loader

090. Балад сураси

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

[1]. (Эй Муҳаммад!) Мана шу шаҳар (Макка) билан қасамёд этурман,
Ушбу оятдаги [лаа] ҳарфи хусусида турли фикрлар мавжуд. Баъзи муфассирлар айтадиларки, [лаа] ҳарфи бу ерда одамлар ўртасида мавжуд бўлган баҳс-мунозарани даф қилиш ва унга жавоб бериш ўрнида келган, Аллоҳ таоло [лаа](Яъни йўқ!) деган сўзи билан уларнинг орасидан бу мунозарани кетказган. Ўша баҳс-мунозара улар ўртасида маълум нарса бўлгани учун Аллоҳ таоло бу ерда уни зикр қилиб ўтирмаган. Айрим сураларда саволнинг ўзи кўрсатиб ўтилмаган бўлсада, унинг жавоби зикр қилингани бунга мисолдир. Чунки ўша савол одамларга маълум нарса бўлган ва шу сабабли уни айтиб ўтирилмаган.
У ҳам Аллоҳ таолонинг [Изаа зулзилатил арду зилзаалаҳаа](«Қачонки, Ер ўзининг (энг даҳшатли) зилзиласи билан қимирлаганида (Залзала сураси, 1-оят).) ва бундан бошқа оятлари сингаридир.
Баъзи муфассирлар шундай деганлар: [лаа] ҳарфи баъзан жумлани жумлага боғлаш ва таъкид учун ишлатилса, баъзан инкор қилиш учун ишлатилади. Бинобарин, ундан нима ирода қилинаётгани [лаа] ҳарфидан кейин келган калом орқали намоён бўлади. Агар ундан кейин келган калом тасдик гап бўлса, демак, у таъкид учун, агар инкор гап бўлса, демак. у инкор қилиш учун келган бўлади. Энди бу оятда [лаа] ҳарфидан кейин келган калом инкор эмас, тасдиқ гапдир. Бу эса унинг таъкид учун келганини кўрсатади. Аллоҳ таоло гўё:
[ла уқсиму би ҳаазал балад](Яъни «Мана шу шаҳар билан қасамёд этурман».)дегандек.
Ундан сўнг бу оят қасамичишда [ла афъаланна] дейилгани каби [ла уқсиманна би ҳаазал балад] тарзида ўқилиши керак эди. Аммо бу «таъкид нуни» бир ўринда зикр қилинган бўлса, бошқасида зикр қилинмаган. Аллоҳ таоло: [ва инна Роббака лаяҳкуму байнаҳум].
- деган. Яна ҳам Аллоҳ билувчироқдир!
Муфассирлар шундай деганлар: «Аллоҳ таолонинг «Мана шу шаҳар билан», - деган сўзидан Макка ирода қилинган?
Биз юқорида зикр қилиб ўтган(Яъни Шуро сурасининг 7-оятини тафсир қилиш асносида.) нарсалар билан унинг шаънини улуғ қилиб қўйгани, айниқса, у маккаликлар учун буюк бир шаҳар бўлганидан Аллоҳ таоло Макка шаҳри билан қасамёд этмоқда. Сўнгра ўзлари улуғ деб эътиқод қилган ҳар қандай нарса билан қасам ичиш кофирларнинг одатлари бўлиб қолган эди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло кўзда тутилган мақсадни қувватлаш ва таъкидлаш учун уларга ўз одатларига мувофиқ услуб билан муомала қилди. Шоядки, бу қасам уларда пайдо бўлган шак-шубҳаларни кетказса».
[2]. Ҳолбуки, Сиз шу шаҳарда мавжуддирсиз.
Баъзи муфассирлар ушбу оятдаги [ҳиллун] лафзи [ал-ҳулул] ўзагидан олинган бўлиб, оят: «Сиз шу шаҳарда ўрнашиб олувчисиз», - деган маънодадир, дейдилар.
Айримлар эса унга «Сиз бу шаҳарга ҳалолсиз», деган маънони бериб, [ал-ҳилл] ва [ал-ҳалол] икки хил маънодаги лафзлардир, деганлар.(Бу гапни Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан Ибн Жарир, Ибн Мардавайҳ ривоят қилган. Суютий. «Ад-дур ал-мансур», 6-жуз, 591-бет. Мужоҳид, Қатода, Ато ва бошқалар розияллоҳу анҳум ҳам шундай фикрни билдирганлар.) Агар бу оятнинг маъноси шундай бўладиган бўлса, у ҳолда ҳалол деган ҳукм Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзларига эмас, балки у зотга ҳалол қилинган нарсаларга қарата айтилган, деб тушунилади. Чунки у зотнинг ҳалол ёки ҳаром бўлишлари мумкин эмас. Ҳалоллик ва ҳаромлик ҳалол ва ҳаром томонлари мавжуд кишиларга нисбат бериладиган бўлса, ҳалолликдан унга ҳалол қилинган нарсалар, ҳаромликдан эса, унга ҳаром қилинган нарсалар назарда тутилган бўлади, холос. Бу сифат кимга нисбат берилган бўлса, ўшанга тегишли деб тушунилмайди. Бинобарин, бу ҳаром қилингандир, дейилса, унга бу нарсалар ҳаром қилинган экани назарда тутилади. Агар бу ҳаром эмас, ҳалолдир дейилса, унга шу нарсалар ҳалол эканлиги назарда тугилади. Агар бу иккаласи ҳалоллик ёки ҳаромлик билан хитоб қилинмайдиган кишига нисбат берилса, улардан ўша нарсанинг айнан ўзи ирода қилинади. Масалан, бу ҳалол гўшт ёки ҳалол ов ёки бу ҳаром гўшт дейилганда, ўша гўшт ва ўша овланган нарсанинг ҳалол ёки ҳаром экани ирода қилинган бўлади.
