loader

076. Инсон (даҳр) сураси

Мадинада тушган, 31 оятдан иборат
Бу сура аввалида Аллоҳ таоло инсон зотини қай тарзда йўқдан бор қилгани ва уни ҳаётга йўллагани тўғрисидаги оятлар зикр этилгани учун у шундай ном олган. У ушбу жузга кирган суралар орасида Мадинада нозил бўлган (тушган) ягона сурадир. Шунга қарамай, у маккий суралар каби охират ва қиёмат кўринишлари, хусусан мўминларнинг охиратдаги ҳолатини қамраган. Сурада дунёдан имонсизлик билан ўтадиган кимсаларнинг охират кунида топажак оқибатлари ва у кунда иймон аҳли эришадиган абадий саодат хусусида батафсил хабар берилади. Сўнгра Муҳаммад алайҳиссаломга хитоб қилиниб, у зотга Қуръони каримни нозил қилган Парвардигор ҳукмига сабр-тоқат билан зиммаларидаги пайғамбарлик вазифасини адо этиш ва дин душманларига итоат қилмаслик ҳамда эртаю кеч Яратганни ёдлаш билан тоат-ибодатга машғул бўлиш амр этилади.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман.

1. Инсон устидан у эсга олишга ҳам арзигулик бўлмаган бир замон ўтмаганмиди?
Аллоҳ азза ва жалла айтяптики, Биз яратган борлиқ ва замон олдида инсон ҳатто эсга олишга ҳам арзимасди. Бу ояти карима инсон олдин яратилмаганига далолат қилади. Инсондан олдин фаришта ё жинлар яратилган эди. Одам алайҳиссалом ва унинг жуфтини яратганидан кейин Аллоҳ таоло уларни барча фаришта ва жинларга танитди, улардан азиз-устун қилди. Имом Фарро ва Саълабий (раҳматуллоҳи алайҳум): «Инсон сурати тайёр жасад, ҳали танилмаган, исми номаълум, ундан нима мақсад кўзлангани билинмаган лой-тупроқ эди. Кейин унга руҳ пафланди, шундан сўнг эсланадиган бўлди», дейишган. Оятдаги «даҳр» сўзи замон, вақтни ёки узоқ даврни англатади. Бу борлиқ инсон яралмасидан ҳам олдин мавжуд эди. Аллоҳ таоло олдин Коинотни яратиб, сўнг инсонни халқ қилган. Азалдан якка Аллоҳдан ўзга бирор нарса мавжуд эмасди, фақат Унинг Ўзи бор эди. Борлиқни, Ер ва ундаги барча нарсаларни, фаришта ва жинларни, Қуёш, Ой, юлдуз ва сайёраларни йўқдан бор қилди. Аллоҳ инсонни икки мавжудликда: кўз билан кўрса бўладиган моддий ҳамда кўз билан кўринмайдиган маънавий кўринишда яратди. Уни ақл ва идрокда бутун махлуқларидан мукаррам айлаб, Ўзининг Ер юзидаги халифаси этиб яратди, унга Ердаги ҳамма нарсани бўйсундириб қўйди. Унга икки йўл – ҳидоят, имон йўлини ва залолат, куфр йўлини кўрсатиб қўйди. Инсон вужудидаги моддий тараф маънавий томонидан устунлик қилса, Ҳақни танимай қолади, фаросат, ақл-идрок кўзи беркилади ва маънавий хасталикка учрайди. Бу хасталикни даволашнинг бирдан-бир йўли эса илоҳий тарбия чашмаларидан қониб сув ичиш, яъни пайғамбарлар воситасида инсониятга юборилган ваҳийларга суяниш, уларни ўрганиб, қатъий амал қилишдир.
2. Биз уни ҳақиқатан аралашган маний қатрасидан яратдик, синаш учун уни эшитадиган ва кўрадиган қилдик.
«Аралашган маъний қатраси» генетика фани айтишича, эркак ва аёл манийсининг наслдан наслга хусусиятлари ўтувчи ҳужайраларидир. Илмий китобларда ёзилишича, «Жинсий яқинлик пайтида эркак организмидан чиқадиган 250 миллионга яқин уруғ (сперматозоид) аёл тухумдонига қадар бўлган йўлни ўта тез суръатда босиб ўтади. Улардан мингга яқини манзилга етиб борса-да, туз донасининг ярмича келадиган аёл тухумдони биттагина уруғни, унинг ҳам бир бўлагини қабул қилади. Бу ҳақда Қуръони карим оятларидан бирида шундай дейилади: «Ахир у (бачадонга) тўкиладиган манийдан бир (ҳақир) нутфа эмасми?!» (Қиёмат, 37)». Эътибор беринг: Қуръони карим инсон манийдан эмас, унинг бир майда томчисидан (нутфадан) яратилганини айтмоқда. Бу ҳақиқатни замонавий тиббиёт яқиндагина исботлади. Уруғ суюқлигининг бир қанча моддалардан иборатлигини олимлар яқинда билган бўлишса-да, ўн тўрт аср олдин тушган Қуръони каримнинг юқоридаги оятида унга «аралаш» деб ғоятда тўғри таъриф берилган. Яна бир бошқа оятда ҳам уруғ суюқликларининг аралашма экани, инсон нутфадан яратилгани айтилган: «... У инсонни даставвал лойдан яратди. Сўнгра унинг насл-авлодини ҳақир бир сувдан иборат нутфадан қилди» (Сажда, 7-8). Бу оятдаги арабча «сулола» сўзининг луғавий маъноси «бутуннинг бир бўлаги» демакдир. Бу оятлар инсон яратилишининг майда тафсилотларигача баён қилган Аллоҳнинг каломи эканига очиқ-ойдин далилдир» («Қуръон мўъжизалари, Ёқуб Умар ва Асқар Шокир таржимаси, 12-бет). Аллоҳ таоло инсонни бир нутфадан яратибгига қолмай, унга эшитиши ва кўриш қобилиятини ҳам берди. Аммо бу баъзилар ўйлаганидай, инсондаги қулоқ ва кўз аъзоларинигина англатмайди. Бу аъзолар онгсиз ҳайвонларда ҳам бор. Эшитишдан мурод, Аллоҳ юборган ваҳийларга қулоқ солиш, англаш ва ҳаётга татбиқ этиш, кўришдан мурод эса, Аллоҳ таоло борлиқда яратган ҳамма нарсадан ибратланиш, бу ҳақда тафаккур қилиш, Ҳақни танишдир.
3. Биз ҳақиқатан унга тўғри йўлни кўрсатдик – у шукр қилувчи ё ношукр бўлди.
