loader

075. Қиёмат сураси

Маккада тушган, 40 оятдан иборат
Сура номи унинг биринчи оятидаги «қияма»дан олинган. Сура қиёмат кунининг улуғлиги, унинг муқаррарлиги ва уни инкор қилувчиларга раддия маъносидаги қасам билан бошланади. Маккаи мукаррамада нозил бўлган (тушган) бошқа суралар қатори у ҳам имон ва ақида масалалари ҳақида сўз юритади. Унда ўлгандан кейин қайта тирилиш, у кунда бандаларнинг дунё ҳаётида қилган амалларига яраша мукофот ёки жазо берилиши, қиёмат ва унинг даҳшатлари, у кундаги кофир ва мушрикларнинг аянчли ҳолати ва улар гирифтор бўладиган азоб-қийноқлар ҳақида сўз боради. Шунингдек, сурада ўша қўрқинчли қиёмат кунининг баъзи аломатлари, ой тутилиши, кўзларнинг ҳайронликдан қотиб, лол қолиши, одамларнинг Ҳашр майдонига йиғилиши ва ҳисоб-китоб қилиниши каби ҳолатлар ҳам баён этилади. Қиёмат кунидаги мўмин-мусулмонларнинг саодатманд ва бахтиёрликда бўлишлари, Аллоҳ ва Унинг ваҳийларини инкор қилган, дунё ҳаётини беҳуда ўтказган бахтсиз кимсалар эса юзлари қаро ҳолда хор-зор бўлишлари ҳам сурадан ўрин олган.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман.

1. Йўқ, Қиёмат куни билан қасам.
Аллоҳ таоло қиёмат кунига қасам, деяпти. Сура ва оятнинг «Йўқ» сўзи билан бошланиши бежизга эмас. Макка мушриклари охиратга, ўлгандан кейин қайта тирилишга ишонмай, Пайғамбар сўзларига кулишганди, бу уларнинг эътирозига раддиядир. Чунки бу кун фоний дунё билан абадий дунё ўртасидаги улуғ ҳисоб-китоб кунидир. Бандаларнинг дунё ҳаётидаги барча ишлари баҳоланадиган, тарозига қўйиладиган масъулиятли бир маррадир. Аллоҳ таоло шунинг учун бандаларини қиёмат куни билан қўрқитади, огоҳлантиради, унга тайёргарлик кўришга чорлайди. Қуръони каримнинг жуда кўп оятларида қиёмат куни даҳшатлари, у кундаги кофирларнинг аянчли ҳолатлари, ўша кун манзаралари баён этилади: «У кунда Ер бошқа ерга, осмонлар бошқага айланиб қолади» (Иброҳим, 48); «У кунда осмон  мис каби эрийди, тоғлар тўзғиган юнгга айланади» (Маориж, 8-9); «У кунда одамлар тўзғитилган парвоналар каби бўлиб қолишади» (Ал-қориа, 4); «Ҳар бир одамга у кунда ўзига етарли ташвиш бўлади» (Абаса, 37); «Ваҳший ҳайвонлар ҳам тўпланиб қолишади» (Таквир, 5). Қиёмат куни Қуръони каримда элликдан зиёд ном билан зикр қилинган. Каломуллоҳнинг бир неча суралари қиёмат исмлари билан – Воқеа, Ҳашр, Ал-Ҳаққо, Қиёмат, Ғошия, Ал-Қориа, Залзала деб номланган. Бундан мақсад, қиёматнинг турли номларини такрорлашдангина эмас, балки у кунни ақл эгаларига тинмай эслатиш, у кунга тайёрланишда ғафлатга берилмасликка чорлашдир. Нофеънинг Ибн Умардан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу  алайҳи ва саллам: «Ўша кунда Аллоҳга яқин фаришта ҳам, Ўзи юборган пайғамбар ҳам, шаҳидлар ҳам ҳисобнинг қаттиқлигини кўриб, бу кунда Аллоҳнинг Ўзи сақламаган одам қутулиб, нажот топа олмаслигини билиб қолади», деганлар (Ибн Касир. «Ал-Бидоя ван-ниҳоя» 267/1). У куннинг зикри пайғамбарлар саййиди Муҳаммад алайҳиссаломнинг соч-соқолларини оқартириб юборди. Қиёмат ҳақидаги оятларни эшитган қанча саҳобийлар ҳушдан кетиб қолишди. Имом Ғаззолийдек улуғ олимлар «Эй инсон, нима нарса сени «Улуғ Парвардигорингга ибодат қилмасанг ҳам бўлаверади», деб алдаб қўйди? Эшикларни ёпдинг, пардаларни туширдинг, халойиқдан бекиндинг, бузуқ ишларга шўнғидинг. Бутун аъзоларинг сенга қарши гувоҳлик берадиган кунда аҳволинг не кечади?» дея фарёд чекишди. Аллоҳ таолонинг қиёмат кунига қасам, дейишининг ҳикмати мана шунда!
2. Ва маломатгўй нафс билан қасам.
Аллоҳ таоло қиёматга қасам, деганидан кейин маломат қилувчи нафсга ҳам қасам, демоқда. «Нафс» сўзи инсондаги ғазаб ва шаҳват қувватини мужассамловчи, маъносидадир. Нафс инсондаги салбий ва ижобий сифатларни (нафси аммора ва нафси мутмаъинна) жамловчи асл, яъни негиздир. «Одам алайҳиссаломнинг айтилган йўлдан юрмай, ғайри иродавий хатога йўл қўйиши унинг жаннатдан Ерга тушишига сабаб бўлган эди. Ерда инсон наслининг кўпайиб, имтиҳонга солиниши ва бу синовдан ўтганларнинг қайтадан жаннатга кириши инсон учун шараф йўлидир. Лекин зафар ва шарафга эришиш учун Аллоҳ таоло инсонларни «нафс» дарси билан имтиҳон қилди. Нафс зафар ва шарафга эришишдаги энг қийин ва оғир тўсиқдир» («Маснавий» боғчасидан бир кўза сув», 93-бет). Тасаввуф олимлари: «Ҳақиқатга етишда нафсга қарши курашиш ва мудом уни синдиришдан бошқа чора йўқ», дейишган. Пайғамбар алайҳиссаломнинг мана бу сўзлари ҳам бор: «Ичингдаги нафс душманингнинг энг ёмонидир» (Байҳақий ривояти). Ҳасан Басрий айтади: «Мўмин ҳамиша: «Нимани сўзладим, нимани едим, нега ўзимга бино қўйяпман?» деб ўзини маломат қилиб туради, осий эса ўзига сира таъна қилмай ва тавбага бормай, гуноҳда давом этаверади».
Нафс аслида илоҳий бир неъматдир, яъни инсон нафси унинг ўзидир. Лекин у ҳолатининг турланишига қараб ҳар хил хосланади. Олимлар нафсни уч хил сифатлашган: «нафси аммора» – ёмонликка мойил нафс, агар у назоратдан чиқиб кетса, инсонни ҳалок қилади; «нафси ламмома» – бундай нафс ёмонликни билиб туради, ундан узоқлашиб, нажотга интилади, бир шаҳвоний ишларга талпиниб, бир тарк этаётган эгасини маломат қилиб туради, бу мўмин кишининг нафсидир, чунки банда Парвардигорига ибодат қилишда камчилик-нуқсонга йўл қўйганида нафси уни маломат этади; агар нафс Ҳақ амрига бўйсунган ҳолда шаҳвоний хуружларни енгишга қодир бўлса, у «нафси мутмаъинна» (Фажр, 27), яъни хотиржам-сокин нафс, деб номланади. Бу чин орифлар ва зоҳидлар нафсидир.
