loader

024. Нур сураси

64 оятдан иборат бўлган бу сура Мадинада нозил бўлган. «Нур ояти» деб ном олган 35- оятда Аллоҳ таолонинг осмонлар ва ерни  ойдинлатган нури ҳақида сўз кетганлиги учун «Нур сураси» номини олган.

Бандаларига шу дунё ва охиратда меҳрибон бўлган Аллоҳ таолонинг номи билан бошлайман.

1-3. Бу сура Қуръон сурасидирки, бизлар уни мўъминларга нозил қилдик. Бу сурадаги аҳкомларни ижро қилмоқликни мўъминларга фарз қилдик. Бу сурада равшан оятларни нозил қилдик, шояд бунинг маъноларини фикр этиб панд оласизлар. Агар эрга тегмаган ёш қиз зино қилса ва хотин олмаган ёш навжувон зино қилса, ҳар бирини юз даррадан уринглар. Агар сизларнинг Худога ва охиратга иймонларинг бўлса, Худонинг ҳукмини ижро этишда буларга раҳм қилманг, токи, бошқаларга ибрат бўлсин. Бир жамоа мўъминлар буларни жазолаган жойда ҳозир бўлинглар. Токи ҳамма мўъминларга насиҳат (ибрат) бўлсин. Зино қилувчи одамга покиза хотинни никоҳ қилманглар. Магар ўзига ўхшаш зония (зинокор) хотинни никоҳ қилинглар ёки кофир хотинни беринглар. Шунга ўхшаш зино қилган хотинни покиза одам никоҳига олмасин. Балки ўзига ўхшаш зони ёки мушрикка берилсин. Бу тариқа никоҳ покиза мўъминларга ҳаром қилинди.

4-5. У гуруҳларки, мастура ва покиза хотинларни зония ва фоҳиша деб айблайдилар. Улар исботлаш учун одил гувоҳни ҳокимлар ҳузурига олиб келмасалар, ўзларининг сўзларини исбот қилмасалар, буларни саксон дарра уринглар ва шаҳодатларини минбаъд қабул қилманглар, чунки булар фосиқдирлар. Фосиқнинг шаҳодати мақбул эмасдир. Магар у гуруҳларки жазолангандан сўнг тавба қилсалар, яхши амаллар қилиб ўзларини ислоҳ қилсалар, бас, албатта, Аллоҳ таоло гуноҳларни кечирувчи ва меҳрибондир.

6-7. У гуруҳки, ўз аёлларини зинога нисбат бериб, ҳақорат қиладилар. Фоҳиша, ё зония, ё жалаб алфозларини (лафзларини) истеъмол қиладилар. Ваҳолангки, уларнинг бу сўзларининг исботига ҳеч қандай гувоҳ йўқ, магар ўз даволари халос. Гувоҳи бўлмаган эр ва хотин ҳокимнинг ҳузурида ўзларини ростгўйликлари тўғрисида тўрт мартаба қасамёд қилиб гувоҳлик берадилар. Эркаклари шу тариқа айтадиларки: «Худога қасамёд қилиб айтаманки, мен ушбу сўзимда ростгўйлардандирман». Биринчи мартаба айтадики: «Агар мен ёлғончи бўлсам Худонинг лаънати менга бўлсин». Хотинга навбат келганда, ўзидан зино ҳаддини (жазосини) дафъ қилиб, тўрт мартаба гувоҳлик бериб, айтадики: «Худога қасамёд қилиб айтаманки, бу сўзда эрим ёлғончилардандир». Ушбу сўзни тўрт мартаба такрорлайди. Биринчи мартаба айтадики: «Агар эрим ростгўйлардан бўлса, Худонинг ғазаби менга бўлсин». Агар Худонинг фазлу марҳамати сизларга бўлмаса эди. Ва ҳам Аллоҳ таоло тавбаларни қабул қилмаса, сизларни ушбу сўзларинг учун азобга мубтало қилган бўлар эди. Лекин Аллоҳ таоло тавбаларни қабул қилувчидир. Ва ҳар бир феъли ҳикматлидир.

