Маккада нозил бўлган, 60 оятдан иборат
“Зориёт” сўзи луғатда «тўзитувчи шамоллар» деган маънони билдиради, Қуръони каримнинг эллик биринчи сураси номи, Маккада нозил бўлган, 60 оятли. Сура аввалида Аллоҳ Ўзи яратган тўрт нарса билан қасамёд қилиб, охират диёри ва ундаги жазо-мукофот ҳақ эканини таъкидлайди, ундаги инсонларга нотаниш бўлган жаҳаннам ва жаннатни илоҳий Сўз билан таърифлайди. Бу сурада ҳам ўз қавмининг имон келтирмаётганидан ғамга ботган Пайғамбар алай-ҳиссаломга таскин-тасалли ва барча инсонларга эслатма-ибрат бўлиши учун ўтган пайғамбарлар ва уларни ёлғончи қилгани сабабли турли азоб-уқубатларга дучор бўлган қавм-қабилалар ҳақидаги ибратли қиссалар зикр қилинган. Бу ҳам маккий суралардан бўлгани учун Ислом ақидаси асосларини баён қилади. имоннинг мустаҳкам бўлишини таъкидлайди. Шунингдек, ваҳий, пайғамбарлик, қиёматдаги ҳисоб-китоблар ҳақида сўз кетади. Суранинг асосий мавзуси Аллоҳнинг ягоналиги, яратувчи, ризқ берувчи, борлиқдаги ҳар бир ишнинг тасарруфини қилувчи Зот экани тўғрисидадир. Шу билан бирга, ушбу сура Аллоҳнинг қудратига далолат берувчи баъзи нарсалар ҳақида ҳам сўз юритади. Унда пайғамбарлардан Иброҳим, Лут, Мусо, Нуҳ, Ҳуд ва Солиҳ алайҳиссаломларнинг қиссалари мухтасар ҳолда берилган.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
(Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман)
1. Чангитиб-тўзитувчиларга қасам.
Аллоҳ таоло сура аввалидаги тўрт оятда инсонларга хитоб қилинаётган масаланинг ўта муҳимлигини билдириш учун борликда Ўзи яратган турли жисм ва нарсалар номига қасам ичмоқда. “Зориёт” сўзи луғатда “тўзитувчи шамоллар” маъносини билдирса-да, арабларнинг ўзлари шамолни “зориёт” дейишмайди, бу фақат Қуръонда келган сўздир. Аллоҳнинг каломи ва Пайғамбарнинг сўзи мангуликка дахлдор ва абадийдир, ҳар даврга ва бутун инсониятга қаратилгандир, Булар инсонларнинг сўзларидан фарқ қилади, қалбларни, руҳларни, туйғуларни озиқлантиради. Оятдаги “зарва” сўзи чангитиб олиб кетиш, тўзғитиш маъноларида келади. “Зориёт” эса эзиб-майдаловчи, совурувчи, ҳар томонга сочувчи қувватлардир. Тўзитувчи, совурувчи қувватлар шамол ва бўронлар ҳам, вулқонларни ҳаракатга келтириб, сўнг тинчитган, мавжудотларни ва турли жинсларни парчалаб, ҳар томонга тўзғитишга вазифадор фаришталар ҳам, кейинги даврларда кашф этилган порох, динамит, атом каби портловчи моддалар ҳам бўлиши мумкин.
Машхур муфассир Ибн Касир Абу Туфайлдан ривоят қилади: “Бир киши Алий розияллоху анхунинг минбарда туриб, “Аллоҳнинг Китобидаги оятлардан, Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатларидан савол беринглар, жавоб бераман”, дедилар. Шунда Ибн Киво исмли киши ўрнидан туриб: “Эй мўминларнинг амири, «Ваз-3ориёт»нинг маъноси нима?” деди. Алий розияллоху анҳу: “Шамол”, дедилар. Бояги киши: “«Фал ҳаамилат» дегани-чи?” деди. Ҳазрати Али: “Булут”, дедилар. Ибн Киво: “«Фал жарият» дегани-чи?” деди. Ҳазрати Али: “Кема”, дедилар. Бояги киши: “Фал муқоссимат» дегани-чи?” деб сўраган эди, ҳазрати Али: “Фаришта”, дедилар. Субайғ ибн Асал Тамимий исмли фитначи шахс кейинроқ ҳазрати Умар ибн Хаттобнинг ҳузурларига келиб, худди Ибн Кивонинг саволларини берган, ҳазрати Умар худди ҳазрати Алий каррамаллоҳу важҳаху берган жавобни қайтарганлар. Сўнгра Умар розияллоҳу анху Субайғнинг бу нозик масалани қайта-қайта сўраб, турли жавоб чиқиб қолса, ихтилоф чиқаришга уринаётганини сезиб, уни жазоладилар ва одамлар ичида ўтириб, суҳбатларда иштирок этишдан маҳрум қилдилар. Ушбу ривоятдан кўриниб турибдики, юқорида ўтган оятлардаги тўрт нарсада юзаки мубҳамлик мавжудлигидан баъзи фитначилар қайта-қайта савол беришга уринишган. Фитначи Субайғ ибн Асал Тамимийга нисбатан Умар ибн Хаттоб розияллоху анҳунинг қўллаган жазо чоралари ҳам ниҳоятда ўринли бўлганини таъкидлаш лозим. Ҳозирги пайтдаги кўпгина келишмовчиликлар ҳам Субайғга ўхшаган фитначилар туфайли келиб чиқади. Уларга нисбатан Умар розияллоҳу анҳунинг кўрган чораларини қўллаш мақсадга мувофиқдир.
2. Юк ташувчиларга қасам.
Аллоҳ таоло энди юк ташувчиларга қасам, демоқда. “Юк ташувчилар” ибораси юкли ҳар бир нарсани қамраб олади. Бунга ёмғир ташийдиган оғир булутлар ҳам, булутларни суриб келадиган шамоллар ҳам, ҳомиладор аёллар ҳам, бунга сабаб бўлганлар ҳам киради. Биринчи ва иккинчи оятларни бир-бирининг узвий давоми деса ҳам бўлади, уларга алоҳида-алоҳида маъно берса ҳам бўлади.
3. Осон юрувчиларга қасам.
Ислом янги жорий бўлаётган пайтда кишилар ушбу ояти каримадаги “жарияти юсро” иборасидан ўша даврдаги кема, туя, от, хачир каби уловларни тушунишган. Бу уловлар енгил ва тез юриб, одамларнинг юкини енгиллатган, узоғини яқин қилган. Кейинчалик инсоният поезд, автомобиль, самолёт, ракета каби тезкор уловларни ҳам кашф қилди. Қуръони карим барча замон ва маконларга жавоб бергани учун бу ҳаракатланиш воситалари ҳам “осон юрувчилар” сирасига киради.
4. Иш тақсимловчиларга қасам.
Бу оятда Аллоҳ таоло аввалги уч оятда зикр этилган ҳодисаларни бошқарувчи Жаброил, Микоил, Исрофил ва Азроил алайҳимус-салом каби фаришталар (малаклар) номига қасам, демоқда. Аллоҳ таоло бу улуғ фаришталарига турли вазифаларни топширган, улар ўша ишларни инсонлар орасида тақсимлашади. Фаришталар Аллоҳ таолонинг ҳукмини бандаларга етказиш, Аршни кўтариб туриш, жаннат ва дўзах ишларини бажариш, одамларнинг ишларини кузатиб, амалларини ёзиб бориш, инсонни доимий муҳофаза қилиш, руҳларни қабз қилиш ва бошқа вазифаларга мукаллаф этилган. Жаброил алайҳиссалом ваҳий етказишга, Микоил алайҳиссалом Аллоҳ берган ризқларни тасарруф қилишга, Исрофил алайҳиссалом қиёматдан огоҳ этувчи сурни чалишга, Азроил алайҳиссалом инсонлар жонини қабз қилишга мукаллафдирлар.
5. Сизларга ваъда қилинган нарса ростдир;
Яъни, Аллоҳ таоло бандаларини қиёматга, охират ҳаётига ва ўлгандан кейин қайта тирилишга имон келтиришлари учун Пайғамбари орқали уларга ваҳийларини етказган эди. Қиёмат қоим бўлгани ҳақида огоҳлантирувчи сур чалинганидан кейин Аллоҳ таолонинг ўша ваъдаси албатта рўёбга чиқади. Эй инсонлар, бунинг ҳақлигига асло шубҳа қилманглар, Аллоҳнинг ваъдаси ростдир, ким бунга ишонмаса, икки дунё саодатидан маҳрум бўлғусидир.
6. ва жазо-мукофот албатта юз берувчидир.
Аллоҳ таоло хитоб қилиб айтяптики, бандаларим қиёматнинг қоим бўлишига, ўша кунда уларнинг ҳар бир иш-амали адлимиз билан албатта ҳисоб-китоб қилинишига, гуноҳкор ва осий кимсалар жазоланишига, имонли, солиҳ амал қилган инсонлар Бизнинг му-кофотимизга, жаннат боғларидаги гўзал ҳаётга мушарраф бўлиш-ларига ишонишлари жуда муҳим нарсадир. Кимда ана шу ишонч бўлмаса, дунё ва охиратда мусибат ва мушкулотлар қаршисида қолиб, ҳаётда ўз ўрнини топмай, ҳасрат-надоматлар билан ўтиб кетади. Шу ўринда улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ушбу сўзларини келтириш ўринлидир: “Қуръоннинг оятлари нозил бўлганича нозил бўлди. Энди унда шундай оятлар борки, уларнинг таъвили улар нозил бўлишидан олдин ўтган. Ва шундай оятлари борки, уларнинг таъвили Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида воқеъ бўлди. Бошқа бир оятларнинг таъвили эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин ҳеч қанча ўтмай келади. Яна шундай оятлари борки, уларнинг таъвили энди келади. Қиёмат зикр этилган оятларнинг таъвили қиёматда, ҳисоб куни, жаннат, дўзах зикри келган оятларнинг таъвили ҳисоб кунида воқеъ бўлади”.
7. Йўллари бор осмонга қасам.
