loader

079. Нозиот (Жон суғурувчилар) сураси

Маккада тушган, 46 оятдан иборат
Сура номи унинг биринчи оятидан олинган, «ван-нозиот» деган жумла маъноси «жон олувчи фаришталарга қасам»дир. Сура бошида фаришталар номига қасам ичиш билан қайта тирилиш ҳақ экани таъкидланади ва буни инкор қилган мушрикларнинг ўша кунда қандай ёмон аҳволга тушиб қолишлари ҳақида хабар берилади. Сўнгра Макка кофирларининг туғён ва қайсарликларидан озор чекаётган Пайғамбар алайҳиссаломга таскин-тасалли бериш учун ўзларининг салафларидан бўлмиш Мусо пайғамбар ҳақида ҳикоя қилиниб, ўша зот ҳам Фиръавн ва унинг одамларини Аллоҳ динига даъват қилганларида у малъун бу даъватни қабул қилиш ўрнига ўзини худо деб даъво қилгани ва Ҳақ йўлига қарши тургани оқибатида ўзи ҳам, одамлари ҳам ҳалокатга дучор бўлганлари баён этилади.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман.

1. Шиддат билан суғурувчиларга қасам;
Яъни, Аллоҳ таоло куфр эгаларининг руҳларини олишга тайинланган фаришталарга қасам, деяпти. Бу тоифа фаришталар кофирларнинг руҳини ҳеч аяб ўтирмай, илгакли тиғни жун орасига бир киритиб, қайта суғуриб олган каби жуда қаттиқ қийноқлар остида олишади. Бундай азоб туфайли куфрга кетганнинг руҳи сувга тушгандек шалвираб қолади. Аллоҳ таолонинг бундай ваъдаси бор: «(Эй Муҳаммад), агар фаришталар кофирларнинг жонларини қандай олишларини кўрганингизда эди. Юзлари ва кетларига уриб: "Ёниш азобини кўринглар, бу қўлларингиз билан қилганларингизнинг жазосидир, Аллоҳ зулм қилувчи эмас, дейишади" (Анфол, 50-51).
Абдуллоҳ ибн Масъуддан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Фаришталар кофир руҳини барча туклари, тирноқлари ва оёқлари остидан суғуришади. Сўнг руҳини яна жасадга қайтаришади. Кейин яна суғуришади. Бу ҳолат бир неча бор такрорланади. Фариштанинг кофирга муносабати ана шундай даҳшатли бўлади».
2. авайлаб суғурувчиларга қасам;
«Авайлаб суғурувчилар» Аллоҳ таоло мўминлар руҳини олишга тайинлаган фаришталардир, Аллоҳ азза ва жалла ана шу фаришталарга ҳам қасам, деяпти. Бу фаришталар Парвардигор изни билан мўминларнинг руҳини ўта мулойимлик билан, оҳиста, қийнатмай олишади. Аллоҳ таолога мўминнинг руҳи ҳам, жасади ҳам эътиборлидир. Яратганга эътиборли нарса ўз-ўзидан фаришталарга ҳам юз чандон эътиборлидир. Аллоҳ таоло мўминни ҳар жойда асраб-авайлаганидек, руҳини олишда ҳам сақлайди. Аллоҳ таоло айтади: «У бандалари устидан ғолибдир ва сизларга муҳофаза қилувчиларни юборади. Бирортангизга ўлим келса, фаришталаримиз камчиликка йўл қўймай жонини олишади» (Анъом, 61).
3. тез сузувчиларга қасам;
«Тез сузувчилар» ҳам фаришталардир. Бу тоифа фаришталар Аллоҳ таоло амрини бажариш учун осмондан Унинг изни билан худди сувда сузгандек тез тушиб келишади.
4. ва ўзиб кетувчиларга қасам;
Фаришталарнинг бу тоифаси эса мўминларнинг руҳларини жаннатга элтишда ва куфр эгалари руҳини дўзахга олиб боришда бир-бирлари билан кимўзарга мусобақа қилишади.
5. буйруқни тадбир билан бажарувчиларга қасам.
Бу тоифа фаришталар эса Ҳақ таолонинг буйруғи билан борлиқдаги барча ишларни тадбир билан бажаришади. Бу вакил қилинган улуғ фаришталар Жаброил, Микоил, Исрофил, Азроил алайҳимуссаломдир. Жаброил алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг амри ила ваҳий, раҳмат туширишга, халқлар бошига азоб олиб келишга вакилдир. Микоил алайҳиссалом ёмғир ва набототга вакил, Аллоҳ таоло изни билан бу неъматларни барча инсонларга тақсимлаб чиқади. Исрофил алайҳиссалом қиёмат кунидан олдин ва барча жонзотларнинг қайта тирилишлари учун сур (бурғу) чалишга масъул қилингандир. Азроил алайҳиссалом эса Аллоҳ азза ва жалла ижозати билан ажали етган кишиларнинг руҳини (жонини) олишга тайин қилинган. Бу қасам билан Аллоҳ таоло Ўз ҳузуридаги улуғ фаришталар катта вазифаларга вакил қилингани, улар бу илоҳий амрни тадбир билан бажаришлари хабарини бермоқда. Яъни, бу улуғ фаришталарга қасамки, шубҳасиз албатта тириласизлар ва қиёмат куни Аллоҳ ҳузурида қилган барча ишларингиз ҳисобини берасизлар.