Муфассирлар Пайғамбар алайҳиссаломга нима ҳалол қилингани хусусида ҳар хил фикрлар билдиришган. Жумладан, уларнинг айримлари у зотга ҳалол қилинган нарса уруш қилиш эканини айтиб, Аллоҳ таоло у кишига Макка шаҳрида урушишни ҳалол қилди. Бу иш Макка фатҳ қилинган кунга оиддир, деганлар.
Яна айрим муфассирлар эса, Аллоҳ таоло Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳар ташқарисидан келадиган бўлсалар, унга эҳромсиз киришни у зотга ҳалол қилди, бу иш у кишидан бошқаларга ҳалол эмас, деганлар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка фатҳ қилинган куни шундай дедилар: «Албатта, Макка ҳаром шаҳардир. Аллоҳ таоло осмонлар ва Ерни, Қуёш ва Ойни яратган ҳамда мана бу икки тоғни яратган, ўрнатиб қўйган куни бу шаҳарни ҳаром қилгандир. Мендан аввал ҳеч кимга у ҳалол қилинган эмас ва мендан кейин ҳам ҳеч кимга ҳалол қилинмайди. Менга ҳам куннинг бир оз қисмида - мана шу лаҳзаларимда ҳалол қилинди, холос. Бу шаҳар Аллоҳ таоло ҳаром қилиб қўйгани боис қиёмат кунига қадар ҳаромдир. Ундаги майсалар юлинмайди, тиканлар юлин-майди, ови ҳуркитилмайди ва ерда ётган топилмани унинг ўз эгасидан бошқаси олмайди», - дедилар. Шунда Аббос розияллоҳу анҳу: «Эй Аллоҳнинг Расули, изхир(Изхир - Маккада ўсадиган хушбўй ҳидли машҳур ўсимлик бўлиб, маккаликлар уйларнинг томини ёпишда ундан фойдаланганлар.) мустасно (денг), чунки у қабр ва қурилиш ишлари учун маккаликларга жуда зарурдир», деган эди, у зот алайҳиссалом: «Изхир мустаснодир». - дедилар». Бу билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (Макка шаҳри) ўзларига куннинг бир оз муддатидагина ҳалол қилинган эканини баён қилдилар.
Оятдаги ҳалоллик биз юқорида айтиб ўтган иккала жиҳатни ҳам қабул қилади.
Абу Бакр Асамнинг айтишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга маккаликлар озор берар ва улардан азият чеккан Пайғамбар алайҳиссалом уларнинг ораларидан чиқиб кетар эдилар. Ана шу вақтда (Маккада) ов қилиш у зотга ҳалол бўлар эди.
Аммо оятни бундай таъвил қилиб бўлмайди. Чунки бу каби хабарларни фақатгина хабар ва нақл орқали билиб олса бўлади.
Энди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аббос розияллоҳу анҳу тили билан айтган «Изхир мустаснодир», деган сўзлари (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошида айтган) ҳаром қилинганлик ҳукми изхирга қаратилмаганлигига далолат қилади. Ҳаром қилинганлик ҳукми уни ҳам ўз ичига олган бўлиши, сўнгра у зот алайҳиссалом Аббос розияллоҳу анҳу келтирган сабаб - унинг маккаликларга жуда зарурлиги асосида уни бу ҳукмдан чиқариб ташлаган бўлишлари эҳтимоли ҳам бордир. Чунки ҳаром қилиш билан ҳалол қилишнинг ўртасида насх (олдинги ҳукмни бекор) қилса бўладиган даражада кўп вақт бўлмаган, аммо унинг ҳалол эканини баён қилишни Аббос розияллоҳу анҳу сўраган вақтга қадар айтмай турганлар. Ана шундан кейин уни баён қилганлар.
Бу бизнинг мазҳабдошларимиз раҳимаҳумуллоҳнинг «Баённи кечиктириб туриш жоиздир», деган сўзларининг далилидир.
Аллоҳ таолонинг «Ҳолбуки, Сиз шу шаҳарда мавжуддирсиз», - деган сўзини икки хил талқин қилиш мумкин.
Биринчиси, Аллоҳ таоло ичган қасам у зотнинг ўзларига қаратилган. Аллоҳ таоло у зотнинг ишлари ва шаънларини улуғ қилиб қўйгани боис, у киши билан қасамёд этмокда. У гўё «Йўқ! Мана бу шаҳар ва бу шаҳарда яшаб турган зот билан қасам», - демоқчидек.
Иккинчиси, (қасам) Макка шаҳрига қаратилган ва Аллох таолонинг: «Ҳолбуки, Сиз шу шаҳарда мавжуддирсиз», - деган сўзи Пайғамбар алайҳиссалом унда бўлганликлари боис. Маккага таъриф бериш ўрнида келган деб тушунилади. Яъни «Сиз унда ўрнашган, жойлашган шаҳар билан» ёки «Сиз унда ҳалол бўлган шаҳар билан (қасамёд этаман)» каби.
