Маккада тушган, 50 оятдан иборат
Сура номи унинг биринчи оятидан олинган бўлиб, Мурсалот ғорида нозил бўлгани учун шу ном билан аталган. У ҳам бошқа маккий суралар қатори ақида, имон, ғайб мавзуларини қамраб олган. Сура борлиқдаги барча ишлар тадбирини қилишга буюрилган фаришталарга қасам билан бошланади. Суранинг асосий негизи охират ҳолатлари, ўлгандан кейин қайта тирилиш ҳақидадир. Сурада бу ҳолатларнинг исботи учун қуйидаги кучли далиллар келтирилган: Аллоҳ таоло илоҳий қудрат билан ўтган айрим умматларни йўқ қилиб, ўрнига бошқасини келтиради; Ерни ўлик-тирикларни жамловчи қилиб қўйган ва унга улкан тоғларни ўрнатган; қиёмат кунининг даҳшатлари, ўша куни ҳатто болаларнинг сочи оқариб кетиши; кофир ва мушрикларнинг борар жойлари белгилаб қўйилган; тақволи мўминларга ҳурмат-эҳтиромлар, абадий жаннат неъматлари ҳозирлангани; қиёматда осий ва тажовузкорларнинг ҳоли вой экани кабилар. Сура қиёматни инкор этиб, ёлғонга чиқарувчи осийларнинг саркашлиги ва итоатсизлиги ҳамда бунинг учун бериладиган жазолар баёни билан якунланади.
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман.
1. Кетма-кет юбориладиганларга қасам;
«Мурсалот» сўзи «юборилганлар» маъносини англатади. Муфассирлар юборилганларнинг нималиги ҳақида икки хил фикр айтишган: бир тоифалари бундан мурод, фаришталардир, дейишади. Иккинчи тоифа эса бу шамолдир, деган фикр айтади. Айрим муфассирлар эса суранинг аввалги тўрт ояти шамоллар ҳақида, бешинчиси фаришталар ҳақидадир, дейишган. Оятдаги «урфан» сўзининг ҳам икки хил маъноси бор: биринчиси, маъруф, яхши ишлар бўлса, иккинчиси, кетма-кет, от ёли каби жипс маъноларидадир. Шундан келиб чиқиб, муфассирлар ушбу оятни «Яхшиликка чорлаш учун юборилган фаришталарга қасам» ҳамда «Кетма-кет юборилган фаришталарга қасам» деб тафсир қилишган. Ривоятда келтирилишича, «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга Минодаги ғорлардан бирида кетаётганимизда у зотга Мурсалот сураси нозил бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни тиловат қилардилар. Мен эса у зотнинг оғизларидан чиқаётган нарсани эшитиб, қабул қилиб олар эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам оғизлари у сабабли нам бўлар эди…», дедилар (Бухорий). 832 ҳижрий санада вафот этган Ал-Фосий: «Ушбу ғор Минодаги машҳур ғорлардан бўлиб, Хайф масжидининг орқасида, Яман томондаги тоғ ёнида жойлашган. Бу сўзни халаф олимлари салаф олимларидан эшитиб асар қилиб келишган», деган.
2. шиддатли елувчиларга қасам;
Шиддат билан учадиган фаришталарга ва шамолларга қасам, дейилмоқда. Оятда фаришталар ёки шамолларга қасам дейилишининг чуқур маъноси, узвий боғлиқлиги бор. Маълумки, фаришталар Аллоҳ таолонинг ваҳийлари, башорати ва огоҳлантиришлари каби яхшиликларини бандаларга етказишга масъулдир. Шамоллар ҳам булутларни ҳайдаб келиб, Ер юзига ёғинларни, ҳосилдорлик, серобчилик, қут-барака каби Аллоҳ неъматларини олиб келишга вазифалантирилган. Худди шамоллар керакли ўсимликлар уруғини тарқатгани каби улар ҳам Аллоҳ неъматларини бандаларга тарқатишади. Худди шамоллар Аллоҳнинг раҳмати ва балосини Ер юзига келтиришда восита бўлгани каби фаришталар ҳам Аллоҳ ва пайғамбарлари ўртасида воситачилик қилишади.
3. тарқатувчиларга қасам;
Оятда фаришталарга ва шамолларга «наширот», яъни тарқатувчи сифати бериляпти. Руҳий оламнинг қудрати рамзи бўлмиш фаришталар Аллоҳ таолонинг раҳмати ва мағфиратини Ер юзига оҳиста, ғазаби ва азобини шиддат билан тарқатишади. Моддий оламнинг рамзи бўлмиш шамоллар эса ёмғирли булутларни Аллоҳ хоҳлаган ерларга тарқатувчилардир.
4. фарқлаб берувчиларга қасам;
Фаришталар ҳақ ва ботилни, мўмин ва кофирларни, яхшилик ва ёмонликни инсонларга фарқлаб беришади. Худди шу каби шамоллар ҳам оҳисталик билан эсса, инсонлар ва ҳайвонларга, наботот-деҳқончиликларга фойда келтиради, агар шиддати билан қутурса, бутун оламни бузиб, ҳамма ёқни вайрон, экинларни пайхон қилиб юборади. Шамолнинг оҳиста эсиши «мурсалот», шиддат билан келиши «осифот» дейилади. Агар Аллоҳ хоҳласа, шамолларга булутларни ҳайдаб, қурғоқчилик бўлаётган ерларга майин, раҳмат ёмғирини ёғдиришни буюради, хоҳласа, булутларни бўлак-бўлак қилиб парчалатиб ташлайди, бир томчи ёғин тушмайди, хоҳласа, керагидан ортиқ жала, селларни юбориб, балога айлантиради. Шамолнинг бу ҳолатлари «наширот» ва «фориқот» деб аталади.
5. ваҳийни ташувчиларга қасам;
Фаришталар Аллоҳ таолонинг ваҳийларини пайғамбалари орқали бутун инсонларга ташиб, етказишга вазифадор қилинган. Аллоҳ таоло охирги Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга ваҳийларини, яъни Қуръони карим оятларини улуғ фаришталардан Жаброил алайҳиссалом орқали юборган. Ибн Касир (раҳматуллоҳи алайҳ): «Охирги икки сифат, яъни «фориқот» ва «мулқият»дан мурод, фаришталар эканига уламолар ўртасида ихтилоф йўқ», деган.
6. тавба ва огоҳлантиришларни ҳам.
Шамоллар оҳиста ва қутуриб эсганида бандалар дилига тавба қилиш, Аллоҳдан қўрқиш ва азоблари хавфини солгани каби фаришталар ҳам пайғамбарларга Парвардигор ваҳийларини етказиб, бандаларни тавбага чақириш, охират мушклотлари ва дўзах қийноқларидан огоҳлантиришда воситачилик қилишади.
7. Ваъда қилинаётгани албатта содир бўлади.
