loader

054. Қамар сураси

Маккада нозил бўлган, 55 оятдан иборат
“Қамар” сўзи луғатда «ой» деган маънони билдиради, Қуръони каримнинг эллик тўртинчи сураси номи, Маккада нозил бўлган, 55 оятдан иборат. У Пайғамбар алайҳиссаломга ато этилган мўъжизалардан бири - Ойнинг бўлиниши ҳақидаги ояти карима билан бошлангани учун Қамар деб номланган. Сурада барча одамлар «гўё ёйилган чигирткалар каби қабрларидан чиқиб келадиган» қиёмат куни ва у кунда рўй берадиган даҳшатли ҳодисалар тасвирланади. Бу сурада ҳам ўтмишдаги ўзларига юборилган пайғамбарларни ёлғончи қилган қавмларнинг мана шу дунёдаёқ ҳалокатга дучор этилганлари уқтирилган ва уларнинг охиратда кўражак азоб-уқубатлари янада даҳшатлироқ экани тўғрисида ҳам хабар берилган. Маккада нозил бўлган бошқа суралар каби Қамар ҳам ақида асосларини муолажа қилади. Суранинг услуби ўзига хос, таҳдид солиб, чўчитиб, огоҳлантиради, у аввалидан охиригача Қуръони каримга ишонмаган барча тоифаларга қаттиқ ҳужум қилади. Сўнгра туғёнга кетган қавмларнинг ҳалокатга учраганлари ҳақидаги қиссалар эслатилади.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
(Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман)

1. Қиёмат яқинлашди ва ой бўлинди.
Қуръони каримда қиёмат куни турли номлар билан аталган. Қамар сурасида эса қиёмат «Соат» деб номланяпти. Қиёматнинг қачон бўлиши ва унинг яқинлиги нисбий тушунчалардир. Унинг қачон бўлишини фақат Аллоҳнинг Ўзи билади, буни ҳатто пайғамбарлар ҳам, фаришталарнинг улуғлари ҳам билишмайди. Вақти-вақти билан инсоният тарихида қиёматнинг бўлиш вақтини белгилаб, кейин миси чиққанлар, шарманда бўлганлар қанча! Биз, мусулмонлардан эса ўша Куннинг бўлишига шак-шубҳасиз ишониш ва ўшанда шарманда бўлиб қолмаслик учун доим у Кунга тайёр бўлиб юриш талаб қилинади. Чунки ҳар бир келувчи нарсанинг келиши яқиндир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан бир қанча ҳадислар ҳам ривоят қилинган. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда у киши айтадилар: «Набий алайҳиссалом билан ўтирган эдик. Асрдан сўнг қуёш ботай деб қолганда у зот: «Сизлар билан аввал ўтганларнинг умри таққослаб кўрилса, бу куннинг ўтган қисми билан қолган қисмига ўхшайди», дедилар. Яъни, аввал ўтганларнинг вақти тонг отгандан кун ботиш арафасигача ўтган оралиқ вақтга ўхшайди. Қиёматгача қолган вақт эса қуёш ботгунча қолган вақтга ўхшайди» (Аҳмад ривояти); Саҳл ибн Саъддан ривоят қилинган ҳадисда Набий алайҳиссалом: «Менинг пайғамбар қилиб юборилишим билан қиёмат мана бундайдир» деб, кўрсаткич бармоқлари билан ўрта бармоқларини жуфтлаб кўрсатган эканлар” (Аҳмад ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида кўринган ойнинг ёрилиб иккига бўлиниши ҳам қиёматнинг аломатларидандир. Бу ҳодиса Пайғамбаримиз ҳали Маккада турганларида содир бўлган. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, “Макка аҳли Муҳаммад алайҳиссаломдан ҳақиқий пайғамбар эканларига далил сифатида ҳужжат-мўъжиза кўрсатишни сўрашди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилдилар, Аллоҳ таоло у кишининг дуоларини қабул қилди ва ой иккига бўлинди. Икки бўлакнинг орасида Ҳиро тоғи кўриниб турарди” (Бухорий ва Муслим ривояти). Жубайр ибн Мутъамдан шундай ривоят қилинади: «Пайғамбар алайҳиссаломнинг вақтларида ой ёрилиб, иккига бўлинди. Бир бўлаги манави тоғ устида, иккинчи бўлаги анави тоғнинг устида кўринди. Мушриклар: «Муҳаммад бизни сеҳрлаб қўйди”, дейишди. Сўнг улар: “Агар у бизни сеҳрласа ҳам, қолган барчани сеҳрлай олмайди, мусофирлар келишини кутиб туринглар”, дейишди. Мусофирлар келишганда улардан сўраб кўришган эди, мусофирлар ҳам ойнинг ёрилганини кўрганларини айтишди. Шунда мушриклар: “Муҳаммад ҳаммани сеҳрлаб қўйибди», дейишди. Аллоҳ таоло Қамар сурасининг аввалини нозил қилди» (Аҳмад ривояти).
Ибн Касир айтади: “Бунга уламолар ўртасида иттифоқ қилинган, яъни, ойнинг бўлиниши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам
замонларида содир бўлган ва у энг катта мўъжизалардан ҳисобланади”. Аслида ақли-ҳуши жойида бўлган, ўзини таниган инсон учун Аллоҳнинг борлигига, Пайғамбарнинг ҳақлигига имон келтиришда ойнинг ёрилиши далил бўлиши шарт эмас. Ойнинг ҳозирги ҳолати - унинг жойлашуви, ҳажми, нур таратиши, янгиланиши, чиқиши, ботиши ва ҳоказолар ҳам улкан мўъжизалардандир. Ҳақиқатан ҳиссий мўъжизалар инсонга ўзига хос таъсир ўтказади. Ҳар бир инсон ҳам ҳар сафар ушбу оятни ўқиганида, эшитганида, ўрганганида мана шундай таъсирланиб туриши лозим.

2. Агар кўришса, юз ўгиришади ва: «Бу ўткинчи сеҳр-ку!» дейишади.
Яъни, агар Қурайш кофирларига Аллоҳнинг Пайғамбари бирор мўъжиза кўрсатганида ҳам улар буни инкор қилиб дарров юз ўгиришади ва инкорларини хас-пўшлаш учун “Бу ҳамишалик ўткинчи бир сеҳр-ку!” дейишади. Ушбу оятда мушриклар, кофирлар, динсизларнинг Исломга кирмаслик, имонга юрмаслик учун доимо баҳона ахтаришларига ишора ҳам, Макка мушрикларининг қилмишларини эсга солиш ҳам бор. Олдинги оятда зикр қилинганидек, мушриклар охирзамон Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга имон келтиришларига мўъжиза кўрсатишни шарт қилишган эди, яъни «Ойни иккига бўлиб юборсанг, биз сенга имон келтирамиз» маъносидаги талабни айтишганди. Аллоҳнинг иродаси билан уларнинг сўраганлари амалга ошди. Расулуллоҳ алайҳиссалом илтижо билан дуо қилганларидан сўнг Аллоҳ таоло Ўзининг суюкли Пайғамбарига лутф-икром кўрсатиб, дуоларини қабул қилди ва ой иккига бўлинди. Буни ҳамма - дўст ҳам, душман ҳам, мушрик ҳам, мусулмон ҳам кўрди. Ойнинг иккига бўлиниши ҳодисасидан мўминларнинг имони зиёда бўлди. Мушриклар эса ўз одатларига кўра, дарров баҳона ахтаришга тушиб: «Муҳаммад бизни сеҳрлаб қўйди», дейишди. Уларнинг фикрича, аслида ой бўлинмай, бутунлигича турибди-ю, лекин Пайғамбар алайҳиссалом сеҳр билан уларни сеҳрлаб, кўзларига ойни иккига бўлинган қилиб кўрсатган эмишлар. Шунинг учун ҳам бирорта мусофир йўловчини кутишди. Аммо йўловчилар ҳам ойнинг ёрилган ҳолда кўрганларини айтишди. Макка мушриклари ҳидоят йўлини танлашга яна бир катта имкониятга эришганларига қарамай, яна ўз хатоларида давом этишди ва жоҳилликларини яшириш учун Аллоҳнинг Пайғамбарини сеҳргарга чиқаришди. Ҳолбуки, ойнинг бўлиниши ҳодисаси Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳақиқий мўъжизаларидандир. Ойнинг иккига бўлиниши мўъжизаси мутавотир (ўта ишончли) хабарлар билан собит бўлган. Барча уламолар бу воқеанинг ҳижратдан олдин, Маккадаги Мино водийсида, ой тўлган ойдин бир кечада содир бўлганига иттифоқ қилишган. Деярли барча исломий манбаларда бу воқеа ҳижратдан беш йил олдин (нубувватнинг тўққизинчи йили, милодий 617 йил) қамал даврида содир бўлган, дейилади.