[3]. ҳамда ота ва болаларга (яъни Одам ва зурриётлари билан) қасамёд этурманки,
Баъзи муфассирлар: «(Аллоҳ таоло қасам ичаётган) [волид] Одам алайҳиссалом, [вамаа валада] эса унинг болалари ва зурриётларидир»,(Бу гапни Мужоҳид розияллоҳу анҳудан Ибн Жарир, Фарёбий, Абд ибн майд, Ибн Мунзир, Ибн Абу Ҳотим ривоят қилган. Суютий. «Ад-дур ал-мансур  6-жуз, 593-бет. Қатода, Абу Солиҳ, Заҳҳок ва бошқалар розияллоҳу анҳум \ю шу фикрни билдирган.) - деганлар. Бироқ ана шу ота ва унинг болалари исми остига нафақат Одам ва унинг зурриётлари, балкг: улар ва барча жонзотлар ҳам дохил бўлади. Ана шунда бу қасам барча махлуқотлар билан ичилаётган бўлади. Бу таъвилга кўра оятда келган [маа] ҳарфи [аллазий](Яъни қайсики, ... ган одам маъноларида.) маъносида бўлади.
Муфассирлардан баъзилари айтадиларки, оятдаги [маа’ инкор ҳарфидир.(Яъни бўлишсизлик юкламаси.) [вамаа валада] туғмайдиган зот, яъни бепушт аёл билан (қасам), деган маънодадир. Шундай қилиб. Аллоҳ таоло барча инсоният билан - туғадиганию туғмайдигани билан қасам демокда. Кўпгина махлуқотлардан афзал қилис қўйгани боис айнан инсонлар билан қасамёд қилган.
[4]. «ҳақиқатан, инсонни (дин ва дунё ишларида меҳнат ва машаққатда (бўлиш учун) яратдик».    
(Бундан олдинги оятлардаги) қасам мана шу сўз учун ичилган. Мазкур оятда келган [кабад] лафзи борасида турлича қарашлар мавжуд. Бинобарин, айримлар [ал-кабад] тик туришдир. Аллоҳ таоло инсонни тик турадиган қилиб, ҳар битта ҳайвонни эса энгашган ҳолда юрадиган қилиб яратганини хабар бермокда,(Бу гапни Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан Ибн Жарир, Саид ибн Мансур, Ибн Мунзир, Ибн Абу Ҳотим ривоят қилган. Суютий. «Ад-дур ал-мансур», 6-жуз, 593-бет. Икрима, Иброҳим, Заҳҳок ва бошқалар (розияллоҳу анҳум) ҳам шу фикрни билдирган.) деганлар.
Айрим муфассирлар: [кабад] қийинчилик ва меҳнат машаққат маъносидадир»,(Бу гапни Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан Ибн Жарир ривоят қилган. Суютий. «Ад-дур ал-мансур», 6-жуз, 593-бет. Ҳасан, Мужоҳид ва бошқалар розияллоҳу анҳум ҳам шу гапни айтган.) деганлар.
Яна баъзилари эса, Аллоҳ таоло инсонни онасининг қорнида тик ҳолида яратди. Онанинг қорнидан ажралиш вақтида (боши билан келиши учун) у юз тубан қилинади, деганлар.
Кимлардир Аллоҳ таолонинг бу нарсани зикр қилиши, уни қасам билан таъкидлаб қўйишида қандай ҳикмат бор, ҳолбуки, инсоннинг шундай яратилган эканини ҳамма билади-ку, дейишлари мумкин.
Уларга жавоб шуки, бунинг зикр қилиниши ва қасам билан таъкидлаб қўйилиши замирида инсонларнинг мақсадсиз ва бекорчиликдан яратилмаганликлари, аксинча, Аллоҳ таоло: «Мен жинлар ва инсонларни фақат Узимга ибодат қилишлари учунгина яратдим»,(Зориёт сураси, 56-оят.) - деб айтганидек, уларни ибодат қилишга буюриб, имтиҳон қилиш учун яратганининг баёни ётибди.
Агар (айрим муфассирлар айтганларидек, оятда келган [кабад] лафзига) қийинчилик ва меҳнат-машаққат маъносини бериб таъвил қилинадиган бўлса, у ҳолда оятнинг маъноси шуки, Аллоҳ таоло инсонларни ҳам дунё, ҳам охиратни деб машаққат чексинлар, ибрат ва эслатма олсинлар, деб уларни қийинчилик учун яратган.
Агар [ал-кабад] лафзига тик туриш маъносини бериб таъвил қиладиган бўлсак, унда Аллоҳ таолонинг ҳақли бўлмасалар-да, ўз бандаларига берган буюк неъматларини танитиш мавжудки, бу билан ана шу неъматлар туфайли уларнинг шукр қилишлари талаб қилинмоқда.
Агар [ал-кабад] лафзини юқорида айтиб ўтилганидек, Аллоҳ таоло инсонни онасининг қорнида тик ҳолида яратди. Онанинг қорнидан ажралиш вақтида (боши билан келиши учун) у юз тубан қилинади, деб таъвил қилинадиган бўлса, унда Аллоҳ таоло Узи истаган ишга қодир зот эканлиги, ҳеч нарса Уни ожиз қолдирмаслигининг далили бордир. Зеро, (онанинг қорнидаги тор жойда) ҳомилани унинг оёғини осмонга қилиб ағдариб қўйиш ҳеч кимнинг қўлидан келадиган иш эмас. Аммо унга ўхшаганлар ўша жойда кенглик топадиган бўлса, бошка гап. Сўнг Аллоҳ таоло ҳеч нарса Уни ожиз қолдирмаслиги инсонларга аниқ ва равшан бўлиши ва бу нарса уларни қайта тирилиш ва (ҳисоб-китоб учун қабрдан) чиқиб келиш борлигига имон келтиришга ундаш учун ўша тор жойда унинг оёғини тепага қилиб қўйиш билан ҳомилани ағдариб туради. Яна ҳам Аллоҳ билувчироҳдир!