3. Инсон унинг суякларини тўплай олишимизга шубҳа қиладими?
Ояти каримада айтиляпти: айрим инсонлар шунчалик нодон ва фаросатсизки, ҳатто ўлганларидан кейин қиёматда Биз уларнинг суякларини тўплаб қайтадан тирилтиришимизга ишонмайди. Бу нарса Бизга асло қийинчилик туғдирмайди. Аллоҳ таоло айтади: «Улар: «Суяк ва мурдаларга айланиб кетгач, ҳақиқатан ҳам янгитдан яралиб, тирилармикинмиз?» дейишади» (Исро, 49); «Бу – Бизнинг оятларимизга куфр келтирганлари ҳамда: «Суяк ва мурдаларга айланган вақтимизда янгитдан яралиб, қайта тириламизми?» деганларнинг жазосидир» (Исро, 98); «Ахир ўша инсон Биз уни олдин ўзи йўқ нарса бўлган пайтида яратганимизни эсламайдими?!» (Марям, 67).
Қиёмат куни Аллоҳ таолонинг амри билан тупроққа айланган инсонлар ва ҳайвонлар ўсимликка ўхшаб ердан униб чиқади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Сўнгра Аллоҳ самодан сув туширади ва инсонлар ердан кўкат ўсгани каби униб чиқадилар. Инсоннинг бир суякдан бошқа ҳамма нарсаси чирийди. Бу чиримагани – «ажабуз-занаб» деб аталувчи думғазадир. Қиёмат куни қайта тирилиш шундан таркиб топади» (Имом Муслим ривояти). Пайғамбар алайҳиссалом: «Инсон думғаза суягидан яратилган, кейин яна шундан қайта яратилади», деганлар. Яна бир ҳадисда: «Инсоннинг ҳамма жойи чириб йўқ бўлади, фақат думғаза суяги чиримайди. Инсон ундан яратилган эди, яна ундан яратилади», дейилган (Бу суяк умуртқа охиридадир, катталиги нўхатдек бўлиб, ичида илиги йўқ. Замонавий тиббиёт ўн тўрт асрдан сўнг Расули акрамнинг ушбу сўзлари ҳақлигини исботлади: олимлар умуртқа суяги охирида бир неча минг даража иссиқда ҳам эриб-йўқ бўлмайдиган ва инсон коди жойланган махсус суяк борлигини аниқлашди).  
Ушбу оят Умар ибн Робиъа ҳақида туширилган. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига келиб: «Менга қиёмат куни ҳақида гапириб беринг, у қачон содир бўлади, унда қандай ҳолатлар бўлади, нималар рўй беради?» деб сўради.  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга бу ҳақда сўзлаб бердилар. Шунда у: «Эй Муҳаммад, ўша куни шу азобларга қолсам ҳам сизни тасдиқламайман ва сизга ишонмайман. Аллоҳ мана шу суякларни тўплай олармиди?» деди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни туширди.
4. Йўқ, Биз унинг бармоқ учларигача тиклашга қодирмиз.
Аллоҳ таоло: йўқ, мушрик ва жоҳил кимсалар ўзларининг суякларигача тўплаб қайта тирилтиришимизга асло шубҳа қилишмасин. Бу Бизга ҳеч қийин эмас: инсоннинг танаси ва суяклари у ёқда турсин, ҳатто бармоқлари учигача тиклаб қўйишга қодирмиз, деяпти. Аллоҳ таоло бандалар эътиборини нега кўз, бурун ё бошқа тана аъзоларига эмас, айнан инсоннинг бармоқ учларига қаратмоқда? Қуръонда зикр этилган «бармоқ учларигача» жумласининг асл маъноси орадан кўп асрлар ўтиб, 1884 йилдагина аён бўлди. Ўша йили Англияда имзо қўйиш ўрнига бармоқ босиш жорий қилинди. Шунда олимлар одам бармоқ учларини текшириб кўришга мажбур бўлишди. Тадқиқотлари натижасидан уларнинг ўзи ҳам ҳайратга тушиб қолди. Бир одамнинг бармоқлари учидаги чизиқлар бошқасиникидан фарқли экан. Яъни, ҳозир Ер юзида яшаб турган олти миллиарддан ортиқ кишининг бармоқ учлари бир-бириникига асло ўхшамайди. Демак, саводхон-саводсиз араблар ва осиёликларнинг яқин-яқингача имзо ўрнига бармоқ босишлари бежизга эмас экан. Ҳозирги пайтда дунёда шахси номаълум кишилар ва жиноятчиларнинг бармоқ учларига қараб кимлиги аниқланмоқда. Аллоҳ таоло қиёматда инсонларнинг суякларинигина эмас, ҳатто бармоқ учларигача асл ҳолига келтиришга қодирдир!
5. Балки шунда ҳам инсон фожирликни истар?!
Ояти каримадаги «фужур» (фожирлик) сўзи «гуноҳ ишлар» маъносида бўлиб, Аллоҳнинг тавҳидига ширк келтирувчи, Қуръон ва Пайғамбарни ёлғонга чиқарувчи, жазо куни ва қайта тирилишни инкор қилувчиларга нисабатан қўлланади. Қиёматнинг муқаррар келишини, ҳамманинг Парвардигор ҳузурига қайтиб, ҳисобга тортилишини билиб туриб ҳам инсон фожирликни, яъни ёмон ишларни, бузғунчиликларни, гуноҳларни истайверармикин? Аллоҳ таоло айтади: «Шак-шубҳасиз фожир кимсалар дўзахдадирлар» (Инфитор, 14). Абу Ҳурайрадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда келишича, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз саҳобаларидан: «Муфлис кимлигини биласизларми?» деб сўрадилар. «Эй Аллоҳнинг элчиси, бизнингча, муфлис дирҳам-динорларини ва бошқа мол-мулкини йўқотиб, улардан ажралиб, синган кишидир», дедик. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом: «Умматимнинг муфлиси қиёмат куни Парвардигори ҳузурида ўқиган намози, тутган рўзаси, берган закоти билан ҳозир бўлади. (Лекин шу ибодатларни адо этган бўлса ҳам) у кимнидир сўккан, кимнидир обрўсини тўккан, бировнинг молини еб кетган, бирини урган, бошқасининг қонини тўккан. (Бу мазлумларнинг) бунисига ҳам, унисига ҳам унинг яхшилик-савобларидан олиб берилаверади. Натижада мазлумлар ҳақидан ҳали қутулмай туриб, (қилган барча) яхшиликлари тугаб бўлади. Шунда  даъвогарларнинг гуноҳлари унинг устига юкланади. Кейин у дўзахга улоқтирилади». Қиёматнинг бундай оғир кунида афсус-надоматда қолмаслик учун инсон фожирлик, гуноҳ ишларни тарк этиши, ҳидоятга юзланиши зарур.
6. У: «Қиёмат қачон бўлади?» деб сўрайди.