3. Ва ёлғонга чиқардилар ҳамда нафслари хоҳишига эргашдилар. Ҳолбуки, ҳар бир иш муқаррардир.
Ушбу оятдаги мушриклар омонидан “ёлғонга чиқарилган” нарсанинг нималиги ҳақида муфассирлар турлича фикрларни айтишган. Айримлари мушриклар “Муҳаммад алайҳиссаломнинг мўъжизала-рини” деб айтишса, баъзилари “Қуръони каримни” дейишган, яна бошқалари “ўзларига кўрсатиб қўйилган мўъжизаларни” деб тафсир қилишган. Аслида бу фикрларнинг барида ҳам асос бор, чунки бу ерда умумлашган маънони тушуниш лозим. Ҳавойи нафсга эргашиш барча динсиз ва мушрик кимсаларга хос бўлган иллатдир. Улар одатда Аллоҳ таолонинг амрига эмас, балки кўпроқ нафсла-рининг хоҳиш-истакларига бўйсунадилар. Аллоҳга эмас, ҳавойи нафсларига қул бўладилар. Лекин хоҳ катта, хоҳ кичик бўлсин, хоҳ яхши, хоҳ ёмон бўлсин, ҳар бир иш охир-оқибатда ўз ўрнини топади, муқаррар амалга ошади.

4. Уларга огоҳлантириши бўлган хабарлар келган эди.
Дарҳақиқат, инсоният тарихига назар солсак, инсонлар ҳамиша исёнда бўлгани, итоатсизлик кўрсатгани, ўзларига даъват ва ваҳий келтирган Аллоҳнинг элчиларига бўйсунишмагани учун охири бу дунёда чексиз азоб-кулфатлар, охиратда эса аламли жаҳаннам қийноқлари кутаётганидан огоҳлантирилишган. Нуҳ қавми пайғамбарлари Нуҳ алайҳиссаломни, Од қавми пайғамбари Ҳуд алай-ҳиссаломни, «қозиқлар эгаси» Фиръавн эса Мусо алайҳиссаломни ёлғончига чиқарган. Самуд қавми пайғамбари Солиҳ алайҳисса-ломни, Лут қавми Лут алайҳиссаломни, «дарахтзор эгалари» бўлмиш Мадян аҳли ўз пайғамбарлари Шуьайб алайҳиссаломни ёлғончи қилишган. Худди улар каби Макка мушриклари ҳам ўзларига қиёматнинг ҳисоб-китоби, куфр ва ширкнинг жазоси ҳақида келган огоҳлантирувчи хабарларни инкор этишди. Бунда улар Аллоҳнинг Пайғамбарига эргашмай, нафсларининг хоҳишига, ўзларидаги кибр ва ғурурга берилиб кетишди.

5. Етук ҳикмат бўлса-да, бу огоҳлантиришлар фойда бермади.
Инсонни бошқа махлуқотлардан фарқлаб турадиган хусусиятларидан бири - унинг ҳикматга ошнолигидир. Инсоннинг ҳикматга бўлган интилиши ундаги ақл жавҳарига бевосита боғлиқдир. Уламоларнинг айтишича, «Ҳикмат - нарсаларнинг ҳақиқатини инсоннинг имконияти етадиган даражада асл ҳолида билишдир». Ҳикмат деганда биринчи бўлиб инсоннинг ўз Яратувчисини таниши тушунилиши лозим. Имом Ғаззолий айтади: «Ҳамма нарсани билган, лекин Аллоҳни танимаган кишини ҳаким деб бўлмайди, чунки у энг улуғ ва энг афзал маърифатдан маҳрумдир». Динсиз ва мушрик кимсалар ҳам ҳикматга тўлиб-тошган охират ҳақидаги огоҳлантиришларни писанд қилмай, икки дунёсини ҳам барбод қилди.

6. (Эй Муҳаммад), энди улардан юз ўгиринг! Чақирувчи хунук нарсага чақирадиган кунда;
Яъни, эй Пайғамбарим, кофир ва мушрик кимсаларга мўъжизаларимиз ҳам таъсир қилмаса, огоҳлантиришлар бефойда кетса, энди улардан тамоман юз ўгиринг, уларга насиҳат қилишдан тўхтанг. Энди уларга ҳеч бир панду насиҳат ҳам, қиёматнинг келишидан огоҳлантириш ҳам кор қилмайди. Улар ана шундай адашувда, ғафлатда, залолатда юришаверсин. Яқинда шундай кун келадики, ўшанда бир чақирувчи, яъни Исрофил алайҳиссалом биринчи бор сур чалганида ҳамма буткул ўлиб битади, кейин иккинчи марта сур чалганида эса барча халойиқ қайта тирилиб, қабрларидан чиқиб келади. Оятда ана шу иккинчи сур чалиниши кўзда тутилган.

7. кўзлари қўрқинчга тўлган ҳолда тўзиган чигирткалар каби қабрларидан чиқиб келишади.
Яъни, одамлар қабрларидан чиқишганида йўлларини тополмай, ҳар томонга югура бошлашади. Ўша куни уларнинг ҳолати худди тўзиб, ҳар томонга ёйилиб кетган чигиртка ёки парвона каби ҳашаротларга ўхшаб кетади. Улар саросимага тушганларидан ҳар томонга тўзғиб, тарқалиб чопа бошлашади. Қиёмат куни даҳшати ва қўрқинчидан кўзларини юқорига қарата олмайдилар.
Қиёмат куни инсонларнинг қабрларидан чиқишлари Қуръонда тўзиган чигирткаларга ўхшатилмоқда. Нима учун айнан чигирт-ка? Аллоҳ нима сабабдан чигирткаларни мисол қилиб келтирган? Сўнгги юз йилда замонавий асбоб-ускуналар ёрдамида ҳашаротлар устида олиб борилган доимий кузатувларнинг натижалари бизга нима сабабдан чигирткалар мисол қилинганини тушунишимизда ёрдамга келади. Аввало, чигиртка галалари ҳаддан ташқари кўп сонли бўлади, миллиардлаб чигиртка бир жойга тўпланиб, километрлаб узунликда ва кенглиқца учиб юрган қоп-қора ёмғир булутини эслатади. Бундан ташқари, бу ҳашарот тухумини тупроқ остига уруғ каби жойлаштиради, уруғлар тупроқ остида узоқ вақт қолиб кетганидан кейин тўп-тўп бўлиб ер юзига тупроқ остидан чиқиб келади. Айрим муфассирлар қабрлардан одамларнинг тўзи чиқиб келишини парвоналарга ҳам ўхшатишган. Абулқосим Замахшарий шундай дейди: “Улар кўпликда, парокандаликда, заифликда, хорликда, ҳар томонга елиб-югуришда ўзини оловга урувчи парвоналарга ўхша-тилган”.

8. Чақирувчи томонга шошиб боришаркан, кофирлар: «Бу қийин Кунку», дейишади.
Дунё ҳаётини куфр ва ширк исканжасида ўтказган бахтсиз кимсалар қиёматнинг қойим бўлиб, бошларига Аллоҳ ваъда қилган кун келганида кўзлари “ярқ” этиб очилади, эс-ҳушлари жойига келади. Исрофил алайҳиссаломнинг сур чалишидан тирилиб, ўзлари чорланаётган томонга югуриб кетишади. Йўл-йўлакай даҳшат ва машаққатлардан қийналиб, “Бу жуда оғир, қийин кун экан-ку!” деб зорланишади. Бу дунёда имондан қочиб, динга амал қилмай, қиёматни тан олмай юрганлар ўша Куннинг ташвиши бошларига тушганда, ўз кўзлари билан кўрганларидан сўнг қўрқинч ва надоматдан бошларини қайга уришни ҳам билолмай қолишади. Зеро, уларнинг бундан бошқа иложлари ҳам йўқда!

9. Булардан олдин Нуҳ қавми ҳам ёлғончига чиқарган эди. Улар бандамизни ёлғончига чиқариб, «мажнун» дейишди ва унга тўсқинлик қилинди.
Ушбу ояти каримадан бошлаб Аллоҳтаоло Ўз Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом ва мўминларга олдинги пайғамбарлар қиссасини ибратўлароқ мухтасар ҳолда баён этиб бермоқда. Эй Муҳаммад, сизнинг қавмингиздан анча олдин ўтган осий қавмлар ҳам ўзларига юборилган пайғамбарларни ёлғончига чиқариб, турли айблар тақаб, улар олиб келган рисолатни инкор қилишган эди. Нуҳ алайҳиссаломни қавми ҳам пайғамбарларини ёлғончига чиқарган, унга итоатсизлик кўрсатган ва у кишини мажнунга чиқарган эди. Қавмнинг жоҳиллиги шу қадар эдики, улар инсон зотидан пайғам-бар чиқмайди, деб ўйлашарди: “Биз сени фаҳм-фаросат, ақл ва бошқа жиҳатларда биздан устун эканингни кўрмаяпмиз, балки сени ёлғончи деб ҳисоблаяпмиз”. Булар ҳам етмагандай у зотга очиқ-ойдин зуғум ва пўписа қилишга ўтишди.

10. Шунда у Парвардигорига: «Мен мағлуб бўлдим, ёрдам бергин», деб дуо қилди.
Қавмининг имонга келишидан умидини узган Нуҳ алайҳиссалом уларни дуоибад қилмади, балки пайғамбарларга хос ахлоққа биноан ўзининг ожизлиги ва иложсизлигидан Парвардигорига дуо билан илтижо қилди: «Парвардигоро, тоқатим қолмади, сабрим тугади, ноиложман, мағлуб бўлдим, Ўзинг ёрдам бер!». Пайғамбарнинг дуоси тезда қабул бўлди.