Аллоҳ таоло инсонларга дунё ҳаётида тўғри йўлни кўрсатиб қўйгани хабарини беряпти. Аммо буни кўра, била туриб ҳам инсонларнинг бир гуруҳи ҳидоят йўлига юриб, Ҳақни топди, Аллоҳга шукр қилувчилар сафидан жой олди. Бошқа бир гуруҳи эса гуноҳ ва исён кўчасига кириб, ношукрлардан бўлди. Инсонлар эътиқодларига кўра уч хил: Ҳақни таниганлар, Ҳақни инкор қилганлар ва Ҳақни танишда адашганлар бўлишади. Айтайлик, инсон бир машина ихтиро қилди. Унинг ўзига бўйсунишини, хизмат қилишини истайди. Итоат қилишини кўзлаб унга рул ўрнатади, тормоз қилади, ғилдирагини ясайди, чироқлар билан жиҳозлайди. Чунки у машинасининг тўғри йўлдан чалғимай юришини, ағдарилиб ҳалокатга учрамаслигини хоҳлайди. Аллоҳ таоло бандасини яратар экан, унинг Ўзига бўйсунишини, белгилаб берган йўлидан юришини истади. Йўлидан чиқиб кетган машина ағдарилиб, пачоқ бўлгани каби инсон ҳам тўғри йўлдан адашса, залолатга учраб ҳалок бўлади. «Ҳақни танинг, Ҳақни таниш сизни озод қилади», дейилган Юҳанно Инжилида. Қуръони каримда эса бундай марҳамат этилади: «Зотан, Ҳақ Подшоҳ – Аллоҳ юксакдир!» («Мўминлар», 116); «Эй инсонлар, сизларга Парвардигорингиздан Ҳақ – Қуръон келди» (Юнус, 108); «Аллоҳ Ўз Пайғамбарини ҳидоят ва ҳақ дин билан, уни барчага ғолиб-устун қилиш учун юборган Зотдир!» (Фатҳ, 28). Аллоҳ таолога яқинлашиш, Унинг меҳрибонлиги, раҳм-шафқати, ажр-мукофотларидан умидвор бўлишнинг энг ишончли ва тўғри йўли – Исломдир! Абу Мусо Ашъарийдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ҳар бир инсон эрталабдан ўз нафсини сотувчидир, (у бу иши билан) уни ё ҳалок қилади ё озод этади», деганлар» (Имом Муслим ривояти).
4. Куфр келтирганлар учун занжирлар, кишанлар ва дўзах оловини тайёрлаб қўйдик.
Аллоҳ таоло дунё ҳаётида куфр ва ширкка мубтало бўлиб ўтганларга қиёматда боғлаб азоблаш учун занжир-кишанлар ва ловуллаб ёнувчи дўзахни тайёрлаб қўйгани хабарини беряпти. Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад), ўша куни гуноҳкорларни кишанлар билан боғланган ҳолларида кўражаксиз» (Иброҳим, 49). Пайғамбар алайҳиссалом бундай деганлар: «Қиёмат куни дўзах аҳли тортадиган азобнинг энг енгили оловдан кавуш кийиш, кавушнинг ҳарорати эса мияни қайнатади» (Имом Бухори ва Муслим ривояти).
5. Яхшилари эса қадаҳларда кофур аралашган ичимлик ичишади;
Дунё ҳаётида яхши амаллар билан Аллоҳ таоло розилигини топган жаннатийларга жаннатда инсон кўзи кўриб, қулоғи эшитмаган турфа неъматлар, ақл бовар қилмас роҳат-фароғат тайёрлаб қўйилган. Уларга қадаҳларда хушбўй кофур аралашган шарбат-ичимликлар тортилади. Имом Ғаззолий ёзади: «Улар жаннат таомларидан ейдилар. Сут, май, асал тўла дарёлардан ичадилар. У дарёларнинг ерлари кумушдан, тошлари маржон, тупроғи мушк, ўтлари заъфарондир. Қуюқ кофур аралашган оқ атиргул сувларига тўла булутлардан ёмғирлар ёғади» («Иҳёу улумид-дин», «Ўлимдан сўнг» китоби, 84-бет).
6. бир булоқданки, Аллоҳ бандалари учун мангу оқизиб қўйилган.
Аллоҳ таоло жаннатий бандалари учун мангу сув чиқиб турадиган булоқ-чашмаларни оқизиб қўйган. Қуръони каримда бундай зикр этилади: «У иккисида икки оқин чашма бордир» (Раҳмон, 50); «У иккисида тинмай отилиб турувчи икки чашма бордир» (Раҳмон, 66).
7. Улар назрларига вафо қилишади, ёмонлиги кенг тарқалган Кундан қўрқишади.
«Назр» сўзи луғатда яхши ёки ёмон бир ишни қилиш учун аҳд, ваъда қилиш маъноларини билдиради. Шариатда эса асли лозим бўлмаган бирор яхши иш ёки ибодатни қиламан, дея ўзига мажбурий қилиб олиш назр ҳисобланади. Масалан, «Аллоҳ мана шу машаққат ёки балони мендан аритса, ўн кун рўза тутиб бераман» ёки «Касалдан тузалсам, бир қўй сўйиб эҳсон қиламан», кабилар. Бундай ишларни назр қилиб олган кишининг унга вафо қилиши, бажариши вожиб (шарт) бўлади. Аллоҳ таоло розилигини истаган, жаннатга киришни ўйлаган мўмин банда назрларига вафо қилади, қиёмат кунининг даҳшатлари ва ёмонликларидан қўрқиб, Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига ҳамиша итоатда бўлади. Заҳҳок айтадилар: «Аллоҳ таоло бу умматдан ҳалол-ҳаром қилинган, намоз каби фарз этилган нарсаларга ва бошқа аҳдларга вафо қилишга аҳд-паймон олган. Аҳдлар ҳам худди шу каби бўлиб, Аллоҳ фарз қилган муҳкам нарсалардандир. Бирон бир ҳолатда ҳам уни бузишга йўл йўқ». Мўминлар назрларига вафо қилишади, ёмонлиги ҳар тарафга тарқаладиган қиёмат кунининг даҳшатлари ва қийноқларидан қўрқишади. Оятдаги «шарр» сўзи «ёмонлик» маъносини билдиради, касаллик, бало каби инсонга ёқмайдиган нарсалар «шарр»дир. Қиёмат куни ҳам инсон бошига шундай кўргилик ва балолар келадики, энди буларнинг ёмонлиги олдида дунёдаги ёмонликлар арзимас бўлиб қолади. Мўминлар ана шу куннинг шарридан қўрқишгани учун назрларига вафо қилишади.
