Маккада нозил бўлган, 78 оятдан иборат
Ар-Раҳмон - Қуръони каримнинг эллик бешинчи сураси номи, Аллоҳ таолонинг сифатларидан олинган, Маккада нозил бўлган, 78 оятдан иборат. Суранинг илк оятида Аллоҳ таолонинг ар-Раҳмон (меҳрибон)лиги уқтирилиб, бандаларга бутун ҳаётлари учун дасту-риламал бўлган Куръони каримни туширгани У зотнинг инсонларга кўрсатган энгулуғ марҳамати экани таъкидланади. Сўнгра Коинотдаги энг катта сайёралардан тортиб энг майда зарраларгача барча мавжудот Аллоҳ таоло томонидан ўта нозик ҳисоб-китоб билан яратилгани ва улардан ҳар бири зиммасига юкланган вазифани бажаришда Яратганга сўзсиз итоат қилиши баён этилади. Суранинг ўттиз бир жойида, яъни Аллоҳ таолонинг Қудрати илоҳийясига далолат қиладиган ҳар бир жумладан сўнг инсонлар ва жинларга қарата: «Энди Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар?!» деб хитоб қилинади.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
(Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман)
1. Ар-Раҳмон;
Ар-Раҳмон Аллоҳ таолонинг сифатларидан ва гўзал исмларидан бўлиб, луғатда “улуғ неъматларни берувчи” деган маънони англатади. Бу сифат фақат Аллоҳга хос бўлиб, барчага - мўминга ҳам, кофирга ҳам меҳрибон ва неъмат берувчи маъносидадир. Ар-Раҳмон сифатини Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч кимга нисбатан ишлатиб бўлмайди. Ар-Раҳмон исми Қуръони каримда қирқ беш ўринда зикр қилинган бўлиб, олти ўринда Ар-Раҳийм исми билан ёнма-ён келган. Баъзи уламолар ушбуни «исми аъзам» деб ҳисоблашган. Коинотда биз кўриб, эшитиб, сезиб, билиб турган ҳар бир раҳмат «ар-Раҳмон» исмининг бир бўлагидир. Аллоҳ таоло ар-Раҳиймдир, ар-Раҳмондир. У Зотнинг ар-Раҳийм сифати шундайки, сенга соғлик, мол-дунё, маскан ва нафс роҳатини ато қилади. Аммо ар-Раҳмон сифати билан охиратингга қарайди. Қўлингдан ушлаб, солиҳ амалларга йўллайди, бахтли бўлишинг учун абадий ҳаётингга тажаллий қилади.
2. Қуръонни ўргатди;
Кейинги оятларда Аллоҳ таолонинг ар-Раҳмон исми ва сифати маъносини шарҳлаш, Унинг инсонлару жинларга ато қилган неъматларини эслатиш баробарида биринчи бўлиб У ато этган энг улкан неъмат - Қуръони карим тилга олинмоқда. Ар-Раҳмон сифатли Зот Ўз бандаси Муҳаммад алайҳиссаломга Жаброил фаришта орқали Қуръонни ўргатди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил алайҳиссалом орқали Қуръонни сўзма-сўз бутун оламлар Парвардигори Аллоҳдан қабул қилиб олдилар. Пайғамбар алайҳис-салом Қуръоннинг бирор ҳарфини унутмай, қандай нозил қилинган бўлса шундайича саҳобаларга, улар эса ўз навбатида тобеъинларга, тобеъинлар ўзларидан кейингиларга ўргатишди. Шу тахлит Қуръон авлоддан-авлодга ўтиб, бугунги кунгача бирор ҳарфи ўзгармай етиб келди. Қуръони каримни ўргатиш неъмати бошқа неъматлардан бениҳоя улуғдир. Шунинг учун ҳам мазкур неъмат биринчи бўлиб зикр қилиняпти. Чуқурроқ ўйлаб қарасак, Қуръонни ўргатиш неъмати инсонни яратиш неъматидан ҳам устун қўйилган. Агар Қуръон бўлмаса, имон бўлмайди. Қуръонсиз Аллоҳ таолони таниб бўлмайди, Унга имон келтириш бўлмайди. Қуръон бўлмаса, инсон барча хулқий иллатлардан қутула олмайди, чиройли фазилатларни ўзлаштиришга қодир бўлмайди. Шунинг учун ҳам Қуръон барча неъматлардан устун туради.
3. инсонни яратди;
Бошқа махлуқотлари қатори инсонни ҳам ар-Раҳмон сифатли Зот Аллоҳ яратган. Яратганда ҳам барча жиҳатдан мукаммал, кўркам, чиройли ва мукаррам қилиб халқ этган. Аллоҳ азза ва жалла инсонни шунчаки яратибгина қолмай, унга бошқа махлуқларига бермаган ақл, онг, фикр қилиш, сўзлаш ва сўзини баён этиш имкониятларини ҳам ато этган. Инсон Аллоҳ таоло яратган барча махлуқотлар ичида энг азиз ва мукаррами бўлгани учун ҳам Ислом дини уни қадрлайди, улуғлайди, шарафи ва мартабасини юксакларга кўтаради. Ислом наздида барча инсонлар бирдирлар, бир-бирларига биродардирлар. Улардан бири бошқасидан ҳеч нарсада - на бойлиқда, на мансабда, на чиройи ёки хушбичим гавдаси билан, на жамиятда тутган ўрнию инсонларга етказаётган фойдаси билан устун бўлолмайди. Аллоҳ наздида инсонларнинг энг улуғи фақат Унинг ўзидан қўрқадиган тақводорларидир. Ана шу мукаррам инсонларнинг ёши ҳам, қариси ҳам, аёли ҳам, эркаги ҳам бирдек қадр-қимматга эгадир. Ислом дини инсон қадрини шу даража юқори кўтарганки, ҳатто унинг тириги билан ўлигининг ҳурмати бирдек қадрланади. Айниқса инсонларнинг Аллоҳ йўлида курашганлари, ватан, дин, миллат ҳимояси учун бўлган жангларда иштирок этганлари Аллоҳ таоло ҳузурида мартабалари улуғ, қадрлари баланд, шарафлари олий саналади.
4. унга баённи ўргатди.
Аллоҳ таоло инсонга фикрини баён этиш неъматини бердики, у бу неъмат воситасида ўз муддаосини бошқаларга тушунтира олади, ўзгаларнинг мақсадини ҳам англайди. Шу тариқа жамиятда ўзаро инсоний муносабатлар таркиб топади. Қуръони каримнинг таълим ва баёнлари ҳам ана шу неъмат орқали вужудга келади. Инсон ақли, фикри, онги билан бошқа барча жонзотлардан ажраб туради. Агар Парвардигор инсонга бу неъматларини ато этмаганида унинг бошқа махлуқотлардан асло фарқи бўлмасди, у бунчалик азиз ва мукаррам қилинмасди. Ана шу неъматлар билан у бошқа махлуқотларга ўз ҳукмини ўтказади, уларни ўзига бўйсундиради ва тасарруф қилади. Бундан ташқари инсон Парвардигорининг изни билан сўзлаш қобилиятига ҳам эга қилинган. Сўзлаш, фикрини баён этиш Аллоҳ таолонинг инсонга ато этган энг улуғ неъматларидандир. Сўз инсонларнинг ўзаро муомала-муносабат воситаси, тафаккур қуроли, бандаликни адо этиш омилидир. Одамларни яхшиликка ундовчи, ҳидоятга чорловчи, макоримул-ахлоққа чақирувчи сўзлар уларнинг энг гўзалидир. Аксинча, ўзгаларга озор етказувчи, ғийбат, ёлғон, фисқ-фужур ва фаҳш сўзлар уларнинг энг ёмони ва қораланганидир. Ҳар нарсанинг асли - сўз, у ҳақиқатнинг сояси ва парчасидир. Сўз Одам алайҳиссалом билан баробар яратилган. Сўз барча илмларнинг асоси, инсонларнинг ўзаро алоқа ва муносабат воситаси қилиб танланган. Оламдаги барча нарсалар сўзловчи гувоҳлардир. Аллоҳнинг китоблари сўз воситасида туширилган. Сўз инсоннинг қиймати қадар қадрлидир ва Аллоҳ таоло сўзга эътиборли, муҳаббатли бўлишни, фасоҳатли ва балоғатли сўзлашни буюрган.
Бундан кейинги оятларда Аллоҳ таолонинг улуғлигига далолат қилувчи махлуқотларнинг зикри келади:
5. Куёш ва ой ҳисобдадир.
Яъни, борлиқда тинимсиз нур сочиб турган қуёш ҳам, зулматли тунларни ёритиб турувчи ой ҳам бошқа самовий жисмлар каби Аллоҳ таоло томонидан яратилган ва дақиқ низом асосида, ҳисобидан сира адашмай ҳаракатланадиган қилиб қўйилган. Улар Аллоҳ таоло белгилаб қўйган ҳисоб ва низом билан ҳаракатдадирлар, У Зотнинг амрига кўра маълум бир нуқталардан чиқиб, бошқа бир маконларга ботади. Уларнинг қатъий ҳисобдаги бу ҳаракатини Аллоҳдан ўзга ҳеч бир зот ўзгартира олмайди, уларнинг ҳаракат доирасига аралаша олмайди.
