loader

022. Ҳаж сураси

Бу сура 78 оятдан иборатдир. Кўпчилик  муфассирларнинг фикрича, 19- оятдан бошлаб кейинги 6 оят Мадинада, бошқалари Маккада нозил бўлган.  Бу сурада Ҳаж қилиш фарзи Иброҳим (а.с) томонидан  бошланиб, Муҳаммад (с.а.в) тарафидан ҳам давом эттирилганлиги ҳақида сўз юритилганлиги учун бундай ном олган.

Бандаларга шу дунёда ва охиратда меҳрибон бўлган Аллоҳ таоло номи билан бошлайман.

1-2. Эй инсонлар, Худонинг азобидан қўрқинглар, чунки қиёматтнинг аломатларидан бири бўлган, зилзила ниҳоятда даҳшатлик ҳолдир. Халқ ул зилзилани кўрган кунларида камоли қўрқувдан ҳар бир эмизувчи хотин ўзининг эмизиб турган боласидан ғофил бўлади, ҳар бир хомиладор хотин боласини бемахал ташлайди, ҳар қаерда инсонни маст бўлган ҳолда кўрасан. Ҳақиқатда улар маст эмаслар, лекин Худонинг азоби қаттиқ бўлгани учун қўрқувдан беҳуш бўладилар.

3-4. Одамларнинг ичида шундай шахслар ҳам борки, илмсиз ва ҳужжатсиз Аллоҳни дини борасида жанжал қилади. Ҳар бир саркаш шайтоннинг орқасидан эргашади. Буларнинг шаънига «Лавҳул-Маҳфуз»да шундай ёзилгандир: «Ҳар кимки шайтонни дўст тутса, бас албатта шайтон уни гумроҳ қилади, ёниб турган дўзахнинг азобига йўл бошлайди».

5. Эй инсонлар, агар сизлар қиёмат куни тирилишга шак қилсанглар, бас билингларки бизлар боболаринг ҳазрати Одамни тупроқдан халқ қилдик, сўнгра сизларни манийдан халқ қилдик. Сўнгра онанинг раҳмиданувиган қонга айлантирдик, сўнгра увиган қондан бир парча гўштга айлантирдик, сўнгра сизларнинг суратларингиз комил халқ қилинди, ё ноқис халқ қилинди, яъни баъзи аъзоларингиз ноқис ҳолда туғилдиларинг. Сизларнинг аҳволларингиз тадрижан мукаммал қилинди, токи бизлар инсон қиёмат куни қандай тирилади, шуни сизларга баён қилиб берайлик. Сизларни онанинг раҳмидан барқарор қилдик. Бизлар хоҳлаганимизча туғилиш муддатигача турасизлар, сўнгра шуларни тифллик (чақалоғлик) ҳолатида онанинг қорнидан чиқарамиз, сўнгра сизларни ақллларингиз ва қувватларингиз комил бўлгунча тарбия қиламиз. Сизлардан баъзиларинг кекса (қари) бўлмасдан вафот қиласизлар ва баъзиларингиз оғирроқ ҳолатга қайтариласизлар, яъни қария бўлиб нихоятда заифланиб ёш бола ҳолига айланиб илгари билган нарсаларингизни ҳам эсларингиздан чиқариб билмай қоласиз. Бу аҳволларнинг ҳаммаси Худонинг улуғ қудратига далолат қилади. Инсонни қиймат кунида тирилишга яна бир далил, шуки қуруқ, гиёҳдан холи ерни кўрасан, бас вақтики, бизлар ерга осмондан ёмғир ёғдирамиз, сўнгра ердан гиёҳлар кўкариб ҳаракатга киради, ва кўл бўлади, ҳар бир тур набототдан (ўсимликлардан) кўкартиради.

6-7. Бу аҳволларнинг ўзгариши, қуруқ ерда гиёҳларнинг пайдо бўлиши шунинг учунки, Аллоҳ Таоло ҳақдир, азим қудратларга эгадир. Ўликларни тиргизишга қодир. У Парвардигор албатта, ҳар бир нарсага қодирдир. Албатта бир кун қиёмат келувчидир. Унга шак ва шубха йўқдир. Албатта Аллоҳ Таоло қабрдаги ўликларга ҳаёт бериб, маҳшаргоҳга ҳозир қилади ва аъмолларига яраша жазо беради.

