(Мулк сураси 30 оятдан иборат, маккий суралардан ҳисобланади)
Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).
[1] (Мутлақ) мулк «қўл»ида бўлган Зот - Аллоҳ баракотли (олий) бўлди ва У ҳар нарсага қодирдир.
Аллоҳ азза ва жалланинг: «(Мутлақ) мулк «қўл»ида бўлган Зот - Аллоҳ баракотли бўлди» оятидаги «баракотли бўлди» сўзи «олий, буюк бўлди» деган маъноларни англатади, дейилган. [табарока] сўзи [баракатун] «баракали, манфаати кўп бўлди» сўзидан олинган бўлиб, у «тафаъала» бобидандир. Бу оятда «барака» сўзи барча айбу нуқсонни инкор қилиш, нафй этиш маъносида (яъни Аллоҳ таоло барча айбу нуқсондан холи Зот)дир.
Аллоҳ азза ва жалланинг:
«Ва осмондан баракали сув туширдик» (Қоф сураси, 9-оят) оятидаги «баракали» сўзи ҳам кирчирдан холи, ҳар қандай айбу офатдан тоза, деган маънони билдиради. Бинобарин, оятдаги «баракотли бўлди», деган сўзи «У Зот ўхшаши, тенги бўлишидан (пок,) олий бўлган, динсизларнинг У Зот ҳақидаги гапларидан ҳамда Унда турли айбу камчиликлар юзага келишидан пок бўлди», деган маънодадир.
Аллоҳнинг: «(Мутлақ) мулк «қўл»ида бўлган Зот» ояти «Мулк эгаси бўлган Зот» деганидир. Чунки бошқа бир ўринда:
«Айтинг: «Эй мулк эгаси - Аллоҳим» (Оли Имрон сураси, 26-оят), яъни мулк соҳиби бўлган Зот, дейилган. Бу ерда «қўл» сўзи оятда «эга» ўрнида келган. У Зот «мутлақ мулкка эгалик қилиш» ва «ушбу мулкнинг эгаси» сифатлари билан мадҳ этилмокда.
Мўътазилийлар: «Аллоҳ таоло кофирларнинг қўлидаги мулкига эгалик қилмайди. Чунки У кофирларга бойлик бермайди», дейишади. Улар Аллоҳ таолонинг:
«Аллоҳ унга мулк бергани сабаб, Иброҳим билан унинг Рабби хусусида баҳслашган кимсани кўрмадингизми?!» (Бақара сураси, 258-оят) деган сўзида Аллоҳ таоло мулк берган шахс - Иброҳим алайҳиссалом, дейдилар. (Мўътазилийлар) Оятдаги «унга» олмошини Иброҳим алайҳиссаломга қайтаришади, у киши билан тортишган кимсага эмас.
Мўътазилийлар кофирнинг мулкка эгалик қилишини Аллоҳга нисбат бермас эканлар, у ҳолда Аллоҳ таоло юқорида зикр қилинган мадҳга сазовор бўлмай қолади. Чунки уларнинг эътиқодига кўра, мулкнинг ҳаммаси эмас, балки бир қисми Аллоҳ таолонинг тасарруфида бўлиб қолади.
Бошқа бир оятда эса:
«Сен хоҳлаган кишига мулк ато этасан ва хоҳлаган кишингдан мулкни тортиб оласан» (Оли Имрон сураси, 26-оят), дейилган. Мўътазилийларнинг эътиқодига кўра, Аллоҳ хоҳламаган кимса (кофир)нинг қўлида мулк бўлиб қолади. Демак, У Зот кофирнинг мулки бўлишини хоҳламайди, шу билан бирга, уларнинг қўлида мулк бўлиб қолади.
Мўътазилийлар: «Аллоҳ таоло кофирларга мулк бермайди» деб, масалага узил-кесил нуқта қўйишлари мумкин эмас, балки улар (ўз эътиқодлари тақозосига кўра): «Мулкни бериш уларга манфаатли бўлса, беради, бордию уларга зиён бўлса, бермайди», дейишлари керак эди. Чунки уларнинг мазҳабига кўра, Аллоҳ таоло бандага дину дунёси учун энг манфаатли нарсани яратиб бериши керак. Бу уларнинг ушбу мавзу борасидаги умумий эътиқодидир.
Мўътазилийларда манфаат ва зиённи белгилайдиган ҳеч қандай меъёр, асос мавжуд эмас. Чунки улар: «Лаънати Иблисга маълум муддатгача муҳлат берилишида(Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ бу сўзи билан Аллоҳ таолонинг «(У) деди: «Эй Раббим, у ҳолда менга (улар) қайта тириладиган кунгача муҳлат бергин». (Аллоҳ) деди: «Бас, сен муҳлат берилганлардансан, маълум вақт (қиёмат) кунигача» (Ҳижр сураси, 36-38) оятларига ишора қилмоқда.), бизга маълум бўлмаган қандайдир манфаат мавжуд. Шунингдек, пайғамбар ва расулларнинг вафот этишлари ҳам биз билмаган қандайдир манфаатга боғлиқ», дейишади. Мўътазилийлар бу ўринда ҳам, кофирларга мулк берилишини инкор қилмасдан, «Кофирларга мулкни бериш манфаатли бўлса, Аллоҳ таоло уни бериши керак. Бордию мулкни бериш зиён бўлса, уни бермаслиги даркор», дейишлари лозим эди, аслида.
[ал-Малик] - «ҳукмрон» сўзи «буйруқни жорий қилиш», «султон» ва «раҳбарлик» каби маъноларни ифодаловчи умумий лафздир. [ал-мулк] - «мулк» сўзи эса, хоссатан, Моликка тегишли бўлиб, унинг рухсатисиз олиб бўлмайдиган нарсага айтилади. Инсон гоҳида молик бўлиб, ҳукмрон (малик) бўлмаслиги мумкин. Шунингдек, у подшоҳ бўлиб, молик (эга, соҳиб) бўлмаслиги мумкин. Мазкур икки жумланинг ҳар бири алоҳида-алоҳида маънони ифодалайди.
Аллоҳ таолонинг: «(Мутлақ) мулк «қўл»ида» ояти маъноси «Ер юзидаги барча подшоҳлар мулки Аллоҳ таолонинг қўлидадир» тарзида бўлиши мумкин. Зеро, Аллоҳ таоло хоҳласа, подшоҳ қўлида мулкни қолдиради, хоҳласа, уни тортиб олади. Чунки дунёда барча подшоҳлар мулки ҳақиқатда Аллоҳ таолоникидир.
Аллоҳ азза ва жалла: «У ҳар нарсага қодирдир» ояти билан Узини хоҳлаган нарсасига қодирлиги билан мадҳ этиб, бу ҳам Унинг рубубият сифатидан эканини баён қилди.
Мўътазилийларнинг қарашларига кўра, Аллоҳ таоло кўплаб нарсаларга қодир бўлмай қолади. Чунки улар маъдумни(Мавжуд бўлмаган нарсага араб тилида (маъдум) дейилади.) нарса деб атаб, унинг бор бўлиши Аллоҳ таолонинг яратиши билан эмас, балки ўзининг эътиборидан бўлади, фақат унинг вужудга келиши Аллоҳ таоло билан боғлиқ бўлади, дейдилар. Бу фикрга кўра, Аллоҳ таоло нарсаларни бор қилишга қодир бўлмай қолади. Шунингдек, мўътазилийлар Аллоҳ таолонинг бандалар феълларини яратишини ва шунга қодир бўлишини ҳам инкор қиладилар.
Мўътазилийларнинг эътиқодларидан яна бири, бандани бирор ишга қодир қилиб қўйиш Аллоҳ таолонинг қўлидадир. Лекин Аллоҳ таоло бирор бандасини ҳидоятга қодир қилса, қудрат Аллоҳ таолонинг изнидан чиқади ва мазкур қудрат зотий эмас, балки истифода қилинган қудрат бўлади. Мазкур қарашга кўра, мўътазилийлар Аллоҳ таолонинг кўп нарсага қодир бўлиш сифатини инкор қиладилар. Натижада, У Зот ҳамма нарсага эмас, баъзи нарсаларгагина қодир бўлиб қолади. Аллоҳ таоло ушбу золимларнинг бундай гап-сўзларидан пок ва олийдир.
[2] У сизларнинг қайсиларингиз чиройлироқ амал қилувчи эканингизни синаш учун ўлим ва ҳаётни яратган Зотдир. Ва У Азиз ва Ғафурдир.
Абу Бакр Асом: «Ўлимни яратган Зот» оятини «Сизларни ўлик қилиб, маний, лахта қон ва бир парча гўшт ҳолида яратган, сўнгра имтиҳон қилиш учун сизларга ҳаёт берган Зот», деб изоҳлаган. Бошқаси эсаушбу оятни «Сизларга жазо ёки мукофот бериш учун ўлимни ҳамда имтиҳон қилиш учун ҳаётни яратган Зот» деб таъвил қилган ва бунга ушбу оятни далил келтирган:
«Албатта, Биз уларни қайсилари чиройлироқ амал қи-лишларини синамоқ учун Ер юзидаги бор нарсани унга зийнат қилиб қўйдик» (Каҳф сураси, 7-оят). Аллоҳ таоло ушбу оятда имтиҳон қилишни инсоннинг Ер юзида пайдо бўлиш ҳолати, яъни ҳаётга келишига боғланган. У Зот имтиҳондан кейин уларни қуп-қуруқ тупроққа айлантириб қўйишини хабар қилган:
«Албатта, Биз унинг (Ернинг) юзидаги нарсаларни қуп-қуруқ тупроққа айлантирувчимиз» (Каҳф сураси, 8-оят).
Бизнинг наздимизда, Аллоҳ таоло ўлимни ҳам, ҳаётни ҳам имтиҳон учун яратди. Чунки Парвардигор ўлимни нафс ёмон кўриб, ундан нафратланадиган қилиб, ҳаётни эса нафс ундан лаззат олиб, унга талпинадиган қилиб яратди. Имтиҳон эса қизиқтириш ва қўрқитиш замирида юзага чиқади. Демак, ҳаётни яратишда имтиҳон юзага келганидек, ўлимнинг яратилишида ҳам синов бордир. Шунда Аллоҳ таолонинг: «Ўлим ва ҳаётни яратди» ояти гўё «Аллоҳ таоло ўлимни қўрқитувчи, ҳаётни эса қизиқтирувчи қилиб, сизларнинг қайсиларингиз чиройлироқ амал қилувчи эканингизни синаш, яъни сизлардан қайси бирингиз ёмонликдан қўрқувчи ва яхшиликка интилувчи эканингизни имтиҳон қилиш учун яратди», деган маънони билдиради.
Улимдан ҳеч қайси махлуқот қочиб қутула олмайди. Шунингдек, ҳаёт инсонга қанчалар тотли бўлмасин, инсонда уни қидириш орқали зиёда қилиш, меҳнат ва ҳаракат билан чўзиш имконияти йўқ. Шунинг учун (дунёдаги) ҳаёт - охират неъмати бўлмиш доимий ҳаётга қизиқтирувчи, (жисмоний) ўлим - охиратдаги доимий «ўлим»дан қўрқитади. Чунки доимий «ўлим» - тўхтамайдиган, доимий азобдир. Зеро, бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай деган:
«Унга ҳар томондан ўлим келади-ю, у ўла олмас» (Иброҳим сураси, 17-оят). Яъни алам ва оғриқлар тугамайди, балки абадий қолади.
Демак, ўлим (инсонни) доимий азобдан қўрқитувчилиги, ҳаёт эса доимий ҳаётга қизиқтирувчи экани исботланса, инсон уни қидирмоғи лозим бўлади. Шунингдек, бундан қайта тирилиш ҳақидаги эътиқод ҳам келиб чиқади. Чунки доимий ҳаётга талпинувчи, ўлиб, қайта тирилганидан сўнггина унга эришади. Шунингдек, доимий азобга мубтало бўлувчи киши ҳам қайта тирилганидан кейингина унга улоқтирилади.
Оятда рисолатнинг ҳақлигини исботловчи маъно ҳам мавжуд. Чунки охиратда ваъда қилинган савобга рағбат ҳамда азобдан қўрқиш ўз исботини топар экан, булар ғайбий ишлар бўлиб, уни билдирувчи ва у ҳакда хабардор қилувчи шахсга эҳтиёж бор. Демак, уларга бунинг хабарини берувчи ва бу ҳакдаги илмини намоён қиладиган «расул» бўлиши лозимдир.
Аллоҳ таолонинг: «Сизларнинг қайсиларингиз чиройлироқ амал қилувчи эканингизни синаш учун» оятидаги қоида шуки, инсоннинг савобга рағбати ва азобдан қўрқуви гўзал бўлса, амали ҳам гўзал бўлади. Акчинча, ёмон бўлса, амали ҳам ёмон бўлади. Инсонлар тафаккур юритиб, ўзларига ибрат олишлари учун Аллоҳ таоло ҳаёт билан ўлимни яратди. Кимнинг охиратга рағбати ва ундан қўрқуви гўзал бўлса, амали ҳам гўзал бўлади. Ким ҳаёт ва ўлим ҳақида тафаккур қилмаса ва улардан ибрат олмаса, унинг амали ёмон бўлади. Улим ва ҳаёт жалб қилувчи ва қўрқитувчи қилиб яратилган. Шунингдек, дунё ва ундаги барча нарсалар охират йўлига далолат қилувчи қилиб яратилган. Масалан, эшитиш қиёматдаги эшитишга, кўриш қиёматдаги кўришга, дунёдаги аламлар охиратдаги азобга, ноз-неъматлар эса, охиратдаги мукофотларга далилдир. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ азза ва жалланинг: «Сизларнинг қайсиларингиз чиройлироқ амал қилувчи эканингизни синаш учун» оятида: «Сизларнинг қайсиларингиз ёмонроқ амал қилувчи эканингизни синаш учун» деган маънога ҳам далолат бор. Лекин Аллоҳ таоло оятда икки таъкиднинг бирини зикр қилган, холос. Валлоҳу аълам!
Имтиҳон аслида махфий нарсани юзага чиқариш ва билмаганини аниқлаш мақсадида қилинади. Аллоҳ таолога барча нарса маълум бўлса ва Унинг илмидан ҳеч нарса четда бўлмаса, нима учун Аллоҳ таоло оятда «У сизларни синаши учун» деб, «имтиҳон қилиш»ни Ўзига нисбат бермокда, деб сўраш мумкин.
Бунга жавобан айтамизки: ҳақиқатда, имтиҳон қилиш нарсани юзага чиқариш, зоҳир қилиш маъносидан киноя бўлмоқда. Мазкур ҳолат имтиҳон қилувчи Зот (Аллоҳ)га маълум бўлса-да, лекин юзага чиқиш маъносидаги барча нарсаларга нисбатан «имтиҳон қилиш» феъли ишлатилган.
Айни шу ҳолат макр ва истидрож(Истидрож - Аллоҳ таоло Фиръавн каби инсонларга мушрик бўлишига қарамай, барча нарсаларни муҳайё қилишига «истидрож» дейилади. Яъни киши ноз-неъматларга алданиб, куфр ботқоғига янада чуқурроқ ботиши учун, охиратдаги даражасини пастга тушириш мақсадида инъомлар берилади.) феълларининг Аллоҳ таолога нисбат берилишида ҳам кузатилади. Бундан ҳам мақсад Аллоҳ таолонинг макр қилиши ёки истидрож қилиши маъноси кўзланмаган бўлса-да, лекин умумий маънода булар қамраб олингани боис Аллоҳ таолога нисбат берилмоқца. Аслида, макр бу - душманнинг ишончига кириш учун унга қилинган яхши-ликка алданиб қолишни кўзлаб, яхши муносабатда бўлиш ва шу ишончидан фойдаланиб, унинг кутмаган жойидан ушлашдир. Бу воқеликдаги макрнинг маъносидир.
Аллоҳ таоло эса, Уз душманларига ноз-неъматлар беради. Улар эса бунга алданиб, ўзларини Аллоҳнинг дўстларидан деб ўйлашади, сўнг уларга тўсатдан азоб келади. Бу ўринда Аллоҳ уларга берган неъматлари билан макрни қасд этмаган бўлса-да, ҳолат (воқеликдаги) макр маъносига ўхшамокда. (Шунинг учун оятларда макр ва истидрож феъллари Аллоҳ таолога нисбат берилган).
