Маккада нозил қилинган ушбу сурайи карима саксон тўққиз оятдан ташкил топган.
У Қуръони Каримни таърифлаш билан бошланиб, сўнгра Оллоҳ таоло Ўз бандаларига ато этган беҳисоб неъматлардан айримлари санаб ўтилади.
Бу сурада ўзлари барча нарсани Оллоҳ яратганига иқрор бўлиб туриб, яна Яратганга ўзгаларни «шерик» қиладиган ва хусусан «Унинг боласи бор» дейдиган мушрикларнинг даъволари аниқ-равшан ҳужжатлар билан кескин рад этилади.
Ушбу сурада ҳам Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг салафларидан ҳазрати Иброҳим ва Мусо алайҳимас-саломларнинг даъватлари ва чеккан азийятларидан айрим лавҳалар тасвирланади.
Суранинг «Зухруф - Зеб-зийнатлар» деб номланишига сабаб, унда бу дунё олтин-кумуш ва зеб-зийнатлари Оллоҳтаоло наздида қандай мартабада эканлиги батафсил баён қилинади.
Сура Пайғамбар алайҳис-саломни мушриклардан юз ўгиришга буюриб, уларнинг яқинда қилмишларига яраша жазо олишлари аниқ экани ҳақида хабар бериш билан ниҳоясига етади.
Меҳрибон ва Раҳмли Оллоҳ номи билан
1. Ҳо, Мим.
Сурайи кариманинг биринчи ояти бўлмиш “Ҳо, Мим” ҳарфлари борасида юқорида ўтган мана шу ҳарфлар билан бошланган суралар тафсирида айтиб ўтилди.
2-3. Китоби Мубийнга - Куръонга қасамки, албатта Биз уни сизлар ақл юргизишингиз (маъно-мазмунини фаҳмлашингиз) учун арабий Қуръон қилдик.
Ушбу оятлардаги Китоби Мубийндан мурод Қуръони Мубийндир. Чунки бошқа бир сура аввалида Қуръон мубийн сифати билан келгандир: “Алиф, Лом, Ро. Ушбу (оятлар) Китобнинг - Қуръони Мубийннинг оятларидир”. (Ҳижр сураси, 1-оят).
Ҳақ субҳонаҳу ва таоло Ўзининг сўнгги Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилган Китобини Китоби Мубийн - очиқ-равшан Китоб деб сифатлашига сабаб, ушбу Китобни иймон ва ихлос билан тиловат қилган ва унинг оятларини англаб билган инсонга икки олам сирлари очилади, Ҳақ таолонинг Ҳақ Йўли аниқ-равшан кўринади, яхшилик нима-ю, ёмонлик нима, қай бир иш савоб-у, қай бир иш гуноҳ, нима ҳалол-у, нима ҳаром - барчаси аён бўлади.
Қолаверса, дунё ва Охират, Ер-у осмонлар ҳамда улардаги бор жонли-жонсиз махлуқот ҳақида, ўтмиш ва келажак ҳақида ҳеч бир китоб Қуръони Мубийн каби аниқ-равшан баён қилиб бера олмагани ҳам ушбу Китобнинг барча нарсани Билгувчи Зот томонидан нозил бўлганига ва ягона очиқ-равшан Китоб эканига далолат қилади.
Ҳақ таоло Ўзининг очиқ-равшан Китоби бўлмиш Қуръони Каримга қасамёд қилиб ушбу улуғ Китобни Ер юзига одамлар ақл юритиб, англаб, амал қилишлари учун араб тилидаги Қуръон ҳолида нозил қилганини таъкидлаш билан Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг она тиллари бўлмиш араб тилини шарафлайди, шунингдек, бу тил фасоҳат ва балоғатда тенгсиз эканига, жамийки тиллар ичида энг бой, оз сўз билан кўп маънони ифодалашга қодир, бошқача айтганда, Каломуллоҳни инсонлар онгига етказиш учун энг муносиб бир тил эканига ишора қилади. Зотан, Ҳақ таолонинг Ер юзига туширган сўнгги ва ҳеч қачон ўзгармайдиган Каломи учун ана ўша буюк тил танланиши албатта бежиз эмасдир. Аллома Ибн Касир ўзининг “Қуръони Азим тафсири”да бундай дейди: “Араб тили ҳар жабҳада бошқа тиллардан афзал ва мукаммал тил бўлгани учун ҳам Илоҳий Китобларнинг энг улуғи бўлмиш Қуръони Карим мана шу энг улуғ тилда энг улуғ Элчига энг улуғ фаришта орқали нозил қилинди ва бу иш Ер юзидаги энг улуғ шаҳарда ойларнинг энг улуғи бўлган Рамазони шарифда бошландики, бу фазилатларнинг барчаси Куръон тенги ва ўхшаши йўқ бирдан-бир мукаммал Калом эканига далолат қилади”.
Оятдаги “арабий” калимасининг бир маъноси “соф араб тилида”, дегани бўлса, иккинчи маъноси, “аён, тушунилиши осон тилда”, деган мазмунни ҳам англатади. Шу маънода “арабий Қуръон” ибораси “очиқ-равшан Қуръон”, дегани бўлиб, юқоридаги оятда зикр қилинган “Китоби Мубийн - очиқ-равшан Китоб” иборасининг ўзига хос таъкидидир.
4. Дарҳақиқат, у Бизнинг даргоҳимиздаги Она Китобда (Лавҳул-Маҳфузда) юксак (мартабали) ва ҳикматли (Китобдир)
Яъни, ҳеч шак-шубҳасиз, ушбу Қуръон Бизнинг ҳузуримиздаги барча китобларнинг онаси - асли бўлмиш Лавҳул-Маҳфузда қадри бениҳоя баланд, фасоҳат-балоғатда, Тўғри Йўлни кўрсатишда ва бошқа фазилатларда шаъни беқиёс олий, шараф-мартабаси улуғ, етук ҳикматли, назму мағзида бирон-бир хато, шубҳа ва бир-бирига зид сўз бўлмаган Китобдир.
Ушбу Китобнинг мислсиз улуғ шаъну мартабаси ҳақида бошқа оятлар-да ҳам такрор-такрор зикр қилинади: «Мен юлдузларнинг ботар жойларига қасам ичурманки, - ҳолбуки, бу (қасам) агар билсангизлар, шак-шубҳасиз, улуғ-катта қасамдир - албатта у (Қуръон сеҳр ёки уйдирма эмас, балки) асралган Китобдаги (Лавхул-Маҳфуздаги) Улуғ Куръондир! Уни фақат таҳоратли - пок кишиларгина ушларлар. (У) барча оламлар Парвардигори томонидан нозил қилингандир». (Воқеа сураси, 75-оят). «Йўқ, (улар ёлғон дейишаётган нарса) Лавҳул-Маҳфуздаги (яъни, ҳар қандай бузилиш ва ўзгаришдан сақланган-ҳимояланган Лавҳдаги) Буюк Куръондир». (Буруж сураси, 21-22-оятлар).
5. Бас, (эй мушриклар), сизлар (куфру исёнда) ҳаддан ошгувчи қавм бўлганларингиз учун Биз сизлардан ушбу Эслатмани буриб (сизларни ўз ҳолларингизга ташлаб) қўюрмизми?!
Яъни, эй мушрик-кофир кимсалар, сизлар ҳадларингиздан ошиб, ширкка муккангиздан кетганингиз учун Биз ушбу Буюк Эслатма - Қуръон оятларини сизларга нозил қилмасдан, сизларни огоҳлантирмасдан, панд-насиҳат қилмасдан Фармон ва таъқиқларимизни юбормасдан сизларни ўз ҳолингизга ташлаб қўяр эканмизми? Йўқ, Биз ундай қилмаймиз. Сизларга раҳм қилганимиз учун ҳам Биз лутфан сизларни яхшиликка, мана бу Зикри Ҳакийм - Ҳикматли Эслатма бўлмиш Қуръонга даъват қилишни тарк этмаймиз. Гарчи сизлар ундан юз ўгиргувчи бўлсангизлар ҳам, токи тақдири азалда ҳидоят топишлари битиб қўйилган бахтли инсонлар ҳи-доят топишлари учун ва бахтсиз кимсаларга қарши Илоҳий Ҳужжат бўлсин учун Биз ушбу Эслатмани сизларга нозил қилаверамиз. (Тафсири Ибн Касийрдан).
6-7. Биз аввалгиларга ҳам қанча-қанча пайғамбар юборганмиз. Улар ҳам (сизлар каби) ўзларига келган ҳар бир пайғамбарни масхара қилиб кулган эдилар.
Ушбу оятлар Ҳақ таоло тарафидан Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга берилган таскин ва тасаллийдир. Чунки Макка мушриклари Пайғамбар алайҳис-саломни масхара қилиш учун у зотдан ҳеч куракда турмайдиган турли-туман нарсаларни талаб қилар эдилар. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ўз ватандош ҳам-шаҳарларидан - у зотнинг фақат рост сўзлайдиган эканликларини жуда яхши биладиган кимсалардан бундай сўзларни эшитганларида кўнгилла-ри оғрир эди. Бас, Жаноби Ҳақ Ўз Элчисига қавмларининг бундай беодобликларидан тасаллий бериб ушбу оятларни нозил қилди ва илгари ўтган элчи-пайғамбарларни ҳам Ҳақ Йўлга даъват этганларида қавмлари масхара қилганлари ҳақида хабар берди.
Ўтмишдан келтирилган бу мисол билан бир томондан, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга тасаллий берилиб, Макка мушриклари у зотга етказаётган озор-азийятлар, у зотни ёлғончи деб туҳмат қилишлар аввал ўтган элчилар ҳаётида ҳам бўлгани, уларни ҳам қавмлари ёлғончи қилишиб, турли озорлар етказишгани айтилган бўлса, иккинчи томондан, Пайғамбар алайҳис-саломга иймон келтирмаётган, у зотни ёлғончи қилаётган маккаликлар огоҳлантирилмоқда, яъни, агар улар ўзларининг ширкларидан, иймонсизликларидан тавба-тазарруъ қилмасалар, уларнинг бошларига ҳам худди аввалги динсиз қавмларнинг бошига келганидек бало-офатлар келиши хавфи бор экани айтилмоқда.
Демак, Оллоҳ таоло юборган элчи-пайғамбарлар устидан кулиб, уларни масхара қилиш қадимий иллатлардан экан. Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам хабар берилган:
“(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), қасамки, Сиздан аввал ўтган пайғамбарларнинг устидан ҳам масхара қилиб кулинган. Сўнг уларни масхара қилган кимсаларни ўша масхара - кулгилари ўраб, (домига тортиб) кетган (яъни, ҳалок қилган)”. (Анъом сураси, 10-оят). Шунингдек, ушбу оятлар охир-оқибатда Пайғамбар алайҳис-салом ва умматлари ғолиб бўлиши ҳақидаги ҳушхабар ҳамдир. Бу мазмун бошқа оятларда янада очиқроқ баён қилинган: “Бас, Сиз ўзингизга буюрилган ишни (яъни, Ҳақ Динга даъват қилишни) юзага чиқаринг ва мушриклардан юз ўгиринг! Албатта Биз Ўзимиз Сизни масхара қилгувчиларга (яъни, уларни ҳалок этиш учун) кифоя қилурмиз.” (Ҳижр сураси, 94-95-оятлар).
Дарвоқеъ, орадан ҳеч қанча муддат ўтмасдан Бадр жанггида Оллоҳ аоло Ҳазрати Муҳаммад Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламни масҳара қилиб устидан кулган етмиш кофирни, улар орасида Қурайш катталаридан бўлган беш масхарабозни бир кунда ҳалок қилди.
8. Бас, Биз улардан (Макка кофирларидан) кучли-қувватлироқ (қавм)ларни ҳам ҳалок қилганмиз. (Ушбу Қуръонда) аввалгиларнинг масал-қиссалари ўтди-ку!
Дарҳақиқат, Ернинг ҳар тарафларида кўрган одамларга асрлар қаърида қолиб кетган олис ўтмишдан ҳикоя қилгувчи осори атиқалар жуда кўпдир. Уларнинг орасида ўз замонида мисли бўлмаган муҳташам қаср-у саройлар осмондан ёғилган харсанг тошлар остида вайроналарга айланиб қолганини ҳам, тўфон балосига дучор бўлиб сув ости-да қолган бутун-бутун шаҳарларни ҳам, ўнлаб қулоч қалинликдаги қум, тош ёки тупроқ билан кўмиб қўйилган қалъаларни ҳам кўриш мумкин. Ибрат олгувчи инсон учун бундай мудҳиш манзаралар Оллоҳнинг ғазабига дучор бўлган қавмларнинг оқибати қандай даҳшатли эканига очиқ далолат қилиб туради. Пайғамбар алайҳис-саломни ёлғончи деб масхара қилган мушрикларга ҳам Оллоҳнинг ғазабига дучор бўлмасликлари учун ўтган кофир қавмларнинг топган оқибатларидан ибрат олиш буюрилди. Аммо уларнинг кўплари ибрат олмадилар ва натижада ҳалокатга юз тутдилар ва ўзлари бошқалар учун “ибрат”га айландилар.
“Танвийрул-азҳон мин тафсири Руҳул-баён” тафсирида ривоят қилинишича, Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам Масжидул-Ҳаромда Билол, Суҳайб ва Аммор каби бечора - мискин саҳобалари билан ўтирган эдилар, мушрикларнинг катталаридан бўлган Абу Жаҳл бир тўда курайшликлар билан ўтиб қолди ва: “Муҳаммад мана шуларни жаннат подшоҳлари деб ҳисоблайди”, деб фақир мусулмонларни масхара қилиб кулди ва ҳеч қанча вақт ўтмай Бадрда бу истеҳзосининг жазосини олди - ҳалок қилинди. Бу воқеа ҳам ақл эгалари учун ибрат ўрнидир.
Қуръони Каримда такрор-такрор келган бу каби масал-қиссалардан ўзларига юборилган элчи-пайғамбарларни ёлғончига чиқариб, уларнинг устидан масхара қилиб кулган кофир-мушрик кимсаларни Ҳақ таоло мана шу дунёнинг ўзидаёқ қандай ҳалокат ва азоб-уқубатларга дучор қилганини билиб Макка мушрикларининг ҳам кўзлари очилса бўлмайдими?!
9. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), қасамки, агар Сиз улардан: «Осмонлар ва Ерни ким яратган?», деб сўрасангиз, албатта: «Уларни Кудратли ва Билгувчи (Оллоҳ) яратган», дерлар. (Аммо ўзлари бўлса, ҳеч нарса ярата олмайдиган жонсиз бут ва санамларни У Зотга шерик қилиб олиб, ўшаларга сиғинурлар).
Ушбу ояти карима Оллоҳ таолонинг Танҳо Холиқ, демак, Танҳо Маъбуди Барҳақ эканига, Унга бирон нарсани ширк келтириш эса, Ҳақиқатдан юз ўгириб бурилиб кетиш эканлигига яна бошқа бир Илоҳий ҳужжатдир. Айтилмоқдаки, мана сизлар ўзларингиз эътироф этиб турганингиздек, “Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Ўзи барча нарсани аввал-бошда йўқдан бор қилиб яратади, сўнгра Ўзи хоҳлаган соатда уни яна қайтадан яратади - қайтадан тирилтиради. Бас, шундай экан, яъни, яратадиган ҳам, сўнгра қайтадан тирилтириб, ҳисоб-китоб қилиб, жаннат ёки дўзахга киритадиган ҳам Оллоҳ таолонинг Ўзи экан, сизлар, эй мушриклар, Ўша Зотнинг Танҳо Ўзига ибодат қилиш ўрнига қаёққа ўтирилиб кетмоқдасизлар?! Нега сизлар Ҳақни ташлаб ботилга бурилиб кетмоқдасизлар, Ҳидоятни тарк этиб залолатни танламоқдасизлар?!”
Ушбу оятда мушриклар сиғинадиган нарсалар - улар бут-санамлар бўладими, ёки куёш, ой, юлдузлар бўладими, ёки фаришта ё жинлар бўладими, нима бўлса бўлсин, улардан биронтаси холиқ - яратувчи эмаслиги, балки барчалари махлуқ - яралгувчи эканлиги, бинобарин, Холиқни қў-йиб махлуқларга сиғиниш албатта Ҳақ Йўлдан юз ўгириб кетиш эканлиги баён қилинади.
10. Ўша Зот сизлар учун Ерни бешик - қароргоҳ қилиб қўйди ва (сафарларингизда адашмасдан кўзлаган манзилларингизга) йўл топишларингиз учун унда (Ерда турли) йўллар (пайдо) қилиб қўйди.
Оллоҳ таолонинг биз ибодат-қуллик қилишимизга лойиқ ва мустаҳиқ бўлган Танҳо Маъбуди Барҳақ экани фақат У бизни йўқдан бор қилгани яратгани учунгина эмас, балки ато этган яна бошқа санаб саноғига етиб бўлмайдиган неъматларига шукрона келтириш учун ҳам барча махлуқот, хусусан инсоният Яратганга ибодат қилиши фарздир. Улардан бири оёғимиз остидаги қароргоҳимиз, бизга ҳаётлик пайтимизда устидан, ўлганимиздан кейин бағридан жой берадиган она замин - Ердир.
Ояти каримада мазкур бўлган яна бир неъмат, Ҳақ таоло Ер юзи бўйлаб катта-кичик йўлларни пайдо қилиб қўйганидир. Зотан, айланма узоқ бўлса ҳам йўлдан юринглар, нотинч бўлса ҳам шаҳарда туринглар, ёмон бўлса ҳам бикрга уйланинглар, деб бекорга айтилмаган. Чунки йўллар одамлар адашиб қолмасдан кўзлаган манзилларини осон топишларига сабаб бўладиган ва уларнинг узоқларини яқин қиладиган катта қулайлик - неъмат бўлиб, аксинча йўлсизлик ёки йўлни йўқотиб қўйиш эса, кўп ҳолларда кишининг ҳалокатига сабаб бўладиган чўнг балодир. Бу ҳақда бошқа бир ояти каримада ҳам айтилган: “Биз Ер (одамларни) тебратмасин учун унда тоғларни (пайдо) қилдик ва Тўғри Йўлни топишлари учун унда кенг дара-йўллар қилдик.” (Анбиё сураси, 31-оят).
“Ва (у йўлларга) белгилар (қилиб қўйди. Кечаларда эса кишилар) юлдузлар билан йўл топурлар”. (Нахуг сураси, 16-оят).
Яъни, Меҳрибон Парвардигоримиз нафақат Ерда йўлларни пайдо қилди, балки йўловчилар адашиб қолмасликлари учун у йўлларга турли аломат-белгиларни ҳам қўйиб қўйди. Албатта, бу ўринда сўз одамлар йўл четига қоқиб қўядиган кўрсатгичлар ҳақидагина эмас, балки йўллар атрофида жойлашган, йўловчини қай тарафга қараб кетаётга-нини ўрнашган жойидан жилмасдан кўрсатиб турадиган тоғлар ва тинмасдан эсиб, мусофирларга қаёқ шарқ-у қаёқ ғарб эканини эслатиб турадиган шамоллар каби катта белги-аломатлар ҳақида ҳам бормоқда. Тун зулматларида эса, сафарга чиққан кишилар хоҳ қуруқликда бўлсин, хоҳ денгизда самога “илиб қўйилган чироқлар” - юлдузларга қараб кўзлаган манзилларига олиб борадиган йўлларни адашмасдан топиб оладилар.
11. Ўша Зот осмондан (аниқ) миқдор - ўлчов билан сув-ёмғир ёғдирди. Бас, Биз у (сув) билан «ўлик» шаҳар (қишлоқларни) тирилтирдик (яъни, қуруқ Ердан турли-туман гиёҳларни чиқардик). Сизлар ҳам (Қиёмат Кунида қайта тирилиб қабрларингиздан) мана шундай чиқарилурсизлар.
Ушбу ояти каримада Оллоҳ азза ва жалланинг яна бир неъмати Илоҳийяси зикр қилинади. У сув неъматидир. Жонли-жонсиз барча мавжудот муҳтож бўлган сув ҳам осмондан тушишининг ўзи буюк мўъжизадир. Ҳақ таоло бошқа бир оятида ҳам сув, уни кўтариб турган булут ва булутни ҳайдаб юрган шамол ҳақида айтган: “ва Оллоҳ осмондан туширган сўнг у сабабли ўлик Ерни тирилтириб, бор жонзотни (Ер юзига) тарқатиб - ёйиб юборган - сув деган неъматда” - унинг оби ҳаёт эканлигида, барча тирик жон у сабабли дунёга келишида, Ер юзи у билан обод бўлишида, ўлик Ерни тирилтиргани каби тирик жонзотларни, жумладан инсонларни Оллоҳ белгилаб қўйган соатгача ўлмай яшашлари учун ўша сув тириклик манбайи эканлигида, денгиз-дарёлардан буғ ҳолида кўкка кўтарилганидан кейин осмонда сувга айланишида, сўнгра қор, дўл, ёмғир суратида буюрилган жойларга ёғиб, ўлик Ерни тирилтиришида, бу оби ҳаёт ўша буюрилган жойларга етиб бориши учун хизмат қиладиган, Яратганнинг лашкарларидан бўлмиш “шамолларнинг йўналтирилишида, осмон ва Ер орасидаги итоатгўй булутда” - бу шамоллар ва булут тўғри келган жойга эмас, балки, фақат Ҳақ таоло амр қилган тарафга қараб юриб, Яратганга итоат этишида - мана шу юқорида зикр қилинган, ҳар бир инсоннинг кўз ўнгида рўй бераётган ажойиботда, Оллоҳ таолонинг бениҳоя Қудратли, Ҳикматли ва бандаларига Меҳрибон Зот эканини очиқ-ойдин кўрсатиб турган мана шу мўъжизаларда, албатта, ақлли кишилар учун оятлар - Оллоҳнинг Борлигига, Бирлигига ёрқин далил бўладиган аломатлар бордир.
Ояти карима ниҳоясида Ҳақ таоло: “Сизлар ҳам (Қиёмат Кунида қабрларингиздан) мана шундай чиқарилурсизлар”, дейди ва Ўзининг ҳар йили ўлик ерни қайтадан тирилтиришга Қодир эканлиги Қиёмат Кунида ўлик инсонларни ҳам қайтадан тирилтириб, қабрларидан Ер юзига чиқаришга албатта Қодир эканлигига аниқ-равшан далолат қиладиган аломатлардан эканини таъкидлайди.
