loader

052. Тур сураси

Маккада нозил бўлган, 49 оятдан иборат
Тур - Синай ярим оролидаги Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссалом билан сўзлашган бир тоғнинг номи. Қуръони каримнинг эллик иккинчи сураси шу ном билан аталган, Маккада нозил этилган, 49 оятли. Бошқа маккий суралар каби бу сура ҳам имон асослари, пайғамбарлик, қайта тирилиш каби масалалар ҳақида сўз юритади. Асосан охиратдаҳшатлари,ундагинеъматваазоблар,бахтлилар ва бадбахтларнинг оқибати, борадиган жойлари, ҳақ билан ботил ўртасидаги кураш, Пайғамбар алайҳиссаломнинг шахслари ва рисолатлари ҳақида мушриклар қўзғаган шубҳалар ҳақида сўз кетади. Сура аввалида Аллоҳ таоло беш нарсага қасамёд қилиб, қиёмат кунида кофирлар устига тушадиган азоб ҳақ эканини уқтиради. Сўнгра тақво эгалари учун тайёрлаб қўйилган жаннат ва унда кечадиган мангу саодатли ҳаёт ҳақида сўз боради. Сурада, шунингдек, Қуръони каримга имон келтирмаган ва Муҳаммад алайҳиссаломни ёлғончи қилган кимсаларнинг барча даъволари пуч-асоссиз экани рад этиб бўлмас далиллар билан очиб берилади, Пайғамбар алайҳиссаломга Аллоҳ таолонинг Ҳукми илоҳийясига сабр қилиш буюрилади.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
(Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман)

1. Турга қасам
Аллоҳ таоло ушбу суранинг муқаддаслик руҳини ошириш учун пайғамбари Мусо алайҳиссалом билан роз айтишган (сўзлашган) Тур тоғига қасам ичмоқда. Табарий тафсирида зикр қилинишича, Тур - Мисрнинг Синай ярим оролидаги, Қизил денгизга туташ тоғ номи. Қуръони каримнинг Бақара сурасида (63-оят) ҳам зикр этилган. «Тури Сайно», «Тури Сино», «Тури Синин», «Мусо тоғи» деб ҳам аталади. Миср ва Айла шаҳри ўртасидаги бу муборак тоғда Мусо алайҳиссалом Аллоҳ таоло билан роз айтишган. Ўшанда Мусо алайҳиссалом Аллоҳ таолодан «Жамолингни кўрсат», деб сўраган. Шунда Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло «Мени сира кўра олмайсан, лекин тоққа назар сол, агар у ўрнида собит тура олса, шунда Мени кўрасан» деб Турга назар солганида, тоғ чидамаган экан.

2. сатрланган китобга қасам;
Аллоҳ таоло сатрланган, яъни ёзилган-битилган китобга ҳам қасам ичмоқда. Муфассирлар оятдаги “китоб”дан нима кўзда тутилгани ҳақида бир неча фикр айтишган. Баъзилари “Китоб деганда Лавҳул-Маҳфуз назарда тутилган” дейишса, бошқалари бундан мурод, Қуръони каримдир, дейишган. Ислом эътиқоди бўйича, Лавҳул-Маҳфуз Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги илоҳий тақдирлар битиб қўйилган лавҳ бўлиб, Қуръони карим ҳам дастлаб Лавҳул-Маҳ-фузда бўлган. Бу ҳам сурадаги муқаддаслик руҳини оширадиган омилдир.

3. ёзишга тайёрланган терига;
Яъни, Аллоҳ таоло «ёзишга тайёрланган терига, теридан тайёрланган саҳифага» ҳам қасам ичмоқда. Бунинг ажабланарли жойи йўқ, чунки қоғоз кашф қилинишидан олдин барча битиклар, шу жумладан Қуръони каримнинг пайдар-пай тушиб турган оят ва суралари дастлаб ваҳий котиблари бўлмиш саҳобалар томонидан тери, силлиқ япалоқтош, тахта, суяк каби нарсаларга ёзиб борилган.

4. ва Байтул-маъмурга қасам;
“Байтул-маъмур” сўзи луғатда «обод уй» маъносини билдиради. Маккадаги Каъба устида, еттинчи осмондаги Аллоҳнинг уйи Байтул-маъмур деб аталади. Уни Аллоҳ таолонинг амри билан Одам алайҳиссалом бино қилгани, Нуҳ пайғамбар замонларида рўй берган тўфон балосида Аллоҳ таолонинг фармони билан фаришталар уни осмонга олиб чиқиб кетишгани ҳақида ривоятлар бор. Унинг Обод уй деб аталишига сабаб, уни ҳар куни етмиш минг фаришта тавоф қилишидир. Байтул маъмур - Обод уйнинг нима экани Набий алайҳиссаломнинг ҳадисларида келган. Суддий айтади: «Бизга зикр қилинишича, Пайғамбар алайҳиссалом бир куни саҳобаларига: “Байтул маъмур - Обод уй нима, биласизларми?” дедилар. Улар: “Аллоҳ ва Унинг Расули билувчидир”, дейишди. Шунда у зот: “У осмонда, Каъбанинг қоқ тепасидаги масжиддир. Агар қуласа, Каъбанинг устига тушади. Унда ҳар куни етмиш минг фаришта намоз ўқийди. Бир кириб чиққанларидан сўнг яна қайтиб кира олмайдилар”, дедилар». Байтул маъмурнинг зикри Набий алайҳисса-ломнинг Исро кечасидаги ҳадисларида ҳам келади. У зот ўша уйни кўрадилар, фаришталарнинг тавофи Байтул маъмур эканини айтадилар. Яна ўша уйга Иброҳим алайҳиссалом суяниб ўтирганларини кўрганларини ҳам айтганлар.

5. ва кўтарилган шифтга қасам;
«Кўтарилган шифт» деганда осмон ёки дунёнинг шифти ё Аллоҳнинг Арши тушунилади. Ҳадисларнинг далолатича, бунда жаннатнинг шифти ҳам англашилади. Ерни уй деб тасаввур этсак, бу бепо-ён осмон худди шифтга ўхшайди. Бу қасамда эътиборни осмонни Яратган Зотнинг қудратига тортиш бордир.

6. ва тўлдирилган денгизга қасам.
Ояти каримадаги «масжур» сўзини айрим уламолар «тўлдирилган» деб, баъзилари «олови қиздирилган» деб, бошқа бирлари эса “суви оқизилган, бўшатиб қўйилган” деб шарҳлашади. Буларнинг ҳаммаси ҳам оятда ирода қилинган маънога жавоб беради. Мана, ҳозир денгизлар тўла турибди, қиёматда эса улар суви оқизиб юборилиб, ловуллаб ёниб туради. Буларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг чексиз қудратига далилдир.

7. Парвардигорингизнинг азоби албатта бўлувчидир.
Аллоҳ таоло юқоридаги оятларда зикр этилганидек, бир неча нарсаларга қасам, деганидан қиёмат куни динсиз ва кофир кимсаларга Ўзининг азоби муқаррар келишининг хабарини беряпти. Бунга улар шубҳа қилмай қўяқолишсин, Парвардигорингизнинг ваъдаси ҳақдир, У нима ҳақда огоҳлантирган бўлса, у албатта амалга ошади. Худди шу каби осий ва гуноҳкорларга қиёмат куни бериладиган азоб ва жазолар ҳам ҳақдир!