8. Ўзлари хоҳлаб туришса ҳам таомларидан мискин, етим ва асирларга беришади.
Яхши инсонлар (аброрлар) ўзлари муҳтож бўлиб туришса ҳам мискин, етим, асир каби ночор кишилар таом сўраб келиб қолса, овқатларини уларга беришади. Атонинг Ибн Аббосдан (розийаллоҳу анҳумо) ривоят қилишича, «Али ибн Абу Толиб (каррамаллоҳу важҳаҳу) бир миқдор арпа эвазига мардикорликка ёлланди. Кечқурундан эрталабгача хурмо дарахтларини суғориб чиқди. Ҳақига арпани олиб, унинг учдан бирини ун қилди. Ундан «ҳазира» деган таом тайёрлашди. Таом пишганида бир мискин келиб қолди. Таомнинг барини унга олиб чиқиб беришди. Сўнг қолган иккинчи қисмини ун қилиб, таом тайёрлашганида бир етим келиб, таом сўради. Уни ҳам овқатлантиришди. Кейин учинчи бўлакни таом қилишди. У пишганида мушриклардан бир асир келиб қолди. Таомни унга бериб, шу кунни оч ўтказишди. Шунда у киши ҳақида ушбу оят туширилди» (Али ибн Аҳмад Найсобурий, «Асбабун-нузул», Тошкент, 2009 йил, 390-бет). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматни ҳамиша фақир-мискинларга таом улашишга, сахий ва карамли бўлишга чақирганлар: «Хурмонинг ярмини эҳсон қилиб бўлса ҳам дўзахдан сақланинглар»; «Эй одам боласи, молингдан садақа-эҳсон қил, шунда сенга ҳам эҳсон қилинади»; «Пайғамбаримиздан: «Исломдаги қайси амал яхшироқ?» деб сўрашганида, «Таом улашиб, кишиларни овқатлантириш ва таниган-танимаганга салом бериш», деганлар»; «Расулулулоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) нима нарса сўрашмасин. ҳеч қачон «йўқ» демасдилар» (юқоридаги тўрт ҳадиснинг ҳаммасини Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилишган).
9. «Фақат Аллоҳ розилиги учун таом беряпмиз, эвазига сизлардан ҳақ ҳам, ташаккур ҳам сўрамаймиз», дейишади.
Мўмин киши одамларга таом бериш, эҳсон-садақа қилишда фақат Аллоҳ азза ва жаллани рози этишни хоҳлайди. Бунинг эвазига яхшилик қилган кишисидан  бирор эваз, ҳақ сўрамайди, берганини миннат ҳам қилмайди. Чунки Ислом дини бундай қилишдан қайтарган. Қуръони карим буюради: «264. Эй мўминлар, молини одамларга кўз-кўз қилиш учун сарфлайдиган, Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирмайдиганларга ўхшаб садақаларингизни миннат ва озор билан йўққа чиқарманглар». (Бақара, 264). Анас ибн Моликдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жаннатда бир уй бор. Ташқарисидан ичи, ичидан ташқариси кўриниб туради», дедилар. «Эй Аллоҳнинг элчиси, бу уй кимга аталган?» дея сўрашди. «Улар мискинларга таом берган, чиройли сўзларни гапирган, рўзаларини давомли тутган, саломни ёйган ва кечалари ибодат қилганларгадир», дедилар» (Имом Аҳмад, Термизий ривояти). Яна: «Яхшиликни миннат қилишдан эҳтиёт бўлинглар, чунки у шукрни йўқ қилади, ажрни кетказади», деган ҳадис ҳам бор. Айрим уламолар: «Ким қилган яхшилигини миннат қилса, ношукр бўлади, ким ўз амалидан ғурурланса, савоби кетади», дейишган.
10. «Қўрқинчли ва даҳшатли Кунда Парвардигоримиздан қўрқамиз», дейишади.
Мўмин бандалар қўрқинч ва даҳшат солиб келувчи қиёмат куни Парвардигоримиздан қўрқамиз, дейишади. Улар дунё ҳаётида ҳам Аллоҳ таолодан қўрқишгани учун Унинг амр-фармонларини бажаришган, қайтарганларидан четда бўлишган, Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига ҳамиша итоатда бўлишган эди. Энди ваҳимали қиёмат куни уларнинг ташвишга тушишларига ўрин йўқ: Парвардигор имонли ва Ўзидан қўрқувчи тақволи бандаларига жаннатини ваъда қилган. Аллоҳ таоло айтади: «Бу бир эслатмадир. Шак-шубҳасиз, Аллоҳдан қўрқадиган зотлар учун гўзал оқибат – улар учун барча дарвозалари ланг очиқ мангу жаннатлар бордир» (Сод, 49-50).
11. Парвардигорлари уларни ўша кун ёмонлигидан асрайди, уларнинг юзларига нур, дилларига сурур ато этади.
Аллоҳ таолодан ва қиёмат кунидан қўрқадиган, назрларига вафо қиладиган, мискин ва муҳтожларга таом бериб, буни миннат қилмайдиган солиҳ бандаларини Парвардигор қиёмат кунининг ёмонликлари, машаққат ва қийноқларидан паноҳида асрайди. Уларнинг юзларига нур, дилларига хушнудлик ато этади. «Инсонларнинг оламлар Парвардигори ҳузурида турғизиладиган кун, савол-жавоб куни, ҳисоб-китоб куни, ўлчов куни, сўроқ куни, биров бировга ёрдам беролмайдиган кун, баъзи юзлар оқариб, баъзиси қораядиган кун, ҳийла-найранг иш бермайдиган кунда» (Яҳё ибн Маоз ар-Розий таърифи) ҳамма Аллоҳ таолонинг ёрдамига, паноҳига, раҳматига муҳтож бўлади. Ўша куни Аллоҳ азза ва жалла мўминларни қиёматнинг барча ёмонликларидан қутқаради, уларнинг юзини нурли қилиб, дилларини шод-масрур қилади. Пайғамбаримиздан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай ривоят бор: «Жаннатга илк кирадиган кишиларнинг юзлари тўлин ой каби порлоқ, нурли бўлади. Улар ортидан кирадиганлар юзи осмондаги энг ёруғ юлдуз каби нурли бўлади» (Имом Муслим ривояти).
12. Ва сабрлари учун уларни жаннат ва ипак либослар билан мукофотлайди.