У нодон кимса «Қиёмат қачон келади?» деб сўраяпти. Нега у бундай савол беряпти? Нима, унинг мутлақо гуноҳи йўқми? Ёки охиратда ҳисобга тортилмаслигига, жаннатга киришига аҳднома-васиқаси борми? У қиёматдан қўрқиб эмас, ўзини ҳақ йўлга чорлаётган даъватчини масхаралаш учун, устидан кулиш, Аллоҳ таоло ваҳийларини инкор қилиш учун шундай савол беряпти. Бундай фосиқ кимсаларга Аллоҳ азза ва жалланинг қаттиқ ваъдаси бор: «Қиёмат шак-шубҳасиз келувчидир» (Ҳаж, 7); «(Эй инсон), сен жазо кунининг нима эканини қаердан билардинг? Яна жазо кунининг нима эканини қаердан билардинг? У кунда ҳеч бир жон бошқасига бирор нарса қилишга қодир бўла олмайди. У кунда барча иш ёлғиз Аллоҳники бўлади!» (Инфитор, 17-19).
7. Нигоҳлар лол қолганда;
Қиёмат кунининг аломатларидан бири атрофида бўлаётган воқеа-ҳодисалардан инсон нигоҳи лол қолади. Имом Ғаззолий ёзади: «У кунда кўзлар тикилган бўйи қотиб қолган, қалблар парчаланган, биров бировга сўз қотмайди, биров бировга боқмайди. Уч юз йил туз тотмай, бир қултум сув ичмай туришади, ғир этган шабада топишмайди» («Иҳёу улумид-дин», 4-жилд, «Ўлимдан сўнг» китоби, 87-бет).
8. Ой тутилиб, нурини йўқотганида;
Қиёмат куни Ой тутилиб, нурини йўқотади. Саҳобалардан Убай ибн Каъб (розийаллоҳу анҳу) Қуръони каримдаги Аҳзоб сурасининг 65-ояти ҳақида бундай деганлар: «Оятда айтилган тўрт сифатнинг бўлиши аниқ. Иккитаси Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафотларидан йигирма беш йил ўтгач келди: одамлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб кетишди ва айримлари баъзиларига зарар етказишди. Қолган иккитасини ҳам бўлиши шубҳасиздир: булар Ой тутилиши ва зилзиладир». Ривоят қилинишича, юқоридаги оят тушганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дуо қилиб, иккитасидан – Ой тутилиши ва кейинги ўзгаришлардан паноҳ тилаган эканлар.
9. Қуёш ва Ой бирлашиб кетганида;
Қиёмат бўлганида бутун Коинот тизими издан чиқиб кетади. Қуёш ва Ой маконларини ўзгартириб, бирлашиб кетади.
10. Ўша куни инсон: «Қочарга жой борми?» дейди.
Қиёмат қоим бўлганида унинг даҳшатлари, келаётган жазо-азобларни кўрган инсон қочгани жой топа олмай қолади. У куни Аллоҳнинг азобидан қутқаришга қодир бўлган на бир бошпана, на бир меҳрибон дўст топилади. Аллоҳ таоло огоҳлантиради: «Ҳали куфр келтирган кимсалар мусулмон бўлишни истаб қолишади» (Ҳижр, 2).
11. Йўқ, асло йўқ!
Инсон ўзини минг томонга урмасин, қандай ҳийла-тадбир ўйлаб топмасин, қиёмат куни Аллоҳнинг ҳисобидан ҳеч қаёққа қочиб қутула олмайди. Аллоҳ азза ва жалла айтади: «У кунда дўст дўстга бирон нарсада асқотмас ва уларга ёрдам ҳам берилмас» (Духон, 41).
12. Ўша куни қарор топиш жойи фақат Парвардигоринг ҳузуридадир.
Қиёмат куни ҳамма Парвардигори ҳузурида тўпланади. Гуноҳкор инсонлар Ер тагига кириб кетишни орзу қилса, Ер Аллоҳники бўлгани учун буни удда қилолмайди. Осмонга чиқиб кетмоқчи бўлса, бунинг ҳам иложи йўқ, чунки осмонлар ҳам Аллоҳникидир. Ҳамманинг Парвардигор ҳузурига қайтишдан бошқа иложи йўқ. Бундан инсонлар дунё ҳаётида кўп марта огоҳлантирилган, бу ҳақда Аллоҳнинг ваъдаси борлиги қайта-қайта уларга уқтирилган эди. Мўминлар қиёматда Аллоҳ таоло ҳузурида ҳисобга тортилишга ишонишгани учун ҳаётларини чиройли амаллар, эзгу ишлар билан безашди. Мунофиқ ва мушриклар эса бунга имон келтиришмагани учун мана бугун хор, ўксик, ҳайрон ҳолда туришибди. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Улар саф тортган ҳолларида Парвардигорингизга рўпара қилинадилар: «Мана сизларни илк бор қандай яратган бўлсак, шундай ҳолда ҳузуримизга келдингиз. Балки сизларга Биз ваъда қилган Кунни (пайдо) қила олмас, деб ўйлагандирсиз?!» (Каҳф, 48). Пайғамбар алайҳиссалом: «Аниқки, Парвардигорингиз қиёмат куни ҳар бирингиз билан ҳеч қандай тўсиқсиз-таржимонсиз гаплашади», деганлар (Имом Термизий ривояти).
13. Ўша куни инсонга нима келтирганию, нимани қолдиргани хабари берилади.
Қиёмат куни инсонга охират учун нима келтирганию, нималарни дунёда қолдириб келганининг хабари берилади. Мўминлар дунё ҳаётидаги умрларини яхши ишлар, солиҳ амаллар билан безаб, охиратга захира ҳозирлаб келишгани учун Аллоҳ таоло раҳматидан умидвор бўлиб, хотиржам туришади. Осий ва гумроҳ кимсалар дунё шаҳватларига ғарқ бўлишгани, ўлгандан кейин қайта тирилишга ишонишмагани учун Аллоҳ таоло ҳузурига бўм-бўш қўл билан келиб, афсус-надоматда қолган. Аллоҳ таоло айтади: «Бу кунда ҳар бир жон ўзи қилган иш-амали билан жазоланади. Бу кунда зулм қилинмайди» (Ғофир, 17); «Энди кимнинг яхши амаллари оғир келса, ўша орзу қилган ҳаётида бўлади. Кимнинг амаллари енгил келса, унинг жойи дўзах қаъридир» (Ал-Қориа, 6-9). Муоз ибн Жабалдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): «Қиёмат куни банда тўрт нарса ҳақида сўралмагунича ўрнидан жилмайди: умрини нима билан ўтказгани ҳақида; жасадини (кучини) нимага ишлатгани ҳақида; илмига қандай амал қилгани ҳақида ва ниҳоят мол-дунёни қаердан топиб, қаерга сарфлагани ҳақида», дедилар» (Баззор, Хатиб ривояти).
14. Инсон эса ўзига қарши гувоҳлик беради;  
Қиёмат куни инсон ўзига қарши гувоҳлик беради. Аллоҳ таоло айтади: «Энди келишганида уларнинг қулоқлари, кўзлари ва терилари ўзлари қилиб ўтган ишлар ҳақида гувоҳлик беради. Улар териларига: «Нима учун бизга қарши гувоҳлик беряпсизлар?» дейишганида: «Бизларга ҳамма нарсани сўзлатган зот Аллоҳдир. Сизларни дастлаб У яратган ва яна Унинг Ўзигагина қайтариласизлар!» дейишади» (Фуссилат, 20,21). Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мана бундай ҳадислари бор: «Қиёмат куни банда Аллоҳ ҳузурига) келтирилади. Аллоҳ: «Мен сенга қулоқ, кўз, мол-дунё ва фарзанд бермадимми? Сенга ҳайвон ва экинларни бўйсундириб қўймадимми? Мен билан бугунги кўришувни ҳеч ўйлаб кўрмадингми?» дейди. Банда: «Йўқ», дейди. Шунда Аллоҳ: «Сен Мени унутганингдек, Мен ҳам сени унутаман», дейди» (Имом Термизий ривояти).
