаймиз».

39-41. Бу қавмнинг пайғамбарлари Худога дуо қилиб айтдилар: «Эй Парвардигоро, бу қавм мени такзиб қилдилар. Ҳатто мени ҳалок қилмоқчи бўлдилар, менга ёрдам бергил». Худо айтди: «Сабр қилгин, андак замондан (оз фурсатдан) сўнг азобни кўрган қилган ишларига пушаймон бўладилар». Бас, сўнгра азоби илоҳий буларга нозил бўлди. Жаброил алайҳиссалом бир овоз қилидилар. Ҳамма кофирларнинг юраги ёрилиб ўлди. Бу келган азобдан маълум бўладики, бу қавм Самуд қавми бўлиб, пайғамбарлари Солиҳ алайҳиссаломдир. Бу азобнинг келиши илоҳий ваъдага мувофиқ эди. Бас, биз бу кофирларни селда оққан хас-хашакка айлантирдик. Золим қавмларга Худонинг раҳматидан маҳрумлик бўлсин!

42-44. Сўнгра буларнинг ҳалокатидан кейин ер юзида бошқа миллатларни яратдик. Ҳеч бир миллат ўзини ҳалок бўладиган муддатидан сабҳат* қилмайди ва таъхир* ҳам қилмайди (яъни олдин ҳам кейин ҳам эмас), ўз вақтида ҳалок бўлади. Сўнгра бу қавмга расулларни пайдар-пай юбордик. Ҳар бир пайғамбарўз қавмига келганида уни ёлғончи дедилар ва инкор қилдилар. Бас, бизлар баъзи қавмни орқасидан баъзисини ҳалок қилдик. Халқ ўртасида ибрат учун қиссаларини (баён) қилдирдик. Иймон келтирмаган қавмга Худонинг раҳматидан узоқлик бўлсин!

45-49. Сўнгра бизлар Мусо алайҳиссаломни ва биродари Ҳорунни мўъжизалар ва равшан ҳужжатлар билан Фиравн ва унинг қавмига пайғамбар қилиб юбордик. Бас, саркашлик қилдилар ва иймон келтирмадилар. Бу қавм ўз замонларида қахру ғазабга эга эдилар. Бас айтдилар: «Ўзимизга ўхшаган иккита одамга иймон келтирайликму? Ваҳолангки, бу икковининг қавми бизларга хизмат қиладилар». Бас Мусо билан Ҳорунни такзиб қилдилар. Натижада ҳалок бўлганлар жамоасидан бўлдилар. Бизлар Мусога Бани Исроил қавмини ҳидоят топсинлар деб Тавротни нозил қилдик.

50. Бизлар ҳазрати Ийсони ва онаси Биби Мариямнинг қиссаларини халқга пайғамбарлигига далил ва ибрат қилдик. Ва уларга баланд хаволик ва чашмалар оқиб турган жойни қароргоҳ муқарар қилдик.

51-53. Айтдик: «Эй пағамбарлар, менинг покиза ризқларимни енглар, яхши амал қилинглар. Мен сизларнинг амалларингизга дономан. Албатта, бу умматларингиз иттифоқ умматдур. Мен сизларнинг Парвардигорингиздурман. Мендан қўрқинглар. Бас бу аҳли китоблар ўз динларида ихтилоф қилдилар ва гуруҳ-гуруҳ бўлдилар. Ҳар бир гуруҳ ўзларининг йўлларини ҳақ деб билдилар. Шунга хурсанд бўлдилар».

54-56. Эй Муҳаммад, сен бу кофирларни залолатларига ботган ҳолларида то ажаллари етгунча ўз ҳолларига қўйиб қўй. Оё бу кофирлар бизлар буларга моллар ва фарзандлар билан ёрдам қилишимизни ва буларга хайрлик билан ҳар бир некликлар (яхшиликларни) ато қилишимизни гумон қиладиларми? Бу гумонлари тўғри эмас. Буларни ўзларининг ақллари йўқ.

57-61. Парвардигорнинг хавфидан диллари титрайдиган ва ҳам Парвардигорнинг оятларига иймонлари бор бўлган ва ҳам Парвардигорнинг ибодатида ҳеч нарсани шерик қилмайдиган ва ҳам Худонинг йўлида ҳар нарсагаки садоқат қилсалар, қабул бўлмаслигидан дилларида хавф бўладиган ва ҳам яқин Қиймат куни Худонинг олдига боришида яқин қиладиган сифатларга мутассиф бандалар ана ўшалар ҳар бир хайрлини қилмоққа шошиладилар. Мана шу хайр ишларига ҳаммадан сабдот (ўзувчанлик) қиладилар.