[Лақод холақнал инсаана фии кабадин] оятининг маъноси бизнингча мана бундайдир: «Батаҳқиқ, Биз инсонни у нима учун меҳнат-машаққат чекадиган бўлса, шунинг учун яратдик. Агар унинг меҳнат-машаққати Аллоҳ таолога тоат-ибодат қилиш учун бўлса, Унга тоат қилишни устун биладиган зот бўлса, демак, у инсон жаннат учун яратилгандир Агар унинг меҳнат-машаққати шайтоннинг иши учун бўлса. демак, у инсон дўзах учун яралгандир».
«Жаҳаннам учун жинлар ва инсонларнинг купчилигиви яратганмиз»,(Аъроф сураси, 179-оят.) - оятини ҳам юқоридаги маънода тушунилади Яъни Аллоҳ таоло кимни Раҳмонга осийлик қилиб, шайтон итоат этишни устун қўяди, деб билган бўлса, уни жаҳаннам
учун яратган. Шунингдек, кимни Аллоҳга ибодат қилади, қилганда ҳам фақат Унинг ўзига ибодат қилади, деб билган бўлса, уни жаннат учун яратган. Бунинг далили: «Мен жинлар ва инсонларни фақат Узимга ибодат қилишлари учунгина яратдим»,(Зориёт сураси, 56-оят.) оятидир.
Аслини олганда, Ҳаким зот ўзининг феъли билан оқибатни мақсад қилади, оқибатини билмайдиган зот бўлса, бундан бошқачадир. Аммо оқибатни билган зотнинг қиладиган иши аввал бошидан ўша оқибатга мувофиқ тарзда содир бўлади. Агар инсоннинг оқибати дўзах бўладиган бўлса, Аллоҳ таоло уни аввал бошдан ана ўша йўналишга мувофиқ қилиб яратади. Агар унинг оқибати жаннат бўлса, уни ўша йўналишга мувофиқ қилиб яратади. Пайғамбар алайҳиссаломнинг: «Бахтли инсон онасининг кррнида бахтли (деб ёзиб кўйилади). Бадбахт инсон онасининг кррнида бадбахт (деб ёзиб кўйилади)», - деган сўзлари ҳам шу асосда тушунилади. Инсон онасининг қорнидалиги вақтида бахтли-бахтсиз деб сифатланмайди, аммо бу ҳадиснинг маъноси шуки, у (дунёга келиб) имтиҳон қилинаётган ҳолатида бахтсизликни устун қўядиган бўлса, бахтсизлик учун, агар бахтиёрликни устун қўядиган бўлса, бахтиёрлик учун яратилган бўлади. Нуҳ алайҳиссалом: «Чунки агар Сенуларни қолдирсанг, бандаларингни йўлдан оздирурлар ва фаҳат, фосиқ, ношукр(лар)ни тугарлар»(Ҳайтамий. «Кашфул асрор ъан завоидил Баззор», 3-жуз, 23-бет; Ажлуний. «Кашфул хафо», 1 -жуз, 548-бет.) - деди. Ҳолбуки, улар туғилган вақтларида мана шу икки сифатдан (фосиқлик ва ношукрликдан) ҳеч бири билан сифатланмаган бўладилар, балки кейин ана шундай инсонларга айланадилар. Бундан аён бўладики, улар ана шу нарса учун яратилганлар. Бинобарин, қасам ичилган нарса бу меҳнат-машаққатнинг ўзи эмас, балки инсон уни деб меҳнат-машаққат чекадиган нарсадир. Негаки, инсондаги меҳнат-машаққат шу даражада очиқ-ойдинки, уни қасам билан таъкидлаб ўтиришнинг кераги йўкдир. Ишни бошлашдан мақсад унинг оқибатидир, деган сўзимизнинг далили Пайғамбар алайҳиссаломнинг: «Агар бир ишни ҳилмоқчи бўлсанг, оқибатини ўйлаб кўр. Агар (унинг оҳибати) тўгрилик бўлса, уни амалга ошир. Агар адашиш бўлса,уни крлишдан тийил»,(Ибн Муборак. «Китабуз зухд», 14-бет; Абдураззоқ. «Мусаннаф», 11-жуз. 165-бет.) деган сўзларидир.
Мўътазилийлар Аллоҳ таоло барча-барча инсонларни Узига ибодат қилиш учунгина яратган, деб даъво қиладилар. Агар иш улар даъво қилган ва ўйлаганларидек бўлганида, бу нарса ишларнинг оқибатларини билмасликка олиб борган ёки ўша иш хато юзасидан амалга ошган, деган хулосага олиб келган бўлар эди. Чунки ўзи истаганидан бошқа ишни амалга оширган ҳар қандай киши ўз ишининг оқибатини билмайдиган ёки беҳудага иш қилган бўлиб чиқади. Зеро, амалга ошмаслигини ўзи биладиган бир мақсад учун бино қурган кишининг бу иши бемаънилик ҳисобланади. Агар унинг хоҳлагани бундан бошқаси бўлса. яъни ичида яшашни мақсад қилиб бино қурадиган бўлса ва ҳали ичига кириб яшамасидан аввал ўша бино қулаб тушса, уни бино қуришга ундаган омил ўз ишининг оқибатини билмаслиги бўлади. Аллоҳ таоло тадбир қилишда хатога йўл қўйишдан ёки Уз ишларининг оқибатини билмасликдан пок ва олий зотдир. Юкорида айтиб ўтганларимиздан аниқ бўлдики, Аллоҳ таоло ҳар бир жамоага улардан содир бўлишини билган нарсани ирода қилган ва уларни ана ўша йўналишга мувофиқ тарзда яратган. (Мўътазилийлар даъво қилганларидек) барча инсонларни Ўзига ибодат қилиш учун яратган эмас. Яна ҳам Аллоҳ билувчироҳдир!