8-10. Инсонлардан шундай шахслар борки, эътиқод билан илмсиз ва далилсиз ҳақдан юзини ўгирган ҳолда Худонинг шаънига мужодала қилади. Нодон одамларни Худонинг йўлидан чалғитиш учун жанжал қилади. Бундай одамларга бу дунёда Худо тарафидан расволик муқаррардир. Охиратда куйдирувчи азобга мубтало қиламиз. Қиёмат куни малоикалар айтадиларки: «Бу азоблар сенга у дунёда касб қилган аъмолинга мувофиқдир, чунки Аллоҳ Таоло ҳеч бандага зулма қилмайди, аъмолига мувофиқ жазо беради».

11-13. Инсонлардан шундай шахслар борки, Худога ихлос билан ибодат қилмасдан, мулкка мутазалзил изтироб билан ибодат қилади. Агар унга Худо тарафидан фаровон ризқу-рўз етиб турса, дили ором олади ва хотиржам бўлади. Агар Худо тарафидан танглик ва фақирлик етса, орқасига қайтиб кетади, яъни муртад бўлиб диндан қайтади. Бу шахснинг ҳоли бу дунёда ҳам ва охиратда ҳам ўзига зиён қилишдан бошқа нарса бўлмайди. Бу хилда зиёнкорлик хақиқатан абадий шақоват (бадбахтлик)дан иборатдир. Бу одам Худога ибодат қилмай бирор шахсга зарар етказмайдиган ва манфаат ҳам етказмайдиган бутларга ибодат қилади. Бу ҳол оғир гуноҳликдан иборатдир, чунки бу шундай нарсага ибодат қиладики, унинг зарари нафъидан яқинроқдир. Бунинг умид қилган (сиғинган, ёрдам сўраган) маъбуди унинг энг ёмон ҳамроҳидир.

14. Албатта, Аллоҳ Таоло мўминларни ва яхши амал қилувчиларни шундай жаннатга киргизадики, бўстонларидан анҳорлар оқади, буларга хоҳлаган ноз ва неъматлари муҳайёдир. Албатта Аллоҳ Таоло хоҳлаган нарсасини қилади ва унга қудрати етади.

15. Мушриклардан ҳар ким Худо бу дунёда ҳам, охиратда ҳам пайғамбарига нусрат бермайди деб, гумон қилар экан ва ўзининг дилига тасалли берар экан. Худои Таоло бу мушрикнинг табиатига хилоф тарзда ўз пайғамбарига ёрдам беради. Чунончи Аллоҳ Таоло Қуръонда «Албатта биз пайғамбаримизга ёрдам берамиз», деб ваъда қилгандир. Агарчи кофирлар, мушриклар аччиғидан жонлари чиқса ҳам, бу мушриклар ўзларини ғазабларига тасалли бериш учун бир арқонни олсинлар-да бир тарафини осмон тарафга боғлаб, иккинчи тарафини бўйниларига солсинлар. Сўнгра осилган ҳолда арқонни кесиб ерга еқилсинлар. Шунинг билан жонлари чиқсин ўйласинларки шу хилда кулфат билан қилган хийлалари бирон зарра ачиғларини паст қиладими, йўқми? Балки шу ғазаб билан ўлиб кетадилар.

16. Диннинг хақлигига равшан далиллар келтирганимиз каби Қуръонни нозир қилдик. У Қуръонда дин аҳкомларини, амбёларнинг қиссаларини баён қилиш учун равшан оятлар бордир. Чунки Аллоҳ Таоло ҳар кимни хоҳласа бу оятлар билан ҳидоят қилади.

17. Албатта бу дунёда Худога иймон келтирган мўминлар жамоаси, яҳудийлар, офтобпарастлар, насоролар гуруҳи, оташпарастлар, мушриклар гуруҳлари қиёмат куни бўлганда, Аллоҳ Таоло бу гуруҳларнинг қайси бири ботил динда ва қайси бири ҳақ динда эканини жудо қилади (ажратади) ва ҳукм қилади. Ҳар бир гуруҳнинг амалига лойиқ жазо беради. Чунки Аллоҳ Таоло ҳар бир нарсадан огоҳдир.