Аллоҳ таоло бандалари эътиборини қаратиш учун ушбу суранинг аввалги тўрт оятида Ўзи яратган нарсаларга қасам, деган эди. Ушбу оятда ҳам ана шу қасамини давом эттириб, ўз ҳаракатланиш йўли бўлган осмонга қасам, демоқда. Ҳақиқатан осмондаги барча самовий жисмларнинг ўз ҳаракатланиш йўли, орбитаси бор. Аллоҳ таоло уларни қатъий ва дақиқ бир низомга боғлиқ қилиб яратганки, улар ҳеч қачон йўлини ўзгартирмайди, бир бошқасининг ўрнини эгалламайди, тезлигини ошириб ёки камайтирмайди. Осмонларни ва улардаги жисмларни ана шундай илоҳий низом билан яратган Зот махлуқларини ўлгандан кейин қайта тирилтира олмасмиди?! Буюк яратувчи Зот ваъда қилган қиёмат ва ҳисоб кунини келтира олмасмиди?! Фақат Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига имон келтирмаган кимсаларгина ушбу улкан ҳақиқатни тан олмай, ҳамон ғафлатда, жаҳолатда юришибди.
8. Албатта, сизлар ихтилофли сўз узрасиз.
Имонсизлик, динсизлик одамларни оғзига келган гапларни валдирайдиган, ҳамма нарсага шубҳа билан қарайдиган, атрофидаги ҳақиқатларни тан олмайдиган қилиб қўяди. Динсиз-диёнатсиз кимсалар шунингучун ҳамиша сўзда ва фикрда ихтилофли бўлишади, қарашларини осонгина ўзгартиришади, бошқаларнинг фикрига тезда чалғиб кетишади. Шу боис, улар Аллоҳга, Унинг Пайғамбарига ишонишмайди, Қуръоннинг Аллоҳ таоло томонидан нозил этилганига шубҳа қилишади, қиёмат кунини, фаришталарни, қадарни, ўлгандан кейин тирилишни инкор қилишади. Уларнинг баъзилари Аллоҳни бутунлай инкор этса, бошқалари “илоҳ”ни табиатдан, борлиқдаги ҳодисалардан, мавжудотдан излашади. Уларнинг Қуръони карим ҳақидаги тасаввурлари ҳам ихтилофли: бири уни шеърга ўхшатса, бошқаси сеҳр-фолбинлик дейди, яна бири ўтганларнинг афсоналари сифатида кўради, яна бошқаси эса адабий асар деб ал-жирайди. Бундайлар бора-бора ўз фикрларидан ҳам шубҳаланиб, нимага суянишни ҳам билмай қолишади.
9. Ундан бурилган кимса оғиб кетади.
Ким Аллоҳнинг Каломи бўлмиш Қуръони каримга имон келтирмай, ундан юз ўгирса, унинг таълимотларидан чекинса, Аллоҳ ҳам унинг қалбини муҳрлаб, илоҳий каломдан ўзини бутунлай буриб қўяди. Оқибатда Қуръондан бебаҳра қолганлар ҳеч қачон тўғри йўлни топа олмайди, залолатда адашиб юраверади, гуноҳлардан тийилмайди ва икки дунё саодатини қўлдан бой беради. Демак, ким Қуръонга имон келтирса, уни маҳкам тутса, тўғри йўлда боқий қолади. Қуръондан бурилиб, бошқа нарсани тутмоқчи бўлган одам эса асло нажот топмайди.
10. Алжирайдиганлар ҳалок бўлсин!
Қуръонни ёлғонга чиқарувчилар, унинг таълимотлари ҳақида шубҳага бориб алжирайдиганлар оятда «хорроосун» деб номланган. Бу сўз гумон ва тахмин билан гапирувчи, асоси бўлмаган, ҳақиқатга тўғри келмайдиган миш-мишлар ва сафсаталар тарқатувчи маъносини англатади. Ҳақиқатан оғзига келган асоссиз гапларни вайсаш алжирашдан бошқа нарса эмас ва бундай кимсаларнинг қилмиш-ларини Аллоҳтаоло қоралаган ҳамда оғзига келганини алжирайдиганларга оғир жазо бўлиши хабарини берган.
11. Улар жаҳолатдаги ғофиллардир.
Қуръон ҳақида асоссиз сафсаталарни алжирайдиганлар жаҳолат денгизида сузиб, ғафлат гирдобида қолишган. Улар Ислом ва Қуръон ҳақидаги ўз тахминлари ва шубҳалари, ҳеч бир далили бўлмаган иддаолари билан илоҳий амрларни шубҳа остига қўймоқчи бўлишади. Улар дунё шаҳватларига ва ҳавойи нафсларининг васва-саларига маст бўлиб, Аллоҳнинг динидан ва охират тадорикидан ғафлатда қолишган.
12. «Жазо куни қачон?» деб сўрашади.
Бундай кимсалар ўзларини ҳаққа чақирганлардан “Бизларга жазо бериладиган қиёмат куни қачон?” деб сўрашади. Бу саволни улар ҳақиқатни билиш ёки билимини бойитиш учун бермайди, балки шунчаки жазо кунига ишонмагани сабабли уни истеҳзо, мазах қилиш учун беради. Динсизлар доимо қиёмат кунининг қачон бўлишини сўраш билан ўз норозиликларини, бунга ишонмасликларини таъкидлашади. Ғофил инсонлар Аллоҳнинг ваҳийларига имон келтириб, У Зот юборган пайғамбарларга эргашиш ўрнига тинмай саркашлик қилишади, куфрларида қолиш учун Пайғамбарга қарши туҳмат-бўҳтонлар ўйлаб топишади. Имон келтириб, икки дунё саодатини қўлга киритиш ўрнига Пайғамбарни калака қилишга ўтишади, “Қани, ўша айтаётган азобингни тезроқ келтирмайсанми!” деб ўз ҳалокатларини тезлаштиришади?
13. Ўша уларнинг дўзахда азобланадиган кунидир.
Қиёматнинг келишига, ўшал кунда ўзларига аламли азоблар берилишига ишонмай юрган кофир ва динсиз кимсалар ўзлари азоб-ланадиган Куннинг бу қадар тез келиб қолганидан ваҳимага тушишади. Темирни синаш учун оловга солинганидек, улар ҳам дўзах оловига ташланишади. Таърифига тил ожизлик қиладиган оғир қийноқда бўлишларига қарамай, азоб устига азоб бўлсин деб, уларга фаришталар томонидан таънамаломат сўзлари ҳам айтиб турилади.
14. «Азобингизни тотиб кўринг, сизлар ошиққан нарса шудир!»
Оятдаги “фитна” сўзи “синов, тажовуз, азоб” каби маъноларни билдиради. Бу ўринда у азоб маъносида келяпти. Динсизлар ва кофирларга: “Қиёмат куни келадиган азобларни масхара санаб юрардинглар, мана, ўша кун келди, энди сизларга ваъда қилинган азобни бир тотиб кўринглар, сизлар тезроқ келишини кутган азоб куни мана шудир!” дейилади. Ҳолбуки улар азобга йўлиқишни, ҳалок бўлишни мутлақо исташмаганди. Лекин бир кун келиб,ўша азобга дучор бўлишларига, Аллоҳнинг ҳақ ваъдаси албатта амалга ошишига ишонмаганлари учун ўзларини ана шундай бепарво тутишган, холос.
15. Албатта, тақводорлар жаннатларда ва булоқлар узрададир;
Аллоҳдан қўрқувчи, Унинг амр-фармонларини бажаришда сабр ва сабот кўрсатувчи тақводор бандалари учун Парвардигорлари неъматларга тўла, остларидан анҳорлар оқиб турувчи ва абадий роҳат-фароғатда яшаладиган жаннатларини тайёрлаб қўйган. Улар ширин ва мусаффо сув, сут ва шарбат оқиб чиқадиган булоқлар узра бўлишади. Улар дунёда Аллоҳга итоат ва ибодатда бўлганлари, бошларига тушган синовларга сабр қилганлари ва охират куни бериладиган илоҳий мукофотларга ишонганлари учун ана шундай марҳамат ва икромга сазовор бўлишди.
16. Парвардигорлари берган нарсаларни олган ҳолларида. Чунки улар бундан олдин яхшилик қилувчи бўлишганди.
Яъни, дунё ҳаётида солиҳ амаллар, эзгу ишларни, яхшиликларни қилиб юрган тақводорлар энди жаннатда Парвардигорлари томонидан ато этилган неъматларни хурсандчилик билан қабул қилиб олишади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларга яхшиларингиз ва ёмонларингизнинг хабарини берайми?» дедилар. Саҳобалар: «Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули», дейишди. У зот бундай дедилар: «Сизларнинг яхшиларингиз яхшилигидан умид қилинувчи ва ёмонлигидан омон бўлинувчиларингиздир. Ёмонларингиз эса яхшилигидан умид қилинмайдиган ва ёмонлигидан омон қолин-майдиганларингиздир» (Термизий ва Ибн Ҳиббон ривояти).
17. Улар кечалари оз ухлашарди.
Ушбу ояти каримадан бошлаб Аллоҳ таолонинг олий мукофотига сазовор бўлган жаннатийларнинг бир неча сифатлари васф қилинади. Уларнинг биринчи хислати улар кечалари оз ухлаб, туннинг бир қисмини намоз ва Аллоҳнинг зикри билан ўтказувчилар экан. Муфассирлар ушбу оятни тафсир қилишда қуйидаги ривоятни келтиришади: “Абдурраҳмон ибн Зайд Асламийдан шундай ривоят қилинади: “Бир киши “Эй Абу Усома, мен бир сифатни ўзимизда топмаяпман. Аллоҳтаоло бир қавмни эслаб, «...кечалари оз ухлашарди», деган эди. Биз эса кечаси жуда оз бедор бўламиз”, деди. Шунда Абу Усома розияллоҳу анҳу: “Мудроқ босганда ухлаб, уйғонганда Аллоҳга тақво қилганларга яхшиликлар бўлсин”, деди». Демак, тунги ибодатлар қанчалик аҳамиятли ва муҳим бўлмасин, инсонда жисмининг ҳам ҳаққи бўлгани учун кўп ибодат қиламан деб ўзини қийнаш даражасига бормаслик керак экан.
18. Саҳарларда улар истиғфор айтишарди.
Парвардигорларидан қўрқувчи мўминларнинг энг яхши фазилати шуки, улар саҳар чоғлари Парвардигорларига истиғфор ай-тишади. Инсон билиб-билмай қилган гуноҳларига сидқидилдан пушаймон бўлса,тавба қилиб истиғфорлар айтса,Ҳақ таолонинг йўига қайтса, иншааалоҳ, гуноҳлари мағфират этилади, ёмонликлари яхшиликка алмаштирилади. Саҳар вақти, яъни туннинг охирги қисми, тонг отишидан олдинги вақт дуо ва истиғфорлар қабул қилинадиган онлар ҳисобланади. Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят қилинган бир ҳадисда айтилишича, «Ҳар кеча туннинг охирги, учинчи қисмида Аллоҳтаоло: “Ким дуо қилса - ижобат этаман, ким сўраса - бераман, ким истиғфор айтса - гуноҳидан кечаман», дейди”. Шунинг учун Аллоҳнинг мукофотини қўлга киритишни истаган бандалар иложи борича саҳарда туриб, ибодат қилишлари, истиғфор айтишга уринишлари лозим.