11-12. Албатта у гуруҳки, улуғ ёлғонни (буҳтонни) ҳазрат Оиша Сиддиқнинг шаънига туҳмат қилдилар, Сизлардан бир жамоадирлар. Сизлар бу туҳматни «Ёмон бўлади» деб гумон қилманглар, балки сизлар учун хайр бўлди. Чунки бу туҳмат учун унинг ҳаққига улуғ савоб ёзилди. Ва яна унинг поклигига оятлар нозил бўлди. Туҳмат қилиувчиларга эса улуғ (катта) гуноҳлра ёзилди. Туҳмат қилувчиларнинг ҳар бирига қилган туҳматлари учун жазо берилади. Ул шахски, катта тўҳмат қилмоққа мартакиб бўлди. Қиёмат куни унга улуғ азоб берилади. У шахс – Абдуллоҳ ибни Убай туҳмат қилувчиларнинг бошлиғи эди. Нима учун бу тўҳматни эшитганларида ўзларининг ҳақларига яхши гумон қилувчи мўъминлар айтмадиларки: «Бу очиқ бўҳтондир. Биз бў сўзга бовар қилмаймиз (ишонмаймиз)».

13-15. Пайғамбарнинг аёлларига бўҳтон қилувчилар ўзларининг сўзларини исбот қилмоқ учун, нимага тўрт гувоҳни ҳозир қилмайдилар. Вақтики, гувоҳлар келтиришга ожиз бўлсалар, бас бу гуруҳ Худонинг наздида ёлғончидирлар. Агар бошларингда Худонинг фазлу марҳамати бўлмаганда эди, бу айтган ёлғонларинг учун қаттиқ азобга мубтало бўлар эдинглар, чунки бу сўзни (буҳтонни) бир-бирларингиздан эшитиб, оғизларингиз билан гапирар эдиларинг. Ваҳолангки сизларда бу тўғрида ҳеч илм йўқ эди. Ва гумон қилар эдиларингки, бу ҳилдаги гапларни одатдагидек гапирса бўлаверади. Ваҳоланки, Аллоҳнинг наздида улуғ туҳмат эди.

16-18. Эй мўъминлар, бу сўзни эшитган вақтларингда нима учун айтмадиларингки: «Бизларга шундай сўзларни айтиш лойиқ эмас. Эй Парвардигоро, Сен жумла айблардан поксан. Пайғамбарингнинг аҳли ҳарамининг поклигини сен билурсан. Унинг шаънига бу улуғ бўҳтондир». Эй мўъминлар, сизларга Аллоҳ таоло панд бериб айтадики: «Агар мўъмин бўлсаларинг ҳамиша бу нодоннинг тўҳматларига қайтдан мубтало бўлмасликларинг керак. Аллоҳ таоло сизларга оятларини равшан баён қилади. Аллоҳ таоло сизларнинг ҳолларингизга донодир. Ва покликларингга ҳукм қилувчидир».

19-21. Албатта у мунофиқларки, мўъминлар ўртасида ёлғон сўзларни тарқатишни дўст тутадилар. Улар учун Қиёматда қаттиқ азоб берилади. Бу дунёда эса шарманда ва расво бўладилар. Аллоҳ таоло бу мунофиқларнинг дилларидагини билади, сизлар билмайсизлар. Агар бандаларга Парвардигорнинг фазлу марҳамати ва меҳрибонлиги бўлмганда эди, ҳаммага бало келган бўларди. Эй мўъминлар, Шайтон орқасидан эргашманглар. Ҳар ким Шайтонга тобеъ бўлса, бас уни Шайтон ёмон ишларга амр қилади. Агар Парвардигорнинг фазлу марҳамати сизларга бўлмаганда эди. Сизлардан ҳеч бирларингиз бу беҳуда сўзларда пок бўлмасдингиз. Лекин Аллоҳ таоло хоҳлаган бандасини ҳидоят қилиб, бу ёмон ишлардан пок қилади. Аллоҳ таоло бандаларининг сўзларини эшитгувчидир. Ва ҳолларига донодир.

22. Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ (р.а.) нинг холазодалари Мистаҳ (разияллоҳу анҳо) Ҳазрати Оишага бўлган буҳтон сўзга аралашганлари сабабидан Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ: «Иккинчи Мистоҳга эҳсон қилмайман»-деб қасамёд қилганлар. Худованди таоло бу оятни нозил қилиб, силаи раҳмни узишдан манъ қилади. Эй мўъминлар, сизлардан фазилат эгаси ва давлат соҳиби бўлган кишилар: «Хеш ва ақраболарга ва мискинларга ва муҳожирлар Худонинг йўлида эҳсон қилмайман» - деб қасамёд қилмасинлар. Балки, хатоларини кечирсинлар. Оё сизлар бу кечирмоқларингнинг бадалига Қиёмат куни Аллоҳ таоло сизларнинг гуноҳларингни мағфират қилмоғини дўст тутмайсизларми? Аллоҳ таоло гуноҳларни кечирувчи ва меҳрибондир. Сизлар ҳам шундай бўлишларинг лозим.

23-25. У гуруҳларки, уйларида ўтирган мўъмина, мастура ва покиза хотинларни зинога нисбат бериб ҳақорат қиладилар. Бу дунёда ва охиратда лаънатга гирифтор бўладилар. Уларга Қиёмат куни қаттиқ азоб берилади. Ўша Қиёмат куни гуноҳкорнинг тиллари, қўллари, ва оёқлари қилган амалларига гувоҳлик берадилар. У кунда (Қиёматда) Аллоҳ таоло ҳар бир шахснинг қилган амалига мувофиқ адолат билан жазо беради. Шу вақтда бандалар Аллоҳ таоло ўз зотига собит, қоим ҳақ зотлигини биладилар.

26. Нопок, ифлос хотинлар ифлос эркакларга муносибдирлар ва ҳам ифлос эркаклар ифлос хотинларга лойиқдирлар. Ва покиза хотинлар покиза эркакларга муносибдир ва покиза эркаклар покиза хотинларга муносибдирлар. Бу туҳмат қилинган шахслар, мунофиқларнинг туҳматларидан покдирлар. У мунофиқлар томонидан азият кўрган шахсларга Қиёмат куни яхши ажрлар берилади ва гуноҳлари Худои таоло томонидан кечирилади.

27-29. Эй мўъминлар, ўзларингнинг уйларингиздан бошқа уйларга берухсат кирманглар, уй аҳлига салом бериб рухсат сўранглар. Бу қилаган ишларинг ўзларингга фойдалидир. Шояд ўзларинг учун ибратли, фойдали аҳлоқларингга далолат қилади. Агар у уйда ҳеч кимни топмасаларинг ёки биров рухсат бермаса кирманглар. Агар уй эгалари сизларга «қайтинг ва кирманг» десалар қайтинглар, кирманглар. Сизларнинг шу қайтишларингиз яхши хулқингизга далолат қилади. Аллоҳ таоло сизларнинг ҳар бир қилган амалларингизга донодир. Сизларга ҳеч қандай гуноҳ йўқдир. Агар бирорталаринг бир кимса сукунат қилмайдиган (яшамайдиган) уйга кирсаларинг, шундай уйга киришга хожатларинг бўлса, бундай уйга берухсат кирсаларинг ҳам бўлаверади. Аллоҳ таоло ошкора феълларингизни ва махфий ниятларингизни билади.