[5]. Унга (жиноятлари учун жазо беришга) ҳеч кимнинг кучи етмайди, деб ўйлайдими?!
[6]. У (мақтаниб): «Жуда кўп мол-дунёни (топдим ва сарфлаб) йўқ қилдим», - дер.
[7]. Уни ҳеч ким кўрмаган, деб ўйлайдими?!
Ушбу оятларни икки хил талқин қилиш мумкин: Биринчиси, у Аллоҳ таоло мени қайта тирилтиришга қодир эмас, деб ўйлаган, оятда келган «ҳеч ким»дан мурод эса Аллоҳ таолодир.
оятида зикр қилинган [лубадаа] кўпдан-кўп деган маънодадир. Яъни «ҳисоб-китоб қилишга сиғмайдиган даражада кўп мол-дунёни нафақага сарфлаб юбордим».
«Уни ҳеч ким кўрмаган...», яъни унинг қанча мол-дунё нафақа қилганини ҳеч ким билмаган, деб ўйлайдими?!
«Уни ҳеч ким кўрмаган, деб ўйлайдими?!» яъни унинг ўзи нафақаларини берган қўл остидаги инсонлардан ҳеч ким ўзига нафақа қилинган мол-дунёнинг микдорини билмаган, деб ўйлайдими?! Бинобарин, унинг: «Жуда кўп мол-дунёни (топдим ва сарфлаб) йўқ қилдим», - деган сўзи ўзининг сахийлиги ва саховатини у билан фахрланган ва қўли остидагиларга уни миннат қилган ҳолда кўрсатиб қўйиш учундир. Агар бу оятларнинг таъвили ана шундай бўладиган бўлса, демак, бу дунёдаги ҳолат ҳақидадир. У айтмаса ҳам Аллоҳ таоло уларга нафақа қилган молнинг микдорини билар. Одамлар ҳам унинг саховатини биладилар. Шундай экан, ўзининг сахийлигини кўрсатиб қўйиш ва уни миннат қилиш билан машгул бўлиш аҳмоқликнинг бир кўринишидир. Аслида, у Аллоҳ таолога шукр қилиш, мақтовни Унга йўналтириш билан машғул бўлиши керак эди. Чунки ўзига берилган ана шу кўпдан-кўп мол-дунё Аллоҳ таоло тарафидан эканини, ана ўша обрў, иззат мақтовга муносиб сифат - саховатга Аллоҳ таолонинг тавфиқи билан эришганини у яхши биларди. Бу ҳам Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзи кабидир: «Аллоҳни гўё ота-боболарингизни (мадҳиялар билан) ёд этганларингиздек, балки ундан ҳам зиёдроқ ёд этингиз(Бақара сураси, 200-оят). - яъни ота-боболарингиз сизлар эсга олаётган шараф ҳамда мақтовли сифатларга Аллоҳ таолонинг тавфиқи билан етишганлар холос. Шундай экан, сизлар Аллоҳ таолони ўз ота-боболарингизни ёд этганингиздек ёд этинглар.
Фахрланишнинг бундай тури ўша қавмнинг ҳаммасига эмас, айрим хусусиятларига тегишлидир. Чунки унга ўхшаб кўпдан-кўп мол сарфлаб юбордим ёки фалон ишни қилдим, деб ҳар ким айта олади.
[8]. Ахир, Биз унга икки кўз,
[9]. тил ва икки лаб пайдо қилмадикми?!
Агар «Унга ҳеч кимнинг кучи етмайди, деб ўйлайдими?!» ояти Аллоҳ таолонинг қайта тирилтиришга қурби етмайди, деган маънода айтилган бўлса, бу ерда кўзнинг зикр қилинаётганига сабаб ўша шубҳани йўққа чиқаришдир. Яъни Аллоҳ таоло унга бир очишда Ер ва осмон ўртасидаги нарсаларни кўрадиган кўзни яратиб қўйди. Қудрати шу даражага етган Зотни бирор нарса ожиз қолдириши ёхуд бирор нарса Унинг илмидан четда қолиб кетиши мумкин эмас.
«Ахир, Биз унга икки кўзни пайдо қилиб қўймадикми?» Яъни Биз унга назар солиш билан ҳис қилинадиган нарсаларни идрок қиладиган икки кўзни пайдо қилиб қўймадикми?! Бу икки кўз учун қовоқ ва киприкларни яратиб қўйдикмики, улар ёрдамида кўзларини уларга гард тушишидан ҳимоя қилади. улар ёрдамида ўзини қизиқтирмайдиган нарсаларга назар солишдан кўзларини юмиб олади.
«Ва тил пайдо қилиб қўймадикми?!» Яъни Биз унга ўзидан махфий ва яширин бўлган нарсаларни бор қиладиган бир тил пайдо қилдик.(Яъни инсон ўзининг қалбидаги яширин ўй-хаёлларни тили билан ташқарига чиқаради. Яна Аллоҳ билувчирокдир!)