18. Эй Муҳаммад, кўрмайсанми Аллоҳ Таолога осмондаги малоикалар, ердаги ашёлар, офтоб, ой, юлдузлар, тоғлар, дарахтлар, тўрт оёқли ҳайвонлар ҳамда инсондан кўплари сажда қилади ва кўп инсонларга Худонинг азоби собит бўлгандир. Худо ҳар кимни хор қилса, уни азиз қилувчи бўлмайди. Аллоҳ Таоло хоҳлаган нарсасини қилади.

19-22. Мана шу икки гуруҳ Худонинг динида жанг қиладилар. Ҳазрати Абу Зари Ғафорий Разиёллоҳу Таоло анҳу қасамёд қилиб айтадиларки: «Бу икки гуруҳ олти кишидан иборат бўлиб уч киши кофирлар тарафидан, яъни Утба, Шийба, Валид эдилар,уч киши мўминлар тарафидан, яъни Ҳамза, Абу Убайда, ҳазрати Али эдилар. Булар Бадр урушида биринчи бўлиб, майдонга чиқиб урушдилар. Бу оят шуларнинг ҳақига нозил бўлгандир. Бас кофирларнинг ҳоли қиёмат куни шундай бўладики, буларнинг қоматларига ярата ўтдан хома қилиб кийдирилади. Бошларидан қайноқ сув қўйилади. Бунинг натижасида қоринларидаги аъзолари ва терилари куйиб ерга тўкилади. Буларга азоб бериш учун урадиган гурзилар муҳайёдир. Ҳар вақтки, ғам ва андуҳдан қутилиш учун дўзахдан чиқишни хоҳласалар малоикалар тарафидан яна дўзахга қайтариладилар. Малоикалар айтадиларки: «Эй кофирлар, куйдирувчи азобнинг мазасини энди тотинглар».

23-24. Албатта Аллоҳ Таоло қиёматда яхши амал қилган мўминларни дарахтларнинг тагидан анҳорлар оқадиган жаннатга киргизади. Жаннатда аҳли жаннатнинг қўлларига тиллодан бўлган ҳалқалар марваридлар билан зийнат бериладилар. Жаннатда буларнинг киядиган либослари ҳарир бўлади. Бу зотлар бу дунёда яхши сўзларни айтишга ҳидоят қилингандирлар, яъни калимаи шаҳодат ва калимаи истиғфор ва тиловати Қуръон ўқимоққа Худо тарафидан тавфиқ берилгандирлар ва ҳам Худонинг яхши йўлига ҳидоят қилингандирлар.

25. Албатта у жамоаларки, кофир бўлгандирлар мўминларни Худонинг йўлидан манъ қиладилар. Масжидул Ҳаромни тавоф қилишдан манъ қиладилар. Ваҳоланки бу Масжидул Ҳаромининг зиёратини ҳамма халққа баробар қилганмиз. Хоҳ Маккада муқим бўлсинлар, хоҳ ташқаридан келган бўлсинлар. Ҳар кимки, Масжидул Ҳаромда шу тариқа зулм қилиб Худонинг йўлидан манъ қилишни истасалар, Қиёмат куни бундай шахсни қаттиқ азобга мубтало қиламиз.

26-29. Эй Муҳаммад, бизлар байтуллоҳни бино қиладиган маконни Иброҳимга муайян қилиб берган воқеани ёд қилгин. Сўнгра Иброҳим байтуллоҳни бино қилди. Иброҳимга шу мазмунда ваҳий юбордикки: «Ҳеч нарсани менга шерик қилмайсан. Менинг байтимни зиёрат қилувчиларга ва намоз ўқувчиларга ифлосликлардан пок қиласан. Халққа ҳаж қилиш учун эълон қилгин. Улар сенинг тарафингга келсиналар. Пиёда ҳолда ёки узоқ йўлдан келган ориқ бўлган туяларига миниб, токи ўзларининг манфаатлари учун ҳозир бўлсинлар. Ташриф қилган кунларида қурбонлик қилинган ҳолда Худони ёд қилсинлар. Худо ризқ қилган қурбонлик гўштидан ўзларинг ҳам ва фақирларга ҳам беринглар. Сўнгра ўзларидан эҳромни чиқариб, ўзларини чиркиндан тозалаб соч олдирсинлар. Назр қилган кишилар назрларига вафо қилсинлар, сўнгра бу улуғ байтни зиёрат қилсинлар».

