loader

101. Қориъа (Қоқувчи) сураси

Маккада тушган, 11 оятдан иборат
Сура номи унинг биринчи оятидан олинган, «ал-Қориъа» луғатда «қалбларни қаттиқ қоқувчи», яъни қиёмат исмларидан бирининг маъносини билдиради. Сурада Қиёмат даҳшатлари тасвирланиб, у кунда ҳар бир инсон қилмишига қараб мукофот ёки жазога мустаҳиқ бўлиши ҳақида хабар берилади. Қиёматнинг баъзи аломатлари, жумладан тоғларнинг тўзиб кетиши, титилган жун каби учиб юриши, қиёмат куни амалларнинг ўлчаниши ва шунга кўра инсонлар жаннат ёки дўзахга киришлари зикр этилади.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман.

1. Ал-Қориъа.
«Ал-Қориъа» худди Ал-Ҳаққо, ат-Томмаҳ, ас-Соххаҳ, ал-Ғошия каби қиёматнинг номларидан биридир. Қўрқинчлари қалбларга даҳшат солгани, барча жонзотларнинг вужудини ларзага келтиргани учун сура қиёматнинг ана шу номларидан бири билан аталган.
2. «Ал-Қориъа» нимадир?
«Ал-Қориъа»нинг нималигини ким ҳам била олади? Бошқа ғайбий нарсалар каби қиёматнинг аломатлари ва даҳшатлари ёлғиз Парвардигоргагина аён, холос. Инсонлар Унинг Пайғамбари ва Китоби орқали етиб келган айрим ваҳийлар орқалигина тушунча ва тасаввурга эгадирлар.
3. (Эй инсон), «ал-Қориъа»ни сенга нима билдирди?
Эй инсон, «ал-Қориъа»нинг нималигини сен қаердан ҳам билардинг? Қиёмат шиддатли, қўрқинчли, қалбларни ларзага солади, қулоқни қоматга келтиради. Аммо унинг асл сифати ва моҳиятини Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайди. чунки у шундайин шиддатлики, бирор ақл уни тасаввур ҳам қилолмайди. У тасаввурларимиздан ҳам буюкдир. Дунё даҳшати охират даҳшатлари олдида ҳеч нарса эмасдир. Дунёдаги оловлар охират олови олдида арзимас учқундир. Муқотил айтади: «У Аллоҳнинг душманларини азоб билан даҳшатга солади. Аллоҳнинг дўстлари қўрқинчдан омондалар».
4. У кунда одамлар тўзғиган парвоналар каби бўлишади;
Қиёмат куни одамлар қабрларидан чиқишганида йўл топа олмай ҳар томонга зир югуришади. Ўша куни уларнинг ҳолати худди тўзғиб кетган парвоналарга ёки пашша, капалак, чигитка каби учувчи ҳашаротларга ўхшайди. Улар қаттиқ саросимага тушганларидан ҳар томонга тарқалиб, югуриб-елишади. Бу ҳолатлари худди парвоналарнинг тўзиб-тарқалиб кетганига ўхшайди. Бу манзара Қуръони каримнинг бошқа сурасида бундай баён этилади: «(Кофирлар) гўё ёйилган чигирткалар каби қабрларидан чиқиб келишади» (Қамар, 7). Аллома Замахшарий бундай деган: «Улар кўпликда, парокандаликда, заифликда, хорликда, ҳар томонга елиб-югуришда ўзини оловга урувчи парвоналарга ўхшатилган».
5. тоғлар титилган юнглар каби бўлади.
Шундайин салобатли, зил-замбил тоғлар худди тароқ ёрдамида титилган, сочилган, тўзғиб юрувчи турли рангдаги юнглар (жунлар) каби бўлиб қолади. Қуръони каримда бу ҳақда яна бир неча оятлар келган: «Тоғлар ҳам (жойларидан жилдирилиб) сайр қилдирилганида…» (Таквир, 3); «У кунда Ер ва тоғлар титроққа тушади ва у тоғлар тўкилиб турувчи қумтепаларга айланиб қолади» (Муззаммил, 14); «Тоғлар ҳам (жойларидан) жилдирилиб, (осмонда учиб юрган) саробга айланиб қолади» (Наба, 20). Қиёматнинг бу икки аломатини зикр қилишда инсонларни қаттиқ огоҳлантириш, қўрқитиш бор.
6. Шунда кимнинг тарозиси оғир келса;
Қиёмат куни кимнинг яхши-солиҳ амаллари тарзуга қўйилганида оғир келса, ана ўшалар ўзи рози бўладиган, орзу қилинадиган ҳаётда бўлишади, яъни жаннат боғларидан жой олишади.
7. ўшалар роҳат-фароғатдадир.
Ана шундай бахтиёр кишилар жаннатда мангу роҳат-фароғатдадир. Абу Бакр Сиддиқ (розийаллоҳу анҳу): «Кишилар солиҳ амалларининг вазни оғир бўлиши боиси дунёда ҳаққа эришганлари туфайли ва ҳақ уларга оғир бўлганидандир. Тарозига ҳақ қўйилганида оғир чиқиши ҳақиқатдир. Унга ботил қўйилганида енгил чиқиши муқаррардир», деганлар. Муқотил айтади: «Чунки ҳақ оғирдир, ботил енгилдир».
8. Агар кимнинг тарозиси енгил келса;
Кимнинг амаллари тарозида енгил келса, у охиратда фақат зиён кўрувчилардан бўлади.
9. унинг жойи «ҳавия»дир.
Бундай кимсаларнинг жойи «ҳавия»дадир. Оятдаги «ҳавия» сўзи «туби йўқ, қаърсиз жарлик» маъноларини билдиради. Эътиборга олинадиган, тарози босадиган яхшиликлари кам кимсалар гуноҳлари кўплигидан дўзахнинг энг тубига, қаърига тушадилар. Биз, Қуръонда келганидек, амаллар ўлчанадиган тарозининг борлигига имон келтирамиз, лекин унинг кайфияти, вазни ва ўлчовини билмаймиз.
10. (Эй инсон), унинг қанақалигини сенга нима билдирди?
Эй инсон, «ҳавия»нинг қандай эканини сен қаердан ҳам била олардинг? Бундай сўралишидан мурод, ўша тубсиз жарликдаги оловдан қўрқитиш, у олов бизлар кўрган-билган оловлардан тубдан фарқланишини англатиш, бунинг ҳақиқатини билиб бўлмаслигини таъкидлашдир. Абу Ҳурайрадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Одам болалари (ишлатадиган) олов дўзах оловининг етмишдан бир бўлагидир», деганлар» (Имом Молик, Бухорий, Муслим ривояти). Бошқа бир ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бу (сизлар ишлатаётган) олов дўзахдаги оловнинг юздан бир бўлагидир», деб марҳамат қилганлар (Имом Аҳмад ривояти).
11. У қизиган ўтдир.
Оятда «қизиган ўт» дейилиши бошқа оловларнинг охират оловидан паст ҳароратда эканига ишорадир. Бу таъриф дўзах алангасининг мислсиз қақшатғич ва кучли эканидан огоҳ этишга кифоядир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Дўзах аҳлига энг енгил азоб икки (оловли) кавуш кийиш бўлади, унинг иссиғидан мияси қайнайди» (Имом Аҳмад ривояти). Бошқа бир ривоятда: «Агар иссиқ қаттиқ бўлса, пешин намозини салқин тушгунча кечиктиринг, чунки кучли ҳарорат жаҳаннам ўтидандир», дейилган (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Орқага Олдинга