«Ва икки лабни пайдо қилиб қўймадикми?!» Демак, икки лабнинг яратилишида иккита ҳикмат бор: биринчиси, Аллоҳ таоло уларни инсоннинг оғзидаги хунук манзарани яшириб турадиган қопқоқ қилиб қўйди. Агар лаблар бўлмаганида эди, инсон овқат ёки бирор нарсани чайнаб турган вақтида унга қараган киши ундан жирканиб кетган бўлар эди.
Иккинчиси шуки, Аллоҳ таоло лабларни инсоннинг тили учун қопқоқ қилиб қўйди, токи ўзига керак бўлмаган ўринларга уни чўзиб ишлатиб юрмасин.
Аллоҳ таоло ана шундай қилиб инсонларга Ўзининг икки кўз, тил ва икки лабни яратишдаги улуғ неъматларини эслатиб қўймоқда. Токи инсонлар шукр қилсинлар, қудрати ана шу нарсаларга етган Зотни ҳеч нарса ожиз қолдирмаслигини билиб қўйсинлар.
[10]. Яна уни икки баландликка (икки хил йўлга) йўллаб қўйдик-ку!
Яъни Биз инсонга нима фойдалию нима зарарли эканини, ниманинг оқибати яхшию ниманики ёмонлигини, қайси ишни қилса чиройлию, қайси бирини қилса қабихдигини баён қилиб бердик. (Мазкур оятда келган) [ан-нажд] калимаси йўл маъносидадир. Аллоҳ таоло одамларга иккала йўлни - яхшилик йўлини ҳам, ёмонлик йўлини ҳам баён қилиб қўйди. Шу иккала ишни қилиш учун уларга бирдек имкон берди.
Баъзи муфассирлар(Бу гапни Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан Ибн Жарир, Абдураззоқ, Абд ибн Ҳумайд, Ибн Абу Ҳотим ривоят қилган. Суютий. «Ад-дур ал-мансур», 6-жуз, 59) айтадиларки, [ан-наждаан] икки кўкракдир. Оятнинг маъноси эса, эмиш вақтида Биз уни икки кўкракка йўллаб қўйдик, деганидир.
Аммо баён қилиб бериш ва йўллаб қўйиш айнан бунга қаратилмаган, балки бу - Аллоҳ таоло инсонни йўллаб қўйган ва унга баён қилиб берган ишларнинг айримларидандир. Дарҳақиқат, У сўз билан қайд қилиб қўймаган бўлса-да, инсонга булардан бошқа ишларни ҳам баён қилган. Шундай экан, бу оят умумийлиги ва мутлақлигича тушунилади.
[11]. Бас, у (Аллоҳ йўлида бирор) довонни ошиб ўтмади.
[12]. (Эй Муҳаммад!) Довон (ошиш) нима эканини Сиз қаердан ҳам билар эдингиз?!
[13]. (У) бўйинни (қулни) озод қилиш,
[14]. ёки очарчилик кунида (муҳтожга) таом беришдир.
[15]. Хоҳ (у) қариндош етим бўлсин,
[16]. хоҳ тупроқли (хор) мискин.
[фалақтаҳамал ақобаҳ] ояти хусусида икки хил талқин бор. Биринчиси, «Довонни ошиб ўтса бўлмасмиди?!» Иккинчиси, «У довонни ошиб ўтмади».
Агар бу оят биринчи талқинда айтилганидек бўлса, унинг маъноси шуки, жуда кўп мол-дунёни нафақа қилиб сарфлаб юбордим, деган киши қандай қилиб қулни озод қилиш, етимга нафақа қилиш, ночорлик уни тупроққа қориштириб юборган мискинга нафақа қилиш билан мол-дунёсини сарфлаб, ўнг тараф эгаларидан бўлиш ва бу билан охиратда яхши ҳаётни қўлга киритиш учун Аллоҳ таолога имон келтирган, бир-бирларини сабрли ва марҳаматли бўлишга чақирган кишилардан бўлмайди?! Нима учун мол-дунёсини ўйин-кулгулар ва нафс истаклари йўлида сарфлаб, на олқиш ва на охират савобини қўлга киритмайди, балки чап тараф эгаларидан бирига айланиб қолади?!
Бу ҳолатда «Жуда кўп мол-дунёни нафақа қилиб сарфлаб юбордим» оятидан кейинги оятлар унинг давоми ва тафсири бўлади.
Агар [фалақтаҳамал ақобаҳ] ояти иккинчи талқинда айтилганидек, «у довонни ошиб ўтмади», маъносида бўлса, бу оятда унинг: «Жуда кўп мол-дунёни нафақа қилиб сарфлаб юбордим», - деган даъвоси ёлғонга чиқарилмоқда. Айтилмоқдаки, агар гап у ўйлаганидек бўлганида, бу нарса қулни озод қилиш, етимлар ва тупроққа қоришган мискинга ғамхўрлик қилиш билан юзага чиққан бўлар эди.
Бинобарин, тепадаги оятларнинг барчаси яна ўша: «Жуда кўп мол-дунёни нафақа қилиб сарфлаб юбордим», - оятининг давоми бўлади.