Эй инсонлар, ғафлатда қолманг, сизларга ваъда қилинаётган қиёмат куни албатта келади. Ҳамманинг Парвардигори ҳузурида қилган амаллари бўйича ҳисобга тортилиши аниқ. Яхши амал эгаларининг жаннатга кириб, мангу роҳат-фароғатда яшаши, куфр ва ширкка ботганларнинг дўзахда абадий азоб-қийноқ чекиши шак-шубҳасиздир! Ҳақиқат шу бўлгач, унда нега бепарво юрибсизлар, тавбага шошилмаяпсизлар? Унда нега Аллоҳга, Пайғамбарига, Китобига, охират дунёсидаги ҳаётга ишонмай, буларни инкор этиб-ёлғонга чиқариб юрибсизлар? Барча мўминлар тавба қилишни, Аллоҳга қайтишни хоҳлайди. Лекин буни доимо кечиктиради, «кейинроқ» дейди. Олимлардан бири бундай ёзган: «Мен ҳам: “Агар ҳаж қилсам тавба қилиб, қайтаман”, дердим. Ҳажга бордим, тавба қилмадим. Ва яна: “Агар қирққа кирсам, тавба қиламан ва гуноҳлардан қайтаман”, дердим. Қирққа кирдим, тавба қилмадим. Олтмишдан ўтдим, тавба қилмадим. Қартайдим, тавба қилмадим. Бу, ҳаром амалларни қиляпман ва фаҳш ишларни амалга оширяпман, дегани эмас, алҳамдулиллаҳ! Лекин инсон ҳамиша солиҳликни умид қилади, аммо уни кейинга сураверади. Гўё берилган муҳлат кўп, деб ўйлайди. Умрни узоқ деб ҳисоблайди. Ўлим эса тўсатдан эшик қоққанини кўради. Мен ўзим ўлимни икки марта кўрганман. Ўлганнинг шуурини ҳис қилганман. Тоатсиз ўтказган ҳар дақиқамга пушаймон бўлганман. Қасамки, ундан қутулганимда бир неча ой ўша ҳислар сақланиб қолган. Солиҳ одамга айланиб қолганман. Сўнг ҳаёт тўлқинларига иккинчи марта шўнғидим. Унутдим... ўлимни унутдим. Ҳаммамиз ўлимни унутамиз. Ўлганлар олдимиздан ҳар кун «ёғоч от»да ўтганини кўрамиз. Лекин биз ҳам яқинда ўлишимизни тасаввур қилмаймиз. Жаноза намозида турамиз, аммо унда кўпроқ дунё ҳақида ўйлаймиз. Ҳар биримиз: ўлим ҳамманинг пешонасига ёзилган, деймиз. Фақат бундан ўзимиз истиснодек хотиржаммиз. Ваҳоланки, инсон аниқ билади; дунё ундан бурилмоқда ва у ҳам дунёдан бурилмоқда. Инсон қанча яшаса ҳам у ўлувчидир. Олтмиш йил яшасин, етмиш йил яшасин, юз йил яшасин. Бу муҳлат тугамайдими? Юз йил яшаб ўлган одамни билмаймизми? Нуҳ (алайҳиссалом) қавмини тўққиз юз эллик йил давомида даъват қилди. Нуҳ ҳозир қаерда? Дунё унга вафо қилдими? Ўлимдан омонда қолдими? Нима учун ўлим тўғрисида тафаккур қилмаймиз? Ундан қочиб қутулолмас эканмиз, нега унга тайёрланмаймиз? Кимнинг олдида қачонлиги номаълум сафар бўлса, унга ҳозирлик кўрмайдими? Чақирилса, жўнашга тайёрланмайдими? Ё: «Бироз кутинглар, ул-булимни йиғиштириб олай!» дейдими? Лекин унга муҳлат беришмайди. Ўлим фариштаси келган пайтда, тайёр эмас экансан, деб қолдириб кетиб қолмайди... Балки мажбурлаб олиб кетади. Бош тортса ҳам олиб кетади. Бир соат ҳам муҳлат бермайди...бир дақиқа ҳам...бир лаҳза ҳам! Муҳлат беришга унинг ўзи қодирмас, унинг ҳаққи йўқ! Бирортамиз эса ўлим фариштаси қачон келиб олиб кетишини билмаймиз...». Олимнинг бу гапларига эътироз билдиришнинг асло иложи йўқ!
Шундан сўнг сурада қиёмат куни содир бўладиган даҳшатли воқеалар баёни бошланади. «Сур чалинганидан кейин Аллоҳ таоло қиёмат қоим бўлишини ирода қилгач, тоғлар чангга айланиб, худди булутга ўхшаб осмонда учади. Баъзи денгизлар бошқасига қўшилиб кетади. Қуёшнинг нури кетиб, қоп-қора бўлиб қолади. Одамлар бир-бирига аралашиб кетади. Тизилган дурга ўхшаб турган юлдузлар ҳар ёққа сочилиб кетади. Осмон худди мумдек эрийди ва тегирмон тошидек қаттиқ айлана бошлайди. Аллоҳ таоло оламларнинг парча-парча бўлишини амр этади. Етти қават Ерда ва етти қават осмонда ҳеч қандай тирик жон қолмайди» (Имом Ғаззолий. «Қиёмат ва охират», Тошкент, 2004, 34-бет).
8. Юлдузлар сўнганида;
Қиёмат куни самони тўлдириб, ёритиб турган юлдузларнинг нури тамоман сўнади. Аллоҳ таоло айтади: «Қуёш ўралиб (нурсизланиб) қолганида, юлдузлар ҳам (ўз фалакларидан) тўкилганида, тоғлар ҳам жилдирилганида (қиёмат бўлади)» (Таквир, 1-3).
9. осмон ёрилганида;
Қиёматда осмон ёрилиб, парча-парча бўлиб кетади. Аллоҳ таоло айтади: «Булутли осмон ёрилиб, фаришталар туширилган кунни эсланг» (Фурқон, 25). «Инсонлар, жинлар ва бошқа махлуқлар – ҳаммаси йиғилиб туришганида осмондан қаттиқ наъра эшитилади ва бу уларни қўрқитиб юборади. Кейин осмон очилади ва дунё осмонининг фаришталари ердагиларга ўхшаб тушишади, кейин сафларини эгаллаб туришади. Уларга: «Парвардигоримиз ҳисоб қилишни сизлардан буюриб юбордими?» дейишади. Улар: «Йўқ, Раббимизнинг амри энди келади», дейишади. Сўнг иккинчи осмон фаришталари тушишади, дунё осмонида фаришталар кўпайиб туришади, дунё аҳли атрофида туриб олишади» (Абу Лайс Самарқандий. «Танбеҳул-ғофилин», 1-китоб, 52-бет).
10. тоғлар тўзғиганида;
Қиёмат келганида шундай залворли, қимирламайдиган тоғлар худди юнг каби тўзғиб кетади. бу ҳолат Қуръони каримнинг жуда кўп оятларида баён этилган: «Сур бир марта пуфланганида, еру тоғлар кўтарилиб, бир ҳамлада силкинганида, ана ўшанда қиёмат бўлади» (Ал-Ҳаққо, 13-15); «Тоғлар эса титилган юнг каби бўлиб қолади» (Ал-Қориа, 5).
11. пайғамбарларга белгиланган вақт келганида;
Пайғамбарлар келтирган шариатларни ёлғонга чиқарувчиларни жазолаш, уларни тасдиқ этганларни мукофотлаш, бандаларни ҳисоб-китоб қилиш, номаи аъмолларни тарқатиш, бандаларнинг амаллари тортиладиган тарозулар ўрнатиш каби охират дунёсининг воқеъликларини Аллоҳ таоло маълум муддатга кечиктирган эди. Инсоният яратилганидан буён Аллоҳ Ўз пайғамбарлари орқали нозил қилаётган илоҳий ваҳийи билан кишилик жамиятини тартибга солиб, бошқариб келяпти. Инсонлардан айримлари ана шу даъватга қўшилишади. Баъзилари эса уни инкор қилишади. Мушрикларнинг бутун бир жамияти ичидан фақат озгина киши элчиларга эргашган. Илоҳий даъват етиб борган халқларнинг асосий кўпчилиги ваҳийлардан юз ўгирди. Бунинг устига бу халқлар Аллоҳ таолога осийлик билангина кифояланиб қолмай, ўзларига юборилган пайғамбарларни, уларга иймон келтирган сафдошларини қаттиқ хўрлашди, улар устидан кулишди. Аллоҳнинг элчиларини ҳар гал ёлғончиликда, жоҳилликда, жодугарликда, ақлсизликда, манфаатпарастлик ва худбинликда, қўйингки барча гуноҳ-хатоларда айблашди. Бундан ташқари, осийлар пайғамбарларнинг ҳар бири ўз халқига фақат даъват қилгани ва Аллоҳга бўйсунишга чорлагани, улар пул ҳам, амал ҳам, бошқа дунёвий лаззатлар талаб қилмагани ва улар ўз халқини мажбурловчи бўлмаганига қарамай, халқнинг пешволари кўп ҳолларда пайғамбарлар ҳаётига дахл қилишди. Ваҳоланки, элчилар, яъни набийлар ва расулларнинг бутун фаолияти қавмини ҳақиқий имонга қайтишга ва ҳидоятли ҳаётни бошлашга даъват қилишдан иборат эди.