Иккинчидан, воқеликда бирор нарсага буюраётган шахс ўзига келадиган бир манфаат сабабидан буюради. Ёки аксинча, бирор ишдан қайтарса, ўзига келадиган зиён сабабли қайтаради. Аллоҳ таоло эса бандаларини Узига келадиган бирор манфаат ёки зиён сабабли бир нарсани қилишга ёки қилмасликка буюрмайди. Балки бандаларнинг манфаат ёки зиён кўриши сабабидан бир нарсани бажариш ёки бажармасликка буюради. Лекин буйруқ ва қайтариқ феъллари манфаат ва зарар учун бўлмаса-да, Аллоҳга нисбат берилди. Оятдаги «имтиҳон қилиш» ҳам айни шу маънодадир. Яъни Аллоҳ таоло имтиҳон қилиб, бирор нарсага аниқлик киритишдан беҳожат бўлса ҳам, банданинг дўст ёки душманлигини (бошқаларга) билдириш учун уларни имтиҳон қилади. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ азза ва жалла: «У Азиз ва Ғафурдир» сўзи билан имтиҳон Аллоҳ таолонинг бирор манфаат ёки зиёни учун бўлмаслиги, балки у имтиҳон қилинаётган шахс яхши амал қилса, унинг эришадиган азизлиги унинг гуноҳларини кечиб юбориши ва сатр қилиши учун эканини изоҳламокда. Зеро, Аллоҳ таоло зотий азиздир.
Аллоҳ таолонинг: «У Азиз» деган сўзи «ёмон ишлар қилиб, душманлик қилганлардан интиқом (ўч) олишга қудратли» дегани бўлса, «ва Ғафурдир» дегани эса «гўзал амал қилган бандаларни сатр қилувчи Зот» демакдир. Яъни унинг айбу нуқсонларини яширади ва гўзал амали учун мукофотлайди», маъносини англатиши ҳам мумкин. Валлоҳу аълам!
[3] У етти осмонни қатма-қат қилиб яратган Зотдир. Сиз Раҳмоннинг яратган нарсаларида бирор тафовутни кўрмайсиз. Бас, кўзингизни яна қайтаринг, бирор ёриқни кўрасизми?
[4] Сўнгра кўзингизни қайта-қайта қаратинг, кўзингиз сизга таслим бўлган ва ожиз ҳолда қайтур.
Аллоҳ азза ва жалланинг «етти осмон» иборасида пайғамбарлар келтирган хабарларни тасдиқлаш вожиб эканига далолат бор. Зеро, осмоннинг етти қаватлиги хабар (илоҳий ваҳий) орқали маълум бўлган. Ушбу оят рисолатнинг мавжудлигини исботла-са, мазкур оят пайғамбарлар томонидан келтирилган хабарларни тасдиқлаш вожиблигини асослайди. Пайғамбарлар тилида ушбу маълумот собит бўлгач, биз осмонларни кўзимиз билан кўрмасак-да, уларнинг еттита эканини тасдиқлашимиз вожиб бўлади.
Аллоҳ таолонинг: «У етти осмонни қатма-қат қилиб яратган Зотдир» оятига «Осмон аҳлидан қайси бири гўзал амал қилишини синаш учун яратди» деб маъно бериш ҳам мумкин. Зеро, Аллоҳ таоло еру осмонни беҳудага яратмаганини баён қилиб қўйган(Бу ўринда муаллиф Аллоҳ таолонинг ушбу оятига ишора қилмокда: «Биз осмон ва Ерни ҳамда уларнинг ўртасидаги бор нарсаларни беҳуда яратган эмасмиз» (Сод сураси, 27-оят).). Аслида, осмонлар эмас, балки унинг аҳли имтиҳон қилинади. Лекин осмонни зикр қилиш орқали унинг аҳли (фаришталар), Ерни зикр қилиш орқали эса, унинг аҳли (инсон ва жинлар) ирода қилинади. Аллоҳ таоло Ер ва осмонни зикр қилиб, уларда истиқомат қилувчилар ҳақида хабар бермокда. Валлоҳу аълам!
«Сиз Раҳмоннинг яратган нарсаларида бирор тафовутни кўрмайсиз», яъни Раҳмоннинг яратган нарсаларига назар ташланг, унда ёриқ ёки тафовутларни кўряпсизми? Агар сиз унда ёриқ кўрсангиз, унинг яратувчиси бир нечта, деб ўйлайсиз. Бордию уларда тафовут кўрсангиз, уларнинг яратувчисида камчилик бормикан, деб ўйлайсиз. Чунки агар сиз яралмишларда бузилиш ёки ёриқларга кўзингиз тушса, уларда зиддият ва қарама-қаршилик борлигини биласиз. Зиддият ва қарама-қаршиликлар эса илоҳлар кўп бўлсагина, юзага келади. Чунки улардан бири қандайдир нарсани барпо қилса, иккинчиси уни бузади. Яна бири бузса ва зарар етказса, иккинчиси уни бино қилади. Айни шу вазиятда қарама-қаршилик юзага чиқади. Модомики, мавжудот ва махлуқотлар яратилишида камчилик ва нуқсоннинг эмас, балки ўзаро тартиб ва мутаносибликнинг гувоҳи бўлар экансиз, бу Аллоҳнинг ягоналиги, Унинг куч-қудрати ва ҳукмронлигига далилдир. Шунингдек, яралмишларда тафовут (палапартишлик) бўлиши аҳмоқлик ва ҳикматсизликка далил бўлса, уларнинг ўзаро мутаносиблиги эса, Яратганнинг ҳикмати ва гўзал тадбирига ҳужжатдир.
Демак, махлуқотларнинг яратилишида камчилик ва тафовутларнинг йўқлиги - Яратганнинг ягоналиги ва қайта тирилишнинг ҳақлигига иқрор бўлишни вожиб қилади. Қайта тирилишни тасдиқ қилмаслик ҳикматни инкор қилишдир.
Аллоҳ таолонинг мазкур оятида махлуқотларни синаш ва имтиҳон қилиш ҳақлигига далил бор. Билингки, фаразан илоҳлар бир нечта деб олсак, улардан ғолиб билан мағлуб аниқ бўлмагунича имтиҳондаги банда буйруқ ва қайтариқларга амал қилмай туради. Чунки бу ҳолда қилинган амалнинг зое бўлиш эҳтимоли бор. Илоҳлар бир нечта бўлса, улар ўз султонлигини ўрнатиш ва ҳукмини ўтказиш билан машғул бўлиб, бандаларни имтиҳон қилишга имкон топа олмайдилар. Зеро, бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
«У билан бирга бирор илоҳ бўлган эмасдир. Акс ҳолда, албатта, ҳар бир илоҳ ўзи яратган нарса билан кетарди» (Муъминун сураси, 91-оят). Айтиладики, (агар бундай бўлганида) ҳар бир илоҳ ўзи яратган нарсаларни олиб келади, натижада (махлуқотлар орасида) ёриқлар ва бузилишлар намоён бўла бошлайди. Зеро, бир «илоҳ»нинг яратгани иккинчисининг яратганидан афзал бўлиши мумкин. Демак, махлуқотларни яратишда айбу нуқсоннинг йўқлиги Холиқ (Аллоҳ)нинг ягоналигига далолат қилади.
Бир қарашга кўра, «Раҳмоннинг яратган нарсаларида бирор тафовутни кўрмайсиз» оятидаги «тафовут»ни Аллоҳ таолонинг яккаю ягоналиги, ҳикмат ва илмига зид келувчи маънодаги тафовут, деб тушунилади. Яъни биз айтган ушбу маънода, махлуқотларнинг барчаси ўзаро мутаносиб яратилган. Бу дегани, яратилган нарсаларнинг айни зотида ҳам ҳеч қандай тафовут бўлмайди, дегани эмас. Чунки осмон билан Ер орасида тафовут (фарқ) мавжуд, худди шунингдек, ўлим билан ҳаёт ўртасида ҳам тафовут бор. Лекин осмон манфаати Ер манфаатига боғланган, Ер аҳлиниг манфаати эса Ерга боғлиқ. Яъни уларнинг истиқомати, ризқ-рўзи ердан чиқадиган нарсаларга боғлиқ ҳисобланади. Буларнинг барчаси Аллоҳнинг яккаю ягоналигига, ҳикмати ва гўзал тадбирига далолат қилади.
Аллоҳ азза ва жалланинг: «Сўнгра кўзингизни қайта-қайта (самога) қаратинг, кўзингиз сизга хор ва толиққан ҳолда қайтур» оятидаги кўздан мурод ҳақиқий кўз ёки қалб кўзи бўлиши мумкин. Ёки биринчи келган кўзни ҳақиқий кўз, иккинчисини эса, қалб кўзи деб таъвил қилиш ҳам мумкин. Бу ерда қалб кўзи назарда тутилгани муносиброқ. Чунки бундан олдинги оятда осмонлар ва Ерга ҳақиқий кўз билан назар солиб, улар орасида ҳеч қандай тафовут ва камчилик йўқлигига амин бўлган эди. Мазкур оятда эса, қалб кўзи билан назар солиш ва биз айтиб ўтган маъноларни англашга чақирилмокда. Бу қуйидаги оят маъноси каби бўлади:
«Айтинг: Ерда сайр қилинглар. Сўнгра ёлғончига чиқарганларнинг оқибати нима бўлганини кўринглар!»
(Анъом сураси, 11-оят).
Бошқа оятда:
«Улар ерда сайр қилмайдиларми?» (Рум сураси, 9-оят) деган(«Ахир, улар ер юзида сайр этишиб, ўзларидан аввалги пайғамбарларни инкор қилиб, имонсиз (кетган) кимсаларнинг оқибатлари қандай бўлганини кўрсалар бўлмайдими?!» (Рум сураси, 9-оят).). Мазкур оятларда ҳақиқий сайр назарда тутилмаган. Чунки улар бундан олдин Ерда сайр қилганлар. Балки оятнинг маъноси «пайғамбарларни ёлғончига чиқарган олдинги уммат-ларнинг оқибатига назар солиб, нима сабабдан ҳалокатга учраганлари, қайси қилмишлари боис уқубатга дучор бўлиб, таг-томирлари билан йўқ қилинганлари ҳақида фикр қилмайдиларми?!» тарзида бўлади.
Аллоҳ азза ва жалланинг: «Бас, кўзингизни яна (самога) қайтарингчи, (унда) бирор ёриқни кўрармикансиз? Сўнгра кўзингизни қайта-қайта (самога) қаратинг» оятидаги «қайта-қайта» сўзи маълум бир ададни англатмайди, балки такрор-такрор қарашдан киноядир. Гўё У Зот бу билан Раҳмоннинг яратган нарсаларига доимо назар солиб, эътибор қаратишга амр қилмоқда. Шу маънони Ҳасан (Басрий) ва (Абу Бакр) Асомлар қўллаб-қувватлайди.
Еки оятдаги «қайта-қайта» сўзи «икки марта» маъносини ифодалаши мумкин. Бироқ булар икки алоҳида вақтда бўлади, бири кечаси, иккинчиси эса кундузи. Чунки инсон тунда алоҳида, кундузи алоҳида белгиларни кўради. Буларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг яккаю ягоналиги, ажиб ҳикмати, мислсиз қудрати ва ҳукмронлигига далолат қилади. Ёки икки марта назар солишнинг биринчиси ҳақиқий кўз билан, иккинчиси эса қалб кўзи билан бўлади. Зеро, киши зоҳир кўзи билан мавжудот ва махлуқотларга назар солиб, улардаги ажойиботларни кўрса, қалб уни ҳис қилади, шундан сўнг ушбу ажойиботларни тасдиқлаш ва мустаҳкамлаш учун иккинчи бор қалб кўзи билан уларга назар ташлайди.
Ёки қарашнинг иккаласи ҳам ҳақиқий кўз билан бўлиши мумкин. Чунки инсон бир қарашда нарсани тўлиқ қамрай олмайди, балки биринчи қарашда кўрмаган нарсаларни аниқлаш мақсадида яна бир марта қарайди.
Аллоҳ азза ва жалланинг [хосиан] сўзи «таслим бўлган», «бўйсунган», Аллоҳнинг азамати ва улуғлигини англаш, султони моҳиятини тушунишда ожиз эканини «эътироф этган» маъносида. [ва ҳува ҳасийр] эса, «У Зотнинг ҳикмати ҳамда амрини бажо келтиришни англашдан ожиз ҳолда», деган маънони ифодалайди.
Мазкур оятдаги хитоб қайта тирилишни ёлғонга чиқарувчиларга қаратилган бўлиши муносибдир. Чунки оятдаги хитоб зоҳиран Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қаратилган. Зеро, оятда махлуқотларга назар солиб, Аллоҳнинг буюклиги, мутлақ ҳукмронлиги, ажиб ҳикмати ва тадбирини иқрор қилишга чақириқ бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбида буларнинг барчаси ўз исботини топгани боис, у зот яна қайта назар ва мушоҳадага муҳтож эмаслар. Демак, оят қайта тирилишни инкор қилувчиларга қаратилган бўлиб, улар Аллоҳнинг мутлақ ҳукмронлиги, тадбирининг амалга ошиши, Уни ҳеч нарса ожиз қолдира олмаслиги, Унинг қудрати инсоният қудрати билан ўлчанмаслиги каби маъноларни англашлари учун яралмишларга назар солишга буюрилмоқдалар. Улар ўзларининг ақлий салоҳиятларидан келиб чиқиб, қайта тирилтириш ва ҳаёт беришни инкор қилардилар. Лекин Аллоҳнинг махлуқотларига теран назар билан қарасалар, ақллари идрок қила олмаган ҳикмат ва ажойиботларни ҳамда кучлари етмайдиган қувватни англаб етсалар, айни бу нарса қайта тирилиш борасидаги уларнинг шак-шубҳа ва тушунмовчиликларини кетказиб, имонга келишларига олиб боради.
[5] Ҳақиқатан, Биз дунё (яқин) осмонини чироқлар билан безадик ва уларни шайтонларга отиладиган тошлар қилиб қўйдик. Яна улар учун дўзах азобини ҳам тайёрлаб қўйгандирмиз.
Аллоҳ таоло оятда осмонни имтиҳон қилинувчи инсонларга яқин бўлгани учун «дунё осмони» деб атади («дунё» сўзи араб тилида «яқин» маъносини ҳам ифодалайди). Демак, бундан иккинчи осмон «охират осмони» экани тушунилмайди. Мазкур маънонинг тўғрилигига «охират» нинг муқобилида дунё эмас, балки «аввалги» сўзи бўлиши, «яқин» муқобилида эса, «узоқда» сўзи экани ҳужжат бўлади. Демак, оятдан иккинчи осмон «охират осмони» экани тушунилмайди.
Оятдаги «чироқлар» сўзида юлдузлар назарда тутилган. Аллоҳ таоло бандаларига юлдузлардаги неъматларини эслатмоқда. Аллоҳ юлдузларда уч турли неъматларни жойлаган. Биринчиси, осмон учун зийнатлиги. Аллоҳ таоло бу ҳакда:
«Назар солувчилар учун уни зийнатлаб қўйдик»(«(Биз) осмонда буржлар яратдик ва назар солувчилар учун уни зийнатлаб қўйдик» (Ҳижр сураси, 16-оят).) (Ҳижр сураси, 16-оят), деган. Ушбу зийнат Ер юзини зулмат қоплаб, ундаги зеб-зийнатлар инсониятга кўринмай қолганида намоён бўлади. Аллоҳ таоло Ер юзида яратган зийнатлари (кўздан ғойиб бўлиши) эвазига улар учун осмонда зийнатларни берди ва буни бошқа зийнатлардан устун қилиб қўйди. Чунки бошқа зийнатлар уларга яқин боргандагина маълум бўлади, лекин юлдузлар узокдан ҳам кўзга ташланади. Демак, осмоннинг зийнати Ердагига нисбатан устун ва шарафли экани маълум бўлади.
Иккинчи неъмат, Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятида зикр қилинган:
«У сизларга қуруқлик ва денгиз қоронғуликларида йўл топишингиз учун юлдузларни яратган Зотдир» (Анъом сураси, 97-оят). Аллоҳ таоло юлдузларни зулматли ҳолатларда йўлбошчи қилди ва инсон булар сабабли ҳалокатга дучор бўлишдан қутулади.