30-32. Ушбу зикр қилинган ҳаж аҳкомлари Аллоҳ Таолонинг буюрган аҳкомларидир. Кимки аҳкоми илоҳийни улуғ билиб ҳурмат қилса, бас у одамнинг ушбу феъли Худонинг наздида савобли ишдир. Билингларки, тўрт оёқлик жониворлардан фойдаланишни сизларга ҳалол қилинди, магар сизларга зикр қилинган нарсалардан ҳазар қилинглар. Аввало бутпарастликдан ҳазар қилинглар. Иккинчи шуки, ёлғон гапдан ва туҳматдан ва ёлғон гувоҳлик беришдан ҳазар қилинглар. Худога ширк келтирмасдан мухлис бандалардан, ҳақ динга мойил бўлинглар. Худога ширк келтирган банда шунга ўхшайдики, гўёки осмондан йиқилиб ҳалок бўлса, бас унинг гўштини паррандалар еса, ёки шамол уни узоқ жойларга олиб бориб ташлаган ва шу аҳволда нобуд бўлган бўлса, бас мушрикларнинг ҳоллари шунга ўхшайди. Ушбу бандаларнинг бутпарастликдан ва ёлғондан ижтиноб қилмоқликлари Худонинг назрида яхши ва савобли ишдир. Ҳар кимки Худонинг аҳкомларини ҳурмат қилса, бас бу банданинг бу қилган ишлари дилларининг тақводорилигидан.

33-35. Эй бандалар, сизлар учун бу тўрт оёқлик жонворларда фойдалар бор. Сутидан ва жунидан ва бошқа зоди роҳийлаларингни (йўл озуқаларингни) муайян вақтгача, яъни қурбонлик давригача кўтариб боришда фойдаланасизлар, сўнгра сўядиган байтуллоҳга олиб борасизлар. Сизлардан ҳар бир миллатни бизлар тайин қилган қурбонгоҳлари булар эди. У жойда қурбонлик қилар эдилар. Албатта буларга лозим шуки, Парвардигорнинг муқаррар қилган ҳайвонларини сўйиш устида илоҳий ризққа шукр қилсинлар. Бас Парвардигорларинг якка ва ягонадир, шериги йўқдир. Ушбу Парвардигорга инқиёд қилинглар (бўйсунинглар), ҳукмини бажо келтиринглар. Эй Муҳаммад, Худога инқиёд қилувчиларга раҳматий илоҳийдан башорат бергил, бу зотларнинг сифатлари шундайки, буларнинг наздида Парвардигор зикр қилинса, дилларида Худодан хавф пайдо бўлиб кўзларидан ёш тўкадилар. Шу бошларига келган мусибатларга сабр қилувчи зотларга ва ҳам беш вақт намозни шароитлари билан адо қилувчиларга ва ҳам бизларни ато қилган ризқларимиздан яхши ишларга сарф қилувчиларга башорат бергил.

36-37. Эй ҳожилар, сизларни қурбонлик қилиш учун олиб келган ҳайвонларингизни Худо муқаррар қилган динингизнинг аҳкомларидан қилдик. Бу ҳайвонларни қурбонлик қилмоқликда сизларга дин ва дунёнинг саодати муяссардир. Бас, сизлар бу ҳайвонларни қурбонлик қилиш олдидан Аллоҳни зикр қилинглар. Вақтики бу ҳайвонларнинг жонлари чиқиб, ёнбошлари билан ётган ҳолда гўштидан ўзларинг ҳам енглар ва қаноат қилувчи дарвешларга ва савол қилувчиларга ҳам едиринглар. Биз бу ҳайвонларни бавжуди қувват ва азамати билан сизларга мутий (бўйсунувчи) қилдик. Албатта сизлар Худони эҳсонига шукр қиларсизлар. Шуни билишларинг керакки, Аллоҳ Таолога бу қурбонликларингнинг гўшти ва на қонлари манзур эмас, лекин сизларнинг тақволарингиз ва ихлосларингиз манзурдир. Шу байн қилганимиздек бу ҳайвонларни сизларга ром қилдик. Сизлар сўйиш вақтида Худога такбир айтиб Парвардигор ҳидоят қилгани учун шукрини адо этасизлар. Эй Муҳаммад, яхши амаллар қилганларга беҳиштдан башорат бергин ва тоатларини қабул бўлганидан хабар бергил.