19. Ва мол-мулкларида сўровчи ва бечораларнинг ҳаққи бор.
Ояти каримадаги “соил” сўзи “сўровчи, тиланувчи” маъноларини билдириб, сўровчилар ночорлиги ва фақирлиги туфайли ўзгаларнинг моддий ёрдамига муҳтож бўлиб қолган кишилардир. “Маҳрум” сўзи эса ўзи ночор бўлса ҳам одамлардан бирор нарса сўрашга уяладиган, ҳаё қиладиган бечора одамлардир. Шу маънолардан келиб чиқадиган бўлсак, оят «Аллоҳдан қўрқувчи ва Унинг розилигини истовчи тақводорлар сўраган ва сўрамаган муҳтож кишиларга ўз молларидан маълум миқдорда ҳақ ажратиб қўювчилардир» деган маънони билдиради. Аллоҳ ато этган мол-дунёсидан Аллоҳ розилиги йўлида, Парвардигор буюрган ўринларга ҳамиша, яширин ва ошкора эҳсон қиладиган саховатпеша кишиларга Аллоҳ таоло ҳузурида кўз кўриб, қулоқ эшитмаган мукофотлар, савоблар бор. Улар қиёмат куни ҳамма довдираб, даҳшат ичра турганида қўрқув ва ғам нималигини билмай хотиржам туришади.
20. Ва аниқ ишонувчилар учун Ерда аломатлар бор.
Яъни, инсоннинг атрофидаги борлиқ, у яшаб турган Ер, у ҳар куни нигоҳини қаратадиган осмонлар Аллоҳнинг биру борлигига аниқ ишонувчилар учун мўъжиза ва аломатларга тўладир. Айниқса, бизлар макон тутган бу кўҳна заминимизда Аллоҳнинг борлигига ва буюк яратувчилик қудратига далолат қилувчи ҳисобсиз аломатлар бор. Буларга фақат инсон тафаккур кўзи билан қараши, улар ҳақида мулоҳаза юритиши ва билими ошгани сайин Аллоҳнинг қудратига имони зиёдалашиб бориши зарур. Замона олимларидан бири шундай деган: «Ким бу оламнинг гўзаллигини, улуғ Яратувчи тарафидан яратилганини ҳис қилмоқчи бўлса, ўрмонлар ва далаларда бўлаётган ҳодисаларни ўрганиши лозим. Фақат шундагина ўзи оддий, табиий нарса деб ўйлаб юрган нарсаларнинг илоҳий мўъжиза эканига, башарият хоҳишидан ташқари нарса эканига, бу нарсаларни англаб етиш учун ақли ожизлигига тан беради ҳамда Аллоҳга, Унинг чексиз қудратига имон келтиришдан ўзга чораси қолмайди». Бошқа бир олим эса: «Тупроқ ва набототларни қанча ўргансам, Аллоҳга бўлган имоним шунча зиёда бўлади ва Уни улуғлаб, кўпроқ сажда қиламан», деган.
Аллоҳнинг яратувчилик, ижодкорлик қудратини тушуниш учун биргина наботот оламининг ўзини кузатиш кифоя. Шайх Саъдий «Дарахтларнинг кўм-кўк япроқлари ҳар оқилга Худони танитадиган дафтардур», деган эди. Рўпарамиздаги яшнаб турган дарахтларнинг ўзи мўъжиза эмасми? Бир хил кўринишдаги, бир хил рангдаги бу дарахтлардан нега ранги, кўриниши, мазаси, шакли ҳар хил бўлган турфа меваларни узиб оламиз. Уни бизга ким шундай қилиб бериб қўйибди? Эҳтимол, боғбон, деб ўйлаётгандирсиз? Агар боғбон ниҳолни Аллоҳнинг тупроғига экмаса, У юборган сув билан суғормаса, Унинг қуёшида иситмаса, дарахт кўкарармиди, ўсардими, ҳосил тугармиди? Кўчатни саҳрога экиб қўйиб, кутиб ўтираверсангиз, у яшнармиди? Қудрат ва Ҳикмат соҳиби Аллоҳ таоло хоҳласа, тупроқдан турфа неъматлар ўсиб етишади, хоҳламаса, қуруқ калтак ёки хас-хашак қолади. Ана шу дарахтга шакл, ранг берган ҳам, мевасига таъм, маза ва шифобахш моддаларни жойлаган ҳам Аллоҳнинг Ўзи. Буларнинг бари Парвардигорнинг Ердаги аломатларига кичик бир мисол, холос.
21. Ва ўзларингизда ҳам бор, кўрмаяпсизларми?!
Агар инсон атрофидан мўъжиза ахтаришга эринса, ўзига боқсин, ўзининг қандай яратилгани ҳақида бир мушоҳада қилиб кўрсин. Инсон ер юзидаги энг улкан илоҳий мўъжиза ҳисобланади. Дарҳақиқат, кўпинча ўзимизча мўъжизалар, кароматлар, аломатлар ахтарамиз. Аммо негадир ўзимизга боқмаймиз? Тана аъзоларининг тузилишига, ишлашига тафаккур кўзи билан назар солмаймиз, улардан ибрат олмаймиз? Энг аввало, инсоннинг нимадан ва қай ҳолатда яралганига ҳам бир эътибор бермаймиз?! Инсондаги бу гўзал хилқат, бу ажиб юз, хушбичим қомат, кўркам қош-кўзлар. мутаносиб қўл-оёқлар, бир нафас ҳам ором олмай, тўхтовсиз ва беминнат ишлайдиган ички аъзолар қаердан пайдо бўлиб қолди? Минглаб мўйқалам усталари ўхшатиб чизолмаган, минглаб шоирлар таърифини келтиролмаган инсон аъзоларининг Яратувчиси Мусаввири - Аллоҳ таолонинг Ўзидир!
Кичик бир аъзоимиз бўлган кўзни мисол келтирайлик. Ана шу кўзлардаги аъзолар фаолиятини, жойлашув низомини, ўта нозик ва мураккаб томирча ва пардаларни онанинг қорнига ким жойлаб қўя олади? Албатта, бу нарса Буюк Холиқимиз Аллоҳ таолонинг илоҳий қудрати билан амалга ошади. Бошқа тана аъзоларимизга ҳам бир назар солингчи: ер юзидаги энг турфа ҳидларни бир-бирига аралаштириб юбормай, ажратиб илғай оладиган, ўпкамизга соф ҳавони ҳайдаб берадиган бир парча гўшт - буруннинг хизма-тини қайси машина ёки асбоб бажаришга қодир? Сон-саноқсиз товуш ва шовқинлардан фақат кераклисини топиб эшитадиган ва бу ҳақда шу заҳотиёқ адашмай хабар берадиган оддийгина қулоқнинг вазифасини яна бошқа нима уддалай олиши мумкин? Ҳеч нарса! Ёхуд бир “тишламгина гўшт”дан иборат тилингизни олиб кўринг: агар шу тил бўлмаганда, турфа ноз-неъматларнинг мазаси ва таъмини била олармидик? Овоз чиқара ёки гапира олармидик? Оғиз бўшлиғи қуриб қолмаслиги учун томоғимизни ҳўллай олармидик? Томоқдан ўтаётган овқатни саралаб, ютиб, ҳазм қилиб олиш учун тилдан ўзга бирор нарса топа олармидик? Йўқ! Кейин инсон дегани фақат моддий тана аъзоларидан иборат эмас-ку! Ундаги руҳ ва ақл-нинг сир-синоатини инсоният ҳали англаб етгани йўқ ва бунга қодир ҳам эмас! Инсондаги руҳий олам, ҳис-туйғулар, фикрлаш, хаёл суриш, туш кўриш имконияти наҳотки ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолган бўлса ёки тарбия жараёнида ўргатилган бўлса? Бу оний, ноёб хислатлар Аллоҳнинг ғайбидан, мўъжизасидан бошқа нарса эмас! Ўзининг бутун турган-битгани - тана аъзолари-ю ҳис-туйғуларига-ча, аъзоларининг беками-кўст ишлаши-ю жараёнларнинг илоҳий бир низом асосида бир маромда, бузилмай давом этишигача гувоҳ бўлган инсоннинг шундан кейин ана шу қудрати улуғ Холиққа, тенги ва ўхшаши йўқ Мусаввирга, буюк Яратгувчига тасанно ва ҳамду санолар айтмасдан ўзга иложи қолмайди.
22. Ва осмонда ризқингиз ҳамда сизга ваъда қилинаётганлар бор.
Ҳар бир имонли киши ўзига тўхтовсиз ризқ ато этиб турган буюк Раззоқни, ризқ улашувчини бирор сония ҳам унутишга ҳаққи йўқ. Чунки У Зот Ер устида қимирлаган жон борки, бирортасини “эсдан чиқармай” кундалик ризқини етказиб туради. Сув остидаги, осмонларда парвоз қилиб юрган махлуқларини ҳам унутмайди. Осмондан инсонлар ва бошқа махлуқотларига ризқ манбалари бўлмиш сув (ёғин) ва қуёш нурини тушириб туради. Агар булар бўлмаганида махлуқотлар емишсиз қолиб, тамоман қирилиб кетган бўларди. Булардан ташқари, Аллоҳнинг яна жуда кўп ваъдалари борки, улар ҳам муқаррар амалга ошади. Булар қиёмат куни келганида барча инсонларнинг тирилтирилиб, ҳисобга тортилишлари, имонли ва яхши амал қилувчилар жаннат билан мукофотланишлари, гуноҳкор имонсизларнинг эса дўзахда азобланишлари ҳақида ваъдалардир.
23. Осмон ва Ернинг Парвардигори билан қасамки, бу нутқ сўзлашингиз каби ҳақиқатдир.
