loader

025. Фурқон сураси

Бу сура Маккада нозил бўлиб,фақатгина уч (68, 69, 70) оятларининг Мадинада тушганлиги ҳақида ривоят бор. Сура 77 оятдан иборат. Мазкур сура номи унинг илк оятида келган «ал-Фурқон» сўзидан олинган. «Фурқон» ҳақни ботилдан ажратган дегани бўлиб, Қуръони Каримнинг номларидандир.

Бандаларига дунёда ва ҳам охиратда меҳрибон бўлган, Аллоҳ номи билан бошлайман.

1-3. Қуръонни ўзининг бандаси Муҳаммадга нозил қилган зот улуғ ва покдир. Токи Муҳаммад (Қуръон ҳукмини) бутун оламга етказсин ва Худонинг азобидан қўрқитсин. Парвардигор шундай зотдирки ер ва осмоннинг подшоҳлиги унинг ҳукмидадир. У зотнинг фарзанди ҳам йўқ, ўзи туғилган ҳам эмас, унинг подшоҳлигига ҳеч ким шерик ҳам эмас. Ҳар бир нарсани халқ қилди. Ўз афъолига, ўз хислатларига муносиб қилди. Кофирлар бир Аллоҳдан бошқа маъбудлар қилдилар. Буларнинг бу ботил худолари ҳеч нарсани халқ қилишига қодир эмас. Балки ўзлари махлуқдирлар. Ўз нафслари учун бирор фойда келтиришга молик эмаслар ва зарарни ҳам дафъ қилишга қодир эмаслар. Бировни ўлдиришга ёки унга ҳаёт бағишлашга ёки қиёмат куни тирилтиришга молик эмаслар.

4-6. Кофирлар айтадилар: «Муҳаммаднинг даъво қилган сўзлари ўқиган қуръони ҳаммаси ёлғондур. «Худодан нозил бўлди» деб худога туҳмат қилади. Балки ўзининг айтган (тўқиган) сўзларидир. Бошқа қавмлар ҳам ёрдам бергандир». У гуруҳлар ёлғонлар тўқиб ҳаддларидан ошгандирлар. Парвардигор айтдики кофирлар хаддиларидан ошиб ўзлари туҳмат қиладилар. Кофирлар яна айтадиларки «Бу Қуръон ўтган қавмларнинг афсоналаридир. Бу афсоналарни бошқалар ёзиб бунга эртаю кеч ўқиб берадилар». Айтгин эй Муҳаммад: «Эй кофирлар, бу қуръонни осмондаги ва ердаги махфий ишларни биладиган зот нозил қилди, Албатта парвардигор бандаларининг гуноҳларини кечирувчи меҳрибондир».

7-10. Кофирлар масхара қилиб айтадиларки: «Бу қандай пайғамбардир. Бизларга ўхшаш таом ейди ва бозорларда юради. Нима учун бунга осмондан фаришта нозил қилинмайди. Токи пайғамбарлик ишида ёрдамчи бўлар эди. Нима учун бунга осмондан хазина ташланмайди. Токи, давлатлик бўлар эди. Ёки бунга Худойи таоло боғ яратиб бермайди. У боғнинг меваларидан еган бўлар эди». Бу кофирлар мўъминларга айтадиларки «Сизлар ахмоқ бўлиб сеҳрланган, ақлдан адашган одамга эргашяпсизлар». Эй Муҳаммад, қарагин, буларни сенинг ҳақиқатингга қандай мисоллар тўқиб баён қиляптилар. Шубҳасиз, бу гумроҳларнинг ўзлари йўлдан адашгандирлар. Кўрга ўхшаб, йўлни топмайдилар. Парвардигор улуғдир, агар хоҳласа сенга буларнинг айтганларидан ҳам зиёда, ичидан анҳорлар жорий бўлган боғни яратиб беришга қодир. Ва у боғда баланд иморатлар пайдо қилишга қудрати етади.