Парвардигор ваъда беряптики, қиёмат куни мўминлар дунё ҳаётидаги бандаликнинг, тоат-ибодатнинг қийинчилик-машаққатларига сабр қилишгани учун жаннат боғлари ва гўзал ипак либослар билан тақдирланишади. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта тақволи зотлар (у кунда) осойишта жойда, боғлар ва чашмалар устида бўлишади. Улар бир-бирларига юзма-юз бўлган ҳолда, қалин ва юпқа шойи либослар кийишади» (Духон, 51-53). Абу Ҳурайрадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ким Аллоҳ йўлида бир жуфт нарсани эҳсон қилса, жаннат эшикларидан чақирилади. Ким намоз аҳлидан бўлса, жаннатдаги Намоз эшигидан, ким рўза аҳлидан бўлса, Раййон эшигидан, ким садақа берувчилардан бўлса, Садақа эшигидан чақирилади», дедилар» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти). Эркакларга  дунё ҳаётида ипак либослар, ипак тўшак-кўрпачалар ҳаром қилинган эди, охиратда эса уларнинг либослари қалин ва юпқа ипаклардан, кўрпачаларининг астари ҳам шойи-ипакдан бўлади.
13. У ердаги сўриларда ёнбошлаган ҳолда жазирамани ҳам, қаҳратонни ҳам кўришмайди.
Жаннат аҳлларининг роҳат-фароғатда бўлишлари учун Аллоҳ таоло у ерда чиройли сўриларни тайёрлаб қўйган. Бу ҳақда Қуръони каримнинг бир неча сураларида хабар берилади: «Улар ўз жуфтлари билан сояларда, сўриларда ястаниб ўтиришади» (Ёсин, 56); «(Олтин) сўриларда, ястанган ҳолларида бир-бирларига қараб ўтиришади» (Воқеа, 15-16); «Сизлар қилган амалларингиз сабабли бемалол еб-ичингиз қатор сўриларда ястанган ҳолингизда. Биз уларга оқ юзли, катта ва чиройли кўзли ҳур қизларни жуфт қилиб берамиз» (Тур, 19-20). Жаннатийлар бу сўриларда ёзнинг жазирама иссиғию қишнинг қаҳратон совуқлари нима эканини билишмайди ва кўришмайди. Ҳадисда келишича, «Жаннат ҳавоси мўътадилдир, иссиқ ҳам, совуқ ҳам йўқдир».
14. Тепаларига жаннат сояси яқин ва мевалар эса қўл етгудай эгилган бўлади.
Жаннатдагилар устига тангадай ҳам офтоб тушмайди, улар қайси мевани узмоқчи бўлиб қўл узатишса, у эгилиб туради. Жаннат мевалари жаннатийларга шу қадар яқин бўладики, улар турган, ўтирган, ётган ҳолларида ҳам мевалардан узиб ейишаверади. Бу меваларнинг туки, тикани ё пўсти бўлмайди. Қуръонда бундай дейилган: «У юксак жаннатдадир мевалари қўл етгудай. Унга «Ўтган кунлардаги амалларинг эвазига еб-ичавер», дейилади» (Ал-Ҳаққо, 22-24); «Уларга жаннатда барча мевалардан бордир» (Муҳаммад, 15); «Ўнг томон эгалари… тикансиз бутазорларда, тизилган бананзорларда, қалин соя остида, оқин сувлар бўйида, кўплаб мева узраки, туганмас ва ман этилмасдир» (Воқеа, 27-33); «Тақволилар учун ваъда қилинган жаннатнинг мисоли: унинг остида анҳорлар оқиб туради, мевалари ва соялари боқийдир (абадийдир)» (Раъд, 35). Бу улуғ илоҳий мукофотларга мўминлик номини оқлаш ва шу номга муносиб ҳолда, Аллоҳ розилиги йўлида солиҳ амалла қилиш билан эришилади.
15. Уларга кумуш идишлар ва биллур қадаҳлар айлантириб турилади.
Жаннат аҳлига тайёрлаб қўйилган неъмат ва фароғатлар бу билан тугамайди. Уларга кумуш идишларда ва биллур қадаҳларда лаззатли таомлар, хушбўй, ёқимли шарбат-шароблар айлантириб турилади. Оятдаги «анияҳ» қадаҳ каби сопи, ушлагичи бор идиш, «акваб» эса сопи ҳам, жўмраги ҳам бўлмаган қадаҳлардир. Бу қадаҳлар соф кумуш ва шиша аралашмасидан бўлгани учун ҳатто ичидаги ичимлик ҳам кўриниб туради. Ибн Аббосдан (розийаллоҳу анҳумо) ривоят қилинган ҳадисда у зот: «Жаннатдаги нарсаларнинг ўхшаши дунёда сизларга берилган, фақат кумуш шиша идиш берилмаган», деганлар (Ибн Абу Ҳотим ривояти). Имом Абу Ҳомид Ғаззолий бундай таърифлайди: «Жаннат аҳлига асли кумушдан бўлган, дур, ёқут ва маржонлар билан зийнатланган қадаҳлар келтирилади» (Иҳёу улумид-дин», «Ўлимдан сўнг» китоби, 84-бет).
16. Кумушдан ҳам оппоқ биллурларда истаганча ичишади.
Жаннат эгаларининг сув идишлари оппоқ биллурдан бўлади. Оятдаги «қоварир» кумуш ва биллур аралашмасидан ясалганини билдиради. Яна Имом Ғаззолий таърифларига қулоқ тутинг: «У майкосалардан нур порлайди. Уларнинг софлиги шу даражадаки, майнинг тиниқлиги ва қирмизи ранги коса ташқарисидан ҳам билиниб туради. Чунки, у одамзоднинг санъати эмас, у бундай гўзалликдан ожиз» (Юқоридаги китоб, 84-бет).
17. У ерда қадаҳларда занжабил аралашган ичимликлар ичирилади;
Жаннатда саодатманд жаннатийларга тарқатиладиган май-ичимликлар ҳеч қачон маст қилмайди. Қадаҳлардаги май муҳрланган ҳолда келади, унга чучук занжабил аралашган хушбўй бўлади. Муфассирлар Салсабил булоғидан чиқадиган сув занжабил таъмини ва лаззатини беришини келтиришган. Ҳасан Басрийдан (раҳматуллоҳи алайҳ) ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): «Жаннатда тўртта булоқ бўлиб, иккитаси Арш остида оқади. Бири Аллоҳ зикр қилган «юфажжирунаҳа тафжиро» булоғидир, бошқаси занжабилдир. Иккита бошқаси арш тепасидан шариллаб оқади. Бири Аллоҳ зикр қилган «ъайнан фиҳа тусамма салсабила» булоғи, бошқаси таснимдир» (Имом Термизий ривояти). Ҳасан Басрий айтадилар: «Тасним хоссатан Аллоҳга яқин (муқарраб) бандаларга аталган ичимликдир. Аброрлар (яхшилар) шаробига тасним аралаштирилади. Занжабил ва салсабил улар шаробига доимий аралашган бўлади».
