loader

099. Залзала (Зилзила) сураси

Мадинада тушган, 8 оятдан иборат
Сура номи унинг биринчи оятидаги «зилзила» маъносини билдирувчи «залзала»дан олинган. Сура қиёмат куни олдидан бўладиган даҳшатли зилзила ҳақида хабар бериш билан бошлангани учун шундай ном олган. У дастлаб Қиёмат қойим бўлган кунда замин зилзилага тушиб, титраб-ёрилиб тилга кириши ҳақида зикр қилади. Сўнгра у кунда дунёда қилиб ўтилган бир зарра мисолида яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам жазосиз қолмаслиги баён этилади.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман.

1. Зилзила бўлиб Ер қимирлаганида;
Аллоҳ таоло ушбу сурада ҳам олдинги Баййина каби қиёмат кунинг ҳолатлари, ўша куни кофирларга бериладиган жазо, мўминлар тақдирланадиган мукофотлар ҳақида хабар беради. Қиёматнинг аломатларидан бири ўша Кунда ёки унинг олдидан Ер қаттиқ зилзилага учрайди.
2. ичидагиларни чиқариб ташлаганида;
Ана шу кучли ер қимирлаши натижасида сайёрамиздаги ҳамма нарса вайрон ва ҳалок бўлади, Ер ичидаги бойликларнию ўликларни ташқарига чиқариб ташлайди. Ер бағридан хазина-бойликларни чиқариб ташлаши Исрофилнинг биринчи сур чалганида, ўликларни чиқариб ташлаши эса иккинчи сур чалинганида рўй беради.
3. ва инсон: «унга нима бўлди?» деганида;
Қиёматнинг бу ҳолатини кўрган айрим инсонлар «Ие, ерга нима бўлди?» деб ҳайрон бўлади. Айрим муфассирлар бу оятдаги «инсон»дан мурод, кофир кимсалардир, чунки мўмин қиёматга ишонгани учун ҳеч ҳайрон бўлмайди, бундан ташқари ўша пайтда Ер юзида бирор мўмин қолмайди, Қуёшнинг мағрибдан чиқиши, кучли зилзила каби қиёматнинг энг катта аломатлари содир бўлган пайтда мўминларнинг барчаси ўлиб кетган бўлади. Қиёматга яқин Ер юзида фақат куфр эгалари қолган бўлади. Улар қиёмат ва унинг даҳшатларига ишонмагани учун бу воқеа содир бўлганида таажжубдан «унга нима бўлди?» деб юборади.
4. Ўша куни Ер ҳамма гапни айтади;
Ерда қаттиқ зилзила бўлиб, қиёмат соати келганида, Ер бағридаги ҳамма нарсани чиқариб ташлаганида у ўз устида инсонлар қилиб ўтган барча яхши-ёмон ишларни майда-чуйдасигача қолдирмай, ҳаммасининг хабарини беради. Абу Ҳурайрадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда келишича: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ушбу оятни ўқидилар ва: «Унинг хабари нима эканини биласизларми?» деб сўрадилар. Саҳобалар: «Аллоҳ ва Унинг Расули яхши билади», дейишди. Шунда «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ер устида бирор иш қилган барча эркагу аёлга гувоҳликка ўтиши ва у фалон куни фалон ишни қилган, деб айтишидир», дедилар» (Имом Аҳмад, Термизий, Насоий ривояти). «Тафсири Табарий»да: «Бу ўша кун ҳақида бир мисол келтиришдир, бу куни Ер (биз билган) тил билан эмас, ҳол тили билан гапиради», дейилган.  
5. чунки Парвардигорингиз унга буюради.
Яъни, Ер бу ишни ўзича эмас, Аллоҳ таоло унга шуни буюргани учун қилади. Дарҳақиқат, дунё ва охиратда ҳар бир нарса фақат Аллоҳ таолонинг изни билан бўлади, У ҳар ишга қодирдир.
6. Ўша куни одамлар амалларини кўриш учун тўп-тўп бўлиб чиқишади.