11-16. Балки, бу кофирлар Қиёматга ишонмайдилар. Бизлар Қиёматга ишонмайдиганларга дўзахни муҳайё қилиб қўйганмиз. Қиёмат куни бу кофирлар узоқ жойдан дўзахга рўбарў бўлганларида, дўзах тарафидан даҳшатли овозлар эшитадилар. Вақтики, бу кофирларнинг қўл ва оёқларини боғлаган ҳолда дўзахнинг тор жойига ташласалар, у жойда дод-вой деб бақирадилар. Малоикалар тарафидан буларга айтиладики, бу кун сизлар бир маротаба дод-вой демасдан кўп дод-вой денглар. Эй Муҳаммад, сени фақирлик (камбағаллик) билан айбловчиларга айтгил: «Бу дунёнинг боғу бўстони яхшими ёки Қиёматдаги ҳамиша турадиган, муттақийларга ваъда қилинган жаннат яхшими? Бу жаннат муттақийлар қилган амаллари бадалига ато қилинади. Ўлгандан сўнг буларнинг борадиган жойлари шу жаннатдир. Бу муттақийларга беҳиштда хоҳлаган нарсалари муҳайёдир, ҳамиша турадилар. Бу марҳаматлар Парвардигор тарафидан вафо қилинадиган ваъдалардир.

17-19. Қиёмат куни Аллоҳ таоло кофирларни ва Худодан бошқа ибодат қилинган бутларини жамъ қилади. Парвардигор бутларга хитоб қилиб айтадики: «Бу бандаларимни сизлар гумроҳ қилдиларингми? Ёки ўзлари йўлдан адашдиларми? Бутлар айтадиларки: «Эй Парвардигоро, сен шерикдан ва ҳамма айбдан покдирсан. Бизга лойиқ эмаски, сендан бошқани ўзимизга ҳоким, валий, муқаррар қилсак, лекин буларнинг гумроҳ бўлганларининг сабаби шуки, сен буларга ва оталарига дунёни кўп бериб, мағрур қилдинг. Ҳатто булар сенинг ёдингдан ғофил бўлдилар Пайғамбарларнинг панд-насиҳатларини эсларидан чиқардилар. Бу қавмнинг ўзлари ҳалок бўлувчи эдилар». Парвардигор айтди: «Эй кофирлар, бу бутларинг сизларнинг айтган сўзларингни макзиб қилдилар. Сизлар бу бутларни менга шерик қилган эдиларинг. Энди бу бутлар сизлардан Худонинг азобини қайтара олмайди, ёрдам ҳам беролмайди. Ҳар ким сизлардан ширк қилган бўлса, бу кун уни қаттиқ азобга мубтало қиламиз».

20. Эй Муҳаммад, сендан муқаддам ҳар бир Пайғамбар юборган бўлсак, у пайғамбарлар бошқа одамларга ўхшаш ер эдилар, ичардилар ва бозорларда юрардилар. Бу афъоллар пайғамбарларга хилоф эмасдир. Бизлар баъзиларингизни баъзиларингизга фитнага сабаб қилдик. Фақирлар, бойларга; пайғамбарлар умматларга; касаллар, тан дурустларга. Бу дунё одамлар учун синовдир. Бойлар фақирларни кўриб, соғлар касалларни кўриб шукр қилишлари керак. Оё ҳар бир ибтилога (синов, имтихонга) сабр қиласизларми ё йўқ? Аллоҳ таоло сизларнинг ҳолларингизни кўради. Сабр қилувчиларга ажр беради.

21-23. Қиёматнинг бўлишига ва бизга рўбарў бўлишларига инкор қиладиган у кофир гурухлар айтадиларки: «Нима учун бизларга фаришталарнинг ўзлари келиб хабар бермайдилар. Нима учун биз худонинг ўзини кўрмаймиз?» Ўз хаёлларида ўзларини ниҳоятда улуғ ҳисоблайдилар. Шунинг учун интиҳо (охирги, сўнг) малоикаларни кўрсалар, у куни кофирлар учун хурсанд бўладиган кун бўлмайди. Балки, айтадиларки: «Бизни шу малоикалар кўришидан Худо сақласа эди» деб уларни кўришга тоқатлари бўлмайди. Қиёмат куни буларнинг қилган амалларига мутаважжах бўламиз. Ҳамма амалларини ботил қиламиз. Гард ва ғубор каби ҳавога учириб юборамиз.