30. Эй Муҳаммад, мўъминларга айтгин, номаҳрамларга қарашликдан кўзларини юмсинлар, фаржларини ҳаромдан сақласинлар. Бу қилган ишларида ахлоқлари покиза бўлади. Дунё ва охиратда саодатга эришадилар. Ҳар бир қилган ишларига Аллоҳ таоло донодир.

31. Эй Муҳаммад, мўъмина хотинларга айтгин, номаҳрам эркакларга қарашдан кўзларини юмсинлар, авратларини ҳаромдан сақласинлар, зийнатлик жойларини очмасинлар. Магар зоҳир бўлиб турадиган (кўриниб турган) зийнат жойлари бўлса жоиздир. Масалан қўлларининг панжалари ва кафтлари ва оёқларининг бўғимдан пасти, очиқ бўлса зарари йўқдир... Бошларига ёпган рўмол билан бўйинларини ва сийналарини беркитсинлар. Зийнатланган жойларини зоҳир қилмасинлар. Магар ўз эрларига, оталарига, эрларининг оталарига ё ўғилларига ёки эрларининг ўғилларига ё биродарларига ё биродарзодаларига ё сингилнинг болаларига ё бошқа хотинларга ё сотиб олган канизакларига ёки хизмат қилувчи ғуломларига, шаҳватдан қолган мўйсафид бўлса ё ҳануз хотинларнинг авратларини билмайдиган ёш болаларга кўрсатишлик жоиздир. Маҳалли зийнат (зийнат жой)дан мурод зеварлар тақадиган жойлардир. Юрганда оёқларини бир-бирига уриб, махфий зийнатларини билдиришмасинлар. Эй мўъминлар, номаҳрамларга қарашда хато қилган бўлсаларинг Парвардигор тавбаларингни қабул қилади, чунки ҳеч инсон хатодан холи эмасдир. Шоядки, Қиёмат куни тавбаларинг қабул бўлиб дўзахдан нажот топарсизлар.

32-33. Эй мўъминлар, эрсиз, бева хотинларни бирор одам топиб никоҳлаб қўйинглар ва ғуломларингизни уйлантириб қўйинглар. Агар булар бечора, фақир бўлсалар Худойи таоло ўз фазли ва марҳамати билан буларни мустағни (беҳожат) қилади, чунки Аллоҳ таолонинг ўз бандаларига ризқу рўзи кенгдир, ҳолларига донодир. У бечораларки хотун олишга қудратлари йўқдир, нафақадан ожиздирлар, уларга лозим шуки, нафслари ҳаромдан сақласинлар. Худойи таоло буларни ўз фазли ва марҳамати билан бой қилувчидир. Эй мўъминалар, сизлардан ғуломларингиз ва канизларингиз мукотаба қилмоқни талаб қилсалар, агар мукотабани адо қилмоқликка қобилиятларини билсангиз, уларни мукотаба қилинг. Мукотаба шундан иборатки, хожа ғуломига айтадики: «Менга шунча миқдорда пул топиб бергин, сўнгра озодсан». Эй мўъминлар, бу бечораларга озод бўлишлари учун Худонинг сизларга берган маошидан ёрдам қилинглар, булар озод бўлсинлар. Исломдан илгари жоҳилият даврида аҳли давлатлар фоҳишахона очиб ёш канизларни зинога мажбур қилар эдилар. Ислом дини келганидан сўнг Худои таоло бу қабиҳ ишдан манъ қилиб айтдики: «Эй аҳли давлатлар, канизларингизни зинога мажбур қилманг. Агар у бечоралар бу қабиҳ ишни хоҳламасалар ва канизликни истасалар». Сизлар бу феълларинг орқасида дунё тўплашни истайсизлар. Ҳар кимки бу бечораларни мажбур қилар экан Қиёмат куни жавобини беради, лекин Аллоҳ таоло жабрланган канизларнинг гуноҳларини кечирувчи ва меҳрибондир.