Қиёмат Кунида одамларнинг қайта тирилишлари қандай содир бўлиши ҳақида Абу Ҳурайра ва Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳум шундай дедилар: “Сур биринчи марта чалиниши билан Ер юзидаги барча инсонлар ўлганидан кейин Оллоҳ таолонинг Амри билан тинмасдан қирқ кун ёмғир ёғади. Арш остидан ёғаётган, “ҳаёт суви” деб аталадиган бу ёмғир гўё ота нутфаси она бачадонига жойлашганидек Ерга сингиб кетгач, одамлар қабрларидан ёмғирдан кейин чиққан чечаклардек кўкариб чиқадилар ва қачонки баданлари бутун-мукаммал ҳолга келгач, уларга жон киритилади. Сўнгра уларга уйқу ташланиб, барчалари қабрларида уйқуга кетадилар. Кейин сур иккинчи марта чалиниши билан ҳаммалари уйқусираган ҳолларида қайта тириладилар ва: “Эй бизларга ўлим бўлсин! Ким бизларни ухлаб ётган жойимиздан (қабрларимиздан) турғазди?”, дейдилар. Шунда уларга: “Мана шу Раҳмон ваъда қилган ва пайғамбарлар рост сўзлаб хабар берган нарса - Қиёматдир”, дейилади”. “Улар: «Эй бизларга ўлим бўлсин! Ким бизларни ётган жойимиз-дан (қабрларимиздан) турғазди?», деганларида, (уларга айтилур): «Мана шу Раҳмон ваъда қилган ва пайғамбарлар рост сўзлаган нарса - Қиёматдир”. (Ёсин сураси, 52-оят).
12. Ўша Зот барча жуфтларни (яъни, бор махлуқотни) яратди ва сизлар учун кемалардан ва чорва ҳайвонларидан айримларини сизлар минадиган уловлар қилди.
Дарҳақиқат, ояти каримада зикр қилинган “барча жуфтликлардан мурод, муфассирлар айтганидек, борлиқдаги мавжуд бўлган жамийки махлуқотлардир. Зотан, борлиқда Танҳо Оллоҳ субҳонаху ва таолодан бошқа тоқ нарсанинг ўзи йўқдир. Ҳатто тарафлар ҳам тоқ эмасдир - олднинг жуфти орқа, ўнгнинг жуфти чап, устнинг жуфти остдир”.
Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Қиш билан ёз, кеча билан кундуз, осмонлар билан Ер, қуёш билан ой, жаннат билан дўзах... Буларнинг барчаси ҳам Оллоҳ таоло яратган ана ўша жуфтликлардандир. Албатта, одамзот, ҳайвонот ва наботот ҳам Ҳақ таоло жуфт-жуфт қилиб яратган маҳлуқотлардандир. Яна айтилдики, ҳар бир инсон ҳаёти давомида у ҳолдан бу ҳолга ўзгариб турадиган яхшилик ва ёмонлик, иймон ва куфр, фойда ва зиён, камбағаллик ва бойлик, соғлиқ ва бетоблик каби маънавий-руҳоний ҳолатлар ҳам Танҳо Яратган томонидан яратиб қўйилган жуфтлардандир. (“Тафсири Куртубий”дан).
Шунингдек, Ҳақ таоло инсонлар учун сафар-саёҳатларида узоқлари яқин, оғирлари енгил бўлсин деб денгиз-дарёларда кемаларни, куруқлик-саҳроларда бўлса, туя каби чорва ҳайвонларини яратиб қўйгандир. Албатта, инсонлар минадиган нарсалар фақат кема ва туя эмасдир. Бу ҳақда бошқа бир ояти каримада жуда гўзал ва мухтасар баён килинган: «Яна У Зот отларни, хачирларни ва эшакларни сизлар минишингиз учун ва зийнат қилиб (яратди). Яна У сизлар (ҳали) билмайдиган нарсаларни ҳам яратур». (Нахр сураси, 8-оят).
Бизга замондош муфассирлар ушбу оятдаги: «Яна У сизлар билмай-диган нарсаларни ҳам яратур» жумласини Қуръон нозил бўлган даврда мавжуд бўлмай, кейин илм-фан тараққий этиши билан кашф қилинган сайёра - машина, қитор - поезд, тайёра - самолёт ва бошқа бизлар ҳали билмайдиган, бундан кейин кашф қилинадиган нақлиёт - транспорт воситалари, деб тафсир қиладилар.
“Ал-Муқтатаф мин уювнит-тафосийр” китобида мазкур жумла тафсирида шундай дейилади: Субҳоналлоҳ, қисқа бир жумлада олис келажакда илм-фан тараққиёти натижасида содир бўладиган кашфиёт - ихтиролар хусусида бу тарзда хабар берилиши нақадар гўзал! Агар Қуръони Азим ўша замонда ҳали келажакда фазо кемалари, ўзи юрар аробалар яратилиши хусусида ва одамлар учоқларда осмону замин ўртасида учиб юришлари ҳақида хабар берганида эди, албатта эшитганлар бундай фавқулодда хабарни дарҳол инкор этишга ва Қуръонни ёлғончи қилишга шошган бўлар эдилар! Шунингучун ҳам Каломуллоҳ уларнинг ақлий ва фикрий даражаларини эътиборга олиб ниҳоят даражада ҳикматли услуб билан: “Яна У (яъни, Оллоҳ таоло) сизлар (ҳали) билмайдиган нарсаларни ҳам яратур”, деб хабар берди ва бу Илоҳий Хабар ҳақ эканини вақт-замонлар ўтган сайин одамлар ўз кўзлари билан кўрмоқдалар. Ушбу услуб билан Ҳақ таоло одамларга уларнинг ақлий имкониятларини инобатга олиб сўзлаш лозимлигини таълим беради. Алий каррамаллоҳу важҳаҳунинг: “Одамларга уларнинг ақллари бовар қиладиган тарзда сўзланглар! Ёки сизлар Оллоҳ ва Унинг Элчиси ёлғончи қилинишини хоҳлайсизларми?!” деган сўзлари ҳам айни мазмундадир.
13-14. Токи сизлар у (кема)нинг устига ўрнашгайсизлар, сўнгра унга жойлашиб олгач, Парвардигорингизнинг ушбу неъматини ёдга олиб: «Бизларга бу (кема ёки от-улов)ни бўйсундириб қўйган Зот (яъни, Оллоҳ барча айбу-нуқсондан) Покдир. Биз ўзимиз уни бўйсундиришга қодир эмас эдик. Шак-шубҳасиз, бизлар (барчамиз) айланиб бориб (охир-оқибатда) Парвардигоримизга қайтгувчидирмиз», дегайсизлар.
Ушбу оятларда Ҳақ субҳонаҳу ва таоло биз бандаларига сафар-саёҳатларга чиқиш учун, от-уловларга минганимизда, шундоқ кетавермасдан, уларга жойлашиб олишимиз билан аввало Оллоҳ таолони ва Унинг ато этган неъматини ёдимизга олиб шу сўзларни айтишимизни буюради: “Субҳоналлоҳ, бизларга мана бу от-уловларни бўйинсундириб қўйган Меҳрибон Парвардигоримиз ҳар қандай айбу нуқсондан Пок Зотдир. Агар У бизларга мана шу уловларга минишни таълим бермаганида ва уларга бизга буйинсунишни буюрмаганида, албатта биз уларни қандай бошқа-ришни билмас ва уларни ўзимизга бўйсундира олмас эдик. Зотан, бизларнинг барчамиз дунёга келган соатимиздан бошлаб сафардамиз. Кимнинг сафари - умр йўллари узун, кимнинг сафари қисқа экани Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Ўзига маълум, лекин ҳеч шак-шубҳа йўқки, ҳар биримиз ҳаёт йўлларида ҳеч тўхтовсиз айланиб-айланиб бориб, албатта, Парвардигоримиз ҳузурига қайтгувчидирмиз ва У Зот ҳар бир жонни қилган яхши-ёмон амаллари учун Жазолагувчидир”. Демак, инсон токи бориб ўз қароргоҳига жойлашгунича мудом сафардадир. У қароргоҳ эса, ёки жаннат бўлади, ёки дўзах.
Ҳақ таолонинг Амрига итоат этишда барчамизга энг гўзал намуна бўлгувчи зот, албатта Расуллуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдирлар. Муслим, Термизий, Абу Довуд ва бошқалар Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадиси шарифда айтилишича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам қачон сафарга чиқмоқчи бўлсалар, туяларига жойлашиб олганларидан кейин аввало Оллоҳ таолога ҳамд айтиб уч мартадан “Субҳоналлоҳ ва Оллоҳу Акбар”, дегач, ўрганаётганимиз икки ояти каримани ўқир эдилар, сўнг бундай дуо қилар эдилар: “Оллоҳим, албатта биз ушбу сафаримизда Сендан яхшилик, тақво ҳамда сен рози бўладиган амал сўраймиз. Оллоҳим, Ўзинг бизга ушбу сафаримизни осон қилгин, олисимизни яқин қилгин. Оллоҳим, Ўзинг сафаримизда Ҳамроҳимиз, аҳли-оилаларимизда ўрнимизни босгувчи - Муҳофаза қилгувчимиздирсан. Оллоҳим, албатта мен Ўзингга илтижо қилиб, йўл азобидан, ғам-ташвишдан ва аҳли-оиламда ҳамда молу мулкимда ёмон оқибатдан паноҳ беришингни сўрайман”. (“Ал-Муқтатаф мин уювнит тафосийр” тафсиридан).
Юқоридаги оятларда Оллоҳ таоло бандаларига ато этган неъматлари қаторида улар шукр қилиб, ибрат олишлари учун ўзларидан неча баробар катта ва кучли кема ва туя каби, инсонлар миниб ва бошқариб юрадиган нарсаларни ҳам яратиб қўйганини ва шундай қудратли, баҳайбат нарсаларни инсонга бўйинсундириб қўйганини баён қилди. Энди қуйидаги оятларда «фаришталар - Оллоҳнинг қизлари», деган ботил ақида эгалари бўлган мушриклар ҳақида ҳикоя қилиниб, уларнинг бу пуч даъволари Илоҳий мантиқ билан рад этилади.
15-16-17-18-19. Улар (яъни, мушриклар Оллоҳ) учун Ўз бандаларидан (айримларини яъни, фаришталарни) жузъ - бўлак қилдилар! (Оллоҳнинг бандалари бўлган фаришталарни «У Зотнинг қизлари яъни, Унинг бир жузъи», дедилар). Дарҳақиқат, инсон жуда кўрнамак-ношукурдир! Балки (Оллоҳ) яратадиган нарсаларидан қизларни (Ўзи учун) олиб қолиб, сизларга ўғилларни танлаб бергандир?! Қачон уларнинг биронтасига, ўзи Раҳмон учун мисол қилиб келтирган (яъни, қиз кўргани) ҳақида хушхабар берилса, ғазабга тўлиб қорайиб кетар. «Ҳали зеб-зийнат ичида ўстириладиган, (ҳеч қандай) жанжал-урушларда (ўзининг кимлигини) кўрсата олмайдиган (ожиз нотавон қиз болами)?!» (Ҳолбуки),уларнингўзлари Раҳмоннинг бандалари бўлмиш фаришталарни «Қизлар» дедилар! " улар (Оллоҳ фаришталарни) яратишига гувоҳ бўлганмидилар?! Уларнинг бу «гувоҳ»ликлари албатта (номаи аъмолларига) ёзилур ва улар (Қиёмат Кунида) сўроққа тутилурлар!
Ушбу оятларга мавзудош бўлган уларнинг мазмунини яхшироқ англаб олишимизга ёрдам берадиган энг яхши тафсир мана бу оятлардир. Ўз ўрнида тафсир қилиб ўтган эдик: «Улар: («Фаришталар Оллоҳнинг қизлари», дейишиб), у «қизлар»ни Оллоҳники қилишиб, - У Зот (бу бўҳтондан) Покдир - ўзларининг кўнгиллари тусаган нарсани (яъни, ўғил-ларни) эса ўзлариники (қилиб олишди)». (Наҳл сураси, 57- оят).
Муфассирлар ушбу оят арабларнинг Хузоъа ва Кинона қабилалари ҳақида нозил бўлганини айтадилар.
У икки қабиладаги мушрик кимсалар: “Фаришталар Оллоҳнинг қизлари”, дейишар эди. Фаришталар ҳам худди аёллар каби инсонлар кўзидан панада бўлганлари учун мушриклар ўзларича уларни қизлар деб ҳукм чиқаришиб, кейин ўша “қизлар”ни Оллоҳники дейишларига сабаб, улар ўзлари қиз фарзандли бўлишни ёмон кўришларидан эди. (Бу ҳақда қуйидаги оятларда сўз боради). Шунинг учун улар гўё қизлар Оллоҳтаолоники-ю ўғил болалар ўзлариники эканини айтиб, жаҳолатни қарангки, ўзлари мана шу сафсаталарига ишонар ҳам эдилар. Албатта, Танҳо ва тенги йўқ Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло мушрик кимсаларнинг бундай туҳматларидан - фарзанд тутиш айбидан Покдир. Бу ҳақда бошқа сураларда ҳам такрор-такрор айтилган: “Энди (эй Муҳаммад алайҳис-салом, Макка кофирларидан) сўранг-чи, қизлар (яъни, уларнинг гумонича, фаришталар Оллоҳнинг қизлари эмиш) Парвардигорингизники-ю, ўғиллар уларникимикан?! Ёки Биз фаришталарни улар гувоҳ бўлган ҳолларида қиз қилиб яратдикми-кан?! Огоҳ бўлингизким, улар ёлғончиликлари туфайли «Оллоҳнинг боласи (яъни, қизлари) бор», дерлар. Улар шак-шубҳасиз, ёлғончидирлар. (Оллоҳ) ўғилларни қўйиб, қизларни танлаб олган эмишми?! (Эй Макка аҳли), сизларга нима бўлди?! Қандай (ноҳақ-нораво) ҳукм чиқармоқдасизлар-а?! Ахир эс-ҳушингизни йиғмай-сизларми?! Ёки сизлар учун (Оллоҳ бола кўргани ҳақида) бирон очиқ-равшан ҳужжат борми?! Бас, агар ростгўй бўлсангизлар (мана шу даъволарингизни қувватловчи) китобингизни келтиринглар-чи?!” (Вас-саффот сураси, 149-157-оятлар).
“(Эй мушриклар), балки қизлар У Зотники-ю, ўғиллар сизларникидир?!” (Ват-тур сураси, 39-оят).
Яъни, сизлар «Фаришталар Оллоҳнинг қизлари», деб даъво қиласизлар. Қай бир ҳужжат билан бундай демоқдасизлар?! Сизлар «доно» ликларингиздан ўзларингиз ёмон кўрадиган ва орланадиган қизларни Оллоҳ-ники деб, ўғил болаларни ўзларингизники қилиб олмоқчимисизлар?! Агар шу «доно»ликларингиз бўлса, сизларнинг Қуръонни ҳам, Пайғамбарни ҳам, ўлгандан кейин қайта тирилишни ҳам инкор қилишларингиз ҳеч тонг эмасдир!
«Қачон уларнинг биронтасига қиз (кўргани ҳақида) хушхабар берилса, ғазабга тўлиб, юзлари қорайиб кетар. Ва у (қизни) хўрлаган ҳолида олиб қолиш ёки (тириклай) тупроққа қориш (тўғрисида ўй суриб), ўзига хушхабар берилган нарсанинг (яъни, қиз кўришнинг) «ёмон»лигидан (номус қилиб) одамлардан яшириниб олур. Огоҳ бўлингизким, улар (бу қилмишлари билан) энг ёмон (яъни, ноҳақ) ҳукм чиқарурлар». (Наҳл сураси, 58-59-оятлар).
Ушбу оятларда жоҳилият замонидаги араблар мубтало бўлган мушриклар қабоҳатидан бир мисол келтирилади. Араблар ўзларининг буюк аждодлари Исмоил алайҳис-салом қолдирган Ҳақ Диндан юз ўгириб, Танҳо Оллоҳга ибодат қилиш ўрнига бутларга-шайтонларга сиғина бошлаганларидан кейин шайтонлар уларни ҳалок қилиш ва динларини чалкаштириб бузиб юбориш учун уларга энг ёмон-хунук ишларни ҳам чиройли кўрсатиб қўйди. ҳатто ўзларининг фарзандларини ўлдириш ҳам уларга чиройли амал, ибодат бўлиб кўрина бошлади. Айримлари болаларининг саноғи маълум чегарага етгач, улардан бирини бутларига қурбонлик қилиб сўядиган бўлдилар, бошқалари болаларини боқа олмасликдан қўрқиб ўлдира бошладилар, яна бошқалари қиз фарзанд кўришдан ор қилиб қизларини тириклай гўрга кўмдилар! Ширкнинг бундай мудҳиш касофатлари ҳақида бошқа оятларда ҳам хабарлар келди: “(Эй инсонлар), болаларингизни йўқчиликдан қўрқиб ўлдирмангизлар - уларга ҳам, сизларга ҳам Биз Ўзимиз ризқ берурмиз. Уларни ўлдирмоқ, шак-шубҳасиз катта хатодир”. (Ал-Исро сураси, 31-оят).
“Маолимут-танзил” тафсирида ривоят қилинишича, арабларнинг Музор, Хузоъа ва Тамим қабилалари қиз фарзанд кўрсалар, айримлари: “Бу шумқадам бизга фақирлик келтиради сўнг бошқа болаларимизни ҳам боқа олмай қоламиз”, дейишиб, айримлари эса, “унга зоти паст кимсалар харидор бўлиб бизнинг шаънимизни ерга урадилар”, дейишиб ўз қизларини тириклайин кўмиб юбораверишар эди. Улардан бирон кимса қиз кўрса-ю, сўнг уни тирик қолдирмоқчи бўлса, у қизни дағал жун матоларга ўраб-чирмаб, мутлақо оталик меҳрини кўргазмасдан ўстирар ва чўл-сахроларда туя, қўй боқтирар эди. Агар у қизини ўлдириб юборишни хоҳласа, у қиз олти-етти ёшга чиққунича ташлаб қўяр, сўнгра онасига: “Қизингни ясантиргин, мен уни қариндошларига кўрсатиб келаман”, дер ва ўзи сахрода кавлаб қўйган чоҳ олдига олиб кетар, етиб боришгач эса, “Қудуққа қарагинчи, суви бормикан?” деб, қизи қудуққа энгашган вақтида унинг ортидан итариб чуқурга тушуриб юборар ва устидан тупроқ тортиб ер билан текис қилиб қўйиб қайтиб кетаверар эди. Оллоҳ таолонинг: “Ва у (қизни) хўрлаган ҳолида олиб қолиш ёки (тириклай) тупроққа қориш (тўғрисида ўй суриб), ўзига хушхабар берилган нарсанинг (яъни, қиз кўришнинг) «ёмон»лигидан (номус қилиб) одамлардан яшириниб олур. Огоҳ бўлингизким, улар (бу қилмишлари билан) энг ёмон (яъни, ноҳақ) ҳукм чиқарурлар” деган Сўзи ана ўшалар ҳақидадир. (“Тафсири Бағавий”).
Сўнгра, айтиб ўтилганидек, Дини Ислом келиб бундай мудҳиш одатларга бутунлай чек қўйди ва қиз бола ота-она учун Оллоҳ таолонинг Раҳ-матига эриштиргувчи бир неъмат деб ҳукм қилди:
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким қиз фарзанд кўрса-ю, унга чиройли таълим-тарбия берса ва Оллоҳ таоло унга ато этган неъматларни қизидан аямасдан ўстирса, ўша қизи унинг учун дўзахдан тўсиқ ёки парда бўлур”, деб марҳамат қилдилар. (“Тафсири ҚуртубшГдан).
Онамиз Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинди: “Менинг олдимга бир мискина аёл қўлида икки қизчасини кўтариб кириб келди. Мен унга уч дона хурмо берган эдим, у қизларига биттадан хурмо бериб, учинчи хурмони ўзи емоқчи бўлиб энди оғзига солганида ҳалиги қизчалар ундан яна овқат сўрашди. Шунда аёл оғзидаги хурмони олдида, иккига бўлиб уни ҳам қизларига берди. Мен унинг бу ишидан ҳайратда қолдим ва кейин у ҳақда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга айтиб берган эдим, у зот: “Албатта Оллоҳ азза ва жалла у аёл учун бу иши сабабли жаннатни вожиб қилди”, ёки “уни дўзахдан озод қилди”, дедилар. (Муслим ривояти).
20. Улар: «Агар Раҳмон хоҳлаганида, бизлар уларга (яъни, фаришталарга «улар Оллоҳнинг қизлари», деган эътиқод билан) ибодат қилмаган бўлур эдик», дедилар. (Яъни, бизлар фаришталарга Оллоҳнинг хоҳиши билан сиғинганмиз, деб даъво қилдилар). Улар учун бу ҳақда ҳеч қандай билим - ҳужжат йўқдир. Улар фақат ёлгон сўзламоқдалар!
Яъни, мушриклар куфр йўлини танлаганларига, фаришталарни “Оллоҳнинг қизлари” деб уларга сиғинганларига ўзларини эмас, балки Оллоҳ таолони айбдор қилмоқчи бўлдилар - Пок Парвардигорга туҳмат қилдилар. Улар: “Агар Оллоҳ хоҳлаганида, яъни, Унинг буйруғи ва розилиги бўлмаганида, бизлар фаришталарга ибодат қилмаган бўлар эдик”, деб даъво қилдилар.
Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам зикр қилинган: “Мушрик бўлган кимсалар: «Агар Оллоҳ хоҳлаганида, биз (ҳам), ота-боболаримиз (ҳам) ундан ўзга бирон нарсага ибодат қилмаган ва У(нинг ҳукми)сиз бирон нарсани ҳаром қилмаган бўлгур эдик», дедилар. Улардан аввал ўтган (кофир) кимсалар ҳам мана шундай қилган эдилар (яъни, ўз ихтиёрлари билан куфр йўлини танлаб, сўнгра: «Бизнинг кофирлигимизга Оллоҳнинг Ўзи сабаб», деб Оллоҳ таоло шаънига туҳмат қилган эдилар). Пайғамбарлар зиммасида (одамларни мажбуран динга киргизиш эмас, балки) фақат (Оллоҳ нозил қилган ваҳийни) очиқ-ойдин етказиш бордир.” (Наҳл сураси 35-оят). “Улар қачон бирон бузуқ иш қилсалар (масалан, улар Каъбани яланғоч ҳолларида тавоф қилар эди-лар): «Ота-боболаримизни шундай ҳолда топганмиз. Буни бизга Оллоҳ буюрган», дейдилар. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг: «Оллоҳ ҳеч қачон бундай бузуқ ишларга буюрмайди. Оллоҳ шаънига (ўзингиз) билмайдиган нарсаларни айтаверасизларми?!” (Аъроф сураси, 28-оят).
Оят мазмунидан маълум бўлишича, мушрикларнинг: “Агар Оллоҳ хоҳлаганида бизлар малоикаларга ибодат қилмаган бўлар эдик”, деган сўзлари уларни мутлақо оқлай олмайди. Оллоҳ таоло уларнинг бундай сўзларини асоссиз гумон ва ёлғон деб атади. Ҳолбуки, “Фақат Оллоҳ хоҳлаган нарса бўлади ва У хоҳламаган нарса ҳеч қачон бўлмайди”, деган ақида Исломий эътиқоднинг бир бўлаги экани ҳам маълумдир.