11.    Биз осмон эшикларини шаррос сув билан очиб юбордик;
Яъни, Нуҳ алайҳиссалом қавмини Аллоҳтаоло улкан тўфон балоси билан жазолади. Нуҳ алайҳиссалом даврида осий қавмни жазолаш учун Аллоҳ таоло томонидан жазо сифатида юборилган улкан сув тошқини «тўфон» дейилган. Бу ҳақда Қуръони каримнинг бир неча оятларида зикр қилинган. Тўфон пайтида осмондан шаррос қуюлувчи сув бир сония ҳам тўхтамай, бутун ер юзини сувга тўлдириб ташлаган.

12.    ва ердан булоқларни отилтириб чиқардик. Шунда сувлар тақдир қилинган иш узра бирлашди.
Тўфон пайтида сув фақат осмондан ёғиш билан кифояланмади, балки ер юзасининг ҳамма жойида худди қайнар булоқ каби отилиб чиқа бошлади. Осмондан тушган ва ердан отилиб чиққан беҳисоб сувлар бирлашиб, Аллоҳнинг амри билан тўфон балосига сабаб бўлди.

13.    Уни тахта ва михлардан ясалган нарсага кўтардик.
Нуҳ алайҳиссалом тинмай қавмини Аллоҳнинг ягоналигини, ўзининг пайғамбарлигини тасдиқлашга, итоатсиз бўлмасликка, сохта маъбудларга сиғинмасликка даъват қилди. Лекин қавми уни масхара қилиб, ҳаддан ошаверди. Оқибатда Аллоҳнинг ғазабига - тўфон балосига мубтало бўлди. Нуҳ алайҳиссалом Аллоҳнинг амри билан улкан кема ясаб, оила аъзоларини, барча жониворлардан бир жуфтданини қутқариб қолди, қолганлар тўфонда ҳалок бўлди. Аллоҳ таоло Нуҳ қавмини тўфон балосига дучор қилишни ирода этганида Нуҳ алайҳиссаломга тахта ва михлардан фойдаланиб, бир кема ясашни ва унда қутилиб қолишни буюрган.

14.    У “кўз ўнгимизда” инкор қилинган одамга мукофот ўлароқ юради.
Тўфон бошланганида кема сув узра кўтарилиб, унинг устида сузиб кета бошлаган. «Тахталари ва михлари бор нарса» бўлмиш кема кофирлар томонидан инкор қилинган Нуҳ алайҳиссаломга Аллоҳ таоло томонидан мукофот сифатида инъом этилган бўлиб, кема энди Аллоҳ таолонинг инояти билан, Унинг назоратида ана шундай улкан тўфонда ҳам бемалол юриб кетади. Демак, Аллоҳ йўлида қилинган ҳеч бир иш мукофотсиз қолмайди. Нуҳ алайҳиссаломнинг узоқ ва машаққатли даъвати эвазига у кишини ва эргашувчиларини тўфондан қутқариб қолиши Аллоҳ таолонинг Ўз пайғамбарига мукофоти бўлди.

15.    Уни бир аломат қилиб қолдирдик. Қани, эслатма олувчи борми?!
Айрим муфассирлар: «Кейинги авлодларга ибрат ўлароқ қолдирилган аломат Нуҳ алайҳиссаломнинг кемасидир», дейишади. Нуҳ кемасининг ҳозирги Туркия ҳудудидаги Жудий тоғида сақланиб қолгани тарих китобларида ёзилган. Машҳур тафсирчи Қатода розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда у киши: «Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломнинг кемаларини боқий қолдирган, ҳаттоки бизнинг уммат вакиллари ҳам кўришган», деган. Яқинда фазо кемалари ёр-дамида тоғустидан мазкур кеманинг қолдиқлари топилгани матбуотда хабар қилинди. Кейинчалик муз ичида турган у кемани баъзи тадқиқотчилар Туркия томондан тоққа чиқиб. текшириб кўришди.

16.    Энди азобим ва огоҳлантиришим қандай бўлди?!
Яъни, мушрик ва кофир кимсалар олдин ўтган қавмларнинг осийликлари ва ваҳийларни инкор қилишгани учун қандай азоб ва жазоларга гирифтор бўлишганидан хулоса чиқаришлари ва имонга келишлари лозим эди. Аммо улар жоҳиллик ва инкорлари билан итоатсизлик кўрсатиб, Аллоҳнинг азобига учрашаверади. Шу боис ҳам Аллоҳ азза ва жалла Қуръони каримнинг жуда кўп оятларида “Энди азобим ва огоҳлантиришим қандай бўлди?” деган хитоб билан бандаларига такрор-такрор мурожаат қилади.

17. Дарҳақиқат, Куръонни зикр учун осон қилдик. Ундан эслатма олувчи борми?!
Яъни, Қуръони каримни доимий зикр қилиб туриш учун осон қи-линди, энди ундан эслатма олиш қолди, холос. Ушбу ояти карима сура давомида бир неча бор такрорланиб келади. Яъни, Қуръонни ёдлаш осон бўлиши учун у жуда содда, равон услубда баён қилинди. Ундаги қисса, ваъда, ваъид, амр ва қайтариқлардан ибрат-насиҳат олиш, яқинлар ва атрофидагиларни Қуръони каримни ёдлашга қизиқтириш, ундан ибрат олиш, ҳаётларини Қуръондаги амр-қайтариқлар асосида қуриш, барча жабҳаларда унга амал қилиш Қуръондан эслатма олиш сирасига киради. Бандаларига меҳрибон Зотнинг Ўзи осон қилиб қўймаганида, бирортамиз илоҳий каломни ўқишга, эслашга ва ёдлашга қодир бўлмас эдик.

18. Од ёлғончига чиқарди. Энди азобим ва огоҳлантиришим қандай бўлди?
Од қадимий араб қабилаларидан бўлиб, насаби Нуҳ алайҳисса-ломга борадиган боболари Однинг номи билан аталган. Од қавми Яман, Уммон, Ҳазраамавт оралиғида яшаган. Мазкур қабила бут-санамларга сиғинарди. Уларга Аллоҳ таоло Ҳуд алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юборди. У киши қабилани Аллоҳга ибодат қилишга чақириб, бутларга сиғинишдан қайтарди. Агар куфрларида давом этаверишса, Аллоҳнинг азобига учрашлари ҳақида огоҳлантирди. Ҳар қайси замон ва маконда бўлганидек, бу қавмнинг ҳам бадавлат ва шуҳратли кишилари Ҳуд алайҳиссаломни ақлсиз ва нодонга чиқаришдан ташқари у кишини ёлғончиликда ҳам айблашди. Чунки уларга ота-боболари эътиқод қилган илоҳларга сиғинишни тарк этиш сира ёқмаётган эди. Шунинг учун янги динни қабул қилишга орлари келарди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло уларни Ўзининг жазосига гирифтор айлади ва “Энди азобим ва огоҳлантиришим қандай бўлди?” дея саволга тутди.

19.    Биз давомли наҳс кунида улар устига даҳшатли бўронни юбордик.
Оятдаги «наҳс куни» деб таржима қилинган “явми наҳсин» жум-ласи ёмон, машъум, бахтсизлик келтирувчи кунни англатади. Аллоҳ таоло Од қавми устига бало-мусибат сифатида юборган даҳшатли “сорсор” шамоли қавм учун ана шундай ёмон, хосиятсиз кунда келган эди. Бошқа бир оятда бу «машъум кунлар»нинг етти кечаю сак-киз кундуз давом этгани баён қилинган. Ўшандаги шамол «сорсор» номи билан машҳур бўлиб, ўта совуқ ва овози ҳам қаттиқ келган, баданга теккан жойини тешиб кетган. Од қавми бу дунё ҳаётида шундай азобга йўлиқди, тамоман ҳалок бўлиб кетди.

20.    У одамларни худди қўпорилган хурмо каби юлиб олади.
Яъни, ўша қаттиқ эсадиган совуқ сорсор бўрони Од қавмининг одамларини оятда васф қилинганидек, худди илдизи чириб қолган хурмо дарахтлари шамолда таг-томири билан қўпориб ташланганидай ҳалок қилди. Кучли шамол ҳам Аллоҳнинг аскарларидан бири, Унинг амрини бажариб, У истаган жойга боради ва йўлида учраган ҳамма нарсани яксон қилиб кетади. Ҳозирги кунимизда ҳам ана шундай бўрон ва довул балосига учраган юртларнинг хабари тез-тез тарқалиб туради.

21.    Энди азобим ва огоҳлантиришим қандай бўлди?!
Аллоҳ таоло золимлик қилиб, Парвардигорига осийлик қилган, ваҳийларини инкор қилган, пайғамбарларига итоатсизлик кўрсатиб, уларга ноҳақ туҳмат қилган жоҳил қавмларнинг бошига ҳар сафар Ўз азобини юборар экан, “Энди азобим ва огоҳлантиришим қандай бўлди?” деб хитоб ҳам қилади.

