Мадинада нозил бўлган, 286 оятдан иборат.
"Бақара" сўзининг луғатда "сигир" деган маъноси бор. Қуръони каримнинг иккинчи, энг узун ушбу сураси Мадинада нозил бўлган, 286 оятдан иборат. Бу сура Муҳаммад алайҳиссалом Маккаи мукаррамадан Мадинаи мунавварага ҳижрат қилганларидан кейин нозил бўлган биринчи сурадир.
Сурада имон-эътиқод, ибодат, муомала, ахлоқ, никоҳ, талоқ, идда ва бошқа шариат ҳукмлари, куфр ва нифоқнинг моҳияти баён қилинади. Бани Исроилда ўлдирилган кишининг қотилини топиш учун Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссалом қавмига бир сигир сўйиб, гўшти билан ўликни ургач қотил маълум бўлишини билдиргани учун сура шу номни олган. Суранинг қарийб учдан бир қисмини Аҳли китоблар (Таврот ва Инжилга имон келтирганлар) ҳақидаги мавзулар ташкил этади. Чунки улар Мадинаи мунавварада мусулмонлар билан бирга яшашар эди. Шунинг учун ҳам Қуръони карим мусулмонларни яҳудийларнинг макр-ҳийлалари, хиёнатлари, алдамчиликлари ва бузуқ табиатларидан хабардор қилади. Мусулмонлар ўз жамиятларини эндигина қура бошлаганлари учун сура уларга Аллоҳ жорий этган ҳаёт тарзини қадам-бақадам ўргатиб боради. Ибодат ва муомала масалалари, жумладан, рўза, ҳаж ва умра, Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилиш, оила, талоқ, бола эмизиш, идда, мусулмонларга мушрика аёлларга уйланиш ҳаромлиги ва бошқа масалалар баён қилинган. Сураи каримада яна рибохўрликка – судхўрликка катта эътибор берилган бўлиб, унинг ҳаромлиги ва оқибати ёмонлиги алоҳида таъкидланган. Сўнгра қиёмат кунининг даҳшатлари зикр қилинади. Ва, ниҳоят, сура охирида мўминлар тавба қилишга, доимо Аллоҳга тазарруда бўлишга чақирилади.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
(Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман)
1. Алиф, лаам, миим.
Ҳуруфи муқаттаъа, яъни узуқ ҳарфлар Қуръони каримнинг 29 та сураси бошланишида келган. Олтита сурада эса айнан "алиф, лам, мим" кўринишида тушган. Уламоларнинг аксарияти буларга маъно бермайди, балки "Аллоҳ таоло билувчидир" дейиш билан кифояланади. Чунки бу ҳарфлар Қуръони каримнинг сирларидандир ва Аллоҳ таоло сир-асрорини Ўзи яхши билади. Баъзи уламоларнинг айтишларича, Ислом келган пайтдаги араблар ниҳоятда гапга уста, балоғат ва фасоҳат билан сўзловчи, табъи назм кишилар бўлган, Аллоҳ таоло уларни лол қолдириш учун ана шундай узуқ ҳарфларни ҳам Ўз Китобида келтирган.
2. Бу Китоб шубҳадан холидир, Аллоҳдан қўрқувчилар учун тўғри йўлдир.
Қуръони карим Аллоҳ таолонинг Ҳақ китоби, ҳукми қиёматгача давом этадиган, Ер юзидаги бутун инсон наслига юборилган илоҳий Китобдир. Унинг оятларида ҳеч қандай шак-шубҳага ўрин йўқ, қиёматгача унинг бирор ҳарфи ҳам ўзгармайди. Уламолар таърифига кўра, у Аллоҳ таолонинг мўъжиз (лол қолдирувчи) каломи бўлиб, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга ваҳий орқали тушган, тиловати ибодат ҳисобланувчи илоҳий Китобдир. Қуръони карим кўрсатмалари Аллоҳдан қўрқувчилар учун энг тўғри йўлдир ва тақводорлар ҳидоят топишгани учун икки дунё саодатига мушарраф бўладилар. Мужоҳид айтади: "Сура бошидаги тўрт оят (яъни, 2-5-оятлар) мўминлар ҳақида, ундан кейинги икки оят кофирлар тўғрисида, кейинги ўн уч оят эса мунофиқлар хусусида нозил бўлган".
Ояти каримадаги “Аллоҳдан қўрқувчилар” тақводорлардир, "тақво" сўзи эса луғатда "сақланиш, эҳтиёт бўлиш, қўрқиш, зарарли, қабоҳат ва кароҳиятли нарсалардан четланиш" маъноларини билдиради. Истилоҳда Аллоҳнинг уқубати ва азобларидан сақланиш учун Унинг буйруқларини бажариш, қайтариқларидан четланиш "тақво" дейилади. Тақво Аллоҳ таолодан қўрқиш, ҳаром ва шубҳали нарсалардан тийилишдир. Бундай хислат соҳиби тақводор (муттақий) саналади. Тақводор киши ишончли саналади, ундан ҳеч ким зиён кўрмайди. Исломда барча инсонлар бири-бири билан тенгдир, улар фақат тақволари билан ажралиб туришади. Қуръони каримда: "Аллоҳнинг наздида энг ҳурматлигингиз тақводорингиздир." (Ҳужурот, 13), дейилган. Тақвонинг акси фисқ-фужур ва исёндир, Аллоҳга осий бўлиш, ҳаром ва шубҳали нарсалардан сақланмасликдир. Қуръони карим ана шу Аллоҳдан қўрқувчи тақводорлар учун ҳидоят йўлини кўрсатувчи дастурдир, тўғри йўлга йўллаб турувчи маёқдир.
3. Улар ғойибона имон келтирадиган, намозларини тўкис адо этадиган ва Биз ризқ қилиб берганларимиздан эҳсон қиладиганлардир.
Аллоҳдан қўрқувчи тақводор зотлар ғайбий (кўзлардан яширин) нарсаларни кўришмаса ҳам уларга имон келтиришади, Аллоҳ таоло буюрган намозларини барча рукнларига амал қилиб, ўз вақтида мукаммал адо этишади ва Парвардигорлари ўзларига ато этган моллардан Аллоҳ буюрган тоифадаги кишиларга эҳсон қилишади. Абу Ҳанифа, Абу Мансур Мотуридий ва ҳанафий мазҳабининг бошқа уламолари наздида имоннинг рукни (шарти) иккита –Пайғамбаримиз алайҳиссалом Аллоҳ таоло тарафидан келтирган барча хабарларни дил билан тасдиқ этиб, тил билан иқрор қилишдир. Ибодатлар ва бошқа хайрли, савобли амаллар имон таркибига кирмайди. Лекин айрим мужтаҳид олимлар ибодат ва савобли ишлар ҳам имон таркибига киради ва учинчи рукн сифатида белгиланади, деб ҳисоблашади. Савобли амалларнинг ўзи банданинг жаннатга кириши учун восита ҳисобланмайди, балки бунга Аллоҳнинг фазли ва банданинг имони сабаб бўлади. Амаллар эса, жаннатга киргандан кейин бериладиган мақом, даража ва мартабаларни белгилаш учун васила бўлади. Айрим гуноҳкор мўминлар жазога маҳкум бўлсалар-да, лекин имонлари шарофатидан Аллоҳ белгилаган муддатдан кейин азобдан озод этилиб, жаннатга киритилади. Оятда зикр этилган тақводорларнинг сифатларидан бири шуки, улар охират, ўлгандан кейин тирилиш, фаришталар, жинлар каби ғайбий нарсаларни кўришмаса ҳам буларга имон келтиришади, намозларини барча арконларига риоя қилиб адо этишади, Аллоҳ таоло уларга ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилишади. Ибн Исҳоқнинг айтишича, Бақара сурасининг олдинги юз ояти Авс ва Хазраж қабиласи ҳақида нозил бўлган. Яъни, ҳидоятни тарк этиш оқибатини ўйлаб Аллоҳдан қўрқадиган, Парвардигор ҳузуридан келган нарсани тасдиқлаш билан Унинг раҳматини умид қиладиган тақводор мўминлар жаннат ва дўзахни, фаришталарни ва шу каби ғайбий (махфий) нарсаларни кўришмаса ҳам Аллоҳ ва Унинг Расули баён қилганига кўра ишонишади. "Намозни адо этиш" деганда унинг барча ҳақлари ва рукнларига тўкис риоя қилиб, вақтида ўқиш тушунилади. Тоат аслида уч қисмга бўлинади: биринчиси қалб (руҳ) тоати, иккинчиси бадан тоати, учинчиси мол тоатидир. Юқоридаги оятларда шу уч қисм тоат тартиби билан баён қилинган.
4. (Эй Муҳаммад), улар сизга ва сиздан олдингиларга туширилган нарсаларга имон келтиришади ҳамда охиратга аниқ ишонишади.
Тақводорлар Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга нозил этилган (туширилган) Қуръони каримга ҳам, у зотдан олдинги пайғамбарларнинг ҳеч бирини ажратмаган ҳолда, Аллоҳнинг ваҳийларини инкор қилмаган ҳолда инсониятга туширилган барча самовий китоблар (Забур, Таврот ва Инжил)га ҳам имон келтиришади, чунки бу илоҳий китобларнинг бари Аллоҳ таоло томонидан туширилгандир. Забурга эргашувчилар ҳозирда қолмаган, Таврот ва Инжилнинг асли инсонлар томонидан йўқотилган, ҳозирги нусхаларига шунчалик кўп қўшимча, ўзгартириш ва қисқартиришлар киритиб юборилганки, у асл моҳиятини йўқотган.
5. Ана шулар Парвардигорлари йўлидадирлар ва ана шулар нажот топувчилардир.
Барча самовий китоблар Аллоҳ таоло ҳузуридан эканига ишонган мўмин кишилар Парвардигорларининг Ҳақ йўлида, ҳидоят йўлидадирлар. Улар имонлари туфайли охиратда нажотга эришадилар ва улуғ мукофотларга сазовор бўладилар. Ана шулар талаб қилган нарсаларига эришувчи ва қочган нарсаларининг ёмонлигидан нажот топувчилардир. Имон келтириб, солиҳ амалда бардавом бўлган зотлар икки дунё саодатини қўлга киритишади. Бу оятлардан маълум бўладики, имондан ва солиҳ амаллардан маҳрум кимсаларнинг дунё ва охиратлари тамоман барбоддир, улар охиратда асло нажот топишмайди. Ҳақиқатда Аллоҳ таолонинг итоатида бўлган, Унинг амр-фармонларини бажарган, қайтарганларидан чекинган кишиларгина том маънодаги мусулмон саналади. Аллоҳ таолога соф ихлос ва муҳаббат билан сиғинган, ибодат қилган кишиларгина чин мусулмон саналади. Аллоҳ таолога убудият-бандаликни бажо келтириб, Унга бўйсунган кишиларгина ҳақиқий мусулмон саналади. Ер юзида бузғунчилик қилмай, инсонлар орасини ислоҳ қилиб юрган кишиларгина соф мусулмон саналади. Мусулмон имони билангина бошқалардан ажраб туради. Имонгина уни олий мақомга чиқаради, саодатга элтади, дунё ҳаётидаги вазифасини белгилайди, охирати учун захира ҳозирлашга чорлайди. Инсон имони билангина барча махлуқларнинг гултожига айланади.
6. Куфр йўлини тутганларни қўрқитинг ё қўрқитманг, улар барибир имон келтиришмайди.
Ҳақиқатан куфр йўлидаги кимсалар Аллоҳга ҳам, Унинг элчисига ҳам ишонишмагани учун уларга ҳеч қандай даъват ҳам, қўрқитиш ва огоҳлантириш ҳам таъсир қилмайди. Уларнинг қалби муҳрлангани, кўзи атрофидаги далилларни кўрмагани, қулоғи огоҳлантирувчилар чақириғини эшитмагани учун ҳам асло имон келтирмайди. Яъни, улар китобларидаги Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом зикри келган нарсага кофир бўлишди. Аллоҳ айтяптики, эй севимли Пайғамбарим, куфр йўлини тутганлар сиз учун олинган мийсоқни (ваъдани) инкор қилишди, улар сиздан олдингилар келтирган нарсага куфр келтиришгану, қандай қилиб сизнинг огоҳлантиришларингизга қулоқ солишсин, ҳолбуки улар сизни таниб туриб ҳам кофир бўлишди. Заҳҳок айтади: "Бу оят Абу Жаҳл ва унинг яқинларидан бўлган беш киши ҳақида нозил бўлган". Калбий эса: "Оят яҳудийлар ҳақидадир", дейди.
7. Аллоҳ уларнинг диллари ва қулоқларига муҳр урган, кўзларини эса парда қоплаган, уларга қаттиқ азоб бордир.
Бу оятда баён этилган Абу Жаҳл ва Абу Лаҳаб каби кофир кимсалар имондан ҳамиша маҳрум бўлишган. Сиз, эй Муҳаммад (алайҳиссалом), уларга келтирган ҳақни ёлғонга чиқарганлари сабабли то сизга имон келтиришмагунича Аллоҳ таоло уларни ҳидоятдан тўсиб қўйган. Шунинг учун бундайларга сўз ҳам таъсир қилмайди, уларнинг қалблари қорайганидан Ҳақни танимайди, қулоқлари эшитмайди, кўзлари кўрмайди. Уларга жаҳаннамда аламли азоб-қийноқлар тайёрлаб қўйилган. Инсоният яратилганидан буён Аллоҳ Ўз пайғамбарлари орқали нозил қилаётган муқаддас ваҳийи билан кишилик жамиятини тартибга солиб бошқариб келяпти. Инсонлардан айримлари ана шу даъватга қўшилишди. Баъзилари эса уни инкор қилишди. Мушрикларнинг бутун бир жамияти ичидан фақат озгина киши элчиларга эргашган. Даъват етиб борган халқларнинг асосий кўпчилиги ваҳийлардан юз ўгирди. Бунинг устига бу халқлар Аллоҳ таолога осийлик билангина кифояланиб қолмай, ўзларига юборилган пайғамбарларни, уларга имон келтирган сафдошларини қаттиқ хўрлашди, улар устидан кулишди. Аллоҳнинг элчиларини ҳар гал ёлғончиликда, жоҳилликда, фолбинликда, ақлсизликда, манфаатпарастлик ва худбинликда, қўйингки барча гуноҳ-хатоларда айблашди. Бундан ташқари, бундай осийлар пайғамбарларнинг ҳар бири ўз халқига фақат даъват қилгани ва Аллоҳга бўйсунишга чорлагани, улар пул ҳам, амал ҳам, бошқа дунёвий лаззатлар талаб қилмагани ва улар ўз халқини мажбурловчи бўлмаганига қарамай, халқнинг пешволари кўп ҳолларда пайғамбарлар ҳаётига дахл қилишди. Ваҳоланки, элчилар, яъни набийлар ва расулларнинг бутун фаолияти қавмини ҳақиқий имонга қайтишга ва бошқача ҳаётни бошлашга даъват қилишдан иборат эди.
Айрим муфассир олимлар юқоридаги икки оятни "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни танишса ҳам, кибр ва куфрлари туфайли ҳақни ёлғонга чиқарган яҳудий олимлари ҳақида тушган оятлардир", дейишади.
8. Баъзи инсонлар борки, улар: "Бизлар Аллоҳ таолога ва қиёмат кунига ишондик", дейишади, ҳолбуки улар мўмин эмаслар.
Лекин шундай одамлар ҳам борки, улар Аллоҳга ва қиёмат кунига ишонганларини айтишади, бироқ аслида бунга ишонишмайди. Булар асло мўмин (ишонувчи) саналмайди. Бу ояти карима Авс ва Хазраж қабиласи мунофиқлари ҳақида тушган. Ҳозирда ҳам бундай одамларни кўп учратиш мумкин. Айримларимиз "Бирорта ишим Аллоҳга маъқул келиб қолар" деймизу, Аллоҳни рози қилиш учун У буюрган амалларни, амрларни бажаришга шошилмаймиз. Гуноҳ нима, савоб нима – яхши ажратамизу аммо тарозунинг осийлик, гумроҳлик палласига юк босаверамиз. "Сен аввал қалбимга боқ, балки ўша намозхонларингдан менинг қалбим ўн чандон тозароқдир" деб сафсата сотамизу аммо Ислом фақат яхши хулқ, тоза виждондангина иборат бўлмаслигини тушунгимиз келмайди. Мусулмон бўлиш учун "мен ҳам мусулмонман" дейишнинг ўзи кифоя эмаслигини тан олмаймиз. Бир куни Яратганнинг ўзи инсоф бериб қолар, деган ўй билан руҳнинг ороми эмас, нафснинг хоҳиши йўлида, осийлик чангалзорларида кезамиз. Ҳазрати Усмон ибн Афон розияллоҳу анҳунинг "Жаҳаннам азобини билган ҳолда гуноҳ қилаверган кишидан ҳайратдаман" деган гапларини эсдан чиқарганмиз.
Мусулмонлик, мўминлик даъвосини қиламиз, аммо қалбларимиз ибодатдан кўра дунё васвасаларига, ҳаёт лаззатларига мойилроқ. Қанчалаб мусулмоннинг пешонаси сажда кўрмаган, Аллоҳни танимаган. Рамазон ойида мўмин бандалар ейиш-ичиш ва дунё лаззатларини тарк этиб, ибодат ва зикруллоҳни кўпайтираётганларини, масжидларда бўлаётган Қуръон тиловатию амру маъруф, наҳйи мункар, илм мажлисларини кўриб ҳам тош қалблари эримайди, жаҳолатдан қутула олмайди.
Кўпларимизнинг мусулмонлик даъвомиз бор. Аммо ҳалқумларимиз ҳалол-ҳаромни, бировнинг ҳаққини ажратмайдиган, ифлосликлардан парҳез қилмайдиган бўлиб қолган. Бозорларимизда тарози ва бошқа ўлчовларда уриб қолиш, молининг айбини беркитиб, ёмонини яхши деб сотиш, ёлғон қасам ичиш, хиёнат ва алдамчилик урфга кириб бўлган. Кишилар ўртасидаги муносабатларда товламачилик, қарз олиб қайтармаслик, рибохўрлик, порахўрлик, фирибгарлик тобора урчиб бораётгани ҳам бор гап. Дунёга муккамиздан кетиб, нафсимиз жиловини бутунлай қўйиб юборганмиз... Мўминлик даъвосини қилсак-да, аммо ахлоқ-одобимиз издан чиққан: ароқхўрлик, бангилик, фаҳш-бузуқликлар, зино, даюслик, мунофиқлик каби иллатлар ҳаётимизга тобора кириб келяпти. Фарзандларига тарбия бериши, уларни имон-эътиқод ва эзгуликка чорлаши керак бўлган катталарнинг ўзлари исломий тарбияга кўпроқ муҳтожлар. Хориждан беижозат ёпирилиб келаётган жирканч "маданият" йўлига тўсиқ қўйиш ўрнига ўзимизни унинг ифлос қучоғига отяпмиз... Мусулмонлик даъвосидамиз, бироқ ўтмишдан мерос қолган худобехабарлик, даҳрийлик қолдиқлари қалбимиз, дунёқарашимиздан батамом чиқиб кетгани йўқ. Қуръони карим огоҳлантираётганидай, бундайлар ўзини тузатмаса, чин мўмин бўла олмайди.
9. Улар Аллоҳни ва мўминларни алдамоқчи бўлишади, ваҳоланки, ўзлари сезмаган ҳолда ўзларини алдашади.
Мунофиқлар бу иккиюзламачиликлари билан Аллоҳни ва мўминларни боплаб алдадик, деб хомтама бўлишмасин. Улар фақат ўзларини алдашяпти, лекин буни сезишмайди. Қуръони карим бундай огоҳлантиради: "Ҳақиқатан мунофиқлар Аллоҳни алдамоқчи бўлишади, ҳолбуки Аллоҳ уларнинг ўзларини «алдаб» қўювчидир. " (Нисо, 142). Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Дўзах аҳли беш тоифадир", дедилар ва улардан бирига: "тонг отса ҳам, кеч кирса ҳам сени аҳли оиланг ва молу дунёинг борасида алдамоқчи бўладиган кимса", деб таъриф бердилар. (Муслим ривояти). Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан қилинган яна бир ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Алдоқчи, миннатчи ва бахил жаннатга кирмайди", деганлар (Термизий ривояти). Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Мўмин содда, улуғ бўлади, фожир эса маккор, хор бўлади", деганлар" (Термизий, Абу Довуд ривояти).
10. Уларнинг дилларида касаллик бор, Аллоҳ уларнинг касалини янада кучайтирди ва ёлғон гапиришгани учун уларга аламли азоб бордир.
Абул Олия бундай деганлар: "Оятдаги "маразун", яъни касаллик "шак, шубҳа" демакдир, ундан кейинги "фазадаҳумуллоҳу маразан" – Аллоҳ таоло уларнинг шак-шубҳаларини янада зиёда қилди, деган жумла қолганларга бир ибратдир". Касаллик икки хил: қалб касаллиги ва бадан касаллиги бўлади. Қалб касаллигига шубҳа ва гумон касалликлари, шаҳват ва залолат хасталиклари киради. Ушбу ояти каримада ана шу қалб касалликларидан шубҳа-гумон ва кибр ҳақида сўз бормоқда. Кофир ва мушрик кимсалар қалбларидаги шундай хасталиклари туфайли Аллоҳга ҳам, Унинг Пайғамбарига ҳам, у келтирган ҳақ динга ҳам ҳамиша шубҳа-гумон билан қарашар эди. Уларда олдин ҳам Исломга, унинг Пайғамбарига ва мўминларга нисбатан ширк, ҳасад, шубҳа ва кибр касалликлари бор эди. Ислом дини ёйилиб, равнақ топганидан кейин бу хасталиклари кучайганидан-кучайди, холос. Аллоҳ таоло уларнинг ана шу касаллик сабабли ёлғончилик қилишгани, ҳақиқатни ёлғонга чиқаришгани учун қиёматда қаттиқ азоблаши инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқатдир.
11. Агар уларга: "Ер юзида бузғунчилик қилманглар" дейилса, "Бизларгина тузатувчилармиз" дейишади.
Агар уларга Ер юзида фасод тарқатиб, одамлар орасига душманлик солманглар, бузғунчилик қилманглар, дейилса, улар: "Йўқ, бизлар бузғунчилик қилмаймиз, аслида ислоҳчилар, яъни тузатувчилармиз, фақат икки фирқа - мўминлар ва аҳли китоблар орасини ислоҳ қилувчилармиз", дейишади. Ибн Касир тафсирида зикр этилишича, Салмон Форсий розияллоҳу анҳунинг ривоятларига кўра, “бу оятда зикр этилганлар ўша пайтда ҳали келмаган экан”. Бундай тоифаларнинг кўплари Асри саодатдан кейин пайдо бўлиб, Ер юзида бузғунчилик ва фитналарни кўпайтириб юборишди, турли бузғунчилик ва макр-ҳийлалар билан кўплаб бегуноҳ мусулмонларнинг ҳалокатига сабаб бўлишди ҳамда бу қилмишлари билан Исломга тузалмас жароҳатлар ва зарарлар етказишди.
12. Огоҳ бўлингки, айнан уларгина бузғунчилик қилувчилардир, лекин буни сезишмайди.
Аллоҳ таоло мўминларни огоҳлантиряптики, фақат ана шу мунофиқлар бузғунчилар эканини яхши билиб олинглар, лекин улар ўзларининг бузғунчиликларини сезишмайди. Ер юзида бузғунчилик қилиб юриш, кишилар ўртасида фитна-фасод уруғларини сочиш, дин ниқоби остида бегуноҳ одамларга зулм қилиш, улар жони ва молига тажовуз этиш инсониятга қарши қаратилган энг мудҳиш жиноятлардир. Террор, бузғунчилик, зулм, урушлар, одамларнинг жабр-ситам кўришлари ва хўрланишларига сабаб бўлувчи бошқа барча тажовузкорликларни динимиз қоралаган. Аллоҳ таоло мўминларга тинчлик ва адолат ўрнатишни, одамлар орасини ислоҳ этишни, барчага бирдай яхшилик ва эзгулик қилишни буюрган, ҳар қандай зўравонлик ва бузғунчиликни тақиқлаган. Саид ибн Масруқ Мунзирдан ривоят қилади: “Даҳақлик кишилар Ибн Масъудникига келишди. Бошқалар уларнинг заиф, ранги синиққан бир аҳволда эканини кўриб ажабланишди. Шунда Ибн Масъуд шундай деди: “Дарҳақиқат, сизлар кофирни жисми соғлом, қалби хаста ҳолида кўрасиз. Мўминларга йўлиқар экансиз, уларнинг қалбини соғлом, жисмини эса заиф ҳолда кўрасиз. Аллоҳга қасам, жисмингиз қанчалар соғлом бўлмасин, қалбингиз хаста экан, Аллоҳ наздида сиз митти қўнғиздан ҳам ҳақирроқсиз”.
13. Уларга: "Бошқалар имон келтиргани каби сизлар ҳам имон келтиринглар" дейилса, "Ақлсизлар имон келтиргани каби имон келтирайликми?" дейишади. Огоҳ бўлингки, уларнинг ўзларигина ақлсизлардир, лекин билишмайди.
Булар мунофиқлар жамоаси эди, улар кибрлари ва калтабинликлари туфайли Исломни қабул қилишни ор билишарди. Ҳақиқатда абадий саодатни рад қилиб, фоний дунё роҳатини кўзлаш энг мудҳиш ақлсизликдир, нодонликдир. Барча замон ва маконларда бўлгани каби, ҳозирги пайтда ҳам кибрга бориб, дунё лаззатларидан маҳрум бўлмаслик учун Аллоҳга ва Унинг ҳақ Пайғамбарига имон келтиришни ор санаб юрган, ҳидоят йўлларида юришни истамаётган гумроҳлар йўқ дейсизми? Бундай мунофиқ кимсалар устларида ўзларини мусулмон қилиб кўрсатишса ҳам, аслида уларнинг дилида марази ва ғарази бўлгани учун Исломга ва мусулмонларга ҳамиша душманлик қилишади. Нафслари ва шайтон васвасасига учиб, Аллоҳ таолонинг ҳақ йўлидан чекиниб кетишади. Шайтонга мурид бўлганларнинг қулоқларига пайғамбарнинг даъват ва илтижолари асло асло кирмайди. Кўзлари Аллоҳ таоло ҳар қадамда кўрсатиб қўйган ибрат, мўъжизаларни кўрмайди. Ноқис ақллари Аллоҳ динининг, Аллоҳ шариатининг исбот талаб этмайдиган олий ҳақиқатларини илғаб олишга ярамайди. Улар бу дунёнинг журму исёнларига ғарқ бўлиб, охиратни эсдан чиқаришади. Арзимас мартаба ёки матоҳ дея раҳбарларига сажда қилишадию, аммо бутун оламларнинг Эгаси, замину коинотнинг ҳақиқий Хожаси, барча мавжудотларнинг Яратувчиси бўлмиш буюк Зотга ибодат қилишга, Унинг амр-фармонларини бажаришга эринишади, ор қилишади, бепарво бўлишади. Мунофиқликдан ортиқ нодонлик, бундан зиёд гумроҳлик, бундан-да осийлик борми?!
14. Ва улар мўминлар билан учрашиб қолишганида: "Биз ҳам имон келтирдик", дейишади. Шайтонлари билан холи қолганда эса: "Бизлар албатта сизлар билан биргамиз, уларни фақат масхара қиляпмиз, холос", дейишади.
Мунофиқлар шунчалик иккиюзламачилик қилишадики, мўминларга дуч келиб қолишса: "Бизлар ҳам сизданмиз, имон келтирганмиз" деб тилёғламалик қилишади. Ўзларининг шайтонлари (бошлиқлари) билан холи қолганда эса: "Биз уларни мўмин бўлдик, дея лақиллатиб, устларидан куляпмиз, холос", дея мақтанишади. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо бундай ривоят қилади: "Бу оят Абдуллоҳ ибн Убай ва унинг ҳамроҳлари хусусида бўлиб, бир куни улар кетишаётганида олдиларидан Расули акрамнинг саҳобаларидан бир гуруҳи чиқиб қолди. Шунда Абдуллоҳ ибн Убай ҳамроҳларига: "Ҳозир манави аҳмоқларга қандай муомала қилишимни кўрасизлар", деди ва бориб Абу Бакр Сиддиқнинг қўлидан тутди-да: "Эй Сиддиқ, Бани Тамим (қабиласи) улуғи, Ислом шайхи, ғорда Расулуллоҳ билан бирга бўлган киши, хуш келибсиз!" деди. Кейин Умар ибн Хаттобнинг қўлидан ушлаб: "Эй Бани Адий (қабиласи) улуғи, эй Форуқ, Аллоҳ динида жасоратли киши, Расулуллоҳга молию жонини бағишлаган киши, хуш келибсиз!" деди. Кейин ҳазрати Алининг қўлидан тутиб: "Эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амакиларининг ўғли, куёвлари, Бани Ҳошимнинг Пайғамбардан кейинги улуғи, хуш келибсиз!" деди. Саҳобалар кетишганидан сўнг Абдуллоҳ ҳамроҳларига: "Нима қилганимни кўрдингизми? Агар сиз ҳам уларга дуч келиб қолсангиз, худди шундай қилинглар", деди. Ҳамроҳлари уни мақташди. Мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, бу хабарни етказишди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди".
15. Аллоҳ уларни масхара қилади ва уларнинг саркашликда адашиб юришларига муҳлат беради.
Нодон ва гумроҳ имонсизлар қилмишлари билан динни ва мўминларни масхара қилишга беҳуда уринмасинлар, Аллоҳ уларнинг ўзларини масхара қилиб қўяди. Уларнинг залолат ва куфр йўлларида адашиб-улоқиб юришларига муҳлат бериб қўйганининг ўзи энг катта масхарадир. Қиёмат куни келганида улар нақадар оғир йўқотиш қилганларини англаб, дод-вой солишади, аммо унда бари кеч бўлади, тавбалар, надоматлар эшиги тақа-тақ ёпилган бўлади. Бу дунёда мусулмонлар устидан кулиб ёки Ислом дини муқаддасотларини масхара қилиб юрганларни Аллоҳ таоло шу дунёнинг ўзидаёқ қаттиқ жазолаб қўйганига ҳамма гувоҳ бўляпти, уларни охиратда кутиб турган оғир жазолар ҳақида гапирмай қўяқолайлик, уларга бериладиган азобларга бирор махлуқ дош бера олмайди.
16. Ана шулар тўғри йўл эвазига гумроҳликни сотиб олишди, бу савдолари фойда бермади ва ҳидоят топганлардан ҳам бўлишмади.
Мунофиқлар иккиюзламачи кимсалар бўлиб, мусулмонлар орасида юрганда мусулмон бўлиб олишади, кофирларга қўшилишса, кофирга айланишади. Улар шу тариқа мусулмонларни эрмак қилмоқчи бўлишади, аслида Аллоҳ таоло уларнинг ўзларини эрмак қилиб қўйганидан бехабарлар. Ҳақиқий гумроҳлар, зиёнга учраганлар уларнинг ўзларидир. Мунофиқлар хусусида Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг бир неча ҳадиси шарифлари бор. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Мунофиқнинг белгиси учтадир: гапирса ёлғон сўзлайди, ваъда берса бажармайди, омонатга хиёнат қилади", деганлар (Бухорий ривояти); Ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Сарвари олам алайҳиссалом: "Кимда ушбу тўрт нарса бўлса, у тўла мунофиқдир, бордию биттаси бўлса, уни ташламагунича нифоқ кўринишлари унда бўлиб туради: омонатга хиёнат қилиш; ёлғон гапириш; ваъдага субутсизлик ва тортишувда фожирлик қилиш", деганлар (Бухорий ривояти).
17. Улар худди ёққан ўти атрофини энди ёритганида Аллоҳ нурларини ўчириб, ўзини қоронғиликда қолдирган кимсага ўхшаб ҳеч нарсани кўришмайди.
Ушбу ояти карима йўлдан адашганлар ҳақидаги жуда чиройли зарбулмасалдир. Зимистон чўлда кетаётган киши қўлидаги бир дона гугурт чўпини аранг ёққанида у атрофни бир зумга ёритади-да, битта шамол келиб уни ўчириб қўйса, атроф яна ҳеч нарсани кўриб бўлмайдиган зулматга айланади. Мунофиқлар ҳақни кўра олмай имон нурини куфр ва нифоқлари билан ўчириб қўйганлари учун Аллоҳ азза ва жалла уларни куфр зулматларида танҳо қолдириб, тарк этди. Бундай кимсалар ҳақида Воҳидий айтади: "Алдамоқчи бўлганларга ўзларига яраша муомала қилинади. Яъни, худди мўминларга берилгани каби уларга ҳам нур берилади. Йўлга тушганларида эса нурлари ўчиб қолади-да, зулматда қолиб, йўлдан адашиб кетишади".
18. Кардирлар, соқовдирлар ва кўрдирлар, энди улар зинҳор қайтишмайди.
Ёмон ишлари сабабидан Аллоҳ таоло мунофиқларнинг озгина нурини ҳам шундоқ ўчирадики, энди уларга Аллоҳнинг нури ҳаргиз насиб бўлмайди. Чунки улар ўз расволиклари, ёмон феъллари, фасод ишлари ва Аллоҳ таолога ширк келтирганлари туфайли абадий залолат зулматларида кар, соқов ва кўр кимсалар каби қолишади. Ҳақиқатан, уларнинг қулоқлари кар бўлгани учун ўзларига қилинаётган даъват ва ваъз-иршодларни эшитишга қодир эмаслар. Улар соқов бўлишгани учун Аллоҳга имонларини изҳор этишга, Унинг зикрини қилишга тиллари айланмайди. Кўзлари кўр бўлгани учун тўғри йўлни, ҳидоят йўлини кўра олмай, куфр ва ширк ботқоқликларида изғишади. Шу боис ҳақ йўлни тополмай, ғафлатда ўтиб кетишади. Сизлар уларни ҳидоятга чорлашга уринманглар, улар энди бу нотўғри йўлларидан асло қайтишмайди.
19. Улар осмондан ёмғир ёққанида, қоронғилик босганида, момақалдироқ ва чақмоқ бўлганида қаттиқ овоз туфайли ўлишдан қўрқиб, бармоқларини қулоқларига тиқиб олган одамга ўхшашади. Аллоҳ эса кофирларни ўраб-қамраб олувчидир.
Инсон табиатан қўрқоқ бўлгани учун қаттиқ ёмғир ёққанида, қоронғулик босганида, момақалдироқ гумбурлаганида ёки чақмоқ чаққанида юрагини ваҳима босиб, бу даҳшатли товушларни эшитмаслик учун бармоқларини қулоғи ичига тиқиб олади. Кофир ва мунофиқлар ҳам Аллоҳ динига қилинган даъватларни эшитмаслик учун қулоқларини беркитиб, кўзларини юмиб олишади. Аммо бу қилмишлари уларни муқаррар ҳисоб-китобдан ҳам, охират азобларидан ҳам қутқариб қолмайди. Аллоҳ таоло кофир кимсаларни ўраб-қамраб олувчидир, улар Аллоҳнинг муқаррар азобидан ҳеч қаёққа қочиб қутула олмайдилар, У Зот кофирларни албатта мағлуб ва ҳалок қилади.
20. Чақмоқ кўзларини олиб қўяй, деди. У ёруғ берса юриб олишади, қоронғи бўлса тўхтаб қолишади. Агар Аллоҳ хоҳласа, уларнинг кўз ва қулоқларини олиб қўярди. Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир.
Бу иккинчи мисолдан кўринадики, Ислом динида аввал бироз кулфат-машаққат кўрилса ҳам, ниҳояси тамоман роҳат-фароғатдир. Гўё ёмғир кабики, олдинига қоронғулик, гулдурак чақмоқ-момақалдироқлар билан келади, охири дунёни неъматга сероб қилади. Исломнинг ибтидоий ҳолатларидан қўрққан мунофиқлар гоҳ мусулмон, гоҳ кофир бўлиб, оқибатда барча саодатдан, ҳатто инсонийликдан ҳам маҳрум бўлишди. Аллоҳ таоло айтади: “Момақалдироқ ҳам Унга мақтов билан, фаришталар ҳам Ундан қўрққан ҳолларида тасбеҳ айтади. У яшинларни юбориб, улар билан Ўзи хоҳлаган кишиларни Аллоҳ хусусида тортишиб турганларида уради. Унинг ушлаши қаттиқдир.” (Раъд, 13).
21. Эй инсонлар, сизларни ва сиздан олдин ўтганларни яратган Парвардигорингизга ибодат қилинглар, шундагина тақволилардан бўласизлар.
Инсонлар ҳеч қандай шериги бўлмаган, ўзлари ва олдин ўтган барча аждодларининг ягона яратувчиси Аллоҳ таолонинг Ўзигагина ибодат қилишга буюрилишган. Бу бежиз эмас, чунки Жаноби Ҳақнинг улуҳиятида ва юксак сифатларида шериги бўлсайди, у ҳам илоҳ саналиши учун икки-уч илоҳ пайдо бўлур эди. Оқибатда бу илоҳлар бир-бири билан ихтилоф ва келишмовчиликларга борар, ишлар сансоларга тушар, натижада бутун дунё низоми бузилиб, чегарасидан чиқиб кетган бўлур эди. Шу боис, улуҳият ва яратувчилик сифати Қодиру Зулжалол Аллоҳ таолонинг Ўзигагина хосдир. Бу ҳақда Қуръони карим бундай дейди: "(Эй Муҳаммад), агар улардан: «Осмонлару Ерни яратган, қуёш ва ойни бўйсундирган ким?» деб сўрасангиз, «Аллоҳ», дейишади. Унда қаёққа ўгирилиб кетишяпти?" (Анкабут, 61); "Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина ёрдам сўраймиз" (Фотиҳа, 4); "Парвардигорига ибодатда ҳеч кимни шерик қилмасин" (Каҳф, 110). Аллоҳ таоло юқоридаги оятларда уч тоифанинг аҳволини баён этади. Биринчиси мўминлар, иккинчиси кофирлар, учинчиси мунофиқларки, улар мусулмон бўлиб кўринишса-да, асли дилларида динни инкор қилишади. Сўнгги оят билан Аллоҳ таоло бутун инсонларга хитоб қилиб дейди: "Эй инсонлар, бутун оламларнинг ва улардаги барча махлуқотнинг эгаси бўлган Парвардигорга ибодат қилинглар, Унга бошқани асло шерик қилманглар, чунки сизларга маълумки, Аллоҳнинг тенги ва шериги йўқдир". Алқама айтади: "Эй инсонлар..." деб бошланадиган ҳар бир оят маккийдир (яъни Маккада тушгандир), "Эй имон келтирганлар..." деб бошланадиган ҳар бир оят эса маданийдир. Яъни, "Эй инсонлар" Макка аҳлига, "Эй имон келтирганлар" Мадина аҳлига хитобдир. Шу жумладан, юқоридаги оятда ҳам, қуйида келувчи 22-24-оятларда ҳам Макка мушрикларига хитоб қилиняпти".
22. У сизларга Ерни тўшаб, осмонни шифт қилиб берди ва осмондан сув тушириб, сизларга ризқ сифатида турли меваларни ундирди. Билиб туриб ҳам, энди Аллоҳга ҳеч кимни шерик қилманглар.
Аллоҳ таоло инсонларга беҳисоб неъмат ва яхшиликларни ато этиб қўйган: Ерни яшашга қулай ва мос қилиб ёйиқ ҳолда тўшаган, осмондан ёғинлар (сув) ёғдириб, ердан булоқ-чашмалар чиқариб қўйган, бандаларига ризқ қилиб, мева, сабзавотлар, мазали гўштлар пайдо қилган. Агар бир-икки ой ёғин ёғдирмай қўйсин-чи, одамлар бу неъматлардан баҳраманд бўла олишармикин? Аллоҳ таоло айтади: "У Ерни сизларга бешик қилган, унда сизлар учун йўллар очган ва осмондан сув туширган Зотдир. Биз у билан турли ўсимликлар навларини ундириб чиқардик, токи енглар ва чорваларингизни боқинглар. Бунда ақл эгалари учун оят-аломатлар бордир." (Тоҳа, 53-54-оятлар). Бу мўл-кўл ризқ, беҳисоб неъматларни бериш эвазига Парвардигор инсонлардан фақат бир нарсани – Ўзига тоат-ибодатда бўлишни, Ўзига ҳеч кимни, ҳеч нарсани шерик қилмасликни талаб этади. Яъни, билатуриб фойда ҳам, зарар ҳам бера олмайдиган бутларингиз билан Аллоҳга ширк келтирмангиз. Аллоҳдан ўзгаси сизларга ризқ бермаслигини яхши билиб турибсизлар, шунингдек, Пайғамбар даъват этаётган нарсанинг ҳам ҳақ эканини билиб турибсизлар. Шундай бўлгач, нега яна куфр ва ширк йўлини тарк этмаяпсизлар?! Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоят қилади: "Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: "Қандай гуноҳ Аллоҳ таоло даргоҳида энг оғири?" деб сўрадим. У зот: "Ўзингни яратган Аллоҳ таолога ширк келтириш", дедилар. Мен: "Ҳақиқатан, бу энг улкан гуноҳ", дедим-да: "Ундан кейин қайсиси?" деб сўрадим. У зот: "Овқатимга шерик бўлмасин, деб ўз болангни ўлдиришинг", дедилар. "Ҳақиқатан, бу улкан гуноҳлардан", дедим-да: "Ундан кейин-чи?" деб сўрадим. У зот: "Қўшнингнинг жуфти ҳалоли билан зино қилишингдир", дея марҳамат қилдилар" (Бухорий ривояти).
23. Агар Биз бандамизга туширган нарса хусусида шубҳада бўлсанглар, сизлар ҳам биргина шундай сура келтиринглар ва агар рост айтаётган бўлсанглар, Аллоҳдан ўзга гувоҳларинг бўлса, чақиринглар.
Ўша пайтда араблар ниҳоятда сўзга уста, шоиртабиат, зукко ва балоғат билан сўзловчи бўлишган. Шу боис Муҳаммад алайҳиссалом Макка мушрикларига Қуръон оятларини тиловат қилганларида улар "Муҳаммад ҳам бир шоир-да, буларни ўзи ёзган бўлса керак" дея унинг илоҳий ваҳий эканига ишонишмаган. Шунинг учун Парвардигор айтяптики, Қуръони каримнинг Аллоҳ таоло тарафидан туширилганига шак-шубҳа қилсангиз, унинг баробарида эмас, балки кичик бир сурасига ўхшаш нарсани келтиринглар-чи! Агар бандамиз ва элчимиз Муҳаммадга (алайҳиссалом) туширган Китоб, яъни Қуръони карим хусусида шубҳа-гумонларга бориб, уни Пайғамбарнинг ўзи ёзган деб ўйлаётган бўлсангизлар, ўзларингиз ҳам унинг биргина сурасига ўхшаган нарсани ёзинглар-чи! Ёки ростгўйлик даъвосида бўлсангиз ва Аллоҳдан бошқа гувоҳларингиз бўлса, уларни ҳам гувоҳликка чақиринглар-чи!
24. Агар бундай қила олмасанглар, ҳаргиз қилолмайсизлар ҳам, кофирлар учун тайёрлаб қўйилган, ёқилғиси одамлар ва тошлардан бўлган дўзахдан сақланинглар.
Агар Қуръон сураларига ўхшаш бир сура келтира олмасангизлар (келтира олмайсизлар ҳам!), аниқ билингки, бу Аллоҳнинг Китобидир. Аллоҳнинг азобидан нажот топиш учун Унга шаккоклик қилманглар. Акс ҳолда Аллоҳга ва Унинг Китобига куфр келтирган кимсалар учун ҳозирлаб қўйилган, ёқилғиси одамлар ва тошлардан бўлган дўзах азобига гирифтор бўласизлар. Қуръони карим оятлари илоҳий калом бўлгани учун унда инсонлар ҳар қанча тиришса ҳам уддалай олмайдиган фикрлар мусаффолигини, оятлар мусиқавий оҳангини, Қуръон тили фасоҳатли, маънога бой, ташбеҳларга тўлалигини, ундаги нутқ таъсирчанлигини кўрамиз. Бундай фасоҳатли сўз тизими араб оламида Исломгача ҳам, Исломдан кейин ҳам бўлмаган эди. Қуръон фасоҳати, унинг инсон ақли ва тафаккурини ожиз қолдириши, Аллоҳнинг каломидаги жуда кўп фикр ва кашфиётларнинг ҳозирги асримизга келиб илм-фан кишилари томонидан кашф этилиши ҳам у махлуқ сўзи эмаслигини кўрсатмоқда. Шунинг учун Қуръони каримдаги бирорта сўзнинг ўрнини алмаштириш ёки бошқасини қўйиш мумкин эмас. Гўё ҳар бир сўз миллионларча калом ичидан ҳар томонлама ўйланиб, тарозига солиниб танлаб олингандай. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан Қуръон мазмуни ҳақида сўрашганида бундай деганлар: "Унда (Қуръонда) сиздан олдин бўлган нарсаларнинг ахбори ва сиздан кейинги нарсаларнинг хабари ва ўрталарингиздаги нарсаларнинг ҳукми бор. У ажратувчидир, ҳазл эмасдир. Ким бир жаббордан қўрқиб, уни тарк қилса, Аллоҳ уни синдиради. Ким Ундан бошқадан ҳидоят изласа, Аллоҳ уни залолатга кетказади. У – Аллоҳнинг метин арқонидир. У – ҳикматли зикрдир. У – сиротул мустақиймдир. У – унинг ила ҳавои нафслар тоймайдиган, У – унинг ила тиллар тутилмайдиган, У – уламолар Ундан тўймайдиган, У – кўп тарқалиш билан эскирмайдиган ва ажойиботлари тугамайдиган илоҳий каломдир".
25. (Эй Муҳаммад), имон келтирган ва яхши ишлар қилган одамларга хушхабар берингки, уларга остидан анҳорлар оқиб турувчи боғлар бордир. Уларга жаннат меваларидан ризқ қилиб берилганида: "Бу меваларни аввал ҳам еган эдик-ку!" дейишади. Зеро, уларга бир-бирига ўхшаш мевалар ва покиза хотинлар берилади ҳамда улар жаннатда абадий қолишади.
Ушбу оят мўминлар ҳақида нозил бўлган. Шунгача кофирларга бериладиган жазолар ҳақида зикр қилинганидан кейин Аллоҳ таоло энди мўминларга тайёрлаб қўйган мукофотларини баён этади. Имон келтирган ва солиҳ амаллар қилган мўминларни охират дунёсида остидан анҳорлар оқувчи жаннат боғлари, хуштаъм мевалар ва покиза хотинлар кутяпти. Жаннат мевалари кўринишда дунёдаги меваларга ўхшаса ҳам, ҳар қайси меванинг алоҳида мазаси бўлади. Жаннат хотинлари ҳайз ва нифос каби зоҳирий одатлардан, бадхулқлик ва итоатсизлик каби ботиний айблардан пок бўлишади. Жаннатда ўлим йўқ, унда ҳаёт абадийдир.
Жаннатда кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган, инсоннинг хаёлига ҳам келмаган неъматлар мўминларнинг бу дунёда қилиб ўтган амалларига мукофот сифатида яшириб қўйилган. Одамларда тасаввур ҳосил қилиш учун уларнинг бир кўриниши бу дунёдаги неъматларга ўхшатиб Қуръони каримда сифатланган: жаннат аҳллари баланд-баланд сўриларда, ҳамма ёққа тўшаб қўйилган гиламларда, саф-саф қилиб тизилган ёстиқларга ёнбошлаб олиб, тайёрлаб қўйилган қадаҳлардаги шарбатларни ҳузур қилиб сипқоришади. Тиконсиз бутазорларда, тизилган бананзорларда, ёйиқ соя остида, оқар сув бўйида, тугамайдиган, етишиш осон бўлган меваларни истаганча узиб олишади. Жаннат меваларини узиш осон бўлиши учун дарахтларнинг шохлари эгиб қўйилган, жаннатийлар тик турган ҳолда ҳам, ўтириб ёхуд ётиб еса ҳам қийналишмайди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳавзлари (улкан ҳовузлари), сутдан оқ, қордан совуқ, асалдан ширин, мушк-анбардан ҳам хушбўй бўлган Кавсар ҳовузидан жаннат сувини олади. Бунга эришганларнинг чеҳралари неъмат хурсандлиги билан тўла, улар дунё ҳаётида қилган ишлари (имонлари, ихлослари, тақволари, ибодатлари, солиҳ амаллари)дан розидирлар. Чунки улар нозу неъматлари олий даражали жаннатдадирлар. Бу дунёда Аллоҳ йўлида турли машаққат ва йўқчиликларга сабр қилиб ўтганлари учун энди жаннатда уларга тинчлик-осойишталик, фаровонлик ҳаёти насиб бўлиб турибди. Жаннатда энг олий неъмат Аллоҳ таолонинг жамолини кўриш ҳисобланади. Фақиҳ Абу Лайс Самарқандийнинг айтишларича, ким бу неъматларга етишишни хоҳласа, беш нарсада бардавом бўлиши керак: 1. Нафсини гуноҳлардан қайтариши керак. 2. Дунёда берилган озгина неъмат бўлса ҳам, унга рози бўлиши керак. Хабарда ривоят қилинишича, жаннатнинг қиймати дунёни ташлашдир. 3. Тоат-ибодатларга қаттиқ ёпишишига интилиши керак. Ўша тоатлар мағфират ва жаннатнинг вожиблиги учун бир сабаб бўлиб қолади. 4. Яхшилик аҳлларини ва солиҳларни дўст тутиши, севиши, улар билан қўшилиб кетиши, улар билан ўтириши керак бўлади. Албатта, улардан биттасининг гуноҳлари кечирилса, дўстларига ва оғайниларига шафоатда бўлади. Ҳадиси шарифга кўра, «Дўстларни кўпайтиринглар. Албатта, қиёмат кунида ҳар бир биродар учун шафоат қилиш бордир». 5. Дуони кўпайтириши лозим. Аллоҳ таолодан жаннат билан ризқлантиришни ва унинг охирини яхшиликка олиб боришни сўраш керак”. Яҳё ибн Муъоз Розий айтади: «Дунёни тарк этиш қийин, жаннатни ташлаш ундан ҳам қийинроқ. Албатта, жаннатнинг маҳри дунёни ташлашдир». Абу Ҳозимдан қилинган ривоятда шундай дейилган: «Агар дунёдаги яхши нарсаларни тарк этиб, шу билан жаннатга кириш мумкин бўлса, бу нарсалар жаннатга етишиш йўлида енгиллик бўлади. Агар дўзахдан қутулиш учун дунёнинг барча мусибатларини кўтаришга тўғри келса, бу томондан енгиллик бўлади. Энди мингта яхши кўрган нарсангдан биттасини ташлаб жаннатга кирсанг-у, сенга макруҳ бўлган нарсадан бир бўлагини олиб дўзахга кирсанг, қандай бўлади?!»
26. Аллоҳ чивин ё ундан каттароқ нарсани мисол қилишдан уялмайди. Мўминлар бу мисолнинг ҳақиқатан Парвардигорлари ҳузуридан эканини билишади. Кофирлар эса: "Бу мисолдан Аллоҳнинг нима мақсади бор?" дейишади. Аллоҳ бу билан кўпларни адаштиради ва кўпларни ҳидоятга йўллайди. У бу билан фосиқларнигина залолатга кетказади.
Қуръони каримнинг баъзи ўринларида пашша, ўргимчак, асалари каби майда ҳашаротлар мисол қилиб келтирилган. Бунга кофир кимсалар эътироз билдириб: "Аллоҳ нега бундай тимсолларни келтиради, агар бу Китоб Аллоҳнинг ваҳийи бўлса, бундай арзимас нарсаларни мисол келтирмас эди", дейишади. Юқоридаги икки оят билан уларнинг бу эътирозига жавоб берилган. Ғофил ва жоҳил кимсалар Қуръони каримда чивин, ўргимчак, пашша каби майда ҳашаротлар зикр этилганини рўкач қилиб, унинг илоҳий калом эканини шубҳа остига қўймоқчи бўлишади. Ушбу ояти карима ана шундай шубҳа-гумонда бўлувчиларга қарши энг яхши исбот-далилдир. Абу Солиҳ ривоятида Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: "Аллоҳ таоло мунофиқлар ҳақида ушбу икки мисолни келтирганида мунофиқлар: "Аллоҳ мисоллар келтиришдан улуғ ва олийдир", дейишди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди". Ҳасан ва Қатодалар бундай дейишган: "Аллоҳ Китобида чивин, ўргимчакларни зикр қилганида ва мушриклар ҳақида мисоллар келтирганида, яҳудийлар кулишиб: "Булар Аллоҳнинг каломига ўхшамайди", дейишди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди". Ибн Аббоснинг айтишича: "Аллоҳ мушрикларнинг илоҳларини зикр қилиб: "Агар пашша улардан бирор нарсани тортиб олса (қайтариб ололмаслар)...", деди ва мушрикларнинг ҳийлаларини ўргимчак инига ўхшатди. Шунда мушриклар: "Аллоҳ Муҳаммадга (алайҳиссалом) нозил қилган Қуръонда пашша, ўргимчакларни зикр қилганига қаранглар, бу билан Аллоҳ нима демоқчи?" дейишди. Шунда Аллоҳ бу оятни нозил қилди" (Алий ибн Аҳмад Найсобурий. "Асбабун-нузул", 14-15-бетлар).
Машҳур олимлардан бири оддийгина чивиннинг мўъжизавий тузилиши ҳақида бундай ёзади: "Одамлар чивинни зарарли, фақат қон сўриб яшайдиган ҳашарот деб ўйлашади. Бу нотўғри. Чивинларнинг ҳаммаси эмас, фақат урғочиси қон сўради. У ҳам бўлса бу ишни қорин тўйдириш учун эмас, қўйган тухумларининг қон оқсилига бўлган эҳтиёжини қондириш, яъни наслини давом эттириш учун қилади. Чивиннинг ривожланиш жараёни ниҳоятда ҳайратланарли. У заррадек қуртчадан то баркамол ҳашаротга айлангунича қуйидаги босқичлардан ўтади: қон билан озиқлантириб етилтирган тухумларини ёзда ва кузда нам баргларга ёки саёз кўлмаклар юзасига қўяди. Айрим чивинлар ўртача уч юзтагача тухум қўяди. Қатор-қатор оппоқ тухумлар кўп ўтмай қорая бошлайди ва нақ икки соат ичида кўмирга ўхшаб қораяди. Унинг қорайиши ҳимоя воситаси бўлиб, тухумларни қушлар ва бошқа ҳашаротлар еб кетишидан сақлайди. Ниҳоятда мураккаб кимёвий жараёнлардан сўнг турли омиллар таъсирида оқ тухумлар қорага ўзгаради. Бу жараённи чивинларнинг ўзи йўлга қўйганига ёки ўз-ўзидан пайдо бўлганига мутлақо ишониб бўлмайди. Чивинларга бундай ҳимоя воситасини Парвардигорнинг Ўзи улар яратилган пайтдаёқ ато этиб қўйган".
27. Бундайлар Аллоҳ аҳдини маҳкам қилганидан кейин бузишади, Аллоҳ уланишга буюрган қариндошлик ришталарини кесишади ва ер юзида бузғунчилик қилишади, ана шулар зиёнкорлардир.
Ҳар бир банданинг Парвардигори билан боғлаган аҳди бор, кофир ва мунофиқлар уни бузишади. Инсон қадри, эъзозини асровчи омиллардан бири аҳдга, ваъдага вафо қилишдир. Динимизда ваъдага вафо қилиш вожиб саналади. Ваъдасини бузувчилар ушбу ояти каримага кўра бузғунчи зиёнкорлар қаторидадир. Аллоҳ таоло айтади: "Йўқ! Аҳдига вафо қилувчигина Аллоҳдан қўрқади, Аллоҳ албатта тақводорларни яхши кўради." (Оли Имрон, 76). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ваъдага вафосизлик мунофиқлик аломатларидан биридир", деганлар (Бухорий ривояти). Ҳазрати Алий каррамаллоҳу важҳаҳунинг Аштар Нахаъий Молик ибн Ҳорисга мактубларидаги ушбу насиҳатлари ҳам аҳдга вафо қилишнинг улкан аҳамияти борлигига далилдир: "Ҳатто душманингиз билан битим тузган ёки унга ваъда берган бўлсангиз, вафо қилинг, сўзингиз устидан чиқинг. Ваъдангиз учун жон фидо қилинг. Зеро, инсонлар ақидада бир-бирларидан фарқ қилишса-да, ваъдага вафо қилишнинг Аллоҳ таоло фарзларидан сўнг буюклиги ҳақида якдил фикрдалар. Тузган аҳднома ва берган ваъдангизга асло хиёнат қилманг!".
Яна Аллоҳ таоло қариндошлик алоқаларини улашга буюрган. Гумроҳ кимсалар хеш-ақраболарига силаи раҳм қилмай, бу ришталарни ҳам узишади. Яқинлар ҳолидан хабар олиш, муҳтожларга ёрдам бериш, қариндошлар билан кўришиб-суҳбатлашиб туриш, уларга ёрдам кўрсатиш ва совға-салом улашиш «силаи раҳм» дейилади. Яқиндаги қариндошни бориб зиёрат қилиш, узоқдагиси мактуб ёзиш ёки телефон қилиб сўзлашиш силаи раҳмдир. «Силаи раҳм умрни узайтиради», деган ҳадиси шариф бор. Силаи раҳмнинг акси раҳм-марҳамат ришталарини узишдир. Бу ҳолат исломий бурч-вазифаларга зид келади.
28. (Эй кофирлар), нега Аллоҳга куфр келтирасизлар? Ҳолбуки бежон эдинглар, У жон берди. Кейин жонингизни олади, яна тирилтиради, сўнгра Унинг ҳузурига қайтариласизлар.
Эй кофир кимсалар, нега Аллоҳга, Унинг юборган пайғамбарларига, туширган китобларига ишонмайсизлар, уларни инкор этасизлар? Ваҳоланки, У сизларни яратди, она қорнида жонсиз бир уруғ эдинглар, сизларга жон ато қилиб, ёруғ дунёга келтирди. Ер юзида ажратилган умрни яшаб бўлганингиздан кейин Парвардигор яна сизларнинг жонингизни олади. Сўнгра қиёмат куни барча инсонларни худди ердан уруғ ундиргандай қайтадан тирилтиради. Ҳамманинг Аллоҳ азза ва жалла ҳузурига қайтиши, дунё ҳаётидаги амаллари ва қилмишларидан ҳисоб бериши албатта ҳақдир. Инсонларнинг энг мудҳиш хатолари уларнинг охиратга ишонмасликларидир. Улар охират дунёсига, ўлгандан кейин қайта тирилишга имон келтирмаганлари сабабли ўзларини куфр ва ширк чангалига отишади, гуноҳлар денгизига шўнғишади, ҳеч қандай ёвузлик ва бузуқликдан тап тортмайдиган ҳолга тушишади. Охиратга ишонмаслик золим Фиръавннинг Мусо алайҳиссалом қавмига қаттиқ зулм ўтказиб, болаларини ўлдиртиришга, аёлларини қул қилишга, золимликда ҳаддан ошиб, охири ўзини ҳамманинг устидан ҳукм юритувчи илоҳ деб эълон қилишга олиб борди. Охиратга ишонмаслик Юсуф алайҳиссаломнинг акаларини чалғитиб, укаларига ҳасад қилишга, уни йўқ қилиш мақсадида қул сифатида сотиб юборишга, оталарига ёлғон гапиришга ва охири шармандаи шармисор бўлишларига сабаб бўлди. Охиратга ишонмаслик Қорун учун Аллоҳ берган мол-дунёга қутуриб, туғёнга кетиш, охири бутун бойлигига қўшиб ер ютиб юбориш билан якун топди. Охиратга ишонмаслик Абу Жаҳлни ўзи Пайғамбар алайҳиссаломга қариндош бўлатуриб у зотга имон келтирмай қаттиқ душманлик қилиш ва оқибатда абадий дўзах азобига гирифтор бўлиш сари ундади.
Агар ўлгандан кейин қайта тирилиш бўлмаганида, ўлим инсон учун энг катта фожиа, кулфат, адолатсизликка айланган, уни ўрганиб қолган ҳаётидан, яқинларидан, мол-мулкидан, мавқе-мартабасидан бир лаҳзада узиб қўядиган золимликка айланган бўлур эди. Инсон бир куни ўлимдан қўрқа-қўрқа жон берган ва ҳайвонлар каби ўлиб кетиб, тупроқда беному-нишон чириган бўлур эди. Агар ўлгандан кейин қайта тирилиш бўлмаганида дунёни ҳақсизлик, фитна-фасод, зулм-истибдод, зўравонлик ва муттаҳамлик босиб кетган бўлур эди. Исломдан чекинган ёки узоқда бўлган жамиятларнинг ҳозир ҳам ана шу кулфатлар исканжасидан чиқа олмаётгани бунга ёрқин далилдир. Охират бўлишига ишонмайдиган кимсалар кўнгилларига келган ёвузликни ва гуноҳни бемалол қилишади, диндошларига душманлик қилишади, софдил бир мусулмонга туҳмат ва бўҳтон ёғдиришади, золимларга зулм пичоғини қайраб беришади, Аллоҳнинг динидан, ибодатидан тўсишади, шариатини оёқ ости қилишади. Бундайлар эртага ҳисоб-китоб борлигини тан олмаганлари учун бошқаларнинг ҳақига тажовуз қилишади, қарз олиб, беришмайди, шерикларининг мулкини ўзлаштиришади, ўзгалар омонатига хиёнат қилишади, бузуқлик кўчаларида сарсон кезишади. Ўлгандан кейин тирилишларига имонлари йўқлиги сабабли шу дунёнинг ўзида мазза қилиб яшаб қолиш пайида бўлишади, ҳар қандай разилликдан қайтишмайди, ҳаётнинг мазмунини фақат дунё лаззатларига ғарқ бўлиб кетишда деб тушунишади.
Улуғлар шундай дейишган: “Дунё учун ғам ема. Унинг боши йиғи, ўртаси машаққат, охири йўқликдир! Сен охиратинг учун амал қилиб қол! Унинг боши учрашув, ўртаси ҳадя, охири эса абадиятдир”. Аммо одамлар ғофилликлари сабабли охират учун эмас, кўпроқ дунё учун ғам чекадилар. Ҳолбуки, дунё ҳаётининг ғам-ташвишлари жуда кўп, уларни ҳал этиш, ечишга инсон бутун умрини сарф қилиб юборади. Агар у дунё ғамларини охират ғами устига юклаб қўйганида бугунги кундагидай муаммолар гирдобидан қолиб, дод-фарёд қилмасди. Умар ибн Абдулазиз: «Охиратингизни ислоҳ қилинг, шунда дунёингиз ҳам ислоҳ бўлади», деганлар. Дунёдаги ҳовлимиз вақтинчаликдир, абадий яшайдиган ҳовлимиз ҳақида қайғуриш фойдалидир. Сўзимизни Алий каррамаллоҳу важҳаҳунинг ушбу сўзлари билан тугалласак: “Дунё ортини ўгириб кетмоқда. Охират бағрини очиб пешвоз чиқмоқда. Икковининг ҳам фарзандлари бор. Охират фарзандлари бўлинг, дунё фарзандлари эмас! Бугун амал бор, ҳисоб йўқ! Эртага амал йўқ, ҳисоб бордир!”
Сизлар ана шу буюк ҳақиқатни, ҳаёт ва ўлим ҳақиқатини тан олмай, инсонлар ўлганидан кейин Аллоҳнинг уларни қайта тирилтиришига куфр келтирганингиз учун охиратда сизларга қаттиқ азоб-қийноқлар, даҳшатли дўзах қийноқлари тайёрлаб қўйилган. Огоҳ бўлинглар, чунки Аллоҳ таолонинг ваъдаси ҳақдир: "Биз золимларга алангаси уларни ўраб оладиган ўт-оловни тайёрлаб қўйганмиз" (Каҳф, 29).
29. (Эй инсонлар), Аллоҳ Ер юзидаги ҳамма нарсани сизлар учун яратган. Кейин осмон тарафга юзланиб, уни етти осмон қилиб ростлади. У ҳамма нарсани билувчидир.
Эй инсонлар, Аллоҳ таолонинг сизларга берган фазли-раҳмати, ато этган неъматлари эвазига Унга бандалик қилинглар! У сизлар учун яшашга қулай Ер юзини, юлдузлар ила безанган етти қават осмонни, Ерни мувозанатда тутиб турувчи пурвиқор тоғларни, турфа экин ва чорва ҳайвонларини, уларни суғориш учун зилол сувларни, турли-туман мева-сабзавотларни, қўйинг-чи, инсоннинг Ер юзида фаровон ва бахтли ҳаёт кечириши учун ҳамма нарсани яратиб қўйган. Ақлини салгина ишлатган, Аллоҳ берган неъматлар ҳақида озгина фикр юритган ҳар бир инсон булар бежизга берилмаганини англаб етади. Бунинг учун Аллоҳга имон келтириш ва Унинг пайғамбарларига эргашиш, дунё ҳаётида Парвардигорни рози қиладиган чиройли амаллар, тоат-ибодат қилиб ўтиш талаб этилади. Ана шу илоҳий амрга бўйсунганлар охиратда кўркам жаннат боғларида роҳат-фароғат ичра бўлишса, буни инкор қилиб, унга куфр келтирганларни аламли азоблар, даҳшатли қийноқлар кутиб турибди.
30. Парвардигорингиз фаришталарга: "Мен ер юзида бир халифа пайдо қилмоқчиман", деганини эсланг. Шунда фаришталар: "Ерда бузғунчилик қиладиган, қон тўкадиганни халифа қиласанми, ҳолбуки биз Сенга ҳамду сано айтиш билан улуғлаймиз ва Сени пок тутамиз-ку!", дейишди. Парвардигорингиз: "Мен сизлар билмаган нарсани биламан", деди.
Таниқли олимлардан Муҳаммад Саййид Тантовий бундай ёзади: "Аллоҳ таолонинг бу хитоби фаришталар билан маслаҳатлашиш ёки кенгашиш эмас, балки Ўзининг ҳикматли ишини фаришталарга ошкор қилиш эди. Ёхуд бу Аллоҳ таоло Ўз бандаларини бирор иш қилишдан олдин оқил ва доно кишилар билан кенгашиб олишга чақириғидир. Оятдаги "Сени улуғлаймиз" деб таржима қилинган "наҳну нусаббиҳу" калимаси аслида "тасбеҳ айтамиз" маъносида бўлиб, бу жумла шаръий истилоҳда "Аллоҳ таолони барча айбу нуқсонлардан поклаб улуғлаш"ни билдиради. "Пок тутамиз" деб ўгирилган "нуқаддису лака"даги "тақдис" сўзи "Аллоҳ таолони улуғлаш ва юксак сифатлар билан васф этиш" маъносини англатади" (Муҳаммад Саййид Тантовий, "Қуръони карим қиссалари", 1-жилд, Тошкент, 2005, 23-бет).
Баъзи Ислом олимлари Қуръондаги Одам бутун инсон наслини тамсил этади, дейишади. Одамнинг Ер юзига халифа қилиб юборилишида ажойиб бир илоҳий ҳикмат бор: бундан мурод, унинг бутун табиат қувватларига ҳоким қилиш ишораси мавжуд. Аллоҳ таолонинг буюк яратувчилик ҳикматидан бехабар фаришталар Ерда бузуғунчилик қиладиган, қон тўкадиганни халифа қиласанми, ваҳоланки, биз доимо Сенга итоат ва ибодатда бўлиб, ҳамиша зикрингни қилиб турамиз-ку, дея таажжубга тушишди. Шунда Аллоҳ таоло ҳатто фаришталар билмаган нарсаларни ҳам билишини англатди. Яъни, Мен бу тоифа махлуқотларни яратиш ва уларни Ерда халифа қилишда қандай манфаатлар борлигини биламан, сизлар эса билмайсизлар. Мен ҳали улар орасидан пайғамбарлар танлаб, элчиларимни юбораман, улар ичидан сиддиқлар, шаҳидлар, солиҳ кишиларни чиқараман. Оятдаги фаришталарнинг: "Ерда бузғунчилик қиладиган, қон тўкадиганни халифа қиласанми?" деган сўзлари китобхонда "Одам алайҳиссаломдан олдин ҳам Ерда инсонлар яшаган эдими?" деган савол туғилишига олиб келиши мумкин. "Баъзи муфассирларнинг айтишларига қараганда, Ерда Одамдан олдин ҳам олти марта инсон авлоди яратилган ва яшаган бўлиб, еттинчиси Одам алайҳиссалом авлодлари эди. Кўпгина муфассирлар эса, Ерда Одамдан (алайҳиссалом) илгари инсон қиёфасидаги жинлар яшаган, дейишади".
31. Ва Аллоҳ Одамга ҳамма нарсанинг номини ўргатди, сўнгра уларни фаришталарга рўпара қилди ва: "Агар рост гапирган бўлсанглар, Менга буларнинг номини айтиб беринглар", деди.
Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломга жаннатда Ўзи яратган нарсаларнинг номини билдиришни илҳом қилди ва бу номларни фаришталарга ҳам кўндаланг қилди: "Агар сўзларингиз рост бўлса, мана бу нарсаларнинг номини Менга айтиб беринглар-чи!" Ушбу ояти каримада инсонга берилган илмнинг чексиз-чегарасиз эканига ишора бор. Ушбу ояти каримада инсоннинг билим даражаси ҳатто фаришталарникидан ҳам устун экани, Одам алайҳиссаломнинг фазлини зоҳир қилиш ва инсон не сабабдан яратилганини баён этиш бор. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилади: "Расулуллоҳ алайҳиссалом шундай дедилар: "Мўминлар қиёмат куни тўпланиб: "Агар Парвардигоримиздан шафоат тиласак, (У бизни турган еримиздан бошқа яхшироқ жойга кўчирмасмикан?)" дея Одам алайҳиссалом қошларига боришади-да, у кишига: "Сиз барча одамларнинг отасисиз, Аллоҳ таоло сизни Ўз яди (қўли) билан яратган, сизга фаришталарини сажда қилдирган, сизга ҳар бир нарсанинг номини ўргатган. Парвардигорингиздан бизга шафоат сўранг, то У бизни турган еримиздан бошқа яхшироқ жойга кўчирсин", дейишади. Одам алайҳиссалом "Сизларга фойдам тегмайди" деб, қилган гуноҳларини эслайдилар ва уялиб кетадилар. Сўнг уларга: "Нуҳ алайҳиссалом олдиларига боринглар, у киши Аллоҳ таоло Ер аҳлига юборган пайғамбарларнинг энг биринчисидир", дейдилар. Улар Нуҳ алайҳиссалом қошларига боришгач, у киши ҳам: "Сизларга фойдам тегмайди" дея ақллари етмаган нарса хусусида Парвардигорларига савол берганларини эслаб уялиб кетадилар ва "Раҳмон дўстининг қошига боринглар!" дейдилар. Улар Иброҳим алайҳиссаломнинг олдиларига боришади. У киши ҳам: "Сизларга фойдам тегмайди, Аллоҳ таоло сўзлашган, Таврот ато этган банда Мусо қошига боринглар!" дейдилар. Улар Мусо алайҳиссалом олдиларига боришади. У киши ҳам: "Менинг сизларга фойдам тегмайди" дея қилган гуноҳларини эслайдилар ва Парвардигорларидан уялиб кетадилар. Сўнг уларга: "Аллоҳ таолонинг бандаси ва пайғамбари, Аллоҳ таолонинг калимаси ва руҳи бўлмиш Исонинг қошига боринглар", дейдилар. Исо алайҳиссалом ҳам: "Сизларга фойдам тегмайди, яхшиси Аллоҳ таоло аввалгию охирги гуноҳларини мағфират қилган банда Муҳаммаднинг (алайҳиссалом) қошларига боринглар", дейдилар. Улар менинг ҳузуримга келишади, сўнг Роббимнинг ҳузурига бориб изн сўрайман, менга ижозат берилади. Парвардигоримни кўришим билан саждага бораман, У мени ўзи истаганича муҳлатга саждада қолдиради. Сўнг менга: "Бошингни кўтар ва сўра – У сўраганингни ато этади, сўзла – сўзларингни эшитади, шафоат тила – шафоат этади", дейилади. Мен бошимни саждадан кўтариб, Ўзи бизга ўргатган ҳамду санолар билан Уни мадҳ қиламан, кейин Ундан шафоат тилайман. У менга муайян кишиларни жаннатга олиб киришимга ижозат беради, уларни жаннатга олиб кираман. Сўнг Унинг ҳузурига қайтиб бориб, Уни кўришим билан олдингидай саждага бораман. Кейин Ундан шафоат тилайман, У менга бу гал ҳам муайян одамларни жаннатга олиб киришимга изн беради, уларни жаннатга олиб кираман. Кейин Унинг ҳузурига учинчи ва тўртинчи марта қайтиб бориб: "Дўзахда Қуръон банди қилиб, унда абадий қолиши лозим бўлганларгина қолди", дейман" (Бухорий ривояти).
32. Фаришталар: "Эй пок Парвардигор, бизда билдирганингдан бошқа илм йўқ. Сен албатта буюк илм ва ҳикмат эгасисан", дейишди.
Фаришталар Парвардигорларининг юқоридаги хитобига жавобан ўзларининг ожизликларини билдиришди ва: "Эй шаъни улуғ, барча айбу нуқсонлардан пок Парвардигор, биз Ўзинг ўргатган нарсалар номидан бошқасини билмаймиз. Ўзинг барча нарсаларни мутлақ билувчи, мутлақ Алим, мутлақ Ҳаким зотсан, бандаларингдан хоҳлаганингга илм берасан, хоҳлаган бандангдан илмни тўсиб қўясан", дейишди.
Аллоҳ таоло Алийм ва Ҳаким Зот бўлгани учун борлиқдаги ҳар бир нарсани, унинг сифатию моҳиятини яхши билади. Уларни Ўз ҳикмати билан яратади, ҳар бир нарсани ўз жойига қўяди ва ўрнига туширади. Аллоҳ таолонинг ҳикматига таъна етказиб, бирор оғиз сўз айтилиши ҳам мумкин эмас. Чунки у эшитувчи, кўрувчи, билувчи, хабардор, сўзловчи ва тадбир қилувчи ҳамда бундан бошқа исм-сифатларга эгадир.
33. У деди: "Эй Одам, буларга у нарсаларнинг номини айтиб бер". Одам уларга ўша нарсаларнинг номини баён қилди. (Аллоҳ таоло) айтди: "Мен сизларга осмонлару Ердаги махфий нарсаларни, сизларнинг яширин ва ошкора қилган амалларингизни биламан, демадимми?".
Фаришталар бу борада ўз билимсизликларини изҳор этишганидан сўнг Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломга фаришталар жавоб беришдан ожиз қолган номларни бирма-бир айтиб беришни буюрди. Одам (алайҳиссалом) Парвардигор амрига кўра бу номларнинг ҳаммасини айтиб берди. Шунда Аллоҳ таоло Ўзининг осмонлардаги ва Ердаги, улар орасидаги ҳамма махфий ва ошкора нарсаларни ҳам, бандаларининг пинҳона ва ошкора қилган барча ишларини, замин ва коинотдаги барча жонли ва жонсиз мавжудотнинг ҳар бир ҳаракатини яхши билишини яна бир бор таъкидлади. Оятнинг яна бир муҳим жиҳати шуки, Одам алайҳиссаломнинг илми бевосита Аллоҳ таолонинг илмига суянади, бу илм назар ва фикр йўли билан ҳосиб бўлган, унда бирор хатолик ёки янглишиш йўқ, чунки бу илмни одамизод бевосита Аллоҳнинг Ўзидан олган. Бинобарин, Одам алайҳиссалом Ер юзида халифа (ўринбосар) бўлиши учун тайёрланди. Буни шундан ҳам билиш мумкинки, илоҳий ҳукмлар Ер юзида кейин пайдо бўлган ҳар қандай қонунлардан кўра, тўғри, мукаммал ва адолатлидир.
34. (Эй Муҳаммад), эсланг, Биз фаришталарга: "Одамга сажда қилинглар!" деганимизда саждага боришди, фақат Иблис мутакаббирлик билан бундан бош тортди ва кофирлардан бўлди.
Одам алайҳиссаломнинг яратилгани хабари фаришталарга етганида улар бу зотнинг шаклу шамойилларини кўриб: "Бу жасадда ҳис-туйғу ва ҳаракат бўлса ҳам оқибати яхши бўлмайди, балки улар манфаат йўлида бир-бирлари билан урушиб, жонларига қасд қилишади, улардан фойда йўқ", дейишди. Парвардигор уларга жавобан: "Бу вужуднинг ҳикматини Ўзим биламан", деди. Аллоҳ таоло нарсалар номини билишда Одамга фитрий таълим берди, бундан фаришталар ожиз эди. Оқибатда улар Одамга ато этилган илму фазл баракотидан унга сажда қилишди. Уламолар Аллоҳ таолонинг фаришталарга буюрган саждаси қай тарзда бўлгани ҳақида бир неча ривоятлар келтиришган. "Сажда" сўзи луғатда "бўйин эгиш, ўзини паст олиш" маъноларини англатади. Шаръий истилоҳда эса сажда ибодатни ният қилиб, пешонани ерга қўйишдир. Фаришталарнинг Одам алайҳиссаломга сажда қилишларида Аллоҳ яратган махлуқнинг афзаллигига иқрор бўлиш ва унга таъзим бажо келтириш мақсад қилинган. Бу сажда ибодат ниятидаги пешонани ерга қўйиш маъносида эмас, чунки Аллоҳ таоло Ўзидан бошқага сажда ва ибодат қилишни ширк, деб атаган. Фаришталар эса ширкдан бутунлай пок, маъсумдирлар. Бу тадбирдан фаришталарни синаш, яхши ва ёмон орасини ажратиш ҳам кўзда тутилган.
Иблис алайҳиллаъна эса кибр ва ғурурга бориб бундан бош тортди. Бу итоатсизлик ва осийлик замирида кибр ётибди. Кибр эса динимизда қаттиқ қораланган иллатлардан. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Кимнинг қалбида хантал (горчица) уруғича такаббурлик бўлса, жаннатга кирмайди", деганлар" (Термизий ривояти); Ҳориса ибн Ваҳб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалардан: "Сизларга дўзах аҳллари хабарини берайми?" деб сўрадилар. Улар: "Ҳа", дейишди. У зот: "Қўпол, мутакаббир ва ўзини катта олувчилар", дедилар" (Муслим ривояти).