Учинчи неъмат эса, «Уларни шайтонларга отиладиган тошлар қилиб қўйдик» оятида зикр қилинган. Аллоҳнинг юлдузларни шайтонларга отиладиган тош қилиб қўйишида бандалардан шубҳаларни кетказиш, уларни зулматдан нурга чиқариш маъноси бор. Сабаби, шайтонлар осмон ахдининг Ердагиларга тааллуқли бўлган ўзаро гапларига қулоқ тутиш учун осмонга кўтариладилар ва улардан маълумот ўғирлайдилар. Эшитган сўзларига ўзлари томонидан ёлғон-яшиқ аралаштириб, уни Ердагиларга етказадилар. Натижада, улар инсоният онгига шубҳа солиб, Аллоҳ таолонинг йўлидан оздирадилар. Аллоҳ таоло шайтонларнинг яширинча қулоқ тутишининг олдини олиш учун осмонни қўриқчи ва учар юлдузлар билан тўлдирди. Қолаверса, бу Ер аҳлига илоҳий хабарларни ёлғон гапирмайдиган ишончли вакил, яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам орқали бўлиши учун эди. Натижада, ушбу хабарлар турли чалкашиш ва шубҳалардан халос бўлади ва инсонлар ҳам зулматга дохил бўлишдан омонда бўладилар.
Ер аҳлини имтиҳон қилиш учун уни зийнатлаб қўйилганидек, юлдузларнинг осмонга зийнат қилиниши ҳам унинг аҳлининг қайсилари чиройлироқ амал қилишларини имтиҳон қилиш учун бўлади. Ер аҳли борасида айтилган оятга назар солинг:
«Албатта, Биз уларнинг қайсилари чиройлироқ амал қилишларини имтиҳон қилиш учун Ер юзидаги нарсаларни унга зийнат қилиб қўйдик» (Каҳф сураси, 7-оятп).
Аллоҳ азза ва жалланинг: «Яна улар учун дўзах азобини хам тайёрлаб қўйгандирмиз» оятида шайтонлар юлдузларнинг учқунига дучор бўлиб азоблансалар-да, лекин бу охиратдаги доимий азобдан қутқармаслигига ишора бор. Балки улардан бошқа шайтонлар ва кофирларга тайёрлаб қўйилганидек, уларга ҳам дўзах азоби тайёрлаб қўйилгандир.
[6] Раббисига кофир бўлган кимсалар учун жаҳаннам азоби бордир. Нақадар ёмон йўл бу!
[ал-масир] сўзи «йўл» деган маънони англатади. Яъни «унинг йўли нақадар ёмон йўлки, уни дўзах азобига олиб бора-ди», дейилмоқда.
[7] Улар жаҳаннамга ташланган чоғларида унинг ёқимсиз овозини эшитадилар, у эса қайнаб туради.
Оятдаги [аш-шаҳийқ] сўзи «ёқимсиз овоз» деган маънони англатади. Баъзилар мазкур овозни жаҳаннамнинг овози десалар, яна баъзилар жаҳаннам аҳлиники деганлар. Зеро, баъзан макон айтилиб, бундан унинг аҳли назарда тутилади. Ушбу оят бунга мисол бўлади:
«Қанчадан-қанча қишлоқлар борки, ўз Парвардигорлари амридан бош тортгандирлар» (Талоц сураси, 8-оят)(Мазкур оятда «қишлоқ» сўзидан қишлоқ аҳли назарда тутилган. Чунки «бош тортиш» бу инсонга хос амал, қишлоққа эмас.).
Бизнинг наздимизда, оят мазкур икки маъно (жаҳаннам овози ёки унинг аҳли овози)ни ҳам англатиши мумкин. Бу ҳолатни тушунишга эҳтиёж йўқ. Чунки овозни тушунмайдиган нарсалардан ёқимсиз овоз чиқиши одатий ҳолдир. Бу худди овозни тушунадиганлар каби бўлади. Овозни тушунадиганлар бу ҳолатда овозни тушунмайдиганлардан устунроқ бўлмайди.
Аллоҳ азза ва жалланинг: [ва ҳия тафур] ояти «У эса қайнаб туради» деган маънони билдиради. Жаҳаннамнинг ўзи қайнамаслиги маълум. Демак, у ўзидаги нарсаларни қайнатади. Унинг ичида эса жаҳаннамийларнинг таоми ва шароби бор. Демак, шуларни қайнатади.
[8] У ғазабдан парчаланиб кетгудек бўлур. Ҳар гал унга бир гуруҳ ташланганида, унинг қўриқчилари улардан: «Сизларга огоҳлантирувчи келмаганмиди?» - деб сўрайдилар.
[9]. Улар дерлар: «Ҳа, ҳақиқатан, бизга огоҳлантирувчи келган эди, лекин биз (уни) ёлғончига чиқарганмиз ва: «Аллоҳ ҳеч нарса нозил қилган эмас, сизлар фақат катта залолатдасизлар», - деганмиз.
Аллоҳ таолонинг: «У ғазабдан парчаланиб кетгудек бўлур» оятидаги «У» жаҳаннам қўриқчиларига нисбатан киноя бўлиши ёки олов сифати бўлиши ҳам мумкин. Аллоҳ таоло оловга ҳам, ўликларга ҳам Узининг азамати ва буюклигига далолат қилувчи белгиларни ато қилиши мумкин. Шунда у Аллоҳ таолонинг душманларига қаттиқ ғазаб қилганидан парчалангудек бўлади. Аллоҳнинг дўстларига эса омонлик бўлади(Мазкур оятда «қишлоқ» сўзидан қишлоқ аҳли назарда тутилган. Чунки «бош тортиш» бу инсонга хос амал, қишлоққа эмас.).
Аслида, бу сифатга Аллоҳнинг дўстлари муносиброкдир. Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлган, душманларга ўта муросасиз мўминларни мадҳ этиб бундай деган:
«Муҳаммад Аллоҳнинг расулидир. У билан бирга бўлганлар кофирларга қаҳрлидир» (Фатҳ сураси, 29-оят).
«(Улар) мўминларга камтар, кофирлардан эса юқори тутувчидир» (Моида сураси, 54-оят). Худди шу каби, мўминларнинг барчаси шундай сифатга эга бўлишлари даркор.
Бунда бошқа ҳикмат ҳам бор(Иброҳим алайҳиссаломни олов куйдирмагани каби.). Бу жаҳаннам аҳли қиёмат куни: «Биз бундан ғафлатда қолган эканмиз» (Аъроф сураси, 172-оят) демасликлари учундир.
Аллоҳ таолонинг: «Ҳар гал унга бир гуруҳ ташланганида, унинг қўриқчилари улардан: «Сизларга огоҳлантирувчи келмаганмиди?» - деб сўрайдилар» оятидаги «огоҳлантирувчи» сўзи сизларни бундай кунга йўлиқишдан огоҳлантирадиган, деган маънода. Улар дерлар: «Ҳа, ҳақиқатан, бизга огоҳлантирувчи келган эди. Бу оят дўзахийларнинг амаллари ҳамда ҳолатларини баён қилмокда. Сабаби, улар охиратда ҳам ёлғон қасам ичиб:
«Раббимиз Аллоҳга қасамки, биз мушрик бўлмаганмиз» (Анъом сураси, 23-оят), дейдилар. Бу билан улар дунёда қилган найранглари охиратда ҳам иш беришидан умид қиладилар. Улар дўзахга ташлангач, имонлари фойда бермаслигига амин бўладилар ва азобдан халос бўлиш учун қилмишларини эътироф этиш ва рост сўзлашга киришиб айтадилар: «Ҳа, ҳақиқатан, бизга ушбу кунга йўлиқишдан огоҳлантирувчи инсон келган эди, лекин биз огоҳлантирувчилар айтган нарсаларни ёлғонга чиқарганмиз ва: «Аллоҳ сизлар огоҳлантираётган нарсалардан ҳеч нарсани нозил қилган эмас, сизлар фақат катта залолатдасизлар», деганмиз.
«Сизлар фақат катта залолатдасизлар» жумласи жаҳаннам қўриқчилари томонидан айтилган бўлиши ҳам мумкин. Ёки мушрикларга дунё ҳаётида: «Сизлар фақат катта залолатдасизлар», деб хитоб қилинган бўлиши ҳам мумкин.
[10] Яна улар: «Агар бизлар эшитганимизда ёки ақл юритганимизда, дўзах аҳлидан бўлмас эдик», - дерлар.
Аллоҳ таолонинг: «Ҳа, ҳақиқатан, бизларга огоҳлантирувчи келган эди» оятида дўзахийлар пайғамбарларнинг сўзини эшитиб, ақл юритганлари ҳақида эътироф бор. «Агар бизлар эшитганимизда ёки ақл юритганимизда...» ояти эса, уларнинг пайғамбарлар сўзини эшитмаганлари ва ақл юритмаганлари маъносида эмас. Чунки улар пайғамбарлар сўзларини эшитганлари ва ақл юритганларига иқрор бўлдилар. Бу оят уларнинг эшитган ва ақл юритган нарсаларидан фойдаланмаганлари маъносидадир. Зеро, кишининг эшитган нарсасидан фойдаланиши, унга ижобат қилиши ҳамда ақлидан фойдаланиши эса ақл юритган нарсасини амалга ошириши ҳисобланади. Дўзахийлар эшитган нарсаларига ижобат қилмадилар ва ақл юритган нарсаларига амал қилмадилар.
Баъзилар эса, ушбу оятни: «Агар бизлар дунёда ҳам худди ҳозиргидек эшитганимизда ёки ақл юритганимизда, дўзах аҳлидан бўлмас эдик», деб тафсир қилганлар. Бу маъно тўғри эмас. Чунки охират диёри эшиттириш ва тушунтириш жойи эмас. Оятнинг маъноси биз юқорида айтгандек бўлади. Валлоҳу аълам!
[11] Ва улар ўз гуноҳларини эътироф қилдилар. Бас, дўзах аҳли (Аллоҳнинг раҳматидан) узоқлашсинлар!
Оятдаги [суҳқан] сўзи «узоқлашсин» маъносида бўлиб, уларнинг ҳаққига дуойи бад (яъни дўзахийлар Аллоҳнинг раҳматидан узоқлашсинлар!) мазмунида бўлади. Бир қарашга кўра, «суҳқ» жаҳаннамдаги бир водий, дейилган.
[12] Ғайбдаги Раббисидан қўрқадиганлар учун мағфират ва катта мукофот бордир.
Оят «Азоб ғайбда бўлса-да, Раббисининг азобидан қўрқадиганлар» деган маънони ҳам эҳтимол қилади. Мусулмонлар азобни кўрмаган бўлсалар-да, Аллоҳнинг азобидан қўрқадилар. Кофирлар эса кўзлари билан азобни кўрмагунларича ундан кўрқмайдилар.
Шунингдек, «Ғайбдаги Раббисидан қўрқадиганлар» оятини «Аллоҳ таолонинг азоблашидан қўрқадиганлар» ёки «Аллоҳ таолодан огоҳлантирган нарсалари борасида қўрқадиганлар» деб таъвил қилиш мумкин.
Аслида, мўътазилийлардан ташқари барча қайта тирилишга имон келтирган мўминлар Аллоҳ таолодан қўрқадилар(Жаҳаннамнинг ғазаби ҳақида зикр қилишда.). Лекин улар қўрқув даражасида бир-бирларидан фарқланадилар.
«Қўрқув» бир вақтнинг ўзида «умид» ва «хавф» маъноларини англатади. «Омонлик» ва «ноумидлик» сўзлари эса ўз маъносидан бошқа маънони ифодаламайди. «Қўрқув» биз юқорида зикр қилган маъноларни англатар экан, ҳар бир мўмин Аллоҳ таолонинг неъматлари кўплиги, ушбу неъматларнинг ҳаққини адо этишда ғафлатда қолганини кўргач, Аллоҳнинг азобидан қўрқади. Чунки Аллоҳ таолонинг неъматларига шукр қилиш Унинг ҳаққи ҳисобланади. Ҳар бир мўмин банда ўзининг неъматга шукр қилишдаги камчилиги ҳамда неъматлар ҳаққини адо қилишдаги бепарволигини билиб, Парвардигорнинг карами кенглиги, фазлу марҳаматли, кечиримли, мағфиратли Зот эканини билгани учун Унинг раҳматидан умид қилади. Лекин улар хавф ва қўрқув борасида бир-биридан фарқланадилар.
Ким ўзининг ғафлатда эканини кўп эсласа, Унинг азобидан ҳам кўпроқ қўрқади. Ким кам эсласа, камроқ қўрқади. Демак, мўминлар ғафлатда эканларини эслашларига қараб, ўзаро бир-бирларидан фарқланадилар. Буни ўлимдан қўрқишга қиёс қилиш мумкин. Инсонлар ўлимдан қўрқадилар ва ҳақлигига ишонадилар. Лекин бу борада бир-бирларидан фарқ қиладилар. Ким ўлимни кўпроқ эсласа, сергакроқ ва қўрқувчироқ бўлади. Ким ўлимни эслашдан ғафлатда бўлса, ундан камроқ қўрқади.
Баъзилар томонидан шундай эътироз билдирилиши мумкин:
Сизлар қандай қилиб бир вақтнинг ўзида ҳар бир мўминни «қўрқувчи» ва «умид қилувчи» деб сифатламоқдасизлар? Ҳолбуки, умид қилувчи - (умид қилган нарсасига) интилувчи бўлса, қўрқувчи эса қочувчи-ку? Умид қилувчи инсон сабаблар ва амалларсиз истагига эриша олмаслигини билади ва умидига етишиш учун бор куч-ғайрати билан ушбу амалларни бажаради. Агар умидига элтадиган амал ва сабабларни қилмаса, у умид қилувчи эмас, балки «орзу қилувчи» инсон бўлиб қолади. Шунингдек, ҳақиқий қўрқувни ҳис қилган ҳамда хавф солаётган нарса бошига тушишини билган киши қўрқаётган нарсасидан қаттиқ қочади. Лекин аксар мўминларнинг умидига элтувчи амалларда бепарволик қилаётганларини ҳамда қўрққан нарсаларидан қаттиқ қочмаётганларини кўрасиз. Шундай экан, қандай қилиб сизлар барча мўминларни «қўрқувчи» ва «умид қилувчи» деб васф қилмокдасиз? Аслида, уларнинг аксарияти мазкур сифатларга эга эмас-ку?!
Улар ўзининг даъвоси тўғрилигига қуйидаги оятларни далил қилади:
«Имон келтирган, ҳижрат қилган ва Аллоҳ йўлида жидду жаҳд қилган кишилар - айнан ўшалар Аллоҳнинг раҳматидан умид қилурлар» (Бақара сураси, 218-оят). Демак, Аллоҳнинг раҳматидан «умидвор» киши деб Унинг тоатига қаттиқ бел боғлаган шахсга айтилади. Бошқа бир оятда:
«Шунингдек, садақаларини Парвардигорга қайтувчи эканларидан қалблари қўрқиб турган ҳолда берадиган кишилар» (Муъминун сураси, 60-оят) дейилган. Улар ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Улар зино ва ўғрилик қилувчиларми?» деб сўралди. Шунда у зот: «Улар қалблари қўрқиб турган ҳолда рўза тутиб, намоз ўқийдиган кишилардир»(Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳга: «Эй Аллоҳнинг расули, оятда: «Шунингдек, садақаларини (қиёматда) Парвардигорга қайтувчи эканларидан диллари қўрқиб турган ҳолда берадиган кишилар» деб тилга олинган кишилар зино, ўғрилик қилиб ҳам ичадиларми?» дедим. У зот: «Йўқ, эй Абу Бакрнинг қизи (бошқа ривоятда: «Эй Сиддиқнинг қизи»), Лекин бундай кишилар қабул қилинмаслигидан қўрққан ҳолда рўза тутиб, садақа қилади, намоз ўқийди», дедилар» (Имом Аҳмад, Ибн Можа, Имом Термизий ривояти).), дедилар. Бошқа бир оятда:
«Улар фақат У (Аллоҳ) рози бўлган кишиларнигина шафоат қилурлар. Уларнинг ўзлари У зотнинг қўрқинчидан хавфсираган ҳолда турурлар» (Анбиё сураси, 28-оят), дейилган.
Ушбу эътирознинг жавоби қуйидагича бўлади: Мўмин киши қилаётган солиҳ амали уни азобдан қутқаради ёки жазодан омонда сақлайди деб ўйламайди. Агар шундай ўйласа, у амалида умид ва хавфга путур етказган бўлар эди. Лекин мўминнинг азобдан халос бўлиши Аллоҳнинг афв этиши билан бўлади. Мусулмон Аллоҳнинг карами ва саховати орқали унинг раҳматидан умид қилади. Шунинг учун ҳам мусулмоннинг амалларда камчиликка қўл қўйиши хавф ва ражо (умид)ни йўққа чиқармайди. Мазкур ёндашув хорижий ёки мўътазилий тоифаларига алоқадор бўлмаган мўмин-мусулмонларга тегишлидир. Бордию умид ва хавф қилувчи (қўрқувчи) банда ушбу тоифаларнинг бирига мансуб бўлса ва у амалида камчиликка йўл қўйса, унинг хавф ва ражосига путур етади. Чунки мазкур икки эътиқод вакили банданинг амали нажот ёки ҳалокат келтиради, деб эътиқод қилади. У истакка етишиш учун жидду жахд билан амал қилмаса ва ўз амали билан хавфдан қочмаса, у умид қилувчи эмас, балки орзу қилувчи киши саналади. Демак, уларнинг эътиқодига кўра, бундай киши хавф қилувчи ҳисобланмайди.