Нигоҳларимизни бир дақиқага осмонга, ботаётган ой ва чиқаёт-ган қуёшга қаратайлик: хўш, уларни ким яратиб, ким мана шундай аниқ ҳисоб-китоб билан, бирор кунни канда қилмай чиқадиган ва ботадиган қилиб қўйган? Уларнинг ақли бўлмаса-да, нега ҳисобидан адашиб кетмайди, бирининг ўрнига бошқаси кўтарилмайди? Самовотдаги миллионлаб юлдузлар-чи? Уларни чексиз коинотда ким ана шундай ҳолатда ушлаб-бошқариб турибди? Инсоният яшаб турган Ер куррасини қуёшга менгзайдиган бўлсак, қуёш салмогининг ўзиёқ инсон ақлини шошириб қўяди. Қуёш Ердан 1.297.000.000 марта катта, бу - қуёш ичига Ер каби сайёрадан бир миллиард икки юз тўқсон етти миллионтасини жойлаш мумкин, дегани. Қуёш Ердан 324 минг марта оғир. Ердан қуёшгача бўлган масофа 149 миллион 600 минг километр. Қуёш марказидаги иссиқлик ўн беш миллион даражани ташкил этади. Инсоният қурган жамики энергия марказларидан уч миллиард донаси бир йил тўхтовсиз ишласа, Қуёшнинг бир сония-да чиқарган энергиясини ишлаб чиқаради, холос. Бу ҳам Аллоҳ таолонинг буюк яратувчилик кудрати ва ҳикматига далолатдир! Ойнинг тун зулматини ёритишдаги, инсонларнинг ой-йил ҳисобидаги хизматини ҳеч ким инкор қила олмайди. Ой ҳам шунчалар аниқ ва дақиқ ҳисоб-китоб билан яратилганки, агар Ер билан ой орасидаги масофа салгина ўзгартирилса, Ер юзи остин-устин бўлиб кетиши мумкин эди, бордию унинг ҳажми ҳозиргисидан сал катталашти-рилса, Ер юзининг ҳаммаёғини сув босиб кетган бўларди.
6. Ўт-ўлан ва дарахт сажда қилишади.
Оятдаги “нажм” сўзи юлдузларни ҳам, ўт-ўланни ҳам англатади. Борлиқдаги ҳамма нарса, Еру осмонлар ҳам, қуёш ва ой ҳам Аллоҳ таолога итоатда бўлганлари каби Ер юзидаги борки наботот, яъни дарахт ва буталар, ўт-ўлан ва гуллар ҳам Парвардигорга итоатда бўлади, У Зотга сажда қилади. Чунки сажданинг замирида Аллоҳга бўйсуниш, Унга итоатда бўлиш, Уни улуғлаб, тасбеҳ айтиш маъноси ётади. Холиқнинг борлигини ҳис қилиш руҳи ҳайвонот оламигагина эмас, балки руҳсиз жамодот, яъни дарахтлару тошларга, ўсимликлару маъданларга ҳам тегишлидир. Ақли бори ҳам, ақлсизи ҳам, руҳи бору руҳи йўғи ҳам, хулласи борлиқдаги жамики мавжудот ўзининг яратилган махлуқ эканини, ўзини яратган буюк Холиқ борлигини сезади. Шунинг учун истаса ҳам, истамаса ҳам, осмонлару Ердаги жамики жонзот ва жонсиз нарсалар ҳамда уларнинг сояларигача эртаю кеч Аллоҳга сажда қилишади. Шайтон алайҳилаъна Одамга сажда қилишдан бош тортгани учун лаънатга қолгани каби Аллоҳга сажда қилишдан бош тортганлар ҳам жазога гирифтор бўлади. Бундайларнинг кўпларига азоб ҳақ ва муқаррар бўлган. Кимни Аллоҳ хор қилишни ирода қилган бўлса, уни саждадан маҳрум қилиб қўяди, охиратда уни азиз қилувчи ҳеч бир зот бўлмайди.
7. Осмонни баланд кўтарди ва мезонни ўрнатди
Аллоҳ таоло махлуқотининг устига осмонни баланд кўтариб қўйган ва мезонни ўрнатган Зотдир. Ушбу оятда нима учун осмон ва мезон сўзлари ёнма-ён келтирилмоқда. Чунки борлиқдаги ҳамма нарса, шу жумладан осмон ва Ер ҳам, бошқа самовий жисмлар ҳам махсус илоҳий мезон асосида яратилган. Аллоҳ таолонинг осмонларни устунсиз, ҳеч бир тиргаксиз, яна бир неча қават қилиб яратганининг ўзиёқ Унинг қудрати ва ҳикматига далолат қилиб турибди. Худди шу каби Аллоҳ азза ва жалла Ўзи яратган махлуқотлари ўртасидаги муносабатларни ҳам алоҳида бир мувозанат, ўлчов асосида қилиб қўйган. Ана шу илоҳий мувозанатдан чекинилса, кишилик жамиятлари ларзага келади, осойишталикка путур етади, махлуқотга жиддий зарар етади. Ана шу мезон, мувозанат борлиқдаги жонсиз ва жонли барча мавжудотларга бирдай тегишлидир.
8. тарозида ҳаддингиздан ошмаслигингиз учун.
Аллоҳ таоло мезонни, тарозуни беҳикмат жорий этган эмас. Бандаларнинг амал, қилмишлари ҳамиша Парвардигорнинг адолат мезонига мувофиқ келиши керак. Аллоҳнинг мезонини инкор этиб, ҳаддидан ошган кимсаларгина ўзларича “мен ҳақман” деб, талашиб-тортишиб юришибди. Ҳақ ёки ноҳақни ҳар ким ўз қаричи билан ўлчайди. Ҳолбуки, ким ҳақ эканини бандалар эмас, балки уларнинг Парвардигори Аллоҳ таоло ажрим қилади, бунинг ҳукмини чиқаради. Бандаларнинг амаллари, феъл-ахлоқлари, тасар-руфотлари илоҳий мезон ўлчовида қийматли бўлсагина, ўша банда нажот топади. Кимники вазнга эга бўлмаса, ҳалокатга учрайди. Буларнинг ҳаммаси қиёматда маълум бўлади. Аллоҳнинг борлиқда ўрнатган мувозанати, мезони Унинг дини бўлмиш Ислом, Китоби бўлмиш Қуръони карим ва Пайғамбари бўлмиш Муҳаммад алай-ҳиссалом томонларидан инсонлар ўртасида жорий қилинади. Агар ана шу мувозанат бузилса, адолат чекиниб, ҳақ ўрнини ботил эгаллайди ва барча ишлар чаппасига кетади. Шунинг учун инсонлар Аллоҳнинг адолат мезони қаршисида ўта эҳтиёткор бўлишлари, илоҳий адолатга қатъий риоя қилишлари лозим.
9. Адолат билан ўлчанглар ва тарозидан уриб қолмангла
Яъни, Аллоҳтаоло осмондан ергача ҳамма нарсани ҳақ ва адолат асосида, аъло даражадаги вазн ва мувозанат билан барпо қилган. Бу ҳолатлар юқоридаги оятларда зикри келган «адолат», «тарози», «ўлчов» сўзлари орқали умумий илоҳий мувозанатни ифода этади. Бандалар ҳаққига риоя қилиш, унга кўз олайтирмаслик, инсоний муносабатлардаги ўлчовларда Аллоҳ белгилаган чегаралардан чиқмаслик ҳам зарур бўлади. Бизнинг тор тушунчамиздаги “тарозидан уриб қолиш, ўзгалар ҳақига тажовуз қилиш” ҳам ана шу мезоннинг бир кўринишидир. Дунёдаги ҳамма нарсани ўзига хос илоҳий ўл-чов билан яратган Аллоҳ таоло дунёдаги барча инсоний тушунча ва муносабатларни илоҳий адолат ўлчови билан тарозига солишни талаб қилмоқда. Бу талаб эса Қуръони карим таълимоти ва Пайғамбар алайҳиссалом Суннатлари асосидаги Ислом таълимотига мувофиқ амалга ошади.
10. Ерни жонзотлар учун қўйди.
Ушбу ояти каримадан бошлаб 25-оятгача Аллоҳ таолонинг бандаларга буюк марҳамати, улар учун борликда яратиб қўйган неъматлари ва қулайликлари ҳақида сўз юртилади. Оятда келган араб тилидаги “анам” сўзи барча жонзотларни билдиради. Ҳасан Басрийга кўра, жонзотларга жинлар ва инсонлар ҳам киради. Аллоҳ таоло ушбу Ерни барча жонзотларнинг яшаши учун қулай қилиб текис қилиб қўйган. Агар уни яшашга қулай қилмай, ўнқир-чўнқирлардан ёки баланд тоғлардан иборат қилиб қўйганида одамлар яшашга қийналар, деҳқончилик қила олмас, чорваларини боқолмас эдилар. Ердан бошқа сайёраларда ана шундай қулайликлар, яшаш имкони-ятлари бўлмагани учун одамлар фақат ушбу заминни макон тутиб яшашяпти.
11. Унда мева-чева ва ғунчали хурмо дарахтлари бор.
Яъни, Парвардигоримиз биз яшаб турган заминни қулай ва текис қилиб яратиш билан кифояланмай, Ер устида турфа мевали дарахтларни ўстириб ҳам қўйди. Ҳеч эътибор қилганмисиз: қайси бир чет ўлкага борсангиз, ўша ерда ўзимизда ўсмайдиган бир янги мева турига дуч келамиз. Бизнинг юртларда ўсадиган меваларнинг хили, тури, мазаси, чиройи ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Жаннатмакон юртимиздага мева-чеваларнинг хилини санаб тугата олмайсиз. Сувсиз саҳро бағрига жойлашган араб ва бошқа ўлкаларнинг ҳам ўзига хос мевалари бор: у ерларда хурмо, банан, манго каби мевалар етиштирилади. Меваларни бу қадар хилма-хил, бир-биридан ширин ва фойдали қилиб яратган Аллоҳнинг Ўзидир. Шунинг учун инсонлар У Зотнинг мазкур марҳамати, лутфу инояти учун шукр қилишлари лозим. Шукрнинг энг аълоси Аллоҳга имон келтириш, Унинг амрларини сўзсиз бажариш ва қайтарган ишларидан четда бўлишдир.
12. Яна сомонли донлар ва райҳонлар бор.