8. Уни қайтарувчи йўқдир.
Еру осмонларда бирор зот йўқки, у куфр аҳлини Аллоҳнинг азобидан қутқара олсин! Ким Аллоҳга итоатсизлик қилиб, Унинг амрларини инкор қилган бўлса, бутун оламларни яратган Парвардигор уларни дунёда ҳам, охиратда ҳам азоблайди. Бирор куч Аллоҳнинг азобидан қутқариб қолишга қодир эмас!
Абу Бакр Абуд Дунёнинг ривоят қилишича, кечаларнинг бирида ҳазрати Умар одатларига кўра Мадинаи мунаввара кўчаларини айланиб юрган эканлар. Мусулмонлардан бирининг ҳовлиси ёнидан ўтиб кетаётиб, ҳовли эгасининг намоз ўқиётганини эшитибдилар. Тўхтаб, қироатга қулоқ солибдилар. Уй эгаси «Ват-Тур»ни ўқиб, «Инна азааба Роббика лавақиъ, маа лаҳуу мин даафиъ»га етганда ҳазрати Умар: «Каъбанинг Парвардигори ила қасамки, бу ҳақ қасамдир», дебдилар ва эшакларидан тушиб, деворга суяниб қолибдилар. Бир муддат шу ҳолатда туриб, сўнгра уйларига қайтибдилар. Шундан кейин бир ой касал бўлиб ётган эканлар. Йўқлаб келганлар у кишининг нима билан хасталанганини ҳам билишмас экан. Пок ва таъсирчан қалбларга Қуръон ана шундай таъсир этади.

9. У кунда осмон титраб, чайқалади.
Қиёмат қойим бўлиши олдидан осмон ниҳоятда қаттиқ титрай бошлайди, кейин қарсиллаб ёрилиб кетади. Қиёмат кунининг даҳшатидан тасаввуримизда сокинлик, мустаҳкамлик тимсоли бўлган осмонларнинг ёрилиб кетиши инсон ақлига сиғмайдиган ҳодисадир. Унинг титраб, жойидан силжиб чирпирак бўлиб кетиши олдида ожиз инсоннинг чиранишлари қаёққа ҳам борарди?

10. Ва тоғлар ҳам сайр қилиб юради.
Тоғлар ҳам қиёмат кунининг даҳшатидан жойидан силжиб, парчаланиб, самода тўзиган парлар каби учиб юришини бир тасаввур қилиб кўринг. Одатда “тоғ” деганда жуда муаззам, зил-замбилдай оғир, ўрнидан силжитиб бўлмайдиган метин нарса тушунилади. Лекин қиёмат қойим бўлганида ана шундай маҳобатли тоғлар ҳам жойидан силжиб, ҳавода пардек учиб юраркан.

11. Ўша кунда ёлғонга чиқарувчиларга ҳалокат бўлсин!
Аллоҳга имон келтирмаган кофир кимсалар ўз жоҳилликлари ва ғофилликлари туфайли атрофларидаги турли мўъжизаларни кўришни истамас, қиёмат ҳақидаги огоҳлантиришларга қулоқ солишмас эди. Улар Пайғамбарни ҳам, Аллоҳнинг Китоби Қуръонни ҳам, қиёматни ҳам, ўлгандан кейин тирилишни ҳам ёлғонга чиқариб, буларни инкор қилишгани учун ояти каримада “ёлғонга чиқарувчилар” деб сифатланмоқда. Улар дунёда ҳам кулфат-балолар ичра бўлишади, охиратда ҳам улар ҳалокатли оқибатга учрашади, мангу қийноқ жойи бўлмиш дўзахга ташланишади.


12. Улар шўнғишиб ўйнайдиганлардир.
Ояти каримадаги «хавз» сўзи луғатда «шўнғиш» маъносини билдиради. Бундан маълум бўладики, кофир ва мушрик кимсаларнинг ҳамма ишлари ёлғон асосига қурилган, улар ҳамиша ёлғонга шўнғиб юришади. Қалбида имон бўлмагани учун ўйин-кулги, кўнгилхушлик ва ботил ишларни ҳаётларининг мазмуни қилиб олишган. Бошқача айтганда, уларнинг ботил ақидалари, тасаввурлари, фикрлари ўйиндан бошқа нарса эмас эди, жиддий эътибор беришга лойиқ ҳам эмас. Ҳақиқий исломий тасаввургина инсониятни ёлғонга шўнғишдан, бефойда ўйин асосидаги сохта ҳаётдан қутқариб қолиши мумкин.

13. У Кунда улар дўзах оловига ҳайдалишади.
Қиёмат куни бу дунёда азиз умрини ва қимматли ҳаётини ўйин-кулги билан совурган, охират ҳақида заррача ғам чекмаган бандаларга ҳасрат устига ҳасрат бўлади. Дўзах посбонлари уларга ниҳоятда қаттиққўллик билан, қўпол муомалада бўлишади, таҳқир ва хўрлашлар билан дўзах сари ҳайдаб кетишади. Улар шундай ночор ҳолда бўлишадики, дунёда ишонмай юрган нарсалари кўз ўнгиларида содир бўлиб турибди, посбонлардан умрларида эшитмаган ғазабнок таънадашномли сўзларни эшитишяпти. Дўзахга кирмасликнинг эса иложи йўқ, Оятдаги «юдаъъууна» сўзи «куч билан орқасидан итариш» маъносини билдиради. Шунга кўра, дўзахийлар қўрққанларидан ортга қочмоқчи бўлиб тисарилишади, азоб фаришталари эса уларни ортларидан туртиб, куч билан дўзах олови томон итаришади.

14. «Сизлар ёлғонга чиқарган дўзах шу бўлади;
Дўзахийлар ана шундай ночор ва танг ҳолда нима қилишларини билмай туришганида уларга “Сизлар дунёда ёлғонга чиқариб, ишонмай юрган дўзах мана шу бўлади, энди у сизлар учун мангу азоб жойига айланган”, дейилади. Имом Абу Ҳомид Ғаззолий “Иҳёу улумид-дин”да шундай ёзади: “Гуноҳкор бандаларнинг қиёмат ҳақида эшитганлари кўз ўнгиларида содир бўляпти. Бирдан улар устига олов ёлқини “кўлка” ташлайди. Дўзахнинг ҳовурли нафасини эшитадилар. Бўкирикка ўхшаш бу нафасдан ғазаб учқунлари сачрайди. Ана шунда мужрим бандалар ваъда қилинган ҳалокатга узил-кесил ишонадилар”.