22. Дарҳақиқат, Қуръонни зикр учун осон қилдик. Ундан эслатма олувчи борми?!
Яъни, Қуръонни ёдлаш осон бўлиши учун у жуда содда, равон услубда баён қилинди. Ундаги ҳар бир қисса, ваъда, ваъид, амр ва қайтариқлардан ибрат-насиҳат олиш, яқинлар ва атрофидагиларни Қуръони каримни ёдлашга қизиқтириш, ундан ибрат олиш, ҳаётларини Қуръондаги амр-қайтариқлар асосида қуриш, барча жабҳаларда унга амал қилиш Қуръондан эслатма олиш сирасига киради.
Шундан сўнг Самуд қабиласи ҳақидаги қисса бошланади:

23. Самуд огоҳлантирувчиларни ёлғончига чиқарди.
Самуд ҳам бошқа исёнкор қавмлар каби Аллоҳ таоло Ўзининг азобидан бандаларни огоҳлантириш учун юборган пайғамбарларни ёлғончига чиқариб, улар олиб келган ваҳийларни инкор қилди. Самуд ҳам қадимий араб қабилаларидан бўлиб, насаби Нуҳ алайҳис-саломга туташувчи катта бобоси Самуд номи билан аталган. Самуд қабиласи Ҳижоздаги Водил Қуро деб номланган водийнинг Ҳижр деган ерида яшаган. Улар бут-санамларга сиғинишарди. Аллоҳ таоло Ўз тавҳидига чақириш учун бу қабилага Солиҳ алайҳиссалом-ни пайғамбар қилиб юборди. У қабилани санамларга сиғинишни тарк этиб, ягона Аллоҳнинг Ўзига ибодат қилишга чақирди. Лекин Самуд қабиласи Аллоҳга имонга келтирмади, бунинг устига пайғамбарни ёлғончиликда айблади ва у кишидан пайғамбарлигини тасдиқловчи мўъжиза келтиришни талаб қилди. Аллоҳтаоло Солиҳ алайҳиссаломга харсанг тошдан туя чиқариб бериб, у зотни мўъжизаси билан сийлади. Шу билан бирга, ўша ердаги булоқ сувини бир кун туя, бир кун қабила аъзолари навбат билан ичишлари зарурлигини ҳам тайинлади. Агар қабилада туяга бирор ёмонлик қилинса, уларнинг азобга дучор бўлишлари муқаррар экани уқтирилди. Туя маълум муддат қабила ичида яшаб, ўз навбати куни сув ичиб, ўтлаб юрди. Бу мўъжизани кўрган баъзи кофирлар имонга кела бошлашди. Одатдагидек, қабиланинг улуғлари бу ҳолдан ташвишга тушиб, туяни ўлдиришга аҳд қилишди ва буни ижро қилишга ичларидан бир кишини юборишди. Ўша кимса бориб, туяни сўйди. Шунда Аллоҳ таоло Самуд қабиласига бир қичқириқни юборди. Улар қичқириқ даҳшатидан бир лаҳзада ҳалок бўлишди. Аллоҳ таоло фақат Солиҳ алайҳиссаломни ва у кишига эргашган мўминларни ялпи ҳалокатдан сақлаб қолди.

24. Шунда улар айтишди: «Ўз орамиздаги бир одамга эргашамизми? Бу ҳолда ҳақиқатан адашган ва аҳмоқ-нодонлар-дан бўламиз-ку;
Яъни, Солиҳ алайҳиссалом қавмдагиларни ягона Аллоҳга ибодат қилишга чақириб, бут-санамларга сиғинишнинг разолат эканини тушунтирганида қавм ичидаги айрим калтафаҳмлар: “Ўз орамиздан чиққан, ўзимизга ўхшаган оддий одамга эргашамизми, бунинг устига у олиб келган янги дин ота-боболаримизнинг урф-одатлари ва эътиқодларига тамоман тескарику!” деб эътироз билдиришга ўтишди. Бу ҳам камлик қилгандай, ўзларининг инкорларини исботлаш учун “Агар унинг айтганларига кўниб, йўлидан юрадиган бўлсак, у ҳолда ҳақиқатан адашган ва нодон кимсалардан бўлиб қоламиз”, деб баҳона ўйлаб ҳам топишди. Оятдаги “аҳмоқ-нодон” деб таржима қилинган арабча “суъур” сўзи “мажнунлик, телбалик” маъноларини билдиради. Лекин айрим муфассирлар бунга “қайнаб турган дўзах олови” деган маънони ҳам беришган.

25. бизларнинг орамиздан айнан шунга зикр нозил қилинибдими?! Иўқ, у ёлғончи ва кеккайгандир».
Жоҳил қавмўзича Солиҳалайҳиссаломнингдаъватлари нотўғри эканини исботлашга уриниб, “Орамизда шунча аслзода, баобрў, бадавлат одамлар қолиб, илоҳий ваҳий айнан шу одамга нозил қилинибдими?” деб баҳона излашга тушди. Улар Солиҳ алайҳисса-лом бизларни даъват қилаётганида ёлғон гапиряпти, у бир ёлғончи, кеккайган, кибрли бандадир, деб Аллоҳнинг пайғамбарини камситишга ўтишди. Солиҳ алайҳиссаломга ёлғончи, мутакаббир, кеккайган ва мағрур деган сифатларни тақаб, у кишининг даъватига эргашмасликка шуларни рўкач қилишди. Ўзларидан чиққан одамга эргашишдан бош тортиш кофирларнинг, динсизларнинг энг эски касали. Улар ҳамма нарсага чидашлари мумкин, лекин ўзлари каби бир инсоннинг Аллоҳнинг динига даъват қилиб, обрў топишига чидай олишмайди. Шунинг учун ўша даъватчи пайғамбарга қарши турли фитналар уюштиришади, уни ёлғончига, мажнунга, сеҳргарга чиқаришади. Уларнинг энг катта хатоси - ораларидан чиққан кишига эргашишни адашиш, нодонлик, ақлсизлик деб ўйлашларидир. Улар бу қилмишлари билан Аллоҳнинг иродасига қарши боришди. Айбни ўзларидан эмас, уларни тўғри йўлга чорловчи пайғамбардан ахтаришди. Ҳолбуки, ўзларига илоҳий ваҳийни етказган пайғамбарга эргашишлари, дарҳол имонга келишлари лозим эди.

26. Улар эртага ким ёлғончи ва кеккайганлигини билиб олишади.
Куфр эгалари ҳозирча Аллоҳнинг пайғамбарини ёлғончига, кек-кайганга чиқариб турақолишсин, яқин орада (ёки қиёматда), бошларига азоб келганида ким ёлғончию, ким кеккайган, ким мутакаббир эканини аниқ билиб олишади. Дарҳақиқат, Самуд қавмининг буни билиб олишига жуда оз қолди.

27. Биз уларни синаш учун туяни юборамиз. (Эй Солиҳ), сен уларни кузатиб ва сабр қилиб тур;
Яъни, Самуд қавми пайғамбар Солиҳ алайҳиссаломдан гапларининг исботи учун Парвардигоридан бирор мўъжиза келтиришни сўради. Аллоҳ таоло уларнинг бу талабига жавобан ва исёнкорларни синаш учун бир туя юборишининг хабарини беряпти. Аллоҳ таоло учун бундай мўъжизаларни ато этиш ниҳоятда осон, ҳеч қандай мушкуллик туғдирмайди. Қавм сўраган туяни юбориш ҳам уларни синовдан ўтказиш, қавмдан қай бири имон келтирадию қайси бири кофирлигича қолади, шуларни ажратиб-билиб олиш учундир. Шундан сўнг Аллоҳ таоло бошқа пайғамбарлари каби Солиҳ алай-ҳиссаломга ҳам то илоҳий ҳукм етиб келгунича бўлаётган ишларни кузатиб туриш ва чиройли сабр қилишни буюрди.

28. уларга сув ўрталарида тақсимлангани, ҳар бир ичишга ҳозир бўлиниши хабарини бер.
Аллоҳ таоло яна қавмни синаш учун сув ичишни қавм билан туя ўртасида одилона тақсимлаб қўйди: якки булоқдан бир кун қавмдагилар сув ичса, эртасига туяни суғоришади. Яъни, оятда туя билан Самуд қавми ўртасида сувнинг кунма-кун тақсимлангани тўғрисида сўз бормоқда. Ҳар бир томон фақат ўзининг навбати келгандагина булоққа сув ичгани ҳозир бўлади. Лекин қавм бу тақсимотдан рози бўлмади, уни қабул ҳам қилмади. Нима қилиб бўлса ҳам ўзла-рига ҳалақит бераётган туяни сўйиш фикрига тушишди.

29. Шунда улар шерикларини чақиришган эди, у тутдида, сўйиб юборди.
Солиҳ алайҳиссалом ўзига мўъжиза қилиб берилган туяни асраб-авайлаш, ким унга ёмонлик қилса, қиёматнинг қаттиқ азо-би ушлаши ҳақида қавмини қаттиқ огоҳлантирган эди. Аммо қавм одамлари сўзларида турмай, уни сўйиб юборишди. Шерикларидан бир киши келиб уни тутдида, қиличини чиқариб сўйиб юборди. Ўша «шерик»нинг исми Қаддор ибн Солиф бўлиб, энг катта бузғунчи ва Самуд қавмидаги бадбахт одамлардан бири эди. Баъзи ривоятларда «У ароқ ичиб, маст бўлиб олиб, кейин бу жиноятини амалга оширган», деб ҳам келади. Шу тариқа қавмдан бир киши томонидан туянинг сўйиб юборилиши касрига бутун Самуд қавми ҳалокатга учраб, йўқ бўлиб кетди. Бошқа гуноҳ ишларнинг касри ҳам шундай бўлади, бир кишининг қилган гуноҳига уни бундан қайтармаган бошқа одамлар ҳам қолиб, гуноҳига шерик бўлишади.