62-65. Бизлар ҳеч бир банданинг тоқатидан ташқари таклиф қилмаймиз. Балки қудрати етган амални буюрамиз. Ҳар бир кимсанинг номаи аъмоли бизнинг наздимизда мавжуддир. У нома ҳақни кўрсатиб беради. Ҳар бир кимса ўзининг амалига мувофиқ жазоланади. Ортиқча жазо берилиб зулм қилинмайди. Балки кофирларнинг диллари шу ҳилда инкор қилишларидан ғафлатга ботгандир. Ваҳолангки, буларнинг куфрдан бошқа ҳам нопок амаллари бордир. Булар ҳамиша шу амалларни қиладилар. Вақтики бизлар бу кофирларнинг сардорларини азобга мубтало қилсак, нега булар дод фарёд чекиб илтижо қиладилар? Бизлар буларга айтамиз: «Бу кунлик кунда дод, вой деманглар. Ҳарчанд фарёд қилсаларинг ҳам сизларга бизнинг тарафимиздан ёрдам берилмайди».

66-67. Ҳар қачонки сизларга менинг оятим тиловат оқилинса, бас сизлар байтуллоҳга фахр қилиб, Қуръон эшитишдан нафратланиб орқаларингга қайтасизлар. Ҳарамда афсона айишга машғул бўласизлар.

68-70. Қуръоннинг сўзига тафаккур қилмайдиларму. Ёки буларга ота-боболаарига келмаган китоб келдими ёки пайғамбарларини танимайдиларму. Шунинг учун инкор қиладиларму ёки пайғамбарларнинг шаънига мажнун деб даъво қиладиларму? Бу ўйлаганлари тўғри эмас, балки Муҳаммад алайҳиссалом буларга ҳақ динни олиб келди. Балки, буларнинг аксарлари ҳақни ёмон кўрадилар. Шунинг учун инкор қиладилар.

71-74. Агар Парвардигор буларнинг хоҳишларига тобеъ бўлса эди ер ва осмон ва ундаги ашёлар ҳаммаси барбод бўлар эди. Балки буларга берган китобимизда улар учун панд ва насиҳатлар бордур. Бас, бу кофирлар шу насиҳатлардан юз ўгирадилар. Ёки сен буларни молларига таъма қилиб пайғамбарлигингга ужрат (ҳақ, музд) сўрайсанму. Шунинг учун булар эъроз (инкор, рад) қиладиларму? Балки Худони сенга берадиган ажри буларнинг мол ва давлатидан яхшироқдур. Худои таоло ризқ берувчиларнинг яхшисидир. Албатта сен буларни тўғри йўлгад аъват қиласан. Лекин охиратга иймон келтирмайдиган кофирлар тўғри йўлдан гумроҳ бўлгувчидирлар.

75-77. Ва агар биз бу кофирларга раҳм қилмасак, булардан очарчилик ва тангликни кўтарсак яна булар огоҳ бўлмасдан ўзларининг саркашликларида кўр-кўрона ҳаракат қилаверадилар. Ва агар буларни азобга мубтало қилсак ҳам бўйинларини Парвардигорга эгмайдилар ва ожизлик қилмайдилар. Вақтики биз буларга дарвозаи азобни (азоб дарвозасини) очиб қўйсак ногаҳ булар азобни кўргандан сўнг умидлари узилиб тазарру қилмоқни бошлайдилар. Лекин бу ожизликлари энди фойда бермайди.

78-81. Парвардигор шундай зотдирки, сизларга эшитмоқ учун қулоқ ва кўрмоқ учун кўз яратди. Тафаккур қилмоқ учун дил яратди. Лекин сиз бу неъматларга кам шукр қиласизлар. Парвардигор шундай зотдирки сиздарни халқ қилди, ер юзида мутафарриқ қилди. Қиёмат куни Худонинг ҳузурида жамъ бўласизлар. Парвардигор шундай зотдурки, сизларга ҳаёт ва ўлим беради. Унинг амри билан кеча ва кундуз бирин-кетин ҳаракат қилади. Энди сизлар бу қудрати илоҳийни ўйламайсизларму? Балки булар тафаккур қилмасдан ота-боболари айтган сўзни айтадилар.