15. бу сеҳрми ёки сизлар кўрмаяпсизларми;
Дўзахийлар кўз ўнгиларида содир бўлиб турган даҳшатли воқеаларни кўриб, дунё ҳаётида охират ҳақидаги эслатмаларни ёлғонга чиқарганларини, қиёмат воқеаларини сеҳр ёки афсона санаб юрганларини афсус билан ёдга олишади. Аммо энди аҳволларини ўнглашни, воқеаларни ортга қайтаришнинг мутлақо иложи йўқ. Охират дунёсининг бўлишига ишонмаганлари учун унга тайёргарлик ҳам кўришмаган, дунёдаги вақтинчалик ҳаётни фақат ўйин-кулги, гуноҳ ишларга совуришган. Мана энди қиёмат ва охиратни ҳазил санаганлари, уларни эртак ёки афсона деганлари учун дўзахда абадий азобланишга гирифтор бўлиб туришибди.

16. Унда куйинглар! Чидайсизларми, чидамайсизларми сизларга энди барибир. Қилиб ўтган амалларингизнинг жазо-сини оласизлар, холос».
Энди гуноҳкор дўзахийлар учун мангу оловда куйишдан бошқа йўл ҳам, илож ҳам қолмаган. Уларнинг дунёдаги осийликлари, куфр ва ширклари ана шу қисматга рўбарў қилди. Улар дўзахнинг аламли азобларига чидашадими ёки йўқми, бу уларнинг қийноқларини асло осонлаштирмайди. “Ҳар ким экканини ўради” дейилганидай, улар дунё ҳаётидаги қилмишлари жазосини тўла-тўкис олишга маҳкумдирлар. Аллоҳ таоло бандалари орасида дунё ва охиратда адолат билан ҳукм қилади, бунда ҳеч кимга заррача зулм қилмайди. Бирор кишига бошқа бировнинг гуноҳини юкламайди. Банда-нинг гуноҳидан кўпроқ жазога тортмайди. Ҳақларни ўз эгаларига қайтариб ҳукм қилади.

17. Тақводорлар жаннатларда, неъматлар ичидадир.
Ушбу ояти карима дўзах аҳлининг ана шундай қийноқ ва азобларга дучор бўлиб, шармандаси чиқиб турган бир пайтда Аллоҳдан қўрқувчи, Унга итоат ва ибодатда бўлган тақволи мўминларнинг ҳоли қандай бўлишини васф қилади. Бу жаннатлар Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига, Қуръони каримга, охиратга имон келтирган, Парвардигорларидан қўрққан ҳолларида дунёда Аллоҳнинг амрида қатъий турган, гуноҳлардан тийилган, солиҳ амаллар ва эзгу ишлар қилган холис бандалар учун аталган. Жаннатийлар у ерда шунақанги иззат-икром ичра бўлишадики, буни таърифлашга сўз ҳам ожизлик қилади. Охират неъматларининг энг олийси Аллоҳнинг жамолини кўришдир. Ибн Амрдан ривоят қилинган ҳадисда: “Аллоҳга энг мукаррам бўлган киши Аллоҳга эртаю кеч тикилиб ўтиради”, дейилган.

18. Парвардигорлари уларга берган нарсалардан ҳузурдадирлар. Парвардигорлари уларни дўзах азобидан сақлагандир.
Жаннат аҳли у ерда ўзларига Аллоҳ таоло томонидан ато этилган барча неъматлар, гўзал атолар ҳузур-ҳаловат ичра яшашади. Бундан ҳам улуғ мукофот эса Аллоҳ таолонинг уларни дўзахда азобланишдан сақлаб қолганидир. Жаннат неъматларини, у ердаги фазл-марҳаматларни таърифлаш қийин. Жаннат улуғ маскан, барча мўминлар кўз тиккан макон бўлгани учун у ердаги беҳисоб неъматлар, оҳу кўзли ҳурлар, кўшклару булоқлар эгаларига мунтазир туришибди. Аммо жаннатни қанчалар орзу қилмайлик, у ерга киришни хоҳлашнинг ўзигина кифоя қилмайди. Унинг маҳри сиз билан биз яшаб турган дунёдир. Унинг қиймати шу дунёда тўланади. Ҳазрати Алий “Биз бу дунёни яхши кўрамиз, чунки у дунёни (яъни жаннатни) шу дунёда топамиз”, деган эди. Аммо жаннатни соғиниш бу дунёдан кечиш, дегани ҳам эмас, балки бу дунё муҳаббатининг қалбга киришидан сақланиш лозим бўлади.

19. «Енглар, ичинглар, ош бўлсин, бу қилган амалларингиз эвазигадир».
Жаннатдаги биридан зилол ва хуштаъм сув, биридан ширин сут, биридан мусаффо асал, бошқасидан маст қилмайдиган шароб оқиб турадиган чашмалар олдида соқий фаришталар май қадаҳларида жаннатийларни суғориб туришади. Аллоҳ таоло уларга яхши кўрган нарсалари билан хитоб қилиб, гўё: “Агар имон келтирсангиз, сизларга охиратда бу дунёда яхши кўрган нарсаларингизга ўхшаши бўлади”, демоқда. Жаннатда тақволи бандалар учун турфа мевалар борки, уларнинг таърифи дунёдаги меваларга ўхшамайди. Уларга фаришталар томонидан шундай сўзлар айтиб турилади: “Енглар, ичинглар, ош бўлсин, бу гўзал жаннатлар ва неъматларнинг бари сизларнинг дунё ҳаётидаги солиҳ амалларингиз, эзгу ишларингиз ва яхшиликларингизнинг мукофотидир”.

20. Улар қатор тизилган сўриларда ёнбошлаб ётишади. Ва уларни охукўз ҳурларга жуфтлаб қўямиз.
Жаннатийлар остларидан анҳорлар оқиб турган дарахтлар соясига қўйилган қатор тизилган сўриларда ястанган, ёнбошлаган ҳолларида роҳатланиб ўтиришади. Айрим муфассирлар: “Оиласи билан қандай хоҳласа, шундай ўтиради, ҳеч ким бир-бирининг ортига қарамайди”, дейишган. Жаннат сўрилари ҳақида Ибн Аббос розияллоху анҳумо айтади: “Сўрилар дур, ёқут ва забаржаддан безалган. У сўриларнинг ҳар бири Санъодан Жобиягача ва Адандан Айлагача бўлган оралиқ масофача келади”.
Баъзи муфассирлар “Жаннатдаги иззат-икромдан мурод, ҳурларнинг уларга никоҳлаб берилишидир”, дейишган. Жаннатда унинг аҳлига аталган оҳукўзли, ниҳоятда гўзал ва хушбичим ҳурлар бўладики, улар кўзларини бегона эркакка қаратмайдилар, яъни нигоҳларини бошқаларга қаратишдан тийиб, ҳамиша қуйи тушириб, ерга қараб юрадилар. Ибн Зайд айтадики, “Ўша оҳукўз ҳурлар эрларига: “Аллоҳимнинг иззатига қасамки, жаннатда сендан гўзалроқ ҳеч нарса кўрмаяпман”, дейди».