Демак, бу ўринда сўз кофир ва жоҳил кимсалар “Фақат Оллоҳ хоҳлаган иш бўлади”, деган иборани тамоман нотўғри талқин қилишлари ҳақида бормоқда. Яъни, улар инсонни ҳеч қандай ихтиёрга эга эмас, гўё бир ҳас-хашак каби шамол қаёққа учирса ўша ёққа учиб кетаверадиган, бинобарин, айтган сўзига ва қилган ишига жавобгар бўлмайдиган ожиз махлуқ деб даъво қиладилар. Ояти каримада мушрикларнинг худди мана шу даъволари ҳеч қандай асоссиз гумон ва ёлғон экани айтилади.
Мусулмон инсон эса Исломий эътиқоднинг бир бўлаги бўлган “Фақат Оллоҳ хоҳлаган иш бўлади”, деган иборани бутунлай бошқача тушунади. У Оллоҳтаолонинг Хоҳишига қарши турадиган ҳеч қандай куч йўқ эканини теран англайди ва Ҳақ таоло буюрган ишга қўл урар экан: “Иншооллоҳ - Худо хоҳласа мана шу амални адо қиламан”, деб эътиқод қилади ёки Оллоҳ таоло қайтарган хато ва гуноҳлардан ўзини тияр экан: “Иншооллоҳ, Ўзи мени бу ёмонлиқцан асрайди”, деб ҳар бир иш Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Хоҳиши билан бўлишига аниқ ишонади. Шунингдек, бутун ҳаёти давомида кўрадиган яхши, фараҳли кунларини ҳам ёки аксинча бало-мусибатли кунларни ҳам фақат Оллоҳ таолонинг Хоҳиши - иродаси билан бўлишига иймон келтиради. Чунки Оллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг Ўзи Расули Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга ва у зотнинг барча умматларига қилмоқчи бўлган барча ишларини “Иншооллоҳ - Оллоҳ хоҳласа” деб бошлашни буюрган: “Ва бирон нарса ҳақида: “Мен албатта бу ишни эртага қилгувчиман”, дея кўрманг, магар “Иншооллоҳ - Оллоҳ хоҳласа”, (денг! Бу сўзни айтишни) унутиб қолдирган вақтингизда (ёдингизга тушиши билан) Парвардигорингизни зикр қилинг (яъни, “Иншооллоҳ”, денг)!”
Демак, дунё ва Охиратдаги катта-ю кичик ҳар бир иш Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Хоҳиши билан бўлиши Илоҳий Ҳақиқатдир, аммо бу асло бандалар ўз қилмишлари учун жавоб бермайдилар, дегани эмасдир. Чунки Яратган инсонларга яхши ва ёмонни ажратадиган ақл берган, савоб ёки гуноҳни танлаш имкониятини берган ва Ўзининг Ҳақ Йўлини кўрсатиб берадиган Китоблар нозил қилган ҳамда уларни одамларга етказадиган элчилар юборган.
Бас, мушрикларнинг “Агар Оллоҳ хоҳлаганида, бизлар фаришталарга сиғинмаган, яъни, У Зотга ширк келтирмаган бўлар эдик”, деган сўзлари улар учун ҳеч қандай ҳужжат бўла олмайдиган ёлғон сўзлардир. Шунинг учун ҳам Ҳақ таоло қуйидаги оятда айтади -
21. Ёки Биз уларга (Қуръондан) илгари бирон китоб ато этганмиз-у, улар ўшани ушлагувчимилар?! (Йўқ, асло ундоқ бўлган эмас)!
Яъни, мушрик кимсалар қандай далил асосида Оллоҳ таолога ширк келтирмоқдалар?! Уларнинг турли бут-санамларга сиғиниб дуо-илтижолар қилишларини тўғри деб тасдиқлайдиган бирон-бир ҳужжатлари борми?! Ёки Биз улар учун осмондан бирон ҳужжат нозил қилдикмики, ўша ҳужжат уларнинг Оллоҳ таолога ширк келтиришларини ёқлаб сўзламоқдами?! Ахир уларнинг Оллоҳ томонидан туширилган бирон ҳужжатлари йўқку, бас, у ҳолда нега улар Танҳо Маъбуди Барҳақ Оллоҳ таолонинг шериклари бор деб даъво қиладилар?! Унинг бегуноҳ бандалари бўлган ма-лоикаларига ибодат қиладилар?!
Ахир Биз ушбу Қуръонни нозил қилишимиздан илгари (ё кейин) у мушрикларга Қуръоннинг “ла илаҳа иллаллоҳ” деган ҳукмини инкор қиладиган бирон бир китоб ато этган эмасмизку?!
22. Йўқ, (улар учун ўзларича Оллоҳга турли махлуқотларни шерик қилиб олишларини оқлайдиган бирон ҳужжат-далил йўқдир, шунинг учун ҳам бошқа ҳеч қандай сўз топа олмай) улар: «Албатта бизлар ота-боболаримизни бир миллат - дин устида топганмиз ва албатта бизлар уларнинг изларидан бориб ҳидоят топгувчидирмиз», дедилар.
Яъни, бутпараст мушриклар дедилар: “Йўқ, бутларимиз бирон сўзни эшитмайдилар, ҳеч қандай фойда ҳам етказа олмайдилар ва бизлардан бирон зиённи ҳам кетказа олмайдилар. Бизларнинг у бут-санамларга сиғинишимизнинг бирдан-бир сабаби, бизлар ота-боболаримизни доим мана шу бут-санамларга сиғинганларини кўрганмиз. Де-мак, бизлар ҳам уларнинг изларидан бориб, улар қилган ишни қилиб, бутларимизга сиғинаверамиз”. Ахир улар шунчалар ақлсиз махлуқлар-мики, нажот ва саодатга чақираётган Оллоҳнинг оятларига эргашиш ўрнига жаҳаннам азобига чақираётган шайтонга эргашадилар?! Уларни Ҳидоят ва Ҳақ Йўлга чақираётган Оллоҳнинг Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг даъватларига қулоқ солиш ўрнига ҳеч нарса билмайдиган, ўзлари қўллари билан ясаб олган бут-санамларини “илоҳларимиз” деб сиғинадиган ақлсиз-жоҳил ота боболарига эргашадилар?!
23. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), шунингдек, Биз Сиздан илгари бирон қишлоқ-шаҳарга бирон огоҳлантиргувчи-пайғамбар юбормадик, магар (юборганимизда) у жойнинг боёнлари: «Албатта ота-боболаримизни бир миллат - дин устида топганмиз ва албатта бизлар уларнинг изларидан эргашгувчидирмиз», деганлар.
Ушбу ояти карима Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга тасаллий бериш учун нозил қилинган бўлиб, гўё Ҳақ таоло у зотга: “эй Муҳаммад алайҳис-салом, қавмингизнинг катталари Сизни ёлғончи қилаётганларидан, Сиз келтирган Ҳидоят Йўлига юрмаётганларидан маҳзун бўлманг, чунки ўтган асрларда ўтган қавмлардаги ҳамма бой-зодагонлар ҳам худди шундай бўлганлар - ўзларига юборилган пайғамбарларга иймон келтирмаганлар, Оллоҳ буюрган Динни қабул қилмаганлар, деяётгандек”.
Бу мазмундаги оятлар яна бошқа сураларда ҳам келади: «Биз бирон-бир қишлоқ-шаҳарга огоҳлантиргувчи (пайғамбар) юборган бўлсак, албатта у жойнинг боёнлари «Аниқки, биз сизлар элчи қилиб юбо-рилган динга кофирдирмиз», дедилар». (Сабаъ, сураси, 34-оят). “Қачон Биз бирон шаҳарни ҳалок қилишни ирода қилсак, унинг боёнларини (Биз юборган пайғамбарларга итоат этишга) буюрганмиз, бас, улар итоатсизлик қилишгач, у (шаҳар аҳолиси)нинг устига Сўз (азоб тушиши) ҳақ - муқаррар бўлгандир. Сўнг Биз уни қириб, вайронага айлантирганмиз”. (Ал-Исро сураси, 16-оягп).
Ояти карима бойлик, давлатмандлик баъзи бир кимсаларнинг Оллоҳ таолога берган бу неъмати учун шукроналар айтиш, янада яхшироқ ибодат қилиш ўрнига У Зотга итоатсизлик ва ношукурлик қилишларига сабаб бўлиши ҳақида огоҳлантиради. Шунинг учун кўпинча бирон қишлоқ-шаҳарга Оллоҳтаолонинг ғазаб ва азоби тушишига ҳам ўша жойдаги боён ва зодагонларнинг фисқу фужурлари, ҳадларидан ошишлари сабаб бўлар экан. “Дарҳақиқат, (кофир) инсон ўзини бой-беҳожат кўргач, албатта туғёнга тушар - ҳаддидан ошар”. (Алак, сураси 6-7-оятлар).
24. (Шунда пайғамбарлари уларга) «Агар мен сизларга сизлар ота-боболарингизни (эътиқод қилган ҳолларида) топган диндан тўғрироқ Динни келтирган бўлсам ҳам-а?», деганида, улар: «Албатта бизлар сизлар элчи қилиб юборилган Динга кофирдирмиз», дедилар.
Яъни, ўша аввал ўтган ва ўзларига юборилган огоҳлантиргувчи пайғамбарларга иймон келтирмаганлари сабабли Оллоҳ таолонинг қаҳрига гирифтор бўлган қавмларга пайғамбарлари: “Агар мен сизларга ўша ота-боболарингиз эътиқод қилган диндан тўғрироқ динни келтирган бўлсам ҳам уни қабул қилмасдан, ота-боболарингизнинг хато ва залолатдан иборат йўлларига кўр-кўрона тақлид қилиб, уларнинг ортидан эргашиб кетаверасизларми?” деганида, ўша ўтган қавмлардаги иймонсиз кимсалар унга қараб, ҳеч бир уялмасдан, пайғамбарлар келтирган дин ҳақида ҳеч бир мулоҳаза ҳам қилиб кўрмасдан: “Бизлар сен келтирган динга ҳеч қачон амал қилмаймиз. Айтаётган сўзларингга қулоқ ҳам солмаймиз, итоат ҳам қилмаймиз. Улар ҳақ ёки ноҳақлигидан қатъий назар бизлар сизлар элчи қилиб юборилган динга кофирдирмиз”, деб, ўзларининг куфр зулматларига ботиб кетган. Ҳақ Йўлни кўра олмайдиган Ҳақ сўзга қулоқ солмайдиган кўру кар қавмлар эканликларини айтган эдилар.
25. Бас, Биз улардан интиқом олдик. Энди у (ўз пайғамбарларини) ёлғончи қилгувчиларнинг оқибатлари қандай бўлганини кўринг!
Ҳақ таоло Унинг элчи-пайғамбарларини ёлғончи қилган қавмлардан қандай интиқом олгани ҳақида мана бу ояти каримада хабар беради: «Биз (улардан) ҳар бирини ўз гуноҳи билан ушладик. Бас, уларнинг орасида Биз устига тош ёғдирган кимсалар ҳам бордир, улар орасида даҳшатли қичқириқ тутиб (ҳалок бўлган) кимсалар ҳам бордир, улар орасида Биз Ерга ютдирган кимсалар ҳам бордир ва улар орасида Биз (сувга) ғарқ қилган кимсалар ҳам бордир. Оллоҳ уларга зулм қилгувчи бўлмади, лекин улар ўз жонларига жабр қилгувчи бўлдилар». (Анкабут сураси, 40-оят).
Дарҳақиқат, инсоният тарихида турли ҳалокатларга дучор бўлиб қирилиб кетган қавм-қабилалардан ҳар бири ўз қилмишлари сабабли Оллоҳ таолонинг ҳақли жазосига гирифтор бўлдилар.
Мазкур қавмларнинг барчаси уларга Оллоҳ таоло томонидан очиқ хужжатлар келтирган пайғамбарларни ёлғончи қилишгани сабабли ҳалок бўлдилар. “Бас, Оллоҳ уларга зулм қилгувчи бўлмади, балки улар ўзларига зулм қилган эдилар”.
26-27. Эсланг, Иброҳим отасига ва қавмига деган эди: «Албатта мен сизлар ибодат қилаётган бутлардан безорман. Магар мени яратган Зотгагина (ибодат қилурман). Бас, албатта У мени (Ҳақ Динга) ҳидоят қилур».
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз ана ўша қавмингиздаги “биз ота-боболаримизга эргашамиз ва улар сиғинган бутларга ибодат қилаверамиз”, деб даъво қилаётган мушрик кимсаларга арабларнинг энг улуғ бобокалони Иброҳим алайҳис-саломни зикр қилинг, унинг ўз отаси Озар ва қавмига айтган сўзларини бир эслатиб қўйинг. Иброҳим алайҳис-салоту вас-салом уларга қараб: “Мен сизлар ва ота-боболарингиз сиғинадиган бутлардан безорман, уларга ибодат қилишдан покман. Мен фақат мени йўқдан бор қилган Парвардигоримнинг Ўзига ибодат қиламан ва аниқ биламанки, албатта У мени Ҳақ Йўлга ҳидоят қилур”, деган эди.
Ушбу оятлар, Шуаро сурасида ҳам хабар берилганидек, Иброҳим алай-ҳиссаломнинг ҳақиқатдан ҳам ёш болалик чоғиданоқ Тўғри Йўлда бўлганини кўрсатадиган далиллардандир. Шунинг учун ҳам Ҳақ таоло бандала-рини ўша воқеани эслаб, ибрат олишга буюради. Ўшанда ёш Иброҳимнинг тоза табиати отаси Озар ва қавми мубтало бўлган мушрикликни қабул қилмай, улардан: “Нега сизлар эртадан кечгача мана бу жонсиз ҳайкалларга чўқиниб умрларингизни ўтказмоқдасизлар! Уларнинг қандайдир кароматлари борми? Айтинглар-чи, бу ишларингизнинг тўғри эканлигига бирон ҳужжатларингиз борми ўзи?” деб сўраганида, улар қилаётган ишларининг ҳақлигига албатта ҳеч қандай ҳужжат кўрсата олмадилар ва бу ишни зарур деб ҳам билмадилар, балки у жоҳил қавмнинг жавоби фақат: “Булар оддий ҳайкал эмас, бизлар сиғинадиган бут-санамлардир, уларга ибодат қилишни ҳеч қачон тарк этмаймиз”, дейишлари бўлди.
Қачонки, уларнинг жавобларини эшитгач, «(Иброҳим) айтди: «Дуо-илтижо қилган пайтларингизда (бутларингиз) сизларни(нг дуо-илтижоларингизни) эшитадиларммғ ёки сизларга фойда ё зиён етказа оладиларми?!» Улар дедилар: «Йўқ, бизлар ота-боболаримизнинг мана шундай (бутларга ибодат) қилишларини кўрганмиз (шунинг учун бизлар ҳам бутларга ибодат қиламиз). (Иброҳим) айтди: «Сизлар ўзингиз ҳам, қадим-қадим ота-боболарингиз ҳам ибодат қилгувчи бўлган бутларингиз ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисизлар?! Шак-шубҳасиз, улар мен учун душмандир (бас, мен уларга ҳеч қачон ибодат қилмайман), магар барча оламлар Парвардигоригагина (ибодат қилур-ман)». (Шуаро сураси, 72-77-оятлар).
28. У (Иброҳим) уни (яъни, ўзининг Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилиши ҳақидаги сўзини ўзидан кейин келадиган зурриёт-авлодлари ҳам унга) қайтишлари учун ўз ортида қолгувчи сўз қилди.
Пайғамбарлар отаси ҳисобланмиш Иброҳим алайҳис-салоту вас-салом айтган мазкур Сўзнинг асли маъноси “ла илаҳа иллаллоҳ - ҳеч илоҳ йўқ, магар Оллоҳ бор” деган калимайи тоййиба эди. У зоти шариф мана шу калимани кейинги авлод зурриётларидан, жумладан, Макка аҳлидан Оллоҳтаоло ҳидоят қилган инсонлар ҳам айтишлари учун ўзидан меърос қолдирди.
Ҳақ таолога ҳамду санолар бўлсинки, асрлар оша Иброҳим алйҳис-саломдан қолган мана шу калимани айтадиган инсонлар узилмасдан келмоқдалар. Қатода раҳимаҳуллоҳ айтади: “То Қиёмат Иброҳим алайҳис-салом қолдирган “ла илаҳа иллалоҳ” калимасини айтиб Ёлғиз Оллоҳга ибодат қиладиган кишиларнинг сафлари узилмагай”.
29. Йўқ, Мен (Иброҳим авлодларидан бўлган, аммо у қолдирган Сўзга итоат этмаган) ана у (Макка аҳолиси)ни ҳам, уларнинг ота-боболарини ҳам (ҳалок қилиб юборганим йўқ, балки) то уларга Ҳақ - Куръон ва очиқ-равшан Пайғамбар (Муҳаммад алайҳис-салом) келгунича (уларни узун умр ва фаровон ҳаёт билан) фойдалантирдим.
Яъни, мен Макка аҳлидан бўлган мушрик-кофир кимсаларни ҳам, уларнинг Иброҳимнинг зурриётларидан бўлган ота-боболарини ҳам узун умр, мўл-кўл ризқ билан фойдалантирдим ва гарчи осий-кофир бўлсалар-да, уларга Ўз неъматларимни ато этавердим, аммо улар Менга шукр қилиш ўрнига куфр келтирдилар, берилган фурсатдан фойдаланиш ўрнига у билан ғурурланишга-мақтанишга ўтиб олдилар ва ҳавойи нафсларига, шаҳватларига муккадан кетиб, Менга эмас, шайтонга тоат-ибодат қила бошладилар, молу давлатлари билан машғул бўлиб, тавҳид калимасидан - “ла илаҳа иллаллоҳ”дан юз ўгирдилар. То уларга Ҳақ - Қуръони Азим ва Менинг Дин ва Шариат аҳкомларини очиқ-равшан баён қилиб бергувчи Элчим Ҳазрати Муҳаммад соллолоҳу алайҳи ва саллам келгунича улар ана шу ҳолатда ҳаёт кечирдилар.
30. Ва қачонки уларга Ҳақ - Куръон келганида, улар: «Бу сеҳрдир, албатта бизлар унга кофирдирмиз», дедилар.
Яъни, қачонки ўша кофир-мушрикларга Ҳақ таолонинг Ҳақ Каломи - Қуръон оятлари Расулуллоҳ соллолоҳу алайҳи ва саллам орқали етиб келганида, дарҳол у Ҳақ Китобга ва уни етказган Элчига иймон келтириш ҳамда Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилиш ўрнига қанча аср-авлодлардан буён давом этиб келаётган куфру исёнларини яна баттар зиёда қилиб, Оллоҳнинг Каломини сеҳр-жоду дедилар, Унинг Пайғамбари Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламни ёлғончи қилдилар ва ўзларининг Қуръонга кофир эканликларини очиқ-ойдин эълон қилдилар.
31. Яна улар: «Бу Куръон икки қишлоқ(нинг бири)дан бўлган улуғ одамга нозил қилинганида эди», дедилар.
Икки қишлоқдан мурод Макка ва Тоиф шаҳарларидир. Мушриклар назарида Макканинг улуғи ўша жойлик боёнлардан Валид ибн-ал-Муғийра бўлса, Тоифнинг улуғи Урва ибн Масъуд ас-Сақафий номли бир бой эди. У мушриклар ҳам барча замонлардаги дунёга қул бўлган кимсалар каби улуғликни мол-давлат ва салтанат билан ўлчар эдилар. Шунинг учун улар: «Агар бу Қуръон ҳақ китоб бўлганида Муҳаммадга ўхшаган бир етим ва камбағалга эмас, балки Валид ва Урва каби улуғ зотларга тушган бўлар эди», дедилар. (“Тафсири Мунийр”да Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят ҳилинган).
32. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Парвардигорингизнинг Раҳмати (бўлмиш пайғамбарлик)ни ўшалар тақсимлайдиларми?! (Йўқ, асло ундоқ эмас!) Уларнинг ҳаёти дунёдаги маишат-тирик-чиликларини ҳам уларнинг ўрталарида Биз Ўзимиз тақсимлаб қўйдикки ва баъзилари баъзиларини мусаххар қилиб, қўл остига олиб (ишлатишлари) учун (бировларини бой ёки кучли-қувватли қилиб, бошқа бировларини эса камбағал ёки заиф-кучсиз қилиб) айримларини айримларидан баланд даража-мартабаларга кўтариб қўйдикку. Парвардигорингизнинг Раҳмати - пайгамбарлик улар тўплайдиган нарса (мол-дунё)ларидан яхшироқдир. (Бас, Биз бу улуғ неъматни фақат Ўзимиз танлаган кишиларгагина ато этганмиз).
Ушбу ояти карима мушрик-кофирларнинг нақадар жоҳил-нодон кимсалар эканлигини жуда ҳам аниқ мантиқ билан баён қилади. Дарҳақиқат, мушриклар ҳадларидан ошиб, ақлларидан озиб, Оллоҳ таолонинг Ёлғиз Ўзиники бўлган ҳақни - кимга пайғамбарлик ато этиш ҳаққини - ўзлариники қилиб олишни истадилар. Ҳолбуки, бу мутлақо уларнинг иши эмас, Ёлғиз ОллоҳтаолонингЎзига қайтариладиган иш эди. Чунки “Оллоҳ Ўзининг элчилигини қаерга қўйишни (яъни, кимга ато этишни) яхшироқ Билгувчидир”. (Анъом сураси, 124-оятдан).
Албатта Оллоҳ таоло ушбу беқиёс улуғ вазифани - рисолат-элчилик вазифасини халқи орасидан қалби ҳам, нафси ҳам энг тоза бўлган, инсонлар ичидан энг улуғ ва энг покиза бўлган бандасига ато этиши аниқдир. Бас, Ҳақ таолонинг энг улуғ Раҳмат-Марҳамати бўлмиш пайғамбарликни ана ўша нопок мушрик-кофирлар тақсимлашларини ва ўзларига ўхшаган яна бир нопок кимсани пайғамбарликка сайлашларини бирон соғлом ақл қабул қиладими?! Ҳолбуки, бандаларнинг ҳаёти дунёдаги яшаш шароитларини ҳам, ризқу насибаларини ҳам ўша бандаларнинг ўзлари эмас, балки Ҳақ таолонинг Ўзи Ёлғиз Унга маълум бўлган Ҳикмат билан бўлиб-тақсимлаб қўйганку! Уларнинг бировини кучли, бировини кучсиз; бировини олим, бировини илмсиз; бировини машхур, бировини беном; бировини бой, бировини камбағал қилиб, турли даража-мартабаларга кўтариб қўйган Зот ҳам Унинг Ўзику! Ҳеч шак-шубҳа йўқки, Оллоҳ таолонинг бу тақсимотида ҳам улуғ Ҳикмат бордир. Чунки, агар фаразан ҳамма инсон ҳар тарафлама бир-бирларига тенг-баробар даражада бўлганларида, ҳеч қачон бир-бирларига ҳамкор-ёрдамчи бўлмас эдилар, бир-бирларига бўйинсунмасдан, бир-бирларини қўллаб-қувватламасдан, яъни, инсоний жамиятга айланмасдан, ҳар ким ўз истаганича яшаб, оқибат-натижада бошқа жонзотлар каби бир-бирларига ёв бўлиб, ваҳший-ёввойи бўлиб ҳаёт кечирган, бошқача айтганда, олам интизоми бузилиб кетган бўлар эди. Шу сабабдан Ҳақ таоло ҳар бир бандасига унинг лаёқат ва салоҳиятига яраша даража-мартаба бериб, кучлилар кучсизларни суяйдиган, бойлар камбағалларни қўллайдиган, соғлом кишилар хаста-ногиронларга раҳм-шавқат кўрсатадиган чин инсоний жамият бўлишларини ирода қилди. Ҳаёти дунёдаги тирикчилик йўл-йўриқларини мана шу тарзда адолат билан тақсимлаб қўйган Зот албатта Ўзининг Раҳматини, яъни, дунё ва Охират учун баробар керакли ва ҳаё-тий зарурат бўлган Динни инсонларга етказишдек мислсиз буюк вазифа - элчилик вазифасини тақсимлашни осий-кофир кимсалар ихтиёрига ташлаб қўймаслиги аниқдир. Чунки «Парвардигорингизнинг Раҳма-ти - пайғамбарлик улар тўплайдиган нарса (мол-дунё)ларидан ях-широқдир. (Бас, Биз бу улуғ неъматни фақат Ўзимиз танлаган кишиларгагина ато этганмиз)».