30.    Шунда азобим ва огоҳлантиришим қандай бўлди?!
Самуд қабиласи туяни сўйиб юбориши билан улар устига тушадиган азобнинг нақадар кучли ва даҳшатли экани оятдаги сўроқ тарзида берилган хитоб замирида ифодаланган. Яъни, эй оқил инсон, бу илоҳий азоб ва огоҳлантиришнинг қандай амалга ошганига эътибор бериб қара, ақл кўзи билан бу ҳақда фикр юрит, исёнкор қавмнинг бошига тушган мусибатли жазодан ибрат ол!

31.    Биз улар устига бир қичқириқ юборган эдик, улар қўранинг шох-шаббаларига ўхшаб қолишди.
Яъни, итоатсиз ва адашган Самуд қавмини Аллоҳ таоло даҳшатли, кучли овоз-қичқириқ билан ҳалок қилган. Улар ҳалок бўлганларидан сўнг қўйбоқарлар қўйхона қуриш учун ишлатадиган қуруқ шох-шаббаларга ўхшаб қолган эди. Ҳозирги пайтда ҳам сирли равишда ҳалок бўлганларни “қаттиқ овоздан қўрқиб ўлишган бўлса керак”, деб тахмин қилишади. Оятдаги “шох-шабба” деб таржима қилинган сўз “ҳашийм” деб келган бўлиб, “қуриган дарахт, хазон” маъноларини англатади. Арабча “муҳтазир” сўзи қўй боқиладиган қўрани англатиб, оятнинг маъноси ҳалок бўлган қавм қўранинг атрофига терилган қуруқ калтакларга ўхшаб қолганини билдиради.

32.    Дарҳақиқат, Куръонни зикр учун осон қилдик. Ундан эслатма олувчи борми?!
Яъни, Қуръони каримни доимий зикр қилиб туриш учун осон қилинди, энди ундан эслатма олиш қолди, холос. Ушбу ояти карима сура давомида бир неча бор такрорланиб келади. Яъни, Қуръонни ёдлаш осон бўлиши учун у жуда содда, равон услубда баён қилинди. Ундаги ҳар бир қисса, ваъда, ваъид, амр ва қайтариқлардан ибрат-насиҳат олиш, яқинлар ва атрофидагиларни Қуръони каримни ёдлашга қизиқтириш, ундан ибрат олиш, ҳаётларини Қуръондаги амр-қайтариқлар асосида қуриш, барча жабҳаларда унга амал қилиш Қуръондан эслатма олиш сирасига киради.

33. Лут қавми огоҳлантиришларни ёлғон деди.
Самуд қавми ҳақидаги қисса тугагач, энди Лут қавмининг қиссаси бошланади. Бу қавм ҳозирги Иорданиянинг (Урдуннинг) ўша пайтда Садум деб номланган ерларида яшаб ўтган бўлиб, дунёдаги энг фожир ва кофир қавмлардан ҳисобланади. Улар инсоният тарихида мисли кўрилмаган катта гуноҳни бошлаган одамлар сифатида тарихга кирган. Бу ҳам бўлса, бесоқолбозлик - эркак кишиларнинг бир-бирлари билан жинсий алоқа қилишларидир. Улар бу фаҳш ишлари билан фахрланишар, бу ишни йиғилишларида қилишар, бу ифлосликни инкор қилганларни таъқиб этишар эди. Аллоҳ таоло уларни бу расво ишдан қайтариш, ҳидоятга бошлаш учун Лут алай-ҳиссаломни пайғамбар қилиб юборди. Аммо жинояткор қавм Аллоҳнинг элчисини ҳам, Парвардигорнинг огоҳлантиришларини ҳам ёлғонга чиқарди. Инсоф ва ахлоққа чақирган Лут алайҳиссаломни диёридан чиқариб юборишга ҳаракат қилди. Ояти каримада айтиляптики, Лут қавми агар улар ёмон ишларини ташлашмаса, Аллоҳнинг азоби бўлиши ҳақидаги пайғамбарнинг огоҳлантиришларини назарга илмади, уларни ёлғонга чиқарди. Улар шунча огоҳлантириш ва қўрқитишларга қарамай, ўзларини жирканч ишларини қилишда яна давом этаверишди.
Лут қавмининг ифлос иши улар билан ер қаърига кириб кетгани йўқ. Бесоқолбозлик иллати кейинчалик ҳам йўқолмади, ҳозирда ҳам дунёнинг кўпгина мамлакатларида бу иш одатий ҳолга айланиб бўлган. Ўзини дунёда энг маданиятли, энг ривожланган давлатлар деб даъво қилаётган айрим Ғарб мамлакатларида икки эркак кишининг ўзаро никоҳдан ўтиши ва бола асраб олиши қонун йўли билан жорий қилингани, боз устига, баъзи черковлар уларни никоҳ қилаётгани инсон шаъни учун ор-номус эмасми?! Айрим католик черковлари хорида куйлайдиган ва футбол клубларида тўп суришни ўрганаётган ўғил болаларнинг катталар томонидан зўрланиши оммавий ахборот воситаларида очиқ-ойдин гапирилаётганининг ўзи ҳозирги дунёда бу ахлоқсизлик кўринишлари қанчалар чуқур илдиз отганини кўрсатиб турибди.

34. Биз улар устига тошбўрон юбордик. Фақат Лут оиласига саҳарда нажот бердик;
Бу ояти каримада эса бузуқ қавмнинг ифлос қилмишлари қандай якун топгани маълум қилинмоқда. Аллоҳ таоло Лут қавмини азоблаб, ҳалокатга учратишни ирода қилгач, улар устига қаттиқ тош бўронни юборди. Бўрон тошларни учириб келди, жиноятчи қавм устига ёғдириб, уларни ўлдира бошлади. Фаришталар Аллоҳнинг азобидан хабардор қилишгани учун шу воқеадан олдинроқ, саҳар чоғи Лут алайҳиссалом икки қизи ва ўзига эргашганлар билан бирга шаҳарни тарк этиб чиқиб кетган, азобдан нажот топган эди. Унинг кекса хотини бузуқликни маъқуллагани учун қавм билан қолиб, ҳалокатга учради.

35. бу Ўз тарафимиздан неъматдир. Шукр қилганларни мана шундай мукофотлаймиз.
Яъни, Аллоҳ таоло айтяптики, Биз ўзимизнинг очиқ-ойдин неъматларимиз ўлароқ Лутга эргашганларни катта кулфат ва балоларимиздан омонда сақлаб қолдик. Лут алайҳиссалом билан унга эргашганларнинг нажот топишлари уларга Аллоҳ таоло томонидан берилган катта неъмат бўлди. Аллоҳнинг берган неъматига шукр қилганларни эса У Зот ҳамиша, ҳатто ҳалокат ва машаққатлар ичида бўлишса ҳам мукофотлаб туради. Аллоҳнинг мукофоти бу дунёда уларнинг аниқ ҳалокатдан омон қолдирилганлари бўлса, охиратда имонлари сабабли абадий роҳат-фароғат маскани бўлган жаннатларга киришади. Аллоҳ таоло Лут алайҳиссалом ва унинг издошларини мукофотлагани каби Ўзига шукр қилувчи, амр ва қайтариқларига бўйсунувчи итоаткор бандаларини ҳам неъмат ва ажр-савоблари билан тақдирлайди. Ушбу ояти каримада Аллоҳ таолога тоат-ибодатда янада бардавом бўлишлари учун шукрли мўминларга улкан мукофотларнинг башорати берилмоқда ва Аллоҳнинг неъматларига ношукрликдан қайтарилиб, бундай кофир кимсаларнинг оқибати ниҳоятда аянчли бўлиши уқтирилмоқда.

36. Дарҳақиқат, Бизнинг ушлашимиздан уларни огоҳлантирган эди, аммо огоҳлантиришларга ишонишмади.
Лут алайҳиссалом ўз қавмини Аллоҳнинг азоб билан ушлашидан ўз вақтида огоҳлантирган эди, аммо улар пайғамбарнинг гапини назарга илмай, шубҳага боришди ва ишонишмади. Оятдаги “ушлашимиз” деб таржима қилинган арабча “батшатана” сўзи “қаҳр ва куч-қудрат билан ўз қўлида ушлаб туриш” деган маънони билдиради. Демак, Аллоҳнинг Ўз қабзида ушлаши бандалариникидан тубдан фарқланиб, қавмни аянчли бир ҳолатда ҳалок қилишини англатади.