15. гарчи узрларни тўкиб солса ҳам.
Инсон гуноҳларига қанча узрларни сабаб қилиб кўрсатмасин, қиёматда булар инобатга олинмайди. Оятдаги «мъаазироҳ» сўзи «ўз ҳужжатини» деган маънода. Айрим муфассирлар бу оятни «гарчи ўша кунда қабул этилмайдиган бемаъни нарсаларни узр қилиб келтирса ҳам» деб тафсир қилишган. Чунки Аллоҳ таолонинг бундай ваъдаси бор: «У кунда золим-кофир кимсаларга узру баҳоналари фойда бермайди ва уларга лаънат бўлади, уларга энг ёмон жой – дўзах бўлади» (Ғофир, 52). Пайғамбаримиздан (алайҳиссалом) ривоят қилинади: «Ҳозир сенга қарши бир гувоҳ юборилади», дейилади бандага. «Менга қарши ким гувоҳлик бериши мумкин?» деб ўйлайди у. Шунда банда оғзи муҳрланади. Унинг сонига: «Қани, гапир!» дейилади. Сони, гўшти, суяги унинг қилмишидан хабар беришади. Бу унинг ўзига бирор узр қидирмаслиги учундир. Бу кимса Аллоҳ ғазабига учраган мунофиқдир» (Имом Муслим ривояти).
16. (Эй Муҳаммад), уни тезроқ ёдлайман деб тилингизни қимирлатаверманг.
Расулулллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларига келаётган ваҳийга омонатдорлик юзасидан уларни тезроқ ёдлаб олишга уринардилар. Шунда юқоридаги ояти карима туширилган. Бу сўзлар Аллоҳ таолонинг Ўз Пайғамбарига (солллаллоҳу алайҳи ва саллам) билдирган «ҳуснул истимоъ» (чиройли тинглай билиш) ҳақидаги таълими эди. Шайхулислом Абу Нажиб Суҳравардий «Аворифул маориф» (Билимлар туҳфаси) китобида чиройли тинглай билишни барча яхшиликлар асоси, деб таърифлайди ва фикрини «ҳуснул истимоъ» истилоҳи билан изоҳлайди. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга ваҳий тушаётганида у зот Қуръонни унутиб қўйиш ва ундан ажралиб қолишдан хавфсираб, тиловатдан бир зум тўхтамасдилар. Аллоҳ таоло у зотни бундан қайтарди. Яъни, Жаброил алайҳиссалом Қуръонни Расулуллоҳ (алайҳиссалом) қалбларига етказишдан фориғ бўлмагунларича қироатга шошилмаслик, балки жим туриб тинглаш буюрилди. Чунки илм ҳосил этишнинг энг тўғри йўли сукут ичра устозни чиройли тинглай билишдир.
17. Ҳақиқатда уни жамлаш ва ўқиб бериш Бизнинг зиммамизда.
Қуръони карим оятларини Пайғамбаримиз қалбларига жойлаб қўйиш, бўлиб-бўлиб туширилган сураларни мазмун-моҳиятига кўра жамлаб бериш ва қироатини ўргатишни Аллоҳ таоло зиммасига олганини Пайғамбарига билдиряпти. Аллоҳ таоло Ўзининг сўнгги Каломини охирзамон Пайғамбарига ваҳий фариштаси Жаброил алайҳиссалом орқали туширди. Ҳадисда келишича, «Ҳорис ибн Ҳишом Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Эй Аллоҳнинг элчиси, сизга ваҳий қандай келади?» деб сўраганида, у зот: «Баъзида худди қўнғироқ садосидек жаранглаб келади, шуниси қийин кечади, у кетганидан кейин ҳамма нарсани ўзимга сингдирган бўламан. Гоҳо эса фаришта одам шаклида келиб, менга сўзлаб кетади ва унинг айтганларини англаб оламан», деганлар (Имом Бухорий ривояти). Ҳақиқатан Қуръони каримнинг йигирма уч йил мобайнида гоҳ Маккада (88 та сура), гоҳ Мадинада (26 та сура), баъзан бутун сура ҳолида, баъзан эса бир неча оят кўринишида туширилиши, кейин эса ҳаммасининг тўпланиб, ягона мукаммал Китобга айланиши чинакам илоҳий мўъжизадир. Қуръоннинг бундай бўлиб-бўлиб туширилишининг бир неча ҳикмати бор: оятларнинг одамларга яхшироқ англаниши ва дилларга мустаҳкам ўрнашиши, атроф-муҳитдаги воқеот-ҳодисотларга эътиборни қаратиш, шу орқали олдинги бузуқ ақида ва одатлар ўрнига Ислом келтирган тартиб-қоидаларни жорий қилиш, оятларни ёдлаш осон бўлиши учун эди. Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзлари ўқиш-ёзишни билмаганлари сабабли Аллоҳ таоло иродаси билан Абу Бакр Сиддиқ, ҳазрати Умар, ҳазрати Усмон, ҳазрати Али, Зайд ибн Собит, Убай ибн Каъб каби ваҳий котиблари оятлар тушиши билан уларни турли нарсаларга ёзиб боришган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафотларидан кейин у зотнинг икки сафдошлари Абу Бакр Сиддиқ ва Усмон ибн Аффон замонларида Қуръони карим яхлит мусҳаф ҳолатига келтирилди. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта Қуръонни Биз туширдик ва уни албатта Ўзимиз асраймиз» (Ҳижр, 9).
18. Шунинг учун ўқиб берилаётганида қироатга эргашинг.
Аллоҳ таоло Пайғамбарига буюряптики, Қуръонни қалбингизга тўла жойлаб олиш, уни умматингизга бехато ва мукаммал ҳолда етказиш учун оятларимиз тиловат қилиб берилаётганида ваҳийларни келтирган фариштамиз Жаброилга (алайҳиссалом) эргашинг. Муҳаммад алайҳиссаломга Жаброил алайҳиссалом Қуръонни тартил билан, яъни дона-дона қилиб, барча ҳарфларни махражидан (ўрнидан) чиқариб ўқиб берганлар ва шундай ўқишни тавсия этганлар. Пайғамбар алайҳиссалом худди шундай қироат қилардилар. Қуръон туширилган вақтдан бери ҳозиргача барча қориларнинг силсиласи Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга бориб тақалади. Расули акрам эса ўз  навбатида Қуръонни Жаброил алайҳиссаломдан бехато қабул қилиб олганлар. Ҳатто вафотлари яқинлашаётганда Пайғамбаримизнинг Қуръони каримни икки бор Жаброил алайҳиссалом ҳузурида ўтказиб олганлари ривоят қилинади.
19. Кейин уни тушунтириб бериш ҳам Бизнинг зиммамизда.
