Маккада тушган, 3 оятдан иборат
«Вал-аср» луғатда «асрга қасам» маъносини билдиради. Ушбу қисқа сурада Исломнинг энг муҳим асоси ва инсоний ҳаёт дастури баён этилган. Унда Аллоҳ таоло аср намозининг вақтига қасам билан инсоният ҳақиқий бахт-саодатга эришиш учун тўрт нарсага – иймон, эзгу амал, Ҳақ йўл ва шу йўлда чекиладиган машаққатларга сабр қилишга муҳтож эканини таъкидлайди. Аср узоқ замондир. Бу муддат турли ажойиботларни, хурсандчилигу хафагарчиликларни, соғлигу касалликларни, бойлигу камбағалликни, иззату хўрликни ўз ичига олади.
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман.
1. Асрга қасам.
Яъни, Аллоҳ таоло асрга, инсонлар бошдан кечирадиган замонга қасам. деяпти. Унда инсонлар учун кўп ибратлар бор: кеча ва кундуз алмашади, зулмат ортидан ёруғлик келади, ҳодиса-воқеалар, салтанат-давлатлар ўзгариб туради. Булар Яратганнинг мавжудлигига, яккалигига ва қудратига далолат қилади. Аллоҳ таолонинг замонга қасам, дейиши замоннинг шарафли ва аҳамиятли эканига далилдир. Абу Ҳурайрадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда келишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Замонни сўкманглар, чунки Аллоҳ замон(га боғлиқ барча ишларни амалга оширувчи)дир», деганлар (Имом Муслим ривояти). Баъзи муфассирлар оятдаги «аср»ни аср намози ёки унинг вақтидир, чунки у вақт шарафли ва фазилатли, деб тафсир қилишган. Шу боис, уламоларнинг кўплари ўрта намозни «аср намози» дейишган. Айни чоғда бунда дунёнинг қолган умри аср билан шом оралиғичадир, деган маънога ишора бор.
2. Инсон албатта зиён-бахтсизликдадир.
Аллоҳ азза ва жалла замонга қасам келтириб, ушбуларни баён этади: инсон ҳасратда, ҳалокатда, зиёндадир. У дунё ишларида ва юриш-туришда ҳақдан оғган. Аммо улар орасида истисно қилинган яхшилари ҳам бор. Демак, инсон ҳасрат-надоматда қолмаслик учун фойдали ишларга, солиҳ амалларга машғул бўлиши керак. Чунки вақт жуда оз, қисқа. Умр тез ўтиб кетади. Ўтиб кетган нарсани қўлга киритишнинг мутлақо имкони йўқ. Оятдаги «инсон»дан барча инсонлар тушунилади. Лекин баъзи муфассирлар оятда «инсон» деганда Валид ибн Муғийра, Ос ибн Воил, Асвад ибн Мутталиб каби Макка мушриклари назарда тутилган, дейишган.
3. Имон келтирган ва яхши ишлар қилганлар, бир-бирларини Ҳаққа йўллаганлар ва бир-бирларини сабрга ундаганлар бундан мустаснодир.
Фақат Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига имон келтирган, солиҳ амаллар қилган, бир-бирларини Ҳаққа йўллаган, яъни Аллоҳ таолога ва Унинг тавҳидига имон келтириш, Парвардигор амрларини бажариш ва қайтарган нарсаларидан четланиш ва бу йўлда турли машаққат-синовларга сабр қилишни тавсия этувчилар юқоридаги зиён-бахтсизликлардан мустаснодир. Чунки уларни дунё ишлари охират ишларидан чалғитмайди. Ҳақ ботилга зиддир, ҳақ тоатларни бажариб, ҳаром нарсалардан қочишдир. Ҳақ барча яхшиликларни ва бажариш лозим бўлган барча ишларни ўз ичига олади. Имом Замахшарий: «Ҳақ барча яхшиликлардир, Аллоҳ таолога имон Унинг амрига бўйсуниш, китоблари ва элчиларига эргашиш, дунёга эмас, охиратга рағбат кўрсатишдир», деганлар. Ҳазрати Умар (розийаллоҳу анҳу): «Менга айбимни кўрсатган кишини Аллоҳ раҳматига олсин», деганлар. Яна бир-бирларини сабрга ундаганлар ҳам зиён-бахтсизликдан мустаснодир. «Сабрга ундаш» Аллоҳ таолонинг тоатига, гуноҳлардан тийилишга, мусибат ва машаққатларга сабр қилишга чақиришдир. Имом Розий (раҳимаҳуллоҳ): «Ҳақ оғирдир, машаққат доимо у билан ҳамроҳдир. Шунинг учун оят сабрни инсонлар бир-бирларига тавсия қилишлари кераклигига далолат қилади», деганлар.
СУРАНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИ
Имом Табароний Убайдуллоҳ ибн Ҳафсдан ривоят қилишича, саҳобалар бир-бирлари билан учрашиб қолишса, бирлари иккинчиларига Вал-аср сурасини ўқиб бергач, сўнг салом беришар экан. Имом Шофиъий: «Агар инсонлар бу сурани тушунганида, шунинг ўзи уларга етарли бўлар эди», деганлар.