21.Ўзлари имон келтириб, зурриётлари уларга имон билан эргашганларга зурриётларини ҳам қўшамиз ва уларнинг амалларидан бирор нарсани камайтирмаймиз. Ҳар бир киши қилган амали билан гаровланган.
Аллоҳ таоло бу оятда дунёда имон келтирган инсонларга зурриётларини эътиқодда тобеъ этиб, охиратда улар билан бирга қили-ши ҳақида хабар берди. Бу билан мусулмонларнинг имонли зурриётлари ҳам жаннатдалиги билинади. Яҳё ибн Исҳоқдан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Парвардигоримдан менга жаннат ва дўзахни кўрсатишини сўрадим. Тушимда менга Жаброил ва Микоил алайҳисса-ломлар келиб, “Юр, эй Абул Қосим!” дейишди. Мен гўдакларнинг шовқин-суронини эшитиб, “Булар кимлар, эй Жаброил?” дедим. “Улар мусулмонларнинг ота-оналаридан олдин вафот этган зурриётлари. Улар ота-оналарига қўшилгунга қадар Иброҳим алайҳисса-ломнинг қарамоғида бўлади”, деди” (Абу Довуд ривояти). Олтинхон тўра тафсирида шундай дейилган: “Имон келтирган комил бандаларнинг имонли зурриётлари ҳам пешволарининг йўлидан юришса, улардан қолган ишларни охирига етказиш учун саъй-ҳаракат қилишса, гарчи ўзларининг аъмол ва аҳволлари олдингилар даражасига етмаган бўлсада, улар ҳам Аллоҳ таолонинг фазлу карами билан пешволарига қўшилишади. Лекин бу шароитда пешволарининг савоби олиниб, уларга берилмайди. Бу Аллоҳ таоло томонидан ўша пешволарга эъзоз ва икромдир”. Бу дунёда имон-Ислом билан ўтган кишилар жаннатга кирганларидан сўнг яқинларини ахтариб, “улар қаерда қолишди?” деб сўрашар экан. Агар ўшанда зурриётлари ҳам имон билан ўтган бўлса, даражалари унчалик юқори бўлмаса ҳам, Аллоҳ уларни ота-оналарига қўшиб қўяр экан. Лекин айни пайтда ота-оналарнинг амалидан ҳеч бир нарса камайтирилмайди, уларнинг савоблари болаларига олиб берилиб, уларнинг даражаси тенглатилмас экан. Чунки ҳар ким ўзи қилган касб-амалининг гаровидир, амали яхши бўлса, оқибати ҳам яхши бўлади.

22. Ва уларни хоҳлаган мевалари ва гўштлари билан қувватлантирамиз.
Жаннатийлар у ерда истаган меваларини хоҳлаганча истеъмол қилишади, улар Парвардигорлари томонидан турли гўштлар билан таъминлаб, улар қувватлантириб турилади. Албатта, жаннатдаги ноз-неъматлар бу дунёникидан тубдан фарқ қилади. Жаннатийлар учун хоҳлаган мева ёки гўштлар доимо муҳайёдир, излаб ёки танлаб, овора ҳам бўлишмайди. Мужоҳид айтади: “Жаннатда мевалар очиб қўйилади, жаннатийлар қандай хоҳлашса, шундай тановул қилишади. Исташса тик туриб, хоҳлашса, ўтириб, исташса, ёнбошлаб ёки ётган ҳолда ейишади. Зайд ибн Асламдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Жаннат аҳли жаннатга кирса, бўйлари узун хурмо каби олтмиш зироъ бўлади, жаннат меваларидан тик турган ҳолларида тановул қиладилар” (Ибн Муборак ривояти).

23. Улар у жойда қадаҳларни бир-бирларига узатишади. Унда беҳуда гап ва гуноҳ йўқ.
Жаннатийлар у ерда бир-бирларига шароб тўла қадаҳларни узатиб, кўнгилхушлик қилиб ўтиришади, жаннатда беҳуда гап-сўзлар ҳам, гуноҳ ишлар ҳам бўлмайди. Жаннатдаги ноз-неъматлар бу дунёникидан тубдан фарқ қилади, шу жумладан жаннатдаги хамр-шароб ҳам. Бу дунёда шароб ичган кишининг боши оғрийди, кўнгли айнийди, кайфияти бузилади, аъзоларида оғриқ, бемажоллик пайдо бўлади. Боз устига ақлини йўқотиб, эси борлигида қилишга уяладиган турли қилиқларни бемалол амалга оширади, бўлмағур гапларни тилга олади, гуноҳ ишларга қўл уради. Охиратда жаннатийларга бериладиган шаробда эса бундай нохуш ишларнинг биронтаси ҳам бўлмайди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам: “Ким дунёда ипак кийса, охиратда киймайди. Ким дунёда хамр ичса, охиратда ичмайди. Ким тилла-кумуш идишларда ичса, охиратда тилла-кумушда ичмайди”, дедилар. Сўнг “Булар жаннат эгаларининг либослари, жаннат эгаларининг шароблари, жаннат эгаларининг идишларидир”, дедилар” (Насоий ривояти).

24. Ва атрофларида садафдаги дурдек хизматкорлари айланиб юришади.
Жаннатда ҳар бир жаннатийнинг атрофида ниҳоятда гўзал, хуш-хулқли ва сўзлари ёқимли хизматкорлар айланиб юрар, уларнинг ҳар бир истагини сўзсиз бажарар экан. Уларнинг садаф ичидаги дурга ўхшатилишидан мурод, улар терилган дур каби бир хил кат-таликда, бир хил кўринишда, бунинг устига дур каби гўзал қиёфада бўлишидир. Муфассирларнинг айтишларича, жаннатнинг энг қуйи манзилидаги киши атрофида минглаб хизматкорлар лаган тўла ширин таомлар ва жаннат меваларини улашиб юришади.

25. Улар бир-бирларига юзланиб, савол-жавоб қилишади:
Аллоҳ таоло инсонни Ер юзига Ўз халифаси ўлароқ жўнатган экан, бу шарафли вазифани уддалаганлар учун жаннатни тайёрлаб ҳам қўйган. Жаннатийлар баланд сўриларда, момиқ кўрпачалар устида бир-бирларига юзланган ҳолда бу дунёдаги ҳаётлари ҳақида савол-жавоб қилиб ўтиришар экан.

26. «Ҳақиқатан, бизлар илгари аҳли-оиламиз орасида қўрқар эдик.
Жаннат аҳли дунё ҳаётида аҳли-оиласи ва яқинлари даврасида туришганда охиратда бошларига келадиган Аллоҳнинг азобидан, Унинг ҳисобга тортишидан қўрқиб, вужудларини қалтироқ босган. Имом Қуртубийнинг “Тазкира”сида зикр қилинишича, Ибн Ваҳб Ибн Зайддан шундай ривоят қилади: “Аллоҳ таоло жаннат аҳлини бу дунёда қўрқувчи, маҳзун, кўп йиғлайдиган, мушфиқ қилиб қўяди, шунинг оқибатида охиратда неъматланган ва шод бўладилар. Бунга Аллоҳ таолонинг ушбу ояти далилдир”.