18. Салсабил номли булоқлардан.
Бу ичимликлар жаннатдаги Салсабил номли булоқлардан келтирилган бўлади. Булоқнинг бундай номланишига сабаб, унинг суви мулойим, ютуми осон, баданга ёқадиган, оқиши енгил, тез ҳазм бўлиши учундир. Ибн Арабий (раҳматуллоҳи алайҳ): «Мен Салсабилни Қуръондан бошқа жойда эшитмаганман», дейди. Ибн Аббосдан (розийаллоҳу анҳумо) ривоят қилинишича, «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Жаннат аҳлларидан бири дастурхонга қўл узатганида, бир қуш келиб, бундай дейди: «Эй Аллоҳнинг дўсти, мен Салсабил булоғидан сув ичганман, Аршнинг тагидаги боғларда ўт еганман. Гўштимнинг икки хил таъми бор: бири сувда пиширилган гўшт таъми, иккинчиси қовурилган гўшт таъмидир». У бундан хоҳлаганича ейди» (Абу Наъим ривояти).
19. Атрофларида ҳамиша навқирон ходимлар айланиб туришади, уларни кўрганда сочилган маржонлар деб ўйлайсан.
Жаннат аҳлига ҳеч қачон қаримайдиган навқирон ходимлар хизмат қилиб туришади, жаннатийларнинг ҳар қандай истагини бир зумда бажаришади. Чеҳрасидан нур ёғилиб турадиган бу ёш ходимлар асло қаримайди, кафтларидаги майкосаларни жаннатийларга тутиб туришади. Улар бир хил, чиройли кийинган, чеҳраси гўзал ва гавдаси хушбичим бўлганидан кўрган одам сочилган маржонларга ўхшатиб юборади.
20. У жойга қараганингда ноз-неъматларни ва улуғ салтанатни  кўрасан.
Жаннат аҳллари ўтирган жойга боқсангиз, дунё ҳаётида фақат орзу қилинган турфа ноз-неъматлар ва подшоҳларники каби дабдабани кўрасиз. Агар жаннатга, унинг неъматларига, унинг кенглиги ва юксаклигига, ундаги гўзалликларга ва хурсандчиликларга назар солсангиз, миқдорини ўлчаб бўлмайдиган мулк ва салтанатни кўрасиз. Аллоҳ таоло айтади: «Тақводорлар жаннат боғлари ва анҳорлар узрадир. Қудратли Подшоҳнинг ҳузуридаги садоқат мақомида бўлишади» (Қамар, 54-55). Абдуллоҳ ибн Умардан (розийаллоҳу анҳумо) ривоят қилинишича: «Расулуллоҳ (соллалоҳу алайҳи ва саллам): «Жаннатда ўз мулкига қараб турган кишига жаннат аҳли мақомининг энг паст даражаси икки минг йиллик масофадир, унинг юқорисига пастига қаралгандек қаралади», деганлар». Абу Саид Худрийдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: «Инсонлар шарқ ёки ғарбдан чиққан уфқдаги ёрқин юлдузларни кўргандек, жаннат аҳллари баъзилари баъзиларидан афзалликлари сабабли ўзларидан юқоридаги хона аҳлларини кўришади». Саҳобалар: «Эй Расулуллоҳ, у жойда бошқалар ета олмайдиган ер пайғамбар манзили эмасми?» деб сўрашди. У зот: «Йўқ, нафсим измида бўлган Зотга қасамки, у жой Аллоҳга имон келтирган, пайғамбарларни тасдиқлаган кишиларгадир», дедилар» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти). Бу икки иш, яъни Аллоҳга имон келтириш ва пайғамбарларини тасдиқлаш айтилганда ё эшитилганда осон туюлса ҳам, аслида жуда масъулиятли ва машаққатли бўлгани учун қаттиқ жидду жаҳд ва жон куйдиришни талаб этади. Аллоҳга имон келтириш «Ла илаҳа иллаллоҳ» калимасини айтиб, ундаги рукн ва шартларни ўрганиш, уларга амал қилиш билан бўлади. Бу калиманинг икки рукни бор: 1. Нафий (инкор қилиш); бу «ла илаҳа» сўзида бўлиб, Аллоҳдан бошқа барча «илоҳ» деб аталувчи нарсаларни инкор қилишдир. 2. Исбот; бу «иллаллоҳ» сўзида бўлиб, улуҳиятни ёлғиз Аллоҳга исботлашдир.
21. Устларида яшил атласдан ва қалин ипакдан либослар, ўзлари кумуш зийнатлар билан безанган бўлади. Парвардигорлари уларга покиза шароб ичиради.
Жаннатийларнинг кийимлари усти юпқа, астари унга нисбатан қалинроқ яшил ипаклардан бўлади. Улар яна кумуш тақинчоқлар, бошқа бир оятда зикр қилинишича, олтин зийнатлар билан безанадилар. Аллоҳ таоло жаннатда бандаларига ато этадиган шароб шунақанги тоза ва ёқимлики, у маст қилиш уёқда турсин, аксинча инсон дилига ҳасад, кек, ғилли-ғаш ва бошқа жирканч хулқларни яқинлаштирмайди ҳам. Абу Килоба ва Иброҳим Наҳаъий айтишади: «Жаннатийларга таом улашилади, таом охирлаганида уларга жуда покиза шароб берилади. Ўша шароб туфайли қоринларидаги таом ҳазм бўлиб кетади. Уларнинг баданидан мушк ҳидини таратувчи тер томчилаб оқиб туради».
22. «Бу амалларингиз қабул бўлгани мукофотидир», дейилади.
Жаннатдаги гўзал ва тўкин неъматлар дунё ҳаётида қилган солиҳ амаллари Аллоҳ таоло томонидан қабул қилинган бандаларга Парвардигорнинг мукофотидир. Қуръони каримда бундай келган: «Қилиб ўтган амалларингиз учун сизларга мерос қилиб берилган жаннат мана шудир» (Зухруф, 72). Охиратда Аллоҳ таолонинг жаннати билан мукофотланишни истаган бандалар аввало, Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига имон келтиришлари, ибодат ва зикрларни кўпайтиришлари, гуноҳ ишлардан тийилишлари, дунёда берилган неъматларга шукр айтиб, оз бўлса кўнишлари, яхши инсонларни дўст тутиб, улар суҳбатидан баҳраманд бўлишлари, ҳаммага, ҳатто ёмонлик қилганларга бирдай яхшилик қилишлари лозим. Ҳадисда келишича, бир одам Пайғамбаримиздан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Эй Аллоҳнинг элчиси, мени жаннатга олиб борувчи, дўзахдан четлатувчи амални айтинг», деди. Расули акрам унга: «Аллоҳга ибодат қилиб, Унга ҳеч нарсани шерик қилмайсан, намоз ўқиб, закотни берасан, қариндошларингга силаи раҳм қиласан (ҳолларидан хабар оласан)», дедилар (Имом Бухорий ривояти).  