6. Титратувчи титратган кунда;
Аллоҳ таоло изни билан Исрофил алайҳиссалом сур чалганида Ер жуда қаттиқ силкиниб, ўз ўқидан чиқиб кетади ва барча жонзот ҳалок бўлади. Қанчалигини Аллоҳгина биладиган бир муддат Аллоҳдан ўзга ҳеч ким қолмайди. Сўнг яна Парвардигор рухсати билан Исрофил алайҳиссалом сурни иккинчи марта чалади. Шунда инсонлар тирилиб, қабрларидан чиқади ва ҳисоб учун Маҳшаргоҳга тўпланади. Оятдаги «титратувчи» сурнинг биринчи чалинишини англатади.
7. эргашувчи унга эргашганида;
Оятдаги «эргашувчи» сур чалинишидир, биринчи сур чалингач маълум муддатдан сўнг унга иккинчи сур эргашади, яъни сур иккинчи марта чалинади. Мана шу воқеаларни кўриб, даҳшатга тушган кофирларнинг ҳолати қандай бўлиши кейинги оятларда баён этилади.  
8. ўша куни қалблар изтиробдадир.
Қиёмат кунига ва қайта тирилишга ишонмаган кофирлар бу даҳшатли кун келганини кўзлари билан кўрганларидан кейин қалблари қўрқув ва мавҳумликдан қаттиқ изтиробга тушади. Бошларига нелар келади, Аллоҳ таоло ўзларининг қилмишларига қандай жазо белгилайди, буларни билолмай қайғу-алам чекишади.
9. Нигоҳлар сўникдир.
Уларнинг ҳолати шу қадар аянчлики, ҳатто кўзлари ҳеч нарсани кўрмайдиган даражада сўнган. Аллоҳ таоло айтади: «Банда: «Парвардигоро, нега мени кўр ҳолда тирилтирдинг, ахир кўрар эдим-ку!» дейди. Аллоҳ: «Шундай, чунки сенга Бизнинг оятларимиз келганида, уларни унутдинг, бугун сен ҳам ана шундай «унутиласан», дейди» (Тоҳа, 125-126).
10. Улар айтишади: «Олдинги ҳолимизга қайтамизми?»;
Имонсизлар қайта тирилишларига ишонмаганлари туфайли бир-бирларидан: «тирилиб, олдинги ҳолимизга қайтамизми?» дея сўраб юришади. Қалби куфр билан касалланган гумроҳ кишигина бундай саволни беради.
11. «чириган суякка айлангандан кейин-а?»
Куфрга ботганлар дунё ҳаётида охиратга, қайта тирилишга ишонмаганларидан «биз ўлсак, қабрда суякларимиз чириб, ер билан битта бўлиб кетади», деб ўйларди. Инсонни шундай мукаммал ва мутаносиб яратган буюк Холиқимиз ҳатто унинг бармоқ учларидаги чизиқларигача қайта яратишга қодирдир. Қуръони карим таълим берадики: «Инсон унинг суякларини тўплай олишимизга шубҳа қиладими? Йўқ, Биз унинг бармоқ учларигача тиклашга қодирмиз» (Қиёмат, 3-4).
12. Улар: «У ҳолда фойдасиз қайтиш-ку», дейишади.
Яъни, қиёмат куни кофирлар ўз аҳволлари ночорлигини кўргач, минг бора афсус-надомат чекишади. Дунё ҳаётида айш-роҳат, ўйин-кулгидан бўшамаганлари, охират ҳақида ўйламаганлари учун дучор бўлажак азоб-кулфатлари қаршисида довдираб: «Охират учун ҳеч қандай амал қилмабмиз, бу ерга қайтишимиз ғирт фойдасиз иш бўлибди-ку» дея нола- афғонлар чекишади. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло уларни бундай огоҳлантирган эди: «Агар Парвардигорлари ҳузурида бошларини эгиб турувчи гуноҳкорларнинг: «Парвардигоро, кўрдик ва эшитдик, энди бизларни қайтар, яхши амаллар қилайлик. Энди бизлар ҳам албатта ишонувчилармиз», дейишларини кўрсангиз эди» (Сажда, 12).
13. У фақат қаттиқ наърадан бошқаси эмас.
Сур чалиниши қаттиқ наърадан бошқаси эмас. Аммо бу наъра дунё ҳаёти тугаб, охират ҳаёти бошлангани, яхши-ёмон ишлар тарозига тушиб, ҳисоб-китоб дамлари яқинлашгани, ким куфр ва ширкда ўтдию, ким имон билан яшади – бари ажрим қилинажаги хабаридир. Пайғамбар алайҳиссалом: «Нега қувонай, ахир сур эгаси бурғуни оғзига қўйган бўлса! У бошини эгиб, қулоқларини «динг» қилган ҳолда чалишга қачон амр бўлишини кутяпти», деганлар (Имом Термизий ривояти). Муқотил ибн Сулаймон бундай деган: «Бир бор сур чалинганидан сўнг барча инсонлар қирқ йил барзахда қолади. Кейин Аллоҳ таоло Исрофилни тирилтириб, сурга иккинчи бор дам уришни буюради».  
14. Қарабсизки, улар ер устида туришибди.
Иккинчи бор сур чалинганидан кейин барча инсонлар қайта тирилиб, қабрларидан ер устига чиқиб келади. Сур овози ваҳшатидан гангиган, даҳшатга тушган оломон тўп-тўп ҳолда ҳисоб учун Маҳшаргоҳ сари ҳайдалади. Қуръони каримда бундай дейилган: «Сур чалиниши билан Аллоҳ хоҳлаганлардан ташқари Ердаги барча жонзот ўлади. Сўнгра у яна бир бор чалинганида ногоҳ улар туриб, (Аллоҳ амрига) кўз тутишади» (Зумар, 68).