27. шунда Аллоҳ бизларга марҳамат қилди ва бизларни самум азобидан сақлади.
Жаннат аҳли Аллоҳ таолонинг ўзларига кўрсатган лутфу марҳаматидан хурсанд ҳолда ўтиришаркан, “бизларни самум азобидан сақлади” деб миннатдор бўлишади. Чунки улар қиёмат ва ундаги азоблардан қўрқиб, дунё ҳаётида Аллоҳдан қўрқишган ва ҳаётларини солиҳ амаллар билан безаб яшашган эди. “Самум” сўзи луғатда «олов каби иссиқ шамол» маъносини билдиради. Бу дўзаҳцаги ловуллаган оловнинг иссиғини ҳам англатади. Қуръони каримда: «(Чап томон эгалари дўзахда тинимсиз эсиб турадиган, баданларни илма-тешик қилиб юборувчи) самум (шамоли) ва қайнок, сув ичидадирлар» (Воқеа, 42), дейилган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо «ас-самум» сўзини кунудузги иссиқ шамол деб тафсир қилган. Дўзах аҳли заққум, самум, қайноқ сув ва олов билан азобланади.

28. ҳақиқатан, бизлар илгари Унга дуо қилардик. Албатта, Ўзи яхшилик қилувчи ва меҳрибон Зотдир».
Бандаларнинг Парвардигорларидан ўзларини дўзах азобидан асрашини сўраб, дуо ва илтижолар қилишлари матлуб ишлардан-дир. Улар ҳамиша Парвардигорларини эслаб, Унинг зикрини қилиб, дуо-илтижолар билан Унга ёлборишган эди. Мана, кўришса, Аллоҳ уларнинг ноумид қолдирмабди, уларни дўзахдаги қаттиқ гармселлардан сақлабди, илтижоларини эшитиб, абадий азобдан қутқарибди. Аллоҳ ана шундан марҳаматли ва раҳмли Зотдир. Аллоҳнинг ар-Раҳийм исми фақат Аллоҳ ва Унинг Расулига имон келтирган, Унинг буйруғини мукаммал бажарган ва нима учун яратилган бўлса ўша узра ҳаёт кечирган банданигина ўз ичига олади.

29. (Эй Муҳаммад), эслатма бераверинг, ахир Парвардигорингизнинг неъмати туфайли коҳин ҳам, мажнун ҳам эмассиз.
Аллоҳ таоло юқоридаги ояти карималарда кофирларнинг қиёмат кунидаги оқибати нима бўлади-ю, ўша кунда Ўзининг тақводорлар бандалари учун қандай мукофотларни тайёрлаб қўйганини баён қилиб ўтгандан сўнг энди суюкли Пайғамбари Муҳаммад алайҳис-саломни Исломни одамлар орасида ёйишда саботли ва матонатли бўлишга буюриб, сиз бўлаётган бемаъни гап-сўзларга парво қилмай “эслатма бераверинг”, яъни оятларимизни мўминларга етказаверинг, демоқда. Айни пайтда кофирларнинг Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга «коҳинсан» ёки «мажнунсан»га қабилидаги ботил туҳматларига эътибор бермасликка ҳам чақирмоқда. Оятдаги “коҳин” сўзи луғатда «ғойибдан хабар берувчи, башоратгўй» маъноларини билдиради. Жоҳилият вақтида жинлар билан мулоқот қилиб, ғайбни билиш даъвосида келажак ишлардан хабар берган кимсалар «коҳин» деб аталган. Саводсиз кишилар бирон иш қилишда унинг оқибатини билиш учун ана шундай коҳин-фолбинларга мурожаат қилишган. Коҳинлик, яъни фолбинлик ширк амаллардан бўлгани учун Ислом шариати уни ҳаром ҳисоблайди. Коҳинлик билан шуғулланиб, келажак ҳақида ёлғон гапирганлар ва уларга ишонганлар улкан гуноҳ (гуноҳи кабира) қилган бўлишади.
Дин душманлари Муҳаммад алайҳиссаломни ҳам ўша коҳинларга ўхшатиб, «Бунинг ҳам жинлар билан алоқаси бор, ваҳий деган нарсаси шу», дейишди. Аллоҳ таоло бу ботил туҳматни рад этиб, Пайғамбарига “Парвардигорингизнинг неъмати туфайли сиз коҳин ҳам эмассиз, мажнун ҳам эмассиз” демоқда. Аллоҳнинг Пайғамбарини мажнунга, ақлдан озганга чиқариш ҳам мушрикларнинг ақл ишонмайдиган туҳматларидир. Аллоҳ динининг музаффарона юришидан таҳликага тушиб қолган дин душманлари нима қилиб бўлса ҳам у зотни ёмонотлиқ қилиш учун инсонлар ишониши қийин бўлган сафсаталарни ўйлаб топишди. Ваҳоланки, илоҳий ваҳийларни қабул қилиб олиб, одамларга етказиш вазифаси юкланган зотни мажнунга чиқаришнинг ўзи энг катта жиннилиқцир.

30. Балки, улар «у бир шоирдир, унга ўлим етишини кутамиз», дейишар?
Ислом илк куртакларини ёза бошлаганида Пайғамбар алайҳис-салом дин душманларининг жуда кўп тазйиқ, таъқиб ва озорларига учрадилар. Мушрик кимсалар у зот келтирган ваҳийларни инкор қилиш учун уларни ёлғонга, ўтганларнинг афсоналарига чиқаришди, Аллоҳнинг Пайғамбарини сеҳргарга, коҳинга, шоирга ва ҳатто ақлдан озган мажнунга чиқаришди. Уларнинг бу тадбирлари ҳам иш бермаганидан кейин мушриклар Маккада Пайғамбар алайҳис-саломнинг издошлари тобора кўпайиб бораётганидан хавфга тушиб, бир-бирларига: «Сабр қилиб, ўз динингизда собит туринглар, унга ўлим етса, биратўла қутулиб қоламиз», деб тасалли беришар эди. Муҳаммад алайҳиссаломни «шоир» дейиш у зотга нисбатан қилинган туҳматларнинг энг кучсизидир. Чунки у зот умрларида асло шеър ёзмаганлар, бунинг устига Куръони Карим шеър ҳам эмас, балки ҳеч бир шубҳасиз илоҳий каломдир.

31. Айтинг: «Кутаверинглар, мен ҳам сизлар билан бирга кутувчиларданман».
Яъни, сизлар менинг ўлимини кутиб, оқибатим қандай бўлишини интизор кутаётган бўлсангиз, мен ҳам сизларнинг оқибатингиз нима билан тугашини кутиб тураман. Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига мушрикларнинг юқоридаги иддаоларига жавобан нима дейишни ўргатмоқда. Ушбу оят Қуръони каримнинг буюк мўъжизаларидан бўлиб қолди. Бу оят нозил бўлган пайтда Ислом эндигина ёйила бошлаган, душманлар эса жуда кўп ва кучли эди. Аммо озгина вақт ўтиши билан Ислом душманлари ҳалок бўлиб кетишди ҳамда Пайғамбар алайҳиссалом ва Ислом музаффар бўлди, ҳақ дин бутун дунёга ёйилди.