Буюк Парвардигор Ўз ҳабибига ваъда беряптики, Қуръондаги муҳкам ва муташобиҳ оятларни, мансух (бекор) бўлган оятларни, тарғиб ва қайтариқларни, тушунилиши қийин бўлган жойларини, Қуръондаги ҳикмат ва насиҳатларни, ҳаммасини тушунтириб, изоҳлаб бериш ҳам Бизнинг зиммамизда.
20. Йўқ, (эй Макка мушриклари) сизлар ўткинчи дунёни севасизлар.
Аллоҳ таоло Макка мушрикларига хитоб қиляптики, намунча бу фоний, бир зумда ўтиб кетадиган дунёни севасизлар? Бу севги сизларни Аллоҳнинг ҳақ динига ишонишдан, Пайғамбари келтирган ваҳийларни тан олишдан қайтармаяптими? Аллоҳ таоло айтади: «Билингларки, бу ҳаёти дунё фаіат ґйин-кулгу, зеб-зийнат, ґрталарингиздаги ґзаро маітаниш ва мол-дунё ҳамда фарзандларни кґпайтиришдир, холос. У худди бир ёмІирга ґхшарки, унинг (ёІиши сабабли униб чиііан) ґт-ґлани кофирларни ҳайратга солади. Сґнгра у іурийди, шунда уни сарІайган ҳолда кґрасиз. Сґнгра у іуруі чґп бґлиб іолур.  Охиратда эса (ґша вақтинча дунёга алданиб іолганлар учун) іаттиі азоб ва (имон-эътиіод билан ґтганлар учун) Аллоҳ томонидан маІфират ва ризолик бордир.  Дунё ҳаёти эса фаіат алдагувчи матоҳдир» (Ґадид,  20);  
Аммо ширк ва куфр эгалари шунча огоҳлантиришларга қарамай, дунё лаззатларига ва алдовларига кўнгил қўйишган. Ваҳоланки, дунёда қўйилган ҳар бир қадам охират манзилига яқинлаштиради. Олинган ҳар бир нафас дунёдан кетишни тезлаштиради. Аммо гумроҳлар кардирлар, кўрдирлар, гунгдирлар: Аллоҳнинг ваҳийларини эшитишмайди, Аллоҳнинг далил, ибрат ва мўъжизаларини кўришмайди, имон ва ишончларини айта олишмайди. Улар сўнгсиз орзуларини, нафс туғёнларини, кўнгил истакларини меҳроб ва қибла қилиб олишган. Улар заифлик, итоатсизлик, худбинлик бутпарастларига айланган. Дунё ҳаёти бешик ва тобут орасидаги тор бир йўлак эканини, дунё ҳаётининг сўнгсизлик ичидаги совун кўпиги, капалак қанотичалик қадри йўқлигини билишни исташмайди. Зеҳнларида заҳарли илон каби тўлғониб, тинчлик бермаётган «Ўлим нима?» саволини нафсоний орзулари, гумроҳларча саркашликлари тўфонида кўмиб ташлашни хоҳлашади. Пайғамбар алайҳиссалом дунё ҳаётини бундай таърифлаганлар: «Дунё менга не учун керак? Менинг дунёдаги ҳолатим бир дарахт соясида ўтириб дам олган, сўнг у жойни тарк қилган йўловчи ҳолига ўхшайди».
21. Ва охиратни унутасизлар.
Эй Макка мушриклари, дунё ҳаётига боғланиб қолганингиз сизларга охиратни унуттириб қўйган. Аллоҳ таоло дунёни бандаларига охират учун тайёргарлик кўриш маскани сифатида танлаган. Қуръони каримда бундай дейилади: «Эй инсонлар, албатта Аллоҳнинг  ваъдаси ҳаідир. Сизларни ҳаргиз дунё ҳаёти алдаб іґймасин! Ва ҳаргиз сизларни Аллоҳ (барча гуноҳларни кечиб юбораверади, деб) алдагувчи (шайтон) алдаб іґймасин!» (Фотир, 5).
Ваҳоланки, бизлар дунёга унинг лаззатларига ғарқ бўлиш, неъматларини қўлга киритиш учун мусобақа қилиш, мол-дунёга рағбат кўрсатиш учун келмаганмиз. Дунё бизни охиратга олиб борувчи йўлдаги бир карвонсаройдир, сафарга отланганлар учун бир қўним жойидир. Йўлдаги мусофирхоналарда жиндай тамадди қилиб олинганидай, бироз ҳордиқ чиқариб куч йиғилганидай, дунёдан ҳам бир йўловчи мусофир каби ўтишимиз керак. Ўша мусофир карвонсаройдаги ҳашам ва  қулайликларга қанчалик бепарво, ошхонасидаги таомларнинг тури ва мазасига қанчалик беэътибор бўлса, дунё ҳаёти ва унинг неъматларига ҳам шундай муносабатда бўлишимиз даркор.
22. Ўша куни баъзиларнинг юзи нурли бўлади;
Қиёмат куни баъзи бандаларнинг хурсандчиликдан юзлари гул-гул яшнаган ҳолда бўлади. Булар дунё ҳаётида Аллоҳ буюрганларини бажарган, қайтарганларидан четланган чин мўминлардир. Уларнинг юзи шодликдан порлаб туришининг сабаблари бор. Чунки улар Парвардигорларига боқишганида ана шундай сурурли дамларни бошдан кечиришади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: «Жаннатга илк кирадиган кишиларнинг юзлари тўлин ой каби порлоқ, нурли бўлади. Улар ортидан кирадиганларнинг юзлари осмондаги энг ёруғ юлдуз каби ойдин бўлади» (Имом Муслим ривояти).
23. Парвардигорларига боқишар экан.
Дарҳақиқат, жаннат аҳли учун Парвардигорларини кўриш, жамолига боқишдан ҳам севимли ва хуш келадиган бирор неъмат бўлмайди. Шунинг учун улар Парвардигорларига боқишар экан, уларнинг юзи яшнаб, нурли бўлиб кетади. Имом Бухорий «Саҳиҳ»ларида келган мана бу ҳадиси шариф ҳам мазкур ояти карима мазмунини таъкидлайди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Албатта, сизлар яқинда Парвардигорингизни худди мана шу тўлин ойни кўриб турганингиздек очиқ-аён кўрасизлар».
24. Ўша куни баъзи юзлар буришади;
Қиёмат куни куфр ва ширкка мубтало бўлганлар қиёмат ва жазо соати келганидан қўрқувга тушгани, дўхах олови куйдириб юборгани, энди ҳеч қандай нажот қолмагани алами ва надомати туфайли буришиб кетади. Қуръони каримда бундай дейилган: «У кунда гуноҳкор кимсаларни кишанлар билан боғланган ҳолда кўрасиз. Уларнинг кийимлари қора мойдан бўлиб, юзларини олов ўраб олади» (Иброҳим, 49-50); «Улар юзларини ўт куйдириб, бадбашара бўлиб қолувчилардир» (Мўъминун, 104).
25. улкан азоб келишини кутишар экан.
Қиёмат куни гумроҳ ва осий бандалар бошларига тушажак улкан азобларни, дўзахнинг чидаб бўлмас қийноқлари тасаввур қилиб алам ва афсуслардан юзлари буришган, ўзлари хўмрайган, қоқвоқлари солинган ҳолда нима қилишни билмай маст одамлардай гаранг, тушкун бир ҳолатда туради. Ваҳоланки, Қуръони карим орқали улар огоҳлантирилган эди: «Уни кўрар кунингиз барча оналар эмизиб турганларини унутади, барча ҳомиладор ҳомиласини ташлайди, одамларни «маст» ҳолда кўрасиз, ҳолбуки улар маст эмаслар. Лекин Аллоҳнинг азоби қаттиқдир» (Ҳаж, 2).