Ўша қўрқинчли кунда одамлар тўп-тўп бўлиб Маҳшаргоҳда тўпланишади. Бир томонда қўрқув ва даҳшатдан тили сўзга келмай қолган, кўзлари надоматдан сўник, ўзлари нима қиларини билмай ҳайрон куфр ва ширк эгалари бўлса, иккинчи томонда дунё ҳаётида қилган амалларидан кўнгли тўлган, ўзи рози ҳолда тирилган ва Парвардигорини ҳам рози қилган юзлари порлоқ, табассум қилиб турган мўминлар туради. Баъзи муфассирлар бу оятни одамлар у кунда қилган амалларига мукофот ё жазо берилишини кўриш учун ҳисоб майдонида (Маҳшаргоҳда) мўминлар гуруҳи, кофирлар гуруҳи ҳолатида тўпланишади, деб тафсир қилишган.  
7. Ким заррача яхшилик қилган бўлса, уни ҳам кўради.
Яъни, дунё ҳаётида ким заррача яхшилик қилган бўлса, унинг мукофотини кўради. Бу дунёда кўрмаса, охиратда албатта кўради. Чунки Аллоҳ таоло ваъдасига мувофиқ ҳар бир яхшиликка ажр-савоб беради, ҳар гуноҳ ва ёмонликка азоб-жазо беради. Инсонлар ўзларининг Аллоҳ розилиги йўлида қилган зарра мисоли энг майда, кўзга аранг кўринадиган чумолича беқадр ишларини ҳам қиёмат куни амал дафтарларида (номаи аъмолларида) қайд қилинган ҳолда кўришади. Яхшилик қилганлар буни кўриб, Аллоҳ мукофотидан умидвор ҳолда мамнун туришади.
8. Ким заррача ёмонлик қилган бўлса, уни ҳам кўради.
Ким зарра миқдорида ёмонлик қилса, уни ҳам кўради, Аллоҳ таоло ҳузурида жазоланишига гувоҳ бўлади. Инсонлар дунё ҳаётида қилган энг арзимас, кичкина ёмонликларини ҳам номаи аъмолларида битилган ҳолда кўришади. Аллоҳ таоло фазлига олса, имонли кишиларнинг майда гуноҳлари ва ёмонликларини кечиради. Фақат куфр келтирганларнинг тавбаси инобатга ўтмайди, уларга азоб абадийдир, дўзахдан чиқиш йўқдир. Чунки уларнинг қилган жиноятлари ва исёнлари ҳадсиз-чегарасиздир. Кофирнинг бу дунёда қилган яхшиликларига мукофот шу дунёнинг ўзидаёқ берилади. Чунки у охиратга ишонмагани учун у дунё мукофотидан насибаси йўқ. Чунки унинг қилган яхшиликлари Аллоҳ ҳузуридаги яхшиликка ҳаргиз мувофиқ келмагани, Аллоҳ рози бўладиган асосга тўғри келмагани учун эътиборсиздир. Имони бўлмаган кимса инсониятга оламшумул яхшиликлар қилган, улкан манфаатлар етказган бўлмасин, булар учун охиратда ҳеч қандай ажр-мукофот ололмайди. Исломда яхшилик ва ёмонлик ўртаси аниқ бўлган. Ҳеч ким онадан ё яхши ёки ёмон бўлиб туғилмайди. Инсонлар тароқ тишларидай баробар қилиб яратилган, бировнинг бошқасидан устунлиги йўқ. Устунлик, афзаллик фақат имон, тақво (Аллоҳдан қўрқиш) туфайли бўлади. Ҳар бир инсон яхшиликни ҳам, ёмонликни ҳам ўз ихтиёри ва хоҳиши билан қилади. У қилган яхши-ёмон иш-амаллари учун Парвардигори ҳузурида албатта жавоб беради. Савоб ва гуноҳига яраша албатта мукофот ё жазо олади.
Абдуллоҳ ибн Аббос (розийаллоҳу анҳу) бундай дейди: «Мўмин ва кофир бирор яхши ёки ёмон иш қилса, уларга Аллоҳ таоло буни кўрсатади. Мўминнинг гуноҳини кечиради ва яхшиликлари эвазига савоб  берилади. Кофирга эса унинг яхшиликлари қайтариб берилади ва у гуноҳлари туфайли азобланади». Саид ибн Жубайрдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Ўзлари хоҳлаб туришса ҳам таомларидан мискин, етим ва асирларга беришади» ояти (Инсон, 8) нозил бўлганида мусулмонлар озгина нарса эҳсон қилганимиз учун мукофотланмаймиз, деб ўйлашарди. Бошқалар эса енгил-сағира гуноҳлар учун (масалан, номаҳрамга бир марта қараш, ғийбат каби) маломат қилинмаймиз, Аллоҳ таоло фақат кабира-улкан гуноҳ қилганларни дўзах оловидан огоҳлантирган, деб ўйлашарди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу: «Ким заррача яхшилик қилган бўлса, уни ҳам кўради. Ким заррача ёмонлик қилган бўлса, уни ҳам кўради» оятларини нозил қилди» (Ибн Абу Ҳотим ривояти). 

Орқага Олдинга