Аллоҳ таоло яна инсонларнинг Ерда фаровон ва роҳатда яшашлари учун юқоридагилардан ташқари бир қанча неъматларни ато этиб қўйган. Шулардан бири сомонли донлар, яъни буғдой, арпа кабилардир. Аллоҳтаоло Одам алайҳиссаломни яратганидан сўнгунинг зурриётлари ерда камлик кўрмай яшаши учун унга буғдой экишни ўргатди. Шундан буён инсоният ана шу экинни экиб келяпти. Инсон унинг донидан нон ва бошқа таомларни тайёрлаб ейди, сомонини уй ҳайвонларини боқишга ишлатади. Оятдаги “райҳонлар” жаннат гулларидан бўлган райҳонни ҳам, бошқа барча муаттар, хушбўй ва чиройли гулларни ҳам англатади. Аллоҳ бандаларига шунчалар меҳрибонки, уларнинг бу хушбўй гулларни ҳидлаб завқ олишларини, хурсанд бўлишларини ҳам ирода қилган. Уларнинг ҳидидан ташқари кўзни қувнатадиган гўзаллигини ҳам кўринг: улар шунчалар нафис, чиройли, ранг-баранг ва бетакрорки, бундай мўъжизавор гўзалликни Аллоҳдан ўзга ҳеч бир зот ярата олмайди.
13. Энди Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар?
Эй инсонлар, борлиқдаги ҳамма нарсани аниқ ўлчов билан яратиб, Ўзининг илоҳий низомига кўра ҳаракатланадиган қилиб қўйган барча мавжудотларнинг ягона яратувчиси Аллоҳ таолонинг энди қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар?
Ушбу сурада “Энди Парвардигорингизнинг крйси неъматларини ёлғонга чикрра оласизлар?” жумласи ўттиз бир марта такрорланиб қелган. Қуръони каримнингўзига хос бу ҳикмати ҳақида “Кашшоф” тафсири соҳиби Имом Замахшарий шундай дейди: “Ўтган қавмлар-нингхабарлари ва оқибатларини ҳар сафар эшитган кишида идрок, тафаккур қилиш қобилияти пайдо бўлади. Аллоҳ таоло бу ерда бандалари хатога йўл қўймасликлари, ғафлатда қолмасликлари учун уни такрор-такрор қайтармоқда. Бу Куръони каримдаги такрорларнинг кўп учрашидан кўзланган мақсаддир. Раҳмон сурасида ҳам ҳар бир неъматнинг зикридан сўнг юқоридаги жумлани келтириб, такрор-такрор хитоб қилинишидан ҳам мурод шудир” (“Тафсирул-Кашшоф”, 4-жилд, 41-бет). Ушбу жумлалар айрим ўринларда Аллоҳ таоло берган неъматларнинг зикри келганидан сўнг ана шу неъматларнинг Аллоҳнинг даргоҳи олиясидан эканини таъкид-лашга, бу неъматларни эътироф этиб, шукр қилишга чорлаш маъносида келган бўлса, бошқа ўринларда инсоннинг Парвардигорига қилган исёни туфайли уни қўрқитиш, куфр ва ширкдан қайтариш маъносида келган.
Дунё ҳаётида қанчалаб одамлар Аллоҳ берган неъматларни Аллоҳ розилиги, охират тадорики учун сарфлайди. Қанчалаб одам эса уларни ярамас иллатлар ва разолатлар йўлида қурбон қилади. Айримлар неъмат туфайли савобга эришади, баъзилар уни ёмон иш ва йўлларга сарфлаб, осийга айланади. Кимдир ана шу беҳисоб неъматларга шукр қилиб, уларнинг ҳаққини адо қилади. Бошқа биров эса унга ношукрлик билан неъматнинг заволига учрайди. Аллоҳ таоло неъматларининг ҳаққини адо этиш фақат Аллоҳга ҳамд айтиш, Унга шукр билдириш билан бўлади. Зеро, шукрнинг маъноси Аллоҳ неъматларини Ўзи яхши кўрадиган ва рози бўладиган жойларга ишлатишдир. Бунинг акси куфроналик, яъни неъматларни тарк этиш ёки Аллоҳ ёмон кўрадиган ерларда ишлатиш бўлади. Жобир розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилинади: «Пайғамбар алайҳиссалом саҳобаларининг олдиларига чиқиб, ар-Раҳмон сурасини аввалидан охиригача ўқиб берганларида улар жим қолишди. Шунда Расули акрам алайҳиссалом: «Жинлар билан учрашган кечамда ҳам ушбу сурани ўқиб берганимда улар сизлардан кўра яхши жавоб берган эдилар. Ҳар сафар «Фа би аййи алааи Роббикумаа туказзи-баан»ни ўқиганимда: «Роббимиз, биз Сенинг неъматларингдан ҳеч бирини ёлғон демаймиз, Ўзингга шукр», деб туришди», дедилар» (Термизий ривояти).
14. Инсонни сополсимон қуриган лойдан яратди.
Ушбу ояти каримада инсонлар ва жин-шайтонларнинг яратили-шидаги фарқли зиддият баён этиляпти. Аллоҳ таоло инсонларни сополсимон лойдан яратгани учун у қуруқ ва идиш янглиғ нозик. Жин-шайтонлар эса оловдан яратилгани учун уларнинг хусусияти ва феъли инсонникидан тубдан фарқланади. Оятдаги “солсол” қуриган лой, сопол каби қаттиқ лой маъноларини билдиради. Васф қилинаётган ҳолат Аллоҳ таолонинг инсоният отаси Одам алай-ҳиссаломни яратишининг турли босқичларидан биридир. Қуръоннинг таъкидлашича, инсонни йўқдан бор қилган Зот уни тупроқ-дан яратган, буни ҳозирги замон илми ҳам тасдиқламоқда. Илмий тажрибалардан маълум бўлишича, тупроқнинг таркибида мавжуд бўлган фосфор, азот, кальций, хлор, темир, мис, йод каби йигирма хилга яқин кимёвий модда инсон жисмида ҳам бор экан. Баъзи муфассирлар шундай фикр билдиришган: “Одам алайҳиссаломнинг қора балчиқдан олиниб, сопол янглиғ қуритилган лойдан яратилиши сўнгги босқич ҳисобланади. Хилқатнинг илк босқичи тупроқ бўлган эди, сўнг у лойга айлантирилгач, бу лой қорайиб балчиқ ҳолатига келган ва қуриганидан кейин сопол каби қаттиқ лойга айланган”.
15. Ва жинларни ўтнинг алангасидан яратди.
Яъни, Аллоҳтаоло инсонларни сопол каби қаттиқлойдан яратган бўлса, жин-шайтонларни тутунсиз оловдан яратди. Оятдаги «маа-рижин» сўзи шунга далолат қилади. Буни Қуръони карим ҳам, Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадислари ҳам тасдиқлайди. Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни яратганидан сўнг фаришталарга Одамга сажда қилишни буюрди, шунда барча фаришталар сажда қилишди, фақат жинлардан бўлган Иблис кибр ва ғурурга бориб сажда қилишдан бош тортди. Сажда қилмаганига сабаб қилиб Иблис ўзининг оловдан яартилганини рўкач қилди. Шу боис, кибр Аллоҳ таолога осийлик қилиб содир этилган биринчи ва ўта ёмон гуноҳдир. Қуръони каримда келишича: «(Аллоҳ сўради): «Сенга буюрганимда сажда қилишингга нима монеълик қилди?» У (Иблис) деди: «Мен ундан яхшиман, мени оловдан яратгансан, уни эса лойдан яратдинг» (Аъроф, 12).
16. Энди Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар?
Эй инсонлар, инсонни сополсимон лойдан, жинларни оловдан яратиб, уларга жон ато этган Аллоҳ таолонинг яна қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар?
17. У икки машриқ ва икки мағрибнинг Парвардигоридир.
Уламолар «икки машриқ» ва «икки мағриб» ҳақида турли фикр-ларни айтишган. Улардан айримларига кўра, йил давомида қуёш ботадиган икки нуқтанинг оралиғи икки мағриб (кунботиш) сана-лади. Бошқа бир фикрга кўра, булар энг узун кундаги ва энг қисқа кундаги чиқиш ва ботиш жойларидир. Баъзи уламолар эса уларни қуёшнинг ва ойнинг чиқиш ва ботиш жойларидир, дейишган. Хулоса қиладиган бўлсак, ҳаммаси уйғунлашган ҳолда тўлиқ маънони ифода этади. Бошқа сураларда “Аллоҳ мағрибнинг ҳам, машриқнинг ҳам Парвардигори”, “Аллоҳ машриқларнинг ҳам Парвардигоридир” деб ҳам келган. Муфассирларнинг айтишича, қуёш йилида фақат икки кунда кун ва туннинг давомийлиги бир хил бўлиб, ўша икки кунда қуёш шарқнинг аниқ бир нуқтасидан чиқади, бошқа кунлари эса турли манзиллардан - белгиланган нуқтанинг ё шимо-ли ёки жанубидан чиқади. Қуёш турли жойлардан чиқишига қара-май, у Еру осмонларни бирдай ёритади ва иссиқлик улашади. Бу ҳам Аллоҳ таолонинг улуғ яратувчилигига, бунда Унга ҳеч бир зот шерик бўлолмаслигига ёрқин далилдир.
18. Энди Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар?
Эй инсонлар, икки кунботар (мағриб) ва икки кунчиқиш жойининг (машриқнинг) Парвардигори бўлган Аллоҳ таолонинг энди қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар? Ушбу сурада кўп марта такроран келадиган мазкур оятдаги “алаии” сўзи умумий неъматларни англатса-да, имом Ибн Жазарий каби салафлар сўзига кўра “қудрат” маъносини ҳам билдириши айтилган.
19. Икки денгизни учрашадиган қилиб оқизиб қўйди.