33-34-35. Агар (кофир кимсаларнинг бой-бадавлат, тўкин-сочинликда яшаётганларини кўришиб дунёни яхши кўрганлари сабабли) одамлар бир миллат бўлиб олишлари (яъни, куфр йўлига кириб қолишлари хавфи) бўлмаганида эди, албатта Биз Раҳмонга кофир бўладиган кимсалар учун уйларининг шифтларини ҳам, унга чиқадиган нарвонларни ҳам, уйларининг эшикларини ҳам, улар устида суяниб-ястаниб ўтирадиган сўриларни ҳам кумушдан қилиб қўйган бўлур эдик. Яна (барча) олтин зеб-зийнатларни ҳам (ўша кофирларники қилиб қўйган бўлур эдик. Зеро, буларнинг) барчаси фақат ҳаёти дунё матоларидир. Охират эса Парвардигорингиз наздида тақводор зотларникидир.
Ушбу оятлардан Оллоҳтаоло наздида бу дунё ўзининг бор зебу зийнат ва ҳою ҳаваси билан нақадар ҳақир бир нарса экани маълум бўлди. Пайғамбар алайҳис-саломдан ривоят қилинган бир ҳадиси шариф мазкур оятларнинг муносиб тафсири бўлса керак: «Агар Оллоҳтаолонинг ҳузури-да дунё учун пашшанинг қанотича вазн-қиммат бўлганида Оллоҳ кофирга ундан бир қултум сувни ҳам раво кўрмаган бўлур эди». (Термизий, Ибн Можжа ва бошқалар ривоят қилганлар. «Тафсири Бағавий»дан). Қуръони Карим бу оятлар воситасида бизларни тарки дунёчиликка тарғиб қилмайди, балки бу дунё қул бўлишга арзийдиган матоҳ эмаслигини уқтиради.
Мана бу муборак ҳадислар ҳам ҳаёти дунё матолари Оллоҳ таоло ҳузурида ҳеч қандай қийматга эга емаслигини очиқ-равшан кўрсатиб туради: Муставрид ибн Шаддод розияллоху анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга бир кўзичоқнинг ўлимтиги устида тўхтаган отлиқлар орасида мен ҳам бор эдим. Бас, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлар мана буни эгалари улар учун беқадр бўлгани учун ташлаб юборган деб ўйлайсизларми?”, деган эдилар, асҳоблари: “Беқадр бўлгани учун ташлаб юборганлар-да”, дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Бас, билингларки, Оллоҳ таоло наздида дунё мана бу ўлакса эгаларига беқадр бўлганидан ҳам беқадрроқдир”, дедилар. (Термизий ва Бағавий ривоят қилганлар).
Умар ибн Хаттоб розияллоху анҳу Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг хузурларига кирган эди, у зотнинг қамиш бўйра устида ётганларини, ёнбошларига бўйра изи чиқиб қолганини кўриб кўзларидан ёш қуйилиб йиғлаб юборди ва: “Ё Расулуллоҳ, мана бу Кисро ва Қайсар (форс ва рум мамлакатларининг подшоҳлари) қандай жойларда, яъни, зеб-зийнатлар ичида шоҳона ётоқларидадирлар. Ахир Сиз ОллоҳтаолоЎз халқи ичидан танлаб олган Пайғамбарсизку!” деди. Шунда ёнбошлаб ётган Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам туриб ўтирдилар ва: “Эй Умар, сен улар учун мана шу дунё, биз учун эса Охират бўлишига рози эмасмисан?” дедилар. (Имом Бухорий ва бошқалар ривоят қилганлар. “Тафсири ибн Касийр”дан).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган мана бу ҳадиси шарифда янада мухтасар айтилди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Дунё мўмин учун зиндон, кофир учун жаннатдир”. (Муслим, Термизий, Ибн Можжа ва бошқалар ривоят қилганлар. “Тафсири Қуртубий”дан).
«(Зеро, буларнинг) барчаси фақат ҳаёти дунё матоларидир. Охират эса Парвардигорингиз наздида тақводор зотларникидир».
36. Ким Раҳмон Эслатмасидан (яъни, Қуръон панд-насиҳатларидан) кўр бўлиб олса - юз ўгирса, Биз унга шайтонни тақдир қилиб - ёзиб қўюрмиз, бас, унга (шайтон ажралмас) «дўст» - яқин бўлур.
Ушбу ояти кариманинг энг гўзал тафсири китобимизнинг қўлимизда турган 18-жилдидан ўрин олган Фуссилат сурасининг 25-оятидир: «Биз улар учун (яъни, кофир-фосиқ кимсалар учун уларни Тўғри Йўлдан оздирадиган) «яқинлар»ни тақдир қилиб - ёзиб қўйганмиз, бас, ўша («яқинлар») уларга олдиларидаги (ҳаёти дунёда) ҳам, орқаларидаги (Охиратни) ҳам чиройли кўрсатдилар ва уларга ҳам ўзларидан аввал ўтган - ҳалок бўлган инсу жиндан иборат умматлар қаторида Сўз - азоб ҳақ бўлди. Дарҳақиқат, улар зиёнкор бўлдилар». Ояти карима ўз ўрнида алақадриҳол тафсир қилиб ўтилган эди. Мурожаат қилинсин.
37. Шак-шубҳасиз, (шайтонлар, Қуръондан юз ўгирган кимсаларни Тўғри) Йўлдан тўсурлар, (аммо ўша шайтонларнинг етовидаги адашганлар эса) ўзларини ҳидоят топгувчилар, деб ҳисоблайдилар.
Яъни, Қуръондан - Меҳрибон Парвардигорнинг Буюк Эслатмасидан юз ўгириб “кўр бўлиб” олган кофир-фосиқ кимсалар албатта шайтонларнинг қўлидаги шайтон буюрган нарсага буйинсунадиган ақлсиз қўғирчоқларга айланиб қоладилар. Шунда шайтонлар ўзларининг яқинларини васвасага солиб, уларни Тўғри Йўлни кўра олмайдиган қилиб қўядилар. Бас, Қуръондан юз ўгирган кимсалар шайтонлар кўрсатган энг хатарли залолат йўлларини мана шу тўғри йўл деб ишониб уларга эргашиб кетаверадилар ва шайтонлар токи Қиёмат Кунида дўзахга олиб бориб тиқмагунча улардан ажралмайдилар.
38. То қачон Бизнинг хузуримизга келгач, (ўзини Тўғри Йўлдан оздирган шайтонга қараб): «Қани эди, мен билан сенинг ўртанг Шарку Ғарбнинг ўртасидаги масофа (каби йироқ) бўлганида! Бас, (сен), нақа-дар ёмон яқиндирсан», дер.
Яъни, шайтонлар кўрсатган йўлларга юриб, ҳаётларини бой берган бадбахт кимсаларнинг кўр кўзлари фақат Қиёмат Кунида ярқ этиб очилади ва унга аччиқ ҳақиқат очиқ-ойдин кўринади. Ана ўшанда, Ҳақ таоло ҳузурига ҳисоб-китоб учун келтирилганда ва ўзининг “дўсти” бўлган шайтон билан бирга дўзахга хукм қилинганида у ўзининг бутун ҳаёти давомида ораларидан қил ўтмайдиган яқини бўлган шайтонига қараб: “Нақадар ёмон дўстсан сен! Қанийди ҳаёти дунёда сенга яқин бўлмасдан, етовингга юрмасдан Меҳрибон Парвардигоримнинг Эслатмаси бўлган Каломуллоҳни маҳкам ушлаганимда эди, унинг кўрсатмаларига амал қилиб яшаганимда эди, қанийди сен шаркда бўлсанг, мен ғарбда - сендан шу қадар йироқда бўлганимда эди! Мана энди мен сен билан дўзахда ҳам абадул-абад азобланадиган бўлдим”, деб минг-минг афсус-надоматлар қилиши аниқдир.
39. (Эй кофирлар ва уларни Тўғри Йўлдан оздирган инсу жиндан бўлган шайтонлари, ҳаёти дунёда куфр йўлини танлаш билан ўзларингизга) зулм қилганларингиз сабабли бу Кун сизларга азобда шерик эканликларингиз ҳаргиз фойда бермас!
Яъни, Қиёмат Кунида кофирлар ва уларнинг яқинлари бўлган шайтонларга айтиладики, бу Кун сизларнинг ҳаёти дунёда куфр йўлини танлаш билан ўз жонларингизга жабр қилганларингиз аён бўлгач, албатта дўзахда ҳам бирга азобланасизлар! Лекин дўзах азобида шерик бўлишингизнинг сизларга сира ҳам фойдаси тегмас, шерик бўлганларингиз сабабли бировингиз бировингизнинг азобини ҳаргиз енгиллата олмас! Яъни, ҳаёти дунёда бошларига бир хил бало-мусибат тушган шериклар бир-бирларига тасаллий бериб, бир-бирларини овутиб мусибат машаққатларини енгиллатар эдилар. Аммо Охират тартиботи бутунлай бошқачадир. Бу жойда дўзах азобига гирифтор қилинган осий-кофирлар бир-бирларига нақадар яқин бўлмасинлар, улардан ҳар бирининг тортадиган азоб-уқубати шу қадар қаттиқ ва узлуксиз бўладики, унда ўзидан ортиб яқинидан кўнгил сўраш учун мажол ҳам, имкон ҳам бўлмайди!
40. Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз «кар»ларга эшиттира олурмисиз ё «кўр»лар ва очиқ залолатда бўлган кимсаларни ҳидоят қилурмисиз?
Ушбу ояти карима мушрикларнинг Ҳақ Сўзни - Каломуллоҳни анг-лашни, Ҳақ Йўлни кўришни истамаётганларидан озурда дил бўлган Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга таскин-тасаллий бериш учун нозил қилингандир.
Дарвоқеъ, Пайғамбар алайҳис-салом ўзларига кўкдан, Оллоҳ таоло ҳузуридан нозил бўлаётган Қуръон оятларини одамларга тиловат қилиб берар эканлар, бу Ҳақ Сўзни эшитган ҳар бир одам, бу Илоҳий Мўъжизага гувоҳ бўлган ҳар бир инсон албатта Унга иймон келтиради деб умид қилганлари учун, иш бунинг акси бўлаётганини кўргач, одамларнинг аксариси Қуръонни эшитиб туриб, бу Буюк Китоб кўрсатган йўл Ҳақ Йўл эканини кўриб-билиб туриб хотиржам ундан юз ўгириб, гўё ҳеч нарсани эшитмагандек, кўрмагандек ўзларининг ширк ва жаҳолатларидан ажрамасдан залолатларида кетаётганларини кўргач, бу ҳақсизликдан ниҳоят даражада изтироб чекиб, ғамга ботдилар. Ҳатто мен зиммамдаги рисолат-элчилик вазифамни тўла адо қила олмаяпманми, одамларга Оллоҳнинг Динини комил суратда етказа билмаяпманми, акс ҳолда Оллоҳнинг Каломини эшитган кишилар дарҳол иймон келтиришлари керак эдику, деган ўйларга ҳам борганларида Ҳақ таоло: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), эҳтимол Сиз (Макка мушриклари) мўмин бўлмаганлари учун ўзингизни ҳалок қилгувчидирсиз. (Ундок қилманг)”, (Шуаро сураси, 3-оят), деб, ушбу оятларда мушрикларнинг мўмин бўлмаётганларига уларнинг диллари муҳрлаб қўйилгани сабаб эканини, шу боисдан улар қалб қулоқлари эшитмайдиган, кўнгил кўзлари кўрмайдиган кар ва кўр кимсаларга айланиб қолганларини айтиб, Ўз Элчисига Сиз ҳеч қачон эшитиш ва англашни истамайдиган “кар” кимсаларга Ҳақ Сўзни эшиттира олмайсиз, Ҳақ Йўлни кўришни истамайдиган “кўр” кимсаларга Тўғри Йўлни кўрсата олмайсиз, демак, Сиз уларнинг иймон келтирмаётганларидан ғам чекманг, улар сўзни эшитганлари билан унинг маъносини англай олмайдиган ожиз махлуқлардир, деб таскин-тасаллий беради.
Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам айтилган: “Куфр йўлидаги кимсаларни (Ҳақ Йўлга даъват қилувчи кишининг) мисоли худди фақат овоз ва чақириқни эшитадиган ҳайвонларга қичқираётган кишининг мисолидир. (Яъни, улар худди жониворлар каби чақириқ ва овозларни эшитадилар-у, лекин ҳеч нарсани англамайдилар. Бинобарин, уларни Ҳақ Йўлга чорлашнинг ҳеч фойдаси йўқ).
41-42. Бас, агар Биз (кофирларни мағлуб этишдан илгари) Сизни кетказсак (яъни, вафот қилдирсак ҳам), албатта Биз улардан (Охиратда) Интиқом олгувчидирмиз. Ёки албатта Биз уларга ваъда қилган нарсани (яъни, кофирликлари сабабли уларнинг бошларига қандай азоб тушишини ҳаётлик чоғингиздаёқ) Сизга кўрсатурмиз. Зеро, Биз уларга (азоб беришга) Қодирдирмиз.
Ушбу оятларнинг энг яхши тафсири Юнус сурасида келган мана бу ояти каримадир: «Агар Биз уларга ваъда қилаётганимиз азобнинг баъзисини Сизга кўрсатсак ҳам (яъни, ҳаёт пайтингизда уларнинг кофир бўлганлари оқибатида тортадиган азобларидан бир қисмини кўрсангиз ҳам), ёки (уларни азобга дучор қилишимиздан илгарироқ) Сизни вафот қилдирсак ҳам, (ҳар икки ҳолда) Ўзимизга қайтишлари бордир. Сўнгра Оллоҳ улар қилаётган барча ишларга Гувоҳдир». (Юнус сураси, 46-оят).
Маълумки, ушбу сура Макка сураларидандир. У жойдаги мушрик кимсалар Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламга ҳамда у зотни ҳақ Пайғамбар деб иймон келтирган, ҳали саноқлари жуда оз бўлган мўминларга тинимсиз зулм ва зўравонликлар қилишиб, кундан-кунга ҳадларидан ошиб, гўё бу қилмишлари учун ҳеч қачон жазоланмайдигандек, куфр ва исёнлари учун Оллоҳ таолонинг азобига дучор бўлмай-дигандек хотиржам юрганларида Жаноби Ҳақ Ўз Элчисига ушбу ояти каримани нозил қилиб, кофирларнинг барча жиноятларига Ўзи Гувоҳ бўлиб турганини ва ҳеч бир жиноят жазосиз қолмаслигини айтади ҳамда Ўзи кофирларга ваъда қилаётган азобнинг бир қисмини улардан ай-римларининг бошига Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик пайтларидаёқ тушириши ҳақида хабар беради. Дарвоқеъ, ҳеч қанча вақт ўтмасдан Бадр жангида ва кейин Ҳунайн ғазотида Пайғамбар алайҳис-салом ва саҳобайи киром бу Илоҳий хабарнинг ҳақ эканини ўз кўзлари билан кўрдилар - Макка мушрикларининг катталаридан кўпчилиги ўша жангларда Оллоҳ таоло кўкдан туширган малоикаларнинг қўллари билан ҳалок қилиндилар.
Ояти карима давомида Ҳақ таоло Ўзининг мушрик-кофир кимсаларга мана шу ҳаёти дунёнинг ўзида берадиган турли азоб-уқубатлари Пайғамбар алайҳис-саломнинг вафотларидан кейин ҳам давом этиши ҳақида хабар беради ва кофирларнинг бу дунёда азобга гирифтор қилинган-лари ҳам, дунё азобидан қутулиб қолганлари ҳам, ҳаммалари Қиёмат Кунида Унинг ҳузурига тўпланишлари ва Унинг Гувоҳлигида мангу дўзах азобига ҳукм қилинишлари аниқ эканини айтиб, Ўз Элчисига ва у зотнинг асҳобларига таскин-тасалли беради.
43. Бас, Сиз ўзингизга ваҳий қилинган нарсани - Қуръонни маҳкам ушланг! Албатта Сиз Тўғри Йўлдадирсиз.
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз ўзингизга Парвардигорингиз томонидан ваҳий қилинган Қуръонни маҳкам ушланг! Чунки Сиз ҳеч шак-шубҳасиз, ҳаёти дунёда саодатга, Охиратда нажотга элтгувчи Тўғри Йўл устидадирсиз. Уни ёлғон дейдиган кимсаларнинг сўзлари Сизга ҳеч қандай зиён етказа олмас. Бас, Сиз Қуръонни ёлғон дейдиган ва Сизга иймон келтирмайдиган кофир-мушрик кимсаларнинг фитналарига ҳеч парво қилмасдан Қуръон кўрсатмаларини, Шариати Исломийя аҳкомларини ҳеч оғишмасдан, сустлашмасдан амалга ошираверинг!
44. Албатта у (Қуръон) Сиз учун ҳам, қавмингиз-умматингиз учун ҳам бир шарафдир ва яқинда (Қиёмат Кунида бу неъмати Илоҳийя хусусида) сўралурсизлар.
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, Оллоҳ таолонинг тенгсиз Мўъжизаси бўлмиш ушбу Қуръонни Ёлғиз Ўзига маълум бўлган Ҳикмат билан У Зот Сизга ато этгани Сиз учун Буюк Шарафдир, шунингдек, ушбу Қуръонга иймон келтирган қавмингиз - умматингиз учун ҳам Оллоҳ таолонинг Изни-Иродаси ила у Китоб билан ҳидоят топиб Тўғри Йўлга юришлари Буюк Шарафдир Сизларнинг ҳаммангиз яқинда - Қиёмат Кунида ушбу Қуръон кўрсатмаларига қандай амал қилганларингиз ҳақида албатта сўралурсизлар. (“Тафсири Бағавий”).
Ушбу ояти кариманинг назийри - ўхшаши мана бу оятдир: «Қасамки, (эй Қурайш жамоаси), Биз сизларга шундай бир Китоб нозил қилдикки, унда сизлар учун зикр (яъни, шаъну шараф) бордир. (Чунки у сизларнинг тилингизда нозил қилинди). Ақл юргизмайсизларми?!» (Анбиё сураси, 10-оят).
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Пайғамбар алайҳис-саломнинг қавм-қариндошлари бўла туриб у зотнинг ҳақ Пайғамбар эканликларига ва ўз тилларида нозил қилинган Қуръони Каримнинг Ҳақ Каломуллоҳ эканлигига иймон келтирмаган Қурайш қабиласига хитоб қилиб: “Эй қурайшликлар, нега ақлларингизни ишлатмаяпсизлар, ахир Биз сизларнинг қавмингиздан бўлган бир кишига ўзларингизнинг тилларингизда Китоб нозил қилганимиз сизлар шукр ва ифтихор қилишингиз лозим бўлган улуғ шараф эмасми?! Нега сизлар у Китобга ва уни сизларга етказган Расулимизга энг аввалгилардан бўлиб иймон келтириш ўрнига кофир ва жоҳил ҳолларингизла қолмоқдасизлар?!” деган ҳақли ва ўта мантиқли бир саволни ўртага қўяди. Дарҳақиқат, Оллоҳ таоло нозил қилган ва ҳар бир ояти Зикр-Эслатма бўлган Каломуллоҳ унга иймон келтирган ва ундаги кўрсатмаларга амал қилган ҳар бир мўмин-мусулмон учун дунё-ю Охиратда тенгсиз улуғ шараф ва бахт-саодатдир, иймонсиз-динсиз кимсалар учун эса, уларни Қиёмат Кунида шарманда қиладиган Илоҳий Ҳужжатдир. Жаноби Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Қуръон сенинг фойдангга ёки зиёнингга ҳужжатдир”, деган сўзларининг маъноси ҳам шудир. (Муслим риивояти). Қуръонни ўрганиш, ёд олиш, Қуръон Сўзига қулоқ солиш мўминларни қандай улуғ мартабага кўтариши ҳақида Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам такрор-такрор уқтирганлар: Дедилар: “Албатта одамлар орасида Оллоҳнинг аҳли бўлган кишилар бордир - Қуръон аҳли Оллоҳнинг аҳли ва хос бандаларидир”. (Аҳмад ва Насоий ривояти). Яна дедилар: “Мен сизларни катта, туни ҳам кундузидек ёруғ ва равшан бўлган Йўлда қолдириб кет-моқдаман ва мен сизларга икки воиз-насиҳат қилгувчини қолдириб кетмоқдаманки, улардан бири сўзловчи, иккинчиси сукут қилгувчи -сўзламасдан насиҳат қилгувчидир. Сўзловчиси Қуръондир, сукут қилгувчиси ўлимдир”. (“Танвийрул-азҳон”тафсиридан).
45. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Биз Сиздан илгари юборган пайғамбарлардан сўраб (яъни, улар келтирган диний таълимотларни ўрганиб) боқингчи, Биз Раҳмондан (яъни, Ўзимиздан) ўзга ибодат қилинадиган «илоҳ»лар қилганмиканмиз?! (Йўқ, барча пайғамбарлар Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилишга даъват этгандирлар)!
Ушбу ояти каримадан мурод, Оллоҳ таоло юборган барча пайғамбарлар қавмларини Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Ўзига ибодат қилишга даъват этганлари ва Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳам худди ўша пайғамбарларнинг даъватларини давом эттираётганлари ҳақида яна бир бор огоҳлантиришдир. Маълум бўладики, Оллоҳ таолонинг Дини аслида бир Дин ва Одам алайҳис-саломдан бошлаб Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламгача барча пайғамбарларнинг вазифалари ҳам ягонадир, яъни, Танҳо Оллоҳга ибодат қилишга чақиришдир. Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам хабар берилган: «Аниқки, Биз ҳар бир умматга: «Оллоҳга ибодат қилинглар ва шайтондан йироқ бўлинглар», (деган ваҳий билан) бир элчи юборганмиз». (Наҳл сураси, 36-оятдан). «(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), агар Биз Сизга нозил қилган нарсадан (яъни, илгари ўтган қавмлар ҳақида нозил қилган оятларимиздан) шубҳада бўлсангиз, у ҳолда Сиздан илгари нозил бўлган Китоб (яъни, Таврот)ни ўқийдиган кишилардан сўранг! Аниқки, Сизга Парвардигорингиз томонидан Ҳақ - Қуръон келди. Бас, ҳаргиз шубҳа қилгувчилардан бўлманг!» (Юнус сураси, 94-оят).