26. Йўқ! Жон ҳиқилдоққа келганида:
Гуноҳкор мушриклар ўлим соати яқинлашиб, жони ҳиқлдоғига келганда ўзига келиб, шоша-пиша имон калималарини эслашга уринади. Ҳолбуки, бу пайтдаги имони асло фойда бермайди. Осий киши гуноҳлари туфайли дўзахда абадий жазоланишидан унча қўрқмайди. Чунки у Тани-жони соғ-саломат бўлгани учун ўлимни эсламайди. Нафсининг, шайтоннинг хоҳиш-истакларига муккасидан кетади. У ўлими яқинлашиб, жони халқумига келгандагина сўнгги нафас даҳшатидан қўрқувга тушади. Ўша даҳшатни бошдан кечириб, бундан қутулиш учун ўзини ҳар томонга уради, нажот излаб дод солади. Аммо энди кеч, у дўзахда ёнишга маҳкум! Бу худди Мусо алайҳиссаломни таъқиб қилиб бораётганида Аллоҳ таоло денгизга ғарқ қилган фиръавннинг жони халқумга келганида: «Мусонинг Парвардигорига имон келтирдим» деганига ўхшайди.
27. «Дам соладиган борми?» дейилганида;
Куфр ва ширк эгалари вафот этаётган чоғда атрофидагилар: «Энди бунга дам соладиган топиладими, ким уни ажал чангалидан ким қутқара олади?» дейилса, бирор махлуқ жавоб бера олмайди, бирор кимса ёрдамга кела олмайди. Чунки Аллоҳ таолонинг бундай ваъдаси бор: «Гуноҳларни мунтазам қилиб юриб, ўлим келганида: «энди тавба қилдим» дейдиганлар ва кофир ҳолларида ўлганларнинг тавбаси қабул бўлмайди. Уларга қийноқли азоблар тайёрлаб қўйганмиз» (Нисо, 18).
28. у бунинг ажралиш эканини билганида;
Улар бунинг дунё ҳаётидан ажралиш, бир жудолик эканини билишганида нима қилишади? Ўлим соатини ҳар ким ҳар хил кутиб олади. Кимдир ўлимни абадий ҳаётга, Яратганнинг жамолига элтувчи бир йўлак сифатида кўради. Кимдир учун у – дунё лаззатларидан, фаровон-тўкин ҳаётдан бирданига узиб-ажартиб қўювчи даҳшатли фурсат! «Ҳар бир жон ўлим шарбатини тотувчидир» (Оли-Имрон, 185). Ўлим – мўмин-мусулмонлар учун абадий саодатга элтувчи бир манзил. Кофир ва мушриклар учун даҳшатли ҳисоб-китоб ва абадий азоб-уқубатнинг бошланиш бекатидир. Ўлим инсонни фоний дунёдаги яқинларидан, машғулот-юмушларидан, уй-жойу мол-мулклардан, йиллар давомида эришган обрў-мартабасидан, шон-шуҳратидан – ҳамма-ҳаммасидан бир лаҳзада узади-қўяди. Ҳатто у кўпинча васият қилишга, жигаргўшалар жамолига, дунёнинг жозибасига бир пас тўйиб олишга имкон ва фурсат қолдирмайди. Фаридиддин Аттор айтганларидай, «Умр битди, ажал келди, ярангга қай маҳал малҳам қўясан?». Қиёмат куни ўлгандан кейин тирилишга ишонмай юрган кимсаларнинг ҳоли жуда аянчли бўлади. Аллоҳ таоло бежизга ўлимни «фироқ, ажралиш» деб номламаган. Ўлим соати келганида инсон ўзининг ҳамма нарсасидан жудо бўлади. Агар инсон ўлимнинг ана шундай жудолик эканини билганида бунга тайёргарлик кўрган бўларди.
29. болдирлар бир-бирига чалишганида;
Ўлим келганида инсон оёқлари чалишиб, юролмай ҳам қолади ёки болдирлари бир-бирига чалишмаслиги учун ўзида ҳатто куч-қувват топа олмай қолади. Оёқлари, қўллари шол каби ўзига бўйсунмай қўяди. Баъзи муфассирлар ушбу оятнинг ботиний маъносини бундай шарҳлашади: «соқ» сўзи кўчма маънода келганида бахтсизликни англатади, қиёматда осийлар бошига бахтсизлик устига бахтсизлик ёғилаверганидан қилмишларининг қай бирига ҳисоб беришни ҳам билмай қолади. Етмиш-саксон йил бехато, ором олмай ишлаган аъзоларининг бари энди эгасига хизмат қилишдан воз кечади. Имом Ғаззолий бундай ёзади: «Қайта тирилиб, қабрдан чиққанларидан сўнг одамлар яланг оёқ, яланг бош, онадан энди туғилгандек, хатна қилинмаган ҳолда Ҳашр майдони сари ҳайдалишади… Одамлар Маҳшаргоҳга тўп-тўп қилиб ҳайдаладилар» («Иҳёу улумид-дин», «Ўлимдан сўнг» боби, 17-бет).
30. шу куни Парвардигорингизга қайтиш бўлур.
Барча инсонлар қиёмат куни Парвардигорлари ҳузурида тўпланишади. Бу ерга уларни тўп-тўп қилиб ҳайдаб келишади. Ҳар бир банда Аллоҳ азза ва жалла ҳузурида қилган яхши-ёмон ишларининг ҳисобини беради. Имонли, яхши амаллар эгалари жаннатга, имонсиз, осий бандалар дўзахга йўл олади. Аллоҳ таоло айтади: «Парвардигорингизга қасам, Биз албатта уларни шайтонлари билан бирга тўплаймиз, сўнгра дўзах атрофида тиз чўккан ҳолларида ҳозир қиламиз» (Марям, 68); «Жиноятчи кофирларни эса дўзахга тушишлари учун ҳайдайдиган кунимизни (эсланг)» (Марям, 86).
31. У тасдиқ этмади ва намоз ўқимади.
Нобакор инсон на пайғамбарлик рисолатини ва на Қуръон оятларини тасдиқлади. Тасдиқламаслик у ёқда қолиб, Аллоҳ таолога, Унинг Пайғамбарига, охиратга, ўлгандан кейин қайта тирилишга ишонмагани етмаганидек, у энди Парвардигор амр-фармонларидан ҳам юз ўгирди. Мусулмонларга имондан кейин энг муҳим фарз ҳисобланган беш вақт намозни ҳам адо этмади. Мана, Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари огоҳлантиришларини назарга илмагани жазосини энди тортиб ётибди. Лекин унинг дод-войига ҳеч ким қулоқ солмайди. Чунки у дунё ҳаётида Қуръони каримнинг мана бу оятларини ҳам инкор қилган эди: «Золим кимсалар: Парвардигоро, бизларга озгина муҳлат бер, Сенинг даъватингни қабул қиламиз, пайғамбарларинггга итоат қиламиз», дейишади. Айтиладики: «Ҳеч қачон ўлмаслигингиз ҳақида қасам ичмаган эдингларми?!» (Иброҳим, 44). Намоз руҳ озуқаси, қалб жароҳатининг шифоси, нафснинг жиловидир. Намоз қийналганларга ёрдам, хавфдагиларга омонлик, заифларга қувват, қуролсизларга қалқондир. Намоз банданинг дили ва вужудини боғлайдиган ибодатдир. Намоз имоннинг аломати, қабрни пурнур этувчи зиё, охиратда дўзахдан паноҳ берувчи, бандани ёмонлик, гуноҳлардан қайтарувчи энг яхши восита ва даводир. Аммо осий ва итоатсиз кимсалар ана шундай муҳим ибодатнинг лаззати ва ҳикматларидан маҳрумдирлар.