Сўнгра (мазкур оятда келган) [ақоба] лафзи ҳақида икки хил қараш мавжуд. Биринчиси, унинг моҳияти ҳақидаги қараш бўлиб, унга кўра, дўзахда бир довон мавжуд, ундан фақат юқорида санаб ўтилган қул озод қилиш, очлик кунда етим ва мискинларга таом улашиш каби ишлар билангина ошиб ўтилади. Бу оят ҳам «Яқинда Мен уни (дўзахдаги) баланд довонга дучор қилажакман»,(«Эй Муҳаммад!) Мен сўққабош қилиб яратган кимсани (Валидни) Узимга қўйиб беринг! Мен унга кенг-мўл бойлик бердим. (Хизматига) ҳозиру нозир ўғилларни ҳам. Яна унга (ҳаёт неъматларини) муҳайё қилиб қўйдим. Сўнгра у (борига қаноат қилмай) яна зиёда қилишимни тама қилур. Йўқ! Чунки у оятларимизга (имон келтириш ўрнига) қаршилик қилувчи эди. Яқинда Мен уни (дўзахдаги) баланд довонга дучор қилажакман». (Муддассир сураси, 17-оят).) - ояти сингаридир.
«(Эй Муҳаммад!) Довон нима эканини Сиз қаердан ҳам билар эдингиз?!» - ояти «довон»нинг чиндан ҳам борлигига тегишли бўлиб, унинг маъноси: «Уша довонни нима билан ошиб ўтилишини Сиз қаердан ҳам билар эдингиз?» - дегани бўлади. Сўнгра Аллоҳ таоло юқорида санаб ўтилган қул озод қилиш ва шу каби ишлар билан ундан ошиб ўтилишини баён қилиб берган бўлади.
Иккинчиси, «довон» чиндан ҳам мавжуд эмас, балки бу оят ўхшатиш йўли билан келган. Бунинг сабаби шуки, инсоннинг юқорида санаб ўтилган қул озод қилиш, мискинларга таом едириш ва етимларга ғамхўрлик қилиш сингари оғир ишларни ўз зиммасига олиши унга оғирлик қилади. Бинобарин, «довон» лафзи айнан довоннинг ўзидан эмас, оғирликни зиммага олиш-дан киноя бўлади. Бу ҳам қуйидаги оят сингаридир: «Кимни адаштиришни ирода этса, кўксини гўё осмонга кўтарилиб кетаётгандек, тор ва сиқиц қилиб кўяди».(Анъом сураси, 125-оят.) Яъни имон келтириш кофирга худди осмонга кўтарилишга мажбур қилингани каби оғир ва машаққатли бўлиб қолади. Юқорида зикри ўтган кишига эса (қул озод қилиш, етимлар ва мискинларга ғамхўрлик қилишдаги) машаққатларга сабр қилиш худди довоннинг тепасига кўтарилиб, уни ошиб ўтиш каби оғир бўлади.
(Оятда келган [иқтаҳама]нинг ўзаги бўлмиш) [ал-иқтиҳом] калимаси «ўзини ҳалокатларга отиш» маъносидадир. [ал-иқтиҳом] - «машаққатларга бардош беришдир», - деган гаплар ҳам бор. Агар бу сўз машаққатларга бардош бериш маъносида бўлса, у ҳолда оятнинг маъноси биз айтиб ўтганимиздекдир. Яъни ўнг тараф эгаларидан бирига айланиш учун у мана шу машаққатларга қандай қилиб бардош бермади?
Агар унинг маъноси ўзни ҳалокатларга отиш дегани бўлса, у гўё шундай дегандек бўлади: «У юқорида зикр қилиб ўтилган жиҳатларга инфоқ қилмаслик, Аллоҳга имон келтиришдан юз ўгириш ҳамда қул озод қилишни тарк қилиш билан ўзини ҳа-лок қилибди».
Абу Бакр Асам ўзининг тафсирида Пайғамбар алайҳиссалом-дан хабар бериб ривоят қилишича: «Бир одам у зотдан: «Эй Аллоҳнинг Расули! Мени шундай бир амалга бошлангки, у сабабли жаннатга кирай», - деб сўраган эди, у зот алайҳиссалом унга бирор жонни ёки бўйинни (қулни) озод қилишни буюрдилар. Шунда савол берувчи киши: «Иккаласи ҳам бир нарса эмасми?» - деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўқ! Жонни озод қилиш уни бир ўзинг қулликдан чиқаришингдир. Бўйинни озод қилиш эса, унинг озод бўлишига ёрдам беришингдир», дедилар».(Ҳадисни Имом Аҳмад, Ибн Ҳиббон, Ибн Мардавайҳ ва Байҳақий Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилган. Суютий. «Ад-дур ал-мансур», 6-жуз, 597-бет) Демак, бўйинни озод қилиш уни ҳалокатга олиб борадиган сабаблардан қутқариб қолишингиздир. Бу иш уни қулликнинг хорлигидан қутқариш билан бўлади. Ёки бир одамнинг бошқа бир одамни ноҳақ ўлдирмоқчи бўлиб турганини кўрасиз. Ана шунда мазлумни золимнинг ёмонлигидан ҳимоя қиласиз. Ёхуд бир одамнинг сувга чўкаётганини кўриб, дарҳол уни сувга чўкиб кетишидан қутқариб қоласиз. Охиратдаги тотли ҳаётни қўлга киритишингиз учун мана шу ишларнинг барчасида бўйинни ҳалокатли вазиятлардан озод қилиш мавжуд.
Қироат олимлари бу калимани ҳар хил ўқиганлар. Жумладан, баъзи қорилар уни [факка роқобатан] ёки [атъама фи явмин зии масғобатин] деб насб ҳолатида ўқиганлар.(Ибн Касир, Абу Амр ва Кисоий «ей» [факка] деб ҳарфини фатҳа қилиб, [роқобатан] деб насб билан ёки [ав атъама] деб «алиф» ҳарфини фатҳа қилиб насб билан ўқиган. Ибн Меҳрон. «Ал-Мабсут фил қироъотил ъашар», 473-бет.)