Аллоҳ таоло Ўзининг олий Зотига қасам билан айтяптики, инсон фарзанди ўзи сўзлаб турган гапга қанчалар ишонса, бу илоҳий пок каломда бундан ҳам ортиқ ростлик ва ҳақиқат мавжуд. Яъни, осмондаги ризқ манбаларингиз ва сизларга ваъда қилинган нарсалар сизларнинг нутқингиз қанчалар ҳақ бўлса, шунчалар ҳақиқатдир. Қиёмат келгунича ризқингиз тўхтамай келиб тургани каби Аллоҳ таолонинг қиёматда бандаларини қайта тирилтириш, уларни ҳисобга тортиши, тақволи мўминларни жаннатга киритиб, гуноҳкор имонсизларни дўзахга ташлаши ҳам ҳеч қандай исбот талаб қилмайдиган чин ҳақиқатлардир. Аллоҳ таоло инсон зотини мукаммал яратиб, унга бир қанча туйғу ва хусусияларни ато этган. Бу хусусиятлар ичида фақат нутқ инсон иродаси билан, бошқа нарсанинг таъсирисиз юзага келади. Бу инкор этилмайдиган ҳақиқатдир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло ҳақиқатни исботлашда нутқни мисол келтирди.
Бунга мисол тариқасида Имом Замахшарий «Кашшоф» тафсирида буюк араб адиби Асмаъийдан шундай ривоятни келтиради: «Бир куни Басранинг жомеъ масжидидан чиқиб кетаётган эдим, бир аъробий (саҳройи араб) ўтирган жойидан туриб келди-да: “Қайси қабиладансан?” деб сўради. Мен: “Бани Асмоданман”, дедим. У: “Қаердан келяпсан?” деди. Мен: “Аллоҳнинг каломи тиловат қили-наётган жойдан”, дедим. У: “Менга ҳам тиловат қилиб бер”, деди. Мен Ваз-Зориёт сурасини тиловат қилиб, «Ва фис-самааи ризқукум ва ма тууъадуун» оятини ўқишим билан: “Бас! Етади!!!” деди-да, ўрнидан туриб, туясини сўйиб, келган-кетган ҳаммага эҳсон қилиб тарқатди. Бориб, қиличи билан камонини олиб келиб синдириб ташлади ва бошини олиб чиқиб кетди. Ҳорун ар-Рашид билан ҳажга борганимда тавоф қилиб юрсам, мени кимдир секин овоз билан чақираётганини эшитиб қолдим. Қарасам, ўша аъробий. Озиб-тўзиб, ранги сарғайиб кетибди. Менга салом бериб: “Яна ўша сурани ўқиб бер”, деди. Тиловат қилиб, яна ўша оятга етганимда “Ҳақиқатан Парвардигоримиз ваъда қилган ҳақни топдик!!!” деб қичқирди-да: “Яна ўқи!” деди. Мен «Фа ва Роббус-самааи вал арзи иннаҳуу ла ҳаққун»ни ўқиган эдим: “Ё субҳаналлоҳ! Ким улуғ Аллоҳнинг ғазабини қўзғатиб,Унга қасам ичирди?! Уни қасам ичишга мажбур қилдиларми?!” деб уч марта айтди-да, жон таслим қилди».
Аллоҳ таоло қуйида келадиган оятларда ҳозирги авлодлар ибрат олиши керак бўлган Иброҳим алайҳиссалом ва бошқа пайғамбарларнинг ўз умматлари билан бўлган қиссаларини келтиради.
24. (Эй Муҳаммад), сизга Иброҳимнинг мукаррам меҳмонлари хабари келдими?
Аллоҳ таолонинг мазкур оятдаги хитобининг Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга қаратилиши хабарни улуғлаштириш, унга алоҳида эътиборни тортиш учундир. Яъни, эй Пайғамбарим, сизга Иброҳим алайҳиссаломнинг ҳурмат қилинган меҳмонлари хабари келдими? Биз сизга тушираётган ушбу Қуръонда уларнинг ҳам қиссалари бор ва уни сизга рўй-рост баён қилиб берамиз. Иброҳим алайҳиссалом ҳузурига келган меҳмонлар ёш, хушрўй йи-гитлар суратидаги фаришталар эди. Уларни Аллоҳ таоло мукаррам, яъни «карамли» деб сифатлади, чунки улар Аллоҳнинг ҳузурида мукаррам, ҳурматланган эди. Иброҳим алайҳиссаломнинг бундан хабарлари йўқ бўлса-да, уларни иззат-икром билан кутиб олдилар. Ҳусайн бин Мансур айтади: “Абу Аҳмад ибн Муҳаммад билан бирга эдим. Ундан (Эй Муҳаммад), “сизга Иброҳимнинг мукаррам меҳмонлари хабари келдими?” мазмунидаги ояти кариманинг тафсирини сўрадим. У: “Аллоҳга қасамки, буни биламан”, деди ва шундай баён қилди: “Алий ибн Усъам бир куни мени уйига таклиф қилди. Улуғ ва ҳайбатли киши бўлишига қарамай, шахсан ўзи менга хизмат қилиб, қўлимга сув қуя бошлади. Мен унга “Эй Абул Ҳасан, ўзингиз хизмат қиласизми?” дедим. У менга юқоридаги оятни тафсир қилиб, “Иброҳим (алайҳиссалом) азиз-икромли меҳмонлари хизматига ўзлари бош-қош бўлардилар”, деди” (Байҳақий ривояти).
25. Унинг ҳузурига киришганда: «Салом», дейишди. У: «Салом, нотаниш қавм», деди.
Аллоҳнинг фаришталари Иброҳим алайҳиссаломнинг ҳузурига кириб келишлари билан “Салом” дейишди. Пайғамбар уларни танимагани учун улар кириб, у зотга салом беришганида, алик олдилар-да, танимаётганларини изҳор қилиб, “Салом, нотаниш қавм”, дедилар.
26. Ва аҳлига бориб, семиз бир бузоқни келтирди.
Ушбу ояти каримадан Иброҳим алайҳиссаломнинг ниҳоятда меҳмондўст бўлганлари очиқ-ойдин аён бўлиб турибди. Ҳузурлари-га нотаниш кишилар келиб, салом бериши билан алик олдилар-да, уларни меҳмон қилиш ҳаракатига тушдилар. Меҳмонларга билдирмай, дарров аёллари олдига бориб, семиз бузоқни пиширтириб олиб келдилар. Ибн Касир айтади: “Ушбу оятлар меҳмон дўстлик одобларини ўзида жамлаган. Иброҳим алайҳиссалом олдиндан “Ҳозир сизларга таом олиб келаман” демай, таомларни тўғри улар ҳузурига олиб кирдилар. Сўнгра уйларидаги энг яхши таомни -ёғли, семиз бузоқни пишириб келиб, одоб-лутф билан “таомдан емайсизларми?” дедилар”.
27. Уни уларга яқин суриб, «Емайсизларми?» деди.
Иброҳим алайҳиссалом бузоқни олиб келиб, меҳмонларнинг олдига қўйдилар. Аммо улар гўштга қарашмади, ундан бирор луқма ҳам тотиб кўришмади. Буни кўрган пайғамбар таомни уларга яқинроқ суриб қўйдилар. Сўнгра лутф ва таклиф билан “Бузоқ гўштидан емайсизларми?” деб сўрадилар. Фаришталар инсонлардан фарқли ўлароқ таом ейишмагани учун овқат емай ўтираверишди.
28. Шунда улардан хавфсираган эди, улар: «Курқма», дейиш-ди ва унга доно ўғил башоратини беришди.
Одатда меҳмон мезбондан норози бўлса, ёки келтирган таомини ёқтирмаса, ёхуд унга ёмонликни раво кўрса, келтирган овқатини емайди. Шунинг учун ҳам Иброҳим алайҳиссаломда таомларини емаётган меҳмонлардан қўрқиш аломатлари пайдо бўлди. Буни меҳмонларнинг ўзлари ҳам сезишди ва у кишига «Қўрқма, биз Аллоҳ тарафидан юборилган фаришталармиз, сенга бир доно, илмли ўғил фарзанд кўришингнинг башоратини олиб келдик», дейишди. Бу гапларни Иброҳим алайҳиссаломнинг хотинлари ҳам эшитиб турган экан, бу хабардан таажжубга тушди.
29. Шунда хотини қичқирганча келди-да, ўз юзига уриб, «Туғмас кампирман-ку!” деди.
Маълумки, Иброҳим алайҳиссалом тўқсон ёшларигача фарзанд кўрмаган, хотинлари Сора ҳам ёши қартайиб қолган кампир эди. Шунинг учун фаришталарнинг гапида у таажжубга тушиб, “Мен қариб, туғмас бўлиб қолган кампир бўлсам, буларнинг гапини қаранг”, дегандай қичқирганча келиб, юзларига шапатилай бошлади. Кейинроқ Иброҳим алайҳиссалом Ҳожар исмли аёлга уйланиб, ундан Исмоил алайҳиссалом туғилган эди. Шундан сўнг оятда зикр қилинаётган ҳодисалар бўлиб ўтган. Башорати берилаётган фарзанднинг Исҳоқ алайҳиссалом, аёл эса катта хотинлари Сора бўлгани оятнинг сиёқидан билиниб турибди. Иброҳим алайҳиссаломнинг хотинлари Сора бинти Мазоҳим ўзининг кексайиб, туғмас бўлиб қолганини яхши биларди, бунинг устига, қариб, фарзанд кўришдан бутунлай умидсиз эди. Шунингучун ҳам хабарни эшитиб, даҳшатга тушиб қолди. Хотинлар одатига кўра, ана шу ғайритабиий хабарни эшитгани заҳоти ҳайрат ва таажжубини «вой шўрим!» дегандай юзларига шапатилаш билан ифодалади. Чунки аёл бу нарса Аллоҳнинг амри эканини, хабарни фаришталар келтирганини англай олмаган эди. Бу ҳақиқатни у кишига фаришталарнинг ўзлари англатишди.
30. Улар: «Парвардигоринг шундай деди. Албатта Унинг Ўзигина ҳикматлидир, билувчидир», дейишди.
Яъни, фаришталар Иброҳим алайҳиссаломнинг аёлларига шундай дейишди: «Шу ёшингда фарзанд кўришингдан бу қадар даҳшатга тушма, ажабланма ҳам. Бу гапларни Парвардигоринг айтди, бу Унинг ҳукмидир. У ҳамма нарсага қодир Зот - хоҳласа, туғмасга ҳам, қари кампирга ҳам фарзанд бераверади». Дарҳақиқат, шундай бўлди ҳам. Аллоҳ катта ёшдаги икки кекса бандасига илмли, доно, кейинчалик пайғамбар бўладиган Исҳоқ исмли ўғил фарзандни берди.