32. Ва лекин у «ёлғон» деди ва юз ўгирди.
Бу кимса Қуръонни ҳам, Пайғамбарнинг насиҳатларини ҳам ёлғонга чиқарди, улардан юз ўгирди. Чунки унинг қалбини кибр, жоҳиллик, ҳасад, ғурур каби хасталиклар ўраб-чирмаб олган эди, шайтон аллақачон ўз уйига айлантирган эди. Шу туфайли у абадий бахтга элтувчи ҳидоят йўлини ёлғонга чиқариб, инкор қилаверди ва охират саодатидан дунё лаззатларини устун кўриб, бунинг эвазига абадий азоб-қийноқларга гирифтор бўлди. «Бунга сабаб, Аллоҳга даъват қилинганида  куфр келтириб, агар Унга ширк келтирилса, ишониб кетишингиздир» (Ғофир, 12).
33. Сўнг оиласига керилиб борди.
Дили куфру исёнга тўлган малъун кимса Ҳақни инкор қилиш ва ёлғонга чиқариш билан кифояланмади, намозни тарк этганига афсусланмади. Устига-устак бир ишни дўндиргандай, қойиллатиб қўйгандай уйига хурсанд ҳолда керилиб борди, қабиладошларига қилмиши билан фахрланди. Унинг мана шу гердайиш ва манмансирашлари, ҳисобсиз гуноҳ-қилмишлари унинг дунё ва охиратда расво бўлганига далолатдир.
34. Ҳолингга вой сенинг, ҳолингга вой!
Ҳолингга вой бўлсин, эй гумроҳ банда! Ҳолингга вой бўлсин, озгина дунё деб, арзимас обрў-бойлик учун охиратини бой берган муфлис (синган) банда! Муфассирлар «авла лака»ни «ҳолингга вой, уялгин, ҳалок бўлгин» деб шарҳ қилишади.
35. Яна бир карра ҳолингга вой бўлсин!
Яна бир карра ҳолингга вой бўлсин, ўн карра, юз карра ҳолингга вой бўлсин! Сен куфру исёнинг, кибру ҳавоинг, саркашликларинг билан нима топдинг, нимага эришдинг? Икки дунё саодатини, охиратдаги абадий роҳат-фароғатни  намунча арзонга сотиб юбормасанг?! Қатода, Калбий, Муқотилдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (солллаллоҳу алайҳи ва саллам) Абу Жаҳлнинг қўлидан ушлаб: «Авла лака фаавла, сумма авла лака фаавла» деб огоҳлантирганларида, у: «Сен менга нима билан таҳдид қиляпсан? Сен ҳам, Парвардигоринг ҳам менга бирор нарса қилолмайсизлар! Мен бу водийнинг энг азиз кишисиман», деди-да, ортига қайтиб кетди. Шунда Аллоҳ таоло Расулуллоҳ (алайҳиссалом) айтганларидек, ушбу оятларни нозил қилди (туширди)». Макка мушриклари сардори Абу Жаҳл Бадр куни қавмига бошчилик қилди ва «Бу кундан бошлаб Аллоҳга ибодат қилинмайди», деди. У ниятига етмади, шу куниёқ жуда хунук ҳолатда ўлим топди.
36. Инсон ўз ҳолига ташлаб қўйилган, деб ўйлайдими?
Оятдаги «суда» сўзи «назоратсиз, ўз ҳолига ташлаб қўйилган, қилмишлари масъулиятига эътиборсиз, бефойда, кераксиз, ташландиқ» маъноларини билдиради. Нодон ва жоҳил кимса бу дунёга шунчаки маза қилиб еб-ичиш, дунё лаззатларидан фойдаланиб қолиш учун келганман, деб ўйлаяптими? Берилган шунча неъматлар, қулайликлар, яхшиликлар эвазига Аллоҳ таоло бандаларидан ҳеч нарса талаб қилмайди, деган хаёлга боряптими? Йўқ, Аллоҳ таоло: «Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учун яратдим» (Ваз-зориёт, 56); «Сўнгра (у Биз ато этган шундай гўзал сурат ва мукаммал хилқатнинг шукрини қилмасдан, куфру туғён йўлига кетгач), уни асфаласофинга қайтардик» (Ват-тийн, 5), деган.
Бундай кимсаларнинг атрофга боқишга, ҳаёт ва ўлим моҳияти ҳақида ўйлаб кўришга, ўзи яшаётган оламни ва мавжудотни ким яратгани, ўзининг дунёга нега келганию ва қаёққа кетиши ҳақида фикр юритишга имкони йўқ, иложи йўқ. Аллоҳ таолога итоат-ибодат қилиш, Унинг амр-фармонларини бажариш, қайтарган нарсаларини тарк этиш унга тоғни жойидан кўчиришдан ҳам машаққатли ишга айланган. Охират ҳақида ўйлаш умуман хаёлининг кўчасига келмайди, келса ҳам хаёлларини дарров нари қувади. Аксинча жилвакор дунёнинг журму исёнлари уни гирдобига ғарқ қилган. Шайтони лаъин икки бурнидан сим ўтказиб жиловлаб олган. Илм олиш, ҳалол ризқ излаш, ибодат қилиш ва шу йўл билан Аллоҳ розилигини топиш учун яратилган инсон имтиҳон дунёсини нафсини хурсанд қилиш, ҳайвоний истакларию шаҳвоний майлларини қондириш, ҳавойи орзуларига эришиш йўлида қурбон қилиб бўлган. Инсофу диёнат, ҳалоллик-поклик каби тушунчалардан узоқлашган. Наҳотки, у бу дунё ҳаёти вақтинчалик бир муҳлат эканини, синов учун берилганини тушунмаса?!
37. Ахир у манийдан тўкиладиган нутфа эмасмиди?
Инсон намунча кибрга, ғурурга бормаса! Ахир унинг асли ҳатто ўзи ҳам жирканадиган бир томчи нопок сув (маний) ичидаги нутфадан-ку! Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Инсон Биз уни нутфадан – бир томчи сувдан яратганимизни, энди эса тўсатдан очиқ қаршилик қилувчи бўлиб қолганини кўрмадими?» (Ёсин, 77). Ояти каримадаги «манийдан нутфа» жумласининг маъноси йигирманчи асрга келиб, тиббиёт илми юксак даражада ривожланиши, эмбриология (ҳомилашунослик) фанининг пайдо бўлиши, энг майда зарраларни кўрсатадиган заррабинларнинг (микроскоп) кашф этилиши туфайли очилди. Она бачадонидаги ҳомилани ўрганиб, тадқиқотлар ўтказган олимлар шуни англаб етишдики, ҳомила отанинг тухумидан она бачадонига тўкиладиган манийлар (сперматозоид) тўпламидан эмас, балки маний ичидаги кичик бир заррадан (нутфа) пайдо бўлар экан. Илм бу кашфиётни ўзининг оламшумул ютуғи деб билди, аммо фан бу нарсалар бундан ўн тўрт аср олдин Қуръони каримда муфассал баён этиб қўйилганидан бехабар эди. «Манийдан нутфа» жумласидаги «дан» маъносини берувчи «мин» араб тили қонуниятига кўра, «табъйиз» (яъни, баъзиси) учундир, бу эса нутфа манийнинг бир қисми, зарраси эканини билдиради.