Араб тилидаги “баҳр” сўзи денгизни ҳам, дарёни ҳам англатгани учун Қуръони каримнинг мўъжизаси ва ҳикматини тушунмаган кўпгина кишилар ушбу ояти карима маъносини шўр сувли денгиз билан чучук сувли дарё ўртасини қуруқлик, ер ажратиб туради, деб тушунишган. Аммо ҳозирги даврга келиб уммон ва денгизлар остини илмий жиҳатдан ўрганган мутахассислар улар тубида чучук ва шўр сувлар орасини ажратиб турадиган махсус кўзга кўринмас тўсиқ борлигини, ана шу тўсиқ шўр ва чучук сув-ларнинг аралашиб кетишдан ажратиб туришини аниқлашди ва Қуръони каримнинг ушбу мўъжизасини орадан ўн аср ўтиб кашф қилишди. Бу ҳақда Фотир сурасининг 12-ояти ва Фурқон сурасининг 53-ояти тафсирларида батафсил сўз юритилган.
Бу ҳодисани кўп жойларда кузатиш мумкин, жумладан, Жабали Ториқ (Гибралтар)даги Ўрта Ер денгизи ва Атлантика океани ўртасидаги тўсиқ; Жанубий Африкада жойлашган Кейп ярим оролидаги Атлантик ва Ҳинд океанлари учрашадиган Кейп нуқтасидаги оқ тўсиқ; Мисрда ҳам Нил дарёси Ўрта ер денгизига қуйиладиган жойда ҳам шундай тўсиққа гувоҳ бўлиш мумкин. Қуръонда зикри келган бу каби илмий ҳодисаларни Колорадо (АҚШ) университе-тининг геология фанлари профессори, таниқли денгизшунос олим доктор Вилям Ҳей ҳам ҳайрат билан тасдиқлаганди.
20. Ўрталарида тўсиқ; ошиб ўтолмайдила
Арабча “барзах” сўзи тўсувчи ёки ажратувчи маъноларини билдиради. Бироқ бу моддий тўсиқ эмас. Олдинги оятдаги “маража” сўзи эса, “учрашишди ва аралашиб кетишди” деган маънони англатади. Бир қарашда ушбу икки оятдаги маъно бир-бирига зидга ўхшаб туюлади. Аввалги муфассирлар ҳам ушбу оятдаги икки қарама-қарши маънони тушунтириб беришга имконлари бўлмаган: яъни, олдинги оятда икки хил сув учрашиб, аралашишади, дейилса-да, кейинги оятда ўрталарида тўсиқ бор, дейилса! Бугунга келиб, замонавий илмнинг кўрсатишича, икки денгиз учрашадиган жойда ўртада тўсиқ бўлади. Бу тўсиқ икки денгизни бир-биридан шундай тўсадики, ҳар бир денгизнинг ўзига хос ҳарорати, шўрлик даражаси ва ҳажми сақланиб қолади.
Ҳозирда океаншунослар ушбу оятни янада аниқроқ тушунтириб бериш имконига эга бўлдилар. Икки денгиз орасида қиясимон шаффоф сув тўсиғи бўлиб, ундан сув бир денгиздан бошқасига ўтиб туради. Бироқ, эътиборли томони шуки, бир денгиздан бошқасига ўтаётганда сув ўзининг илгариги хусусиятларини йўқотади ва қўшилган денгиз суви билан бир хил бўлиб қолади. Бу ерда ҳалиги тўсиқ бир денгиз суви бошқасига қўшилганида уни ўша кейинги сувнинг хусусиятларига ўтказадиган “тўсиқ” вазифасини бажаради. Яъни, шўр денгиз билан чучук сувли дарё ўртасида бир тўсиқ бўлиб, улар бир-бирларига аралашиб кетмайди. Ҳақиқатан ҳам, дарёларнинг суви денгизларга тинмай қуйилиб туришига қарамай, денгизнинг суви чучук бўлиб, дарёнинг суви шўр бўлиб қолмайди. Денгиз илми билан шугулланувчи олимларнинг аниқлашича, иккисининг орасида маълум бир кўринмас чизиқ бўлиб, шўр ёки чучук сувлар ўша чизиқдан на у ёққа, на бу ёққа ўта олишмас экан. Араб олимларидан доктор Муҳаммад Мутаваллининг таъкидлашича, Форс кўрфазида денгиз остидан чучук сувли булоқлар куч билан отилиб чиқар экан. Олимлар текшириб кўрганда ўша булоқларнинг суви денгизнинг шўр сувига мутлақо аралашмай юқорига отилиб тураркан, сув остидаги ғоввослар улардан ичиб туришар экан. Шўр сувли денгиз ўртасида ширин сувнинг отилиб чиқиб, шўр сувга аралашиб кетмаслиги мўъжизаси ушбу оятда зикр қилинган ҳолатни яна бир бор тасдиқлайди. Ер юзидаги шўр ва чучук сувларнинг дарёю денгизларга бўлиниб, миқдорлари ҳозирги ўлчовларга мувофиқ келиб қолиши ўз-ўзидан, шунчаки бир тасодиф билан бўлганмикан? Асло, борлиқдаги бу беҳисоб сув манбаларини яратган ҳам, уларнинг бирини шўр, бошқасини чучук таъмли қилиб қўйган ҳам, уларнинг бир-бирига аралашиб кетмаслиги учун ўртага махсус тўсиқ қўйган ҳам Раҳмон сифатли Аллоҳ таолонинг Ўзидир!
21. Энди Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар?
Эй инсонлар, дарё ва денгизларнинг сувини фақат Ўзи биладиган ҳикмат билан шўр ва чучук сувли қилиб яратган, аралашиб кетмаслиги учун улар ўртасига тўсиқ қўйган Парвардигорингизнинг энди қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар?
22. У иккисидан дур ва маржон чиқади.
Чучук ва шўр сувли денгизлардан яна дур ва маржонлар ҳам чиқариб олинади. Дур ва маржон замона тилида коралл деб аталадиган ҳайвондан олинадиган безак тошлардир. “Маржан“ сўзи Ибн Жавзийга кўра, новда шаклини олган марварид, дурнинг турли кўринишидир. Зужаж ёзадики, “маржан“ жуда оппоқдир. Ибн Масъуд фикрига кўра, “маржан“ мунчоқлар учун ишлатиладиган қизил тошлар. Абу Ҳаййан: “маржан“ бу қизил тошдир, деган. Қуртубийнинг ёзишича, “маржан“ аксинча, кичикроқ марвариддир. Алусий эса марвариднинг ҳажми кичик бўлади, “маржан“ эса катта бўлади деган. Дур ҳам денгиздаги сон-саноқсиз ажойиботлардан биридир. У денгизнинг энг қаърида, садафнинг ичида, турли хавф-хатарлардан сақланган ҳолда бўлади.
23. Энди Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар?
Эй инсонлар, сизларнинг манфаатланишингиз ва зийнатланишингиз учун сув остидан дур ва маржонларни чиқариб берган Парвардигорингизнинг энди қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар?
24. Денгизда баланд тоғлар каби сузиб юрувчилар ҳам Уникидир.
Ушбу оятда Аллоҳ таолонинг инсонларга берган яна бир ажойиб неъмати бўлмиш кемалар ҳақида сўз кетади. Ҳақиқатан, улар Аллоҳнинг улуғ неъматидир, уларнинг денгизу уммонларда юриши, ҳар қандай ҳолатда ҳам сув устида чўкмай туриши, инсон учун керакли оғир ишларни бажариши, юкларини ташиши - буларнинг ҳаммаси инсонлар учун улкан фойдадир. Оятда кемаларнинг баланд тоғларга ўхшатилишининг ўзи мўъжизадир. Чунки, саҳрода ўсган араблар диёрида нозил бўлган Қуръони карим бундан ўн тўрт аср муқаддам тоғдек кемалар борлигини билмаган, билса ҳам уларнинг тоғлар каби улкан бўлишини кўрмаган саҳройи кишиларга кемалардан хабар беришининг ўзи улкан мўъжизадир, Аллоҳнинг Каломи ҳақлигига ёрқин далилдир. Борлари ҳам кичкина-кичкина бўларди. Ҳозирги даврга келиб ушбу оятнинг тасдиғини кўриб турибмиз: тоғдек кемалар минглаб йўловчиларни, минглаб тонна юкларни кўтариб, уммонларда ва денгизларда бемалол сузиб юришибди.
25. Энди Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар?
Эй инсонлар, Аллоҳнинг инсонга берган бошқа неъматлари қаторида сувда тоғдек улкан кемаларни юрғизиб қўйганини кўриб, энди Аллоҳнинг қайси неъматларини ёлғонга чиқарасизлар?
26. (Ер) юзидаги барча мавжудот фонийдир.
Яъни, Ер юзидаги барча мавжудот: жинлар ва инсонлар ҳам, осмонлар ва само жисмлари ҳам, ҳайвонот ва наботот ҳам, тоғлар ва уммонлар ҳам, борингки ҳамма нарса истисносиз фонийдир, вақтинчаликдир. Инсонларнинг ҳаёт кечиришлари учун бериб қўйилган дунё ҳаёти ҳам вақтинчаликдир, инсонлар ўзларига ажратилган умрни яшаб бўлишлари билан улар вафот этишади ва охират дунёсига кўчишади. Ер юзида бир чақалоқ туғилса, шу заҳоти бир киши омонатини топширади. Одамлар келиб-кетаверади, шаҳарлар қурилади ва бир куни Ер юзидан йўқ бўлиб кетади. Демак, борлиқда Аллоҳдан ўзга ҳамма нарса фонийликка маҳкум, ўзини ҳамма нарсага қодир санайдиган энг онгли мавжудот бўлмиш инсон ҳам ушбу ҳақиқат олдида лол, ожиз ва иложсиз. Шундай бўлгач, ўткинчи, вақтинчалик дунёнинг лаззат ва шаҳватларига берилмай, охиратга тайёргарлик кўриш, Аллоҳга кўпроқ ва холисроқ ибодат қилишга ҳаракат қилиш лозим.
27. Улуғлик ва икром эгаси Парвардигорингизнинг Ўзигина боқийдир.