Юқоридаги хабарлардан аён бўлиб турибдики, Иброҳим алайҳис-саломга ўғиллари Исҳоқ алайҳиссаломнинг хушхабари турли сураларда турлича услубларда баён қилинган. Лекин уларнинг моҳияти бир, бири бошқасига зид келмайди. Бу ҳам Қуръони каримнинг Аллоҳ таолонинг даргоҳидан нозил бўлганига очиқ-ойдин ҳужжатдир. Кекса ота-онадан фарзанд туғилиши ҳам Аллоҳ таолонинг мўъжизаларидан эди. Аллоҳ таоло ота-онанинг қўшилишидан фарзанд дунёга келишини асосий қоида қилиб қўйган. Бу қоидага одамлар шунчалик кўникиб кетишганки, кўплари ҳақиқий яратувчи Аллоҳ эканини унутиб, иш фақат эр-хотин билан битаверади, деган бузуқ ақидага ҳам боришади. Бандалар Аллоҳни эсдан чиқармасликлари учун Парвардигорнинг Ўзи баъзан юқоридагидай қоидани «бузиб» ҳам туради. Баъзи кишиларга фақат ўғил беради, қизга зор қилиб қўяди. Баъзиларга фақат қиз беради, улар ўғилга етишишни орзу қилишади. Баъзиларга ўғил-қизни аралаш беради. Баъзиларни эса бутунлай фарзандсиз қилиб қўяди. Демак, мазкур ҳолатлар асосий омил эр-хотиннинг қўшилиши эмас, Аллоҳтаолонинг иродаси эканини доимо эслаб туришимиз керак бўлади.
31. У: «Муддаоларингиз не, эй элчилар?!» деди.
Одатда фаришталар бирор муҳим воқеа содир бўлишидан олдин одам қиёфасида ҳам пайдо бўлишаркан. Иброҳим алайҳиссалом ҳам бошда олдиларида одам кўринишида пайдо бўлган фаришталардан қўрқиб кетдилар. Пайғамбар меҳмонларнинг фаришталар эканини билганларидан кейин улардан Аллоҳ ўзларига илмли ўғил фарзанд беришни ирода қилгани ҳақидаги хушхабарни эшитдилар. Лекин улул-азм пайғамбарлардан бўлган у зот фаришталарнинг бошқа ишлари ҳам борлигини сезиб турган бўлсалар керакки, улардан “Муддаоларингиз не, нима мақсадда келган эдинглар? деб сўрадилар.
32. Улар айтишди: «Биз жиноятчи қавмга юборилдик;
Фаришталар Иброҳим алайҳиссаломни хотиржам қилиш учун ташрифлари сабабини очиқ айтишди: “Бизлар фаришталармиз, Аллоҳ таоло бизларни ер юзида қабиҳ гуноҳ ишлар қилиб юрган бир жиноятчи қавмни, яъни Лут қавмини ҳалок қилиш учун юборган. Фаришталар Аллоҳнинг амри билан Лут алайҳиссаломнинг фосиқ ва қабиҳ ишларни қилиб юрган қавмини ҳалок қилиниши, пайғамбарга эргашган имонли кишиларга, унинг оиласидаги мўминларга нажот бўлиши хабарини беришяпти. Аллоҳ таоло бир гуноҳкор, итоатсиз қавмнинг бошига Ўз балосини юборганида Ўзига имон келтирган, Ўзидан қўрққан солиҳ бандаларининг турли йўллар билан нажот топишларига имкон яратиб беради.
33. Улар устидан сопол тошларни ташлашимиз учун;
Оятдаги “мин ҳижаратаммин тийн” жумласи “лойдан ясалган тош, қаттиқ сопол” маъноларини билдиради. Баъзи уламоларнинг айтишларича, Лут қавми яшаган ўлка бешта шаҳар-қишлоқдан иборат бўлиб, уларнинг каттаси Садум деб аталган. Аллоҳ таоло уларнинг барчасини остин-устун қилиб ташлаганидан сўнгустидан тошдай қотган лой ёғдирган. Фил сурасида баёни келган Абраҳа лашкари устига ҳам шундай сопол тошлар ёғдирилган эди.
34. Парвардигоринг ҳузурида ҳаддидан ошганлар учун белги қўйилганларни».
Оятдаги «ҳаддидан ошганлар»дан мурод Лут қавмидир. Бу қавм инсоният тарихида бўлмаган энг расво жиноятни содир этган, яъни бесоқолбозлик, эркак билан эркакнинг жинсий алоқа қилиши билан шуғулланган. Уларнинг пайғамбари Лут алайҳиссалом бузуқ қавмни бу жиноятдан кўп қайтарган, аммо ҳар гал уларнинг қаттиқ қаршилигига учрайверган. Оқибатда ана шу ҳаддидан ошган қавм Аллоҳнинг азобига дучор бўлди. Дучор бўлганда ҳам энг шармандали, расво ўлим топди. Осмондан золимларнинг номи ёзилган сопол тошлар тушиб, Лут қавмдагиларнинг барини бир зумда ҳалок қилди, улар яшаган ўлка олдин таги-туги билан осмонга кўтарилиб, кейин ерга чаппа урилди. Лойдан пиширилган ўша қаттиқ тошлар Аллоҳ таоло томонидан ҳаддидан ошувчилар учун алоҳида белгилаб қўйилган экан. Баъзи ривоятларда айтилишича, ҳар бир гуноҳкорни ўлдириши керак бўлган тошга унинг исми ёзиб қўйилган экан.
35. У жойдаги мўминлардан бўлганларни чиқариб юбордик.
“Кашшоф” тафсирида зикр қилинишича, “Лут қавми пайғамбар ва унга эргашганларнинг фаҳш ишлардан йироқ эканини айтиб, масхара қилишди. Ўзлари қилаётган нопок ва манфур қилмишлари билан фахрланишди. Солиҳ кишилар баъзи фосиқларнинг олдига келиб, уларга насиҳат қилишганида фосиқлар: “Бу зоҳидни олдимдан ҳайданглар, бу ишингиз билан менга ҳузур бағишланглар”, деган экан (“Тафсирул Кашшоф”, 2-жилд, 127-бет). Шу тарзда Лут қавми икки тоифага ажради. Лут ва унинг оиласи ҳамда пайғамбарга эргашганларга Аллоҳ нажот бериб, уларни очиқ ҳалокатдан қутқарди. Ўзининг балосини юборишдан олдин Аллоҳ таоло қавмнинг мўмин кишиларини асраб қолиш учун тонгда шаҳардан чиқариб юборди.
36. У ерда бир хонадондан бошқа мусулмонларни топмадик.
Жинояткор қавм бошига илоҳий азоб келишидан олдин у ерда Лут алайҳиссаломнинг оиласидан бошқа мусулмон одам бўлмаган эди. Демак, Лут алайҳиссаломнинг оиласи омонда қолган, фақат унинг нобакор хотини Аллоҳнинг азобига гирифтор қилинган эди. Лутнинг хотини нопок ва имонсиз бўлгани учун бузуқларга ёрдам берар, уларнинг ишини маъқуллар эди. Ибн Касир айтади: “Лут алайҳиссаломнинг хотини унга имон келтирмаган, балки у ҳам қавмнинг ботил эътиқодига мансуб бўлган. Хотин қавм билан келишиб олиб, Лутнинг олдига келаётган меҳмонлар ҳақида ва бошқа кўпгина махфий маълумотларни етказиб турарди. Аллоҳ таоло Лут аҳлини кечаси шаҳардан олиб чиқиб кетаётганида хотинига билдирмасликни буюрган. Баъзиларнинг айтишича, “Аёли ҳам уларга эргашган, аммо азоб келиб, уни ўз домига тортган”. Хулоса шуки, у юртидан чиқиб кета олмаган. Лут ҳам унга буни сездирмаган, шунда у қавм билан қолиб кетган. Шу сабабли Аллоҳ таоло Ўзи нажот берганлар орасидан аёлни мустасно қилган” (“Тафсиру Ибни Касир”, 2-жилд, 231-бет).
37. Аламли азобдан қўрқадиганлар учун у ерда аломатлар қолдирдик.
Аллоҳ таоло фаҳш ва бузуқликка мубтало бўлган гуноҳкор қавм яшаган шаҳарни остин-устин қилиб ташлади ва улар устига сопол тошларни ёғдириб, барчаларини ҳалок қилди. Улардан кейин келадиган қавмлар бу азобдан ибрат олишлари учун Аллоҳ таоло улар яшаган жойнинг харобаларини ва аломатларини қолдирди. Яъни, эй оқил инсон, бу кофир қавм қилган фаҳш ишларнинг оқибати қандай тугаганига тафаккур кўзи билан боқ, улардан ўзингга насиҳат, ибрат ол! Улар қилган ишнинг яқинига асло йўлама! Токи уларнинг қисмати сенинг ҳам бошингга тушмасин! Лут қавми яшаган жойлар ҳозирги Ўлик денгизи остида қолиб кетган. Авваллари у ерда денгиз бўлмаган, балки Лут алайҳиссаломнинг қавми яшаган обод жойлар бўлган. Лекин қавм жиноят қилиб, Аллоҳга осий бўлганидан сўнг азоб келиб, қаттиқ зилзила бўлган. Оқибатда ўша ер денгиз сатҳидан анча пастгача чўкиб кетган. Ҳозирда Ўлик денгизининг суви остидан Лут қавми яшаган масканларнинг қолдиқлари топилган.
38. Ва Мусода ҳам. Уни Фиръавнга очиқ-ойдин ҳужжат билан юборганимизда;
Қуйидаги уч ояти каримада Мусо ва Фиръавн қиссаси қисқа тарзда баён қилинади. Пайғамбар Мусо алайҳиссалом ва золим ҳукмдор Фиръавн қиссаси Қуръони каримдаги энг кўп такрорланган катта қиссалардан саналади. Аммо бу оятларда фақат Фиръавн қавмининг Мусо алайҳиссаломнинг пайғамбарликларини инкор қилгани учун ҳалокатга учрагани эслатиб ўтилади ва Муҳаммад алайҳиссаломни инкор этганларнинг оқибати ҳам шундай бўлишига ишора қилинади. Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломнинг пайғамбарлигига ҳужжат бўлиши учун кўпгина мўъжизаларни берган эди, аммо фиръавнийлар уларга ишонишмади.
39. у арконига ишониб, юз ўгирди ва: «У сеҳргар ёки мажнундир», деди.