Ибн Аббос розияллоху анҳумо айтади: “Йўқ, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам бирон нафас шубҳага тушганлари йўқ ва ҳеч кимдан сўраганлари ҳам йўқ, балки: “Мен шубҳаланмайман ҳам, сўрамайман ҳам. Мен Қуръондаги ҳар бир калима Ҳақ эканига гувоҳлик бераман”, дедилар”. (Қатода, Саид ибн Жубайр ва Ҳасан Басрий ривоят қилган).
Ўрганаётганимиз ояти кариманинг нозил бўлишига сабаб, яхудий ва мушриклар Пайғамбар соллоллоху алайҳи ва салламга: “Сен келтирган нарса сендан илгари ўтган пайғамбарлар келтирган нарсага хилоф”, дейишганида, Ҳақ таоло у зотнинг ҳақ Пайғамбар эканликларини ва келтирган Қуръон оятлари илгари ўтган пайғамбарлар келтирган Китоб ва таълимотларга мухолиф эмаслигини яна бир бор таъкидлаш учун ўша элчи-пайғамбарларнинг ўзларидан сўрашни буюрди. (Воқидийнинг “Асбобун-нузул ” китобидан).
46. Аниқки, Биз Мусони Ўз оят-мўъжизаларимиз билан Фиръавн ва унинг одамларига юбордик. Бас, у: «Албатта мен барча оламлар Парвардигорининг элчисидирман», деди.
Ушбу ояти каримадан бошлаб, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан илгари ўтган пайғамбарлардан бири бўлган Мусо алайҳис-салом ҳақидаги қисса бошланади. Ҳақ таоло уни золим подшоҳ Фиръавн ва унинг одамларига элчи қилиб юборгани ва у ўзининг ҳақ пайғамбар эканлигини исботлайдиган оят мўъжизалар билан уларнинг ҳузурига бориб, “Албатта мен оламлар Парвардигорининг элчисидирман”, дегани ҳақида хабар беради.
Яъни, ОллоҳтаолонингАмри билан Мусо алайҳис-салом оғаси Ҳорун алайҳис-салом билан бирга Фиръавннинг олдига киради. Албатта золимлиқца тенгсиз бўлган Фиръавннинг олдига кириш осон эмас эди. Лекин ҳар ишга қодир Оллоҳ таоло Мусога у золимнинг олдига киришни амр қилгач, унинг жуда қаттиқ қўриқланадиган қасрининг йўлини ҳам очиб қўйди.
“Дуррул-мансур” тафсирида Абдуллоҳ ибн Убайд Ибн Умайрдан ри-воят қилинишича, Фиръавннинг олдига қулфлоқлик саксон эшикдан ўтиб кирилар эди. Ҳар бир эшик олдида қуролли соқчилар бўлиб, бирон бегона кимсага уни очишмас эди. Аммо Мусо алайҳис-салом Фиръавннинг олдига кирар экан, қайси эшикнинг олдига келса, у ўз-ўзидан очилиб кетаверди ва то унинг олдига етгунича Мусо бирон кимсага сўзламади, ҳеч ким унинг олдини тўсиб чиқа олмади. Шу тариқа Мусо алайҳис-салом у золимнинг олдига етиб келгач: “Эй Фиръавн, билгинки, мен барча оламлар Эгаси томонидан юборилган элчидирман. Мен сени Оллоҳга - барча оламлар Эгасига ибодат қилишга даъват қиламан ва худолик даъво қилишдан қайтараман”, деган эди, Фиръавн: “Сўзларинг ёлғон. Сен пайғамбар эмассан”, деди.
47-48-49-50. Энди қачонки (Мусо) уларга Бизнинг оят-мўъжизаларимизни келтиргач, баногоҳ улар у (мўъжиза)лар устидан кула бошладилар. Биз уларга (тўфон, чигиртка балолари каби азоб оят-аломатларидан) бирон оят кўрсатсак, албатта у (ўзидан аввалги) шеригидан улугроқ-даҳшатлироқ (бало-офат) бўлур эди. Шояд (куфрдан иймонга) қайтсалар, деб Биз уларни (турли) азоб билан ушладик. Улар (Бизнинг оятларимизни кўришгач, Мусога): «Эй сеҳргар, сенга берган (дуойингни мустажоб қилиши хусусидаги) аҳди ҳаққи-ҳурмати Парвардигорингга бизлар учун дуо қил. (Агар У сенинг дуойинг сабабли бизлардан бу азобларни аритса), албатта бизлар ҳидоят топгувчидирмиз (яъни, сен даъват қилаётган ўша Оллоҳга иймон келтиргувчидирмиз)», дедилар. Энди қачонки Биз (Мусонинг дуоси шарофати билан) улардан азобни аритсак, баногоҳ улар (ўзларининг иймон келтирамиз, деб берган аҳдларини) буза бошладилар.
Ҳақ таоло Мусо алайҳис-саломга ато этган оят-мўъжизалар ҳақида мана бу оятларда хабарлар келган ва улар ўрганаётган оятларимизнинг энг яхши тафсиридир: «Аниқки, Биз Мусога тўққизта очиқ оят-мўъжиза ато этдик. Сўнг у (яъни, Мусо Фиръавн ва унинг одамлари олдига) келган пайтида, (Биз унга): «Бани Исроилни (ўз юртлари - Шомга қўйиб юборилишини Фиръавндан) сўрагин», (деб амр этдик). Шунда Фиръавн унга: «Эй Мусо, мен сени шак-шубҳасиз сеҳр-жодуга чалинган, деб ўйламоқдаман», деди». (Ал-Исро сураси, 101-оят).
“Аниқки, Биз Мусога тўққизта очиқ оят-мўъжиза ато этдик”. Оллоҳ таоло бани Исроил қавмига элчи қилиб юборган Мусо алайҳис-саломга ато этилган мўъжизалардан бири, Мусонинг асоси - у ерга ташлаши билан одамлар кўз ўнгида ҳақиқий аждарҳога айланиб қоладиган, тошни урса, ундан чашма отилиб чиқадиган мўъжиза асо, иккинчиси, Мусонинг қўли - чўнтагидан чиқарганида оппоқ нур сочиб оламни ёритиб юборадиган, қўлтиғига қисиб олганида яна ўз ҳолига қайтадиган мўъжиза қўлдир. Бу икки Илоҳий мўъжиза ҳақида бошқа сураларда шундай дейилади: “Асойингни (ерга) ташлагин!» Бас, қачонки (Мусо асосини ерга ташлагач), уни илондек қимирлаганини кўргач, ортига қарамай қочди. «Эй Мусо, кел, қўрқмагин. Зеро, сен (хавфу-хатардан) омонда бўлгувчи кишилардандирсан. Кўлингни чўнтагингга солгин, бирон зиён-дардсиз оппоқ бўлиб чиқур ва қанотингни (яъни, қўлингни) қўрқувдан (яъни, агар бу мўъжизалардан қўрқиб кетсанг қўлтиғингга) қисиб олгин (у яна ўз ҳолига қайтур). Бас, шу иккиси (яъни, асойингни илонга айланиши ва қўлингни оппоқ бўлиб нур сочиши) Парвардигоринг томонидан Фиръавн ва унинг одамларига икки ҳужжатдир. Дарҳақиқат, улар фосиқ қавм бўлдилар».” (Касас сураси, 31-32-оятлар).
“Кўлингни чўнтагингга солгин, у ҳеч қандай дардсиз оппоқ бўлиб чиқур. (Бу мўъжизалар сен) Фиръавн ва унинг қавмига (олиб борадиган) тўққиз оят-мўъжиза ичида (бордир). Дарҳақиқат, улар итоатсиз қавм бўлдилар.” (Намл сураси, 12-оят).
Қолган етти мўъжиза - Фиръавн одамларининг бошига тушган қаҳатчилик, дон-дун ва мева-чеваларнинг йўқ бўлиб кетиши, тўфон, чигиртка, бит, бақа ва қон балолари бўлиб, бу ҳақда Аъроф сурасида хабар берилгандир: “Дарҳақиқат, Биз Фиръавн одамларини панд-насиҳат олиш-лари учун (қаҳатчилик) йиллари билан ва мева-чеваларнинг ҳосилини камайтириш билан ушладик.” (Аъроф сураси, 130-оят).
Яъни, Ҳақ таоло Фиръавн ва унинг одамларини дарёга чўктириб ҳалок қилиб юборишидан илгари ибрат олишлари, кўзлари очилиб, куфрдан, зулмдан қайтишлари учун уларнинг бошларига бир неча йил давомида пайдар-пай қаҳатчилик, очарчилик балоларини туширди, ер ва боғлари ҳосил бермай қўйди. Дала-даштларида гиёҳ ўсмай, чорва ҳайвонлари қирилди, ерларида дон-дун битмай, боғлари мева тугмай, одамлар қийналдилар, аммо улардан ҳеч бирининг хаёлига: “Нега йил сайин бошимизга устма-уст балолар тушаяпти, қандай қилмишимиз учун биз Яратганнинг қаҳрига қолдик? Бу машаққат-мусибатларнинг сабабчиси ўзимиз эмасмизми? Балки Холиқни қўйиб махлуққа сиғиниб юрганимиз сабабли мана шундай балоларга йўлиқаётгандирмиз?
Балки Фиръавнга қуллик қилишни тарк этиб, Мусога эргашсак ва Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилсак, Унинг Ўзи бошимиздан бу балоларни аритар?”, деган ўй келмади. Чунки берган неъматлари учун Яратганга шукр қилиш, бошга бало-мусибат тушганида эса, “бу балолар ўзимнинг қилми-шим сабабли бўляпти”, деб тавба-тазарруъ қилиш, ўзини ўнглаб, Тўғри Йўлга тушиш саодатли кишиларнинг насибасидир. Бахтсиз кимсалар эса, худди неъматларга шукр қилмаганларидек, бошларига тушган бало-мусибатлардан ҳам ибрат-насиҳат олмайдилар, ўзларининг қилмишлари сабабли шундай балоларга гирифтор бўлганларини ҳам бил-майдилар.
“Бас, Биз уларнинг устларига тўфон (сел), чигиртка, бит, бақа ва қон (балоларини Бизнинг Қудратимизга далолат қиладиган) очиқ оят-мўъжизалар қилиб юбордик. (Лекин) улар кибр-ҳаво қилдилар ва жиноятчи - осий қавм бўлдилар.” (Аъроф сураси, 133-оят).
Дарҳақиқат, Фиръавн қавми ўзларининг залолатларида оёқ тираб туриб олишгач, Оллоҳ таоло уларга мисли кўрилмаган даҳшатли балоларни юборди: Уларнинг барча экинзор - боғларини сел босиб ҳалок бўлди. Чигирткалар уларнинг экин ва мева ҳосилларидан тортиб уй-жой, кийим-бошларигача еб битиришди, уларнинг егулик ва жониворларини битлар босиб кетди; бақалар эса уларнингтаом ва қудуқларидан тортиб, ётоқхо-наларигача тўлдириб юборишди; уларнинг ариқ ва булоқларидан сув ўрнига қон оқди, бир ютум тоза сув топа олмай қолдилар. Аммо шунча бало-мусибатларни кўриб ҳам улар кўзлари очилмай, яна ўз куфрларида давом этдилар.
“Муқтатаф мин уйувнит-тафосир” китобида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Фиръавн қавмига тушган сел балоси етти кун тинмади. Шунда улар Мусо алайҳис-саломга: “Ҳаққимизга дуо қилгин, Оллоҳ бу балони бошимиздан аритсин, биз сенга иймон келтирамиз”, дейишган эди, Мусо дуо қилди, Оллоҳ таоло селни тўхтатди ва ердан аввал ҳеч мисли кўрилмаган ўт-ўлан ўсиб чиқди. Бу ҳолни кўрган Фиръавн қавми Яратганга шукр қилиш ўрнига: “Бизга неъмат келди, эй Мусо, қасамки, энди сенга иймон келтирмаймиз”, дейишиб, берган аҳдларини бузишди. Ана шунда Оллоҳ таоло уларнинг устига чигиртка балосини юборди. Чигиртка араб тилида “жарод” деб аталади. Бу сўзнинг луғавий маъноси қириш - сидириш дегани бўлиб, ер устида ўсган бор нарсани қириб, қуритиб кетадиган ҳашоратлардан бўлгани учун уни “жарод” деб номлаганлар. Чигирткалар ҳам Оллоҳ таолонинг лашкарларидан бўлиб, Унинг Ўзи уларни хоҳлаган ерига юборади.
Салмони Форсий розияллоҳу анхудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан чигирткалар ҳақида сўралганида: “Улар Оллоҳтаолонинг энг саноғи кўп лашкарларидир. Мен чигирткани емайман ва уни ҳаром ҳам демайман”, деб жавоб қилганлар. (АбуДовуд ва Ибн Можжа ривояти).
Шундай қилиб, Оллоҳ таоло юборган чигирткалар Фиръавн одамлари-нинг экинларини, мева-чеваларини ва ўтлоқларини еб битиргач, улар дод-вой қилишиб, Мусо алайҳис-саломга: “Парвардигорингга дуо қилгин. Қасамки, агар Оллоҳ биздан мана шу балони кўтарса, албатта сенга ий-мон келтирамиз”, дейишиб, унга аҳд-паймон бердилар. Бас, Мусо Парвардигорга дуо қилиб сўраган эди, Оллоҳ таоло улардан чигиртка балосини аритди. Аммо кофир қавм яна иймон келтирмади ва берган аҳдига вафо қилмади.
Сўнгра Оллоҳ таоло уларга бит балосини юборди. Улар ҳеч қачон бит балосидан қаттиқроқ балони кўрмаган эдилар. Битлар у кофир қавмнинг соч-у баданларига чиппа ёпишиб олиб, қонларини сўрар, уларга уйқу ҳам, тинчлик ҳам бермасди. Улар яна дод-фарёд қилишиб, Мусога: “Биз энди тавба қиламиз, Парвардигорингга дуо қилгин”, деб ялиниб-ёлвора бошлашди.
Мусо алайҳис-салом дуо килди. Оллоҳ таоло улардан бу балони ҳам кўтарди. Аммо у динсиз кимсалар яна аҳдларини бузишди. Бас, энди Оллоҳ таоло уларга бақаларни юборди. Бақалар шу қадар кўп эдики, уларнинг уйларига, озиқ-овқатларигача кириб, ҳатто кўрпа-тўшаклари-ю, кийим-кечакларигача бақаларга тўлиб кетди. Бирон киши гапириш учун оғзини очса ҳам бақалар сакраб кириб кетар, қайнаб турган қозонларга ҳам ўзларини отар эдилар. Бас, кофирлар тоқатлари тоқ бўлиб яна Мусога ялинишиб: “Парвардигорингга дуо қилгин, бу балони кетказсин”, дейишди. Бас, Мусо дуо қилиб, Ҳақ таоло улардан бу балони ҳам аритганида, улар яна куфру туғёнларига қайтишди. Шунда Оллоҳ таоло уларнинг устига қон балосини юборди-да, уларнинг ичадиган сувлари, дарё-ю қудуқлари барчаси қонга айланди. Оллоҳнинг Қудрати билан Мусо алайҳис-саломга иймон келтирган бани Исроил қавмидан бўлган киши қудуққа челак тушир-са, ундан сув чиқар, Фиръавн одамларининг туширган челаклари эса қонга тўлиб чиқар эди. Шундай қилиб, кофирларнинг етти кун давомида еб-ичганлари фақат қон бўлди. Бунга чидай олмаган Фиръавн: “Эй Мусо, сенинг Илоҳингга қасам ичиб айтаманки, агар сен биздан мана шу қонни кетказадиган бўлсанг, албатта биз сенга иймон келтирамиз”, деб қасам ичди.
Мусо алайҳис-салом дуо қилиб Оллоҳ таолодан сўраган эди, дарёлардан яна аввалгидек сув оқа бошлади, қудуқ ва ҳовузлари чучук сувга тўлди.
Фиръавн ва унинг одамлари эса... яна куфрга қайтдилар.
Мусонинг ҳақ пайғамбар эканига далолат қиладиган шундай очиқ ҳужжатлар - Илоҳий Мўъжизалар у кофир қавмга кор қилмади, Оллоҳ таоло кофирлардан интиқом олишини аниқ-тиниқ кўрсатиб турган шунча ибратли ҳодисалар улар учун етарли бўлмади.
51. Ва Фиръавн қавмига жар солиб, деди: «Эй қавмим, Миср подшоҳлиги ва мана бу остимдан оқиб турган дарёлар менинг (мулким) эмасми?! Ахир кўрмаяпсизларми?!
Яъни, Мусо алайҳис-салом кўрсатган бири биридан улуғ оят-мўъжи-заларни кўрган қавми унга мойил бўлиб қолишларидан қўрқиб кетган Фиръавн шошилинч равишда уларни бир жойга тўплади ва уларга ўзининг Мусодан улуғроқ ва кучлироқ эканини айтиб мақтана бошлади. У деди: “Эй қавм, сизлар бу улуғ Миср мамлакати тўласича менинг мулким эканлигини, уни ҳеч ким мен билан талаша олмаслигини, бу жойда ёлғиз ҳукмронлик меники эканини, Нийл дарёсининг анҳорлари менинг қасрим остидан-атрофидан ва боғ-гулзорларимдан оқиб ётганини кўрмаяпсизларми? Мана шунинг ўзиёқ салтанат-ҳукмронликка бошқа ҳар кандай кимсадан мен ҳақлироқ эканимга етарли далил эмасми?! Энди сизлар мана бу бечора Мусо ва унинг бир ҳовуч тобеъларига бир боқинглар!”
52. Балки мен мана бу хор бўлган ва (ўз мақсадини) очиқ баён қила олмайдиган кимсадан (яъни, Мусодан) яхшироқдирман?!
Яъни, балки мен ўзимнинг ҳадду ҳисобсиз молу мулким, салтанат-ҳукумронлигим ва тенгсиз юксак жоҳ-мартабам билан мана бу заифу ҳақийр, ҳеч қандай қувват ва қудратга эга бўлмаган, ҳатто айтадиган сўзини ҳам тузукроқ тушунтириб бера олмайдиган дудуқ кимсадан яхшироқдирман?! Золим подшоҳ Фиръавн қавмига Мусо алайҳис-саломни “ўз мақсадини аниқ баён қилиб бера олмайдиган дудуқ кимса” деб таърифлар экан, Мусонинг болаликдаги ҳолидан келиб чиқиб ҳукм чиқараётган эди.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Мусо алайҳис-саломнинг тилида бир қадар дудуқлик бор бўлиб, бунга болалик чоғида рўй берган бир ҳодиса сабаб бўлган эди. Маълумки, Мусо, Оллоҳ таолонинг иродаси билан чақалоқлигидан Фиръавн саройида унинг аёли Осиё қўл остида тарбияланиб вояга етади. Осиё иймонини кофир эридан сир тутган мўмина аёл эди. Кунлардан бирида Фиръавн мурғак чақалоқ бўлган Мусони кўтариб турганида у фиръавнниг юзига уради ва соқолини юла-бошлайди. Шунда Фиръавн ғазабланиб: “Бу менинг душманим бўлади”, деб, уни қатл қилмоқчи бўлганида қўрқиб кетган Осиё: “Эй подшоҳ, ахир у ҳеч нарсага ақли етмайдиган гўдакку. Ишонмасанг уни синаб кўргин”, деб, бир лаганда чўғ ва яна бир лаганда дур-гавҳарларни келтириб Мусонинг олдига қўйиб қўяди. Мусо қўлини гавҳарга чўзмоқчи бўлганида Жаброил алайҳис-салом унинг қўлидан тутиб чўғ бор лаганга тўғрилаб қўяди, бас, Мусо бир дона чўғни ушлаши билан қўли куйиб, шошиб қолганидан уни оғзига солади ва ўша заҳоти тили куйиб, ўша-ўша тутилиб-дудуқланиб сўзлайдиган бўлиб қолади. (Курту-бий ва Бағавий тафсирлари). Шу боисдан Мусо алайҳис-салом Оллоҳ таоло унга Фиръавн олдига бориб уни Ҳақ Йўлга даъват қилишни буюрганида: “Парвардигоро, тилимдан тугунни-дудуқликни ечиб юборгин; (Токи Фиръавн ва унинг қавми) сўзимни англасинлар» (Тоҳа сураси, 27-28-оят-лар), деб шунингдек, яна бошқа мадад-ёрдамлар ҳам сўраб дуо қилади ва Ҳақ таоло унга: “Сўраган нарсаларинг сенга ато этилди, эй Мусо!” (Тоҳа сураси, 36-оят), деб ваҳий юборади. Мазкур воқеадан ғафлатда бўлган Фиръавн Мусо алайҳис-саломни ҳамон мақсадини аниқ баён қилиб бера олмайдиган дудуқ деб ўйлар эди. Сўнгра у қавмини Мусо алайҳис-саломга иймон келтиришларидан тўсишнинг яна бошқа бир йўлини топди ва деди -
53. Бас, унга (Мусога осмондан худди подшоҳларнинг бўйнига гулчамбар ташланганидек) олтиндан бўлган билагузуклар ташланганида эди ёки у билан бирга фаришталар ҳамроҳ бўлиб келганида эди, (унинг пайғамбарлигига ишонсанглар бўлар эди. Ундоқ бўлмагач, нега унга иймон келтирасизлар)?!»
Фиръавн бу сўзлари билан қавмининг хаёлига Оллоҳнинг элчилари ҳам худди подшоҳларнинг элчилари каби бўйинларига олтин гулчамбарлар тақилиб, ясан-тусан қилган бўлишлари керак ёки худди подшоҳлар ўз аъёнлари қуршовида юрганлари каби пайғамбарлар ҳам, агар ҳақиқий пайғамбар бўлсалар, албатта уларнинг атрофини фаришталар қуршаб-қўриқлаб боришлари керак деган хурофий удумларни солиб, уларни васваса қилмоқчи бўлган эди. Албатта ҳар бир соғлом ақл эгаси бўлган инсон Мусо алайҳис-салом бирон-бир махлуқнинг эмас, Буюк Оллоҳ таолонинг ҳифзу ҳимоясида эканлигини, шунинг учун ҳам Фиръавндек подшоҳ ва унинг сон-саноқсиз рўпарўсида бир ўзи оғаси Ҳорун билан туриб ҳеч кимдан қўрқмасдан-ҳайиқмасдан золим подшоҳ ва унинг одамларини Ҳақ Йўлга даъват қилганини, Оллоҳ таоло Ўз элчисини қўллаб-қувватлаш учун унга ҳар қандай хавф-хатардан ҳимоя қиладиган мўъжиза асо ва мўъжиза қўл ато этганини билади ва Мусо ва Ҳорун алайҳимас-салом Оллоҳ таоло-нинг ҳақ пайғамбарлари эканликларига иймон келтиради. Аммо Фиръавн ва унинг одамлари бундай соғлом ақл ва фаросатга эга эмас эдилар.
