Маккада тушган, 42 оятдан иборат
«Абаса» «қош чимирди, хўмрайди» деган маънони англатади. Бу сура ҳузурларига келган кўзи ожиз кишига рўйхушлик бермаганлари учун Пайғамбар алайҳиссаломга танбеҳ бериш билан бошланади (шунинг учун у шундай номланган) ва у зотга зиммаларидаги вазифалар яна бир бор уқтирилади. Сўнгра Қуръон оятлари Аллоҳ таоло томонидан панд-насиҳат олувчи бандаларга юборилган бир эслатма экани таъкидланади. Шунингдек, сурада инсон ўзининг қаердан келиб, қаерга бориши, кейинги ҳоли нима кечиши, инсон учун яратилган ноз-неъматлар эвазига у иймон келтириб, Аллоҳга шукр қилиши лозимлиги баён этилади.
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман.
1. У хўмрайди ва ўгирилиб олди;
Суранинг биринчи оятида сўз Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида боряпти. Нега у зот хўмрайиб, юзларини ўгириб олдилар? Аллоҳ таоло бутун оламлар учун раҳмат қилиб юборган охирги пайғамбари, суюкли элчисини нега бундай маломат қиляпти? Ушбу ва кейинги оятда Аллоҳ таоло Пайғамбарига учинчи шахс сифатида хитоб қиляпти. Бу ҳам Пайғамбарга (алайҳиссалом) ҳурмат кўрсатиш ва у зотни улуғлаш учундир, агар иккинчи шахс билан келтирилганида у зотга нисбатан оғир тушарди. Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарини бу жиҳатдан ҳам риоя қилади.
2. ҳузурига кўр киши келганида.
Чунки Сарвари олам Макканинг обрўли кишилари билан суҳбатлашиб турганларида кўзи ожиз бир киши ҳузурларига келиб, савол бериб қолди. Шунда Муҳаммад алайҳиссалом сўзлари бўлинганидан ранжиганнамо муомала қилган эканлар. Аллоҳ таоло бу ҳолат муносабати билан мазкур оятларни туширди.
«Кўзи ожиз киши Абдуллоҳ ибн Умму Мактум (розийаллоҳу анҳу) эди (У кейинчалик машҳур саҳоба бўлиб етишди). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Утба ибн Робиа, Абу Жаҳл ибн Ҳишом, Аббос ибн Абдулмутталиб ва Халафнинг икки ўғли Убай ва Умайялар билан суҳбатлашиб турган эдилар. Макканинг бу номдор аслзодаларини Аллоҳга имон келтиришга чақириб, Исломга киришларидан умидвор эдилар. Шунда Ибн Умму Мактум келиб: «Эй Аллоҳнинг элчиси, Аллоҳ сизга билдирган нарсалардан менга ҳам айтиб беринг», деди. У Расулуллоҳнинг бошқалар билан банд эканларини билмай, саволини қайтараверди. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом юзларида норозилик аломати зоҳир бўлади. Аслзодалар «бунга эргашганлар фақат кўр, камбағал ва қуллар экан», деб ўйлашяпти, деган хаёлда қошларини чимириб, ундан юзларини ўгириб, суҳбатдошларига қараб олдилар. Шунда Аллоҳ ушбу оятларни туширди. Бу воқеадан кейин Пайғамбар алайҳиссалом уни иззат-ҳурмат қилиб, қачон кўрсалар: «Марҳабо, Парвардигоримдан менга танбеҳ олиб берган киши», дер эдилар» (Али ибн Аҳмад Найсобурий. «Асбабун-нузул», Тошкент, «Мовароуннаҳр», 2009, 390-391-бетлар.
Ҳишом ибн Урва ҳазрати Оишадан (розийаллоҳу анҳо) ривоят қилади: «Бу оят кўзи ожиз Ибн Умму Мактум ҳақида нозил бўлган. Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида мушрикларнинг катталари ҳозир эди. У бориб: «Эй Расулуллоҳ, мени тўғри йўлга бошланг», дея сўз бошлади. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом ундан юз ўгириб, бошқаларга юзланганларида Аллоҳ шу оятни туширди» (Ҳоким ривояти).