Боқийлик фақат Аллоҳга хосдир, Унинг гўзал исмларидан бири ҳам ал-Боқийдир. Аллоҳ таоло доимий бордир, унга асло фано етмайди. Демак, боқийлик дегани, фонийликнинг аксидир. Ҳақиқатда ал-Боқий деганда фақат Аллоҳ таоло тушунилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот қилганларида дунёда у зотни энг яхши кўрган Абу Бакр Сиддиқ Набий алайҳиссаломнинг жасадлари турган жойга кириб, юзларини очдиларда: «Яшашингиз ҳам, ўлимингиз ҳам гўзал бўлди», дедилар. Сўнгра ташқарига чиқиб: «Ким Муҳаммадга ибодат қилаётган бўлса, у киши вафот қилдилар. Ким Аллоҳга ибодат қилаётган бўлса, Аллоҳ боқийдир, тирикдир, У асло ўлмайди», дедилар. Мана шу ҳақиқий тавҳид тушунчасидир: ўта кучли муҳаббат ҳам ширк келтиришга олиб бормади. Тавҳид барча нарсанинг асли эканини кўрсатди. Аллоҳ таоло Боқийдир. Боқий сифати Унинг зотий сифатлардандир. Имом Ғаззолий: «ал-Боқий Ўз Зотида вожибул вужуд бўлишидир», деган. Ана шу “вожибул вужуд” сўзи келажакка қўшиб айтилса, боқий қолувчи бўлади, агар ўтмишга қўшиб айтилса, қадимий бўлади. “Вожибул вужуд” деб, ташқи таъсирдан куч олмай ўзи бардавом бўлган нарсага айтилади. Мутлақ Боқий Зот эса вожибул вужуддир, яъни азалий ва абадийдир. Имом Розий: «Аллоҳ таоло вожибул вужуддир, яъни йўқ бўлишга лойиқ эмасдир», деган. Ал-Боқий сўзининг яна бошқа «Унинг вужудга келишида ибтидоси ҳам йўқ, интиҳоси ҳам йўқ» деган маъноси ҳам бор.
28. Энди Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар?
Эй инсонлар, Ер юзидаги ҳамма нарса ўткинчи, фоний эканини, фақат Аллоҳ таолонинг Ўзи мангу қолувчи боқий эканини билганларингиздан сўнг энди Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар?
29. Осмонлару Ердаги жонзотлар Ундан сўрашади. У ҳар куни фаолиятдадир.
Яъни, Ер юзидаги ва осмонлардаги жамики жонзот борки, ҳожатларини, талабларини Парвардигордан сўрашади. Борлиқдаги бирорта махлуқ Аллоҳ таолонинг марҳаматидан, ризқидан, лутфу иноятидан бебаҳра эмасдир. У Ўз ҳикматига кўра махлуқотларининг сўров ва эҳтиёжларини раво қилади. У ҳар лаҳзада бирор ишдадир: кимнидир ўлдиради, кимнидир тирилтиради, кимгадир дард беради, кимгадир шифо ато қилади. Бир кишидан дуо илтижоларини қабул қилса, бошқасига Ўз даргоҳидан ато юборади. Ушбу ояти карима баъзи қавмларнинг Аллоҳ тўғрисидаги эътиқодий бузуқликларига ҳам зарбадир. Жумладан, насронийларда “Аллоҳ якшанба куни”, яҳудийларда “У Зот шанба куни дам олади» деган бузуқ ақида бор. Булар ботил ақидадир, Аллоҳ таоло дам олишга муҳтож эмас, балки доимо ишдадир.
Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Кулла йавмин ҳува фии шаън» оятини ўқиган эканлар, саҳобаи киромлар: “Эй Аллоҳнинг Расули, у шаън нимадир?” деб сўрашибди. Шунда у зот алайҳиссалом: “бир гуноҳни кўтариб, иккинчисини пасайтириши”, деган эканлар. Хуллас, дунёдаги ҳар бир каттаю кичик иш Аллоҳ таолонинг иродаси, ҳикмати ва изни билан бўлади. Бу мақомга эса фақат ар-Раҳмон сифатли Аллоҳ таологина сазовордир!
30. Энди Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар?
Эй инсонлар, бутун дунё ҳар бир нарсада Аллоҳ таолога муҳтож экан, инсу жин у Зотга исён қилмаслиги зарур бўлгач, энди Аллоҳ таолонинг қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар?
31. Яқинда сизлар учун вақт топамиз, эй инсонлар ва жинлар!
Оятдаги “сақол” сўзи луғатда ўлчанадиган оғир ёки муҳим бир нарсани билдиради. “Сақолан” эса бизларга кўриниб турадиган инсонлар оламини ва бизларга кўринмайдиган жинлар оламини англатади. Аллоҳ таоло ушбу ҳар икки оламни ҳам Ўзи яратган ва қиёматда уларни Унинг Ўзи ҳисоб-китоб қилади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ азза ва жалла инсонлар ва жинлар оламига хитоб қилиб, уларнинг ҳар бирини яқинда ҳисоб-китоб қилишини билдирмоқда. Инсонлар ўртасида бирор одамнинг бошқа биронтаси билан алоҳида ҳисоб-китоби бўлса ва уни қилмишига яраша жазоламоқчи бўлса, «Ҳали шошмай тур, сенинг ҳам навбатинг келиб қолар, сенга ҳам вақт топиб, ўшанда гаплашамиз» қабилидаги гапларни айтади. Аллоҳ таоло бутун борлиқни якка Ўзи тасарруф қилганига қарамай, У Зот ҳар бир махлуқининг қилмишини назорат ва ҳисоб қилишга қодирдир, У бирор ишни истаса, кейинга қолдирмай, шу заҳоти ҳал қила олади. Ушбу ўринда эса Аллоҳ Ўз сўзининг таъсирчан бўлиши ва таҳдидининг кучли чиқиши учун ана шундай ибораларни қўлламоқда. Қиёмат куни инсонлар ва жинларни ҳисоб-китоб қилишга фақат ар-Раҳмон сифатли Аллоҳ таологина қодирдир.
Жинлар ҳам инсонлар каби Ислом шариати буюрган барча кўрсатмаларни бажаришга мукаллафдирлар, масъулдирлар. Ибн Абдул Барр: «Аллоҳ таолонинг оятларини далил қилиб, кўпчилик олимлар жинларни мукаллаф, дейишади», деган. Имом Субкий «Фатово»сида бундай ёзган: «Албатта жинларга намоз, шартлари билан нисобга етса - закот, рамазон рўзаси ва бошқа амаллар фарздир. Шариатдаги барча ҳаром нарсалар уларга ҳам ҳаромдир».
32. Энди Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар?
Эй инсонлар, сизларни ва жинларни охиратда ягона ҳисоб-китоб қилувчи Аллоҳ таолонинг Ўзи эканини билганингиздан сўнг энди Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар?
33. Эй жин ва инсон жамоалари, агар сизлар осмонлару Ер чегараларидан чиқиб кетишга қодир бўлсангиз, чиқиб кетаверинглар. Фақат қувват билангина чиқиб кета олурсизлар.
Ояти каримадаги “султон” сўзи “қувват, мулк, далил-ҳужжат, илм, ғолиб” маъноларини билдиради. Кўпчилик уламолар буни илм деб тафсир қилишган, шунда бу оят бугунги давримизга келиб фазони забт этиш, ой ва бошқа сайёраларни ўрганиш каби ишлар-га далил бўлади. Аллоҳ таоло инсонлар ва жинлар жамоасига хитоб қиляптики, сизлар бордию осмонлар ва Ернинг чегараларидан чиқиб ўтиб кетишга қодир бўлсанглар (ҳолбуки бирор инсон ёки жин бунга қодир эмас), чиқиб кетаверинглар, аммо Бизнинг қиёматдаги ҳисоб-китобимиздан, жазо-азобимиздан қочиб кетолмайсизлар. Мабодо осмон сарҳадларидан ўтишга ҳаракат қилсанглар, бу иш фақат илм билангина амалга ошиши мумкин. Жинларнинг ҳам, инсонларнинг ҳам кофирлари қиёмат куни фақат ўз зарарларига гувоҳлик беришади. Жинлар ҳам мусулмон ва кофир тоифаларга бўлинишади. Бир замонда инсонларга келган пайғамбарлар айни шу замонда яшаётган жинларга ҳам пайғамбар ҳисобланишади. Пайғамбарларга мункир бўлган инсонлар каби жинлар орасида ҳам имон келтирмайдиган, пайғамбарларга душманлик кайфиятида бўладиган жинлар ҳам бўлади. Шунинг учун ҳам ояти каримада жин ва инсонлар жамоасига баравар хитоб қилинмоқда
34. Энди Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлгонга чиқара оласизлар?
Эй инсонлар, сизлар ҳам, жинлар ҳам Аллоҳ яратган чегаралар-дан ҳеч қаёққа чиқиб кетолмаслигингизни билганингиздан кейин энди Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар?
35. Устингизга ўтнинг алангаси ва қуюқ тутун юборилади, ундан қутула олмайсизлар.
Яъни, қиёмат куни инсонлар ва жинлар жамоаси устига ловул-лаган оловнинг алангаси ва қуюқ тутун юбориладики, бундан қутулишда ёрдам берадиган ҳеч бир зот бўлмайди. Ибн Касирнинг айтишича, оятдаги “нуҳас” сўзи қуюқ тутун маъносини ҳам, эритилган мис маъносини ҳам билдиради. Ана шундай аланга ва қуюқ тутун ичида қолишганида уларнинг осмонлар ва Ер чегараларидан чиқиб кетишга бўлган уринишлари ҳам чиппакка чиқади. Фақат Аллоҳ уларга султонни - қувват, маърифат, илмни берсагина, бунга эришишлари мумкин. Бу ишларга ҳам фақат ар-Раҳмон сифатига эга бўлган Аллоҳ таологина сазовордир.
36. Энди Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар?
Эй инсонлар, қиёмат кунидаги ана шу даҳшатли манзараларни кўриб ҳам энди Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар? Келаси оятдан бошлаб сура охиригача қиёмат куни манзаралари, ҳисоб-китоб жараёни, кофир ва гуноҳкорларни азоблаш ва тақводор мўминларни мукофотлаш каби ҳолатлар баён қилинади.