54. Бас, у ўз қавмини (Мусога қарши) қўзғатди, улар унга итоат этдилар. Чунки, улар фосиқ қавм эдилар.
Яъни, Фиръавн юқорида айтгани каби сафсаталари билан қавмини аҳмоқ қилиб, Мусо алайҳис-саломга қарши кўзғатгач, уларни Оллоҳ таолонинг элчисига итоат этмасликка даъват қилгач, у жоҳил қавм золим подшоҳга бўйинсундилар ва унга кўшилиб Мусо алайҳис-саломни ёлғончи қилдилар. Чунки улар фисқу фужурга берилган, Яратганга тоат-ибодат қилишни хоҳламайдиган фосиқ қавм эдиларки, худди мана шу фосиқ-ликлари касофатидан мана шу дунёнинг ўзидаёқ қилмишларига яраша ҳақли жазога гирифтор қилиндилар -
55. Бас, қачонки улар Бизни дарғазаб қилишгач, Биз улардан интиқом олдик - уларнинг барчаларини (денгизга) ғарқ қилиб юбордик.
Яъни, қачонки у фосиқ қавм Биз уларга ато этган ҳадду ҳисобсиз ноз-неъматлардан баҳраманд бўла туриб бир маҳлуққа - золим Фиръавнга сиғинишиб, Биз юборган элчи - Мусо алайҳис-салом кўрсатган қанчадан-қанча мўъжизаларни ўз кўзлари билан кўриб турган ҳолла-рида уни ёлғончи қилишиб, Бизнинг ғазабимизга қолганларидан кейин бу куфрони неъмат ва итоатсизликлари учун Биз улардан бениҳоя қаттиқ ўч-интиқом олдик - улардан биронтасини тирик қолдирмасдан денгизга чўктириб юбордик! Худди ўша - куни-кеча Фиръавн “остим-дан оқиб турган дарёлар менинг мулким эмасми”, деб мақтанган дарёлари у золим подшоҳ ва фосиқ қавм учун умумий қабрга айланди! Неъматга ношукрлик қилиб, ўша неъматнинг ҳақиқий Эгасига итоат-ибодат қилмайдиганларнинг жазоси мана шундай - худди ўша неъматнинг ўзи уларни ҳалок қилгувчи кулфатга айланиб қолиши билан бўларкан!
Аҳмад, Табароний, Байҳақий ва Ибн Абу Ҳотам Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Қачон сен Оллоҳ таборака ва таоло бир бандага у хоҳлаган нарсани ато этаётганини, у эса тинмасдан Оллоҳга исён-итоатсизлик қилаётганини кўрсанг, билгингки, бу у фосиқ банда учун неъмат эмас, Оллоҳ таоло томонидан унинг гуноҳларини аста-секин, даражама-даража кўпайтиришдир”, дедилар ва мазкур ояти каримани тиловат қилдилар. (“Тафсири Мунийр»дан).
56. Сўнг уларни кейингилар учун салаф ва мисол қилиб қўйдик.
Яъни, Фиръавн ва унинг қавми ҳодисаси улардан кейин келадиган барча инсонлар учун Ҳақ таоло томонидан бир Илоҳий ибрат қилиб қўйилди: кейингилардан ким ана ўша фосиқ қавм қилган ишни қилса, яъни, қайси ҳукмдор ўзини Худо санаб бандаларига зулм-зўравонлик қилса ва қайси қавм Оллоҳни қўйиб подшоҳларига сиғинса, Фиръавн ва унинг қавми улар учун салафдир - биринчи ўтган пешволардир, уларнинг устига ҳам худди ўша салафлари бўлган Фиръавн ва унинг қавми бошига тушган ҳалокат албатта тушади; кейингилардан ким Фиръавн ва унинг қавми қилган ишни қилмоқчи булса, улар бундай мудҳиш ниятдан ўзларини тийишлари учун Фиръавн ва унинг қавми дучор бўлган ҳалокат жуда ибратли мисолдирки, кўзларини очиб, бундай ҳалокат йўлидан олис бўлиб. Ёлғиз Оллоҳга тоат-ибодат қилсинлар!
57. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), қачонки (Ийсо) бинни Марям мисол келтирилганида, баногоҳ қавмингиз бундан (шодланиб) қичқира бошлайдилар.
“Ал-Муқтатаф мин уювнит-тафосийр” тафсирида айтилишича, Ийсо алайҳис-салом ҳақидаги мисолни келтирган кимса мушриклардан бўлган Ибн Забъарий эди. У кимса Оллоҳ таолонинг: “(Эй мушриклар), аниқки, сизлар ҳам, Оллоҳни қўйиб сиғинаётган бутларингиз ҳам жаҳаннамнинг ўтинидирсизлар. Сизлар албатта ўша (жаҳаннамга) тушгувчидирсизлар”. (Анбиё сураси, 98-оят) деган Сўзи ҳақида Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам билан тортишиб: “Бу (яъни, жаҳаннамга ўтин булиш) фақат биз маккаликларгами, ёки бошқа умматларга ҳамми?” деган эди, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизларга ҳам, қолган умматлар орасидаги Оллоҳдан ўзгаларга сиғинадиган кимсаларга ҳам”, дедилар. Шунда у мушрик: “Каъбанинг Эгасига қасамки, эй Муҳаммад, мен сен билан даъволашаман. Насронийлар Ийсо Масийҳга сиғинмайдиларми?! Яҳудийлар Узайрга сиғинмайдиларми?! Бану Малийҳ қабиласидагилар бўлсалар малоикаларга сиғинадиларку?! Бас, агар ўша Ийсо, Узайр ва малоикалар ҳам дўзахга тушадиган бўлсалар, албатта биз ҳам дўзахга ўтин бўлишга розимиз”, деган эди, унинг бу сўзларидан хурсанд бўлган қавми кулишиб, мана Ибн Забъарий Муҳаммадни енгди деб шодланишиб шовқин қила бошладилар. Ояти карима ана ўша воқеа ҳақида нозил бўлди.
Ўша онда Ҳақ таоло Ўз Элчисининг етказган ояти ҳақ эканини тасдиқлаб, Оллоҳ севган бандалар ҳеч қачон жаҳаннамга тушмасликларини таъкидлаб: «Албатта қай бир кишилар учун Бизнинг томонимиздан гўзал (манзилат-мартаба ваъдаси) ўтган эди - ана улар (жаҳаннамдан) узоқ қилингувчидирлар. Улар (жаҳаннамнинг) шарпасини ҳам эшитмаслар. Улар ўзлари истаган неъматларда абадий қолгувчидирлар. Уларни Буюк Даҳшат маҳзун қилмас. Фаришталар уларни: «Мана шу сизларга ваъда қилинган Кундир», (деб) кутиб олурлар», (Анбиё сураси, 101-103-оятлар) оятларини нозил қилди.
58. Улар: «Бизларнинг илоҳларимиз яхшироқми ёки уми (яъни, Ийсоми?!) дедилар. Улар (бу мисолни) Сизга фақат талашиб-торти-шиш учунгина келтирдилар. Ахир улар хусуматчи-урушқоқ қавм-дирлар!
Ушбу ояти каримада зикр қилинган сўзлар ҳам ўша Ибн Забъарий ва унинг ҳамтовоқлари айтган сўзларнинг давомидир. Энди улар: “Эй Муҳаммад, бизларга айтгин-чи, бизларнинг худоларимиз яхшироқми ёки Ийсоми?!», деб қичқиради. Шунда юқоридаги оятлар нозил бўлиб, Ийсо пайғамбар Оллоҳ таоло ҳузурига кўтарилиб кетгандан кейин насронийлар у зотни худо қилиб олишганлари учун у киши айбдор эмасликлари, бу мушриклар эса фақат талашиб-тортишиш учунгина бундай беҳуда мисолларни келтиришлари баён этилади. Қуйидаги оятларда Ийсо бинни Марям ким бўлганлиги хусусида яна бир бор уқтирилади.
59. (Ийсо) фақатгина Биз (пайғамбарлик) инъом этган бир бандадир. Биз уни (отасиз дунёга келтириш билан) бани Исроил учун (Бизнинг Қудратимизни намойиш қиладиган) бир мисол-ибрат қилдик.
Яъни, Ийсо ибн Марям илоҳ эмас, бандадир. Оллоҳ таоло у бандасига пайғамбарликни инъом қилди ва уни қавми Бани Исроилга бир неча ишларда Оллоҳ таолонинг Қудрати нақадар улуғлигини кўрсатадиган ибратли мисол қилиб қўйди. Биринчидан; Оллоҳ таоло Ийсони отасиз дунёга келтирди ва бу билан Ўзининг ҳар ишга Қодир Зот эканлигини намойиш қилди. Шунингдек, Оллоҳ таоло Ўзининг солиҳ бандаси Ийсо ибн Марямга бошқа ҳеч бандага берилмаган хислатларни ато этди. Ийсо Оллоҳ таолонинг Изни-Иродаси билан ўликларни тирилтирар, кўрлар-нинг кўзини очиб юборар, пес-мохов ва бошқа барча дардларни тузатар эди. Ийсонинг отасиз дунёга келиши албатта Одамнинг ота ва онасиз тупроқдан яралиши олдида осон бир иш эди. Оллоҳтаоло бу ҳақда алоҳида бир оятда таъкидлаган: «Албатта Ийсонинг (отасиз туғилишининг) мисоли Оллоҳ наздида худди Одамнинг мисоли кабидирки, уни тупроқдан яратиб, сўнгра «Бўл», деди. Бас, у (жонли одам) бўлди». (Ол-и Имрон сураси, 59-оят).
Ривоят қилинадики, бир гуруҳ насронийлар Пайғамбар алайҳис-салом ҳузурларига келиб: «Нега сен Ийсони: «У ҳам бир инсон, Оллоҳнинг бандаси», деб ҳақорат қиласан! Агар у худо бўлмаганида отасиз туғилар-миди?», дейишди. Шунда Одамнинг на ота, на онасиз дунёга келиши уни бандалик қилишдан тўсмагани янглиғ, Ийсонинг отасиз туғилиши ҳам унинг банда бўлишига монеъ бўлмайди, деган мазмунда юқоридаги оят нозил бўлди.
Дарвоқеъ, отаси ҳам онаси ҳам бўлмаган Одам алайҳис-саломни ҳеч ким, жумладан насронийлар ҳам “Бу ота-онасиз дунёга келди, демак, у инсон эмас, у худо”, демайдику?! Нега отасиз дунёга келган Ийсони худо демоқдалар?! Албатта, уларнинг бу даъволари мутлақо бо-тил даъводир.
Хоҳлаган ишини қилишга қодир бўлган Ягона Зот - Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло Ўзининг нақадар чексиз-чегарасиз Куч-Қудратга Эга эканини намойиш қилиб, ҳеч ким, ҳеч қандай йўл билан инкор қила олмайдиган, Ҳидоятга эришган бахтли бандалар эса: “Қудратингга тасанно, Парвардигор”, деб иймонлари янада қувватланадиган Илоҳий Мўъжизаларни халқ қилдики, улардан бири Одамнинг ота-онасиз, тупроқдан яратилиши, иккинчиси, Ҳаввонинг онасиз, Одамдан яратилиши, учинчиси, Ийсонинг отасиз, Марямдан туғилишидир.
Одам ҳам, Ҳавво ҳам, Ийсо ҳам фақат Оллоҳ таолонинг биргина сўзи - “Бўл”, деган Фармони билан дунёга келганлар ва ҳар уччови Оллоҳнинг бандаларидир. Бу ҳақиқатни магар маймундан тарқаганлар инкор қилмасалар, Одам болалари инкор қилишлари мумкин эмасдир.
60. Агар Биз хоҳлаганимизда, албатта сизларнинг ўрнингизга Ерда халифа бўладиган фаришталарни (пайдо) қилган бўлур эдик.
Ушбу ояти каримада Оллоҳ таоло учун нафақат Ийсони отасиз яратиш, балки Ер юзидаги барча одамларни ҳалок қилиб, уларнинг ўрнига фаришталарни кўйиб кўйиш ҳам жуда осон иш эканлиги таъкидланади.
Демак, инсонларнинг вазифаси Яратганнинг Амри билан отасиз дунёга келган Ийсо алайҳис-саломни Оллоҳнинг ўғли деб эътиқод қилиш эмас, балки агар хоҳласа, Ер юзини гуноҳлар қиладиган, бир-бирининг қонини тўкадиган одамлар ўрнига бегуноҳ, бир умр Ёлғиз Оллоҳга тоат-ибодат қиладиган малоикалар билан обод қилишга ҳам Қодир бўлган Танҳо Маъбуди Барҳақ Оллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг Ўзига бандалик қилишдир.
61. Албатта (Ийсо Қиёмат) Соати ҳақидаги билим-аломатдир. Бас, сизлар у (Соат) ҳақида ҳаргиз шак-шубҳа қилмангиз!
Саҳобайи киромлардан Ибн Аббос ва Қатоданинг айтишларича, (Ол-лоҳ улардан рози бўлсин), Қиёмат қойим бўлиши олдида Оллоҳ таоло Ийсо алайҳис-саломни самодан Ерга тушириб, у киши бутун Ер юзида Ислом ҳукмини юргизар экан. Шунинг учун ушбу ояти каримада Ийсо -Қиёмат аломатидир дейилди. Оятнинг давомида энди Пайғамбар алайҳис-саломга буюрилади:
(Эй Муҳаммад алайҳис-салом, Макка аҳлига айтинг): «Менга эргашинглар! Мана шу Тўғри Йўлдир.
62. Сизларни ҳаргиз шайтон (Оллоҳнинг Динидан) тўсмасин! Албатта у сизлар учун очиқ душмандир».
Яъни, шайтон инсонни фақат уч нарсага буюриши мумкин, холос. Би-ринчиси, у дунёдаги барча ёмонликларга буюради. Демак, шайтоннинг сўзига - васвасасига қулоқ солган кимсалар ҳеч қачон яхши одамлар бўлмайди, бошқача айтганда, фақат ёмон одамларгина Оллоҳни қўйиб шайтонга қулоқ соладилар. Иккинчиси, ёмонликдан ҳам ёмонроқ бўлган бузуқликларга буюради. Демак, шайтонга эргашган кимса Шариат манъ қилган, соғлом ақл ҳам инкор қиладиган бузуқликларни, нопокликларни, ҳатто фоҳишалик ва баччавозлик каби ҳайвонлар ҳам ҳазар қиладиган, инсонни, оилани, жамиятни ҳалокатга олиб борадиган иллатларни хотиржам қабул қиладиган, ҳатто уни эркинлик (демократия) деб атайдиган бўлиб қолади. Учинчиси эса, инсонни диндан чиқариб юборадиган энг даҳшатли жиноят бўлиб, шайтонга эргашган кимса ўзининг ҳеч қандай билими бўлмай туриб, Оллоҳ номидан сўзлай бошлайди. Шайтонга эргашган кимсалар ўзларининг ёмонликлари, бузуқликлари етмагандай, энди бошқаларни ҳам бузиб, Ҳақ Йўлдан оздира бошлайдилар.
Маккор иблис одамларга нисбатан бўлган адоватини жуда қадимдан - биринчи инсондан бошлагани тарихдан маълумдир. Одамзотнинг отаси бўлмиш ҳазрати Одам алайҳис-салом ва у зотнинг жуфти ҳалоли Ҳавво худди ўша малъун иблиснинг иғвосига алданиб қолганлари учун маълум муддатга жаннатдан маҳрум бўлдилар ва то Қиёмат дунёга келадиган авлод-зурриётлари ҳам дунёдаги ҳаётларини кўкда эмас ерда ўтказишларига сабабчи бўлдилар. Энди эса шайтони лаийн Одам болаларини Охират ҳаётларида Ота Юртлари бўлмиш Жаннатларга кўтарилмасликлари учун кучи борича ҳаракат қилади ва тўрт томонларидан келиб тинимсиз алдайди, турли-туман гуноҳ-маъсиятларга чорлайди. Шунинг учун ҳам бандаларига бениҳоя Меҳрибон Оллоҳ таоло уларга шайтон очиқ душман эканини Ўз Каломида такрор-такрор эслатади.
63. Қачонки Ийсо аниқ-равшан ҳужжат-мўъжизаларни келтиргач, деди: «Мана, мен сизларга Ҳикмат - Инжил билан келдим ва яна сизларга ўзларингиз ихтилоф қилаётган айрим нарсаларни баён қилиб бериш учун (келдим). Бас, Оллоҳдан қўрқингиз ва менга итоат этингиз!
Ушбу ояти кариманинг энг яхши тафсири мана бу оятдир: Унда Ийсо алайҳис-салом тилидан шундай дейилади: «(Мен сизларга) ўзимдан олдинги Тавротнинг (ҳақ эканлигини) тасдиқловчи бўлган ҳолда ва сизлар учун ҳаром қилинган (ёғ, туя гўшти, балиқ каби) айрим нарсаларни ҳалол қилиш учун (келдим). Ва сизларга Парвардигорингиздан оят-далил келтирдим. Бас, Оллоҳдан қўрқингиз ва менга итоат қилингиз!» (Ол-и Имрон сураси, 50-оят).
Ояти каримада Ийсо алайҳис-салом ўз қавми бани Исроилга мурожаат этишда давом қилиб, ўзининг аввал келган Тавротни инкор этгувчи эмас, балки тасдиқловчи бўлиб келганини айтади.
Дарвоқеъ, Оллоҳ таоло элчилари бўлмиш пайғамбарлар силсиласига назар ташланса, ҳар бир кейинги пайғамбар ўзидан илгари келган пайғамбарларнинг давомчиси бўлиб келгани маълум бўлади. Бунга сабаб, уларни Ўзи билан бандалари ўртасида элчилик қилишдек буюк вазифа учун танлаб, пайғамбар қилиб юборган Зот Бирдир, у пайғамбарларнинг қилган даъватлари, келтирган динлари ҳам бирдир, яъни, уларнинг ҳар бири ўз қавмига бутун оламларни, жумладан, уларнинг ўзларини ҳам яратган Оллоҳ борлигини, Унинг Ўзигина Танҳо Маъбуди Барҳақ эканини, борлиқдаги барча махлуқот Унга бўйсуниб-итоат этишини айтиб - етказиб, демак инсонлар ҳам бошқа мавжудотлар каби Унинг Борлигини, Бирлигини билиб - тан олишлари ва Ёлғиз Унга ибодат қилишлари фарз эканини ўргатиш учун келгандирлар. Бас, барча пайғамбарлар келтирган дин бир диндир. У “ла илаҳа иллаллоҳ” билан бошланиб, “Муҳаммадур - Расулуллоҳ” билан мукаммал бўлди. Бинобарин, илгари ўтган, “Ла илаҳа иллаллоҳ - ҳеч қандай илоҳ йўқ, Ёлғиз Оллоҳ бор” деб иймон келтирган ва ўзларига келган Оллоҳнинг элчиларини-пайғамбарларни тасдиқлаб, улар келтирган шариатга - Диний таълимотларга амал қилган барча инсонлар бир диндадирлар - мусулмондирлар, ақидалари бир ақидадир. Фақат улар келтирган шариат аҳкомлари ўртасида фарқлар бўлиб, Яратган-нинг Амри билан ҳар бир кейинги келган пайғамбар ўзигача амал қилиб келинган шариатнинг айрим ҳукмларини тўхтатиб, ўзгартириб, уларнинг ўрнига Ҳақ таоло тарафидан буюрилган янги ҳукмларни жорий қилган ва бу муваққат ҳукмларнинг ўзгариб, янгиланиб туриши то охир замон Пайғамбари Ҳазрати Муҳаммад Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга Қуръони Карим нозил бўлиб, то Қиёматгача бир ҳарфи ҳам ўзгармайдиган Шариати Исломийя - илгари мисли кўрилмаган, мутлақо тенги йўқ ва мукаммал Илоҳий Қонунлар келгунича давом этган. Қачонки Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам бутун Ер юзига пайғамбар қилиб юборилиб, у зотга Қуръони Карим тўла нозил бўлиб битгач, Ҳақ таоло: “Бугун Мен сизлар учун Динингизни комил қилдим, (сизларни динсизлик зулматларидан иймон нурига чиқариш билан) Мен сизларга неъматимни тўкис қилиб бердим ва сизлар учун Исломни Дин қилиб танладим (яъни, Исломдан бошқа динлар Оллоҳ ҳузурида мақбул эмас)”. (Моида сураси, 3-оят) деб, Одам алайҳис-саломга юборилган ваҳийлар билан бошланган Дин Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга нозил бўлган Қуръон билан ўз камолига етганини, энди Оллоҳнинг Динига ҳеч қачон, ҳеч ким томонидан ҳеч нарса қўшиб, ўзгартирил-маслигини, Қуръони Каримни Ўзи ҳимоя қилиб асрашини - Албатта бу Эслатмани - Куръонни Биз Ўзимиз нозил қилдик ва шубҳасиз, Ўзимиз уни сақлагувчимиз. (Ҳижр сураси, 9-оят) - эълон қилди. Пайғамбаримиз Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламдан аввал юборилган пайғамбарларга келган шариат ҳукмлари эса доимо ўзгариб, янгиланиб турган. Шунинг учун ушбу ояти каримада Ийсо алайҳис-салом бани Исроилга: “(Мен сизларга) ўзимдан олдинги Тавротнинг (ҳақ эканлигини) тасдиқловчи бўлган ҳолда ва сизлар учун ҳаром қилинган (ёғ, туя гўшти, балиқ каби) айрим нарсаларни ҳалол қилиш учун (келдим). Ва сизларга Парвардигорингиздан оят-далил келтирдим”, дегани ҳақида хабар берилди.
Шунингдек, Ийсо ўз қавмига: “Бас Оллоҳдан қўрқингиз ва менга итоат этингиз”, дейиш билан Диннинг асос-моҳияти бўлган уч нарсани билдирди. Яъни, биринчидан, ўзининг Оллоҳ томонидан юборилган элчи эканини, иккинчидан, Ёлғиз Оллоҳдан қўрқиш, фақат Оллоҳ таолонинг Ўзига ибодат қилиш фарз эканини ва учинчидан, Оллоҳ таолодан қўрққан, тақводор банда Унинг Элчисига итоат қилиши вожиб эканини билдирди. Ушбу мазмун навбатдаги ояти каримада янада аниқ ва равшан айтилди.
64. Албатта менинг Парвардигорим ҳам, сизларнинг Парвардигорингиз ҳам Оллоҳнинг Ўзидир, бас, (Ёлғиз) Унга ибодат қилингиз! Мана шу Тўғри Йўлдир».