37. Улар меҳмонларини топширишини ундан сўрашди. Шунда кўзларини кўр қилдик. Менинг азобим ва огоҳлантиришла-римни тотиб кўринглар!
Лут қавми ўзидан олдин ҳеч ким қилмаган қабиҳ жиноятни, эркакларнинг ўзаро жинсий алоқа қилиши жинояти билан инсон зотининг маломати ва нафратига учраган эди. Уларнинг бузуқлиги шу даражага етдики, энди улар ўз нафсларини қондириш учун пайғамбар Лут алайҳиссаломдан унинг ҳузурига келган меҳмонларни топширишни талаб қила бошлашди. Қийин ва чорасиз аҳволга тушиб қолган пайғамбарга Аллоҳ таолонинг Ўзи ёрдамга келди: уларнинг кўзларини кўр қилиб қўйди.
Баъзи ривоятларда келишича, фаришатлар ўзлари туфайли Лут алайҳиссаломнинг азият чекаётганини сезишгач: “Эй Лут, сенинг таянчинг кучлидир”, дейишди. Сўнгра Жаброил алайҳиссалом уларни қаноти билан урганида фаҳшга ботганларнинг бари кўрмайдиган ожиз бўлиб қолди ва қавм ноилож ортига қайтиб кетди. Бошқа бир ривоятда зикр қилинишича, бир куни Лут алайҳиссаломнинг хонадонларига ёш, хушрўй йигитлар меҳмон бўлиб келишди. Бундан хабар топган бузуқ қавм улар билан баччабозлик қилиш ниятида Лут алайҳиссаломнинг уйларига ёпирилиб келишди. Лут алай-ҳиссалом қавмни бу жиноий мақсаддан қайтаришга кўп уринди, аммо сира фойдаси бўлмади. Шу пайт меҳмон йигитлардан бири ташқарига чиқди ва баъзи бир ҳаракатлар қилди. Шунда фоҳи-шабоз қавмнинг кўзлари кўр бўлиб қолди ва гумроҳлиқца келган жойларига қайтиб кетиш учун йўл ахтариб қолишди. Чунки аслида меҳмон йигитлар фаришталар бўлиб, бу кофир қавмни ҳалок этиш учун Аллоҳ таоло томонидан махсус юборилган эди. Аллоҳ таолонинг азоби ва огоҳлантиришларига қарамай, гуноҳ ишларидан қайтмайдиганларнинг оқибати ана шундай фожиали тугайди. Замонавий тиббиёт фанида ҳам ливота, яъни бесоқолбозлик билан шуғулланганларнинг аксарияти кўр бўлиб қолиши айтилган.

38. Дарҳақиқат, уларни эрта тонгда давомли азоб тутди.
Эрта тонг пайти жиноятчи бузуқ қавмни қаттиқ ва бардавом, қиёматгача етадиган азоб тутди. Азобнинг саҳарда келиши боиси, Лут ва унга эргашганларни тунда, ҳеч ким кўрмайдиган пайтда шаҳардан омон чиқариб юбориш ва имонсизлар устига ғафлатда ётганларида азоб юбориш эди. Куфр эгалари устига тошли бўрон ёғдирилди. Ҳар бир тошда у томонидан ўлдирилиши лозим бўлган жиноятчининг исми ёзилган бўлиб, ўша тош ўз эгасини излаб юриб ўлдирар эди. Шу билан бирга, уларнинг яшаб турган шаҳарлари тўнтарилиб, остин-устин қилиб ташланди. Ибн Касир айтади: “Жаброил алайҳиссалом Аллоҳнинг изни билан бу қавмнинг юртини Ер юзидан бутунлай супуриб ташлади. Кейин уни осмонга кўтарди ва қавмнинг устига ташлади. Шундан кейин Аллоҳ қавмнинг бошига Ўз даргоҳида белгилаб қўйилган тошларни муттасил тарзда сел каби ёғдирди. Уларнинг маконлари бадбўй, кичик бир кўлга айланди. Бу қавмнинг оқибати бошқаларга ибрат бўлиши учун кўл қиёматгача қолдирди. Охиратда эса улар янада қаттиқроқ азоб билан жазоланишади”. Айрим олимлар бу кўлни Урдун яқинидаги Ўлик денгиз деб ҳам айтишади.

39.    Энди Менинг азобим ва огоҳлантиришимни тотиб кўринглар!
Аллоҳ таоло айтяптики, Биз уларнинг кўзларини кўр қилиб, кўриш неъматидан маҳрум қилдик. Менинг пайғамбаримни ёлғончи қилиб, уни паст санаганларинг ва устидан кулганларинг сабабли энди бошларингизга келадиган аламли азобимни тотиб кўринглар! Бу ердаги буйруқдан мурод, хабар беришдир. Яъни, улар пайғамбарлари Лут алайҳиссалом аввал уларни огоҳлантирган Аллоҳнинг азобини тотиб кўришди. Ҳақиқатан эрта тонгда Лут қавми устига Аллоҳнинг буюк азоби келиб, ҳаммаларини батамом ҳалок қилди.

40.    Дарҳақиқат, Куръонни зикр учун осон қилдик. Ундан эслатма олувчи борми?!
Яъни, Қуръони каримни доимий зикр қилиб туриш, уни ёдлаш осон бўлиши учун у жуда содда, равон услубда баён қилинди. Энди ундан эслатма оладиганлар борми? Ушбу ояти карима сура давомида бир неча бор такрорланиб келади.
Шундан сўнг келгуси икки оятда Фиръавн қавмининг қиссаси баён қилинади. Бу қисса Қуръондаги энг катта қиссалардан бўлса-да, ушбу сурада у ўзига хос услубда, жуда қисқа ҳолида келтирилган.

41.    Дарҳақиқат, Фиръавн аъёнларига огоҳлантирувчилар келди.
Ҳақиқатан Аллоҳ азза ва жалла ўтган пайғамбарлардан сўнг Мусо ва Ҳорунни Ўзининг ваҳдонияти ва қудратига далолат қилувчи мўъжизалари билан Фиръавн ва унинг аъёнларига пайғамбар қилиб юборди ва уларни ҳақ йўлга даъват қилишга буюрди. Аммо улар Аллоҳ пайғамбарларининг бу даъватларига қулоқ солишмади, ҳақ йўлга юришмади ва алал-оқибат ёппасига денгизга ғарқ этилиб, ҳалок қилиб юборилди.

42. Улар оятларимизнинг барчасини ёлғонга чиқаришганида уларни қудратли, ғолиб Зотнинг тутиши билан тутдик.
Бу нодон кимсалар Аллоҳга тоат этишдан бўйин товлади, мутакаббирлик қилди, ўзларига маҳлиё бўлиб, ҳавои нафсига эргашди. Шунингдек, уларнинг одати энг оғир гуноҳларни содир этиш ва фисқу фужур эди. Бундай кимсаларнингжойи албатта дўзахдадир. Қудратли ва Ғолиб Зот бўлмиш Аллоҳ таоло уларни Ўз тутиши билан тутиб, мисли кўрилмаган жазога гирифтор қилди, яъни денгизга ғарқ этиб, Ер юзидан йўқ қилиб юборди. Инсониятнинг бутун тарихи мобайнида қанчалаб инсонлар ана шундай қалб кўрлиги, нафснинг ҳавоси, кибр ва ҳасаднинг устун келиши оқибатида Аллоҳнинг илоҳий амрларидан бўйин товлаб келди, ҳақиқатни тан олишни истамади, Аллоҳнинг оятларини ёлғонга чиқаришдан, уларни инкор этишдан ҳам уялмади. Оқибати эса жуда аянчли бўлди: қанчалаб итоатсиз қавмлар Аллоҳнинг ғазабига учраб, бир лаҳзада ҳалокатга учради.Уларнинг охиратдаги аҳволи бундан ҳам шармандали бўлади: улар мангу азоб ва қийноқ жойи бўлмиш дўзахдан абадий жой олади. Макка мушриклари ҳам ана шундай хатарли йўлни танлашди, Аллоҳнинг Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга итоатсизлик кўрсатиб, олдингиларнинг хатоларини такрорлашди.

43. Кофирларингиз аввалгиларингиздан яхшироқми?! Ёки китобларда сизлар учун оқлов борми?!
Оятдаги бу хитоб Макка мушрикларига қаратилгандир. Сизларнинг кофирларингиз ўтган жамоаларнинг кофирларидан яхшимидики, улар ҳар қанча куфру исён қилса ҳам Аллоҳтаоло уларни азобламасин? Ёки сизларга бу ҳақда Парвардигорингиздан омонлик хати берилганми? Ҳолбуки, сизлардан олдин ўтган кофир-динсизларнинг ҳам қисматлари ҳалокатли бўлган, хатарли оқибат топишган. Бунинг асосий сабаби - улар пайғамбарларни ёлғончига чиқаришган, уларнинг огоҳлантиришларидан ибрат олишмаган, ҳидоят йўлига юрмаганлар. Сизлар ҳам уларнинг хатосини такрорлаяпсизлар, Аллоҳнинг ҳақ Пайғамбарига ишонмай, унинг даъватларини инкор қиляпсизлар. Сиз каби динсиз кимсаларнинг энг катта хатоси шуки, улар ўзларига даъват етиб келса ҳам, атрофларидаги беҳисоб далил-ҳужжатларни кўриб ҳам имонга келишмайди, Аллоҳнинг динига киришмайди, Пайғамбарига эргашишмайди. Бундан ортиқ адашув ва саркашлик бўлиши мумкинми?

44. Балки улар «Биз музаффар жамоамиз», дейишар?
Балки сизлар “Бизга ҳамиша Аллоҳнинг нусрати бўлади, доимо зафар қозонамиз” деб жамоаларингизнинг шавкатидан мағрурмисиз? Ёки Макка аслзода ва ашрофларининг кўпчилиги Аллоҳнинг Пайғамбарига эргашмагани сизларни алдаб қўйдими? Нима бўлганда ҳам яқинда ана шу адашув, ғурур ва хатоларингизнинг оқибатини яхши билиб оласизлар.