82-83. Бу кофирларнинг ота-боболари айтган эдилар: «Вақтики бизлар ўлсак, тупроқ бўлиб кетсак, суякларимиз чириб кетса, яна қайтадан тириламизми! Бизларга ва ота-боболаримизга шу гаплар қилинган эди. Бу гаплар илгариги ўтганларнинг афсоналаридан бошқа нарса эмас».

84-90. Эй Муҳаммад, бу кофирларга айтгин: «Ер юзидаги ашёлар кимнинг мулки? Агар билсаларинг айтинглар?» Булар тезлик билан жавоб берадиларки: «Худонинг мулкидир». Айтгин: «Ундоқ бўлса нима учун ўйламайсизлар?» Айтгил эй Муҳаммад: «Етти табақа осмонни ва улуғ Аршни ким халқ қилган?» Тезда жавоб берадиларки: «Худо халқ қилгандир, Унинг тасарруфидадур». Айтгил: «Ундоғ бўлса, нима учун Худодан қўрқмайсизлар?» Айтгил, эй Муҳаммад: «Ҳар бир нарсанинг хукумронлиги кимнинг ихтиёрида! У зот ҳар бир нарсага паноҳ беради ав муҳофаза қилади. Худога ҳеч ким паноҳ бера олмайди. Агар билсаларинг айтинглар». Бу кофирлар жавоб бериб айтадиларки: «бу ашёларнинг ҳаммаси Худонинг ҳукмдадир». Айтгин: «Ундай бўлса нимага фиреб едиларинг ва ҳақ йўлдан қайтдиларинг. Балки бизлар бу кофирларга ҳақ динни ато қилдик ваҳолангки, булар ёлғончидурлар. Ҳамма нарсани ёлғонга нисбат берадилар».

91-92. Бу кофирлар Аллоҳ таолога фарзанд ва шерик исбот қилишларида ёлғончидирлар. Аллоҳ таоло ўзига ҳеч қандай фарзанд муқаррар қилгани йўқ ва ҳам Аллоҳ билан бошқа ҳеч қандай Худо халқ қилмоқликда шерик эмасдир. Агар Худоликда унинг шериги бўлса эди, ҳар қайси Худонинг ўзига хос маҳлуқи бўлар эди. Бу икки қисм маҳлуқот бир биридан ажралиб турган бўлар эди. Ваҳоланки ҳамма маҳлуқот бирдир. Ва ҳам баъзи Худо баъҳисига ғалаба қилган бўларди. Ва олам хароб бўлган бўлар эди. Аллоҳ таоло кофирларнинг бу хилдаги туҳматларидан покдир, ошкора ва ғайбни билгувчидир. Кофирларнинг ширк келтиришларидан Аллоҳ таоло покдир.

93-96. Эй Муҳаммад, Худодан дуо қилиб айтгин: «Эй Парвардигоро, кофирларга ваъда қилган азобингни агар менга кўрсатсанг мени у золим қавмнинг гуруҳидан қилмагин». Албатта бизлар кофирларга ваъда қилган азобларимизни сенга кўрсатишга қодирмиз, лекин уларга муҳлат берамиз. Эй Муҳаммад, сен кофирлар тарафидан ҳар қандай азият эшитсанг ва кўрсанг уларнинг муқобилига қаттиқ сўздамасдан яхши муомала билан қайтаргин. Бизлар уларни нима деган бўлсалар ва бизга нима иснод нисбат берган бўлсалар биз биламиз.

97-101. Эй Муҳаммад, Худодан тазарру билан дуо қилиб айтгин: «Эй Парвардигоро, сенга сенга илтижо қилиб Шайтоннинг васвасаларидан паноҳ тилайман. Ва ҳам эй Парвардигоро, шайтонлар ҳозир бўлиб менинг ибодатимга халал беришларидан паноҳ тилайман». Эй Муҳаммад, бу кофирлар сенинг ва менинг шаънимга то ўлим келгунча беҳуда туҳматлар қилаверадилар. Вақтики ўлим келса Худонинг азобини муайян кўргандан сўнг Худога ёлвориб ҳар бири айтади: «Эй Парвардигоро, мени у дунёга қайтаргин, шоядки у дунёга борсам мендан фавт бўлган яхши амалларни қилар эдим». Ҳаргиз бунинг талаби бўлмайди. Бу сўз бир афсус-надоматдирки, Худонинг азобини муайян кўриб айтаётир. Булар билан дунё ўртасида монеълик бордирки, ҳаргиз қайта олмайди. Қабрда ётмоқликларидан иборатдир. То Қиёмат куни тирилгунларича ётаверадилар. Вақтики, Қиёмат куни ҳазрати Исрофил тарафидан сур тортилса, бандалар ўраталарида ҳеч қандай хешлик ва қариндошлик бўлмайди ва бир-бирларига раҳм қилмайдилар ва бир-бирларидан «кимнинг фарзандисан?» деб сўроқ қилмайдилар.