15. (Эй Муҳаммад), сизга Мусо хабари келганмиди?
Яъни, эй суюкли Пайғамбарим, сизга Мусо (алайҳиссалом) қиссаси баён этилганмиди? Қуръони каримнинг бошқа сураларида Мусо алайҳиссалом ва Миср подшоҳи фиръавн қиссаси батафсил баён этилган. Фиръавн Миср ҳукмдорларининг умумий номидир, Мусо алайҳиссалом даврида тарихий номи Рамзес иккинчи бўлмиш Волий ал-Валид ибн Мусъаб подшоҳ бўлган. Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга фиръавн ва унинг одамларини имонга чақиришни буюрганида фиръавн кибр ва ғурурга кетиб бундан бош тортди. Ҳатто худолик даъвосини қилишгача бориб етди.
16. Ўшанда Парвардигори уни муқаддас Туво водийига чорлади ва:
Итоатсиз фиръавн ва унинг одамларини имонга чорлаш ҳақидаги амрни етказиш учун Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломни муқаддас Туво водийига чақиради. Ўша муқаддас кеча ва муқаддас маконда, яъни Туво водийида Мусо алайҳиссалом Парвардигорнинг муборак овозини эшитади, муборак бир вазифага – пайғамбарлик даражасига эришади. Ўшанда Аллоҳ таоло пайғамбарига бундай дейди: «Эй Мусо, Мен сенинг Парвардигорингдирман. Оёқ кийимингни еч, чунки сен муқаддас Туво водийидасан. Мен сени танладим, юбориладиган ваҳийга қулоқ тут. Дарҳақиқат, Мен Аллоҳдирман! Мендан ўзга илоҳ йўқ! Бас, Менгагина ибодат қил ва Мени эслаш учун намозни адо эт!» (Тоҳа, 12-14).
17. «Фиръавн олдига бор, у туғёнга кетди», деди.
Аллоҳ таоло пайғамбари Мусо алайҳиссаломга: «Фиръавннинг олдига бор, чунки у ҳаддидан ошиб, туғёнга кетди», деб буюрмоқда. Бунинг баёни Қуръони каримнинг бошқа сураларида ҳам келган: «Энди фиръавннинг олдига бор, ҳақиқатан у ҳаддидан ошди («Худоман» деб даъво қилди). Мусо: «Эй Парвардигорим, бағримни кенг қил, ишимни осон эт!» деди» (Тоҳа, 24-26).
18. Кейин унга айт: «Покланмайсанми?»;
Яъни, эй Мусо алайҳиссалом, фиръавнга бориб: «Эй ҳукмдор, вақт борида қилган ишларингга, гуноҳларингга тавба қилиб покланмайсанми? Аллоҳдан мағфират сўра, шунда у олдин қилган гуноҳларингни албатта кечиради», деб айт, уни инсофга чақир, ҳақ йўлни кўрсат!»
19. «Парвардигорингга йўллайки, тақволи бўласан».
Мусо алайҳиссалом фиръавнга айтяптики, сени Парвардигоринг йўлига, тавҳид ва ҳидоят йўлига йўллаб қўяй, чунки бу энг тўғри йўлдир, тақволилар йўлидир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган: «Мана шу албатта Менинг тўғри йўлимдир. Унга эргашинглар, бошқасига эргашманглар. Акс ҳолда улар сизларни Унинг йўлидан буриб қўяди. Тақволи бўлишингиз учун қилган ҳукми мана шудир» (Анъом, 153).
20. Ва унга улкан далилни кўрсатди.
Фиръавнни тавҳидга чақиргани билан у имонга келмагач, Мусо алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг амри билан фиръавнга улкан далил-мўъжизаларни кўрсатди. Яъни, қўлидаги ҳассасини ерга ташлаган эди, у илонга айланиб фиръавн сеҳргарларининг сеҳрини юта бошлади. Қўлини қўлтиғига тиққан эди, у порлайдиган оппоқ бўлиб чиқди. Бу мўъжизалар Қуръони каримда бундай баён этилади: «Аллоҳ айтди: «Уни (асони) ерга ташла, эй Мусо». Шунда уни ташлаган эди, бирданига у ҳаракатланувчи жонли илон бўлиб қолди. Аллоҳ деди: «Уни ол, қўрқма, Биз уни олдинги ҳолатига келтирамиз. Қўлингни қўлтиғингга тиқ, у ҳеч қандай ёмонликсиз оппоқ бўлиб чиқади. Бу яна бир бошқа мўъжизадир» (Тоҳа, 19-22).
21. Аммо у буни ёлғонга чиқариб, осийлик қилди.
Аммо бебахт фиръавн Мусо алайҳиссалом даъватларига қулоқ солмади, уларни ёлғонга чиқариб, инкор қилди. Аллоҳ таоло айтади: «Фиръавн деди: «Оламлар Парвардигори (деганинг) нимаси яна? Мусо деди: «Агар ишонадиган бўлсангиз, У осмонлар ва Ернинг, улар орасидаги ҳамма нарсанинг Парвардигоридир». Фиръавн атрофидагиларга: «Эшитяпсизларми?» деди. Мусо деди: «У сизларнинг ҳам, ўтган ота-боболарингизнинг ҳам Парвардигоридир». Фиръавн айтди: «Сизларга юборилган пайғамбарингиз, қасамки, жиннидир». Мусо деди: «Агар ақл ишлатувчи бўлсангиз, У машриқ ва мағриб ҳамда улар ўртасидаги нарсаларнинг ҳам Парвардигоридир». Фиръавн айтди: «Қасамки, агар мендан ўзгани илоҳ қилиб оладиган бўлсанг, мен сени зиндонбанд қиламан» (Шуаро, 23-29).