3. (Эй Муҳаммад), қаердан биласиз, балки у покланар;
Яъни, эй суюкли Пайғамбарим, ҳузурингизга келган ожиз кишига нега бундай муомала қиласиз? Балки у сиз тиловат қилаётган Қуръоннинг панду насиҳатларини ихлос билан тинглаб, гуноҳларига астойдил тавба қилмоқчидир? Бу билан ҳам жисман, ҳам руҳан ва маънан покланмоқчидир? Нега энди Қуръонни масхара қилувчи кимсаларга очиқ юз билан уни тиловат қилиб беряпсизу аммо Қуръонга муҳаббат қўйган кишидан юз ўгириб олдингиз?
4. насиҳат олмоқчидир ва бу насиҳатдан манфаат топар?
Ҳузурингизга ҳидоят излаб келган киши сизнинг мавъиза ва даъватларингиздан наф олмоқчи бўлаётгандир? Ушбу оятларда покланиш насиҳат олишдан олдин зикр қилинишининг алоҳида ҳикмати бор: инсон олдин жисмонан ва руҳан покланиб, гуноҳларига тавба қилиб олмас экан, унинг қулоғига насиҳат кирмайди, илоҳий башоратлардан таъсирланмайди, ҳидоятга юрмайди. Аллоҳ таоло охирзамон пайғамбарига жисми ва қалби покланмаган куфр ва ширк эгаларига насиҳат қилиб овора бўлманг, барибир бунинг фойдаси йўқ, демоқда. Шундан маълум бўладики, инсон қалбига Аллоҳ Ўз муҳаббатини солмас экан, бу қалбга Аллоҳга тегишли нарсалар умуман кирмайди.
5. Беҳожат кишига эса;
Сиз эса насиҳатлардан, ваҳийларимиздан ибратланишга беҳожат кимсаларга эътибор қаратяпсиз.
6. мутасаддилик қилмоқдасиз.
Аллоҳга имон келтиришдан, Биз сизга юборган ваҳийлардан юз бурадиган, уларни масхара қиладиган, берган неъматларимиз қадрига етмайдиган баобрў ва бадавлат мушрикларга юзланиб, уларнинг сўзини тинглаяпсизу, аммо покланиш ва ибратланиш йўлига кирган инсонга бефарқ бўлдингиз? Сиз берилиб даъват қилмоқчи бўлган кимсалар Аллоҳга, Унинг Каломи ва Элчисига ишонишмайдию, уларга гапириб нима қиласиз?
7. У покланмаса ҳам сизга ҳеч ким маломат қилмайди.
Улар тавба қилмаса, имонга келмаса, сизга нима? Ҳеч ким сизни бу борада маломат қилмайди. Сиз бу нарсага масъул эмассиз. Сизнинг вазифангиз фақат огоҳлантириш, холос. Қалблар Аллоҳникидир: У кимни ҳидоятга бошламоқчи бўлса, унинг қалбини ваҳийларга очиб қўяди. Кимни залолатда қолдирса, қалбини муҳрлаб, имон нури киришидан тўсиб қўяди. Аллоҳ таоло айтади: «Биз ҳақиқатан унга (инсонга) тўғри йўлни кўрсатдик – у шукр қилувчи ё ношукр бўлди» (Инсон, 3).
8. Аммо олдингизга шошиб келганга;
Лекин ҳузурингизга чопиб келган Абдуллоҳ ибн Умму Мактумдек Аллоҳдан қўрқадиган, Унинг ягона Зотлигини тан оладиган, Унинг розилигини топиш учун илм ахтариб келган мўмин кишидан юз бурдингиз.
