Маккада тушган, 8 оятдан иборат
Сура номи унинг биринчи оятидаги «такосур» сўзидан, луғатда «мол-дунёга ҳирс, мол тўплаб кўпайтиришга берилиш» маъноларини англатади. Унда кўп одамларнинг то жонлари чиқиб, қабрларига киргунларича мол-дунё тўплашга ва ўша арзимас матолар билан бир-бирларига мақтанишга машғул бўлиб, Аллоҳни эслашдан ва У зот буюрган Ҳақ йўлда юришдан юз ўгирганлари баён этилади ва уларга бу қилмишларининг оқибати жаҳаннам экани ҳақида хабар берилади. Сурада фақат дунё учун амал қилиш қораланади ва охиратга тайёргарликни тарк этишнинг ёмон оқибатидан огоҳлантирилади.
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман.
1. (Эй инсонлар), мол кўпайтириш ҳирси сизларни машғул қилди;
Яъни, эй инсонлар, то қабрларни кўрмагунларингча сизлар мол-дунё тўплаш, бойликка ҳирс қўйиш ҳиссидан қутула олмайсизлар. Сизлар ўлимни кўрмагунча мол-дунё, бола-чақа, уруғ-аймоқ, мансаб, шуҳрат-обрў, ёрдамчиларнинг кўплиги билан фахрланиб, керилиб юрдингиз, уларни кўпайтириш билан шуғулландингиз, Аллоҳга тоат ва ибодат қилмадингиз. Анас ибн Моликдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Одам боласи қариса ҳам икки хислат ундан аримайди, бу мол ҳирси ва ҳавойи нафс орзусидир», деганлар (Имом Аҳмад, Бухорий, Муслим ривояти). Ибн Бурайдадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Бу сура ансорийларнинг Бани Ҳориса ва Бани Ҳорис қабилалари ҳақида нозил бўлган (тушган). Улар молллари ва машҳур кишиларининг кўплиги билан фахрланишар эди. Бир томон: «Ораларингизда биздаги фалончи-пистончилар каби бадавлат кишилар борми?», иккинчи томон ҳам ана шундай тирик юрган бой, дунёдор кишилари билан фахрланишарди. Бир қабила: «Қабристонни бориб кўринглар, сизлардан фалончилар каби машҳур кишилар ўтганми?» деб қабрга ишора қилса, иккинчи қабила ҳам олдин ўтиб кетган номдор аждодлари билан мақтанарди. Шунда «(Эй инсонлар), мол кўпайтириш ҳирси то қабрга киргунингизгача сизларни машғул қилди» ояти каримаси нозил бўлди» (Ибн Абу Ҳотим ривояти).
2. то қабрларни зиёрат қилгунингизча.
Яъни, Аллоҳ таоло бандаларни огоҳлантиряптики, сизлар мол-дунё тўплаш билан машғул бўлиб қолиб, Парвардигорга бандалик қилишни, охират тайёргарлигини унутиб қўйманглар, чунки охират дунёси олдида булар жуда аҳамиятсиз, қадрсиз нарсалардир. «Табарий тафсири»да ҳазрати Алидан (розийаллоҳу анҳу) қуйидаги ривоят келтирилган: «Ҳазрати Али: «Такосур сурасининг биринчи оятидан тўртинчи ояти нозил бўлгунича, биз қабр азоби ҳақида шак қилар эдик», деганлар». Абу Ҳурайрадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Банда молим, молим, дейди. Ваҳоланки, уч нарсагина, яъни еб ҳазм қилгани ёки кийиб тўзитгани ёхуд садақа қилиб бергани унинг молидир. Бундан бошқаси кетади, уларни бошқаларга қолдиради», дедилар» (Имом Муслим ривояти). Қуръони каримда фақат Такосур сурасида қабрлар зикри келган. Қабрни зиёрат қилиш қалб қаттиқлигига энг катта даводир, у ўлим ва охиратни эсга солади, орзуларни камайтиришга сабаб бўлади. Уламолар: «Қалбни даволашда уч нарса – Аллоҳга итоат, ўлимни кўп эслаш ва мусулмонлар қабрларини зиёрат қилиш фойда беради», дейишган.
3. Йўқ, яқинда биласизлар.