Аслида, мўътазилийлар Аллоҳ таолодан қўрқмайдилар ва Унинг раҳматидан ҳам умидвор бўлмайдилар. Чунки улар: «Гуноҳи кабира қилган кишини Аллоҳ таоло азобламай, мағфират қилиши асло мумкин эмас. Гуноҳи кабирадан сақланиб, сағира (кичик) гуноҳ қилган кишини Аллоҳ таоло мағфират қилиши ва азобламаслиги вожибдир», деб эътиқод қиладилар.
Мазкур эътиқоддаги кишилар Аллоҳнинг раҳматидан умид қилувчи ҳам, азобидан қўрқувчи ҳам эмаслар. Балки хавф ва ражоси ўзларидан келиб чиқиб юзага келади. Чунки (мўътазилийлар таълимотига кўра, бандани) азобга мубтало қилувчи фақат банданинг гуноҳ амалидир. У маъсият қилмаганда, азобга гирифтор бўлмай, нажот топар эди. Демак, (уларнинг эътиқодига кўра) банданинг умиди ва азобдан халос бўлиши Аллоҳнинг раҳмати ва фазлига эмас, ўзининг амалига боғликдир.
Аллоҳ таоло мўминларни Қуръони Каримда бундай васф билан сифатламаган. Балки У Зот рағбат, қўрқув, хавф ва умид ила дуо қилган мўминларни мадҳ этган(Мўътазилийлар мўминни жаннатга киргазиш Аллоҳ таолога вожиб дейишгани учун қиёматдаги ҳисоб-китобдан хавф қилишмайди. Аҳли сунна вал жамоа эса, мўминларни жаннатга киритиш Аллоҳ таолога вожиб эмас, балки Унинг фазли билан жаннатга кирилади, дейдилар.).Мўътазилийларнинг қарашига кўра, бирор банда Аллоҳ таолога рағбат, қўрқув, хавф ва умид билан дуо қилмайди. Чунки гуноҳи кабира қилган инсон Аллоҳ таолодан мағфират сўраб дуо қилса, гўё у зулм сўраб дуо қилган бўлади. Зеро, (уларнинг фикрича,) Аллоҳ таоло гуноҳи кабира қилган кишини мағфират қилиши ҳамда азобламаслиги мумкин эмас.
Демак, (мўътазилийлик таълимотига кўра,) гуноҳи кабира қилган кишининг мағфират сўраб дуо қилиши: «Эй Аллоҳим! Менга зулм қилгин», деган маънони англатади. Аллоҳ таолони золим сифатида васфлаш ўта хатарли маъсиятдир. Сағира (кичик) гуноҳ соҳибининг мағфират сўраб дуо қилиши «Менга зулм қилмагин», деган маънони ифодалайди. Зеро, мўътазилийлик таълимотига кўра, сағира гуноҳ соҳибини Аллоҳ таоло азоблаши мумкин эмас. Мабодо азобласа, у бандага зулм қилган бўлади. Агар сағира гуноҳ соҳиби Аллоҳ таолонинг адолатидан хавфсираб дуо қилган бўлса, Унинг зулмидан қўрққан ҳисобланади. Қайси банда ўзини Парвардигорининг зулмидан омонда ҳис этмай, Унинг зулм қилишидан қўрқса, у Раббисини тўлиқ танимабди. Шунингдек, қайси банда ўзига Аллоҳ таолонинг зулм қилишини сўраб дуо қилса, Унинг аҳмоқлик қилишини сўраб, дуо қилибди. Аҳмоқ эса илоҳ бўлишга нолойиқдир. Демак, мўътазилийлар таълимотига кўра, умид ва қўрқув билан Раббисига дуо қилувчи асло мадҳ этилмайди ва мақтовга ҳам лойиқ бўлмайди(Имом Мотуридий ушбу оятларга ишора қилмокда: «Уларнинг ёнбошлари ўриндиқлардан ажраб турар (оз ухлайдилар). Улар Парвардигорларига қўрқув ва умидворлик билан дуо қилурлар» (Сажда сураси, 16-оят), «Бизга рағбат ва қўрқув билан дуо қилар эдилар» (Анбиё сураси, 90-оят).).
Аллоҳ азза ва жалланинг: «Улар учун мағфират ва катта мукофот бордир» ояти «Аллоҳ таолодан умидвор ва Ундан қўрққан киши учун гуноҳларининг афв этилиши ва улкан мукофот, яъни жаннат бордир», деган мазмунни ифодалайди.
[13] Сизлар сўзларингизни яширинглар ёки ошкора қилинглар, албатта, У диллардагини ҳам билувчидир.
Ушбу оят гўёки тахдидни изҳор қилиш учун келтирилмоқда. Аллоҳ таоло қалблар ўрин олган нафсларни билувчи Зотдир. У зот қалбда яширилган, беркитилган сирларни ҳамда қалбдан ташқарига чиққан хабарлар ва ошкора нарсаларни ҳам билувчидир. Қалб майдонига араб тилида «садр» дейилади. Унинг «садр» деб номланиши эса, унда фикрлар содир бўлиши эътиборидандир. Аллоҳ таоло қалб жойланган нафсларни билувчидир. Яъни нафс (инсон)ларнинг кўксидан чиқувчи ошкора фикрлар ва ундаги яширин сир-асрорларни ҳам билувчи Зотдир.
[14] Яратган Зот билмайдими?! У Латийф ва Хобийрдир.
Ислом аҳли ушбу оятни «Яратган Зот бандаларнинг яширин ва ошкора қилган нарсаларини билмайдими?» деб таъвил қилганлар. Оятдаги [ман] - «ким»(Мўътазилийларнинг бундай эътиқоди асло тўғри эмас. Чунки банданинг нажот топиши Аллоҳнинг фазли билан, ҳалокатга дучор бўлиши эса ғазаби сабаблидир.) сўзидан махлуқотлар эмас, Аллоҳ таоло ирода қилинган. Шунда оят «Холиқ билмайдими?!» деган маънони беради.
«У Латийф ва Хобийрдир» оятида бандаларнинг феъллари, сўзлари ва ёмонлик Аллоҳнинг яратган нарсалари эканига исбот бор. Демак, бу оят ҳам «бандалар феълларининг яратилгани» ҳақида бизларнинг мўътазилийларга қарши ҳужжатимиз бўлади.
Жаъфар ибн Ҳарб ва Абу Бакр Асом оятдаги [ман] сўзидан Аллоҳ таоло эмас, махлуқотлар тушунилади, деганлар. Бу талқинга кўра, оят «Аллоҳ таоло Узи яратган жонзотларни билмайдими?» деган маънони англатади. Бу ҳолатда «Аллоҳ таоло» сўзи яширин (замир мустатир) ҳолида бўлади. Улар ушбу ҳийла орқали феълларнинг яратилган эканини инкор қилишмоқда. Чунки мазкур талқинга кўра, оятдаги [ман] сўзидан бандаларнинг гап-сўзлари ва феъллари эмас, балки уларнинг шахсиятлари тушунилади(Бу ўринда Мулк сураси 14-оятида келган сўзининг маъноси луғавий жиҳатдан, яъни сўроқ олмоши ҳисобланган «ким?» сўзи билан ифодаланди. Араб тили хусусиятлари ва оятнинг умумий маъносига кўра, мазкур сўз сўроқ олмоши вазифасида эмас, балки «Зот» сўзи замирида кўлланмоқда.).
Оятнинг мазкур талқини хато ҳисобланади. Зеро, оят мазмунан ваъид, яъни тахдидга йўналтирилган. Оятдаги [ман] сўзидан шахс ва нафс маънолари тушунилса, оят «таҳдид» ва «огоҳлантириш» мазмунини йўқотади. Чунки шахсларнинг яратилиши ва улардан Аллоҳ таолонинг хабардор бўлиши бандалар қилаётган барча ишларни У Зот билади, деган маънони ифодаламайди. Қолаверса, шахсларни яратиш ва хабардорлик уларнинг хатти-ҳаракатларига нисбатан тахдид ва огохдантириш мазмунини келтириб чиқармайди. Шунингдек, Аллоҳ таоло бандаларнинг яширин ва ошкора феълларини яратмаган бўлганида, уларнинг амалларидан хабардор эканини ҳужжат қилиб келтирмаган бўлар эди. Зеро, гоҳида бировнинг қилмишидан бехабар қолиш мумкин экан, бошқанинг феълини бандаларга қарши ҳужжат қилиши жоиз эмас. Мўътазилийлар таълимотига кўра, бандалар феълининг яратилганини бандаларнинг яратилиши билан исботлаб бўлмаганидек, нафсларнинг яратилганини билиш орқали уларнинг яширин ва ошкора феълларини билишни исботлаб бўлмайди. Оят «Аллоҳ таоло бандаларнинг махфий ва ошкора феълларини билади», деган маънони ифодалайди. Чунки Аллоҳ таолонинг: «Яратган Зот билмайдими?!» деган ояти «Сизлар сўзларингизни яширинглар ёки ошкора қилинглар, У диллардаги сирларни ҳам билувчидир», яъни «сизларнинг яширин қилган ва ошкора қилган амалларингизни билувчидир» ояти ортидан келмоқда. Демак, мазкур оятдаги «яратган» сўзи «бандаларнинг яширин ва ошкора феълларини яратган», деган маънода бўлади.
Инсонлар турли хил бўлишларига қарамай, табиий ёки зарурий пайдо бўлган (инсоннинг бўйи, юракнинг ҳаракати каби) нарсалар Аллоҳ таоло томонидан яратилган эканига иттифоқ қилганлар. Лекин банданинг касби орқали юзага келган феъллар(нинг махлуқ ёки махлуқ эмаслиги)да ихтилоф қилганлар. Ҳидоят ахди бандаларнинг ихтиёрий феълларини Аллоҳ яратган деса, баъзилар уларни Аллоҳ яратмайди, дейдилар. Масалан, инсон қўли табиатан нима учун яратилган бўлса, уни ўша доирада ишлата олади. Бундан бошқа вазифалар учун ишлата олмайди, яъни қўли билан кўриш ёки эшитишни хоҳласа, бунинг уддасидан ҳаргиз чиқа олмайди. Демак, банда икки қўлидан бирор нарсани ушлаш, қўлга олиш, топшириш кабиларда фойдалана олади. Шундай экан, инсоннинг қўли, кўзи ва қулоғи билан бажараётган барча ишлари Аллоҳ таолонинг махлуқи экани ўз исботини топади. Тавфиқ Аллохдандир!
«У Латийф ва Хобийрдир» оятидаги «Латийф»нинг маъноси «У Зот ўз ишида дақиқ иш қилувчи Зот», деганидир. Мисол учун, Аллоҳ таоло инсон тилини шундай яратганки, уни ҳара-катлантирса, ундан овоз чиқади. Лекин инсон тили нима сабабдан гапираётганини англашга ҳаракат қилса, моҳиятига ета олмайди. Шунингдек, У Зот қалбга хаёлда юзага келган нарсани тасвирлаш имконини берди ва буни тил орқали баён қилади. Аллоҳ қалбни шундай яратдики, у сир-асрор ва омонатларни ўзида сақлайди. Агар халойиқлар қалбнинг «тасвирловчи», «сақлаб қолувчи», «сир-асрорлар маъдани» каби хусусиятларини англашга ҳаракат қилсалар, бунинг уддасидан чиқа олмайдилар.
Айтишларича, «Латийф» сўзи «катта ва майда нарсаларнинг илмини ҳам билувчи» деган маънони англатади. Яна айтишларича, «Латийф» сўзи «Уз бандаларига эҳсон ва инъом қилувчи», «Хобийр» эса «бандаларга манфаатли нарсалардан хабардор» деган маънони англатади.
[15] У сизлар учун Ерни хокисор қилиб қўйган Зотдир. Бас, унинг ҳар томонида юраверинглар ва Унинг ризқидан енглар. Тирилиб чиқиш Унинг ҳузуригадир.
У Зот Ернинг ҳар томонида юришларингиз, Унинг ризқидан ейишингиз учун уни сизларга бўйсундириб қўйган. Демак, Ер беҳуда, бекорга яратилган бўлиши мумкин эмас. Шунингдек, сизлардан Ернинг яратилиш мақсади ҳамда ушбу мақсад йўлида амал қилганингиз ёки қилмаганингиз ҳақида сўраши учун Аллоҳ таоло ҳузурига қайтиш лозим. Воқеликда бир киши бошқа кишига маълум мақсадга сарф қилиш учун пул берса, маблағ эгаси, албатта, (масъулдан) унинг қайтарилиши ҳамда белгиланган жойга ишлатгани ёки ишлатмагани ҳақида сўраши лозим. Демак, Аллоҳнинг Ерни беҳуда, бекорга яратмагани, балки имтиҳон учун яратгани аён бўлгач, бандалар қандай имтиҳон қилинганлари ва синалганлари ҳақида хабар беришлари учун, албатта, Аллоҳ ҳузурида қайта тирилишлари лозим бўлади.
Мазкур оят маъноси юқоридаги: «У сизларни синаш учун ўлим ва ҳаётни яратган Зотдир» (Мулк сураси, 2-оят) ва «У етти осмонни қатма-қат қилиб яратган Зотдир» (Мулк сураси, 3-оят) оятларига боғлиқ бўлиши ҳам мумкин. Бу қавлга кўра, Аллоҳ таоло буларнинг барчасини Ер устида ер аҳлини имтиҳон қилиш учун яратди ва бунинг учун Ерни бўйсундириб қўйди.
Шунингдек, мазкур оят юқоридаги «Сиз Раҳмоннинг ярати-шида бирор тафовутни кўрмайсиз» оятига боғлиқ бўлиши ҳам мумкин. Ушбу оятда Аллоҳ таоло бандаларини «бирор тафовут ёки ёриқни кўрасизлармикан?» деб осмонга қайта-қайта назар солишга буюрмоқда. Вақтики, осмонда айбу нуқсон ва камчилик кўрмагач, инсонга Яратганнинг ягоналиги, қудрати, ҳукмронлиги ва ҳикмати равшан бўлади. Шунингдек, Аллоҳ таоло «бирор камчилик ёки тафовут топасизлармикан?» деб, Ерда сайр қилиш, унинг атрофида айланишга амр этмокда. Инсонлар унда айб-нуқсон кўришмагач, биз юқорида қайд қилган барча ҳикматлар(Инсонда Яратганнинг ягоналиги, қудрати, ҳукмронлиги ва ҳикмати равшан бўлади.) ўз исботини топади. Бу маънолар Аллоҳ таолонинг: «У сизларга ерни хокисор қилиб қўйган Зотдир» оятида ҳам мавжуддир. Зеро, оятда Аллоҳ таоло инсонларга Ерни дақиқ яратгани ва уни тартибга солгани ҳамда уларга улкан неъмат ато этганини баён қилади. Мавжудотлар Ернинг қаерида юрмасинлар, У Зот уларнинг ризқини ўша ерга битиб қўйди ва муҳайё қилди.
Аллоҳ таоло Ерни инсонлар унда хоҳлаганча юришлари ва қаерда бўлмасинлар, ризқларини олишлари учун бекорга ва бефойда тарзда бўйсундириб қўйгани йўқ. Балки У Зот берган неъматлари эвазига сизлардан шукр қилишларингизни талаб этиши лозим бўлади.
[16] Осмондаги Зот сизларни Ерга юттириб юбориб, бирданига у (Ер) ларзага келишидан омонда бўлдингизми?!
Ушбу оят қайта тирилишни инкор қилувчиларга қарши ҳужжат қилинмоқда. Бу билан Аллоҳ таоло гўё шундай демокда, валлоҳу аълам: «Сизлар дўст билан душман, итоаткор билан осий орасидаги фарқни билатуриб, қайта тирилишни инкор қилмоқдасизлар. Ахир сизлар қандай қилиб бошларингиз устидан, оёқларингиз остидан азоб тушишидан омонда бўласизлар?!» ёки: «Аллоҳнинг расулини ёлғончига чиқариш ва Ундан ўзгага ибодат қилиш орқали У Зотга исён қилиб, душманлик қилдингизлар. Ахир сизлар қандай қилиб ушбу ҳолатингизда азоб тушишидан омонда бўласизлар?! Ҳолбуки, сизлар азоб кечикиши учун охиратга имон келтирмагансизлар-ку?!»