22. Кейин қайсарларча бундан юз ўгирди.
Фиръавн шунча даъват ва мўъжизаларни кўриб туриб ҳам имонга келмади. Ҳаддидан ошган ва зулм-тажовузга муккасидан кетган ҳукмдор ва унинг қавми Бани Исроилни иккинчи марта қатағон қилишни бошлаб юборди. Кўплаб одамларни қириб ташлади, шунчалик туғёнга кетдики, ҳатто илоҳликни даъво қилишга, Бани Исроилни ўзига сиғинишга мажбурлай бошлади. Қуръони каримда зикр қилинишича: «Фиръавн: «Эй одамлар, сизлар учун ўзимдан бошқа бирор илоҳни билмайман. Эй Ҳомон, лой пишитиб-пишириб, менга бир баланд минора қур, шояд Мусонинг илоҳини кўрсам. Мен уни ёлғончилардан деб ўйлаяпман», деди» (Қасас, 38).
23. Қавмини тўплади ва уларга қарата:
24. «Мен сизларнинг улуғ Парвардигорингизман!» деди.
Фиръавн фасод ишларни содир этишда учига чиққан жоҳил ва золим кимса эди. Шу сабабли хоҳлаган одамига ҳеч тортинмай зулм қилаверарди. Унинг такаббурлиги шу даражага етдики, олдида тўпланган одамларига: «Мен сизларнинг улуғ Парвардигорингизман!» дейишгача бориб етди.   
25. Шунда Аллоҳ уни олдинги ва кейинги гуноҳлари учун жазога тортди.
Ҳақ йўлни тан олмаган фиръавн ва унинг аъёнлари денгизга ғарқ қилиниб, ҳалок этилишди. Бу унинг олдинги ва кейинги барча гуноҳлари учун Аллоҳ таолонинг ҳақ жазоси эди. Ибн Касир айтади: «Фиръавн ўз ҳаракати билан Мусодан қутулишни хоҳлади. Ваҳоланки, Аллоҳ таолонинг ҳукми унинг хоҳишидан мутлоқ устун келди. Фиръавннинг ўлими Мусонинг сабаби билан бўлди. Эй Фиръавн, омон қолиш ниятида неча минглаб гуноҳсиз чақалоқлар умрига зомин бўлдинг. Аммо ўлимингга сабаб бўлувчи киши айнан сенинг уйингда, хонадонингда ўсиб-улғайди, ўзинг уни боқиб катта қилдинг. Оқибатда у сен ва бутун бошли лашкаринг ўлимига сабабчи бўлди. Бу ҳамма нарса, агар Буюк Аллоҳ хоҳласа, албатта бўлишини, нимани хоҳламаса, ўша нарса ҳеч қачон бўлмаслигини билишинг учун эди» («Ибни Касир тафсири», 6-жилд, 231-бет).  
26. Бунда тақводорларга ибрат бордир.
Айтиб ўтилган воқеалар қиссасида Аллоҳдан қўрқадиган зотларга, яъни тақводорларга ибрат бордир. Тақводорлар Јуръони карим µидоятидан баµраманд бґлган, Парвардигорларидан ҳамиша қўрқувчи кишилардир. Қуръони каримда уларга бундай таъриф берилган: «Улар ғайбга имон келтиришади, намозни тґкис адо этишади, Аллоµ берган ризідан эҳсон-садақа іилишади, Қуръони каримга ва ундан олдинги самовий китобларга имон келтиришади, охиратга қатъий ишонишади» (Бақара, 3-4). ўайбга имон келтириш билан инсон µайвондан ажраб туради. ўайбга имон келтириш туфайли инсон ґзини ґраб турган µиссий дунёдан чексиз уфіли, кенг оламга чиіади. Таіводорлар Аллоҳ таолога ибодат іиладилар. Улар бандага іул бґлишдан озод бґлиб, бандаларнинг Парвардигорига іул бґладилар. Банда намоз оріали бошіа улкан яхшиликларга эришади. Таіводор мґмин-мусулмон  іґлидаги мол-дунё Аллоµ таоло берган ризі эканини билади. Шунинг учун µам у Аллоµ таоло берган ризідан муµтож, ночор биродарларига закот, хайр-эµсон, садаіа тарзида нафаіа іилади. Ислом уммати Аллоµ таоло туширган барча китобларга бирдек имон келтиради. Таіводорлар охиратга шак-шубµа іилмай ишонадилар. Охиратга ишониш инсонни тор дунёдан кенг дунёга чиіаради. Унинг µаёти имтиµонларга тґла бу беш кунлик дунё билан тугамаслигини билдиради.  
27. Сизларни яратиш қийинми ё осмонними? У зот уни яратди;
Аллоҳ таоло борлиқдаги ҳамма нарсаларнинг, барча жонли-жонсиз мавжудотларнинг ягона яратувчисидир. Инсонларни ёки осмонларни яратиш унга асло қийинчилик туғдирмайди, биргина сўз – «Кун!» (Бўл!) дейиш билан ҳамма нарсани мукаммал ва бенуқсон яратади. Қуръони каримда бундай баён этилган: «У Еру осмонларнинг яратувчисидир. Бирор ишни қиладиган бўлса, «Бўл!» деса, у бўлади» (Бақара, 117).