32. Балки ақллари шунга буюраётгандир ёки улар туғёнга кетган қавммикин?
Аллоҳ таоло Пайғамбарига хитобан айтяптики, мушриклар ўзларини жуда ақлли санашармикин ёки уларнинг ақллари Ҳақдан юз ўгириш ва Ҳақни келтирган Пайғамбарни коҳин ёки мажнун дейишга буюрармикин? Улар нима деса, деяверсину аммо Ҳақни қабул қилишдан бош тортишларининг ўзи инсоният учун энг катта мусибатдир. Маълумки, Қурайш қабиласи ўзларини ўткир ақл эгалари деб ҳисоблашар, бу билан фахрланиб юришарди. Аммо Исломга қарши чиқишлари, Набий алайҳиссаломга туҳмат қилишлари ақлли кишиларнинг иши эмас, балки қаттиқ туғёнга кетишнинг ўзгинасидир. Шунинг учун ҳам улар Муҳаммад алайҳиссаломни ёлғончиликда, коҳинлиқца, мажнунликда, ҳатто Қуръонни ҳам ёлғондан тўқиганликда айблашяпти.

33. Балки «Уни ўзи тўқиган», дейишар? Йўқ, улар имон келтиришмайди.
Аллоҳнинг Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом Макка мушрикларига Қуръони карим оятларини тиловат қилиб берсалар, улар “Бу асло Аллоҳнинг Каломи эмас, сен буни ўзинг тўқиб олгансан ёки олдингиларнинг қиссаларидан кўчириб олгансан” деб ишонишмасди. Аллоҳ таоло айтяптики, эй Муҳаммад, мушриклар сизнинг Қуръонни ўйлаб топганингизни ва тўқиб чиқарганингизни даъво қилишяптими? Уларга айтинг: “Агар иш сизлар даъво қилаётгандек бўлса, мен сизлар каби бир одамман. Сизлар ҳам ана шундай оятларга ўхшаш бирор гапни келтиринг-чи! Бу ишни қилмоқчи бўлган одамга фақат Аллоҳ таологина ёрдам бермаса, ҳеч ким бундай оятларни келтиришга қодир бўлолмайди. Чунки бу ишга Аллоҳ таолонинг Ўзигина қодирдир. Аммо ўша мушриклар Қуръони каримнинг Аллоҳ таоло томонидан нозил қилинганига имон келтиришдан бош тортишади.

34. Агар ростгўй бўлишса, унга ўхшаш бирор гап келтиришсин-чи!
Яъни, «Қуръонни Муҳаммаднинг ўзи тўқиб олган» деган гапни тарқатаётган ўша мушриклар ваҳийга ишонмаётган эканлар, унда ўзлари ҳам Қуръонга ўхшаш бирор гапни ижод қилишсин-чи! Нима учун деганда, бир одамнинг қўлидан келган ишни бошқаси ҳам бажара олади. Айниқса, оғзаки адабиёт чўққисига чиққан араб дунёсида одамлар сўзамолликда, фасоҳатли сўзлаш, чиройли ўхшатишлар қилишда сўз устаси сифатида ном чиқаришган эди. Ана шундай сўзга уста араб мушриклари ўзларига ўхшаган оддий бир одамнинг ўзини “Пайғамбарман” деб эълон қилганини, бошқаларникига ўхшамаган сўзларни айтаётганини тан олгилари, уларга ишонгилари келмасди. Бунга уларнинг ғурури, кибри, ҳавойи нафслари йўл кўймасди. Ўша пайтда улар Қуръонга ўхшаш сўз ижод қилиш борасида бир тажриба ҳам қилиб кўришган. Ўз замонининг энг кўзга кўринган адиби, араб тили сир-асрорларининг барчасидан хабардор, забардаст шоирларидан бирига ҳамма шароит ва имкониятларни керагидан ортиқча яратиб беришган. Уни бир масканга жойлаб, маълум муддат ҳам белгилашган. Режага кўра, ўша шоир бутун имкониятларини ишга солиб, Қуръоннинг матнига яқин бир матн яратиши лозим эди. Ойлар ўтиб, йил ўтиб, белгиланган муддат келиб, эшикни очиб киришса, ишонган шоирлари мусулмон бўлиб, ихлос билан Қуръон тиловат қилиб ўтирган эмиш. Бу ишни, яъни Қуръонга ўхшаш сўзлар келтиришни ҳозиргача бирор киши уддалай олмаган, бу унинг қўлидан келмайди ҳам. Буни Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръонда айтиб қўйган. Муҳаммад алайҳиссаломнинг пайғамбарликлари чин экани, Қуръони каримнинг илоҳий ваҳий экани кўпгина оятларда ҳужжат-далиллар билан исботлаб қўйилган.

35. Ёки улар Яратувчисиз ўзлари яралиб қолишганми ёки улар яратувчилармиди?!
Имонсиз, мушрик кимсалар худди ўзлари тасодифан, бирор зотнинг иштирокисиз яралиб қолгандай барча махлуқотларнинг ягона Яратувчисини инкор қилишади, Унга имон келтиришмайди. Борлиқда ҳеч бир нарса ёки махлуқ ўз-ўзидан яралиб қолмайди, уни албатта бутун оламларнинг яратувчиси Аллоҳтаоло яратган. Бирор кимсанинг қўлидан одамзод у ёқда турсин, оддий пашшани ёки бошқа бир ҳашаротни яратиш келмайди. Шундай бўлгач, ўша Аллоҳнинг ваҳийларини ва Пайғамбарини ёлғонга чиқараётган кимсалар тасодифан дунёга келиб қолишганмикин ёки уларнинг ўзлари бирор нарсани яратишга қодирмикинлар? Бу саволга даҳрий ва мушрик кимсалар ҳалигача жавоб топа олишгани йўқ!

36. Ёки улар осмонлар ва Ерни яратишганми?! Йўқ, улар имон келтиришмайди!
Аллоҳга осийлик қилиб, илоҳий ваҳийни инкор қилаётган, ёлғонга чиқараётган кимсалардан сўраб кўрингчи, устларидаги бепоён осмонларни, ундаги қуёш, ой, юлдузларни ўзлари яратишганмикин? Ёки миллионлаб инсонлар, ҳайвонлар, қушлар ва ҳашаротлар макон тутган ушбу Ерни ҳам улар ярата олишганмикин? Йўқ, асло улар яратишмаган ва ярата олишмайди ҳам. Буларнинг ягона яратувчиси Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Ана шундай жоҳил кимсаларнинг хатоси шундаки, «Осмонни ким яратган?» деган савол берилса, «Аллоҳ», деб жавоб беришса ҳам, аммо ақидаларида Аллоҳни инкор этаверадилар, Унга имон келтирмайдилар.

37. Ёки улар ҳузурида Парвардигорингизнинг хазиналари борми? Ёки улар бошқарувчиларми?
Аллоҳ айтяптики, ўша кофир ва мушрик кимсалар нега бунчалар имонсизликка боришадики, уларнинг ҳузурида Парвардигорингизнинг хазиналари бормиди? Ёки улар ушбу оламдаги барча жараёнларни бошқариб, тартибга солиб туришяптими? Тўғри, Аллоҳ таолонинг Ўз махлуқларига атаб қўйган хазиналари беҳисоб, аммо улар мўмин бандаларга аталган, уларга эгалик қилиш мушрик ва имонсиз кимсалар уларни тасарруф қилишга, дунё ишларини бошқаришга мукаллаф этилмаган.