Агар банда мутакаббирлик қилиб, Аллоҳнинг оятларини менсимаса, тан олмаса, гуноҳга ботади. Гуноҳ эса унинг дилини қорайтиради, ҳақни танишдан тўсади. Кўзини тўғри йўлни, яъни Исломни кўрмайдиган, қулоғини диний насиҳатни эшитмайдиган қилиб қўяди. Қуръонда зикр қилинган "Улар қандай далилни кўришса ҳам ишонишмайди, тўғри йўлни билишса ҳам унга юришмайди. Хато йўлни билишса ҳам унга юришади." (Аъроф, 146) ана шундай адашган кимсалардир. Бундайларни Аллоҳ ўз оятларидан қайтариш, тўсишга ваъда беряпти. Аллоҳ оятларидан ғафлатда бўлиш, улардан узилиш эса икки дунё саодатини бой беришдир. Мутакаббир кимса яхшиларга эргашишдан ор қилади, ўзини ҳаммадан, барча нарсадан, ҳатто Аллоҳнинг амр-фармонларидан ҳам устун кўради. Бу билан у Аллоҳгагина хос сифатларга даъвогарлик қилган, буюк қудрат эгаси Аллоҳга ўзини шерик санаган бўлади. Банда бунга асло ҳақли эмас, шунинг учун оятда "ноҳақ кибр қиладиганлар" дейилмоқда. Сабаби, банданинг ўзини Аллоҳ яратган, Ер юзидаги барча неъматларини унга Аллоҳ бериб қўйган, Инсондаги куч-қудрат, мол-дунё, саломатлик ва ҳаёт ўзича келиб қолмаган, булар ҳам Парвардигорнинг инъомидир. Буни тан олмаслик, инкор қилиш эса қаттиқ хатодир, Аллоҳнинг динидан узоқлашишдир. Бундайни эса Аллоҳ Ўз оятларини англаш, улардан манфаатланиш ва ҳаётини уларга мувофиқ қуриш бахтидан маҳрум этади. Бу эса бандаларга нисбатан адолатсизлик ёки зулм эмас, балки қилмишларига, ноҳақ кибрларига яраша муносиб жазодир.
Шу боис, кибр Аллоҳ таолога осийлик қилиб содир этилган биринчи ва ўта ёмон гуноҳдир. Қуръони каримда келишича: "(Аллоҳ сўради): "(Аллоҳ): «Сенга саждани буюрганимда сажда қилишингга нима монелик қилди?» деди. У: «Ундан яхшироқман, мени ўтдан яратдинг, уни тупроқдан яратгансан», деди." (Аъроф, 12). Уламолар "Иблис фаришта бўлганми ёки йўқми?" деган масалада икки хил фикрни айтишган: бир тоифа уламолар Иблис фаришталардан бири бўлган, дейди, чунки Аллоҳ таоло уни ҳам фаришталар билан бирга Одам алайҳиссаломга сажда қилишга буюрган. Одатда, бир турга мансуб бўлмаган нарсалар номи алоҳида зикр этилади. Кейинги тоифа уламолар эса Иблис фаришталардан бўлмаган, деган фикр айтган. Чунки Аллоҳ таоло айтади: "Шунда сажда қилишди, фақат иблис қилмади. У жинлардан эди. У Парвардигорининг амрига бўйсунмади." (Каҳф, 50). Худди Одамнинг асл хилқати инс бўлгани каби Иблисники жин бўлган. Шунингдек, у оловдан, фаришталар эса нурдан яратилган. Иблиснинг зурриёти бор, фаришталарники йўқ. Бу хусусдаги батафсил хабарлар Қуръони каримнинг Каҳф сурасида келган.
35. Ва Биз: "Эй Одам, сен ва хотининг жаннатда туринглар, хоҳлаган ерларингизда истаган нарсалардан енглар, фақат бу дарахтга яқин келманглар, унда золимлардан бўласизлар", дедик.
Фаришталар Одамга (алайҳиссалом) сажда қилганида Иблис бундан бош тортгач, Аллоҳ таоло Одам алайҳиссалом ва унинг жуфтига эҳтиром кўрсатиб, уларга жаннатнинг истаган ерида яшашни буюрди ва у ердаги барча неъматлардан бемалол еб-ичишга рухсат берди. Фақат биргина дарахтга яқинлашмаслик, унинг мевасини емаслик ҳақида огоҳлантирди. Жумҳур уламолар фикрича, оятдаги жаннат "Дорус-савоб" (мукофотлар диёри) деб номланган бўлиб, Аллоҳ таоло уни охиратда мўминлар учун тайёрлаб қўйган. Бошқа бир уламолар: жаннат Ердан баланд жойда барпо қилинган боғ-роғлар бўлиб, Аллоҳ уни Одам ва унинг жуфти учун яратган, дейишади. Муфассирлар ейиш ман қилинган дарахт номи ва нави ҳақида турли фикрлар айтишган. Ўша мевани анжир, буғдой, узум деганлар ҳам бор. Қуръони каримда унинг нима экани очиқ айтилмаган. Имом Ибн Жарир Табарий бу тўғридаги холис фикрни айтади: "Аллоҳ таоло Одам ва унинг жуфтини жаннат дарахтларидан бирининг мевасини ейишдан ман қилган" дейиш билан кифояланиш тўғрироқ бўлади. Чунки унинг қайси дарахт экани ҳақида бизда бирон-бир аниқ маълумот йўқ. Қуръони карим ва саҳиҳ ҳадисларда ҳам унинг қандайлиги зикр этилмаган. Буни билиш ё билмасликдан ҳеч қандай фойда ҳам, зарар ҳам кўрилмайди" ("Тафсиру Ибн Жарир" , 1-жилд, 561-бет).
36. Кейин шайтон уларни йўлдан оздирди ва турган жойларидан чиқарди. Ва Биз: "Энди тушинглар, бирингиз бирингизга душмандирсиз, Ерда сизларга маълум муддат фойдаланишингиз учун жой бор", дедик.
Одам алайҳиссалом ва жуфтининг шайтон васвасасига алданиб, ман қилинган дарахт мевасидан тотиб қўйишлари уларнинг жаннатдан чиқарилишларига сабаб бўлди. Улар Парвардигор амрига зид иш қилиб қўйиб, ўзларига зулм қилишди ва жаннат боғларидаги роҳат-фароғатдан маҳрум бўлишди. Аллоҳ таоло хабар беради: " Шундай алдов билан уларни мойил қилди. Икковлари дарахтдан татиб кўришган эди, авратлари ўзларига кўриниб қолди ва жаннатдаги япроқларни улаб, шу билан ўз авратларини тўсмоқчи бўлишди. Шунда Парвардигорлари уларга нидо қилиб айтди: «Сизларни бу дарахтдан қайтармаганмидим ва шайтон сизларга душман демаганмидим!»." (Аъроф, 22). Шу тариқа Одам, Ҳавво ва Иблисга Ер юзига тушиш амр қилинди ва то ажал келгунича у жойдан фойдаланиб туриш билдирилди. Оятдаги "бирингиз бирингизга душмандирсиз" жумласида инсонларнинг бир-бирига ғанимлиги эмас, балки Одам авлодлари ва шайтон ўртасидаги душманчилик зикр этилган.
37. Кейин Одам Парвардигоридан бир неча сўзни таълим олди, сўнг У зот унинг тавбасини қабул қилди. У албатта тавбаларни қабул қилувчи, ниҳоятда меҳрибондир.
Шундан сўнг дарҳол эс-ҳушини йиғиб олган Одам алайҳиссалом Парвардигоридан мағфират сўрашга шошилди. Бунинг учун Аллоҳ таолодан бир неча тавба сўзларини ўрганди. Баъзи фикрларга кўра, бу сўзлар Қуръони каримнинг Аъроф сурасида баён этилган: "Икковлари: «Парвардигоримиз, ўзимизга зулм қилдик, агар бизни кечирмасанг ва раҳм қилмасанг, албатта зиён кўрувчилардан бўлиб қоламиз», дейишди.” (23-оят). Одам алайҳиссалом ва Момо Ҳавво шайтоннинг қасамига алданиб: "Шу дарахтдан есак, Аллоҳнинг шафқат-марҳаматига эришиб, фаришталар каби бўламиз ва жаннатда абадий қолиб кетамиз" деб, бу ишга журъат қилишди. Охири бор ҳақиқатни тушуниб, дарров надомат чекишди, зулмларига иқрор бўлиб, истиғфор айтишди. Аллоҳ таоло уларнинг тавбасини қабул қилди, зеро, У тавба қилувчиларнинг тавбасини кўплаб қабул қилувчи ва бандаларига раҳматини кенг этувчи Зотдир.
Парвардигори олам гуноҳ қилган бандаларини «мўминлар» деб атаб, уларни тавбага чақиради: «Барчаларингиз Аллоҳга тавба қилинглар, эй мўминлар, шояд шунда нажот топсангизлар» (Нур, 31). Бу хитоб умумийдир. Тавбага юзланиш инсон жинсига фарз қилинган азалий ҳукмдир. Тавба ҳар бир шахс зиммасидаги фарзи айндир. Яна Аллоҳ таоло айтади: «Мен тавба қилган, имон келтириб, солиҳ амал қилган, сўнгра ҳидоятда юрганларни кўплаб мағфират қилувчиман.» (Тоҳо, 82). Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай ривоят қилинади: «Эй одамлар, Аллоҳга тавба қилинглар! Мен бир кеча-кундузда юз марта тавба қиламан». У зот шундай деб турганларида биз умматлари тавба қилмасдан ва истиғфор айтмасдан умр ўтказишимиз нечук бўларкан?! Яъни, тавба ҳар қандай шароитда, ҳеч бир истисносиз вожибдир. Банданинг тавбаси тугал ва умр бўйи давом этса, мақсадга мувофиқ бўлади.
Ҳасан Басрий Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай ривоят қилади: «Аллоҳ таоло иблисни туширган вақтда (иблис): “Сенинг иззатинг билан қасам, мен Одам фарзандидан то унинг руҳи жасадидан ажралмагунича ажралмайман!” деди. Аллоҳ таоло айтди: “Менинг қудратим, улуғлигим ҳаққи, бандамдан тавбани ўлим билан келаётган ғар-ғара вақтида ҳам тўсмайман!”»
Луқмони ҳаким ўғлига шундай деган: «Эй ўғлим, тавбани кечиктирма, чунки ўлим кутилмаганда келади. Ким тавбани кечиктириб, нажотга шошилмас экан, иккита катта хатар ичида қолади: биттаси – гуноҳлар зулмати тўпланиб, қалбни тўла қоплайди, сўнг уни муҳрлаб ташлайди. Гуноҳ муҳрланган қалбдан ўчмайди: иккинчи хатар – касаллик ёки ўлим тавбадан илгари келиб, хатоларни ўнглаш учун вақт қолмайди».
38. Биз: "Ҳаммангиз бу ердан тушинг, Мендан сизларга ҳидоят келганида ким ҳидоятимга эргашса, уларга хавф ҳам йўқ, ғамгин ҳам бўлишмайди", дедик.
Шайтон ўзи лаънатга учраганидан кейин Ҳазрати Одам ва Момо Ҳаввонинг жаннатда роҳат-фароғатда юришларига рашк ва ҳасад қилиб, бунга чидай олмаганидан тоқати тоқ бўлди. Охири қасам ичиб, уларни алдади ва Аллоҳ таоло ман қилган дарахт мевасидан едирди. Шунда икковлари Аллоҳ таолонинг ғазаби билан жаннатдан чиқарилишди. Ҳазрати Одам бир қанча вақт ҳайрон ва паришон ҳолда йиғлаб юрганларидан кейин Аллоҳ таоло раҳм этиб, бир неча сўз (дуо)ларни илҳом билан маълум қилди. Одам алайҳиссалом уларни қабул қилиб олди. Ана шу калималар баракотидан у зотнинг тавбалари қабул бўлди. Сўнгра Аллоҳ таоло Одам ва унинг авлодларига: "Агар Менинг ҳидоятимда юрсанглар, сизларга ҳеч қандай хавф-хатар бўлмайди, икки дунёда иззат-икром кўрасизлар", деб амр қилди. Ўргатилган дуо будир: “Роббана золамна анфусана ва иллам тағфирлана ва тарҳамна ланакунанна минал хосирин” (Аъроф, 23). Маъноси: «Парвардигоримиз, ўзимизга зулм қилдик, агар бизни кечирмасанг ва раҳм қилмасанг, албатта зиён кўрувчилардан бўлиб қоламиз».
39. Ва куфр келтирганлар ҳамда оятларимизни ёлғонга чиқарганлар, айнан ана шулар дўзахийлардир, улар унда абадий қолишади.
Аллоҳ таолога куфр келтириб, Унинг амр-фармонларини инкор қилган кимсалар фақат ўзларига зулм қилишади. Улар куфрлари ва кибрга борганлари сабабли Аллоҳ таолонинг Ўз Пайғамбари орқали юборган илоҳий ваҳийларини (яъни, Қуръони карим оятларини) ёлғонга чиқаришади. Кофир ва мушрик кимсаларнинг Қуръон оятларини инкор этишларига сабаб, уларнинг Ислом даъватига қулоқ осишга, Пайғамбар алайҳиссаломга эргашишга ҳавойи нафслари, кибрлари, қалбларидаги шубҳа-гумон хасталиклари тўсқинлик қилаётгани туфайли Ҳақни тан олишни истамаётганликларидир. Бундай жоҳил ва нодон кимсаларнинг жойи албатта дўзахдадир ва унда абадий азоб-уқубатларга гирифтор бўлган ҳолда қолиб кетишади.
Дўзах Ислом талабларини бажармаган, ҳаддидан ошган кофир, мушрик, мунофиқларга, шайтон ва унга эргашганларга ваъда қилинган азоблар жойидир. Дўзах даҳшатли чуқурлик бўлиб, унинг ичида мангу олов ёниб туради, гуноҳкорлар шу оловга ташланади. Дўзах азоб-уқубатларини англаш учун бу ҳақда Қуръони каримда келган бир-икки оят мазмунини билиб олиш кифоя. Дўзахга тушишлари аён бўлган, бу дунёда куфр, ширк, нифоқ, гуноҳ ва исён билан ўтган кимсаларнинг башаралари қўрқинчга тўла, юзлари қорайиб кетган ҳолда оловда, қизиган дўзахда куядилар, чанқасалар, қайноқ сув ичадилар, таомлари заҳарли гиёҳ бўлади. Пайғамбарни, илоҳий Китобни, қиёматни ва қайта тирилишни ёлғонга чиқарувчилар заққум дарахтининг мевалари билан қорин тўлдирадилар ва бунинг устидан қайнаб турган сувдан ичадилар. Бундай «зиёфат»дан Аллоҳнинг Ўзи асрасин!
Аллоҳ таолонинг оятларига куфр келтирганлар ва уларни ёлғонга чиқарганлар бу дунёда ҳам турли бало-офатларга йўлиқишлари исботланган, инкор этилмас ҳақиқатдир. Дўзахга кирган куфр аҳли кўпроқ азоб тортишлари учун тана терилари ҳар гал етилиб пишганда янги тери билан алмаштирилади ва азоблари янгидан бошланади. Бу ҳолат абадул-абад давом этади. Умар розияллоҳу анҳу: «Бу оят тафсирини мен Расулулоҳдан соллаллоҳу алайҳи васаллам эшитганман, бир соатда тери етмиш марта алмаштирилади», деган. Бошқа ривоятларда эса, тери бир кунда ёхуд бир соатда олти минг марта ёки етмиш минг марта алмаштирилади ҳам дейилган.
40. Эй Бани Исроил, сизларга қилган эҳсонимни эсланглар ва Менга берган аҳдларингга вафо қилинглар. Мен ҳам сизларга берган аҳдимдаман ва Мендангина қўрқинглар.
"Исроил" сўзи "Аллоҳнинг танлаб олган қули ёки Аллоҳнинг бандаси" деган маъноларни билдиради, "Бани Исроил" эса: "Исроил авлодлари", "Исроил қавми" деганидир. Аллоҳ таоло Бани Исроилга хитобан айтяптики, сизларга қилган яхшиликларимни эсланглар ва Менга берган ваъдаларингга вафо қилинглар. Ваъдаларнинг энг улуғи банда билан Аллоҳ таоло ўртасидаги аҳддир. Зеро, Аллоҳ таоло одамни яратди, унга турли неъматлар ва яхшиликларни ато этди ҳамда бу ҳақиқатни бандаси билиб-эътироф этишини, Парвардигор меҳрибонлигидан ғафлатда бўлмаслигини, инкор этмаслигини истади. Аллоҳ азза ва жалла бундай хитоб қиляпти: эй Исроил авлоди, сизларни Фиръавн ҳамда унинг қавми зулми ва қатлиомидан, сарсон-саргардонликда юрганингизда турмуш машаққатларидан қутқариб, ҳаётингизни фаровон этиш йўлидаги эҳсон-яхшиликларимни эсга олинглар. Пайғамбаримнинг келиши ҳақида сизлардан олган аҳдимга вафо қилинглар. Мен эса пайғамбаримни тасдиқлаб, унга эргашишингиз эвазига сизларнинг бўйинларингга юкланган гуноҳдан иборат кишанлару мусибатларни кетказиш ҳақидаги ваъдамни тўлиқ қилиб берай. Мендангина қўрқинглар, сизлардан олдин ўтган ота-боболарингизга туширган азоб-офатларим сизларнинг ҳам бошингизга келишидан қўрқинглар.
Аҳдга вафосизлик (хиёнат) гуноҳи кабирадир. Чунки инсоннинг банда сифатида Аллоҳ таолога аҳдларига вафо қилишини Яратганнинг Ўзи буюрган. Бу имон аҳди бўлиб, уни Аллоҳ таоло биринчи инсон — Одам алайҳиссалом ва унинг зурриётидан олгандир. Бу аҳд ўз ичига Аллоҳ таолонинг ягона илоҳлигига, Парвардигорлигига ва Ҳокимлигига иқрор бўлишни, Унга банда бўлиш, итоат қилиш ва таслим бўлишни қамраб олади. Бундай умумий аҳдларга инсон ўзи ўзига қилган шахсий аҳдлари ҳам киради. Назр атаганми, бирор ишни Аллоҳ йўлида қилишга аҳд этганми ёки бошқа (савдо-сотиқ, қарз, вакиллик, кафиллик кабиларга ўхшаш) аҳдларнинг ҳаммаси киради. Аҳдга вафо Исломдаги энг улкан хислатлардандир. Аллоҳ таоло «Аҳдга вафо қилинглар! Чунки аҳд-паймон (қиёмат куни) сўраладиган ишдир», (Исро, 34) деган. Заҳҳок айтади: «Аллоҳ таоло бу умматдан ҳалол-ҳаром қилинган, намоз каби фарз этилган нарсаларга ва бошқа аҳдларга вафо қилишга аҳд-паймон олган. Аҳдлар ҳам худди шу каби бўлиб, Аллоҳ фарз қилган муҳкам нарсалардандир. Бирон бир ҳолатда ҳам уни бузишга йўл йўқ». Инсоннинг буюк Парвардигорига берган аҳдига вафо қилиши дунёда улуғлик топишига, охиратда Унинг мағфирати ва марҳаматига эришишига асос бўлади.
41. Ва ўзингиздаги нарсани тасдиқ этувчи қилиб туширган Китобимга имон келтиринглар ва унга биринчи куфр келтирувчи бўлманглар. Оятларимни арзонга сотманглар ва Мендангина қўрқинглар.
Яъни, Аҳли китоблар, олдин сизларга туширилган ва ҳозир ўзларингизда турган Таврот ва Инжилни тасдиқловчи нарсага, яъни Қуръони каримга имон келтиринглар. Бу ҳақда бошқаларда билим,тушунча бўлмаса ҳам, сизларда далил-исботлар турибди, асл ҳақиқатни бошқалар билмаса ҳам, сизлар яхши биласизлар-ку! Аллоҳ таолонинг Ўз расуллари ва набийларига нозил қилган китобларига ишониш киши имонининг шартларидан биридир. Аллоҳ таолонинг ҳамма китоблари Унинг каломи (сўзи) ва ваҳийдир, махлуқ эмасдир. Уларнинг ҳаммаси бир каломдир, назм, ўқиш ва эшитиш жиҳатидан бир нечтадир. Бу эътибордан нозил бўлган китобларнинг энг афзали Таврот, Инжил, Забур ва Қуръони каримдир. Бу тўрт китобнинг энг афзали Қуръони каримдир. Қуръони карим нозил бўлгач қолган барча китобларни ўқиш ва ёзиш амалдан қолган. Чунки улардаги ҳукмлар муайян халққа йўлланган эди, Қуръони карим ҳукмлари эса бутун инсониятга қаратилган. Таврот Мусо алайҳиссаломга, Забур Довуд алайҳиссаломга, Инжил Исо алайҳиссаломга, Қуръони карим эса Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга юборилган. Қуръони карим ҳукмлари қиёматгача ўзгармайди, бирор ҳарфи зиёда ёки кам бўлмайди, тилларда ва дилларда сақланиб боради. Қуръони карим ўқиш ибодат ҳисобланади. Аллоҳ таоло инсонларни Қуръони каримга имон келтиришга, унга куфр келтирмасликка, оятларни арзонга сотмасликка чақирмоқда. Аммо Аллоҳ таолонинг ғазабига учраган қавмлар дунёпараст ва моддапараст бўлишгани учун охиратдаги абадий роҳат-фароғатни дунёнинг арзимас матоҳига сотишга (алмаштиришга) тайёрдирлар.
42. Ҳақни ботилга аралаштирманглар ва Ҳақни билатуриб яширманглар.
Яъни, Пайғамбарим ҳақидаги хабарни ва у келтирган Қуръони каримни билатуриб бошқалардан беркитманглар, чунки бу ҳақда сизларнинг қўлингизда турган Таврот ва Инжилда аниқ хабар берилган. Аллоҳ таоло айтади: “Исо ибн Марямнинг «Эй Бани Исроил! Мен ўзимдан олдинги Тавротни тасдиқлаш, ўзимдан кейин келувчи Аҳмад исмли Расулнинг башоратини бериш учун Аллоҳ сизларга юборган пайғамбардирман» деганини эсланг. Уларга ҳужжатларни келтирганда эса: «Бу аниқ сеҳрдир», дейишди.” (Саф, 6).
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг бутун инсониятга юборилган охирги ҳақ пайғамбар эканлари ҳақидаги хабарларни Аҳли китоблар ҳозиргача ўз эргашувчиларидан пинҳон тутиб келишади. Масалан, Инжилдаги Аҳмад (мақталган) маъносини англатувчи "параклитос" сўзини насроний олимлари асл ҳақиқатни яшириш учун "юпатувчи, ҳимоячи, насиҳатчи" деб таржима қилишган (Юҳанно Инжили, 14:15-16, 15:26).
43. Намозни адо этинглар, закотни беринглар ва рукуъ қилувчилар билан бирга рукуъ қилинглар.
Яъни, эй Исроил авлоди, сиз ҳам мусулмонлар ўқийдиган намозни ўқинг, закотни беринг ва улар каби жамоат намозларида бирга рукуъ қилинг. Исроил –пайғамбар Яъқуб алайҳиссаломнинг исмлари, "Бани Исроил" деганда шу зотнинг авлодлари назарда тутилади. Мусо алайҳиссалом ҳам шулардан, Таврот ҳам уларга туширилган. Аллоҳ таоло Тавротда улар билан: "Сизларга бир пайғамбар юборилса ва у китобларингизни тасдиқласа, сизлар унга бўйсуниб ёрдам кўрсатинглар. Агар шу амримга вафо қилсангизлар, Мен ҳам сизлардан Шом мулкини олиб қўймайман", деб аҳдлашган. Лекин улар Тавротга амал қилишмади, ниятлари бузилди, пора ола бошлашди. Аллоҳ таолонинг каломини арзон нарсага сотишди, яхши йўлни тарк этиб, гумроҳлардан бўлишди. Аллоҳ таоло уларни бу қилмишлари учун расво қилди. Энди яна уларга берган эҳсон-неъматларини эслатиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга уларни намоз ўқиш, закот бериш ва жамоат намозига даъват қилишга буюрмоқда. Намоз ўқиш, закот бериш ва жамоат намозига бориш Исломдан бошқа динларда ҳам мавжуд бўлган. Ислом дини нозил қилингач, Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга энди барча инсонларни Исломнинг ана шу фарзларини бажаришга чорлашни амр қилмоқда.
44. Одамларни яхшиликка буюриб, ўзларингизни унутасизларми? Ҳолбуки, Китоб тиловат қиласизлар. Нега тушунмайсизлар?
Аҳли китоблар Таврот ва Инжилни ўқиб, бошқаларни яхшилик қилишга буюришадию, аммо ўзлари фасод ва фитна ишларини тарк этишмайди. Бошқаларни яхши ишга буюриб, ўзи қилмаслик энг номуносиб феъллардандир. Ушбу оятнинг нозил бўлиш сабаблари ҳақида Калбий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ушбу ривоятни келтиради: "Оят мадиналиклар ҳақида нозил бўлган. Айрим кишилар қудаларига, қариндошларига, эмикдошларига (яъни, мусулмонларга): "Динингда маҳкам тур ва Муҳаммад алайҳиссалом буюрган ишни қил, унинг йўли ҳақдир" дейишар, одамларни яхшиликка чақирар, аммо буни ўзлари қилишмас эди" (Алий ибн Аҳмад Найсобурий. "Асбабан-нузул", 15-бет). Ушбу ояти карима дин даъватчиларига ҳам қаратилган. Даъватни зиммасига олган киши қилаётган ишидан фақат Аллоҳ розилигию бошқаларга манфаат етказишнигина асосий мақсад қилиб олиши лозим. Шунда Аллоҳ унга нажот ва тавфиқ беради, унинг сўзи таъсирчан чиқади, унга эргашувчилар кўпаяди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом умматларининг ҳар бири ана шундай даъватчилик масъулияти юкланган кишилардир.
45. Сабр ва намоз билан ёрдам сўранглар. Ва албатта намоз ўзларини ҳоксор тутувчилардан бошқаларга жуда қийин ишдир.
"Сабр" сўзи луғатда ўзни тийиш, тутиб туриш маъноларини билдиради. Аллоҳ таоло бандаларига гуноҳлардан тийилишни ва сабр қилишни буюрган. Чунки гуноҳлардан тийилган, сабр қилган киши тоат-ибодатга ҳам бардошли бўлади. Имом Қуртубий: "Бу хусусда энг тўғри сўз шудир", деган. Аллоҳ таолонинг: "Сабр қилувчиларга мукофотлари беҳисоб берилади" (Зумар, 10) деган ваъдаси бор. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жоним измида бўлган Зотга қасам, Аллоҳ таоло мўмин банда учун нимани етказса, ўша унинг учун яхши бўлади. Агар унга хурсандчилик етса, шукр қилади – унга яхши бўлади. Агар унга хафачилик етса, сабр қилади – унга яхши бўлади. Бу фақат мўминлардагина бўлади», деганлар. Мужоҳид: "Оятдаги сабрдан мурод рўзадир", деган, чунки Рамазон ойи сабр ойи, дейилади. Сабр қилиш ва намоз ўқиш банда бошига тушадиган ҳар қандай мушкулотни осон қилади. Пайғамбар алайҳиссалом ҳам қачон бошларига бирор ташвиш тушса, ҳатто шамол кучайиб, ҳаво айниса ҳам дарров намоз ўқишга киришганлар. Намоз ўзгаларга машаққат туюлса-да, Аллоҳ таолога итоатда бўлган, ҳоксор бандалар учун жуда осондир. Кўпчилик муфассир олимлар фикрича, ушбу оят орқали Аҳли китобларга хитоб қилинган, шу билан бирга у барча бандаларга одобдир. Баъзилар эса: "Бу оятда мусулмонларга хитоб қилинмоқда", дейишади, бироқ олдинги сўз ҳақиқатга яқинроқдир.
46. Улар албатта Парвардигорларига рўпара бўлишларини, Унга қайтишларини аниқ билишади.
Қиёмат куни келганида бутун инсонлар ва жинлар Парвардигор ҳузурида тўпланиб, ҳисоб-китобга тортилишади. Солиҳ инсонлар буни яхши ҳис этган ҳолда дунё ҳаётида яхши амалларни қилишади, тоат-ибодатда бўлиб, Аллоҳга бандалик қилишни бир зум ҳам унутишмайди. Ҳидоятдан бебаҳра, залолатга юз тутган кимсалар Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига ишонишмагани учун бу ҳақда ўйлаб ҳам кўришмайди, умрларини шаҳват ва гуноҳ ишларга ғарқ қилиб, охиратда туганмас азобларга гирифтор бўлишади. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло бундай кимсаларни Қуръон оятлари орқали огоҳлантирган эди: "Агар гуноҳкорларнинг Парвардигорлари ҳузурида бошларини эгган ҳолда: «Парвардигоримиз, кўрдик, эшитдик. Энди бизларни қайтар, яхши амал қилайлик, бизлар аниқ ишонувчилармиз» дейишларини кўрсангиз эди." (Сажда, 12). Аммо хатокор инсон шунча огоҳлантириш, қўрқитишларга қарамай, дунё ҳаётида Аллоҳга имон келтиришни, Унга тоат-итоатда бўлишни, қиёмат куни ночор ва абгор ҳолда Парвардигор ҳузурида ҳисобга тортилишини ўйламайди. Қимматли вақтини ибодат, Аллоҳга қуллик қилиш, Унинг розилигини топишга сарфламай, айш-ишрат, кўнгилхушликлар, гуноҳ ишлар йўлида совуради.
47. Эй Бани Исроил, сизларга қилган эҳсонимни ва яна сизларни бутун олам аҳлидан афзал қилганимни эсланглар.
Фиръавн зулмидан озор ва қийноқлар кўрган Бани Исроил (Исроил авлодлари) Аллоҳ таолонинг мадади, нусрати ва марҳаматини ҳар қадамда кўриб, ҳис этиб турган. Аллоҳ таоло айтади: "Биз эса у ерда хўрланганларга марҳамат қилишни, уларни пешволарга айлантиришни ва ворислар қилишни ва ўша ерда уларга имкон беришни, Фиръавн, Ҳомон ҳамда икковининг лашкарларига ўзлари қўрққан нарсаларини кўрсатишни истаймиз." (Қасас, 5-6). Яъни, Биз Ўз хоҳишимиз ва қудратимиз билан Бани Исроилни зулмдан озод этиб, уларни иззат-икромга сазовор қилишни, агар имон келтириб ўзларини тузатадиган бўлишса, Биз уларни Муқаддас ерга меросхўр бўлишларини истаймиз. Биз Фиръавн ва унинг вазири Ҳомонга Миср ерида мазлум бўлган Бани Исроил қавми томонидан ўзлари ҳадиксираб турган нарса – мансаб, шуҳрат ва беҳисоб бойликларнинг қўлдан кетиши ва буларнинг Бани Исроил тасарруфига ўтишини кўрсатишни хоҳлаймиз. Имом Розий айтади: "Аллоҳ таоло "Биз у ерда хорланган кишиларга марҳамат қилишни истаймиз" дея Бани Исроилга берилган беҳисоб неъматларини зикр этишни ирода қилган эди" (Тафсиру Фахрир-Розий", 6-жилд, 426-бет).
48. Бирор жон бошқа бировнинг ҳожатига ярамайдиган, ҳеч кимнинг шафоати қабул қилинмайдиган, ҳеч кимдан бадал олинмайдиган ва ёрдам берилмайдиган Кундан қўрқинглар.
Қиёмат куни бирор киши бошқасининг оғирини енгил қила олмайди ва беизн шафоат эта олмайди. Ҳеч кимдан гуноҳлари эвазига бадал олинмайди ва ҳеч кимга ишини енгиллатишда ёрдам келмайди. Шунинг учун Исроил авлодининг ота-боболарига ишониб гуноҳ қилишлари дуруст эмас. Аллоҳ таоло айтади: " Қиёмат кунини сенга нима билдирди? Яна Қиёмат кунини сенга нима билдирди? У кунда ҳеч бир жон бошқа жонга ҳеч нарса қилолмайди, у кунда ҳаммаси Аллоҳнинг ҳукмида бўлур!" (Инфитор, 17-19-оятлар). Эй инсонлар, биров ўзга бировга ҳеч қандай ёрдам беролмайдиган, ҳожатига ярамайдиган, бирор бадал эвазига ҳеч кимнинг жазоси ортга сурилмайдиган, оғир қийноқлардан ҳеч ким қутқариб қололмайдиган қиёмат кунидан қўрқинглар. Ундан қўрқиш эса, ўша кунга тайёргарлик кўриш, ёмон, гуноҳ ишларни қилмаслик билан амалга ошади.
49. Ва ўғилларингизни сўйиб, қизларингизни тирик қолдирган ва сизларга ёмон азоб берган Фиръавн одамларидан қутқарганимизни эсланглар. Ана шу ишларда Парвардигорингиздан катта имтиҳон бор эди.
Миср ҳукмдори Фиръавн ўз қўл остидаги Бани Исроил қавмининг бошига кўп кулфатлар солган, уларни хорлик, жабр-зулм, қаҳр-ғазаб билан қийнаган. Золим Фиръавн Бани Исроилдан бир ўғил чақалоқ дунёга келиши билан шу заҳоти сўйиб ўлдиришга буюрар, қизларни эса тирик қолдирар эди. Чунки коҳинлар (фолбинлар) Бани Исроил қавмидан бир ўғил бола туғилиб, подшоҳни ўз қўли билан ўлдиради, деб хабар беришганди. Имом Фахруддин Розий айтади: "Ўғил болаларни сўйдириб, қизларни тирик қолдиришда Бани Исроилга бир неча томондан зарар етказиш кўзда тутилган эди: ўғил болаларни ўлдириш насл узилишига сабаб бўлади (яъни миллат таг-туги билан йўқ бўлиб кетади); эркакларнинг ҳалок бўлиши ҳаётий шароитнинг бутунлай издан чиқишига ёки оғирлашувига сабаб бўлади; эркакларни қаттиқ қийнаб ўлдириш энг оғир зулмлардан биридир; аёлларнинг ўз жуфтларисиз, ҳимоячисиз қолишлари уларнинг душман қўлида эрмак бўлишларига олиб келади, миллат учун бундан ортиқ хорлик бўлиши мумкинми?" ("Тафсиру Фахрир-Розий", 1-жилд, 358-бет). Аллоҳ таоло Бани Исроил қавмини ана шу хорлик ва зулмдан қутқарди. У бу билан қавмни имтиҳон қилишни ирода этган эди.
50. Ва денгизни ёриб, сизларни қутқарганимизни, кўз ўнгингизда Фиръавн одамларини ғарқ қилганимизни ҳам эсланглар.
Мусо алайҳиссалом Фиръавн ва унинг золим қавмига бас келолмагач, уларнинг имонга келишидан умидини узади. Аллоҳ таолонинг амри билан Бани Исроил ва қибтийлардан имон келтирганларини олиб, Мисрни ташлаб қочиб кетишга қарор қилади. Аммо бундан хабар топган Фиръавн ва унинг лашкарлари Мусо алайҳиссалом ва унга эргашганларни қува бошлади. Вазият таҳликали эди, қавм орасида қўрқув, таҳлика, саросима бошланди. Шунда Мусо алайҳиссалом қавмини золимлардан халос қилишни сўраб, Парвардигорига илтижо қилди. Аллоҳ таолонинг нусрати, ёрдами узоқ куттирмади. Қуръони каримда бу ҳақда бундай оятлар бор: "Ўшанда Мусога: «Асоинг билан денгизни ургин!» деб ваҳий қилдик. Шунда (денгиз) бўлиниб, ҳар бўлаги улкан тоғдек бўлди. Бошқаларни ҳам ўша ерга яқинлаштирдик. Мусо ва у билан бирга бўлганларнинг ҳаммасини қутқардик. Сўнгра бошқаларни ғарқ қилиб юбордик." (Шуаро, 63-66). Мусо алайҳиссалом ва унинг одамларини тутиб олиб, жазоламоқчи, Ҳақ йўлдан қайтармоқчи бўлган золимлар ана шундай даҳшатли ўлим топишди. Буларнинг ҳаммаси Бани Исроил фойдасига ҳал бўлди. Аллоҳ таоло юқоридаги ояти каримада уларга ана шу ва бунга ўхшаш жуда кўп неъматларни, яхшиликларни ато этганини эслатмоқда.
51. Биз Мусо билан қирқ кечага ваъдалашганимизни, у кетгач золим бўлган ҳолингизда бузоққа сиғинганларингни эсланглар.
Мусо алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг амри билан муқаддас Туво водийига кетганида унинг қавми олтиндан бир бузоқ ясаб олиб, унга сиғина бошлайди. Қуръони каримнинг Тоҳо сурасида Мусо алайҳиссалом билан Сомирий исмли коҳин ўрасида бўлиб ўтган бу ҳодиса кенг баён этилади. Мусо алайҳиссалом Сино тоғига Аллоҳ билан мулоқат учун кетаётганида ўттиз кунда қайтишни ваъда қилган эди, аммо у ерга боришнинг ўзига шунча вақт кетиб қолади ва Аллоҳ мулоқот муддатини қирқ кунга узайтирди. Мусо алайҳиссаломнинг ўз вақтида қайтмаганидан фойдаланган Сомирий Бани Исроилдан барча тилла тақинчоқ-безакларни сўраб олиб, уларни оловда эритади ва бузоқ шаклидаги бир бут-ҳайкал ясайди. Бу ҳайкал-бут устига Жаброил алайҳиссаломнинг оти туёғи остидан олиб қолган бир сиқим тупроқни сочиб юборган эди, бузоқ худди тирикдай "мў"лай бошлади. Сомирий бошчилигидаги йўлдан озган кимсалар бузоқ атрофида тавоф этиб, рақс тушиб, хурсандчилик қила бошлашди. Қавмнинг залолатидан қаттиқ ташвишга тушган Ҳорун алайҳиссалом (Мусо алайҳиссаломнинг иниси) уларни Сомирийга итоат этишдан, Аллоҳни қўйиб, бузоққа сиғинишдан қайтаришга уринди. Қуръони каримда бундай дейилади: "Дарҳақиқат, илгари Ҳорун уларга: «Эй қавмим, бу билан фитнага дучор қилиндингиз, холос. Шубҳасиз, Парвардигорингиз Раҳмондир. Энди менга эргашинглар, амримга итоат қилинглар», деган эди." (Тоҳо, 90). Шу тариқа ширкка мойил Бани Исроил Мусо алайҳиссалом қайтиб келгунича қирқ кун мобайнида бузоққа сиғиниб юрган.
52. Сўнг шундан кейин шояд шукр қилсанглар, деб сизларни афв этдик.
Сомирийнинг эргашувчилари Аллоҳ таолонинг азобидан қўрқа бошлашди, қилган ишларидан афсус-надомат чекишди, Аллоҳдан кечиришини сўраб илтижолар қила бошлашди. Аммо Аллоҳ азза ва жалла уларнинг тавбасини фақат қатл билан қабул этишини баён қилди. Мусо алайҳиссалом Аллоҳга ёлбориб, қавмлари гуноҳидан ўтишни сўрадилар. Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссалом ва қавмларидан бир неча издошларини яна Ўз мулоқотига чақирди. Ҳаммалари Мусо алайҳиссалом билан бирга қавмнинг бузоққа сиғиниб қилган хатоси учун Аллоҳ ҳузурига тавба қилиш ва узр айтиш учун боришди. Аллоҳ уларнинг тавбаларини қабул қилиб, авф этди ва ҳалок бўлганларни қайта тирилтирди.
53. Ҳидоят топишингиз учун Биз Мусога Китоб ва Фурқонни берганимизни эсланглар.
Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссалом қавмини кечирганидан кейин у кишига ва қавмига Тавротни нозил қилди. Таврот (ибронийча "тора", яъни қонун, шариат маъносида) Аллоҳнинг ҳидоят китоби бўлиб, унинг аслий нусхасида Исроил авлодлари Аллоҳнинг тавҳидига чақирилган, яҳудийларни одоб-ахлоққа, инсоний фазилатларни эгаллашга, пайғамбарларига итоат этишга ва Аллоҳга ибодат қилишга буюрилган. Аммо кейинчалик Таврот одамлар қўли билан ўзгартирилган, баъзи ҳукмлар олиб ташланган, кераксиз нарсалар қўшиб юборилган. "Фурқон" сўзи Ҳақ ва ботилни, яхши ва ёмонни ажратувчи, мўъжиза маъноларини англатади. Бу оятда эса Мусо алайҳиссаломга нозил қилинган шариат маъносида келган.
54. Мусонинг ўз қавмига: "Эй қавмим, бузоққа сиғиниб, ўзларингга жабр қилдинглар, энди бир-бирингизни ўлдириш билан Яратувчингизга тавба қилинглар. Шундай қилганингиз Яратувчи ҳузурида сизларга яхшироқдир" деганини эсланглар. Шундай қилиб, Аллоҳ таоло тавбаларингизни қабул қилди, У албатта кечирувчидир, раҳмлидир.
Мусо алайҳиссалом қавмининг бузоққа сиғиниб, ўзига жабр қилганини айтганидан кейин: "Энди Аллоҳга тавба қилинглар ва бир-бирларингни ўлдиринглар, шундай қилганингиз Аллоҳ ҳузурида сизларга яхшироқдир", дейди. Ибн Касирнинг ёзишича, "Эрта тонгда, ғира-ширада бузоққа ибодат қилмаганлар қўлларида қилич тутган ҳолда бузоққа ибодат қилганларни қиличдан ўтказа бошлашди ва бир кечанинг тонгида етмиш минг кишини ҳалок этишди" (Ибн Касир. "Қисасул-анбиё", Қоҳира нашри, 284-бет). Баъзи ривоятларда уч минг киши ҳалок бўлгани айтилади. Шундан кейингина Аллоҳ уларнинг тавбаларини қабул қилди.
55. "Эй Мусо, Аллоҳни аниқ кўрмагунимизча ҳаргиз сенга ишонмаймиз" деб қараб турганларингизда сизларни яшин урганини ҳам эсланглар.
Мусо алайҳиссалом билан бирга мулоқотга борганлар Мусонинг Аллоҳ таолога қилган муножотини, Аллоҳнинг Мусога қилган такаллумини, амр ва қайтариқларини ўз қулоқлари билан эшитишди. Мусо алайҳиссалом Аллоҳдан ваҳийни қабул қилиб олиб, уламолар ёнига қайтиб келди. Улар эса ҳазрати Мусодан Аллоҳни очиқ-равшан кўрсатишни талаб қилиб туриб олишди. Бани Исроилдан етмиш оқсоқол Мусо алайҳиссаломнинг сўзларига ишонмай енгилтаклик қилиб турганида барчаларини яшин уриб ҳалок бўлди. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг ривоятларига қараганда, Мусо алайҳиссалом мийқотга танлаган етмиш киши Исроил авлодларининг уламолари бўлиб, улар билан бирга Мусо, Ҳорун, Юшаъ, Нозоб, Абийҳулар бор эди.
56. Кейин шояд шукр қилсангизлар, деб ўлганингиздан сўнг қайта тирилтирдик.
Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломнинг ношукр қавми бузоққа сиғиниб, Ўзига ширк келтирганидан кейин барчаларини фақат ҳалок қилиш билангина кечиришини билдирган эди. Шунда бузоққа сиғинмаганлар унга сиғинганларни ўлдиришди, Аллоҳ таоло уларга берган ваъдасига вафо қилиб, ҳалок бўлганларнинг барини Ўз изни билан қайта дунёга келтирди, яъни улар ҳалок бўлишганидан кейин Аллоҳ таоло уларнинг шукр қилишлари учун қайтадан яна тирилтирди.
57. Ва булутни устингизга соябон қилдик, сизларга манна ва салвани туширдик: "Сизларга ризқ қилиб берганларимизнинг покизасини енглар". Бизга зулм қилишмади, ўзларигагина зулм қилишди.
Аллоҳ таоло Бани Исроилга неъматларни тўкис ато қилган. Уларни жазирама иссиқдан ҳимоя қилиш учун устларига булутларни соябон қилиб қўйди. Ҳар куни субҳи содиқдан қуёш кўтарилгунича осмондан ҳар бир кишига бир соъ миқдорида (икки ярим килога яқин) "манна таранжубин" деган ширинлик ёғар эди. Одамлар кун бўйи шуни тановул қилишарди. "Салва" эса бедана каби кичик парранда бўлиб, шом пайти уйлар атрофида тўпланиб қолар эди, қоронғи тушганидан кейин уларни бемалол тутиб, кабоб қилиб ейишар эди. Мужоҳид: "Манна кўриниши лимонга ўхшаш ширин мева, салво – қуш", дейди. Саъид ибн Зайд бундай деган: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Манна замбуруғи ва унинг суви кўзга шифодир", деганлар (Бухорий ривояти). Лекин Исроил авлодлари Аллоҳ таоло берган шундай неъматлардан баҳраманд бўлиб ҳам Аллоҳга ширк келтиришди ва ўзларига зулм қилишди.
58. "Ушбу шаҳарга (Қуддусга) киринглар ва унинг хоҳлаган ерида бемалол еб-ичинглар ва дарвозадан сажда қилган ҳолларингда "авф қил" деб киринглар. "Биз хатоларингизни мағфират этамиз ва яхшилик қилувчиларга зиёда қиламиз" деганимизни эсланглар.
Аллоҳ таоло Бани Исроилга Қуддуси шарифнинг ҳамма ерида бемалол еб-ичишни буюрар экан, дарвозадан сажда қилган ҳолда истиғфор айтиб киришни амр этмоқда. Аммо ношукр қавм Парвардигорнинг бу буйруғига итоат қилмай, буюрилган сўзларни масхараомуз бузиб айтган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: "Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам Макка фатҳида бошларини эгиб, тавозеъ билан Аллоҳга шукр айтиб кирганлар ва Маккага кирганларидан кейин ғусл қилганлар, саккиз ракат нафл намоз ўқиб, меҳрибон ва раҳмли Аллоҳга ҳамду санолар айтганлар”.
59. Золимлар айтилган сўзни бошқасига алмаштиришди. Шунда бузғунчиликлари сабабидан золимлар устига осмондан бало ёғдирдик.
Ибн Исҳоқ айтилган ўша сўзни Бани Исроил алмаштиришгани ҳақида бундай дейди: "Менга Солиҳ ибн Кайсон Тавмаҳа бинти Умайя ибн Халафнинг хожаси Солиҳдан, у Абу Ҳурайрадан ва яна бир ишончли киши Ибн Аббосдан, у эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай ривоят қилишади: "У зот: "Улар сажда қилган ҳолларида "ҳиттатун" (авф қил!) деб кириш ўрнига судралган ҳолда "ҳинтатун" (буғдой) деб кирадилар", дедилар". Золим кимсалар истиғфор айтиш ўрнига масхара қилиб "буғдой" сўзини ишлатишган. Сажда қилиш ўрнига Қуддус шаҳрига кетлари билан сурилиб киришган. Шундан сўнг уларга вабо балоси келиб, туш пайтининг ўзида етмиш минг одам ҳалок бўлган. Бу ерда Бани Исроил қавмининг саркашлиги ва ўз пайғамбарларига нисбатан ҳурматсизларча қилган муомаласи ҳамда Аллоҳга бўлган исёнининг яна бир кўриниши намоён бўлмоқда. Зеро, Парвардигор уларни Қуддус шаҳрига сажда қилган ҳолда кириб, мағфират сўрашга буюрган ва бунинг эвазига уларни кечиришини ваъда қилган эди.
60. Эй Бани Исроил, Мусо қавми учун сув сўраганида: "Ҳассангни тошга ур" деганимизни эсланглар. Шунда ўн икки чашма отилиб чиқди ва барча одам ўз сувхонасини билиб олди. "Аллоҳ таоло берган ризқдан еб-ичинглар, Ер юзида бузғунчилик қилиб юрманглар" деб айтдик.
Бани Исроил қақроқ саҳрода узоқ қолиб, ташналикдан қийналаётган пайтда Мусо алайҳиссалом ўз қавми учун Аллоҳдан сув сўрайди. Шунда унга "Ҳассангни тошга ур", дейилади. Тошдан ўн икки қавмга етарли сув берувчи ўн икки булоқ отилиб чиқади. Энди Бани Исроил осмондан тушган манна ва салвони еб, устидан тошдан сизиб чиқувчи сувдан ичишди. Мусо алайҳиссалом юрсалар ҳам, турсалар ҳам ўша тошни бирга олиб юрар эдилар. Аммо табиати бузуқ қавм бўлган Исроил авлодлари шунда ҳам Парвардигорларига шукр айтишни эп кўрмади. Осмондан тушаётган тайёр таомлар, оқизиб қўйилган зилол сувларга ҳам қаноат қилмай пайғамбарлари орқали Аллоҳдан яна бошқа нарсаларни сўрай бошлади.
61. "Эй Мусо, бир хил таомга сабр қила олмаймиз, Парвардигорингга илтижо қил, бизларга ерда унадиган нарсалардан - сабзавот, тарра-бодринг, саримсоқ, мош, пиёзлардан чиқариб берсин" деганингизни эсланглар. Мусо: "Яхши нарсани паст нарсага алиштирасизми, бирор шаҳарга тушинг, сўраган нарсаларингизни топасиз", деди. Уларга хорлик-муҳтожлик туширилди ва Аллоҳ таолонинг ғазабига гирифтор бўлишди. Бу, Аллоҳ таолонинг ҳукмларига куфр келтиришгани, пайғамбарларни ноҳақ ўлдиришгани учундир. Бу, итоатсизлик қилиб, ҳаддан ошишгани учундир!
Исроил авлодлари Аллоҳга осийлик ва шаккоклик қилишда шу даражага етишдики, Аллоҳ осмондан уларга беминнат тушириб турган ширинлик ва парранда гўштига ҳам рози бўлишмади. Неъматларга шукр айтиш, Аллоҳ бераётган ризқдан миннатдор бўлиш ўрнига яна пайғамбарларини қийин-қистовга ола бошлашди. Улар Мусо алайҳиссаломга: “Парвардигорингга айт, ширинлик ва гўшт ейиш жонга тегди, энди бизга ердан сабза-кўкатлар, бодринг, саримсоқ, мош, пиёз каби нарсаларни ундириб берсин", деб туриб олишди. Шунда Мусо алайҳиссалом уларни инсофга чақирмоқчи бўлдилар, "ахир бу нарсаларни истаган шаҳрингизнинг бозоридан топасизлар, Аллоҳнинг бераётганига бундай ношукр бўлманглар”, дея насиҳат қилдилар. Аммо феъли бузуқ қавм бу насиҳатларга қулоқ солмади. Улар ана шундай итоатсизликлари, ношукрликлари ва Аллоҳ берган ризққа рози бўлмаганлари учун Парвардигорнинг ғазабига учрашди. Аллоҳ таоло уларни Ўз ваҳийларига куфр келтиришгани, Ўзи юборган пайғамбарларни ҳақоратлашгани ва ноҳақ ҳалок қилишгани учун жазолади. Улар Аллоҳ таолонинг ғазабига учрагани учун қиёматгача хорлик, мусибат ва саргардонликка гирифтор этилишди. Ким Аллоҳга итоатсизлик қилса, Унинг амр-фармонларини инкор этса, ҳаддидан ошиб осийлик қилса, бундайларнинг жазоси ҳам худди Бани Исроилники каби бўлади.
62. Имон келтирганлар, яҳудийлар, насронийлар ва собиийлардан қай бирлари Аллоҳга, қиёмат кунига ишонса ва яхши амаллар қилса, ўшаларга Парвардигорлари ҳузурида албатта мукофот бордир, уларга хавф ҳам йўқдир, ғамгин ҳам бўлишмайди.
Бани Исроил қавми "Биз пайғамбарлар авлодимиз, Аллоҳ наздида бошқа жамоалардан афзалмиз" деб ғурурланарди. Аллоҳ таоло уларнинг бу ғурурига жавобан оят нозил қилиб марҳамат этадики, афзаллик бир гуруҳга хос нарса эмас, балки қайси тоифада имон ва яхши амал бўлса, ўшаларга саодат ёр бўлади. Собиийлар ҳар диндан оз-оздан ҳукм олган, Иброҳим алайҳиссалом динида юрамиз деб, аслида фаришталарга ибодат қилувчи бир қавмдир. Улар Забур тиловат қилишган ва Каъбага қараб намоз ўқишган. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: «Нафсим ядида (қўлида) бўлган Зотга қасамки, ушбу умматдан бирор киши – яҳудийми, насронийми, мен ҳақимда эшитса-ю, менга юборилган нарсага имон келтирмаса, дўзах аҳлидан бўлади», деганлар (Муслим ривояти).
Мужоҳид айтади: "Салмон Форсий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга таркидунё қилувчи роҳиблар ҳақида айтиб берганида, у зот: "Улар дўзахдадир", дедилар. Салмон: "Бу гапдан менга Ер юзи қоронғи бўлиб кетди. Шундан сўнг ушбу оят тушди ва елкамдан тоғ ағдарилгандек бўлди", деган эди". Суддий айтади: "Бу оят Салмон Форсийнинг ҳамроҳлари ҳақида тушган. Салмон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб, ҳамроҳларининг ибодатлари ва ижтиҳодлари ҳақида хабар беради: "Эй Аллоҳнинг элчиси, улар намоз ўқишади, рўза тутишади ва сизнинг пайғамбар этиб юборилганингизга гувоҳлик беришади", деди. Салмон уларнинг мақтовини тугатгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам "Эй Салмон, улар дўзах аҳлидандир" деганларида Аллоҳ таоло мазкур оятни туширди". Ибн Аббос, Мурра, Ибн Масъуд ва бошқа кўпгина саҳобалардан ривоят қилинади: "Бу оят Салмон Форсий ҳақидадир, у киши Жундий сабур аҳлининг улуғларидан эди".
63. Аҳд-паймонларингизни олганимизни, тепангизга Турни кўтариб: "Биз сизларга берган Китобга қаттиқ амал қилинглар ва ундаги ҳукмларни ёдда тутинглар, шояд тақводор бўлсангиз", деганимизни эсланглар.
Исроил авлодлари Мисрдан чиққан кундан бошлаб учинчи ойда, баҳорнинг дастлабки кунларида Тури Сино тоғи ёнидаги водийга тушишди. Бани Исроил Тийҳ водийида саргардонликда юрганида Аллоҳ таоло уларга ризқ-рўзларини вақтида етказиш, иссиқда булутларни соябон қилиш, кўтариб олиб юриладиган тошдан ичимлик суви чиқариб бериш каби неъматлардан баҳраманд қилди. Шундан сўнг Аллоҳ таоло Тур тоғининг ўнг томонида розлашди (гаплашди) ва унга ўнта калима-вазифа топширди. Қавм Аллоҳ билан Мусо ўртасидаги суҳбатни эшитиб турган бўлса-да, маъносини тушунмади. Мусо алайҳиссалом қавмларига Аллоҳ буюрган ўнта вазифани тушунтириб бердилар. Булар қуйидагилар эди: эътиқодни ёлғиз Аллоҳга қилиш; ибодатни танҳо Аллоҳга қилиш; Аллоҳ номи билан ёлғон қасам ичмаслик; шанба куни ҳурматини сақлаш; оталарга яхшилик қилиш; оналарга яхшилик қилиш; қотиллик қилмаслик; зино қилмаслик; ўзганинг ҳақига ёлғон гувоҳлик бермаслик; ҳасад қилмаслик. Исроил авлодларига ана шу ҳукмларни ёдда тутиш ва амал қилиш буюрилди.
64. Кейин аҳдларингдан қайтдинглар. Агар сизларга Аллоҳнинг фазли ва раҳмати бўлмаганида албатта зиёнкорлардан бўлардинглар.
Аммо Бани Исроил Аллоҳга берган ваъдаларини бузди. Мусо алайҳиссалом Тур тоғига Аллоҳ таоло билан розлашгани кетганида улар кутишдан зерикиб Сомирий исмли коҳиннинг алдовига учишди, у олтиндан ясаб берган бузоққа сиғина бошлашди. Қуръони каримда бундай марҳамат этилади: "Мусо қавмига ғазабланган ва афсусланган ҳолда қайтиб келиб: "Эй қавмим, Парвардигорингиз сизларга (Таврот нозил этиши ҳақида) чиройли ваъда қилмаганмиди? Сизларга вақт узун (кўриниб) кетдими ёки сизга Парвардигорингиз томонидан ғазаб етишини хоҳлаб, менга берган ваъдангизни буздингизми?" (Тоҳо, 86). Уламолардан Абу Бакр ибн Абдуллоҳ айтадилар: "Аллоҳнинг фаришталари тоғни кўтариб, Исроил авлодлари қавмига таҳдид қилгач, кейин азоб кўтарилганида Ер юзидаги жамики тоғлар, тошлар ва дарахтлар силкиниб кетди. Яҳудийларнинг бирортаси ҳузурида Таврот тиловат қилинса, дарҳол уни қалтироқ босиши ва бошини кўтариб осмонга қараши ана шу даҳшатли кундан одат бўлиб қолган" (Ибн Касир. "Қисасул-анбиё", Қоҳира, "Дорул-Манор", 290-бет).
65. Шанба ҳақида тажовузга борганлар сизларга маълум, Биз уларга: "Хор ва расво маймунга айланинглар", дедик.
Аллоҳ таолонинг Бани Исроилдан олган аҳдида шанба кунининг ҳурматини сақлаш ҳам бор эди. Маълумки, яҳудийлар эътиқоди бўйича ҳафтанинг олтинчи куни шанба (саббат, шаббат ҳам дейилади) тўлалигича Аллоҳ таолога ибодат қилишга бағишланиши лозим эди. Шу куни барча ҳаётий масалалар, шу жумладан, дала ишлари, савдо-сотиқ, таом тайёрлаш, ов қилиш каби барча ишлар тақиқланган эди. Таврот, яъни Эски Аҳдга кўра (Чиқиш китоби, 31,14) шанба куни ҳурматини поймол қилганлар ўлимга ҳукм этиларди. Яҳудийларнинг шанба куни ҳурматини поймол қилишгани тафсир китобларида кенг баён этилган: шанба куни бошқа ишлар қатори балиқ овлаш ҳам ман қилинган эди. Улардан айримлари шанба куни балиқларни махсус кавланган ҳовузларга қамаб, қоронғи тушиши билан тутиб олишарди. Мана шу гуноҳлари учун Аллоҳ таоло уларни шармандали ҳолга туширди: маймунларга айлантириб қўйди.
66. Биз буни замондошларига, ундан кейингиларга ва тақволи кишиларга ибрат қилдик.
Аллоҳ таолонинг ғазабига учраган қавмларнинг қилмишларига яраша олган жазолари уларнинг замондошларига ҳам, улардан кейин келадиган тақволи кишиларга ҳам яхшигина ибрат бўлиши лозим. Орадан неча асрлар ўтиб, ўша гуноҳкор қавмдан тарқаган "даҳо"лар "бизлар маймундан тарқаганмиз" даъвоси билан чиқишди ва даҳриёна сиёсатлари билан мусулмонларни ҳам йўлдан урмоқчи бўлишди. Аммо улар ниятларига ета олишмади, Аллоҳ таоло ўша маймундан тарқаганларнинг ўзларини тарих саҳнасидан суриб ташлади.
67. Эсланг, Мусо қавмига: "Аллоҳ таоло сизларга бир сигир сўйишни буюрди" деганида улар: "Сен бизни мазах қиляпсанми?" дейишди. Мусо: "Жоҳиллардан бўлиб қолишимдан Аллоҳ асрасин", деди.
Яъни, Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломнинг қавмига бир сигир сўйишни буюрганида қавм истеҳзо билан "Сен бизларни мазах қиляпсанми?" дедию ўзи мазах аралаш пайғамбаридан ўша сигирнинг сифатларини сўрайверди. Аллоҳ таолонинг буйруқларини бажариш ўрнига уларни тафтиш қилиш, турли саволлар бериш каби бемаъни хислатлар жоҳил кимсаларга хос нарса. Агар Бани Исроил бир сигирни ушлаб сўйганида Аллоҳнинг амрини бажариб, мақсадлари ҳосил бўларди. Аммо улар табиатларидаги саркашликларига бориб, бундай йўл тутишмади.
Ибн Аббос, Убайда Салмоний, Мужоҳид, Икрима, Мужоҳид Саъдий, Абул Олия каби муфассирларнинг айтишларича, Исроил авлодлари орасида бир кекса киши бўлиб, мол-дунёси беҳисоб эса-да, фарзанди йўқ эди. Унинг фақир жиянлари мерос илинжида бой амакининг ўлимини интизор бўлиб кутишарди. Улардан бирининг сабри чидамай, қотилликка қўл урди: ўз амакисини ўлдириб, жасадини одамлар йиғилиб турадиган майдонга яширинча келтириб ташлади. Эрталаб йиғилган оломон бир-биридан гумон қилишга ва жанжаллашишга ўтди. Фурсатни ғанимат билган қотил одамлар олдига келиб, дод-вой қилишни ва қотилликда бошқаларни айблашни бошлаб юборди. Можаро кучайиб кетди. Шунда оқил кишилардан бири: "Катта кўчада можарони қизитмай, яхшиси Аллоҳнинг пайғамбари Мусо алайҳиссаломнинг олдига боринглар, у муаммони ҳал этиб, қотилни аниқлаб беради", деди. Мусо алайҳиссаломнинг олдиларида ҳаммадан олдин қотил жиян пайдо бўлди ва бўлган воқеани шикоят қилди. Мусо алайҳиссалом: "Муаммо тўғри ҳал бўлиши учун қотиллик ҳақида бирор нарсани билган киши Аллоҳ розилиги йўлида гувоҳликка келсин", дедилар. Ҳеч ким гувоҳликка келмагач, ҳазрати Мусо бу муаммони ҳал этишни Аллоҳнинг Ўзидан сўраб, Унга илтижо қилдилар. Аллоҳ таоло бир сигир сўйилиши зарурлигини айтди. Мусо алайҳиссалом буни қавмга етказганларида улар: "Эй Мусо, бизни мазах қиляпсанми?" дея ажабланишди.
68. Улар: "Парвардигорингга илтижо қил, бизга унинг қандайлигини билдирсин", дейишди. "У Зот: "Қари ҳам, ёш ҳам бўлмаган, ўртача бир сигир", деяпти, бас, сизга буюрилганини бажаринглар", деди.
Нодон қавм Аллоҳ таолонинг амрини сўзсиз бажариш ўрнига турли саволлар билан Унинг пайғамбарига мурожаат қилаверди. Сигирни сўйиш ўрнига унинг сифатларини сўрашга тушди. "Парвардигорингдан сўра-чи, у сигир қандай бўлиши керак экан" дея пайғамбарни қийин-қистовга олаверди. Итоатсиз ва саркаш кимсаларнинг қилиғи шу: "Аллоҳ ибодатни буюрган" десанг, "Мен нега ибодат қилишим керак, шусиз ҳам қалбим тоза, одамларга яхшиликлар қиляпман-ку", деб эътироз билдиришга тушади. "Муҳтожларга закот, садақа бериш керак", десангиз, "Нега мен ўзим машаққат билан топган мол-мулкимни ўзгаларга индамай беришим керак", дея қайсарлик қилади. Бани Исроил қавми ҳам Аллоҳ таолонинг амрига кўра сигир сўйиш ўрнига қарши саволларни бераверди. Шунда Мусо алайҳиссалом: "Аллоҳ ёши ўртача бир сигир сўяверинглар, дея буюряпти", дедилар.
69. Улар: "Парвардигорингга илтижо қил, бизга унинг ранги қандайлигини баён этсин", дейишди. "У Зот кўрганларнинг кўзини қувонтирадиган тўқ сариқ рангли сигир", деяпти", деди.
Бошқа итоатсиз кишилар каби Мусо алайҳиссаломнинг қавми у кишининг сўзидан кейин ҳам Аллоҳнинг амрини бажаришга киришмади. Қайсар қавм сигир топиб, сўйишга шошилмади, энди унинг ранги қанақа бўлиши керак, деб сўрашга тушди. Бунга жавобан Мусо алайҳиссалом: "Парвардигор сигирнинг кўрганларнинг кўзини қувонтирадиган тўқ сариқ рангли бўлишини буюрди", дедилар. Бани Исроил Аллоҳ таолонинг амрини дарҳол бажаришга одатланмаган, нобакор қавмлиги аввалдан маълум эди. Аммо бу сафар уларнинг саркашлиги ҳаммасидан ўтиб тушди. Улар дастлаб Мусо алайҳиссаломдан сигир сўйиш ҳақидаги Аллоҳнинг амрини эшитишлари билан буни инкор қилиш учун гапни бошқа ёққа буриб, «Бизни масхара қиляпсанми?» дейишди. Буйруқ иккинчи марта такрорланганида эса, сўйилиши лозим бўлган сигирнинг умумий сифатини таърифлаб беришни сўрашди. Сигирнинг умумий сифати баён қилиб берилиб, илоҳий амр учинчи марта такрорланганда эса унинг ранги ҳақида савол беришга ўтишди. Пайғамбарни масхаралаш учун ҳар гал янги баҳоналарни келтира бошлашди, аммо Аллоҳнинг амрини бажаришга киришмади ҳам.
70. Улар: "Парвардигорингга илтижо қил, унинг қандай бўлишини билдирсин, сигирлар бир-бирига ўхшаш кўринмоқда, бизлар, Худо хоҳласа, тўғри йўлни албатта топамиз", дейишди.
Бўлиб ўтган воқеа баёнига кўра, ўша ноҳақ ўлдирилган қариянинг қотили ким эканини қавмга билдириш ва бу билан бошланиб кетадиган катта фитнанинг олдини олиш учун Аллоҳ таоло Ўз ҳикматига кўра бир чорани ирода қилган эди. Аллоҳ таоло қотилнинг сирини фош қилиш учун ўлдирилган шахсни гапиртирмоқчи бўлди ва Бани Исроилга бир сигир топиб сўйишга ва ўша сўйилган сигирнинг гўштидан бир бўлак олиб, у билан ўликни уришга буюрди. Шунда ўлик Аллоҳнинг иродаси билан тирилиб туриб, қотил ким эканини айтиб бериши лозим эди. Аммо саркаш қавм пайғамбарнинг сигир ҳақидаги ҳар гапидан сўнг янги савол сўрайверди, пайғамбарнинг сигирнинг ранги ҳақидаги гапи ҳам уларни қониқтирмади. Энди яҳудийлар сигирнинг ёшию ранги билан қаноатланмай, унинг бошқа сифатларини ҳам сўрай бошлашди. Пайғамбарларини Аллоҳ таолодан сигирнинг бошқа сифатларини ҳам сўрашга мажбурлай бошлашди.
71. (Мусо): "У зот: ер ҳайдаш, экин суғоришда ишлатилмаган, нуқсонсиз, ҳеч қандай доғ-дуғи йўқ бир сигир" деяпти", деди. Улар: "Энди тўғри гапирдинг", дейишди. Кейин улар шундай сифатли сигирни топиб, уни сўйишди. Ваҳоланки, бу ишни амалга ошира олмасликларига сал қолган эди.
Бани Исроилнинг қайсарона эътирозларидан тўйган Мусо алайҳиссалом сигирнинг жуда кўп сифатларини аниқлаб, қавмга етказишга киришдилар: сигир шундай бўлсинки, қўшга ҳам қўшилмаган, суғоришда ҳам ишлатилмаган бўлсин, ҳеч қандай нуқсони бўлмасин, доғ-дуғдан холи, текис сариқ рангли бўлсин!" Савол сўрайверишнинг ёмон оқибатини кўрингки, Аллоҳ буюриши билан бир сигирни сўйишганида, ҳеч қандай ташвиш, можаро йўқ эди. Энди Аллоҳ таоло томонидан буюрилган сифат, ёш, ранг ва кўринишдаги сигирни топиш машаққати пайдо бўлди. Ахтара-ахтара охири ана шундай сигирни ҳам топишди. Мусо алайҳиссалом: "Сигирни сўйиб, бир бўлак гўшти билан ўликни урилса, ким ўлдирганини ўзи кўрсатиб беради, Аллоҳ таолонинг ҳукми шу", дейди. Улар шундай қилишган эди, ўлик тирилиб, ўз қотилини кўрсатиб берди.
72. Бир жонни ўлдириб қўйиб, у ҳақда жанжаллашганингизни эсланглар. Аллоҳ яширган нарсангизни ошкор қилувчидир.
Эй Бани Исроил, ўша бадавлат кишини ўлдириб қўйиб, қотилни тополмай жанжаллашиб юрганингизни бир эсланглар. Агар Аллоҳ таоло яширган нарсангизни ошкор қилмаганида ҳаммани қотилликда айблаб, гумонда бўлиб юрган, қавм ичида ишончсизлик, шубҳа, саросима кучайган бўлур эди. Парвардигорингиз сизлар яширмоқчи бўлган нарсаларни ана шундай ошкора қилувчидир. Худди шу каби Унинг ваҳийларини яширмоқчи бўлганлар ёки шахсий манфаатлари йўлида уларни ўзгартиришга журъат этганлар ана шундай сирлари фош бўлиб, эл орасида шармандаликка юз тутишади.
73. Шунда: "Уни сигирнинг бир бўлаги билан уринглар", дедик. Аллоҳ ўликларни шундай тирилтиради. Шоядки тушунсанглар, деб сизларга Ўз қудрати белгиларини кўрсатади.
Исроил авлодлари сигирни сўйишга сўйиб қўйиб, энди бу ёғига нима қилишни билмай туришганида Аллоҳ таоло буни ҳам ўргатди, яъни сигирнинг гўштидан бир бўлагини кесиб олиб, у билан ўлдириб қўйилган жасадни уриш лозимлигини билдирди. Бу бўлак сигирнинг қайси аъзоси экани ҳақида уламолар: "бир парча гўшти", "думғазаси", "икки кураги орасидаги пайи" каби турли ривоятларни келтиришган. Бир парча сигир гўшти билан урилган ўликни тирилтирган Парвардигор учун қиёматда инсонларни қайта тирилтириш ҳеч қандай қийинчилик туғдирмаслигини инсонлар бир мулоҳаза қилиб кўришса, имонлари янада зиёдалашган бўлур эди.
Аллоҳ инсонларнинг тафаккур қилишлари учун ўликларни шундай тирилтиради, У қиёматда қабрдаги инсонларни ҳисоб-китоб қилиш учун тирилтириб, Ўз даргоҳида шундай тўплайди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам ўликларни қайта тирилтириш Аллоҳ учун асло машаққат туғдирмайди. Инсон ўлиши билан унинг охират ҳаёти бошланади. Мўминларнинг ўлимдан кейин тирилиб маҳшаргоҳда тўпланишларига, қилган яхши ва ёмон амаллардан ҳисоб беришларига имон келтиришлари вожибдир. Модомики, дунёга келган эканмиз, бу ерда бир қанча исломий, инсоний вазифаларимизни ўташимиз, Аллоҳ буюрганларини бажаришимиз керак бўлади. Бунга осийлик қилганлар эса Аллоҳнинг ғазаби ва жазосига дучор бўладилар. Охиратдаги бахтли-саодатли ва осойишта ҳаёт бу дунёдаги қилган амалларимизга, савобли, хайрли ишларимизга боғлиқ. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Биз сизларни (ердан) яратдик, яна унга қайтарурмиз ва сизларни яна бир бор ундан чиқарурмиз» (Тоҳа, 55), деган. Буни инкор қилиш Қуръонни инкор этишдир, бу эса куфри мужибдир. Ўлимдан сўнг қайта тирилишга ишониш имон рукнларидан биридир.
74. Шундан кейин қалбларингиз янада қаттиқлашиб, тошдан ҳам қотиб кетди. Ҳолбуки баъзи тошлардан анҳорлар оқиб чиқади, баъзиси ёрилиб, ундан сув чиқиб туради, баъзилари Аллоҳдан қўрққанидан пастга қулаб кетади. Аллоҳ амалларингиздан ғофил эмасдир.
Ушбу ояти каримада Исроил авлодларининг қалби тошга ўхшатилмоқда. Бу шунчаки шоирона қиёс эмас, балки Парвардигорнинг яратган бандалари дилидагию хаёлидаги ҳамма нарсани олдиндан билиб туриш қудратига кучли далилдир. Ушбу суранинг 60-оятида баён этилганидай, яҳудийлар сув сўрашганида Аллоҳ таолонинг амри билан Мусо алайҳиссалом ҳассаларини тошга урганларида улардан сув оқиб чиққанини ўз кўзлари билан кўришган эди. Шу ўринда Қуръони карим оятларининг гўзал фасоҳати намоён бўлади: худди тошдан сув чиққанидай Аллоҳдан чинакамига қўрққан кўзлардан ёш отилиб чиқади, аммо баъзиларнинг қалблари шунчалик тош қотганки, уларни ҳаётнинг оғриқли зарбалари ва машаққатларигина йиғлата олади, холос. Худди шу каби шундайин метин қоялар борки, уларни фақат кучли зилзилагина парчалай олади, айрим инсонларнинг қалби ҳам шунга ўхшайди: улар Парвардигорларига қандайдир олий мақсадлар билан эмас, фақат қўрқувдан юзланадилар. Ашаддий гуноҳкорларнинг тош қотган дилларини ҳеч бир нарса юмшата олмайди.
75. (Эй мусулмонлар), уларнинг сизларга ишонишларидан умид қиляпсизларми? Ҳолбуки улардан бир гуруҳи Аллоҳнинг каломини эшитиб-тушунгандан кейин ҳам билатуриб ўзгартирар эди-ку?!.
Эй мўмин-мусулмонлар, қалби тош қотган кимсаларнинг сизларга ишонишларидан умид қиляпсизларми, ваҳоланки улар Аллоҳ таолонинг Тур тоғида Мусо алайҳиссаломга айтган сўзларини эшитиб-тушуниб туриб ҳам бу сўзларни ўзгартириб юборишган. Ибн Аббос ва Муқотил айтади: "Бу оят Мусо алайҳиссалом ўзи билан бирга Аллоҳ ҳузурига бориш учун ажратиб олган етмиш киши ҳақида нозил бўлган. Улар Мусо билан боришгач, Аллоҳ сўзини эшитишди: Аллоҳ баъзи нарсаларга буюрди ва баъзи ишлардан қайтарди. Сўнг улар қавмлари олдига келишди. Ораларидаги ростгўйлари эшитган нарсаларини бажаришди. Баъзилари эса бундай дейишди: "Биз Аллоҳнинг каломини эшитдик, У айтдики, агар қодир бўлсанглар, бу нарсаларни қилинглар, хоҳламасанглар қилманглар, бунинг фарқи йўқ", деди". Кўпчилик муфассирларнинг фикрича эса, бу оят тошбўрон қилиш амрини ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сифатларини ўзгартирганлар ҳақида нозил бўлган.
76. Ва мўминлар билан учрашиб қолишса: "Имон келтирдик" дейишарди. Ўзлари холи қолишганда эса: "Улар Парвардигорингиз ҳузурида ҳужжат талашишлари учун Аллоҳ сизларга очган нарса ҳақида уларга гапиряпсизларми, ақлни ишлатмайсизларми?" дейишар эди.
Яҳудийлардан баъзи мунофиқлар ўз Китобларида келтирилган Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом тавсифларини мусулмонларга хушомад тариқасида баён қилиб беришарди. Бошқа яҳудийлар бундан хавотирга тушиб: "Китобингиздаги далил-исботларни нега мусулмонларга билдиряпсиз, улар воситасида мусулмонлар сизларни мағлуб қилишади-ку!", дея ўша мунофиқларга эътироз билдиришар эди. Мунофиқ яҳудийлардан бўладими, мусулмонлардан бўладими, уларнинг дилидаги нифоқ бир хил бўлади, устлари бир нарсани гапиришса, ичларида бошқа нарсани диллаб турган бўлишади. Бу очиқ-ойдин иккиюзламачиликдир, мунофиқлар асло ишончга сазовор бўлмасликлари белгисидир.
77. Аллоҳ уларнинг яширган ва ошкор қилган нарсаларини билиб туришини билишмасмикин?
Аллоҳ таоло инсонларнинг дилидагию хаёлидаги нарсаларгача, уларнинг хоҳ пинҳон, хоҳ ошкора қилган ҳамма қилмишларини кўриб-билиб туради. Бу ҳақда Қуръони каримнинг жуда кўп оятлари хабар беради: "Дилингиздаги нарсани хоҳ яширинг, хоҳ ошкор қилинг, Аллоҳ уни билади. Осмонлару Ердаги нарсаларни ҳам билади" (Оли Имрон, 29); "Аллоҳ албатта кўнгиллар сирини билувчидир" (Моида, 7); "Аллоҳ сир тутгану ошкор қилган нарсаларингизни билади" (Анъом, 3); "Албатта У диллардаги сирларнинг билувчисидир" (Ҳуд, 5). Яҳудийларнинг шундай "олим"лари бор эдики, улар ўзларига нозил қилинган Китобни ўз манфаатлари йўлида ўзгартирибгина қолмай, илоҳий ваҳийларни ўзларининг талқинлари, миллий тарихлари, турли ирим-сиримлар, ўзлари ўйлаб топган таълимотлар, фалсафий мушоҳадалар ва қонунлар билан бузиб юборишди. Улар ана шу тайини йўқ ёзувларни Парвардигор каломи сифатида тақдим этишди ва ҳар бир яҳудийни буларга ишонишга мажбурлашди. Ахир, Аллоҳ таоло уларнинг хоҳ ошкора, хоҳ яширин қилган барча ишларинию дилларидаги ғаразларигача яхши билиб туришини англашмасмикин?!
78. Улар орасида саводсиз, Китобдан бехабар, фақат ёлғон орзуларга берилиб, гумон қиладиганлари бор.
Бани Исроил қавми ичида ўқиш ва ёзишни билмайдиган ғирт омилар ҳам бор эди. Улар ҳаёлий орзулар ва шубҳа-гумонларга ғарқ ҳолда ҳаёт кечиришарди. Инсонлар жамиятида жоҳилликдан ҳам хатарлироқ иллат бўлиши мумкинми? Жоҳил кимса бошқалар нима деса, ҳақиқат ўрнида қабул қилаверади, ҳар кимга ҳам эргашиб кетаверади, ўйлаб топилган сохта таълимотларни чин эътиқод сифатида қабул қилаверади. Бундай жоҳил кимсалар яҳудийлар орасида ҳам, насронийлар ичида ҳам, мусулмонлар орасида ҳам бўлган ва ҳозирда ҳам омилиги, диндан бехабарлиги, жоҳиллиги туфайли дин душманларининг қўғирчоқларига, ноғорасига ўйновчиларига айланган кимсаларнинг борлиги ҳам ҳеч кимга сир эмас.
79. Ўз қўллари билан китоб ёзиб, сўнг бир оз қийматини ошириш учун уни "Бу Аллоҳ ҳузуридандир" дейдиганларга ҳалокат бўлсин! Уларга ёзганлари сабабидан ҳалокат бўлсин, топган фойдалари сабабидан ҳалокат бўлсин!
Ушбу оят ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сифат ва хусусиятларини ўзгартирганлар ҳақида тушган. Калбий айтади: "Яҳудийлар ўз китобларидаги Пайғамбар алайҳиссаломнинг сифатларини ўзгартириб юборишди: у зотни қорароқ, узун бўйли, сочлари силлиқ, дея таърифлашди. Аслида эса, Пайғамбар алайҳиссалом буғдойранг, ўрта бўйли бўлганлар. Улар ўз эргашувчиларига: "Охирзамонда чиқадиган пайғамбарнинг сифатини кўринглар, булар манави кишининг (яъни, Муҳаммад алайҳиссалом) сифатларига ўхшамайди-ку!" дейишарди. Яҳудийларнинг олим ва роҳиблари қавмдошлари ҳисобига тирикчилик қилишарди (яъни, ҳар хил маросим ва урф-одатлар баҳонасида садақа, эҳсон ва бошқа моддий ва маънавий нарсалар олишарди). Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сифатларини аниқ баён қилишса, ҳамманинг у зотга эргашиб кетишидан ва ўзлари оладиган садақа-эҳсонларидан қуруқ қолишларидан қўрқишарди".