37. Осмон ёрилиб, қиздирилган мой каби бўлади.
Инсонлар қиёмат куни осмонларнинг ёрилиб кетишини, унинг таги қизил тери каби ёки қиздирилган мой каби қип-қизил тусга киришини ҳатто тасаввурларига ҳам сиғдира олишмайди. Улар одатда осмоннинг бир бурчидагина содир бўладиган баъзи ҳодисалар: момақалдироқ, чақмоқ кабилардан қанчалар ваҳимага тушишадию, осмонларнинг гумбурлаб ёрилишини, унинг қиздирилган мой каби қип-қизил тусга киришини тасаввурларига қандай қилиб сиғдиришаркин? Имом Абу Ҳомид Ғаззолий шундай ёзади: “Ўша куни мужрим - гуноҳкор бандаларнинг атрофини зулмат қоплайди. Бирдан уларнинг устига олов ёлқини “соя” ташлайди. Улар дўзахнинг ҳовурли нафасини эшитадилар, бўкиришга ўхшайдиган бу нафасдан ғазаб учқунлари сачрайди. Ана шунда мужрим бандалар ваъда қилинган ҳалокатга узил-кесил ишонадилар”. Ҳозирча ақл-ларимиз етмайдиган бундан бошқача ҳолатлар ҳам юзага келиши мумкин. Чунки ҳамма нарсага қодир ар-Раҳмон сифатли Аллоҳ учун бундан бошқа ғайритабиий ҳодисаларни юзага чиқариш асло қийин эмас.
38. Энди Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар?
Эй инсонлар, Аллоҳ таолонинг амри билан осмонларнинг ёрилиб, қизариб кетганини кўрганингизда эди Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар?
39. Ўша Кунда инсонлар ҳам, жинлар ҳам гуноҳидан сўралмайди.
Ўша қиёмат куни инсонлардан ҳам, жинлардан ҳам уларнинг гуноҳ қилган-қилмагани ҳақида сўраб ўтирилмайди. Чунки ҳамманинг ҳоли ўзига аён, биров бошқасига ёрдам бера олмайди, бир киши яқинларининг жонига ора киролмайди. Ҳамма ўзи билан ўзи овора. Айниқса, осий ва гуноҳкор кимсаларнинг, умрини куфр ва ширк ботқоқларида ўтказган бахтсиз инсонларнинг ҳолати аянчли: улар қилмишларининг ёмонлигидан қаерга бош уришни билишмайди, кимдан ёрдам сўрашга ҳайрон, даҳшатли қўрқув ва азоб ваҳимасидан ҳеч нарсани кўрмайди, сезмайди, англамайди.
40. Энди Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар?
Эй инсонлар, ҳатто инсонлар ва жинларнинг гуноҳлари ҳақида сўралмайдиган қиёмат кунининг даҳшатларига гувоҳ бўлганингиздан сўнг энди Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар?
41. Гуноҳкорлар аломатидан танилиб туради ва уларнинг пешона сочлари ва оёқларидан тутилади.
Қиёмат куни гуноҳкор кимсалар ўзларидаги аломат-белгилари билан мўмин бандалардан ажралиб туришади. Шунинг учун азоб фаришталари уларни осонгина тутиб кетишади ҳамда пешона сочлари ва оёқларидан тутиб, дўзахга улоқтиришади. Оятда Парвар-дигоримизнинг «пешона сочи»га бандалар диққатини қаратгани ҳайратланарли, албатта. Ҳозирги замон олимларининг тадқиқотлари шуни кўрсатдики, бош суягининг айнан шу қисмида мия инсоннинг маълум бир ҳаракатини бошқариши аниқланди. Ҳозирги замон илмий китобларидан бирида шундай ёзилади: «Ҳаракат, фаолиятни режалаштириш миянинг пешона қисмида амалга ошади. Бу бўлак миянинг ассосиатив қисми ҳисобланади... Ҳаракат жараёнлари билан биргалиқца бош миянинг олд қисми зўравонлик, тажовуз-корлик марказидир». Демак, миянинг олд қисми режалаштирилган зўравонлик ҳаракати учун жавоб беради. Қуръони карим инсонлар эътиборини айнан пешона сочига қаратганининг ҳикмати ҳам шунда бўлса керак.
42. Энди Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар?
Эй инсонлар, қиёмат куни азоб фаришталарининг гуноҳкорларни аломатларидан таниб, пешона сочлари ва оёқларидан тутганича дўзахга улоқтиришларини кўргач, энди Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар?
43. «Гуноҳкорлар ёлғонга чиқараётган дўзах мана пгудир!»
Яъни, гуноҳкорларни пешона сочлари ва оёқларидан тутиб, дўзахга улоқтираётган азоб фаришталари уларнинг эътироз ва баҳоналарига жавобан: “Сизлар дунёда ёлғонга чиқариб юрган дўзах мана шудир, энди қилмишларингиз учун унга ташланаётганингизда унинг ҳақлигига ишондингларми?” дейишар экан. Нимадандир умидвор бўлиб турган гуноҳкорлар учун фаришталарнинг бу сўзлари азоб устига азоб, қийноқ устига қийноқ бўлади.
44. Улар ўша билан ўта қайноқ сув ўртасида айланиб туришади.
Гуноҳкорлар дам дўзах ўтида куйсалар, дам устларидан ўта қайноқ сув қуйиб турилади. Қаттиқ иссиқдан ташна бўлиб, сув ичмоқчи бўлишса, уларга ниҳоятда қайноқ сув ичирилади, бу эса ташналикларини янада кучайтириб юборади. Бу ҳолат тинмай такрорланаверади. Абу Умомадан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Унга йирингли сув яқинлаштирилганида жирканади. Янада яқинлаштирилганида юзи ёнади. Қайноқ сув бош терисига тўкилади. Ичган сувлари ичакларини ёриб юборади, парча-парча ичаклари титилиб тушади” (Бухорий ривояти).
45. Энди Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар?
Ушбу ояти кариманинг азоб оятларидан кейин қайта-қайта такрорланишининг ҳикмати ҳақида уламоларимиз шундай дейишган: “Азоб оятларида осийларни гуноҳдан қайтариш ва тавба қилишга ундов, даъват бор, шунинг ўзи улар учун катта неъматдир ва бу неъматни ёлғон дейишга уларнинг ҳақлари йўқ.
Юқоридаги оятларда гуноҳкорларнинг охиратда қаттиқ азобланиши ҳақида сўз юритилганидан кейин энди Аллоҳдан қўрқувчи,Унинг амр-фармонларини бажарувчи, қайтариқларидан четда бўлувчи солиҳ инсонларнинг охиратда сазовор бўладиган ажр-мукофотлари, улар учун тайёрлаб қўйилган жаннат боғлари тавсифи келади.
46. Парвардигори (ҳузурида) туришдан қўрққанлар учун икки жаннат бор.
Қиёмат куни Парвардигори ҳузурида туриб, дунё ҳаётида қилиб ўтган барча амалларига жавоб беришдан, ҳисоб-китобдан қўрққан, шунинг учун тириклигидаёқ охиратига тайёргарлик кўриб, яхшилик ва солиҳ амаллар билан кун кечирганларга Аллоҳ таоло икки жаннатни тайёрлаб қўйган. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоху анҳумо ушбу оят ҳақида шундай деган: “Фарзларни (Аллоҳнинг буйруқ ва қайтариқларини) адо қилганлар учун икки жаннат бўлади”. Баъзи муфассирлар: “Аллоҳдан қўрққан ҳар бир банда учун иккитадан жаннат бор” дейишса, бошқалари: “Аллоҳдан қўрққан барча бандалар учун икки жаннат бор”, дейишган. “Аллоҳдан қўрққан ҳар бир банда учун иккитадан жаннат бор” деган сўз кучлироқ. Муҳаммад ибн Алий Термизий айтади: “Жаннатнинг бири Аллоҳдан қўрққани ва буйруқларини бажаргани, иккинчиси эса қайтариқларидан қайтгани учун”. Мужоҳид ва Наҳаъий Аллоҳ ҳузурида туришдан қўрққан киши ҳақида шундай дейишган: “У шундай одамки, бир гуноҳ ишни қилмоқчи бўладию ёдига Аллоҳ тушиб, шу заҳоти Аллоҳдан қўрқиб, ўша ишини дарҳол тарк этади”.
47. Энди Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар?
Эй инсонлар,Ўзидан қўрқадиган бандалари учун икки гўзал жаннатни яратиб қўйган Аллоҳ таолонинг энди қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар?
48. Улар шох-новдалидир.
Яъни, ўша икки жаннатда дарахтлар кўп бўлиб, уларнинг шохлари мева-чеваларга тўлган, дарахтларнинг новдаси ва барги кўп-лигидан ҳаммаёқ соя-салқин, одамга ором берувчидир. Бу икки жаннатнинг манзараси қуйироқда келадиган мартабаси нисбатан пастроқ бошқа икки жаннатдагидан фарқли равишда сердарахт, сермева ва серсоядир.
49. Энди Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар?
Эй инсонлар, бандаларининг тақвоси ва солиҳ амалларига қараб ана шундай гўзал жаннатларга жойлаган Аллоҳ таолонинг энди қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар?
50. У иккисида икки оқар булоқ бор.
Аллоҳ таоло жаннатийларга аталган тўртта жаннатини сифатлагач, улар орасидаги фарқларга ҳам ишора қилган. Жаннатийларнинг ичишлари ва боғлардаги дарахтлар остидан оқиб туриши учун мазкур аввалги икки жаннатда оқиб турувчи икки серсув ва мусаффо булоқ борлиги зикр қилинади. Пайғамбар алайҳиссалом: “Жаннатдаги анҳорлар мушкдан бўлган тепаликлар остидан оқиб чиқади”, деганлар (Уқайлий ривояти).
51. Энди Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар?
Эй инсонлар, мушк тепаликлари остидан зилол, хуштаъм, мусаффо булоқ ва анҳорларни оқизиб қўйган Аллоҳ таолонинг яна қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар?