Аллоҳ таолонинг «омонда бўлдингизми?» сўзи «омонда бўлдингиз» деган маънони ифодалайди.
Оятнинг иккинчи маъноси: Қайта тирилишни инкор қилган ҳолда, қандай қилиб Аллоҳнинг азобидан омонда бўла оласизлар? Ахир имтиҳон дунёда, жазо ва мукофот эса охиратда бўлади-ку! Улар (мушриклар) синов ҳам, жазо ҳам дунёда бўлади, деб билар эдилар. Чунки улар дунёда кимга ризқ-рўз, ноз-неъматлар мўл-кўл қилиб берилса, бу унинг қилган амаллари мукофоти бўлади, кимнинг ризқ-рўзи тор қилинса, қилган ёмон амалининг жазоси бўлади, деб тушунар эдилар. Бу маъно Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятида ҳам ўз исботини топган:
«Инсон қачон Парвардигори уни имтиҳон қилиб, икром қилса ва унга неъмат ато этса дарҳол: «Парвардигорим мени азиз қилиб қўйган», дейди. Қачон уни имтиҳон қилиб, ризқини танг қилиб қўйса, дарҳол: «Парвардигорим мени хор қилди», дейди» (Фажр сураси, 15-16-оятлар).
Мушриклар дунёдаги торлик ва кенгликни қилган амаллари эвазига берилаётган жазо ёки мукофот деб биладилар. Шунингдек, улар дунёда синов мавжудлигини ҳам тасдиқлайдилар. Синов эса умид ва хавфдан келиб чиқади. Осмондан ризқ-рўз ёғилишини, ердан озиқ-овқат чиқишини умид қиласизлар. Худди шу каби осмонлар ва Ердан азоб келишидан қўрқмайсизларми?
Оятнинг учинчи маъноси: Сизлар Расулуллоҳни инкор қилиб, уни тан олмадингизлар. Ҳолбуки, сизларга аввалги пайғамбарларни ёлғончига чиқарган умматнинг қандай азоблангани, ҳалок бўлгани ҳақида хабарлар етиб келган. Уларнинг баъзилари осмондан тош ёғилиши, баъзилари эса Ер ютиши билан ҳалок қилиндилар. Пайғамбарларини ёлғонга чиқаргани учун ҳалок қилинган уммат каби пайғамбарни ёлғонга чиқарганингиз ҳолда, қандай қилиб уларга етган бало-офат сизга етмаслигини тама қиласизлар?!
Аллоҳ таоло [ман фис-сама] - «осмондаги Зот» ибораси билан Узини ирода қилиб, Узини «Осмон илоҳи» деб хабар бермоқда. Бундан Ерда бошқа илоҳ борлигини исбот қилиш ёки унинг Ердаги илоҳ эканини инкор қилиш маънолари тушунилмайди. Чунки У Зот «осмонда ҳам илохдир, ерда ҳам илохдир»(Имом Мотуридий бу ўринда Зухруф сураси 84-оятга ишора қилмокда.). Бу худди Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти каби бўлади:
«Уч кишининг ўзаро пичирлашлари бўлса, У Зот уларнинг тўртинчисидир» (Мужодала сураси, 7-оят). Бундан «пичирлашиш икки киши орасида бўлса, учинчиси Аллоҳ бўлмайди», деган маъно тушунилмайди.
Шунингдек, «Осмондаги Зотдан омонда бўлдингизми?!» ояти маъноси қуйидагича бўлиши ҳам мумкин: «Мулки ва салтанати осмонда бўлган Зотдан омонда бўлдингизми? Ахир, сизлар салтанати осмонга етиб борган бирортасини кўрмагансизлар-ку? Сизлар салтанати Ердан ташқарига чиқмайдиган подшоҳлардан қўрқиб, уларга душманлик қилишга ботина олмайсизлар-у, қандай қилиб салтанати осмонга ҳам етган Зотдан ва Унинг макридан омонда қоласизлар ҳамда Унга душманлик қилишга ботинасизлар? Сизлар қандай қилиб салтанати шу даражага етган Зотнинг азобидан ўзингизни омонда ҳис қиляпсиз?»
Аллоҳ азза ва жалланнг [фа иза ҳия тамур] оятининг маъноси «У доимий Ернинг энг пастига улоқтираверади» бўлади. Яна бир қавлда айтилишича, оят «Ер ўз аҳлини тоғу тошлар қозиқ сифатида жойланишидан олдин қандай силкинган бўлса, ўз остида ҳам шундай силкинади» маъносида бўлади.
[17] Ёки сизлар осмондаги Зот устингизга тош ёғдири-шидан омонда бўлдингизми?! Бас, огоҳлантиришим қандай эканини тез орада билиб оласизлар!
Оятдаги [ҳасиб] сўзи «тош» маъносини ифодалайди.
«Бас, огоҳлантиришим қандай эканини тез орада билиб оласизлар!» ояти «сизлар азобдан огохдантирувчиларимнинг ҳақ эканини тез орада билиб оласизлар! Ҳолбуки, сизлар ўз хаёлларингизда ёлғончи эмасдингиз» маъносида ёки: «Азоб келганида сизларни огоҳлантирган нарсам ҳақида билиб оласизлар» деган маънода бўлади.
[18] Ва дарҳақиқат, улардан аввалги кимсалар ёлғонга чиқаргандилар. Бас, инкорим қандай бўлди?!
Аллоҳ таоло мушрикларга аввал ёлғонга чиқарганларни ва уларга тушган азоб-уқубатни эслатмокда. Сабаби шуки, улар ёлғонга чиқаришдан қайтсалар, аввалгиларга тушган азоб уларга ҳам тушмайди».
«Бас, инкорим қандай бўлди?!» ояти «Уларга қилган инкорим қандай бўлди, унинг шиддатли ёки ҳақ эканини билмадиларми?» деган маънони ифодалайди.
[19] Улар устиларида (қанотларини) ёйган ва йиққан ҳолда (учиб юрган) қушларга қарамадиларми?! Уларни Раҳмонгина ушлаб туради. Албатта, У барча нарсани кўриб турувчидир.
Айтишларича, оят «Улар устиларида бирорта пати ҳаракатланмай қанотини ёйган ва йиққан ҳолда учаётган қушларни кўрмайдиларми?! Ҳар икки ҳолат, яъни ёйиш ва йиғишда ҳам Аллоҳ таоло ушлаб туради» деган маънони билдиради. Бошқа оятда эса, Аллоҳ таоло бундай деган:
«Осмон фазоси (ҳаво)да бўйсиндирилган қушларга қарамадиларми?! Уларни Аллоҳгина ушлаб туради! Албатта, бунда имон келтирадиган қавм учун белгилар бордир» (Наҳл сураси, 79-оят). Ушбу оятдаги «жавв» сўзи «ҳаво» деган маънони ифодалайди. «Албатта, бунда имон келтирадиган қавм учун белгилар бордир» ояти «Бунда мўминлар учун кофирларга қарши далиллар бордир» мазмунини ифодалайди. Бундан бошқа барча аломат ва белгилар ҳам шундай бўлади. Яъни булар мўминлар ва валийлар учун кофирлар ҳамда душманларга қарши далил қилинган. Зеро, кофирларга оят-белгилар пайғамбарлар ва валийлар тилида етиб келади. Демак, мўъжизалар мўминлар кофирларга қарши ҳужжат келтиришлари учун далил қилиб берилди.
Аслида, ҳаво осмон ва Ер каби ўзидаги нарсани тутиб турадиган, махлуқотлар ўрнашадиган жой эмас. Шундай экан, Аллоҳ таоло Уз лутфи билан қушларни учаётган вақтда, қанотларини йиққанда ҳавода ушлаб туради. Қушларнинг вазни бўлишига қарамасдан, уларни ушлаб туриш ҳамда ҳеч нима ўрнашмайдиган жойга ўрнаштириб қўядиган Зот Узи хоҳлаган барча ишга Қодирдир.
Мазкур оятда, Аллоҳ таолонинг қушларнинг феълига Ўзи истаганча таъсир ўтказиши ва тадбир қилиши ҳақида хабар берилмоқда. Чунки қушнинг ҳаракати қанот қоққанида учиш, қанот йиққанида эса, тўхташдир. Сўнг Аллоҳ таоло ушбу икки ҳолатда ҳам ушлаб туриш сифатини Ўзига нисбат берди.
Жаъфар ибн Ҳарбга кўра, «Уларни Аллоҳгина ушлаб туради!» оятидаги «ушлаб туриш» сўзи «таълим бериш» сўзидан ки-ноя бўлиб, баъзан «ушлаб туриш» сўзи «таълим бериш»ни ифодалайди. Масалан, бировга камон отишни ўргатаётган киши: «Отгунича қўлидан ушлаб турдим», дейди. Бу сўзи билан камон отишни унга ўргатдим, демоқчи бўлади. Демак, Аллоҳ таолонинг: «Уларни Аллоҳгина ушлаб туради!» ояти «Уларга учиш вақтида ҳам, қанотни йиғиштирган вақтида ҳам ўзларини тутиб туришни Аллоҳ таоло ўргатди», деган маънони ифодалайди(Жаъфар ибн Ҳарб бу фикрлари билан мўътазилий таълимотидаги «Банданинг феълини Аллоҳ эмас, банда яратади», деган ғояни исботламоқчи.).
Жаъфар ибн Ҳарбга бундай жавоб берилади: «Отгунича қўлидан ушлаб турдим», деган киши бу сўзни ҳақиқатда камон отаётган кишининг қўлидан тутиб турса, ишлата олади. Акс ҳолда, яъни камон отувчининг қўлидан тутиб турмаса, гарчи унга ўргатган бўлса ҳам, «қўлини тутиб турдим», дейиши тўғри бўлмайди. Бунинг тасдиғини бошқа мисолда ҳам кўришингиз мумкин. Масалан, бир киши кимгадир тикувчиликни ўргатди. Унинг шогирди тикувчиликни ўзлаштириб, бирор кийим тикса, гарчи устози унга тикувчиликни ўргатган бўлса-да: «Буни мен тикдим», дейиши мумкин эмас. Шунингдек, кимдир бино қурса, сўнг устози у қурган уйни ўзига нисбат бериб, «Уйни мен қурдим», дейиши ва бу сўздан «Уй қуришни унга мен ўргатганман» маъносини назарда тутиши мумкин эмас, шундайми? Демак, юқоридаги тикувчи ва устанинг сўзлари тўғри бўлмаса, «ушлаб туриш» сўзидан таълимни назарда тутиб, Аллоҳ таолога нисбат бериш ҳам бекор бўлади. Мабодо, Аллоҳ таолога «ушлаб туриш»ни «таълим» маъносида нисбатлаш мумкин бўлса, У Зотга тикувчилик, қурувчилик, тўқувчилик ишларини ҳам нисбатлаб, «тикувчи», «қурувчи», «тўқувчи» дейиш ҳам жоиз бўлиб қолади. Зеро, буларни бизларга аслида Аллоҳ таълим берган!
Демак, Аллоҳ таоло инсониятга тикувчилик, қурувчиликни ўргатган бўлишига қарамай, Унга мазкур феълларни нисбат бериш мумкин эмас экан, «ушлаб туриш» феълини таълим маъносида У Зотга нисбат бериш ҳам жоиз бўлмайди. Тавфиқ Аллохдандир!
Жаъфар ибн Ҳарб Аллоҳ таоло махлуқотларнинг феълини яратмайди, деган даъвосини асослаш учун: «Аллоҳ таоло оятда «Қушларнинг учишини фақат Аллоҳ яратади» ва «уларнинг қанот йиғишини ҳам фақат Аллоҳ яратади» демади, балки: «Уларни Раҳмонгина ушлаб туради», деди. Демак, бундан ушлаб туришни Аллоҳ таоло яратмагани маълум бўлади. Шунингдек, Аллоҳ таолога «ушлаб туриш» сўзининг нисбат берилиши ҳам биз қайд қилганимиздек, яъни мажозан «таълим» маъносини англатади», деб ҳужжат келтиради.
Унинг мазкур эътирозига бундай жавоб берилади: «Ислом уммати Аллоҳ таолонинг «Уларни ёлғиз Раҳмонгина ушлаб туради», деган сўзидан қушларнинг учишини ва қанот йиғишини фақат Аллоҳ яратади, деган мазмунни тушунганлар. Зеро, оятдаги «ушлаб туриш» сўзи «яратиш» сўзининг маъносини беради. Демак, Аллоҳ таолога нисбат беришда «ушлаб туриш» сўзи билан «яратиш» сўзлари орасида ҳеч қандай фарқ йўқ. Бордию оятда «яратиш» феъли ишлатилганида ҳам Жаъфар ибн Ҳарб уни «ушлаб туриш» каби таъвил қилар эди.
Яъни «Қушларга учишни ўргатиб, учиш сабабларини қилишда уларга куч ато этди», деб талқин қилар эди. Нима бўлганда ҳам, Аллоҳ таоло уни Узининг яратувчи эканини тан олиш, ҳар бир нарсани яратувчи эканини иқрор қилишига муяссар қилмайди.
Қуръони Каримда зикр қилинган оят-мўъжизалар қуйидаги бешта нарсани исботлаши очиқ-ойдиндир:
Биринчиси, (Аллоҳнинг) қайта тирилтириш қудратини исботлаш.
Мўътазилийларнинг қарашига кўра, мазкур оятлар Аллоҳ таоло қайта тирилтира олишини асосламайди ва қайта тирилтиришга имон келтириш вожиблигини ҳам англатмайди. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло қайта тирилтиришга қодир эканини исботлаш учун ибтидода ярата олганини ҳужжат қилган. Аллоҳ таоло айтган:
«Инсон, Биз уни нутфадан (бир томчи сувдан) яратгани-мизни кўрмадими?!» (Ёсин сураси, 77-оят).
Бошқа оятда бундай деган:
«У аввал бошида Ўзи яратиб, сўнгра (қиёмат кунида) Ўзи яна қайта яратадиган Зотдир. Бу У Зотга жуда осондир» (Рум сураси, 27-оят). Аллоҳ таоло ушбу оятлар билан Ўзининг ибтидодаги яратишини қайта тирилтиришга ҳам қодирлигини исботлаш учун ҳужжат қилди.
Мўътазилийлар наздида, ибтидода яратиш Аллоҳ таолонинг қайта тирилтира олишига ҳужжат бўлмайди. Чунки улар Аллоҳ таолонинг махлуқотларни ибтидода яратганини иқрор қилсаларда, бандалар феълининг яратувчиси Аллоҳ эканини инкор қиладилар. Феълларни яратиш мавжудотларни яратишдан енгил бўлсада, Аллоҳ таолонинг мавжудотларни яратишга қодирлиги уларнинг феълларини ҳам ярата олишига далил бўлмайди. Шундай экан, кайта тирилтириш ибтидода яратишдан енгил бўлса-да, қандай қилиб ибтидода яратишга қодирликни қайта тирилтира олишига ҳужжат қилиши мумкин? Ҳолбуки, бандаларнинг феълларини Аллоҳ яратгани ва тадбир қилгани аломатлари қайта тирилтиришдан кўра кўпрокдир. Чунки бандаларнинг феъллари орасида ушбу феъл эгасига азият, алам ва қийинчилик берадигани бор.
Маълумки, инсон ўз ҳаракатларидан лаззатланишни ва фойдаланишни мақсад қилади. Банданинг феълларини ундан бошқа кимдир тасарруф қилади. Шунингдек, бандаларнинг феъллари орасида хаёлга келмайдиган ва ақл тасаввур қила олмайдиган ишлар ҳам бўлади. Зеро, банданинг феъли ақл ва тафаккур идрок эта олмайдиган вақт, макон ва шароитга эгалик қилади. Демак, бошка кимнингдир бунга таъсири бўлади. Қолаверса, банданинг феъли яхши ва ёмон сифатларни касб этади. Бажарувчи шахс эса, ўз феълининг қанчалик яхши ва ёмон сифатларни касб этаётганини англамайди. Шунингдек, у бир ишни яхши сифат билан бажариб, сўнг уни такроран шундайлигича адо этишга қодир бўлмайди.
Бу айтган гапларимиз, бандаларнинг барча феъллари уларнинг ўзларига тегишли эмаслигини ойдинлаштиради. Бу далилларга қарамай, мўътазилийлар бандалар феълининг холиқи Аллоҳ эканини инкор қиладилар.