Уни [факку роқобатин] ёки [итъаамун] деб раф қилиб ўқиган қорилар ҳам бор.
Бинобарин, уни насб қилиб ўқийдиган бўлсангиз, оятнинг маъноси: «Бўйинни озод қилса ёки таом едирса бўлмасмиди?!» - дегани бўлади ва бу ҳам [ал-иқтиҳом] калимасининг тафсирига оиддир.
Агар уни раф қилиб ўқийдиган бўлсангиз, унинг таъвили [ақоба] калимасининг тафсирига йўналтирилади. Ана шунда Аллоҳ таоло гўё: «Довонни ошиб ўтиш бўйин озод қилиш ва юқорида зикр қилиб ўтилган ишлар билан бўлади», демоқчидек бўлиб чиқади.
Суфён ибн Уяйна розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У киши: «Қуръонда келган [ва маа адрока] деб сўраганларининг барчасини Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломга билдириб, хабардор қилиб қўйган бўлади.    [ва маа юдрийка] деб сўраганларининг барчасини у зот алайҳиссаломга билдирмаган бўлади.(Абул Фараж Жавзий. Зодул масир, 9-жуз, 134-бет; Қуртубий. «Ал-жомиъу ли аҳкомил Қуръон», 2-жуз, 66-бет.) Яна ҳам Аллоҳ билувчироҳдир!
[ал-масғоба] - очлик маъносида, &» [заа мақ-робатин] - ўзига қариндош маъносидадир.    [ав мискийнан за матроба] - «Қорнини тупроққа ёпиштирган мискин», деган маънода. «Узини тупроқдан тўсадиган ҳеч нарсаси йўқ мискин», деган маъно ҳам берилган.(Бу гапни Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан Фарёбий, Саид ибн Мансур, Абд ибн Ҳумайд, Ибн Жарир, Ибн Мунзир, Ибн Абу Ҳотим ва Ҳоким ривоят қилган. Суютий. «Ад-дур ал-мансур», 6-жуз, 597-598-бетлар.)
Сўнгра «Қариндош етимга» ояти етимнинг ҳаққи, агар у муҳтож бўлса, қариндошининг зиммасига вожиб бўлишига далолат қилмоқда. Бинобарин, унда мазҳабдошларимизнинг «Агар етим муҳтож бўлса, унинг нафақаси қариндошларининг зиммаларига фарз қилинган», - деган сўзларига ҳужжат мавжуд.
«Тупроқли мискин» ояти эса мана шундай сифатдаги, яъни ўзи билан тупроқнинг ўртасида тўсиқ йўқ бўлган мискинни унга зарур нарсалар билан таъминлаш инсонларнинг барчасига лозим бўлишига далолат қилмоқда.
[17]. Сўнгра у (мазкур инсон) имон келтирган ва бир-бирларини сабр қилишга тавсия этган, бир-бирларини (банда-ларга) марҳаматли бўлишга ундаган зотлардан бўлди.
Бу оятнинг таъвили шуки, бўйин озод қилиш ва етим ёки мискинга таом бериш кишига то у мўмин бўлмагунича, шу би-лан бир қаторда, сабрли ва марҳаматли бўлишга чақирадиган бўлмагунича фойда бермайди. Қачон ана шу айтилганидек бўл-са, ўша вақтда довонни ошиб ўтган деб ҳисобланади.
«Магар сабр қилганлар (яъни имон келтирганлар) ва яхши амаллар қилганлар»,(Ҳуд сураси, 11 -оят.) оятида келгани каби сабрдан мурод, имон бўлиши ҳам мумкин.
Бир-бирларини сабрли ва марҳаматли бўлишни тавсия этиш дегани - яхши ишларга буюриб, мункар ишлардан қайтаришдир. Зеро,    [ат-тавосий] лафзи [васиййатун] сўзидан олинган. Бу нарса яхши ишларга буюриш ва мункар ишлардан қайтариш ҳам имондан деб эътиқод қилиш вожиб деган хулосага олиб келади.
[18]. Ана ўшалар (фазилатларга эга бўлган зотлар) «ўнг томон эгалари»дир.
[асҳаабул маймана] - ўнг тараф эгалари маъносида бўлиб, улар барака, соғлик ва офият эгалари бўлган кишилардир.
[19]. Оятларимизни инкор қилган кимсалар эса, улар «чап томон эгалари»дир.
[20]. Уларни (қиёмат куни) қамраб олувчи олов (дўзах) муқаррардир.
[асҳаабул машъамати] - улар гуноҳ ишларни қилиб, қамраб олувчи олов (дўзах)га муносиб бўлиш билан ўзларига бахтсизлик олиб келган кимсалардир.
[наарун муъсодатун] - беркитиб ўраб олган оловдир. Унинг қандай ўраб олиши бошқа бир оятда, яъни «Улар учун устиларидан ҳам оловдан бўлган «соябонлар», остиларидан ҳам (оловдан бўлган) «соябонлар» бўлур»(Зумар сураси, 16-оят.) ояти ҳамда «Аниқки, Биз золим (кофир)лар учун алангалари уларни қамраб оладиган дўзахни тайёрлаб қўйганмиз»(Каҳф сураси, 29-оят.) оятида зикр қилинганидек бўлади. Яна ҳам Аллоҳ билувчироқдир!

Орқага Олдинга