Ушбу ояти карима Ийсо алайҳис-салом ҳақидаги насронийларнинг сафсаталарига бутунлай чек қўяди. Бас, Ийсо Оллоҳнинг ўғли - шериги эмас, аксинча Унинг барча бандалари қатори бир қули экани очиқ маълум бўлди, Ёлғиз Оллоҳ таолога бандалик қилишгина Тўгри Йўл экани кўрсатилди.
Ийсо алайҳис-салом бани Исроилга юборилган пайғамбарларнинг сўнггиси бўлиб, у ҳам худди аввалги пайғамбарлардек, Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилган, Ундан қўрққан ва Унинг элчиларига итоат этган инсонгина Тўғри Йўлда бўлишини, бу Йўлнинг поёни Жаннат эканини ўз қавмига етказган ҳамда ўзи тақвода ва Ҳақ таолога ибодатда уларга андоза-ибрат бўлган бир солиҳ банда эди. Шунингдек, Ийсога ҳам бошқа пайғамбарларга ато этилгани каби мўъжизалар берилган ва у мана шу мўъжизалар орқали ўзининг ҳақ пайғамбар эканини исботлаб, ўз қавми бўлган бани Исроилга Оллоҳ таоло нозил қилган Инжил китобида буюрилган кўрсатмаларни етказар эди. Аммо унинг: “Албатта Оллоҳ Парвардигорим ва Парвардигорингиздир. Бас, Унга бандалик қилингиз! Мана шу Тўғри Йўлдир”, деган сўзи ҳаммага ҳам ёқавермас эдики, бу жиҳатдан ҳам Ийсо алайҳис-саломнинг тақдири бошқа пайғамбарлар тақдирига жуда ўхшаш эди. Яъни, Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилишга даъват қилган барча пайғамбарлар, уларнинг қаторида Ийсо ҳам ўз қавми томонидан қаттиқ қаршиликка учраган эди. Қуйидаги оятда сўз шу ҳақда боради.
65. Бас, (Насронийларнинг ичидан чиққан) ҳизблар - фирқалар (Ийсо хусусида, айримлари уни «худо», деб, айримлари «Худонинг ўғли, деб) ўзаро ихтилоф қила бошладилар. Бас, у золим кимсаларга аламли Кун (Қиёмат)нинг азоби - ҳалокат бўлғай!
Яъни, Ийсо алайҳис-салом элчи қилиб юборилган Бани Исроил қавми Ийсо кўрсатган мўъжизаларга тирик гувоҳ бўлганларидан кейин ҳам дарҳол унинг Оллоҳнинг элчиси эканига, қўлидаги Инжил Оллоҳнинг каломи эканига иймон келтирмадилар, балки бир ёқда яҳудийлар Ийсонинг онаси Марямни зинокор деб, унинг ўзини валади зино деб ҳақоратлар қилдилар, бошқа ёқда бўлса ўзларини насроний санаган бошқа тўдалар ўзаро талашиб-жанжаллашиб, бир тўда «Ийсо Оллоҳнинг ўғли» деса, бошқаси «У Оллоҳнинг ўзи» деб, яна бошқа бир тўда эса «Ийсо учта худонинг бири» деб ихтилофлар қилдиларки, Ҳақ таоло ундай ҳизбларнинг барчалари Ҳақни ботилга аралаштирган золимлар эканлигини айтиб, улар учун аламли Қиёмат Кунидаги азоб-уқубатлар нақд экани ҳақида қаттиқ огоҳлантиради.
66. Улар фақат ўзлари сезмаган ҳолларида (Қиёмат) Соати тўсатдан келиб қолишини кутмоқдалар, холос.
Яъни, ундай мушрик-кофир кимсалар - Оллоҳ таолога ширк келтирадиган, унинг элчиларини ёлғончи қиладиган, Оллоҳ таоло буюрган Ҳақ динда иттифоқ бўлмасдан турли-туман тўдаларга бўлиниб олиб бир-бирлари билан талашиб, жанжал қиладиган ҳизбларнинг барча-барчаси фақат бир нарсани - ҳеч ўйламаган-билмаган, дунё маишатига берилиб, Охират хаёли хотирларига келмаган ҳолларида тўсатдан Қиёмат Соати келиб қолишини кутмоқдалар, холос! У Кун келганида эса, ҳеч бир тавба-тазарру, ҳеч қандай афсус-надоматлар фойда бермас!
67. У Кунда дўстлар бир-бирларига душмандир, магар (Оллоҳ Йўлида дўстлашган) тақводор зотларгина (Қиёматда ҳам дўстдирлар).
Али каррамаллоҳу важҳаҳу ушбу ояти карима тафсирида айтади: «Икки мўмин дўст ва икки кофир дўст бор эди. Икки мўмин дўстдан бири вафот қилди-ю, ҳаёт қолган дўсти ҳақида дуо қилиб: «Ё Парвардигорим, фалончи мени Сенга тоат-ибодат қилишга ва Сенинг Элчингга итоат этишга буюрар эди, мени яхши амалларга буюриб, ёмон амаллардан қайтарар эди ва менга албатта Сенга рўбарў бўлишим ҳақида хабар берар эди. Ё Парвардигорим, мендан кейин уни адаштириб қўймагин, Ўзинг мени Тўғри Йўлга ҳидоят қилганинг каби уни ҳам ҳидоят қилгин, мени Дини Ислом билан азиз-мукаррам қилганинг каби уни ҳам қилгин», деди. Бас, қачонки ўша мўмин дўсти ҳам вафот қилгач, иккиси жамланур ва Парвардигор: «Бирингиз иккинчингизни мақтангиз!” деб буюрур. Шунда улардан ҳар бири соҳибини: «Мунча яхши биродар, мунча яхши дўст, мунча яхши соҳиб”, деб мақтар. Икки кофир дўстдан бири ўлганда эса, у ўлибоқ: «Эй Парвардигорим, Фалончи мени Сенга тоат-ибодат қилишдан ва Сенинг Элчингга итоат этишдан қайтарар эди, мени ёмон ишларга буюриб, яхши ишлардан қайтарар эди ва менга Сенга рўбарў бўлиш йўқ нарса, дер эди”, деб шикоят қилади. Бас, Оллоҳ таоло: «Мунча ёмон биродар, мунча ёмон дўст, мунча ёмон соҳиб», дер, Бас, у иккиси бир-бирини лаънатлар”. («Маолимут-танзийл» тафсирдан).
68-69. (Ўша Кун уларга айтилур): «Эй, Бизнинг оятларимизга иймон келтирган ва мусулмон бўлган бандаларим, бу Кун сизлар учун ҳеч хавфу-хатар йўқдир ва сизлар асло ғамгин бўлмайсизлар.
«Тафсири Қуртубий» да ривоят қилинишича, Қиёмат Кунида жарчи: «Эй бандаларим, бу Кун сизлар учун ҳеч хавф йўқдир ва сизлар асло ғамгин бўлмайсизлар”, деб жар солганида, жамики халойиқ мусулмон ҳам, кофири ҳам бошларини кўтариб: «Оллоҳнинг бандалари бизмизда”, деб шодланадилар. Кейин жарчи иккинчи марта жар солиб: «Бизнинг оятларимизга иймон келтириб мусулмон бўлганлар”, деганида кофирларнинг бошлари ерга эгилиб, Оллоҳтаолони Танҳо Илоҳ деган мусулмонларнинг бошлари кўтарилганича шод-хуррам ҳолларида қоладилар. Кейин жарчи учинчи марта жар солиб: «Улар иймон келтирган ва Оллоҳдан кўрқувчи бўлган зотлардир”, (Юнус сураси 63-оят), деганида, мусулмонлар орасидаги катта гуноҳлар қилганларнинг ҳам бошлари ерга эгилиб, тақво эгаларининг бошлари кўтарилганича шод-хуррам ҳолларида қоладилар. Шунда уларга айтиладики -
70. Сизлар жуфтларингиз билан бирга шод-хуррам бўлган ҳолла-рингизда жаннатга кирингиз!»
Шундай қилиб, мўминлар орасидан биринчи бўлиб тақво эгалари ўз-ларига ҳаёти дунёда жуфти ҳалол бўлган муслималар билан шод-хуррам бўлган ҳолларида иззат-икромлар билан жаннатга кирадилар.
Оятлар мазмунидан аниқ-равшан маълум бўладики, қай бир мўмин ҳам дунёда ҳақиқий бахтли инсон бўлишни, ҳам Охиратда бирин-чилардан бўлиб Қиёмат даҳшатларидан халос бўлиб шод-хуррам ҳолда жаннатга киришни истаса, бунинг биргина шарти бор - Оллоҳдан қўрқиб тақво билан покиза ҳаёт кечирсин ва Оллоҳдан қўрқадиган, унга нафақат ҳаёти дунёда, балки Охиратда, Оллоҳ таоло ҳузурида ҳам асқотадиган инсонлар билан дўстлашсин ва уларни Оллоҳ ризоси учун яхши кўрсин ҳамда Олллоҳ йўлида дўстлашган ёру биродарлари билан бирга Оллоҳ таолонинг Раҳматига эришиб, жаннатига дохил бўлсин. Шунда -
71. Уларга олтиндан бўлган лаганлар(да таомлар) ва қадаҳлар(да шароблар) айлантирилур. У жойда кўнгиллар тилайдиган ва кўзлар лаззатланадиган (барча) нарса бордир. Сизлар у жойда мангу қолурсизлар.
Меҳрибон Парвардигорнинг Марҳамати билан жаннат аҳлига ато этиладиган беқиёс иззат-икром ва ноз-неъматлар ҳақида бошқа сураларда ҳам такрор-такрор зикр қилинади. «Уларга кумуш идишлар(да таомлар) ва ўзи кумушдан (ясалган бўлсада нафислигидан) шиша-шиша (бўлиб кетган) қадаҳлар(да шароблар) айлантирилиб турилур. (У шаробларни соқийлар ҳар кимнинг эҳтиёжига яраша) ўлчаб-белгилаб қўйгандирлар. (Жаннат аҳли) у жойда мизожи-аралашмаси занжабил бўлган майкосалар билан - (жаннатлардаги) салсабил-ўтимли деб аталадиган чашма билан суғорилурлар. Уларнинг устида мангу ёш (яъни, ҳеч қаримайдиган) болалар (хизмат қилиб) айланиб турурларки, уларни кўрган вақтингизда (гўзалликлари, рангларининг тиниқлиги ва юзларининг нурлилигидан) сочиб юборилган гавҳарларми, деб ўйларсиз. У жойда қачон қарасангиз ноз-неъматларни ва катта мулку давлатни кўрурсиз. Уларнинг устларида яшил ипак ва шойи либослар бўлиб, улар кумуш билакузуклар билан безангандирлар ва Парвардигорлари уларни ниҳоятда покиза шаробла суғоргандир. Албатта бу (жаннат ва ундаги ноз-неъматлар) сизлар учун мукофот бўлди ва сизларнинг саъй-ҳаракатларингиз (Оллоҳ наздида) мақбул бўлди». (Инсон сураси, 15-22-оятлар).
«Саҳиҳайн»да Ҳузайфа розияллоху анҳудан ривоят қилинишича, у Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деяётганларини эшитган экан: «Ипак-шойи либослар кийманглар, олтин-кумуш идишда ичманглар ва ундай лаганларда еманглар! У нарсалар дунёда уларники-дир, Охиратда сизларникидир». («Тафсири Куртубий»дан).
Муслим Абу Саид Худрий ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилган: “Жарчи аҳли жаннатга: “Энди сизлар доимо соғ-саломат бўласизлар - ҳеч қачон оғримайсизлар, мангу ҳаёт бўласизлар - ҳеч қачон ўлмайсизлар, доим ёш бўласизлар - ҳеч қачон қаримайсизлар, энди сизлар мангу неъматлар ичида яшайсизлар, ҳеч қачон бахтсиз бўлмайсизлар”, деб жар солади.
72. Қилиб ўтган амалларингиз сабабли сизларга мерос қилиб берилган жаннат мана шудир.
Ояти каримада мўминларга қилиб ўтган амаллари сабабли жаннат мерос қилиб берилгани айтилди.
Албатта биз ожиз бандаларда: “Банданинг жаннатга киришига сабаб унинг қилган амалими ёки Оллоҳ таолонинг Фазлу Карамими”, деган савол туғилиши табиийдир. Бу саволимизга муфассир уламолар шундай жавоб қиладилар: “Албатта банданинг жаннатга ҳақли бўлишига унинг қилган амали сабаб бўлади, чунки Оллоҳ таоло: “Қилиб ўтган амалларингиз сабабли сизларга мерос қилиб берилган жаннат мана шудир”, деди. Аммо банданинг ўша жаннатга кириши эса фақат Яратганнинг Фазлу Марҳамати билан бўлади. Бу ҳақда Нисо сурасида айтилган: “Бу Оллоҳ томонидан бўлган Фазлу-Марҳаматдир. Оллоҳнинг Ўзи етарли Билгувчидир. (Нисо сураси, 70-оят).
Албатта итоатли бандаларга ато этиладиган дунё ва Охиратдаги бахтли ҳаёт, улуғ ажр, жаннат ва у жойда улуғларга ҳамсуҳбат бўлиш - бу буюк неъматларнинг барчаси Оллоҳ таоло томонидан Фазл-Марҳаматдир. Яъни, Оллоҳ ҳеч кимдан ҳеч нарса қарздор эмас, одамлар қилган амаллари қанчалар яхши бўлмасин, уларга бериладиган ажр-мукофотлар олдида жуда оз, арзимас амаллардир. Фақат Ҳақ таоло бандаларига Фазлу Карам кўрсатиб, уларнинг оз ва нуқсонли амалларини кўп ва комил ибодат қатори баҳолаб, улуғ ажрлар ато этади. Жаноби Ҳақ итоатли, тақволи инсонларни ҳам, йўлдан озган осийларни ҳам, риёкор мунофиқларни ҳам жуда яхши Билгувчидир.
Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Ўртача ва тўғри амал қилинглар ва билингларки, сизлардан ҳеч ким ўз амали билан нажот топмас”, деганларида саҳобалар: “Сиз ҳамми, ё Расулуллоҳ”, дейишди. Айтдилар: “Мен ҳам ўз амалим билан нажот топа олмасман, магар Оллоҳ мени Ўз томонидан Марҳамат ва Фазл билан ўраса, ана ўшандагина (қилган амалим сабабли жаннатга кирурман)”.
Бас, ҳар бир мусулмон қўлидан келганича амал-ибодат қилиши, аммо “мени мана шу амалим жаннатга олиб киради”, деб Оллоҳ таоло унга берган ва бераётган сон-саноқсиз неъматлари олдида ўта арзимас нарса бўлиб қоладиган нуқсонли амалига суянмасдан, аксинча бандаларига Фазлу Карамда тенгсиз бўлган Ҳақ таолонинг Илоҳий Марҳаматидан умидвор бўлиши лозим.
Демак, Ҳақ таоло ҳаёти дунёдан иймон ва солиҳ амаллар билан ўтган бандаларини Ўз Фазлу Карами билан жаннатларга киритиб, уларга қилган амалларига ажр-мукофот қилиб улуғ манзилларни ато этар экан.
Энди, ояти каримада зикр қилинган жаннат - мўминларга мерос қилиб берилишига келсак, уламолар бу иборани икки хил тафсир қилганлар: Биринчиси: мўмин инсон бу ҳаёти дунёдан иймон билан ўтиб олса, яхши амаллари кўп ёки озлигидан қатъий назар унга жаннатдан бир улуш мерос сифатида, яъни, қилган амалининг ҳаққи-ажри сифатида эмас, балки фақат мўминлиги шарофатидан Яратганнинг Фазлу Раҳмати билан мерос қилиб берилади.
Иккинчиси: Жаннатда мўминларга ўзларининг манзилларидан ташқари яна кофирларнинг жаннатдаги жойлари ҳам мерос қилиб берилади, деган тафсир бўлиб, мана бу ҳадиси шарифга асослангандир:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расуллуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта ҳар бир инсон учун жаннатда бир манзил, дўзахда бир жой бордир. Бас, ким кофир ҳолда ўлса, унинг жан-натдаги манзили мўминга мерос қилиб берилур, мўмин вафот қилганида эса унинг дўзахдаги жойи кофирга мерос қилиб берилур”, деб хабар бердилар. (“Тафсири Бағавийдан).
73. Сизлар учун у жойда кўплаб мева-чевалар бўлиб, сизлар улардан ерсизлар.
Табарий ва Суютий ўз тафсирларида Абд ибн Ҳумайддан ривоят қилган ҳадиси шарифда: “Киши жаннат боғларидан қачон бир мевани узиб еса, ўша онда унинг ўрнига ўша мевадан иккиси униб чиқади. (“Маолимут-танзийл” тафсиридан).
Мазкур оятларда беш кунлик дунёда тақво билан яшаб ўтган мўмин-мусулмонларга мерос қилиб бериладиган жаннатдаги ноз-неъматлар беадад ва мангу боқий, боғ мевалари эса хазон билмас эканлиги баён этилди. Энди динсиз осийларнинг оқибатлари қандай бўлиши ҳақида хабар берилади.
74-75. Албатта жиноятчи кимсалар (яъни, кофирлар) жаҳаннам азобида мангу қолгувчидирлар. Улардан (азоб бирон лаҳза ҳам) енгил-латилмас ва улар (ўша азобда қолиб, энди нажот топишдан) бутунлай (умидлари узилиб) номурод бўлгувчидирлар!
Албатта, энг катта жиноят Яратганни танимаслик, Унинг Сўзига ишонмаслик, итоат этмасликдир. Бас, бундай жиноятнинг жазоси ҳам ўзига яраша катта - жаҳаннамдир.
«Улар учун жаҳаннамдан “тўшак”, устларидан эса (оловдан бўл-ган) “чойшаблар” бўлур. Биз золимларни мана шундай жазолагаймиз». (Аъроф сураси, 41-оят).
Яъни, кофирларнинг мангу “ором олиб” ётадиган “ётоқхоналари” дўзах бўлиб, жаҳаннам оловидан бўлган “тўшаклари” тагларини куйдиради, устларидаги “кўрпалари” ҳам ўша оловдан, ҳар тарафларини ўраб, аъзойи баданларидан бирон жойини қўймасдан қамраб, тинмасдан ловуллаб “иситиб” туради. Бас, уларнинг бутун вужудлари мангу олов ичидадир! Ҳақнинг ҳаққини адо қилмаган, Ҳаққа қуллик қилиш-дан орланган золимларнинг золимларига ўта муносиб жазо! Ҳақ таоло яна бошқа бир оятида ҳам кофирларнинг оладиган ҳақли жазолари ҳақида беқиёс ўткир киноя билан шундай дейди: “Улар учун устларидан ҳам оловдан бўлган «соябонлар», остларидан ҳам (оловдан бўлган) «соябонлар» бўлур. Бу (бўлажак азоб-уқубат) билан ОллоҳЎз бандаларини қўрқитур. Эй бандаларим, Мендан қўрқингиз!” “(Зумар сураси, 16-оят)”.
76. Биз уларга жабр қилмадик, балки улар (ўз жонларига) жабр қилгувчи бўлдилар.
Яъни, Биз уларни бегуноҳ азоблаш билан ёки улар мустаҳиқ бўлган жазодан қаттиқроқ азобга гирифтор қилиш билан уларга зулм қилганимиз йўқ, лекин улар ёмон амаллар, ўта оғир гуноҳлар қилиш билан - Ёлғиз Парвардигорлари бўлмиш Оллоҳга кофир бўлиш, Унинг элчи-пайғамбарларини ёлғончи қилиш билан ўз жонларига жабр қилдилар ва ана ўша мудҳиш жиноятларига яраша ҳақли жазоларини олдилар, жаҳаннамдаги мангу азобга хукм қилиндилар.
77. Улар (дўзах ходими бўлган фариштага) «Эй Молик, Парвардигоринг бизларга Ўз ҳукмини қилсин (яъни, тезроқ жонимизни олсин, бизлар бу азобдан кутулайлик», деб) нидо қилганларида, у: «Албатта сизлар (мана шу азобда мангу) тургувчидирсизлар», деди.
Яъни, жаҳаннам қаърида даҳшатли азоблар билан азобланаётган кофирлар нажот топишдан бутунлай умидлари узилгач, ўзларича “бу азоб-уқубатдан фақат ўлиб қутулишимиз мумкин”, дейишиб, дўзах қўриқчиси, дўзахийларни азоблаш вазифасини адо қилгувчи фаришталарнинг каттаси бўлган Молик исмли фариштага дод-вой қилишиб: “Эй Молик, Парвардигорингга айт, бизларни ўлимга ҳукм қилсин”, дейишга-нида, у: “Сизлар энди бу азобдан ҳеч қаёққа қочиб, ҳатто ўлиб ҳам қутула олмайсизлар! Сизлар мангу дўзахда қолгувчидирсизлар!” деб жавоб беради. Кофирларнинг бошига тушадиган бундай мудҳиш аҳвол ҳақида Фотир ва Ғофир сураларида ҳам хабар берилган эди: «Кофир бўлган кимсалар учун эса жаҳаннам ўти бордирки, на уларга (иккинчи бор ўлиш) ҳукм қилиниб, ўла олурлар ва на улардан (жаҳаннам) азоби енгиллатилур. Биз ҳар бир кофирни мана шундай жазолармиз. Улар у жойда: «Парвардигоро, бизларни (бу азобдан) чиқаргин, бизлар қилиб ўтган амалларимиздан бошқа яхши (амалларни) қилурмиз», деб дод-вой қилурлар. Ахир Биз сизларга эслатма оладиган киши эслатма олгудек узун умр бермаганмидик?! Сизларга огоҳлантиргувчи (пайғамбар) ҳам келган эди-ку! Бас, энди (азобларингизни) тотаверинглар! Энди золим кимсалар учун бирон ёрдамчи бўлмас!» (Фотир сураси, 36-37-оятлар). «(Шунда) дўзахдаги кимсалар жаҳаннам қўриқчиларига: «Парвардигорингизга дуо қилингиз, бизлардан бирон кунлик азобни енгиллатсин», деб ёлворганларида; Улар айтдилар: «Ахир сизларга пайғамбарларингиз аниқ ҳужжатлар билан келмаганмидилар?!» «Ҳа, (келган эдилар, лекин бизлар уларни ёлғончи қилган эдик)», деди улар. (Шунда фаришталар) айтдилар: «У ҳолда ўзларингиз дуо-илтижо қилаверинглар. Кофирларнинг дуо-илтижолари албатта залолатдадир (яъни, бефойдадир)». (Ғофир сураси, 49-50 оятлар).
78. Аниқки, Биз сизларга Ҳақни келтирдик, лекин сизларнинг кўпларингиз Ҳақни ёмон кўргувчидирсизлар.
Яъни, эй инсонлар, аниқки, Биз сизларга Ҳақ Динни очиқ-равшан баён қилиб бердик, сизларга элчиларимизни юбордик, Китобларимизни нозил қилдик, элчи пайғамбарларимиз сизларни Тўғри Йўлга даъват қилдилар, аммо сизлар бўлсангиз, Ҳақни қабул қилишдан бош тортдингиз, пайғамбарларимизни ёлғончи қилдингиз, саркашлик билан фақат куфрга рози бўлдингиз - сизларнинг аксарингиз Ҳақиқатни ва Ҳақиқат аҳлини ёмон кўргувчи бўлдингизлар! Ва охир-оқибатда мана шундай Жаҳаннам азобига гирифтор бўлдингизлар!