9. Аллоҳдан қўрққан ҳолида;
Қалби имонга тўлиқ бу киши Аллоҳдан қўрқиш бобида олдингизда ўтирган анави бадавлат, обрўли кимсалардан бир неча баробар устун туради. Чунки, ҳикматнинг боши Аллоҳдан қўрқишдадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган киши ҳатто сут кўкракка қайтмагунича (яъни, бу мумкин бўлмаган иш) дўзахга кирмайди», дедилар. (Абу Ҳурайрадан Имом Термизий ривояти). У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) яна шундай марҳамат этганлар: «Аллоҳ азза ва жалланинг азамати, ҳайбати ва кибриёсидан ҳамма вақт хавф ва ражода (умид ва қўрқув ичра) бўлиш барча ҳикматларнинг бошидир». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ибн Масъудга (розийаллоҳу анҳу) бундай деганлар: «Мендан кейин мен билан кўришишни, бирга бўлишни истасанг, Аллоҳдан қўрқувни кучайтир. Аллоҳдан қўрқув инсонни яхши амалларга йўллайди... Аллоҳдан қўрққанлар кўп нарсадан қўрқадилар, эҳтиёт бўладилар... Аллоҳдан бошқасидан қўрққанларни эса Аллоҳ ҳамма нарсадан қўрқитади... »
10. сиз унга эътибор бермаяпсиз.
Сиз эса ана шундай Аллоҳдан қўрқувчи, Унинг ваҳийларига ишонувчи одамга эътибор бермаяпсиз.
11. Ундай қилманг, булар эслатмадир.
Бундай йўл тутманг, эй суюкли Пайғамбарим. Қуръони карим ҳам, буларнинг бари ҳам бир эслатмадир.
12. Ким хоҳласа, буни эсда тутади.
Ким хоҳласа, буни эсда тутиб, амал қилади. Ким Аллоҳнинг шериксиз, ягона илоҳлигига ишонса, Унинг ҳақ йўлини тутади, Китобига ва Элчисига имон келтирган ҳолда уларнинг кўрсатмасини ўзига дастур қилиб олади. Шунинг учун ўзлари ожиз ва камбағал бўлса-да, Қуръони каримни ўзларига эслатма қилиб олишга тайёр турган тақволи мўминларга ваҳийларимизни тушунтиринг, ўргатинг, вазифангизни чиройли адо этинг. Аллоҳга, Унинг Китобига имон келтирмайдиган анави «обрўли» куфр эгаларига Қуръон тиловат қилиб ўтирманг, чунки уларнинг қалби табаррук битикларда асралган ваҳийларни қабул қилишга ожиз.
13. У табаррук битиклардадир;
Аллоҳ таолонинг Каломи улуғ бўлгани учун уни асраш-муҳофаза қилишни Парвардигор Ўз зиммасига олган. Унинг Каломи қиёматгача бирор ҳарфи ўзгартирилмай, илоҳий дастур бўлиб инсонларга ҳидоят йўлини кўрсатиб туради. Чунки у «табаррук битикларда»дир, яъни Лавҳул Маҳфуздан нусха олинган муборак саҳифалардир. Ибн Аббос (розийаллоҳу анҳу): «Бу саҳифалар Лавҳул Маҳфузнинг айни ўзи», деганлар. Аҳли суннат вал жамоа ақидасига кўра Лавҳул-Маҳфуз (ҳимоядаги, асралган лавµа) ҳақдир. «Таҳовий ақидаси» шарҳида: «Лавҳга, унга чизилган жамики нарсага имон келтирамиз», дейилган. Лавҳдан мурод, Аллоҳ таоло халойиқ тақдирларини ёзган нарсадир. Муфассирлар Јуръони каримдаги «Лавµул Маµфуз» атамасини «мґминнинг іалби» маъносида µам тафсир іилишган.
14. ҳурматланган ва покланган.
Қуръон мусҳафлари, яъни саҳифалари Аллоҳ ҳузурида пок, қадри баланд бўлгани учун инсонлар томонидан ҳам ҳурматланиши, покланиши лозим. Ҳеч кимнинг уларни таҳоратсиз, нопок ҳолда ушлашга, ҳурматсизик кўрсатишга ҳаққи йўқ, бу саҳифаларга ўзгартириш киритишга ҳаққи йўқ. Ушбу саҳифалар «марфуъаҳ», яъни қадри баланд, дея сифатланмоқда. Ривоят қилишларича, улуғ ҳукмдорлардан Усмон Ғозий бир куни қишлоқда яшовчи бир одам уйида меҳмон бўлди. Оқшом пайти таомни еб, бироз суҳбат қуришганидан кейин ётишга ҳозирланишди. Мезбон Усмон Ғозийга ўрин тўшаркан: «Аллоҳ тинч қилсин, яхши тушлар кўриб ётинг», деб хонадан чиқди. Усмон Ғозий энди ётмоқчи бўлган эди, қаршисидаги деворда Қуръони каримни халтачага солиб осиб қўйишганини кўрди. Усмон Ғозий тиз чўкиб ўтирди ва тонггача ўрнидан жилмади. Эрталаб хонадон соҳиби келиб қараса, ўрин бузилмабди, кечқурун қандай тўшалган бўлса, шундайича турибди. У Усмон Ғозийдан: «Нега дам олмадингиз, ухламабсиз, шекилли? Ўрин бузилмабди ҳам. Бирор нохушлик бўлдими?» деб сўради. Усмон Ғозий: «Йўқ, ҳеч бир нохушлик бўлмади. Деворда эҳтиётлаб-эъзозлаб қўйилган Қуръони каримни кўрдим. Қуръон олдида оёқ узатиб ётиш бизларга мумкин эмас. Унга ҳурматсизлик кўрсатиш мусулмон кишига тўғри келмайди», деб жавоб берди.