80. (Яҳудийлар): "Бизни жаҳаннам ўти бир неча кунгина тегади, холос", дейишади. (Эй Муҳаммад): "Аллоҳ аҳдини бузмайди, деб Аллоҳдан аҳд олганмисизлар ёки билмаган нарсаларингизни Аллоҳ номидан сўзлаяпсизларми?!" денг.
Исломнинг илк давридаги яҳудийлар: "Бизлар бир неча кунгина дўзахда азобланамиз, кейин Аллоҳ бизларни жазоламайди" деб сафсата сотишарди. Аллоҳ Ўз Пайғамбарига туширган ваҳийи орқали уларнинг бу ёлғон иддаоларини рад этяпти. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо шундай дейди: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида яҳудийлар: "Бу дунёнинг муддати етти минг йилдир, Аллоҳ инсонларни дўзахда дунё кунларининг ҳар минг йилига охират кунининг бир куни билан азоблайди, демак, етти кунгина жазолайди, сўнг тўхтатилади", дейишар эди. Шунда Аллоҳ юқоридаги оятни нозил қилди" (Икрима ва Саид ибн Жувайрдан Ибн Исҳоқ ривояти). Заҳҳокнинг ривоятида эса Ибн Аббоснинг бундай дегани келтирилади: "Аҳли китоблар дўзахнинг икки тарафи ораси қирқ (йил, кун, ойлиги аниқ бўлмаган) масофа эканини топишди ва: "Биз дўзахда Тавротда топганимизча (яъни, қирқ йил ё кун ё ой) азобланамиз", дейишди" (Найсобурий. "Асбабун-нузул", 18-бет).
81. Йўқ! Ким ёмонлик қилган бўлса ва ёмонлиги уни ўраб олган бўлса, ана ўшалар дўзахийлардир ва унда абадий қолишади.
Аммо қиёмат келганида одил Парвардигор ким жаннатий, ким дўзахий эканини яхши билгани учун ҳамма нарсани адолат билан ҳал этади. Ўз манфаатлари йўлида ёлғон тўқиб, Аллоҳ таолонинг оятларига куфр келтирган нодон кимсалар қилган ёмонликлари учун дўзахга ташланишади. Минг азобда юриб сақаргача (дўзахнинг энг тубан жойигача) боришади. У ерда заҳарли заққум дарахти бор. Белгиланган куни ўша жойга етадилар. Шунда дўзах посбонлари уларга: "Эй Аллоҳнинг душманлари, сизлар дўзахда фақат белгиланган маълум кунлар азобланамиз, деб ўйлаган эдинглар, мана энди саноқлар кесилди, абадийлик қолди", дейишади.
82. Имон келтириб, яхши амалларни қилувчилар жаннатийлардир ва унда абадий қолишади.
Дунё ҳаётида имон билан, солиҳ амалларни қилиб ўтган кишилар ухровий тижоратда жуда катта фойда кўришади. Аллоҳ таоло бундай саодатманд кишиларни жаннат билан мукофотлайди ва улар жаннатнинг кўркам боғларида, беҳисоб неъматлар ичра абадий роҳат-фароғатда яшашади. Ривоят этилишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни саҳобаларга: "Бани Исроилда бир киши бор эди, у жуда кўп хайрли ишларни қиларди. Ўша киши қиёмат куни сизларнинг ичингизда ҳашр (қайта тирилиш) қилинади", дедилар. Шунда саҳобалар: "Эй Аллоҳнинг Расули, у киши нима яхши иш қиларди?" деб сўрашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай жавоб қилдилар: "Унга отасидан жуда кўп мол-дунё мерос қолганди. Бойликнинг бир қисмига бир боғ сотиб олиб, уни фақирларга вақф (абадий фойдаланишга бериш) қилди: "Парвардигорим ҳузурига борганда бу менинг боғим бўлади", деди. Яна бир қанча олтин айириб, уни фақир ва ночор кишиларга тарқатди: "Бу билан Аллоҳ таолодан жория ва қуллар сотиб оламан", деди. Яна бир қанча қулларни озод қилди: "Булар ҳам Аллоҳ ҳузурида менинг хизматчиларим бўлади", деди. Бир куни эса кўзи ожиз одамни кўриб қолди. Қараса, қоқилиб-йиқилиб кетяпти. Унга бир улов сотиб олиб берди ва: "Бу эса Аллоҳ таоло ҳузурида менинг уловим бўлади", деди. Пайғамбар алайҳиссалом бу ҳикояни айтиб бўлганларидан кейин: "Жоним измида бўлган Аллоҳ таолога қасамки, бу улов унинг учун эгарланган ва жиловланган ҳолда ҳозир турганини кўряпман, бу киши унга минади ва Маҳшаргоҳга шундай ҳолда келади", дедилар.
83. Бани Исроилдан: "Фақат Аллоҳга сиғинасизлар, ота-онага, қариндошларга, етим ва мискинларга яхшилик қиласизлар, одамларга ширинсўз бўлинглар, намозни адо этинглар ва закотни беринглар", деб аҳд олган эдик. Кейин озчиликдан бошқаларингиз юз ўгириб кетдинглар.
Аллоҳ таоло Исроил авлодларидан фақат Ўзига сиғиниш, турли тоифадаги кишиларга яхшилик қилиш, намоз ўқиш ва закот бериш юзасидан аҳднома олган эди. Эътибор бераётган бўлсангиз, ояти каримада турли тоифадаги кишиларга яхшилик қилиш Аллоҳга ибодат қилишга тенглаштириляпти. Энг олдин ота-онага яхшилик қилишга буюрилмоқда. Ота-онага яхшилик қилиш уларга чиройли муомала қилиш, улардан малолли гап ўтса, "уфф" демаслик, уларни хафа қиладиган сўз ёки иш қилмаслик, уларга ҳамиша ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиб, яхши сўзларни айтиш, уларга шафқат кўрсатиб, ўзини камтар тутиш, ҳожатлари бўлса, дарров адо этиш, муҳтож бўлишмаса ҳам ҳадялар бериб туриш, Аллоҳдан уларга раҳмат тилаб дуода бўлиш билан амалга оширилади. Ота-онадан кейин қариндошларга, яъни ака-ука, опа-сингил, амма-хола, тоға-амаки ва бошқаларга яхшилик қилинади. Шундан сўнг етимларга яхшилик қилишга буюриляпти, чунки улар боқувчи ва тарбиячиларини йўқотган бўлиб, ёрдамга муҳтождирлар. Агар улар тарбияси ва таълимига сал бепарво бўлинса, ёмон йўлга кириб, жамият осойишталигига зарар етказишади. Мискин ва фақир кишилар ҳам бошқаларнинг ёрдамларига, саховатларига муҳтождирлар. Шунингдек, Аллоҳ таоло узоқдаги қариндошларгаю ён қўшниларга ҳам яхшилик қилишга буюради. Оила аъзоларингиз, яъни аҳли аёлингизга, фарзандларингизга ҳам яхшилик қилиш, чиройли муомала қилиш, ширинсўз бўлиш шартдир. Уларга нафақа қилсангиз, эҳтиёжларини қондирсангиз, гоҳо ҳадя-эҳсонлар қилиб турсангиз, эвазига Аллоҳ азза ва жалладан улкан ажр-савоблар оласиз.
84. Сизлардан: "Ўзаро қон тўкмайсизлар ва бир-бирингизни ватанидан бадарға қилмайсизлар" деб аҳд олган эдик. Кейин иқрор бўлиб, гувоҳлик ҳам бергансизлар.
Ислом динида бегуноҳ инсонлар қонини тўкиш ва кишиларни турар жойларидан бадарға қилиш тақиқланган. Аммо Аллоҳ таолонинг бу амрига бўйсунмаган, илоҳий ваҳийларни инкор қилган айрим қавм ва кимсалар ана шундай мудҳиш жиноятларни бемалол қилиб, қанча инсонларнинг умрига зомин бўлишяпти. Аҳли китоблар қон тўкмаслик ва бир-бирларини ватанларидан чиқармаслик ҳақида Аллоҳга ваъда беришган, берган ваъдаларига иқрор ҳам бўлишган эди. Аммо улар бу аҳдномаларига хилоф равишда жуда кўп бор зулм ва тажовузларга йўл қўйишди.
85. Лекин кейинчалик ўз кишиларингизни ўлдиряпсиз, баъзи гуруҳларни ватанидан чиқаряпсиз, гуноҳ ва зулм билан уларнинг душманларига ёрдам беряпсиз. Агар сизларга асирлар келса, уларни товон билан қутқариб оласизлар. Ҳолбуки уларни чиқариб юбориш ҳаром эди. Ёки китобингизнинг баъзи жойига имон келтириб, баъзисини инкор қиласизларми? Сизлардан бундай иш қилганларга дунёда хорлик ва расволик, қиёмат кунида қаттиқ азоб бўлади. Аллоҳ қилмишларингиздан ғофил эмасдир!
Яъни, ўз кишиларингиз бошқалар қўлига асир тушса, ажратиб олишга тайёрсизлар, лекин уларга ўзингиз зулм қилишингизнинг сабаби нима ва бу қандай муомала бўлди? Аллоҳ таолонинг ҳукмига амал қиладиган бўлсанглар, ҳар икки ҳолатда ҳам амал қилмайсизларми? Ривоят қилинишича, Мадина яқинида яшайдиган яҳудийлар мусулмонларнинг Мадинага кўчишларидан (ҳижратдан) олдин қўрқувга тушиб, турли мажусий араб қабилалари билан шартнома тузишган эди. Кейинчалик бир-бирларига қарши урушга киришганида айрим яҳудийлар бир-бирларига душманликка ўтишди, бу эса уларнинг китоби Тавротга ва қонунларига зид эди. Яҳудийлар билатуриб уларга қарши иш тутишди. Шунда бир яҳудий қабиласига асир тушиб қолган яҳудийни товон пули тўлабгина озод қилиш мумкин бўлди. Бу ҳолдан таажжубга тушган қабиладошларининг ҳайрон бўлиб берган саволларига улар асирларни товон эвазига қутқариш Китобларида ёзилганини рўкач қилишган.
86. Ана ўшалар дунё ҳаётини охират эвазига сотиб олувчилардир, шундай экан, уларнинг азоби енгиллатилмайди ва уларга ёрдам ҳам қилинмайди.
Ислом келгунига қадар инсоният очиқ-ойдин адашувда эди. Инсонлар ақида, эътиқод, тасаввур ва ҳаётий тушунчаларда, турли алоқалар ва урф-одатларда, иқтисод, ахлоқ ва ижтимоий муносабатларда, хуллас, бошқа кўпгина соҳаларда очиқ-ойдин адашувда эди. Аллоҳ таоло инсонларга ўзларидан Муҳаммад алайҳиссаломни бир пайғамбар ўлароқ юбориб, инсониятни бу адашувдан, залолатдан қутқарди, тўғри йўлга солди. Қуръони каримда бундай дейилган: "Гарчи мушриклар хоҳлашмаса-да, Аллоҳ Ўз Пайғамбарини ҳидоят ва ҳақ дин билан барча динларга ғолиб қилиш учун юборган Зотдир!" (Тавба, 33). "Батаҳқиқ, сизларга Аллоҳдан нур ва ойдин китоб келди" оятидаги "нур"дан мурод Муҳаммад алайҳиссаломдирлар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам инсониятга келтирган нарса нурдир, ҳидоят нури, Ислом нуридир... Лекин жуда кўп нодон ва жоҳил кимсалар шундан кейин ҳам ҳидоят йўлига юришни истамай, ўз жонларига зулм қилишди. Улар охират ҳаётини арзимас ва бевафо дунё лаззатлари эвазига сотиб юборишди. Энди қиёмат куни уларнинг азоблари енгиллатилмайди ҳам, ҳеч ким уларга ёрдам бермайди ҳам. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай ҳадислари бор: «Ман канатид-дунё наътаҳу ҳаррамаллоҳу таоло алайҳи живари фаинни буъисту бихарабид-дуня валам убъас биимрониҳа», яъни «Кимнинг орзу-истаги, васф этгани, ўнгида ҳам, тушида ҳам такрорлаб турган нарсаси дунё бўлса, Аллоҳ бундай одамга охиратда менинг ёнимда қўшни бўлишни ҳаром қилади. Чунки мен дунёни хароб қилиш (бузиш) учун юборилдим, мен бу дунёга уни маъмур қилиш учун келмадим».
87. Ҳақиқатан Мусога Китоб бердик ва ортидан пайдар-пай пайғамбарларни юбориб турдик. Исо ибни Марямга очиқ мўъжизаларни бердик ва уни Муқаддас Руҳ билан қўлладик. Қачонгача бир пайғамбар сизларга ёқмайдиган бирор ҳукмни келтирса, кибр қиласизлар, бировини ёлғончига чиқариб, бошқасини ўлдирасизлар?
Одам фарзанди бир хил туғилса, унда нега турли миллат, турли қавм, турли динда бўлиб қолган? Бу тўғрида Аллоҳнинг Ўзи шундай марҳамат қилади: "Эй инсонлар, дарҳақиқат Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишинглар (дўст-биродар бўлишинглар) учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила-элатлар қилиб қўйдик" (Ҳужурот, 13). Яна бир ояти каримада эса: "Одамлар бир миллат эдилар. Сўнг (ораларида келишмовчиликлар пайдо бўлгач) Аллоҳ (мўминларга) хушхабар элтгувчи ва (кофирларни жаҳаннам азобидан) қўрқитувчи пайғамбарларни юборди" (Бақара, 213), деб хабар берилади. Инсоният яратилганидан буён Аллоҳ Ўз пайғамбарлари орқали нозил қилган муқаддас ваҳийи билан кишилик жамиятини тартибга солиб, бошқариб келяпти. Инсонлардан айримлари ана шу даъватга қўшилишди. Баъзилари эса уни инкор қилишди. Мушрикларнинг бутун бир жамияти ичидан фақат озгина киши элчиларга эргашган. Муборак даъват етиб борган халқларнинг асосий кўпчилиги ваҳийлардан юз ўгирди. Бунинг устига бу халқлар Аллоҳ таолога осийлик билангина кифояланиб қолмай, ўзларига юборилган пайғамбарларни, уларга имон келтирган сафдошларини қаттиқ хўрлашди, улар устидан кулишди. Аллоҳнинг элчиларини ҳар гал ёлғончиликда, жоҳилликда, жодугарликда, ақлсизликда, манфаатпарастлик ва худбинликда, қўйингки барча гуноҳ-хатоларда айблашди, ҳатто айримларини қатл ҳам қилишди. Муқаддас Руҳ, деганда Жаброил алайҳиссалом ёки Исми Аъзам тушунилади, Исо алайҳиссалом бунинг баракотидан ўликларни тирилтирар эди.
88. Улар: "Қалбларимиз берк", дейишади. Аслида Аллоҳ куфрлари сабабли уларни лаънатлаган, шунга биноан уларнинг имонлилари оз.
Бундан ташқари, осийлар пайғамбарларнинг ҳар бири ўз халқига фақат даъват қилгани ва Аллоҳга бўйсунишга чорлагани, улар пул ҳам, амал ҳам, бошқа дунёвий лаззатлар талаб қилмагани ва улар ўз халқини мажбурловчи бўлмаганига қарамай, халқнинг пешволари кўп ҳолларда пайғамбарлар ҳаётига дахл қилишди. Ваҳоланки, элчилар, яъни набийлар ва расулларнинг бутун фаолияти қавмини ҳақиқий имонга қайтишга ва бошқача ҳаётни бошлашга даъват қилишдан иборат эди. Жоҳил кимсалар пайғамбарлар келтирган ваҳийларни эшитишни ҳам истамас, "сен келтирган хабарларга қалбларимиз ёпиқ" дея уларни мазах ҳам қилишган эди. Аслида Аллоҳ таоло уларни куфр ботқоғига ботириб қўйган, қалбларини муҳрлаб, кўзларини кўрмайдиган, қулоқларини эшитмайдиган қилиб қўйган. Улар куфрлари, имонсизликлари учун Аллоҳ таолонинг ҳам, фаришталарнинг ҳам, инсу жинларнинг ҳам лаънатига гирифтор бўлишган.
89. Қачон уларга Аллоҳ ҳузуридан ўзларидагини тасдиқловчи Китоб келганида олдин шу Китобдан кофирларга қарши ёрдам кутиб юришган эди. Ўзларига таниш нарса келганида эса, уни инкор қилишди. Кофирларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин!
Кофирларга қарши курашда душман ғолиб келгудай бўлса, ёрдам кутган яҳудийлар: "Охирги замон пайғамбари тезроқ келсайди" деб дуо қилишар эди. У зот келганларида эса, ўзлари инкор қилиб, кофирлардан бўлишди. Ибн Исҳоқ Осим ибн Амр ибн Қатоданинг ушбу ривоятини келтиради: "Бизларнинг Исломга киришимизга Аллоҳ раҳмати ва ҳидояти билан бирга сабаб бўлган омиллардан яна бири шу эдики, биз жоҳилият замонида бутларга сиғинувчи жоҳиллардан эдик. Аҳли китобдан бўлмиш яҳудийлар эса, биз билмаган илмлардан хабардор эди. Ўртамизда тез-тез урушлар бўлиб турарди. Агар урушда биз енгсак: "Шошмай туринглар, янги бир пайғамбарнинг чиқиш вақти яқинлашиб қолди, ўша пайғамбар билан сизларни Од ва Эрам қавмларидай ҳалок қиламиз", дейишарди. Бу сўзларни улардан кўп бор эшитгандик. Аллоҳ Ўз Пайғамбарини юборгач, биз унинг даъватини қабул қилиб, яҳудийлар таҳдид қилаётган пайғамбар шу зот эканларини билдик ва яҳудийлардан олдин Пайғамбарга имон келтирдик. Аммо яҳудийларнинг ўзлари Пайғамбарни инкор этиб, кофирлардан бўлишди. Юқоридаги ояти карим айнан ўшалар ҳақида нозил бўлган".
Суддий айтади: "Жоҳилият даврида араблар яҳудийларга кўп азият етказишар эди. Яҳудийлар Тавротда охирзамон пайғамбари сифатларини, Аллоҳ у кишини юборишини ва арабларга (мушрикларга) қарши улар билан жанг қилишини билишарди. Энди арабларга Муҳаммад солллаллоҳу алайҳи ва саллам келганларида ҳасад туфайли кофир бўлишди ва: "Пайғамбарлар Бани Исроилдан бўларди, бу эса Исмоил авлодидан чиқибди (бундай бўлмаслиги керак эди)", дейишди".
90. Улар Аллоҳ бандаларидан хоҳлаганига фазлидан юборганига ҳасад қилиб, Аллоҳ туширган нарсага куфр келтиришдек жуда ёмон нарса эвазига жонларини сотишди. Шунда ғазаб устига ғазабга гирифтор бўлишди. Кофирларга хўрловчи азоб муқаррардир.
Аҳли китоблар яна Ҳақ пайғамбар келишини яхши билишар, ҳатто бу ҳақда Таврот ва Инжилда хабар берилганидан ҳам воқиф эдилар. Аммо дилларидаги гумон ва ҳасад, кибр ва гина хасталиклари туфайли Муҳаммад алайҳиссаломга илоҳий ваҳийлар туша бошлаганини кўриб ҳам, у зотга эргашишмади. Аксинча, ҳар қадамда Аллоҳнинг сўнгги Пайғамбари ва у олиб келган шариатга қарши душманлик қила бошлашди. Аллоҳ таоло айтади: "Албатта, Аллоҳ наздида (мақбул) дин Исломдир. Аҳли китобларга маълумот келганидан кейин ўзаро ҳасад юзасидан ихтилоф қилишга ўтишди. Ким Аллоҳ оятларини инкор этса, Аллоҳ тез ҳисоб-китоб қилувчидир" (Оли Имрон, 19). Яъни, Аллоҳнинг итоати остида жамланишлари учун Аҳли китобларга Ислом ва Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳақ Пайғамбарликлари билдирилди. Билганларидан сўнг улар энди ўзаро иттифоққа келишлари лозим эди. Лекин улар ҳақдан хабардор бўлатуриб, бир-бирларига ҳасад туфайли ихтилофларга боришди, бир-бирларига сўзларини ўтказишга киришиб кетишди. Натижада бир-бирларини инкор қилишгача боришди. Шу туфайли Аллоҳ таолонинг ғазабига гирифтор бўлишди.
91. Агар уларга: "Аллоҳ туширган нарсага имон келтиринглар" дейилса, "Биз ўзимизга туширилган нарсага имон келтирамиз" деб, ўз китобларини тасдиқлаб келган Ҳақ Китобни инкор қилишади. (Эй Муҳаммад): "Агар мўмин бўлсанглар, нега олдин Аллоҳнинг пайғамбарларини ўлдирдинглар?" денг.
Ислом таълимотига кўра, Одам алайҳиссаломдан тортиб охирги пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломгача бўлган барча пайғамбарлар Исломга – ёлғиз Аллоҳга имон келтиришга даъват қилишган, қиёмат кунига ва унда ҳар ким бу дунёдаги амалига яраша мукофот ёки жазо олишига ишонишга чақиришган, инсонларнинг икки дунё саодатига эришишларига сабаб бўладиган шариат аҳкомларини баён қилишган. Чунки Ислом келажак, истиқбол рисолати бўлгани каби олис мозий рисолати ҳамдир. У ўз жавҳарида, эътиқодий ва ахлоқий моҳиятида ўтган барча пайғамбарлар ва нозил қилинган китоблар рисолатидир. Демак, барча пайғамбарлар Ислом билан келишган, тавҳидга чақиришган. Бунга Қуръони каримнинг кўпгина оятлари далолат қилади. Ислом моҳиятига кўра, Нуҳ алайҳиссалом замонларидан то пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломгача келган барча пайғамбарларнинг рисолатидир.
Аммо инсониятнинг жуда оз қисми уларга эргашган. "Фақат қўлимиздаги нарсаларга ёки ота-боболаримиз эътиқодига ишонамиз" дея Аллоҳ таоло ҳузуридан келган ваҳийларга қулоқ солишмади, энг аянчлиси, уларни инкор қилишгача боришди. Гумроҳ ва сўқир инсонлар Аллоҳнинг пайғамбарлари даъватига қулоқ солишмади, ҳатто уларни ёлғончига чиқаришди, ўлдиришгача бориб етишди. Ана шундай саркаш, исёнкор, итоатсиз, ношукр қавмлар бу дунёнинг ўзидаёқ турли балою-офатларга, фалокатларга учраб, Ер юзидан йўқ қилиб юборилди. Қуръони каримда зикри келган пайғамбарларнинг қиссаларида ана шу қавмларнинг фожиаси келтирилган: "(Эй Муҳаммад), агар улар (яъни, Макка мушриклари) сизни ёлғончи қилсалар, улардан илгари Нуҳ қавми, Од, Самуд (қабилалари) ҳам (ўзларига юборилган пайғамбарларни) ёлғончи қилгандирлар. Иброҳимнинг қавми (Иброҳимни), Лут қавми (Лутни), Мадян аҳолиси (Шуайбни ёлғончи қилгандирлар). Мусо ҳам ёлғончига чиқарилди. Мен эса кофир бўлган кимсаларга муҳлат бериб қўйиб, сўнгра уларни (Ўз азобим билан) ушладим. Бас, Менинг инкорим қандай бўлди?!" (Ҳаж, 42-44). Дарҳақиқат, пайғамбарлар тарихига назар солсак, инсонлар ҳамиша исёнда бўлгани, ўзларига даъват ва ваҳий келтирган Аллоҳнинг элчиларига бўйсунишмагани учун охири бу дунёда чексиз азоб-кулфатлар, охиратда эса аламли жаҳаннам қийноқлари кутаётганидан огоҳлантирилган.
92. Ва Мусо сизларга очиқ ҳужжат келтирди, сизлар эса у йўқлигида золимлардан бўлиб бузоққа сиғиндингизлар.
Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломни Бани Исроилга пайғамбар қилиб юборганди. Мусо алайҳиссаломнинг номи Қуръони каримда юз мартадан кўп такрорланиб келган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қавм томонидан жабр-зулм кучайиб кетганда у зот: “Аллоҳ биродарим Мусога раҳм қилсин. У мендан кўра қаттиқроқ озорларга учраса-да, лекин бунга сабр қилди”, деганлар. Мусо алайҳиссалом яшаган даврда Рамсес Иккинчи деган золим ва қаттиққўл фиръавн (ҳукмдор) давлатни бошқарган эди. Аллоҳ таоло пайғамбари Мусонинг имонсиз Фиръавнга қарши эътиқодий кураш олиб бориши учун уни турли мўъжизалар билан қўллади. Мусо алайҳиссалом кўрсатган ҳассанинг илонга айланиши, қўлларининг оппоқ бўлиши, денгизнинг иккига бўлиниши, Тавротнинг туширилиши каби очиқ-ойдин далил-ҳужжатларни кўриб туриб ҳам Бани Исроил дарров тўғри йўлдан чалғиди ва Мусо алайҳиссалом Тур тоғига Аллоҳ таоло билан роз айтишга кетганида бир коҳин ясаган олтин бузоққа сиғина бошлади.
93. Сизлардан аҳд олиб, тепангизга Тур тоғини кўтариб: "Биз сизларга берган Китобни маҳкам тутинглар ва эшитинглар" деганимизни эсланглар. Улар: "Эшитдик, аммо итоат қилмадик", дейишди. Куфрлари сабабидан қалбларига бузоқ муҳаббатини солдик. (Эй Муҳаммад), айтинг: "Агар мўмин бўлсанглар, "имон"ларингиз буюрган нарса бунчалик ёмон-а!".
Исроил авлодлари пайғамбар Мусо алайҳиссаломнинг Тур тоғига бориб Парвардигори билан розлашганидан кейин олиб келган даъватларини ҳам инкор қила бошлади. Шунда Аллоҳ таоло мушрик қавмни жазолаш учун улар қалбига бузоққа сиғиниш муҳаббатини солиб қўйди. Мусо алайҳиссалом Сомирий ясаган бузоқни оловда ёндириб, кулини денгизга сочиб юбордилар. Ким бузоққа сиғинган бўлса, ранги сарғайиб кетаверди. Исроил авлодларининг имонлиларидан бузоққа сиғинувчилар алоҳида ажралиб қолишди. Уларга жазони ёлғиз Аллоҳдан кутишар эди. Яъни, Бани Исроил ташида итоат қилганини айтса ҳам, қалбида буни инкор қилар эди. Шунинг учун Муҳаммад алайҳиссаломга уларнинг бу имонлари ёмонлигини айтиш буюрилмоқда.
94. Айтинг: "Аллоҳ ҳузуридаги охират диёри бошқалар қолиб ёлғиз сизларники саналса, ростгўй бўлсангизлар, ўзингизга тезроқ ўлим тиланглар".
Ўзи йўқлигида бузоққа сиғиниб, Аллоҳга ширк келтирган нодон қавмга Мусо алайҳиссалом бундай деди: "Эй қавмим, сизлар бузоққа сиғиниш билан ўзларингизга зулм қилдинглар, бу мушриклик албатта жазосиз қолмаслиги керак. Энди бир-бирларингизни ўлдириш билан Яратувчингизга тавба қилинглар. Парвардигор наздида бундай ўлим ўзларингизга яхшироқдир". Бу гапдан кейин бузоққа сиғинмаганлар қўлларига қурол олиб, мушрикларни тиғдан ўтказа бошлади. Бир кечанинг ўзида шу тариқа етмиш минг киши ҳалок бўлди, баъзи ривоятларда эса уч минг киши қатл этилгани айтилади.
95. Улар қилмишлари сабабли ҳаргиз-ҳаргиз ўлимни орзу қила олишмайди. Аллоҳ золимларни яхши билувчидир!
Бани Исроилнинг мушриклари гуноҳ ишлар қилишдан уялишмаса-да, ўлимдан ниҳоятда қўрқишар эди. Яҳудийлар мақтаниб: "Жаннатга бизлардан бошқа ҳеч ким кирмайди ва бизга азоб ҳам йўқ", дейишар эди. Парвардигор: "Агар ростдан ҳам жаннатий бўлсанглар, нечун ўлимдан қўрқасизлар?" деб марҳамат қилмоқда. Ажал етиб келса, Аллоҳ бир инсоннинг жонини олишни ирода қилса, у банда қаерда ва қай ҳолатда бўлишидан қатъи назар, ўлим фариштаси бир зумда унинг жонини қабз қилади. Бу борада Жалолиддин Румийнинг "Маснавий"ида ибратли бир ривоят бор: "Бир куни Сулаймон алайҳиссалом дўстлари билан ўтирган эди. Шу пайт ўлим фариштаси Азроил алайҳиссалом кириб, ўтирганлардан бирига диққат билан қаради. У одам ҳазрати Азроилнинг бундай қарашидан жуда қўрқиб кетди. Сўнгра Сулаймон алайҳиссаломга: "Эй Пайғамбарим, менга ёрдам қилинг, ҳозиргина Азроил алайҳиссалом менга жуда қаттиқ тикилиб қаради, жонимни олса керак?" деди. "Хўш, нима қилай, мендан нима истайсан?" деб сўради ундан ҳазрати Сулаймон. "Шамолга буюринг, мени бир зумда Ҳиндистонга элтиб ташласин. Шояд, шунда Азроил панжасидан қутулиб қолсам..." Сулаймон алайҳиссалом унинг истагини бажо келтирди. Шамолга буюриб, уни Ҳиндистонга жўнатди. Эртасига яна Азроил алайҳиссалом кўришиш учун Ҳазрати Сулаймоннинг олдиларига келди. Суҳбат асносида Сулаймон алайҳиссалом ундан: "Кечаги одамга бунчалар тикилиб қолганингиз сабаби нима эди?" деб сўради. Шунда Азроил алайҳиссалом бундай деди: "Аллоҳ таоло менга у одамнинг жонини Ҳиндистонда олишни буюрган эди. Унинг олдингизда ўтирганини кўриб, жуда ҳайрон бўлдим. Аллоҳ амрини янглиш англадиммикин, дея ҳайратландим. Шу боис, унга диққат билан тикилган эдим... Буйруқни тўғри англаган эканман. Орадан бироз ўтгач, Ҳиндистонга бордим. Уни ўша юртдан топиб, жонини олдим".
96. (Эй Муҳаммад), уларнинг ҳаётга мушриклардан ҳам кўпроқ ҳирс қўйганини биласиз. Уларнинг ҳар бири минг йил умр кўришни хоҳлайди, ҳолбуки узоқ умр ҳам уларни Аллоҳнинг азобидан қутқаролмайди. Аллоҳ уларнинг ҳар бир кирдикорини кўриб туради.
Яҳудийлар бутун тарихлари давомида узоқ яшашга иштиёқманд бўлишган, ўлимни ниҳоятда ёмон кўришган. Аммо уларга бу ҳаётларининг покиза, инсофли бўлиши ёхуд фожирларча ўтишининг мутлақо аҳамияти йўқ. Нима қилиб бўлсаям, қандай ҳаёт кечиришсаям, гуноҳларга тўла бўлса ҳам, узоқ яшашса бўлди. "Яҳудий қомуси"нинг 308-бетида ёзилишича, "Яҳудийлар мамлакатда ҳам, хорижда ҳам умрбоқийликда ажралиб туришади, улар узоқ умр кўриш бўйича ҳатто насроний аҳолини ҳам ортда қолдиришган".
Аллоҳ таоло Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга хитоб қиляптики, умматингизга айтинг, дунё ҳаётига алданиб, охиратни эсдан чиқаришмасин, чукни бу дунёда қанча кўп яшашса ҳам у фонийдир, абадий ҳаёт бўлмиш охират дунёси эса орзуманд бўлишга арзийди. «Дунёни ямадик йиртиб олиб динимиздан, дин ҳам кетди, дунё ҳам кетди қўлимиздан», дея фиғон чекди улуғ шайх Иброҳим Адҳам. Яна бир тасаввуф шайхи ва улуғ олим Ҳасан Басрий: «Дунё кезиб охиратини топганни кўрмадик, лекин охиратини қидириб, дунёсини топганларни кўрдик. Аллоҳга онт ичиб айтаманки, пул азиз қилган ҳар инсонни Аллоҳ хор айлагай», дейди афсусланиб. Шу зотнинг айтишича, «Одамзот уч нарсага афсусланиб бу дунёдан кўчади: тўплаган моли ва бойлиги билан тўймайди, орзуларига эришолмайди, охират учун ҳозирлигини қилолмайди».
97. Жаброилга душман бўлганларга: "Албатта у Аллоҳнинг изни билан қалбингизга ўзидан аввалги Китобларни тасдиқлайдиган, мўминларга ҳидоят ва хушхабар бўлган Қуръонни туширди-ку!", деб айтинг.
Аллоҳ ва Унинг пайғамбарлари, китоблари ва фаришталарига куфр келтираётганларга: "Жаброил алайҳиссаломнинг Аллоҳ изни билан Унинг ҳузуридан олдинги Таврот ва Инжилни тасдиқлайдиган, мўминларга тўғри йўлни кўрсатувчи ва жаннат башоратини берувчи Қуръони каримни сизга туширгани ҳақ", деб айтинг. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: "Яҳудийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бориб шундай дейишди: "Эй Абул Қосим, сендан бир неча нарса ҳақида сўраймиз, агар жавоб берсанг, сенга эргашамиз. Барча пайғамбарларга бир фаришта Парвардигор азза ва жалла ҳузуридан рисолат ва ваҳий олиб келади, айт-чи, сенга қайси фаришта келди?" Фахри коинот: "Жаброил", дедилар. Шунда яҳудийлар: "У уруш ва жангни олиб тушувчи фаришта, у бизнинг душманимиздир. Агар Микоил деганингда сенга эргашардик, у ёмғир ва раҳмат олиб тушувчи фаришта", дейишди. Шунда Аллоҳ таоло юқоридаги ояти каримани нозил қилди.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Абдуллоҳ ибн Салом (мусулмон бўлган яҳудий олимларидан – муаллиф изоҳи) кузги шудгор қилаётиб, жаноб Расулуллоҳ келаётганлари дарагини эшитди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб, унга: "Мен сендан пайғамбарларгина биладиган уч нарса ҳақида сўрайман: қиёматнинг дастлабки аломатлари қандай; жаннат аҳли ейдиган дастлабки таом қайси; нима сабабдан фарзанд отаси ёки онасига тортади?" дедилар. Абдуллоҳ ибн Салом: "Ҳа, биламан, фаришталардан бўлмиш ва яҳудийларга душман ўша зот (яъни, ҳазрати Жаброил) деятуриб: "Жаброилга душман бўлганларга: "Албатта у Аллоҳнинг изни билан ўзидан аввалги китобларни тасдиқлайдиган, мўминларга ҳидоят ва хушхабар бўлган Қуръонни туширган", деб айтинг" ояти каримасини тиловат қилди. Сўнгра у: "Қиёматнинг дастлабки аломати шуки, аланга кўтарилиб, машриқдан мағрибгача бўлган одамларни тўплайди, жаннат аҳлининг дастлабки таоми эса, наҳангнинг жигар ўсимтасидир, фарзанднинг отаси ёки онасига ўхшаши боиси – агар эркак суви аёл сувидан илдамлик қилса, онасига тортади", деди. Кейин у: "Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига, сиз Аллоҳ таолонинг Расули эканингизга гувоҳлик бераман! Эй Расулуллоҳ, яҳудийлар бетайин қавм бўлиб, агар улар менинг Исломга кирганимни улардан мен ҳақимда сўрамасингиздан олдин билишса, мени бадном этишади", деди. Шу пайт яҳудийлар келиб қолишди. Пайғамбар алайҳиссалом улардан: "Абдуллоҳ ораларингизда қандай мавқега эга?" деб сўрадилар. Улар: "Энг яхши одамимизнинг фарзандидир ҳамда у бизнинг улуғимиз ва улуғимизнинг фарзандидир", дейишди. Шунда Расулуллоҳ: "Абдуллоҳ ибн Саломнинг Исломни қабул қилганини биласизларми?" дедилар. Улар: "Аллоҳ таоло уни бу ишдан Ўз паноҳида асрасин", дейишди. Шунда Абдуллоҳ ибн Салом чиқиб келди ва: "Ашҳаду анла илаҳа иллаллоҳу ва анна Муҳаммадар-Расулуллоҳ", деди. Улар: "У бизнинг энг ёмон одамимиз ва энг ёмон одамимизнинг фарзандидир", дейишди. Абдуллоҳ ибн Салом: "Эй Аллоҳнинг Расули, мана шундан чўчиган эдим", деди" (Бухорий ривояти).
98. Ким Аллоҳга, Унинг фаришталарига, пайғамбарларига, Жаброил ва Микоилга душман бўлса, Аллоҳ ҳам бундай кофирларнинг душманидир.
Бани Исроил: "Қуръонни Жаброил олиб тушди, агар бошқа бир фаришта олиб келганида албатта имон келтирар эдик, чунки Жаброил душманларимизга ёрдам бериб, уларни устимиздан ғолиб қилган", дер эди. Аллоҳ таоло уларга жавобан: "Фаришта Аллоҳнинг изнисиз бирор иш қила олмайди, агар ким фаришталарга душман бўлса, Аллоҳ таоло ҳам ўшанга душмандир", дейди.
Шаъбийдан ривоят қилинишича, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бундай деганлар: "Яҳудийлар Тавротдан тараннум (тиловат) қилишаётганида олдиларига бориб турардим. Тавротнинг Қуръонга, Қуръоннинг Тавротга мувофиқ келишидан ҳайратга тушардим. Шунда яҳудийлар: "Эй Умар, сен яхши одамсан", дейишди. "Нега?" деб сўрадим. Улар: "Чунки олдимизга келиб, бизлар билан аралашиб юрасан", дейишди. Мен: "Аллоҳнинг китобларидан баъзиси баъзисини тасдиқлаганидан, Қуръоннинг Тавротга, Тавротнинг эса Қуръонга мувофиқ келишидан ҳайратланганимдан келаман", дедим. Бир куни улар билан ўтирган эдим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам орқа томондан ўтиб қолдилар. Яҳудийлар: "Ана хожанг кетяпти", дейишди. Қарасам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир йўлакка кириб кетдилар. Шунда яҳудийларга қараб: "Аллоҳ ва сизларга туширилган Китоб номи билан сўрайман, мана шу киши Аллоҳнинг элчиси эканини биласизларми?" деб сўрадим. Шунда уларнинг бошлиғи: "Сизлардан Аллоҳ номи ила сўраяпти, жавоб беринглар", деди. Бошқалар: "Сен бошлиғимизсан, ўзинг айтақол", дейишди. Бошлиқ: "Албатта у Аллоҳнинг элчиси эканини биламиз", деди. Шунда мен: "У кишининг Аллоҳ элчиси эканини билатуриб унга эргашмадингиз, сизлар ҳалок бўласизлар, энг олдин эса, эй бошлиқ, сен ҳалок бўласан", дедим. Улар: "Бизларнинг фаришталардан дўстимиз ва душманимиз бор", дейишди. "Душманингиз киму дўстингиз ким?" деб сўрадим. Улар: "Душманимиз Жаброил, у қўполлик, қаттиққўллик, мажбурият ва шиддатлар фариштаси, дўстимиз эса Микоил, у меҳрибонлик, юмшоқлик ва енгиллик фариштаси", дейишди. Шунда бундай дедим: "Сизларни гувоҳ қилиб айтаманки, Жаброил учун Микоилнинг дўстига душманлик қилиш ҳалол эмас, Микоилга ҳам Жаброилнинг душманини дўст тутиш ҳалол эмас. Иккаласи ва улар билан бирга бўлган фаришталарнинг ҳаммалари душманларига бирдай душмандирлар. Дўст тутган кишиларига ҳам бирдай дўстдирлар". Сўнгра ўрнимдан туриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кириб кетган йўлакка бордим. У киши мени қаршилаб: "Эй Хаттобнинг ўғли, ҳозиргина менга нозил бўлган оятни ўқиб берайми?" дедилар. "Ҳа", дедим. У киши: "Ким Аллоҳга, Унинг фаришталарига, пайғамбарларига, Жаброилга ва Микоилга душман бўлса, Аллоҳ ҳам бундай кофирлар душманидир" оятини ўқидилар. Шунда мен: "Сизни Ҳақ билан юборган Зотга қасам, сизга яҳудийлар сўзини етказиш учун келаётган эдим, лекин латиф ва хабардор Зот мендан олдин бу хабарни етказибди", дедим. Умар айтадилар: "Шундан кейин ўзимни Аллоҳнинг динида тошдан ҳам метин ва қатъий ҳис эта бошладим".
Муқотил айтади: "Яҳудийлар: "Жаброил бизнинг душманимиз, чунки нубувватни (пайғамбарликни) бизнинг орамизга келтириш буюрилган эди, у эса биздан бошқаларга келтирди", дейишганида ушбу оят нозил бўлган" (Алий ибн Аҳмад Найсобурий. "Асбабан-нузул", 20-22-бетлар).
99. Ҳақиқатан Биз сизга очиқ оятларни туширдик, уларни фақат фосиқларгина инкор этишади.
Фосиқ кимсаларгина бор ҳақиқатни очиқ-ойдин айтиб турган Қуръон оятларини инкор қилишга журъат этишади. Чунки уларнинг буни тан олишдан куфрлари, кибрлари, ҳасадлари тўсиб туради. Шундайлардан бири Мадина яқинидаги Фадақ деган мавзеда яшовчи яҳудий роҳиби Абдуллоҳ ибн Сурия исмли кимса эди. У Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан "Сенга қайси фаришта тушади?" деб сўрайди ва Жаброил номини эшитиб бу улуғ фариштани ёмонлашга тушади. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: "Бу оят Ибн Сурия саволига жавобдир. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: "Эй Муҳаммад, биз биладиган бирор нарсани бизга келтирмадинг, сенга бирор аниқ оят тушганини билсайдик, биз унга эргашсак" деганида Аллоҳ азза ва жалла мазкур оятни нозил қилди".
100. Ҳар гал улар аҳдлашса, бошқа бир гуруҳи уни бузаверадими? Аслида уларнинг аксари имон келтирмайди.
Яҳудийларнинг фосиқ ва кофирлари бошларига бирор бало ёки мусибат келса, дарров Аллоҳга ёлбориб қолишади, Унга аҳду паймон қилишади. Аммо орадан кўп ўтмай улардан бошқа бир гуруҳи берилган аҳдларни ҳеч нарса бўлмагандай бузиб кетаверади. Чунки уларнинг аксарияти имонсизлардир: Аллоҳга, Унинг пайғамбари, фаришталари ва китобларига ишонмайди.
Анас розияллоҳу анҳу шундай деган: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон бизга мурожаат қилсалар, “Омонати йўқ кишининг имони йўқ. Аҳди йўқ кишининг дини йўқ”, дер эдилар». Яъни, омонатга хиёнат қиладиган кимса имонсиз, аҳдига вафо қилмайдиган кимса динсиздир. Ҳар қандай ишдаги хиёнат қабиҳ бўлиб, баъзилари айниқса ёмонроқдир. Аҳлингиз ё молингизга хиёнат қилган кимса билан арзимас пулингизга хиёнат қилган кимса тенг эмас.
101. Уларга Аллоҳ ҳузуридан ўзларидагиларни тасдиқлаб Пайғамбар келганида Аҳли китобларнинг бир гуруҳи Аллоҳ Китобини билмагандек ортларига отишди.
Ваъдасида турмаслик, аҳдни бузиш яҳудийларнинг эски одатларидир. Пайғамбар солллаллоҳу алйҳи васаллам сифатларини Тавротда кўриб қолиб, уни йўқотишдан бошқа йўл топишолмади. Юқоридаги оятнинг нозил бўлиши ҳақида имомлардан бирининг бундай ривояти бор: "Яҳудийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Таврот тўғрисида нима сўрашса, Набий уларга жавоб қилар эдилар. Улар сеҳр тўғрисида сўраб, Расулуллоҳ билан тортишиб қолишди. Шунда ушбу оят нозил қилинди" (Абу Олия ривояти).
102. Ва улар Сулаймон подшоҳлигидаги шайтонлар ўқиган нарсага эргашиб кетишди. Сулаймон кофир бўлмади, лекин одамларга сеҳр ўргатишгани учун шайтонлар кофир бўлишди ҳамда Бобил шаҳрида Ҳорут ва Морут исмли икки фариштага тушган нарсага эргашишди. Ҳолбуки иккови: "Бизлар синовмиз, яна кофир бўлиб қолма" демай туриб ҳеч кимга сеҳр ўргатмас эди. Икковидан эр-хотин орасини бузишни ўрганишарди, ваҳоланки, улар Аллоҳ изнисиз ҳеч кимга зарар етказа олишмайди. Улар ўзларига зарарли ва бефойда нарсани ўрганишади. Ахир уни алмаштирганга охиратда насиба йўқлигини билишади-ку! Насибаларини нақадар ёмон нарсага сотиб юборишганини билишмасмикин?!
Яъни, яҳудийлар ўз динлари ва китобларини бир четга қўйиб, сеҳр ва жоду ўрганишга киришиб кетишди. Уларга сеҳр икки тарафдан маълум бўлган эди: биринчиси – ҳазрати Сулаймон подшоҳлиги замонида инсонлар ва шайтонлар аралашиб юришарди, уни ўша шайтонлардан ўрганишган. "Бу тоифа сеҳрни Сулаймон алайҳиссаломга нисбат берарди. Улар: "Сулаймон алайҳиссалом пайғамбар эмас, балки бир сеҳргардир, шу сеҳр қувватидан инсонлар ва жинларга баробар ҳукмронлик қилади", деб бўҳтон қилишарди. Бунинг зиддига ушбу оят нозил бўлди" (Ибн Исҳоқ зикр қилган, Собунийнинг "Равоиъул баён" тафсири, 1-жуз).
Аллоҳ таоло уларнинг бу гапи беҳудалигини баён қилиб марҳамат этадики, сеҳр Сулаймоннинг иши эмас, чунки у куфрдир, Сулаймон эса кофир эмас. Иккинчи томондан, Бобил аҳолиси Ҳорут ва Морут исмли икки фариштадан сеҳр ўрганган. Аммо улар сеҳр ўрганмоқчи бўлганларни "Биз Аллоҳ томонидан юборилган бир фитна-синовмиз, яна кофир бўлиб қолманглар" деб албатта огоҳлантиришар эди. Шунга рози бўлганларгагина сеҳр ўргатишар эди. Имони заифлар охиратларини дунёга сотишди ва сеҳр орқали кўпчиликка зарарлари тегиб, имондан бебаҳра қолишди. Ҳозирда ҳам аксар сеҳргарлар сеҳрни қабиҳ ниятда, эр-хотинни ажратиш ёки дўстлар орасини бузиш, инсонлар ўртасига душманлик солиш, жамиятда фасод тарқатиш каби ишларда қўллашади. Ким сеҳрни бир инсонга озор ва зарар етказиш учун ишлатса, ҳақ йўлдан адашади, имон гавҳаридан ажрайди, чунки сеҳр киши имонининг синовидир.
Имрон ибн Ҳорис айтади: "Биз Ибн Аббос олдида ўтирган эдик. У киши бундай дедилар: "Шайтонлар осмондан хабарларни ўғринча эшитиб олар, сўнг битта ростига етмишта ёлғон қўшиб, одамлар дилига сингдирар эди. Буни Сулаймон алайҳиссалом билиб қолдилар ва барча хабарларни тўплаб курсилари остига кўмиб қўйдилар. У зот вафот этгач, йўл шайтони туриб (одамларга): "Сулаймоннинг беркитилган хазинасини кўрсатайми? Бу каби хазина ундан бошқада йўқ", деди. Одамлар рози бўлишганида у: "Хазина курси тагида", деди. Одамлар уни топиб: "Бу Сулаймоннинг сеҳри, у билан умматни сеҳрлаган", дейишди. Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломни оқлаб, ушбу оятни нозил қилди".
Калбий эса бундай дейди: "Шайтонлар Осифнинг тилидан сеҳр ва ҳар хил руқияларни (дуоларни) ёзиб: "Булар Осиф ибн Барҳиянинг Сулаймон подшоҳга ўргатган нарсалари", дея Аллоҳ у кишининг подшоҳлигини олаётганида меҳроблари остига кўмиб қўйишди. Сулаймон алайҳиссалом буни сезмадилар. У киши вафот этгач меҳроб остидан бояги нарсаларни чиқариб олишди ва одамларга: "Сулаймон сизларга шу нарсалар билан ҳукмронлик қилган, сизлар ҳам буни ўрганинглар", дейишди. Бани Исроил олимлари буни ўрганиб: "Аллоҳ сақласин, бу Сулаймоннинг илми эмас", дейишди. Аммо жоҳил кимсалар "Сулаймоннинг илми шу экан" дея уни ўрганишга киришиб кетишди ва пайғамбарларининг китобини инкор қилишди. Шундай қилиб, Сулаймон алайҳиссаломга туҳмату бўҳтонлар ёғилди ва бу то Аллоҳ Муҳаммад алайҳиссаломни юборгунча давом этди. Аллоҳ Сарвари оламга Сулаймон алайҳиссаломнинг бу нарсалардан поклигини айтиб, ушбу оятни нозил қилди" (Асбабун-нузул", 23-бет).
Сеҳр куфрдир, ҳалок қилувчи етти улкан гуноҳдан (гуноҳи кабирадан) биридир. Сеҳр билан шуғулланувчилар кофирдир, уларнинг жазоси жуда қаттиқдир. Сеҳрдан топилган пул эса ҳаром ва жирканчлидир. Баъзи илмсиз, жоҳил кимсаларнинг бошқаларга зулм қилиш ёки ғанимларидан ўч олиш ёхуд бошқа сеҳргарнинг сеҳрини қайтариш учун сеҳргарга боришлари, унинг сўзига ишонишлари ҳам ҳаромдир. Сеҳрдан охират учун ҳеч қандай фойда йўқ, аксинча унинг зарари катта. Аллоҳ таолонинг изнисиз сеҳргар ҳеч кимга зарар етказа олмайди. Сеҳр ва жоду билан шуғулланувчилар бунинг ўрнига дин ва Китобни ўрганишса, савобга эришган бўлишарди. Мўмин-мусулмонлар ҳаёт қийинчиликларида фақат Аллоҳдан ёрдам исташлари, дуо ва илтижолар билан Унинг Ўзигагина юзланишлари даркор. Шайтон, жин ва сеҳргарлар ёмонлигидан сақланиш учун Қуръони карим сураларини ўқиб юришга тарғиб қилинади. Ҳадиси шарифда бундай ҳолларда Ёсин, Ҳашр сурасининг охири, Қадр, Кафирун, Ихлос, Фалақ, Нас сураларини, Оятул-Курсий ва бошқа сура-оятларни мунтазам ўқиб юриш тавсия этилади (Алийул Қори, "Мирқотул-мафотиҳ", 8-жуз).
103. Агар улар билишса, имон келтириб, Аллоҳдан қўрқишганида Аллоҳ ҳузуридаги савоблари яхшироқ эди.
Аллоҳга имон келтириш ва ҳар ишда Ундан қўрқиш мўминликнинг асосий талабларидандир. Агар куфр ва ширк йўлини тутган кимсалар Аллоҳга имон келтириб, У Зотдан қўрқишганида Парвардигорларининг ҳузурида улкан савобларни қўлга киритган, Унинг тақволи бандаларига ваъда қилган ажр-мукофотларини қўлга киритган бўлишарди. Аллоҳ таоло шунга буюради: "Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар! Ҳар ким эртаси учун нима тайёрлаб қўйганига қарасин! Аллоҳдан қўрқинглар, чунки Аллоҳ чиндан ҳам қилаётган амалларингиздан хабардордир" (Ҳашр, 18). Имом Абу Лайс Мисрий раҳматуллоҳи алайҳ шундай ёзади: "Аллоҳ таолодан қўрққан киши тилини ёлғондан, ғийбатдан, бошқаларга бўҳтон қилишдан, бекорчи сўзларни айтишдан тияди, ҳамиша Аллоҳ таолонинг зикри, Қуръон тиловати ва маърифий суҳбатлар ила машғул бўлади; қалбида мусулмон қардошларига нисбатан душманлик, кин, адоват, ҳасад каби ғайриинсоний иллатлар бўлмайди; кўзини қараш тақиқланган нарсалардан тўсади, дунёга ибрат назари билан боқади; меъдасини нопок луқмалардан асрайди; қўлини фақат Аллоҳ рози бўладиган нарсаларгагина узатади; оёғи исён йўлида эмас, тоат, ибодат йўлида, илм мажлислари сари одимлайди; Аллоҳ таолодан қўрққан одам фақат Унинг ризоси учун, Унинг Ўзигагина ибодат қилади, риёдан ва ўзини ҳамда ишларини инсонларга кўз-кўз қилишдан ва иккиюзламачиликдан сақланади".
104. Эй имон келтирганлар, "роина" деманглар, "унзурна" денглар ва яхшилаб тингланглар, кофирлар учун оғир азоблар бордир.
Араб тилида "роина" ва "унзурна" сўзлари маъно жиҳатидан бир-бирига жуда яқин: иккови ҳам "бизларга боқ, қара" маъносини билдиради. Лекин яҳудийлар тилида "роина" сўзининг қўпол маъноси ҳам бор, улар мазкур сўзни қўллашганида ёмон ниятда уни ўша маъносига ўхшатиб талаффуз қилишган. Атонинг ривоят қилишича, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: "Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб: "Эй Муҳаммад, роина" деб кулишарди. Ансорийлардан Саъд ибн Убода яҳудийлар тилини биларди. У киши яҳудларнинг бу найрангини фаҳмлаб қолди ва: "Эй Аллоҳнинг душманлари, сизларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин. Аллоҳга қасамки, агар шу сўзни бирортангиздан эшитсам, ўлдираман", деди. Шунда Аллоҳ шу оятни нозил қилди". Шунинг учун Аллоҳ таоло мусулмонларни Пайғамбар алайҳиссалом билан суҳбатлашаётганда "роина" дейишдан қайтариб, "унзурна" дейишга буюрган.
105. Аҳли китобларнинг кофирлари ва мушриклар Парвардигорингиздан сизларга бирор яхшилик тушишини асло исташмайди. Аллоҳ хоҳлаган бандасига раҳматини хослаб беради ва Аллоҳ буюк фазл эгасидир.
Бутун Ислом тарихи мобайнида Аҳли китобларнинг кофирлари ва мушриклар мўмин-мусулмонларга ҳамиша душманлик қилиб, уларга ёмонлик тилаб келишган. Бу йўлда улар ҳар қандай бузғунчилик ва фитнадан, ёвузлик ва хусуматдан қайтишмаган. Улар мусулмонларнинг динлари ва китобларини масхара қилишар, ўз эътиқодларини ҳамма нарсадан устун санашар эди. Муфассирлар бундай ёзишади: "Мусулмонлар яҳудий иттифоқчиларига: "Биз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга имон келтирдик" дейишса, улар: "Сизлар даъват қилаётган нарса бизнинг динимиздан яхшироқ эмас. Қанийди, яхши бўлганида, биз шуни хоҳлардик", дейишди. Шунда Аллоҳ таоло яҳудийларни ёлғончига чиқариб, ушбу оятини нозил қилди".
106. (Эй Муҳаммад), бирор оятни мансух қилсак ё унуттирсак, унинг ўрнига ундан яхшироғини ё унга баробарини келтирамиз. Аллоҳ ҳар нарсага қодирлигини билмадингизми?
Муфассирлар ушбу оят ҳақида қуйидагиларни ёзишган: "Мушриклар: "Муҳаммадни кўряпсизларми, асҳобларини бир ишга буюради-да, сўнгра яна уни қилишдан қайтаради. Қуръондаги бу нарса Муҳаммад ичидан тўқиб чиқарадиган сўздир. У баъзиси баъзисига зид келадиган каломдир", дейишди. Шунда Аллоҳ таоло юқоридаги ояти каримани нозил қилди".
Ҳар қандай қийин ҳолатга, шубҳа ва иккиланишга тушганда Аллоҳнинг буюрганига амал қилишни Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрганишимиз керак. У зотга туширилган, амал қилинаётган оятлар ҳукми баъзан мансух (бекор) қилинар, ўрнига бошқалари туширилар эди. Ҳукм бир оятдан бошқасига кўчарди. Ишнинг ташқи кўриниши шундай эди, аммо ботини Аллоҳ таоло билан Унинг Расули ўртасида сирлигича қоларди. Шу боис у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Баъзан менга сиқилиш келиб, Аллоҳга ҳар куни етмиш марта истиғфор айтаман", деганлар (Аҳмад, Муслим, Абу Довуд, Ибн Можа, Насоий ривояти). Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: "Умар (розияллоҳу анҳу) бундай дер эди: "Бизга Убай қироат қилишни ўргатар эдилар, биз эса у кишининг қироат йўлларидан бошқача ўқир эдик. Шунда у киши: "Мен Қуръонни жаноб Расулуллоҳнинг оғизларидан ўрганганман, уни ҳеч нарса эвазига тарк қилмайман, Аллоҳ таоло: (Эй Муҳаммад), бирор оятни мансух қилсак ё унуттирсак, унинг ўрнига ундан яхшироғини ё унга баробарини келтирамиз. Аллоҳ ҳар нарсага қодирлигини билмадингизми?" деган", деди" (Бухорий ривояти).
107. Осмонлар ва Ер Аллоҳнинг мулки эканини ҳамда сизларга Аллоҳдан ўзга дўст ва мададкор йўқлигини билмадингизми?
Яъни, эй мўминлар, шуни яхши билингларки, етти қават осмонлару Ердаги ҳамма нарса Аллоҳ таолонинг мулкидир. Буларнинг барини Унинг Ўзи яратган, Ўзи бошқаради, агар хоҳласа бир лаҳзада йўқ қилади. Сизларга кофир ва фожир кимсаларнинг тазйиқ ва зуғумларидан паноҳланишда Аллоҳдан ўзга бирор мададкор ҳам, дўст ҳам йўқдир. Наҳот шуларни билмасанглар?!
Шунинг учун мўминлар ҳамиша Аллоҳдан паноҳ излашлари, Унинг ҳимоясига интилишлари, Ундангина мадад ва нусрат сўрашлари лозим. Чунки осмонлар ва Ернинг эгаси бўлган Аллоҳ азза ва жалла барча махлуқларига дўст ва мададкор бўлгани учун улардан ёмонликлар, зарарлар, турли ёқимсиз нарсаларни даф қилиш билан уларни Ўз ҳимоясида сақлайди. Бу сақлашда яхши ҳам, ёмон ҳам, балки ҳайвонотлар ва бошқа нарсалар ҳам муштаракдир. Аллоҳ таоло Бани Одамни Ўзининг буйруғи билан сақлашлари учун уларга фаришталарни бириктириб қўйган. Яъни, улар ҳар қандай зарар берадиган нарсаларни улардан Аллоҳнинг буйруғи билан даф қилиб туришади. Айни пайтда Аллоҳ таоло Ўз валийлари, яъни дўстларини ҳам сақлайди. Уларнинг имонларини адаштирувчи шубҳалардан, фитналардан ва ҳалокатга олиб кетувчи шаҳватлардан сақлайди. Уларга бу каби фитналардан офият беради. Уларни инсу-жинслардан бўлган душманларидан сақлайди, уларга бу душманларига қарши нусрат-ғалаба беради.
108. (Эй маккаликлар), сизлар ҳам Пайғамбарингиздан илгари Мусодан савол қилинганни сўрамоқчимисизлар? Ким имонни куфрга алишса, тўғри йўлдан озиши муқаррардир.
Яъни, эй Макка аҳли, яҳудийлар ўз пайғамбарларидан турли беҳуда нарсаларни сўрайверишгани каби сизлар ҳам Пайғамбарингизга номуносиб саволларни бермангларки, бежо саволлар бошингизга етиб қолмасин. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо бундай дейди: "Бу оят Абдуллоҳ ибн Каъб ва бир гуруҳ қурайшийлар ҳақида нозил бўлган. Улар: "Эй Муҳаммад, бизга Сафо тоғини олтинга айлантириб бер, Макка ерларини кенгайтириб, ўртасидан дарё оқизиб қўй, шунда сенга имон келтирамиз", дейишди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди”. Яна муфассирлар айтишади: "Яҳудийлар ва мушрикларнинг баъзилари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: "Худди Мусо Тавротни келтирганидек, сен ҳам бизга осмондан яхлит бир китобни келтир", дейишди. Абдуллоҳ ибн Умайя Маҳзумий: "Осмондан менга бир китоб келтирки, унда: "Оламлар Парвардигоридан Ибн Умайяга. "Билгинки, Мен Муҳаммадни одамларга пайғамбар этиб юбордим" деб ёзилган бўлсин", деди. Яна бир киши: "Токи Аллоҳни рўпара қилмагунингча сенга имон келтирмаймиз", деди. Шунда юқоридаги оят нозил бўлган.
109. Аҳли китобларнинг кўплари ҳасадлари туфайли Ҳақ аниқ билинганига қарамай, имонли бўлганингиздан кейин сизларни яна кофир қилмоқчи бўлишади. Аллоҳ ҳукмини юборгунча уларни афв этинглар ва кечиринглар. Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир.
Аҳли китоблар мусулмонларга ҳасад қилишгани учун Ҳақни аниқ билатуриб ҳам уларни ўз динларига куфр келтиришга, ўзларининг бузуқ эътиқодларини мажбурлашга уринаверишади. Ваҳоланки, ҳақ ботилдан ажраб бўлган, Аллоҳнинг Каломида аҳли китобларнинг ҳақ йўлдан адашиб, Парвардигор ғазабига учрагани, ҳидоят йўлидан четлашгани аниқ баён этиб қўйилган. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: "Бу оят бир гуруҳ яҳудийлар ҳақида нозил бўлган. Уҳуд жангидан кейин улар мусулмонларга: "Нима бўлганини кўряпсизларми? Агар ҳақ устида бўлганингизда енгилмаган бўлардингиз. Бизнинг динимизга қайтинглар, у сизлар учун яхшироқ", дейишган эди" ("Асбабун-нузул", 27-бет). Абдуллоҳ ибн Каъб ибн Молик отасидан шундай ривоят қилади: "Каъб ибн Ашроф яҳудийлар шоири эди. Шеърларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳажв қилар, Қурайш кофирларини у кишига қарши қўзғар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида мушриклар ва яҳудийлар у кишига ва асҳобларига қаттиқ азият етказди. Шунда Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарини бу азиятларга сабр қилишга ва кечиришга буюриб, мазкур оятни нозил қилди.
110. Намозни адо қилинглар ва закотни беринглар. Ўзингизга нима яхшилик қилган бўлсангиз, уни Аллоҳ ҳузуридан топасизлар. Аллоҳ қилаётган амалларингни албатта кўриб турувчидир.
Намозни барча арконларига риоя қилган ҳолда мукаммал адо этиш ва закот-садақаларни Аллоҳ буюрган тоифадаги ҳақдорларига бериш Ислом дини буюрган фарз амаллардандир. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан ривоят қилинган ҳадисларда намознинг ниҳоятда муҳимлиги ва фазилати ҳақида жуда кўп зикр қилинган: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Беш вақт намоз намозлар орасидаги ҳамда жума намози жумадан жумагача ўрталарида бўлган гуноҳларга каффоратдир – агар улкан (кабира) гуноҳлардан сақланилган бўлса", деганлар (Муслим ривояти). Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Бир аъробий Пайғамбар алайҳиссаломнинг йўлларини тўсиб чиқиб: "Жаннатга яқинлаштирадиган ва дўзахдан узоқлаштирадиган амалнинг хабарини беринг", деди. У зот: "Аллоҳга ибодат қиласан, Унга ҳеч нарсани ширк келтирмайсан, намозни адо қиласан, закотни берасан, силаи раҳм қиласан", дедилар" (Бухорий ривояти). Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Мен: "Эй Аллоҳнинг Расули, менга бир амални айтингки, у жаннатга киритсин ва дўзахдан узоқлаштирсин", дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Дарҳақиқат, катта иш ҳақида сўрадинг, аслида бу Аллоҳ осон қилганга осондир. Бу – Аллоҳга бандалик қилиш, Унга бирор нарсани шерик этмаслик, намозни адо қилиш, закотни бериш, Рамазон рўзасини тутиш ва ҳаж қилиш", дедилар (Имом Аҳмад, Термизий, Ибн Можа ривояти).
Намозни ўқиш, закотни бериш ва бошқа фарзларни бажариш орқали банда ўзига яхшилик қилади, яъни Аллоҳ таоло ҳузуридаги ҳисоби осонлашади, Парвардигорнинг охиратда тайёрлаб қўйган улуғ мукофотларига эришади. Айни пайтда бошқаларга яхшилик қилиш ҳам динимизда мақталган амаллардандир. Бу ҳақда ҳам ҳадиси шарифлар кўп, улардан биргинасини келтирамиз: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким дунёда бир мўминнинг дунё ғамларидан бирини енгиллатса, Аллоҳ таоло ҳам ундан қиёмат ғамларини енгиллаштиради. Ким қийинчиликда қолган биродарини осонликка чиқарса, Аллоҳ таоло уни дунё ва охиратда осонликка чиқаради. Ким мусулмоннинг айбини ёпса, Аллоҳ таоло дунё ва охиратда унинг айбларини беркитади. Агар банда биродарига ёрдам берса, Аллоҳ таоло ҳам бандасининг ёрдамида бўлади" (Муслим ва Бухорий ривояти).
111. Улар: "Яҳудий ва насронийлардан бошқа ҳеч ким жаннатга кирмайди", дейишади. Бу уларнинг хом хаёлларидир. (Эй Муҳаммад): "Агар ростгўй бўлсанглар, ҳужжатингизни келтиринглар", денг.
Ислом дини эътиқод борасида ҳамма нарсани тасдиқлайверадиган, далил-ҳужжатларсиз ишонаверадиган хурофотчиларни ҳам, ҳис ортидаги барча нарсани инкор этадиган, фитрат овозига, ақл нидосига ва мўъжиза даъватига қулоқ солмайдиган моддапарастларни баравар рад этади. Ислом чин имонга, асл эътиқодга чақиради, лекин қатъий далил ёки ишончли ҳужжат бўлсагина. У бундан бошқасини рад этади ва хурофот деб ҳисоблайди. "Агар ростгўй бўлсанглар, ҳужжат келтиринглар" Исломнинг шиоридир. Ислом қалблардаги фитрат овозини бўғиб, бошлардаги ақл мантиғини тан олмай илоҳни инкор этган динсизларни ҳам, "илоҳ"ларининг саноғи бўлмаган, ҳатто қўй-сигирларга сиғинадиган, санаму тошларга ибодат этадиган бутпарастларни баравар қоралайди. Ислом шериксиз, туғмаган ва туғилмаган, ягона Илоҳга имон келтиришга чақиради.
112. Шундай, ким юзини Аллоҳга буриб, яхшиликлар қилса, унинг мукофоти Парвардигори ҳузуридадир. Уларга хавф-хатар ҳам йўқ, ғамгин ҳам бўлишмайди.
Ҳақиқатан куфр ва ширкни тарк этиб, Аллоҳ таоло тарафига юзланган, Унинг амр-фармонларини бажарган, қайтарганларидан четланган, яхшиликлар ва солиҳ амаллар қилган саодатманд кишиларнинг дунё ва охиратдаги мукофотини Парвардигор тўкис қилиб беради. Қиёмат куни гуноҳкор ва осийлар ҳисоб-китоблари қандай бўлиши, дўзах ё жаннатга киришларини билолмай, даҳшат ичида сарсон ва ҳайрон бўлиб туришганида имонли кишиларга ҳеч қандай хавф-хатар бўлмайди, улар оқибатларини ўйлаб ғам-андуҳ ҳам чекишмайди.
Инсоннинг асли бир томчи ҳақир сувдан ва арзимас қора лой-балчиқдан иборат. Аллоҳ таоло унга Ўз руҳидан киритгандан кейингина у инсонга айланади, фаришталар сажда қиладиган даражада азиз-мукаррам ва шарафли жонзотга айланади, ер юзи халифаси мақомидаги олий мартабага мушарраф бўлади. Инсоннинг қадр-қиммати руҳ билан боғлиқдир. Унинг жасади, келишган қадди-қомати, чиройли ҳусни, мутаносиб тана аъзолари – ҳаммаси қурт-қумурсқага ем бўлиб, тупроқ билан қоришиб кетади. Демак, инсон қанча руҳоний бўлса, унинг қадр-қиммати шунча ошади. Инсон қанча имонли, диёнатли бўлса, Аллоҳга муҳаббати ва итоати қанчалик улуғ бўлса, шундагина у чин инсон бўлади, Аллоҳ таолонинг уни яратиш билан зиммасига юклаган шарафли вазифани кўнгилдагидек уддалаган бўлади. Аллоҳ таоло инсонни Ўзига ибодат қилиши, амр-фармонларини бажариши учунгина халқ қилган. Бунга даъват қилиш учун расулларини юборган, китоблар нозил қилган. Унинг ҳақ йўлини тутганлар, Унга ибодат қилганлар, амр-фармонларини бажариб, қайтарган ишларидан чекинганлар ҳидоят топишган. Охиратда ажр-мукофотларга (жаннатга) эришиш хушхабари билан муждаланишган. Аллоҳнинг буйруқларини инкор этган, расулларига итоатда бўлмаган, залолатга кетиб, куфр ва ширк йўлини танлаган кимсаларга эса охиратда аламли азоблар, дўзах қийноқлари борлиги хабари берилган.
113. Яҳудийлар: "Насронийлар тўғри йўлда эмаслар", дейишади. Насронийлар эса: "Яҳудийлар ҳақ йўлда эмаслар", дейишади. Ҳолбуки улар Китоб ўқишади. Шунингдек, илмсизлар ҳам уларнинг гапини қайтаришади. Қиёмат куни улар ўртасидаги тортишувни Аллоҳ ажрим қилади.
Ислом динининг асосий хусусиятларидан бири ўрталик, бошқача таъбир билан айтганда, мўътадиллик, мувозаналикдир. Чунки йўлнинг ўртасида бўлиш, ўнгга ҳам, сўлга ҳам оғишмай, Қуръон таъбири билан айтганда, "мустақим йўл"да бўлиш асл мусулмонликдир. Бу "мустақим йўл"нинг икки томонида жуда кўп масалаларда ифрот (ҳаддан ошиш) ва тафритга (сусткашликка) йўл қўйган яҳудий ва насронийлар турибди. Демак, буларнинг ўртасида бўлиш тўғри йўлда бўлишдир. "Илмсизлар" Макка мушрикларидир, улар Иброҳим алайҳиссалом динида бўлганлари ҳолда жоҳиллик туфайли йўлдан озиб, бутларга чўқиниб кетишди. Бу ояти карима Мадина яҳудийлари ва Нажрон насронийлари ҳақида тушган. Нажрон элчилари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келганида яҳудий роҳиблари ҳам келишди ва улар ўзаро мунозара қилиб кетишди, ҳатто овозлари баландлади. Яҳудийлар: "Сизлар ҳеч қандай динда эмассизлар!" дея Исо алайҳиссалом ва Инжилга куфр келтиришди. Насронийлар эса: "Сизлар ҳеч қандай динда эмассизлар!" дея Мусо алайҳиссалом ва Тавротга куфр келтиришди. Шунда Аллоҳ юқоридаги оятни нозил қилди. Улар ўртасидаги тортишувни эса қиёмат куни Аллоҳ таолонинг Ўзи ажрим қилиб беради. Ҳакимлардан бири бундай деган: "Мен икки кишига ачинганимчалик бошқа ҳеч кимга ачинмаганман: илмни тушунмасдан туриб ўрганган кишига ва илмнинг муҳимлигини тушуниб, уни ўрганмаган кишига". Илмсиз кишилар ҳам ана шу яҳудий ва насронийлар каби тўғри йўлни топа олмай, адашиб кетаверишади.
114. Аллоҳнинг масжидларида Унинг номи зикр қилинишидан қайтарадиган ва уларни хароб қилишга уринадиганлардан ҳам золимроғи борми? Бундайлар фақат қўрққан ҳолларидагина масжидларга киришлари керак эди. Уларга дунёда шармандалик, охиратда қаттиқ азоб бордир.
Насронийлар жангда яҳудийлар устидан ғолиб чиққанларида улардан ўч олиш учун ибодатхоналарини бузиб ташлашди. Инсонларга ўчакишиб, Аллоҳ таоло учун бино қилинган масжидларни бузиш ё одамларни масжиддаги ибодатлардан ман этиш жуда катта золимликдир. Калбийнинг ривоят қилишича, бу оят насроний Тотлис Румий ва сафдошлари ҳақида нозил бўлган. Улар Бани Исроил устига юриш қилиб, жангчиларини ўлдиришди, зурриётларини асир олишди, Тавротни ёқишди, Байтул-Мақдисни хароб этиб, у ерга ўликларни ташлашди. Қатода айтади: "Бу кимса Бухтунасир ва унинг шериклари эди. У яҳудларга қарши уруш очиб, Байтул-Мақдисни харобага айлантирди. Бу ишда унга Рум насоролари ёрдам беришди". Ато ривоятида Абдуллоҳ ибн Абоос бундай деган: "Бу оят Макка мушриклари ҳақида бўлиб, мусулмонларни Масжидул-Ҳаромда Аллоҳ таолони зикр этишдан тўсганлари хусусида нозил бўлгандир".
Мана шу воқеалардан кейин 1187 йили мусулмонлар қўшини Қуддуси шарифни эгаллаш учун ҳужум бошлаганида қўшин бошида Ислом тарихида энг ёрқин из қолдирган мусулмон саркардалардан бири Салоҳиддин турган эди. Ислом қўшинларига зафар ёр бўлганида эса улар Қуддуси шарифга “Аллоҳу акбар” такбирлари остида кириб келишди. Муқаддас шаҳар яна мусулмонлар қўлига ўтди. Ушбу воқеаларнинг ўзиёқ Салоҳиддиннинг номини “Қуддуси шариф халоскори” сифатида тарих саҳифаларига ёзиб қўйиш учун кифоя эди. Бироқ уни машҳур қилган нарса бугина эмас эди, балки шаҳарнинг насроний аҳолисига кўрсатган муносабатлари уни афсонага айлантирди. Салоҳиддин саксон саккиз йил олдин насронийларнинг мусулмонлар ва яҳудийларнинг қонини дарё қилиб оқизгани каби Қуддуси шариф кўчаларини қонга ботирмоқчи эмас эди. Бунинг ўрнига музаффар мусулмон аскарлари зудлик билан шаҳарни босиб кетган нажас ва нопокликлардан тозалашга тушишди. Буюк Ислом саркардаси қасосни тақиқлади, бунинг шарофати билан юз мингдан ошиқ насронийнинг ҳаёти сақлаб қолинди. Муқаддас шаҳардаги насронийларнинг муқаддас ибодатхоналарини зиёрат қилишга рухсат бериб қўйилди. Ҳолбуки, салибчилар шаҳарни босиб олганидан кейин мусулмон ва яҳудийларнинг шаҳарга киришини тақиқлаб қўйган эди. Тарих ҳанузгача Салоҳиддиннинг буюк одамийлиги, бағрикенглиги, ўзга дин вакилларига меҳр-шафқати борасида таажжуб ва ҳайратда қолиб келяпти. Ваҳоланки, салибчилар мусулмонлар ва яҳудийларни аёвсиз қатлиом қилгани ҳолда нега Салоҳиддин етакчилигидаги мусулмон аскарлар бирор кишидан қасос олмади, бировнинг қонини ноҳақ тўкмади? Бу саволга Салоҳиддин Айюбийнинг Қуддусдаги оламшумул ишлари энг яхши жавоб бўла олади.
115. Машриқ ҳам, мағриб ҳам Аллоҳникидир, демак қаёққа юзлансангиз ҳам Аллоҳни топасиз. Аллоҳ албатта кенг қамровли ва билимлидир.
Бошқа диндагиларга фақат ўз ибодатхоналарида диний маросимларни ўтказиш буюрилгани ҳолда мусулмонларга Ер юзининг ҳамма жойида намоз ўқиш, ибодат қилиш неъмати ато этилган. Шу боис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Бутун Ер юзи менга саждагоҳ бўлди" деб марҳамат этганлар (Бухорий, Муслим, Насоий ривояти). Ислом динида ибодатлар, диний маросимлар тўрт девор ичига қамаб қўйилмаган. Масжидлар қуббасигина эмас, осмон қуббаси остида, тоғдаю чўлда, сувдаю қуруқликда, жомеъ ёки уйдаю ундан ташқарида, хулласи Аллоҳнинг ҳамма ери ибодат қилишга муносиб масканлардир, фақат қиблага юзланилса, бас! Исломият мусулмонларга ҳамма ерда ибодат қилиш имконини берди, Ер юзининг ҳамма жойида Аллоҳга юзланиш йўлини кўрсатди. Чунки Аллоҳ азза ва жалла ҳар ерда ҳозиру нозирдир.
Исломият исталган ерда ибодат қилиш ҳурриятини эълон қилди, чунки қаёққа юзланилса ҳам ўша жой Аллоҳнинг тарафидир. Қуръони каримда бундай марҳамат этилади: "Сизлар қаерда бўлсанглар ҳам У сизлар билан биргадир. Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўриб турувчидир" (Ҳадид, 4). Ушбу ояти кариманинг нозил бўлиш сабаблари ҳақида уламоларнинг бир неча хил ривоятлари бор. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кичик бир қўшинни жангга юбордилар. Мен ҳам ўша гуруҳда эдим. Атрофимизни зулмат қоплаб олиб, қибла қайси тарафдалигини билолмай қолдик. Айримларимиз: "Қиблани биламиз, у шимол томонда" дея чизиқ тортиб намоз ўқишди. Бошқалар эса: "Қибла жануб томонда" дея шу томонга чизиқ тортди. Тонг отиб қуёш чиққач, бу чизиқларнинг ҳеч бир қиблани кўрсатмагани маълум бўлди. Сафардан қайтгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу ҳақда сўрадик. У киши сукут қилдилар. Шунда Аллоҳ мазкур оятни нозил қилди" (Ато ибн Абу Рабоҳ ривояти).
Робия отасидан ривоят қилади: "Сафарда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдик. Қибла қай томондалигини билмай ҳар биримиз ўз ҳолимизча намоз ўқидик. Тонг отгач, буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтдик. Шунда ушбу оят нозил бўлди". Ибн Умар розияллоҳу анҳумонинг фикрича, бу оят нафл намозда ихтиёрли бўлиш (қиблани билмаган тақдирда хоҳлаган тарафига қараб ўқиш) ҳақида нозил бўлган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо бундай деган: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилиб келганларида Мадина аҳлининг кўпчилиги яҳудий эди. Аллоҳ у кишини Байтул-Мақдисга қараб намоз ўқишга буюрди. Бундан яҳудийлар хурсанд бўлишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у тарафга юзланиб, бир неча ой (ўн учдан ўн тўққизгача) намоз ўқидилар. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Иброҳим алайҳиссаломнинг қиблаларини яхши кўрардилар. Аллоҳ у кишини Каъба тарафга бургач, "Уларни олдинги қиблаларидан нима ўзгартирди экан-а", дея одамлар иккиланиб қолишди. Шунда Аллоҳ мазкур оятни нозил қилди" (Ибн Абу Талҳа Саълибий ривояти).