Мусо алайҳиссаломнинг Аллоҳ берган мўъжизалари Фиръавн сеҳргарларининг сеҳридан устун келгач, баҳсда енгилган Фиръавн Аллоҳнинг пайғамбарини обрўсизлантиришга ҳаракат қилди. У ўз арконига - ҳукмдорлигига, беҳисоб лашкарларига ва саройидаги итоаткор аъёнларига ишониб, Мусо алайҳиссаломга туҳмат қила бошлади. Аллоҳнинг ваҳийларини олиб келган пайғамбарни сеҳргарга, мажнунга чиқарди.
40. Шунда уни, лашкарларини тутиб, денгизга отдик ва у маломатга лойиқ эди.
Мусо алайҳиссалом зулм остида қолган Бани Исроилни бошлаб Фиръавн ва унинг қўшинлари таъқибидан қочишга қарор қилди. Улар қутулиб қолиш мақсадида денгиз бўйига бориб қолишганида ортларидан Фиръавн ўз аскарлари билан бостириб кела бошлади. Шунда Аллоҳнинг амри билан Мусо алайҳиссалом қўлидаги ҳасса билан денгизга бир урган эди, сув ёрилиб, нажот йўли очилди. Мусо алайҳиссалом Бани Исроил билан бирга денгиз орқали қочиб қутулишди. Фиръавн ҳам ўз аскарларини бошлаб, улар омонда ўтиб кетган ўша йўлларга юрган эди, сув аввалги ҳолига келиб, ҳаммаларини ютиб кетди. Барчалари шу тариқа ҳалок бўлишди. Оятда шу ҳодисага ишора қилиняпти. Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломни инкор қилиб, пайғамбарга зулм ўтказган Фиръавн ва унинг лашкарини бежизга ҳалок қилгани йўқ, Фиръавн ҳар қанча маломатга, ҳар қанча азобга лойиқ иш қилган эди.
41. Ва Одда ҳам. Уларга қисир шамолни юборган эдик;
Од қавмида ҳам Аллоҳнинг азобига далолат қилувчи аломатлар эор. Ушбу оятдан бошлаб Аллоҳ азза ва жалла Од қавмининг куфр туфайли ҳалокатга учраганини эсга солади. Яъни, Од қавмида ва унинг қиссасида ҳам аламли азобдан қўрқадиганлар учун аломатлар бор. Аллоҳ таоло улар устига қисир шамол юбориб, барчаларини ҳалок қилган. Од қавмига юборилган шамолнинг «қисир» деб таърифланишининг сабаби бор. Одатда, шамол булутларни ҳайдаб келиб, ёғин ёғишига сабаб бўлади. Од қавмига келган шамол эса уларга ёмғир эмас, бало-офат, ҳалокатни олиб келгани учун у «қисир» - «туғмас», яъни бефойда, деб сифатланяпти.
42. У нима нарсанинг устидан ўтса, чириган суяк каби қилмай қўймасди.
Яъни, фойдасиз шамол раҳмат ёмғирини эмас, азоб балосини олиб келган эди. У нима нарсанинг устидан ўтадиган бўлса, ўша нарсани худди чириган суяк каби бузиб, титиб ташларди. Шамол ҳам Аллоҳнинг аскарларидан бўлиб, Аллоҳ таоло уни хоҳлаган вақтида, хоҳлаган жойига, хоҳлаган ишини бажаришга юборади. Шамол қаергадир ёмғир, хайр-барака элтса, бошқа жойга вайроналик ва ҳалокат олиб боради. Од қавмига юборилган энг шафқатсиз шамол ҳам Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига душманлик қилган Од қавмини ҳам, уларнинг барча нарсаларини ҳам тилка-пора қилиб ташлади.
43. Ва Самудда ҳам. Уларга: «Вақтинчалик баҳраланиб туринглар», дейилганида;
Самуд қавмида ҳам Аллоҳнинг азобига далолат қилувчи аломатлар бор. Оятдаги «вақтинчалик»дан мурод - Самуд қавми Аллоҳнинг амрига исён қилиб, Солиҳ алайҳиссаломнинг туяларини сўйганларидан кейин уларга берилган уч кунлик муддатдир. Самуд қавми ўзларига Аллоҳтаоло томонидан мўъжиза қилиб берилган ва унга тегмаслик қаттиқ тайинланган туяни сўйиб ташлаб, оғир азобга сазовор иш қилди. Лекин Аллоҳ таоло уларни дарҳол азобламай, уларга уч кунлик муҳлатни ато қилган, шу имкониятдан баҳраланиб туришга ижозат ҳам берган эди.
44. Кибрланиб, Аллоҳнинг амрига саркашлик қилишганда анграйган ҳолларида уларни чақмоқ урди.
Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига ўта итоатсизлик кўрсатиб исёнга борган, Аллоҳнинг оят ва мўъжизаларини инкор қилган Самуд қабиласи, яъни Солиҳ алайҳиссаломнинг қавми бир лаҳзада ҳалок бўлди. Ваҳоланки, улар тоғлар бағрида тошдан йўнилган мустаҳкам қалъа уйларда яшашгани учун бизга ҳеч қандай бало-офат кор қилмайди, деб нодонларча фикр қилишарди. Уларга Аллоҳнинг балоси келганида эса уларнинг қўлидан ҳеч нарса келмай анграйганча қолишди. Ояти каримадаги “чақмоқ урди” деб таржима қилинган “соиқо” сўзи луғатда “қаттиқ гумбурлаш, қарсиллаш” деган маъноларни билдириб, одатда чақмоқ чаққанда, момақалдироқ бўлганда ана шундай овоз янграйди ва кўпинча бу қаттиқ зилзилага сабаб бўлади.
45. Шунда улар ўринларидан тура олишмади ва ёрдам берилмади ҳам.
Аллоҳ ана шундай осий қавм бошига бало ва офат юборганида улар ҳатто ўринларидан туришга ҳам қодир бўлишмади, ер тишлаб қолаверишди. Уларни маконлари харобалари остидан чиқариб олиш учун бирор одам ҳам ёрдамга келмади. Мана шу ҳодисанинг ўзи ҳар бир банда учун Аллоҳнинг азобидан асло қочиб қутула олмаслигига энг кучли далил эмасми?
46. Олдин Нуҳ қавмини ҳам (ҳалок этганмиз), чунки улар фосиқ қавм эдилар.
Аллоҳ таоло бундан олдин Нуҳ қавмини ҳам ҳалок этганининг хабарини беряпти. Чунки Нуҳ қавми ҳам пайғамбарларига итоатсизлик кўрсатиб, Аллоҳга имон келтиришдан бош тортган эди. Фосиқ қавмллардан бўлгани учун Аллоҳ таоло уларни ҳам Ер юзидан батамом йўқ қилиб юборишни ирода этди ва қавмдан имонга келмаганларини тўфон балосига гирифтор этди. Чунки нодон қавм Нуҳ алай-ҳиссаломнинг барча насиҳатларини қулоққа олмади, бунинг устига у кишини ёлғончига чиқарди. Оқибатда Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳисса-лом ва у киши билан бирга имон келтирганларни қутқариб, қолган барча кофирларни тарихда “буюк тўфон” номи билан қолган сув тошқинида ғарқ қилди. Уларнинг кўзлари ҳақиқат ва имонни кўришдан тўсилиб қолгани учун пайғамбар келтирган илоҳий эслатмаларни ёлғонга чиқарганлари ҳалокатларига сабаб бўлди.
47. Ва осмонни куч-қудрат билан бино қилдик ва шубҳасиз уни кенгайтирувчидирмиз;
Аллоҳ таоло исёнга кетган кофир қавмларни қандай ҳалокатга учратганини эслатиб, уларнинг йўли нақадар хатарли эканини баён этганидан сўнгЎзининг қудрати чексиз эканига, мазкур ҳалокатлар Унга қийин эмаслигига эътиборимизни тортади ва қудратининг белгилари сифатида осмон ва Ер каби Ўзи яратган махлуқотларни мисол сифатида келтиради. Инсон яратилганидан буён осмоннинг чегараси бор-йўқлиги ҳақида тортишув давом этиб келмоқда. Баъзи файласуфлар ва табиатчилар дунёни чексиз деб ҳисоблашса, баъзилари уни чекланган, охири бор, дейишади. Қанча баҳсу мунозаралар, тортишувларга қарамай, ҳеч ким бу масалага ойдинлик кирита олмаган. Фақат Қуръони карим дунёнинг, умуман коинотнинг муттасил кенгайиб бораётганини зикр қилади. Аллоҳнинг Китоби ушбу дунёнинг умри чекланганини, айни пайтда у мунтазам кенгайиб бораётгани боисидан коинот турғун ва чегараланган бир нарса эмаслигини маълум қилади. Қуръон олимларнинг икки хил қарашига муқобил сифатида учинчи бир қарашни илгари сурмоқда ва бу илоҳий мужда билан инсониятга хитоб қилмоқда. Фалакиёт илми мутахассислари кейинги пайтда биз яшаётган сайёралар мажмуаси, яъни галактикамизнинг кенгайиб бораётганини аниқладилар. Демак, Аллоҳ таоло Ўз қудрати билан кенг қилиб яратган осмонни яна ҳам кенгайтираётган экан. Шу тариқа, Қуръони карим бутун тарих давомида инсонларнинг бошини қотириб келган ушбу мавзуга ойдинлик киритиб, барча баҳсу мунозараларга охирги нуқтани қўйди. Шундай қилиб, коинотнинг кенгайиб бориши назарияси фан ва техника тараққиёти асри бўлган XX асрдагина ўртага ташланди. Унгача Қуръони каримдан бошқа мазкур ҳақиқат борасида сўз юритган ҳеч бир манба бўлмаган.
48. ва Ерни тўшаб қўйдик, нақадар яхши тўшовчидирмиз!