15. Элчиларимиз қўлидадир;
16. олийжаноб ва итоаткор.
Муборак саҳифалар эса олийжаноб ва итоаткор фаришталар қўлига топшириб қўйилган. Уларнинг вазифаси Лавҳул Маҳфуздаги табаррук битиклардан нусха кўчириб, бирор жойини ўзгартирмай, камайтирмай ё оширмай, буюк омонатдорлик билан пайғамбарларга етказишдир. «Киромин бароратин» дея сифатланган бу элчилар Аллоҳ ҳузурида ҳурмат ва ишончга сазовор фаришталардир.
17. Ҳалок бўлгур инсон бунча куфрга бормаса?!
Аммо ҳалок бўлгур, шўринг қургур инсон шунча далилларни кўриб-билиб туриб ҳам нега куфрга кетаверади, Аллоҳ ваҳийларини инкор қилади? Ушбу ояти карима дин душмани Абу Жаҳлнинг ўғли Утба ҳақида нозил бўлган. У бир куни отаси билан жанжаллашиб қолиб, аччиқ устида Исломни қабул қилди ва мусулмон бўлганини эълон қилди. Отаси уни бундан дарҳол қайтаришга киришди ва қўлига катта мол бериб, Шомга тижорат сафарига тайёрлай бошлади. Бунчалик кўп мол-дунёни кўрган Утба яна ўзининг эски, ота-боболари динига қайтганини билдирди ва Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга «Ваннажми иза ҳава»нинг Парвардигорига куфр келтирганини билдириш учун одам жўнатди. Бу ҳолат Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва у зотнинг атрофларидаги кишиларга қаттиқ таъсир қилди. Чунки Утба бу иши билан Аллоҳнинг динини ва ҳали оз сонли мусулмонларни калака қилаётган эди. Пайғамбар алайҳиссалом унинг сафарга чиқаётганини эшитиб: «Эй Аллоҳим, уни овлаш учун бир махлуқингни юбор», деб дуои бад қилдилар. Утба йўлга чиққач, Пайғамбарнинг дуоларини эслади ва карвондаги кишиларга ўзини ҳимоя қилишлари учун минг динордан беражагини айтди. Шунда шериклари уни ўртага олиб қўриқлаб кетишди. Аммо бу фойда бермади: сафарда бир шер туйқус чангалзордан чиқиб, карвонга ташланди ва матоларга ўралиб ётган Утба ибн Абу Жаҳлни тилка-тилка қилиб ташлади. Отаси ўғлининг дафнида «Муҳаммад нима деса, бўлмай қолмади», деб йиғлар эди». Айрим муфассирлар бу оят Макканинг бой ва амалдор кишилари ҳақида нозил бўлган, дейишади. Оятда васфи келган Утбами ё бошқа бирор баобрў шахсми, барибир, улар мол-дунёларига, мартаба-мавқеларига, яқинларининг кўплигига суяниб, ғурурга боришади, Аллоҳга ишонишмайди, Унинг каломини тўқима, афсона дейишади, Пайғамбарини мажнун деб калака қилишади. Бундай гумроҳ кимсалар ўзлари ёлғон санаган ўша ваҳийлар исёнлари ва осийликлари сабабли уларни охиратдаги қаттиқ азоблардан огоҳлантирувчи илоҳий эслатма эканини наҳот билишмаса?!