24-30. Қиёмат куни Аллоҳни фазлу марҳамати билан аҳли жаннатнинг қарор топган жойлари, истироҳатлари яхши бўлади. Ўша қиёмат куни осмон булутлар билан пора-пора бўлади. Малоикалар ер юзига туширилади. У кунда ҳақиқий подшоҳлик Худоники бўлади. У кун кофирларга оғир бўлади. Ўша кунда золимлар ҳасрат ва надомат билан қўлларини тишлаб айтадиларки: «Кошки мен у дунёда расулнинг айтганларини бажо келтириб, расулнинг йўлига юрсам эди. Вой менинг ҳолимга. Кошки, фалон гумроҳ билан дўстлик қилмаса бўлар эдим. Мени Худонинг ёдидан ва расулининг бизларга етказган пандларидан ғофил қилди. У кунда Шайтон инсонни танҳо ташлаб кетади. Ҳеч қандай ёрдам берилмайди. қиёмат куни Муҳаммад алайҳиссалом айтадики: «Эй парвардигоро, менинг қавмим Қуръонни тарк этиб, ҳукмларига амал қилмадилар».

31-34. Эй Муҳаммад, кофирларнинг сенга душман бўлганидек, ҳар бир набийга ҳам кофирлардан душманлар яратдим. У набийлар кофирларнинг азиятларига сабр қилдилар. Сен ҳам сабр қил. Сенга йўл кўрсатиш ва ёрдам бериш учун Парвардигорнинг ўзи кифоя қилади. Кофирлар айтадиларки: «Нимага қуръон тавротга ўхшаб бирдан нозил бўлмади, оятлар (кетма-кет) алоҳида-алоҳида нозил бўлди?» Биз шундай қилдик. Мутафарриқ, нозил бўлганнинг фойдаси кўпдир. Биринчиси шуки, ҳар бир оят нозил бўлганда дилингга нақш боғлаб дилинг бақувват бўлади. Иккинчиси шуки, ёд қилиш осон бўлади. Учинчиси шуки, умматинг шавқ билан қабул қилади. Тўртинчиси шуки, Жаброилнинг воситаси билан оят-оят қилиб қироат қиламиз. Дилингга тезлик билан жойлашади. Кофирлар сенинг шаънинга ва динингга эътироз қилиб, масал олиб келсалар бу ҳужжат билан жавобини берамиз ва равшан, очиқ баён қилиб берамиз. Мушриклар маҳшаргоҳда жаҳаннам тарафига юзлари билан судраб олиб борилади.буларни ётадиган жойлари кўп ёмондир, чунки буларнинг у дунёда юрган йўллари кўп ёмон эди. Булар йўлдан адашган гумроҳ эдилар.

35-36. Бизлар Мусо алайҳиссаломга «Таврот» китобини бердик Фиръавн ҳалок бўлгандан кейин Мусо алайҳиссаломнинг биродари Ҳорун алайҳиссаломни Мусо алаҳиссаломга ёрдам бериш учун пайғамбар қилиб юбордик. Икковларига айтдикки: Боринглар, менинг оятимни такзиб қилган у кофирларнинг гуруҳларни динга даъват қилинглар. Мусо алайҳиссалом биродарлари билан ҳарчанд динга даъват қилдилар, бу кофирлар саркашлик қилиб қабул қилмадилар. Бизлар ҳаммасини ҳалок қилдик.

37-40. Ҳазрати Нуҳ қавмларини ҳалок қилдик. Бу гуруҳ ўтган пайғамбарларни такзиб қилар эдилар. Ҳаммаларини тўфон селига ғарқ қилиб нобуд айладик. Кейин келадиган бандалар учун буларнинг ҳалокатини ибратга сабаб қилдик. Золимларга шундай азобларни муқаррар айладик. Ва Од ва Самуд қавмларини ҳалок қилдик. Расса деган қудуқнинг атрофида яшовчи кофирларни ҳамда улар ораларида яшаб ўтган кўп кофирларнинг гуруҳини ҳалок қилдик. Ибрат учун ҳаммаларининг достонларини баён қилдик. Кимки, Пайғамбарларга инкор қиладиган бўлса, уларни нест нобуд айладик. Қурайш халқи тижорат қилган вақтларида, биз осмондан тош ёғдириб халқини ҳалок қилган қишлоқлардан ўтдиларми? Балки буни кофирлар Қиёматда қайта тирилишга мункирдирлар. Шунинг учун ҳам панд-насиҳат олмайдилар.