28. ва шифтини кўтариб, мукаммал ҳолда ўрнатди.
Аллоҳ таоло осмонларни ва бошқа мавжудотларни шунчаки яратибгина қолмади, балки осмонлар шифтини кўтариб, уларни ағдарилиб тушмайдиган, устунсиз ҳам ўрнашиб тураверадиган ҳолда мукаммал қилиб яратди. Ҳақиқатан инсонлар қурган бинолар катталашгани сари устун-таянчларга тобора муҳтож бўлади, катта сарой ва кошонлар устунсиз қулаб тушади. Аммо Парвардигор яратган осмонлар, бу улкан коинот ҳеч қандай устунсиз мустаҳкам тураверади. Бу ҳам Холиқимизнинг буюк яратувчилик қудратига далолатдир. Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ осмонларни, кўриб турганингиздек, устунсиз кўтариб қўйган, сўнга Арш узра «муставий» (яъни, баробар) бўлган ҳамда Қуёш ва Ойни (қонунларга) бўйинсундирган Зотдир. Ҳар бири муайян муддатгача (яъни, қиёмат қоим бўлгунича) жараёнда бўлади» (Раъд, 2).
29. Кечани қоронғи ва кундузни ёруғ қилди.
Яъни, Аллоҳ таоло инсонлар оғир меҳнатдан, турмуш ташвишларидан бўшагач, ором-ҳордиқ қилишлари, ухлаб, жисмларини дам олдиришлари учун кечани қоронғи, ризқ излаш, тирикчилик, оила нафақасини қилиш йўлидаги касб-корларини бемалол қилишлари учун кундузларни ёруғ қилиб қўйган Зотдир. Қуръони карим бундай хабар беради: «Аллоҳ сизларга ором олишларингиз учун кечани ва (иш-ҳаракатингиз учун) ёруғлик берадиган қилиб кундузни яратган Зотдир. Бунда эшитувчи қавм учун албатта аломатлар бордир» (Юнус, 67).
30. Шундан кейин Ерни ёйиқ қилди;
Аллоҳ таоло Ерни ёйиб, туяқуш тухумига ўхшаш думалоқ шаклда яратган. Аллоҳ таоло бундай хабар берган: «У Ерни ёйиб қўйган, унда тоғлар ва дарёлар пайдо қилган Зотдир» (Раъд, 3). Ернинг думалоқ ёки ясси-текислиги ҳақида қадим-қадимдан тортишувлар бўлиб келган. Бир гуруҳ олимлар уни шар каби дум-думалоқ деса, олимларнинг бошқа тоифаси Ерни кафтдек теп-текис деб тушунтирган. Қуръони карим оятларида эса унинг шаклига чиройли ишора бор: «У осмонлар ва Ерни ҳақ (ҳикмат) билан яратгандир. У кечани кундузнинг устидан ўрар, кундузни кечанинг устидан ўрар» (Зумар, 5). Бунда Ернинг шаклини ифодаловчи «думалоқлик» сўзи ўрнига кечани кундуз устидан ўраш маъносидаги ибора келган. «Тун ва кун» сўзларида Ернинг думалоқ ва ёйиқлигига жавоб ва исбот мужассам. Бундан Ернинг қуёшдан тўсилган ва зулматга кўмилган ярмида тун бўлиши ҳамда қуёшга юзланган ва ёруғ бўлган иккинчи ярмида кун бўлишидан бошқа маъно чиқмайди ва булар Ернинг туяқуш тухуми каби думалоқлигини тасдиқлайди. Агар Ер ҳақиқатан ясси-текис бўлганида, ҳамма жойда сутканинг бир пайти ҳукмронлик қилган ҳамда бизга кун ва тун деган тушунчалар номаълумлигича қолган бўларди. Агар Ер ясси бўлганида, шубҳасиз битта кун чиқиши ва битта ботиши бўларди. Агар у думалоқ бўлмаганида икки кунботар ҳам бўлмасди. Шу тариқа, еттинчи асрда туширилган илоҳий Қуръонда Ернинг думалоқ, яъни ёйиқлиги аниқ-равшан айтилган.
31. ундан сув ва ўт-ўланни чиқарди;
Аллоҳ таоло Ерни ёйиб, яъни яшашга қулай қилиб яратгани баробарида унда сувларни оқизиб қўйди, турли ўт-ўлан, дов-дарахтларни ўстириб ҳам қўйди. Қуръони каримнинг кўпгина сураларида Аллоҳ таоло инсонларга ато этган неъматларини эслатар экан, сувни ҳам зикр қилади. Бу бежиз эмас. Сабаби, инсон ҳаёти ва фаолиятида сув энг бебаҳо, зарур неъматлардандир. Инсон танасининг катта қисми сувдан иборат. Масалан, чақалоқ оғирлигининг етмиш беш фоизини сув ташкил этади. Сув инсоннинг ҳаёт кечириши учун асосий қувват манбаидир. Инсон овқатсиз уч-тўрт ҳафтагача яшаши мумкин, аммо сувсиз уч кунга ҳам чидай олмайди. Одам танасидаги сув агар ўн беш фоизга камайса, инсон ҳалок бўлади. Инсон ўртача умри давомида тахминан эллик тонна ичимлик суви истеъмол қилади. Бунга яна унинг тозаланиб-покланиш ва бошқа мақсадларда ишлатадиган сувини қўшилса, инсонга сув қанчалик зарур ва бебаҳо неъмат экани ойдинлашади.   