18. Аллоҳ уни нимадан яратди?
Ана шундай ғурурга, кибрга, куфрга кетаётган инсон ўзининг аслида нимадан яралганига боқмайдими, эътиборини қаратмайдими? Унинг отаси лойдан халқ қилинган, ўзи эса бир томчи назарга ҳам кирмайдиган, ҳатто ўзи ҳам жирканадиган ҳақир сувдан, яъни манийдан яратилган-ку! Қўлидаги бир кечада йўқ бўладиган мол-дунёсига, одамлар орасидаги мартабасига бунча кеккаяди? Аллоҳ таоло ва Унинг элчисига нега бунча итоатсизлик қилади? Ахир, у нега умрнинг ниҳоятда фоний ва қисқалиги, дунё ҳаёти инсонларга шунчаки бир синов учун, охиратга тайёргарлик қилиш муҳлати қилиб берилгани ҳақида нега фикр юритмайди, озгина ақлини ишлатмайди? Нодонлик, гумроҳлик, жаҳолат шунчалик бўладими?!
19. У нутфадан яратиб, туғилишини белгилади.
Инсон отилиб чиқадиган бир томчи маний ичидаги кўзга кўринмас уруғ (нутфа)дан яратилган. Аллоҳ таоло уни инсон назаридан ва аралашувидан мутлақо холи жойда пайдо қилар экан, ана шу жонсиз уруққа жон ато этади, унда кўз, қулоқ, бурун, оёқ-қўллар ва ички аъзоларни вужудга келтирди. Ҳомилани аста-секин комил ҳолатга келтириб, туғилиш вақтини белгилаб қўйди. Парвардигорнинг яратиш қудратини қарангки, қўл ўрнига оёқларни ўрнатиб қўймайди, кўз ўрнига бурунни жойламайди, инсонни гўзал ва мукаммал бир суратда яратади. Аллоҳ таоло марҳамат этади: «У сизларга бачадонларда бўлган пайтингизда хоҳлаган шаклни берадиган Зотдир» (Оли-Имрон, 6).
20. Кейин чиқиш йўлини унга осон қилди.
Кейин инсоннинг туғилишини, ҳомиланинг ёруғ дунёга чиқишини осон қилди. Ҳақиқатан, озгина тафаккур қилинса, оналар туғиш чоғида ўлим билан юзма-юз келишини кўриш мумкин. Агар Парвардигор уларнинг туғишларини осонлаштириб, тўлғоқ дардини бермаганида оналарнинг ва туғилажак гўдакларнинг не кўйга тушишларини тасаввур қилиш ҳам қийин.
21. Сўнгра уни ўлдирди ва қабрга киритди.
Аллоҳ таоло инсонларни дунёга келтиради, белгиланган умрларини яшаб бўлганларидан кейин эса жонларини олиб, қабрга киритади. Ҳаётнинг ҳам, ўлимнинг ҳам эгаси Аллоҳдир. Инсонларни эса Ўзига ибодат қилишлари учун яратган. Уларни дунёга келтиришдан мурод, инсонлар дунё ҳаётида Аллоҳни танисинлар, Унинг амрларини бажариб, розилиги йўлида солиҳ амалларни қилсинлар. Шундагина Аллоҳнинг яратиш иродасига муносиб ҳолда умр кечирилган бўлади. Чунки Аллоҳ таолонинг бундай ваъдаси бор: «(Эй кофирлар), нега Аллоҳга куфр келтирасизлар? Ҳолбуки бежон эдинглар, У жон берди. Кейин жонингизни олади, яна тирилтиради, сўнгра Унинг ҳузурига қайтариласизлар» (Бақара, 28).
22. Қачон хоҳлаганида уни тирилтиради.
Куфр ва ширк эгалари қанчалик ёлғонга чиқаришмасин, Аллоҳ таоло хоҳлаганида уларни қайта тирилтиради. Ўзи бу ҳақда шундай огоҳлантирган: «Улар зўр бериб: «Аллоҳ ўлганларни қайта тирилтирмайди», деб Аллоҳ номига қасам ичишди. Йўқ, бу Унинг ҳақ ваъдасидир. Лекин одамларнинг аксарияти буни билишмайди. Уларга ўзлари тортишаётган нарсаларни ажрим қилиб бериш учун ҳамда кофир бўлганлар ўзларининг ёлғончи эканларини билишлари учун ҳам (қайта тирилтиради)» (Наҳл, 38-39).