102-108. Бас Қиёмат куни кимнинг яхши амаллари тарозида оғир бўлар экан ана шу бандалар нажот топгувчидирлар ва мақсадга етувчидирлар! Кимнинг яхши амаллари тарозида енгил бўлар экан, бас бу жамоа ўз нафсларига зиён қилувчи, жаҳаннамда абадий қолучидирлар. Буларнинг юзларини жаҳаннамнинг ўти куйдурганидан юзлари қабоҳатга учраб таниб бўлмайдиган даражага етади. Худо бу бандаларига айтадики: «Эй бандалар, сизларга менинг оятларим тиловат қилинмаган эдими? Балки тиловат қилинган эди, ва насиҳатларни эшитмаган эдиларинг. Балки такзиб қилдиларинг ва ёлғон дедиларинг». Аҳли дўзах Худога ёлвориб айтадиларки: «Эй Парвардигоро, бадбахтлик бизга ғолиб бўлган экан ва гумроҳ бўлган эканмиз. Эй Парвардигоро, энди бизга раҳм қилгин, бу дўзахдан чиқаргин, у дунёга қайтаргин, бас агар биз куфримизга қайтсак, бас у ҳолда албатта золимларданмиз». Худо айтадики: «Эй кофирлар, йўқолинг, хор бўлинг бу гапларни бас қилинг!».

109-111. У дунёда менинг бир жамоа мухлис бандаларим бор эди. Улар ҳамиша дуо қилиб айтар эдиларки: «Эй Парвардигоро, бизларни гуноҳларимизни кечиргин. Сен раҳм қилувчиларнинг афзалисан». Сизлар бу мухлис бандаларимга азият бердиларинг. Ҳатто менинг хавфимни бу азият дилларингдан фаромуш қилдирди. Сизлар буларнинг ҳолларига кулар эдиларинг. Бу бандаларим сизларнинг азиятларингизга сабр қилар эдилар. Энди бу кун сабрлари учун мен уларга савоблар ато қилдим. Улар мақсадларига етдилар.

112-118. Қиёмат куни Парвардигор кофирлардан сўрайди: «Неча йил ер юзи ҳаёт кечирдиларинг». Кофирлар Қиёмат кунининг узоқлигига қиёс қилиб айтадиларки: «Биз дунёда бир кун ё ярим кун ҳаёт кечирдик. Бизнинг амримизни билувчи малоикалардан савол қилгин». Парвардигор айтадики: «Агар сизлар ҳақиқатни билсаларинг сизлар бир кундан ҳам кам, балки андак ҳаёт кечирдиларинг, чунки бу дунёнинг муддати охиратга нисбатан дарёдан бир қатра ҳисобланади. Эй кофирлар, сизлар ўйлайсизлармики, бизлар сизларни беҳуда ҳалқ қилган бўлсак ва ҳам қиёмат куни қайтадан тирилиб, бизнинг ҳузуримизга қайтмасликларингни фикр қиласизларми?» Аллоҳ таоло ҳамма нарсадан улуғдир, Подшоҳи ҳақдир. Ундан бошқа ҳеч маъбуд йўқдир, (У) улуғ Арш Парвардигоридир. Ҳар кимки Худога ибодат қилишда бирор ҳужжат ва далилсиз бошқа илоҳни қўшар экан уни Парвардигор ҳисоб-китоб қилади ва муносиб жазолайди. Албатта мушриклар Қиёмат куни нажот топмайдилар. Эй Муҳаммад, дуо қилиб айтгин: «Эй Парвардигоро мағфират қил ва раҳм қил! Ва Сандурсан мехрибонлардин меҳрибон!"

Орқага Олдинга