38. Кейин лахта қон бўлди, Аллоҳ уни мукаммал қилиб яратди.
Ҳомила ривожланишининг кейинги босқичи унинг «алақа»га, яъни лахта қонга айланишидир. Эркак уруғи аёл тухуми ҳужайраси билан қўшилгач, ҳомила ривожланишининг дастлабки даври бошланади. Фанда “зигота” деб аталадиган якка ҳужайра ўша заҳотиёқ бўлиниб, кўпая бошлайди ва лахта қонга айланади. Зигота  “илгакча”лари билан бачадон деворига ёпишиб олади ва худди ерга кирган дарахтдек томир отади. Томирлар кўмагида танага тушаётган моддалардан ўзига керакли озуқани ола бошлайди. Бу ҳодиса Қуръоннинг яна бир мўъжизасидир. Аллоҳ таоло бундай дейди: “У инсонни лахта қондан яратгандир” (“Алақ”, 2). “Лахта қон” маъносида келган “алақ” сўзи арабчадан “нимагадир осилиб, ёпишиб олган нарса” деб ҳам таржима қилинади.
39. Кейин ундан эркак ва аёл жуфтни яратди.
Аллоҳ инсонларни беками-кўст яратибгина қолмай, уларни икки жинсда, ҳар бирига ўз жуфтини пайдо қилиб берди. Замонавий илм-фаннинг кашф этишича, фарзанднинг қиз ёки ўғил бўлиши, Қуръони карим таълим берганидай, отадан келадиган «сув»га боғлиқ экан. Яъни, агар нутфа (эркак уруғининг ҳужайраси) эркаклик хусусиятига эга бўлса, туғиладиган фарзанд ҳам ўғил бўлади, агар аёллик хусусиятига эга бўлса, қиз бола туғилади. Шу тариқа Қуръони карим туғилажак фарзанднинг ўғил ё қиз бўлиши отадан отилиб чиқадиган манийдаги нутфага боғлиқ экани хабарини берган.
Афсус, баъзи оилаларда Қуръони каримнинг бу ҳикматини тушунмай, кетма-кет қиз фарзанд туғилаверса, айбни фақат хотинига тўнкайдиган, «оббо, қиз туғдингми, агар яна қиз туғилса, талоғингни бераман», дейдиган жоҳил эрлар ҳам бор. Аслида, бу масалада аёлларни айбдор қилиш мутлақо нотўғридир. Агар Аллоҳ таоло умуман фарзанд бермай, бола тирноғига зор қилиб қўйса, бу ношукр ота-оналар нима қила олишарди?
Эркак ва аёл жинснинг жуфт этиб яратилгани ҳаёт учун ниҳоятда муҳимлигини инкор этадиган бирор киши бўлмаса керак. Аллоҳ таоло нафақат инсон насли, барча жонли-жонсиз мавжудотни ҳам жуфт-жуфт қилиб яратган. Бу ҳолат йигирманчи асрга келибгина кашф этилди. Англиялик физик олим Пол Дирак борлиқдаги барча нарсаларнинг жуфт этиб яратилганини 1933 йили "Аннигилятсия ва жуфтларнинг туғилиши" асари билан исботлаб, Нобел мукофотига сазовор бўлди.
40. Наҳот шундай Зот ўликларни тирилтиришга қодир бўлмаса?!
Наҳотки инсонни беками-кўст, ҳатто жуфтигача яратган Аллоҳ азза ва жалла у ўлганидан кейин уни қайтадан тирилтиришга қодир бўлмаса?! Бирорта ҳам эсли-ҳушли, оқил киши буни инкор қилолмайди. Аммо куфру исён ботқоғига ботганлар ҳамон бу ҳақиқатга ишонмай, уни ёлғонга чиқариб юришибди. Ҳар бир  тафаккур аҳли ўзини қуйидаги уч савол билан сўроққа тутади: «Киммиз, дунёга нега келдик, қаёққа кетамиз?» Агар ана шу саволлар моҳиятини кенгроқ мушоҳада қиладиган бўлсак, улар яна бир қанча майда саволчаларга бўлиниб кетади: «Нима учун яратилдик? Нега бунчалар ранг-барангмиз? Нега ҳамма бир динга эътиқод қилмайди? Қаерга борамиз? Яна қайтамизми? Бу борлиқ нима ўзи? Уни ким бошқаради? Дунё ҳаёти қандай бошлангану қандай тугайди? Ҳаётимизни қандай яшаб ўтишимиз керак? Ўлгандан кейин бизларни нима кутади? Ва ҳоказо...»
Хўш, инсон ҳаёти шу қадар жумбоқ экан, унда берилган умрни қандай яшаб ўтиш керак? Бир лаҳзадай ўтиб кетадиган йиллар қариб, ўлим дамлари яқинлашганда афсус-надомат чекмаслик учун қандай тайёргарлик кўриш лозим? Ана шу саволларга жавоб топиш учун эса Аллоҳ таолонинг инсонни яратишдан мурод ва ҳикматини англаб олишимиз зарур бўлади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат этади: «Дарҳақиқат, Биз инсонни энг гўзал шаклу шамойилда яратдик» (Ват-тийн, 4); «Дарҳақиқат, Биз инсонни имтиҳон қилгувчи бўлган ҳолимизда аралаш нутфадан яратдик. Бас, синаш учун уни эшитадиган, кўрадиган қилдик» (Инсон, 2).
Инсоннинг яратилиш босқичига бир эътибор қилинг: одамзодни яратиш учун Аллоҳ таоло тупроқдан лой қилган, лойдан сополга ўхшаш жасад халқ қилган, сўнг ўша жасадга руҳидан жон киритган. Одам вафот қилганида энг аввало руҳи (жони) чиқади. Сўнг жасад сополга ўхшаб қотади. Ерга дафн қилинганидан кейин у шишиб ёрилади ва лойга ўхшаб қолади. Охири тупроққа аралашиб кетади, яъни олинган жойига қайтади. Инсоннинг яратилиш босқичлари шу! Одам наслини шу тариқа яратган Парвардигор наҳот уни яна қайтадан тирилтиришга қодир бўлмаса?! Ибн Абу Ҳотим (раҳматуллоҳи алайҳ) ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу оятни қироат қилсалар: «Субҳанакаллоҳумма, бала» (Аллоҳим, Сен поксан, худди шундай), дердилар». Яна бир ҳадисда келишича: «Расулуллоҳ (алайҳиссалом): «Ким «Ла уқсиму би явмил-қиямаҳ»ни (Қиёмат сурасини) ўқиб, «Алайса залика биқодирин ъала юҳйиял-мавт»гача тугатса, кейин «бала» (худди шундай) десин», деганлар» (Имом Аҳмад, Термизий ривояти).

Орқага Олдинга