116. "Аллоҳнинг фарзанди бор", дейишади. Аллоҳ бундан покдир! Осмонлару Ердаги ҳамма нарса Унинг мулкидир, ҳамма Унга бўйсунувчидир.
Яҳудийлар "Узайр – Аллоҳнинг ўғли", дейишди. Насронийлар эса: "Исо Масиҳ – Аллоҳнинг ўғли", дейишди. Араб мушриклари: "Фаришталар Аллоҳнинг қизларидир", дейишди. Аллоҳ таоло ана шундай адашганлар ҳақида юқоридаги оятни нозил қилди. Аллоҳ таоло туғмаган, туғдирмаган ва туғилмагандир, У бундай айбу нуқсонлардан покдир! Осмонлару Ердаги, улар орасидаги ҳамма нарсани Ўзи яратган, ҳамма нарса Унинг Ўзиники, борлиқ ва коинотдаги ҳамма нарса Унга бўйсунади. Шундай бўлгач, Унинг ҳеч қандай фарзандга эҳтиёжи йўқ! Аллоҳ таолога фарзанд нисбат берувчилар фақат қаттиқ адашишади. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: "Аллоҳ таоло бундай дейди: "Одам боласи Менга туҳмат қилди, у бундай қилмаслиги лозим эди. (Одам боласи) Мени ҳақорат қилди, у бундай қилмаслиги лозим эди. Аммо Менга туҳмат қилгани хусусига келсак, у илгариги ҳолимга қайтара олмайди, деб таъкидлайди. Аммо Мени ҳақорат қилгани хусусига келсак, "Аллоҳ таолонинг боласи бор, У Ўзига жуфт ва бола қила олади", дейди" (Бухорий ривояти).
117. У осмонлару Ернинг яратувчисидир, бирор ишни қилмоқчи бўлса, фақат "Бўл!" дейди, шунда бўлади.
Аллоҳ таоло шунчалар қудратли, буюк, илми ва ҳикмати олий Зотки, У осмонларни, ундаги Қуёш, Ой, сайёра ва юлдузларни ҳам, Ер ва унинг устидаги ҳамма нарсани – тоғлару уммонларни ҳам, водийлару шаҳар-қишлоқларни ҳам, ҳамма нарсани яратган. Бунда Унга ҳеч ким шериклик қилолмайди. Унинг қудрати ва иродаси шунчалар улуғки, бундай беҳисоб мавжудотларни яратиш Унга ҳеч қандай қийинчилик-машаққат туғдирмайди, биргина "Кун!" (Бўл!) деган сўзни айтиши билан ҳамма нарса бўлади.
Ушбу оятдан шу нарса англанадики, фақат ал Холиқ (яратувчи) сифатли Зотгагина ибодат қилиш лозим, Холиқдан бошқага ибодат қилинмайди. Агар инсон Холиқдан бошқа Зотга юзланса, унда тўғри йўлдан оғиб кетади. Фақат Холиққа ибодат қилсанг, ибодат сабабли бахтиёр бўласан. Агар ибодат қилсанг, Унинг азобидан нажот топасан. Агар ибодат қилсанг ҳаётингда ва ўлимингдан кейин ютуққа эришиб, жаннатга кирасан ва абадий бахт саодатни қўлга киритасан. Демак, коинотда бирдан бир томон бор, ўша томонга қараб ибодат қилиб, итоат қилишинг даркор. Ўша томон ал Холиқ сифатига эга бўлган Аллоҳдир. Ал Холиқ дегани барча нарсани, олдин бўлмагани ҳолда, йўқликдан пайдо қилиб, яратган Зотга айтилади. Ваҳоланки бу нарса инсонга нисбатан мажозий ишлатилади. Яъни инсон, олдин бор бўлган барча нарсадан бир нарсани ясайди. Бу билан олдин бўлмагани ҳолда Еру осмонларни яратиш билан, бор нарсадан битта нарса ясашнинг орасида катта фарқ бор. Демак Аллоҳ йўқ жойдан, олдин бўлмагани ҳолда яратувчидир. Инсон эса бор нарсалардан битта нарса ясовчидир, яратувчи эмас.
118. Жоҳил кимсалар: "Аллоҳ биз билан сўзлашса эди ё Ундан бир далил келса эди", дейишади. Булардан олдингилар ҳам уларникидай гап айтишган эди, диллари бир-да! Биз оятларни чиндан ишонувчиларга баён қилганмиз.
Жоҳилларнинг табиати шундай: ҳақиқатни кўриб-билиб туриб ҳам исбот-далил талаб этишаверади. "Бу оятлар Аллоҳ таоло ҳузуридан келган" десанг, бунга ишонмайди, исботлаб беришни талаб этиб тураверади. "Бу киши Аллоҳнинг элчиси, Унинг рисолатини биз, бандаларга келтирган" десанг, бунга ҳам ишонмайди, охирги Пайғамбарнинг арабларидан чиққанига тоқат қилолмай, куфрга кетаверади. "Имонга келинглар, ҳидоят йўлидан юринглар" десанг, Аллоҳнинг Ўзи бизларга буюрсин ёки Ўз ҳузуридан бирор далил келтирсин", деб гумроҳликка боришади. Олдинги аждодлари ҳам худди шунга ўхшаш гапларни айтишганди. Мусо алайҳиссаломнинг қавмига Аллоҳдан бир сигир сўйиш амри келганида унинг қанақа рангдалиги, неча ёшдалиги, қай кўринишда экани ҳақида пайғамбарга савол қилавериб, охири Аллоҳнинг ғазабига учрагани зикри ушбу сурада батафсил келтирилган.
119. (Эй Муҳаммад), Биз сизни Ҳақ билан хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи қилиб юборганмиз. Дўзахийлар хусусида сиздан сўралмайди.
Оятдаги "Ҳақ"дан мурод, Қуръон, тавҳид ва Исломдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом Қуръон, тавҳид ва Ислом воситасида мўминларга охиратдаги улкан мукофотларнинг хушхабарини, кофир ва мушрик кимсаларга эса абадий жазо-азоблардан огоҳлантиришни етказиш учун юборилганлар. Қуръони каримда шундай марҳамат этилади: "Зотан, Ҳақ Подшоҳ – Аллоҳ юксакдир!" (Муъминун, 116). Аллоҳ таоло бундай дейди: "Эй одамлар, сизларга Парвардигорингиздан ҳақ келди" (Юнус, 108); "Аллоҳ Ўз Пайғамбарини ҳидоят ва ҳақ дин (Ислом) билан, уни барчага ғолиб-устун қилиш учун юборган Зотдир!" (Фатҳ, 28). Аллоҳ таолога яқинлашиш, Унинг меҳрибонлиги, раҳм-шафқати, ажр-мукофотларидан умидвор бўлишнинг энг ишончли ва тўғри йўли Исломдир! Дўзахийлар хусусидаги ишларни Аллоҳнинг Ўзига ҳавола қилинг, эй Пайғамбарим, улар ҳақида сиздан сўралмайди, Уларнинг жазосини Парвардигорингизга ҳавола этинг. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: "Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қанийди ота-онамга нима бўлганини билсайдим" деганларида ушбу оят нозил бўлган. Баъзи муфассирлар бу оятни "дўзах аҳли ҳақида сўраманг" деган маъно билан ўқишади. Муқотил эса бундай деган: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Аллоҳ яҳудларга азоб туширса эди" деганларида мазкур оят нозил бўлган".
120. Яҳудийлар ва насронийлар динларига кирмагунингизча асло сиздан рози бўлишмайди. "Аллоҳнинг йўлигина ҳақиқийдир!", денг. Қасамки, агар сизга ҳужжат келганидан кейин ҳам уларнинг хоҳишларига кўнсангиз, Аллоҳ тарафидан дўст ҳам, ёрдам берувчи ҳам бўлмайди.
Яъни, эй Пайғамбар, сиз яҳудий ва насронийларнинг динингизга осонгина киришларидан умид қилманг, аксинча уларнинг динига кирмагунингизгача асло сиздан рози бўлишмайди. Бордию уларнинг хоҳишларига кўнгудай бўлсангиз, Аллоҳ ўз ҳолингизга ташлаб қўяди, сизга ҳеч қандай ёрдам бермайди. Муфассирлар бундай дейишади: “Яҳудий ва насронийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан яраш-сулҳ битими тузишни сўрашди. Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улар билан муроса қилиб муҳлат берсалар, у кишига эргашишларини, кўрсатмаларига мувофиқ яшашларини билдиришди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо бундай дейди: "Бу оят қибла ҳақидадир. Мадина яҳудийлари ва Нажрон насоролари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уларнинг қибласига қараб намоз ўқишларидан фахрланишарди. Аллоҳ қиблани Каъба тарафга ўзгартиргач, бу уларга оғир ботди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари бирор нарсада бўлсин, динларига мос келишидан умид узишди. Шунда Аллоҳ мазкур оятни нозил қилди".
121. Биз Китоб берганлар унинг ҳаққини адо этиб ўқишади, ўшалар имон келтиришади. Ким уни инкор қилса, ана шулар зиёнкорлардир.
Аҳли китоблардан баъзилари инсофли бўлишгани учун ўз китобларини яхши фаҳмлаб-англаб ўқишар эди. Улар Ҳақни таниб, Қуръони каримга имон келтиришганди. Улар ичида Абдуллоҳ ибн Салом каби олимлари ҳам бўлган. У киши бир неча сафдошлари билан бирга Исломга кирган. Ато ва Калбийдан ривоят қилинишича, оят Ҳабашистондан Жаъфар ибн Абу Толиб билан келган денгизчилар ҳақида нозил бўлган. Улар Ҳабашистон ва Шом аҳлларидан иборат қирқ киши эди. Заҳҳок: "Бу оят имон келтирган яҳудийлар ҳақида тушган" деса, Икрима ва Қатода: "Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида нозил бўлган", дейишади.
122. Эй Бани Исроил, сизларга инъом қилган неъматларимни ва сизларни оламлар узра афзал қилиб қўйганимни эсланглар.
Ушбу суранинг 47-оятида ҳам Аллоҳ таоло Бани Исроилга шу сўзлар билан хитоб қилган эди. Энди яна мазкур хитоб такрорланмоқда. Дарҳақиқат, Аллоҳ таолонинг Исроил авлодларига кўрсатган марҳамати, ато этган неъматлари ва яхшиликларининг чеки-чегараси йўқ. Аллоҳ бу қавмни барча оламлар узра фазилатли қилиб қўйди, уларга имон, илм, солиҳ амаллар каби сифатларни ато этди, улардан пайғамбарлар, одил подшоҳлар чиқарди, осмондан турли неъматлар, ширинликлар туширди. Мусо алайҳиссалом даврида уларнинг аждодлари замонасининг энг азиз, мукаррам кишилари бўлди, Парвардигор уларни Фиръавн ва унинг аъёнлари зулмидан халос қилди, уларнинг жуда кўп осийликларини кечирди, гуноҳ ва жиноятларини авф этиб, устларига тоғни қулатмади. Аллоҳ таоло Фиръавн ва унинг аскарларини ғарқ этиб, Бани Исроилни душманнинг зулми, жабр-ситамларидан озод қилди ҳамда уларга берилган барча маънавий ва моддий неъматларини эслатди. Ана шу неъматларнинг биринчиси, уни ортидан таъқиб қилиб келаётган душманлари Фиръавннинг лашкарларини кўз ўнгиларида сувга чўктириб юборди, уларнинг зулмидан қутқариб, нажот берди. Иккинчиси, улар билан Тур тоғининг ўнг томонида ваъдалашди. Яъни уларни ҳидоятга бошловчи, ҳолларини ислоҳ қилувчи Китоб – Тавротни бериш учун пайғамбари Мусо билан ўша муқаддас маконда ваъдалашди. Миср билан Фаластиннинг ўртасида жойлашган Тур тоғининг ўнг томонида Мусо алайҳиссалом билан мулоқот бўлиши, диний ишларга аҳамият берилиши, Аллоҳнинг у зот билан роз айтиши ва Таврот нозил қилиниши Бани Исроил учун катта неъмат эди. Учинчи неъмат уларга осмондан “манна” деган ширинлик ва “салво”, яъни пишган бедана гўштини туширди. Аллоҳ таоло уларга яна бир қанча бошқа неъматларни ҳам ато этган.
123. Ҳеч ким бошқа бировнинг ҳожатига ярамайдиган, ҳеч кимдан бадал олинмайдиган, ҳеч кимга шафоат фойда бермайдиган, ёрдам кўрсатилмайдиган Кундан қўрқинглар.
Эй Исроил авлодлари (ва эй барча инсонлар), биров бировга ёрдам беролмайдиган, ҳамма ўзи билан овора бўлиб қоладиган, ҳеч кимнинг шафоати ёки ёрдами инобатга ўтмайдиган қиёмат кунидан қўрқинглар. Чунки Аллоҳ таолонинг: "У кунда киши ўз оға-инисидан ҳам, онаси ва отасидан ҳам, хотинию бола-чақасидан ҳам қочади" (Абаса, 34-36) деган огоҳлантириши бор. Собит ибн Ҳажжож Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуниг бундай деганларини ривоят қилади: "Ўлчанишингиздан олдин ўзларингни ўлчанглар, ҳисоб беришингиздан олдин ўзларингни сарҳисоб қилинглар. Рўпара бўлинадиган улуғ кун учун тайёргарлик кўринглар, бу кун қиёмат кунидир" (Абу Лайс Самарқандий ривояти).
Инсонларнинг энг мудҳиш хатолари уларнинг охиратга ишонмасликларидир. Улар охират дунёсига, ўлгандан кейин қайта тирилишга имон келтирмаганлари сабабли ўзларини куфр ва ширк чангалига отишади, гуноҳлар денгизига шўнғишади, ҳеч қандай ёвузлик ва бузуқликдан тап тортмайдиган ҳолга тушишади. Инсонлар охират дунёси борлигига ишонмаганлари учун кўнгилларига келган ёвузликни ва гуноҳни бемалол қилишади. Диндошларига душманлик қилишади, софдил бир мусулмонга туҳмат ва бўҳтон ёғдиришади, золимларга зулм пичоғини қайраб беришади, Аллоҳнинг динидан, ибодатидан тўсишади, шариатини оёқ ости қилишади. Эртага ҳисоб-китоб борлигини тан олмаганлари учун бошқаларнинг ҳақига тажовуз қилишади, қарз олиб, беришмайди, шерикларининг мулкини ўзлаштиришади, ўзгалар омонатига хиёнат қилишади, бузуқлик кўчаларида сарсон кезишади. Ўлгандан кейин тирилишларига имонлари йўқлиги сабабли шу дунёнинг ўзида мазза қилиб яшаб қолиш пайида бўлишади, ҳар қандай разилликдан қайтишмайди, ҳаётнинг мазмунини фақат дунё лаззатларига ғарқ бўлиб кетишда деб тушунишади. Улар дунё васвасаларига бошлари билан шўнғишадию қиёмат кунига асло тайёргарлик кўришмайди. Ҳолбуки ўша кунда улар дунёда ишониб юрган мол-дунёлари ҳам, аҳли ва яқинлари ҳам, ишонган дўстлари ва ҳамкорлари ҳам мутлақо асқотмайди.
124. Эсланг, Парвардигори Иброҳимни бир неча сўзлар билан синаганида, уларни бажо қилди. Шунда У: "Сени одамларга йўлбошчи қиламан", деди. "Зурриётимдан ҳамми?" деди у. Аллоҳ: "Менинг аҳдим золимларга тааллуқли эмас!" деди.
Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломни тўрт нарсада имтиҳон қилган. Аввало тавҳидда: Аллоҳ таолони яккаю ягона деб эътиқод қилганлари учун ўтга ташландилар. Иккинчиси, мақсадлари йўлида ватандан, яқинлари ва қариндош-уруғларидан жудо бўлиб, хорижга чиқиб кетдилар. Учинчиси, маъсум гўдаклари ва покдомон хотинларини Аллоҳ таоло паноҳига топшириб, дин тарқатишга жўнадилар. Тўртинчиси, кўзларининг нури бўлган суюкли ўғиллари Исмоилни Аллоҳ таоло ризоси учун ўз қўллари билан сўймоқчи бўлдилар. Мана шу имтиҳонларнинг барчасидан яхши ўтиб, Парвардигорларини хушнуд этдилар. Шунинг учун Аллоҳ таоло бу зотга барча одамларга имомлик-йўлбошчилик мартабасини берди. Иброҳим алайҳиссалом йўлида бўлган зурриётларига ҳам шундай пешволик насиб қилади. Абдуллоҳ ибн Аббоснинг (розияллоҳу анҳумо) фикрларича, бу калимотлар Иброҳим алайҳиссаломнинг пешво қилинишлари; у зотнинг ўғиллари Исмоил билан Каъба биносини қуришлари, Ҳаж маносиклари; Мақоми Иброҳим; Маккада яшовчилар ризқларининг баракотли қилиниши; у кишининг зурриётларига Муҳаммад алайҳиссалом пайғамбар этиб юборилишлари тўғрисидаги оятлардир. Аллоҳнинг "Менинг аҳдим золимларга тааллуқли эмас" деган калимаси Иброҳим алайҳиссаломнинг келажакдаги ҳақ йўлдан адашиб, куфр ва бузғунчиликларга мубтало бўлган зурриётларига қаратилгандир. Яъни, Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга айтди: Мен талабингни ижобат қиламан, аммо бу фақат сенинг наслингдан бўлган солиҳ кишиларга тегишли, улар пешво бўлишади, лекин улардан ким золим бўлса, улар пешволикка лойиқ эмаслар.
125. Эсланг, Байтуллоҳни инсонлар тўпланадиган ва омонлик жойи қилиб бердик: "Иброҳим мақомини намозгоҳ қилиб олинглар". Иброҳим ҳамда Исмоилга: "Уйимни тавоф қилувчилар, эътикофдагилар, рукуъ-сажда қилувчилар учун покланглар", деб буюрдик.
Яъни, эй оқил инсон (ёки эй Аллоҳнинг элчиси), Биз Байтул-Ҳаром ва Каъбаи муаззамани одамларга бошпана ҳамда тинч-хотиржам, ҳар қандай хавф-хатардан холи, осойишта бир макон қилиб қўйдик. Шунинг учун бу Уйни тавоф этинглар, унда эътикоф (суннат амал бўлиб, дунё ҳаётидан узилиб, масжидда тоат-ибодат қилиш) ўтиринглар, намоз ўқинглар, Менинг зикрим ила машғул бўлинглар. Ривоят қилинишича, Одам алайҳиссалом жаннатдан Ерга тушганларида Аллоҳ таолонинг амри билан биринчи барпо қилган қилган уйлари Байтуллоҳ бўлган (шунинг учун у "Эски уй" ҳам деб аталади). Нуҳ алайҳиссалом замонларида бўлган тўфон балосида фаришталар Аллоҳ таолонинг амри билан ўша Уйни еттинчи осмонга олиб чиқиб кетишган. Ҳадиси шарифда келишича, ўшандан буён осмондаги Байтуллоҳни ҳар куни етмиш минг фаришта тавоф қилар, аммо Аллоҳнинг лашкари бўлмиш фаришталарнинг саноғи шу қадар беҳисоб эканки, ҳанузгача бир фаришта уни икки марта тавоф қилишга улгурмаган экан. Ана шу самога олиб чиқиб кетилган Байтуллоҳ (У Байтул-маъмур деб ҳам аталади) ўрнини Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга билдириб, ўша жойга барча мусулмонлар учун қибла саналган Байтуллоҳни бино қилишни буюрган.
Байтуллоҳ (Масжидул-Ҳаром) Ер юзида тавҳид учун бино қилинган биринчи масжиддир. У Иброҳим алайҳиссалом умр бўйи курашган бутпарастлик вайроналари устига барпо қилинган. Мўминлар шу боис Каъбаи муаззамани тавоф қилишади, Аллоҳга тасбеҳ, ҳамдлар, дуолар айтишади, тавба-тазарруъларини изҳор этишади. Бунда Каъба ёки Ҳажарул-асвадга (қора тошга) эмас, балки Аллоҳ азза ва жаллага ибодат қилинади, сиғинилади. Ҳаж ибодатини фарз қилишдан мусулмонларни пайғамбарлар ўтган, ваҳий инган юртга савобли солиҳ сафарлари ихтиёр этилган. Ҳаж ибодатидан мурод инсонни ваҳий ватанига боғлаш, Аллоҳнинг омонатини кўтарган, уни одамларга мукаммал етказган даҳоларнинг сийратларига ошно этишдир. Аллоҳ таоло мусулмонларни замон ва макон тафовутига қарамай тавҳид дини бўлмиш Исломга боғланишларини ирода қилди ва улардан қодирларини динимиз тарихи муҳрланган муқаддас маконлар зиёратига таклиф этди. Оятдаги: "Иброҳим мақомини намозгоҳ қилиб олинглар" жумласи Иброҳим алайҳиссалом Масжидул-Ҳаромни қураётган вақтларида турган ерларини шарафлаш учун айтилмоқда (ҳозир бу жой алоҳида белгили қилиб ўраб қўйилган). Иброҳим алайҳиссалом Каъбани қураётганларида бир тош устида турганлар, ўша тош ўрни "Иброҳим мақоми"дир. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Каъбани етти марта тавоф (ибодат учун айланиш) қилиб, сўнгра мақом орқасида икки ракат намоз ўқидилар" (Бухорий ривояти). Ибн Касир айтади: "Иброҳим мақоми деб аталувчи бу тош қадимдан Каъба деворига ёпишиб туради, унинг ҳозирги жойи кираверишдаги эшикнинг ўнг тарафидадир. Иброҳим алайҳиссалом Байтуллоҳни қуриб бўлганларидан кейин бу тошни Каъба деворига қўядилар. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу уни Каъба деворидан ҳозирги ўрнига олдиради. Бу ишни қилишдан у кишини саҳобаларнинг ҳеч бири қайтармаган" (“Тафсиру Ибн Касир", 1-жилд, 170-бет).
126. Иброҳимнинг: "Парвардигорим, буни омонлик шаҳри қилгин ва Аллоҳга, охиратга имон келтирган аҳлини турли мевалар билан ризқлантир" деганини эсланглар. Аллоҳ: "Ким куфр келтирса, уни бироз фойдалантираман-да сўнгра дўзах азобига дучор қиламан, у ниҳоятда ёмон жойдир", деди.
Иброҳим алайҳиссалом келажакдаги зурриётларининг ҳам ғамини едилар, уларнинг ҳам фаровон яшашларини, бутпарастликдан узоқда бўлиб, Аллоҳни танишларини, ибодатли бўлишларини тилаб Парвардигорларига дуо-илтижо қилдилар. Ояти кариманинг биринчи қисми Иброҳим алайҳиссаломнинг Парвардигорларига дуоларидир. Яъни, "эй Аллоҳим, Сендан дуо қилиб сўрайман, Байтинг жойлашган Маккани одамлар хотиржам бўлиб, таскин топадиган шаҳар қилгин! Эй Аллоҳим, бу шаҳар аҳли орасидан Сенга ва Қиёмат кунига имон келтирганларни турли-туман неъмат ва мевалар билан ризқлантиришингни сўрайман". Аллоҳ таоло кофир кимсаларга ҳам бу дунёда ризқ ва бошқа неъматларни берса-да, аслида уларнинг борар жойи ниҳоятда ёмон дўзахдир. Аллоҳ бундайларни дўзах азобига гирифтор қиламан, деб ваъда беряпти. Дўзах азобидан нажот топиш учун "Иброҳим мақоми" (турган жойи) да намоз ўқишга ҳам буюрилган.
127. Иброҳим билан Исмоил Каъба деворини кўтараётиб: "Эй Парвардигоримиз, биздан ушбуни қабул қил, Сенгина эшитувчи ва билувчисан", деганини эсланглар.
Яъни, эй оқил инсон, бу икки пайғамбар Байтуллоҳнинг асосини кўтараётиб бундай дуо қилишганини эсла: "Эй Парвардигор, бизлардан сўзимиз ва амалларимизни қабул айла, зеро, Сен сўзларимизни эшитувчи, ҳолимизни билиб турувчисан!" Вақти-соати етиб Байтуллоҳ битганидан сўнг ота-бола пайғамбарлар уни тавоф (зиёрат ибодати) қилишди. Шундан сўнг Иброҳим алайҳиссалом Маккадаги Абу Қубайс тоғи устига чиқиб, инсонларни Каъбани тавоф қилишга чақирдилар. Бу овозни эшитган ва унга жавоб берган руҳлар бу дунёда шу чақириққа жавобан Каъбага ҳаж қилиш учун борадилар. "Лаббайка, Аллоҳумма лаббайк" (Аллоҳим, чақириқни эшитдик ва қабул этдик), дея у ерни тавоф этишади. Ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳо бундай хабар берадилар: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қавминг Каъбани (қайта) қураётиб Иброҳим алайҳиссалом қўйиб кетган пойдеворларни пасайтириб қўйганини кўрмайсанми?" дедилар. "Эй Аллоҳнинг Расули, Иброҳим алайҳиссалом пойдеворларини аслига келтириб қўймайсизми?" дедим. Шунда у зот: "Қавминг куфрдан қайтиб, эндигина Исломга кирмаганида шундай қилган бўлар эдим", дедилар" (Бухорий ривояти).
128. "Эй Парвардигоримиз, бизни Ўзингга янада бўйсунганлардан, зурриётларимизни ҳам итоатгўйлардан қил, ибодат йўлларини кўрсат ва тавбаларимизни қабул айла! Сен тавбаларни албатта қабул қилувчи меҳрибон Зотсан!".
Иброҳим ва Исмоил алайҳимассаломлар яна Аллоҳ таолога бундай дуо-илтижолар билан ёлборишди: "Эй Аллоҳим, бизларни амрингга қулоқ тутиб, Ўзингга бўйсунувчилардан қил! Зурриётларимиздан ҳам Сенга ихлосли кишиларни чиқар! Бизга динимиз арконлари, ҳаж амалларидан таълим бер ва бизни тавбага юзлантир, тавбаларимизни қабул эт! Зеро, Сен Хожамизсан, тавба қилувчиларнинг чин қалбдан қилган тавбаларини қабул этувчисан!"
“Мақоми Иброҳим” луғатда «Иброҳим (алайҳиссалом) турган жой» маъносини билдиради. Иброҳим алайҳиссалом бир тош устида туриб Каъбани қураётганларида унга оёқ излари тушиб қолган. Шу тош ва унинг атрофи «Мақоми Иброҳим» деб аталади. У Масжид ул-Ҳаром ичида, Каъба яқинида, алоҳида белги билан кўрсатилган. Иброҳим алайҳиссалом Байтуллоҳни қуриб бўлгач шу ерда намоз ўқиганлар. Қуръони каримда: «Мақоми Иброҳимни намозгоҳ тутинг», деб буюрилгани учун тавофдан кейин ушбу мақомда икки ракат намоз ўқилади.
129. "Эй Парвардигоримиз, уларга ўзларидан бўлган, оятларингни тиловат қилиб берадиган, Китоб ва ҳикматни ўргатадиган, уларни поклайдиган Пайғамбар юбор. Ҳақиқатан қудрат ва ҳикмат Сендадир!".
Ислом рисолати, Муҳаммад алайҳиссаломнинг инсониятга пайғамбар этиб юборилганлари ушбу дуонинг ижобатидир. Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломнинг илтижоларини ижобат қилиб, инсониятга Аллоҳ ваҳийларини етказувчи, Унинг китоби ва ҳикматларини ўргатувчи, уларни гуноҳ ва ширк балосидан покловчи охирзамон Пайғамбарини юборди. Бу Парвардигорнинг инсонларга буюк фазли ва раҳматидир. Уламолар "ҳикмат"дан мурод, Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатлари, дейишган. Пайғамбарнинг вазифалари умматни ширк, куфр ва ёмон хулқлардан поклашдир.
Ислом барча замонларнинг ва ҳамма умматларнинг рисолатидир. Олдин ўтган пайғамбарларники каби муайян аср, баъзи замонларгагина тегишли муваққат рисолат эмас. Исломгача барча пайғамбарлар маҳдуд бир замонга юборилган бўлса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёматга қадар боқий бир рисолат эгаси, пайғамбарларнинг охиргиси, якунловчисидирлар. Исломдан кейин бошқа бир шариат келмайди. Қуръони каримдан сўнг бошқа китоб нозил бўлмайди. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан кейин бошқа пайғамбар келмайди. Бу умматнинг Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом ҳозиргача тарих кўрган барча пайғамбарларнинг энг аълосидирлар. Бу зот бутун инсониятга йўлбошчи ўлароқ юборилган Коинот сарвари ва фахри, инсонларнинг энг афзали ва комили, мусулмонларнинг қиёматдаги шафоатчиси, Аллоҳ таоло юборган пайғамбарларнинг энг сўнггисидирлар. Бу ҳақиқат, яъни инсониятнинг икки дунё саодатига эришиши учун, руҳий ва моддий олами ўзаро мутаносибликда бўлиши учун бирдан-бир нажот йўли – Аллоҳ таолонинг охирги ҳақ дини Ислом экани ҳақидаги кашфиёт бугунга келиб очилгани йўқ. Аллоҳ таоло буни ўн беш аср муқаддам бандаларига нозил қилган Китобида очиқ-ойдин айтиб қўйган: «(Эй мусулмонлар), одамларга рўбарў қилинган умматнинг энг яхшиси бўлдинглар: яхшиликка буюрасизлар, ёмонликдан қайтарасизлар ва Аллоҳга имон келтирасизлар. Агар Аҳли китоблар ҳам имон келтиришганида эди, ўзларига яхшироқ бўларди. Улардан имонлилари ҳам бор, аммо кўплари фосиқлардир. » (Оли Имрон, 110);
130. Иброҳимнинг динидан ўз қадрини билмайдиган енгилтакларгина юз ўгирадилар. Биз дунёда Иброҳимни танлаб олганмиз, охиратда ҳам у солиҳлардан бўлур.
Яъни, Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломни Ўзининг ҳақ динига, тавҳидга даъват этиши учун танлаб олган. "Улул азм" пайғамбар, Аллоҳнинг дўсти бўлмиш Иброҳим алайҳиссалом айримлар даъво қилаётганидай йўлдан адашмаган, ҳидоят йўлида мустақим борувчидир ва у охиратда солиҳлигича қолади. Бу сўзлар Аллоҳ таоло томонидан Иброҳим алайҳиссаломга бўлган мақтовдир. У кишига Аллоҳнинг Ўзи ваҳий орқали: "Сени Ўзимга дўст тутганимнинг сабаби олишни эмас, беришни яхши кўришинг ва одамлардан ҳеч нарсани тамаъ қилмаслигингдир", деган. Қуръони каримнинг бошқа бир сурасида зикр этилишича, Иброҳим алайҳиссалом бундай деганлар: "Мен Ҳақ йўлга мойил ҳолимда юзимни осмонлар ва Ерни яратган Зотга қаратдим ҳамда мен мушриклардан эмасман" (Анъом, 79). Ҳеч ким ҳазрати Иброҳимнинг ҳаниф динини ёмон кўриб, ундан юз ўгирмаслиги керак, Аллоҳга ширк келтирмаслиги лозим. Ким ўз нафсига зулм қилса, ўз қадрини билмайдиган нодонлардан саналса, ҳидоят йўлидан адашиб, залолатга кетса, бу диндан юз ўгирган бўлади.
131. Парвардигори унга: "Бўйсун!" деганида у: "Оламлар Парвардигорига бўйсундим" деганини эсланглар.
Яъни, Парвардигорнинг Ўз халили (дўсти) Иброҳимни бундай олий мақомга кўтаришига сабаб: "Менга бўйсун, ихлос билан тоат-ибодатда бўл!" деганида Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳ азза ва жалланинг амрига дарҳол жавоб қилди ва: "Эй Парвардигорим, Сенга ихлос билан ибодат қиламан, тоатингга сўзсиз бўйсунаман!" деди. Аллоҳ таоло айтади: "Иброҳим яҳудий ҳам, насроний ҳам бўлмаган, балки Ҳақ йўлдан тоймаган (ҳаниф) мусулмон бўлган ва мушриклардан бўлмаган" (Оли Имрон, 67).
Аллоҳга ва Унинг расулига ўзини таслим қилган ва билмаган илмини билувчи шахсга топширган киши ҳақиқий эҳтиёткор мўмин ҳисобланади. Кишининг мусулмонлик қадами Яратувчига таслим бўлиш ва бўйсуниш билан саботли бўлади. Билиш мумкин бўлмаган нарсани билишга уринган, таслим бўлишга ақли қаноат қилмаган кишини истаги холис тавҳиддан, соф маърифатдан, ҳақиқий имондан тўсиб қўяди. Ундай киши куфр билан имон, рост дейиш билан ёлғон дейиш, иқрор бўлиш билан инкор қилиш ўртасида сарсон бўлади. Яъни, васвасага гирифтор бўлиб, шакка тушиб на ишонган мўмин, на ишонмаган мункир бўлади. “Ислом” сўзининг маъноси ҳам «Аллоҳ ягона» деб эътиқод қилиш, унга бўйсуниш ва бутун қалб билан Унга ихлос қилиш ва Аллоҳ буюрган диний эътиқодга имон келтириш, Аллоҳ таолонинг яккаю ягоналигига ишонишдир. У юборган Пайғамбарга эргашган, Аллоҳнинг Ўзигагина бўйсунган ва таваккул қилган киши чин мусулмондир.
132. Иброҳим буни ўғилларига ва шунингдек, Яъқуб ҳам васият қилиб: "Эй ўғилларим, Аллоҳ сизларга шу динни танлади, мусулмон бўлмагунингизча дунёдан ўтмайсиз", деди.
Иброҳим алайҳиссаломнинг ўзлари Парвардигорларига бўйсуниб, ширк асосига қурилган барча ботил динларни тарк этиш, тавҳидга асосланган (ҳаниф) динга амал қилиш билан чекланмай, фарзандларини ҳам, бошқаларни ҳам шунга даъват қилдилар. Иброҳим алайҳиссаломнинг набираси бўлмиш Яъқуб алайҳиссалом ҳам шундай васият қилган. Улар васият қилган дин аслида Исломдир, фақат улардан кейин келган авлодлар унинг номини ўзгартириб юборишди. Аллоҳ таоло айтади: "Чиройли амал қилувчи ҳолида ўзини Аллоҳга бўйсундирган ва тўғри йўл – Иброҳим динига эргашган кишидан бошқа кимнинг дини чиройлидир? Ваҳоланки, Аллоҳ Иброҳимни дўст тутгандир" (Нисо, 125). Барча пайғамбарлар алайҳимуссалом даъват этган дин аслида бирдир. Улар инсонларни оламни ягона Аллоҳ таоло яратганига иқрор бўлишга ва фақат Унга ибодат қилишга чақиришган. Улар етказган ҳукмлардагина фарқ бордир, асосий даъватларида эса фарқ йўқ. Аллоҳ таолонинг барча бандалар учун рози бўлган дини Исломдир. Ислом тавҳид динидир. Аллоҳ таоло юборган барча пайғамбарлар: Одам, Нуҳ, Иброҳим, Мусо, Исо, Муҳаммад алайҳимуссалом инсониятни асосда бир динга – Аллоҳ таолонинг улуҳиятда ва рубубиятда ягоналигига, Унинг китобларига, фаришталарига, расулларига ва қиёмат кунига имон келтиришга, фақат Унга ибодат қилишга даъват этишган (Шўро, 13). Пайғамбарлар даъват этган дин асосда бир бўлса-да, улар етказган ҳукмлар, яъни шариатлар турличадир. Шунинг учун кейин келган пайғамбар даврида аввалда ўтган пайғамбар етказган ҳукмлар (шариат) бекор бўлган. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом охирги пайғамбар бўлганлари сабабидан олдин ўтган барча пайғамбарларнинг етказган ҳукмлари (шариатлар) мансух бўлган. Пайғамбаримиз етказган ҳукмлар, яъни Ислом шариати қиёматгача боқийдир.
133. Яъқубга ўлим келгач ўғилларига: "Мендан кейин кимга ибодат қиласизлар?" деганида, "Сенинг Илоҳинг, оталаринг Иброҳим, Исмоил ва Исҳоқларнинг Маъбуди бўлмиш ягона Илоҳга ибодат қиламиз ва Унгагина итоатда бўламиз", дейишганига гувоҳ эмасмидингиз?
Бу оят яҳудийлар ҳақида нозил бўлган. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: "Билмайсанми, Яъқуб вафот этаётганида ўғилларига яҳудийликни васият қилган эди", дейишган. Яъқуб алайҳиссалом ҳам вафотларидан олдин фарзандларини боболари Иброҳим алайҳиссаломнинг ҳаниф дини бўлмиш Исломга киришни васият қилганлар. У киши ўлимлари яқинлашганида фарзандларидан: "Мендан кейин кимга ибодат қиласизлар?" деб сўрайдилар. Шунда фарзандлари: "Сенинг илоҳинг бўлмиш Аллоҳ таолога, оталаринг Иброҳим, Исмоил, Исҳоқларнинг илоҳи бўлмиш ягона Аллоҳ азза ва жаллага тоат-ибодатда бўламиз", дейишади. Муфассирларнинг ёзишича, Иброҳим алайҳиссаломнинг Ҳожар исмли аёлларидан Исмоил алайҳиссалом, Сора исмли аёлларидан Исҳоқ алайҳиссалом туғилган. Ибн Касир айтади: "Исҳоқ акаси Исмоил туғилишидан ўн тўрт йил ўтиб, отаси Иброҳимнинг ёши юзга яқинлашиб қолганида дунёга келди. Исҳоқ туғилиши ҳақида башорат берилганида онаси Соранинг ёши тўқсонда эди". Яъқуб алайҳиссалом эса Исҳоқ алайҳиссаломнинг ўғли бўлган. Ибн Касирнинг айтишича, "Аҳли китоблар Исҳоқ алайҳиссаломнинг қирқ ёшларда, оталари Иброҳим алайҳиссалом ҳаётлик чоғларида уйланганини зикр этишади. Исҳоқ алайҳиссаломнинг Тавомийн исмли хотинидан Айс ва Яъқуб дунёга келишган".
134. Улар ўтиб кетган бир умматдир. Уларнинг амаллари ўзларига, сизларнинг амалларингиз ўзларингизгадир. Сизлардан уларнинг қилмишлари ҳақида сўралмайди.
Яъни, эй инсонлар, ўтиб кетган аждодларнинг қилмишлари ҳақида сиздан сўралмайди, уларнинг амалларига яраша жазолаш ёки мукофотлаш Парвардигорингизнинг Ўзига ҳаволадир. Сизлар ўзларингиз қилаётган амалларга эътиборли бўлинг, Аллоҳга осийлик қилманг, Унинг амрларига бўйсунинг, Аллоҳ ва Унинг ваҳийларини асло инкор қилманг! Ўтмишдагилар ҳам, сизлар ҳам – ҳамма ўзининг қилган амалига ўзи жавоб беради. Ким (хоҳ кофир, хоҳ мусулмон) бу дунёда қўлидан келадиган ҳаракатни қилса, амалига яраша самарасини камситилмасдан тўлиқ олишини Аллоҳ таоло кафолатлаган. Охират учун ҳаракат ҳеч қачон бу дунёни тарк этишни талаб этмайди. Инсон имонли бўлса, дунё учун қилган амалларини имонли ҳолда бажариб, охиратда ҳам, бу дунёда ҳам улуғ мақомга эришади. Исломда қуруқ гап (ёки ният)нинг эътибори йўқ, балки айтилган гап (ёки ният)ни амал билан тасдиқлаган, яъни, фақат Парвардигорга ибодат қилиб, фақат Унга суянганларнинг мукофоти жаннатда мангу қолишдир. Тиллари билан айтган гапларга амал қилиш керак бўлганида юз ўгириб, бошқа томонга кетадиганлар мўмин эмас, мунофиқдирлар. Аллоҳ таолога ва Пайғамбарга ишонмай, фақат бу дунё ҳаёти ва зийнатини хоҳлаб амал қилганлар бу дунёда фақат орзуларига эришадилар, аммо охиратда улар учун дўзах оловидан бошқа ҳеч нарсага эриша олмайдилар, чунки улар охират ҳаёти учун ҳеч бир амал қилмаганлар.
135. Улар: "Яҳудий ё насроний бўлинглар, ҳидоят топасизлар", дейишади. (Эй Муҳаммад), "Йўқ, Иброҳимнинг ҳаниф динида бўламиз, у мушриклардан эмас эди", денг.
Ушбу оят Мадина яҳудийларининг бошлиқлари Каъб ибн Ашроф, Молик ибн Сайф, Абу Ёсир ибн Ахтоб ва Нажрон насронийлари ҳақида тушган. Улар мусулмонлар билан дин борасида тортишишди. Ҳар бир фирқа ўзини Аллоҳ динига ҳақлироқ деб даъво қиларди. Яҳудийлар: "Пайғамбаримиз Мусо барча пайғамбарларнинг, китобимиз Таврот барча китобларнинг, динимиз барча динларнинг афзалидир" дея Исо ва Муҳаммад алайҳиссаломларга, Инжил ва Қуръонга куфр келтиришди. Насоролар эса: "Набийимиз Исо барча набийларнинг, китобимиз Инжил барча китобларнинг, динимиз эса барча динларнинг афзалидир" дея Муҳаммад алайҳиссаломга ва Қуръонга кофир бўлишди. Буларнинг ҳар бири мусулмонларга: "Бизнинг динимизга киринглар, ундан бошқа дин йўқ" дея ўз динларига даъват қилишар эди.
“Ҳаниф” сўзи луғатда «чин эътиқоддаги, тақводор» маъноларини англатади. Исломгача бўлган даврда турли қабила бутлари ва санамларга сиғинишни рад этган, тавҳидга (яккахудоликка) астойдил имон келтирган, зоҳид ва тақводор, аммо яҳудийлик ёки насронийликка қўшилмаган ва Иброҳим алайҳиссаломнинг динларида бўлган кишилар «ҳанифлар» деб аталган. Қуръони каримда Иброҳим алайҳиссаломнинг ўзлари ҳам «ҳаниф» деб номланган. Милодий саккизинчи-тўққизинчи асрлардан бошлаб ҳаниф кўпинча «мусулмон», ҳанифлик дини эса «Ислом» маъносида қўллана бошлаган.
136. (Эй мўминлар), "Аллоҳга, бизларга туширилган нарсага, Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва уларнинг авлодига туширилган нарсага, Мусо ва Исога, бошқа пайғамбарларга Парвардигорлари томонидан берилган нарсаларга имон келтирдик. Уларнинг ҳеч бирини ажратмаймиз ва Ўзига бўйсунамиз", денглар.
Аллоҳ таолонинг барча пайғамбарларига ва уларга туширилган нарсаларга истисносиз ишониш имон шартларидан биридир. Пайғамбарларнинг вазифаси имон келтириб, тоат-ибодат қилган инсонларга жаннат башоратини қилиш, куфр ва исёнда бўлган инсонларни дўзах азобидан огоҳ этиш, инсонларга дунё ва дин ишларида улар муҳтож бўлган нарсаларни баён этишдир. Пайғамбарларнинг барчаси Одам наслидан, гуноҳ, куфр, туғёндан асралган, пок, ақл ва ибодатда комилдирлар. Уларнинг барчаси бир динда – Ислом динидадир. Зеро, уларнинг барчаси ўз қавмларини фақат Аллоҳ таолога ибодат қилишга, Унинг улуҳиятига, рубубиятига, исм ва сифатларига ширк келтирмасликка даъват қилишган. Улар зиммаларига юкланган вазифаларни тўла адо этишган. Пайғамбарларнинг боши Одам алайҳиссалом, охирлари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. Қуръони каримда йигирма беш пайғамбарнинг номи зикр этилган: булар – Одам, Идрис, Нуҳ, Ҳуд, Солиҳ, Иброҳим, Лут, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб, Юсуф, Айюб, Зулкифл, Шуъайб, Мусо, Ҳорун, Довуд, Сулаймон, Илёс, Алясаъ, Юнус, Закариё, Яҳё, Исо ва охирги пайғамбар Муҳаммад алайҳимуссаломлардир. Узайр, Луқмон, Зулқарнайн номлари ҳам Қуръонда келган, уларни баъзилар набий деса, баъзилари валий дейишган, бунда ихтилоф бор. Одам, Нуҳ, Иброҳим, Мусо, Исо, Муҳаммад алайҳимуссалом шариат соҳиблари бўлишгани учун "Улул азм" пайғамбарлар дейилади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ривоят қилишича, "Аҳли китоблар Тавротни ибронийча қироат қилиб, уни Ислом аҳлига арабча тафсир қилишар эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: "Аҳли китобларга ишонманглар ҳам, уларни ёлғончи ҳам деманглар, уларга: "Аллоҳга, бизларга туширилган нарсага, Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва уларнинг авлодига туширилган нарсага, Мусо ва Исога, бошқа пайғамбарларга Парвардигорлари томонидан берилган нарсаларга имон келтирдик. Уларнинг ҳеч бирини ажратмаймиз ва Ўзига бўйсунамиз", денглар" (Бухорий ривояти).
137. Улар ҳам сизлар каби имон келтиришса, тўғри йўлни тутган бўлишади, агар юз ўгиришса, демак сизларга адоватдадирлар. Сизга (эй Муҳаммад), Аллоҳнинг Ўзи кифоядир. У эшитувчи ва билувчидир.
Аҳли китобларга ҳам Аллоҳнинг сўнгги дини бўлмиш Ислом таклиф этилган, аммо улар саркашликлари, ғурурлари сабабидан исломиятни тан олмай келишяпти. Тан олиш уёқда турсин, ўз манфаатларидан келиб чиқиб, Исломга, мусулмонларга ҳар жабҳада фаол кураш олиб боришяпти. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло Ислом динини бутун инсоният учун охирги ҳақ дин деб танлаган, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом эса қиёматгача барча инсонларга юборилган сўнгги пайғамбардирлар. Ислом барча замонларнинг ва ҳамма умматларнинг динидир. Олдин ўтган пайғамбарларники каби муайян аср, баъзи замонларгагина тегишли муваққат рисолат эмас. Исломгача барча пайғамбарлар маҳдуд бир замонга юборилган бўлса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёматга қадар боқий бир рисолат эгаси, пайғамбарларнинг охиргиси, якунловчисидирлар. Исломдан кейин бошқа бир шариат келмайди. Қуръони каримдан сўнг бошқа китоб нозил бўлмайди. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан кейин бошқа пайғамбар келмайди.
Пайғамбар алайҳиссаломга динни ёйиш йўлидаги машаққат ва озорларни енгишда, дин душманларининг кирдикор ва ҳужумларига қарши курашда Аллоҳ таолонинг Ўзи кифоя қилади. У эшитувчи ва билувчидир. Аллоҳ таолонинг сифатларидан бири ал-Алиймдир, яъни ҳар бир нарсани билувчи, бўлган ва бўладиган, аввалги ва охирги, зоҳир ва ботин нарсаларнинг барчасини билувчидир. У Зотнинг сифатларидан яна бири ал-Самиъ, яъни ҳар бир нарсани эшитувчидир. Тилларнинг турли-туман бўлиши, ҳожатларнинг ҳар хил бўлишига қарамай У нидоларнинг ҳаммасини эшитадиган Зотдир. Унинг эшитишида махфий сўз билан очиқ сўз баробардир. Аллоҳ таолонинг эшитиши овозларнинг ҳаммасини қамраб олган. Унга овозлар аралашиб кетмайди. Овозлардан баъзисини эшитиши бошқасини эшитишдан Уни чалғитмайди. Сўровларнинг турли туман бўлиши Уни адаштириб юбормайди.
138. "Аллоҳнинг сибғасини қабул қилдик, Аллоҳдан ҳам яхшироқ сибға берувчи борми? Унгагина ибодат қиламиз".
Ояти каримадаги "сибға" сўзининг маънолари кўп: у "бўёқ, ранг, ҳақ дин, эътиқод, насронийлардаги чўқинтириш маросими" маъноларини англатади. Бу ўринда калима "ҳақ дин" маъносида келган. Парвардигор мусулмонларга қарата: "Сизлар Аллоҳ таоло рангини, яъни ҳақ динини қабул қилганмиз, чунки бу дин эргашувчиларни турли нопокликлардан халос қилади, бошқа рангга эҳтиёжимиз йўқ" денглар" деб буюрмоқда. Чунки насронийлар бола туғилса ё бир одам динларига кирса, энди холис насроний бўлди, деб уни сариқ рангга бўяшар эди. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо бундай дейди: "Насронийлар янги фарзанд туғилганидан етти кун ўтгач, ўзларининг махсус сувларида чўмилтиришар эди. Буни "маъмудия" (хатна ўрнида қилинадиган поклаш) дейишади. Шундай қилингандагина бола ҳақиқий насроний саналарди. Аллоҳ бу оятни шу муносабат билан нозил қилган".
139. (Эй Муҳаммад), уларга: "Биз билан Аллоҳ хусусида тортишасизларми, ҳолбуки У бизнинг ҳам, сизларнинг ҳам Парвардигорингиздир. Бизнинг амалимиз ўзимизга, сизларники ҳам ўзингизга ва биз Унга ихлослимиз", денг.
Яъни, эй Пайғамбарим, яҳудий ва насронийларга айтингки, бизлар билан Аллоҳ хусусида бефойда тортишув-баҳслашишларга бориб ўтирманглар, ахир Аллоҳ азза ва жалла яҳудийларнинг ҳам, насронийларнинг ҳам, мусулмонларнинг ҳам Парвардигоридир. Сизлар ўзларингизга мақбул амалларингизни қилинглар, биз ўзимизга буюрилганини қиламиз. Фақат мусулмонлар Аллоҳга чин ихлослари билан ажралиб туришади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат этади: “(Эй Муҳаммад), айтинг: «Эй кофирлар, мен сизлар ибодат қилаётган нарсаларга ибодат қилмайман; сизлар ҳам мен ибодат қилаётганга ибодат қилмайсизлар. Мен сизлар ибодат қилаётганга ибодат қилувчи эмасман; сизлар ҳам мен ибодат қилаётганга ибодат қилувчи эмассизлар. Сизларнинг динингиз – ўзингизга, менинг диним – ўзимга» (Кафирун, 1-6). Яъни, сизларнинг куфр ва ширкингиз ўзингизга бўлаверсин, менинг диним ўзимгадир. Менинг диним тавҳид, ихлос, ва бўйсуниш динидир, сизларники эса кўпхудоликдир. Мен асло бутпарастлик йўлини танламайман, сизларга эса ҳақ дин томонга ўтишга кибр, ғурур ва жоҳилликларингиз йўл бермаяпти. Аллоҳ таоло Кафирун сурасини туширганида эрталаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Масжидул-Ҳаромга бордилар. У ерда бир гуруҳ қурайшликлар турган эди. Пайғамбар алайҳиссалом уларга бу сурани охиригача ўқиб бердилар. Буни эшитгач, улар Расулуллоҳдан бутунлай умидларини узишди.
140. Ёки (эй Бани Исроил), "Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва унинг авлоди яҳудий ё насроний эдилар" деяпсизларми? (Эй Муҳаммад): уларга айтинг: "Сизларми яхши биладиган ёки Аллоҳми? Ўзидаги Аллоҳдан келган шаҳодатни яширган кимсадан ҳам золимроқ ким бор? Аллоҳ қилмишларингиздан ғофил эмас".
Иброҳим алайҳиссалом ва у зотнинг авлодлари ҳақида яҳудий ва насронийларнинг даъволари мутлақо ёлғондир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган: "Ма кана Иброҳиму яҳудийяв ва ла насронийя", яъни Иброҳим алайҳиссалом на яҳудий, на насроний бўлганлар, балки ҳаниф мусулмон эдилар. Ўзбекистон телевидениеси бир вақтлар "Муҳаммадур-Расулуллоҳ" кўп серияли фильмини намойиш қилаётганида бир зиёли шундай савол берган эди: "Мен бир нарсани тушуна олмай қолдим. Ислом дини Муҳаммад алайҳиссаломга туширилган дин бўлса, унда нега у зотдан анча олдин ўтган Иброҳим алайҳиссаломни ҳам бу фильмда мусулмон дейишяпти?" Бу дўстимиз билмас эдики, Ислом таълимотига кўра, Одам алайҳиссаломдан тортиб охирги пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломгача бўлган барча пайғамбарлар Исломга, тавҳидга, яъни ёлғиз Аллоҳга имон келтиришга даъват қилишган, қиёмат кунига ва унда ҳар ким бу дунёдаги амалига яраша мукофот ёки жазо олишига ишонишга чақиришган, инсонларни икки дунё саодатига эришишига сабаб бўладиган шариат аҳкомларини баён қилишган. Чунки Ислом келажак, истиқбол рисолати бўлгани каби олис мозийнинг рисолати ҳамдир. У ўз жавҳарида, эътиқодий ва ахлоқий моҳиятида ўтган барча пайғамбарлар ва нозил қилинган китоблар рисолатидир.
141. Улар ўтиб кетган бир умматдир. Уларнинг амаллари ўзларига, сизларнинг амалларингиз ўзларингизгадир. Сиздан уларнинг қилмишлари ҳақида сўралмайди.
Бу ояти карима такроран келди, 134-оятда ҳам Аллоҳ таоло айнан шундай хитоб қилган эди. Уламолар фикрича, биринчисида Аҳли китобларга, иккинчисида эса, Ислом умматига қарата хитоб қилинган ёки ҳар иккиси ҳам Аҳли китобларга таъкид учун такроран тушган.
Қуръони каримнинг жуда кўп оятларида тавҳид, яъни улуҳият ва убудият (худолик ва бандалик) ҳақиқати ўтган умматлар тақдири мисолида баён қилинади. Ўтган умматлар орасида Аллоҳга ширк келтиришда ғоят машҳур бўлган қавмлардан бири Иброҳим алайҳиссаломнинг умматларидан эди. Бунинг устига, Қуръони карим нозил бўлаётган пайтдаги араб мушриклари – Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ва мусулмонларга юзма-юз қарши турган мушриклар ўзларини Иброҳим алайҳиссаломнинг миллати ва у зотнинг йўлида юрганлар деб ҳисоблашар ва бу билан фахрланишар эди. Аслида Иброҳим алайҳиссалом улар даъво қилаётганидй мушриклардан бўлмаган, балки асл тавҳидга асосланган ҳаниф динда бўлган. У киши мушрик оталари ва жоҳил қавмларининг ширк ботқоғига ботганини кўриб, уларни бундан қайтариш, ҳақ йўлга буриш йўлида қанчалар ҳаракат қилмасинлар, улар ширк чангалидан қутила олишмади. Отаси ҳам, қавмнинг бошқа аҳли ҳам тошдан, ёғочдан ўзлари йўниб-ўйиб ишлаб олган бут ва санамларга сиғинишда давом этаверди. Аллоҳнинг пайғамбари мушрикларга қанчалар хитоб қилиб, қилмишларининг ботиллигини эслатмасин, улар ҳидоятга юрмади.
ИККИНЧИ ЖУЗ
142. Одамларнинг эси пастлари: "Нима буларни қиблаларидан юз ўгиртирди?" дейишади. "Машриқ ва Мағриб Аллоҳники, Ўзи хоҳлаганларни тўғри йўлга бошлайди", денглар.
Аллоҳ таолонинг амрига кўра мусулмонларнинг қиблалари ўзгартирилиб, энди улар Масжидул-Ақсо ўрнига Масжидул-Ҳаромдаги Каъбага юзланиб намоз ўқий бошлашганида айрим нодон кимсалар: "Ие, буларнинг қибласи нега ўзгариб қолди, бунинг боиси нима экан?" каби савол беришга тушди. Шу боис Аллоҳ таоло мусулмонларга бундай хитоб қиляпти: ўша нодонларга айтинглар, шарқ томон ҳам, ғарб томон ҳам, бутун дунё Аллоҳники, У хоҳлаганини мана шундай нарсалар билан синаб ҳидоятга бошлайди, хоҳлаганини эса, залолатга кетказади.
Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага илк бор келганларида ансорлардан бўлган боболариникига – ёки тоғалариникига – тушдилар. Байтул Мақдисга қараб ўн олти ой ёки ўн етти ой намоз ўқидилар. У зотга қиблалари Байт тарафида бўлиши ёқар эди. Илк (Байтуллоҳга қараб) ўқиган намозлари аср намози бўлди. У зот билан бирга бир неча киши ҳам намоз ўқиди. Бирга намоз ўқиганлардан бир киши чиқиб, бир масжид аҳлининг ёнидан ўтди. Улар рукуъда эди. Шунда у: «Аллоҳ номи ила гувоҳлик бераманки, шак-шубҳасиз, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Макка томонга қараб намоз ўқидим», деди. Натижада улар ўша ҳолларида Байт томонга бурилишди. У зотнинг Байтул Мақдисга қараб намоз ўқишлари яҳудийларга ва аҳли китобларга ёқар эди. Юзларини Байтуллоҳ томон бурган эдилар, улар буни қабул қилишмади» (Бухорий ривояти).
143. Шу тариқа сизларни бошқаларга гувоҳ бўлишингиз ва Пайғамбарнинг сизларга гувоҳ бўлиши учун "ўрта бир уммат" қилдик. (Эй Муҳаммад), сиз юзланган олдинги қиблани Биз фақат орқага қайтиб кетаётганлардан ким Пайғамбарга эргашар экан, деб қилдик. Бу, гарчи Аллоҳ ҳидоятга бошлаганлардан бошқаларга оғир бўлса ҳам. Аллоҳ имонларингизни зое қилувчи эмас, Аллоҳ ҳақиқатан одамларга меҳрибон ва раҳмлидир.
Ояти каримадаги "ўрта уммат"ни кўпгина муфассирлар умматларнинг энг яхшиси, ўртача, мўътадил йўлдаги, олдинги қавмларнинг хатоларини такрорламайдиган Ислом умматидир, дея тафсир қилишган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келгач, ўн етти ойча Байтул-Мақдис (Қуддуси шариф)га қараб намоз ўқидилар. Кейин шарафли Каъба томон юзланишга амр бўлди. Шу хусусда яҳудийлар ва баъзи имони суст мусулмонлар томонидан бўладиган эътирозни Аллоҳ таоло олдиндан баён қилиб жавобини берадики, Машриқ ҳам, Мағриб ҳам Ўзининг мулкидир, ҳозиргача у тарафга юзланишни буюрган Аллоҳ энди бу тарафга қараб ибодат қилишни амр этмоқда. Йўналиши ўзгарса ҳам ибодат Аллоҳ таолонинг Ўзигадир. Асли қибланинг ўзи ҳозиргисидир, бу борада баҳс-эътирозлар беҳудадир. Аввал ўқилган намозлар зое бўлмайди, бу ҳолат туфайли ҳақиқий ҳидоятдагилар маълум бўлди. Бу уммат бошқа барча умматлардан фазилатлидир, чунки пайғамбарлари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламҳамма набийлардан афзалдирлар. Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳу шундай ривоят қилади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Байтул-Мақдисга қараб ўн олти ёки ўн етти ой намоз ўқидилар, аммо аслида Байтуллоҳнинг ўзларига қибла бўлишини хоҳлар эдилар. Бир куни у зот Байтуллоҳга қараб намоз ўқидилар, қавм ҳам эргашди. Кейин у зот билан бирга намоз ўқиганлардан бири намоз ўқиб турган бир гуруҳ олдига бориб: "Аллоҳ таолони гувоҳ қилиб айтаманки, мен ҳозиргина жаноб Расулуллоҳ билан бирга Маккага қараб намоз ўқидим", деди. Шунда бояги намозхонлар Байтуллоҳ томонга ўгирилиб олишди. Қибла Байтул-Мақдисдан Байтуллоҳ томонга ўзгартирилмасидан олдин шаҳид бўлганлар ҳам бор эди, биз улар хусусида нима дейишни билмас эдик. Аллоҳ таоло: "Аллоҳ имонларингизни (яъни Байтул-Мақдисга қараб ўқиган олдинги намозларингиз ажрини) зое кетказмайди, Аллоҳ ҳақиқатан одамларга меҳрибон ва раҳмлидир" оятини нозил қилди" (Бухорий ривояти).
144. Гоҳо юзингизни осмонга қаратганингизни кўриб турибмиз. Энди ўзингиз рози бўлган қиблага юзлантирамиз. Юзингизни Масжидул-Ҳаром тарафга буринг! Қаерда бўлсангизлар ҳам юзларингизни у томонга буринглар! Китоб берилганлар бунинг Парвардигорларидан келган Ҳақиқат эканини албатта билишади ва Аллоҳ уларнинг қилмишларидан ғофил эмасдир.
Мусулмонлар намоз ўқишда юзланиб турадиган томон "қибла" дейилади. Ҳозир қибла Саудия Арабистонининг Макка шаҳридаги Масжидул Ҳаромда ичида Каъба ўрнашган жойдир. Исломнинг илк даврида мусулмонлар Қуддуси шарифдаги Ақсо масжиди тарафга қараб намоз ўқишар эди. Кейинчалик Қуръони карим ҳукми билан намозни Каъба тарафга юзланиб адо этишга амр бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинада ибодат қилаётганларида муборак юзларини ҳамиша осмон тарафга қаратиб, ҳукмга мунтазир турардилар ва қибланинг Каъбага бўлишини кутиб юрардилар. У зотнинг истакларига мувофиқ ҳукм келиб, шарафли Каъба то қиёматгача мусулмонларга қибла бўлиб қолди.
Қиблага қараб оёқ узатиб ўтириш ёки ётиш, ҳожат ушатиш қаттиқ одобсизлик саналади. Намозхон қаерда бўлишидан қатъи назар, намозни қиблага юзланиб ўқиши шартдир. Касаллиги ёки хатар сабабли ёхуд қибла қайси тарафда эканини аниқлай олмай қиблага юзлана олмаган киши имкони бор, кўнгли таскин топган тарафига қараб ўқийди. Аҳли китоблар ҳам бунинг Парвардигорлари ҳузуридан эканини, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом келтирган шариат қиёматгача барча инсонларга юборилган илоҳий дастур эканини яхши билишади, аммо саркашликлари туфайли буларни тан олишдан, қиблага юзланишдан бош тортишади. Аллоҳ уларнинг барча қилмишларини билиб туради.
145. Қасамки, агар Китоб берилганларга барча далилларни келтирсангиз ҳам улар қиблангизга юзланишмайди, сиз ҳам уларнинг қибласига юзланмайсиз ва уларнинг баъзиси бошқасининг қибласини қабул қилмайди. Қасамки, агар ўзингизга келган ваҳийдан кейин ҳам уларнинг хоҳишларига эргашсангиз, унда албатта золимлардан бўлиб қоласиз.
Эй Пайғамбар, Аҳли китобларга қанча далил-исботлар келтирманг, энди улар асло сизлар юзланган қиблага қараб ибодат қилишмайди. Парвардигорингиз бандаларини синаш учун қиблани ўзгартирди, сиз уларнинг қибласини қабул қилманг, бошқаларнинг баъзиси баъзисининг қибласини қабул қилмаётгани ҳам сизни адаштирмасин. Агар ваҳийларимиз келиб туриб ҳам уларнинг истакларига бўйсунсангиз, унда жонингизга зулм қилган бўласиз. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо ривоят қиладилар: "Одамлар Қубо масжидида бомдод ўқиб туришган эди, бир одам келиб: "Аллоҳ таоло ҳазрати Расулуллоҳга ваҳий тушириб, Каъбани қибла қилишни амр этди", деди. Намозхонлар дарҳол Аллоҳ таолонинг амрига бўйин эгиб, юзларини қиблага ўгиришди" (Бухорий ривояти).
146. Биз Китоб берганлар уни худди болаларини танигандек танишади ва улардан бир гуруҳи билатуриб ҳақиқатни яширади.
Аҳли китоблар, яъни яҳудийлар ва насронийлар охирзамон Пайғамбарини худди ўз болаларини танигандек яхши танишади. Чунки уларнинг китобларида келажакда Аҳмад исмли охирзамон Пайғамбарининг чиқиши, ер юзидаги барча инсонлар у олиб келадиган шариатга бўйсунишлари лозимлиги ҳақида хабар бор эди. Аммо улардан бир гуруҳи ҳақиқатни билса ҳам, ҳасад ва кибр туфайли буни яширди. Юз йиллар олдинроқ католик руҳонийи, қадимги яҳудий тили ивритни, оромий тилини, қадимги юнон ва лотин тилларини билган Бенжамин Давид Келдани Китоб (Инжил, Таврот, Забур)дан ушбу матнларни ўқиб, ўрганиб Абдул-Аҳад Довуд исми билан Исломни қабул қилди. Унинг бу борадаги тадқиқотлари "Инжилда Муҳаммад" номли китобда нашр этилган.
Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзлари бир ҳадисларида шундай марҳамат қилганлар: “Фахр эмас-ку, мен Аллоҳнинг Ҳабибиман! Фахр эмас-ку, мен қиёмат куни ҳамд байроғини кўтарувчиман! Мен биринчи шафоат сўровчиман! Фахр эмас-ку, мен қиёмат куни биринчи шафоат қилинувчиман! Фахр эмас-ку, мен жаннатнинг ҳалқаларини биринчи ҳаракатга солувчиман. Аллоҳ менинг учун уни очур ҳамда мени ва мен билан умматимнинг фақирларини унга киритур. Фахр эмас-ку, мен аввалгилару охиргиларнинг энг мукаррамиман!».
147. Бу ҳақиқат Парвардигорингиздандир, асло шубҳа қилувчилардан бўлманг.
Бутун инсониятни қиёматгача Аллоҳнинг дини билан ошно қилувчи, охиратдаги жаннатий ҳаёт, имон ва солиҳ амаллар эвазига берилажак мукофотлар ҳақида хушхабар етказувчи, ширк ва куфр учун абадий оғир қийноқлар тўғрисида огоҳлантирувчи сўнгги Пайғамбар келиши ҳақиқати Парвардигорингиз ҳузуридандир. Эй инсонлар, бу ҳақиқат борасида асло шубҳа-гумонларга борманглар, уларга имон келтиринг, шунда нажот топасизлар.
Бу ҳақиқатни бугунги кунда нафақат мусулмонлар, балки соғорм фикрли ғарб мутафаккирлари ҳам тан олиб ёзишмоқда. Инглиз олимларидан бири Томас Карлайл шундай дейди: “Муҳаммад алайҳиссалом бутун ҳаёти давомида ўз йўлида собит турган ва бу йўлни қатъий ва виждонан ҳимоя қилган. У зот чинакам олижаноб, меҳрибон, солиҳ ва тақводор инсон бўлган. У зот бир олам фазилатлар соҳиби эди, у эркин эди, у чинакам, том маънодаги эркак эди, самимий, кучли, қатъиятли ва айни пайтда хушмуомала, юмшоқ табиатли инсон эди. У зот одамларни очиқ юз билан, очиқ кўнгил билан кутиб олар эди. У зот одамларга доим яхши муомала қилар, ёқимли суҳбатдош эди. У зот баъзан ҳазил-мутойиба ҳам қилар, шунда юзи соф юракдан чиққан нурли табассум-ла ёришар эди. Ваҳоланки баъзи одамлар борки, уларнинг кулгиси сўзлари ва амаллари каби ёлғон ва сохта бўлади... У зот одил, эзгу ниятли, ҳассос, топқир эди. Унинг юраги қўрқув билмас эди. У зот гўё нурга йўғрилган эдики, энг зим-зиё зулматда ҳам олдида йўлини ёритиб турувчи машъал бордек эди. У зот табиатан улуғвор инсон эди. Академияларда таҳсил олмаган, устозлар қўлида ўқимаган эди, бироқ у зот бунга муҳтож ҳам эмас эди”.
148. Ҳар кимнинг ўз юзланадиган тарафи бор, шундай бўлгач, сизлар яхшиликларга шошилинглар! Қаерда бўлсангизлар ҳам Аллоҳ ҳаммангизни жамлайди, Аллоҳ албатта ҳар нарсага қодирдир.
Инсондан фақат қилган яхшиликлари, солиҳ амаллари, яхши номи қолади. Шунинг учун қаерда бўлсангизлар ҳам, қай йўсинда бўлса ҳам Аллоҳ таоло фақат яхшилик қилишга буюрмоқда. Инсон қилган яхшиликлари билан Аллоҳ таоло розилигини топади. Яхшилик қилишнинг ўзи уёқда қолиб, яхшиликка йўллаб қўйганлар ҳам ажр-савобга эришишади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Яхшиликка йўлловчи киши яхшилик қилган қаторидадир", деганлар (Бухорий ривояти). Яхшиликнинг катта-кичиги бўлмайди. Ҳадисда келишича: "Бир киши йўлда ётган дарахт шохчаси олдидан ўтаётиб, "Аллоҳга қасам,буни инсонлар йўлидан олиб ташлайман, уларга озор бермасин" деганидан жаннатга киритилди" (Бухорий ривояти). Яхшилик қиласизми ёки ёмонлик, қаерда бўлишларингиздан қатъи назар, Аллоҳ таоло қиёматда барчани Ўз ҳузурида жамлайди, қилган барча амалларингиздан ҳисобга тортиласиз. Аллоҳ таоло ҳар бир нарсага қодирдир. Аллоҳ таолонинг бундай ваъдаси бор: "Ўзингизга қандай яхшиликни тайёрлаган бўлсангиз, Аллоҳ ҳузурида ундан яхшироғини ва улкан мукофотни топасизлар. Аллоҳдан кечиришини сўранглар, Аллоҳ ҳақиқатан кечирувчи ва раҳмлидир" (Муззаммил, 20).
149. (Эй Муҳаммад), қайси тарафдан чиқсангиз ҳам, юзингизни Масжидул Ҳаромга ўгиринг. Бу Парвардигорингиз тарафидан бўлган ҳақиқатдир ва Аллоҳ қилаётган ишларингиздан ғофил эмасдир.
Бундан ўн беш аср олдин Араб жазирасидаги илк мусулмонларга қаратилган "Юзингизни Масжидул-Ҳаромга ўгиринг" деган илоҳий хитобни ҳозиргача бутун дунё мусулмонлари асло оғишмай бажариб келишяпти. Улар дунёнинг қай бурчида бўлишмасин, қандай ҳолатда бўлишмасин, қай мақсадда сафарга ёки йўлга чиқишмасин, ҳар намозларида Аллоҳнинг Байти жойлашган Масжидул-Ҳаром томонга юзланадилар. Бу билан улар буюк Парвардигорларининг амрини бажариш орқали Унга қурбат ҳосил қилишни истаганларидандир.
Мусулмонлар намоз ўқишда юзланиб турадиган томон «қибла» дейилади. Қибла Саудия Арабистонининг Макка шаҳридаги Масжидул-Ҳаромдаги Каъба ўрнашган жойдир. Каъба ва у жойлашган масжид Масжидул-Ҳаром, яъни уруш жанжал, фисқ ишлар ҳаром қилинган макон, дейилади. Уни «Байтуллоҳ» ва «Байтул-атиқ» деган номлари ҳам бор. Исломнинг илк даврида мусулмонлар Қуддуси шарифдаги Масжидул-Ақсо тарафга қараб намоз ўқишарди. Кейинчалик Қуръони карим ҳукми билан Каъба тарафга юзланиб ўқишга амр бўлди. Намозхон юзини қиблага қаратиб туради. Касаллиги ёки бирор хавф-хатар сабабли қиблага юзлана олмаган киши имкони бор томонга қараб намозини ўқийди.
Қибла қайси томон экани билинмаса ёки сўраш имкони бўлмаса, атроф муҳитга қараб қиблани аниқлашга ҳаракат қилинади ва дили тортган томон қибла, деб жазм қилиб ўқилади. Кейин қибла томоннинг нотўғрилиги билинса ҳам, намозини қайта ўқимайди. Бизнинг диёр Ўзбекистонга нисбатан қибла жануби-ғарб томонда бўлиб, компас мили ғарб нуқтасидан 14 градус чап томонга қайтиши керак. Намоз ўқувчи қибла қайси томон эканини билмаганида уни аниқлашга ҳаракат қилмай бирор тарафга қараб намоз ўқиса ва у томон қибла бўлса ҳам қиблани аниқлашга ҳаракат қилмагани учун намозини қайта ўқийди. Қибла қайси томон эканини аниқлашга ҳаракат қилиб бир тўхтамга келгач, намозни бошлаган киши намоз пайтида қибла тўғрисидаги аҳди ўзгариб қолса, қибла деб ўйлаган томонига бурилиб намозини давом эттираверади. Намоз ўқувчи имомга иқтидо қилган пайтда ундан олдинга ўтиб кетса ёки қибладан бошқа томонга қараб намоз ўқиса, намози фосид (яроқсиз) бўлади. Қиблага қараб оёқ узатиб ўтириш ва ётиш, ҳожат ушатиш, тупуриш қаттиқ одобсизлик саналади.
150. Қай тарафдан чиқсангиз ҳам юзингизни Масжидул-Ҳаромга ўгиринг. (Эй мўминлар), қаерда бўлсангизлар ҳам юзингизни у тарафга буринглар, токи ноинсоф одамларда сизга қарши ҳужжат бўлмасин. Уларнинг золимлари ҳам борки, улардан қўрқманглар, неъматимни тўкис қилиб беришим ва тўғри йўлда бўлишинглар учун Мендангина қўрқинглар.
Яъни, яҳудийлар: "Пайғамбар ўзи бошқа динда бўлатуриб қибламизга – Қуддусга қараб ибодат қилади" ёки бутпараст араблар: "У Иброҳимнинг динидаман деб даъво қиладию аммо ўзи яҳудийлар қибласига юзланади" деб мусулмонларга қарши далил-ҳужжат топмасликлари учун қаерда бўлсангиз ҳам Масжидул Ҳаромга юзланинглар, дейилмоқда.
Ушбу ояти карима орқали Аллоҳ таоло инсонларни золим, дасти узун кимсалардан эмас, фақат Парвардигорларидан қўрқишга буюрмоқда. Инсон боласининг табиатида қўрқоқлик бор, янги туғилган чақалоқдан тортиб қартайган қариягача нимадандир қўрқади. Бу қўрқув эса инсонни машаққатларга, турли гуноҳларга, инсофга хилоф иш тутишга рўпара қилади. Тубанликка етакловчи табиий қўрқувдан қутулишнинг бирдан-бир йўли барча махлуқотларнинг ягона яратувчиси, ишлар ва ҳолатлар сабабларининг мусаббиби Аллоҳ таолонинг Ўзидан қўрқишдир. Ҳадиси қудсийда бундай ривоят қилинади: "Аллоҳ азза ва жалла дейди: "Иззатим ва буюклигимга қасамки, икки қўрқув ва икки хотиржамликни бандамда жам қилмайман. Ким дунёда Мендан қўрқса, охиратда уни хотиржам қиламан. Ким дунёда хотиржам бўлса, қиёматда уни қўрқитаман" (Абу Наъим ривояти). Пайғамбар алайҳиссалом бундай деганлар: "Аллоҳ азза ва жалланинг азамати, ҳайбати ва кибриёсидан ҳамиша хавф ва қўрқувда бўлиш барча ҳикматларнинг бошидир" (Термизий ривояти).
151. (Эй инсонлар), шунингдек сизларга ўз орангиздан оятларимизни тиловат қиладиган, сизларни поклайдиган, Китоб ва Ҳикматдан таълим берадиган, билмаганларингизни ўргатадиган бир Пайғамбар юбордик.
Ҳақиқатан Аллоҳ Ўзи юборган сўнгги Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломни бутун инсониятни қиёматгача ҳидоят йўлига бошлайдиган, гуноҳлардан қайтариб, маънан поклайдиган, Қуръони карим ва диндан таълим берадиган, инсонларга билмаганларини ўргатадиган йўлбошчи этиб тайин этди. У зот Аллоҳ таолонинг рисолатини умматга етказдилар, уни жаҳолат ботқоғидан қутқариб, нурли манзилларга йўлладилар. У зот алайҳиссалом рисолатни етказишда салтанатга эришишни кўзламадилар, катта бойликларни қўлга киритишни ўйламадилар, одамларга ёқиш ё шуҳратга эришишни мақсад қилмадилар. Аллоҳ таолонинг тавҳидини инсониятга етказишни, Ер юзида "Лаа илааҳа иллаллоҳ" калимаси ғолиб бўлишини истадилар, холос. Аллоҳ таоло айтади: "Ким Пайғамбарга итоат қилса, Аллоҳга итоат қилган бўлади, ким юз ўгирса, энди Биз сизни уларга соқчи қилиб юбормаганмиз" (Нисо, 80). "Ақидаи Таҳовий"да бундай келади: "Муҳаммад (алайҳиссалом) Аллоҳнинг танлаган қули ва сўнгги Пайғамбаридир. У зотдан кейин қилинган ҳар қандай пайғамбарлик даъвоси ёлғондир. У зот барча жин ва одам авлодларига юборилган ҳақиқий пайғамбардирлар". Атоқли шайх Жунайд Бағдодий бундай деган: "Аллоҳнинг лутфисиз ҳеч ким Унга етиша олмайди. Аллоҳга етишишнинг йўли эса, Унинг Расули ҳазрати Муҳаммадга тобеъ бўлишдир". Асримизга келиб бу ҳақиқатни ҳатто мусулмон бўлмаган халқларнинг мутафаккирлари ҳам тан олиб ёзишди. Улуғ олмон шоири Вольфганг Ҳёте: "Мен дунё тарихини ўқиб шундай хулосага келдим: дунё подшоҳлари тўплаган жамики салтанату бойликлар, қасрлару саройлар Муҳаммаднинг (алайҳиссалом) ямоқ яктакларига ҳам арзимас экан", деган.
Муҳаммад алайҳиссаломга эргашган, ўргатганларига амал қилган, Пайғамбар алайҳиссалом йўлини тутганларгина мўминликнинг чин саодатига эришадилар. Аммо у зотнинг таълимларини назарга илмаган, исломий билимларни ўрганишни истамаган, билган нарсаларига амал қилмаганлар эса динларидан ажраганлари учун асло нажот топмайдилар. Абдулқодир Жийлоний айтадилар: "Динингизнинг зоеъ бўлиши тўрт нарса биландир: биринчиси – билган нарсангизга амал қилмаслигингиз; иккинчиси – билмаган нарсангизга амал қилишингиз; учинчиси – билмаган нарсаларингизни ўрганмаслигингиз; тўртинчиси – инсонларни билмаган нарсаларини ўрганишларидан тўсишингиздир" (Абдулқодир Жийлоний. "Фатҳур-Роббаний файзур-Роҳманий", 36-бет).
152. Бас, Мени ёд қилинглар ва Мен ҳам сизларни ёд қилурман, Менга шукр қилинглар ва куфр келтирманглар!