38. Албатта Аллоҳ Таоло мушрикларнинг зулм ва фитналарини мўминларнинг устидан даф қилади. Охир мўминларга мадад бериб душманлар устидан ғолиб қилади. Албатта Аллоҳ Талол ҳар бир хоинни ва ношукр бандаларни дўст тутмайди.
39-40. Кофирлар тарфидан муқотала қилинган ва зулм ўтказилган ва диёрларидан чиқарилган мўминларга Худо тарафидан рухсат ва ижозат берилди. Булар ҳам кофирлар билан жанг қилсинлар, чунки у кофирларнинг зулмлари мўминларнинг бошида ҳаддан ошди. Албатта Аллоҳ таоло мазлумларга ёрдам беришга қодир. У мўъминларки, ноҳақ ўз диёрларидан чиқарилдилар. Буларнинг ҳеч гуноҳлари йўқ эди. Магар айтар эдиларки, бизнинг Парвардигоримиз якка ва ягонадир, бир Аллоҳнинг ўзидир. Аллоҳ таолонинг одати шудирки, золимни даф қилади. Агар Аллоҳ таоло баъзи золим инсонларни баъзилари билан даф қилмаганда эди, хоҳ насронийларнинг, хоҳ яҳудларнинг ибодатхоналари ёки мусулмонларнинг масжидлари бўлсин, Худо ёд қилинадиган бундай кўплаб масжидларининг ҳаммаси вайрон ва хароб бўларди. Лекин Аллоҳ таоло золимларнинг бундай ҳаракатларини дафъ қилиб, ҳалок қилади. Албатта Аллоҳ таоло шундай зотларга мадад қиладики, улар Худонинг динига ёрдам берадилар. Албатта Аллоҳ таоло мўъминларга нусрат бермоққа қудрати етади, ўз ҳукмида ғолибдир.

41. Агар биз бу мўъминларни ер юзига қодир қилсак, булар намозни барпо қиладилар, закотни адо этадилар, халқни яхши ишларга амр қиладилар ва ёмон ишлардан қайтарадилар. Ҳар бир нарсанинг оқибати Худонинг иродасига боғлиқдир.

42-44. Эй Муҳаммад, агар Қурайш кофирлари сени танзиб қилсалар сен кофирларнинг бу феълларига ғамгин бўлмагин, чунки булардан илгари Нуҳ алайҳиссаломнинг қавмлари Нуҳ алайҳиссаломни танзиб қилган эдилар. Од қавми ҳам Ҳуд алайҳиссаломни танзиб қилдилар. Самуд қавми Солиҳ алайҳиссаломни танзиб қилдилар. Намруд қавми Иброҳим алайҳиссаломни танзиб қилдилалар. Лут алайҳиссаломнинг қавмлари Лут алайҳиссаломни танзиб қилдилар. Мадян аҳли Шуайб алайҳиссаломни танзиб қилдилар. Қибтийлар Мусо алайҳиссаломни танзиб қилдилар. Бас мен кофирларга умрлари охир бўлгунча муҳлат бердим, сўнгра буларни азобга мубтало қилдим. Сўнгра ҳар бир миллат бир навъи азоб билан ҳалок бўлдилар. Бас буларнинг ҳалокати ҳаммага ибрат бўлди. Бас, менинг азобим уларга қандай бўлди.