Қайта тирилтиришнинг бирорта аломати зоҳир бўлмаган ва унда Аллоҳнинг тадбири ҳам кўринмайди. Шу боис, кофирлар қайта тирилтиришни инкор қилишлари билан мўътазилийларнинг бандалар феълини Аллоҳ яратишини инкор қилишидан кўра узрлироқ ҳисобланади.
Мўътазилийларнинг фикрига кўра, махлуқотларни ибтидода яратишга қодирлик қайта тирилтириш ҳамда ўлгандан сўнг (ҳаётга) қайтаришга қодирликни келтириб чиқармайди. Демак, Аллоҳ таолонинг оят-мўъжизаларида қайта тирилтиришни исботловчи далил йўқ (эмиш).
Иккинчиси, Аллоҳнинг яккаю ягоналигини исботлаш. Аллоҳ таоло Узининг ягоналигига далил сифатида махлуқотларни яратишда ёлғиз ва ягона бўлганини келтирган. Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятига назар солинг:
«Ё улар Аллоҳга Унинг яратиши каби ярата оладиган шериклар қилиб олишган» (Раъд сураси, 16-оят)(«Ё улар Аллоҳга Унинг яратиши каби ярата оладиган бутларни шерик қилишиб олгану, улар ҳам яратганлар, сўнгра уларга (икки) яратиш ўхшаш бўлиб қолдими?» (Раъд сураси, 16-оят).).
Бошқа оятда бундай дейилган:
«У Зот билан бирга бирор илоҳ бўлган эмасдир. Акс ҳолда, албатта, ҳар бир илоҳ ўзи яратган нарса билан кетар эди» (Муъминун сураси, 91-оят)(«Аллоҳ фарзанд тутган эмас ва У билан бирга бирор илоҳ бўлган эмасдир. Акс ҳолда, албатта, ҳар бир илоҳ Узи яратган нарса билан кетиб, бир-биридан устун бўлиб олур эдилар (натижада Еру осмон бузилиб кетган бўлур эди). Аллоҳ улар айтаётган сифатлардан покдир» (Муъминун сураси, 91-оят).).
Мўътазилийлар эътиқодидан келиб чиқсак, Аллоҳ таоло нарсаларни яратишда ягона бўлмайди, балки аксарият нарсаларни У Зот эмас, балки бандалар яратади. Агар Аллоҳ таоло яратишда ягона бўлмаса, бу Унинг ягоналиги ва маърифатига далил бўла олмайди. Шундай экан, мўътазилийлар эътиқодига кўра, Аллоҳ таолонинг яккаю ягоналиги Узи исбот сифатида (оятларда) келтирган далил орқали собит бўлмай қолади(Яъни мўътазилийлар даъволарига кўра, банда ўз амалларини яратадиган бўлса, унда Аллоҳнинг яратувчилигига нуқсон етади. Бу эса Яратувчи ҳақида келган Қуръон оятларига тўғри келмай қолади.).
Учинчиси, оят-мўъжизалар Аллоҳ таолонинг ҳикматини асослаш учун зикр қилинади. Унинг осмонлару ерлар ва бошқа нарсаларни яратиши Унинг ҳикматига далил қилинган. Биз Еру осмонларнинг яратилганини уларнинг ўзаро жамлашганидан кўриб, билиб олдик. Еру осмонларнинг ўзаро жамланиши кейин пайдо бўлиш (ҳодис) ҳолати бўлиб, ҳодислик сифатидан ажрамайдиган нарсанинг ўзи ҳам пайдо бўлган ҳисобланади(Яъни осмону ерлар пайдо бўлган ва уларнинг жамланиш сифати ҳам пайдо бўлган бўлиб чиқади.). Ҳар бир пайдо бўлган нарсанинг пайдо қилувчиси ҳам бўлади. Бундай бўлмаса эди, биз уни билмаган бўлар эдик ва Еру осмоннинг яратилган экани исботланмаган бўлар эди.
Мўътазилийлар таълимотига кўра, жамланиш ва ажралиш нарсанинг яратилганига асос бўлмайди. Чунки қуввати бор киши нарсаларни мустақил жамлаб, бир-биридан ажрата олади. Демак, жамлаш ва ажратиш жамловчи ва ажратувчининг феълидир. Бу мўътазилийларнинг мутаваллидот(Мўътазилия таълимотига кўра, феъл таъсирида юзага келган нарсани ҳам банда яратади. Масалан, бир киши кимгадир қарата тош отди ва у унга тегиб жароҳатлади. Бу ерда тошни отиш банданинг феъли бўлса, жароҳатлаш феълнинг таъсиридир. Мўътазилийлар талқинига кўра, ушбу икки феълни, яъни тош отиш ва жароҳатлашни ҳам банда яратади. Аҳли сунна вал жамоа эса, иккиси ҳам Аллоҳнинг махлуқи, дейдилар.) борасидаги эътиқодларидан келиб чиққан. Улар (мўътазилий)нинг талқинига кўра, кимнинг куввати кўп бўлса, қувватли нарсаларни жамлай олади, кимнинг куввати эса оз бўлса, тоқатга қараб, қурби етган нарсани жамлай олади. Фаразан, шундай бўлган тақдирда, уларнинг талқинига кўра, бандаларга Еру осмонни яратувчиси Аллоҳ таоло экани маълум бўлмай қолади. Чунки у иккисининг яратилган экани биз юқорида қайд қилган йўл орқали маълум бўлади. Зеро, буларнинг барчасини яратишга фақатгина Аллоҳ таоло қодир.
Аллоҳ таоло фаришталаридан бирига қувват бериб, уни Еру осмонни яратишга қурби етадиган қилиб қўйиши ҳам мумкин эди. Бундай бўлган тақдирда, Аллоҳнинг Еру осмонларнинг яратувчиси экани зоҳир бўлмайди. Қолаверса, бу билан Еру осмонлар ва бошқа нарсаларнинг яратилишида Унинг ҳикмати, қудрати ва якка-ягоналигига далолат борлиги маъноси йўққа чиқади. Аллоҳ таоло Еру осмонларнинг яратилишини биз айтгандек, Узининг қудрати, ҳикмати ва ягоналигига далил қилди.
Иккинчидан(Бу ҳам мўътазилийларнинг аҳли сунна вал жамоага раддияси.), (мўътазилалар эътиқодига кўра) Аллоҳ таоло нарсаларни мукаммал ва мустаҳкам қилиб яратганини Узининг ҳикматига белги қилган. Баъзи нарсалар эса, Аллоҳ таолодан бошқаси томонидан ҳам мукаммал ва мустаҳкам юзага келтирилиши мумкин. Аллоҳ таоло Узи пухта қилган нарса билан бошқаси пухта қилган нарсани бир-биридан ажратиб турадиган бирор белги ёки аломатни яратмади. Демак, пухталик ва мустаҳкамлик Унинг ҳикматига эмас, балки ожизлиги ва заифлигига далил бўлади. Чунки У Узининг ва бошқанинг мукаммал қилишнинг орасини ажратувчи белги қилмаган. Аслида, бир нарсани бошқанинг нарсасидан ажралиб турадиган қилиб яратиш ҳикматдандир (шу ергача мўътазилалар эътиқоди баён қилинди).
Яна мўътазилийлар айтади: «Аллоҳ таоло кофирнинг кофир бўлишини билатуриб, унга имон келтириш қувватини ато қилди. Унинг хазинасидаги кофирнинг имонга келишига сабаб бўладиган барча нарсаларни берди. Бу эса воқеликда катта жоҳиллик ва телбаликдир. Чунки ҳосил бермайдиган унумсиз ерни билатуриб, унга ишлов берган, суғорган, ўғит солган, уруғ эккан киши аҳмоқ ва жоҳил ҳисобланади. Аҳмоқ эса ҳикматли илоҳ бўлишга салоҳиятли эмас».
Аллоҳ таоло оятда: «У сизларнинг қайсиларингиз чиройлироқ амал қилувчи эканингизни синаш учун ўлим ва ҳаётни яратган Зотдир» (Мулк сураси, 2-оят) деган. Мўътазилийларнинг қарашига кўра, Аллоҳдан бошқаси ҳам ўлимни ва ҳаётни яратиши мумкин. Чунки ўлдирилган нарсанинг маййит эканига иттифоқ бор. Лекин мўътазилийлар банданинг ўлимига Аллоҳ таолонинг таъсири йўқ деб ҳисоблаб, у ажалидан олдин вафот этган деб ўйлайдилар. Аллохдан бошқаси ўлдиришга қодир бўлса, албатта, Ундан бошқаси маълум сабабларга кўра тирилтиришга ҳам қодир бўлади. Масалан, ерни ва экинзорни суғорган киши маълум маънода унга ҳаёт берган бўлади. Демак, мўътазилийларнинг таълимотига кўра, Аллоҳ таоло ягона ўлдирувчи ва тирилтирувчи эмас. Балки бошқалар ҳам Унга мазкур сифатларда шерикдир. Мўътазилийларнинг юқоридаги сўзларига кўра, Аллоҳ таолонинг оятларда Узини «Барча нарсаларнинг холиқи» сифатида мадҳ этиши бекор бўлиб қолади.
Тўртинчиси, Аллоҳ таоло махлуқотларнинг амалларини билиб туришига уларнинг феълларни яратганини ҳам далил қилган. Бу Аллоҳ таолонинг: «Яратган Зот билмайдими?!» оятидир. Мўътазилийлар эса, Аллоҳ таоло бандалар феълларининг яратувчиси эканини инкор қилишган. Агар Аллоҳ таоло бандаларнинг феълини яратмаган бўлса, унда уларнинг амалларидан ҳам хабардор бўлмай қолади. Уларнинг эътиқодига кўра, Аллоҳ таолонинг хабардор эканини исботловчи оят-мўъжизалар ўз маъносини йўқотади ва хабар ёлғон экани келиб чиқади. Аллоҳ таоло бундай айбу нуқсондан покдир.
Бешинчиси, Аллоҳ таоло Узини Қуръонда «эҳсон қилувчи», «неъмат берувчи» деб атаган. У Узининг эҳсон қилгани ва неъмат берганини турли далиллар билан исботлаб, буни Ўзининг яратувчи эканига ҳужжат қилган. Мўътазилийлар эътиқодига кўра, бандаларга келаётган ҳар бир неъмат Аллоҳ таоло зиммасидаги вожибдир. Бу гапга кўра, Аллоҳ таоло бандаларни ризқлантиришда Ўз зиммасидаги мажбуриятни бажарган бўлади. Зеро, ким бир кишининг олдидаги ўз мажбуриятини бажарса, у «эҳсон қилувчи», «неъмат берувчи» эмас, балки зиммасидаги мажбуриятни адо этувчи бўлади. Демак, уларнинг гапига кўра, Аллоҳ таолонинг неъмат берганини исботловчи оят-белгилар далил бўла олмайди. Аллоҳ таоло золимлар айтган (бундай) гап-сўзлардан пок ва олийдир.
Аллоҳ азза ва жалла деди: «У барча нарсани кўриб турувчидир», яъни У дақиқ ва кичик, яширинган ва ошкора нарсаларни ҳам, бошқа нарса билан аралашиб кетган ёки алоҳида нарсаларни ҳам кўриб турувчидир. Шунингдек, У бандаларнинг ризқини то ажаллари келгунича етказиб турувчидир.
Ёки ушбу оят маъноси бундай: «Аллоҳ таоло бандаларнинг қилган ёки келажакда қиладиган барча феълларидан хабардордир». Зеро, Аллоҳ таоло: «Сизлар сўзларингизни яширинглар ёки ошкора қилинглар, албатта, У диллардагини ҳам билувчидир» оятидан сўнг «Яратган Зот билмайдими?!» оятини зикр қилган.
Аллоҳ таолонинг: «У барча нарсани кўриб турувчидир» оятида (азобдан) огоҳлантириш, (савобга) тарғиб, Аллоҳ таолонинг кузатувчи экани, сергак бўлиш кераклиги (ҳақидаги огохдантириш) каби маънолар бор. Шунингдек, ушбу маънолар Аллоҳ таолонинг: «Албатта, Раббим ҳамма нарсани қўриқловчидир» (Ҳуд сураси, 57-оят) ва «У барча нарсани билувчидир» (Бақара сураси, 29-оят) оятларида ҳам мавжуддир. Чунки инсон қилаётган ҳар бир амалини кузатиб, қайд этиб қоладиган Зот борлигини билса, фақат яхши ва хайрли ишларни амалга оширади.
[20] Сизлар учун Раҳмондан ўзга ёрдам берадиган қўшинингиз ким экан ўзи?! Кофирлар фақат мағрурликдадирлар.
Ушбу оят маъноси «Осмондаги Зот сизларни Ерга юттириб юборишидан омонда бўлдингизми?!» ва «Ёки сизлар осмондаги Зот устингизга тош ёғдиришидан омонда бўлдингизми?!» оятларига боғлиқдир. Яъни «Эй мушриклар, Аллоҳ таоло сизларни ерга юттирса ва осмонлардан устингизга тош ёғдирса, «Сизлар учун Раҳмондан ўзга ёрдам берадиган қўшинингиз ким экан ўзи?!» дейилмоқда.
Юқоридаги оятларнинг ўрнини алмаштириш ҳам мумкин. У ҳолда оят қуйидаги маънони ифодалайди: «Вақтики, сизларга азоб келса, «Раҳмондан ўзга сизларга ёрдам берадиган қўшинингиз ким экан ўзи?» ёки оятни «Сизларга азоб келганида Аллоҳ таолодан Узга сизлардан азобни даф қиладиган ким экан?» деб тушуниш ҳам мумкин.
Оятдаги «қўшин»дан Макка мушрикларининг Аллоҳни қўйиб, ибодат қилаётган «илоҳлари» тушунилиши ҳам мумкин. Чунки мушриклар илоҳларга уларнинг қўллаб-қувватлаши ва шу сабаб азизу мукаррам бўлиш мақсадида ибодат қиладилар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай деган:
«Улар Аллоҳни қўйиб, ўзларига мадад бўлиши учун «илоҳлар» тутдилар» (Марям сураси, 81-оят).
«Аллоҳни қўйиб ёрдам олиш умидида «илоҳ»ларни тутдилар» (Есин сураси, 74-оят).
Макка мушриклари (сиғинаётган) илоҳлари уларга ёрдам бермаслигини ҳам, улардан хорликни аритмаслигини ҳам жуда яхши билар эдилар. Чунки улар бало-офат ва хорликка гирифтор бўлганларида Аллоҳ таолога юкунар эдилар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай деган:
«Қачонки инсонга бирор зиён тегса, у Парвардигорига тавба-тазарру билан дуо қилур» (Зумар сураси, 8-оят). Қийинчилик пайтда мушриклар ўз илоҳларини қўйиб, Аллоҳ таолога илтижо қилар эдилар. Чунки улар бундай вазиятда ўзларига илоҳ деб тутган нарсалари ёрдам бермаслигини ва уларни азизу мукаррам килмаслигини жуда яхши билар эдилар. Аллоҳ таоло мушриклар бут-санамларга ибодат қилишни ташлаб, махлуқотларнинг Раббисига ибодат қилишлари учун қийинчиликда бошларига тушадиган нарсаларни омонлик вақтида эслатди. Зеро, улар бут-санамлар ибодатини қўйиб, Аллоҳга ибодат қилсалар, қийинчилик, даҳшатли ҳолатлар ва азият етганида У зот (паноҳида асрайди,) у (бало) ларни кетказади ва хорликка тушсалар, уларни азиз қилади.
Аллоҳ азза ва жалланинг: «Кофирлар фақат мағрурликдадирлар» ояти улар нусрат ва азизлик беради, деб илоҳларга ибодат қилиб, алдандилар. Ҳолбуки, санамлар улардан қийинчиликни даф қилмаслигини ва азизу мукаррам қилмаслигини ҳам жуда яхши билар эдилар, деган маънодадир.
[21] Ёки У Зот ризқини тўхтатиб қўйса, сизларга ризқ берадиган ким ўзи?! Балки у (кофир)лар ҳаддан ошиш ва йироқлашишда давом этдилар.
Мушриклар еру осмонлардан ризқларини умид қилиб турар эдилар. Аллоҳ таоло уларга: «Аллоҳ таоло осмондан сизларга ёмғир ёғдирмаса ва ерни ўсимлик униши учун унумдор қилмаса, сизларга ким ризқ-рўз беради?» деди. Аслида, улар Аллоҳ таолодан ўзга ризқ берувчи Зот йўқлигини билишган. Чунки қаҳатчилик ва қурғоқчилик бўлганида улар Аллоҳ таолога илтижо қилиб, ўзларига ризқ-рўз сўрар эдилар. Аллоҳ таоло кенгчилик пайтида улар ношукр бўлмасликлари ва Унга куфр келтирмасликлари учун ризқни кенг қилиб, берган улкан неъматларини эслатди.