34. Эй мўъминлар, биз сизларга ҳалол ва ҳаромни баён қилувчи оятларни нозил қилдик. Сизларга ибрат учун, муттақийларга насийҳат учун сизлардан муқаддам ўтган қавмларнинг қиссаларини баён қилдик.

35-38. Аллоҳ таоло ер ва осмоннинг нуридир. Аллоҳ нурининг сифати тонгача ёқиб қўйилган чироқ, ҳамма тарафни ёруғ равшан қилгани (каби) Аллоҳнинг нури ҳам ер ва осмонни шундай равшан қилади. Шишадан ясалган қандилнинг ичида ёниб турган чироғ гўёки, у равшан юлдузга ўҳшаган, гўёки у ёндирилган муборак зайтун дарахтининг ёғидан. Бу дарахт машриқ тарафда ҳам ўсмайди, мағриб тарафда ҳам ўсмайди, балки Арабистон тоғларида ўсади. Зайтун ёғи билан ёндирилган чироғ, шу даражада равшандирки, гўё у ўтсиз бўлса-да, унга олов тегмаса ҳам, у равшанлик беради, (Бу равшанликлар) нур устига нурдир. Худойи таоло хоҳлаган бандаларини ўз нурига шундай ҳидоят қилади. Гўёки, бу чироғ билан ҳидоят қилгандек. Аллоҳу таоло бандаларини огоҳлантириш учун шундай масалаларни баён қилади. Аллоҳ таоло ҳар бир нарсага донодир. Ибодатхоналарни, Худонинг амри билан бино қилиниб, устунлар билан кўтарилгандир. Ёки (Аллоҳ уларнинг) мартабаларини баланд қилгандир. У уйда Парвардигорнинг исми зикр қилинади. У ибодатхонада эртаю кеч муттақий бандалар намоз ўқийдилар. Шундай бандаларни Худонинг ёдидан на байъ (сотиш) на тижорат ва на широъ (сотиб олиш) худонинг ёдидан, намоздан, закот беришдан ғофил қилмайди. Бу бандалар шундоқ қиёмат кунидан қўрқадиларки, унинг хавфидан диллари изтиробга тушади ва кўзлари хира бўлади. Токи Аллоҳ таоло яхши амал қилувчиларга жазо (ажр) беради, фазлу марҳаматидан яхши ризқ муқаррар қилади. Аллоҳ таоло хоҳлаган бандага беҳисоб ризқ беради.

39–40. Кофирларнинг қилган амаллари биёбонда кўринган саробга ўхшайди. Ташна бўлган одам сув деб гумон қилади, вақтики яқин бориб кўрса ҳеч қандай сув йўқдир. Шунга ўхшаш кофирлар ҳам қилган амалларини «қиёмат куни бизга фойда беради» деб гумон қиладилар. Вақтики келиб номаи амалларини кўрганларида ҳеч қандай (яхши) амални топмайдилар. Балки ҳузурларида (қаршиларида) ҳисоб қилувчи Парвардигорни кўрадилар. Бас, Парвардигор улардан тамом ҳисоб олиб унга мувофиқ жазо беради. Аллоҳ таоло тез ҳисоб олувчидир. Ёки буларнинг ҳоллари қоронғуликда қолган дарёдаги мусофирларга ўхшайди. Гўёки буларни тўлқин ўраб олгандир. У тўлқиннинг устидан булутлар ўраб олгандир. Қоронғуликлар устига қоронғуликдир. Вақтики қўлларини енгларидан чиқарсалар қарийбки, қўлларини кўрмайдилар. Ҳар кимни Парвардигор (қалбини, йўлини) ҳидоят нури билан, равшан қилмаса, унга ҳеч қандай (фойда қилувчи) нур бўлмайди. Шунга ўхшаш кофирлар ҳам қиёмат куни қоронғуликларда қоладилар.