45-46. Кўп қишлоқларнинг аҳлларини ҳалок қилдик. У қишлоқларнинг аҳли золим эдилар. У қишлоқнинг иморатлари бир-бирининг уйига йиқилдилар ва хароб бўлдилар. Қудуқлар бекор бўлиб қолди. Сув оладиган одам қолмади. Кўп муҳташам қасрлар холи қолди. Бас Макка мушриклари нима учун ер юзини сайр қилиб кўрмайдилар, токи, бу хароб бўлган жойларни кўриб ибрат олсалар, токи буларга ибрат ҳосил бўлиб диллари огоҳланса, қулоқлари бу воқеаларни эшитиб ибрат олса. Лекин ҳақиқатан (аслида) ҳол шундайки, кўзлар кўришдан нобино (кўр) бўлмайди, лекин кўкракларидаги диллари кўришдан кўр бўлади, яъни аслида кўзлари очиқ (кўради), лекин диллари кўрдир.

47. Макка мушриклари сендан ваъда қилган азобни «қачон бўлади?» деб талаб қиладилар, ваҳоланки, Аллоҳ таоло ваъдасига хилоф қилмайди. Вақти келганда албатта юборадур. Албатта, Парвардигоринг наздидаги бир кун сизлар санаган йилларингизнинг минг йилига баробар келади.

48. Кўп қарияларнинг (қишлоқ-кентларларнинг) аҳллари золимм эдилар. Уларга азоб юбормасдан муҳлат бердик. Сўнгра вақти келганда ҳалок қилдик. Ҳамма бизнинг ҳузуримизга ружуъ қиладур (қайтади).

49-51. Эй Муҳаммад, бандаларимга айтгин: «Мен сизларга Худо тарафидан пайғамбар бўлиб келдим. Сизларни Худонинг азобидан қўрқитувчиман ва ҳам азобнинг сабабларини ошкора баён қилувчиман. Бас сизлардан ҳар кимки, иймон келтирса, яхши амаллар қилса, уларга Худо тарафидан ваъда қилинадики, Аллоҳ таоло гуноҳларини кечиради, жаннатда ризқу рўз муқаррар қилади, яхши роҳатда бўладилар. Аммо у кофирларки бизнинг оятларимизни рад этишга кўшиш (ҳаракат) қиладилар. Ўз гумонларида бизни оятларимизни ожиз қилмоқчи бўладилар. Булар қиёмат куни аҳли дўзахдир» .

52-54. Эй Муҳаммад, сендан илгари ҳеч расул ва набий юбормадик. Магар у зотлар Худонинг оятини қироат қилганда Шайтон ўзининг мақсадини уларнинг қироатларига аралаштирган. Бас Аллоҳ таоло Шайтоннинг мақсадини ботил қилиб, сўнгра ўзининг оятларини мустаҳкам қилади. Аллоҳ таоло ҳар бир нарсага донодир, ўзининг феълида ҳокимдир. Бунда ҳикмат шуки, дилларида марази бор мунофиқларни ва дили қаттиқ кофирларни шайтоннинг илқоси (ташлаган нарсаси) билан гумроҳ қилиб фитнага мубтао қилмоқдир. Албатта золимлар, аҳли нифоқлар ўзларининг куфрлари ва инодларида (саркашликларида) беинтиҳодирлар. Ва ҳам ҳикмат шуки, Худованд илм ато қилган зотлар биладиларки, Қуръон ҳақдир, Парвардигор тарафидан нозил бўлгандир. Шайтонни илқо қилган мақсади ботилдир. Бас, бунга ишонадилар ва диллари нарм (юмшоқ) бўлиб, Қуръонга моил бўлади, аҳкомларини қабул қиладилар. Албатта Аллоҳ таоло мўъминларни тўғри йўлга ҳидоят қилгувчидир.

55. Кофирлар Қуръон тўғрисида то ногаҳоний ўлим келгунча ёки рўзи қиёмат кунидаги қаттиқ азоб келгунча ҳамиша шак ва шубҳададирлар.

56-57. Қиёмат кунида ҳукм қилиш ва буйруқ қилиш Худога хосдир. Бандалари ўртасида иродасига мувофиқ ҳукм қилади. Бас, иймон келтирган ва яхши амал қилганларга ноз ва наъимлик, жаннатга боришга ҳукм қилади. Аммо кофир бўлганлар, Худонинг оятини ёлғон деган кишилар учун расво қилувчи азоб муқаррардир.