Қалб ҳам худди темир каби занглайди, унинг зангини Аллоҳни зикр этиш, ёдлашгина кетказади. Аллоҳ таолонинг номини тилга олиб ёдлаш, мақташ, эслаш, сўзлаш «зикр» деб аталади. Зикр ҳам ибодатнинг бир тури, бандани ўз Парвардигорига яқинлаштирувчи воситадир. Тасаввуфда зикр тил, кўнгил ва руҳ билан бажарилади. Зикр икки хил: ошкор ва махфий бўлади. Сўфийларнинг шу маънодаги мажлиси «зикр мажлиси» дейилади. «Зикруллоҳ» Аллоҳни ёдга олиб мақташ, Унинг номини зикр этишдир. Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Парвардигорини ёд қилувчи билан Парвардигорини ёдламайдиган кимса мисоли ўлик билан тирик кабидир", деганлар" (Бухорий ривояти). Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтади: "Ҳар бир нарсанинг ярқиратадиган жилоси бор, қалблар жилоси Аллоҳни ёдлашдир". Аллоҳни ёдлаш дуодан афзалдир. Ҳадиси қудсийда келишича, "Кимни Мени ёдлаши Мендан бирор нарса сўрашидан тўсиб қўйса, Мен унга сўровчиларга ато қилганимдан кўра яхшироқ нарсаларни ато қиламан". Аллоҳни ёдлаш Аллоҳ азобидан қутқарувчи нажот кўпригидир, қалбга ҳаёт ва руҳ бағишловчи муҳим омилдир, тавбага етаклаб, маърифат эшикларини очувчидир. Аллоҳни ёдлаш ушбу ояти каримада зикр қилинганидай, У Зотнинг ҳам бандаларини ёдлашига сабаб бўлади. Дуо ижобат бўлишининг сабабларидан бири дуони ҳамду сано билан, Парвардигорни улуғлаш билан бошлашдир. Банданинг вазифаси Аллоҳни ёдлаш билангина чекланмайди, у Парвардигори берган неъматлари учун ҳамиша шукр қилиши, У зотга бошқаларни шерик қилмаслиги, Аллоҳ азза ва жаллага куфр келтирмаслиги лозим. Шундагина у чин мўмин бўла олади.
153. Эй имон келтирганлар, сабр ва намоз орқали мадад сўранглар. Аллоҳ албатта сабр қилувчилар биландир.
Бу ўринда "сабр" деганда рўза тутиш назарда тутилган. Дарҳақиқат, инсон ожиз мавжудот, Аллоҳ таолонинг жуда кўп имтиҳон-синовларига дош беролмай, оҳ-вой қилади. Аллоҳ азза ва жалла таълим беряптики, бошингизга бир мусибат, машаққат ёки бало келса, сабр ва намоз ёрдамида Парвардигорингиздан ёрдам сўранглар. Чунки Аллоҳ таоло сабр қилувчиларни ниҳоятда яхши кўради, ҳамиша собирлар билан биргадир. Инсон мусибатда, қийинчиликда, офат-балоларга дуч келганда фикр билан иш тутса, сабр қилса, ҳамма нарса Аллоҳ иродасига боғлиқлигини, ўзи эса Яратганнинг чексиз карами ва фазлидан баҳрамандлигини англаб етади. Юқоридаги оятнинг ўзи улуғ саодат, у сабрга улкан мукофотлар борлиги хабарини беряпти. Рўза ва намоз банданинг икки дунёсига татийдиган икки улуғ ибодатдир.
Сабр-матонат ва бардош мўминларнинг энг яхши сифати, уларнинг шаънини улуғловчи гўзал фазилатларидандир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бандаларини бошларига бирор мусибат, бало ёки машаққат келганида фақат сабр қилишга буюради. Қуръони каримнинг юзга яқин ояти карималарида мўмин-мусулмонлар сабр, чидам ва бардошга чақирилади ва Аллоҳ таоло сабр қилувчиларни севиши ва улар билан доимо биргалиги хабари берилади. Пайғамбар алайҳиссаломнинг қачон бошларига қийин иш тушса, намоз ўқишга шошилар эдилар, чунки намоз сабрга битмас-туганмас сабр қўшувчи сокинлик ва хотиржамлик манбаидир. Сабр инсонни оқибат чексиз-ҳисобсиз зафарларга, муваффақиятларга етиштиради.
154. Аллоҳ йўлида ҳалок бўлганларни "ўлик" деманглар, йўқ, улар тирик, лекин сезмайсизлар.
Аллоҳ динининг ғолиб бўлиши йўлидаги жангларда фидойилик кўрсатиб, ҳалок бўлганлар асло "ўлик" саналишмайди, улар ҳамиша барҳаётдир. Чунки улар бу жасоратлари билан Парвардигорлари розилигини топишди, Унинг дини равнақи йўлида энг ширин жонларидан ҳам кечишди. Охиратда улардан ҳам бахтли, улардан ҳам юқори имтиёзга эга, улардан ҳам олий мақомга эришган кимса бўлармикин?!
Ояти каримадаги “Аллоҳ йўлида қатл қилинганлар”дан мурод, шаҳидлардир. “Шаҳид” сўзи луғатда «жангда қурбон бўлган» маъносини билдиради. Жанг майдонида кофир душманлар қатл қилган, шаръий ҳукуматга қарши бош кўтарган осийлар, йўлтўсарлар ўлдирган, тунда уйига кирган ўғри тош каби бирон нарса билан ҳалок қилган, жанг майдонидан жароҳатли ўлик жасади топилган одамлар «шаҳид» ҳисобланади. Бир мусулмон киши томонидан қасд қилиб, кескир қурол билан ноҳақ ўлдирилган мусулмон ҳам шаҳид саналади. Юқоридагиларнинг шаҳид бўлиши учун улар балоғатга етган, ҳайз, нифос, жунубликдан пок бўлиши, ҳаётдан наф кўрмай жони узилган бўлиши керак. Шунингдек, шариатда туғиш пайтида ўлган, касаллик туфайли қорни шишиб ўлган, том босиб ёки сувда чўкиб ҳалок бўлганлар ҳам шаҳидга тенглаштирилган. Шаҳидларнинг қонли кийим-бошлари ечилмай, жасади ювилмай, жанозалари ўқилиб дафн этилади.
155. Ва Биз сизларни баъзан бироз қўрқинч ва очлик билан, молга, жонга, меваларга нуқсон етказиш билан имтиҳон қиламиз. (Эй Муҳаммад), сабрлиларга башорат берингки;
Аллоҳ таоло бандаларини "...бир оз қўрқинч ва очлик билан, мол-мулкка, жонга, меваларга нуқсон етказиш билан" синайди. Қийинчиликларда, синовларда одам тобланади. "Қўрқинч" деганда душмандан бўладиган хавф-хатар туйғуси тушунилади. Қаҳатчилик ёки бошқа сабаблардан келиб чиқадиган очарчилик ҳам Аллоҳ таолонинг бир нав синовидир. Шунингдек, ўғри олиши, офат етиши ёки золимларнинг тажовузи туфайли мол-мулкка нуқсон етказиш; турли хасталиклар билан, яқин кишиларнинг, ёр-биродар ва шерикларнинг ўлими, касаллиги билан жонга нуқсон етказиш; меваларга офат юбориш, баракасини ўчириш билан зарар етказиш ила синаб кўрамиз, дейди. "Қайси бир бандага Аллоҳ таоло яхшиликни раво кўрса, унга шу дунёнинг ўзида жазо ва уқубат беради. Ёмонликни раво кўрса, охиратга қолдиради" мазмунли ҳадиси шариф ривоят қилинган. Банда ўз бошига ёки мусулмон ёру биродари, қавму қариндошининг бошига синов келганида сабр қилади. Айниқса, бирор бало ёки мусибат етганида мусулмон киши сабрли бўлиши ва Жаноби Ҳақнинг ўзи ўргатган истиржоъ дуосини айтиши, ҳамма нарса Аллоҳ таолоники ва бари Унинг Ўзига қайтади, деган эътиқодни маҳкам тутиши керак. Уламолар: «Мусибатга илк тўқнашгандаги сабр муҳим, чунки вақт ўтгач киши хоҳласа ҳам, хоҳламаса ҳам сабр этади. Ақлли киши мусибатнинг бошида чидаган кишидир», дейишган.
156. уларга мусибат келганида: "Бизлар албатта Аллоҳникимиз ва албатта Унга қайтамиз", дейишади.
Оятдаги "Бизлар албатта Аллоҳникимиз ва албатта Унга қайтувчимиз" ("Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун") истиржоъ дуосидир. Мусибат ёки бир бало-офат етганида мусулмон киши сабрли бўлиб, Жаноби Ҳақ Ўзи ўргатган шу дуони айтиши лозим. Агар бу дуодан сўнг "Аллоҳумма ажирни фи мусибати вахлуф ли хайромминҳа" (яъни: "Аллоҳим, менга мусибатимда ажр бер ва унинг ўрнига яхшироғини бергин") дуосини қўшса, Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатларига амал қилган бўлади. Расулуллоҳ алайҳиссалом: "Бирортангизнинг оёқ кийими ипи узилса ҳам, истиржоъ айтсин", деганлар. Демак, каттаю кичик ҳар бир кўнгилсиз ҳодисада, кўзининг қорачиғи, жигарбанди бўлмиш боласи ўлганида ҳам, оёқ кийимининг ипи узилганида ҳам сабр керак. Барча пайғамбарлар ўз умматларига ибрат бўлиш учун ҳар қандай синов-қийинчиликларга сабр этишгани тарихдан маълум. Мусибатларга сабр этиш Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳам улуғ сифатларидан эди. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг ушбу ояти орқали у зотнинг умматлари бўлмиш сизу биз, мусулмонларга ҳам сабрни буюрган ва бунинг натижаси яхшилик билан тугаши хабарини берган. Аллоҳ таолонинг савобига эришиш учун сабр-чидам керак, Ҳақ йўлида «чиройли сабр қилиш» керак. Аммо сабр дегани жим-ҳаракатсиз туриш, дегани эмас, Аллоҳ таоло айтганидай чидам билан юриш деганидир. Шундагина Аллоҳ таолонинг ҳақ ваъдасига эришилади. Ҳадиси шарифда: «Ҳеч кимга сабрдан кўра яхшироқ ва кенгроқ ҳадя берилмаган», дейилади.
157. Ана шуларга Парвардигорларидан мағфират ва раҳмат бор, ана шулар тўғри йўлни топганлардир.
Мусибат етганида сабр қилиб, ҳамма нарса Аллоҳники ва бари Алллоҳга қайтади, деган эътиқодни маҳкам тутган, унинг маъносини ўзига ақида қилиб олган кишига мукофот ўлароқ Аллоҳнинг саловотлари, меҳри, шафқати ҳамда раҳмати ваъда қилинган. Расулуллоҳ соллаллаҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб: "Мўминнинг иши ажойиб, Аллоҳ унга нимани қазо қилса, фақат яхшиликка бўлади. Агар унга мусибат етса, сабр қилади. Бу ўзича яхши. Агар яхшилик етса, шукр қилади, бу ҳам ўзича яхши. Бунақа неъмат мўминдан ўзга ҳеч кимга насиб этмайди", деганлар.
158. Сафо ва Марва ҳақиқатан Аллоҳнинг нишонларидандир. Ким Байтни ҳаж ёки умра қилса, иккиси орасида бориб-келиши гуноҳ эмас. Ва ким ихлос ила яхшилик қилса, Аллоҳ албатта тақдирловчи ва билувчидир.
Сафо ва Марва Маккадаги икки тоғ бўлиб, Иброҳим алайҳиссалом замонларидан бери ҳаж қилувчилар уларда ҳам саъй қилишар эди. Сўнгра араб мушриклари бу тоғларга икки бут қўйиб, уларга сиғина бошлашди. Ислом дини билан шарафланган саҳобалар ширкдан тавба қилишгани учун Сафо ва Марва тавофидан ҳам чекинишди. Шунда нозил бўлган Аллоҳнинг ҳукмига кўра, улар орасида бориб келиш (саъй қилиш)нинг гуноҳи йўқ, балки бу ҳаж амалларидандир. Сафо ва Марва орасида саъй қилиш ҳам мусулмонларга жуда муҳим рамзлардандир.
Иброҳим алайҳиссалом хотинлари Ҳожар онамиз ва эмизикли ўғиллари Исмоилни шу икки тоғ оралиғида қолдириб кетадилар. Ҳожар онамиз: "Бизни ташлаб қаёққа кетяпсиз?" деб сўрайди. Иброҳим алайҳиссалом бу саволга жавоб бермадилар, чунки қилаётган ишларининг ҳикматини билмас эдилар. Фақат Аллоҳ таолонинг амрини бажарар эдилар, холос. Қайта-қайта сўраб жавоб ололмаган Ҳожар онамиз: "Бунга сизни Аллоҳ буюрдими?" деб сўради. Тасдиқ жавобини олгач, "Ундай бўлса бизни Аллоҳ ўз ҳолимизга ташлаб қўймайди", деди ва Унга таваккул қилди. Ҳожар ҳам эрлари каби чин мўмина эди, лекин гўдаги чанқаганини кўриб, сув излашга тушди ҳамда Сафо ва Марва орасида етти марта уёқ-буёққа бориб-келдилар. Ниҳоят Аллоҳ она-болага Замзам булоғини оқизиб берди. Шунга кўра ҳожилар ҳам ҳаж пайтида Аллоҳга бўлган итоат ва муҳаббат рамзи сифатида Сафо ва Марва орасида етти мартадан саъй (юриш) қилишади.
Ҳишом ибн Урванинг оталари бундай деган: "Мен ёш бола бўлатуриб, Набий алайҳиссаломнинг завжалари Оиша розияллоҳу анҳога: "Аллоҳ таолонинг: "Сафо ва Марва ҳақиқатан Аллоҳнинг нишонларидандир. Ким Байтни ҳаж ёки умра қилса, иккиси орасида бориб-келиши гуноҳ эмас. Ва ким ихлос ила яхшилик қилса, Аллоҳ албатта тақдирловчи ва билувчидир" деган ояти ҳақида нима дейсиз? Мен Сафо ва Марвани саъй (бориб-келиш) қилмаган одам гуноҳкор бўлмайди, деб ҳисоблайман", дедим. Оиша онамиз: "Асло ундай эмас, агар бу оятнинг тафсири сен айтгандай бўлса, унда Сафо ва Марвани саъй қилмаса ҳам гуноҳкор бўлмас экан-да?! Аммо бу оят ансорлар хусусида нозил бўлган, улар (мусулмон бўлмасларидан олдин) Манот деган бутни улуғлашар эди. Шу боисдан улар Сафо ва Марвани саъй қилишга ботинишмас эди. Ислом жорий этилиб, мусулмон бўлганларидан сўнг жаноб Расулуллоҳга шу ҳақда савол беришди. шунда Аллоҳ таоло юқоридаги ояти каримани нозил қилди", дедилар" (Бухорий ривояти). Осим ибн Сулаймон ривоят қилади: "Мен Анас ибн Моликдан Сафо ва Марва ҳақида сўрадим. Шунда у: "Бу иккисини саъй қилишни жоҳилият давридан қолган одат, деб ҳисоблаб юрардик. Ислом жорий бўлгач, уларни саъй қилмай қўйдик. Шунда Аллоҳ таоло Бақара сурасининг ушбу оятини нозил қилди", деди" (Бухорий ривояти).
159. Биз туширган равшан оятларни ва тўғри йўлни Китобда одамларга очиқ баён қилганимиздан кейин ҳам яширадиганларни Аллоҳ лаънатлайди ва лаънатловчилар ҳам лаънатлашади.
Аллоҳ таоло бутун инсониятга Ўзининг сўнгги Пайғамбари орқали Қуръони каримни нозил қилиб, унда одамларга ҳидоят йўлини кўрсатиб қўйганидан кейин ҳам барча даврларда илоҳий ваҳийларни инсонлардан яширадиган, уларни одамлар онги ва шуурига етиб қолишидан хавфсирайдиган, ўзининг тор шахсий манфаатлари деб Парвардигор оятларини, ҳатто Унинг элчисини инкор этадиган, ёлғонга чиқарадиган кимсалар чиқиб туради. Улар албатта Аллоҳ азза ва жалланинг лаънатига ва ғазабига учрашади, уларни қиёматда туганмас ва аламли азоблар кутиб турибди. Уларни Аллоҳ таолодан ташқари барча лаънатловчилар, яъни инсонлар, фаришталар, жинлар ва ҳатто бошқа жонзотлар ҳам лаънатлайди.
160. Фақат тавба қилгач, ўзларини ўнглаб ҳақиқатни баён қилганларнинг тавбасини қабул қиламан ва Менгина тавбаларни қабул қилувчи, раҳмлиман.
Дунё ғаразлари учун Аллоҳ таоло туширган ҳукмларни яширувчи кимсалар юқоридаги ояти карималарнинг далолатича, Аллоҳ таолонинг, шунингдек лаънатловчиларнинг (инсонлар, жинлар ва фаришталар) лаънатига учрайди. Ўлишидан олдин тавба қилсагина ва бузган нарсаларини тузатсагина, Аллоҳ таоло уларнинг тавбасини қабул қилади. Чунки яратган Парвардигорга холис тавба қилиш денгиз кўпигидан кўп гуноҳи бўлса ҳам кечирилишига сабаб бўлади. Холис тавба қилиш гуноҳларига ва хатоларига астойдил афсусланиш, надомат чекиш, энди бу гуноҳларга қайтмасликка азму қарорга келиш орқали рўёбга чиқади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай ривоят қилинади: "Эй одамлар, Аллоҳга тавба қилинглар! Мен бир кеча-кундузда юз марта тавба қиламан". У зот шундай деб турганларида биз, умматлари тавба қилмасдан ва истиғфор айтмасдан умр ўтказишимиз нечук бўларкин?! Яъни, тавба ҳар қандай шароитда, ҳеч бир истисносиз вожибдир. Банданинг тавбаси тугал ва умр бўйи давом этса, мақсадга мувофиқ бўлади. "Зеро, Аллоҳнинг раҳматидан фақат кофирлар қавмигина умидсиз бўлур" (Юсуф, 87). Ҳасан Басрий Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: "Аллоҳ таоло иблисни туширган вақтда (иблис): "Сенинг иззатинг билан қасам, мен Одам фарзандидан то унинг руҳи жасадидан ажралмагунича ажралмайман!" деди. Аллоҳ таоло айтди: "Менинг қудратим, улуғлигим ҳаққи, бандамдан тавбани ўлим билан келаётган ғар-ғара вақтида ҳам тўсмайман!"
Луқмони ҳаким ўғилларига айтганлар: "Эй ўғлим, тавбани кечиктирма! Чунки ўлим кутилмаганда келади. Ким тавбани кечиктириб, нажотга шошилмас экан, иккита катта хатар ичида қолади: биринчиси – гуноҳлар зулмати тўпланиб, қалбни тўла қоплайди, сўнг уни муҳрлаб ташлайди. Гуноҳ муҳрланган қалбдан ўчмайди: иккинчи хатар – касаллик ёки ўлим тавбадан илгари келиб, хатоларни ўнглаш учун вақт қолмайди".
161. Куфрда бўлиб, кофирлигича ўлганлар, шубҳасиз Аллоҳнинг, шунингдек фаришталар, барча инсонларнинг лаънатига учрашади.
Инсонлар учун куфрда юриш, куфрда ўлишдан ҳам оғир мусибат йўқдир. "Куфр" сўзи луғатда "инкор этиш", "рад қилиш" маъноларини билдиради. Шаръий ҳукмларни инкор этувчи одам "кофир", унинг қилмишлари "кофирлик" дейилади. Аллоҳнинг борлигини ва бирлигини, Муҳаммад алайҳиссалом етказган хабарларни инкор, рад этганлар кофир саналади. Шунингдек, киши Аллоҳни инкор этмаса-да, имон келтириш зарур бўлган хабар ва фарзларни рад қилса, шаръий муқаддасотларнинг ҳурматини топтаса, шаръий ҳукмларни масхара қилса ҳам кофир бўлади. Кофирнинг жойи дўзахдадир. Умри ниҳоясигача Аллоҳ таоло нозил қилган нарсаларни инкор этиб, куфрда ўтиб кетганлар Аллоҳнинг, шунингдек, У яратган фаришталар ва барча инсонларнинг лаънатига қолишади.
Уламоларимиз куфрнинг бир неча хил бўлишини айтишган: 1. Инкор куфри – қалби ҳам, тили ҳам куфр келтирган, тавҳиддан ҳеч нарсани билмайдиган кишининг куфри. Бундайларни “Аллоҳнинг тавҳидини (ягоналигини) инкор қилганлар” дейишади. Қўрқитсанг ҳам, қўрқитмасанг ҳам уларнинг имон келтирмасликлари Қуръони каримда баён қилинган. 2. Инодий (ўжарлик) куфи. Шайтон Аллоҳ таолонинг зоту сифатини яхши билатуриб, Унинг фармонини бажармади, Одам алайҳиссаломга сажда қилмай, лаънатланди ва куфрга кетди. Аҳли Китоблар Аллоҳ таолонинг яккалигига ва ўзларига нозил қилинган илоҳий китобларни У юборганига ишониб, Ислом келганида уни инкор этдилар. Бундай «Кофирларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин!» дея Қуръони каримда Оламлар Парвардигорининг ҳукми баён қилинган. 3. Саркашлик куфри – қалбида идрок қилади, тили билан иқрор бўлади, лекин қабул қилишдан бош тортади. Бундай куфрга Расули акрамнинг амакилари Абу Толибнинг куфри мисол бўлади. У мушриклар маломатидан қўрқиб (хижолат бўлиб қолмаслик учун) мусулмонликни қабул қилмаган. 4. Нифоқ куфри – куфр эгасининг қалбида имони йўқ бўлса-да, тилида имонни даъво қилади, булар мунофиқлардир. 5. Ҳукмий куфр – баъзан шариатга хилоф ишларни қилиш ёки куфр сўзларни билиб-билмай гапириб қўйиш сабабли куфрга ҳукм қилинувчи ҳолат. Масалан, бир мусулмон одам Қуръонни тепса ёхуд шариатни масхара қилса ёки «намоз фарз эмас», «тўнғиз гўшти ҳаром эмас» каби рад сўзларини айтса, мусулмончиликнинг бошқа ҳамма кўрсатмаларини бажараётган бўлса ҳам у кофир деб ҳукм қилинади.
Хоҳ ҳақиқий, хоҳ ҳукмий кофир бўлсин, умр бўйи қилган тоат-ибодатлари бекор бўлади. Бировни кофир деб ҳукм чиқарилса ва ўшандай бўлса, ортидан ўта хатарли оқибатлар келиб чиқади. Булар: 1. У билан хотини ўртасидаги никоҳ бузилади. 2. Болалари унинг қарамоғидан чиқади. 3. Жамият аъзолигидан маҳрум бўлади. 4. Уни маҳкамага бериб, «муртад» деган ҳукм чиқарилади. 5. У ўлса, ювилмайди, кафанланмайди, жанозаси ўқилмайди, мусулмонлар қабристонига кўмилмайди ва меросдан маҳрум бўлади. 6. Ўша ҳолида ўлса, дўзахий бўлади. Бордию одам адашиб шундай ҳолатга тушиб қолса, унга яхши насиҳат этиб, тавба қилиши ва никоҳини янгидан ўқитиб олиши тавсия этилади. Куфр исёндан пок, осий бўлмаган ва Парвардигорининг исмини ёд этиб, беш вақт намозини ўқиганлар нажот топувчи одам бўлади.
162. Бу абадийдир, уларнинг азоби енгиллатилмайди ҳам, уларга муҳлат берилмайди ҳам.
Куфрда ўтганлар маълум муддатгагина жазоланамиз, кейин Аллоҳ бизларни ҳам кечиради деб, хомтама бўлишмасин. Аллоҳ азза ва жалла банданинг барча хато-гуноҳларини кечиради, аммо куфрни, ширкни асло кечирмайди. Қиёматда уларнинг азоби ҳатто бироз ҳам енгиллатилмайди, уларга тавба қилишлари учун муҳлат ҳам берилмайди. Жон томоққа келиб, ғар-ғара ҳолатигача тавбага ижозат бор, ундан кейин ҳеч қандай тавба-тазарру, афсус-надомат инобатга ўтмайди. Аллоҳ таолонинг Ўзи бу ҳақда бандаларини кўп бора огоҳлантирган: "Дўзахдаги кимсалар жаҳаннам қўриқчиларига: "Парвардигорингизга дуо қилинглар, бизлардан бирор кунга азобни енгиллатсин", деганларида, улар: "Ахир пайғамбарингиз сизларга ҳужжат келтирмаганмиди?!" дейишади. "Йўғ-е, келтиришганди, лекин уларни ёлғончи қилган эдик", дейишади. Шунда фаришталар: "У ҳолда илтижо қилаверинглар, (лекин) кофирлар дуоси албатта зоедир", дейишади" (Ғофир, 49-50); "Унинг (кофирнинг) рўпарасида жаҳаннам турар, унга йиринг сувидан берилур. Уни ютмоқчи бўладию ўтказа олмайди, унга ҳар томондан ўлим келадию ўла олмайди. Унинг ортида (бундан ҳам) оғир азоб бордир" (Иброҳим, 16-17).
163. Маъбудингиз ягона Илоҳдир. Ундан ўзга илоҳ йўқдир, У ниҳоятда раҳмли ва меҳрибондир.
Барча пайғамбарлар, шу жумладан Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳам инсонларни ягона илоҳга – Аллоҳ таолога сиғинишга чақирганлар. Аллоҳ таоло айтади: "Ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилайлик, Унга ҳеч нарсани шерик қилмайлик ва Аллоҳни қўйиб бир-бирларимизни илоҳ қилиб олмайлик" (Оли Имрон, 64). Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Эй Муоз, Аллоҳ таолонинг бандалардаги ва бандаларнинг Аллоҳ таолодаги ҳаққи нималигини биласанми?" дедилар. Мен: "Аллоҳ ва Унинг Расули билувчидир", дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Бандаларнинг фақат Аллоҳ таолога сиғинишлари, Унга ҳеч нарсани шерик қилмасликлари Аллоҳ таолонинг бандалардаги ҳаққидир. Аллоҳ таолонинг Ўзига бирор нарсани шерик қилмаганни азобламаслиги бандаларнинг Аллоҳ таолодаги ҳаққидир", дедилар" (Бухорий, Муслим ривояти). Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ривоят қилади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Аллоҳ таолонинг ягона ҳақиқий илоҳлигига иқрор бўлиб вафот этган жаннатга киради", дедилар" (Муслим ривояти). Аллоҳ таолонинг ягона илоҳлигига иқрор бўлиш қуйидагиларни: ёлғиз Аллоҳ таологагина чин ихлос билан ибодат қилишни; сохта "илоҳ"лардан халос бўлишни; уларга сиғинган, уларни дўст тутганлардан узоқлашишни; ширкнинг барча турлари ва даражаларидан сақланишни ҳамда унга олиб борадиган йўллардан эҳтиёт бўлишни тақозо этади.
"Аллоҳдан ўзга маъбуд йўқ" калимаси дунёда Аллоҳнинг хоҳиш-иродасисиз, ўзича ва назоратсиз ҳаракат қиладиган ҳеч нарса йўқлигини англатади. Аллоҳ – ҳадикларга, қўрқувларга ва умидворликка муносиб Ягона зотдир. Ким касалликлар, микроблар, миршаблар калтаги, ҳукмдорларнинг қўшинларидан қўрқса, демак, у ана шу ўйлаб топилган "илоҳча"ларга "йўқ!" дея олмайди. Уларга сиғинишдан тўхтамабдими, бу билан ана шу сохта "илоҳ"ларини ўзининг Яратувчисига шерик қилиб қўйган бўлади. У "Аллоҳдан ўзга маъбуд йўқ" калимасини айтиш билан ёлғонлаяпти, холос.
"Аллоҳдан ўзга маъбуд йўқ!" – бу аҳд-ваъда, қонун, шиор, ҳаёт дастури ва ҳаракатлар нияти, бу – ана шу сўзларга амал қилган ҳолда ишлаш ва яшаш, демакдир. Шундагина у уни айтган одамга ҳақиқий маёқ бўлади, унга барча саодат эшикларини очади, унга бу дунёда ҳам, охиратда ҳам нажот калити, жаннат эшиги бўлади. Уни беҳуда валдираш – ғирт бефойда иш! "Аллоҳдан ўзга маъбуд йўқ!" калимаси фалсафий мазмундан ҳам кўпроқ нарсани англатади. Доктор Закий Нажиб Маҳмуд айтадики, "Аллоҳдан ўзга маъбуд йўқ" деб гувоҳлик бериш қуйидаги учта асос билан тасдиқлашдир: гувоҳлик берувчи бўлиши керак; гувоҳлик берилаётган бўлиши керак; ҳузурида гувоҳлик берилаётганлар бўлиши керак. Демак, бу Аллоҳнинг, шахснинг ва бошқа барча моддий дунёнинг мавжудлигини очиқ тан олишдир. Бу билан Ислом идеализм ва материализм фалсафасини қўшиб рад этади, ўнгликни ҳам, сўлликни ҳам рад этади ва улар орасидаги ўртачаликни танлайди.
164. Осмонлар ва Ернинг яратилишида, кеча ва кундуз алмашинувида, денгизда одамларга керакли нарсалар билан сузаётган кемаларда, Аллоҳ осмондан туширган сув билан ўлик ерни тирилтирганида ва унда турли жониворларни тарқатганида, осмон ва замин оралиғидаги ҳавонинг ўзгаришию булутлар итоатида ақлли одамлар учун ишоратлар бор.
Аллоҳ таолони таниш, Унинг яратувчилик қудратию буюк азаматини англаш учун унча кўп бош қотиришнинг ҳожати йўқ. Сиз бу қат-қат осмонлару, ундаги сайёралар ва ҳисобсиз юлдузларга бир боқинг. Кейин эса нигоҳингизни аста сўнаётган Ойу порлаб чиқаётган Қуёшга қаратинг. Хўш, уларни ким яратиб, ким мана шундай аниқ ҳисоб-китоб билан, бирор кунни канда қилмай чиқадиган ва ботадиган қилиб қўйган? Нега улар ақли бўлмаса-да, ҳисобидан адашиб кетмайди, бирининг ўрнига бошқаси кўтарилмайди? Самовотдаги миллионлаб юлдузлар-чи? Уларни чексиз коинотда ким ана шундай ҳолатда ушлаб турибди? Бу коинотни ким бунчалик мукаммал ва собит ҳолда яратган? Канада дорилфунини профессори Франк Алейн бундай дейди: "Биз яшаб турган заминни ташқи самовий жисмлардан ҳимоя қилиб туриш учун қалинлиги қарийб саккиз юз километрли ҳимоячи газлар (атмосфера) яратилган. У ҳар куни сониясига юз эллик километр тезликда Ерга тушиши мумкин бўлган йигирма миллион дона самовий тошларни қайтариб, заминни улардан ҳимоя қилиб туради, бу тошларнинг ҳаммаси атмосферада тўқнашади. Бундан ташқари атмосфера замин сиртида ҳаёт учун зарур бўлган иссиқ ҳароратни бирдай сақлаб туради. Бордию бу жараён узлуксиз суратда давом этмаганида, ерда яшаб бўлмасди".
Ёки атрофимиздаги наботот оламига бир ибрат назари билан қарайлик. Шайх Саъдий "Дарахтларнинг кўм-кўк япроқлари ҳар оқилга Худони танитадиган дафтардур", деган эди. Рўпарамиздаги яшнаб турган дарахтларнинг ўзи мўъжиза эмасми? Бир хил кўринишдаги, бир хил рангдаги бу дарахтлардан нега ранги, кўриниши, мазаси, шакли ҳар хил турфа меваларни узиб оламиз. Уни бизга ким шундай қилиб бериб қўйибди? Эҳтимол, боғбон деб ўйлаётгандирсиз? Агар боғбон ниҳолни Аллоҳнинг тупроғига экмаса, У юборган сув билан суғормаса, Унинг қуёшидан ҳарорат олмаса, дарахт кўкарармиди, ўсардими, ҳосил тугармиди? Қудрат ва ҳикмат соҳиби Аллоҳ таоло хоҳласа, тупроқдан турфа неъматлар ўсиб етишади, хоҳламаса, қуруқ калтак ёки хас-хашак қолади. Ана шу дарахтга шакл, ранг берган ҳам, мевасига таъм, маза ва шифобахш моддаларни жойлаган ҳам Аллоҳнинг Ўзи!
"Ла илаҳа илла ҳува" жумласида Аллоҳ таолонинг зоти тавҳиди ва "Ар-Роҳманул-Карим" калималарида сифати тавҳиди собит бўлган эди. Энди "Инна фи холқис-самавати..." оятида афъоли тавҳиди ҳам собит бўлди. Яъни, Аллоҳ таоло зотда ҳам, сифатда ҳам, афъолда ҳам якка ва ягонадир, "Ваҳдаҳу ла шарика лаҳу"дир, яъни Унинг шериги йўқ, танҳодир.
165. Одамлар орасида Аллоҳдан ўзгаларни Унга тенг қилиб, уларни Аллоҳни севгандек севадиганлар ҳам бор. Мўминларнинг эса Аллоҳга муҳаббатлари ҳаддан зиёдадир. Золимлар азобга рўпара бўлишгач барча куч-қудрат Аллоҳгагина хос эканини ва Аллоҳнинг азоби қаттиқлигини билишса эди!
Инсонлар орасида буту санамларни, аллақандай тайини йўқ "илоҳ" ва "илоҳча"ларни Аллоҳга тенглайдиган, ана шу суянганларини Аллоҳдан ҳам яхшироқ севадиган, улардан кўпроқ умидвор бўладиган кимсалар ҳам бор. Қуръони каримда бундай марҳамат этилган: "Огоҳ бўлингизки, холис дин ёлғиз Аллоҳникидир. Ундан ўзга "дўст"ларни ("илоҳ") қилиб олган кимсалар: "Фақат уларга бизни Аллоҳга яқин қилишлари учунгина ибодат қилурмиз", (дейишади)" (Зумар, 3). Улар мушриклардир, улар бу қилмишлари учун қиёмат куни Аллоҳ таоло ҳузурида жазо соатларини ваҳима ичра кутиб турганида ана шу ўзлари сиғинган, Аллоҳдан устун ва афзал кўрган ишонганлари ёрдамга келармикин?! Ўз жонига зулм қилган бундай золим кимсалар қиёмат куни бутун куч-қудрат ҳам, ҳукм чиқариш ҳам фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигагина хос эканини, Аллоҳнинг азоби ниҳоятда қаттиқлигини билишганида, дунё ҳаётида Парвардигорларига ҳеч кимни, ҳеч нарсани шерик қилмаган бўлишар эди. Аллоҳ таоло айтади: "Улар у жойда: "Парвардигоро, бизларни чиқар, қилиб ўтган амалларимиздан бошқача амаллар қилайлик", дея фарёд чекишади. Ахир, Биз сизларга эслатма оладиган киши эслатма олгудек узоқ умр бермаганмидик?! Сизларга огоҳлантирувчи (пайғамбар) ҳам келган эди-ку! Бас, энди (жазоларингизни) тотаверинг, золимлар учун ёрдамчи бўлмайди" (Фотир, 37). Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоят қилади: "Набий алайҳиссалом бир сўз айтдилар, мен ҳам бир сўз айтдим. У зот: "Аллоҳ таолодан бошқаларни Унга шерик қилган одам ўлса, дўзахга тушади", дедилар. Мен: "Аллоҳ таолодан бошқани Унга шерик қилмаган одам ўлса, жаннатга тушади", дедим" (Бухорий ривояти).
166. Ўшанда пешволар ўзларига эргашувчилардан тонишади ва ҳаммалари азобни кўришади, ораларидаги муносабатлар қирқилади.
Инсон дунё ҳаётида кимга суяниб, кимни пешво санаб юрган бўлса, қиёмат кунининг даҳшатидан ўша пешволар ҳам саросимага тушиб қолгани учун эргашувчиларидан тониб юборади. Чунки пешвоми-эргашувчими, ҳамманинг кўз олдида қиёмат даҳшатлари, ўзларига бериладиган азоблар равшан намоён бўлиб турибди. Бундай ҳолатда уларнинг ораларидаги ҳар қандай муносабатлар узилади, ҳар ким ўзини, оқибатини ўйлаб қолади. Қуръони каримда зикр этилганидай: "Ёки уларнинг шериклари борми? У ҳолда ростгўй бўлишса, ўша шерикларини келтирсинлар!" (Қалам, 41); "У кунда дўст дўстидан (ҳол-аҳвол) сўрамайди" (Маориж, 10).
167. Эргашувчилар: "Кошки қайтишнинг иложи бўлганида улар бизлардан тонганидек, биз ҳам улардан тонардик", дейишади. Аллоҳ уларнинг қилмишларини мана шундай ўзларига армонли кўрсатиб қўяди ва улар дўзахдан асло чиқа олишмайди.
Нодон кимсалар дунёда эргашган пешволари қиёмат куни ўзлари билан овора бўлиб, эргашувчиларга ҳатто қиё боқмай турган лаҳзаларда дод-вой қилиб қолишади. "Агар яна дунёга қайтишнинг иложи топилса, улар биздан тониб юборганларидай, биз ҳам улардан тонган, Аллоҳнинг пайғамбарига эргашган бўлар эдик" дея надоматлар чекишади. Аммо энди кеч, ҳукмлар ўқилган, сиёҳлар қуриган, ҳар бир кимса қилмиши учун жавоб берадиган фурсат келган. Аллоҳ таоло ҳар бир банданинг дунё ҳаётида қилган ишларининг энг майда-чуйдасигача ёзилган номаи аъмолларини кўрсатиб қўйган. Дунё ҳаётида куфр ва ширк билан ўтганлар қилмишлари нақадар армонли бўлганини кўриб-билиб, ўзларини қўйгани жой тополмай қолишади. Энди улар қанча афсус-надоматлар қилишмасин, баҳоналар топишмасин, кимларнидир ва нималарнидир рўкач қилмасин, кимлардандир умидвор бўлишмасин, барибир дўзахдаги мангу азоблардан қутула олишмайди. Чунки Аллоҳ таолонинг бундай ваъдаси бор: "(Қиёмат куни) золим кимсалар: "Парвардигоро, бизларга озгина муҳлат бер, Сенинг даъватингга ижобат этурмиз ва пайғамбарларга эргашурмиз", дейишади. (Уларга шундай жавоб қилинади): "Илгари заволга юз тутмаслигингиз (ўлмаслигингиз) ҳақида қасам ичган эмасмидингиз?!" (Иброҳим, 44); "(Йўқ, сизлар мана шу азобда мангу қоласизлар). Бунга сабаб, қачон ёлғиз Аллоҳгагина (ибодат қилишга) даъват этишганида кофир бўлгансиз, бўйсунмагансиз, У Зотга шерик қилинганларга имон келтиргансиз" (Ғофир, 12).
168. Эй инсонлар, Ердаги ҳалол-пок нарсалардан енглар ва шайтонга эргашманглар, чунки у сизларнинг аниқ душманингиздир.
Инсонлар Ер юзидаги ҳалол-пок нарсаларнигина ейишга чорланмоқда. Чунки ҳаром нарсалар Аллоҳ таолонинг чегараларидир. Аллоҳ чегараларини бузиб, нопок нарсаларни ейдиган, ҳаром ишларга қўл урадиган, ҳалол ва ҳаромни ажратмайдиган кимсаларни огоҳлантирган яна бундай оят ҳам бор: "Ким Аллоҳга ҳамда Унинг Пайғамбарига исён ва чегараларига тажовуз қилса, У абадий қолинадиган дўзахига киритади ва унда хорловчи азоблар бордир" (Нисо, 14). Ким шайтонга эргашса, Аллоҳнинг ана шу чегараларини бузиб, ҳаром нарсалардан тап тортмайдиган, гуноҳларни осон санайдиган бўлиб қолади. Чунки шайтон инсонларга очиқ-ойдин, аниқ душмандир.
Аллоҳ таоло рухсат этган нарсалар шариатда "ҳалол" дейилади. Мўмин-мусулмонларга ҳалол ризқ топиш, ҳалол касб билан рўзғор тебратиш, ҳалол таом-ичимликларни истеъмол қилиш буюрилган. Шариатимизда ижозат этилган ҳамма нарса, ейиладиган таомлар ёки қилинадиган ишлар ҳалол саналади. Аллоҳ таоло ҳалол қилган нарсалар инсон учун моддий ва маънавий фойдалардан холи эмас. Аллоҳ таоло ман қилган нарсалар ва ишлар шариатда ҳаром ҳисобланади. Ҳаром ишга ўтиш ёки ҳаром таом ейиш оғир гуноҳ саналади. (Баъзан зарурат туфайли ҳаром ҳалолга айланиши ҳам мумкин, масалан, очдан ўлаётган одам зарур миқдорда ҳаром истеъмол қилиши, душманга нисбатан ёлғон ишлатиш мумкинлиги кабилар.) Ҳаром иш ва нарсалар саноқлидир. Қуйида улардан айримларини келтирамиз: тўнғиз, ваҳший ҳайвонлар, ўзи ўлиб қолган ҳалол ҳайвонларнинг гўштлари, сўйганда чиққан қон, "Бисмиллаҳ..."сиз сўйилган ҳалол ҳайвонларнинг гўшти, динсиз (мажусий)лар сўйган ҳайвон гўшти, маст қилувчи ичимлик ва гиёҳларнинг барча турлари, эркакларга ипак ва тилла ишлатиш, аёлларга эркакча кийиниш, тилла-кумуш идишда овқат ейиш, зинокорлик, судхўрлик, ўғрилик, қароқчилик, ғийбат, туҳмат, бўҳтон, ёлғончилик каби нарсалар мусулмонларга ҳаром қилинган.
169. У сизларни фақат ёмонлик ва бузуқликка, Аллоҳ хусусида билмаган нарсаларингизни гапиришга буюради.
Шайтон ва нафс инсон зурриётининг энг катта душманларидир. Айниқса шайтон (шу жумладан одамларнинг шайтонлари ҳам) инсонларни гуноҳ ишлар қилишга, ҳақ йўлдан чекинишга, Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига итоатсизлик кўрсатишга, турли бузуқлик ва шаҳвоний ишларга ҳамиша чорлаб, қизиқтириб туради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Шайтон инсон билан унинг нафси орасига кириб олиб васаваса қилади", деганлар (Ибн Можа ривояти). Масалан, шайтон намозни кутиб ўтирган одамни ҳали намоз вақти кирмасидан ўқиб олишга васваса қилса, намоз вақти ўтиб кетаётганида янада кечиктиришга ундайди. Намоз бошлаган мўминнинг эса хаёлини чалғитишга, хушуъни кетказишга, ҳатто неча ракат ўқиганини унуттиришга уринади. Сахийни садақа бераётганида, обидни Аллоҳни зикр қилаётганида, илм толибини илм олаётганида турли йўллар билан чалғитади. Шайтоннинг одамларни ҳақ йўлдан оздиришга ҳаракати айниқса қаттиқ бўлади. Аллоҳ хусусида билмаган нарсаларини гапиришга буюради. Натижада гумроҳ кишилар "Ҳамма нарсани Аллоҳ яратган бўлса, Унинг Ўзини ким яратган?", "Фаришталар Аллоҳнинг қизларимикин", "Аллоҳнинг фарзанди бормикин", "Аллоҳ қаерда: осмондами ё ердами", "Аллоҳнинг кўриниши қандай" каби бемаъни саволлар тўғрисида бош қотиришга ундайди. Бундай ҳолатларда шайтоннинг таъзирини бериш, васвасасидан қутулиш учун аввало, унинг ёмонлигидан Аллоҳдан паноҳ тилаш лозим, чунки Аллоҳ номи зикр қилинганида шайтон тирақайлаб қочади. Иккинчидан, мияга шайтоний фикрлар келганида дарҳол уни тўхтатиб, зикр, тасбеҳ ёки бошқа раббоний лафзларни айтиш керак. Чунки инсон ақли чегараланган, нафси эса жуда ожиз. Ожизлигини билган инсон илоҳий мадад орқали шайтонга бас кела олади. Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам: "Ҳақиқий мўмин шайтонни худди сизлар сафарда туяларингизни қийнаб юборганингиз каби қийнайди", деганлар (Аҳмад ривояти).
170. Уларга: "Аллоҳ туширган нарсаларга эргашинглар" дейилса, "Йўқ, ота-бобларимиз қилганларига эргашамиз", дейишади. Ота-боболари ҳеч нарсани тушунмаган ва тўғри йўлда юрмаган бўлса-чи?!
Ўтган барча пайғамбарлар ўз қавмларини Аллоҳ тавҳидига даъват қилишди, Унинг ваҳийларига итоат этишга чақиришди, Парвардигор кўрсатган йўлда юришни насиҳат қилишди. Аммо гумроҳ қавмлар кўп ҳолларда осийлик ва исёнга бориб, "Биз ота-боболаримизнинг йўлидан бошқасини тан олмаймиз" дея саркашлик қилишди. Ота-боболари Аллоҳнинг динидан ҳеч нарсани тушунмай ўтишган бўлса-чи?! Улар тўғри йўлни аниқлай олмай, залолат ва жаҳолатда юришган бўлса-чи?! Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу шундай ривоят қилади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: "Банда Парвардигорига юзма-юз қилинади. Аллоҳ таоло бандасига бундай дейди: "Сени махлуқотнинг энг азиз-мукаррами ва саййиди қилмаганмидим? Сени жуфти ҳалолингга қўшмаганмидим? От, туяларни сенга бўйсундирмаганмидим?". "Ҳа, шундай қилгандинг", дейди банда. "Менга албатта юзма-юз бўлишингни ўйлаганмидинг?" деб сўрайди Аллоҳ. "Йўқ", дейди бандаси. Шунда Аллоҳ таоло бандага: "Мени унутганинг каби Мен ҳам сени унутдим", дейди" (Муслим ривояти)
171. Кофирлар худди бақир-чақир қилаётган чўпондан бошқанинг овозини эшитмайдиган ҳайвонларга ўхшайди: улар кар, соқов ва кўрдирлар, тушунишмайди ҳам.
Саркаш кофирларни тўғри йўлга даъват қилиш худди чўпоннинг ҳайвонлар подасини чақиргани кабидир, улар овозни эшитса-да, аммо ҳеч нарсани тушунмай тураверади. Кофирлар Ҳақни эшитишдан кар, Ҳақни сўзлашдан гунг ва Ҳақни кўришдан бенасибдирлар. Бу уч неъматдан маҳрум қавмдан ҳидоят умид қилиб бўлармикин?! Ўзи билмайдиган, билганларнинг сўзига эса кирмайдиган кимсаларнинг ҳоли ҳам худди шундайдир. Аллоҳ таоло кофирларнинг саркашлиги, ҳамма нарсани кўриб-билиб турса ҳам инкор қилишини қулоғи том битган, кўзи кўрмайдиган, тили йўқ, ўзи ҳеч нарсани тушунмайдиган ҳайвонлар кабидир, дея тавсифламоқда. Бошқа бир ояти каримада бундай марҳамат қилинади: "Жаҳаннам учун жинлар ва инсонларнинг кўпчилигини яратганмиз. Уларда қалб бор, (лекин) улар билан "кўришмайди". Уларда қулоқ бор, (лекин) улар билан "эшитишмайди". Ана ўшалар ҳайвон кабидирлар, балки бундан ҳам баттарроқдирлар. Айнан ўшалар ғофилдирлар" (Аъроф, 179). Ҳозирги пайтда ҳам айрим инсонларга Аллоҳнинг ваҳдонияти, Унинг ҳақ дини ҳақида гапиргудай бўлсангиз, худди эшитишни хоҳламаган каби қулоғини бекитиб, кўзларини юмиб, дилини маҳкам қулфлаб олади. Бундайлар ҳақиқий жоҳил, гумроҳ, икки дунёсини бой берган бебахт кимсалардир.
172. Эй имон келтирганлар, Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангизлар, сизларга ризқ қилиб берганимиз покиза нарсалардан енглар ва шукр қилинглар.
Мўминлар Аллоҳга ибодат қилувчи бўлишса, ўзларига ризқ қилиб берилган ҳалол, покиза нарсаларнигина еб, бунинг учун Парвардигорларига шукр айтишлари зарур. Динимиз бутунлай покликка асосланган. Бандалар нафақа ва ризқ топишга, топганида ҳам ҳалол касб ва ҳалол йўл билан, покиза нарсаларни излашга буюрилган. Чунки халқум булғанса, ризқига ҳаром аралашса, инсоннинг имони сустлашади, ихлоси пасаяди, ибодат завқ-лаззатини тотмайди. Пайғамбар алайҳиссалом бундай насиҳат қилганлар: "Сизларга нима ҳалол қилинган бўлса, уни олинглар, Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан четланинглар" (Ибн Можа ривояти). Поклик эса икки хил: жисмоний ва маънавий бўлади. Кўплар уй-жойларини, кийимларини, баданларини пок тутишга ҳаракат қилишадию, аммо маънавий поклик саналган ҳалол ва ҳаром масаласига, халқумларини, нафсларини поклашга кам эътибор беришади. Шариатимиз нима ҳалол, нима ҳаром эканини очиқ кўрсатиб берган. Исломда айниқса егуликларга, уларни қандай йўл билан топилишига ва қай усул билан тайёрланишига жиддий эътибор берилиши бежизга эмас. Динимиз мўминларни хонадонларига кирадиган нарсаларда ёки ҳалқумларидан ўтадиган ҳар қандай луқмада Аллоҳ таолодан қўрқиб, парҳез ва тақво қилишга чақиради. Ислом ҳалоллик динидир, шунинг учун таомнинг ҳалолини, айниқса гўштнинг исломий талабларга биноан сўйилганини излаш, ҳаромини тарк этиш раббоний бир йўлдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом бундан ўн тўрт аср олдин умматни бежизга огоҳлантирмаганлар: "Аллоҳга қасам, агар бирор киши ҳалқумидан бир ҳаром луқма ўтказса, унинг амаллари қирқ кунгача қабул бўлмайди. Қай банданинг жасади ҳаром озуқадан ва рибодан озиқланибди, унга дўзах лойиқроқдир".
173. У сизларга ўлаксани, қонни, тўнғиз гўштини ва Аллоҳдан ўзганинг номи билан сўйилганларни ҳақиқатан ҳаром қилди. Энди ким ночор қолганида золимлик қилмай, ҳаддидан ошмай еса, гуноҳкор бўлмайди. Аллоҳ албатта кечирувчи ва раҳмлидир.
Аллоҳ таоло фарзларни буюрди, уларни зое қилиш мумкин эмас. Чегараларни белгилади, улардан ўтиш жоиз эмас. Баъзи нарсаларни ҳаром қилди, уларни енгил санаш мумкин эмас. Мусулмон киши айниқса, ҳалқумидан ўтадиган таомларнинг ҳалол бўлишига алоҳида эътибор бериши лозим. Аллоҳ азза ва жалла мусулмонларга ўзи ўлган ҳайвон гўштини, қонни, тўнғиз (чўчқа) гўштини, Ўзининг номидан бошқага атаб сўйилган ҳайвонларни ҳаром қилган. Пайғамбар алайҳиссалом бундай деганлар: "Аллоҳ маст қилувчи ичимлик, ўлакса, тўнғиз ва бутларнинг савдосини ҳаром қилди" (Абу Довуд ривояти). Дорақутний ривоятида буларнинг пули ҳам ҳаром қилингани келтирилган. Аммо Ислом осонлик, енгиллик дини бўлгани учун ночор қолинганида, масалан очликдан ўлиш хавфи бўлганида бироз миқдорда ҳаром чегарасидан ўтишга рухсат бериляпти.
Ояти каримадаги "майтата" сўзи ўзи ўлган ҳайвоннигина эмас, шариат талабларига мувофиқ сўйилмаган бошқа ҳайвонларни ҳам англатади. Жониворларни сўйиш вақтида улар ё жин, ё пайғамбар, ё пир номига аталса ёки булардан бирининг розилиги ва хурсандлиги кўзланса, агар "Бисмиллаҳ" айтиб сўйилса ҳам, бу жонивор ҳаром бўлади. Чунки жонни Жон берувчидан бошқага назр қилиб бўлмайди. Аллоҳ таоло бизларга ато этган ва истеъмолини ҳалол қилган ҳайвонларнинг гўшти фақат шаръий йўл билан сўйилганидагина ҳалол бўлади. Ҳайвонларни шаръий сўйиш усули бундай: улар сўйиладиган жойга олиб келингач, оёқлари боғланиб, калласи қиблага қаратиб ётқизилади (бу амал мустаҳабдир). Бунгача пичоқларни ўткирлаб, олдиндан тайёрлаб қўйиш керак, чунки ҳайвон ётқизилганидан сўнг пичоқларни ўткирлаш макруҳдир, бунда мол озорланади. Бевосита пичоқ тортишдан олдин қассоб "Бисмиллаҳи, Аллоҳу акбар" деб ҳайвоннинг ҳиқилдоғи ёнидан, бўйин тарафидан (яъни, кўкрак томонидан) пичоқ тортади. Пичоқ тортишда тўрт нарса – қизилўнгач, икки қон томири ва кекирдак кесилиши керак. Ҳайвоннинг жони батамом чиқиб бўлгунича умуртқа томирига пичоқ теккизилмайди, териси шилинмайди, калла батамом узилмайди. Ҳайвонни сўйишга ётқизишдан олдин бошига болға ё ўткир найза уриб ёки электр токи ёрдамида йиқитиб сўйиш шаръан мумкин эмас. Бу усуллар билан сўйилган ҳайвон гўштини еб бўлмайди. Сўйилган ҳайвоннинг саккиз аъзосини – безлари, эркаклик аъзоси, урғочилик аъзоси, орқа йўлининг охири, мояклари, сўйилганида томирдан отилиб чиққан қони, ўт пуфаги, сийдик пуфагини ейиш мумкин эмас.
174. Аллоҳ туширган Китобдаги нарсани яширганлар ва уни арзонга сотганлар қоринларини фақат оловга тўлдиришади. Қиёмат куни Аллоҳ улар билан сўзлашмайди, уларни покламайди ва уларга аламли азоб бордир.
Одамларни куфр ва ширк исканжасида тутиб туриш учун, ўз шахсий манфаатлари йўлида Парвардигорлари томонидан нозил қилинган илоҳий ваҳийларга ишонмаган, ишониш уёқда қолиб, уларни одамлардан яширган ёки дунёнинг арзон матоҳларига алиштириб юборган жоҳиллар қоринларини дўзах олови билан тўлдиришгани аниқ! Қиёмат куни Аллоҳ таоло уларнинг арзи-ҳолларига, баҳона-сабаблари ҳақида сўзлашмайди ҳам, уларга раҳмат назари билан қарамайди ҳам, уларнинг тавбаларини қабул қилиб, гуноҳларидан покламайди ҳам. Уларга мангу қийноқлар, асло тугамайдиган азоб-уқубатлар тайёрлаб қўйилган. Аллоҳ таоло бундай дейди: "Ким Аллоҳга ширк келтирса, албатта унга Аллоҳ жаннатни ҳаром қилади ва унинг борар жойи дўзахдир. Золимларга ёрдамчилар бўлмайди" (Моида, 72).
175. Ана шулар ҳидоят эвазига залолатни, мағфират ўрнига жазони сотиб олганлардир. Улар дўзах ўтига шунчалик бардошлими?
Аллоҳ таолога ширк келтириш, яъни Унга бирор махлуқни шерик қилиш, Аллоҳдан бошқа бут-санамларга, тош, дарахт, ой-қуёш кабиларга сиғиниш энг улкан гуноҳдир. Аллоҳ таоло қанча кўп гуноҳ бўлса ҳам мағфират этиши мумкин, аммо ширкни асло кечирмайди: "Чунки ширк келтириш энг катта зулмдир" (Луқмон, 13). Яъни ширк қабиҳ амал ва очиқ зулмдир. Ширкка мубтало бўлганлар ҳидоят йўлини тан олмай, залолатни танлаган бўлади. Улар Аллоҳ таолонинг мағфирати ўрнига Унинг азоби-жазосини танлаган бўлади. Улар дўзах оловига шунчалик ҳам чидамлимики, тўғри йўл турганида залолатга юз буради? Аллоҳнинг мукофоти, жаннати турганида дўзахдаги азобини истайди? Ҳадисда келишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Сизларга гуноҳи кабираларнинг энг каттаси ҳақида хабар берайми?" деб сўрадилар. Биз: "Ҳа", дедик. "Аллоҳга ширк келтириш ва ота-онага оқ бўлиш", дедилар (Бухорий ва Муслим ривояти).
176. Бу шунинг учунки, Аллоҳ Китобни ҳақ билан туширган эди, Китоб ҳақида тортишганлар эса, ихтилофда чуқур кетганлардир.
Мушрикларнинг адашувлари шундаки, улар Аллоҳнинг тавҳиди борасида ва Унинг ҳақ билан туширган китоби (Таврот) ҳақида бемаъни тортишувларга борганидир. Бундай тортишувчилар барча макон ва замонларда бўлган ва бўлади. Арасту фалсафаси тарафдорлари, "ваҳдати вужуд", жабария, мўътазила каби оқимларни ёқлайдиганлар, яҳудий ва насроний динидаги айрим олимлар Аллоҳнинг ваҳдонияти, Унинг зотий ва феълий сифатлари ҳақида ўринсиз тортишувларга бориб, ҳақ йўлдан адашиб кетишди. Улар адашувининг асл сабаблари эса ихтилофда чуқурлашиб кетганлари, Аллоҳнинг ҳақ Китоби туриб, инсонлар ўйлаб топган бошқа асосларга суянганларидадир.
Илоҳий китобларнинг бирортасини инкор қилган киши кофир бўлади. Бошқа илоҳий китобларга имон келтириб, Қуръони каримни инкор этувчи киши ҳам кофир бўлади. Булар – ҳақиқатдир, Аллоҳ таолонинг амридир. Зеро, илоҳий китобларда ҳидоят ва нур бор, илоҳий китоблар ўзидан олдинги китобни тасдиқловчидир. Аллоҳ таоло инсониятнинг камолот даражасига қараб олдинги ҳукмларига ўзгаришлар киритган, холос. Аввалги пайғамбарлар етказган ҳукмлар (шариат)ни кейин келган пайғамбарлар Аллоҳ иродаси билан бекор қилишган. Бунга Ҳазрати Исо алайҳиссаломнинг ўз умматларига: «Мен Аллоҳнинг сизларга (юборган) пайғамбаридирман. (Мен) ўзимдан олдинги Тавротни тасдиқловчи ва ўзимдан кейин келадиган Аҳмад (Муҳаммад) исмли пайғамбар ҳақида хушхабар (башорат) етказувчиман» (Саф, 6) деган сўзлари далилдир. Аллоҳ таоло Ҳазрати Мусо алайҳиссаломга Таврот китобини туширган. Аммо Тавротнинг асли йўқолган, унинг қаердалигини ҳеч ким билмайди. Аллоҳ таоло Бани Исроилни илоҳий каломни давомли равишда бузиб келганларини бизларга билдирган. Мўмин-мусулмонлар Аллоҳ таолонинг Мусо алайҳиссаломга Тавротни туширганига имон келтирадилар ва бусиз имонлари бутун бўлмайди.
177. Юзингизни машриқ ёки мағрибга буришингизгина яхшилик эмас, Аллоҳга, қиёмат кунига, фаришталарга, китобларга, пайғамбарларга имон келтирган, ўзи яхши кўрган молини қариндошларга, етимларга, мискинларга, мусофирларга, сўровчиларга, қулларни озод қилишга берадиган, намозни адо қиладиган, закотни берадиган, аҳдлашганда вафо қиладиган, қийинчилик ва муҳтожликда, мусибат етганида сабр қиладиганлар яхшилардир. Ана шулар сиддиқдирлар, ана шулар тақволилардир.
Юзни машриқ ёки мағриб томонга (қиблага) йўналтириб, ибодат қилишларнинг ўзигина яхшилик саналмайди. Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло яхши инсонларнинг (аброрларнинг) бир неча сифатларини зикр этмоқда. Уларнинг энг биринчи фазилати албатта имонли бўлишларидир. Аллоҳга, қиёмат кунининг келишига, Аллоҳнинг фаришталарига, нозил қилган китобларига, юборган пайғамбарларига имон келтирган мўминларгина яхши саналади. Инсоният бахту саодати йўлида ҳар қанча улкан яхшиликлар қилмасин, буюк кашфиётлар ва ихтироларни ўйлаб топмасин, кишида имон бўлмаса, унинг яхшиликлари сариқ чақа каби қадр топмайди, савоб берилмайди. Мўминларнинг кейинги фазилатларига саховатпешалик, инсонпарварлик киради: улар энг яхши кўрган молларидан қавми-қариндошларига, етимларга, камбағал-бечораҳол кишиларга, сафарда қийналиб қолган мусофирларга, тиланчи-сўровчиларга, қулларни озод қилиш учун эҳсон қилишса, улкан ажр-савобларга сазовор бўлишади. Яна чин мўминлар намозларини ўз вақтида, барча арконларини ўрнига қўйиб адо этишади, закотларини Аллоҳ буюрган эгаларига беришади, аҳдлашишса, албатта вафо қилишади, бошларига ҳар қандай қийинчилик ва машаққат келса, чиройли сабр қилишади. Ана шундай инсонларгина содиқ мўмин ва чин тақволи саналишади, улар мўминликлари учун ҳам Аллоҳдан қўрқишади, гуноҳлардан тийилишади, Парвардигорнинг амр-фармонларида қоим туришади.
Илоҳий маълумотларга чин дилдан ишониб, ҳеч иккиланмай тасдиқ этувчи ва амал қилувчи, тили билан дили бир зотлар «сиддиқ» деб аталади. Уларнинг охиратдаги даражаси расуллар ва шаҳидлар қаторида туради. Ислом тарихида бу шарафга биринчи бўлиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликларини, меърожга чиққанларини ҳеч тараддудланмай тасдиқ этган улуғ саҳобий, Ислом давлатининг илк халифаси Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу эришганлар. Тақводорлар эса Аллоҳ таолодан қўрқувчи, У Зот тақиқлаган ишлардан четда бўлувчи, қабоҳат ва кароҳиятли нарсалардан ҳазар қилувчи кишилардир. Аллоҳнинг уқубати ва азобларидан сақланиш учун Унинг буйруқларини бажариш, қайтариқларидан четланиш «тақво» дейилади. Тақво Аллоҳ таолодан қўрқиш, ҳаром ва шубҳали нарсалардан тийилишдир. Бундай хислат соҳиби тақводор (муттақий) саналади. Тақводор киши ишончли саналади, ундан ҳеч ким зиён кўрмайди. Исломда барча инсонлар бири-бири билан тенгдир, улар фақат тақволари билан ажралиб туришади. Қуръони каримда: «Аллоҳ наздида сизларнинг энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир», дейилган.
178. Эй имон келтирганлар, ўлдирилганлар учун ҳурга ҳур, қулга қул, аёлга аёл қасоси сизларга фарз қилинди. Энди ким биродари тарафидан авф этилса, у ҳолда яхшилик билан бўйин эгиб, хунини адо этсин. Бу Парвардигорингиз тарафидан енгиллик ва раҳматдир. Шундан кейин ҳам ким ҳаддидан ошса, унга аламли азоб бордир.
Ушбу ояти карима Исломдаги қасос ҳукмлари ҳақида сўз юритади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоят қиладилар: "Бани Исроилда ўлдирилган одам учун қасос олишар, хун ҳақи олишмас эди. Аллоҳ таолонинг ушбу ояти ўшалар хусусида нозил қилинган (Бухорий ривояти). "Қасос" сўзи луғатда "баробарлик, тенглик" маъноларини билдиради. Ислом келмасидан олдин яҳудий ва арабларда шундай қоида ҳукм сурардики, бирор насабли, улуғ одамнинг қули ўлдирилса, ўрнига насаби пастроқ озод кишини ўлдиришар эди. Яна улуғлардан хотин киши ўлдирилса, паст табақадагилардан эр киши, улардан бир ҳур (озод) ўрнига булардан икки ҳур ўлдирилар эди.
Аллоҳ таоло юқоридаги ояти каримада бу қоидани ман этиб марҳамат қиладики, қасддан ўлдирилганлик борасида тенглик лозим, чунки ҳамма жон (инсон) баробардир. Ҳур ўрнига ҳур, қул ўрнига қул, аёл ўрнига аёл ўлдирилсин. Бу хусусда насабли-бенасабли, амир-ғариб, қул-ҳур, аёл-эр, ёш-қари, хаста-соғ, бой-камбағал – ҳамма баробардир. "Агар эр киши аёлни ёки ҳур одам қулни ўлдирса, қасос олинадими" деб сўраладиган бўлса, бу масалада мазкур ояти каримада бирор ҳукм йўқдир. Шунинг учун уламолар бунда ихтилоф қилишган. Мазҳаббошимиз Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ Моида сурасининг 45-оятидаги "Иннан-нафса бин-нафси" (яъни жонга – жон) жумласидан ва "Ал-муслимуна татакаффару би-аҳлиҳим" ҳадисидан истинбот қилиб: "Агар қул қотилнинг ўз қули бўлмаса, бу икки ҳолда ҳам қасос олинади", деганлар. Ҳанафий мазҳабида зиммийни (Ислом мамлакатида маълум солиқ тўлаб яшаётган ғайримуслимни) ўлдирган мусулмондан ҳам қасос олинади. Агар ўлдирилганнинг ворислари афв этишса, қотилдан қасос олинмайди.
179. Эй оқиллар, сизларга қасосда ҳаёт борки, шояд тийилсангизлар!
"Қасосда ҳаёт бор" жумласига кенгроқ шарҳ беришга тўғри келади. Маълумки, Ислом шариати ноҳақ ўлдирилган бир ёки бир неча жон учун қасосни жорий этиб, Ер юзида буюк исломий адолатни ўрнатган. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом: "Аллоҳ таолонинг Китоби – қасосдир", деганлар (Бухорий ривояти). Қасос айримлар ўйлаганидай, қотилга бўлган дилдаги нафратни қондириш эмас, балки инсон ҳаёти муҳофазаси йўлидаги илоҳий амрдир. Чунки шундай йўл тутилганида бир бегуноҳ инсонни ўлдиришга қасд қилган кимса қасосни ўйлайди, ўша ўлдирмоқчи бўлган одамининг яқинлари қасос олиш мақсадида ўзини ҳам ўлдиришларини билгани учун ниятидан қайтади. Озчилик қотилдан қасос олиш кўпчилик бегуноҳлар жонини сақлаб қолади. Ҳанафий мазҳаби олимларидан имом Насафийнинг тафсирида: "Бир гуруҳ кишилар бир кишини ноҳақ қатл этса, унинг қасоси учун ўша гуруҳнинг ҳаммаси қатлга маҳкум", дейилган.
Қасоснинг ҳақлиги ҳақида чиройли бир ривоят бор: "Бир одам қотиллик қилиб, бир кишини ўлдирди. Миршаблардан бир амаллаб қочган эди, энди ўлганнинг қариндошлари уни таъқиб қила бошлашди. Қотил қоча-қоча Нил дарёси бўйига келди, лекин у ерда бир бўрини учратиб, қўрққанидан шохлари дарёга эгилиб турган катта бир дарахтга тирмашиб чиқиб олди ва қалин шох-новдалар орасига яширинди. Не кўз билан кўрсинки, шундоққина рўпарасида каттакон бир илон тебранганича турибди. У илондан қочиб, ўзини сувга отди. Лекин сувда оч тимсоҳ ўлжа кутиб ётган экан, уни шу заҳоти ютиб юборди".
180. Бировингизга ўлим келганида мол-дунё қолдираётган бўлса, ота-онасига ва қариндошларига муносиб равишда васият этиш сизларга битилди. Бу тақводорлар зиммасидаги бурчдир.
Бу васият мерос оятлари тушишидан олдин ҳукмда эди. Нисо сурасининг 7-12-оятларидаги мерос ҳукмлари нозил бўлгач, Бақара сурасининг ушбу 180-ояти ҳукми бекор бўлиб, истеҳбоб даражасига тушди, шунда ҳам вориси бўлмаса. Аммо халқ билан муомаласи бор кишига муомалани соф қилиб кетиш учун васият этиш ҳар ҳолда фарздир.
"Васият" луғатда "етказиш, улаш, тайин қилиш, амр этиш" маъноларини билдиради. Одатда у "молни фалончига васият қилдим" каби ибораларда ишлатилади. Фақиҳлар истилоҳида эса ўлимдан кейинги ҳолатга боғлиқ нарсани холис яхшилик учун мулк қилиб бериш "васият" дейилади. Яъни, бу – шариатда ўлимдан кейин қўшимча ҳақ сифатида садақа тайин қилишдир. Исломнинг илк даврида ота-она ва яқин қариндошлар фойдасига васият қилиш вожиб эди. Қуръони каримнинг мазкур мерос оятлари тушиши билан бу нарсалар насх (бекор) бўлиб, қолган молни оят асосида меросхўрлар ўртасида тақсим қилиш жорий этилган. Васият қилиш мандуб бўлиб, фақат молнинг учдан бирига ўтади. Васият фақат уни қилган кишининг вафотидан кейингина амалга оширилади. Васият ёзиб қўйиш билан хайрли экани ҳадисларда келган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Бир эркак ёки аёл киши олтмиш йил Аллоҳ тоатида бўлади. Сўнг уларга ўлим келиб, зарарли васият қилишади-да, дўзахга маҳкум бўлишади", дедилар ва Нисо сурасининг 13-14-оятларини ўқидилар" (Абу Довуд, Термизий ривояти).
181. Ким буни эшитганидан кейин ўзгартирса, гуноҳи ўзига бўлур. Аллоҳ албатта эшитувчи ва билувчидир.
Васият шариатга мувофиқ бўлса, уни ўзгартириш гуноҳ бўлади. Аммо бир инсон васиятида бир томонга оғса ёки ғалат ё нотўғри васият қилса, ёхуд шариатга хилоф васият қилган бўлса, бу ҳолда ҳар икки томонга шаръий маслаҳат бериб, ислоҳ қилиб қўйилса, бу ўзгартиришга кирмайди, ислоҳ қилувчи гуноҳкор ҳам бўлмайди. Ривоят қилишларича, ким ворисининг (меросхўрининг) меросини олиб қочса (яъни, меросдан маҳрум қилса), Аллоҳ қиёмат куни унинг жаннатдаги меросини узиб қўяди. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Маккадалигимда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мени кўргани келдилар. У зот мен ҳижрат қилиб чиқиб кетган ерда ўлишимни истамаётган эдилар... Шунда мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, молимнинг ҳаммасини васият қилайми?» дедим. «Йўқ», дедилар. «Унда тенг ярмини-чи?» дедим. «Йўқ», дедилар. «Учдан бирини-чи?» дедим. «Учдан бир. Учдан бири ҳам кўп, чунки меросхўрларингни бой ҳолида ташлаб кетишинг уларни одамларнинг қўлидаги нарсаларни тиланадиган боқиманда қилиб ташлаб кетишингдан яхшироқдир. Сен нима нафақа қилсанг ҳам, у албатта садақадир. Ҳатто аёлингнинг оғзига тутган луқманг ҳам. Ажаб эмаски, Аллоҳ сени турғизса-да, кейин сен туфайли баъзи одамларни манфаатлантириб, бошқаларига зарар етказса», дедилар» (Бухорий ривояти).
182. Ким васият қилувчининг оғиши ёки гуноҳ бўлишидан қўрқиб орани ислоҳ қилса, унга гуноҳ йўқдир. Аллоҳ албатта мағфиратли ва раҳмлидир.
Ояти каримадаги "жанафа" сўзи тўғри йўлдан чиқиш, адолатсизлик қилиш маъноларини билдиради. Ушбу оятда васият қилиш чоғида йўл қўйиладиган хато ва камчиликлар ҳақида зикр этилмоқда. Ҳаётда бундай ишлар бўлиб туради. Ўлим ёқасида турган бир киши қолаётган мол-дунёсини ҳақдорлар қолиб, уларнинг адабини бериш мақсадида бутунлай бошқа бир кишига васият қилиши мумкин. Васият қилувчи фикрини ўзгартириб, адолатсизликка йўл қўяётганини кўрган гувоҳ уни бу ишдан қайтаришга ҳаракат қилиши керак, агар у кўнмай вафот этиб кетса, адолат қарор топиши учун васиятни ўзгартириб бўлса ҳам мерос масаласида содир этилаётган хатоларни тузатиши керак, унинг бу борадаги гуноҳларини мағфиратли Аллоҳ албатта кечиради.
“Васият” сўзи луғатда «етказиш, улаш, тайин қилиш, амр этиш» маъноларини билдиради. Одатда у «молни фалончига васият қилдим» каби ибораларда ишлатилади. Фақиҳлар истилоҳида эса ўлимдан кейинги ҳолатга боғлиқ нарсани холис яхшилик учун мулк қилиб бериш «васият» дейилади. Яъни, бу шариатда ўлимдан кейин қўшимча ҳақ сифатида садақа тайин қилишдир. Исломнинг аввалида ота-она ва яқин қариндошлар фойдасига васият қилиш вожиб эди. Қуръони каримнинг мерос оятлари (Бақара, 180) тушиши билан бу нарсалар насх (бекор) бўлиб, қолган молни оят асосида меросхўрлар ўртасида тақсим қилиш жорий этилган. Васият қилиш мандуб бўлиб, фақат молнинг учдан бирига ўтади. Васият фақат уни қилган кишининг вафотидан кейингина амалга оширилади. Васият ёзиб қўйиш билан хайрли экани ҳадисларда келган.
183. Эй имон келтирганлар, олдин ўтганларга каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шунда тақводор бўлурсизлар.
Бақара сурасининг 183-185-оятларида Рамазон ойи рўзаси ҳукмлари ва ҳикматлари баён этилган. Аллоҳ таоло мўминларга қарата олдин ўтган бошқа қавмлар каби Ислом умматига ҳам рўза фарз қилингани хабарини беряпти ва рўза тақводорлик белгиси эканини ҳам таъкидлаяпти. Шубҳа йўқки, комил адо этилган рўза ибодати мусулмонни ахлоқан ва маънан юксак мақомга – тақво мақомига етказади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом таъкидлаганларидек, рўза қалқондир, у гуноҳ қилишдан, турли жисмоний иллат ва хасталиклардан, охират азобидан сақлайди.
Араб тилидаги «совм» (рўза) луғатда «ўзни тийиш» деган маънони билдиради. Шаръий истилоҳда эса муборак Рамазон ойида тонг отганидан то қуёш ботгунча ният билан овқат емаслик, ичимликлар ичмаслик, жинсий яқинлик қилмаслик «рўза» дейилади. Рўза тутиш Ислом динининг беш рукни (асоси)дан биридир, Қуръон ва Суннат билан собит бўлган. Зеро, рўза ибодати билан нафс тарбияланади, шаҳвоний ҳою-ҳаваслар жиловланади. Рўза тутиб, инсон комил хулқларга эга бўлади. Комил хулқли инсонлар яшаган жамиятда осуда ва тинч-осойишта ҳаёт ҳукм суради. Оятда рўза ибодатининг ўтган пайғамбарларнинг умматларига ҳам фарз қилингани эслатилиб, мусулмонларга ушбу ибодатнинг оғир эмаслиги билдирилмоқда. Инсон ўзига машаққат бўлиб кўринган ишни олдин ҳам кимлардир бажарганини билса, унга киришиши осонлашади, қийинлигини унутади, уни пухта ва мукаммал бажаришга ғайрат билан киришади. Рўза нафақат мусулмонларга, балки Исломдан олдинги қавмларга ҳам фарз эди.
Рўза дастлаб Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинаи мунавварага ҳижрат қилганларидан кейин орадан бир ярим йил ўтгач – яъни ҳижратнинг ўн саккизинчи ойи, шаъбон ойининг ўнинчи кунида, қибла Байтул Мақдисдан Каъба тарафига ўзгаргандан кейинги ойда фарз қилинган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тўққиз йил Рамазон рўзасини тутганлар. Улардан иккитасини ўттиз кундан, қолган еттитасини йигирма тўққиз кундан тутганлар. Рамазон рўзасини тутиш фарз қилинишидан олдин мусулмонлар ашуро куни рўзасини тутишар эди. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо ривоят қилади: "Жоҳилият аҳли ашурода (муҳаррам ойининг ўнинчи куни) рўза тутар эди, рамазон ойида рўза тутиш ҳақида оят нозил бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ашуро рўзасини хоҳлаганлар тутсин, хоҳламаганлар тумасин", дедилар" (Бухорий ривояти); Ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: "Биз Қурайш аҳли жоҳилият даврида ашуро рўзасини тутар эдик. Жаноб Расулуллоҳ ҳам тутардилар. Мадинага келганларида ашуро рўзасини тутдилар, бошқаларга ҳам тутишни буюрдилар. Аллоҳ таоло рамазон ойи рўзаси ҳақида оят нозил қилиб уни фарз этгач, ашурода рўза тутилмайдиган бўлди. Ашуро рўзасини хоҳлаганлар тутиб, хоҳламаганлар тутмас эди" (Бухорий ривояти).
184. У саноқли кунлардир, сизлардан ким бемор ёки сафарда бўлса, бошқа кунлари саноқни тўлдирсин. Қодир бўлмаган кишилар зиммасида бир мискин таомича фидя бордир. Ким ихтиёри билан яхшилик қилса, ўзига фойдадир. Агар билсангизлар, рўза тутишингиз ўзларингизга яхшидир.
"Саноқли кунлар" дейилишидан мурод, бошқа пайғамбарларнинг умматларига бир неча ойлаб рўза тутиш буюрилгани ҳолда мусулмонларга Рамазон ойида ўттиз ёки йигирма тўққиз кун рўза тутиш фарз қилинди. Бу маънода рўзанинг қийин ва машаққатли эмаслигига, инсон бунинг уддасидан бемалол чиқишига ишора бордир.
"Қодир бўлмаган кишилар" дейилганида кексайиб қартайган ёки оғир беморлик туфайли ёхуд бошқа узрли сабабларга кўра рўза тутишга ярамайдиган кишилар назарда тутилган. Бу тоифа кишилар ҳар бир кун учун бир мискин кишининг кунлик таоми миқдорида фидя (бадал) тўлашлари лозим. Аммо бундайлардан иложи борича рўзани қолдирмай тутган киши катта савоб ва охират мукофотларига эришади. Баъзи муфассирларнинг (масалан, Абдуллоҳ ибн Масъуд) фикрича, "Ким ихтиёри билан яхшилик қилса, ўзига фойдадир. Агар билсангизлар, рўза тутишингиз ўзларингизга яхшидир" ояти нозил бўлгач, юқоридагиларни насх қилган (Мурра ривояти).
Саноқли кунлар рўзаси истисносиз барча ҳолатлар ва кишилар учун мажбурийдир, аммо рўза тутишга ярамайдиган касал ва қариялар, сафардаги кишилар учун уни тутмасликка, ўрнига фидя бериш ёки бошқа кунлари қазо рўзасини тутиб беришга рухсат этилган. Бу ҳолат Ислом шариатининг енгиллиги ва кенглигини кўрсатади. Ато розияллоҳу анҳу айтади: "Аллоҳ таолонинг сўзига кўра, киши касал бўлиб силласи қуриганда рўзасини бузади" (Бухорий ривояти). Яна бир ҳадисда келишича, Ато розияллоҳу анҳу Ибн Аббос розияллоҳу анҳумониг "Қодир бўлмаган кишилар зиммасида бир мискин таомича фидя бордир" оятини қироат қилганини эшитдилар. Ибн Аббос: "Бу оят мансух бўлган эмас, агар кекса киши ёки кекса аёл рўза тутишга қодир бўлмаса, ҳар бир рўза тутилмаган кун бадалига бир мискинни тўйдириши лозим", деганлар" (Бухорий ривояти). Рухсат берилган кишилар ҳам рўзаларини қолдирмай тутишса, ўзларига фойдадир. "Рўзанинг дунёвий ҳаётингиздаги фойдаларини, охиратда рўза сабабидан эришадиган мақомларингизни билганингизда эди, ўн икки ой рўзадор бўлишни истар эдингиз", дейилади ҳадисда. Ҳадиси қудсийда келишича, Аллоҳ таоло бундай деган: "Одам боласининг рўзадан бошқа барча амали ўзигадир. Рўза Менгадир, унинг мукофотини ҳам Ўзим бераман". Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким Рамазон рўзасини имон-ишонч билан ва савобидан умид қилиб тутса, олдинги гуноҳлари мағфират қилинади", деганлар (Бухорий ривояти).