79. Балки улар (яъни, Макка мушриклари Пайғамбар алайҳис-саломга суиқасд қилиш учун) бирон ишнинг режасини тузмоқдадирлар?! Бас, албатта Биз ҳам (Ўз Пайғамбаримизга уларнинг макрларидан нажот бериб, у суиқасд қилгувчиларнинг ўзларини ҳалок этишга) режа тузгувчидирмиз. Муқотил раҳимахуллоҳ айтади: «Ушбу оят Макка мушриклари Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламга қарши суиқасд қилмоқчи бўлиб хуфёна режа тузганлари ҳақидадир. Дарҳақиқат, уларнинг катталаридан бир неча кимса йиғиладиган жойларида Абу Жаҳлнинг ташаббуси билан ҳар бир қабиладан бир киши қўшилган тўда Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламни қатл қилишда иштирок этиши, шунда Пайғамбар алайҳис-саломнинг қариндош-уруғлари у зотнинг хунини кимдан олишларини билмай, сарсон бўлиб қолишлари ҳақида хуфёна суиқасд режасини тузишади, бас, шу онда ушбу ояти карима нозил қилиниб, Ҳақ таоло мўминларни кофирларнинг бу махфий қарори ҳақида огоҳлантиради ва Унинг Ўзи албатта мушрикларнинг режаларига қарши режа тузиб қўйгани ҳақида хабар беради. Дарҳақиқат, орадан кўп вақт ўтмасдан Оллоҳ таолонинг қарори қандай бўлгани маълум бўлади: ўша хуфёна режа тузганларнинг ҳаммаси Бадр жангида қатл қилинадилар» («Тафсири Қуртубий»дан).
80. Балки улар Биз уларнинг сирларини (билмаслигимизни) ва шивир-шивирларини эшитмаслигимизни гумон қилмоқдадирлар?! Ундоқ эмас! Бизнинг элчиларимиз (фаришталар) уларнинг олдиларида (ҳар бир қилган ишларини) ёзиб турурлар.
Яъни, балки мушрик-кофир кимсалар Бизни уларнинг ҳеч кимга билдирмайдиган сирларини ва ўзаро шивирлашиб тузадиган режаларини эшитмайди, деб ўйлаётгандирлар. Йўқ! Биз ҳамма нарсани - яширинчасини ҳам, ошкорасини ҳам эшитиб, билиб турурмиз, шунингдек, Бизнинг ҳар бир инсон қилган ишини ва айтган сўзини биронтасини қолдирмасдан ёзиб турувчи элчи фаришталаримиз ҳам бордирки, инсонларнинг хуфёна тузадиган режаларини ҳам, ўзаро шивирлашиб яширинча чиқараётган қарорларини ҳам ана ўша фаришталар уларнинг номайи аъмолларига ҳеч ўчмайдиган қилиб ёзиб қўюрлар. Бу ҳақда бошқа бир сурада ҳам айтилган: «Аниқки, инсонни Биз яратганмиз, (демак), унинг нафси васваса қиладиган (яъни, кўнглидан ўтган барча) нарсаларни ҳам билурмиз. - Биз унга жон томиридан ҳам яқинроқдирмиз. Зотан, ўнг ва чап (томон)да ўтирган икки қабул қилгувчи (ёзиб тургувчи фаришта инсоннинг айтган ва қилган барча яхши-ёмон сўз-амалларини) қабул қилиб-ёзиб турурлар. У (инсон) бирон сўзни талаффуз қилмас, магар (талаффуз қилса), унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатгувчи (фаришта у сўзни ёзиб олур)». (Қоф сураси, 16-18-оятлар).
Яҳё ибн Муоз раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ким гуноҳларини одамлардан яширса-ю, осмонлардаги бирон нарса Унга яширин бўлмайдиган Зотга ошкор қилаверса, У Зотни ўзига қараб тургувчиларнинг энг беҳурмати деб билибдики, бу мунофиқлик аломатидир». («Тафсири Мунийр»дан).
81-82. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом, «Оллоҳнинг боласи бор», дейдиган мушрикларга) айтинг: «Агар Раҳмоннинг боласи бўлганида мен (у болага) ибодат қилгувчиларнинг биринчиси бўлур эдим, (лекин У Зотнинг боласи ҳам, хотини ҳам ёки бошқа бирон-бир шериги ҳам йўқдир)!» Осмонлар ва Ернинг Эгаси, Аршнинг Эгаси (бўлган Оллоҳ) улар сифатлаётган айблардан Покдир!
Ушбу оятларда Ҳақ таоло Ўзининг Танҳо Илоҳ эканини, бирон бир шерикка муҳтож эмаслигини, жуфти ҳам, фарзанди ҳам йўқлигини ва мушрикларнинг «фаришталар Оллоҳнинг қизлари», деган сифатлари-дан, насронийларнинг «Ийсо Оллоҳнинг ўғли», деган хурофотларидан мутлақо Пок Парвардигор эканини яна бир бор, энди тамоман ўзгача тарзда таъкидлайди. У Зот Ўзининг энг севикли бандаси ва сўнгги Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоху алайҳи ва салламга хитоб қилиб: “Эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз мушрикларга: «Агар Оллоҳ таолонинг боласи бўлганида, унга ҳаммадан аввал мен ибодат қилган ва сизларни ҳам ана шунга даъват қилган бўлар эдимку! Ахир сизлар менинг Ёлгиз Оллоҳ таолонинг Ўзига ибодат қилаётганимни ва бошқаларни ҳам ҳар доим мана шу ақийдага - Оллоҳ таолога ширк келтирмасликка, Унинг боласи бор, хотини бор деб ёки яна бошқа бирон-бир шериги бор деб мушрик бўлиб қолмасликка даъват қилаётганимни ўз кўзларингиз билан кўриб, қулоқларингиз билан эшитиб турибсизларку! Бас, нега сизлар менга - Оллоҳнинг Элчисига эргашиш, итоат этиш ўрнига Танҳо Маъбуди Барҳақ Оллоҳтаолога ширк келтирмоқдасизлар?» деб айтинг”, деб буюради. Ва Ўзининг осмонлар ва Ернинг ҳамда Ўзи яратган мавжудот-махлуқотлар ичида энг каттаси бўлган Аршнинг ҳам Эгаси эканини таъкидлаб, мушрик-кофир кимсалар сифатлаётган ҳар қандай айбу нуқсондан, жумладан «Унинг боласи, яъни, шериги бор», деган айбдан ҳам мутлақо Пок Парвардигор эканлиги ҳақида хабар беради. Зотан, «Агар (осмонлар ва Ерда) Оллоҳдан ўзга худолар бўлганида эди, албатта, (у худоларнинг ҳар бири ўз хоҳиш-иродасини амалга оширмоқчи бўлар ва бунинг натижасида Еру осмоннинг) ҳар иккиси бузилиб кетар эди. Бас, Арш Эгаси бўлмиш Оллоҳ улар сифатлаётган нарсадан (шериклардан) Покдир». (Анбиё сураси, 22-оят).
83. Бас, Сиз уларни тарк қилинг! Улар то Ўзларига ваъда қилинаётган Кунга рўбарў бўлгунларича (ноҳақ йўлларига) шўнғишиб, (ўз дунёларида) ўйин-кулги қилиб юраверсинлар!
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, модомики мушриклар Сизнинг келтирган Илоҳий Ҳужжатларингиз ва кўрсатган оят-далилларингиздан кейин ҳам ўзларининг ширк ва куфрларидан ажралмаётган, Ҳақ Динни қабул қилмаётган эканлар, демак, уларга сўз ҳайф, бас, энди Сиз уларни ўз ҳолларига ташлаб қўйинг, билганларини қилаверсинлар! Энди улар токи ўзларига ваъда қилинаётган Қиёмат Кунини ўз кўзлари билан кўриб, қилган куфр ва ширк келтиришдек мудҳиш жиноятларига ҳақли жазоларини олмагунларича Сиз уларни тарк этинг, ширк ва куфр ботқоқларига тобора чуқурроқ шўнғисинлар, дунёда айшу ишрат қилиб ўйнаб-кулаверсинлар!
Ҳақ таоло томонидан ўзига хос Илоҳий таҳдид ўлароқ нозил қилинган ушбу ояти карима мазмунан Анъом сурасидаги мана бу оятга ҳамоҳангдир: «(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг: «Эй қавмим, жойингиздан жилмай (яъни, куфрингиздан қайтмай) амалингизни қилаверинг. Мен ҳам (Парвардигорим буюрган) амални қилгувчиман. Бас, яқинда Охират диёридаги оқибат кимнинг фойдасига бўлишини билажаксиз». Шубҳасиз, золим кимсалар нажот топмаслар». (Анъом сураси, 135-оят).
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Ўз Расули Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиб, Макка мушрикларини қатъий огоҳлантиришни буюради. Аммо бу огоҳлантириш аввалгиларидан фарқли эди. Яъни, энди аввал нозил қилинган оятларда такрор-такрор айтилганидек, “Ширкдан воз кечинглар, куфрларингиздан қайтинглар”, дейилмасдан, аксинча, “Агар сизлар Яратганнинг Каломига ишонмас, Унинг Ўзига ибодат қилмас экансизлар, дунё ва Охират саодати фақат Исломда эканини уқтирган шунча оятлар сизларга кор қилмаган экан, у ҳолда билганларингизни қилаверинглар, куфрларингизда тураверинглар! Мен ҳам ўз Диним - Исломда барқарор бўлиб, Парвардигорим буюрган амалларни қилавераман. Бас, яқинда хайрли оқибат ва Охират диёридаги жаннат кимники эканини аниқ кўрасизлар! Аммо билиб қўйингларки, ҳеч қачон нажот, ғалаба золим-кофирлар томонида бўлмайди”, деб мушриклар билан бўладиган ҳар қандай баҳс-мунозарага нуқта қўйилади.
84. У (Оллоҳ) осмонда ҳам Илоҳ, Ерда ҳам Илоҳ бўлган Зотдир. У Ҳикмат Эгаси ва Билгувчидир.
Яъни, Оллоҳ таоло Ерда Танҳо Илоҳ бўлгани каби, Осмонда ҳам Танҳо Илоҳ бўлмиш Зотдир - Ердаги мавжудот-махлуқотларнинг барчаси Ёлғиз Унга ибодат қилиши фарз бўлгани каби осмондаги жамийки махлуқот-мавжудот ҳам Ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилиши фарз бўлган Танҳо Маъбуди-Барҳақдир. На Ерда ва на осмонда Ундан ўзга ҳеч ким ва ҳеч нарса ибодат қилинишга ҳақли эмасдир. Оллоҳ Ҳакиймдир - Унинг буюрган ҳар бир иши Ҳикматдир, У Алиймдир - барча нарсани, жумладан, бандалари учун нима фойдали, нима зарарли эканини энг яхши Билгувчидир.
Ояти карима Оллоҳ таоло болага - шерикка муҳтож бўлмагани каби, маконга ҳам муҳтож эмаслиги, балки аксинча, Еру осмонлар ва улардаги бор мавжудот Унинг махлуқоти ва бандалари эканлиги, У Ўзининг махлу-қотларидан бўлган осмонни Ўзи учун макон қилиб олиш айбидан ҳам Пок эканлиги, яъни, Оллоҳ субҳонаху ва таоло ҳар жойда ҳар вақт Ҳозиру Нозир эканлиги ҳақидаги Илоҳий Ҳужжатдир. («Тафсири Мунийр» дан).
85. Осмонлар, Ер ва уларнинг ўртасидаги бор нарсалар Ўзининг мулки бўлган Зот Баракотли - Буюкдир. (Қиёмат) Соати ҳақидаги билим ҳам Ёлғиз Унинг ҳузуридадир. Сизлар Унга қайтарилурсизлар.
Дарҳақиқат, Оллоҳ таборака ва таоло бениҳоя Буюк Баракот Эгасидир. У осмонлар, Ер ва уларнинг ўртасидаги бор мавжудот ва махлуқотнинг, фазо ва ҳавонинг, инсу жин ва малоикаларнинг, жамийки жамодот, наботот ва ҳайвонотнинг Танҳо Подшоҳидир. Чунки, дунёдаги ҳамма-ҳамма нарсанинг Ягона Холиқи Унинг Ўзидир. У нафақат ҳаёти дунё, Охират диёрининг ҳам, жазо Куни бўлмиш Қиёмат Соатининг ҳам Ёлғиз Подшоҳидир. Ўша Соат қачон рўй бериши ҳам Ёлғиз Унинг Ўзига маълумдир.
Ўша Соатда жамийки халойиқ ҳаёти дунёда қилиб ўтган ҳар бир амалининг ҳисобини бериш учун Унинг хузурига қайтиши бордир ва ҳар бир инсон қилган ҳар бир амали учун агар яхши бўлса яхши, ёмон бўлса ёмон жазосини олиши ҳақдир. Бас, мана шундай Буюк Баракот Соҳиби, мана шундай Буюк Қудрат, Ҳикмат ва Илм Эгаси бўлган Зот болага, ёрдамчига, шерикка муҳтож бўлиши мумкинлигини бирон-бир соғлом ақл ва тоза тафаккур эгаси тасаввур қила оладими?! Албатта йўқ!
86. (Мушриклар Оллоҳни) қўйиб дуо-илтижо қилаётган бутлари (Қиёмат Кунида бирон кишини) шафоат қилишга эга бўлмас, магар ўзлари билган ҳолларида ҳақ гувоҳлик берган кишиларгина (яъни, «Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Ёлғиз Оллоҳгина бор эканлигига гувоҳлик бераман», деган мўминларгина Оллоҳнинг Изни-Иродаси билан шафоат қилишга қодир бўлурлар).
Муфассирлар ояти каримани икки хил тафсир қилганлар. Биринчи тафсир, юқорида мухтасар ҳолда баён қилинганидек, мушрик кимса-ларнинг Оллоҳни қўйиб сиғинаётган бут-санамлари - гарчи мушриклар «бутларимиз Оллоҳ ҳузурида бизларни қўллайдилар - шафоат қиладилар», деб даъво қилаётган бўлсаларда, - ҳеч кимни шафоат қила олмайдилар, магар Ёлғиз Оллоҳга сидқидилдан иймон келтириб, аниқ билган-ишонган ҳолларида «ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Ёлғиз Оллоҳ бор», деб шаҳодат калимасини айтган, яъни, Ҳаққа гувоҳлик берган мўминларгина Қиёмат Кунида, Оллоҳ таоло ҳузурида Унинг Изни билан шафоат қила оладилар, деган тафсир бўлса, иккинчи тафсир, «Маолимут-тан-зийл» ва бошқа тафсир китобларида айтилганидек, мушриклар Оллоҳни қўйиб сиғинаётган бут-санамлари Оллоҳ ҳузурида ҳеч кимни шафоат қила олмайдилар, лекин насроний, яҳудий ва бошқа мушриклар илоҳ деб сиғинган Исо, Узайр ва малоикалар Оллоҳ таолонинг Изни билан фақат мўминларни шафоат қилишлари мумкиндир, чунки улар аниқ билим ва ихлос билан «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб ҳақ гувоҳлик бергандирлар, деган тафсирдир.
Ояти карима мазмунидан кўр-кўрона бировларга тақлид қилиш эмас, балки аниқ билган ва ишонган ҳолда келтирилган иймон ва гувоҳликкина Оллоҳ таоло ҳузурида қабул қилиниши аниқ маълум бўлади.
87. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), қасамки, агар Сиз улардан ўзларини ким яратгани ҳақида сўрасангиз, албатта: «Оллоҳ», дерлар. Бас, улар (Ўша Яратгувчига ибодат қилиш ўрнига) қаёққа бурилиб кетмоқдалар-а?!
Яъни, қасамки, агар Сиз Оллоҳ таолога ўзлари кўллари билан ясаб олган бутларини шерик қилаётган ва уларга худди Оллоҳга сиғингандек сиғинаётган мушриклардан уларни ким яратганини сўрайдиган бўлсангиз, ҳеч шак-шубҳасиз, «Оллоҳ», деб жавоб берадилар. Демак, улар ҳамма нарсани Яратгувчи Ёлғиз Оллоҳ эканини эътироф этадилар. Бас, у ҳолда нега ана ўша Танҳо Яратгувчига ибодат қилиш ўрнига ҳеч нарса ярата олмайдиган, ҳеч кимга фойда ҳам, зиён ҳам етказа олмайдиган бут-санамларига сиғинмоқдалар?! Нега ҳақиқатни эътироф этиб туриб ёлғон «илоҳлар» томон бурилиб кетмоқдалар?! Ахир бу чекига етган ақлсизлик, пасткашлик ва жаҳолат эмасми?!
88. (Оллоҳтаоло Муҳаммад алайҳис-саломнинг): «Парвардигорим, дарҳақиқат, ана улар иймон келтирмайдиган қавмдир», деган сўзларини ҳам (билур).
Муфассирларнинг айтишларича, ояти карима 85-оятдаги: «(Қиёмат) Соати ҳақидаги Билим ҳам Ёлғиз Унинг ҳузуридадир», жумласига боғланади, яъни, дейилмоқчики, Оллоҳтаоло Қиёмат Соати қачон содир бўлишини билгани каби Ўзининг Элчиси Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам Унга ўзининг Қуръонга иймон келтирмаётган қавми устидан шикоят қилиб айтаётган сўзларини ҳам жуда яхши билур. Энди у зотнинг Яратганга нималарни айтиб шикоят қилганлари мана бу ояти каримада ҳам баён қилингандир: «Пайғамбар (алайҳис-салом) айтди: «Ё Парвардигорим, қавмим (Қурайш қабиласи) ушбу Қуръонни тарк этилган - ташлаб юборилган нарса қилиб олдиларку!” (Фурқон сураси, 30-оят).
Яъни, Ҳазрати Муҳаммад Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам қавмларининг бадқилиқларидан, тубан сўзларидан Парвардигорга шикоят қилиб деди: “Ё Роббим, қавмим Қурайш ушбу Қуръонга қулоқ солмадилар, унга иймон келтирмадилар, уни тинглаш ва ҳукмларига итоат этишдан юз ўгирдилар!”
Дарҳақиқат, мушрик-кофир кимсалар Қуръонга - Оллоҳ таоло нозил қилган Китобга мутлақо қулоқ солмадилар. Бу ҳақда бошқа бир оятда ҳам айтилган: “Кофир бўлган кимсалар (бир-бирларига “Муҳаммад тиловат қилаётган вақтда) сизлар бу Қуръонга қулоқ солманглар ва (уни ўзгаларга ҳам эшиттирмаслик учун оғизларингизга келган гапни) жаврайверинглар (шунда) шояд ғолиб бўлсангизлар”, дедилар”. (Фуссилат сураси, 26-оят).
Улар Қуръон тиловат қилинаётган вақтда уни ўзлари ҳам, бошқалар ҳам эшитиб - тушуниб қолмасликлари учун бир зум ҳам жим турмасдан, тинмасдан тамоман бошқа нарсалар ҳақида сўзлашга тушар эдилар.
Чунки улар кофир, иймонсиз қавм эдилар. Бовужуд, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Ё Роббим, нега бу қавм Сенинг Каломингга қулоқ солмайдилар? Нега Қуръон тиловат қилинаётганида жим турмайдилар? Нега унга ишонмайдилар, ҳукмларига амал қилмайдилар? Нега Қуръондан юз ўгирадилар?” деб шикоят қилар эканлар, ушбу шикоят ўзларини мусулмон санаб юрган кишилар орасидаги айрим Қуръон ўрнига қўшиқ, мусиқа эшитишни афзал биладиган ёки Қуръон ўқиса ҳам унинг мағзини чақишга, маъноларини тушунишга ҳаракат қилмайдиган ёки маъноларини тушунса ҳам билган илмига амал қилмайдиган ёки Холиқ-нинг - Яратгувчининг Оллоҳ таолонинг Каломини қимматбаҳо матоларга ўраб баланд токчаларга олиб қўйиб, ўзлари махлуқлар - яралганлар ичларидан тўқиб ёзган ёлғон-яшиқ шеър, достон ва яна алла қандай афсоналарни ўқиш билан қимматли вақтларини - умрларини зое қиладиган кимсалар устидан ҳам қилинган шикоят эмасмикан?! Кўзларимиз очилса эди! Албатта ушбу ояти карима аввал Қуръондан айрим сураларни ва ҳатто бутун Қуръонни ёд олиб, сўнгра ташлаб, яъни, унутиб юборадиган “аҳли Қуръонлар” учун ҳам қаттиқ огоҳлантиришдир, чунки ёд олинган Қуръонни кейин унутиб юбориш, ҳадиси шарифда айтилишача, гуноҳи кабиралардандир. Яна бир муборак ҳадисларида Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта қалблар ҳам худди темир занглаганидек занглайди”, дедилар. “Уларни нима билан тозаланади?” деб сўралган эди. “Қуръон тиловати ва Оллоҳнинг зикри билан”, деб жавоб бердилар. (“Танвийрул-азҳон”тафсиридан. Ҳаким Термизий томонидан ривоят ҳилинган).
89. Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз улардан юз ўгиринг ва «Омонлик бўлсин», денг! Бас, улар яқинда (куфру исёнларининг оқибати қандай бўлишини) билиб олажаклар!
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Ўзининг Элчиси соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиб: “Эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз қавмингизни Ҳақ Динга шунча даъват қилганингиздан кейин ҳам, уларга Қуръон оятларини етказганингиздан кейин ҳам иймон келтирмаган эканлар, энди улардан юзингизни ўгириб, даъватингизни тўхтатингда, «омонлик бўлсин», яъни, омон бўлсак, албатта ким ҳақ, ким ноҳақ эканини кўрамиз, деб айтинг! Яқиндаулар куфр-у исёнларининг оқибати қандай бўлишини жуда яхши билиб оладилар!” деб буюради.
Ушбу Амри Илоҳий Оллоҳ таоло томонидан кофир-мушрикларни ўз ҳолларига ташлаб қўяверишга даъват бўлмай, аксинча, кофирлар учун қаттиқ таҳдид ва Оллоҳдан уларга келадиган азоб ваъдасидир. Шунингдек, тез орада албатта мусулмонлар ғолиб бўлишлари ҳақидаги ваъда ҳамдир. Дарҳақиқат, орадан кўп вақт ўтмадики, Ҳақ таоло Ўз ваъдасини нақд қилиб Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламни ва у зотга иймон келтирган мўминларни қўллаб-қувватлади, аввал араб жазирасини ширк ва мушриклардан тозалади, одамлар жамоа-жамоа бўлиб Динга кирдилар ва Ислом Ер юзининг шарқу ғарбларига ёйилди, валҳам-ду лиллаҳи роббил-аламийн.
Алҳамдулиллоҳ, Оллоҳ таолонинг тавфиқ ва мадади билан Зухруф сурасининг тафсири ўз ниҳоясига етди.
Орқага Олдинга