23. (Эй Муҳаммад), Биз сизга Қуръонни бўлиб-бўлиб туширдик.
Аллоҳ азза ва жалла марҳамат қиляпти: эй Пайғамбарим, Биз сизга Қуръонни йигирма уч йил мобайнида бўлиб-бўлиб, тарқоқ ҳолда нозил қилдик (туширдик). Қуръонни муҳофаза қилиш, бандаларга тушуниш ва амал қилиш осон бўлиши, мўминлар ҳодисалар ислоҳида қатъий бўлишлари ва воқеъликдан ибратланишлари учун бирданига туширмадик. Мушриклар даъво қилаётганидек, уни сиз тўқиб чиқармагансиз, балки у Бизнинг ҳузуримиздандир. Уларнинг маломатларига, сизни ёлғончига чиқариб, етказаётган озорларига сабр қилинг. Абдуллоҳ ибн Аббос (розийаллоҳу анҳу) айтадилар: «Қуръони карим оят-оят тарзида, бўлиб-бўлиб нозил қилингани учун ушбу оятда Аллоҳ таоло «наззална» деб келтирди. «Анзална» феъли эса бирданига нозил қилишга нисбатан ишлатилади. Қадр сурасидаги (1-оят) «анзална» феъли Қуръонни Лавҳул Маҳфуздан қуйи осмонга, Аллоҳнинг ҳузуридаги пок, улуғ ва эҳтиромли элчи-фаришталарга нозил қилинганини (туширилганини) билдиради».
24. Энди Парвардигорингиз ҳукмини кутинг, уларнинг гуноҳкори ва куфр келтирганидан бирортасининг сўзига кирманг.
Эй Пайғамбарим, сизга Қуръонни нозил қилиб, у билан сизни эҳтиром қилганим каби мушриклар устидан мутлоқ ғалаба қозонишингизнинг Биз белгилаб қўйган муддати келгунча кутиб туринг. Биз ваҳий қилиб юборган рисолатни умматга етказиш ишида собитқадам бўлиб, куфру ширк ва исёнга шўнғиган осий кимсаларга, мунофиқларга, дин душманларига асло ён берманг, уларнинг алдов сўзларига кирманг. Масъул бўлган вазифангизни бажаришда фақат Менга суянинг (таваккул қилинг), фақат Мендан паноҳ сўранг. Куфр ва ширк эгаларини жазолайдиган Кунимиз яқин қолди.
Ушбу оятда гуноҳкорлар «асим» ва «кафур» сифатлари билан зикр этилмоқда. «Асим» маъсият (гуноҳ), осийлик қилувчи маъносини англатади, «кафур» эса куфрга шўнғиган, Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига куфр келтирган кимсадир. «Асим»га Утба ибн Робийъани мисол келтириш мумкин: у доим фисқ-фужур қиларди. Ривоят қилинишича, у Пайғамбаримизга (алайҳиссалом): «Бу динингдан қайт, шунда сенга қизимни бераман, у Қурайш қизларининг энг чиройлисидир», деган эди. «Кафур»га Валид ибн Муғийра мисол бўлади. Унинг куфри жуда қаттиқ бўлиб, ҳатто бу билан кибрга кетган эди. У бир куни Расули акрамга (алайҳиссалом): «Агар бу ишингни (даъватни) ташласанг, рози бўлгунингча мол-дунё бераман, чунки мен Қурайш қабиласининг энг бойиман», деган эди. Шунда Пайғамбаримиз унга Фуссилат сурасининг дастлабки ўн уч оятини ўқиб бердилар. Шунда у бир сўз айтмай кетиб қолди. Шунинг учун Аллоҳ азза ва жалла Пайғамбарига бундай бахтдан бенасиб кимсаларнинг сўзига кирмаслик, уларнинг охиратдаги ҳолати жуда аянчли бўлиши хабарини беряпти.
25. Эртаю кеч Парвардигорингизни зикр қилинг;
Мўмин-мусулмон учун намоздан кейинги аҳамиятли вазифалардан яна бири зикруллоҳ, яъни ҳар ерда, ҳар вақтда, ҳар ҳолатда Аллоҳ таолонинг зикрини қилиш, Ундан гуноҳларга мағфират тилаш, берган неъматларига шукр қилишдир. Кўпларимиз намоз каби зикруллоҳга ҳам бепарвомиз. Қанча-қанча вақтни беҳуда совурсак-да Аллоҳни эслаш, Унга ҳамд ва шукр айтиш хаёлимизга келмайди. Бу дунёда барчамиз меҳмонмиз. Ҳаммамиз бир куни бу оламдан кўчамиз. Ҳеч кимга: «Сен фалон куни, фалон ҳолатда ўласан», деб ҳужжат берилмаган. Ҳеч ким охират оламига қандай кетишини олдиндан билмайди. Шундай экан, «Ла илаҳа иллаллоҳ» калимасини, такбир, таҳмид, таҳлил айтиб туришимиз, тилимиз ва дилимиз ҳамиша Аллоҳнинг зикри билан машғул бўлиши лозим. Қуръони каримда: «Мени эслангиз, Мен ҳам сизларни эслайман ва Менга шукр қилингиз ва Мени инкор этмангиз» (Бақара, 152), дея буюрилган.
Абу Саид Худрий ва Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бир қавм ўтириб Аллоҳни зикр қилса, уларни малоикалар ўраб олади ва илоҳий раҳмат қоплайди. Устларига хотиржамлик-сакинат туширади. Аллоҳ уларни Ўзининг ҳузуридагилар билан эслайди», деганлар. (Имом Муслим ривояти). Абу Мусо Ашъарийдан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Аллоҳни зикр қиладиган киши билан зикр қилмайдиган кишининг мисоли худди тирик билан ўликнинг мисоли кабидир» (Имом Бухорий ривояти).
26. кечалари Унга сажда қилинг, узун тунларда Унга тасбиҳ айтинг.