58-59. Ул зотларики, Худонинг йўлида ватанларини тарк этдилар, сўнгра кофирлар билан жиҳод қилдилар, сўнгра шаҳид бўлдилар, ё шу йўлда вафот этдилар. Албатта Аллоҳ таоло бу зотларга беҳиштда ноз ва неъматлар муқаррар қиладир. Албатта, Аллоҳ таоло ризқ берувчиларнинг афзалидир. Ва ҳам бу зотларни Худо ўзидан миннатдор бўладиган шундай маконга (жаннатга) дохил қилади. Албатта Аллоҳ таоло бандаларининг ҳолига донодир. Гуноҳкорларнинг ҳоллига ҳалимдир, тезда азоб бермайди.

60-62. Албатта бандалар ўртасида қиёмат куни Худонинг ҳукми шулдирки, ҳар бир банда золим тарафидан азият кўрса, шунга мувофиқ золимни ҳам жазолайди, сўнгра яна унинг тепасига зулм қилинса албатта Аллоҳ таоло мазлумга ёрдам беради. Албатта, Аллоҳ таоло гуноҳларни кечирувчи, қиёмат куни мағфират қилувчидир. Шубҳасиз Аллоҳ таоло мазлумларга ёрдам беришга қодирдир. Зеро, Аллоҳ таолонинг қудрати етадурки, кеча соатларини кундузга зиёда қилса ва кундуздан олиб кечага дохил қилса. Ва ҳам Аллоҳ таоло бандаларининг ҳолларидан хабардор ва сўзларини эшитгувчидир, ва афъолларини кўрувчидир. Аллоҳ таоло ҳар бир нарсага қодир, чунки у ҳақдир, кофирларнинг ибодат қиладиган бутлари ботилдир. Ва ҳам Аллоҳ таоло ҳар нарсадан улуғдир, ҳар бир нарсага ғолибдир.

63-66. Эй Муҳаммад, фикр қилмадингмики, Аллоҳ таоло ёмғирни нозил қилади. Бас ер юзи яшнаб турган боғга айланади. Аллоҳ таоло бандаларнинг ҳолига донодир ва меҳрибондир. Осмондаги ашёлар (нарсалар) ва ундаги ашёлар Худонинг мулкидир. Лекин Аллоҳ таоло ҳаммасидан мустағнийдир (беҳожатдир), ҳамда лойиқдир. Эй Муҳаммад, фикр қилмадингму Аллоҳ таоло сизларга ер юзидаги ҳайвонларни ва ҳам Худонинг амри билан ҳаракат қиладиган дарёдаги кемаларни мусахарр қилди. Улар сизларни узоқ мамлакатларга олиб боради. Аллоҳ таоло қудрати шуки, осмоннинг ерга йиқилишидан сақлаб туради. Магар Худо изн берса йиқилади. Албатта Аллоҳ таоло бандаларга меҳрибондир. Аллоҳ таоло шундай зотдирки, сизларга ҳаёт берди, сўнгра умрларинг тамом бўлганда сизларни ўлдиради. Қиёмат куни яна сизларга ҳаёт беради. Лекин инсон ҳамиша Худога куфрон қилувчи ношукурдир.

67-69. Ҳар бир уммат учун бизлар шариат қонунига мувофиқ қурбонлик қилишни муайян қилдик. Улар ўз тариқаларида амал қиладилар. Бас, уларга дин хусусида сен билан жанжал қилмасликлари керак. Сен уларни Худо тарафига даъват қилгин. Албатта сен тўғри йўлда ва ҳидоятда барқарордирсан. Агар сенинг билан хусумат қилиб, жанжал қилсалар айтгин: «Сизларни қилиб турган ёмон ишларингизга Парвардигор донодир. Қиёмат куни эътиқод қилган ихтилофларингда, ўрталарингда Аллоҳ таоло ҳукм қилади, ким ҳақ ва ким ноҳақ маълум бўлади».

70. Оё билмадингмики, Аллоҳ таоло осмондаги осмондаги нарсаларни ва ердаги нарсаларни билади. Бу ашёларнинг ҳаммаси Лавҳул Маҳфузда ёзилгандир. Ҳар бир зарротнинг илми Аллоҳга осондир.