52. У иккисида барча мевадан жуфт нав бор.
Аллоҳтаоло айтяптики, Биз яратган олдинги икки жаннатда барча мевалардан жуфт, яъни иккитадан нави бор. Аллоҳ азза ва жалла оятда меваларни хослаб эмас, умумий тарзда айтяпти. Бу мевалар ҳўл ёки қуруқ ёхуд бизлар билмаган бошқа сифатларга ва хилларга эга бўлиши мумкин. Булар ҳам жаннат аҳлининг роҳати, фароғати, хурсандчилиги тўкис бўлиши учун Аллоҳ томонидан берилган неъматлардир.
53. Энди Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар?
Эй инсонлар, мўмин бандалари учун жаннатларда ҳар бир мева хилини бир жуфтдан қилиб яратган Аллоҳ таолонинг энди қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар?
54. Астарлари қалин ипак кўрпачалар узра ёнбошлаган ва икки жаннат мевалари яқин ҳолда бўлишади.
Аллоҳ таолонинг Ўзидан қўрқувчи бандалари яратиб қўйган аввалги икки жаннатида унинг аҳли астарлари истабрақдан, яъни қалин ипакдан қилинган кўрпачалар узра ястаниб-ёнбошлаган ҳолларида жаннат меваларига яқин ҳолда бўлишади. Ушбу оят хусусида Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу шундай дейди: “Астарлари шойидан бўлса, унинг усти қандай экан?”. Жаннат ичидаги мева дарахтлари уларга шунчалик яқин бўладики, жаннатийлар уларни ўтирган ҳолларида ҳам, турган ҳолатда ҳам, ёнбошлаганларича ҳам қийналмай узиб олиб, тановул қилишаверади. Дунё ҳаётида эркакларга ипак киймлар кийиш, ипак кўрпачаларда ўтиришнинг ҳаром қилингани уларнинг жаннатда ана шу неъматлардан бемалол фойдаланиб, лаззат ва оромлари янада юқори даражада бўлиши учундир.
55. Энди Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар?
Тақволи бандалари учун жаннатдаги кўрпачаларнинг астарларини қалин ипакдан қилиб қўйган, мева емоқчи бўлишса, қийналмасликлари учун дарахтларни шундоққина ёнларида ўстириб қўйган Аллоҳ таолонинг энди қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар?
56. Уларда нигоҳларини тийган, аввалда инс ҳам, жин ҳам тегмаганлар бор.
Тақволи бандалар учун Аллоҳ таолонинг жаннатда тайёрлаб қўйган неъматлари фақат юқоридагилар билан чекланмайди. Ўша астарлари ипакдан бўлган кўрпача-тўшаклар устида жаннат аҳли учун аталган оҳукўзли ҳурлар бор. Улар шунчалар иффатли, ҳаёли, афифаларки, ўзларига эгалик қилувчи жаннатий кишидан бошқасига қарашмайди, нигоҳларини ердан узишмайди, хаёллари ҳам бошқа ёққа ҳам кетмайди. Шу билан бирга, улар ҳимояланган, мастура ва покизаки, ўзларига эгалик қилувчи жаннатий кишидан олдин бирор жиннинг ҳам, инсоннинг ҳам қўли тегмаган, назари тушмаган.
57. Энди Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар?
Эй инсонлар, жаннатда мўмин бандалари учун инсон ёки жиннинг қўли тегмаган, нигоҳини тийган ҳурларни яратиб қўйган Аллоҳ таолонинг энди қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар?
58. Улар гўё ёқут ва маржондай.
Жаннатийлар учун жуфти ҳалолликка тайёрлаб қўйилган оҳукўз ҳурлар, яъни ҳури ъийнлар софлик, гўзаллик ва оппоқлиқца худди ёқут ва маржонлар каби бўлишаркан. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Жаннат аҳлидан бўлган аёл (шунчалар гўзалки) болдирининг оқлиги етмишта зийнат ортидан ҳам билиниб туради, ҳатто илиги ҳам кўринади. Бу ҳол Аллоҳ таолонинг ушбу оятида айтилгандекдир. Чунки ёқут шундайин тошки, агар унинг орасидан ип ўтказсанг, софлигидан ўша ип кўриниб туради” (Термизий ривояти).
59. Энди Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар?
Жаннат аҳли учун ана шундай гўзал, соф ва оппоқ ҳурларни жуфти ҳалолликка яратиб қўйган Аллоҳ таолонинг энди қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар?
60. Яхшиликнинг мукофоти фақат яхшиликдир.
Ким ўзга бир инсонга ёки кўпчиликка бир яхшилик қилса, Аллоҳ таоло бунинг эвазига уни кўп яхшиликлар билан мукофотлайди. Бандадан бўладиган яхшилик Аллоҳ таолонинг тоат-ибодатида собитқадам бўлишлик билан юзага чиқса, Аллоҳнинг яхшилиги ўша бандани жаннатга киритиш билан бўлади. Ҳадиси шарифда Пайғамбар алайҳиссалом: «Эҳсон (яхшилик) - Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек, агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб тургандек ибодат қилишингдир», деганлар (Бухорий ривояти). Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким сиздан Аллоҳ номи билан паноҳ сўраса, паноҳ беринглар. Ким сиздан Аллоҳ номи билан (бирор нарса) сўраса, сўраганини беринглар. Ким сизни даъват қилса, ижобат қилинглар. Ким сизга яхшилик қилса, мукофотини беринглар. Агар уни мукофотлайдиган нарса топа олмасангиз, то «уни қилганига яраша мукофотладим» дегунингизча ҳаққига дуо қилинглар», дедилар» (Абу Довуд, Насоий, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривояти). Демак, мўмин киши ҳар лаҳзада, ҳар бир ҳаракати ва ҳаракатсиз турганида Аллоҳ таолонинг назаридан четда қолмаслигига тўла ишонган ҳолда яшаши, шундан келиб чиқиб Парвардигорига тоат-ибодатда бўлиши лозим. Ана шундагина у Аллоҳ таолонинг розилигига эришиб, икки дунё саодатини қўлга киритади.
61. Энди Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар?
Эй инсонлар, дунё ҳаётида яхшилик қилган бандаларига бир неча мартабадаги жаннатларни яратиб қўйган Аллоҳ таолонинг энди қайси неъматлари ёлғонга чиқара оласизлар?
Баъзи муфассирларнинг айтишларича, ушбу сурада зикри келган икки жаннат ва улардаги ҳолатларни ўқиган кишилар бундан «жаннат иккита экан» деган фикрга келмасликлари керак. «Икки жаннат»дан мурод, жаннатнинг ичида баъзи солиҳ кишиларни алоҳида тақдирлаб, бериладиган боғлар назарда тутилган. Чунки араб тилида боғни ҳам «жаннат» дейилади. Шунингдек, жаннатнинг ичида турли мақомлар, яъни олий мақомлар, ўртароқ мақомлар ва қуйи мақомлар бор. Бу ҳақда Воқеа сурасида баён қилинади. Суранинг қуйида келадиган оятларида эса юқорида зикр қилинган олий даражадаги жаннатлардан кейин мартабаси қуйи жаннатлар ва улар-даги мавжуд ноз-неъматлар ҳақида сўз кетади.
62. У иккисидан қуйироқда яна икки жаннат бор.
Ушбу суранинг 46-оятида Аллоҳдан қўрққан бандалар учун иккитадан жаннат борлигининг баёни келган эди. Энди ўша иккитасидан қуйироқда ёки пастроқ даражадаги яна бошқа икки жаннат борлиги зикр қилинмоқда. Ушбу жаннатлар ҳақида ҳам турлича фикрлар билдирилган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Аввалги икки жаннатдан даража-мақоми пастроқ бўлган яна икки жаннат бор. Бу жаннатлар ҳам Аллоҳдан қўрққан бандалар учундир. Аввалги икки жаннатда хурмо ва мевали дарахтлар ўсади, кейинги икки жаннатда экинзор ва ўсимликлар, ёйилиб тўшалган нарсалар бор”. Мавридий эса шундай фикр билдиради: “Балки қуйироқдаги икки жаннат - жаннатийлардан мартабаси пастроқ бўлган мангу ёш хизматкор болалар учундир. Шунда эркак ва аёл хизматчилар алоҳида бўлишади”. Ибн Зайд эса бундай деган: Юқоридаги икки жаннат олтиндан бўлиб, у Аллоҳга яқин (муқарраб) бандалар учун, қуйидаги икки жаннат кумушдан бўлиб, ўнг томон эгалари учун”. Саъид ибн Жубайр, Абу Мусо Ашъарийлар ҳам шунга ўхшаш фикрни айтишган.
63. Энди Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар?
Эй инсонлар, Ўзидан қўрқадиган муқарраб бандалари учун иккитадан, Ўзига тақво қиладиган ўнг томон эгалари учун бошқа яна иккитадан жаннатни яратиб қўйган Аллоҳ таолонинг яна қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар?
64. Иккиси тўқ яшилдир.
Кейинги икки жаннатнинг дарахтлари шунчалик қуюқ, ям-яшил, сершох, серяпроқ бўладики, одамнинг кўзига тўқ яшил бўлиб кўринади. Аслида жаннатлар орасидаги фарқлар бундан ҳам кўпроқ, пастдаги жаннатлар ҳам юқорисидагига ўхшаб кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган неъматларга эга бўлиши мумкин. Буларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг ғайб илмларидандир ҳамда уларнинг барча ҳикмати ва васфи қиёмат куни аниқ бўлади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам: “Аллоҳ азза ва жалла: “Солиҳ бандаларим учун уларга берган нарсаларимдан ташқари заҳира қилиб кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган ва бирорта инсоннинг хаёлига ҳам келмаган нарсаларни тайёрлаб қўйганман” деяпти”, дедилар ва сўнгра ушбу оятни ўқидилар: “Уларнинг крлиб ўтган амалларига мукофот сифатида улар учун яшириб кўйилган кўзлар кувончини бирор жон билмайди” (Сажда, 17)”.