41-44. Макка мушриклари сени кўрган вақтларида масхара қилиб айтадилар: «Шуни Худо пайғамбар қилиб юбордими. Бундан бошқа топмадими? Қарийбки, бу бизни ўз динимиздан адаштирган эди, бизни бутларимиздан бегона қилган бўлар эди». Яқинда Худонинг азобини кўрганларида ким йўлдан адашган, гумроҳ эканлигини биладилар. Эй Муҳаммад, Худонинг тоатини тарк этиб ўз хоҳишларига итоат қилувчиларни кўрдингми? Оё сен буларга вакил бўлиб, залолат йўлидан қайтара оласанми? Бу кофирларнинг кўплари панд-насиҳат эшитади ё ақл-идрокни ишлатади, деб гумон қиласанми? Булар одам эмас, балки тўрт оёқлик жонивордан (ҳайвондан) ҳам бадтардирлар.

45-50. Эй Муҳаммад, Парвардигорингнинг қудратига боқмайсанми? Қандай ер юзига сояни пайдо қилиб ҳаракатга солди. Агар Парвардигор хоҳласайди, уни бир ерда тўхтатиб қўйган бўлар эди. Сўнгра бизлар афтобни, унинг вужудига (соянинг борлигига) далил қилдик, сўнгра қуёшнинг ҳаракати билан кам-кам сояни йўқ қиламиз. Унинг жойини қуёшнинг нури олади. Парвардигор шундай зотдирки, сизларнинг роҳатларинг учун кечани яратибди. Чодирга ўхшаш сизларнинг устларингизни ёпди. Аллоҳ Таоло сизларнинг истироҳатларинг учун қилишларинг учун кундузни яратди. Аллоҳ таоло шундай зотдирки шамолни яратди. Сизларга Худонинг раҳмати ёмғирдан хушхабар беради. Бизлар осмонда тоза сувни нозил қилдик токи, бу сувнинг сабаби билан қуруқ ётган ерларга ҳаёт бағишладик ва маҳлуқларимиз: ҳайвонотлар ва одамларни сероб қилайлик. Биз рангоранг қудратларимизни бандаларнинг ўрталарида кўрсатамиз, токи булар панду насиҳат олсинлар. Лекин буларнинг кўплари ибо қилиб, куфрон қиладилар.

51-54. Агар биз хоҳласак, ҳар бир қишлоққа Аллоҳнинг ҳукмини етказадиган пайғамбар қилиб юборар эдик. Лекин, эй Муҳаммад сени бутун миллат учун пайғамбар қилиб юбордик. Қиёматгача сендан бошқа пайғамбар келмайди. Шундай бўлгач, кофирларнинг сўзларига асло итоат этма. Улар билан қаттиқ муқобала қил. Парвардигор шундай зотдирки, икки дарёни бир-бирига аралаштирди, бирининг суви ширин ва бошқасининг суви шўрдир. Ҳар икки дарёнинг ўртасига бир-бирига аралашишдан монеъ бўладиган восита (парда, тўсиқ) муқаррар қилди. Сўнгра ҳар икки дарё бир-биридан жудо бўлиб, ширин сув ўз йўлига, аччиғи ҳам ўз йўлига жариш (равон) бўлди. Парвардигор шундай зотдирки, бир қатра сувдан инсонни яратди. Бас буларни икки қисм қилиб бир қисмининг никоҳини нораво қилди ва бир қисмини раво қилди. Парвардигоринг ҳар бир нарсага қодирдир.

55-59. Худодан бошқа шундай бутларга ибодат қиладиларки, қўлларидан бирон фойда ҳам келмайди, бирор нарсага қодир ҳам эмаслар. Кофирлар Худога нофармончилик қилишда Шайтоннинг ёрдамига суянадилар. Эй Муҳаммад, бизлар сени Худонинг раҳматидан мўъминларга башорат берувчи, кофирларни унинг азобидан қўрқитувчи қилиб юбордик. Кофирларга айтгинки, Пайғамбарлигимга сизлардан ужрат (хақ, музд) сўрамайман. Магар сизлардан Худо тарафига йўл олишларингни сўрайман. Эй Муҳаммад, ҳар бир ишингда Парвардигорга туваккул қил. Шундай Парвардигоргаки, у ўламайди ва ҳамиша боқийдир. Парвардигорга доимо ҳамду сано айтгин, чунки ҳар бир банданинг гуноҳларини билишга Парвардигорнинг илми етарлидир. Парвардигор шундай зотдирки осмонни ва ерни ва булар ўртасидаги нарсаларни олти кунда халқ қилди, сўнгра Арш тарафига мутаважжиҳ бўлди. Ўзинг билмасанг донолардан сўрагин.