45. Яқинда у жамоа енгилиб, ортларига қараб қочишади.
Яъни, эй Макка мушриклари, сизларнинг куфрга ботган жамоаларингиз ҳар қанча ғурурланмасин, яқинда жамоаларингиз мусулмонлардан енгилиб, ортларига қараб қочишади. Бу сўзларнинг тўғрилигини мусулмонларнинг Пайғамбаримиз Муҳаммад алай-ҳиссалом бошчиликларида куфр ва ширк аҳлига қарши олиб борган Бадр, Аҳзоб ва бошқа ғазотларда батамом тасдиқланди. Икрима айтади: «У жамоа тезда енгилади ва ортларига қараб қочишади» ояти нозил бўлганида ҳазрати Умар: «Қайси жамоа енгилади? Қайси жамоа ғолиб бўлади?» деган. Кейинроқ ҳазрати Умар: «Бадр уруши куни Набий алайҳиссаломнинг совутга дам уриб, «У жамоа тезда енгилади ва ортларига қараб қочишади» оятини ўқиётганларини кўрганимда ушбу оятнинг маъносини тушундим», деган (Ибн Абу Ҳотим ривояти).
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо шундай дейди: «Бадр уруши куни Пайғамбар алайҳиссаломнингчодир ичида туриб: «Аллоҳим! Сендан Ўзинг берган аҳдинг ва ваъдангни сўрайман. Аллоҳим! Бугундан кейин Сенга ибодат қилинмаслигини хоҳласанг, (Ўзинг биласан!)» деб турганларини кўрдим. Шунда Абу Бакр Сиддиқ келиб, у зотнинг қўлларидан тутди ва: «Етади, эй Аллоҳнинг Расули, Парвардигорингизга кераклигича ёлвордингиз», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам совутга дам уриб, «У жамоа тезда енгилади ва ортларига қараб қочишади» оятини ўқиб, чодирдан ташқарига чиқдилар» (Бухорий ривояти).
Бадр урушида сон ва қурол жиҳатидан катта устунликка эга бўлган кофирлар шармандаларча енгилишди. Уларнинг тўққиз юз эллик нафар жангчиси, етти юзта туяси, юзта оти, етарлича қурол-яроғлари бор эди. Мусулмонлар эса уч юз ўн уч киши эди, холос. Аллоҳ-нинг мадади билан мусулмонлар ғолиб чиқдилар. Мушриклардан етмиш киши ўлди, етмиш киши асирга тушди. Мусулмонлардан эса ўн тўрт киши шаҳид бўлди. Аллоҳнинг ваъдаси юзага чиқди. Ушбу ояти карима улкан мўъжиза ҳисобланади. У нозил бўлган пайтда мусулмонлар оз сонли ва кучсиз эдилар. Ҳеч ким уларнинг мушриклар устидан ғалаба қозонишларига ишонмасди. Лекин кўп вақт ўтмай, бу оят амалда ўз ифодасини топди.

46. Балки уларга ваъда қилинган вақт қиёматдир. Қиёмат эса даҳшатлироқ ва аччиқроқдир.
Мушрик кимсаларнинг дунё ҳаётида ҳеч нарсадан хавфга тушмай, хотиржам юришлари мусулмонларни алдаб қўймасин. Уларга барча қилмишларининг тўлиқ жазоси бериладиган, уларга ваъда қилинган вақт, муҳлат қиёматдир. Улар қиёматнинг келишига шубҳа билан қараб, ўзларини овутишмасин, қиёмат улар кутганидан ҳам тезроқ муддатда келади. Қиёматнинг азоб-қийноқлари эса мушриклар Бадр ва бошқа жангларда бошдан кечирган азобдан, умуман дунёда кўришлари мумкин бўлган ҳар қандай азобдан минг-минг марта даҳшатлироқ, аччиқроқ, аламлироқдир.

47. Албатта, жиноятчилар адашувда ва ловуллаган оловдадир.
Куфр ва ширк балосига мубтало бўлганларнинг қалблари ҳамиша шубҳа-гумонлар исканжасида, қаттиқ адашувда бўлади. Ушбу оятдаги таҳдид барча замонлардаги кофиру мушрикларга, айниқса, Муҳаммад алайҳиссаломнинг даъватларига қулоқ осмаган Қурайш кофирларига қаратилгандир. Шу боис улар Аллоҳнинг сўнгги Пайғамбарига ҳам, у зот даъват қилаётган илоҳий амрларга ҳам ишонмай, адашувда юришибди. Уларнинг бу адашувлари ловуллаб ёниб турувчи, териларини қайта-қайта куйдириб азобни ўн, юз чандон қаттиқлаштирадиган дўзах сари тортқилаб кетади.
Ушбу ояти кариманинг нозил бўлиши сабаблари ҳақида Алий ибн Аҳмад Найсобурийнинг “Асбабун-нузул” китобида бир неча ривоятлар зикр қилинган: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Қурайшликлар қазои қадар борасида хусуматлашиб қолишди ва Аллоҳ таоло бу оятни нозил қилди” (Муслим ривояти); Абу Умома Боҳилий айтади: “Аллоҳ гувоҳки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Ушбу Албатта, жиноятчилар адашувда ва ловуллаган оловдадирлар” ояти қадарийлар ҳақида нозил бўлган” деганларини эшитдим”; Ато айтади: “Нажрон усқуфи (епископи) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга келиб: “Эй Муҳаммад, жиноят - осийликлар қадар билан бўлади, деб ўйлайсанми? Денгизлар қадар билан, осмонлар қадар билан, бу ишлар қадар билан жорий бўлади. Гуноҳ, осийликлар эса бундай бўлмайди”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлар Аллоҳнинг ҳусуматчиларидирсиз”, дедилар. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди”; Ибн Абу Зурора Ансорий отасидан шундай ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Албатта, жиноятчилар адашувда ва ловуллаган оловдадирлар” оятини қироат қилиб: “Ушбу оят бу умматнинг охиргиларидан бўлган Аллоҳ таолонинг қадарини ёлғонга чиқарувчи инсонлар ҳақида нозил бўлган”, дедилар”; Бакир ибн Усайд отасидан шундай ривоят қилади: “Муҳаммад ибн Каъб ҳозир бўлиб айтади: “Агар мени қадар борасида чуқур кетаётганимни кўрсангиз, мени боғлаб қўйинглар. Нафсим измида бўлган Зотга қасамки, ушбу оятлар фақат улар ҳақида нозил бўлгандир. Сўнг у ушбу оятни ўқиди”.

48. Улар юзтубан ҳолларида дўзахга судраладиган Кунда: «Дўзах азобини тотиб кўринглар!» (дейилади).
Юз инсон танасининг энг мукаррам, азиз ва муборак қисмидир. Энди дўзахга ҳукм қилинган кимсанинг ана шундай мукаррам юзи билан ерга судраб дўзахга олиб кетишни бир тасаввур қилиб кўринг. Аллоҳнинг ваҳийларини инкор этиб, куфр ва ширкидан воз кечмаган кимсалар қиёмат куни дўзахга айнан юзтубан ҳолларида судраб кетилади. Бугун улар қанча гердаймасинлар, қанча итоат-сизлик кўрсатмасинлар, охиратда барибир хор бўлган ҳолларида юзтубан ҳолда судраб, жазо жойига олиб борилади. Ўша кунда ана шундай аламли азобларга гирифтор бўлиб туришганида: “Ўзларингиз ишонмаган дўзах азобини мана энди бир тотиб кўринглар!” деб калака қилинади.