Аллоҳ бандаларини Ўзига ибодат қилишлари учун азиз ва мукаррам, ердаги халифа қилиб яратиш билан бирга уларни имтиҳон ҳам қилмоқчи бўлган ва одамзотга икки йўлни – иймон ва ҳидоят йўлини, куфр ва залолат йўлини рўпара қилиб қўйган. Биринчи йўлни танлаганлар Аллоҳга бўйсунишади, Ундан қўрқишади, Аллоҳ кўрсатганидай фақат солиҳ, эзгу амаллар қилиб ўтишади. Буларнинг эвазига абадий роҳат-фароғат маскани бўлмиш жаннатда яшаш билан мукофотланишади. Иккинчи йўлни танлаганлар эса Аллоҳга ширк келтирган, шайтон васвасасига, нафс найрангига учиб, умрини гуноҳ ва қабиҳ ишлар билан ўтказган, елга совурганлардир. Улар чексиз азоб-уқубат ўчоғи бўлмиш жаҳаннамда абадий азоб чекиш билан жазоланадилар.
Хўш, қаршисида икки йўл турган инсон ҳақ йўлни, тўғри йўлни қандай танлай олади? Ҳар ишда меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ таоло шунда ҳам бандаларининг ғамини еган. Уларга раҳм қилиб, йўлларини тополмай, адашиб-улоқиб юрмасинлар, деб элчилари (пайғамбарлари) орқали уларга Ўзининг кўрсатма ва амрларини юбориб турган. Ҳозиргача курраи заминда яшаб ўтган бирон-бир халқ ёки қавм йўқки, унга Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарини юбормаган, набий ёки расул орқали даъватини етказмаган бўлсин! Тарихий манбаларда жами йигирма тўрт минг пайғамбар юборилгани ҳақида хабар берилади. Шулардан йигирма беш нафарининг зикри Қуръони каримда келган. Набий ва расуллар, яъни пайғамбарлар Аллоҳ таоло инсонлар орасидан саралаб олган шахслар бўлиб, улар мўминларга дунё ва охират хушхабарларини етказишади. Кофир кимсаларни дунё ва охиратда шиддатли азоблар борлигидан огоҳлантиришади.
12. қай кунгача кечиктирилганди?
Бу ишлар инсонлар икки тоифага: Аллоҳ ва Унинг Пайғабмарига ишониб, умрини солиҳ амаллар, эзгу ишлар билан безаган саодатманд мўминлар ҳамда улкан гуноҳларига тавба қилмай дўзахий бўлган ҳолида вафот этиб, энди қайта тирилтирилган бахтсиз кимсаларга ажратилган ажрим кунигача кечиктирилган эди.
13. Ажрим кунигача.
Қиёматда инсонлар мўмин ва кофирга ажралади. Мўминлар жаннатга, кофирлар дўзахга ажралиб кетишади. Пайғамбарлар ўша куни ўзларига имон келтирган мўминлар фойдасига, ўзларини инкор қилган куфр эгалари зарарига гувоҳлик қилишади. Қиёмат кунининг номларидан бири «явмил фасл», яъни ажратиш, ажрим қилиш кунидир. Чунки қиёмат куни ҳақ ва ботил, бандалар ўртасидаги ҳақлар, гуноҳкорлар ва мўминлар ораси ажратилади, ажрим қилинади. Бировнинг савоб ё гуноҳи бошқасига ўтмайди, бировнинг ҳақи ўзгада қолмайди, мўмин мукофотсиз, куфр ва ширк эгаси жазосиз қолмайди. Шунинг учун Аллоҳ таоло қиёматни ажрим қилинадиган, ҳамма нарса сарак-пучакка ажратиладиган кун деб атаган.
14. (Эй инсон), ажрим куни нималигини биласанми?
Эй инсон, ажратиладиган куннинг нималигини биласанми? Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: «Қиёмат куни инсонлар уч гуруҳ қилиб ҳашр қилинади (тўпланади), бир гуруҳ (Аллоҳнинг неъматларидан) еган ва либослари ичра, уловларга минган ҳолда; бир гуруҳи эса яёв ҳолида; яна бир гуруҳ эса фаришталар томонидан юзтубан судралган ҳолда» (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ривояти).
15. Ўша кунда инкорчилар ҳолига вой!
Дунё ҳаётида Аллоҳ ва Унинг ваҳийларини, қиёмат кунини, ўлгандан кейин қайта тирилишни, охиратдаги мукофот ёки жазони инкор қилиб, буларга ишонмаган жоҳил кимсалар ҳолига вой бўлсин! Оятдаги «вайл» сўзи «ҳолига вой, шўри қурисин, ҳалок бўлсин» маъноларини англатади. Ушбу суранинг ўнта ояти куфр келтирган ва Аллоҳ таолонинг ваҳийларини инкор этганларга мана шундай бир хил қаттиқ таҳдид қилади. Бир суранинг ўн жойида Аллоҳ таолонинг инсонларга бундай таҳдид қилиб огоҳлантириши бежиз эмас. Инсониятнинг бутун тарихига назар ташланса, Парвардигор уларни ҳидоятга, тўғри йўлга, тавҳидга (яккахудоликка) йўллаш учун пайғамбарларини илоҳий дастур (саҳифалар, китоблар, ваҳийлар) билан юборган. Жоҳил ва гумроҳ инсонлар эса ўзларининг нодонликлари, кибр ва ғурурлари, танбаллик ва қайсарликлари туфайли буларни инкор этишаверган. Ваҳий келтирган пайғамбарларни ёлғончига чиқариб, мазах қилишган, хўрлашган, ҳатто жисман йўқотишгача боришган. Худди шу каби Макка мушриклари ҳам ўзларини Аллоҳнинг азоби ва жазосидан огоҳлантирувчи, ҳидоятга бошловчи бўлган Пайғамбаримизга (алайҳиссалом) кўп озор беришди, ҳатто туғилиб ўсган шаҳарларидан қувишди, у зотга эргашганлар бошига кўп кулфат ва хўрликларни солишди. Бу саркашлик куфр ва ширк эгаларининг қиёмат, ўлгандан кейин қайта тирилиш, ҳисоб, жаннат ва дўзах каби ҳақиқатларга ишонмаганларидан эди. Бу нодонлар қилмишлари учун дунё ҳаётида турли бало-офатларга дучор қилинишиса, охиратда эса уларни аламли азоблар кутиб турибди. Қиёмат куни келганида Ҳақни инкор этувчилар ҳолига минг марталаб вой бўлади.
16. Биз олдингиларни ҳалок қилмадикми?