185. Рамазон ойида инсонларга ҳидоят бўлган ҳамда ҳидоят ва фурқоннинг очиқ башорати бўлиб Қуръон туширилган. Ким бу ойга етса рўза тутсин. Ким бемор ёки сафарда бўлса, бошқа кунлари сонини тўлдирсин. Аллоҳ сизларга осонликни истайди, қийинчиликни хоҳламайди. Шунинг учун саноқни бут қилинглар ва ҳидоят қилгани учун Аллоҳни улуғланглар, шунда тақводор бўлурсизлар.
Ояти каримадаги "фурқон" сўзи "ажратувчи" маъносини билдиради, яъни Қуръони карим ҳақ билан ботилни ажратувчидир. Рамазон ойи барча самовий китоблар, шу жумладан Қуръони карим нозил қилинган шарафли ойдир. Ким бу ойга етса, рўза тутишига монеъ сабаблари бўлмаган муқим киши рўза тутсин, чунки у Ислом рукнларидан биридир. Аллоҳ учун рўза тутиш қалқондир: дунёда гуноҳлар хорлигидан, охиратда дўзах ўтидан ҳимоя қилади; рўза лаънати шайтон устидан ғалаба гаровидир, жисмимиз закотидир, жаннатга элтувчи кўприкдир. Рўза тутишга амр қилиниб ҳамда рўзанинг улуғлиги ва манфаатлари беқиёслиги баён этилганидан сўнг саноқли кунларда барча истисносиз уни тутиши лозим, деб тушунилмаслиги учун бемор ёки сафардаги кишилар уни кейин тутиб беришлари яна қайта эслатилмоқда. Чунки уларнинг ҳолати рўза тутишларига монеъ бўлгани учун уларга рамазон ойидан кейинроқ тутиб беришга рухсат этилмоқда. Исломнинг илк даврида рўза янги фарз қилинганида ҳар бир мусулмон рўза тутиш ёки фидя беришда ихтиёрли эди. Кейин бу ихтиёр бекор қилинди. Фидя бир мискинга икки маҳал тўйгунича таом беришдир, агар бундан зиёда бўлса, янада яхши. Энди ҳар бир киши Рамазон ойига етиб келса, ўзи бемор ёки сафарда бўлмаса, Рамазон рўзаси унинг зиммасида фарздир. Ўзи тутади, тутолмаса мискинга фидя беради. Зеро, "Аллоҳ сизларга осонликни истайди, қийинчиликни хоҳламайди". Аллоҳ таоло сизларни рўза баракотларидан бенасиб қолдирмаслиги учун сизни икки дунё саодатига эриштирувчи ҳидоят йўлига йўллагани, ибодатларга бошлагани учун берган неъматларига шукр айтиб, У Зотни улуғланглар, шундагина тақво аҳлидан бўласизлар.
Рўзадор кишига ушбулар суннатдир: нафсни ёмон ниятлардан тўхтатишни қасд қилиш; фойдасиз ҳамда уятсиз сўзларни гапиришдан ва эшитишдан ўзини сақлаш; биров билан уришишдан, ҳар қандай гуноҳ ишлардан ўзни тортиш; мумкин қадар истиғфор, зикр ва тасбеҳ билан банд бўлиш; Қуръон ўқиш; қуёш ботган вақтда шом намозини ўқишдан илгари (бир қултум сув каби нарса билан) оғиз очиш; Рамазон ойида ҳар куни хуфтон намозидан сўнг йигирма ракат таровеҳ намози ўқиш; таровеҳ намозида Қуръони Каримни ўқиб ёки эшитиб хатм қилиш; Рамазонда хуфтонни жамоат билан ўқиган кишиларга витр намозини ҳам жамоат билан ўқиш. Нафсни поклаш ва ахлоқни сайқаллашда намоз ва закотдан кейин рўза ибодати келади. Инсонни йўлдан урадиган нарсалар ичида қорин ва жинсий шаҳватлар энг кучлиларидан экани ҳеч кимга сир эмас. Рўзанинг фойдаларидан бири худди ўша икки шаҳватни жиловлашга хизмат қилишидир. Шунинг учун ҳам рўза нафсни поклаш ва ахлоқни сайқаллашда энг муҳим омиллардан бири ҳисобланади.
186. (Эй Муҳаммад), агар бандаларим Мен ҳақимда сиздан сўрашса, Мен уларга яқинман, дуогўйнинг дуосини ижобат қиламан. Улар ҳам Менга жавоб қилишсин, Менга имон келтиришсин, шояд шунда тўғри йўлга тушишар?
Муфассир олимлар ушбу оят нозил бўлишига турли воқеаларни сабаб қилиб кўрсатишган. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, яҳудийлар Пайғамбаримиздан: "Сен биз билан осмон ораси беш юз йиллик масофа, деб даъво қиляпсан, унда айт-чи, Парвардигор бизларни (шунча масофадан туриб) қандай эшитади?" деб сўрашди. Шунда юқоридаги оят тушди. Бошқа бир муфассирларнинг айтишича, қавм Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: "Эй Аллоҳнинг элчиси, Парвардигоримиз бизга яқинми ё узоқми? Яқин бўлса, паст овозда мурожаат қилайлик, узоқ бўлса, баланд овозда ёлбориб нидо қилайлик" деганида ушбу оят нозил бўлган. Машҳур муфассирлардан Ато ва Қатодаларнинг айтишларича, Ғофир сурасининг "Парвардигорингиз: "Менга дуо қилинглар, Мен сизларга мустажоб этай!" деди" ояти тушгач, одамлар: "Қайси пайтда дуо қилайлик?" деб сўрашганида юқоридаги оят нозил бўлган. Оятдаги "Мен уларга яқинман" жумласидаги яқинликни Қуртубий: "дуоларни ижобат қилишдаги яқинлик" деб тафсир қилган. Ана шу жумладан Аллоҳ ва банда орасида мустаҳкам боғлиқлик ва сир борлиги аёндир. Зеро, банда дунё ишлари билан ўралашиб қолса, Парвардигоридан узоқлашади, аммо дуо ва зикр билан яна Унга яқин бўлади, Парвардигорининг ўзига яқин бўлишини хоҳлаган бўлади. Шунинг учун дуо ибодатларнинг афзали саналади.
Ояти каримада Аллоҳ азза ва жалла "бандаларим" дея бизларни ўзига мансуб қилиб, тўғридан-тўғри мурожаат қилмоқда. Бу ҳақда "Тафсири Кабир" муаллифи имом Фахриддин Розий шундай ёзади: "Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир неча жойида Пайғамбаримизга (алайҳиссалом) хитоб қилиб: "Сиздан руҳ ҳақида сўрайдилар, айтинг...", "Сиздан ҳаром ойлар ҳақида сўрайдилар, айтинг...", Сиздан хамр ва қимор ҳақида сўрайдилар, айтинг..." дея бандалари сўраган нарсаларга Ўз Расули орқали жавоб беради, ҳар гал "айтинг" дея у зотни воситачи-етказувчи этиб тайинлайди. Фақат бир ўринда, яъни ушбу оятда ана шу "айтинг" (қул) лафзи йўқ. Гўё бу билан Аллоҳ таоло бундай демоқчи: "Эй бандам, барча хусусларда сенга воситачи-етказувчи керак, аммо дуода унга эҳтиёж йўқ. Чунки дуо Мен билан сенинг орамиздаги, иккимизга маълум хусусдир". Яна бир жиҳат шуки, Аллоҳ: "уларнинг дуосини эшитаман" демай, "дуогўйнинг дуосини ижобат қиламан. Улар ҳам Менга жавоб қилишсин, Менга имон келтиришсин, шояд шунда тўғри йўлга тушишар?" дея қилинган дуонинг бирор шаклда албатта қабул бўлишига ишорат этмоқда. Бандаларига қилган бундай инояти, лутфу марҳамати ортидан Аллоҳ таоло уларни ҳам ўз навбатида даъватни қабул этиб, Ўзига имон келтиришга ундайди, шунда шояд ҳидоятга, яхшиликка эришсалар, дейди. Аллоҳ даъватига "лаббай!" дея жавоб бериш, Унга ва Расулига имон келтириш, тўғри йўлни топиш ва ҳидоятга эришиш бандалар учун икки дунё саодатининг эшигидир.
187. Сизларга рўза кечаларида хотинларингизга қўшилиш ҳалол қилинди. Улар сизларнинг либосингиз, сизлар уларга либоссиз. Ўзларингизга хиёнат қилаётганингизни Аллоҳ билди ва тавбаларингизни қабул этиб, афв қилди. Энди уларга яқинлашаверинглар ва Аллоҳ сизларга ёзган нарсани умид қилаверинглар. Субҳда оқ ип қорасидан ажрата олингунича еб-ичаверинглар, сўнгра кечгача рўзаларингизни тўкис қилинглар. Масжидларда, эътикофдалигингизда уларга яқинлик қилманглар. Булар Аллоҳ чегараларидир, уларга асло яқинлашманглар. Инсонлар тақво қилишсин, деб Аллоҳ оятларини мана шундай очиқ баён этади.
Яъни, рўза кечаларида мусулмонларга аёллари билан қўшилиш ҳалол қилинди. Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳу шундай ривоят қилади: "Аллоҳ таоло Рамазон ойи рўзаси ҳақида оят нозил қилгач, одамлар рамазон давомида аёллари билан жимо (жинсий қовушиш) қилмасликлари лозим эди. Шундай бўлса-да, баъзилар ўзларига хиёнат қилишарди. Кейин Аллоҳ таоло юқоридаги оятини нозил қилди" (Бухорий ривояти). Оятда айтиляптики, аёллар эркакларга, эркаклар аёлларга либос, тўсиқ қилинди. Эр ва аёл бир-бирини гуноҳлардан, бузуқликлардан асровчи, ҳимоя қилувчи либослардир. Одатда либос уят жойларни тўсиш, иффатни сақлаш ва зийнат учун ишлатилади. Шунинг каби Исломда эр-хотин бир-бирларининг айбларини тўсишади, бир-бирларини ёмонлик ва фаҳш ишлардан ҳимоя қилишади ва бир-бирларини зийнатлашади. Демак, биз, мусулмон эрлар эгнимиздаги либосларни қанчалик озода, пок тутсак, унинг қимматини англаб қанчалар авайласак, жуфти ҳалолларимизни ҳам шунчалар эъзозлашимиз лозим. Ато ибн Омир розияллоҳу анҳу шундай ривоят қилади: "Бир хотин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб: "Эй Аллоҳнинг Расули, эрнинг хотин устидаги ҳаққи нима?" деб сўради. Набий алайҳиссалом: "Агар эри туя устида туриб уни хоҳласа, эътироз билдирмаслиги, рамазондан ташқари ҳар қандай нафл (ихтиёрий) рўзани фақат эрининг рухсати билан тутишидир, агар шундай қилмаса, эрга ажр, хотинга гуноҳ бор. Яна эрининг ижозатисиз кўчага чиқмаслигидир. Агар чиқса, раҳмат ва азоб фаришталари у то уйига қайтгунича унга лаънат ўқишади", деб жавоб бердилар. Каъбул Ахбор: "Қиёмат куни хотиндан биринчи сўраладиган нарса намоз, сўнг эрининг ҳаққи", деган. Бу қисқа дунё ҳаётида ҳаё ва номус имтиҳонидан ўтиш учун ҳар икки томон бир-бирига неъматдир. Никоҳ бошқаларнинг номусига кўз олайтирмаслик, номус хусусида ҳар икки тарафнинг бир-бирига қилган аҳд-паймони шартномасидир. Ҳозирги пайтда ёшлар онгига буни "қолоқлик, эскилик" дея сингдиришга уринаётган, манбаи ташқарида бўлган турли мафкура, жамият ва гуруҳлар борлиги аён. Улар тузоғига тушмаслик учун ғоятда ҳушёр ва сергак бўлиш лозим. Акс ҳолда, ҳаётнинг асл мазмуни икки жинс ўртасидаги ношаръий муносабатлардан иборат, дея тушунувчи ёшлар сони кўпайиб кетиш эҳтимоли бор.
Мазкур ояти карима рамазон рўзаси ҳукмларига оиддир. Эр-хотиннинг турмуш қуришдан асосий мақсади сўзсиз фарзанд кўришдир. Рўза ибодати янги фарз қилинган даврда кеча аввалида еб-ичиш ва хотин билан яқинлик қилиш жоиз бўлса-да, бир ухлаб турилгач буларнинг ҳаммаси ман этилар эди. Баъзилар бу ҳукмни бузиб қўйишди ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига келиб, қилмишларига иқрор бўлишди ҳамда қандай тавба қилишни сўрашди. Шу воқеа устида юқоридаги оят туширилди ва кечанинг ҳаммасида еб-ичиш ва хотин билан яқинлашишга ижозат берилди. Демак, Рамазон ойи кечалари аёлларингиз билан қўшилинглар ва бу қўшилишдан Аллоҳ таоло сизларга насиба қилиб қўйган фарзандни умид қилинглар. Шаҳватни қондириш, баҳра олиш, нафс истакларини бажариш эса, уйланишнинг дунёвий мақсадларидир. Лекин масжидларда эътикоф ўтирганда кечаю кундуз хотин билан яқинлашишга рухсат йўқ.
Ушбу ояти каримада саҳарлик вақтини белгилаш учун "Субҳда оқ ип қорасидан ажрата олингунича еб-ичаверинглар" жумласи келган. Мазкур оят нозил бўлганида саҳобалардан Адий ибн Ҳотам тунда оқ ва қора рангли ипларни олиб, унга тикилиб ўтирган. Субҳдан кейин ҳам иплар рангини ажрата олмаган. Тонгда Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳузурларига келиб, бўлган воқеани баён қилганида у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг фаросати камлигини айтиб, оятдан кўзланган мурод нима эканини тушунтирганлар (Бухорий. "Бобут-тафсир", 8-жилд, 127-бет). Баъзи муфассирлар оятдаги "оқ ип"ни субҳ деб, "қора ип"ни оқшом, кечқурун, деб таъвил қилишган.
188. Бир-бирларингизнинг молларингизни ноҳақ еманглар. Билатуриб одамларнинг молларидан бир қисмини ейиш мақсадида гуноҳ йўл билан уни ҳокимларга узатманглар.
Бу ояти карима Абдон Ҳадрамий ҳақида нозил бўлган. У Имрул Қайс Киндийдан бир парча ерни даъво қилди. Ўрталарида хусумат чиқди. Иккови ажрим қилишларини сўраб, Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ҳузурларига борди. Имрул Қайс ўша ерни Абдонга беришдан бош тортиб, қасам ичмоқчи бўлганида ушбу оят нозил бўлди ва у қасам ичишдан воз кечиб, ҳукм Абдон фойдасига ҳал бўлди. Бу борада Пайғамбар алайҳиссалом шундай деганлар: "Мен ҳам бир инсонман, ҳузуримга ҳақ талашиб, даъво билан келиб турасизлар. Сўзга усталик қилиб, ўзгалар ҳақини ноҳақ ўзлаштириб олсангиз, билиб қўйинглар, ўша нарса дўзахнинг бир чўғидир. Хоҳлаган уни олсин, хоҳламаган олмасин" (Бухорий ва Муслим ривояти).
Гарчи оят ўша даврдаги бир ҳодиса туфайли нозил бўлган эса-да, ундаги хитоб қиёматгача барча умматга қаратилгандир. "Молларни ноҳақ ейиш" дейилганининг маъноси ўғирлик қилиш, омонатга хиёнат этиш, фириб-алдов билан ўзлаштириш, фоиз олиш, қарзга нарса олиб, ундан тониш, пора бериш ва олиш, зўрлик билан тортиб олиш, қиморда ютиб кетиш, ўлчов ва тарозидан уриш, одам савдоси, сеҳр ва фолбинлик билан пул топиш, ножоиз тижорат билан молни қўлга киритишдир. Юқоридаги усулларнинг ҳар бири орқали мол топиш шариатда ҳаром қилинган. "Билатуриб одамларнинг молларидан бир қисмини ейиш мақсадида гуноҳ йўл билан уни ҳокимларга узатманглар" ояти матнидаги "тудлу" сўзи "адла"дан олинган бўлиб, одатда қудуққа челак ташлаш маъносини билдиради. Бу ўринда эса "молни пора сифатида ҳокимларга узатиш" маъносида қўлланган. Золим ҳокимларга бошқанинг молидан эҳсон қилиш, ўз молини уларга пора қилиб бериш ё улар билан бирга ҳаром ишлар қилиш ҳам тамоман ножоиздир. "Гуноҳ йўл билан"ни Қуртубий "зулм ва ҳаддан ошиш билан" тарзида тафсир қилган. Собуний эса ушбу оятни қуйидагича изоҳлаган: "Яъни, билатуриб ўзгалар молини ноҳақ ўзлаштириб олишингизда сизнинг фойдангизга ҳал қилишлари учун ундан бир қисмини пора сифатида ҳокимларга узатманг". Ушбу оят жуда катта ҳуқуқий ва ижтимоий масалаларни қамраб олган ва унда тавсия этилган насиҳатларга амал қилиш орқали мўмин банда нафсини "нафси мутмаинна" (сокин нафс) даражасига олиб чиқади. Қози ёки ҳокимга ҳақни тўхтатиш ё ноҳақ ишни юрғизиб юбориш мақсадида пора бериш оғир гуноҳ ишдир. Бу иш адолатсиз ҳукмга, зулмнинг қарор топишига ва фасод ишларнинг кенг тарқалишига олиб боради.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Пайғамбар алайҳиссалом: "Ҳукм чиқаришда пора берган ҳам, олган ҳам Аллоҳнинг лаънатига йўлиқади", деб огоҳлантирганлар" (Аҳмад ривояти). Асримизга келиб дунёда порахўрлик шу қадар илдиз отиб кетдики, ҳозир деярли барча мамлакатларда кўп ишлар, муомалалар порасиз битмайдиган бўлиб кетди. Пора кўп одамларни виждонидан айирди, хизмат кўрсатувчининг хизмат буюрувчига нисбатан муносабати бузилишига сабаб бўлди. Порахўрлик балосидан аҳолининг камбағал, ночор қисми айниқса катта зарар кўряпти. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ пора берувчини ҳам, олувчини ҳам, ўрталарида турганни ҳам лаънатлади», деганлар. Уламолар «лаънатлади» сўзининг маъносини «ҳаром қилинди» деб шарҳлашган. Айрим уламолар: «Пора берувчининг мақсади мусулмонга озор етказиш ёки ҳаққи бўлмаган нарсани қўлга киритиш бўлса, у лаънатлангандир. Бордию ўзининг ҳаққини қўлга киритиш ёки ўзидан зулмни даф қилиш учун пора берса, у лаънатланган бўлмайди. Ҳокимнинг эса, бирон бир ҳақни бекор қиладими, зулмни даф қиладими – фарқи йўқ, пора олиши ҳаром. Ўртадаги киши эса, пора берувчи каби, мақсадига қараб баҳоланади», дейишган. Бошқа уламолар бу фикрга қарши чиқиб, поранинг ҳаромлиги мутлақ – ҳамма ҳолда ҳам ҳаром, дейишган. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: «Биродарингнинг ҳожатини билиб, уни раво қилсангу (бунинг эвазига) сенга ҳадя берганида қабул қилсанг, бу ишинг ҳаромдир».
189. Сиздан ҳилол ҳақида сўрашади. "Улар инсонлар учун ва ҳаж учун вақт ўлчовидир", денг. Уйларингизнинг орқа тарафидан келишингиз яхшилик эмас, яхшилик тақводорликдадир. Уйларга эшикларингиздан киринглар ва Аллоҳдан қўрқинглар, шундагина нажот топасизлар.
Ояти каримадаги "ҳилол" янги чиққан ой маъносида. Аллоҳ таоло ойни Ўзи билган қонун ва ҳикмат билан, кечалари нур сочиб, ёритиб туриши, бандаларнинг йиллар ва вақт саноғини бехато билиб юришлари учун яратган. Бу ҳақда бир неча ҳадислар ҳам бор: Ҳусайн ибн Ҳорис розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Макка амири хутба қилиб: "Расулуллоҳ бизларга ибодатларни ойни кўриб адо этишни... амр қилганлар", деди" (Абу Довуд, Дориқутний ривояти); Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан қилинган ривоятда: "Ойни кўриб рўза тутинглар ва уни кўриб очинглар", деганлар (Термизий ривояти). Ҳилол (янги чиққан ўроқ шаклидаги ой) сурати мусулмон ўлкаларда динлари рамзи сифатида ишлатилади.
Ўтмишдаги араблар эҳромга кирганидан кейин яна уйларига кирмоқчи бўлишса, дарвозадан эмас, томдан тушишар ё уйининг орқа томонини тешиб, ўша ердан киришар эди. Улар бу нарсани яхши амал, деб эътиқод қилишарди. Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳу ривоят қилади: "Араблар жоҳилият даврида эҳром боғлашса, уйларига томдан ошиб тушишар эди. Кейин Аллоҳ таоло юқоридаги оятини нозил қилди" (Бухорий ривояти). Аллоҳ таоло бу ояти каримада мазкур эътиқоднинг маънисизлигини билдириб, яхшилик фақат Ўзига тақво қилиш билан бўлишини зикр этмоқда.
190. Сиз билан урушаётганларга қарши Аллоҳ йўлида жанг қилинглар, аммо тажовуз этманглар. Аллоҳ тажовузкорларни асло севмайди.
Қайси бир қавм бошқа бир қавмга уруш очиб, зулм қилишга ўтсагина Аллоҳ таоло урушишни ҳалол қилган. Душманга қарши уруш очишда Аллоҳ йўлининг ғолиб бўлишигина кўзда тутилади, аммо бунда тажовузга йўл қўйилмайди. Чунки Аллоҳ таоло тажовузкорларни ёмон кўради. Аллоҳ таоло мўминларга ушбу ваҳийни нозил қилганидан кейин мусулмонлар ва мусулмон бўлмаган араб қабилалари ўртасида бир қанча жанглар бўлди. Лекин уларнинг бирортаси ҳам мусулмонлар сабабчи бўлиб бошланган эмас. Бундан ташқари, Муҳаммад алайҳиссалом душманлари билан машҳур Ҳудайбия сулҳ шартномасини тузиб, уларнинг кўпгина шартларига кўндилар ва мусулмонлар билан Аҳли китобларнинг тинч, бехатар яшашини таъминлаб бердилар. Аммо орадан кўп ўтмай, мушриклар шартномани бузишди ва уруш ҳаракатлари қайта бошланиб кетди. Бироқ ўзларини ўнглаб олган мусулмонлар шавкатли қўшин билан Маккани фатҳ этишганида бирор одамнинг қони тўкилмади, бирор уй вайрон этилмади, ҳеч ким зулм кўрмади. Ваҳоланки, Пайғамбар алайҳиссалом хоҳлаганларида мусулмонлар ўз бошларига чексиз уқубат ва кулфат келтирган мушрикларнинг қабила бошлиқларидан ўч олган бўлардилар. Аммо у зот уларга қарши ҳеч қандай чора кўрмай, умумий авф эълон қилдилар. Охирзамон Пайғамбарининг ана шу марҳамати ва бағрикенглигидан ҳайратга тушган жуда кўп мушриклар кейинчалик мусулмон бўлишди.
191. Уларни кўрган жойингизда ўлдиринглар, сизларни чиқаришган жойдан уларни ҳам қувиб чиқаринглар. Фитна қотилликдан ҳам ёмондир. Ўзлари уруш бошламагунча улар билан Масжидул-Ҳаромда жанг қилманглар. Агар сизларга уруш очишса, уларни ҳам ўлдиринглар, кофирларнинг жазоси шудир.
Аллоҳ тажовузкорларни ёмон кўради, ҳар қандай зулмни ман этади. Шунинг учун У мусулмонларга золим ва тажовузкор кимсаларни қаерда кўришса ҳам ўлдиришга, ўзлари уруш бошламагунча Аллоҳнинг Байти жойлашган Масжидул-Ҳаром олдида урушмасликка буюрмоқда. Шу боис Муҳаммад алайҳиссалом юз мингли Ислом қўшини билан Маккани фатҳ этганларида бирорта одамнинг қони тўкилишига йўл қўймадилар, ҳеч ким Ислом лашкаридан жабр-зулм кўрмади.
Золим ва қонхўр кимсалар ҳамиша инсонлар, бутун-бутун қабилалар ўртасига фитна, нифоқ солиб, жамиятнинг тинч ҳаётини пароканда қилишади. Фитна эса одамларни қатл қилишдан ҳам ёмон жиноятдир. Аммо жоҳил ва урушқоқ бузғунчилар инсоният тарихи давомида жуда кўп марта Парвардигорнинг ана шу амрларига қарши борган, турли фитналар чиқариб, минг-минглаб бегуноҳ кишиларнинг ҳалокатига сабаб бўлган. Бундай тажовузкор қавмлар Аҳли китоблардан ҳам чиққан. Масалан, ўн биринчи милодий аср охирида Оврупа насронийлари Худонинг марҳаматига мушарраф бўлган Фаластинни "сақлаб қолиш" учун бир неча марта машъум "салиб юришлари" ташкил этишди. Йилномаларда келган маълумотларга кўра, салибчиларнинг қўшинлари Қуддусда икки кун ичида қирқ мингга яқин мусулмон ва яҳудийни ёвузларча қиймалаб ўлдиришган. Уларнинг ваҳшийлиги шу даражага борганки, тўртинчи салиб юриши чоғида ўз диндошларига қарашли Қустантания (Константинополь) шаҳрини ҳам талон-тарож қилиб, ҳамма ёққа ўт қўйишган. Улар Қуддусдаги Сулаймон алайҳиссалом ибодатхонаси олдида одамлар қонини дарё қилиб оқизишган. Ваҳоланки, салибчиларнинг бундай ваҳшийлиги насронийлик йўлига тамоман зид эди.
192. Куфрдан қайтишса, Аллоҳ албатта мағфиратли ва раҳмлидир.
Аммо куфрдан қайтиб, Аллоҳ таолонинг ваҳийларини тан олган, унинг чегараларини бузишдан тийилган инсонларнинг гуноҳларини Аллоҳ таоло мағфират қилади. Чунки У кечирувчи ва раҳмлидир.
Куфр, эътиқодсизлик, имонсизлик кишилик жамиятларининг энг оғир кулфатларидандир. "Инсон учун энг катта кулфат-мусибат нима?" деган саволингизга биров "Қуруқ туҳмат балоси", дейди, бошқаси "фарзанд тобутини елкага олиш" деб жавоб қилади, яна биров "дўст хиёнати" деган гапни айтади. Аслида имонсизлик, куфр энг катта кулфатдир. Ақлини эндигина таниган мусулмон болакай қаердан келиб, қаерга кетишини яхши билади. Аммо саксон ёшли имонсиз файласуф ўзининг қандай яратилганига ақли етмай, маймундан тарқаганмизми ёки бошқа махлуқданми, деб ҳамон довдираб юрибди. Даҳрийлик, моддапарастлик қон-қонига сингиб кетган айрим кимсалар ҳамон бузуқ эътиқодларини ислоҳ қила олишмаяпти. Ниҳояси йўқ ғафлат чангалзорларида адашиб-тентираб юришибди. Бутун дунё аллақачон бузуқ таълимотлардан юз ўгириб, Аллоҳни таниганига қарамай, ҳамон эски ашулатовоқларни эшитиб юришибди. Бу ашулатовоқларнинг дийдиёси ўша-ўша: "Дин афюндир. У камбағал-мазлумларни қуллик ва ҳукмдорларга таслим қилиб беради. Жаннат хом хаёлларига етаклайди. Дин Аллоҳ томонидан юборилмаган, балки жамиятнинг бир қатламини бошқа қатламига бўйсундириш учун мустабидлар томонидан ўйлаб чиқарилган нарса". Булар адашганларнинг нуқтаи назари. Мусулмонлар, ҳатто ҳали Ислом билан шарафланишга улгурмаган жуда кўп Ғарбу Шарқ мутафаккирлари, заковат соҳиблари уларнинг қаттиқ адашаётганини, таги йўқ, пуч таълимотни жоҳилларча қайсарлик билан ҳимоя қилаётганини кўриб-билиб турибди. Уларнинг сафсаталарига қарши соғлом ақл, илм-фан ҳақиқати, ҳақ дин таълимоти билан муносиб жавоб қайтармоқда.
Дин айримлар иддао қилаётганидай нашавандлик (афюн) ҳолати эмас, бу ҳушёрлик, сергаклик, ҳар бир ҳатти-ҳаракатинг, ҳар бир сўзинг ва фикринг учун виждон қийноғидир. Афюн билан мияси айниган, маст-карахт бўлганлар жоҳилларнинг ўзларидир. Чунки улар динни рад этиб, тан олишмайди. Бу билан динга бўйсунишдан ва унинг олдидаги масъулиятдан бўйин товлашади. Бу дунёнинг ўзидагина яшашни тасаввур қилишади. “Ўлгандан кейин тирилиш, ҳисоб-китоб, жазолаш йўқ” деган баҳонада кўнгилларига ёққан ишни қилаверишади. Бундай кимсанинг покиза ниятли бир мусулмонга, агар бирор кишини ҳўкиз сузиб юборса, Ислом динининг кўрсатмаларини бажара олмадим, деб изтироб чеккан ҳамда етти маҳалла наридаги қўшниси олдида ҳам масъулият ҳис этган мусулмонга тенглашишига йўл бўлсин!
193. Фитна босилиб, бутун дин Аллоҳгагина бўлмагунича улар билан урушинглар. Агар тўхташса, золимлардан бошқасига душманлик йўқ.
Ояти каримадаги "дин" сўзи кенг маънони англатади, "дин" дейилганида имон, амаллар, тоат-ибодат, тақво ва яхшиликлар тушунилади. "Фитна-фасод" эса диндан чиқиш ва бошқаларни ҳам чиқаришдир. Бу нарсалар Масжидул-Ҳаромда ва муҳаррам ойида уруш қилишдан ҳам ёмондир. Инсонлар ўртасида зулм йўқолиши, халқни диндан узиб, гумроҳ қилинмаслиги ва Аллоҳ таолонинг ҳукми жорий бўлиши учун уруш фарз қилинган. Аммо фасод тарқатувчилар фитналарини тўхтатишса, улар ичидаги золимлардан бошқасига тегманглар.
Нофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Ибн Зубайр фитнаси пайтида икки киши Ибн Умарнинг олдига келиб: "Одамлар нима ишлар қилишяпти, сиз бўлсангиз Пайғамбаримизнинг дўстлари бўлатуриб индамай ўтирибсиз, уларга қарши курашишингизга нима монеълик қилади?" дейишди. Шунда Ибн Умар: "Аллоҳ таолонинг ўз биродарларим қонини тўкишдан қайтаргани монеълик қилади", деди. Боягилар: "Ахир, Аллоҳ таоло: "Фитна босилиб, бутун дин Аллоҳгагина бўлмагунича улар билан урушинглар" демаганмиди?!" дейишди. Ибн Умар: "Биз фитна қолмагунича ва Аллоҳ таолонинг дини қоим бўлгунича урушдик. Нима, энди сизлар яна фитна содир бўлиб, Аллоҳ таолонинг дини барбод бўлгунича уруш қилмоқчимисизлар?!" дедилар" (Бухорий ривояти).
194. Ҳаром ой ҳаром ойга муқобилдир, ҳаромларда қасос бор. Ким сизларга душманлик қилса, сизлар ҳам шунинг баробарида душманлик қилинглар. Аллоҳдан қўрқинглар, билингки, Аллоҳ тақводорлар биландир.
Олтинчи ҳижрий сананинг зулқаъда ойида умрага борган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ва саҳобаларини Масжидул-Ҳаром ҳудудида эҳром ҳолатида мушриклар тўсишди. Орадан бир йил ўтиб шу умранинг қазосига боришганида саҳобалар: "Энди урушиш тўғри келиб қолса, нима қиламиз", деб қўрқишди. Парвардигор ушбу ояти карима билан уларга жавоб берадики, улар уруш ҳаром қилинган ойлар ҳурматини поймол қилишса, сизлар ҳам улардан қасос олинглар.
“Ҳаром ойлар” ибораси луғатда «уруш-жанжал, адоват-душманлик ҳаром қилинган, ҳурматли, улуғланган ойлар» маъносини билдиради. Ҳижрий-қамарий сананинг муҳаррам, зулқаъда, зулҳижжа, ражаб ойлари ҳаром ойлар саналади. Бу ойларда ҳар қандай уруш ҳаракатлари, қон тўкиш, адоват-фитна қўзғаш ишлари тақиқланган.
195. Аллоҳ йўлида сарф қилинглар ва ўзларингизни ўз қўлларингиз билан ҳалокатга отманглар. Яхшилик қилинглар, Аллоҳ албатта яхшилик қилувчиларни севади.
Аллоҳ йўлидаги жанг учун ўз молидан сарф этмаслик ва бахиллик қилиш ўз-ўзини ҳалок қилиш билан баробардир. Шунинг учун Аллоҳ берган ризқ ва неъматларни Унинг ўзи буюрган йўлларга сарф қилиш лозим. Бир киши мол-давлат топсаю уни ҳаром-ҳариш ишларга, масалан, хамр ичиш, наша чекиш ёки зино қилиш кабиларга сарфласа, Парвардигорнинг неъматларига катта ношукрлик қилган бўлади, бу билан ўзини ҳалокатга отган саналади. Аллоҳ азза ва жалла барча инсонларни яхшилик қилишга, бир-бирларига эзгулик, хайрли, савобли ишлар йўлида кўмаклашишга буюради. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: "Эй умматларим, агар бир-бирларингизни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтаришни тарк этсангиз, бошингизга шундай бало-офатлар келадики, у яхши-ёмонга баробар фожиа бўлади", деб огоҳлантирганлар. Ҳузайфа ибн Йамон розияллоҳу анҳу: "Бақара сурасининг 195-ояти нафақа тўғрисида нозил бўлган", деган (Бухорий ривояти).
“Нафақа” сўзи луғатда «яхшиликка маблағ ажратиш» маъносини билдиради. Шариатда эса ўз қарамоғидаги кишини етарли кийим-бош, таом, маскан (уй), тозалик ва рўзғор анжомлари-ашёлари билан таъминлаш «нафақа» дейилади. Нафақа эр-хотинлик ва қариндошлик йўли билан вожиб бўлади.
196. Аллоҳ учун ҳаж ва умрани тўкис қилинглар. Агар тўсилсангиз, қодир бўлганингизча қурбонлик қилинглар. Жонлиқ жойига етиб бормагунича бошларингизни қирманглар. Агар сизлардан кимдир касал ёки бошида бирон азият бўлса, у ҳолда ё рўза тутиш ё садақа бериш ёки қурбонлик қилиш билан фидя берсин. Хотиржамлик бўлганида ким умра билан ҳажни бирга адо этолса, муяссар бўлганича ҳадясини берсин. Ким топа олмаса, ҳажда уч кун, қайтганидан кейин етти кун, тугал ўн кун рўза тутсин. Бу аҳли-оиласи Масжидул-Ҳаромда турмаганлар учундир. Аллоҳдан қўрқинглар, билингларки, Аллоҳнинг азоби қаттиқдир.
Ҳаж ва умра ибодати халқ кўриши ёки ҳожи номини олиш учун эмас, Аллоҳ таолонинг розилиги учун қилинади. Агар бир киши ҳаж ё умра учун эҳромга кирганидан сўнг бирор душман сабабидан ё хасталаниб қолиб Маккага етолмай қолиб кетса, у ўзи қодир бўлган бир жонлиқни Масжидул-Ҳаромга бирор киши орқали юбориб, унга бу жонлиқни фалон куни Макка Ҳаромида сўйишни тайинлайди. Жониворнинг Маккага элтиб сўйилгани аниқ маълум бўлса, шундан кейин сочини олдириб, эҳромдан чиқади. Бундан олдин ҳаргиз сочини олдирмайди, бу сўйиш эҳсон сўйиши бўлади. Масалан, эҳром ҳолатида бир киши хаста бўлса, бошида оғриқ ёки яра бўлса, у зарурат юзасидан сочини олдираверади, лекин фидя (тўлов) беради. Демак, бу оятда Аллоҳ таоло касал, бошида бит, қўтир ёки қичима бўлган кишига зарарли моддалардан фориғ бўлиш учун эҳромдалигидаёқ сочини олдиришни мубоҳ қилди. У сочини олдирганида соч тагидаги зарарли нарсалардан қутулади. Бу нарса табобатда "истифроғ", яъни фориғ бўлиш, дейилади. Абдуллоҳ ибн Маъқил розияллоҳу анҳу бундай дейди: "Мен Куфа масжидида Каъб ибн Ужра ҳузурида ўтириб, қурбонлик фидяси ҳақида сўрадим. Каъб бундай деди: "Мен Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига бир юмуш билан боргандим. Шунда бошимдаги битлар юзимга тўкилиб тушди. Буни кўрган ҳазрати Расулуллоҳ: "Битлар сенга бунчалик азоб бераётганини билмаган эканман, бир қўй топа оласанми?" дедилар. Мен: "Йўқ", дедим. "Ундай бўлса, сочингни олдир-да, кейин уч кун рўза тут ёки олти мискинни тўйдир, ҳар бир мискинга ярим соъдан таом бер", дедилар. Юқоридаги оят мен ҳақимда нозил бўлган эса-да, барчангизга тааллуқлидир" (Бухорий ривояти).
197. Ҳаж вақти маълум ойлардир, ким уларда ҳажни қасд этса, ҳаж пайтида шаҳвоний ишлар, гуноҳ ва жанжал-тортишишдан сақлансин. Қандай яхши амал қилсангиз ҳам Аллоҳ билади. Озуқа ғамлаб олинглар, энг яхши озуқа тақводир. Эй оқиллар, азобимдан қўрқинглар!
Ҳаж ибодати Иброҳим алайҳиссалом даврларидан буён адо этиб келинадиган улуғ ибодатлардан, Исломнинг бешинчи рукнидир. Шаввол, зул-қаъда ва зул-ҳижжа ойининг дастлабки ўн куни ҳаж вақтидир. Ҳаж ё умра учун ният билан эҳромга кирган киши хотини билан жинсий яқинлик ёки унга олиб борувчи шаҳвоний сўз ва ҳаракатлардан, гуноҳ ишлардан, ҳамроҳлари билан тортишиб-жанжаллашишдан ўзини мутлоқ тийиши лозим. Бу ярамас ишлар ҳаждан бошқа пайтлари ҳам мусулмонларга муносиб эмас, аммо ҳаж пайтида бундай ишларни қилиш ўта қабиҳлик саналади. Инсон гуноҳларидан покланиш, Аллоҳ мағфиратидан умидвор бўлиб ҳаж қилсаю, аммо яна гуноҳ ишларга йўл қўйиши ақлсизликнинг ўзгинасидир.
Аллоҳ таоло қилган ҳар бир яхшилигингизни билиб туради, мукофотини тўлиқ қилиб беради. Шундай экан, ҳаж пайтида фурсатни қўлдан бермай кўпроқ яхшилик қилишга шошилинглар. Яна ҳаж сафарига чиққанда йўл тадорикини кўринглар, етарли озуқаларингизни ғамлаб олинглар, токи ҳамсафарларингизга оғирлигингиз тушмасин. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: "Яман халқи ҳажга озуқа олмай келар, "биз таваккул қилувчилармиз" дер эди. Маккага келгандан сўнг одамлардан тиланчилик қилишга тушишарди" (Бухорий ривояти). Бошқа бир ривоятда келишича, яманликлар: "Байтуллоҳни ҳаж қиламизу Аллоҳ бизни оч қўярмиди", дейишар экан. Буларнинг ишини рад этиб ушбу ояти карима нозил бўлган. Аммо шуни билиб қўйингларки, маънавий-руҳий озуқа ҳисобланмиш тақводорлик (Аллоҳдан қўрқиш) энг яхши озуқадир. Ким тақволи бўлса, ҳар бир амалида Аллоҳ розилигини истаса, унга сафар машаққатлари осон кечади. Тиланчиликдан сақланишда ҳожи учун аълоси парҳездир.
198. Парвардигорингиздан ризқ талаб қилиш сизларга гуноҳ эмасдир. Арафотдан қайтганингизда Машъарул-Ҳаромда Аллоҳни зикр қилинглар. Илгари адашганлардан бўлсангиз-да, сизларни ҳидоятга бошлагани учун Уни зикр қилинглар.
Ҳаж кунларида ва ҳаж сафарида тижорат қилиш жоиз, асл ният ҳаж бўлганидан кейин тижорат ё киракашлик воситасида Аллоҳдан ризқ талаб этиш гуноҳ бўлмайди. “Машъарул-Ҳаром” эса Муздалифадаги бир тоғнинг номи. Арафотдан қайтгандан кейин ўша тоғ устида ва Муҳассар водийидан ташқари Муздалифанинг ҳамма ерида бир муддат туриш жоиздир.
Ислом дини келгунига қадар арабларнинг эркаклари Каъбани яланғоч ҳолда, аёллари эса биргина узун матога ўралиб тавоф қилишар, кейин бу кийимларини ташлаб юборишар эди. Аллоҳ таоло Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом орқали дин ҳукмларини нозил қилди ва ҳаж ибодатини адо этишдаги амалларни зикр этди. Яъни, Қурайш аҳли ҳам бошқа ҳожилар каби Арафотдан қайтгач, Машъарул-Ҳаромда Аллоҳни кўп-кўп зикр қилишлари, сўнгра Маккага қайтиб, ифоза тавофини қилишлари керак бўлади. Аллоҳ шу тариқа ҳаж ибодатидаги Қурайш пайдо қилган бидъат ишларни Ислом билан бекор қилди. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо бундай дейдилар: "Жоҳилият даврида арабларнинг Укоз, Мажанна, Зулмажоз деган бозорлари бўларди. Мусулмонлар ҳаж мавсумида шу бозорларда тижорат қилишни гуноҳ, деб ҳисоблашди. Шундан сўнг юқоридаги оят нозил бўлди" (Бухорий ривояти).
199. Сўнгра одамлар тушган ердан тушинглар ва Аллоҳдан мағфират сўранглар. Аллоҳ албатта мағфират қилувчи, раҳмлидир.
"Одамлар тушган ер" Арафотдир. Маълумки, Арафотда қуёш ботгунича бир муддат туриш ҳажнинг фарзларидандир. Қуръони каримнинг бу амри Макка аҳлига қаратилган, чунки улар ҳаж қилишда Арафотда тўхтаб ўтирмай, Муздалифадан қайтиб тушишар эди. Олдин бундай хатоларга йўл қўйган бўлсанглар, Аллоҳдан мағфират сўранглар, У кечирувчи, бандаларига ўта раҳмлидир. Ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: "Қурайш ва унинг динига эътиқод қилувчилар Муздалифада вуқуф (туриш) қилишарди, уларни хумс, деб аташарди. Бошқа араблар Арафотда вуқуф қилишарди. Ислом келганидан сўнг Аллоҳ таоло Пайғамбарга Арафотга келиб, шу ерда вуқуф қилишни, кейин Муздалифага тушишни амр қилди. Аллоҳнинг: "Сўнгра одамлар тушган ердан тушинглар ва Аллоҳдан мағфират сўранглар" деган оятининг мазмуни шунга далолат қилади" (Бухорий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ҳаж – Арафотдир», деганлар. Арафотга қадам босмаган, ҳеч йўқ бир неча лаҳза унда турмаган кишининг ҳажи ҳаж бўлмайди. Ҳажнинг энг муҳим фарзи бўлмиш Арафотдаги вақфада (туришда) ҳар ким ўзининг ҳолатини чуқур мушоҳада қилади – қаерда тургани, қалбининг аҳволинини сарҳисоб этади. Арафот турли ирқ, миллат ва маданият вакиллари бўлган мўминларнинг Яратганга қуллик қиладиган маскандир. Саҳиҳ ривоятларда келишича, Арафотда турган ҳожи дуоим мустажоб бўлдимикин, деган шубҳага борса ҳам гуноҳкор бўлади, яъни бу ерда дуоларнинг ижобат бўлишига шубҳа қилиш ҳам мумкин эмас. Ҳижратнинг ўнинчи йили Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳаж қилиб, Арафотда дунёнинг тўрт томонидан келган бир юз йигирма минг ҳожи ҳузурида оламшумул Вадо хутбаларини қилганлар. Арафотда Қуръони каримнинг нозил бўлиши ниҳоясига етган. Имом Бухорий шундай ривоят қиладилар: «Яҳудийлар Умар розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига келиб, «Сизлар бир оятни ўқийсизлар, агар ўша оят бизга нозил бўлганида, буни байрам қилиб олган бўлур эдик», дейишди. «Мен ўша оятнинг қачон, қаерда, қандай нозил бўлганини биламан. Аллоҳга қасамки, бу арафа куни бўлиб, биз ҳам Арафотда эдик», деди ҳазрати Умар. – Бу ушбу оятдир: «Бугун динингизни мукаммал қилдим, неъматларимни бенуқсон, тўлиқ қилиб бердим ва сизларга Исломни дин деб рози бўлдим.» (Моида, 3)”.
200. Маносикларингизни тугатгач, аждодларингиз ёдлаганидек ё ундан ҳам зиёда Аллоҳни ёдланглар. Баъзи одамлар борки, улар: "Эй Парвардигоримиз, бизга шу дунёлигимизни бер", дейишади. Уларга охиратда насиба йўқдир.
Ўтмишдаги араблар ҳаж кунларида ота-боболарининг фазилати ва яхшиликларини айтиб фахрланишар эди. Парвардигор мусулмонларни бу нарсадан қайтариб, фақат Ўзини ёдлашга буюрган. Яъни, ҳаж маросимларини тугатгандан кейин ҳам Аллоҳ таолонинг зикрини янада кўпайтиринглар. Чунки аждодларингиз ҳам шундай қилишган, сизлар эса улардан ҳам кўпроқ Аллоҳни ёдланглар. Ораларингизда шундай одамлар борки, улар Аллоҳдан фақат бу дунё неъматларини сўрашади, охират билан ишлари бўлмайди. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо, Суддий, Ибн Зайд каби муфассирларнинг сўзига кўра, "Баъзи одамлар борки, улар: "Эй Парвардигоримиз, бизга шу дунёлигимизни бер", дейишади" ояти каримаси жоҳилият даври араблари ҳақида нозил бўлган. Чунки улар ҳаж қилаётиб вақфа (туриш жойлари) ерига келганларида "Эй Парвардигоримиз, бу йилни ёмғирли, баракотли, серҳосил қилгин", "Аллоҳим, менга туя, қўй бер" ёки "Душманимиз устидан бизни ғолиб қил" каби фақат дунёвий ҳожатларини сўрашарди. Зеро, улар охират нималигини билишмас ва унга ишонишмас эди. Аллоҳ таоло мўминларни бундай дуо қилишдан қайтарди ва буни хабар тарзида нозил қилди. Фақат дунёга тегишли нарсаларни сўрайдиган бандаларини огоҳлантириб, "Уларга охиратда насиба йўқдир", дея зикр этди.
Ушбу ояти карима гарчи жоҳилият замони араблари ҳақида тушган бўлса ҳам, аслида унинг қамрови кенг, ҳукми эса барчага умумийдир. Оятда зикр этилганидай, баъзи тоифадаги инсонлар Аллоҳни зикр қилишади, дуога қўл очишади. Аммо дилларию тиллари дунёвий истаклар билан машғул бўлади. Уларнинг бутун фикри-зикри дунё, энг катта ғами ҳам дунё ишларидир. Улар ана шу дунёвий муаммоларга ўралашиб, охиратлари билан қизиқишмайди. Карами кенг Парвардигор бундайларнинг дуосини ҳам ижобат этади, қуруқ қайтармайди, аммо уларга охиратда ҳеч қандай насиба, мукофот, улуш йўқдир.
201. Ва шундайлар ҳам борки, улар: "Эй Парвардигоримиз, бизга дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшиликлар бер ва дўзах азобидан асра", дейишади.
Энди одамлар орасида шундайлари ҳам борки, улар Парвардигорларидан ҳам дунё, ҳам охират яхшиликларини сўрашади, булар ҳақиқий мўминлардир. Улар олдинги оятда тилга олинганлардан фарқли ўлароқ, Аллоҳ таолони ҳамиша ёдга олиб, Ундан дунёдаги ва охиратдаги яхшиликларни баравар сўрашади, яъни, дунёдаги насибаларини ҳам унутишмайди, охиратни ҳам эсдан чиқаришмайди. Дунё ва охират яхшиликлари йўлида баравар куч-ғайрат сарфлашади. Парвардигорларидан сўрашда ҳам "Менга мол-қўй, бойлик ёки яхши хотин бер" деб неъмат турини ҳам санамай, умумий қилиб дунё ва охират яхшиликларини сўрашади, барча ҳожатларини Аллоҳга ҳавола этишади. Ояти каримадаги "ҳасана" (яхшилик) сўзининг маъноси ҳақида турли фикрлар айтилган. Чунончи, муфассирлардан Собунийга кўра, дунёдаги ҳасана сиҳат-саломатлик, офият, яхши маскан, гўзал, солиҳа рафиқа, фаровон ризқ каби жуда кўп нарсаларни қамраб олган. Охиратдаги насибага эса, ҳисоб-китобнинг енгил бўлиши, жаннатга кириш, Аллоҳ жамолини кўриш каби яхшиликлар киради.
Ушбу оят дунё ва охират яхшиликларини ўзида жамлаган энг машҳур дуолардан саналади. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам энг кўп қилган дуоларидан бири ушбу: "Роббана, атина фид-дуня ҳасанатав ва фил ахироти ҳасанатав ва қина азабан-нар" (Эй Парвардигоримиз, бизга дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшиликлар бер ва дўзах азобидан асра) эди” (Бухорий ривояти). Анас ибн Моликнинг ўзлари ҳам дуо қилмоқчи бўлсалар, ушбу оятни ўқиганлар. Бир гал одамлар у кишидан дуо қилишни сўрашди, ҳазрати Анас шу дуони ўқидилар, одамлар "Яна дуо қилинг" дейишган эди, Анас: "Ахир мен дунё ва охират яхшиликларини сўрадим-ку, яна нима истайсизлар?" деб жавоб берганлар.
202. Ана ўшаларга қилган ишларидан насиба бор ва Аллоҳ тез ҳисоб-китоб қилувчидир.
Баъзилар қилган дуоларида фақат дунёвий роҳат-фароғатни сўрашади, бундайларга охиратда ҳеч қандай насиба бўлмайди. Баъзилар эса ҳам дунё, ҳам охират яхшилигини талаб этишади, уларга қиёмат куни юксак мақом ва улуғ савоблар ато қилинади. Бундай мўминларга дунё саодатидан ташқарида охиратда эришадиган насибалари, яъни жаннат боғлари, шарбатли анҳорлар, оҳу кўзли ҳурлар, муҳташам қасрлар, Аллоҳ таолонинг жамоли каби неъматлар, инсон ақли бовар қилмайдиган хурсандчиликлар асло кечиктирмай, тезда берилади. Чунки "Аллоҳ тез ҳисоб-китоб қилувчидир".
Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан бири ал-Муҳсийдир, яъни барча махлуқот ва мавжудотларнинг ҳисоб-китобини яхши билувчи, тез қилувчидир. Аллоҳ азза ва жалла бандасининг жамики ҳолатидан хабардордир. У амалларни сарҳисоб қилиб, йўлиқиш кунига тайёрлаб қўяди. Масалан, инсон неча кун яшаган, қанча пайт сайр қилган, қанча сўз гапирганини санаб, адоғига етиши имкони йўқ. Лекин Аллоҳ таоло барча амалларингизни нозик жиҳати, тафсилоти, муносабати, туртки бўлган сабаби ва мақсадини билади. Банда қиёмат куни кўрадиган барча нарсаларни У ҳисоблаб қўйгандир. Аллоҳ таоло ишларнинг нозик жиҳатини ҳисобга олувчи, сирларини билувчи, зоҳирини кўрувчи ва ботинидан хабардор Зотдир. У зот тоат ибодат, халойиқни олган нафасини ҳисоблаб, яширган нарсаларидан хабардор бўлиб, жамики мавжудотни, унинг ҳаракатланишини, сонини ва ҳолатини билувчидир. Агар инсон, ҳар бир ҳаракати, олган нафаси, амали, қалбга яширган нияти ва мақсадларини Аллоҳ таоло ҳисоблаб турибди деб ишонса, у кишини Аллоҳ билан бўладиган алоқаси яхши томон ўзгаради.
203. Саноқли кунларда Аллоҳни ёдланглар. Ким икки кун ичида бажаришга шошилса, унга гуноҳ йўқ, ким кечикса унга ҳам гуноҳ йўқ, бу тақводорлар учундир. Аллоҳдан қўрқинглар, билингларки, албатта Унинг ҳузурида тўпланасизлар.
Саноқли кунлар зулҳижжа ойининг ўн биринчи, ўн иккинчи, ўн учинчи (яъни ташриқ) кунларидир, шу кунлари ҳожилар Мино водийида туришади. Бир мусулмон ҳаж кунлари Аллоҳдан қўрқиб шариатга хилоф ишлардан тийилса, унга Минода икки ёки уч кун туриш баравар жоиз, лекин уч кун туриши афзалдир. Киши икки кун ичида ҳажга тааллуқли амалларни тезда адо этиб, Минодан қайтиши ҳам мумкин.
Минода ички ва ташқи, маънавий ҳамда жисмоний шайтонлар билан мужодала этиш учун тош отиш ўринлари – жамарот бор. Яна бу ерда қурбонлик сўйиб, ҳазрати Иброҳим ва Исмоилнинг тақвоси, таваккули ва итоаткорлигидан ўрнак олиш имкони бор. Арафот ва Муздалифада имони зиёдалашиб, қалби ойнадек мусаффо бўлиб қолган мўмин Минода шайтонга қарши зўр бир мужодала бошлайди. Инсонни Аллоҳга ибодат қилишдан чалғитадиган ҳар бир нарса шайтондир. Шайтонни тошбўрон қилиш ёмонликлар, ноҳақликлар, зулм ва зўрликни инкор қилишдир. Минода катта, ўрта ва кичик шайтонларнинг рамзини тошбўрон қилиш ҳазрати Одам ва ҳазрати Иброҳим алайҳимассаломларнинг суннатларига эргашишдир. Бу амал имонга қарши курашган ёвуз кучларга қарши адоват изҳор қилиш ва улардан ғолиб келишнинг тимсолидир. Ҳаж ибодатининг якунига етиб келаётган ҳожи бу саъй-ҳаракати ила шайтонга ва унинг йўлига эргашганларга ўзининг нафратини изҳор қилади. Айни пайтда ўзининг шайтони лаъинга асло эргашмаслигини эълон қилади.
204. (Эй Муҳаммад), одамлар ичида шундайлари ҳам борки, унинг дунё ҳаётидаги гаплари сизга ажиб туюлади. У Исломга ашаддий хусуматда бўлгани ҳолда дилидаги нарсага Аллоҳни гувоҳ қилади.
Аллоҳ таоло Пайғамбарига хитоб қилиб айтяптики, одамлар ичида шундайлари бор: уларнинг дунёдаги гаплари сизга ажабланарли туюлиши мумкин. Бундайларнинг сиз олиб келган динга хусумат ва душманликлари шунчалар қаттиқки, улар дилидаги нарсага Парвардигорингизни гувоҳ қилади. Ато розияллоҳу анҳу: "Оятдаги "ан-нас" сўзи "ал-ҳайвон" маъносида", деган (Бухорий ривояти). Мазкур ояти каримада зикр этилган шахс Ахнас ибн Шурайқ ас-Сақафий исмли бир мунофиқ эди. У Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва бошқа мусулмонлар ҳузурида Исломга кириб, ўзининг имони мустаҳкам экани ҳақида жуда ажойиб гапларни гапириб, ҳаммани ишонтиради. Мусулмонлар олдидан чиқиб, ўз қабиласига қайтиб кетаётганида эса, мусулмонларга қарашли далаларга ўт қўйди, уларга тегишли туяларни сўйиб ташлади. Бундай кимсаларнинг Ислом динига ва мусулмонларга қаттиқ хусумати Аллоҳ таолодан асло яширин қолмайди. Ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳо: "Пайғамбар алайҳиссалом: "Аллоҳ энг ёмон кўрадиган одам адовати қаттиқ кишидир", деганлар (Бухорий ривояти).
205. У юз ўгирганидан сўнг Ер юзида бузғунчилик ҳамда экин ва наслларни ҳалок қилиш мақсадида ҳаракат қилади. Аллоҳ эса бузғунчиликни ёмон кўради.
Ахнас каби мунофиқ кимсалар ҳар қадамда мусулмонларга бирор зарар етказиш пайидан бўлади: уларнинг экинзорларини пайхон қилиб, далаларига ўт қўяди, ҳайвонларини ёки бола-чақаларини ўлдиради, юртларини вайрон қилади. Ана шундай ёвузликлар ва фитналар қилиш учун чор атрофга зир югуради. Аммо Аллоҳ таоло бузғунчиликни ёмон кўргани учун уларнинг бу зулм ва кирдикорларига яраша жазоларини беради. Мўмин доимо узр истайди, мунофиқ эса, айб истайди. Мўмин барча халойиққа нисбатан кўнгли пок бўлади. Мунофиқ эса, унинг тескариси бўлади. Ҳеч бир кишини Аллоҳ таоло икки қалбли қилиб яратган эмас, яъни, киши бир пайтнинг ўзида ҳам динли, ҳам динсиз бўла олмайди. Бир қалбга бир нарса сиғади: ё имон ёки куфр ёхуд нифоқ. Очиқ инкорчи кофир дейилади, таши бошқа, ичи бошқа одам мунофиқдир. Охират кунида ҳамма одамлар қайта тирилишига, бу дунёда қилган амалларининг ҳар зарраси учун мукофот ёхуд жазо олишига ишонмаган одамдан яхшилик чиқиши, аҳдига вафо қилиши қийин иш. Бу ҳақиқатни мусулмонлар яхши тушуниб олишган. Динсиз, ихлоссиз, фисқу фужурга берилган, ёлғончи, ибодатсизларни гап-сўзи, юриш-туришидан билиб олса бўлади.
206. Унга "Аллоҳдан қўрқ!" дейилганида ҳам ғурури гуноҳга бошлайверади. Унга жаҳаннам кифоядир, у ниҳоятда ёмон жойдир.
Бу мунофиқнинг ҳолати бўлиб, у ташида хушомад билан ҳар сўзига Худони гувоҳ қилади ва: "Менинг дилимда ҳам Исломга муҳаббат бор", дейди. Мунофиқ гоҳ имонга, гоҳ куфрга яқинлашиб туради. Торози палласи имон тарафга босиб қолса, имонга яқинлашади, куфр тарафига оғса, у ҳам куфрга яқинлашади. Мунофиққа ваъз-насиҳат қилсанг, қулоғига илмайди. Аллоҳни эслатсанг, кибр ила ўзини юқори тутади. Гуноҳи, хатоси ва камчиликлари билан гердаяди, Аллоҳдан уялмайди ҳам. Ҳолбуки, кунда-кунора: «Юрагимдаги нарсага Аллоҳ гувоҳ!» деб қасам ичади. Мунофиқ кофирдан ҳам ёмон. Шунинг учун мунофиқ дўзахнинг энг чуқур ерига ташланади. Мунофиқнинг Исломга душманлиги бошқаларникидан қаттиқроқдир, иложи бўлса, ҳамма ёқда бузғунчилик қилиб, Ер юзидаги экинларнию ва инсон ҳамда ҳайвон наслларини йўқ қилиб ташласа! Бундайларга насиҳат қилинса, унинг зиддига иш тутади. Саодат асрида яшаган Ахнас исмли ўша мунофиқда юқоридаги сифатларнинг ҳаммаси мавжуд эди. Бу кимса Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом билан худди шундай муомала қилар эди.
207. Одамлар орасида Аллоҳ розилиги учун жонларигача тикадиганлари ҳам бор. Аллоҳ бандаларга меҳрибондир.
Бу комил мўминлар сифатидир, улар Аллоҳ розилиги йўлида, керак бўлса, жонларини ҳам қурбон қилишга тайёр туришади. Муфассирлар ушбу ояти карима ҳазрати Алий ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу ҳақида нозил бўлган, дейишади. Пайғамбаримизнинг амакиваччалари ва куёвлари бўлган бу зот ёш бўлишларига қарамай, Исломни биринчилардан бўлиб қабул қилганлар ва умрлари охиригача шу диннинг равнақи йўлида фидокорлик кўрсатганлар. Ҳазрати Алий Табук ғазотидан бошқа барча ғазотларда Пайғамбар алайҳиссалом билан бирга бўлдилар. Табук ғазотида эса Пайғамбарнинг ўзлари ҳазрати Алини Мадинада амир қилиб қолдирган эдилар. Алининг бошларидан кўп синовлар ўтган, кўплаб ғазотларда байроқдор бўлганлар, Ислом душманларига қарши мардона жанг қилганлар. Алий ибн Абу Толиб тириклигида жаннат башорати берилган ўн саодатманд саҳобанинг (ашараи мубашшаранинг) бири эдилар. Олтмиш уч ёшларида хаворижлар қўлида ҳалок бўлганлар.
Бошқа баъзи муфассирлар эса бу оят Суҳайб Румий исмли саҳобий ҳақида нозил бўлган, дейишади. Суҳайб Маккадан Мадинага кетаётганида йўлда уни Қурайш одамлари таъқиб қилишди. У туясидан тушди ва ўқдонига ишора қилиб: "Эй Қурайш жамоаси, менинг камонда отишга қанчалик моҳир эканимни яхши биласизлар, барча ўқларимни отиб бўлгунимча ҳам менга бирорта ўқ теккизолмайсиз. Яхшиси, мени ўз ҳолимга қўйинг, Маккада қолдирган барча молларимнинг турган ерини сизларга айтиб берай", деди. Қурайш жамоаси рози бўлди. Суҳайб Мадинага эсон-омон етиб келганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Суҳайб тижоратда катта фойда қилди" деб башорат бердилар" (доктор Абу Халил Шавқий. "Атласул-Қуръан", Байрут, 2001 йил, 312-бет).
208. Эй имон келтирганлар, Исломга тўлиғича киринглар ва шайтоннинг изидан эргашманглар, чунки у очиқ душманингиздир.
Баъзи муфассирлар (масалан, Замахшарий ва Розий) ушбу ояти карима янги мусулмон бўлган Аҳли китобларга қаратилган, дейишади. Яҳудийлардан бир гуруҳи мусулмон бўлган эди. Улар Исломда туриб ҳам Таврот ҳукмларига амал қилишарди, чунончи шанба куни ибодат қилишар, туя гўшти ва сутини ҳаром деб эътиқодда бўлишар, Таврот ҳам тиловат қилиб туришар эди. Юқоридаги ояти карима шулар хусусида туширилиб: "Исломга кирсангизлар, бу дин ҳукмларига мукаммал итоат қилинглар, баъзисига амал қилиб, баъзисини тарк этманглар" деб буюрилмоқда.
Кўриб турибсизки, гумроҳ, ўз фойдасини билмаган қавмлар доимо адашишда бўлган. Ҳамиша шайтон васвасасига учиб, Аллоҳ таолонинг ҳақ йўлидан чекинишган. Чунки дунё ҳаётининг роҳат-фароғатлари инсонга чиройли кўрсатиб қўйилган. Шайтон ҳамиша уни йўлдан оздиради. Тоат-ибодатдан, солиҳ амаллардан қайтаради. Улар орасига буғзу-адоват, нифоқ солади. Шайтонга мурид бўлганларнинг қулоқларига пайғамбарнинг даъват ва илтижолари асло кирмайди. Кўзлари Аллоҳ таоло ҳар қадамда кўрсатиб қўйган ибрат, мўъжизаларни кўрмайди. Ноқис ақллари Аллоҳ динининг, Аллоҳ шариатининг исбот талаб этмайдиган олий ҳақиқатларини илғаб олишга ярамайди. Улар бу дунёда Аллоҳ таоло берган беҳисоб неъматларни, мўл ризқларини гўё ўзлари ишлаб топгандай еб-ичиб, ҳатто шукрини қилишмайди. Бу дунёнинг журму исёнларига ғарқ бўлиб, охиратни эсдан чиқаришади. Арзимас мартаба ёки матоҳ дея улуғларига сажда қилишадию, аммо бутун оламларнинг Эгаси, замину коинотнинг ҳақиқий Хожаси, барча мавжудотларнинг Яратувчиси бўлмиш буюк Зотга ибодат қилишга, Унинг амр-фармонларини бажаришга эринишади, ор қилишади, бепарво бўлишади. Бундан ортиқ нодонлик, бундан зиёд гумроҳлик, бундан-да осийлик борми?!
209. Агар сизларга равшан ҳукмлар келганидан кейин ҳам тойиб кетсангизлар, билингларки, Аллоҳ албатта қудрат ва ҳикмат эгасидир.
Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарлари орқали инсонларга ваҳийларини юборди, фақат Ўзига сиғинишни, ягона Илоҳга бошқа бут-санамларни, ўзга нарсаларни шерик қилмасликни буюрди. Яна У зот имон ва куфрни, ҳидоят ва залолат йўлларини ажратиб берди, ҳалол ва ҳаромни англатди, яхши ишларга амр этди, ёмонликлардан қайтарди. Оқил инсонлар ибрат олсинлар, хулоса чиқарсинлар, дея кўп мўъжизаларни, далил-исботларни кўрсатиб қўйди. Агар шундан кейин ҳам инсонлар ҳақ йўлдан тойиб кетишадиган бўлса, у ҳолда улар Парвардигорнинг аламли жазоси, абадий қийноқларга гирифтор бўлишади. Чунки Аллоҳ таоло буюк қудрат ва ҳикмат эгаси бўлгани учун ҳам оятлари орқали инсонларни мана шундай огоҳлантириб қўйган. Аллоҳ таоло айтади: "У Аллоҳни қўйиб, ўзига зарар ҳам, фойда ҳам бера олмайдиган нарсаларга илтижо қилур. Бу қаттиқ адашишнинг ўзидир. У зарари фойдасидан яқинроқ бўлган "кимса"га илтижо қилур. У нақадар ёмон "дўст" ва нақадар ёмон "ошно"дир" (Ҳаж, 12-13).
210. Наҳотки улар фақат Аллоҳнинг ҳамда фаришталарнинг булутлар соясида олдиларига келишини ва ишнинг тугашини кутишаётган бўлса?! Барча ишлар Аллоҳга қайтажакдир.
Аллоҳ таолонинг очиқ-ойдин амр-фармонларини кўра-била туриб ҳам қайсарликлари туфайли уларни бажаришдан бўйин товлайдиган кимсалар ҳам бор. Улар Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига имон келтиришмаган, Қуръонга ишонишмайди. Бунинг устига улар "Агар Аллоҳ ўз фаришталари билан олдимизга тушсайди, ҳар кимнинг қилмишига яраша жазо ва танбеҳини берса, бўладиган иш бўлақолсайди", деб бетоқат бўлишади. Парвардигор марҳамат этадики, ҳамма иш Аллоҳнинг Ўзига ҳавола этилади, ҳаммага муносиб муомалани Унинг Ўзи қилади, қачон қилишини ҳам ёлғиз Ўзи билади, инкор этувчилар бетоқат бўлавермасинларки, улар имонсизликларининг қаттиқ азобини тотишлари муқаррардир!
211. Бани Исроилдан уларга қанчалаб очиқ далилларни берганимизни сўранг. Ким Аллоҳ неъматлари келганидан кейин уларни ўзгартирса, Аллоҳ албатта қаттиқ жазо берувчидир.
Аллоҳ таоло тарихда шаккоклиги ва итоатсизлиги билан машҳур бўлган Бани Исроил қавмини ҳидоятга йўллаш учун уларга жуда кўп мўъжизаларни, очиқ-ойдин далил-исботларни кўрсатиб қўйди. Масалан, уларга юборилган пайғамбар Мусо алайҳиссаломга ато этган мўъжизаларнинг ўзи бир нечадир: у киши қўлларини қўлтиқларига тиқиб олсалар, кўрганни хушнуд этадиган даражада оппоқ бўлиб чиқар эди; Фиръавн сеҳргарларини мағлуб этиш учун ҳассаларини ерга ташлаганларида у илонга айланиб, сеҳргарларнинг илонларини ютиб юборди; Мусо алайҳиссалом ҳассалари билан харсанг тошга урсалар ўн икки булоқ отилиб чиқиб, ташналикда қолган қавм сувга сероб бўлди. Аллоҳ таоло қавмнинг ўзини ҳам бутун тарихи давомида турли неъматлар, имтиёзлар билан сийлаган: қаттиқ иссиқдан ҳимоя қилиш учун улар устига булутларни соя ташлаш учун юборган, осмондан ширинлик ва бедана гўшти тушириб турган, фиръавн аскарлари ўлдириш мақсадида таъқиб қилиб, етай деб қолганида денгизни иккига бўлиб, уларни қутқарган ва ҳоказо. Аммо итоатсиз қавм шунча неъматларга шукр қилмади, ҳидоят йўлидан юрмади. Бани Исроилга ўхшаб инсонлар Аллоҳ ҳукмидан чекингудай бўлишса, Исломга Аллоҳ буюрганидай тўлалигича киришмаса, уларни оғир мусибат кутиб турибди. Аллоҳ таоло берган имон ва илмни ўзгартириб, инсонларни ҳақ йўлдан адаштирувчилар эса, Аллоҳ азза ва жалланинг қаттиқ азобига учрашлари аниқ!
212. Кофирларга дунё ҳаёти зийнатлаб қўйилди, улар мўминларни масхара қилишади. Ҳолбуки тақводорлар қиёмат куни улардан устундир. Аллоҳ хоҳлаганига беҳисоб ризқ берур.
Куфр келтирганлар имонсиз бўлгани учун ҳам дунё ҳаётига қаттиқ кўнгил қўйган. Улар бу борада мўминлар устидан кулиб юришади, уларни дунё ҳаётидан завқлана олмасликда, берилган имкониятлардан фойдаланмасликда айблаб, масхара қилишади. Чунки имондан йироқ кимсаларга дунё ҳаёти чиройли кўрсатиб қўйилган. Улар берилган умрни фақат айшу ишратда, кўнгилхушликларга кўмилиб ўтказишни исташади. Улар ҳаёт мазмунини базми-жамшидлар, ичимликлар, бузуқликлар, ғаройиб кўнгилочар ишлар, роҳат-фароғат, лаззатларда деб билишади. Дин ва эътиқодни ортиқча иш санашади.
Буларнинг ҳаммаси ҳавойи нафсга қулликдан, икки дунёда ҳам бахтсиз бўлишдан бошқа нарса эмас! Қорнинг очмай туриб, асло тўя олмайсан, тўйиб овқат есанг сени бесаранжомлик, жиззакилик, шунингдек лоқайдлик ва бўшашувчилик босади. Наҳотки аёлнинг оғуши барқарор бахт бўла олса? Қалб ва ҳирс ҳеч қачон барқарор бўла олмайди. Маъшуқалар мақтов ва хушомадга, совға ва ҳурмат-эътиборга ўч бўлишади. Севишганлар қўшилгач, бир-бирларидан ҳафсаласи пир бўлиб, кўнгли совийди. Бу муҳаббатни бахтли деб ҳисоблай олмаймиз. Чунки уларнинг ҳар бири бошқасини охиригача таниб, у ҳақда ўйлаган хаёллари, орзу-умидлари чилпарчин бўлгач, ундаги комил жозиба бир зумда ғойиб бўлади. Шу каби ҳаддан ташқари бадавлат бўлиш ҳам мол-мулкка қул бўлиш эмасми? Инсон ўзини мол-мулк хизматига топшириб, фақат уни тўплаш ва йиққанини асраш билан овора бўлиб қолганда ўз бойлигининг қулига айланиб, бир қурол бўлиб қолмайдими? Ҳар қандай бойлик ва мол-дунё инсонга вақтинчалик бериб қўйилганини, унга қалбдан муҳаббат қўйиш катта кулфат келтиришини асло эсдан чиқармаслик керак. Бу каби кимсалар ҳақида Қуръони карим бундай дейди: "Кофир бўлган кимсалар эса (мана шу ҳаёти дунёнинг ўткинчи лаззатларидан) фойдаланиб, чорва ҳайвонлари егандек еб-ичурлар ва дўзах уларнинг жойлари бўлур" (Муҳаммад, 12). Кўнгил хотиржамлиги, одамлар ўртасидаги, инсон ва Аллоҳ ўртасидаги келишув, мана шулар ҳақиқий бахт-саодат эмасми? Бу фароғат, руҳий таскин, келишиш инсон ўз кучини, мол-мулкини бошқалар хизматига сарфлагандагина чинакамига амалга ошган бўлади. У эзгу ниятлар ва ҳаракатлар билан эзгу ҳаёт кечирсагина бунга эришади. У Аллоҳ билан ибодат ва итоат воситасида маҳкам боғлансагина Аллоҳ унинг хотиржамлиги ва фароғатини кўпайтириб қўяди, ёрдамини ва бераётган атоларини зиёдалаштириб қўяди. Имондан ташқарида бу бахт бўлиши мумкинми?
213. Инсонлар бир миллат эдилар. Кейин Аллоҳ хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи пайғамбарларни юборди, уларга одамлар орасидаги ихтилофлар ҳақида ҳукм қилиш учун ҳақ Китобни туширди. Очиқ-ойдин ҳужжат келганидан кейин ҳам Китоб берилганлар ҳадларидан ошиб, равшан оятлар ҳақида талашиб-тортишишди. Аллоҳ Ўз изни билан мўминларни тортишган нарсаларида ҳидоятга йўллади. Аллоҳ хоҳлаган бандасини тўғри йўлга ҳидоят қилади.
Одам алайҳиссалом ва Момо Ҳаво дунёга келишганидан кейин бир фарзанд туғилса, икковлари унга Ҳақ динни ўргатишар эди. Шу тарзда ҳамма бир динда ҳеч ихтилофга бормай яшашда давом этди. Авлодлар кўпайгач, ҳар қайсиси алоҳида мизож ва табиатда туғилди, ўрталарида келишмовчиликлар пайдо бўлди, ақида ва амалда улар бир-бирлари билан тортиша бошлашди. Кейин Аллоҳ таоло шу ихтилофларни орадан кўтариш ва тўғри йўлни кўрсатиш учун пайғамбарларни юборди. Улар издошларига Аллоҳ ҳукмларини етказишар, инкор этувчиларни азоб ва жазо билан қўрқитишар эди. Парвардигорнинг Ўзи улар ўртасидаги келишмовчилик-тортишувлар хусусида ҳукм қилиши учун пайғамбарлар билан бирга самовий Китоблар ҳам туширди. Аллоҳ таоло бундай деган: "Дарҳақиқат, Биз инсонни имтиҳон қилиб, аралаш бир нутфадан яратдик. Уни эшитувчи ва кўрувчи қилиб қўйдик. Дарҳақиқат Биз уни хоҳ у шукр қилувчи (мусулмон) бўлсин, хоҳ ношукр (кофир) бўлсин, йўлга йўлладик. Биз кофирлар учун занжирлар ва ўт-олов тайёрлаб қўйганмиз" (Инсон, 2-4). Ҳақиқатда Ҳақ дин устида тортишувчилар ўша Китоб туширилган жамоа (аҳли китоблар) эди, улар очиқ-ойдин далилларни кўра-била туриб ҳам яна ихтилофга боришди.
214. Ёки илгари ўтганларга келган нарса сизларга келмай туриб жаннатга кирамиз, деб ўйлаяпсизларми? Уларга бало ва мусибат етиб, шундай ларзага тушишдики, ҳатто Пайғамбар ва мўминлар: "Аллоҳнинг ёрдами қачон келаркин?" дейишди. Ҳа, огоҳ бўлингки, Аллоҳнинг ёрдами албатта яқиндир!
Олдинги пайғамбарлар ва умматларга душман тарафидан турли кулфат ва азиятлар етганида улар сабр қилишган эди, бу уммат ҳам улардай бўлиши лозим. Меҳнат ва машаққат чекмай жаннатни орзу қилиш номуносиб ишдир. Абу Мулайка бундай деган эди: "Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: "Ҳатто ўтган пайғамбарлар ноумид бўлишиб" дедилар-да, Юсуф сурасининг "Бизлар ёлғончи бўлдик, деб гумон қила бошлашганида..." мазмунидаги 110-оятини ўқидилар, унга Бақара сурасининг қуйидаги: "ҳатто Пайғамбар ва мўминлар: "Аллоҳнинг ёрдами қачон келаркин?" дейишди" оятини улаб тиловат қилдилар. Огоҳ бўлингки, Аллоҳнинг ёрдами (ҳамиша) яқиндир", деб жавоб қилдилар. Сўнг мен Урва ибн Зубайр билан учрашганимда унга шу гапни айтдим" (Бухорий ривояти).
215. (Эй Муҳаммад), сиздан нима эҳсон қилишни сўрашса, "Нима эҳсон қилсангиз ҳам ота-онага, қариндошлар, етимлар, мискинлар ва мусофирларга қилинг, қандай яхшилик қилсангиз ҳам Аллоҳ уни албатта билади", денг.
Яъни, эй Пайғамбарим, сиздан нималарни эҳсон қилиш ҳақида сўрашса, эҳсонни ота-онага, қариндошлар ва етимларга, мискинлар ва мусофирларга қилиш кераклигини айтинг. "Эҳсон" деганда одатда бировга бирор неъматни бериш ва фазлу карам кўрсатиш тушунилади. Лекин "эҳсон" сўзи луғатда "яхшилик қилиш, эзгулик кўрсатиш" маъноларини ҳам англатади. Қуръонда эҳсоннинг фазилати ҳақида зикр этиш баробарида эҳсон қилувчиларга бериладиган савоб-мукофотлар, уларга етадиган манфаатлар ҳам баён этилади. Ҳақиқатан, бирор кишига бир нарсани эҳсон қилсангиз ёки унга бирор яхшилик кўрсатсангиз, бундан дилингиз равшан тортади, руҳий хотиржамлик юзага келади, ўзгаларга манфаат етказганингиздан хурсанд бўласиз. Эҳсон қилинган киши ҳам ўзига кўрсатилган яхшиликдан севинади, дилида сизга муҳаббат пайдо бўлади, агар сизга кеки бўлса, унутади. Шу тариқа жамиятда кишилар ўртасида тотувлик, ҳурмат-эҳтиром пайдо бўлади, душманчиликлар барҳам топади, осойишталик ва фароғат барқарор бўлади. Энг асосийси, кимга яхшилик қилсангиз, Аллоҳ таоло ҳаммасини билиб туради, эҳсонни ўзингизга ўн баробар қилиб қайтаради. Чунки Парвардигорнинг бундай ваъдаси бор: "Ким бир яхшилик қилса, унга ўша яхшилиги ўн баробар қилиб қайтарилади" (Анъом, 160). Қуръони каримда яхшилик-эҳсон қилувчиларнинг сифатлари батафсил баён этилган. Улар кечалари туриб намоз ўқувчилар, тун охирида Парвардигорларидан мағфират сўровчилар, мол-мулкларидан муҳтож ва фақирларга насиба ажратувчи кишилардир. Эҳсоннинг турлари кўп: Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга эргашиш ҳам – эҳсон, бировни кечириш ҳам – эҳсон, бошга келган мусибат ва озорларга сабр қилиш ҳам – эҳсон, ҳатто бировга яхши муомала қилиш ҳам – эҳсон. Аллоҳ азза ва жалла бундай буюради: "Аллоҳга ибодат қилинглар, Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар. Ота-онага, қариндошларга, етимларга, камбағалларга, қариндош қўшниларга, оддий қўшниларга, оила аъзоларингизга эҳсон (яхшилик) қилинглар" (Нисо, 36).