Олдинги ояти каримада Ўз қудрати билан осмонни яратиб, уни Ўзи кенгайтираётгани хабарини берган Аллоҳ таоло энди Ерни тўшаб-ёйиб, инсонларга қулай қилиб қўйганини баён қилмоқда ва Ўзининг энг яхши тайёрловчи эканини эслатмоқда. Ҳақиқатан, Ернинг тўшаб, текис қилиб ёйиб қўйилгани унда яшаётган инсонлар ва бошқа махлуқотга катта қулайликдир, уларнинг яшашини, ризқ топишини осонлаштирадиган муҳим омилдир. Агар Ер юзи текис, ёйиқ бўлмай, ҳаммаёқ тоғлик ва баландликлардан ёки чуқур даралардан иборат бўлиб қолса, одамларнинг ҳам, бошқа жонзотларнинг ҳам ҳаёт кечиришлари жуда қийинлашиб, оғирлашиб кетган бўларди. Ҳақиқатан ҳам, куррамиз ҳаёт учун шундай қулай қилиб мосланганки, бу ҳақда фикр юритган, буни ўрганган одамнинг қудратли ва ҳар бир ишнинг тадбирини қилувчи Аллоҳга имон келтирмай иложи йўқ. Шу билан бирга, Аллоҳ таолонинг Ер юзини қулай қилиб тайёрлаб, яшаш учун мослаб қўйгани жуда ҳам нозик ва дақиқки, озгина ўзгарса, махлуқларнинг ҳаёт кечиришлари мутлақо қийинлашиб кетиши ҳам мумкин. Буларнинг бари Аллоҳ таолонинг чексиз яратувчилик қудратига ёрқин далилдир.
49. Сизлар эслатма - ибрат олишларингиз учун ҳар бир нарсани жуфт-жуфт қилиб яратдик.
“Сизлар” деганда эркак ҳам, аёл ҳам назарда тутилади, чунки уларнинг иккови ҳам бир негиздан пайдо бўлган. Имом Аҳмад “Муснад”ида, Абу Довуд ва Термизий “Сунан”ларида Оиша розияллоҳу анҳодан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини ривоят қилишган: “Аёллар эркакларнинг туғишган опа-сингилларидир”. Худди шу каби Аллоҳ таоло ҳар бир нарсани ўз жуфти, шериги билан яратган. Албатта бу низомда маълум бир илоҳий ирода ва ҳикмат, Қуръони каримнинг улкан илмий мўъжизаси ётибди. Дарҳақиқат, осмонлару Ердаги барча жонли-жонсиз, моддий-маънавий нарсаларнинг жуфти бор: ос-мон ва Ер, кеча ва кундуз, қуёш ва ой, нур ва зулмат, имон ва куфр, ҳаёт ва ўлим, саодат ва бадбахтлик, ҳидоят ва залолат, жаннат ва дўзах, яхши ва ёмон, катта ва кичик ва ҳоказолар. Ҳар бир нарсанинг қадр-қиймати, мартабаси зидди билан турганда яхшироқ билинади. Нур ёнида зулмат бўлмаса, зулматнинг нималигини билмаган бўлардик. Тун бўлмаса куннинг қадрини, кун бўлмаса, туннинг фойдасини сезмай юрган бўлардик. Бойлик ёнида фақирликнинг бўлиши, соғлик билан беморликнинг ёнма-ён туриши, енгилликдан сўнг машаққатнинг келиши бандаларни у ҳолтдан бу ҳолатга солиб, уларнинг кўзидаги ғафлат пардаларини очган бўларди. Жоҳиллар бўлмаса, олимнинг илми, ёмонлар бўлмаса, яхшининг яхшилиги қадр топмас эди.
Бундан ўн беш аср олдинги инсонлар Аллоҳ таолонинг бу иродаси ва ҳикмати сирига етишмаган эди, бугунги кундаги илм-фан тараққиёти натижасида Парвардигорнинг ҳар бир нарсада жуфтлик яратганининг илоҳий ҳикмати кашф бўлди. Бир пайтлар “энг кичик зарра атомдир, у бўлинмайди” деган тушунчанинг хатолиги бугунги кунга келиб очилди. Шундай кичик зарра бўлган атом ҳам иккига: нейтрон ва протон каби жуфтларга бўлинар экан. Электр қуввати Қуръон нозил бўлгандан бир неча аср кейин кашф қилинди, бироқ у ҳам манфий ва мусбат зарядларнинг қўшилишидан, яъни жуфтликдан туғилиши аниқланди. Аллоҳ таоло Ўз қудрати ва улуғлигига далолат қилувчи бундай мисолларни зикр қилиши орқали фақат Ўзигагина ибодат қилишга, Ўзига ширк келтирмасликка буюради. Чунки бу дунёда таққослаш, қарама-қарши қўйиш, солиштириш орқали нарсаларнинг моҳиятини англаб юрган инсон Аллоҳни таниш борасида ҳам ўз услубини қўлламоқчи бўлса, қаттиқ адашади. Чунки У Зотни ҳеч нарсага, ҳеч бир махлуққа таққослаб бўлмайди.
50. (Эй Муҳаммад, уларга айтинг): «Аллоҳга қочинглар. Албатта, мен сизларга Унинг тарафидан очиқ-ойдин огоҳлантирувчиман;
Аллоҳ таоло сукжли Пайғамбарига хитоб қилиб айтяптики, эй Муҳаммад, куфр ва ширк чангалзорларида адашиб юрган кимсаларга шуни етказинг: модомики бутун оламлар ягона бир Зотнинг қабзи ва тасарруфида экан, улар ўзлари ишониб юрган ҳамма нарсани ташлаб, Аллоҳнинг тарафига қочсинлар ва Уни ягона, ҳеч бир шериксиз деб тан олсинлар. Агар шундай қилишмаса, ўзлари ҳамма нарсадан мосуво бўлиб, иккала дунёларини ҳам хатарга қўядилар. Сиз эса Аллоҳ томонидан огоҳлантирувчи қилиб юборилгансиз, холос. Ушбу оятда тилга олинган «қочиш» динсизлик, ғафлат ва осийлик хатаридан қочишдир. Улардан қочиш эса гуноҳ ва ҳаром ишларни тарк этиб, Аллоҳга илтижо этиш билан бўлади. Чунки Унинг ҳузурида инсонлар учун улуғ марҳаматлар ва абадий саодат калити бор. Кофир ва динсизлар Аллоҳни унутганлари учун бошла-рига тинмай тушаётган бало, мусибат ва синовлар чоғида кимга суянишни билмай, сохта “илоҳ”лардан, бузуқ таълимотлардан, турли фолбин, коҳин ва муттаҳамлардан ёрдам-нажот кутиб юришибди. Мусулмон киши эса бутун оламларнинг ягона эгаси бўлмиш Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога қочади, фақат Унгагина илтижо қилади ва бутун муаммоларини ҳал этишда, бало-мусибатларидан ҳимояланишда Ундангина нажот ва ёрдам сўрайди.
51. ва Аллоҳга бошқа “илоҳ”ни шерик қилманглар. Албатта, мен сизларга Унинг тарафидан очиқ-ойдин огоҳлантирувчи-ман».
Аллоҳ тарафига қочиш эса Аллоҳга бошқа ҳеч қандай “илоҳ”ни шерик ёки тенг кўрмаслик билан бўлади. Ҳатто Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссалом ҳам адашганлар қалбига имонни ўрнаштира олмайдилар, уларни ҳидоятга зўрлаб кирита олмайдилар. У зот алайҳиссаломни Аллоҳ таоло инсонларни охиратдан, мукофот ва жазодан огоҳлантирувчи этиб юборгандир. Аллоҳга бошқа ҳеч нарсани шерик қилмаслик тавҳиднинг, яъни Аллоҳ ягоналигининг асосидир. Тавҳид икки хил бўлади: 1. Рубубийя тавҳиди. 2. Улуҳийя тавҳиди. Рубубийя тавҳиди - Аллоҳ таоло мулкида бир, У яратувчи, ризқ берувчи, ато қилувчи, манъ қилувчи, юксакликка кўтарувчи, пастлатувчи..., деган маънодадир. Улуҳийя тавҳиди - Унинг Узига ибодат қилиб, бошқа бирортасига ибодат қилмаслик ва Унга бирор нарсани тенгдош қилмасликдир. Баъзи уламолар: «Рубубийя тавҳиди ушбу коинотнинг яратувчиси битта, деб эътиқод қилиш; улуҳийя тавҳиди эса, Аллоҳ таолонинг якка Ўзи ибодат учун ҳақли, деб эътиқод қилиш», дейишади.
52. Худди шунингдек, улардан аввалгиларга ҳам пайғамбар келса, улар ҳам уни сеҳргар ёки мажнун» дейишган.
Барча замонларда ҳам қавмларга бирор пайғамбар юборилса, уни ё жодугар-сеҳргарга ё мажнун-телбага чиқаришган. Маълумки, Исломнинг илк даврида Муҳаммад алайҳиссаломнинг пайғамбар-ликларини тан олмаган Макка мушриклари у зотни бадном қилиш учун ҳар қандай туҳмат ва ёмонликни қилишдан тап тортишмади. Аллоҳнинг Пайғамбарини турли айблар билан айблашди, сеҳргарга чиқаришди, шоир ҳам деб кўришди, ҳатто мажнун бўлса керак, деган тахминга ҳам боришди. Албатта мушрикларнинг бу туҳмат ва озорлари охирзамон Пайғамбарига оғир ботарди, хафа қилиб, изтиробга соларди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Қуръон орқали Ўз Ҳабибига тасалли бериб, Макка мушрикларининг бу қилмишлари янгилик эмаслиги, улардан олдин ўтган кофир қавмлар ҳам ҳамиша пайғамбарларни сеҳргар, жиннига чиқариб келишгани, уларга тазйиқ ўтказишганини эслатмоқда.
53. Бир-бирларига васият қолдиришганмиди? Йўқ, улар туғёнга кетган қавмлардир!
Мушрик ва динсиз кимсалар Аллоҳнинг элчиларини ёлғончига, сеҳргарга ёки мажнунга чиқаришда шунчалар якдилдирки, гўё аввалдан бу ҳақда бир-бирларига васият қилиб келишганмикин, деб ўйлаб қоласиз. Яъни, ҳаммалари пайғамбарларга қарши бир хил мавқеда бўлганлари учун олдин ўтганлари билан кейин келганлари худди аввалдан келишиб олганга ўхшашади. Лекин, аслини олганда уларни бирлаштириб турган нарса туғёндир, имонсизликдир, жаҳолатдир.
54. (Эй Муҳаммад), улардан юз ўгиринг. Энди сиз маломатга қолмайсиз.
Аллоҳ таоло Пайғамбарига айтяптики, мушриклар сўзларингизни эшитмаса, даъватингизни инкор қилса, ҳидоят йўлига юрмаса, сиз улардан юз ўгиринг, ўз ҳолларига ташлаб қўйинг. Чунки Пайғамбарнинг вазифаси Аллоҳнинг амрини етказиш, холос. Сиз бу ишда сабот ва садоқат кўрсатдингиз, аммо имон неъматидан бебаҳра кимсалар гапингизга киришмади, насиҳатларингизни эътиборга олишмади, боз устига сизни масхаралаб, ёмонотлиқ қилиб, озорлар етказишди. Энди улардан юз ўгирсангиз, сизга ҳеч қандай таъна-маломат қилинмайди. Ушбу ояти карима барча дин тарғиботчилари ва даъватчиларига ҳам қаратилгандир.