Гумроҳ ва сўқир инсонлар Аллоҳнинг пайғамбарлари даъватига қулоқ солишмади, инкор қилишди, ёлғонга чиқаришди. Ана шундай саркаш, исёнкор, итоатсиз, ношукр қавмлар бу дунёнинг ўзидаёқ турли балою-офатларга, фалокатларга учраб, ер юзидан йўқ қилиб юборилди. Қуръони каримда зикри келган пайғамбарларнинг қиссаларида ана шу қавмларнинг фожиаси келтирилган: «(Эй Муҳаммад), агар улар (яъни, Макка мушриклари) сизни ёлғончи қилсалар, улардан илгари Нуҳ қавми, Од, Самуд ҳам (ўзларига юборилган пайғамбарларни) ёлғончи қилгандирлар. Иброҳимнинг қавми (Иброҳимни), Лут қавми (Лутни), Мадян аҳолиси (Шуайбни ёлғончи қилгандирлар). Мусо ҳам ёлғончи қилинди. Мен эса кофир бўлган кимсаларга муҳлат бериб қўйиб, сўнгра уларни (Ўз азобим билан) ушладим. Бас, Менинг инкорим қандай бўлди?!» (Ҳаж, 42–44). Дарҳақиқат, пайғамбарлар тарихига назар солсак, инсонлар ҳамиша ҳақиқатга қариши исёнда бўлгани, ўзларига даъват ва ваҳий келтирган Аллоҳнинг элчиларига бўйсунишмагани учун охири бу дунёда чексиз азоб-кулфатлар, охиратда эса аламли жаҳаннам қийноқлари кутаётганидан огоҳлантирилган.
17. Кейин Биз ортларидан бошқаларини ҳам эргаштирмадикми?
Аллоҳ таоло исёнкор, итоатсиз ва саркаш қавмлар устига бало-офатларни юбориб, уларни ҳалок қилгач, улар ўрнига бошқа бир қавмни жўнатади. Агар улар ҳам Аллоҳ таоло ва Унинг пайғамбарларига итоатсизлик қилишса, улар бошига ҳам олдинги қавмнинг куни тушади. «Сўнг уларнинг ортидан намозни зое қиладиган ва шаҳватларга бериладиган кимсалар ўринбосар бўлдилар. Энди улар албатта ёмонликка йўлиқишади» (Марям, 59); Аллоҳ таоло бундай дейди: «Биз қачон бирон шаҳарни ҳалок қилишни истасак, унинг боёнларини (ўзимиз юборган пайғамбарларга итоат этишга) буюриб, улар итоатсизлик қилишгач, у шаҳар устига аҳолиси ҳалок бўлиши ҳақидаги Сўз вожиб – муқаррар бўлади. Биз уни вайронага айлантирамиз» (Ал-Исро, 16).
18. Гуноҳкорларни шундай ҳалок қиламиз.
Аллоҳ таоло осий-жиноятчиларни шундай жазолайди. Кўриб турибсизки, бу гумроҳ, ўз фойдасини билмаган қавмлар доимо адашишда бўлган. Ҳамиша шайтон васвасасига учиб, Аллоҳ таолонинг ҳақ йўлидан чекинган. Чунки дунё ҳаётининг роҳат-фароғатлари инсонга чиройли кўрсатиб қўйилган. Шайтон ҳамиша уни йўлдан оздиради. Тоат-ибодатдан, солиҳ амаллардан қайтаради. Инсонлар орасига бузғу-адоват, нифоқ солади. Шайтон йўлига эргашганларнинг қулоқларига пайғамбарнинг чақириқ ва илтижолари асло кирмайди. Аллоҳ таоло ҳар қадамда кўрсатиб қўйган ибрат, мўъжизаларни кўзлари кўрмайди. Ноқис ақллари Аллоҳ динининг, Аллоҳ шариатининг исбот талаб этмайдиган олий ҳақиқатларини илғаб олишга ярамайди. Улар бу дунёда Аллоҳ таоло берган беҳисоб неъматларни, мўл ризқларини гўё ўзлари ишлаб топгандай бемалол еб-ичиб, ҳатто шукрини қилишмайди. Бу дунёнинг журму исёнларига ғарқ бўлиб, охиратни эсдан чиқаришади. Арзимас мартаба ёки матоҳ дея раҳбарларига сажда қилишадию, аммо бутун оламларнинг Эгаси, замину коинотнинг ҳақиқий Хожаси, барча мавжудотларнинг Яратувчиси бўлмиш буюк Зотга ибодат қилишга, Унинг амр-фармонларини бажаришга эринишади, ор қилишади, бепарво бўлишади. Бундан ортиқ нодонлик, бундан зиёд гумроҳлик, бундан-да осийлик борми?!
19. Ўша кунда инкорчилар ҳолига вой!
Дунё ҳаётида Аллоҳ ва Унинг ваҳийларини, қиёмат кунини, ўлгандан кейин қайта тирилишни, охиратдаги мукофот ёки жазони инкор қилган, ёлғонга чиқарган, буларга ишонмаган жоҳил кимсалар ҳолига вой бўлсин!
20. Биз сизларни арзимас сувдан яратмадикми?
Аллоҳ таоло инсонни бир томчи ҳақир, арзимас сувдан яратган. Бу ҳақда қуръони каримда бундай зикр қилинган: «Дарҳақиқат, Биз инсонни имтиҳон қилгувчи бўлган ҳолимизда аралаш нутфадан яратдик. Синаш учун уни эшитадиган, кўрадиган қилдик» (Инсон, 2); «Сўнгра (у Биз ато этган шундай гўзал сурат ва мукаммал хилқатнинг шукрини қилмай куфру туғёнга кетгач), уни асфаласофинга қайтардик» (Ват-тийн, 5).
Инсоннинг асли бир томчи ҳақир сувдан ва арзимас қора лой-балчиқдан иборат. Аллоҳ таоло унга Ўз руҳидан киритгандан кейингина у инсонга айланади, фаришталар сажда қиладиган мукаррам зотга айланади. Инсоннинг қадр-қиммати руҳ билан боғлиқдир. Демак, инсон қанча руҳоний бўлса, Аллоҳдан қанча қўрқса, Унга қанчалик кўп ибодат қилса, инсоннинг қадр-қиммати шунча ошади. Инсон қанча иймонли, диёнатли бўлса, Аллоҳга муҳаббати ва итоати қанчалик улуғ бўлса, шундагина у чин инсон бўлади. Аллоҳ таолонинг уни яратиш билан зиммасига юклаган шарафли вазифани кўнгилдагидек уддалаган бўлади.
21. Кейин уни пухталаб жойламадикми;
Аллоҳ таоло бир томчи сувдан яратган ҳомилани кейин она бачадонига пухталаб жойлайди. Қуръони каримнинг бу илоҳий мўъжизасини замонамиз олимларидан Холуқ Нурбоқий бундай тасвирлайди: «Онанинг тухум ҳужайраси уруғланиб, етилган заҳоти қорин бўшлиғига ўтиб олади. «Фаллоп найи» деб аталган, бир учи раҳимга (бачадонга), иккинчи учи қорин бўшлиғига очилиб турган найчанинг қорин бўшлиғига қараган учи медузанинг қўллари каби узун тутқич-узаткичларга эгадир ва у тухумни қорин бўшлғида бир вакуум сингари ушлаб, ичига қамаб олади… Кейин уруғланган тухум ҳужайраси қават-қават ҳужайралардан қурилган раҳим ичида қулай бир жойга ўрнашади. Уруғланган тухум учун раҳимнинг ички сатҳи бой ва мустаҳкам бир муҳитдир» («Қуръони каримнинг илмий мўъжизалари», Тошкент, 2002 йил, 82-бет).
22. маълум вақтгача?