41–42. Эй Муҳаммад, билмайсанмики, Аллоҳ таолонинг осмондаги фаришталар, ердаги ҳайвонотлар поклик билан ёд қиладилар. Ва ҳам ҳавода учиб юрган қушлар Аллоҳ таолога тасбеҳ айтадилар. Аллоҳ таоло ҳар бирининг тасбеҳини ва дуосини билади. Аллоҳ таоло бандаларининг қилган феълларига донодир. Осмонни ва ер юзининг подшоҳлиги Худога хосдир. Ҳар бир коинот (даги нарса) Худо тарафига ружуъ қилади (қайтади).

43. Эй Муҳаммад, Худонинг қудратини мушоҳада қилмайсанму? Аллоҳ таоло булутларни ҳар тарафга юборади, сўнгра бир-бирларига қўшади. Сўнгра қат-қат қилиб қуюқлаштиради. Кейин кўрасанки, ёмғир қатралари булутлар орасидан чиқиб тўкилади. Тоғларга юқоридан (осмондан) жалалар ёғдиради. Бас Аллоҳ таоло хоҳлаган ерларига бу ёмғирларни етказади. Одамларни сероб қилади ва хоҳлаган жойларидан қайтариб қўяди. Булутлардан чиққан чақмоқнинг равшанлиги кўзларни хира қилиб қўядигандек.

44. Аллоҳ таоло ўз қудрати билан кечани кундузга айлантиради ва кундузни кечага айлантиради. Албатта бу коинотнинг тағйир топишида (ўзгаришида) кўзи бор доно одамларга панд ва ибратлар бор.

45-46. Яна Худонинг қудратларидан бири шуки, Аллоҳу таоло ҳар бир ҳайвонни бир қатра сувдан халқ қилди. Бас, бу ҳайвонлардан баъзилари қоринлари билан судралиб юради ва баъзилари икки оёқ билан юради ва баъзилари тўрт оёқ билан юрадилар. Аллоҳ таоло хоҳлаган нарсасини яратади ва (халқ қилишга) қудрати етади. Албатта Аллоҳ таоло ҳар бир нарсага қодирдир. Биз бандаларга ҳар бир нарсани зоҳир қилувчи оятлар нозил қилдик. Аллоҳ таоло хоҳлаган бандасини тўғри йўлга бошлайди.

47-52. Мунофиқлар айтадиларки, бизлар Худо ва расулга иймон келтирдик ва итоат қилдик. Сўнгра булардан бир жамоалари юз ўгирадилар. Ҳақиқатда (аслида) булар мўъмин эмаслар. Агар бу мунофиқларнинг ораларида ихтилоф бўлиб қолса, мўъминлар буларни Худо ва расулининг ҳукмига рози бўлишга чақирсалар, уларнинг бир жамоаси Худо ва расул ҳукмидан бош тортадилар. Агар буларнинг фойдаларига ҳукм бўладиган бўлса, рози бўлиб келадилар. Буларнинг зарарига ҳукм бўладиган бўлса, бош тортадилар. Оё буларнинг дилларида нифоқнинг марази борми? Ё Ислом динига шаклари борми. Ёки «Худо ва расул бизга зулм қилади» деб қўрқадиларми? Ҳақиқатда (аслида) бундай эмасдир. Балки ўзлари золимдирлар. Агар мўъминларни Худо ва расулнинг ҳукмига рози бўлишга чақирилсалар, мўъминлар айтадиларки : «Биз эшитамиз ва итоат қиламиз. Бу ҳукмни жони дилимиз билан ижро этамиз». Мана шундай зотлар қиёмат куни нажот топгувчидирлар. Ҳар кимки Худо ва расулининг ҳукмига итоат қилар, Аллоҳдан қўрқар экан, азобидан ўзини сақлар экан. Шундай зотлар мақсадаларига етувчидирлар.