23. Йўқ, Унинг буюрганларини адо этмади.
Ана шундай исбот-далилларни кўриб туриб ҳам инсон Парвардигорининг буюрганларини адо этмади, ҳидоят йўлига юрмади, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига итоатсизлик қилди. Энди унинг бу қилмишлари учун охиратда қаттиқ азоблар, мангу қийноқлар кутиб турибди.
24. Инсон ўз емишларига назар солсин.
Ношукр инсон бунчалик осийлик қилавермай, ҳеч бўлмаганда ўзининг нима еяётганига бир назар солмайдими? Далаларда мўл-кўл буғдой, шоли, сабзи-пиёз, қовун-тарвузларни ким ҳосилдор қилиб ўстириб қўйди? Бир хил гуллайдиган бир хил дарахтларда ранги, мазаси, шакли ранг-баранг бўлган бу турфа меваларни ким пайдо қиляпти? Сигир томирларидан бир томчи қон ёки бошқа нарса аралашмай оқиб келадиган оппоқ сутни ким чиқаради? Инсонларга асал тўплаш учун минг-минглаб чақирим масофага учадиган, гул нектари билан сассиқ алафни аралаштириб юбормайдиган «ақлли» асалариларни ким бунга вазифалантириб қўйган? Бу ҳақда сал фикр юритган, ибрат олган инсон ҳеч қачон Парвардигорига итоатсизлик қилмаган бўларди. Аммо кўпгина кишилар бу ҳақда кам ўйлашади.
25. Мўл-кўл сувни тушириб қўйганмиз.
Яъни, инсонлар Ер юзида экин-тикин қилишлари, тирикчиликларини ўтказишлари, умуман фаровон ҳаёт кечиришлари учун осмондан мўл қор-ёмғирларни ҳам Биз тушириб қўйганмиз. Агар бир йилгина ёғин ёғдирмай қўйсак, уларнинг ҳоли не кечган бўларди?
26. Кейин Ерни ёриб бердик;
Кейин Ерни ёриб бердик, яъни уни ҳайдаладиган, унумдор, экин экишга қулай қилиб бердик. Бу ҳам инсонларга берилган энг яхши неъматларимиздандир. Агар Ер юзи фақат тошлардан ё қум-оҳаклардан иборат қилиб қўйилганида уларнинг ҳол не кечган бўларди?
27. унда ундирдик дон-дунларни;
Аллоҳ таоло Ер юзида дон-дунларни ундириб қўйганки, бу неъматдан нафақат инсонлар, балки қушлар, ҳайвонлар, барча жонзотлар ризқланади. Агар Ер ҳеч гиёҳ унмайдиган тап-тақир саҳродангина иборат қилиб қўйилганида инсонларнинг ҳам, барча жонзотларнинг ҳам ҳоли не кечарди? Ердан бирор гиёҳ унмай турса, инсон нима билан тирикчилик қиларди, қандай ҳаёт кечирарди? Агар гиёҳ унмаганида дастурхонида нон, мева-чева, сабзавот, гўшт, сут-қатиқ ва бошқа неъматлар бўлармиди? Нега инсонлар бу ҳақда ўйлаб кўришмайди? Аллоҳ берган беҳисоб ва бебаҳо неъматларга шукр қилишмайди, неъматлар шукрини қилиш учун эса Парвардигорлари зикрини кўпайтиришмайди, Унга тоат-ибодатда бўлишмайди?
28. узум ва сабзавотларни;
Ахир улуғ Аллоҳ бу сархил узумларни, турфа сабзавотларни инсонлар учун яратиб-ўстириб қўйган-ку! Нега инсонлар бундан ибрат олишмайди, бу неъматлари ўзича пайдо бўлмагани ҳақида фикр юритишмайди?
