Маккада тушган, 11 оятдан иборат
Сура номи унинг биринчи оятидан олинган бўлиб, «вал-одиёт» сўзи «чопқир отларга қасам» деган маънони билдиради. Сурада Аллоҳ таоло жиҳод қилувчи зотлар жангга миниб борадиган учқур отларга қасамёд қилиш билан динсиз-эътиқодсиз кимсалар албатта Яратган ўзларига ато этган неъматларга ношукрлик қилувчи, ашаддий дунёпараст бўлишлари таъкидланади ва Аллоҳ таоло барча ишлардан хабардор бўлиб туриши уқтирилади. Маккада нозил бўлган ушбу сура инсоннинг Парвардигор неъматлари қадрини билмаслиги; инсоннинг бойлик, мол-дунёга ўчлиги, махлуқотлар Аллоҳ таоло ҳузурига ҳисоб-китоб ва жазо учун қайтишганида инсонга фойда берадиган солиҳ амаллар ва яхшиликлар қилишга тарғиб, қиёмат кунидан қаттиқ огоҳлантириш кабиларни зикр этади.
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман.
1. Пишқириб чопаётганларга қасам:
Аллоҳ йўлида ҳарсиллаб, пишқириб чопадиган отларга қасам, дейилмоқда. Абдуллоҳ ибн Аббосдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда келишича: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) отлиқларни урушга юбордилар. Бир ой юришса ҳам улардан ҳеч хабар келмади. Шунда Вал-одиёт сураси нозил бўлди» (Имом Баззор, Ибн Абу Ҳотим ва Ҳоким ривояти)
2. ўт чақнатадиган;
Аллоҳ йўлида пишқириб чопаётган отлар қаттиқ тез чопганидан нафас олишигача эшитилиб туради. Туёқлари тош ёки харсангга текканида улардан учқунлар отилади.
3. тонг чоғи бостириб борадиган;
У отлар душман устига айни тонг чоғи, уни ғафлатда қолдириб тўсатдан ҳужумга ўтади.
4. чанг-тўзон кўтарадиган;
У отлар тонг пайти жанггоҳда чанг-тўзон кўтариб чопади.
5. оломон орасига ёриб кирадиган.
Сўнг душман сафига ёриб кириб, уларни ҳар томонга тўзитиб-тарқатиб юборади. Отларнинг чопиши бошқа ҳайвонларникига қараганда хатарсиз бўлгани учун ҳам Аллоҳ таоло отларга қасам, демоқда. Ҳадисда бундай келган: «Қиёматга қадар отларнинг тўпиғидаги попугига яхшилик боғлангандир» (Имом Аҳмад ривояти). Суранинг дастлабки беш оятида отларнинг зикр этилишидан мақсад. мўминлар эътиборида отнинг шаънини улуғлаш, уларни отлар парваришига тарғиб қилиш, Аллоҳ йўлида олийжаноб ва буюк ишларга чорлашдир. Бу қасамда фахр, эътибор ва риё учун эмас, балки ана шундай юксак мақсадлар учун от боқишга ундаш мужассам.
6. Ҳақиқатан инсон Парвардигорига ношукрдир.
Кўрнамак кимсалар ҳақиқатан Парвардигор ато этган неъматларига ношукрлик қилади. Яъни, инсон табиатан неъматлар қадрини, яхшиликни билмайди. Неъмат берган Парвардигорига шукрни унутади. Унинг буйруқларига итоат этмайди. лекин нафсини тийиб, дунё ва охиратдаги ҳолини ўйлаб ибодат ва яхшиликлар қиладиган, гуноҳ ва ёмонликлардан тийиладиган одамлар бундан мустасно.
7. Ва албатта ўзи бунга гувоҳдир.
Яъни, инсон ўз ношукрлигига ўзи ҳамиша гувоҳдир. Унинг ҳоли ношукрлигининг гувоҳидир. Қуръони каримнинг бошқа оятларида ҳам инсоннинг сўзи ва амалида Парвардигорга итоатсизлиги кўриниб туриши эслатилган: «Ўзларининг кофирликларига гувоҳлик бературиб мушрикларга Аллоҳ масжидларини обод қилиш ярамайди. Уларнинг амаллари беҳуда ва дўзахда абадий қолишади» (Тавба, 17).
8. Яна у мол-дунёга қаттиқ муҳаббатлидир.
Инсон яна мол-дунёга қаттиқ муҳаббат қўйган. Шунинг учун молнии ниҳоятда яхши кўрганидан уни қизғанади ёки бойликни қўлга киритиш учун тинимсиз ҳаракат қилади, тинмай унинг ортидан қувади. Бу эса уни Аллоҳга итоат ва ибодатдан тўсиб қўяди. Бу оят маъносида икки хил фикр бор: «Биринчиси, инсон мол-дунёни жуда яхши кўради; иккинчиси, молнии яхши кўрганидан уни қизғанади» (Ибн Касир).
9. Ахир у билмайдими қабрдагилар чиқарилганида;
Яъни, қиёмат қойим бўлганида Ер ўз бағридаги ҳамма нарсани, шу жумладан инсонларнинг қайта жон ато этилган жасадларини ҳам ташқарига чиқариб ташлайди. Ношукр инсон қабрдаги ўликлар чиқарилиб, инсонлар пинҳон тутган яхши-ёмон ўй-ниятлари ошкора этилганида Парвардигор улардан огоҳлигини, уларнинг барча ҳолидан хабардор эканини, ҳеч бир сир Ундан яширин қолмаслигини билмайдими?
10. ва дилидагилар ошкор қилинганида –
Қиёматда инсонлар қайтадан тирилиб, қабрларидан чиқиб келишганида уларнинг дилидаги барча сир-асрорлари ошкор қилинади. Ўзга аъзоларнинг амаллари қалб ишларига боғлиқ бўлгани учун бу ўринда қалб амаллари зикр этилгандир. Зеро, қалбда хоҳиш-истак туғилмаса, аъзоларнинг амаллари содир бўлмайди.
11. ўша кунда Парвардигорлари улардан хабардор эканини?!
Парвардигор инсонларнинг барча ҳолатларидан яхши хабардордир. Ўша кунда ҳам, бошқа кунларда ҳам Унга ҳеч нарса махфий қолмайди. Қиёмат куни барча амалларга тўла жазо, яъни яхшисига мукофот ва ёмонига азоб беради. Агар инсонлар буни билиб, идрок қилишса, мол-дунёни яхши кўриш уларни Парвардигорларига шукр ва ибодат қилишдан тўсмас эди. Оятдаги «ўша кунда хабардор» жумласи мазмуни шуни таъкид этади. «Парвардигор хабардор» иборасида Аллоҳ таоло қиёмат куни уларни жазолайди» маъноси бор. Ҳеч бир нарса Аллоҳ таолонинг илми-ҳикматидан четда эмас. Аллоҳ азза ва жалла банданинг ҳар бир ҳолатини – ўтмишини, ҳозирини ва келажагини билади ва унга қилмишига яраша жазо ёки мукофот беради.