53-54. Мунофиқлар Худонинг номига қаттиқ қасамёд қилдилар. Шу мазмундаки, агар сен уларни жиҳод учун уйларидан чиқишни амр қилсанг: «Албатта чиқамиз» дейдилар. Лекин аслида итоат қилмайдилар. Бу гуруҳга айтгилки: «Ёлғон қасамёд қилманглар. Сизлардан ҳукмга яхши итоат қилиш талаб қилинади. Аллоҳ Таоло қилган амалларингизга донодир». Эй Муҳаммад, бу гуруҳга айтгилки «Худо ва расул ҳукмига итоат қилинглар». Бас, агар бу ҳукмдан юз ўгирсалар пайғамбар ўз бўйнига юкланган вазифадан жавобгардир. Сизлар ўз бўйинларингизга юкланган вазифадан жавобгардирсиз. Агар Худо ва расул ҳукмига итоат қилсаларинг ҳидоят топган бўласизлар. Расулнинг зиммасида сизларга Худонинг ҳукмини очиқ етказмоқдан бошқа вазифаси йўқдир.

55-56. Аллоҳ таоло амал қилувчи мўъминларга ер юзига буларни халифа қилмоқликни ваъда қилади. Чунончи булардан илгари ўтган қавмларни халифа қилган эди. Ва ҳам бу мўъминларга мақбул бўлган динларини мустаҳкам қилмоқликни ва бошқа динларга ғолиб қилмоқликни ваъда қилган эди. Буларни душмандан қўрқувларини амну омонга бадал қилмоқликни ваъда қилади, Аллоҳ айтади, чунки булар (яхши амал қилувчи мўъминлар) менга ибодат қиладилар. Ҳеч бир нарсани менга шерик қилмайдилар. Шу ваъдадан сўнг ҳар ким кофир бўлар экан, яъни менинг неъматимга куфрон қилар экан, мана шу гуруҳ фосиқдирлар. Эй бандалар, намозни ўз вақтида адо этинглар ва закотни беринглар ва расулга итоат қилинглар, шояд қиёмат куни Худонинг раҳматига сазовор бўласизлар.

57. Эй Муҳаммад, кофирлар ер юзида Худонинг балоларини қайтариб, ожиз қилувчи бўладилар деб гумон қилмагин. Буларнинг жойлари дўзахдир. Ёмон ҳолда дўзахга қайтадилар.

58. Эй мўъминлар, ғуломларингиз ва балоғатга етгмаган болаларга лозимдирки сизлардан изн олиб, бир кеча ва кундуз мобайнида уч вақт рухсат сўраб, уйларингга кирсинлар. Биринчи бомдод намозидан олдин кирсалар рухсат сўраб кирсинлар. Иккинчи туш вақти-офтоб қизиб турганда, иссиқдан уст бошларни ечиб ўтирган вақтда рухсат сўраб кирсинлар. Учинчи хуфтон намозидан кейин рухсат сўраб кирсинлар. Бу уч вақтда сизлар авратларингизни беркитиб, сақлашингиз лозимдир. Бу уч вақтдан бошқа вақтда рухсатсиз кирсалар, буларга ҳеч гуноҳ йўқдир. Ва сизларга ҳам ҳеч қандай ҳараш (қийинчилик, оғирлик) йўқдир. Чунки бу ғуломларингиз сизларга хизмат қилади. Яъни сизларга аралашиб юрадилар. Баъзиларингиз баъзиларингизга аралашмасдан илож йўқдир. Аллоҳ Таоло сизларга шунга ўхшаш аҳкоми шаръийни баён қилиб беради. Аллоҳ таоло бандаларининг маслаҳатига доно ва ҳукм қилгувчидир.

59. Вақтики сизларнинг болаларингиз балоғатга етган бўлса, бас уларга лозимдирки, ҳар вақт рухсат талаб қилиб кирсинлар. Булардан илгариги одамлар рухсат сўраб кирганлари каби. Шунга ўхшаш Аллоҳ таоло сизларга аҳкоми шариатни баён қилиб беради. Аллоҳ таоло ҳолларингизга донодир. Ҳикматига мувофиқ ҳукм қилади.