Мусулмон киши кимга яхшилик қилишни, қандай яхшилик қилишни жуда яхши билади. Чунки Аллоҳнинг Китобида, Пайғамбар алайҳиссалом ҳадисларида бу ҳақда жуда кўп амр-фармонлар, кўрсатмалар келган. Шуларга кўра, эҳсон қилиш энг олдин сизни туғиб катта қилган, едириб-ичирган, кийинтирган, чиройли таълим, хулқу одоб ўргатган, камолга етказиб уйли-жойли қилган ота-онадан бошланади. Имом Насафий ва Хозин тафсирларида зикр қилинишича, фарзанд учун ота-онанинг мақоми шунчалар улуғки, у ота-онани номи билан чақирмай, балки "отажон, онажон" каби ширин сўзлар мурожаат қилиши, уларни ранжитадиган гапларни гапирмаслиги, улар олдида ўзини қул ёки чўрилардек тутиши лозим. Шундан кейин қариндош-уруғлар, ўзгалар меҳр-мурувватига муҳтож бўлиб қолган етимлар, камбағал-фақирлар, сафарда азият чекаётган мусофирларга эҳсон қилинади. Эҳсон-садақа қилиниши лозим бўлган тоифалар ҳақида Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан бир неча ҳадиси шарифлар ворид бўлган: "Мискинга қилинган садақага битта савоб, қариндошга қилинган садақага иккита савоб: бири садақа, иккинчиси силаи раҳм учундир"; "Расули акрам алайҳиссалом: "Етимни қарамоғига олган киши билан мен жаннатда мана бундай ёнма-ён турамиз" дедилар ҳамда кўрсаткич ва ўрта бармоқларини жуфтлаб кўрсатдилар"; "Бева ва мискинга эҳсон қилиш учун ҳаракат қилган киши Аллоҳ йўлида жанг қилган, туни билан намоз ўқиган ва кун бўйи рўза тутиб юрган киши кабидир" (Бухорий ва Муслим ривояти). Булардан эса, ҳар бир мусулмон атрофидаги кишиларга меҳрибон, ҳимматли, саховатпеша, садоқатли бўлиши лозим, деган фикр келиб чиқади.
216. Сизларга ёқмаса-да, жанг қилишингиз фарз этилди. Ёқтирмаган нарсангизда сизларга яхшилик бўлиши мумкин, ёқтирган нарсангизда эса сизларга ёмонлик бўлиши мумкин. Аллоҳ билганини сизлар билмайсизлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккада эканларида жиҳодга ижозат берилмади, Мадинага ҳижрат қилганларидан кейин фақат мусулмонларга уруш очган кофирларгагина қарши урушишга изн берилди. Кейинчалик эса барча кофирлар билан жанг қилишга ижозат берилди ва жиҳод фарз бўлди. Агар кофирлар мусулмонларга қарши ҳужум қилса, жиҳод ҳамма мусулмонларга фарзи айн бўлади, акс ҳолда фарзи кифоядир. Лекин жиҳод Китобларда кўрсатилган шартларга мувофиқ бўлсагина, шундай. Агар бирор қавм мусулмонлар билан сулҳ ва келишув қилса, ё динларига ўтса, бу ҳолда улар билан жанг қилиш ёки уларнинг душманларига ёрдам бериш мусулмонларга ножоиздир.
217. Сиздан ҳаром ойдаги жанг ҳақида сўрашади. "Ундаги жанг улкан гуноҳдир, Аллоҳ йўлидан тўсиш, Унга куфр келтириш, Масжидул-Ҳаромдан қайтариш, аҳлини ундан қувиб чиқариш эса Аллоҳ ҳузурида бундан ҳам улканроқ гуноҳдир, фитна қотилликдан ҳам оғир гуноҳдир", денг. Улар қўлларидан келса, динингиздан қайтаргунча сиз билан урушаверишади. Сизлардан ким динидан қайтиб, кофирликда ўлса, унинг амаллари дунё ва охиратда зое кетади. Улар дўзахийлардир ва унда абадий қолишади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусумонлардан бир гуруҳини кофирлар ҳузурига юборадилар. Улар “жумодус-соний ойининг охирида турибмиз” деб ўйлаб кофирларни ўлдиришади, молларини ўлжа олишади. Кофирлар ҳисобига кўра, ўша кун ражаб ойининг боши экан. Улар Муҳаммад алайҳиссалом уруш ҳаром қилинган ойда жанг қилишга, одамларни ўлдириб, молини талашга ижозат берди, деб таъна қилишди. Мусулмонлар шу воқеадан изтироб чекиб, Пайғамбаримизга савол беришганида юқоридаги ояти карима туширилган. Аллоҳ таоло уруш ҳаром қилинган ойларда (муҳаррам, ражаб, зулқаъда, зулҳижжа) жанг қилиш улкан гуноҳ (гуноҳи кабира) эканини эслатмоқда. Лекин одамларни Исломга киришдан тўсиш ва ўзининг Исломга таслим бўлмаслиги, Байтуллоҳ зиёратига келган кишиларга тўсқинлик қилиш, Макка аҳлини шаҳардан ҳайдаб чиқариш, халқ ўртасида куфр тарқатиш ҳаром ойлардаги урушдан ҳам улканроқ гуноҳдир. Кофирлар мусулмонларни динларидан чиқариш учун ҳамиша ҳаракат қилишади, иложини топишса асло ўз ҳолларига қўйишмайди. Ким динидан чиқиб муртад бўлса, унинг барча амаллари бу дунёда ҳам, охиратда ҳам ҳабата (беҳуда) бўлади. Агар тавба қилиб, яна динига қайтса, сўнгги яхши амалларининг савобига эга бўлади.
218. Ҳақиқатан имон келтирганлар, ҳижрат қилганлар ва Аллоҳ йўлида жиҳод қилувчилар Аллоҳ раҳматини умид қиладилар. Аллоҳ мағфиратли, раҳмлидир.
Аллоҳга имон келтирганлар, Аллоҳ йўлида ҳижрат қилганлар (яъни динларини асраб қолиш учун ўзга юртларга кўчганлар) ва Аллоҳ розилиги йўлида жидду жаҳд қилувчилардан Аллоҳ таоло ҳеч қачон Ўз раҳматини дариғ тутмайди. Бундайларга Парвардигор ўта кечирувчи ва раҳмлидир. Мўминлар шундайин саодатли умматдирки, Аллоҳ азза ва жалла уларга Ўз раҳматини кенг қилиб, мағфиратини устларидан ёғдириб қўйибди. Бунга Аллоҳ таолонинг Ўз Пайғамбарига амри сифатидаги қуйидаги ояти ҳам далолат қилади: "Менинг нафсларига зулм қилган бандаларимга айтинг: "Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманглар, албатта, Аллоҳ (Ўзи хоҳлаган бандаларининг) барча гуноҳларини мағфират қилади" (Зумар, 53). Демак, банда билмай туриб бир гуноҳни содир этса ва сўнгра чин дилдан истиғфор айтиб тавбага юзланса ҳамда ўша ишни қайта қилмасликка азму қарор этса, агар гуноҳлари денгиз кўпигича бўлса ҳам Аллоҳ таоло у бандани Ўз раҳмати ила кечиб юборади. Савбон розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг: "Дунё ва ундаги бор нарсалардан кўра менга ушбу оят афзалдир" деганларини ривоят қилган (Аҳмад ривояти). Алий ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса, Расули акрам алайҳиссалом: "Аллоҳ таоло бирор гуноҳни бехос содир этиб, кейин тавба қилувчи бандасини яхши кўради", деганлар (Аҳмад ривояти).
219. Сиздан хамр ва қимор ҳақида сўрашади. "Иккаласида улкан гуноҳ бор ва одамларга бироз манфаати ҳам бор, аммо гуноҳи манфаатидан каттадир", денг. Яна сиздан нималарни эҳсон қилиш ҳақида сўрашади. "Ортиқчасини", денг. Фикр юритишларингиз учун Аллоҳ оятларини шундай баён этади.
Хамр (ароқ, шароб каби маст қилувчи ичимликлар) ва қимор ҳақида Қуръони каримда бир неча оят келган. Ҳамма оятларда бу икки иллат қораланган, фақат уларни аста-секин муолажа қилиш учун илк оятларда унинг ҳаромлиги кескин қўйилмаган. Энг охири тушган Моида сурасидаги оятда буларнинг ҳаромлиги очиқ эълон қилинган ва шундан кейин мусулмонлар бу иллатдан бутунлай юз ўгиришган. Аммо, минг афсуслар бўлсинки, ота-боболари маст қилувчи ичимликларни ҳаром санаб, ундан мутлқао юз ўгирган айрим кишилар мустамлакачилар ноғорасига ўйнаб, ичкилик ичишни одат қилишди. Кейинчалик эса бу бало чинакамига умуммиллий кулфатга айланди. Ҳатто юртимизга бу балони олиб келган мустамлакачилар юртида ҳам ҳозир бу оламшумул иллатдан қандай қутилишни, ҳеч бўлмаса уни сал бўлса-да жиловлашни билолмай бошлари қотган. Динимиз ҳукмларида: «Ҳар бир ичимлик маст қилса, ҳаромдир»; «У даво эмасдир, у дарддир»; «Кўпи маст қиладиган нарсанинг ози ҳам ҳаромдир»; «Ким бу дунёда хамр ичиб, уни тарк этмай ўлиб кетса, тавба қилмаса, охиратда уни ичмайди (яъни жаннатга кирмайди)».
Ислом динининг вазифаларидан бири ақлни муҳофаза қилишдир. Хамр ақлни кетказиши учун ҳаром қилинган, ичиш тақиқланган. Хамр ичишнинг ўзи катта гуноҳдир. Дунё ва охират учун унинг етказадиган зарарлар сон-саноқсиз. Лекин, Ислом қоидаси бўйича, шайтонгина кечирилишдан умиди йўқ, бошқалар Аллоҳ таолонинг раҳматини умид қилсалар, ҳали имкон бор, то ўлим ҳолатига тушгунча тавба эшиклари очиқ. Хамр ичган (ёки бошқа гуноҳ содир этган) ҳар қандай шахс ўзини қўлга олиб тавба қилса, Аллоҳ таоло унинг тавбасини қабул қилади. Фақат бир шарт билан: олдин содир этган гуноҳига чин дилдан афсус чексин ва ўша гуноҳни такрорламасликка азму қарор қилсин. Ана ўшанда Аллоҳ таоло унинг тавбасини қабул қилади. Инсонни маст қилувчи ҳар қандай ичимлик ҳаромдир, икки тараф бўлиб ютиш ва бой бериш шарти билан ўйналадиган ҳар қандай қимор (ўйин) ҳам ҳаромдир.
Яна одамларнинг Пайғамбаримиздан "Аллоҳ йўлида молимизнинг қанчасини эҳсон қилайлик?" деб сўрашганига жавобан ояти каримада: аввал молингизни ўзингиз ва аҳлингизнинг дунёвий эҳтиёжларига ишлатинг, бундан ортганини Аллоҳ йўлида, яъни кўпчилик манфаати, дин равнақи йўлида харжланг, деб таълим берилмоқда. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Хайр-эҳсоннинг яхшиси орттирилганидан қилинганидир", деб марҳамат қилганлар. Яна хайр-эҳсонларни риё билан, одамлар кўрсин учун қилиш, берганини миннат қилиш ҳам ёмон иллатлардан, бунинг учун банда ажру савоб ҳам олмайди, унга хайру баракот ҳам бўлмайди. Қатода розияллоҳу анҳу айтади: "Банда қачон риё билан амал қилса, Аллоҳ таоло: "Бандам Мени қандай масхара қилаётганини кўринглар", дейди". Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам риё, кибр, манманлик каби иллатларни кичик ширкка ўхшатганлар.
220. Булар дунё ва охират ҳақида эди. (Эй Муҳаммад), сиздан етимлар ҳақида сўрашса, "Уларни ислоҳ қилиш яхшидир", денг. Агар харжда шерик қилиб олсангизлар, улар биродарларингиздир. Аллоҳ бузғунчини ҳам, ислоҳ қилувчини ҳам билади. Агар Аллоҳ хоҳлаганида сизларни машаққатга солган бўларди. Аллоҳ албатта қудрат ва ҳикмат соҳибидир.
Етимларнинг молларини асраб-тасарруф қилувчилар бу борада қандай йўл тутиш ҳақида сўрашганида юқоридаги ояти карима туширилган. Аллоҳ етимлар молини асраш топширилган кишиларнинг асл мақсадлари уни оқилона тасарруф қилишга, етимларнинг хайр ва манфаатлари йўлида ишлатишга йўналтирилишини буюрмоқда. Уларнинг молини ўзлариникига аралаштиришнинг зарари йўқ. Фақат улар ҳақига тажовуз қилинмаса бўлди, чунки улар ҳам биродарларидир. Аллоҳ таоло бу масалалардаги тузатувчини ҳам, бузувчини ҳам яхши билади. Аллоҳ бандаларига фақат осонликни истайди, машаққатни хоҳламайди.
Балоғатга етмаган, ёш (ўғил-қиз) болалар отаси ўлиб қолса, етим бўлади. Етимга кафил бўлган киши, яъни уни кафолатига олган ота томон қариндош ёхуд бошқа бирор мусулмон етимнинг барча ишларига, шу жумладан молу мулкига (яъни, етимга етган мерос ва бошқа кишилардан ҳадя, садақа ёки бошқа мақсадларда берилган молларга) ҳам раҳбарлик қилади. Кафил бўлган одам етим молидан емайди, ноҳақдан еса, ҳаром, катта гуноҳдир, фақат вақтинча (вояга етгунича) олиб туриши мумкин. Кафил унинг мол-мулкини сақлашга масъул бўлади. Етимни қарамоғига олган одам унинг молига яқинлашиши мумкин эмас, лекин яхши ниятда, яъни, ўша молни ўстириш учун, кўпайтириб, вояга етганида унинг қўлига топшириш учун яқинлашса, майли. Аллоҳ таоло шунга буюрган.
Етимга қарашни зиммасига олган одамга енгиллик яратиш мақсадида ўз молига етим молини аралаштиришга (еб юбормаслик шарти билан) рухсат берилган. Қуръони каримдан маълум бўлишича, кафил етимнинг молидан фақат муҳтож қолганида, эҳтиёжига яраша, ёки қарз олиш йўли билан ва ёхуд қилган хизматининг бадали тарзида жуда иложсиз қолган чоғи ейиши мумкин. Агар имкони туғилса, келгусида еган миқдорини узади. Имкон яралмаса, егани ҳалолдир. Етарли моли бўлган кафил (бой одам бўлса) ўзини шубҳали нарсадан узоқ тутгани маъқул. Етимларни оталиққа олгани, уларнинг мол-мулкини сақлагани, парваришлагани учун улкан ажру савоблар олади. Етимларнинг молларини, ноҳақдан ейдиган кимсалар аслида олов еган бўлиб, қиёмат куни дўзахда қоринларида алангаланиб туради. Машҳур тафсирчилардан Суддий: «Етимнинг молини еган кимса қиёмат куни оғзидан, қулоқларидан, бурнидан ва кўзларидан олов чиқиб турган ҳолда тирилтирилади. Уни кўрган ҳар бир одам етимнинг молини еганини дарҳол билиб олади», деган.
221. Имонга келишмагунича мушрикаларни никоҳингизга олманглар. Гарчи мушрика сизларга манзур бўлса-да, мўмина чўри мушрикадан яхшидир. Мушриклар имонга келишмагунича уларга никоҳлаб берманглар. Гарчи мушрик сизларга маъқул туюлса-да мўмин қул мушрикдан яхшидир. Улар дўзахга чорлашади. Аллоҳ эса изни-иродаси билан жаннат ва мағфиратга даъват қилади, шояд эслатма олишар, деб одамларга оятларини баён этади.
Яъни, мусулмон киши имонга келмагунича мушрика аёлга уйланмаслиги лозим. Худди шу каби мушрик кишиларга то улар имон келтирмагунича мўмина қизлар никоҳлаб берилмайди. Чунки бундай қилинганида улар мусулмонларни мушрикликка чорлаб, дўзахий бўлишлари сабабчисига айланишади. Аллоҳ таоло инсониятга Ислом динини нозил қилгач, одамлар орасидаги жуда кўп бузуқликлар, жирканч никоҳларга барҳам берди. Мўминлар онаси Оиша розияллоҳу анҳодан шундай ривоят қилинади: "Жоҳилият даврида тўрт хил никоҳ мавжуд эди. Улардан бири бугунги кунда ҳам бор бўлиб, унга биноан киши қўл остидаги аёлларидан бирини ёки қизини бир кишига эрга беради. У эса маҳрини бериб, аёл ёки қизни никоҳига олади. Иккинчиси – бир киши ўз хотинига агар у ҳайздан покланган бўлса: "Бировга билдирмай фалончининг олдига бор-да, у билан келишиб дон олишгин", дейди. Сўнг у хотинини алоҳида қилиб қўйиб, то ўша кишидан ҳомиладорлиги аниқ бўлгунича унга сира қўл теккизмайди. Хотинининг ҳомиладорлиги маълум бўлгач, агар истаса, у билан яшайверади. У фарзандли бўлиш учунгина шундай қилади. Бундай никоҳни "ўзаро келишилган никоҳ" деб аташган. Учинчиси – ўнтача эркак биргалашиб бир аёлнинг олдига киришади-да, ҳаммалари уни жимо қилишади. Агар у ҳомиладор бўлиб-туғса, туққанидан кейин бир неча кун ўтгач, бояги эркакларни чорлаб одам юборади. Барчалари аёл ҳузурида тўпланишади. Аёл уларга: "Қилган ишларингизнинг оқибатини билдинглар, мана мен туғдим, эй фалончи, бу сенинг фарзандинг!" деб улардан ўзи хоҳлаган кишининг исмини айтади-да, болани унга топширади, у киши рад этолмайди. Тўртинчиси – кўп киши йиғилиб, ҳаммалари бир аёлнинг олдига киришади, аёл улардан бирортасига ҳам "йўқ" демайди. Бундай хотинлар фоҳишалар бўлиб, эшиклари тепасига белги сифатида байроқ осиб қўйишади. Истаган киши улар хонасига кириб келаверган. Агар бундай аёллардан бири ҳомиладор бўлиб-туғса, бояги кишиларни ҳузурида тўплайди-да, фолбин хотинни чақиради. Кейин кимга фол чиққан бўлса, болани ўшанга беришган, унинг болани рад этишга иложи бўлмаган. Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳиссаломни пайғамбар этиб юборгач, бугунги кундаги никоҳдан бошқа жоҳилият давридаги барча никоҳлар йўқ қилинди" (Бухорий ривояти).
222. Ҳайз ҳақида сўрашса, "У нохуш нарсадир", денг. Ҳайз пайтида хотинларингдан четланинглар, покланмагунларича уларга яқинлашманглар. Покланишса, Аллоҳ буюрган тарафдан уларга келинглар. Аллоҳ ҳақиқатан тавба қилувчиларни севади, ўзини пок тутувчиларни севади.
Балоғатга етган қиз ёки аёлнинг ҳар ойда одат бўйича кўрадиган қони "ҳайз" дейилади. Ҳайзнинг оз муддати уч кеча-кундуз, кўпи эса ўн кеча-кундуз, бундан ортиқ муддатда ҳам қон келаверса, у ҳайз эмас, истиҳоза (касаллик) қони ҳисобланади. Ҳайз кўраётган аёлга намоз ўқиш, рўза тутиш, Байтуллоҳни тавоф қилиш, жинсий алоқа қилиш, масжидга кириш, Қуръон ўқиш, Қуръонни ёки оят ёзилган қоғозларни ушлаш қатъиян ман этилади, аммо Қуръон эшитиши мумкин. Ана шу ҳукмга кўра, ҳайз кўрган аёлга то у покланмагунича яқинлашилмайди, яъни жинсий алоқа қилинмайди. Бу гуноҳнинг нақадар жирканчлиги ҳақида Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан шундай ҳадис бор: "Ким аёлига ҳайз пайтида ёки унинг орқа йўлига яқинлик қилса ҳамда фолбинга борса, Муҳаммадга нозил қилинган нарсага (яъни, динга) кофир бўлибди" (Термизий ривояти). Ҳайздан покланганларидан кейин Аллоҳ буюрган тарафдан яқинлик қилинаверади. Ким билмаган ҳолида аёлига ҳайз ҳолида яқинлик қилиб қўйган бўлса, истиғфор айтиб, астойдил тавба қилиши лозим, чунки Аллоҳ тавба қилувчиларни ҳам, ўзини пок тутувчиларни ҳам яхши кўради. Аммо қасддан, нафсига қул бўлиб аёлига ҳайз ҳолида қўшилган бўлса, баъзи илм аҳллари сўзига кўра, унга каффорат (бадал) вожиб бўлади. Бу ҳолда икки тарафнинг ўзаро рози бўлишлари ҳам бу ҳаром ишни ҳалолга айлантира олмайди. Каффоратнинг миқдори бир динор, яъни 4,25 грамм тиллага тенгдир. Олдин бу ишни содир қилганлар Аллоҳга астойдил тавба қилишсин, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Гуноҳларидан холис тавба қилган киши ҳеч бир гуноҳ қилмаган киши кабидир", дея марҳамат этганлар (Муслим ривояти). Ҳадисларда келишича: "Аллоҳ таоло покдир ва покликни яхши кўради" (Термизий ривояти); "Поклик-тозалик имоннинг ярмидир" (Муслим ривояти).
223. Хотинлар экинзорларингиздир, шундай экан, экинзорингизга хоҳлаган томонидан келаверинглар ва ўзларингиз учун (савобли) ишларни тақдим этинглар. Аллоҳдан қўрқинглар, билингларки, Унга албатта йўлиқасизлар. (Эй Муҳаммад), мўминларга бундан хушхабар беринг.
Хотинлар билан яқинлашиш чоғида фақат нафс роҳати эмас, балки яхши, солиҳ фарзандлар ҳам ният қилиниши лозим. Бу эса мўминларга вужуд лаззатланиши чўққисига чиққанида ҳам ахлоқий ва маънавий ҳолатларни эсдан чиқармасликни эслатмоқда. Хотинлар билан хоҳлаган пайтда, фақат ижозат берилган тарафдан яқинлашиш зарурлиги уқтирилмоқда. Мусулмон киши никоҳидаги аёлга ҳайз ва нифос (янги кўз ёригандаги қон келиши) ҳолатидан ташқари барча ҳолатларда яқинлик қилаверади. Фақат Аллоҳ тақиқлаган чегаралардан ўтмаслик шарти билан. Аллоҳ аёлларга орқа тарафдан яқинлик қилишни ман этган, чунки жинсий алоқадан мурод, шаҳватни қондириш ва насл қолдириш бўлиши керак. Бу тақиқларни бузмоқчи бўлганлар Аллоҳдан қўрқишсин, чунки ҳар бир инсон охират дунёсида Парвардигорига албатта йўлиқади ва қилмишлари учун тўла ҳисоб беради. Ибн Умар розияллоҳу анҳумо: "Хотинлар экинзорларингиздир, шундай экан, экинзорингизга хоҳлаган томонидан келаверинглар" деган оятга "Аёлларнинг фақат олдига яқинлик қилинглар" деб маъно берган. Жобир розияллоҳу анҳу бундай деган: "Яҳудийлар: "Агар аёлнинг орқа тарафидан олдига яқинлик қилинса, туғиладиган бола ғилай бўлади", дейишарди. Шунинг учун юқорида зикр этилган оят нозил бўлди" (Бухорий ривояти).
224. Аллоҳга ичган қасамларингизни яхшилик, тақво ва одамлар орасини ислоҳ қилишга сабаб қилманглар. Аллоҳ ҳақиқатан эшитувчи ва билувчидир.
Яъни, бирор яхши ишни қилмаслик учун Аллоҳ номидан қасам ичиш мумкин эмас. Масалан, "ота-онам билан сўзлашмайман, камбағалларга эҳсон қилмайман, уришиб қолган одамларни яраштирмайман" дейиш ярамайди. Бундай ҳолатларда Аллоҳ таолонинг номи ёмон ишлар учун нишон қилинган бўлади. Агар бирор киши шундай қасам ичиб қўйган бўлса, каффорат бериши вожиб бўлади.
Қасам ичиш яхши иш эмас. Мабодо қасам ичиш лозим бўлиб қолса, бу қасам яхшилик амалга ошиши учун бўлиши керак. Яъни, қасамни яхшилик, тақво ва одамлар орасини ислоҳ қилишдек эзгуликларга тўсиқ этиб олиш мутлақо дуруст эмас. Мусулмонлик одоби кўп қасам ичмасликни тақозо қилади. Маълум бир қатъий ният билан, келажакда бир ишни қилиш ёки қилмасликни қасд қилиб қасам ичган одам қасамини асраб, унга содиқ қолиши керак. Агар қасамида турмаса, қасамини еган бўлади ва гуноҳ содир этган ҳисобланиб, унга нисбатан шаръий жазо белгиланган. Яъни у ўнта мискиннинг қорнини тўйдириш ёки ўнта мискинга бир сидра кийим олиб бериш ёхуд бир қул озод қилиш каби каффорат беришга мажбур бўлади. Қасамни бузган одамнинг молиявий имкони йўқ бўлса, уч кун рўза тутиб каффоратни адо этиши вожиб. Ҳанафий мазҳабига кўра, бу рўзанинг орасини узмай, кетма-кет тутиш керак. Агар ўша қасам ичаётган одам қасамидан кейин, «иншааллоҳ» деб қўйса, қасамига амал қилиш унинг учун ихтиёрий бўлиб қолади – хоҳласа, қасамига амал қилади, хоҳламаса, амал қилмайди. Чунки «иншааллоҳ» сўзини у қасамхўр бўлиб қолишидан асрайди.
225. Аллоҳ қасамларингиздаги беҳуда сўзлар учун жавобгарликка тортмайди, лекин дилларингиз қилган қасам учун жавобгарликка тортади. Аллоҳ албатта кечирувчи, ҳалимдир.
"Қасамдаги беҳуда сўзлар" шуки, инсон хоҳламаса ҳам оғзидан турли қасам сўзлари (масалан, туркий халқларда "Худо урсин", арабларда "Аллоҳга қасамки" каби) беихтиёр чиқиб кетади. Бундай қасам учун каффорат берилмайди, бу гуноҳ ҳам эмас. Аммо қасам ичишда тил ва дил баробар иттифоқ қилган бўлса, қасам бузилганида каффорат бериш зарур бўлади. Оиша розияллоҳу анҳо бундай деганлар: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига қудрати етадиган вазифани буюрган эдилар, улар: "Биз сиз каби эмасмиз-ку, Аллоҳ сизнинг олдинги ва келгуси гуноҳларингизни кечирган (шунинг учун ҳам бизга кўпроқ вазифа буюраверинг, биз кўпроқ риёзат чекишимиз лозим), дейишди. Расулуллоҳнинг жаҳллари чиққани юзларидан билинди: "Ораларингизда Аллоҳдан энг қўрқадиган, Уни энг кўп танийдиган менман" деб жавоб қилдилар" (Бухорий ривояти).
226. Хотинларига яқинлашмасликка қасам ичганларга кутиш тўрт ойдир. Агар қайтишса, Аллоҳ албатта кечирувчи, раҳмлидир.
Яъни, ким "хотинимга яқинлашмайман" деб қасам ичса (яъни ийло қилса), тўрт ой ичида хотинига яқинлашса, ичган қасамига каффорат беради ва хотини никоҳида қолаверади. Лекин қасамдан кейин тўрт ой ўтиб кетса, бу ҳолатда хотини талоқ қилинган бўлади. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хотинларини ийло қилдилар, яъни бир ой бирга турмайман, деб қасам ичдилар. Оёқлари ёрилиб (синиб) кетган бўлиб, хоналарида ёлғиз ўзлари йигирма тўққиз кун турдилар. Кейин аёлларининг ҳузурига кирдилар. Шунда улар: "Эй Аллоҳнинг Расули, бир ойга қасам ичган эдингиз-ку!" дейишди. У зот: "(Бу) ой йигирма тўққиз кундир", дедилар". Нофеъдан бундай ривоят қилинади: "Ибн Умар розияллоҳу анҳумо ийло ҳақида сўзлаб: "Эрлар Аллоҳ таоло амрига мувофиқ хотинларини идда муҳлати тугаганидан сўнг яхшилик билан никоҳларида сақлаб туришлари ёки талоқ қилишга азм қилишлари лозим бўлади", деган" (Бухорий ривояти).
227. Агар талоқни қасд қилишса, Аллоҳ албатта эшитувчи, билувчидир.
Агар эрнинг қасамидан кейин тўрт ойдан ўтиб кетса, улар орасига талоқ тушади. Бунда талоқ қасд қилинган бўлса, албатта ажралишлари лозим, чунки Аллоҳ таоло бандаларининг қалбида кечаётган, улар ният қилган нарсаларни эшитувчи ва билувчидир. Нофеъ айтади: "Ибн Умар: "Агар хотинини ийло қилганига тўрт ойдан ошса, уни талоқ қилгунига қадар уйида ушлаб туради. Бунда то талоқ қилгунига қадар хотини талоқ ҳисобланмайди", деганлар" (Бухорий ривояти).
“Ийло” сўзи луғатда «қасам ичиш, қасам билан бирор нарсадан кечиш» маъноларини билдиради. Шариатда эса эрнинг тўрт ой ва ундан кўпроқ муддатга хотини олдига кирмаслик ва унга жинсий яқинлик қилмасликка Аллоҳ номи билан қасам ичиши «ийло» дейилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хотинларидан бирини ийло қилганлари ҳақида Умму Салама онамиздан саҳиҳ ҳадис ривоят қилинган. Тўрт ойдан оз муддатга қасам ичиш ийло эмас. Ийлонинг шарти эрнинг талоққа салоҳиятли бўлиши ва аёлнинг ҳам никоҳли бўлишидир. Боланинг ва телбанинг ийлоси ҳақиқий эмас. Қуръони карим ояти билан (Бақара, 226-227) бу ҳукмни жорий қилиш ила Ислом хотинлар устидан жоҳилиятнинг яна бир зулмини олиб ташлади.
228. Ва талоқ қилинган аёллар ўзларига қараб уч ҳайз муддатини кутишади. Агар Аллоҳга ва охират кунига ишонишса, бачадонларидаги Аллоҳ яратган нарсани яширишлари ҳалол бўлмайди. Агар эрлари ярашишни исташса, шу муддат ичида уларни қайтариб олишга ҳақлироқдирлар. Яхшиликда хотинларнинг эркаклар бурчлари баробарида ҳақлари ҳам бор ва эркакларда улардан бир даража устунлик бор. Аллоҳ қудратли ва ҳикматлидир.
"Талоқ" арабча сўз бўлиб, "тугунни ечиш, боғични бўшатиш, узиш" маъноларини англатади. Шариатда эса никоҳ (эр-хотинлик) ақдини "Сен талоқсан" ёки "Сени талоқ қилдим" ёхуд "Сен менга ҳаромсан"... каби иборалар билан ечиб юбориш, бекор қилиш "талоқ" дейилади. Исломда талоқ қилиш ҳақ-ҳуқуқи эрга берилган. Афсус, буни билмаган айрим мўмина-муслима аёллар бўлар-бўлмас нарсага талоқ сўрашни ўзларига эп кўриб, гуноҳкор бўлишади. Пайғамбар алайҳиссалом: "Қай бир аёл узрли сабабсиз эридан талоғини сўраса, унга жаннат ҳиди ҳам ҳаром бўлади", деб марҳамат қилганлар. Эр ҳам, хотин ҳам талоқни ҳазил санамаслиги, бўлар-бўлмасга бу сўзни тилга чиқаравермаслиги керак. Чунки Аллоҳ таоло: "Аллоҳнинг оятларини ҳазил билманглар!" деб огоҳлантирган.
Аёл эрига ҳурматсизлик, итоатсизлик қила бошласа, олдин насиҳат қилинади, бу ҳам фойда бермаса, жойни бошқа қилиб ётиш, гаплашмаслик тавсия этилади. У ҳам таъсир қилмаса, зарар етказмасдан, майиб қилмасдан енгилгина уришга рухсат этилган. Эр-хотиннинг ораси бу билан ҳам тузалмаса, эрнинг қариндошларидан бир киши, хотиннинг қариндошларидан бир киши ҳакам этиб сайланади ва улар эр-хотинни яраштириш чораларини кўришади. Бу чора-тадбирларнинг ҳеч бири фойда бермай, эр-хотиннинг бирга яшаши икковларига ҳам чексиз азоб-уқубат келтириши очиқ-ойдин билинса, шундагина талоққа рухсат берилади.
Оила мустаҳкамлигини таъминлаш мақсадида шариатда талоқ қилишдан бошқа илож қолмаганида ҳам бу ишни бирдан содир этмасдан, аста-секин тартиби билан амалга ошириш тавсия этилган. Бу тавсияда ҳам шояд эр ўйлаб кўриб, талоқ қилиш фикридан қайтса, деган ҳикмат ётади. Бу тавсиялар "сунний аҳсан (яхшироқ) талоқ" ва "сунний ҳасан (яхши) талоқ" номини олган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашиш мусулмонларга вожибдир. Аёл ҳайздан пок бўлганидан кейин у билан яқинлик қилмай туриб, бир талоқ қўйиш "аҳсан талоқ" бўлади. Аёлнинг ҳайздан пок бўлишини кутиш, ундан сўнг жинсий алоқа қилмай туриш ишлари эрнинг аччиғидан тушиши, аёлига қайта меҳр қўйишини таъминловчи омиллардир. Мазкур давр ичида эр талоқ қилиш ниятидан қайтиб қолиши мумкин.
Талоқ икки хилдир: сунний ва бидъий. Сунний талоқ икки турга бўлинади: аҳсан ва ҳасан. Аёл тоза бўлганида қўшилмай фақат бир талоқ қилиш аҳсан талоқдир. Ҳасан талоқда никоҳ ақдидан кейин аёлга эрнинг қўшилган ё қўшилмаганига ҳамда ҳайз-нифос кўрган ё кўрмаганига қараб турли ҳолатлар бўлади. Агар аёлга (никоҳдан сўнг) қўшилинмаган бўлса, ҳайзда бўлса ҳам, бир талоқ қилиши ҳасан талоқ бўлади. Агар қўшилган бўлса аёл ҳайздан ҳар тоза бўлганида қўшилмай уч талоқни бўлиб, бир талоқдан уч талоқ қилса, ҳасан талоқ қилган бўлади. Яъни ҳайз кўрганидан сўнг, тоза бўлгач жинсий алоқа қилмай туриб, бир талоқ қўяди. Яна ҳайз кўрганидан сўнг тоза бўлгач, қўшилмай яна бир талоқ қилади ва ҳоказо. Шундай қилиб, учинчи мартадан кейин уч талоқ бўлади. Учинчи талоқдан кейин ярашиш мумкин эмас (то бошқа эрга тегиб чиқмаса, ҳалол бўлмайди).
Талоқ сунний (шариат кўрсатмаларига мувофиқ) бўлиши учун унда икки шарт лозим: 1. Талоқ аёл киши ҳайз ёки нифосдан пок бўлганидан кейин, унга жинсий яқинлик қилмай туриб қилиниши. 2. Талоқнинг биттадан ортиқ бўлмаслиги.
Аёлларнинг иддаси ҳайз ва нифосдан кейин бошланади. Ҳайз ва нифос вақтида хотинни талоқ қилиш бидъий талоқ бўлади.
Эр талоқ қилгандан сўнг хотин билан биргаликда яшашни давом эттириши мумкинлиги ёки мумкин эмаслиги эътиборидан талоқ ражъий ва боин талоқларга бўлинади. “Ражъий талоқ” дегани қайтса бўладиган талоқдир. Бундай талоқдан кейин эр талоқ қилинган хотинини иддаси ичида, агар хотин рози бўлмаса ҳам, қайтариб олиш ҳуқуқига эга. Бунинг учун эр: "Хотинимни ўзимга қайтариб олдим" ёки "Хотинимни никоҳимда ушлаб қолдим" деса кифоя, янгидан маҳр бериш, никоҳ ақди қилишга ҳожат йўқ. Энг муҳим шарти – хотиннинг иддаси чиқмай туриб қайтишдир. Агар идда чиққунича қайтмаса, ражъий талоқ боинга (боин "узилган, ажралган" маъносида) айланиб қолади. Унда янгидан никоҳ ақди қилиш зарур бўлади.
Боин талоқдан кейин эр-хотин ажрашган ҳисобланади. Шунинг учун боин талоқ қилган эр ўша хотин билан бирга турмаслиги, бегона каби яшаши керак бўлади. Бу талоқ бир ёки икки дона бўлса, эрнинг уч талоқ ҳаққи бир ёки икки ададга қисқаради. Кичик боин талоқдан кейин эр ёки хотин ўлса, бир-биридан мерос ололмайди. Чунки ораларидаги никоҳ узилган бўлади.
Катта боин талоқ уч талоқдир. Бу талоқдан кейин никоҳ мулки тугайди, хотин эрга ҳаром бўлади. Уларнинг орасида иддадан бошқа ҳеч нарса қолмайди. Эр хотинга берган мол-мулк (маҳр) хотинда қолади. Эрнинг хотинга идда муддатида маскан ва нафақа бериши вожиб (Талоқ, 6). Талоқ қилинган хотин ҳомиладор бўлса, ўша ҳомиласини туққунича эр уни нафақа билан таъминлаши вожиб. Хотин иддаси чиққанидан кейин бошқа эрга саҳиҳ никоҳ ила тегиб, улар тўлақонли эр-хотин бўлиб яшаб, иккинчи эр вафот этгач ёки бошқа сабаб билан талоқ қилса, аёл иддадан чиққанидан сўнг яна биринчи эрига (никоҳ қилинса) ҳалол бўлади.
Талоқ қилинган аёллар уч марта ҳайз кўришгунча эрга тегмай иддани кутиб туришади. Чунки бу нарса уларнинг бачадонида ҳомила бор-йўқлигини аниқлаш учундир. Агар шу муддат ичида агар эрлари қайта яшашни истаб қолса, уларни яна қайтариб олишга энг ҳақлидир. Уламолардан Иброҳим идда вақтида эрга теккан аёл (яъни, эри томонидан "ражъий талоқ – идда ичида яна қайтариб олса бўладиган талоқ қилинган аёл) ҳақида сўзлаб, бундай деган: "У (кейинги) эри уйида уч бора ҳайз кўриб, олдинги эридан узил-кесил ажралди. Унинг бу ҳайзи кейинги эри учун ҳисобга ўтмайди. У яна бошқа идда сақлайди". Зухрий эса бундай деган: "У аёл бир идда сақласа кифоя қилади".
229. Талоқ икки мартадир. Кейин яхшиликча ушлаб қолиш ё хурсанд қилиб қўйиб юбориш бор. Сизлар учун уларга берган нарсани қайтариб олиш дуруст эмас. Фақат эр-хотин Аллоҳ буюрганларини бажара олмасликдан қўрқишса, мустасно. Бас, эр-хотиннинг Аллоҳ буюрганларини бажара олмасликларидан қўрқилса, хотин эваз қилиб берган нарсада икковларига гуноҳ йўқ. Булар Аллоҳ чегараларидир, уларни бузманглар ва ким Аллоҳ чегараларини бузса, ана ўша золимдир.
Исломдан аввалги жоҳилият даврида арабларда шундай қоида бор эди: улар ўн марта, йигирма марталаб талоқ қилиб, иддаси тугамай яна хотинларини қайтариб олишаверар эди. Шу тариқа хотинларнинг аксарияти қийналар, азият чекиб, ҳаққи топталар эди. Ана шу зарарли одатни ман этиб тушган юқоридаги ояти карима буюрадики, эр ўз хотинини икки марта талоқ қилса, кейин иддаси ичида яна қайтариб олса бўлади. Лекин идда муддати ўтиб кетса, аёл мустақил бўлиб қолади. Эр хотинини икки марта талоқ қилганидан кейин яна учинчи бор талоқ қилса, унда хотини бошқа бир кишига турмушга чиқиб, иддаси тугамагунича аввалги эрига ҳалол бўлмайди.
Эрлар учун хотинларига берган маҳрларини талоқ эвазига қайтариб олишлари ножоиздир. Агар икковлари ажрашмаган суратда Аллоҳ таолонинг амр-фармонларига мувофиқ турмуш кечира олмасликдан қўрқишса, бу ҳолатда хотин маҳрини ёки молини бериб ўзини қутқариб олса ва эр ҳам бу молни қабул қилиб хотиннинг жавобини берса, икковларига ҳам гуноҳ бўлмайди. Бу нарса шариатда "хулуъ" дейилади. Умар розияллоҳу анҳу аёлни унга берилган талоқ хатидан бошқа барча маҳри эвазига хулуъ қилишга ижозат берганлар. Товус айтади: "Эр ва хотин Аллоҳ таоло ҳар бирига фарз қилган ҳукмларни бундан буёнги ҳаётида бажара олмасликдан чўчисаю, лекин эр хотинига аҳмоқона гап қилмаётган бўлса, то хотин эрига: "Мен сени деб наҳсдан покланиш учун ғусл қилиб ўтирмайман" демагунича хулуъ ҳалол бўлмайди" (Бухорий ривояти).
230. Агар у яна талоқ берса, аёл бундан кейин бошқа эрга никоҳ қилинмагунича унга ҳалол бўлмайди. У (кейинги) эр ҳам талоқ қилсаю, Аллоҳ чегараларида туришларига ишонишса, бир-бирларига қайтишларининг гуноҳи йўқ. Булар Аллоҳнинг билувчи қавмга билдирган чегараларидир.
Бир киши ўз хотинини бир ёки икки талоқ қилса ва идда ичида унга яқинлашмаса, кейин иддаси тугагач, учинчи талоқни берса, уларнинг эр-хотинлиги тугайди. Ушбу ояти карима баён этяптики, агар аввалги икки талоқ устига учинчиси қилинса, жами учта бўлиб, энди у аёл талоқ қилган эрга ҳалол бўлмайди, уларнинг эр-хотин бўлиб яшашлари мумкин эмас. Бордию кейинги теккан эри вафот этса ёки талоқ қилсагина, унда аёлнинг аввалги эри билан иддаси тугаганидан кейин турмуш қуриши гуноҳ бўлмайди. Ушбу оят тафсирида Ибн Жарир Табарий бундай дейди: "Агар бир одам "...бошқа эрга никоҳ қилинмагунича ҳалол бўлмайди" деган гапдан Аллоҳ нимани ирода қиляпти – никоҳ бу жинсий алоқами ёки бир аёлнинг бир эркакка тегишими?" деб сўраса, "иккалови ҳам" деб жавоб берилади. Чунки талоқ қилинган аёл бир эркакка тегса, эркак у билан яқинлик қилмай талоғини берса, олдинги ўз эрига ҳалол бўлмайди. Агар талоқ қилинган аёлга бир эркак никоҳсиз яқинлик қилса ҳам у аёл ўз эрига ҳалол бўлмайди. Бунга "ижмоъул-уммат" иттифоқ қилган. Агар яна: "Оят маъносида жинсий яқинлик" деган ибора йўқ-ку?" деб сўралса, унга бундай жавоб берилади: "Ижмоъул-уммат "оятдаги "никоҳ" сўзининг маъноси жинсий яқинликдир", деган" (Ибн Жарир. "Жомиъул-баён", 2-жилд, 290-291-бетлар). Илм аҳли: "Агар эр хотинини уч бор талоқ қилган бўлса, хотини унга ҳаромдир" дея "ҳаром" сўзини "талоқ, ажрашиш" маъносида қўллаган. Бу ердаги "ҳаром" сўзи таомга нисбатан ишлатиладиган "ҳаром" каби эмас, чунки ҳалол таомни ҳаром дейилмайди, балки талоқ қилинган аёлни ҳаром дейилади. Аллоҳ таоло уч талоқ хусусида Бақара сурасининг 230-оятини нозил қилган. Нофеъ бундай ривоят қилади: "Агар Ибн Умардан уч талоқ қилган кишилар ҳақида сўралса: "Башарти бир бор ёки икки бор талоқ қилган бўлсанг, у ҳолда ҳазрати Расулуллоҳ менга қайта никоҳлаб олишни буюрганлар, агар уч талоқ қилган бўлсанг, унда хотининг сендан бошқа эрга никоҳланмагунича сенга ҳаромдир", дер эдилар" (Бухорий ривояти).
231. Хотинларингизни талоқ қилганингизда иддалари тугаса, уларни яхшилик билан ушлаб қолинглар ёки яхшиликча жавобини беринглар. Уларга зулм билан зарар етказиш ниятида ушлаб қолманглар. Ким шундай қилса, ўзига зулм қилган бўлади. Аллоҳнинг оятларини ҳазил санаманглар. Аллоҳнинг сизларга берган неъматини, насиҳат учун туширган Китобини ва ҳикматини ёдда тутинглар. Аллоҳдан қўрқинглар ва билингларки, Аллоҳ албатта ҳамма нарсани билувчидир!
Яъни, эрлар хотинларини талоқ қилишганида идда муддати тугагач, яна уни қайтариб олиши ёки яхшиликча, маҳрини бериб, жавобини беришлари керак. Исломнинг илк даврида баъзи жоҳил кимсалар хотинларига маҳрини қайтармаслик учун у билан яшашмас, аммо жавобини ҳам беришмас эди. Бундай ҳолат аёлларга нисбатан зулмдир, Аллоҳнинг амрларига қарши чиқишдир. Ким Аллоҳ чегараларини бузгудай бўлса, ўз жонига жабр қилган бўлади. Аллоҳ таоло бундай деган: "Эй мўминлар, сизлар мўминаларни никоҳингизга олсангизу, сўнгра уларга "тегиниш"дан олдин уларни талоқ қилсангиз, у ҳолда сизлар учун уларнинг зиммасида санайдиган идда йўқдир. Сизлар уларни (озгина моддий) баҳраманд этиб, чиройли кузатиш билан кузатингиз" (Аҳзоб, 49).
Мусулмон эр иложи борича талоқ қилмаслик руҳида тарбия топган бўлади, чунки Ислом шариатида талоққа энг нохуш нарса сифатида қаралади. Талоқ қилишдан Аллоҳнинг арши ларзага келади, деган тушунчага эга мусулмон эр ўзининг бу ҳуқуқини энг охирги чора сифатидагина қўллайди. Чунки ҳадиси шарифда: «Аллоҳ азза ва жалла энг ёмон кўрган ҳалол – талоқдир», дейилган. Шунинг учун аёллар иложи борича эрларидан талоқ талаб қилмасликлари керак. Эрлар ҳам ўзларини бу сўзни айтишдан сақлашлари лозим. Оиланинг мустаҳкамлигини таъминлаш мақсадида шариатда талоқ қилишдан бошқа иложи қолмаганида ҳам бу ишни бирдан содир этмасдан, одобларни йўлга қўйиш тавсия этилган. Бу тавсияда ҳам шояд эр ўйлаб кўриб, талоқ қилиш фикридан қайтса, деган ҳикмат ётади.
232. Хотинларингизни талоқ қилганингизда уларнинг иддалари тугаса, шариатга мувофиқ ўзаро келишишган бўлса, эрларига қайта никоҳланишдан тўсманглар. Бу насиҳат Аллоҳга ва қиёмат кунига имон келтирганларгадир. Бу сизларга сафолироқ, покликроқдир ва Аллоҳ билганини сизлар билмассизлар!
Яъни, эр хотинини талоқ қилсаю иддалари тугагач шариатга мувофиқ яна қайта никоҳланишга қарор қилишса, бундан уларни қайтармаслик лозим. Бу нарса жувонни ҳам, бокирани ҳам назарда тутади. Аллоҳга ва қиёмат кунига имон келтирганлар ушбу насиҳатга амал қилсинлар. Ҳасан розияллоҳу анҳу ривоят қилади: "Маъқал ибн Ясорнинг синглиси бир кишига эрга теккан эди, эри уни талоқ қилди. Кейин то иддаси тугагунича уни ташлаб қўйиб, яна ўзига хотинликка сўради. Шунда Маъқал бунга қаршилик қилиб: "Уни иддаси тугамасидан олдин қайтариб олиш имконига эга бўлатуриб ўз ҳолига ташлаб қўйди, энди уни яна хотинликка сўратадими?!" деб куёви ва синглисининг ярашиб кетишига тўсқинлик қилди. Шу аснода Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга юқоридаги: "Хотинларингизни талоқ қилганингизда уларнинг иддалари тугаса, шариатга мувофиқ ўзаро келишишган бўлса, эрларига қайта никоҳланишдан тўсманглар. Бу насиҳат Аллоҳга ва қиёмат кунига имон келтирганларгадир. Бу сизларга сафолироқ, покликроқдир ва Аллоҳ билганини сизлар билмассизлар!" ояти каримасини нозил қилди. Пайғамбар алайҳиссалом Маъқални чақириб, унга мазкур оятни қироат қилиб бердилар. Маъқал куёви билан синглисига тўсқинлик қилишни бас қилиб, Аллоҳ таолонинг амрига бўйсунди" (Бухорий ривояти). Нофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Умар ибн Хаттобнинг (розияллоҳу анҳу) ўғли хотинини ҳайз пайтида бир талоқ қилди. Расулуллоҳ алайҳиссалом унга хотинини қайтариб олишни, ҳайздан покланиб, яна ҳайз кўргач қайта поклангунича уйида ушлаб туришни, кейин агар истаса, ҳайздан покланган вақтида унга яқинлик қилмай туриб талоғини беришни буюрдилар". Аёлларни талоқ қилишда риоя этилиши лозим бўлган, Аллоҳ таоло буюрган идда (муддат) мана шудир. Агар ўзларидан сўрашса, Абдуллоҳ: "Агар уч талоқ қилган бўлсанг, хотининг то бошқа эрга тегиб чиқмагунича сенга ҳаром", дер эдилар. Ибн Умар: "Агар бир ёки икки бора талоқ қилган бўлсанг, ҳазрати Расулуллоҳ бундай ҳолда нима қилишни менга буюргандилар", дейдилар" (Бухорий ривояти).
233. Эмизишнинг тўла-тўкис бўлишини истаган оналар фарзандларини тўлиқ икки йил эмизишади. Уларни меъёрида едириш-ичириш ота зиммасидадир. Ҳеч кимга тоқатидан ортиғи юкланмайди. Боласи туфайли она ҳам, ота ҳам зарар кўрмасин. Меросхўр ҳам шундай. Агар ўзаро келишиб ва маслаҳатлашиб сутдан ажратишни исташса, гуноҳкор бўлишмайди. Агар болаларингизни эмиздирмоқчи бўлсангиз, берадиганингизни яхшиликча тўласангиз, гуноҳ бўлмайди. Аллоҳдан қўрқинглар, билингларки, Аллоҳ нима иш қилаётганларингизни албатта кўриб турувчидир.
Шаръий истилоҳда боланинг бошқа аёл кўкрагидан икки ёшгача бўлган пайтида сут эмиши ва унинг ҳукмлари билан боғлиқ масалалар «разоъ» дейилади. Икки ёшга тўлмаган боланинг қорнига аёл киши сутининг етиб бориши разоъдир. Агар боланинг қорнига бир томчи бўлса ҳам сут етиб борса, разоъ ҳисобланади. Гўдакни мукаммал эмизиш муддати икки йилдир. Агар онаси болани эмизишга қодир бўлмаса, эр бошқа аёлни ёллаб эмиздиради.
Янги туғилган фарзанд озиқланишга муҳтож бўлади. Чақалоғини эмизиш онанинг вазифасидир, она сути гўдак ҳақларидан биридир. Она шаръий узр билан эмиза олмаса, бир эмизувчи топиш ва унга ҳақ тўлаб рози қилиш ота зиммасига тушади. Боланинг суяги она сути билан шаклланади, унинг руҳий жиҳатдан камолга етишида ҳам она сутининг аҳамияти катта. Бола улғайишида она сутига бошқа ҳеч нарса тенг келолмаслигини замонавий илмий изланишлар ҳам исботлаган. Боланинг онасига уни икки йил эмизиш ҳукми бор. Бу ҳукм эмизиш муддатини тўкис қилмоқчи бўлганлар учун, бундан оз муддатда ҳам сутдан чиқариш мумкин. Бу ҳукм никоҳда турган онага ҳам, талоқ қилиниб иддада ўтирган онага ҳам, иддаси чиққанга ҳам баробардир. Эмизиш чоғида ва ундан кейин ҳам она-боланинг нафақаси, яъни унинг таоми ва кийим-кечаги, уй-жой билан таъминлаш каби эҳтиёжларини қондириш отанинг асосий вазифаларидандир. Агар ота ўтиб кетса, яъни вафот этса, меросхўри болани эмизувчи онанинг таом ва кийимини таъминлайди. Бошқа эмизувчи топилганида ҳам бола онасининг ҳаққига нуқсон етказилмайди.
234. Сизлардан вафот этиб, жуфтларини қолдирганларингизнинг хотинлари тўрт ойу ўн кун ўзларини интизорда сақлашади. Муҳлатлари тугагач, ўзлари борасидаги қиладиган яхши ишларида сизларга гуноҳ йўқдир. Аллоҳ қилаётган ишларингиздан хабардордир.
Бундан илгари келган оятларда талоқ қилинган хотинга уч ҳайз муддатида интизор ўтириш (идда) ҳукм бўлган эди. Энди вафот этган кишининг қолган хотини тўрт ойу ўн кун ўзини интизорда сақлаши айтилмоқда. Агар бу муддат ичида хотиннинг ҳомиладор эмаслиги аниқ бўлса, иддаси тугаганидан кейин бошқа киши билан никоҳлана олади, агар боласи борлиги маълум бўлса, у туғилгунича кутади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо бундай деганлар: "Эри вафот этган аёл тўрт ойу ўн кун идда сақлайди" деган оят "Эри ўлган хотин бир йил эрининг уйидан чиқмай ўтиради" оятини бекор қилди". Ато розияллоҳу анҳу бундай деган: "Хотин, агар хоҳласа, марҳум эри уйида унинг васиятига биноан идда сақлайди, хоҳламаса, чиқиб кетаверади" деган оятни Аллоҳ таолонинг: "Улар ўзларича қилган ишларда сизларга гуноҳ йўқ" деган сўзи қувватлайди. Кейин мерос ҳақида оят нозил бўлиб, хотиннинг марҳум эр уйида идда сақлашининг вожиблигини бекор қилди, энди у ўзи истаган жойда идда сақлайдиган бўлди" (Бухорий ривояти).
235. У аёлларга ишора билан совчилик қилишларинг ёки буни дилингизда сақлашларингнинг гуноҳи йўқ. Аллоҳ улар ҳақида ўйлашларингни билади. Лекин улар билан яширинча ваъдалашманглар. Яхши гаплар айтсангиз, майли. Иддалари тугамагунича никоҳ боғлашга қасд қилманглар. Англаб олингларки, Аллоҳ дилларингиздагиларни билади. Ундан эҳтиёт бўлинглар, Аллоҳ кечирувчи ва ҳалимдир.
Оятдаги "акнантум" сўзи "кўнглингизга тугдингиз, дилингизда сақладингиз" каби маъноларда бўлиб, беркитилган, ўзгалардан яширилган ҳар бир нарсани англатади. Бу ояти каримага кўра, иддадаги хотиннинг интизор муддати тугамагунича бир киши никоҳига ололмайди, унинг очиқ ваъдасига кўз тутолмайди, никоҳсиз қўшилса гуноҳга ботади. Лекин дилида "шу хотиннинг иддаси тугаса, унга уйланаман" деб ният қилса ёки бу мақсадини аёлга ишоралар билан (масалан, "мен бир хотин ахтариб юрувдим" дейиш) билдирса, ҳечқиси йўқ. Бундан ортиқ сўзлашиш шариатда ман этилган. Аллоҳ таоло дилларингиздаги ҳамма нарсани билиб туради, Унинг амрларидан чекинишдан эҳтиёт бўлинглар. Аллоҳ таоло гуноҳларингизни кечирувчи, ҳалим Зотдир. Ибн Аббос оятдаги: "фима аррозтуҳум биҳи мин хитбатин-нисаи" жумласи ҳақида бундай деганлар: "Масалан, "мен уйланмоқчиман, дилимда бирор солиҳа аёлнинг ўзимга муяссар бўлишини истайман", дейди". Қосим эса: "Бирор аёлга уйланишни дилига тугиб қўйган киши ўша аёлга: "Сен менга ардоқлисан, кўнглимдаги аёлсан, Аллоҳ таоло сенга яхшиликни раво кўрсин" каби сўзларни айтиши мумкин", деганлар. Ато бундай дейди: "Ишора билан маълум қилади, ошкора айтмайди. "Мен бир хотин олиш ниятидаман, Аллоҳга шукр, сен ҳамма орзу қиладиган аёлсан!" дейди, аёл ҳам эркак қай йўсинда гап қилган бўлса, шундай гап қилади, заррача ортиқча гапирмайди. Аёлнинг валийи ундан яширинча бировга ваъда бермайди. Аёл агар иддада ўтирган вақтида бирор киши билан ваъдалашган бўлсаю, кейин у уни ўз никоҳига олган бўлса, уларни ажратиб бўлмайди". Ҳасан бундай дейди: "Ла туваъидуҳунна сиррон" (улар билан яширинча ваъдалашманглар) ояти замирида зино мавжуддир". Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтадилар: "Ал-китабу ажалаҳ" – иддаси тугагунича" демакдир" (Бухорий ривояти).
236. Тегинмай ё бирор маҳрини аниқ қилмай туриб хотинларингизни талоқ қилишингизнинг гуноҳи йўқ. Бойларингиз қодирлигига қараб, йўқларингиз қўлидан келганича, уларни манфаатлантиринглар. Бу яхшилик қилувчилар бурчидир.
Агар никоҳ вақтида маҳр зикр қилинмай, маҳрсиз никоҳ бўлиб қолса, ҳечқиси йўқ, маҳр кейин айтилса ҳам бўлаверади. Лекин шу ҳолатда эр хотини билан яқинлашмай туриб, талоғини берса, эрга ҳеч қандай маҳр лозим бўлмайди. Шунга қарамай, эрнинг ўз ҳолатига қараб хотинга уч сидра кийим, кўйлак, рўмол каби нарсаларни хурсандчилик билан бериши лозимдир. Хотинга қўшилмай туриб унинг жавобини бериш гуноҳ бўлмайди. Аллоҳ таолонинг бундай огоҳлантириши бор: "Эй Пайғамбар, сизлар (мўминлар) хотинларингизни талоқ қилсангизлар, уларнинг иддаларида талоқ қилинг ва иддани сананг. Парвардигорингиз Аллоҳдан қўрқинглар. (Идда тугагунча) уларни (яшаб турган) уйларидан ҳайдаб чиқармангиз ва улар ҳам ўзларича чиқиб кетишмасин... Бу Аллоҳнинг чегараларидир, ким Аллоҳ чегараларидан тажовуз қилиб ўтса, демак, у ўз жонига зулм қилибди" (Талоқ, 1).
237. Агар маҳрини белгилаб қўйган ҳолда тегинмай туриб уларни талоқ қилсанглар, белгиланганининг ярмини берасизлар. Лекин аёл ва никоҳ битими қўлида бўлган киши маҳрни кечиб юборса, бермайсизлар. Кечиб юборишингиз тақвога яқиндир. Ўзаро бир-бирингизга яхшилик қилишни унутманглар, Аллоҳ нима қилаётганларингни кўриб туради.
Агар никоҳ вақтида маҳр белгиланиб, кейин эр тегинмай туриб хотинини талоқ қилса, ана шу белгиланган маҳрнинг ярмини беради. Агар хотин ё эр афв этишса, бу ҳолда уни бермаса ҳам бўлади. Хотиннинг афви шуки, ўша собит бўлган ҳақнинг ярмини ҳам олмайди. Эрнинг афви шуки, хотинига белгиланган маҳрнинг ҳаммасини беради ёки олдин маҳрини тўла берган бўлса, ярмини қайтариб ҳам олмайди. Эрнинг афв этиши тақвога яқиндир, чунки Аллоҳ таоло никоҳ ақди (тугуни)ни унга топширган, никоҳни бузмаслик, уни асраш унинг қўлидадир.
238. Намозларни, хусусан ўрта намозни эҳтиётланглар. Аллоҳ ҳузурида хушуъ билан туринглар.
"Намозларни эҳтиётлаш" деганда беш вақт фарз қилинган намозларни ўз вақтида, барча рукнларини камчиликсиз, тўла-тўкис адо этиш тушунилади. Кўпгина муфассирлар "ўрта намоз" аср намозидир, дейишган, чунки туш пайтидаги истироҳатдан сўнг уни кечиктириб юбориш хавфи кўпроқ бўлади. Ҳазрати Алий каррамаллоҳу важҳаҳудан ривоят қилинган ҳадисда келишича, "Пайғамбар алайҳиссалом Хандақ куни: "(Мушриклар) бизни вусто намозидан қолдирди, кун ботиб қолди, Аллоҳ таоло уларнинг қабрлари билан уйларини (ёки қоринларини) ўтга тўлдирсин!" дедилар" (Бухорий ривояти).
Мусулмонлар намоз ўқишаётганида Аллоҳ таоло ҳузурида турганларини эслаб, фақат Уни ёдлашлари, барча дунёвий нарсалардан батамом узилишлари, хушуъ ва хузуъ билан ибодат қилишлари лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан саждада пешонага ботмаслиги учун тупроқни текислаш ҳақида сўрашганида: "Намоз ўқиётганингда тупроқларни сурма, агар иложи бўлмаса, фақат бир марта майда тошларни текисла" деб, намозда ёт ишларни қилишдан қайтарганлар. Зеро, кетма-кет ҳар хил ҳаракат қилиш (амали касир) намозни бузади. Таассуфки, намозхонлар орасида бу муҳим ишга бепарволар кўп: баъзилари намозда туриб соатига қарайди, кийимларини тўғрилайди, бурун ё қулоғини қашийди, намозда туриб ўнгга, чапга ёки осмонга қарйдиганлар ҳам бор. Намоз ўқишдан мақсад Аллоҳга қуллик изҳори экан, намозхонлар намозни хушуъ ва хузуъ билан адо этишга буюрилишган. Мўминлар бу амрга итоат этишса, албатта нажот топишади.
239. Агар хавфда бўлсанглар, пиёда ё уловдалигингизда (ўқинглар), бехавотир бўлганингизда эса билмаганларингизни Аллоҳ ўргатганидай Унинг зикрини қилинглар.
Уруш пайтида ёки душман хавфи туғилганида намозларни юрган ҳолда ёки уловда кетаётганда, рукуъ-саждасиз, ҳатто қиблани аниқламай ўқиса бўлади. Хавф кўтарилиб, хотиржам бўлингач, намозлар аввалда Аллоҳ таълим бергани каби барча рукнларига риоя этган ҳолда тўкис адо этилади. "Нурул-изоҳ"да хавф (қўрқув) намозининг ҳукмлари ва сабаби ҳақида бундай дейилган: "Хавф намозини фақат душман ва йиртқич ҳайвон олдида ёки сув тошқини (сел) ва ёнғиндан қўрқиш ҳолатида ўқиш жоиздир. Бутун жамоат бир имомга эргашишни хоҳлашса, имом жамоатни иккига бўлади. Бир гуруҳни душман қаршисида қолдиради, бошқа бир гуруҳ билан намоз ўқишни бошлайди. Ўқиладиган фарз намоз икки ракатли бўлса бир, тўрт (ёки уч) ракатли бўлса, икки ракат ўқилганидан сўнг биринчи жамоат душман олдига боради. Улар ўрнига иккинчи жамоат келиб, имомга эргашади. Имом намознинг қолган қисмини ўқиб, якка ўзи салом беради. Иккинчи гуруҳ душман олдига қайтгач, биринчи гуруҳ ўринларига қайтиб, Қуръон ўқимасдан намозларини тугатишади, салом бериб, душман олдига қайтишади. Иккинчи жамоат ҳам намознинг қолган қисмини жойларига қайтиб ёки душман қаршисида, холироқ жойда ўқиб тугатади" (Абул Ихлос Ҳасан ал-Вафоий Шурунбилолий ва Абу Зайд Шиблий. "Нурул-
изоҳ", Тошкент, "Мовароуннаҳр", 2003, 109-110-бетлар).
240. Вафот этиб, хотинлари қолганларингиз уларга бир йилгача кетмай фойдаланадиган нарсани васият қилишсин. Агар улар чиқиб кетишса ҳам хотинлар ўзларича қилган яхши ишларда сизларга гуноҳ йўқ. Аллоҳ албатта қудрат ва ҳикмат эгасидир.
Исломнинг илк даврида жамиятда юқоридаги одат ҳукмрон эди. Мерос ояти туширилиб, хотинларга ҳам мерос бериладиган бўлгач, уларнинг идда муддатлари тўрт ойу ўн кун қилинди ва бу ояти карима ҳукми мансух (бекор) бўлди. Мужоҳид розияллоҳу анҳу бундай деган: "Вафот этиб, жуфтларини қолдирганларингизнинг хотинлари..." оятида айтилишича, хотин иддани марҳум эр уйида ўтказиши вожиб эди, кейин Аллоҳ таоло тўрт ойу ўн кун идда муддатига етти ойу йигирма кунни васият маъносида қўшиб, тўла бир йил қилди ва хотинга ихтиёр бердики, агар у хоҳласа, бир йил марҳум эри уйида туради, хоҳламаса, чиқиб кетаверади. Бу маънони Аллоҳнинг: "Агар улар чиқиб кетишса ҳам хотинлар ўзларича қилган ишларда сизларга гуноҳ йўқ" деган каломи қувватлайди" (Бухорий ривояти).
241. Талоқ қилинган хотинларини меъёрида манфаатлантириш тақводорлар бурчидир.
Аввалги оятларда яқинлашмай туриб талоқ қилинган ва никоҳ вақтида маҳр белгиланмаган бўлса ҳам ўша хотинга эр мулкидан рўмол, кўйлак каби нарсалар бериш лозимлиги зикр қилинган эди. Энди эса ҳар бир талоқ қилинган хотинга моддий ёрдам кўрсатиб, уларни манфаатлантириш, кўнглини кўтариш тақводор эрларнинг бурчи экани эслатилмоқда. Моддий нафақа талоқ қилинган хотиннинг иддаси тугагунига қадар берилади.
Албатта, талоқ аёл ва унинг аҳли учун оғир бўлади. Умид билан никоҳдан ўтиб, орзу-ҳавас билан янги турмушни кўзлаб турганида талоқ бўлиши катта мусибатдир. Бунинг устига дўсту душман, ёру биродарларнинг олдида нима деган гап бўлади?! Ана шу ҳолатларни ҳисобга олиб, талоқ қилинган аёлга шариатда мутъа (фойда) деб номланган молиявий тақдирлаш бериш жорий қилинган. Бериладиган мутъанинг миқдори эр тарафга боғлиқ, имконига қараб кўпроқ нарса берса, яхши бўлади. Ривоят қилишларича, имом Ҳасан розияллоҳу анҳу мутъа учун ўн минг дирҳам берган эканлар. Шундай қилинса, келин тарафга енгил бўлади, кўнгиллари таскин топади, дўсту душманларнинг гап-сўзидан ҳам қутуладилар. Чунки шунча мол-дунё бериш қизда айб йўқлигига, йигит тараф уни ҳурмат қилишига, аммо ноиложликдан ажрашаётганлигига далолат бўлади.
242. Ақл ишлатишинглар учун Аллоҳ оятларини шундай баён этади.
Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом орқали нозил қилган оятларидаги ҳукмлар, амр ва қайтариқлар ҳақида тафаккур қилиш, ақл ишлатиб ўйлаб кўриш, оятларнинг асл моҳиятини англаш ва уларни ҳаётга татбиқ этиш ҳар бир мусулмоннинг шарафли бурчидир. Қуръони карим оятлари мусулмон ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олган. Улар мусулмонлар дуч келиши мумкин бўлган барча муаммоларни илоҳий таълим асосида ислоҳ қилиб беради. Қуръон оятлари ибодатлар билан бир қаторда оилавий масалаларни, никоҳ ва талоқ, ҳайз, бола эмизиш каби муаммоларни ҳам батафсил зикр этади ва бу борадаги исломий ечимларни инсонларга тушунтиради.
243. (Эй Муҳаммад), ўлимдан қўрқиб, диёрларидан қочиб чиққан минглаб одамларни кўрмадингизми? Аллоҳ уларга "Ўлинглар!" деди, сўнг уларни тирилтирди. Аллоҳ албатта одамларга фазлу карам қилувчидир, лекин уларнинг кўпчилиги шукр қилмайди.
Қуръони каримнинг мазкур оятида ўтмишда яшаб ўтган бир қавм қиссасини баён этиш орқали ҳаёт ва ўлим, ўлгандан кейин тирилиш масалалари ўзига хос бир йўсинда зикр этилади. Қадимда бир қавм ўтган экан (унинг қайси қавмлиги ҳақида тарихчилар бир қарорга келишмаган). Ўша қавмга қайсидир бир кўринишда ялпи ўлим келади. Эҳтимол, у вабо ёки тузалмас бир касаллик бўлгандир ёхуд душман бостириб киргандир ё бошларига бирор табиий офат келгандир. Хулласи, ўша қавм ўлимдан қутилиб қолиш учун яшаб турган жойларини ташлаб, бир хавфсиз жой қидириб кетаётганида Аллоҳ таолонинг "Ўлинглар!" деган амри келиб, барчалари бир сония ичида ҳалок бўлишди. Кейин эса Аллоҳ уларни тирилтиришни истади ва барчалари қайта ҳаётга қайтишди. Оятдан кўриниб турибдики, Аллоҳ қазои қадаридан қочишнинг асло иложи йўқ, У бир бандага ўлимни ирода қилса, энг бехатар жойда ҳам ҳалок бўлиши мумкин. Шу ўринда ибратли бир ривоятни келтириб ўтсак: "Бир қўрқоқ киши бор эди, уруш пайтида доим лашкарнинг орқа тарафида беркиниб юрар, қилич-ўқдан қочишга ҳаракат қилар эди. Бир куни қарашса, ўша киши қўшиннинг энг олдинги сафида жанг қилаётган эмиш. Шунда бунинг сабабини сўрашибди. Бояги киши бундай жавоб қилибди: "Ўтган куни жанг пайти бир камон ўқи келиб олдимга тушди. Назаримда ўқ қимирлаётгандай туюлди. Эътибор бериб қарасам, ўқ тупроқ остида яшириниб ётган илонга келиб санчилган экан. Шундан хулоса қилдимки, қаёққа қочсам ҳам ажал етса, қутилиш йўқ, ўша жойда тутиб оларкан. Шунинг учун қўрқувни бир четга улоқтириб, жангда олдинги сафга ўтдим...".
244. Аллоҳ йўлида жанг қилинглар ва англангларки, Аллоҳ эшитувчи ва билувчидир.
Аллоҳ йўлида жанг қилиш дегани, Унинг дини равнақ топиши ва ёйилиши, зулм ва золимлар йўлига тўсиқ қўйилиши, инсоний муносабатларда Ислом адолати ўрнатилиши йўлида олиб борилган жидду жаҳд, яъни интилиш ва ҳаракатлардир. Ислом ақидасига кўра, "жидду жаҳд" бирор ишга қатъий азму қарор қилиш маъносини англатади. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом мўминларга: "Энг улуғ жиҳод инсоннинг ўз нафсига қарши олиб борган жиҳодидир", дея таълим берганлар. Ояти карима огоҳлантиряптики, эй инсонлар, ҳаётга муҳаббат ёки ўлимдан қўрқиш туйғулари сизларни жидду жаҳд қилишдан тўсиб қўймасин. "Ислом террорни лаънатлайди" китобида бундай ёзилган: "Адолат, тинчлик ва ўзаро тенглик ўрнатиш учун, одамларга нисбатан адолатсизлик қилаётган, уларни хўрлаётган, зулм ва шафқатсизлик кўрсатаётган, инсоннинг қонуний ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилаётган кимсаларга қарши ғоявий кураш олиб бориш ҳам жиҳод ҳисобланади. Худди шу йўсинда динга қарши бўлган, даҳриёна ва худосизликка асосланган таълимотлар билан ҳар қандай кўринишда ғоявий кураш олиб бориш ҳам том маънода жиҳоддир" (Тошкент, "Мовароуннаҳр", 2003 йил, 31-бет).
245. Аллоҳга қарзи ҳасана берувчи бўлса, Аллоҳ унга бир неча баробар қилиб қайтаради. Аллоҳгина ризқларни кам ва мўл қилади. Сизлар Унинг ҳузурига қайтасизлар.
"Аллоҳга қарзи ҳасана берувчи" ҳақида Абу Яъло улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуддан розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилади: "Ушбу ояти карима нозил бўлгач, Абу Даҳдоҳ: "Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ ҳам биздан қарз сўрайдими?" деб сўради. "Ҳа, эй Абу Даҳдоҳ", дедилар Набий алайҳиссалом. "Қўлингизни узатинг, эй Аллоҳнинг Расули", деган эди, Расулуллоҳ унга қўлларини узатдилар. "Олти юзта хурмоси бўлган мана шу боғимни Парвардигоримга қарзга бердим", деди Абу Даҳдоҳ. Кейин у боғини ўраб турган девор олдига келиб аҳли аёлини чақирди: "Эй Умму Даҳдоҳ!". Аёли "лаббай" дея жавоб қилганида "Чиқ боғдан, мен уни Парвардигоримга қарзга бердим", деди.
Бу воқеадан ибрат шуки, Аллоҳ таоло йўлида жанг қилиш ё мол сарфлашдан ҳеч ким ҳаргиз четланмасин. Чунки жон ҳам, мол ҳам ёлғиз Аллоҳ таолонинг мулкидир. Истаса, ўликка жон ато қилади, хоҳласа, ғариб-мискин кишини подшоҳ этиб кўтаради. Олгиси келса, соғнинг ҳам жонини олади, подшоҳни гадога айлантиради. Ҳеч ким камбағаллашиб қоламан, дея Аллоҳ таоло йўлида қарзи ҳасана (чиройли қарз) беришдан хавфсирамасин. Ризқни камайтириб, тор қилувчи ҳам, уни кенгайтириб мўл қилувчи ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзидир.
246. (Эй Муҳаммад), Мусодан кейинги Бани Исроил аъёнларини кўрмадингизми? Улар пайғамбарларига: "Бизга бир подшоҳни тайин қилиб бер, шунда Аллоҳ йўлида жанг қилайлик!" дейишди. У: "Агар сизларга уруш фарз қилинса, балки урушмассизлар?" деди. Улар: "Диёримиздан ва фарзандларимиздан жудо бўлгач, Аллоҳ йўлида урушмасмидик!" дейишди. Уларга уруш фарз бўлганида озчиликдан ташқари ҳаммалари бош тортишди. Аллоҳ золимларни билувчидир.
Ушбу суранинг 246 дан 251-оятигача Толут ва Жолут ҳақидадир. Толут Бани Исроилнинг подшоҳи, пайғамбар Довуд алайҳиссаломнинг қайнотаси бўлган, ундан сўнг подшоҳлик ҳазрати Довудга қолган. Жолут эса Бани Исроилнинг ашаддий душманларидан бўлган Амолиқа подшоҳларидан бири эди. Уни ҳазрати Довуд палахмон (тош ўқ билан ўқланиб, бош устида айлантириб отиладиган қурол) билан отиб ўлдирган. Тарихчилар ривоятига кўра, пайғамбар Шамвил алайҳиссалом Бани Исроил қавмини озодликка ва фаровонликка олиб чиқиш тадорикини кўради. Бунда Бани Исроил қавмига жасур, шижоатли йўлбошчи кераклигини билиб, Аллоҳдан шундай йўлбошчи ато этишни сўрайди. Аллоҳ таоло Шамвилга ваҳий юбориб: "Қавмингдан қайси одамнинг бўйи асойингча бўлса, ўша одам қавмга подшоҳ бўлади", дейди. Бўйи асо узунлигича келадиган одам фақат Толут исмли киши бўлиб, бу қавмга у подшоҳ этиб юборилди. Унинг подшоҳлиги белгиси сифатида қавмга бир сандиқ ҳам юборилди.
247. Пайғамбарлари уларга: "Мана, Аллоҳ Толутни сизларга подшоҳ этиб тайинлади", деди. Улар: "Биз ундан кўра подшоҳликка ҳақлироқ бўлсак, унинг моли ҳам кўп эмас, қандай қилиб у бизга ҳукмдор бўлсин?!" дейишди. У: "Аллоҳ уни сизларга муносиб билди, илмини ва жисмоний қувватини зиёда қилди, Аллоҳ ҳукмронликни хоҳлаганига беради, Аллоҳ кенг қамровли ва билувчидир", деди.
Мусо алайҳиссаломдан кейин Бани Исроил жамоалари бир оз вақт яхши юришди. Улар нияти бузилганидан сўнг устларига Жолут исмли бир кофир подшоҳ ҳукмрон бўлди. Подшоҳ уларни яшаб турган шаҳарларидан қувиб чиқарди, мол-мулкларини тортиб олди ва ўзларини қул қилиб ишлатди. Бани Исроил охири у ердан қочиб чиқиб, Байтил-Мақдисда (Қуддусда) тўпланди. Ўша замонда Юшаъ алайҳиссалом пайғамбар эди. Бани Исроил пайғамбарларига арз қилиб: "Бизга бир подшоҳни тайин қилиб беринг, Аллоҳ йўлида Жолутга қарши жанг қиламиз", дейишди. Пайғамбарлари уларнинг берган ваъдаларида сира собит турмасликларини эслатди, лекин улар турли далил ва баҳоналарни рўкач қилиб, пайғамбарларининг сўзини қабул қилишмади. Охири пайғамбар: "Аллоҳ сизларга Толутнинг подшоҳликка муносиблигини билдирди", деди. Чунки у жисмоний жиҳатдан ҳам, илмда ҳам бошқалардан устун эди. Толут подшоҳ бўлганидан кейин ҳам Бани Исроил тинчимади, энди самовий бир нишон (мўъжиза) ҳам бўлса эди, деди. Пайғамбарлари дуо қилгач, зафар ва нусрат сандиғи етиб келди.