Аллоҳ таоло Пайғамбари орқали бутун бандаларига буюряпти: кечалари Парвардигорингизга сажда қилинг, яъни нафл, таҳажжуд намозлари ўқинг, узун тунларда эса Унга тасбиҳ айтинг, яъни Унинг зикрини қилинг. Кундузининг бошида бомдод, охирида аср намозини ўқигандан кейин кечанинг бир қисмида шом ва хуфтон намозларини ҳам адо этиш буюриляпти. Кечалари эса таҳажжуд намози каби нафл ибодатлар қилинади, Аллоҳнинг зикри билан машғул бўлиб, У зотга тасбиҳ-санолар айтилади. Булар инсонни жаннатга элтувчи, Аллоҳ розилигини топишда ёрдамлашувчи яхши амаллардандир. Аллоҳ таоло Юнус алайҳиссалом қиссасида айтади: «Агар у тасбиҳ айтувчилардан бўлмаганида, у албатта балиқ қорнида то қайта тириладиган кунларигача қолиб кетган бўлур эди» (Вас-Соффат, 143-144). Намознинг фазилати, унинг эвазига бериладиган ажр-мукофотлар ҳақида Сарвари коинотдан ўнлаб ҳадиси шарифлар ворид бўлган: «Қиёмат куни банданинг биринчи бўлиб ҳисоб қилинадиган амали намоздир» (Имом Термизий ривояти); «Қайси бир мусулмон намоз ўқиб, у билан Аллоҳнинг розилигини талаб қилса, гуноҳлари худди дарахтнинг барги тўкилгандек тўкилиб кетади» (Имом Аҳмад ривояти).
27. Анавилар ҳақиқатан дунёни яхши кўришади, қиёматни унутишади.  
Гумроҳ кимсалар дунё ва унинг неъматларини яхши кўришгани учун қиёмат, охират, ўлгандан кейин қайта тирилиш кабиларни унутишади. Қуръони каримда бундай дейилган: «…уларнинг айримлари минг йил умр кўришни исташади» (Бақара, 96). Зайд ибн Собитдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимнинг нияти охират бўлса, Аллоҳ ҳамма ишларини осон, қалбини бой қилиб қўяди, дунё уни излаб келади. Кимнинг нияти дунё талаб қилиш бўлса, Аллоҳ унинг ишларини қийинлаштириб, фақирлигини кўз олдига келтириб қўяди, унга дунёдан фақат Аллоҳ ёзгани келади» (Ибн Можа, Ибн Абуд-Дунё ривояти).
Шайтонга ва нафсига қул бўлганлар учун гўёки бу дунё ҳаёти мавжуд, холос. Улар ўзларини ким яратгани, нега дунёга келгани, охиратдаги оқибати нима бўлиши, Аллоҳ ҳузурида ҳисоб-китобдан ўтишлари ҳақида ўйлаб ҳам кўришмайди. Буни исташмайди ҳам. Уларнинг ҳаёт ва ўлим ҳақидаги тушунчалари ҳам турмушларига ўхшаш бузуқ ва телбанамо.  Улар «Биз ўлиб кетсак бу ёқда ҳаёт давом этаверади. Ўлганлар тупроққа қўшилиб кетади. Улар учун ҳаёт тугади», деб ўйлайдилар. Шундай хаёлга боришадию ўзларининг қумурсқадай  беному-нишон ер билан битта бўлиб кетишларини тасаввур қилиб, даҳшат ва ваҳимага тушишади. Ўзлари ошиқ бўлган  дунёдан узилишни ўйлаб қалблари ҳасад ва изтироб оловларида жизғанак бўлади. Бундайлар учун ўлим бу ширин ҳаёт ва жозибали дунёдан ажратиб юборувчи даҳшатли кулфатга айланади. Ёш ўтгани сайин ўлимдан қўрқувга тушишаверади. Атрофдагилардан, ўрганиб қолган ширин ва жозибали ҳаётдан, лаззатли таомлардан, ҳузурбахш кўнгилхушликлардан айрилиб қолишдан ваҳима босаверади. Ҳаётлари шундайин азоб-уқубатда, таҳлика-қўрқувда ўтиб кетади. Моддапарастлик сафсаталарига қул бўлиб, Аллоҳ таолонинг бемисл ҳикмати ва қудратини тан олгиси келмаётган ана шу сўқир ва жоҳил кимсалар озгина бош қотирсалар, жиндай тафаккур қилсалар, қалбларини аёвсиз ғижимлаётган нохуш саволларга жавоб топган бўлур эдилар. Ислом ва имоннинг буюк ҳақиқати олдида юраклари таскин ва оромга етишган бўлур эди.
Аммо дунёнинг ҳавойи нафсларига ғарқ бўлганмизу охиратдаги ҳисоб-китобни унутиб қўямиз.  Шайтон ва нафс кўйида елиб-югурамизу Аллоҳнинг буйруқларини, Расулуллоҳ кўрсатмаларини эсдан чиқарамиз. Аллоҳ берган неъматларни истаганимизча тасарруф қиламизу аммо миннатдор бўлмаймиз. Турфа хил таом ва шарбатларни истеъмол қиламиз, хилма-хил кийимларни киямиз, кўркам ва қулай уйларда яшаймиз, яхши уловларни минамиз, бола-чақа қиламиз. Аммо булар учун шукр йўқ. Бир донишманд айтганидай «бир-икки кунда ўтадиган, йигирма йилдан сўнг келадиган тўйингга йиллаб матоҳ, сеп йиғасан, сандиқ тўлдирасан. Аммо абадий яшайдиган охират дунёси учун сандиғингни бўш олиб борасан». Шайтон қачонгача бу тахлит сени йўлдан оздираверади? Ўз ноғорасига ўйнатаверади? Эс-ҳушингни йиғиб олмайсанми, фурсат ўтмай туриб ҳолингга боқмайсанми, эй инсон!!!
28. Биз уларни яратдик ва вужудларини мустаҳкам қилдик. Агар  хоҳласак, улар ўрнига ўхшашларини келтирамиз.