Яъни, ҳомила катталашиб, инсон қиёфасига киргунича она бачадонида маълум муддат қолади. Инсон ҳаётининг бир неча босқичлари бор. Биринчи босқичда она қорнида ҳомила бўлади. Кейинги босқичда бу дунёда бўлади. Яна бир босқичда дунё ва охират ўртасидаги барзахда бўлади. Бу ҳаётда ўлимидан то қиёмат кунигача яшайди. Охирги абадий босқич эса, ҳақиқий ҳаёти – охират босқичи бўлади. Ҳар бир босқич олдингисига нисбатан, кейингиси унга нисбатан ўхшаш бўлади...
Она қорнининг торлигига нисбатан бу дунёнинг кенглиги -- бу дунёнинг торлигига нисбатан барзахнинг кенглигига ўхшаш бўлади. Барзахнинг торлиги эса охиратнинг кенглиги олдида олдингиси нисбатидадир. Ҳомила қоринни ўз дунёси, деб ҳисоблайди. Агар ақли бўлиб, фикрлаганда ва сўралиб жавоб берганда, қориндан чиқишини муҳаққақ ўлим, деган бўларди. Агар бир қоринда эгизак бўлганда, улардан бири бошқасидан олдин туғилганда ва ундан олдин тушаётганини кўрганда, унинг фироқида: у ўлди ва тубсизликда кўмилди, дерди. Агар жасадининг озиқлантирувчи бўлаги бўлмиш «ҳамроҳ»ини ахлатга қўшиб отишганини кўрганида акаси гумон қилиб йиғларди. Худди она гард юқишини ҳам хоҳламаган боласини тупроққа қўйганда йиғлагани каби. Билмайдики, бу жасаднинг ўзи ҳам «ҳамроҳ» каби кир-чир кийим, ишлатиб бўлиниб эскирган кўйлак сифат эканини.
23. Буни Биз белгиладик, белгиловчиларнинг энг яхшисимиз.
Инсонни шу тариқа йўқдан бор қилиш ҳам, уни дунёга келтириб, ҳаёт бағишлаш ҳам, уни вафот эттириб, қиёмат куни қайтадан тирилтириш ҳам – бари Аллоҳ таолонинг иродасига ва қудратига боғлиқ. Инсонларни яратиш босқичларини, ҳаёт ва ўлимини белгилаш Аллоҳ азза ва жаллага хосдир. Ҳеч бир зот бу борада Аллоҳга тенг бўлолмайди, Унинг яратганларига шериклик қилолмайди, У белгилаган илоҳий низомни асло ўзгартира олмайди. Аллоҳ таоло бундай хабар берган: «(Эй кофирлар), нега Аллоҳга куфр келтирасизлар? Ҳолбуки бежон эдинглар, У жон берди. Кейин жонингизни олади, яна тирилтиради, сўнгра Унинг ҳузурига қайтариласизлар» (Бақара, 28); «У бачадондагиларни хоҳлаган сувратга ва шаклга солувчидир. Ундан ўзга илоҳ йўқдир, У қудратли ва ҳикматлидир» (Оли-Имрон, 6).
24. Ўша кунда инкорчилар ҳолига вой!
Дунё ҳаётида Аллоҳ ва Унинг ваҳийларини, қиёмат кунини, ўлгандан кейин қайта тирилишни, охиратдаги мукофот ёки жазони инкор қилиб, буларга ишонмаган жоҳил кимсалар ҳолига вой бўлсин!
25. Биз Ерни йиғувчи қилиб қўймадикми;
Аллоҳ таоло: «Биз Ерни одамларни тўпловчи, жамловчи қилиб қўймадикми?» деяпти. Оятдаги «кифата» сўзи бағрига тўплайдиган, жамлайдиган нарсага нисбатан ишлатилади. Шаъбий (раҳматуллоҳи алайҳ) ушбу оятни: «Ер остини ўликларга, устини тирикларга қилиб бермадикми?» деб изоҳлаган. Уламолар инсон ўлганида унинг маййитини, ҳаётда инсондан тушган соч, тирноқ, тана аъзоларини тупроққа кўмиш вожиблигини шу оятдан олишган.
26. тириклару ўликларни?
Ҳақиқатан бу Ер тирикларга ҳам, ўликларга ҳам маскандир. Инсон туғилгач, Ерда атак-чечак қилиб юришни бошлайди, Ер устида улғаяди, оила қуради, деҳқончилик қилиб ё олис юртларга тижорат мақсадида сафар қилиб, ризқ излайди, ҳаёт кечиради, бир куни ажали келгач, яна Ер остидан жой олади. Қиёматда Ер Аллоҳ таолонинг амри билан ўликларни бағридан чиқариб ташлайди, Аллоҳ азза ва жалла уларни Ҳашр майдонига йўллайди.
27. Ва унда баланд тоғларни вужудга келтирмадикми ва сизларга чучук сув ичирмадикми?
Ушбу оятда Аллоҳ таоло дунёда бандаларига ато этган икки неъматини зикр қиляпти. Яъни, Ерни инсонларга қулай қилиб ёйиб, унга тоғларни ўрнатиб, маҳкамлаб қўйди. Одамлар ва ҳайвонларга тоғлардан чучук сув манбалари бўлган булоқ-дарёларни оқизиб қўйди. Тоғларнинг Ернинг қозиғи қилиб яратилганини йигирманчи асрга келибгина фан кашф эта олди. Маълумки, икки ерости қатлами тўқнашганда уларнинг мустаҳкамроғи пастдан жой олади. Тепадан ўрин олган қатлам бурмалар ҳосил қилади. Кейинчалик у ердан тоғ-тепаликлар пайдо бўлади. Пастдаги қатлам Ер остида пастга қараб ҳаракатини давом эттиради. Тоғларнинг хоссалари илмий китобларнинг бирида шундай баён қилинган: "Тоғ тизмалари кўп ва зич бўлган материкларда тоғларнинг Ер илдизига кириб бориши кузатилган". Қуръоннинг бир оятида тоғлар пайдо бўлишида учрайдиган бу кўриниш қозиқларга ўхшатилади: "Биз Ерни бир тўшак, тоғларни эса (ўша ерни тутиб турувчи) қозиқлар қилиб қўймадикми?!" (Набаъ, 6-7). Ҳам Ер ости, ҳам Ер устида жойлашган тоғлар Ер қатламларини мустаҳкамлайди, магмаларнинг ҳаракатини чеклайди. Шу тариқа, тоғлар худди михлардек икки қатламни тутиб туради. Тоғларнинг бу хоссаси фанда изостатика деб аталади. Замонавий геолог ва зилзилашунос (сейсмолог)ларнинг кўп йиллик тадқиқотлари натижасида чиқарган юқоридаги хулосалари неча асрлар олдин нозил қилинган Китоб – Қуръонда аллақачон кўрсатиб ўтилган эди. "У осмонларни сизлар кўрадиган устунларсиз яратиб, сизларни тебратмаслиги учун ерда тоғларни барпо қилди..." (Луқмон, 10). Ичимлик суви ҳам Аллоҳнинг бандаларига ато этган неъматлари ичида энг муҳимидир. Ер юзининг учдан икки қисми сувдан иборат бўлишига қарамай, инсоният ҳозирги кунда ичимлик суви муаммосига дуч келган. Чунки тоза ичимлик суви танқислиги туфайли урушлар бўляпти, касалликлар келиб чиқяпти, одамлар ҳалок бўляпти. Бу нарсанинг ўзиёқ чучук сув Аллоҳнинг бандаларга улкан марҳамати эканини кўрсатяпти. Шундай улуғ неъматларни берган Парвардигор ваҳийларини инкор қилиш мумкинми?
28. Ўша кунда инкорчилар ҳолига вой!