29. зайтун ва хурмоларни;
Буюк Парвардигоримиз фақат шулар билан кифояланмай, яна шифобахш зайтун ва хурмоларни ҳам ўстириб қўйган. Зайтун ва хурмо Қуръони каримнинг бир неча сураларида бежиз зикр этилмаган. Ҳар иккови инсонларга тўйимли таом бўлиш баробарида турли хасталикларга шифо ҳамдир. Ҳозирги замон тиббиёт мутахассислари зайтун меваси ва мойида инсон соғлиги учун зарур бўлган жуда кўп шифоли моддалар борлигини аниқлашди. Зайтун кўп истеъмол қилинадиган юртларда инсонларнинг саратон, юрак хасталиги, жигар хасталиги каби касалликларга бошқа мамлакатлар аҳолисига қараганда камроқ чалинишларини исботлашди. «Тибби Набавий» китобида хурмонинг камқувватлик, ошқозон оғриғи, буйрак ва жигар кучсизлиги, шамоллаш, бўғим касалликлари, тери ранги бузилиши ва бошқа хаксталикларни даволашда ҳамда ҳомиладор ва эмизикли аёлларга катта фойдаси борлиги баён этилган. Қуръони каримда ҳам тўлғоқ тутиб турган Марямга хурмо ейиш тавсия этилгани зикри келган: «Хурмо шохини силкитгин, токи у сенга янги хурмо меваларини тўксин!» (Марям, 25).
30. сердарахт боғларни;
Атрофингиздаги дов-дарахтлар, поёни кўринмайдиган ўрмонлар, ям-яшил водийларнинг барини Аллоҳ таоло инсонлар фойдаланишлари учун яратиб қўйган. Токи улар бу неъматларни кўриб, манфаатланиб, буларнинг шукри сифатида Аллоҳга чин бандалик қилишсин.
31. мевалару ўт-ўланларни;
32. сизларга ва чорвангизга емиш қилиб.
Булардан ташқари инсонларга ва уларнинг чорваларига емиш, озуқа қилиб қанча-қанча сархил меваларни, турли ўт-ўланларни ҳам Аллоҳ таоло ўстириб қўйган. Агар У осмондан қор-ёмғир ёғдирмаса, тоғлардаги булоқлар кўзини бекитиб қўйса, У яратган Қуёш нур сочмаса, Ер тупроғи унумдор бўлмаса, бу дарахт-экинларнинг бирортаси кўкарармиди! Нега инсон булардан ибрат олмайди, озгина ақл юритмайди? Аллоҳ берган бу бебаҳо неъматлар учун Унга тоат-ибодатда бўлмайди? Бундан ҳам ортиқ ношукрлик, бундан-да ёмон итоатсизлик бўлурми?
33. Аммо Соохха янграганида:
Бундайларга Соохха янграган кунда ниҳоятда оғир бўлади. «Соохха» қулоқларни кар қилувчи даҳшатли қичқириқ бўлиб, бу Қиёмат кунининг номларидан биридир.
34. у кунда қочар одам ўз ака-укасидан;
Қиёмат куни ўз ҳолидан ташвишга тушиб қолган ҳар бир инсон ҳатто энг яқин кишиларига ёрдам бериш уёқда турсин, ака-укаларидан ҳам ёрдам сўраб қолмасин, деган хаёлда қочишга тушади.
35. отасидан ва онасидан;
Ака-ука ҳам майли, ҳатто ўзини катта қилиб улғайтирган, оқ ювиб-оқ тараган, истаган нарсасини муҳайё қилган меҳрибон ота-онасидан ҳам қочишга ҳаракат қилади. Аллоҳ таоло айтади: «Эй инсонлар, Парвардигорингиздан қўрқинг, бирор ота боласига фойда беролмайдиган ва бола отасига бирор нарсада фойда беролмайдиган Кундан қўрқинг. Аллоҳнинг ваъдаси албатта ҳақдир» (Луқмон, 33).
36. хотинию бола-чақасидан.
Қиёмат куни узоқ йиллар бирга яшаган вафодор хотинию кўзларининг қувончи, дилининг юпанчи бўлган шириндан-шакар фарзандлари ҳам инсон кўзига кўринмай қолади. Қиёмат ана шундай ҳамма нарсага бефарқ қолдирувчи, инсонни ўз ташвишлари билан овора қилиб қўювчи масъулиятли, даҳшатли палладир.