Яъни, одамлар ўртасининг бузилишига, ўзаро душманчилик ва нафратга, ибодатларни пайсалга солишга сабаб бўлувчи, осойишта турмуш тарзини издан чиқарувчи бойлик ва фарзандлар билан ғурурланиш бекор, бефойда ишдир. Яқинда қабрга кирганингизда бунинг арзимас эканини билиб оласизлар. Анас ибн Моликдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Маййитга (қабгача) уч нарса эргашади, улардан иккитаси қайтиб кетади, бири у билан бирга қолади. Маййитга аҳли (яқинлари), моли, амали эргашади, аҳли ва моли қайтиб кетади, амалигина у билан бирга қолади», дедилар» (Имом Бухорий, Муслим, Термизий, Насоий ривояти).
4. Яна бир бор йўқ, яқинда биласизлар.
Яъни, яна бир марта огоҳлантирамиз, яқинда ана шуларни биласизлар. Ўшанда афсус-надоматда қолмаслик учун ҳозироқ дунё билан алданиб қолишдан ўзларингни тўхтатинглар. «Яқинда биласизлар» деган огоҳлантириш бежизга такрорланмаяпти. Аллоҳ таоло ушбу сурада қабр ва охират азобининг ҳақлиги, қайта тирилиш ва ундан кейинги ишлар шубҳасиз бўлишининг таъкиди учун қайта-қайта огоҳлантиради. Ким солиҳ амалларга киришмаса, мол-дунёси, фарзандлари, яқинлари, ҳатто қабрлари кўплиги билан фахрланишни бас қилмаса, қаттиқ азобга гирифтор бўлиб, надомат чекишидан огоҳлантиради.
5. Йўқ, агар аниқ илм билан билганингизда эди.
Агар ишларнинг оқибатини аниқ билганларингда эди, мол-дунё билан фахрланишдан тийилиб, яхши, савобли ишларга шошган бўлардинглар. Охират учун ибодат қилишдан, унга тайёргарлик қилишдан тўхтамаган бўлардинглар. Ояти каримада айтилган бу сўзлар дунёга муккадан кетиш, ўткинчи-фойдасиз ҳаёт билан алданиб қолишдан қайтариқ ва буни қоралашдир. Бу шунчаки жўн насиҳат эмас, балки охиратда муқаррар бўлажак хатарлар ҳақида чуқур фикр юритишга, ибратланишга чорловдир. Буни фақат кучли имон эгалари, соғлом, англовчи қалб соҳибларигина қабул қилишади.
6. Қасамки, албатта дўзахни кўрасизлар.
Яъни, охиратда дўзахни ўз кўзларингиз билан кўрасизлар. Дин душманларининг «охират йўқ, ўлгандан кейин тирилиш йўқ, дўзах одамларни қўрқитиш учун тўқилган бир афсона» каби сафсатаю иддаоларига қарши ўлароқ, ҳар бир гуноҳкор банда охиратда дўзахни кўрибгина қолмай, унинг азобини тотади. Дўзах алангасининг овози эшитилганида, унинг даҳшати, улканлиги ва хатарининг буюклигини кўрганда Аллоҳга яқин фаришта ва пайғамбарлар тиз чўкиб, ҳамма хавф, қўрқувда қолиши ҳақққи-ростдир.
7. Уни албатта ишонч кўзи билан кўрасизлар.
Яъни, сизларнинг дўзахни кўришингиз шунчалик аниқ, рўй-ростки, дунё ҳаётида атроф борлиқни, қуёш, ой-юлдузларни, одам ва ҳайвонларни кўргандек, ишонч кўзи билан кўрасизлар. Шундай экан, дўзахга олиб борувчи гуноҳ ишларга қўл уришдан ўзларингни сақланглар, ҳамиша Аллоҳга итоатда бўлинглар, Унинг амр-фармонларидан чекинманглар.
8. Сўнгра ўша куни албатта неъматлар ҳақида сўраласизлар.
Яъни, сизларни ибодатдан чалғитган дунё бойликлари, омонлик, соғлик, хотиржамлик, еб-ичишларингиз, маскан, улов ва бошқа неъматлар ҳақида ҳисоб-жавоб берасизлар. Убайдуллоҳ ибн Муҳсиндан (розийаллоҳу анҳу) бундай ривоят бор: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Сизлардан ким кўнгли хотиржам, Тани соғ, кунлик емиши бўлатуриб тонг оттирса, гўё унга дунёнинг ҳаммаси берилгандекдир», деганлар» (Имом Бухорий, Термизий, Ибн Можа ривояти). Абу Борзадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинишича: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Қиёмат куни банда тўрт нарса ҳақида – умрини нима билан ўтказгани, ёшлигини қандай кечиргани, мол-дунёсини қандай топиб, қаерга сарфлагани ва илмига қандай амал қилгани ҳақида жавоб бермагунича жойидан жилмайди», деганлар» (Имом Термизий ривояти).