65. Энди Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар?
Эй инсонлар, сизлар учун охиратда кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган ва бирор инсоннинг хаёлига келмайдиган нарсаларни тайёрлаб қўйган Аллоҳ таолонинг энди қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар?
66. У иккисида отилиб турувчи икки булоқ бор.
Суранинг 50-оятида мартабаси баландроқ олдинги икки жаннатда икки оқар булоқ борлиги айтилган бўлса, ушбу ояти каримада кейинги икки жаннатда иккита отилиб турувчи булоқ борлиги зикр қилинмоқда. Қуртубийнинг айтишича, оқиб туриш отилиб туришдан пастроқдир. АллоҳЎзи яратган жаннатларнинг фарқини кўрсатишда бандалари эътиборини шуларга ҳам қаратган.
67. Энди Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар?
Эй инсонлар, ҳатто жаннатдаги булоқларни ҳам жаннатийларнинг мақом-мартабаларига яраша фарқл и қилиб яратган Аллоҳ таолонинг яна қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар?
68. Икковларида мева-чева, хурмо ва анорлар бор.
Суранинг 52-оятида Аллоҳ таоло жаннатий бандаларига гўзал боғлардаги меваларни бир жуфтдан қилиб яратгани ҳақида баён этган бўлса, ушбу ояти каримада энди меваларни умумий қилмай, хослаган ҳолда мева-чевалардан хурмо ва анорлар ҳам борлигини зикр қиляпти. Абу Умома Бохилийнинг Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят қилган ҳадисида шундай келган: “Тубо жаннатдаги дарахтдир. Бирорта ҳовли йўқки, унинг шохи етган бўлмаса, бирорта чиройли қуш йўқки, унинг шохида бўлмаса, бирорта мева йўқки, унинг шохида пишмаса”.
69. Энди Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар?
Жаннатий бандалари учун гўзал боғларда турфа хил меваларни, хурмо ва анорларни яратиб қўйган меҳрибон Аллоҳнинг энди қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар?!
70. Уларда хушхулқ, гўзаллар бор.
Ўша икки жаннатда Аллоҳнинг тақволи бандалари учун аталган хуш хулқли, гўзал юзли қизлар бор. Агар Аллоҳнинг Ўзи уларни хушхулқ, гўзал деб сифатлаб бераётган экан, ким яна уларни таърифлаб бера олади, ким тасаввур қила олади? Ҳеч ким бунга эриша олмайди. Саид ибн Абу Омир ушбу ояти карима ҳақида шундай дейди: “Агар жаннатдаги хушхулқ гўзаллардан биттаси осмондан кўринса, осмонни ёриштириб юборади, юзининг нури қуёш ва ойдан устун келади, унинг ёпинчиғи дунё ва ундаги ҳамма нарсадан яхшидир”. Аллоҳ таолонинг ушбу оятини Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Соффат сурасининг 49-ояти билан тафсир қилади: “улар ўраб қўйилган тухум кабидирлар”.
71. Энди Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар?
Ўзидан қўрққан жаннатий бандалари учун у ерда ана шундай хушхулқ ва чиройли аёлларни тайёрлаб қўйган Аллоҳ таолонинг энди қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар?!
72. Чодирларда асралган ҳурлар бор.
“Чодирларда асралган ҳурлар” ҳақида Ҳаким Термизий шундай дейди: “Ривоятларда келишича, раҳмат томчиларидан яралган булут Аршдан туриб ёмғир бўлиб ёғади. Сўнг ҳар бир ҳурга анҳорлар бўйида кенглиги қирқ мил бўлган чодирлар курилади. Бу чодирларда бирорта эшик бўлмайди. Қачонки, Аллоҳнинг дўсти жаннатга кирса, фаришталару хизматчилардан бирортасининг кўзи уларга тушмаганини билдириш учун чодирлар унинг кўз ўнгида очилади. Дарҳақиқат, улар махлуқларнинг кўзларидан беркитилгандир” (Ҳаким Термизий, “Наводирул-усул”).
73. Энди Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар?
Ўзининг тақволи бандалари учун жаннатда чодирларида асралган ҳурларни яратиб қўйган Аллоҳ таолонинг энди қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар?!
74. Илгари уларга инсон ҳам, жин ҳам тегмаган.
Аллоҳ таоло жаннатийлар учун яратиб қўйган оҳу кўзли, хулқи ҳам, юзи ҳам, қомати ҳам гўзал ҳурлар эшиги йўқ чодирларда бўлажак хожаси учун асраб турилади. Ўша покиза ва гўзал ҳурларга бундан олдин инсон ҳам, жин ҳам қўл теккизмаган бўлади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Жаннатда “лаъба” деб аталувчи бир ҳур бор. Агар у денгизга туфласа, суви ширин бўлиб кетади. Унинг дудоғига “Ким мени хоҳласа, Парвардигоримга итоат қилсин” деб ёзиб қўйилган”.
75. Энди Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар?
Итоаткор ва тақволи бандалари учун жаннат боғларида ана шундай гўзал ва бокира ҳурларни яратиб қўйган Аллоҳ таолонинг энди қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар?
76. Яшил болишларга ва гўзал гиламлар узра ёнбошлаган ҳолдадирлар.
Суранинг 54-оятида даражаси баландроқ аввалги икки жаннат аҳлининг астарлари қалин ипаклардан кўрпачалар узра ётишлари зикр қилинган бўлса, ушбу ояти каримада энди жаннатийлар яшил болишлар ва гўзал гиламлар узра ёнбошлашлари баён қилиняпти. Албатта, бу мақом ипак астарли кўрпачаларга ёнбошлашдан пастроқ мақомдир. Муфассирлар “Аниқки, ипак-шойи кўрпачалар гиламдан яхшироқ”, дейишган. Шу боис, инсонлар фақат жаннатга кириш учунгина эмас, балки жаннатдаги олий мақомларга эришиш учун ҳам ҳаракат қилишлари керак бўлади.
77. Энди Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар?
Эй инсонлар, аввалги икки жаннатида тақводор бандалари учун ипакли кўрпачаларни, кейинги икки жаннатида эса яшил болишлар ва гўзал гиламларни тайёрлаб қўйган Аллоҳ таолонинг энди қайси неъматларини ёлғонга чиқара оласизлар?
Аллоҳ таоло Ўзидан қўрқувчи бандалари учун яратиб қўйган олдинги ва кейинги иккитадан жаннатлар қайсилар, деган саволга муфассирлардан Муқотил: “Аввалги икки жаннат Адн ва Наъим жаннатларидир, кейинги иккитаси Фирдавс ва Маъво жаннатларидир”, деган. Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Агар сўрасанглар, Фирдавс жаннатини сўранглар...” деган ҳадислари далолат қилади.
78. Улуғлик ва икром эгаси бўлмиш Парвардигорингнинг исми баракотли, улуғ бўлди.
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан Зул Жалоли вал икром (Улуғлик ва икром эгаси)нинг зикри келган. Аллоҳнинг гўзал исмларини икки қисмга бўлишимиз мумкин. Бир қисми У зотнинг куч-қудратига ишора қилса, иккинчи қисми камолотига ишора қилади. Камолотнинг барча турини «ал-Икром» исми, куч-қудратнинг барча кўринишини эса, «Зулжалол» исми ўзида мужассам қилади. Ушбу исм Қуръони каримнинг икки жойида, яъни ушбу суранинг 27 ва 78-оятларида зикр қилинган. Ривоятларда келишича, «Зул Жалоли вал икром» «Исми аъзам»дандир. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: у киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ўтирганларида бир киши намоз ўқидида, сўнгра: «Аллоҳумма инний асалука бианна лакал ҳамду ла илаҳа илла антал маннону бадийъус самавати валарзи йа зал жалоли вал икром йа ҳаййу йа қаййуму» деб дуо қилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳақиқатан, у Исми аъзам билан Аллоҳга дуо қил-ди. Агар у билан дуо қилинса, ижобат қилинади. Ва агар у билан сўралса, берилади», дедилар (Дуонинг маъноси: Аллоҳим, мен Сендан сўрайман. Албатта мақтов Сен учундир. Сендан бошқа илоҳ йўк,. Сен сахий ва Еру осмонни яратган зотсан. Эй улуғлик ва икром эгаси, эй тирик ва барҳаёт сифатли Зот.) (Абу Довуд ва Насоий ривояти).
Имом Абул Баракот Насафий «Мадорик» тафсирида ар-Раҳмон сураси тафсири сўнгида қуйидаги фикрни ёзиб қолдирган: «Фа би-аййи алааи Роббикумаа туказзибаан» ояти ушбу сурада ўттиз бир марта такрорланди, шулардан саккиз мартаси Аллоҳнинг ажойиб санъати, қудрати, халойиқнинг яратилиши, уларнинг қайта тирилиши зикридан кейин, еттитаси эса дўзах ва унинг қийинчиликлари зикридан кейин (дўзахнинг эшиклари еттитадир), ундан кейинги саккизтаси эса жаннат ва унинг аҳли зикридан кейин (жаннатнинг эшиги ҳам саккизтадир) келган. Сўнгги саккизтаси эса мартабаси пастроқ жаннат ва унинг васфидан кейин келган. Ким аввалги саккизтага эътиқод қилса ва унга яраша амал қилса, Аллоҳ таоло унга жаннат эшикларини очиб, дўзах эшикларини ёпади».
Алий каррамаллоҳу важҳаҳудан қилинган ривоятда келишича, Пайғамбар алайҳиссалом: «Ҳар бир нарсанинг келини бор, Қуръоннинг келини ар-Раҳмон сурасидир», деганлар” (Байҳақий ривояти). Чунки худди келинлар ўз безак ва зийнатлари билан бошқалардан фарқланиб турганидек, бу сураи карима ҳам ўзига хос гўзал услуби билан бошқа суралардан ажралиб туради.