37. У кунда ҳамма ўз ташвиши билан оворадир.
Қиёмат куни одамлар шунчалик ўзлари билан ўзлари овора бўлиб қолишадики, ҳатто улар атрофидаги одамларнинг қабрларидан яланғоч ҳолда чиқишганини ҳам сезишмайди, бунга қарашга ҳам фурсат топиша олмайди. Анас ибн Молик айтади: «Оиша Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Биз қиёмат куни яланғоч ҳолда тўпланамизми?» деди. Шунда у зот: «Ҳа», дедилар. Оиша: «Қандай шармандалик!», деди. Шунда Аллоҳ таоло мазкур оятни индирди» («Асбабун-нузул», 391-бет).
38. У кунда баъзи чеҳра порлоқдир;
Қиёмат куни инсонларнинг юзи икки хил кўринишда бўлади. Амалномалари ўнг томонидан берилган мўминларнинг чеҳралари оқ, нурли бўлади. Бунинг баёни Қуръони каримда келган: «(Мўминларнинг) юзлари эса у кунда шод-хуррам» (Ғошия, 8).
39. табассумли ва хурсанд.
Қиёмат куни дунё ҳаётида Аллоҳ таоло буюрганидай итоат ва тоатда яшаб ўтганлар, Парвардигоридан қўрққанлар, солиҳ амаллар қилганлар охиратдаги оқибатларидан мамнун ҳолда бўлишади. Уларнинг чеҳралари порлоқ, юзларида табассум ва хурсанчилик аломатлари намоён ҳолда бўлишади. Чеҳраси порлоқ, юзи оқ мўмин бандаларга Аллоҳ таолонинг ваъдаси бор: «Юзи оқлар эса Аллоҳнинг жаннатидадирлар ва унда абадий қолишади» (Оли-Имрон, 107).
40. У кунда баъзи юзлар ғубор босган;
Дунё ҳаётида Аллоҳ таоло ва Унинг Пайғамбарига ишонмаган, Парвардигор ваҳийларини инкор этиб, ёлғонга чиқарган, имтиҳон дунёсини куфр ва ширк исканжасида ўтказган кимсаларнинг юзлари қиёмат даҳшатидан, бўлажак азоблар ваҳимасидан кул босган каби хунук тусда бўлади.
41. қорайиб кетган бўлади.
Бундайларнинг юзи ҳатто кўмирдай қоп-қорайиб кетади. Уларнинг ҳолатини кўрганлар бу бахтсиз кимсаларнинг абадий қийноқ-азобларга мубтало бўлган дўзахийлар эканини бир қарашдаёқ ажратиб олишади. Қуръони каримда бундай келган: «Баъзи юзлар оқ ва баъзиси қора бўладиган Кунда юзи қораларга: «Иймонга келгандан кейин ҳам куфрга борганмидинглар, энди кофирлигингиз азобини тотинглар», дейилади» (Оли-Имрон, 106).
42. Ана шулар кофир ва фожирлардир.
Юзларини ғубор босган, қоп-қорайиб кетган бу кимсалар куфр ботқоғига ботган фожир-итоатсиз кимсалардир. Қуръони каримда бундай гумроҳ кимсаларнинг аянчли ҳолатлари қуйидагича баён этилган: «Аллоҳга ёлғон туҳмат қилувчи, ваҳий келмаса-да, "менга ваҳий келди" деювчи ва "Аллоҳ туширган нарсани мен ҳам тушира оламан", деювчилардан ҳам золимроқ ким бор? Золимларнинг ўлим талвасасини, фаришталарнинг уларга қўл чўзиб: "Жонларингни беринглар, Аллоҳга ноҳақ сўзлаганингиз, Унинг оятларига кибр қилганингиз учун бугун хорлик азоби билан жазоланасизлар!" дейишганидаги ҳолларини бир кўрсангиз эди» (Анъом, 93); «Агар фаришталар кофир кимсаларнинг юз-кетларига уриб жонларини олаётган ва: «Дўзах азобини тотингиз! Бунга сабаб ўзларингиз қилган амалларингиздир, эеро, Аллоҳ бандаларига ҳаргиз зулм қилувчи эмасдир», деяётган пайтини кўрсангиз эди» (Анфол, 50).