248. Пайғамбарлари уларга: "Сизларга сандиқнинг келиши Толутнинг подшоҳлигига далилдир, унда Парвардигорингиз ҳузуридан таскин, Мусо ва Ҳорун авлодларидан қолган нарсалар бор, уни фаришталар кўтариб келишади. Агар мўмин бўлсангизлар, бу нарсада албатта бир аломат бор", деди.
Бани Исроилга қарашли бир сандиқ бўлиб, унда Мусо алайҳиссаломнинг кийим, ҳасса, кавушлари, Ҳорун алайҳиссалом ва бошқа пайғамбарлардан қолган табаррук нарсалар сақланарди. Бани Исроил урушга кирганида бу сандиқ қўшин олдида олиб юриларди ва шу сандиқ баракотидан Аллоҳ уларга фатҳ, зафар, таскин-хотиржамлик берар эди. Жолут уларга подшоҳ бўлиб келгач, бу табаррук сандиқни ўлжа қилиб олиб кетди. Бир қанча муддат уни ўзида сақлади. Лекин сандиқ Жолутга ғалаба эмас, фалокат олиб келди. Аллоҳ таоло сандиқни Бани Исроилга қайтаришни ирода қилганидан кейин Жолут уни қайси шаҳарда сақласа, ўша ерда вабо пайдо бўлаверди. Бундан қўрқиб кетган Жолут сандиқни икки ҳўкизга юклаб, қўйиб юборди. Сўнгра фаришталар сандиқ ортилган ҳўкизларни ҳайдаб, Толутнинг дарвозасига етказиб қўйишди. Бу нарса билан Толутнинг подшоҳлигига бир ҳужжат пайдо бўлди ва Бани Исроил бунга ишонди.
249. Толут аскарлари билан чиққач: "Аллоҳ албатта сизларни бир дарё билан имтиҳон қилади, ким ундан сув ичса, у мендан эмас, қўли билан ҳовучлаб олганлардан ташқари ким ундан тотинмаса, у мендандир", деди. Озчиликдан бошқа ҳаммалари ичишди. У ҳамда у билан имон келтирганлар дарёдан ўтиб олишганидан кейин: "Жолут ва унинг аскарлари билан жанг қилишга қудратимиз етмайди", дейишди. Аллоҳга рўпара бўлишларига ишонганлар: "Аллоҳнинг иродаси билан қанча-қанча озчилик гуруҳлар кўп сонли гуруҳларни енгишган, Аллоҳ албатта сабрлилар биландир", дейишди.
Бани Исроилнинг урушдан қочмай қолган бир гуруҳлари Толутнинг Аллоҳ таоло томонидан тайинланган подшоҳ эканига ишонишди. Толут эса улардан бир қўшин тузди. Сўнгра қўшинни душманга қарши жанг қилиш учун бошлаб кетди. Ана шу урушда Толутнинг кучли саркарда экани намоён бўлди. Ҳозиргача Бани Исроилнинг аскарлари кетма-кет мағлубиятга учрайвериб, ўзларига ишончи қолмаган, иродаси сусайиб кетган эди. Улар қаршисида турган душман эса кучли, иродали, ғалабага ишончи зўр эди. Толут аскарларини синаб кўриш учун шаҳардан чиқилгач, уларга бундай маслаҳат берди: "Кимнинг иродаси кучли бўлса, сабр-бардошли ҳам бўлади, йўлда дарё учраганида чанқоқни босиш учун унинг сувидан ичмаса, ўша одам имтиҳондан ўтган бўлади ва менинг ҳақиқий аскаримга айланади. Ким иродасизлик кўрсатиб, дарё сувидан ҳовучлаб ича бошласа, демак, у аскарликка ярамайди". Толут аскарларидан жуда озчиликкина бу синовдан шараф билан ўта олди. Кўплари машаққатли сафарда ташналикка сабр қила олмай, кўп сув ичиб қўйишди ва жангга ярай олмади.
Бундан инсонлар бошларига машаққат ва қийинчиликлар келганида сабр-матонат билан уни енгишлари, сабр кўрсатишлари керак, деган хулоса чиқади. Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилинади: "Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан Бадр урушида қатнашганлар сони уч юз ўн неча кишидир бўлгани, бу Толут билан дарёдан ўтган шерикларининг сонича келгани ҳақида гаплашар эдик, у билан дарёдан фақат мўминлар ўтишган, холос" (Бухорий ривояти).
250. Жолут ва унинг аскарларига рўпара бўлишганида: "Парвардигоримиз, бизларга сабр ато эт, қадамларимизни собит қил ва кофирларга қарши зафар бер", дейишди.
Бани Исроил Жолутга қарши урушга тайёр бўлди. Лекин Толут: "Урушга борувчилар навжувон, паҳлавон йигитлар бўлишсин" деб шарт қўйди. Бу шартга ҳам бир неча юз одам мувофиқ чиқиб тайёрланди. Толут уларни ҳам имтиҳон қилмоқчи бўлди. Йўл юришган эди, аввалги манзилда сув топилмади. Иккинчи манзилда бир дарё (муфассирлар буни Ўрдун дарёси, дейишган) учради. Толут: "Бир ҳовучдан ортиқ сув ичганлар мен билан бирга юрмасин", деб буюрди. Бу сўзни эшитса ҳам аскарлардан бир қанча бесабрлари сувдан қониб ичди ва охири ўлиб қолди. Фақат 313 нафар навкар бир ҳовучдан сув ичиб, Толут билан бирга кетишга мушарраф бўлди. Кўп ичганлар сабрсизликлари туфайли йўлга ярамай ҳалок бўлишди. Қолган 313 аскар Жолут қўшинларига рўпара бўлди. Улар орасида Довуд алайҳиссалом, у зотнинг оталари ва олти ака-укалари ҳам бор эди. Йўлда кетишаётганда уч дона тош ҳазрати Довудга овоз бериб, бизни ҳам олиб кетинг, биз Жолутни ҳалок қилурмиз, деди. Қўшинлар тўқнашган пайтда Жолутнинг ўзи майдонга тушиб: "Ҳаммангизни битта ўзим енга оламан", деди. Кейин Юшаъ алайҳиссалом ҳазрати Довудни топтириб, Жолутни енгишни буюрди. Довуд алайҳиссалом жанг майдонига тушиб, бояги уч тош билан Жолутни ўлдирди, аскарлари қочиб қолди. Мўминларга фатҳ ва зафар ёр бўлди. Улар озчилик бўлишса ҳам пайғамбарлари ва подшоҳлари ҳукмларига итоатда туришгани, Парвардигорларига илтижо ва дуода бўлишгани, Унинг ваъдасига имон келтириб, мададидан умид қилишгани учун кўпсонли душманни мағлуб қилишди. Содиқ мусулмонлар учун бу қиссада етарли ибратлар бор, хусусан Бадр урушида ҳам деярли шунча мусулмон бир неча баробар кўп мушриклар устидан ғалаба қозонишган. Бу хилдаги воқеалар Аллоҳ ваъдасининг ростлиги нишоналаридир. Парвардигор бу сиёсатларини ва танбеҳларини жаҳон аҳлига гоҳида кўрсатиб турмаса, бутун олам тинчлиги ва омонлиги хатарда қоларди.
251. Аллоҳнинг изни ила уларни енгишди ва Довуд Жолутни ўлдирди. Аллоҳ Довудга салтанат ва ҳикмат берди, Ўзи хоҳлаган нарсаларни ўргатди. Агар Аллоҳ баъзилар билан баъзиларни даф қилиб турмаса, Ер юзи бузғунчиликка тўларди. Лекин Аллоҳнинг фазли бутун оламлар устидадир.
Аллоҳ таолонинг изни, иродаси билан Толут аскарлари Жолут қўшинини енгиб, ғалабага эришишди. Энг эътиборлиси, катта кучга эга бўлган, қаҳри қаттиқ подшоҳ саналмиш Жолутни Толут аскарлари ичидаги энг ёши Довуд ўлдирди. Аллоҳ хоҳласа, улкан қўшинга эга бўлган тажрибали саркардаларни ҳали уруш тажрибаси йўқ ёшгина йигит қўли билан ҳам мағлубиятга учратаверади. Аллоҳнинг инояти билан Довуд кейинчалик Жолут вафотидан сўнг Бани Исроилга подшоҳ бўлди. Аллоҳ азза ва жалла унга подшоҳликдан ташқари яна ҳикматни, яъни пайғамбарликни ҳам берди, беҳисоб мол-дунё ато этди. Довуднинг подшоҳлик даври Бани Исроил тарихида энг адолатли, фаровон ва осойишта замон, яъни "олтин давр" бўлди. Аллоҳ таоло Ер юзида бузғунчилик кучайиб кетмаслиги учун баъзи золимларни бошқа бир куч эгалари ёрдамида даф қилиб туради ва инсонлар ўртасида илоҳий адолатини ўрнатади.
252. (Эй Муҳаммад), булар Аллоҳ оятларидир, уларнинг ҳақиқатини сизга тиловат қилурмиз ва сиз албатта пайғамбарлардансиз.
Яъни, эй суюкли Пайғамбарим, сизга баён этиб берилаётган Толут ва Жолут қиссалари, мингларча одамларни бир сўз билан ўлдириш ва қайта тирилтириш, тобутни фаришталар кўтариб келиши, оз сонли мўминларнинг кўп сонли куфр эгалари устидан ғолиб чиқишлари каби хабарлар Парвардигорингиз Аллоҳ таолонинг оятларидир. Булар шунчаки кишилар тарихидан сўзловчи қиссалар эмас, балки замон ва воқеъликда кечган ҳодисаларнинг баёнидир. Ушбу ояти карима Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг охирги ҳақ пайғамбар эканларига кучли далил ва ёрқин исботдир. Аллоҳ таоло бундай деган: "(Эй Муҳаммад), Биз сизни оламларга айни раҳмат қилиб юборганмиз" (Анбиё, 107); "У Ўз Пайғамбарини ҳидоят ва ҳақ дин билан, уни барча динлардан устун қилиш учун юборган Зотдир." (Фатҳ, 28); "Муҳаммад Аллоҳнинг Расулидир" (Фатҳ, 29).
253. Булар – пайғамбарлар, улардан баъзиларини баъзиларидан афзал қилдик. Улардан Аллоҳ сўзлашганлари ҳам, мартабаларини баланд кўтарганлари ҳам бор. Исо ибн Марямга очиқ мўъжизалар бердик ва уни Муқаддас руҳ билан мададлантирдик. Аллоҳ хоҳлаганида эди, улардан кейингилар ўзларига равшан ҳукмлар келганидан сўнг урушишмас эди. Лекин уларда ихтилоф пайдо бўлди: кимдир имон келтирди, кимдир куфр келтирди. Аллоҳ хоҳлаганида эди, улар урушишмасди, аммо Аллоҳ нимани хоҳласа, шуни қилади.
Пайғамбарлардан Одам ва Мусо алайҳиссаломлар билан Аллоҳ таоло сўзлашган. Набийлардан баъзилари бир қавмга, айримлари бир қишлоқ ёки шаҳар аҳлига пайғамбар этиб юборилгани ҳолда Ислом уммати пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом қиёматгача барча асрлар ва бутун инсониятга расул ўлароқ тайин этилганлар. Исо алайҳиссаломга эса ўликларни тирилтириш, кўрлар ва песларни даволаш, оғир хасталарни тузатиш, ҳамиша Жаброил алайҳиссаломдан мададланиш каби очиқ мўъжизалар ато қилинган эди.
Аллоҳ таолонинг ҳамма пайғамбарларига истисносиз ишониш имон шартларидан биридир. Пайғамбарларнинг вазифаси имон келтириб, тоат-ибодат қилган инсонларга жаннат башоратини қилиш, куфр ва исёнда бўлган инсонларни дўзах азобидан огоҳ этиш, инсонларга дунё ва дин ишларида улар муҳтож бўлган нарсаларни баён этишдир.
Пайғамбарларнинг барчаси Одам наслидан, гуноҳ, куфр, туғёндан асралган, покдир. Ақл ва ибодатда комилдирлар. Уларнинг барчаси бир динда, Ислом динидадир. Зеро, уларнинг барчаси ўз қавмларини фақат Аллоҳ таолога ибодат қилишга, Унинг улуҳиятига, рубубиятига, исм ва сифатларига ширк келтирмасликка даъват қилишган. Улар зиммаларига юкланган вазифаларни тўла адо этишган.
Пайғамбарлардан кимларга Жаброил алайҳиссалом ваҳий келтирган бўлсалар, улар "расул" дейилади. Жаброил алайҳиссалом ваҳий келтирмаган, ўзга воситалар орқали ваҳий келган пайғамбарлар "набий" дейилади. Расул набий деб ҳам аталади, аммо набий расул дейилмайди. Расуллар фазилатда набийлардан ортиқдир. Китоб келган расулларнинг фазилати китоб келмаган расулларнинг фазилатидан баланддир. Улул-азм расуллар барча расуллардан фазилатлидир. Улул-азм расулларнинг афзали Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар.
254. Эй имон келтирганлар, савдо-сотиқ ҳам, дўстлик ва шафоат ҳам бўлмайдиган Кун келмай туриб сизларга ризқ этиб берганимиздан эҳсон қилинглар. Кофирларгина ўзларига зулмкордирлар.
Имон келтирган саодатли кишилар Аллоҳ ўзларига ризқ қилиб берган нарсалардан Унинг йўлида инфоқ-эҳсон қилиб, охиратда катта мукофот ва улуғ даражаларга эришишади. Чунки бу нарса фақат дунё ҳаётидагина мумкин, холос. Бу дунёда мол-мулкини Аллоҳ таоло розилиги йўлида сарфламаган бадбахт кимсаларга охиратда на савоб-мукофот, на ошна-оғайнилари ёрдами, на шафоат қилувчиларнинг қўллаши бўлади.
255. Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бордир! У тирик ва абадий турувчидир. Уни мудроқ ҳам, уйқу ҳам олмайди. Самовоту Ердаги бор нарсалар Уникидир. Ҳузурида ҳеч ким Унинг изнисиз қўллай олмайди. У уларнинг олдиларидаги ва ортларидаги бор нарсани билади. Ва улар Унинг илмидан фақат Ўзи истаган нарсаларнигина биладилар. Унинг Курсиси осмонлар ва Ерни ўзида сиғдира олур. Иккисини ҳимоятида сақлаб туриш Унга оғир келмайди. У энг юксак ва буюкдир!
"Курсий ояти" деб номланган ушбу ояти карима Қуръондаги энг буюк оятдир, оятларнинг саййидасидир. Унинг фазилати ва савоби ҳақида Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан бир қанча ҳадислар ривоят қилинган. Ҳадиси шарифлардан бирида: "Ким ҳар фарз намозидан сўнг Курсий оятини ўқиса, жаннатга киришдан уни фақат ўлим тўсади" (Насоий ривояти), дейилган.
Аллома Ибн Касир ўз тафсирида ушбу оятни ўнта мустақил маънога ажратиб тафсир қилган. "Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқдир, фақат Унинг Ўзи бордир". Ислом дини келтирган шиор, мусулмонлар эътиқодининг асоси, тавҳиднинг асл маъноси шудир. Сиғиниладиган, топиниладиган, ҳожатлар сўраладиган, ҳожатларни эса раво қиладиган, ризқ берадиган, кенглигу ночорликда даргоҳига бош уриладиган, ҳидоятга бошлайдиган ва йўлдан оздирадиган фақат Унинг Ўзидир. Ким ягона илоҳга сиғинса, Унгагина итоатда бўлса, икки дунё саодатига эришади. Ким Унга ширк келтирса, Унга кимларнидир, нималарнидир шерик қилса, имон-эътиқодини бой беради, абадий азобга қолади.
"У тирик ва абадий турувчидир". Тириклик Аллоҳнинг зотий сифатларидандир, У ҳеч қачон ўлмайди, абадийдир. Махлуқотларининг туриши Унинг турғизиши биландир. У бутун коинот, борлиқ тизимини Ўз илоҳий низоми асосида бошқариб, ҳаракатлантириб туради. Энг майда атом заррасидан тортиб миллиардлаб юлдуз ва сайёраларни жамлаган улкан борлиқларгача, ҳаммасининг мавжудлиги ва ҳаракати ҳам Унинг амрига кўрадир. Ҳишом ибн Аммор: "Бақара сурасидаги Аллоҳнинг Исми аъзами "Аллоҳу ла илаҳа илла ҳува, ал-Ҳаййул Қойюм" калимасидир", деган.
"Уни мудроқ ҳам, уйқу ҳам олмайди". Аллоҳ таолода ҳеч қачон чарчоқ, уйқу ёки ғафлат бўлмайди. Бандаларининг бирор хатти-ҳаракати ёки лаҳзаси Унинг назаридан четда қолмайди: У ҳамма нарсани кўриб, кузатиб, бошқариб, тарбият қилиб туради. Агар Уни уйқу ёки ғафлат олганида замину коинотдаги ўта дақиқ низом издан чиқиши, оламлар ҳаёти остин-устун бўлиб кетиши муқаррар эди. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо мазкур қавл хусусида бундай деган: "Мусо алайҳиссалом фаришталардан: "Аллоҳ ҳам ухлайдими?" деб сўради. Шунда Аллоҳ таоло фаришталарга Мусони уч кун ухлашга қўймай, бедор тутишни буюрди. Улар амр этилганидек қилишди. Кейин Мусо алайҳиссаломнинг қўлига иккита идишни тутқазиб: "Буларни синдириб қўйма" дея огоҳлантиришди. Тўртинчи кечага ўтганида ҳазрати Мусони мудроқ боса бошлади. Қўлда эса биттадан идиш, гоҳ уйғониб, гоҳ мудроқ босиб турибди. Охири ухлаб қолиб, қўлларидаги шиша идишларни бир-бирига уриб синдириб қўйди". Ибн Аббоснинг сўзларига қўшимча қилиб Муаммар: "Бу мисол билан Аллоҳ таоло Мусога: агар У ухласа, осмонлару Ер ҳам худди шундай чилпарчин бўлиб кетишини англатди", дейди. Ибн Абу Ҳотим Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан шундай ривоят қилади: "Бани Исроил бир куни Мусо алайҳиссаломдан: "Парвардигоринг ҳам ухлайдими?" деб сўради. Ҳазрати Мусо: "Аллоҳдан қўрқинглар", деди. Шунда Аллоҳ таоло пайғамбарига нидо қилиб: "Эй Мусо, улар сендан Парвардигоринг ухлайдими, деб сўрашди. Бас, икки шиша идишни ол, сўнг уларни кечаси билан тик ҳолда тутиб чиқ", деди. Мусо айтилганидек қилди. Кечанинг учдан бири ўтганида уни уйқу боса бошлади, ҳатто чўккалаб қолди. Сўнг зўрлаб уйқуни ҳайдамоқчи бўлди ва идишларни қўлга олиб турди. Аммо кечанинг учинчи қисмига борганда уйқу зўрлик қили ухлаб қолди ва шишаларни синдириб қўйди. Шунда Аллоҳ таоло: "Эй Мусо, агар Мен ухласам, осмонлар ва Ер мана шундай чилпарчин бўлиб кетади", деди. Шунда Аллоҳ азза ва жалла пайғамбари ҳазрати Муҳаммадга (Ўзининг сифатини келтириб) Курсий оятини туширди".
"Самовоту Ердаги бор нарсалар Уникидир". Осмонлар ва Ердаги, бутун борлиқдаги ҳамма нарса Аллоҳ таолоникидир, Унинг амри ва салтанати остидадир. Жамики мавжудот яна Унинг Ўзига қайтади. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: "Осмонлар ва Ернинг ҳукмронлиги Аллоҳга тегишлидир. Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир" (Оли-Имрон, 189); "Осмонлар ва Ернинг подшоҳлиги Аллоҳга хосдир. Қайтиш ҳам Аллоҳ ҳузуригадир" (Нур, 42).
"Ҳузурида ҳеч ким Унинг изнисиз қўллай олмайди". Бу Аллоҳ таолонинг азамати, кибриёси, буюклиги ва улуғлигидандир. Унинг ҳузурида ҳеч ким бошқа бировни шафоат қила олмайди. Ҳатто суюкли пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом ҳам. Фақат Унинг изни билангина ёрдам беришлари мумкин. Шафоат ҳақидаги ҳадисда бундай дейилган: "Мен Арш остига бориб, ўзимни саждага ташлайман ва шу ҳолатимда Аллоҳ хоҳлаган муддатга қоламан. Сўнг менга: "Бошингни кўтар, гапир – эшитиласан, шафоат қил – шафоатинг қабул қилинади", дейилади. Кейин менга бир чегара белгилаб берилади ва уларни жаннатга олиб кираман". Дунё ҳаётида инсон кимларнингдир оқлови, ёрдами билан муаммо-машаққатларидан қутулиб қолиши мумкин, аммо охиратда она ўз фарзандига, ака инисига, дўст суюкли дўстига, пайғамбар умматига ўзича ёрдам бера олмайди, ҳаммаси буюк Аллоҳнинг изни билан бўлади.
"У уларнинг олдиларидаги ва ортларидаги бор нарсани билади". Аллоҳ таолонинг илми ва ҳикмати ниҳоятда кенг, қамрови улуғдир. Унинг илми махлуқотларнинг ўтмишию келажагини бус-бутун қамраб олган. У ҳамма нарсани кўриб-билиб туради, заррача нарсадан бехабар қолмайди. Бандаларининг ошкора ва пинҳона қилган барча ишлари Унга аён, ҳатто уларнинг хаёлидан ўтган фикрларни ҳам билиб туради. Шундай экан, нега инсонлар бирор сирининг бошқаларга ошкор бўлишидан ниҳоятда қўрқишадию, аммо барча сирлардан ҳамиша хабардор Зот бўлмиш Парвардигорларидан қўрқишмайди, Унга итоатсизлик қилишади?!
"Ва улар Унинг илмидан фақат Ўзи истаган нарсаларнигина биладилар". Агар Аллоҳ билдирмаса, Унинг илмидан ҳеч ким ҳеч нарсани била олмайди. Инсоният тарихи давомида қилинган барча кашфиётлар – уй қуриш, учоқ, машина ва кемаларни ясаш, мураккаб дастгоҳларни ўйлаб топиш – буларнинг бари Аллоҳ берган илму ҳикмат туфайлидир. Одам алайҳиссаломдан бошлаб инсон наслига ҳамма нарсани, ҳатто уларнинг номигача Аллоҳ азза ва жалланинг Ўзи ўргатган. Исҳоқ Нютонга бутун олам тортишиш қонунини, Дмитрий Менделеевга элементлар даврий системасини, Алберт Эйнштейнга нисбийлик назариясини кашф этишга ҳам Аллоҳ таоло берган илм ва иқтидор, заковат, ақл-идрок қўл келган.
"Унинг Курсиси осмонлар ва Ерни ўзида сиғдира олур". Мазкур ояти кариманинг "Курсий" дейилиши ана шу лафзга кўрадир. Ибн Абу Ҳотим Ибн Аббоснинг "Курси"ни "илм" дея тафсир қилганларини айтади. Бундан "Аллоҳнинг илми осмонлар ва Ердан кенгдир, уларни қамраб олгандир", деган маъно чиқади. Баъзилар Курсини Арш, дея таърифлашган. Аммо Арш бошқа, Курси бошқалиги, Арш Курсидан катта экани ҳақида саҳиҳ ҳадислар бор. Айрим уламолар Курсидан мурод Аллоҳнинг салтанати, дейишади. Абу Молик: "Курси Аршнинг тагида ўрнашган", дейди, Суддий эса: "Осмонлар ва Ер Курсининг ичида, Курси эса, Арш олдида туради", деб тушунтиради. Аллоҳнинг Курсиси ана шундай буюк, Унинг Арши Курсидан ҳам буюк, Ўзининг буюклигига эса ҳеч бир мисл, таққос ёки қиёс йўқдир.
"Иккисини ҳимоятида сақлаб туриш Унга оғир келмайди". Аллоҳ таоло шундайин чексиз қудрат эгасики, осмонлару Ерни, ундаги мавжудотларни ҳифзу ҳимоятда ушлаб туриш Унга заррача малоллик, машаққат ёки қийинчилик туғдирмайди. Махлуқотларни ҳалокатга учратиш, Еру осмонларни остин-устин қилиш ёки уларни омонликда тутиб туриш фақат Унинг ихтиёридадир. Ҳамма нарса Унинг ҳузурида хор, ҳақир ва залилдир.
"У энг юксак ва буюкдир!" Аллоҳ таолонинг энг олий, энг буюк экани ҳеч қандай исбот-далил талаб этмайдиган улуғ ҳақиқатдир. Аллоҳнинг буюклиги У яратган мавжудотларда ҳам яққол намоёндир. Кўзга аранг илинадиган энг майда чивин ва ҳашаротларга кўз, қулоқ, оғиз бергани, овқат ҳазм қилиш аъзолари, қон томирлари ва еганини чиқариш учун тешиккача яратиб қўйгани, уларга овқатни қандай топиш, қандай насл қолдириш йўлларигача ўргатиб қўйгани Аллоҳ азза ва жалланинг буюклигига далолат эммасми? Ер юзидаги миллиардлаб махлуқларининг бирортасини эсдан чиқармай барига ризқ бериб қўйгани ҳам Унинг буюклигига далил эмасми?
Мўминлар Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч қандай тангри, илоҳ йўқлигига, жамики оламлар ва махлуқотлар Унинг мулки эканига имон келтиришган. У ҳамиша тирик ва абадийдир. Ҳеч ким бошқаларни Унинг изнисиз шафоат қилиб, қўллай олмайди. У инсонларгача бўлган ва улардан кейин бўладиган нарсаларни ҳам билади, инсонлар эса Унинг Ўзи англатганидан бошқасини била олишмайди. Унинг Курсиси-Арши барча осмонлару ва Ердан ҳам кенгдир.
Курсий ояти ҳақида жуда кўп ҳадиси шарифлар бор: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Оятул Курсий Қуръоннинг тўртдан бирига тенг", деганлар" (Аҳмад ривояти); Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Ким тўшагига ётаётганида Курсий оятини ўқиса, Аллоҳ томонидан унга бир қўриқчи қўйилиб, тонг отгунича унга шайтон яқинлаша олмайди" (Бухорий ривояти).
256. Динда мажбурлаш йўқдир. Ҳақ йўл залолатдан ажраб бўлди. Ким тоғутни инкор этиб, Аллоҳга имон келтирса, у ҳақиқатан ниҳоятда мустаҳкам бир тутқични ушлаган бўлади. Аллоҳ эшитувчи, билувчидир.
Дин ва эътиқодга мажбурлаш мумкин эмас, балки у қаноат ва розилик билан қабул этилади. Аллоҳ таоло бундай огоҳлантирган: "Сиз одамларни мўмин бўлишларига мажбур қиласизми?" (Юнус, 99). "Тоғут" – "Аллоҳнинг йўлидан бошқасига ўтиш, Унинг чизиғидан чиқиш" маъноларини билдиради. Тоғутнинг каттаси шайтондир. Тоғут – шайтон исмларидан бири, кенгроқ маънода «шайтоний йўл», демакдир. Тоғутдан ҳукм сўраш Аллоҳнинг ҳукмига зид, Унинг изнисиз бўлган ҳукмни сўрашдир. Аҳли китоблар ўзларига туширилган китобларга ва кейин нозил қилинган Қуръони каримга имон келтирганлари даъвосида бўлишса ҳам, улар аслида шайтоний йўлни танлашган ва тоғутдан ҳукм сўрашни истаб туришади.
Қуръони карим оятлари орқали Аллоҳ таолонинг тавҳиди бутун инсониятга очиқ-ойдин баён қилинди. Энди кофирлар учун ҳеч қандай узр-баҳона қолмади. Уларни мажбурлаб динга киритишнинг ҳожати йўқ. Ким Исломни қабул қилса, узилмас ва кесилмас нажот арқонини тутган бўлади.
257. Аллоҳ мўминларнинг дўстидир, уларни зулматдан нурга чиқаради. Кофирларнинг улфати эса тоғутлардир, уларни нурдан зулматга чиқаради. Ана шулар дўзахийлардир, улар унда абадий қолажаклар!
Аллоҳ таоло мўминларнинг дўсти бўлгани учун уларни жоҳиллик зулматларидан ҳидоят нурларига чиқарди, Қуръони карим ва сўнгги Пайғамбарининг суннати билан шарафлади. Аллоҳ таолонинг амр-фармонларига амал қилиш билан жоҳил, қабила-қабила бўлиб яшаган кишилар яна Парвардигор шариатини ушлаб, мукаррам инсонларга айланишди. Инсон Аллоҳ юборган нур, яъни Қуръон ва Суннатни маҳкам тутиб, маънавияти кенг, маданияти юксак бўлди. Руҳан қувватга тўлиб, ўзгаларга бўйсунмайдиган ва ўзгалар бўйсундира олмайдиган музаффар миллатга айланди. Кофирларнинг дўстлари эса тоғут-шайтонлардир. Шу боис улар Аллоҳ нуридан бебаҳра қолиб, моддий жиҳатдан қанчалар ривожланмасин, маънавий жиҳатдан қашшоқлигича қолишаверади. Ўзларининг идроксизликлари, имонсизликлари туфайли мукаррамликни қўлдан бой беришади, хорликка юз тутишади. Алал-оқибат дўзахга маҳкум бўлиб, азоб жойида абадий қолиб кетишади.
258. (Эй Муҳаммад), Аллоҳ подшоҳлик бергани сабабли Иброҳим билан Парвардигори ҳақида тортишган кимсани кўрмадингизми? Иброҳим: "Менинг Парвардигорим тирилтиради ва ўлдиради" деганида у: "Мен ҳам тирилтираман ва ўлдираман", деди. Иброҳим: "Аллоҳ қуёшни албатта шарқдан чиқаради, сен уни ғарбдан чиқар-чи!" деди. Шунда кофир довдираб қолди. Аллоҳ золимларни ҳидоятга бошламайди.
Иброҳим алайҳиссалом замонларида подшоҳлик қилган Намруд ибн Канъон ўз салтанатига мағрурланиб, келганларни ўзига сажда қилдирар эди. Иброҳим алайҳиссалом келганларида сажда қилмадилар. Намруд: "Нега менга сажда қилмадинг?" деб сўраганида: "Мен Парвардигоримдан бошқага сажда қилмайман", деб жавоб бердилар. У: "Мен ҳам парвардигорман", деди. Ҳазрати Иброҳим: "Бир томчи сувдан пайдо бўлган инсонни парвардигор санамайман, менинг Парвардигорим ўлдиради ва жон ато қилади", дедилар. Шунда Намруд зиндонда ётган икки маҳбусни олдириб келиб, ҳамманинг олдида бегуноҳини ўлдирди, гуноҳкорини озод қилиб юборгач: "Кўрдингми, мен кимни хоҳласам ўлдираман, кимни хоҳласам омон қолдираман", деди. Кейин ҳазрати Иброҳим подшоҳ агар шунчалик қудратли бўлса, унда Парвардигор шарқдан чиқараётган қуёшни ғарбдан чиқаришни буюрдилар. Кофир подшоҳ бунга қодир бўлмагани учун довдираб, саросимага тушиб шармандаси чиқди.
259. Ёки таг-туги билан вайрон бўлган қишлоқдан ўтаётганни кўрмадингизми? У: "Аллоҳ бу харобани қандай жонлантираркин?" деди. Шунда Аллоҳ уни юз йилга ўлдирди, сўнг тирилтириб: "Қанча ётдинг?" деди. У: "Бир кун ё ундан ҳам озроқ ётдим", деди. "Йўқ, юз йил ётдинг, таом ва ичимлигингга қара, бузилмаган, энди эшагингни кўр. Бу сени одамларга ибрат қилиш учун. Суякларни қандай тиклаб, уларга гўшт қоплашимизни кўр", деди. Булар аниқ бўлгач: "Аллоҳ ҳамма нарсага қодирлигини билдим", деди.
Бу воқеа Узайр алайҳиссалом билан содир бўлган эди. Аллоҳ таоло Ўз қудратини кўрсатиш учун унинг жонини олди ва эшагини ҳам ўлдирди. Кейин юз йил ўтказиб тирилтирди. Узайр алайҳиссалом анжир ва шароби бузилмай турганини, лекин миниб келган эшаги ўлиб, чириб кетганини кўрди. Аллоҳ таоло Узайр алайҳиссалом кўз ўнгида эшагига жон ато этди, уни миниб янги тикланган шаҳарга кирди. Бу воқеани кўриб, ҳамма ҳайратда қолди. Узайрнинг ўзида ҳам мушоҳада илми пайдо бўлиб, Аллоҳ таолонинг ҳамма нарсага қодирлигига яна бир бор имон келтирди.
260. Иброҳим: "Эй Парвардигорим, ўликларни қандай тирилтиришингни кўрсат!" деганида, У: "Ишонмадингми?" деганини эсланг. У: "Ишондим, лекин дилим хотиржам бўлиши учун", деди. Аллоҳ: "Тўртта қушни олдингга тўпла-да, уларни бўлаклаб, ҳар бўлагини турли тоғларга жойла, кейин уларни чақирсанг, тезда олдингга келишади ва билки, Аллоҳ албатта қудратли ва ҳикматлидир", деди.
Ҳазрати Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳ таоло ҳукми билан тўрт парранда (товуқ, қарға, товус ва кабутар) олиб келгач, уларни боқиб ўзларига ўргатдилар. Паррандалар ҳам у зотни таниб қолишди, қачон чақирсалар чопиб келишарди. Кейин ҳаммасини сўйиб, бир тоғ устига қушларнинг бошини, бошқасига танасини, яна бир тоққа оёқларини ташлаб келдилар. Ўзлари ўртада туриб, паррандалардан бирини чақирдилар. Унинг боши учиб келиб, ҳавода турди, кейин тани келиб қўшилди, сўнг қаноти ва оёқлари келиб бирикди, олдиларига югуриб келди. Қушларнинг қолган учтаси ҳам шу тарзда тирилиб келишди.
261. Молларини Аллоҳ йўлида сарфлайдиганларнинг мисоли биргина дондан етти бошоқ чиқиб, ҳар бирида юзтадан дон бўлгани кабидир. Аллоҳ хоҳлаганига кўпайтириб беради. Аллоҳ кенг қамровли ва билувчидир.
Ҳар бир амал чин ихлос, комил имон билан бажарилса, "биров кўрсин ёки эшитсин" каби ёки бошқа ғаразлардан холи бўлса, бундан фақат Аллоҳ таоло розилиги кўзланса, фақат Унга қуллик юзасидан адо этилса, бир яхшилик етти юз баробар кўпайтирилиб, банданинг амаллар дафтарига ёзилади. Аллоҳ таоло бу ваъдасини жуда чиройли мисол воситасида баён этмоқда. Яъни, ерга экилган бир дона буғдой дони униб чиққач, ундан етти бошоқ пайдо бўлишини, ҳар бошоқда камида юзтадан дон бўлишини ҳар бир деҳқон яхши билади. Биздаги баъзи омилкорлар бир бошоқдан етмиштагача дон олишгани билан фахрланишса-да, Мисрнинг Нил дарёси қуйи соҳиллари иқлимига мослаштирилган айрим буғдой навларининг битта бошоғида бир юз қирқтагача дон бўлади. Ўрдун давлатининг Аждун минтақасида қадимги ёдгорлик харобаларида топилган буғдой доналари тажриба учун экилганида ҳар бир дондан йигирматагача поя ўсиб чиққан, ҳар пояда бештадан-еттитагача бошоқ етилган, ҳар бошоқда эса камида икки юзтагача дон бўлган. Ҳатто баъзи бошоқлардаги дон миқдори етти юзтагача етган. Ана шу мисолдан ҳам кўриниб турибдики, банда қилган яхшилик ва эҳсонлар мукофотини Аллоҳ худди битта донни шунчага кўпайтириб қўйгани каби бир неча баробар зиёдаси билан беради.
262. Молларини Аллоҳ йўлида сарфлаб, сўнг харжлаганлари ортидан миннат ва азият етказмайдиганларнинг мукофоти Парвардигорлари ҳузуридадир. Улар қўрқув ва ғам нималигини билишмайди.
Мол-мулкидан Аллоҳ розилиги йўлида, Парвардигори амр қилган ишларга сафлайдиган, аммо бунинг орқасидан ҳеч қандай миннат ва азият етказмайдиган олийҳиммат, саҳоватпеша, холис кишиларни охиратда Аллоҳ таолонинг улуғ мукофотлари, жаннатнинг соя-салқин боғлари, ундаги мангу роҳат-фароғат тўла бахтли ҳаёт кутмоқда. Ҳамма қиёмат куни унинг қўрқуви ва ҳисоб-китоб ваҳимасидан даҳшатга тушиб, лол қолган бир пайтда улар қўрқинч, ғам-ташвиш нималигини билмай чиройли оқибатдан умидвор ҳолда туришади.
263. Яхши гап ва кечириш эса ортидан озор келадиган садақадан яхшироқ. Аллоҳ беҳожат ва ҳалимдир.
Аллоҳ йўлида сарф қилинадиган мол ё нарса риёсиз, холис берилса, оз ёки кўплигига қарамай, у Аллоҳнинг улуғ мукофотларига сабаб бўлади. Лекин эҳсон қилгач, ортидан миннатни кўпайтириб, мусулмонга озор етказиш ярамайди. Бир нарса бериб, миннат билан озор етказишдан яхши гапириш, чиройли сўз билан ғарибнинг кўнглини кўтариш савобдир. Гадонинг бадхулқлигини кечириш яхшироқдир. Миннат ва азият билан эҳсон қилувчиларга, эҳсонларига риё аралаштирганларга қиёмат куни ҳеч қандай мукофот ва савоб йўқ, аксинча риё ва миннатлари учун азобланишади.
264. Эй имон келтирганлар, молини одамларга кўз-кўз қилиш учун сарфлайдиган, Аллоҳга ва қиёмат кунига имон келтирмайдиганларга ўхшаб садақаларингизни миннат ва озор билан йўққа чиқарманглар. Улар худди устини тупроқ босган, аммо жала қуйиши билан яланғочланиб қолган силлиқ тошга ўхшашади. Улар топганларидан ҳеч нарсага эга бўлишмайди ва Аллоҳ кофирларни ҳидоятга йўлламайди.
Яъни, риёкор риё қилгани сабабли инфоқ-эҳсонларини йўққа чиқаргани каби сизлар ҳам миннат ва озорлар билан қилган садақотларингиз мукофотидан маҳрум бўлиб қолманг, дейилмоқда. Бу оятни Калбий: "Қилган садақасини Аллоҳга миннат қилиш ва олган одамга озор бериш билан" деб тафсир қилган. Ушбу ояти каримада миннат билан садақа қилган кимса худди устидаги тупроқ битта ёмғир билан ювилиб кетган силлиқ тошга ўхшатилмоқда. Ҳадислардан бирида: "Қиёмат куни Аллоҳ таоло уч тоифага – ота-онасига оқ бўлган, хамрга муккасидан кетган ва берган нарсасини миннат қилган одамга қарамайди", дейилган (Насоий, Баззор ривояти). Худди шу каби риё билан, одамларга кўз-кўз қилиш, улар мақташи учун садақа-эҳсон қилиш ҳам динимизда қаттиқ қораланган ишлардан, Пайғамбар алайҳиссалом ҳатто уни кичик ширкка тенглаганлар. Ҳақиқатан, мол-дунёни Аллоҳ таоло берсаю ундан озгинасини Аллоҳнинг Ўзи буюргани учун бошқаларга садақа қилган кишининг миннат ва риё қилиши ҳеч ақлга сиғмайдиган ишдир. Пайғамбар алайҳиссаломнинг бундай ҳадислари бор: "Ким одамлар эшитсин деса, Аллоҳ эшиттириб қўяди ва кўрсин деса, Аллоҳ кўрсатиб қўяди" (Бухорий ва Муслим ривояти). Баъзи ҳукмолар бундай дейишган: "Риё ва сумъа (одамлар эшитиши) учун амал қилган кимса ҳамёнини тошлар билан тўлдириб олган одамга ўхшайди. У бозорга бир нарса сотиб олиш учун кириб, сотувчининг олдида ҳамёнини очса, ичи тўла тош бўлади ва сотувчи тошларни унинг юзига отади. Унга одамларнинг: "ҳамёни жуда тўла эканми?" деган сўзларидан бошқа ҳеч қандай манфаат ҳам йўқ ва унга ҳеч вақо берилмайди ҳам". Қатода розияллоҳу анҳу бундай деган: "Аллоҳ: "(Риёкор) бандам Мени қандай масхара қилаётганини қаранглар", дейди".
265. Молларини Аллоҳ розилигини топиш ва дилларидаги ишончни мустаҳкамлаш учун сарфлайдиганлар жала ёғса, меваси икки баравар кўпаядиган адирдаги боққа ўхшашади. Агар жала бўлмаса, шивалаб ёққан ёмғирга яраша (ҳосил) бўлаверади. Аллоҳ қилмишларингизни албатта кўриб туради.
Олдинги оятда миннат ва риё билан қилинган эҳсон худди устидаги тупроқни жала суви ювиб кетган силлиқ тошга ўхшатилган бўлса, кейинги оятда молларини Аллоҳ розилигини топиш, имонларини мустаҳкамлаш учун сарф қиладиганлар худди серҳосил боққа қиёсланмоқда. Риёкор ва миннатчи кимсаларнинг эҳсони худди битта жала билан ювилиб, йўқ бўлиб кетган тупроқ каби бўлса, олийҳиммат, сахий кишиларнинг эҳсони худди жаладан меваси ҳосили икки баравар кўпайган адирдаги боғ кабидир. Аллоҳ бандаларининг ҳар бир амалини, нима ниятда эҳсон қилаётганларини жуда яхши кўриб-билиб туради.
266. Бирор киши остидан анҳорлар оқиб турувчи хурмозор ва узумзори, турли мевалар мўл-кўл боғи бўлсаю, ўзи кексайиб, нотавон зурриёдлар билан қолганида боғига олов сели ёғилиб, ёниб битишини хоҳлайдими? Тафаккур қилармикинсизлар, деб Аллоҳ оятларини шундай баён этади.
Хайр-эҳсон мевали бир боққа ўхшайди: унинг меваси қиёматда, ниҳоятда муҳтож бўлиб турилган пайтда тановул қилинади. Агар эҳсон Аллоҳ таоло розилиги учун қилинган бўлса, банда ниятига мувофиқ ундан фойдаланади. Агар халқ кўрсинга ва мақтаниш учун қилинган бўлса, у олов селида тамоман куйиб кетган боққа ўхшаб, эҳсон эгасига ҳеч қандай манфаат, савоб келтирмайди.
267. Эй имон келтирганлар, касб билан топганингизнинг покизасидан ва сизларга ердан чиқариб берганларимизнинг яхшисидан эҳсон қилинглар. Эҳсон учун ўзингиз ҳам жирканиб, олмайдиган ёмонларини танламанглар ва билингларки, Аллоҳ албатта беҳожат ва мақтовга лойиқдир.
"Эҳсон" банданинг ҳалол йўл билан топган барча мол-мулкидан Аллоҳ йўлида, У белгилаган мақсадларда сарфлаши, камбағал-фақирларга ва муҳтожларга садақа қилиши маъноларини англатади. У, шунингдек, Аллоҳ розилигини топиш йўлида қилинган барча яхшиликлар маъносини ҳам билдиради. Баъзи кишилар закот ёки садақа берадиган бўлсалар, сифатли ва яхши молларидан эмас, балки нуқсонли ва паст навли нарсаларидан берадилар. Ваҳоланки, ўша нарсалар ўзларига берилса, олмаган ёки ноиложликдан олган бўлур эдилар. Бу ояти кариманинг нозил бўлишига баъзи мусулмонларнинг ўша даврда закотга бериш учун энг паст навли хурмоларни ажратганлари сабаб бўлган.
Аллоҳнинг ғанийлиги, яъни бой ва беҳожат экани тўғрисида қайд этилишининг сабаби Унинг бутун борлиқ ва мулкка эга экани ҳамда одамларнинг берадиган эҳсон ва садақаларига мутлақо муҳтож эмаслиги, балки қилинадиган хайр-эҳсонлар ва закоту ушрлар бандалардан олиниб, яна уларнинг муҳтожларига берилишидир. Аллоҳ таоло Билимли эканини эслатишидан мурод бандаларига буюрган ёки уларга тақиқлаган ишларини У билим ва ҳикмат асосида қилишини, бирор ишни беҳуда ёки бесабаб қилмаслигини эслатишдан иборатдир. Қуръони каримда Аллоҳ таоло ўзининг зотий ва феълий сифатларидан муносиб ўринларда битта, иккита ва ундан ортиқ зикр этиши илмий аҳамиятга эгадир.
268. Шайтон сизларга фақирлик ваъда қилади ва фаҳш ишларга буюради. Аллоҳ сизларга Ўз мағфирати ҳамда фазлини ваъда қилади ва Аллоҳ кенг қамровли, билувчидир.
Шайтон инсонларни ҳамиша қўрқитишга уринади, келгусида камбағал бўлиб қолиш билан ваҳимага солади, буларни сабаб қилиб кўрсатиб ҳар хил бузуқ йўлларга бошлайди. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло бирор бандасини ризқсиз қолдирмайди, гуноҳ қилса мағфиратидан ноумид қилмайди, ҳар ишда фазлидан баҳраманд этади. Замонамиз донишмандларидан Оиз Қараний "Ўкинма" китобида бундай ёзади: "Эрталик куни етиб келмаган экан, нега биз нафсларимизни у билан машғул қилишимиз керак? Нега унинг мусибатларидан хавфга тушамиз, унга эътибор қаратамиз? Ахир биз келажакнинг яхшилигига йўлиқамизми ё ёмонига, буни билмаймиз-ку!... Келажак ҳақида фикр юритиб, ғайб китобини очишга, сўнгра унинг ташвишларига ўралашиб юришга зеҳн-идрокларимизни машғул қилиш шаръан ман этилган. Бу оламда келажакда очлик, яланғочлик, фақирлик, мусибатларни кутиб яшаётганлар оз эмас, буларнинг барчаси шайтон мактабининг сабоқларидир". Шунинг учун Аллоҳ таоло шайтоннинг асосий қуроли бўлган фақирлик билан қўрқитиш ва фаҳш ишлар, зино-бузуқликлардан мусулмонлар ҳамиша четда бўлишлари лозим. Чунки Аллоҳдан қўрқиб бундай ярамасликлардан тийилганларга Парвардигор Ўз мағфирати ва фазлини ваъда қилган.
269. У хоҳлаганига ҳикмат беради, кимга ҳикмат берилган бўлса, унга кўп яхшиликлар берилганидир. Бундан фақат оқилларгина ибрат олишади.
"Ҳикмат" луғатда "нарса ва ҳодисаларнинг энг афзал жаҳатларини англаш-тушуниш, ҳар бир ишни энг дақиқ, нозик жойларигача билиб, уни мукаммал тарзда бажариш" маъносини билдиради. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: "Ҳикмат Қуръони карим оятларининг носих ва мансух, муҳкам ва муташобиҳларини, уларнинг тартибини, ҳалол ва ҳаром нарсалар ҳукми ҳамда мисолларни билишдир". Бошқа бир ривоятда нақл қилинишича, Ибн Аббос: "Ҳикмат Қуръондир", деган. Мужоҳид айтади: "Ҳикмат айтаётган гапни нишонга теккизишдир, пайғамбарлик эмас, лекин у илм, фиқҳ ва Қуръондир". Абул Олия ҳикматга қуйидагича таъриф берган: "Ҳикмат Аллоҳдан қўрқишдир, чунки Аллоҳдан қўрқиш ҳар бир ҳикматнинг боши саналади". Наҳаъий: "Ҳикмат фаҳм, англаш ва тушуниб етишдир", деса, Зайд ибн Аслам: "Ҳикмат ақлдир", деб таърифлаган. Луқмон сурасининг 12-оятида Аллоҳ таоло: "Аниқки, Биз Луқмонга ҳикмат ато этдик", деган. Ушбу оятдаги "ҳикмат" сўзини уламолар Исломда фақиҳ бўлиш, фаҳм, илм ва таъбир, дея тафсир қилишган. Ривоят қилинишича, ҳазрати Луқмон пайғамбар бўлмаган, унга ваҳий ҳам келмаган, у сукутли, тафаккурли, теран ва чуқур мулоҳазали киши бўлган, бирор гап айтса, уни албатта ҳикмат билан айтарди.
Ушбу ояти карим хабар беряптики, Аллоҳ таоло Ўзи хоҳлаган бандасига ҳикмат ато этади, яъни унга илм-маърифат. ақл-идрок ва ўткир зеҳн беради. Аммо ҳикматга эришиш банданинг ўзига ҳам боғлиқ. Агар банда Аллоҳга чин имон билан бўйсуниб, қалбини турли маънавий иллатлардан, шайтоний васвасалардан покласа, бундай банданинг қалбига ҳикмат ёғилади. Аммо фосиқ ва итоатсиз кимсаларга асло ҳикмат берилмайди. Берилган тақдирда ҳам билган ҳикматлари ўзига фойда келтирмайди ёки фақат дунё ҳаётидагина манфаат келтиради, охиратига хизмат қилмайди. Шу боис, бир бандага ҳикмат берилгани унга кўп яхшиликлар ато этилганидир. Ҳикмат, яъни динни тушунишда фаҳм-фаросат берилганлар эҳсон қилишса, фақат Аллоҳ йўлида, У буюрган мақсадларни ният қилиб молларини сарфлашади. Бу уларга кўп яхшиликлар қилинаётгани белгисидир, бундай саодатманд кишилар ўзларига қиёматда асқотадиган фойдали ишларни билиб қилишади, зарарли, шайтоний ишлардан қочишади.
270. Қилган нафақа ва садақаларингизни Аллоҳ албатта билади ва золимлар учун ҳеч қандай ёрдам йўқдир.
Банда бирор яхшиликни, хусусан садақа ва нафақа беришни одамлар кўрсин учун ёки кимларгадир ёқиш учун эмас, фақат Парвардигор розилигини истаб қилиши керак. Инсонларнинг ҳар бир амалини, қилмишини уларни яратган Холиқ кўриб-билиб туради. Ушбу ояти карима орқали Аллоҳ таоло қилинган барча гуноҳларнинг садақа билан кечирилишидан бандаларини умидвор қилмоқда. Бу ояти каримада жазо ваъдаси ва огоҳлантириш бор.
Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Одамлар: «Эй Аллоҳнинг Расули, бадавлат кишилар ажр олишда ўзиб кетишди. Улар ҳам биз ўқигандек намоз ўқишади ва биз тутгандек рўза тутишади ва (камига) эҳтиёжларидан ортиқча молларини садақа ҳам қилишади», дейишганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ сизларга ҳам садақа қиладиган нарсаларни бермадими? Албатта ҳар бир тасбеҳингиз садақа, ҳар бир такбирингиз садақа, ҳар бир ҳамдингиз садақа, ҳар бир таҳлилингиз садақа. Яхшиликка буюришингиз садақа, ёмонликдан қайтаришингиз садақа. Аёлингиз билан шаръий қовушишингиз ҳам садақа», дедилар. Шунда саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг Расули, бизлар шаҳватимизни қондирсак ҳам савоб бўладими?» дейишганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ўша шаҳват ҳаром йўл билан қондирилса гуноҳ бўладими? Шу сингари ҳалол йўл билан қондирса савоб бўлади-да», дедилар (Муслим ривояти).
Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуёш чиқадиган ҳар бир кунда кишининг ҳар бир бўғимига садақа лозим. Икки кишининг орасини ислоҳ этиш ҳам садақадир. Уловига чиқаётганда ёрдамлашиб юборилса ёки юки юклашиб берилса, бу ҳам садақадир. Мулойим сўз ҳам садақадир. Намозга юриб борилган ҳар бир қадам ҳам садақадир. Йўлдан азият берувчи нарсаларни олиб ташлаш ҳам садақадир», деганлар (Бухорий ва Муслим ривояти).
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир мусулмонга садақа лозим» деганларида саҳобалар: «Агар уни топа олмаса-чи?» дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қўли билан ишлаб топиб ўзи ҳам фойдаланади ва садақа ҳам қилади», дедилар. «Агар бунга ҳам қодир бўлмаса-чи?» дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бечораҳол муҳтожга ёрдам берсин», дедилар. «Агар бунга ҳам қодир бўлмаса-чи?» дейишганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Яхшиликка буюрсин», дедилар. «Агар буни ҳам қила олмаса-чи?» дейишганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ёмонликдан ўзини тийсин, шундай қилиши ҳам садақадир», дедилар (Бухорий ва Муслим ривояти).
271. Садақаларингизни ошкора берганингиз яхши, агар уни камбағалларга яширинча берсангиз ўзларингизга янада яхшидир, бу гуноҳларингизни ювади. Аллоҳ барча қилмишларингиздан хабардордир.
Айрим муфассирлар мазкур оятда зикр қилинган садақалардан мурод, фарз садақа (яъни закот) деган бўлишса, бошқалари нафл садақадир, дейишган. Яна бир тоифа муфассирлар: "садақаларингизни ошкора берганингиз" жумласида фарз садақа, "агар уни камбағалларга яширинча берсангиз" жумласида нафл садақа тушунилади, дейишган. Агар кўнглида риё, яъни одамлар кўрсин деган ният бўлмаса, эҳсон ё садақа қилувчилар уни ошкора беришса ҳам бўлади, чунки уни кўриб бошқаларда ҳам бунга рағбат ва қизиқиш пайдо бўлиши мумкин. Лекин махфий (яширин) берилгани ҳам яхши, садақа олувчи бошқалар олдида хижолат бўлмайди. Ҳар икки ҳолатда ҳам фақир-камбағалларни билиб бериш керак. Ана шундай холис қилинган эҳсон-садақалар худди совун кирни тозалаганидек банданинг гуноҳларини кетказиб, каффорат бўлади. Ҳуд сурасининг 114-оятида: "Албатта савоб ишлар гуноҳларни кетказади", дея марҳамат қилинган. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо бу оят ҳақида бундай деган: "Аллоҳ таоло кўрсатмай бериладиган нафл садақанинг савобини кўрсатиб бериладиган нафл садақа савобидан етмиш баробар ортиқ қилган, кўрсатиб бериладиган фарз садақанинг савобини кўрсатмай бериладиган фарз садақа савобидан йигирма беш маротаба ортиқ қилган, барча фарз ва нафл ибодатларда шундайдир". Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан шундай ҳадис бор: "Кўрсатмай берилган садақа Парвардигорнинг қаҳрини пасайтиради" (Табароний ривояти). Оят зоҳиридан садақаларнинг барча турларини ошкора ёки пинҳона беришнинг жоизлиги, аммо пинҳона садақанинг афзаллиги маълум бўлади. Лекин баъзи уламолар фарз ёки вожиб қилинган садақалар, яъни закот, хирож, ушр, фитр садақаси ва каффоратларни ошкора берган афзал, ихтиёрий нафл садақаларни эса пинҳона берилгани яхшидир, дейдилар. Зеро, вожиб садақалар пинҳона берилса, одамларда закот бермайди, деган шубҳалар туғилиши мумкин. Аммо нафл садақалар ҳам баъзида бошқалар кўриб ўрнак олсин, деган ният билан ошкора берилгани яхшидир.
272. (Эй Муҳаммад), уларнинг ҳидояти зиммангизда эмас, лекин Аллоҳ кимни хоҳласа, ҳидоятга йўллайди. Қилган эҳсонларингиз ўз фойдангизгадир. Фақат Аллоҳ розилигини топиш учун эҳсон қилинг, шунда яхшиликларингиз сизга зулм қилинмай тўлалигича қайтарилади.
Яъни, эй Пайғамбар, одамларни ҳидоятга йўллаш зиммангиздаги вазифангиз эмас, сиз уларга Менинг амрларимни етказувчидирсиз. Пайғамбарнинг вазифаси ўз умматини ҳидоят йўлига далолат қилишдир. Аммо уни қабул қилиш ёки қилмаслик ҳар бир инсоннинг ихтиёридаги ишдир. Аллоҳ таоло ўз фазлу карами билан хоҳлаган бандасини ҳидоятга мушарраф этиши ҳам мумкин. Аксинча, ўз ҳолига қўйиб, залолатдан қутқармаслиги ҳам мумкин. У ҳеч кимни залолат йўлига ёки гуноҳ ишларни қилишга мажбур этмайди. Кейин ким муҳтожларга эҳсон қилса, бу унинг ўз фойдасигадир, охиратда бунинг эвазига Аллоҳ таоло розилигини топади ва улкан ажр-савобларга эришади. Бу тоифа кишилар ҳамма инсонлар нажот ахтариб зир югураётган қиёмат кунларида қилган яхшиликлари эвазига Аллоҳ таолонинг улкан фазлига мушарраф бўлишади.
273. Хайр-эҳсонлар ўзларини Аллоҳ йўлига батамом бағишлаб, тирикчилик йўлида сафар қилолмайдиган камбағалларгадир. Иффатлари сабабли билмаганлар уларни бой деб ўйлашади. Уларни сиймоларидан, хиралик билан тиланмасликларидан танийсиз. Қилган яхшилик ва эҳсонларингизни Аллоҳ албатта билади.
Ҳақиқатда хайр-эҳсонлар ўзини Аллоҳ таоло йўлига (дин ёйиш, Ислом давлатини ҳимоя қилиш, одамларга илм-маърифат тарқатиш каби ишларга) тўла бағишлаган, шунинг учун ер юзида савдо, деҳқончилик ё касб-ҳунар орқали тирикчилигини ўтказишга қодир бўлмаган камбағал ва муҳтожларга берилади. Масалан, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом хизматларида "суффа аҳли" деб ном олган, илм таҳсили билан машғул бўлган ва Ислом дини ҳимояси учун тайёр кишилар бўлишган. Тушунмаган кимсалар уларни бой деб ўйлашарди, лекин ҳолатлари сиймоларидан маълум эди. Улар очликдан силлалари қуриб қолганида ҳам бировдан бир нарса тиланишмас, иффатлари кучли эди. Замонамизда ҳам Қуръони каримни ёд олаётган, дин илми таҳсили билан машғул, бирор касб билан шуғулланишга имкон тополмаётган муҳтож кишиларга ҳам бу ҳукм татбиқ этилиб, улар ҳолидан хабар олиб турилади, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилади.
274. Молларини Аллоҳ йўлида кечаю кундуз, яширину ошкора эҳсон қиладиганларнинг мукофоти Парвардигорлари ҳузуридадир. Улар қўрқув ва ғам нималигини билишмайди.
Абдуллоҳ ибн Аббосдан ривоят қилинишича, ушбу ояти карима ҳазрати Алий каррамаллоҳу важҳаҳу ҳақларида тушган. У киши қўлларига тушган тўрт танганинг бирини кечқурун, бирини кундузи, яна бирини махфий ва бошқасини ошкора Аллоҳ йўлида эҳсон қилар эканлар. Бундай зотлардан ибрат олиб, топган мол-дунёсидан Аллоҳ розилиги йўлида, Парвардигор буюрган ўринларга ҳамиша, яширин ва ошкора эҳсон қиладиган саховатпеша кишиларга Аллоҳ таоло ҳузурида кўз кўриб, қулоқ эшитмаган мукофотлар, савоблар бор. Улар қиёмат куни ҳамма довдираб, даҳшат ичра турганида қўрқув ва ғам нималигини билмай хотиржам туришади.
275. Фоиз ейдиганлар гўё шайтон ўраб олиб ҳушидан кетказгандек мажнунсифат туришади. Бундай бўлишлари "тижорат ҳам фоизга ўхшаш-ку" деганлари учундир. Ҳолбуки, Аллоҳ тижоратни ҳалол, судхўрликни ҳаром қилган. Ким Парвардигори насиҳати келиши билан тўхтатса, унинг аввалги ишлари Аллоҳга ҳавола, ким яна судхўрликка қайтса, ана шулар дўзахийлардир ва унда абадий қолишади.
Форсчадаги "суд", арабчадаги "рибо" сўзлари тилимизда "кўпайди, зиёда бўлди, фоиз" маъноларини англатади. Масалан, бир кишига юз сўм пул ёки шу миқдордаги молни қарзга берган киши унинг беш-ўн сўм ортиғи билан қайтарилишини талаб қилса, бу фоиз олиш, яъни судхўрлик бўлади. Давлатлар ва халқлар тарихини ўрганган киши рибохўрларнинг инқирозга учраши, бой ширкат ва банкларнинг бирданига синиши, қарзга ботишлар, иқтисодиётнинг издан чиқиши, ишсизликнинг болалаб кетиши, молнинг касодга учраши, пулнинг қадрсизланиши, қилинаётган оғир меҳнатлару жуда катта маблағларнинг ўша тубсиз фоизларнигина тўлашга кетиши, улкан бойликларнинг бир ҳовуч кимсалар қўлига ўтиб қолиши каби оғир иллатлар рибо (судхўрлик) касофати эканини яхши билади. Бугун Ғарб дунёсида кечаётган оғир иқтисодий бўҳрон ҳам фикримизни тўла исботлайди. Қанча-қанча бой-бадавлат кишиларнинг, катта савдогарларнинг судхўрлик сабабидан бир кечада синганларига воқеълик яхши далилдир. Муфассирларнинг ёзишича, қарз берганда устига фоизи билан қайтаришни талаб қиладиган судхўрлар (рибохўрлар) қиёмат куни худди жин чалиб, ақлдан озган кишилар каби қабрдан туришар экан. Уларнинг бу ҳолатга тушишларига "Тижорат ҳам рибога ўхшаш фойда келтиради, шундай бўлгач, рибо ҳам ҳалол-да" дейишгани сабаб бўлади. Ваҳоланки, тижоратдаги фойдани қўлга киритиш учун савдогар анча меҳнат қилади, азият кўради, молидан ажраб қолиш ёки зарар кўриш хавфи ҳам бор. Судхўр эса ҳеч қандай куч ва маблағ сарфламай, хавфга учрамай маблағини кўпайтиради. Шунинг учун Аллоҳ таоло тижоратни ҳалол, судхўрликни ҳаром қилган. Судхўрлар бошда ниҳоятда катта фойда кўраётганга ўхшаб кўринишса-да, оқибати улар учун аянчли бўлади: Аллоҳ таоло уларнинг ҳаром йўл билан топган мол-мулкини йўқ қилади, ўзлари абадий қолинадиган дўзахга тушишади. Аллоҳ таоло судхўрликнинг ниҳоятда оғир гуноҳ эканини Қуръони каримнинг бошқа бир қанча сураларида ҳам зикр этган.
276. Аллоҳ фоизнинг баракасини йўқ қилади, садақаларникини кўпайтиради ва Аллоҳ ҳеч бир кофир, гуноҳкорни яхши кўрмайди.
Рибода, яъни фоиз эвазига маблағни кўпайтиришда барака бўлмайди. Бошда қоплаб пуо топилса-да, Аллоҳ таоло рибони ҳаром қилгани учун унинг баракасини кетказиб қўяди. Пайғамбар алайҳиссалом: "Рибода (мол) кўпайса ҳам, оқибати камлик бўлади", деганлар. Рибо фоизининг оз ёки кўп бўлиши билан белгиланмайди, унинг ози ҳам, кўпи ҳам ҳаромдир. Рибохўр (судхўр) киши қиёматда қабридан худди жин чалгандай талмовсираб, алахсираб туради. Аксинча ҳалол қилинган садақа ва закотларнинг баракасини Аллоҳ таоло кўпайтириб қўяди. Аллоҳ азза ва жалла кофир, гуноҳкор, рибохўр кимсаларни асло яхши кўрмайди.
277. Имон келтирган, яхши амаллар қилган, намозини адо этиб, закотни берганларнинг мукофоти Парвардигорлари ҳузуридадир. Улар қўрқув ва ғам нималигини билишмайди.
Аллоҳ таолога, пайғамбарларига, фаришталари ва китобларига, ўлгандан кейин тирилтиришига имон келтириб, дунё ҳаётида солиҳ, яхши амалларни қилиб ўтган зотлар учун Аллоҳ таоло Ўз ҳузурида кўз кўриб, қулоқ эшитмаган мукофотларни тайёрлаб қўйган. Чунки улар ана шу имонлари ва тақволари туфайли Аллоҳ таолонинг амр-фармонларини сўзсиз бажаришган, унга ҳамиша тоатда бўлишган эди. Улар намозларини вақтида, барча рукнларига риоя қилиб тўкис адо этишган, Аллоҳ фарз қилган закотни ҳақдорларга беришган эди. Мана энди имонсиз, осий бандалар қўрқув ва даҳшат, саросима ва ваҳималар ичра ҳайрон бўлиб турганида улар қўрқув ҳамда ғам-ташвиш нималигини билмай, хотиржам туришибди. Аллоҳга тоатда ва ибодатда ўтганлар учун бундан ортиқ шараф ва бундан-да афзал мукофот бўлиши мумкинми? Аллоҳ таоло ваъда қилганидай: "Чиройли амал қилган зотлар учун гўзал оқибат ва зиёда (неъматлар) бордир" (Юнус, 26).
278. Эй имон келтирганлар, Аллоҳдан қўрқинглар ва агар имонли бўлсанглар, фоизнинг сарқитини ҳам тарк қилинглар.
Муфассирлар ушбу оят Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу ҳақида тушганини келтиришади. Тоиф халқи мусулмон бўлганида у отасининг васиятига кўра Сақиф қабиласидан отаси олиши керак бўлган рибо (фоиз) ҳақида Расулуллоҳ алайҳиссалом билан гаплашди, чунки фоиз олишни отаси васият қилган эди. Ибн Исҳоқ айтади: "Илм аҳлларидан баъзиларининг айтишича, Холиднинг рибони талаб қилиши ортидан ушбу оятлар инсонлар қўлида қолиб кетган фоизларни сўраш ҳаром қилинганини билдириш учун тушган". Яъни, мўмин киши Аллоҳдан қўрққани учун Парвардигори тақиқлаган гуноҳ ишларга яқинлашмайди, Унинг розилигини топиш учун рибонинг энг кичик кўринишларидан ҳам ўзини тортади. Рибога олиб борувчи барча ишларни тарк этади. Саҳоба Жобир розияллоҳу анҳу ривоят қилади: "Пайғамбар алайҳиссалом рибо еювчини ҳам, едирувчини ҳам, уни ёзиб борувчи ва бунга гувоҳ бўлганларнинг барини лаънатладилар ва "улар тенгдирлар", дедилар". Шунга биноан, судхўрликни қайд этишда, олиш-беришда, сақлашда, умуман қай тарзда бўлса ҳам унга кўмаклашиш ҳаром бўлади. Чунки Аллоҳ таоло мўмин бандаларини фоизнинг ҳатто сарқитидан ҳам узоқда бўлишга чақирмоқда.
279. Мабодо бундай қилмасангиз, Аллоҳ ва Унинг Расулидан уруш очилади. Тавба қилсангиз, сармоянгиз ўзингизда қолади. Золим бўлмасангиз, сизларга ҳам зулм қилинмайди.
Судхўрлик туфайли гуноҳга йўл қўйган киши тавба қилса, Аллоҳ таоло авф этади, бунга юқоридаги ояти карима далилдир. Мўмин киши қилган гуноҳларидан нафратланиши, уларнинг қабиҳлигини қалбдан ҳис этиши лозим. Бошда билмай рибо аралашган жойларга мол-давлатини қўйган ёки риболи ишларга аралашиб қолганлар эса Аллоҳга истиғфор айтишлари, пулни кўпайтирадиган бошқа ҳалол ва баракали йўлларни излашлари керак. Чунки Аллоҳ азза ва жалла покдир, фақат пок нарсаларнигина қабул қилади. Мусулмонман, деган кишининг қай йўсинда бўлишидан қатъи назар – еб-ичишми, кийинишми, уй-жойли бўлишми, машина сотиб олишми, оиласини ёки ота-онасини боқишми, закот чиқаришу жарималар тўлашми – барибир рибодан фойдаланиши тўғри эмас.
280. Агар қарздорнинг қўли қисқа бўлса, бойигунича муҳлат беринглар. Билсангиз, садақа қилишингиз ўзингизга яхшидир.
Бордию қарз олган одам қўли қисқалик қилиб қолиб, вақтида қарзини узолмай қолса, унинг қўлига пул-мол келгунича муҳлат бериб кутиш керак. Агар шунда ҳам узолмаса, унда қарзни унга садақа қилиб юбориш қарз берувчига яхшидир. Аллоҳ унинг молига бу дунёда барака беришидан ташқари, охиратда улкан савоб ва Аллоҳ таолонинг мукофотларига сазовор бўлади.
281. Аллоҳ ҳузурига қайтиладиган кундан қўрқинглар. Кейин ҳар бир жонга қилмишига яраша берилади ва уларга зулм қилинмайди.
Эй инсонлар, қиёмат қойим бўлгач, барчаларингиз дунё ҳаётида қилган амалларингиздан ҳисобга тортиладиган, Парвардигорингиз ҳузурига қайтиладиган кундан қўрқинглар. Бу пайтда дунёда буюк кўринганлар, буюклик даъво қилганлар маҳшаргоҳда бир зарра кабидирлар. Ҳадисларда кибрлиларнинг зарра каби бўлишлари келтирилган. Аммо улар заррадек кичик эмас, балки улар оёқлар остида қолиб эзилганларидан, залил ва ҳақир бўлганларидан заррага ўхшатиляпти. Аллоҳ таоло бундай марҳамат этади: "Албатта Аллоҳ Ер бошқа Ерга, осмонлар (ўзга осмонларга) айланиб қоладиган ҳамда (барча одамлар) Ёлғиз ва Қудратли Аллоҳга рўбарў бўладиган Кунда ғолиб ва интиқом олувчидир" (Иброҳим, 48). Яна бир ояти каримада хабар берилишича: "(У кунда) барча умматни тиз чўккан ҳолда кўрурсиз. ҳар бир уммат ўз номаи аъмолига чақирилур. (Сўнг уларга дейилур): "Бугун қилиб ўтган амалларингиз билан жазоланурсизлар" (Жосия, 28). Аммо бу кунда ҳеч кимга зулм қилинмайди, ҳеч ким ноҳақ жазоланмайди. Чунки Аллоҳ таолонинг ваъдасига кўра қиёмат: "Ҳар бир жон фақат ўзини ўйлаб, ҳимоя қилиб қоладиган, ҳар бир жон амалининг (мукофотини) тўла оладиган, уларга зулм қилинмайдиган Кундир" (Наҳл, 111).
282. Эй имон келтирганлар, маълум бир муддатга ўзаро қарз муомаласи қилсанглар, уни ёзинглар, ораларингиздан бир котиб инсоф билан ёзиб қўйсин. Ҳеч бир котиб Аллоҳ билдирганидай ёзишдан тортинмасин ва қарз олган айтиб турсин: у Парвардигори Аллоҳдан қўрқсин ва олганидан ҳеч нарсани камайтирмасин. Агар қарз олувчи ақли паст, нотавон ё айтиб беришга лаёқатсиз бўлса, ҳомийси тўғри ёздирсин. Эркакларингиздан икки кишини гувоҳ қилинглар. Агар икки эр киши бўлмаса, ўзларингизга маъқул бир эр, икки аёл гувоҳ бўлсин. Икковидан бири унутса, бошқаси эсига солади. Гувоҳлар чақирилганида рад этишмасин. Хоҳ кичик, хоҳ катта бўлсин, муомалани муҳлатигача ёзишдан эринманглар. Бу, Аллоҳ ҳузурида адолатлироқ, гувоҳликнинг тўғрироғи ва шубҳаланмаслигингизга яқинроқдир. Агар ораларингда юриб турган нақд савдо бўлса, ёзмасангиз ҳам сизларга гуноҳ бўлмайди. Олди-сотди қилганингизда орага гувоҳ қўйинглар. Котиб ва гувоҳга зарар етмасин. Агар бундай қилмасанглар, бу албатта итоатсизлигингиздандир. Аллоҳдан қўрқинглар ва Аллоҳ сизларга билдирувчи, ҳар нарсани билувчидир.
Аввалги оятларда хайр-эҳсон қилишнинг фазилатлари, кейин эса фоиз олишнинг гуноҳлиги зикр қилинган эди. Ушбу ояти каримада эса қарз олиш, қарз беришнинг ҳукмлари баён этилмоқда. Бу шарафли оят Қуръони карим оятларининг энг узунидир, "оятул-мадойина" дейилади. Аллоҳ таоло у орқали мусулмонларга ўзаро бир муҳлатгача қарз муомаласини ваъда билан қилишга ижозат беради, лекин бу муҳлат ичида икки тараф ўртасида жанжал чиқмаслиги учун алоҳида мукаммал қоидани баён этади. Бунга кўра, қарз олди-бердиси чоғида алоҳида бир котиб ҳар икки томон номини кўрсатиб, қарзни қайтариш муддатини кўрсатиб равшан ёзиб қўйсин, буни адолат-инсоф билан ёзсин, ёзишдан уялмасин. Иложи бўлса, қарз олувчининг ўзи ёзсин, бунга қодир бўлмаса, ҳолатнинг ҳеч нарсасини яширмай айтиб туриб ёздирсин. Қарз олувчи ёш бола, ё эси паст, ё қари-кучсиз бўлса, унинг ҳомийси, меросхўри адолат билан ёздирсин. Бунда бошқанинг ҳаққига тажовуз ё жабр қилинмасин, кам ё ошиқ қилиб ёздирилмасин. Муфассир олимлар оятдаги: "Икковидан бири унутса, бошқаси эсига солади" мазмунидаги жумла аёлларнинг воқеа-ҳодисаларни эсда сақлаб қолиш қобилияти эркакларникига нисбатан заиф эканига далил", дейишади. Яратувчи зот Ўзи яратганларининг имкониятларини яхши билади.
283. Сафарда бўлсанглар ёки котиб топа олмасанглар, қўл тутгулик гаров бўлсин. Агар баъзингиз баъзингизга ишониб омонат қўйса, ишонилган омонатни қайтарсин ва Парвардигори Аллоҳдан қўрқсин. Гувоҳликни яширманглар, ким уни яширса, дили гуноҳкордир ва Аллоҳ қилаётган ишларингизни билувчидир.
Омонатга хиёнат қилиш, уни эгасига бермаслик Ислом динида қаттиқ қораланган. Аллоҳ таоло: "Аллоҳ сизларга омонатларни эгаларига топширишларингни буюради..." (Нисо, 58) деган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Сизга ишонганга омонатини топширинг, сизга хиёнат қилганга хиёнат қилманг", деганлар (Имом Аҳмад, Абу Довуд ривояти); Яна бир ҳадисда: "Омонатдорлиги йўқнинг имони йўқ, вафоси йўқнинг дини йўқ", дейилган (Аҳмад ривояти). Хусусан, сафардаги қарз олди-бердисида котиб ёки гувоҳлар топилиши қийинлигидан бирор мулкни гаровга қўйиб туришга зарурат туғилади. Муқимликда ҳам гаров муомаласи қилиш ҳадис ҳукмига кўра мумкиндир. Мўминлар бир-бирларига ишонишади, ҳақларни адо этишда улуғ Парвардигорларидан ҳамиша қўрқишади. Қарз олди-бердисида гувоҳ бўлганлар эса кимнингдир ё ниманингдир манфаатини кўзлаб, гувоҳликларини яширмасинлар, Аллоҳ таоло барибир инсонларнинг ҳар бир қилмишини кўриб-билиб туради.
284. Осмонлару Ердаги бор нарса Аллоҳникидир. Дилларингиздаги нарсани хоҳ очинглар, хоҳ яширинглар, Аллоҳ сизларни ўша билан ҳисоб-китоб қилади: кимни хоҳласа кечиради, хоҳлаганини азоблайди. Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир.
Бу ояти карима туширилганидан кейин саҳобаларнинг кўплари қаттиқ ташвишга тушишди. Ҳатто Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига келиб: "Эй Аллоҳнинг Расули, агар хаёлимизга келган нарса билан ҳам Аллоҳ ҳисоб-китоб қиладиган бўлса, унда ҳолимиз нима кечади?" деб арз қилдилар. Расули акрам: "Сизлар эшитдик ва итоат этдик" денглар", деб марҳамат этдилар. Уларнинг ҳаммалари жон ва дил билан бу ҳукмга итоат этишди, бу ишлари Аллоҳ таолога манзур бўлди. Сўнгра Аллоҳ таоло қуйида келадиган икки оят билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларини таърифлади ва бир гуноҳ иш хаёлга келса ҳам у амалга оширилмаган тақдирда азоб берилмаслигини баён этди.
285. Пайғамбар ва мўминлар ҳам Парвардигоридан туширилганга имон келтиришди, ҳаммалари Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига имон келтиришди: "Пайғамбарлардан бирорталарини ажратмаймиз". "Эшитдик ва итоат этдик, мағфиратингни тилаймиз ва қайтиш Сенинг ҳузуринггадир", дейишди.
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳам, барча мўминлар ҳам Парвардигорларидан нозил қилинган оятларга имон келтиришга буюрилишган. Улар шу билан бирга, Аллоҳ азза ва жаллага, Унинг фаришталарига, У нозил қилган китобларига, юборган барча пайғамбарларига имон келтиришлари шарт. Булардан бирортасига ишончсизлик билдириш имоннинг комиллигига путур етказади. Аллоҳ таоло айтади: "Эй жинлар ва инсонлар жамоаси, сизларга ўзларингиздан пайғамбарлар келиб, сизларга оятларимни айтиб, ушбу Кунингизга йўлиқишингиздан огоҳлантирган эмасмидилар?!" (Анъом, 130).
286. Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага буюрмайди. Эришгани ўз фойдасига, қилмишлари эса зараригадир. "Эй Парвардигор, унутсак ёки хато қилсак, бизни койима! Эй Парвардигор, биздан олдингиларга юклаганингни бизга юклама! Эй Парвардигор, тоқатимиз етмайдиган нарсага мажбурлама! Бизларни афв эт, мағфират қил ва раҳм айла! Сен бизнинг Хожамизсан, бас, бизларни кофирлар устидан ғолиб қил!".
Меҳрибон ва раҳмли Парвардигор ҳеч бир инсонга тоқати кўтармайдиган нарсани буюрмайди. Бандаларига меҳрибон Зотнинг амр-фармонларини сўзсиз бажарганлар дунёда ҳам, охиратда ҳам фақат фойда кўришади, икки дунё саодатига мушарраф бўлишади. Унинг буюрганларини инкор қилганлар ҳамиша зарар кўришади, икки дунёларини ҳам бой беришади. Шу боис, буюк Хожамизнинг ўзидан гуноҳларингиз мағфиратини, қиёматда жазоламаслигини, тоқатлар етмайдиган нарсаларни зиммага юкламаслигини, хато-камчиликларни кечиришини сўраб, дуо ва илтижолар қилинг!
Сўнгги икки оят ҳақида бир неча ҳадиси шариф ривоят қилинган. Бир ҳадисда айтилишича, қачон бир киши ана шу икки оятни ўқиса, Аллоҳ таоло дуосини шаксиз қабул қилади. Имом Аҳмад ривоятидаги ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом: "Бақара" сурасининг охиридаги икки оятни ўқи, улар менга Арш остидаги хазинадан берилган", деганлар. Бошқа бир ҳадисда эса: "Ким "Бақара" сураси охиридаги икки оятни ҳар кечада ўқиса, кифоя қилади", деганлар.