Дунё ҳаётида Аллоҳ ва Унинг ваҳийларини, қиёмат кунини, ўлгандан кейин қайта тирилишни, охиратдаги мукофот ёки жазони инкор қилиб, буларга ишонмаган жоҳил кимсалар ҳолига вой бўлсин!
29. Ёлғонга чиқарган нарсангизга юринглар.
Жоҳил ва саркаш кимсалар дунёда Аллоҳнинг қиёматдаги ҳисоби, гуноҳкорларнинг дўзахга ташлашига, умуман охиратга ишонишмас, уни ёлғонга чиқаришар эди. Мана энди ўша кун келди, дўзах олови гуриллаб ёниб турибди, шунда фаришталар: қани, ўзинглар ёлғонга чиқарган дўзахга қараб юринглар-чи, дея уларни юзтубан ҳолда судраб кетишади. Чунки дунё ҳаётида улар бу ҳақда Аллоҳ таолонинг ваҳийлари орқали тинмай огоҳлантирилган эди. Аллоҳ таоло айтган: «Қиёмат кунида Аллоҳ шаънига ёлғон сўзлаган кимсаларни юзлари қора ҳолда кўрасиз» (Зумар, 60); «Биз тақводор зотларни отлиқ ҳолларида Раҳмон даргоҳига тўплайдиган ва жиноятчи кофирларни дўзахга тушишлари учун ҳайдайдиган кунни (эсланг)» (Марям, 85-86).
30. Уч бўлакли «соя»га юринглар.
Чидаб бўлмас иссиқдан ҳимояланишмоқчи бўлишса, куфр ва ширк эгалари уларга атаб қўйилган уч бўлак «соя»га қараб юришсин. Бу уларни хорлаш, устларидан кулиш ва масхаралаш учундир. Чунки улар дунёдаги қайсарликлари, жоҳилликлари, итоатсизликлари эвазига қиёмат куни чидаб бўлмас азоб-қийноқларга гирифтор бўлишади. Уламолардан Имом Қатода бундай деган: «Қиёмат куни куфр эгалари Маҳшаргоҳ иссиғидан фарёд чекиб туришганида уларни «соялантириш» учун дўзахдан бир тутун кўтарилиб, бу нафас бўғувчи тутун кофирнинг уч томонидан ўраб олади: бир қисми боши узра соябон каби, бир бўлаги ўнгида, бири чапида туради. У то ҳисобдан қутулгунича ҳолати шундай бўлади, аммо мўминлар Арш соясида бўлишади». Баъзи муфассирлар «Уч бўлакли соя» ўлим, қайта тирилиш ва Аллоҳнинг ҳисобидир, булар осийлар қалбига қора соя ташлайди, деб тафсир қилишган.
31. У на соядир, на оташдан қутқарур.
Аршнинг соясидан бўлак ҳеч қандай соя бўлмайдиган, ҳаво ҳароратига дўзах оловининг иссиғи қўшилиб, дунёни ёндириб юборай деб турган қиёмат кунида гумроҳ ва саркашлар сояга зор бўлганида дўзахдан келган уч шохли «соя» улар жонига оро кириш ўрнига азоб-қийноқларини баттар кучайтириб юборади. Уларга: «Уч шохли соя тарафга юринглар, аммо у сизларга на соя беради, на сизларни дўзах азобидан қутқара олади», дейилади.
32. У қаср каби чўғлар сочади;
Дўзах шунақанги ловуллаб ёнадики, ғазабга келганидан ҳамма ёққа чўғ-учқунлар сочади. Ояти каримадаги «қоср» сўзини аксари олимлар «қаср, сарой» деб ўгиришган. Яъни, дўзах қасрлар каби улкан учқунларни сочиб ёнади. Олмонияда нашр этилган «Die Sonne» китобининг 177-бетида ёзилишича, Қуёш сатҳида бир йилда етти минг мартагача портлаш (олов пуркаш) ҳодисаси рўй бериб, бунда олов учқунлари беш километр юқорига отилади. Олимлар Қуёш ядросидаги иссиқликни йигирма миллион даража дейишади. Энди Аллоҳ яратган биргина осмон жисмидан шунчалик қаттиқ иссиқликдаги олов шунчалик баландликка отилар экан, дўзах оловларининг қанчалик улкан ва куйдирувчи эканини тасаввур қилиб олаверинг. Шу боис ҳам Пайғамбар алайҳиссалом: «Пешин намозини салқинроқ пайтга кечиктириб ўқинглар, чунки иссиқлик шиддати дўзахнинг тафтидандир», деганлар (Имом Бухорий ривояти). Оятдаги «қаср» сўзининг бошқача маъноси ҳам бор. «Қоср» (кўпликда «қосарот») дарахт тўнкаси, томири маъносини ҳам билдиради. «Тафсири Қуртубий»да келишича, Саид ибн Жубайр «қоср»ни дарахт тўнкаси, деган (Имом Бухорий). Демак, бу сўз дўзах қаттиқ тўнкалар ёнганида пақиллаб учқун сочгани каби олов сочиб ёнишини ҳам билдиради. Оятдаги «шарорун» сўзи чўғлар маъносини билдиради.
33. сарғимтир туяларга ўхшаган.
Маълумки, гулхан чала ёнганида қорамтир, кулранг тутун чиқаради. Тўла, гуриллаб ёнганида эса олов ранги сарғимтир, қизғиш тусга киради. Қуръони карим туширилган арабларга тушунарли бўлиши учун дўзах оташининг ранги уларда кўп бўладиган, арабларнинг чинакам фахри ҳисобланган сарғимтир туя рангига ўхшатиляпти. Оятдаги «суфрун» сўзи кўпроқ устини сариқ тук қоплаган қора туяга нисбатан қўлланади. Баъзи муфассирлар ушбу оятни «эшилган сариқ арқонлар каби» деб ҳам шарҳ қилишган. Замона муфассирларидан бири ярим аср олдин юқоридаги икки оятни тафсир қиларкан, оятлардаги «қоср» деб ишлатилган ўхшатиш оловнинг катталигига, сарғимтир туяларга ўхшатиш эса ранг, кўплик ва ҳаракатга ишора этади», деб ёзади (Муҳаммад Ҳамди Ёзир, «Ҳақ дини, Қуръон тили» китоби, 525-бет).
34. Ўша кунда инкорчилар ҳолига вой!
Дунё ҳаётида Аллоҳ ва Унинг ваҳийларини, қиёмат кунини, ўлгандан кейин қайта тирилишни, охиратдаги мукофот ёки жазони инкор қилиб, буларга ишонмаган жоҳил кимсалар ҳолига вой бўлсин!
35. Бу кун улар сўзлай олмайдиган;
Қиёмат куни Аллоҳ ваҳийларини инкор қилувчиларга сўзлаш имкони ҳам қолмайди. Дунёда ҳар қанча сўзамол бўлмасин ёки гапини ўтказиш учун зўравонлик қилмасин, инсоннинг қиёматда Аллоҳ изнисиз чурқ этишга имкони бўлмайди. Қуръонда бундай келган: «Сур чалинганида, ана ўша куни улар ўртасида насаблар қолмайди ва улар ўзаро савол-жавоб ҳам қила олишмайди» (Мўъминун, 101). Қиёмат куни Аллоҳ таоло осийларга: «У ерда (дўзахда) хор бўлинглар ва Менга гапирманглар» (Мўъминун, 108), дейди. Абу Лайс Самарқандий бундай деган: «Аллоҳга қасам, бу гапдан кейин қавм бир оғиз ҳам гапирмайди. шундан кейин улар қийинчилик билан нафас олиб, машаққат билан нафас чиқаришади» («Танбеҳул-ғофилин», 1-китоб, 62-бет).