38. Балки уларнинг унга чиқиб эшитадиган нарвонлари бордир? У ҳолда ўша эшитувчилари аниқ ҳужжат келтиришсин!
Яъни, Аллоҳнинг Пайғамбари «Мен Аллоҳнинг элчисиман, менга Қуръон оятлари ваҳий бўлиб тушяпти» десалар, мушриклар у зотни масхаралаб, ёлғончига чиқаришган эди. Нега улар Аллоҳнинг элчисига ишонишмайди, унинг сўзларини ёлғон санашади? Нима, уларнинг узун нарвонлари бормики,уни осмонга қўйиб, фаришталардан Аллоҳнинг кимни пайғамбарликка танлаб олганию ваҳийларини ким орқали туширгани ҳақидаги хабарларни эшитиб олишибдими? Шундай эмас экан (ҳолбуки бу ақлга сиғмайдиган ишдир), нимага асосланиб, бундай осийлик қилишади? Агар шундай хабарни эшитишган бўлса, бунга аниқ ҳужжат-далилларини келтиришсин!

39. Ёки қизлар Унгаю, ўғиллар сизларгами?
Жоҳилият замонида араб мушриклари орасида фаришталар Аллоҳнинг қизларидир, деган бузуқ бир ақида бор эди. Боз устига мушриклар қиз фарзанд кўришни умуман хоҳлашмас, ким қиз кўрса, ори келар, ғамга ботар, қавмининг кўзига кўринмасликка уринар эди. Бу ўтакетган жаҳолат ва ёвузлик эди. Ана шундай жоҳил ва ақли ноқис кимсаларга Пайғамбарнинг ҳақ ёки ноҳақлиги ёки Қуръони каримнинг ваҳий ёки ваҳий эмаслиги ҳақида ҳукм чиқаришни ким қўйибди?

40. (Эй Муҳаммад), ёки сиз улардан ҳақ сўраяпсиз-у, улар тўловдан қийналишяптими?
Аллоҳ таолонинг Пайғамбари одамларга Аллоҳнинг рисолатини етказгани учун асло ҳақ олмайди, бунинг мукофотини у Парвардигоридан олади. Шундай бўлгач, мушрик ва кофир кимсалар Аллоҳнинг элчисидан нега юз ўгиришади, ваҳийларни олиб келган зотни таъқиб қилишади? Аллоҳнинг Пайғамбари қилган хизмати учун улардан ҳақ сўраганмидики, улар бу ҳақни тўлашга қийналиб қолишяптими? Ҳолбуки, Пайғамбар алайҳиссалом улардан ҳақ сўрамаганлари ҳолда нега улар Аллоҳга имон келтиришдан бўйин тов-лайдилар, Пайғамбарга қаршилик қиладилар?

41. Ёки ғайб уларнинг ҳузурида-ю, улар ёзиб олишяптими?
Ёки уларда ғайб (яширин олам) илми, яъни Лавҳул-Маҳфуз бормидики, унга ўзлари хоҳлаган исбот-далилларни ёзиб қўйиб, кейин ўша ёзган нарсаларини рўкач қилган ҳолда Аллоҳнинг элчиси билан тортишиб юришибдими? Ҳолбуки, уларнинг ҳеч қандай далил-хужжатлари ва асослари йўқ! Чунки улар ҳар қанча тиришмасин, ғайбни Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билолмайди. Улар фақат нодонлик кў-часида адашиб юришибди, холос. Акс ҳолда, улар бу даъволарини қилмаган бўлишарди.

42. Балки ҳийла кўрсатишни хоҳлашаётгандир? У ҳолда ўша кофирларларнинг ўзлари “ҳийла”га учрашади.
Мушрик кимсалар Аллоҳнинг Пайғамбари Муҳаммад алайҳис-саломга, Унинг дини бўлмиш Исломга, мусулмонларга қарши турли ҳийла-найранглар қилишни хоҳлашади ва бу ҳийлалари билан Исломнинг зафарли юришини тўхтатмоқчи бўлишади. Лекин буларнинг ҳаммасини Аллоҳ кўриб туради ва динсизларнинг, дин душманларининг ҳийла-найрангларини ўзларига қайтаради. Бу хакиқатни ҳар бир авлод ўз тажрибасида ҳам кўрмоқда. Шунинг учун ояти карима огоҳлантиряптики, уларнинг ҳийлаларига, ширин сўзларига, алдовларига учманглар. Душман маккордир, сизларнинг ҳар бир эътиборсизлигингиздан фойдаланмоқчи, турли фитна ва алдовлар билан сизларни енгмоқчи бўлади. Сизлар улардан қанчалик аламзада бўлсанглар, улар ҳам бу борада сизлардан кам эмас. Аммо улар қанча ҳийла қилишмасин, Муҳаммад алайҳис-саломнинг ишлари албатта ғолиб бўлади. Бу ҳақиқат шу пайтгача барча замонларда такрорланиб келмоқда.

43. Ёки уларнинг Аллоҳдан ўзга илоҳлари борми?! Аллоҳ уларнинг ширкларидан покдир.
Мушриклар Аллоҳга қарши чиқиб, ўзларининг душманликларини нимага суяниб амалга оширишяпти? Балки, уларнинг Аллоҳдан бошқа “илоҳ”лари бордир? Лекин уларнинг бу ишонганлари асоссиз, ягона Аллоҳнинг асло шериги бўлиши мумкин эмас, Аллоҳ бу шубҳадан пок, Унинг шериги ҳам, тенги ҳам йўқ. Демак, мушриклар суянган барча асослар пучга чиқди, узрлари ҳам, далиллари ҳам қолмади. Энди уларнинг ҳақиқий башаралари очилди. Уларнинг охирги динга душманлиги аниқ ҳужжат, далилларга суянмаган, балки ўзларининг мутакаббирликлари, саркашликлари сабабидандир. Шунинг учун улар очиқ-ойдин ҳақиқатга қарши чиқишади. Аллоҳтаоло Ўзига қандайдир сохта илоҳларни шерик қилиш айбидан поқцир, У ягонадир, Унинг ҳеч бир шериги ёки ўхшаши йўқдир.

44. Устларига осмоннинг бир парчаси тушаётганини кўриб ҳам “тўп-тўп булутлар-ку!” дейишади.
Мушрикларнинг адашуви шунчалар қаттиқки, устларига Аллоҳ бало-офат ёғдираётганини кўришса ҳам буни Парвардигордан ўзларига кўрсатилаётган бир марҳамат деб ҳисоблашга уринишади. Уларнинг адашувлари шу даражага етганки, бошларига осмоннинг бир парчаси узилиб, ўзларини ер билан яксон қилаётганини сезмай, “Аллоҳ бизга ризқ-рўз манбаи бўлмиш ёмғирини юбораётган бўлса керак?” дея хотиржамликка берилишади. Ваҳоланки, бу Аллоҳнинг аниқ азоби бўлиб чиқади. Мушрикларнинг табиати шу: ҳамма ҳолатдан ҳам динга қарши бир баҳонани ўйлаб топишади. Нима қилиб бўлсада имонга келишмаса бас! Аввалда ўтган дин душманларининг аждодларидан бир гуруҳи (Од қавми) бошига азоб булути тўпланганда «Бу бизга ёмғир келтиряпти» деган эди. Лекин ўшанда у булут азоб ёғдириб, қавмни ҳалок этган эди. Булар ҳам ана шу ҳалокатга учраган саркаш қавмнинг қисматидан ибрат олишлари лозим эди, аммо улар мутакаббирликлари, итоатсизликлари, бошларига азоб келиб турса ҳам ўз залолатларидан қайтмасликлари туфайли Аллоҳнинг жазосига гирифтор бўлишди.