71-72. Кофирлар Худодан бошқа бутларга ибодат қиладилар. Бу ибодатларининг ҳақлиги учун Худо тарафидан ҳеч қандай ҳужжат ва бурхон йўқ ва бу эътиқодларининг ҳақлигига ўзларида ҳам ҳеч қандай илм йўқ. Қилган ишларининг ҳаммаси ботилдир. Булар ўз нафсларига зулм қилувчидирлар. Золимларга ҳеч қандай ёрдам берувчи йўқдир. Вақтики, бизнинг очиқ-равшан оятларимиз кофирларга тиловат қилинса, уларнинг юзларида нохушлик аломатини мушоҳада қиласан. Кофирлар тиловат қилувчиларнинг тепасига ҳамла қилишга яқин бўладилар. Эй Муҳаммад бу кофирларга айтги: «Сизларга мен бундан ҳам ёмонроқ нарсадан хабар берайми? Ул нарса дўзахдир. Аллоҳ таоло уни кофирларга ваъда қилгандир. Бу дўзах сизларнинг борадиган кўп ёмон жойларингиздир».

73-76. Эй Худонинг бандалари, бутларга ибодат қилишларингиз тўғрисида Ҳақ таоло тарафидан сизларга «Анкабут» сурасида мисол баён қилинган эди. Бу мисолни ихлос билан эшитиб ҳақиқатни идрок қилинглар. Зеро сизлар Худодан бошқа бутларга ибодат қиласизлар. Улар агарчи ҳаммалари жам бўлиб, бир-бирларига ёрдам қилсалар-да бир пашшани халқ қилишга қодир эмаслар. Агар билфарз ва тақдир пашшалар буларнинг бошларига қўниб, бирор нарсани олиб кетсалар, қайтариб олишга қодир эмаслар. Бу талаб қилувчилар ҳам пашша ҳам заифдир. Шунингдек мушриклар бутлардан мақсадларини дуо қилиб, талаб қиладилар. Булар ҳам, буларнинг матлублари буталар ҳам заифдирлар. Бу мушриклар Аллоҳ таолони ҳаққоний равишда танимадилар, қадрламадилар. Албатта, Аллоҳ таоло ҳар бир нарсадан қудратли, ҳар бир феълида ғолибдир. Аллоҳ таоло малоикалардан ҳам расуллар интихоб қилади (танлайди) ва инсондан ҳам расуллар интихоб қилиб, юборади. Малоикаларнинг расуллари Пайғамбарларга ваҳий олиб келади, Пайғамбарлар Худонинг ҳукмини халққа етказадилар. Шубҳасиз Аллоҳ таоло бандаларининг дуолаарини эшитувчи ва аҳволларини кўрувчидир. Аллоҳ таоло бандаларининг ҳузуридаги ашёларни ҳам ва орқаларидаги махфий ашёларни билади. Ҳар бир иш охиратда Парвардигор тарафига қайтарилади.

77-78. Эй мўминлар, холис Худога ибодат қилинглар намозларингизда рукуъ қилинг ва сажда қилинг. Шариат буюрган ишларни бажаринг. Шоядки қиёмат куни дўзах ўтидан нажот топсангизлар. Худо йўлида ихлос билан жиҳод қилинг. Аллоҳ таоло сизларни Ислом динига лойиқ кўрди ва мусилмон яратди. Аллоҳ таоло динларингизда хараж (қийинчилик) ва машаққат яратмади. Сизларга осонликни ихтиёр қилди. Оталарингиз Иброҳимнинг миллатига тобеъ бўлинг. Қуръонда ҳам, бундан бундан муқаддам нозил бўлган китобларда ҳам Аллоҳ таоло сизларни мусулмон деб атади. Албатта Худо учун жиҳод қилинг, Қиёмат куни Муҳаммад алйҳиссалом сизларни тепаларингизда сизлар учун гувоҳлик беради. Ва сизлар ҳам бошқа миллатлар учун гувоҳлик берасизлар. Эй мусулмонлар, намозни ўз вақтида адо этинг, молингиздан закотни адо этинг. Худонинг буйруқларини маҳкам ушлаб амал қилинг. Аллоҳ таоло сизларнинг мавлоларинг ва сизларга ёрдам берувчидир. Аллоҳ таоло сизларга яхши ёр ва мададкордир.
 

Орқага Олдинга