49. Албатта, Биз ҳар бир нарсани ўлчов билан яратганмиз.
Ушбу оятдаги «ўлчов» сўзининг икки хил шарҳи бўлиб, бири «қазои қадар» маъносини билдирса, иккинчиси «миқдор», «ўлчов» маъносини англатади ва ушбу икки маъно ҳам бир-бирини тўлдириб келади. Энди атрофга бир боқинг, тафаккур қилинг! Махлуқотлар орасидаги дақиқ низом қаршисида бир дам ўйга чўминг: оламда мўъжиза бўлмаган нима бор? Биз ичаётган сув, нафас олаётган ҳаво, оёқ остидаги тупроқ, бош устидаги порлаб турган қуёш, ой ва юлдузлар... буларнинг ҳаммаси буюк мўъжиза эмасми? Буларнинг барини Аллоҳ таоло улуғ бир низом, дақиқ ўлчовлар билан яратиб қўйган.
Олимларнинг ҳисобича, еримизни ўраб турган атмосфера қатламининг 78 фоизини азот, 21 фоизини кислород ва бир фоизини нафас олишимиз учун зарур бўлган бошқа элементлар ташкил этади. Аллоҳ таолонинг ҳакимлигини, унинг ўлчовини қарангки, ана шу мутаносиблик салгина бузилса, Ерда ҳалокат бошланиб, тирик жон борки, қурбон бўлиб кетади. Чунки ҳавода кислород кўпайса, Ер юзидаги ҳамма нарса осонгина ёниб кетади, аксинча бўлса, олов деган нарса мутлақо бўлмайди. Маълумки, инсон ва бошқа кўпгина жонзотлар ҳаводаги кислородни ютиб, карбонат ангидрид гази чиқаради. Хўш, миллиардлаб инсонлар, бошқа махлуқотлар ҳар куни, ҳар сонияда нафас олиб-чиқараверса, кислороднинг ўрнини ким тўлдириб, карбонат ангидридни ким йўқотиб туради? Аллоҳ таоло бунинг ҳам ҳисобини чиқариб, йўлини топиб қўйган. Етти-саккиз ёшли бир дарахт бир кунда икки кишининг нафас олишига етадиган кислородни ишлаб чиқариб, шунча зарарли газни ўзига ютар экан. Олимлар ҳисобича, Ер юзидаги ўсимликлар ўзидан йилига 400 миллиард тонна кислород чиқаради.
Ҳайвонлардаги режали кўпайишга алоқадор далилларга эътибор қилсак, илоҳий ҳикмат Ер юзидаги энг кичик нуқталаргача қолдирмай қамраб олганини яхшироқ англаймиз. Бу муҳташам режалашни назорат этадиган, қуёшни, ҳавони, ёруғликни, шамолни жонзотларга хизматкор қилган, ўсимликларни ҳайвонларга, ҳайвонларни эса инсонларга кўмакчиси айлаган, бадан аъзоларини бир-бирига муштарак тарзда ўз ўрнига жо қилган, озуқаларни бадан ҳужайра-ларининг хизматига берган Зот улуғ ҳикмат ва чексиз раҳмат эгаси ягона Аллоҳ эканини идрок этамиз. Жонзотларнинг сони кўпайиб, зичлиги ортиб кетса нима бўлади? Очлик, қурғоқчилик бошланмасдан жонзотлар наслини кесадиган биологик жараён ҳаракатга келади. Ҳайвонлар гормонлари ишлаш тартиби ўзгариб, уруғланиш тўхтайди, жинсий аъзолар заифлашади. Тулки, қуён, кийик ва сичқонларда бўлгани сингари руҳий ҳаракатлар ҳам ўзгаради.
Шундай ҳодисалар табиий муҳитда ҳам айнан учрайди. Масалан, тюленлар (денгиз мушуклари) кўпайиш мавсумида бир оролда жуда зичлашиб кетса, нормал ҳаёт издан чиқади. Шимолий денгизнинг Англияга яқин қирғоқларида Фарне (Ғагпе) ороли бор. Бу ерда кўпайиш мавсумида тўрт мингга яқин тюлень тўпланади. Шунчалик зичлигидан ер ҳам кўринмайди. Туғилган болаларнинг анчаси оёқ остида эзилиб ўлиб кетади. Тюленларнинг кўпайиш учун бошқа оролларга бормай, айнан шу ерга тўпланиши ҳам ғалати. Гўё оролда кўпайиш тезликларини ўлчаб, сонлари кескин ортишининг олдини олаётганга ўхшайди. Тюленлардаги бу режали ва ўлчовли ҳаракат олис келажакда чиқиши мумкин бўлган очлик хавфига қарши эҳтиёт чорасидир. Жонзотларда кўпайишнинг олдини оладиган бошқа усул: бадбўйлик ҳам бор. Масалан, сичқонларнинг кўпайиши маълум ададга етгач, эркакларининг тезагидан махсус ҳид чиқа бошлайди. Бу ҳид урғочиларни бепушт қилади. Ҳомиладор сичқоннинг қафасига бегона эркак сичқон киритилганида шу ҳид туфайли она сичқоннинг бачадонидаги ривожланиш тўхтаб, бола тушиши кузатилган. Қурбақалардан чиқаётган шилимшиқ модда сув кўлмагидаги қурбақалар сонини бир меъёрда тутиб турар экан. Бу ҳолат балиқларда ҳам кузатилган. Буларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг борлиқдаги барча мавжудотларни аниқ бир ўлчовда яратгани ва шу ўлчов билан тутиб туришига далолатдир.

50.    Фармонимиз биргина сўздир. Кўз юмиб-очгунча бўлади.
Аллоҳтаоло айтяптики, кўзни бир очиб-юмгунчалик муҳлат ичи-да хоҳлаган нарсамизни бўлдира оламиз. Биргина “Кун!” (“Бўл!”) деган сўзни айтганимиз заҳоти Биз ирода қилган иш албатта рўёбга чиқади. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “У осмонлар-у Ерни ҳикмат билан яратган, У “Кун!” (“Бўл!”) деган куни бўлади. Унинг сўзи Ҳақдир” (Анъом, 73).

51.    Дарҳақиқат, сизга ўхшаганларни ҳалок қилдик. Энди эслатма олувчи борми?!
Аллоҳ таоло саркаш инсонларга яна хитоб қиляптики, худди шу каби биргина фармонимиз билан бирор нарсани барбод қилишимиз, бир қавмни Ер юзидан йўқ қилиб, ҳалокатга учратишимиз мумкин. Итоатсиз, гуноҳга ботган жуда кўп қавмларни йўқлик қаърига жўнатганмиз. Ахир, уларнинг қиссалари билан танишиб, қисматларидан ибрат олсанглар бўлмайдими?

52.    Улар қилган ҳамма нарса битиклардадир.
Оятдаги “зубур” сўзи эзгулик ва ёвузлик ҳақида батафсил сўз юритилган қадимий битиклар маъносини билдиради. Ушбу оят бир томондан Аллоҳ юборган барча динлардаги ахлоқий қадриятларнинг асоси бир эканини англатса, иккинчи томондан бирор қавмга эзгулик ва ёвузликнинг асл моҳиятини етказмай туриб уни ҳалокатга ташламаслигини билдиради. Аллоҳ таоло бирор кимсага дунё ва охиратда зулм қилмайди, куфри ва исёни учун огоҳлантирмай туриб уни ҳалок қилмайди. Унинг хузурида ҳамманинг қилмишларини қолдирмай ёзиб борилган битиклар бордир. Шунинг учун У инсониятга вақти-вақти билан пайғамбарлар юбориб, уларни динга даъват қилади, яхши ва ёмон ишлардан хабардор этади. Исломга даъват етганидан кейин ҳам осийлик ва куфрга борганларни эса ҳалок қилади.

53.    Ҳар бир каттаю кичик нарса битилгандир.
Олтинхон тўра тафсирида зикр қилинишича, “Дунё ҳаётида бандаларнинг қилган ҳар бир амали Аллоҳнинг ҳузуридаги Лавҳул Мафузда битиб қўйилгандир. Ва бу номаи аъмоллар тамоман тартибга солинган ҳолда сақлаб қўйилгандир”. Ушбу оятлар нозил қилинган пайтда Макка мушриклари «Қандай қилиб инсоннинг ишларидан ҳеч бирини қолдирмай ёзиб, ҳужжатлаштириб бориш мумкин бўларди?» деб ажабланган бўлишлари мумкин. Улар ишонмаган бўлишса, бизлар миллионлаб ҳисоб-китобни бир зумда бажариб қўядиган, миллиардлаб маълумотларни бир лаҳзада тўплаб берадиган техника ва ускуналарни кўриб ҳам бунга ишонмаслигимиз мумкин эмас. Ҳадиси шарифлардан бирида айтилишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом Оиша розияллоҳу анҳога: «Эй Оиша! Кичик гуноҳлардан эҳтиёт бўлгин, албатта, Аллоҳ томонидан уларни ҳисобловчи бор», деганлар (Аҳмад ривояти).

54.    Тақводорлар албатта боғлар ва анҳорлар ичидадирлар.
Аллоҳдан қўрқувчи тақводор бандалари учун Парвардигор охиратда гўзал мукофотларни ваъда қилган. Улар неъматларга тўла жаннат боғларида, серсув анҳорлар узра роҳат-фароғатда ҳаёт кечиришади. Бундан ҳам муҳими, бундай саодатманд бандалар Парвардигорларининг розилигига мушарраф бўлишади, Унинг жамолини кўриш бахтига эришишади. Охират дунёсида осий ва гуноҳкор бандалар Парвардигорнинг ғазаби ва азобидан қаерга қочишни билмай турганида тақволи зотларнинг бундай олий мақомга сазовор бўлишлари ҳақиқатан ҳам энг гўзал оқибатдир.

55.    Қудратли Подшоҳнинг ҳузурида сиддиқлик мақомида бўлишади.
Яъни, Аллоҳдан қўрқиб, дунё ҳаётида Унинг амр-фармонларига сўзсиз, ҳеч бир тараддудсиз бўйсунган сиддиқ бандалар тақволари туфайли қиёмат куни улкан мартабага мушарраф бўлишади. Улар қудратли Подшоҳ ва меҳрибон Парвардигорга энг яқин мақомда бўлишади. Демак, кофирлар бу дунёда қилган гуноҳлари эвазига азоб-уқубатга тўла дўзахда куйиб ётган бир пайтда тақводорлар охиратда дарахтлари остидан анҳорлар оқиб турган жаннат боғларида, Аллоҳ таолонинг ҳузурида абадий роҳат ва фароғатда бўлар эканлар.
Ибн Касир тафсирида зикр қилинишича, Пайғамбар алайҳиссалом Қоф ва Қамар сураларини қурбон ҳайити ва рамазон ҳайити намозларида зам қилиб ўқир эдилар. Шунингдек, у зот алайҳиссалом ушбу сураларни катта издиҳомларда ҳам қироат қилар эдилар. Чунки бу сураларда ёмонларни қиёмат азобидан огоҳлантириш, яхшиларга жаннат ва бошқа олий мукофотларнинг ваъдаси, яратишнинг боши, қайта тирилтириш, тавҳид ва пайғамбарлик масалалари ва бошқа кўпгина муҳим масалалар васф қилингандир.

Орқага Олдинга