55. Эслатинг, зеро, эслатиш мўминларга манфаат беради.
Яъни, эй Пайғамбарим, қалбида имони борларга ваъз-насиҳат қилинг, уларга ваҳийларимизни эслатинг, бу албатта, мўминларга таъсир қилади, манфаат беради. Ана шу ваъз-насиҳатларнинг ба-ракотидан имон насиб этганлари мусулмон бўлишади, қалблари Аллоҳ сари талпинади. Кофирлар юз ўгириб кетишаверсин, чунки улар имонсизликлари туфайли икки дунёларини бой берган бебахт кимсалардир. Уларга албатта Аллоҳ ваъда қилган азоб ва аянчли оқибат раво бўлади.
56. Жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учун яратдим.
Аллоҳ таоло борлиқдаги ҳамма нарсани, шу жумладан, жинларни ва инсонларни ҳам яратган Зотдир. Ушбу қисқагина оятда улкан ҳақиқат ифодасини топган. Одамлар ва жинларнинг яратилишидан ягона мақсад уларнингўзларини яратган Парвардигорга ибодат қилишларидир. Агар инсон ҳамма нарсани билиб, кўплаб илмларни ўзлаштирсаю, аммо у Парвардигорини танимаса, Унга ибодат қилмаса, демак, у ҳеч нарсани билмабди. Аллоҳни танишнинг асоси Унга чексиз муҳаббат қўйиш,Унинг розилигини топишга интилишдир. Аллоҳни яхши кўрган Унга тоатда, ибодатда бўлган инсон Парвардигорини таниган бўлади. Аллоҳ таолонинг инсонлар ва бошқа махлуқотларини яратишдан муроди бандаларининг Узига ибодат қилишлари экан. Кўпгина исломий тушунчаларни, жумладан “ибодат” сўзини ҳам нотўғри тушуниб, у фақат намоз, рўза, қироат, зикр каби амаллардан иборат деб ўйлаймиз. Тўғри, булар ҳам ибодат, аммо ушбу оятдаги ибодат булардан ҳам кенгроқ маънони анг-латади. Бу ерда хато «ибодат» маъносини фақат мазкур амалларга боғлаб қўйишдадир. Шунинг учун одам намоз ўқиётганида ўзини Аллоҳ ҳузурида тургандек, касб билан шуғулланаётганида эса Аллоҳга номаъқул иш қилаётгандек ҳис қилади. Ваҳоланки, ҳар бир ишимизни шариатга мос қилиб, Аллоҳнинг амрига, Набий алай-ҳиссаломнинг суннатларига мувофиқ олиб борсак, ҳар бир ишимиз ибодатга айланади, савоб ўрнига ўтади. Бунинг учун икки асосий шартга амал қилиш зарур: ҳар бир иш-амалимизнинг Қуръон ёки Суннатга мувофиқ бўлиши; ҳар бир ишни қилиш ёки тарк этишда Аллоҳнинг розилигини исташ. Шунда ҳар бир ишимиз ибодатга айланади. Демак, ҳаммасида ниятни яхшилаш лозим. Набий алай-ҳиссалом ўзларининг машҳур ҳадисларида: «Албатта, ҳар бир иш ниятга боғлиқ, ҳар бир киши нимани ният қилса, ўшанга етади», деганлар. Аслида “Ибодат” сўзи луғатда «тоат», «итоат» ва «Пар-вардигорни улуғлаш» маъноларини жамлаган. Шаръий истилоҳда эса Аллоҳнинг розилигини топиш учун қилинадиган, бажарилгани учун савоб бериладиган ва ниятга боғлиқ бўлган амал «ибодат» дейилади. Ислом динида ибодатлар уч қисмга бўлинади: бадан билан адо этиладиган ибодатлар; мол билан адо этиладиган ибодатлар; ҳам бадан, ҳам мол билан адо этиладиган ибодатлар. Намоз ва рўза каби бадан билан адо қилинадиган ибодатни ҳар бир киши ўзи адо этиши лозим. Закот каби мол билан адо қилинадиган ибодатни кишининг вакили адо этиши мумкин. Ҳаж каби ҳам бадан, ҳам мол билан адо қилинадиган ибодатни фақат киши ожиз қолгандагина ва бу ожизлик давомли бўлгандагина вакили адо этиши мумкин. Агар ожизлик бўлмаса, ўзи адо қилиши шарт. Ибодатларнинг энг афзали, савоблиси, улуғи намоздир. Аллоҳ таоло мўминлар ва мунофиқларни намозлари билан фарқлайди.
Ислом таълимотида ибодат тушунчасининг кенглигига далолат қилувчи бир неча ҳадислар бор. Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир гуруҳ кишилар: “Эй Аллоҳнинг Расули, бойлар ажр-савобни олиб қўйдилар, чунки улар бизга ўхшаб намоз ўқишади, рўза тутишади ва яна устига, ортиқча мол-дунёларидан садақа ҳам қилишади, дейишди. Шунда у зот: “Аллоҳ таоло сизларга ҳам садақа қиладиган нарсаларни бериб қўймаганми? Ҳар бир тасбеҳингиз - садақа, ҳар бир такбир ҳам - садақа, ҳар бир таҳлил ҳам - садақа, амри маъруф ҳам - садақа, наҳйи мункар ҳам -садақа ва ҳар бирингизнинг шаҳватингизда ҳам садақа бор, дедилар. Шунда одамлар: “Бирортамиз шаҳватини қондирса ҳам ажр оладими?” деб сўрашди. Набий алайҳиссалом: “Айтинглар-чи, шу ишни ҳаромдан бажарса, унга гуноҳ бўлармиди? Худди шунингдек, ҳалолдан бажарса, унга ажр-мукофот бўлади”, дедилар» (Муслим ривояти).
57. Улардан ризқ истамайман ва Менга таом беришларини ҳам хоҳламайман.
Аллоҳ таоло айтяптики, Мен инсонлардан ризқ сўрамайман ва уларнинг Менга таом беришларини ҳам истамайман. Чунки ризқни инсонларга ҳам, бошқа махлуқотларга ҳам фақат Аллоҳнинг Ўзи беради. Унинг сифатларидан бири ар-Раззоқ, яъни кўплаб ризқ берувчидир. У ризқларни ва уларнинг воситаларини яратувчидир. Ар-Раззоқ сифатли Зот махлуқотларига ҳеч бир оғир-ликсиз, қийинчиликсиз, ёрдам сўрамасдан ризқ берувчидир. Ризқ - фойдаланилган нарса деганидир. Шунинг учун уламолар ризқ билан меҳнат қилиб қўлга киритилган нарса орасида фарқ бор, дейишади. Демак, ризқ еган овқатинг, кийган кийиминг ва яшаётган уйингдир. Убудиятнинг одобларидан бири банданинг ўз Парвардигоридан барча истаган нарсаларини сўрашидир. Ўша сўраётган нарсаси хоҳ кичик, хоҳ катта бўлсин фарқи йўқ. Банданинг туфлисини ипи узиладими ёки уйининг калити йўқоладими, Аллоҳ ўзидан сўралишини ёқтиради.
58. Зеро, Аллоҳнинг Ўзи ризқ берувчи, қувват эгаси, тоқатлидир.
Демак, Аллоҳ таоло инсонлару жинлардан ризқ сўрамайди, балки уларга ризқни Ўзи беради. Улардан таом сўрамайди, балки уларга таомни Ўзи беради. Аллоҳнинг инсонлардан ирода қилгани итоат ва ибодатдир, инсонлар ва жинларни яратишдан мақсад ҳам шудир. Алий розияллоҳу анҳу: «Сендан ризқ сўраш талаб қилинмаган, сендан жаннат сўрашинг амр қилинган», деганлар. Инсон эса сўраш талаб қилинган нарсани тарк қилиб, тарк қилиш буюрилган нарсани талаб қилади. Мана шу кўп одамларнинг муаммосидир. Аллоҳ таоло Қуръоннинг бир неча жойида ризққа кафил бўлгани ҳақида далиллар келтирган. Ушбу ояти карима ҳам ана шу далилларнинг биридир.
59. Албатта, зулм қилганларга худди биродарлари насибасичалик насиба бор, Мени шоштирмай қўяқолишсин!
“Зулм қилганлар”дан мурод, кофирлардир.Улар Аллоҳга ваУнинг Пайғамбарига имонсизликлари туфайли ўзларига қаттиқ зулм қи-либ, икки дунё саодатидан маҳрум бўлишган. Бунинг устига дўзахдаги абадий азобга гирифтор бўлиб, жонларини мангу қийноққа қўйишган. Ҳар бир авлод ўзидан олдинги ота-боболарига тақлид қилиб, уларнинг йўлидан боргани учун қисмати ҳам уларникига ўхшаш бўлади. Куфр келтирганлар ота-боболарига тақлидан Аллоҳни инкор қилишганди, энди ўтганларнинг бошига келган бало-мусибатлар уларга ҳам насиба бўлади. Кофирларга ваъда қилинган жазолар нақд ва муқаррар, бу ҳақда улар Парвардигорларидан азобни тезлаштиришни сўраб шошилишмасин.
60. Кофир бўлганларга ваъда қилинаётган кунларида ҳалокат бўлсин.
Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига куфр келтириб, кофирлик йўлини тутганларга дунёда ҳам, охиратда ҳам қаттиқ азоблар ва ҳалокатга кетиш ваъда қилинган. Дарҳақиқат, пайғамбарлар тарихига назар солсак, инсонлар ҳамиша исёнда бўлгани, ўзларига даъват ва ваҳий келтирган Аллоҳнинг элчиларига бўйсунишмагани учун охири бу дунёда чексиз азоб-кулфатлар, охиратда эса аламли жаҳаннам қийноқлари кутаётганидан огоҳлантирилган. Аллоҳ таоло айтади: “Қачон уларга Аллоҳ ҳузуридан ўзларидагини тасдиҳловчи Китоб келганида олдин шу Китобдан кофирларга ҳарши ёрдам кутиб юришган эди. Ўзларига таниш нарса келганида эса, уни инкор ҳилишди. Кофирларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин!” (Бақара, 89).