45. Уларни ҳалокатга учрайдиган кунларига йўлиққунларигача қўйиб беринг!
Яъни, эй Пайғамбарим, мушрик ва динсизларни қиёмат кунигача қўйиб беринг, нима қилишса, қилаверишсин. Ўша куни дунёдаги бу итоатсизликларининг азобини албатта тотишади. Қиёмат куни бандаларнинг барча амаллари, ишлари тарози-мезонга тушади. Ҳар бир инсоннинг қилган яхши-ёмон амалларининг бари илоҳий дақиқлик ва аниқлик билан, ҳеч кимга заррача зулм қилинмаган ҳолда ҳисоб-китоб қилинади. Банданинг яхши амалларига яраша мукофот, гуноҳ ва ёмон амалларига яраша жазо берилади.

46. У кунда уларнинг ҳийлалари ҳеч бир фойда бермайди ва уларга ёрдам ҳам берилмайди.
Бундайлар огоҳ бўлишсинки, Аллохдан ўзларининг ҳеч бир қилмиш-ларини, пинҳона ишларини, ҳийла-найрангларини яшира олишмайди. Чунки У Зот Ернинг устидагию остидагини ҳам, коинот ва осмонлардаги нарсаларни ҳам, ҳатто Ўзи яратган махлуқларининг дилларида-гию хаёлларидаги нарсаларни ҳам яхши билувчи, хамма нарсадан ўтахабардор Зотдир. Бу дунёда ҳийла-найранг ишлатиб, мақсадга эришиб юрганлари учун улар “ҳийла билан ҳамма нарсага эришса бўлади”, деган фикрга боришади. Ҳатто қиёматда ҳам ҳийла-найранг иш бериб қолса керак, деб умид қилишади. Лекин қиёматда уларнинг ҳийла-найранглари ўтмайди, уларга ҳеч қандай ёрдам ҳам берилмайди. Ҳамма қилмишига яраша жазо ёки мукофотини олади.

47. Албатта, золимларга бундан бошқа азоб ҳам бор, лекин уларнинг кўплари билишмайди.
Уламолар мазкур оятни қабр азобининг ҳақ эканига далил қилишади. Яъни, кофир, золимларга охират азобидан бошқа яна бир азоб - бу дунёнинг азоби ҳам бор, ўлганларидан сўнг қабр азоби бўлиши ҳам мумкин. Демак, динсизлар ва золимлар будунёдаги қилмишлари учун фақат охиратдагина жазо олмай, балки бу дунёнинг ўзида ҳам етарли жазо олишади. Уларга охиратда “буюк азоб”, яъни дўзах азоби берилса, шу дунёнинг ўзида “яқин азоб” берилади, Булар дунёда бандалар бошига келадиган азоблар - яъни, турли бало-офатлар, мусибатлар, тузалмас касалликларни англатади. Аллоҳ таоло бандаларнинг кўзлари очилиши, қилган гуноҳларига тезроқ тавба-тазарру қилишлари учун дунё ҳаётида ҳам уларни турли азобларга гирифтор қилади. Булар Аллоҳ таолонинг бандаларга меҳрибонлиги, уларни буюк абадий азобдан ўзига хос огоҳлантиришидир.

48. (Эй Муҳаммад), Парвардигорингизнинг ҳукмига сабр қилинг. Зотан, сиз албатта Бизнинг назоратимиздасиз, ўриндан турганингизда Парвардигорингизни поклаб ёд этинг!
Яъни, эй Пайғамбарим, Парвардигорингизнинг ҳукмига сабр қилинг, чунки Биз сизни ўз ҳолингизга ташлаб қўймаймиз. Ҳамиша Бизнинг назоратимизда, паноҳимизда бўласиз, доимо риоянгизни қилиб турамиз. Мушрикларнинг, динсизларнинг сизга кўрсатаётган қаршиликлари, туҳмат-бўҳтонлари ва озорларига сабр қилиш лозим, чунки буларнинг бари Аллоҳнинг иродаси билан бўляпти. Сиз рисолатимизни етказишда сабр ва таҳаммул билан ҳамиша Парвардигорингизнинг зикри, ибодати ва тоати билан машғул бўлинг. Уйқудан турганингизда ягона Парвардигорингизни мушрик-лар тақаётган барча айбу нуқсонлардан поклаб ёд этинг.

49. Шунингдек, тунда ҳам ва юлдузлар ботганидан кейин ҳам Уни поклаб ёд этинг.
Кечанинг маълум бир қисмида ҳам, юлдузлар ботганидан кейин, яъни тонг пайтида ҳам ягона Парвардигорингизни мушриклар туҳмат қилаётган барча айбу нуқсонлардан поклаб ёд этинг, Унинг зикрини қилинг, тасбеҳ айтинг. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбар алайҳиссалом: «Ким бир мажлисда ўтириб, ҳар хил гапларни гапирса, ўрнидан туришдан олдин, «Субҳанакаллоҳумма ва биҳамдика ашҳаду аллаа илааҳа илла анта астағфирука ва атубу илайка» деса, Аллоҳ ушбу мажлисдаги гуноҳларини кечиради», деганлар (Термизий ривояти). Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларга кечанинг қиёми лозимдир. Чунки у сизлардан олдинги солиҳларнинг одатидир. У Роббингизга қурбатдир, ёмонликларга каффоратдир, гуноҳларни қайтарувчидир», дедилар». Бошқа бир ривоятда: «У жисмдан дардни қувувчидир» ҳам дейилган (Термизий, Аҳмад ва Ҳоким ривояти). Нафл намозларининг энг афзали таҳажжуд ҳисобланади. Чунки бу намоз ҳамма ухлаб ётган ваҳтда ўҳилгани учун риёдан узоҳ, ихлосга яҳин бўлади.
Ват-Тур сурасининг фазилатлари ҳақида Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан жуда кўп ҳадислар ривоят қилинган. Зуҳрийдан қилинган ривоятда Ибн Мутъамнинг отаси айтади: «Пайғамбар алайҳиссаломнинг шом намозида «Ват-Тур сурасини ўқиётганларини эшитдим. У кишидан кўра овози ширалироқ ва қироати яхшироқ одамни кўрмаганман» (Молик ривояти); Умму Салама розияллоҳу анҳо шундай деганлар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга касаллигимни шикоят қилган эдим, «Улов миниб, одамлардан четроқда тавоф қилавер», дедилар. Мен тавоф қилдим, Расулуллоҳ алайҳиссалом Байтуллоҳнинг ёнида туриб, намозда «Ват-Тур сурасини ўқидилар» (Бухорий ривояти).

 

 

 

Орқага Олдинга