32. унда тоғларни ўрнатди;
Аллоҳ таоло Ер устига яна тоғларни қозиқ қилиб ўрнатди. Қурҳони каримда тоғларнинг геологик хусусиятлари ҳақида бундай дейилади: "Ер уларни (одамларни) тебратмаслиги учун унда тоғларни (пайдо) қилдик..." (Анбиё, 31). Синчиклаб қаралса, оятда тоғлар Ер силкинишини қайтарувчи восита сифатида баён қилинган. Бу билимлар Қурҳон нозил бўлган давр одамига маҳлум эмас эди. Замонавий геология тоғларнинг Ер қаҳридаги қатламлар тўқнашуви ва ҳаракати натижаси эканини исботлади.
33. сизларга ва чорвангизга манфаат учун.
Яъни, тоғларнинг вазифаси Ер силкинишларини қайтаришгина эмас, балки уларда инсонлар ва уларнинг чорва ҳайвонлари учун катта манфаатлар бор. Масалан, инсонларга обиҳаёт элтувчи сой ва дарёлар сувини тоғлар бағридаги булоқлардан ва унга ёғадиган қор-ёмғирлардан олади. Тоғлар бағрида инсонларга фойда келтирувчи беҳисоб маъдан ва қазилма бойликлар хазинаси яширинган. Тоғлардаги бепоён яйловларда чорва ҳайвонлари учун ўт-ўланлар ўсиб ётади. Буларнинг ҳаммаси инсонларга Аллоҳ таоло ато этган бебаҳо неъматлардир.
34. Улуғ мусибат келганида;
Яъни, қиёмат қоим бўлганида, инсонларга улуғ мусибат соатлари яқинлашганидагина инсоннинг кўзи очилади. Унгача дунё ҳаётида абадий яшайдигандек, мол-дунё ишқида елиб-югураверади, роҳат-лаззат излайверади. Шу боис, Аллоҳ таоло зикрни унутади, амрларидан чекинади, эслатма-насиҳатларга қулоқ солмайди.
35. ўша куни инсон қилмишларини эслайди.
Инсон улкан мусибат куни бўлмиш қиёмат келганидагина бирдан қилмишларини эслаб қолади. «Эссизгина, дунё ҳаётидаги умримни ғафлатда, жаҳолатда, залолатда ўтказиб юборибман, энди ҳолим не кечади?» дея афсус-надомат чекади, изтиробга тушади. Аммо у кунда бу афсус-қайғуларнинг асло фойдаси бўлмайди. Энди тавба йўллари бекилган, хато-гуноҳларга мағфират сўраш вақти тугаган, олдинда ҳисоб-китоб, гуноҳларнинг оғир жазоси турибди.
36. Ва дўзах кўзи очиқларга намоён бўлади.
Маҳшаргоҳда истисносиз ҳаммага дўзах кўрсатилади. Хоҳ мўмин, хоҳ кофир бўлсин, ҳамма дўзахни ўз кўзи билан кўради. Осийлик қилиб, гуноҳга ботган, Аллоҳга ширк келтирган, Унинг ваҳийларини инкор этган бахтсиз кимсаларнинг кўз олдига дўзах келтирилиб, очиқ-ойдин кўрсатиб турилибди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло ва Унинг Пайғамбари неча бор огоҳлантирганига қарамай, улар охират, ўлгандан кейин қайта тирилиш, қиёмат азоблари, дўзах ва жаннат каби хабарларни инкор этишди. Буларга ишонмай, дунё ҳаётининг жимжима ва шаҳватларига маҳлиё бўлиб, залолатда юришаверди. Мана энди қилмишлари учун ҳисоб бериш вақти келди. Аллоҳ таоло бундай огоҳлантирган: «(Эй Муҳаммад), уларни барча иш битирилган ҳасрат кунидан қўрқитинг. Улар ғафлатдадирлар, улар имон келтирмайдилар» (Марям, 39).
37. Аммо туғёнга кетган;
Аммо имони суст ёки имонсиз кимса дунёга муҳаббат қўйса, мол-дунё ишқига гирифтор бўлса, унинг ҳолига вой, деяверинг. У бойлик кетидан зир елиб-югуради, ҳаром мол тўплайди, бахиллик билан уни сарфлашдан воз кечади ва тўплаб-кўпайтиришга зўр беради. Унинг кўзини мол-дунё ҳирси пардаси қоплаб, ҳеч нарсани кўрмай қолади. Шунинг учун ҳам у Аллоҳ таолонинг огоҳлантиришларини эсга олмайди, ҳатто инкор қилади, ва алал-оқибат дўзах азобига гирифтор бўлади.