60. Вақтики кофирларга: «Раҳмонга сажда қилинглар» деб айтилса, жавоб бериб айтадиларки: «Раҳмон ким? Бундай номли зотни биз билмаймиз. Оё биз Сен амр қилган зотга сажда қилурмизми?, ҳаргиз сажда қилмаймиз». Муҳаммаднинг амрлари (даъватлари) буларнинг нафратларини янада зиёда қилди.

61-63. Осмондаги ўн икки буржни халқ қилган Парвардигор улуғ зотдир. Яна осмонда чироққа ўхшаш офтобни ва мунаввар ойни яратди. Яна У кеча ва кундузни бирин кетин ҳаракат қиладиган ҳолда халқ қилган Зотдир. Ибрат олиш ва шукр қилишни истаганларга ажойиб панд ва насиҳатдир. Парвардигорнинг шундай бандалари борки ер юзида тавозуъ билан юрадилар. Вақтики нодонлар беодобона гапирсалар жавоб бериб айтадиларки: «Сизларга саломатлик бўлсин» деб кетадилар, бошқа бирор сўз айтмайдилар.

64-67. Парвардигорнинг шундай бандалари бордирки кечани гоҳ сажда қилган ҳолда, гоҳ тикка турган ҳолда Парвардигорга ибодат қилиб ўтказадилар. У зотлар дуо қилиб айтадиларки: «Эй парвардигоро, бизлардан жаҳаннам азобини қайтаргин, чунки дўзах азоби тугамас ва доимийдир. Ва ҳам дўзах ёмон мақомдир (жойдир). У зотлар Худонинг йўлида эҳсон қилсалар исроф ҳам қилмайдилар ва бахиллик ва хасислик ҳам қилмайдилар балки ўртамиёна эҳсон қиладилар.

68-71. У гуруҳларки, ибодатларида Худога шерик қилмайдилар, Худо ўлдиришни ҳаром қилган бандаларни ноҳақ қатл қилмайдилар, магар қасос билан. Ва ҳам зино қилмайдилар. Ҳар кимки, ушбу гуноҳи кабираларни қилар экан, оғир уқубатга мубтало бўлади. Қиёмат куни икки баробар азоб берилади. Хорлик билан дўзахда абадий қоладилар, магар ширкдан тавба қилсалар ва иймон келтирсалар ва яхши амал қилсалар Аллоҳу таоло буларнинг гуноҳларини мавҳ қилиб, ўрнига савоб ёзади. Аллоҳ таоло тавба қилувчиларнинг гуноҳларини кечирувчи ва меҳрибондир. Кимки, гуноҳларига тавба қилса ва яхши амал қилса, бас бу банда Худо тарафига ружуъ қилибди (қайтибди) ва ҳидоят топибди.

72-77. У (ҳидоят топган) гуруҳлар ёлғондан гувоҳлик бермайдилар. Беҳуда ишлар қилувчиларнинг қошларидан (ёнларидан) ўтсалар уларга аралашмайдилар, балки, покизалик билан ўтадилар. Ул гуруҳларки, Қуръондан панд-насиҳат қилинсалар, ўзларини кар ва кўрликка солмасдан жону дил билан эшитадилар. Ул жамоалар Худога дуо қилиб айтадиларки: «Парвардигоро, бизларга хотинларимиздан, зурриётларимиздан кўзимизни равшан қиладиган солиҳ фарзандлар ато қилгин. Бизларни муттақийларга пешво қилгин». Бу гуруҳларга Қиёмат куни бу дунёдаги азиятларга сабр қилганлари учун жаннатнинг олий жойларидан жой берилади. Малоикалар тарафидан жаннатда буларга таҳҳият ва салом берилади. Ҳамиша жаннатда бўладилар. Ором оладиган жойлари ниҳоятда яхшидир. Эй Муҳаммад, бу кофирларга айт, «У дунёда сизларнинг Парвардигорга ёлвориб қилган дуоларингиз бўлмаганда эди, Парвардигорим сизларга ҳеч парво қилмаган бўлар эди. Энди Қиёматда қандай парво қилсинки, сизлар Худонинг каломини такзиб қилдингизлар. Энди бунинг жазоси сизларга лозимдир.

Орқага Олдинга