Оятдаги [утувв] сўзи «қаттиқ ҳаддан ошиш, тентаклик» маъноларини ифодалайди. Гўёки Аллоҳ таоло бундай дейди: «Улар ҳақни қабул қилмасликда ҳаддан ошиб, қайсарлик қилиб, ўз туғёнларида давом этдилар ҳамда неъматларни эсламадилар, Аллоҳдан қўрқмадилар ва шукр ҳам қилмадилар. Балки буларнинг барчасини кабул қилишдан узоқлашдилар».
Аллоҳ азза ва жалланинг: «Сизлар учун Раҳмондан ўзга ёрдам берадиган қўшинингиз ким экан ўзи?!» ва «Ёки У Зот ризқини тўхтатиб қўйса, сизларга ризқ берадиган ким ўзи?!» оятлари уч хил маънони ифодалайди:
Биринчиси, қўрқитиш ва таҳдид маъноси.
Иккинчиси, танбеҳ бериш, эслатиш ва кофирларнинг ақлларини заифликка чиқариш маъноси.
Учинчиси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мушриклар устидан бериладиган нусрат ва уларнинг ҳақига қилган дуолари мақбул бўлгани ҳақида башорат маъноси.
Оятнинг танбеҳ бериш, эслатиш ва уларнинг ақлларини заифликка чиқариш маъноси шуки, мушриклар дунёда нусрат топишлари, азиз бўлишларини сўраб ва улардан ризқ-рўз талаб қилиб бут-санамлар учун ибодат қилар эди. Улар охиратга ишонмаганлари сабабли илохдаридан охират азизлиги ва муваффақиятини асло сўрамас эди. Балки фақат дунё азизлигини сўрашарди. Мушрикларга мусибат ва офат келса, Аллоҳ таолога юкуниб, ибодат қилар эдилар. Бу ҳақда оятда бундай дейилган:
«Денгизда сизларга бирор мусибат етса, Ундан бошқа сизлар илтижо қиладиган (сохта илоҳ)лар гойиб бўлур» (Исро сураси, 67-оят). Бу пайтда улар ўз олиҳаларига илтижо қилмайдилар. Қандай қилиб улар Аллоҳ таолонинг азобини арита олмаслигини билатуриб, бут-санамларни қийинчилик пайтида қўллаб-қувватлайдиган қўшин қилиб олишлари мумкин?!
Мазкур оятда мушрикларнинг ақллари заиф эканини баён килиш ва огоҳлантириш маънолари бор. (Бу оятлар) мушрикларни Аллоҳ таолодан ўзгасига ибодат қилмасликка ва бошларига келган мусибатни кетказишга қодир Зот - Аллоҳ таолога ибодат қилишга чорлайди.
Оятнинг қўрқитиш ва тахдид маъноси шуки, мушриклар балога гирифтор бўлиб, ризқ-рўзда торликка тушиб қолганларида, Аллоҳ таоло уларга: «Илоҳларингиздан нусрат, ризқ сўранглар-чи, улар сизларни ризқлантира олармикан ёки хорликни бошларингиздан кўтаришга қурби етармикан ёки сизларга нусрат беришга қодирмикан?» дейди.
Оятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мушриклар устидан бериладиган нусрат ва уларнинг ҳақига қилган дуоларининг ижобати ҳақида башорат маъноси ҳам бор. Ҳақиқатда, Макка фатҳи куни Расулуллоҳга нусрат келиб, Макка мушриклари мағлуб бўлдилар. Макка фатҳи куни мушриклар иддао қилган илоҳларидан нусрат келмади. Улар буткул мағлуб бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мушриклар устидан мутлақ ғалабага эришдилар. Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуойи бадлари сабабли мушриклар бир неча йил қаҳатчиликка мубтало бўлишди. Ҳатто улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан дуои хайр қилишларини сўраб ёлвордилар. Расулуллоҳ улар ҳақига дуо қил-ганларидан кейин Аллоҳ таоло улардан қаҳатчиликни кўтарди.
[22] Юз тубан ҳолда қоқилиб юрадиган киши ҳидоятдами ёки тик ҳолда тўғри йўлда юрадиган кишими?!
Ушбу оятда эслатма, огоҳлантириш, қўрқитиш, тахдид қилиш маънолари ҳамда мушрикларнинг ҳолатларига зид бўлган бошқа бир ҳолатнинг баёни мавжуд.
«Замир қилиш (жумладан, тушириб қолдириш)» қоидасига кўра, оятда «йўл» сўзи тик ҳолда юрган кишига нисбатан ишлатилиб, юзтубан юраётган кишига нисбатан ишлатилмади. Гўёки оятда: «Юзтубан ҳолда нотўғри йўлда қоқилиб юрадиган киши ҳидоятдами ёки тик ҳолда тўғри йўлда юрадиган кишими?!» маъноси ҳосил бўлади.
Оятда эслатма, огоҳлантириш ва мушрикларнинг ақллари заиф эканини кўрсатиш маънолари бор. Зеро, имонни устун қўйиб, унинг йўлида юрганлар ҳужжат ва далил йўлини тутадилар. Аксинча, куфрни устун қўйганлар ҳеч қандай ҳужжатсиз устун қўйган кишилардир. Балки уларнинг аҳмоқлиги ва иккиланиши куфрни танлашга ва уни дин деб эътиқод қилишга чақиради. (Фақат моддий) ҳаётни ва маънавий кўрликни ҳидоят ва тўғри йўлдан устун билганлар аҳмоқ кишилардир.
Ёки оятнинг маъноси: «Юзтубан ҳолда нотўғри йўлда қоқилиб юрадиган киши ҳидоятлироқми, яъни тўғрироқми ёки тик ҳолда тўғри йўлда юрадиган кишими?!» Бу гап аслида бундай бўлади: «Тўғри йўлда юрадиган одам хато ва эгри йўлни танлаган кишидан (афзал ва) тўғрироқдир».
Биринчи маънога кўра, оят тахдид, эслатма ва огохдантириш маъноларини ифодаласа, иккинчи маънога кўра эса, унда эслатма ва огохдантириш маънолари бор, холос.
Юқорида айтганимиздек, ушбу оятда мушрикларнинг ҳолатларига зид бўлган бошқа бир ҳолатнинг ҳам баёни мавжуд. Бунинг маъноси, мусулмонлар ва кофирларнинг ҳар иккиси ҳам ўзини тўғри йўлда деб, бошқаларни адашган деб ўйлайдилар. Бу икки гуруҳдан бири залолатдалиги аниқ бўлса, адашган фирқанинг жазоси тўғри йўлдаги қавмнинг мукофотидан, шунингдек, дўстнинг мукофоти душманнинг жазосидан ўзгача бўлиши лозим. Лекин дунё ҳаёти ҳар икки тоифа инсонлар учун бирдек ўтади. Демак, уларга мукофот ёки жазо бериш учун бошқа бир ҳовли (охират) мавжуд бўлиши ва унга имон келтириш лозим бўлади. Уларнинг айтаётган сўзлари замирида қайта тирилиш борлиги ва унга иқрор бўлиш маъноси ётади. Биз қайд қилган юқоридаги сўзлар мусулмон ва мушрикларнинг ҳолатини баён қилади. Зеро, ерга юзтубан ҳолда нотўғри йўлда юрган киши бамисоли кўзи ожиз ва юришга қурби етмай, ўтириб қолган киши кабидир. Тўғри йўлда тик юрган киши бамисоли ҳеч бир касалликсиз, кўзи ўткир ҳолда (собит) юрган кишига ўхшайди. Шунда «...юзтубан ҳолда нотўғри йўлда қоқилиб юрадиган киши» ояти сўқирни, «...тик ҳолда тўғри йўлда юрадиган кишими?!» ояти эса эшитувчи ва кўрувчи кишини англатади. Демак, оятнинг маъноси Ҳуд сурасидаги қуйидаги маънони ифодалайди:
«Иккала гуруҳнинг мисоли худди кўр билан кар ва кўрувчи билан эшитувчи кабидир. Иккиси мисолда баробар бўладими?! Ўйлаб кўрмайсизларми?!»
[23] Айтинг: «У (Аллоҳ) сизларни пайдо қилган ва сизлар учун қулоқ, кўзлар ва дилларни (ато) қилган Зотдир». Сизлар камдан-кам шукр қиласизлар.
Ушбу оят маъноси Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятларига боғлиқдир: «Ўлим ва ҳаётни яратган Зот» (Мулк сураси, 2-оят); «У етти осмонни қатма-қат қилиб яратган Зотдир» (Мулк сураси, 3-оят); «У сизлар учун ерни хокисор қилиб қўйган Зотдир» (Мулк сураси, 15-оят).
Шунингдек, мазкур оятда Аллоҳ таолонинг йўқдан бор қилиши, қулоқлар, кўзлар ва қалбларни ато этишини зикр қилиш билан Унинг куч-қудрати, ҳукмронлиги, илми, ҳикмати, неъматлари ва ҳар қандай ўхшашлик ва мисоллардан олий экани ҳақида эслатма бордир.
Аллоҳ таоло Узининг куч-қудрати, ҳукмронлиги, илми ва ҳикматини мазкур оят ортидан, яна, Мурсалот(«Ахир, Биз сизларни бир ҳақир сувдан яратмадикми?! Сўнгра у (сувни - нутфа)ни пухта қарор (топадиган жой)да қилиб қўймадикми?! (Яъни она қорнида) маълум муддатгача. Бас, Биз (ундан инсонни яратишга) қодир бўлдик. Нақадар қудратлидирмиз!» (Мурсалот сураси, 20-23-оятлар).) ва Ториқ («Бас, инсон ўзининг нимадан яралганига бир боқсин! (У) отилиб чиқувчи бир «сув»дан яралган. (У «сув» эса) отанинг пушти камари ва онанинг кўкрак суягидан чиқур» (Ториқ сураси, 5-7-оятлар).) сураларида ҳам зикр қилган. Бу ўринда ҳам улардан айримларини Аллоҳ таолонинг ёрдами ва тафвиқи билан зикр қилиб ўтамиз:
Аллоҳ таоло бизларни инсоният ақли, илми, ҳикмати ва куч-қуввати етмайдиган бир зулматли макон, тор жой (бачадон)да яратди. Бу зулматларда мукаммал тадбир қилишга махлуқотларнинг илми ва ҳикмати етмайди. Аллоҳ таоло бандаларини ўша зулматда Ўзи истаган суратда яратиб, ҳукмронлиги ва тадбирини унга жорий қилди. Бу орқали Аллоҳ таолонинг махфий нарсалардан ҳам худди ошкора нарсалар каби хабардор эканлиги маълум бўлади. Шунингдек, махлуқотлар Ундан ҳеч нарсани сир тута олмасликлари аён бўлади ва бу уларнинг махфий ва ошкора амаллари устида Аллоҳ кўриб, кузатиб турганини ҳис қилишга ундайди. Биз қайд қилган маълумотлар Аллоҳ таолонинг қудрати, илми ва ҳукмронлигини инсоният қуввати, илми ва ҳукмронлиги билан ўлчаб бўлмаслигини англатади. Яна шунингдек, биз зикр қилган нарсаларда қайта тирилишни инкор килувчилардан шубҳаларни кетказадиган, тафаккур юритилса, уларни имонга ундайдиган ҳақиқатлар бордир. Шу билан бирга, бу қадар ҳикматли Зот инсониятни шунчаки яратиб, зиммасига ҳеч қандай мажбурият юкламай Ерда ўз ҳолига ташлаб қўйиши ҳам мумкин эмаслиги ойдинлашади.
Аллоҳ таолонинг турли ўхшашлик ва шакл-шамоиллардан олий Зот эканига келсак, У махлуқотларни тор ва қоронғи жойда яратган пайтда Узи у ерда ҳозир бўлмаслиги маълумдир. Чунки Аллоҳ таоло Амрни онасининг қорнида яратган вақтда Зайдни ҳам онасининг қорнида яратган бўлади. Шунингдек, худди шу вақтда ҳайвонларнинг, йиртқичларнинг ва Одам қизларининг бачадонларида жонзотлар яратади ҳамда Ер юзида ўсимликларни ўстиради. Фаразан, Аллоҳ таоло бир ишни юзага чиқараётган пайтда ўша жойда ҳозир бўлиши лозим деб сифатланса, бир махлуқотни бир жойда яратаётганида айнан ушбу вақтда унга ўхшаш махлуқотларни ярата олмаслиги лозим бўлиб қолади. Демак, Аллоҳ таолонинг феъли юзага келаётганида, Унинг Узи у ерда ҳозир бўлмайди. Балки мавжудотлар қуйидаги оятда айтилган суратда яратилади:
«Биз бирор нарсани ирода қилсак, унга айтадиган сўзимиз: «Бўл!» - дейишдир. Бас, у бўлур» (Наҳл сураси, 40-оят).
Аллохдан бошқалар эса иш бажариладиган маконда бевосита ўзи иштирок этсагина, уни амалга ошира олади. Биз юқорида қайд қилган ҳақиқатлар, Аллоҳ таолонинг ўхшаши йўқлигини ва У шакл-шамоилсиз эканини исботлайди.
Шунингдек, мазкур оятда Аллоҳ таолонинг махлуқотларига берган (қулоқ, кўз каби) неъматлари ва инъомларининг зикри бор. Зеро, оятнинг ниҳоясида: «Сизлар камдан-кам шукр қиласизлар», дейилган. Аллоҳ таоло фазлу карам соҳиби ва неъматларни инъом қилувчи бўлмаганида, бандаларидан шукрни талаб қилмас эди.
Оятда зикр қилинган нарсалар неъмат эканининг маъноси шуки, Аллоҳ таоло болани зулматлар (бачадон) ичида пайдо қилиб, уни турли офат ва азиятлардан асради. Уша қоронғи маконда Ўзи хоҳлаган озуқалар билан уни ризқлантирди. Шунингдек, У Зот болани инсонларнинг назари тушишидан асраб, яшириб қўйди. Чунки бола бу ҳолатда инсонлар жирканадиган ва ҳазар қиладиган жойда бўлади. Инсонлар ҳазар қиладиган ва жирканадиган маъноларни оддий поклаб қўйишнинг ўзи билан йўқ қилиш имконсиздир(«Ахир, Биз сизларни бир ҳақир сувдан яратмадикми?! Сўнгра у (сувни - нутфа)ни пухта қарор (топадиган жой)да қилиб қўймадикми?! (Яъни она қорнида) маълум муддатгача. Бас, Биз (ундан инсонни яратишга) қодир бўлдик. Нақадар қудратлидирмиз!» (Мурсалот сураси, 20-23-оятлар).). Бундан ташқари, Аллоҳ таоло инсониятга турли илмлар ва манфаатли нарсаларни эгаллаши учун қулоқ, кўз ва қалб каби аъзоларни жойлади. Демак, инсонлар ушбу неъматларнинг шукрини қилишлари лозим бўлади.
Биз айтган гаплар мўътазилийлар даъвосига зиддир. Чунки улар Аллоҳ таоло махлуқотларни шундай қилиб яратмаса, уларга зулм қилган бўлади, деб эътиқод қиладилар. Зеро, уларнинг мазҳабига кўра, Аллоҳ таоло зиммасига бандалар учун яхшилиги кўпроқ бўлган нарсани яратиб бериш вожибдир. Агар махлуқотларнинг шу ҳолатда яратилиши улар учун яхшилиги кўпроқ бўлса, бу ўзи аслида шарт эди. Демак, Аллоҳ таоло бу билан Ўз устидаги вазифани бажарган бўлади. Ҳақдорга ўз ҳақини адо қилган шахс эса миннат қила олмайди. Шунинг учун бу ўринда шукрини адо этиш лозим бўлган неъмат ҳам ўз исботини топмайди(«Бас, инсон ўзининг нимадан яралганига бир боқсин! (У) отилиб чиқувчи бир «сув»дан яралган. (У «сув» эса) отанинг пушти камари ва онанинг кўкрак суягидан чиқур» (Ториҳ сураси, 5-7-оятлар).) (уларнинг эътицоди баёни шу ўринда тугади).