38. ва дунё ҳаётини афзал санаганга:
Бундай кимсалар шунчалик туғёнга кетадики, ҳатто дунё ҳаётини охират дунёсидан афзал санай бошлайди. Гўё у ҳеч қачон ўлмайдиган, Аллоҳ таоло ҳузурида ҳисоб бермайдигандек, бутун ҳаётини елга совуради, охират учун мутлақо тайёргарлик кўрмайди. Чунки бойлик, мол-дунё кимгадир қалб хотиржамлиги, саховат ва мурувват орқали улкан ажр-мукофотга эришиш эшикларини очиб берса, кимнидир у бузуқликлар, айш-ишратлар, зўравонлик, ниҳоят ғулув, исён ва осийлик ботқоғига отади. Мол-дунё жоҳиллар қўлига тушиб қолса, у эгасини гуноҳ, фаҳш ишларга бошлайди. Катта бойликка эга бўлиб қолган бундай одам ўзини боса олмай, идора қилолмай қолади. Нафсининг ҳамма айтганларини бажариш учун баҳона ахтаришга тушади. Шайтон унинг кўзига Аллоҳга итоатни, ибодатларга қоим бўлишни оғир, машаққатли қилиб кўрсатади, аксинча гуноҳ ишлар, айш-ишрат ва фаровонликни чиройли қилиб қўяди. «Дунёни ямадик йиртиб олиб динимиздан, дин ҳам кетди, дунё ҳам кетди қўлимиздан», дея фиғон чекканди улуғ шайх Иброҳим Адҳам.
39. дўзах макон бўлади.
Бундай залолатга кетган, адашган, Аллоҳ таоло ваҳийларини инкор этган кимсаларнинг борар макони албатта дўзах бўлади. Дўзах бундайларга балки афсона каби туюлар, аммо у ҳақдир, Аллоҳнинг жазоси ҳақдир! Бу жазо дунё ҳаётида инсонлар кўрган-билган жазолардан, азоблардан бир неча баробар оғир, аламли, изтиробли! Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: «Дўзах олови дўзахийлардан баъзисининг тўпиқларига, баъзисининг тиззаларига, айримларининг эса курак суякларигача чиқади» (Имом Муслим ривояти); «Шубҳасиз, қиёмат куни дўзахийларнинг азобидан энг енгили – оёқлари остига икки чўғ қўйилиб, ундан мия қайнашидир. У ўзидан бошқа ҳеч ким менчалик қаттиқ азоб тортмаяпти, деб ўйлайди. Ваҳоланки, ўзи дўзахдагиларнинг азоби энг енгил бўлганидир» (Имом Бухорий ривояти).
40. Аммо ким Парвардигоридан қўрқиб, нафс истакларини енгган бўлса;
Инсонлардан ким Парвардигоридан қўрқиб, ўзидаги нафс истак-хоҳишлари енга олса, ана шу инсон саодатга эришади, жаннат боғларидан ўзига жой тайёрлайди. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг бундай ҳадислари бор: «Аз-зуҳду фид-дуня юриҳул қолба вал бадана вар-роғбату фиҳа туксирул ҳамма вал ҳазана», яъни дунёга рағбат қилмаслик, аҳамият бермаслик, дунё ишларидан четланган бир обид ва зоҳид банда бўлиш қалб ва вужудга ором бағишлайди, дунёга рағбат қилиш, уни севиш эса ғам ва маҳзунликни зиёда қилади. Бир форсча байтда бундай дейилган экан: «Агар бермакни истамаса эди, истамакни ҳам бермас эди». Демак, истак ва ато ҳамиша ёнма-ён: истак бор экан, атодан умидворлик бўлади. Умидворлик эса нафс билан ошно тутинган. Нафс истакнинг уловидир, дин эса нафснинг жиловидир. Нафс истакни ўз йўлига солмоқчи бўлади. Истак эса унга қул бўлмаслик учун ўзини қаноат хилватларига отади, сабр овлоқларига чекинади. Чунки, биладики, нафсга қаттиқ бўйсунса, ортидан ҳою ҳавас, кибру ҳаво, шайтоний васвасалар хуружи эшик қоқиб турибди. Жалолиддин Румийнинг «Маснавийи маънавий»ида бундай дейилган: «Дилки хоҳиш этса, қўл қилгай ҳисоб, Дил агар амр айласа, битгай китоб». Бизларни нафс васвасаларидан фақат тақво ҳимоя этади. Расули акрам: «Нафс энг катта душмандир», деб таълим берганлар. Нафсни жиловлаш, унинг айтганларига юрмаслик қаноатнинг зарур шартидир. Қаноат эса ортиқча истакларнинг кушандасидир.
41. унга жаннат маскан бўлади.
Ана шундай нафс истакларини енгиб, Аллоҳ таоло розилигини кўзлаган инсонларнинг масканлари жаннат бўлади. Улар жаннатда кўз кўриб, қулоқ эшитмаган неъматлар ичида бўлишади, дунё ҳаётида ўзларини нафс васвасаларидан тийганлари эвазига жаннатда истаган нарсалари ўша заҳоти муҳайё этилади. Улар бу фароғатли диёрда етишмовчилик, ранж, алам, қайғу нималигини билмай яшашади. Ана шуларгина чин саодат эгаларидир. Аллоҳ таоло бунинг хабарини берган: «Албатта, тақволи зотлар осойишта жойда – боғлар ва чашмалар устида бўлишади. Улар бир-бирларига юзма-юз бўлган ҳолда, қалин ва юпқа шойидан либослар кийишади. Мана шундай! Яна Биз уларга оқ юзли, катта ва чиройли кўзли ҳур қизларни жуфт қилиб берамиз. Улар у жойда хотиржам ҳолларида ҳар турли меваларни чорлашади» (Духон, 51-55).
42. (Эй Муҳаммад), улар: «Қиёмат қачон бўлади?» деб сўрашади.