Аллоҳ таоло инсонларни яратибгина қолмай, унинг вужуд-танасини ҳамма жиҳатдан мустаҳкам, чидамли қилиб халқ этган. Қуръони каримда бундай зикр этилади: «У сени яратиб, (сўнг барча аъзоларингни) тиклаб, сўнг (қоматингни) расо қилиб қўйган Зот-ку!» (Инфитор, 7). Инсоннинг думғаза суяги тик ҳолатда бир ярим тоннали босимга бардош бера олади. Инсон танаси 71 даража иссиқликка бир соат, 82 даражага – эллик дақиқа, 93 даражага – ярим соатча чидайди. Бир-икки дақиқа 130 даражали иссиққа чидаши мумкин.  Суяклар инсон гавдасини ушлаб туришга хизмат қилади. Иморатни синчлари, кемани мачта-устунлар тутиб турганидай, инсон танасини тик тутиб туришда суякларнинг беминнат хизмати бор. Айрим суяклар, масалан бош тепа суяги гавдага нисбатан қалқон ва ҳимоя хизматини ўтайди. Баъзи суяклар, масалан орқа умуртқада жойлашган ўткир ўсиқлар зарба ва азият берувчи нарсаларни қайтарадиган қуролга ўхшайди. Нега суяклар қўпол ҳаракатлар, зарблар таъсирида дарров синиб кетмайди? Чунки Яратган бунинг ҳам чорасини кўриб қўйган. Суяк ичидаги илик уни озиқлантириб, намлаб, мўртлигини кетказиб туради. Натижада кўп ҳаракат туфайли суяк қуриб қолмайди, уваланиб кетмайди. Парвардигор инсонни ана шундай беками-кўст қилиб яратган: "Аллоҳ барча нарсани чиройли қилиб яратган Зотдир" (Сажда, 7). Агар Аллоҳ азза ва жалла хоҳласа, бу яшаб турган инсонларни кетказиб, ўрниларига уларга ўхшаш бошқа қавмларни келтиришга қодирдир.
29. Ҳақиқатан бу эслатмадир: ким хоҳласа, Парвардигор йўлини танлайди.
Ҳақиқатан Қуръони карим ҳам, ундаги суралар ҳам, Пайғамбар алайҳиссалом даъватлари ҳам бандаларга бир эслатмадир. Қиёмат кунининг келиши, ўша куни бандаларнинг қайта тирилиши ва ҳисоб-китоб қилиниши, охиратдаги мукофот ва жазо ҳақидаги огоҳлантиришдир. Аллоҳ таоло айтади: «Ўша куни дўзах ҳам келтириб қўйилганида – ана ўша кунда инсон эслатма олади. (Аммо вақт ўтди), унга эслатма қаёқда экан?! У: «Қанийди ҳаёт вақтимда (яхши амалларни) тақдим этган бўлсам!», дейди» (Фажр, 23-24). Дунёга келдикми, бир кун кетишимиз бор. Фоний дунёдан абадий охиратга кўчишимиз бор. Оқибатнинг хайрли, савол-жавобнинг осон бўлиши дунёдаги солиҳ амалларимизга, Аллоҳга бандалик қилишимизга боғлиқ. Мусулмонлик даъвосида юраверсагу аммо Исломнинг талабларига бўйсунмасак, ҳаётимизни Ислом асосига қура олмасак, ҳамма нарса ҳабата, барча ишларимиз бефойда, абас! Азиз умрни, тансиқ йилларни ёниб-кул бўлган қоғоз парчаси каби ҳавога совурган бўламиз, холос! Парвардигор йўлини танлаган, Аллоҳ розилигини истаб, дунёдаги ҳаётини солиҳ амаллар билан безаб ўтган саодатманд кишиларгина охиратда афсус чекишмайди, хўрланишмайди, роҳат-фароғат маскани бўлмиш жаннат билан мукофотланишади.
30. (Эй инсонлар), агар Аллоҳ хоҳласагина сизлар ҳам хоҳлайсизлар. Аллоҳ албатта билувчи ва ҳикматлидир.
Ирода (хоҳиш) Аллоҳ таолонинг зотий сифатларидан биридир. Аллоҳ хоҳлаган иш бўлади, хоҳламагани бўлмайди. «Аллоҳ хоҳлаганида эди, улар урушишмасди, аммо Аллоҳ нимани хоҳласа, шуни қилади» (Бақара, 253); «Айтинг: «Эй барча оламларнинг подшоҳи Аллоҳим! Хоҳлаганингга салтанат берасан ва хоҳлаганингдан салтанатни тортиб оласан, истаганингни азиз қиласан, истаганингни хор қиласан. Барча яхшиликлар Сендадир ва Сен албатта ҳамма нарсага қодирсан» (Оли-Имрон, 26);  «…Албатта (Қуръон оятлари) бир панд-насиҳатдир. Бас, ким хоҳласа, ундан панд-насиҳат олур» (Абаса, 11-12). Ҳадиси қудсийда бундай келган: «Эй Одам фарзанди, мен Аллоҳдирман! Бандаларни Ўз қудратим билан яратдим. Бас, кимларгадир яхшиликни ирода қилиб, яхши хулқни бериб қўяман, кимларгадир ёмонлик бўлишини ирода қилиб, унга ёмон хулқни бераман» («Ҳадиси қудсий», Тошкент, 1992 йил, 18-бет).
31. У кимни истаса, раҳматига эриштиради. Золимларга эса қийноқли азобни тайёрлаб қўйган.
Аллоҳ таоло Ўзи хоҳлаган бандасини раҳмати билан чулғаб олади, Унинг ваҳийларини инкор қилиб, ўзига зулм қилган золимларга эса қиёматда аламли, қаттиқ азобларни тайёрлаб қўйган. Шунинг учун мўминлар Аллоҳ раҳматидан ҳаргиз ноумид бўлишмасин! Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: «Зеро, Аллоҳнинг раҳматидан фақат куфр келтирган қавм ноумид бўлади» (Юсуф, 87); «Аллоҳ айтди: «Азобимни хоҳлаган кишимга етказаман, (аммо) раҳматим ҳамма нарсадан кенгдир. Уни тақводорлар, закотни берувчилар ва оятларимизга имон келтирувчиларга ёзажакман» (Аъроф, 156). Абу Ҳурайрадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Аллоҳнинг юзта раҳмати бўлиб, ундан биттасини жинлар, инсонлар, ҳайвонлар ва ҳашаротлар орасига туширди. Ана шу битта раҳмат билан улар бир-бирига раҳм қилишади, шафқат кўрсатишади. Ва шу раҳмат билан ваҳший ҳайвон ўз боласига меҳрибонлик қилади. Аллоҳ тўқсон тўққиз раҳматни ўзида қолдирдики, улар билан қиёмат куни бандаларига раҳм қилади» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти). Аллоҳ азза ва жалланинг қудрати ва иродасини, Унинг яратиш ҳикматини инкор қилган, куфр ва ширкка мубтало бўлган кимсалар ва мунофиқлар Аллоҳ таолонинг раҳматидан умид қилмайди. Чунки улар қиёматга, ўлгандан кейин қайта тирилишга, бандалар қилган барча амаллари борасида ҳисоб-китоб қилинишига, жаннат ва дўзахга ишонишмайди. Аллоҳ таоло уларга қиёматда жуда аянчли оқибатни, хорлик ва кулфатни, қаттиқ дўзах азобини тайёрлаб қўйган.

Орқага Олдинга