36. ўзларини оқлашга изн берилмайдиган кундир.
Қиёмат куни улкан гуноҳлар билан келганларга ўзини оқлаш учун бирор сабаб кўрсатишга ҳам, итоатсизлигини оқлайдиган бирор узр ҳам инобатга олинмайди, буни айтишга ҳатто изн ҳам берилмайди. Чунки Аллоҳ азза ва жалланинг бундай ваъдаси бор: «Биров бировнинг ҳожатига ярамайдиган, ҳеч кимнинг шафоати қабул қилинмайдиган, ҳеч кимдан бадал олинмайдиган ва ёрдам берилмайдиган Кундан қўрқинглар». (Бақара, 48); «У кунда золим-кофир кимсаларга узру баҳоналари фойда бермайди ва уларга лаънат бўлади, уларга энг ёмон жой – дўзах бўлади» (Ғофир, 52).
37. Ўша кунда инкорчилар ҳолига вой!
Дунё ҳаётида Аллоҳ ва Унинг ваҳийларини, қиёмат кунини, ўлгандан кейин қайта тирилишни, охиратдаги мукофот ёки жазони инкор қилиб, буларга ишонмаган жоҳил кимсалар ҳолига вой бўлсин!
38. Бу ажрим кунидир: сизларни ва олдингиларни тўпладик.
Аллоҳ таоло кофирларга хитоб қилиб айтяптики, мана сизлар ишонмаган, аммо келиши ҳақ бўлган қиёмат қоим бўлди. Сизларни ҳам, сиздан олдин ўтган итоатсиз, жоҳил қавмларни ҳам бугун ҳисобга тортиш учун тўплаб қўйдик. Бу кун ҳақ ва ботил, имонли ва куфр эгаси, жаннатий ва дўзахий, ўнг томон ва чап томон эгалари икки томонга ажрайдиган ажрим кунидир. Ҳақиқатан, қиёмат Аллоҳ таолонинг буйруқларига итоатсизлик қилган, Унинг ваҳийларини инкор қилганларга надомат ва машаққат-қийноқ кунидир. Ваҳоланки, улар Қуръон оятлари билан огоҳлантирилган эди: «Эй одам фарзандлари, шайтонга ибодат қилманглар, чунки у сизларга очиқ душмандир, Менгагина ибодат қилинглар, мана шу тўғри йўлдир!» демаганмидим. У сизлардан кўп авлодни йўлдан оздирди. Ақл юритмайсизларми?! Сизларга ваъда қилинган дўзах мана шудир, кофир бўлиб ўтганингиз сабабли унда куяверинглар» (Ёсин, 60-64); «У кунда барча умматни тиз чўккан ҳолда кўрасиз. Ҳар бир уммат ўз номаи аъмолига чақирилади. «Бугун қилиб ўтган амалларингиз билан жазоланасиз», дейилади» (Жосия, 28).
39. Агар ҳийлангиз бўлса, Менга ишлатиб кўринглар-чи!
Аллоҳ таоло айтяптики, қиёмат келганида дунёдагидай ҳийла-макр қилмоқчи бўлсанглар, қани энди Менга бир ишлатиб кўринглар-чи! Эй гумроҳ бандалар, энди Аллоҳга ҳийла-найрангларингиз ўтмайди! Сизларнинг адашиб-улоқиб юришларингиз, ҳийла-макр қилиб Аллоҳ буйруқларни инкор қилишингиз учун берилган муҳлат тугаган. Аллоҳ азза ва жалла сизларни огоҳлантирган эди-ку: «Мунофиқлар Аллоҳни алдамоқчи бўлишади, ҳолбуки Аллоҳ уларни «алдаб» қўювчидир» (Нисо, 142); «Ёмон макр-ҳийла эса ўз эгаларини ўраб, ҳалок қилади» (Фотир, 43). Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): «Дўзах аҳли беш тоифадир, улардан бири: тонг отса ҳам, кеч кирса ҳам сени аҳли-оиланг, мол-дунёинг борасида алдамоқчи бўладиган кимса», деганлар (Имом Муслим ривояти). Воҳидий бундай деган: «Улар Аллоҳни алдамоқчи бўлишгани учун ўзларига яраша муомала қилинади. Яъни, худди мўминларга берилгани каби уларга ҳам нур берилади. Йўлга тушишганида эса нурлари ўчиб қолиб, зулматда қолиб кетишади».
40. Ўша кунда инкорчилар ҳолига вой!
Дунё ҳаётида Аллоҳ ва Унинг ваҳийларини, қиёмат кунини, ўлгандан кейин қайта тирилишни, охиратдаги мукофот ёки жазони инкор қилиб, буларга ишонмаган жоҳил кимсалар ҳолига вой бўлсин!
41. Тақводорлар сояларда, булоқлар ёнидадирлар.
Аллоҳ азза ва жалладан қўрқиб, дунё ҳаётида Унинг амр-фармонларига итоатда бўлган, солиҳ амаллар қилиб, парвардигор розилигини топган тақволи бандаларга охиратда Парвардигорнинг улуғ мукофоти – Унинг жамолига етиш ва жаннатдаги абадий роҳат-фароғат тайёрлаб қўйилган. Тақводорлар қуюқ соялар остида, зилол сувли булоқлар ёнида бўлишади. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта тақводорлар осойишта жойда, боғлар ва чашмалар устида бўлишади» (Духон, 51). Абу Ҳурайрадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Жаннатда бир дарахт бор, бирон уловга минган йўловчи унинг соясида юз йил юрса ҳам унинг охирига етмайди», деганлар» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
42. Хоҳлаган мевалари муҳайё.
Жаннатда бандаларнинг хоҳлаган мевалари бўлади, уларни узиб ейишга асло қийналишмайди. Қуръони каримда бундай зикр этилган: «Тепаларига соя яқин ва мевалар эса қўл етгудай бўлади» (Инсон, 14). Мужоҳид: «Жаннатдаги меваларни ким туриб еса ҳам, ўтириб еса ҳам, ётиб еса ҳам, асло азият-озор чекмайди», деган.
43. Қилган амалларингиз эвазига еб-ичаверинглар.
Жаннатда мўминлар учун тайёрлаб қўйилган, кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган, инсон кўнглига келмаган неъматлар уларнинг қилган яхши амалларига берилган Аллоҳ таолонинг мукофотидир. Бу ҳақда Аллоҳ таолонинг Ўзи уларга хушхабар берган: «Ана ўшалар жаннат эгалари бўлиб, у жойда мангу қолишади. (Бу) улар қилиб ўтган амалларининг мукофотидир» (Аҳқоф, 14). Абдуллоҳ ибн Амр (розийаллоҳу анҳу) Аллоҳ таолонинг: «Уларга олтиндан бўлган лаганлар (да таомлар) айлантирилади» (Зухруф, 71) ояти хусусида бундай деган: «Уларга олтиндан бўлган етмишта лаганда бири иккинчисига ўхшамаган таомлар тортилади».
44. Биз яхшилик қилувчиларни шундай мукофотлаймиз.
Аллоҳ таоло тақволи, яхши инсонлар ана шундай мукофотлар билан тақдирлайди. Бу ҳақда Унинг бундай ваъдалари бор: «Ҳаммага қилган амаллари сабабли даражалар бордир. Уларга қилган амаллари (мукофоти ва жазолари) мукаммал берилади ва уларга ноҳақлик қилинмайди» (Аҳқоф, 19). Суҳайбдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Чиройли амал қилганлар учун гўзал оқибат ва зиёда (неъматлар) бордир» (Юнус, 26) оятини ўқиб, бундай дедилар: «Жаннат аҳли жаннатга, дўзах аҳли дўзахга киргач, жарчи: «Эй жаннат аҳли, Аллоҳ сизларга ваъда қилганини адо этишни хоҳлайди», деб нидо қилади. Жаннатийлар: «Қандай ваъда, ахир Парвардигоримиз мезонимизни оғир, юзларимизни ёруғ қилиб, жаннатига киритди, дўзахдан қутқарди-ку!» дейишади. Шунда парда кўтарилиб, улар Аллоҳ азза ва жалланинг жамолига боқишади. Уларга Аллоҳ дийдорига етишдан севимлироқ неъмат берилмаган» (Имом Муслим ривояти).