Эй Пайғамбарим, Макка мушриклари шунча далил-исботлардан кейин ҳам «Қиёмат қачон келади?» деб сўраб юришибдими? Чунки улар қалбига имон нури кирмас экан, қиёмат ҳақида қанча кўп маълумот эшитишмасин, умрлари охиригача буларга ишонишмайди, ўзларининг гўлликларини хаспўшлаш учун уларни ёлғонга чиқаришади. Уларнинг феъл-атвори шундай! Аллоҳ уларнинг кўзларини кўрмайдиган, қулоқларини эшитмайдиган, ўзларини ақл юритмайдиган қилиб қўйган.  
43. Бунга нима дея оласиз?
Мушрикларнинг қиёмат ҳақидаги саволларига нима ҳам деб жавоб бера олардингиз? Ахир, буларнинг ҳаммаси Парвардигорингиз ҳузуридаги ғайб сирларидандир. Қиёматнинг қачон бўлиши, унинг сифатлари ҳақида Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайди, ҳеч бир кишига, ҳатто Аллоҳнинг суюкли Пайғамбарига ҳам бу ҳақда билим берилмаган.
44. Буни фақат Парвардигорингиз билади.
Қиёматнинг қачон қоим бўлишини, охират дунёсида инсонларнинг ҳолатини, мўминларга бериладиган ажр-мукофотлар ва осий-гуноҳкорларга аталган азоб-жазоларнинг қандай бўлишини бутун оламларни яратган ёлғиз Парвардигоргина билади. Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад), қиёмат қачон бўлишини сўрашади. Сиз: "Бунинг илми Парвардигорим ҳузуридадир, уни ўз вақтида Ўзи ошкор қилади, осмонлару Ерга жуда оғир бўлади, сизларга тўсатдан келади", денг. Буни худди сиз биладигандек сиздан сўрашади, "Бунинг илми Аллоҳ ҳузуридадир, лекин кўплар билишмайди", денг» (Аъроф, 187).
45. Сиз Ундан қўрқувчиларни огоҳлантирасиз, холос.
Эй Пайғамбарим, сиз уларнинг қалбларини имон билан поклашга,  қўлларидан тутиб ҳидоят йўлига киритиб қўйишга қодир эмассиз, бу зиммангизга вазифа қилиб юкланган ҳам эмас. Сиз фақат Аллоҳдан қўрқувчи тақволи зотларни қиёмат даҳшатлари ва синовларидан огоҳлантирасиз, холос. Парвардигорингиз инсонларга икки йўлни: имон ва куфр, ҳидоят ва залолат йўлини кўрсатиб қўйган. Улардан қай бирини танлаш эса уларнинг ихтиёрида. Бунда ҳеч кимга зўрлик ишлатилмайди, зулм қилинмайди. Ҳақни топган абадий саодатга эришади, Ҳақни инкор этган мангу жазога гирифтор бўлади. Абу Ҳурайрадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен огоҳлантирувчиман, ўлим ҳужумкор, қиёмат соати ваъда этилган вақтдир» деганлар» (Ибн Абуд-Дунё ривояти); яна Абу Ҳурайрадан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом: «Сизларнинг дунёдан кутадиганларингиз туғёнга солувчи бойлик ёки охиратни унуттирувчи қашшоқлик, фасод қўзғовчи дард ёки оёққа тушов қарилик, тиш-тирноғи билан қуролланган ўлим ёки Дажжолдир. Сиз кутаётган ғайб нарсаларнинг энг ёмони Дажжол ва қиёмат соатидир! Қиёмат соати энг даҳшатлиси ва аччиғидир», деганлар (Имом Термизий ривояти).
46. Уни кўришганида дунёда фақат бир кеча ёки кундуз тургандек туюлади.
Дунё ҳаёти шунчалик фоний ва қисқаки, инсонлар қиёмат даҳшатларини кўришганида, қийноқ-азобларнинг сўнгсиз эканини англашганида дунёда фақат бир кеча ёки кундуз тургандек бўлишади. Аллоҳ таоло хабар берганидай: «(Эй Муҳаммад), ўша куни жиноятчиларни кишанлар билан боғланган ҳолда кўражаксиз. Уларнинг кийимлари қорамойдан бўлади, юзларини олов ўраб олади. Аллоҳ ҳаар бир жонга қилмишига яраша жазо бериш учун (шундай қилади). Аллоҳ албатта тез ҳисоб-китоб қилувчидир. Булар одамларнинг огоҳ бўлишлари ва Аллоҳ ягона илоҳ эканини билишлари ҳамда ақл эгалари эслатма олишлари учун бир баёнотдир» (Иброҳим, 47-52); «Эй инсонлар, албатта Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Сизларни дунё ҳаёти асло алдаб қўймасин, яна сизларни алдамчи (шайтон) алдаб қўймасин» (Фотир, 5). Яъни, инсонларни  қиёматгача алдаш билан шуғулланувчи шайтон «гуноҳ ишларни қилаверинглар, тоат-ибодатга вақт топилса қиларсизлар ёки қариганда намоз ўқирсизлар, Аллоҳ кечирувчидир» деган  гаплар билан инсонларни ҳамиша васвасага солади, уларни алдайди, умрни дунё машмашалари билан совуришларига йўллайди. Лаънати шайтон қутқусига учмаслик учун Китоб ва Суннатни дастур қилган ҳолда ҳамиша Аллоҳ таолонинг тоат-ибодатида бўлиш, Ҳақни таниш, тақво йўлини тутиш орқали икки дунё саодатини кўзлаб умргузаронлик қилиш ҳар бир мўмин-мусулмоннинг ушбу оятдан оладиган хулоса-ибрати бўлиши лозим.

Орқага Олдинга