60. Уйларида ўтириб қолган ожиз кампирлар ҳеч вақт никоҳнинг умидини қилмайдилар. Буларга ҳам ҳеч ким рағбат қилмайди. Бас у кампирларга ҳеч гуноҳ йўқдир, устларидаги жомаларини ечиб ўтирсалар. Лекин зийнатланган жойларини очмасдан, Аллоҳ манъ қилган жойларини беркитиб ўтирсалар ҳеч зарар йўқдир. Агар ҳаё қилиб ўзларининг покликларини сақласалар буларга яхшидир. Аллоҳу таоло ҳар бир сўзни эшитувчи ва ҳолларига донодир.

61. Аъмо (кўр)ларга ва оёғи чўлоқларга ва ҳам касалларга саҳиҳлар (соғ кишилар) билан таом емоқларида ва ўз нафсларингизга ҳам ҳеч қандай ҳараш (оғирлик, машаққатлик) йўқдир. Ўз уйларингиздан берухсат есаларинг, ё оталарингиз уйларидан берухсат таом есаларинг ё оналарингни уйларидан ё биродарларингни уйларидан, ё сингилларингизни уйларидан, амакиларингизни уйларидан ё аммаларингизни уйларидан ё тоғаларингизни уйларидан ё холаларингизни уйларидан ё (уй) калитларини топшириб емоққа рухсат бериб қўйган бўлсалар ва ҳам дўстлар қўйган хўжайинларингни уйларидан есаларинг сизларга ҳеч гуноҳ йўқдир. Агар ҳаммасини жамъ қилиб есаларинг ёки мутафарриқ есаларинг. Агар бирор уйга кирсаларинг диний биродарларингизга салом беринг, шундай саломки, Худо тарафидан машруъ бўлган ва муборак одамни хурсанд қиладиган маъноли салом бўлсин. Аллоҳ таоло оятларини мана шундай баён қилади шоядки, сизлар фикр қилиб амал қиласизлар.

62. Ҳақиқатда Худо ва расулига иймон келтирганлар мўъмини комилдирлар. Вақтики расул билан бирор жамъият ишида бирга бўлсалар, ўзларининг ишларига расулининг рухсатисиз кетмайдилар, ҳатто расулдан рухсат олиб борадилар. Албатта жамоаларки сендан рухсат сўрайдилар, Худо ва расулига иймон келтирганлар орасида ҳақиқий мўминдурлар. Ҳар вақтики, баъзи ишлари учун сендан рухсат сўрасалар улардан хоҳлаганингга рухсат бергил. Сени олдингга хилоф қилганлари учун Худодан кечирим сўрагин. Албатта Аллоҳ таоло бандаларининг гуноҳларини кечирувчи меҳрибондир.

63-64. Агар Муҳаммад сизлардан бирор ишни талаб қилса расулнинг талабини бир-бирларингга қилган талабга ўхшатманглар. Бу тўғрида бепарволик қилманглар чунки расулнинг талабини бажармоқлик сизларга фарздир. Аллоҳу таоло расулнинг сўзига парво қилмай жамоанинг ичидан яшириниб чиқиб кетадиган гуруҳни билади. Расулнинг амрига мухолифат қилувчилар бирор фитнага мубтало бўлишдан, Худонинг қаттиқ азоби етишидан қўрқмоқлари лозим. Огоҳ бўлингларки, ердаги ва осмондаги ашёлар Худонинг мулкидир. Сизлар қандай ҳолда бўлганларингни биладур. Қиёмат куни Худонинг олдига борганларида Аллоҳу таоло қилган амалларидан огоҳлантиради. Аллоҳ таоло ҳар бир нарсага донодир.

Орқага Олдинга