45. Ўша кунда инкорчилар ҳолига вой!
Дунё ҳаётида Аллоҳ ва Унинг ваҳийларини, қиёмат кунини, ўлгандан кейин қайта тирилишни, охиратдаги мукофот ёки жазони инкор қилиб, буларга ишонмаган жоҳил кимсалар ҳолига вой бўлсин!
46. (Эй кофирлар), енглар ва бироз маза қилиб қолинглар, албатта сизлар гуноҳкорсизлар.
Қиёмат куни куфр эгаларига: дунё ҳаётида маза қилган, охират ва қиёматни афсонага чиқариб ўтган эдинглар. Мана ўша кун келди, энди яна бир «маза» қилиб қолинглар, жиноятларинг эвазига дўзахнинг «лаззат»ларидан тотинглар, дейилади. Эй жоҳиллар, Аллоҳ таолонинг мана бу огоҳлантириши ҳам сизларга ёлғон туюлганмиди: «Дўзах азобини тотингиз, бу – қўлларингиз билан қилган қилмишларингиз туфайлидир, Аллоҳ эса бандаларига зулм қилмайди» (Анфол, 50-51); «Аллоҳ билан аҳдларини бузадиган ва қасамларини арзонга сотадиганларга охиратда асло насиба йўқ. Қиёмат куни Аллоҳ уларга бир сўз демайди ва назар солмайди, уларни покламайди ҳам. Уларга оғир азоблар бордир» (Оли-Имрон, 77).
47. Ўша кунда инкорчилар ҳолига вой!
Дунё ҳаётида Аллоҳ ва Унинг ваҳийларини, қиёмат кунини, ўлгандан кейин қайта тирилишни, охиратдаги мукофот ёки жазони инкор қилиб, буларга ишонмаган жоҳил кимсалар ҳолига вой бўлсин!
48. Уларга «Рукуъ қилинглар!» дейилса, эгилишмади.
Аллоҳ таоло бандаларини Ўзига ибодат қилишлари учун яратган. Ибодатларнинг энг улуғи намозда Аллоҳни зикр қилишдир. Шунинг учун мусулмон кишига имондан сўнг намоз фарз қилинган. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): «Банда қиёматда энг олдин намозидан ҳисоб қилинади», деганлар (Имом Насоий ривояти). Яҳё ибн Саид (розийаллоҳу анҳу) айтади: «Қиёматда банданинг илк қараладиган амали намоздир. Агар намози қабул этилса, бошқа амалларига қаралади. Агар намози қабул бўлмаса, бошқа амалларининг бирортасига қаралмайди» (Имом Молик, «Муватто», «Қасрус-солат», 89). Намоз Аллоҳ розилигини топиш, турли ёмонликлардан асраш воситаси бўлиб қолмай, унда инсон манфаати учун жуда кўп фойдалар ҳам бор. Ушбу оятда бежизга «рукуъ қилинглар», деб буюрилмаяпти. «Рукуъ намознинг асосий фарзларидан бўлиб қолмай, инсон рукуъ қилганда саломатлигига катта фойда берувчи шифо нуқталарини «массаж» ҳам қилар экан. Буни милодий 1020 йили Хитой олими Ван-Вей-И кашф этди. Унинг айтишича, одам тиззасининг кўзи остидаги шифо нуқталарини уқалаш узоқ умр кўриш, касалликларни даволашда самарали фойда бераркан. Энг қизиғи, одам намозда рукуъга борганида ва бир муддат дуо айтиб турганида умуртқа поғонаси ёйсимон эгилиб, пай ниҳоятда таранглашади, мускуллар тортилади. Тиззага тиралиб, уни чангаллаб турган бармоқлар ва таранг тортилган пай орасида «узоқ умр» шифо нуқтаси (бези) орқа томонидан қисилиб-уқаланади. Ҳар ракатда тиззалаб ўтириб-туришда эса, одамнинг ўз гавда вазни билан бу шифо нуқтаси олд томондан қисилиб-уқаланади. Намоздаги сажда ҳолати ҳам худди шундай манфаат беради» («Маърифатга йўл» китоби, Тошкент, 2005, 51-бет).
49. Ўша кунда инкорчилар ҳолига вой!
Дунё ҳаётида Аллоҳ ва Унинг ваҳийларини, қиёмат кунини, ўлгандан кейин қайта тирилишни, охиратдаги мукофот ёки жазони инкор қилиб, буларга ишонмаган жоҳил кимсалар ҳолига вой бўлсин! Аллоҳ таоло ушбу оятни сура давомида ўн марта қайтарди. Бу Қуръон тилининг балоғати ва фасоҳати эканидан ташқари, алоҳида ҳикмати ҳам бор: куфр ва ширк эгалари зора имонга келса, Аллоҳнинг ваҳийларини инкор қилишни тўхтатиб, охиратдаги қаттиқ азоблардан қўрқса, солиҳ амаллар қилиб, дунё ва охират саодатига эришса, деган мақсадда «Ўша кунда инкорчилар ҳолига вой!» деб қайта-қайта уқтирилмоқда. Аммо шундан кейин ҳам инкоридан, куфридан қайтмаган бебахтлар энди қайси сўзга, қайси далилга ишонаркин?!
50. Шундан кейин ҳам қайси сўзга ишонишаркин?
Инсонлар учун Қуръони карим оятларидан муҳим, ишонарли, мўъжизакор дастур, йўлланма, ҳидоятга чорловчи даъват китоби бўлиши мумкинми? Буни инкор қилаётган гумроҳлар Қуръонга ишонишмаса, Унинг Аллоҳ ҳузуридан эканига имон келтиришмаса, Унинг амрларини бажаришмаса, энди қайси сўзга, кимнинг сўзига ишонишади. Энди бошқа кимнинг сўзи уларни қиёматнинг даҳшатларидан, савол-жавобнинг изтиробларидан, охиратнинг сарсон-саргардонликларидан, энг аянчлиси, дўзахдаги абадий қийноқ-азоблардан қутқариб қола олади? Улар бор ҳақиқатни англаб, осийлар оқибати нима билан тугашини кўриб-билиб туриб ҳам нега ҳамон ғафлат остида юришибди? Нега ҳамон Аллоҳ таолонинг оят-далилларини ёлғонга чиқаришяпти? Ғафлатдаги кўзларни очиш, куфр ва ширкка тўлган қалбларни поклаш, исён, итоатсизлик, саркашлик ўрнига Аллоҳга чин бандалик қилиш пайти келмадими?! Абу Ҳурайрадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) «Вал-мурсалоту ғорқон»ни ўқиб, «Фабиаййи ҳадисим баъдаҳу юъминун» оятигача қироат қилсалар: «Аллоҳга ва У нозил қилган нарсага имон келтирдим», дер эдилар» (Ибн Абу Ҳотим ривояти).
(Алҳамдулиллаҳ, Қуръони каримнинг йигирма тўққизинчи жузи тафсири ҳижрий 1432 йил жумодис-соний ойининг бешинчи (милодий 2011 йил 9 май) куни Аллоҳ таолонинг тавфиқи билан ниҳоясига етди.