Аллоҳ азза ва жалланинг: «...ва сизлар учун қулоқ, кўзлар ва дилларни (ато) қилган Зотдир» ояти маъноси: «У сизлар учун кўринмаган ва узоқдаги нарсаларни эшитишингиз учун кулоқни, олдингиздаги нарсаларни кўриб, фойдали ва зарарли, пок ҳамда нопокни ажрата олишларингиз учун кўзларни яратди. Шунингдек, нарсаларнинг ҳақиқатини англашингиз, ишларнинг асосларини, уларнинг натижасини (билишингиз) ҳамда ҳалол ва ҳаромни ажратишингиз учун сизларга қалб ато қилди».
Мазкур уч аъзонинг хослаб зикр қилиниши улар билан илм-маърифат ва нарсаларнинг моҳияти англангани эътиборидандир. Аллоҳ таоло бу ҳакда бундай деган:
«Аллоҳ сизларни оналарингиз қоринларидан бирор нарсани билмайдиган ҳолингизда чиқарди ва сизларга қулоқ, кўзлар ва қалбларни берди. Шоядки, сизлар шукр қилсангиз» (Наҳл сураси, 78-оят). Яъни Аллоҳ таоло сизларга тўғри йўлни топишингиз ва турли илмларга етишингиз учун ушбу аъзоларни ато қилди. Демак, ушбу аъзолар орқали илму ҳикматга, манфаати ва яхшилиги бор нарсаларга эришилади. Шунинг учун ҳам бошқа оятда бундай дейилган:
«Албатта, қулоқ, кўз, қалб - буларнинг барчаси ҳақида масъул бўлади» (Исро сураси, 36-оят). Мазкур аъзолар орқали нарсалар ҳақида илм ҳосил қилинмаганида, улар ҳақида сўроқ қилинмас эди.
[24] Айтинг: «У сизларни Ерда яратган Зот ва Унинг ҳузурига тўпланурсизлар».
Оятда икки хабар ораси жамлаб зикр этилган. Улардан бири тортишувли масала бўлиб, «Унинг ҳузурига тўпланурсизлар» хабаридир. Чунки айрим кофирлар қайта тирилиш ва Маҳшарда тўпланиш борлигини инкор қилади.
Иккинчиси, тортишувли бўлмаган «У сизларни Ерда яратган Зот» хабаридир.
Шунингдек, Аллоҳ таоло аввалда махлуқотларни (йўқдан бор қилиб) яратганини уларни қайта тирилтиришга ҳам қодирлигига далил-ҳужжат қилади:
«У: «Чириб кетган суякларга ким ҳаёт берарди?» - деди. Айтинг: «Уларни илк марта йўқдан бор қилган Зотнинг Ўзи тирилтиради» (Ёсин сураси, 78-79-оятлар).
Бошқа бир оятда бундай дейди:
«У аввал бошида Ўзи яратиб, сўнгра (қиёмат кунида) Ўзи яна қайта яратадиган Зотдир. Бу У Зотга жуда осондир» (Рум сураси, 27-оят).
Аллоҳ таоло ибтидодаги яратишни қайта тирилтиришга далил қилгач, бу оят ҳам мушрикларга қарши далил бўлиши керак. Гарчи Аллоҳ таоло ушбу оятни ҳужжат учун зикр қилмаган бўлса-да, ундан мушрикларга қарши ҳужжат сифатида фойдаланиш мумкин.
Аллоҳ азза ва жалланинг «Ерда (яратган)» деган жумласи, Аллоҳ таоло инсонларни бир-бирларининг ибтидода яратилишига гувоҳ бўлишлари учун Ер юзида яратганини ифодалайди. Бу орқали улар ўзлари аввал ҳозирги кўринишда бўлмаганлари, балки нутфа (уруғ), лаҳта қон, гўдак ва ҳатто ҳозирги кўринишга етгунча бўлган ҳолатларни кўзлари билан кўриб, гувоҳ бўладилар. Инсонлар ибтидода яратилиш ҳолатини билсалар, бу уларда Аллоҳ таолонинг қайта тирилтиришга қодирлигини ҳам билишларини тақозо қилади.
Ёки «Ерда (яратган)» ояти «Сизларни яратиб, сизлар учун Ерни маскан қилди, фойдаланишингиз учун уни тўшаб қўйди ва сизларни унда жамловчи қилиб қўйди», деб таъвил қилинади. Бу маънога кўра, оят Аллоҳнинг неъмати, қудрати ва ҳукм-ронлигини бандаларига эслатишни ифодалайди.
Аллоҳ азза ва жалланинг: «У сизларни яратган» ояти «Сизларни бир асосдан кўпайтириб қўйди», деган маънони англатади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай деган:
«У зот сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини яратган ҳамда иккисидан кўп эркак ва аёлларни тарқатгандир» (Нисо сураси, 1-оят).
Махлуқотлар кўп бўлишига қарамай, улар бир жондан иборат бўлмагани маълумдир. Бир жондан барча тирик жонларни яратишга қодир Зот қайта тирилтиришга ҳам қодирдир.
[25] Улар: «Агар ростгўй бўлсангизлар, ушбу ваъда қачон бўлади?» - дерлар.
Мушрикларнинг мазкур сўзи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни масхара қилиш ёки у зотни менсимаслик мақсадида айтилган. Лекин Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга улар каби масхара билан жавоб қайтаришга изн бермай, ҳикмат соҳибига муносиб тарзда жавоб қайтаришни амр этди ва бундай деди:
[26] Айтинг: «Албатта, илм Аллоҳнинг ҳузуридадир. Албатта, мен баён қилувчи, огоҳлантирувчидирман».
Яъни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга уларни Аллоҳ буюрган нарсалардан огоҳлантирувчи эканларини, уларга нозил қилинган ва етказиш амр этилган нарсаларни етказувчи эканларини баён этиш буюрилган.
Бу оятда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нубуввати ва рисолати ҳақлигига далолат бор. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мушриклар ўйлаганидек, пайғамбар бўлмасдан, барча нарсани ўзи тўқиб олганида, «хатоси» ва «алдови» билиниб қолмаслиги учун қиёмат вақтини узоқроқ муддат, яъни инсон яшаши мумкин бўлмаган муддатга ҳавола қилиб юборган бўлар эди. Аммо Расулуллоҳ бундай қилмасдан, рўйи-рост: «Албатта, илм Аллоҳнинг ҳузуридадир. Албатта, мен баён қилувчи, огоҳлантирувчидирман», дедилар. Бу эса у зотнинг рисолати ва пайғамбарлиги ҳақ эканига далолат қилади. Зеро, у зотда рисолатга қўшимча қилиш ҳам, бу ишга ҳаракат қилиш ҳам асло бўлмаган. Буни Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти ҳам қўллаб-қувватлайди:
«У юзини буриштирди ва юз ўгирди» (Абаса сураси, 1-оят). Аллоҳ хоҳласа, мазкур сурада Расулуллоҳнинг рисолатини биз қайд қилган маънода исботловчи маълумотларни келтирамиз. Аллоҳ азза ва жалланинг: «Албатта, мен баён қилувчи, огоҳлантирувчидирман» оятидан «Огоҳлантиришда буюрилган микдорга асло зиёда қилмайман», деган маъно тушунилади.
[27] Бас, қачонки улар уни яқин ҳолда кўришгач, кофир бўлганларнинг юзлари хунук бўлур ва: «Мана шу сизлар (ёлғон деб) даъво қилган нарсадир», - дейилур.
Оятдаги «уни кўришгач» сўзи «ваъда қилинган кунни кўришгач» деган маънони ифодалайди. Оятдаги [зулфатан] сўзи «яқин» деган маънода бўлиб, ундан қиёмат кунидаги даҳшатли ва қўркинчли ҳолатлар назарда тутилган ва бу ҳолатлар муаннас жинсда келтирилган. Фақат оятдаги «уни кўришгач» жумласидаги «у» сўзидан қиёмат куни киноя қилиниб, араб тилида «кун» (явм) сўзи музаккар жинсда бўлгани учун оятда музаккар жинсда келган.
Аллоҳ таолонинг «яқин ҳолда» сўзини «қийинчилик ва шиддатли ҳолатларни улар ваъда қилинган вақтдан кўра яқинроқ ҳолда кўришгач» ёки «қиёмат ҳали бери бўлмайди, деб ҳисоблаб юрган бўлсалар-да, бу кун ҳақиқатда ўта яқин эканини билсалар», деб таъвил қилиш ҳам мумкин. Ушбу оят шунга далолат қилади:
«Улар у (қиёмат)ни кўрган Кунда гўё бир оқшом ёки чошгоҳ пайтича тургандек бўлурлар» (Нозиъот сураси, 46-оят).
Бошқа бир оятда бундай дейилган:
«Зулм қилганлар азобни кўрганларида бутун куч-қудрат Аллоҳга хос эканини билсалар эди!» (Бацара сураси, 165-оят).
Қиёмат кунининг шиддати ва даҳшатини кўрганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга ваъда қилган пайт ўта яқинлигини ҳис қиладилар.
Аллоҳ азза ва жалланинг: «Кофир бўлганларнинг юзлари хунук бўлур» сўзидаги [сиъат] феъли [саъат] феълининг мажҳул шакли бўлиб, «юзларининг ранги ўзгариб, хунук бўлади», деган маънони англатади.
Аллоҳ азза ва жалланинг: «Мана шу сизлар (ёлғон деб) даъво қилган нарсадир» оятидаги таддаъун] сўзини Абу Бакр Асом: «Сизлар инкор қилган ва рад этган», деб талқин қилади ва бу талқинга Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятларини мисол келтиради:
«Бас,у етимни рад этадиган кишидир» (Моъун сураси, 2-оят).
«У Кунда улар жаҳаннам олови сари ҳайдалурлар» (Тур сураси, 13-оят).
Асом айтган маъно тўғри эмас, чунки у айтгандек мазкур феъл «ман этиш ва даф қилиш» маъносида бўлса, худди [ядуъъу] сўзидаги каби «дал» ҳарфи эмас, «ъайн» ҳарфи иккиланган бўлар эди. Мазкур феълдаги «дал» ҳарфи иккиланса, «даъъа» сўзидан эмас, балки «иддиъо» сўзидан олинади. Демак, оятнинг талқини қуйидагича бўлади: «Бу кун - сизлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ёлғонга чиқарган, уни ёлғончи деб даъво қилган кун». Валлоҳу аълам!
Ёки «сизлар даъво қилган» сўзидан «сизлар чақирган» деган маъно кўзланиши мумкин. Чунки араблар «чақириш» сўзи ўрнида «даъво» сўзини ҳам ишлатадилар.
[28] Айтинг: «Айтингларчи, агар Аллоҳ мени ва мен билан бирга бўлган кишиларни ҳалок қилса ёки раҳм қилса, кофирларни аламли азобдан ким ҳимоя қилур?!»
Ушбу оятда Аллоҳ таолонинг куфрдан бошқа гуноҳларга қўл урган кишини хоҳласа, мағфират қилиши ёки азоблаши У Зотнинг ҳикмати эканига ҳамда куфр эътиқодида бўлиб, уни лозим тутган кимсаларни жазолаши муқаррарлигига далил бор. Кофирни афв қилишда ҳикмат йўқдир. Зеро, Аллоҳ таоло: «Айтинглар-чи, агар Аллоҳ мени ва мен билан бирга бўлган кишиларни ҳалок қилса ёки раҳм қилса...» демокда. Яъни Аллоҳ таоло мазкур оятда гуноҳкор мусулмонларни хоҳласа, азобга дучор қилиши, хоҳласа, Уз мағфиратига олишини баён этмокда. Маълумки, Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у киши билан бирга бўлган мўминлар қачонки гуноҳ қилсаларгина, уларни ҳалок қилиши ёки раҳм қилиши мумкин.
Шунингдек, Аллоҳ таоло бошқа бир оятда бундай деган:
«Албатта, Аллоҳ Унга ширк келтирилишини кечирмайди. Бундан ўзга (гунохдар)ни Ўзи хоҳлаган кишилар учун кечиргай. Ким Аллоҳга ширк келтирса, шубҳасиз, қаттиқ адашган бўлур» (Нисо сураси, 116-оят). Ушбу оятда Аллоҳ таоло хохласа, куфрдан сақланган бандаларнинг гуноҳидан ўтишини, ширк келтирган кимсаларни асло афв этмаслигини таъкидламокда.
Ҳикмат - биз келтирган нарсани тақозо қилишига далил шуки, куфр моҳиятан қабиҳ бўлиб, у на мубоҳ бўлиб қолади ва на ҳаромлиги кўтарилади. Чунки унда (куфрда) аҳмоқлик бор. Зеро, ўзининг сўкилишига рози бўлган киши телба ҳисобланади. Шунга кўра, куфрнинг уқубати кўтарилмаслиги ва афв этилмаслиги ҳикматдандир. Яна бошқа томондан, куфр мубоҳ бўлишни ва уқубатдан соқит этишни, мағфират билан сийлашни кўтармагач, у мубоҳлик доирасидан чиқарилади. Шунинг учун куфр борасида мағфират ва афвни сўзлаш жоиз эмас. Бошқа гуноҳлардан эса уқубат кўтарилиши мумкин.
Кофир кимса Аллоҳ таолога душманчилик ва неъматларига нонкўрлик қилиш йўлини танлади. Исломга эътиқод қилган шахс эса Аллоҳ таолога дўст бўлиш йўлини ихтиёр қилди. Илоҳий ҳикмат душман ва дўст орасининг айри бўлишини тақозо қилади. Кофирнинг гуноҳидан ўтиш ва уни яхшилик билан сийлаш дўст билан душманни бир-бирига тенглаштириш бўлиб, ҳикматнинг ҳам айни зиддидир.
Бундан ташқари, кофир кимса ўзини ҳақ ва тўғри йўлда деб билиб, бошқаларни залолат ва разолатда деб ҳисоблайди ҳамда ўзини ҳеч қандай азобга лойиқ деб билмайди. Бунга Аллоҳ таолонинг кофирлар тилидан сўзлаган қуйидаги ояти далил:
«Улар: «Бизнинг молларимиз ва фарзандларимиз кўпроқ ва бизлар азобланувчи эмасмиз», - дедилар» (Сабаъ сураси, 35-оят). Фаразан, Аллоҳ таоло кофирларни афв этиб, уларни жаннат билан сийлаган такдирда, бу уларнинг гуноҳидан ўтгани ва мағфират қилгани учун эмас, балки у яхшиликка лойиқ иш қилгани ва афвга сабаб бўладиган амални қилгани учун Аллоҳ таоло уларга яхшилик қилган ва афв қилган бўлади. Агар бундай бўлса, савобга яраша мукофот бериш, гуноҳкорни афв қилиш деган маънолар йўққа чиқади ҳамда неъмат ҳам ботил қилинади. Демак, илоҳий ҳикмат асло кофирни афв этишни тақозо қилмайди. Бундай бўлса, афв ўз ўрнида қўлланмаган бўлиб қолади.
Аввал гуноҳ содир қилган мусулмонлар эса қилган маъсият ва хатоларини тан олиб, қилмишларига яраша азоб муқаррарлигини, азобга лойиқ эканларини эътироф этадилар. Бордию Аллоҳ таоло уларни афв этса, улар Аллоҳ таолонинг фазлу карами билан афвга эришдик, деб биладилар. Демак, бундай ҳолатда афв муносиб ўринда амалга оширилган ҳисобланади.
Шунингдек, воқеликда қайси инсон ўзининг душманига макр ва ҳийла кўзламай, ёрдам қўлини чўзса, бу ишини душманидан қўрққанидан қилган бўлади. Бу эса унинг олдида хор бўлгани ҳисобланади. Аллоҳ таоло кофирни куфри сабаб жазоламай, унга яхшилик кўрсатса, Унинг эҳсони ва афви қўрқув ҳамда хорликни намоён қилиш бўлиб қолади. Аллоҳ таоло мазкур икки сифатдан олий ва пок Зотдир. Демак, кофирларнинг дўзахда абадий қолишлари ва афв этилмасликлари илоҳий ҳикматдир. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ азза ва жалланинг: «Айтинглар-чи, агар Аллоҳ мени ва мен билан бирга бўлган кишиларни ҳалок қилса ёки раҳм қилса...» оятида сағира (кичик) гуноҳ учун ҳам жазоланиш мумкинлигига ҳужжат бор. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотдан олдин ўтган пайғамбар алайҳиссаломлар гуноҳи кабира қилишдан маъсумдирлар. Демак, улар гуноҳи кабира сабаб ҳалокатга дучор бўлишлари мумкин эмас. Балки ҳалокатга дучор бўлсалар, сағира гуноҳ сабаблигина ҳалок қилинишлари мумкин. Аллоҳ таоло сағира гуноҳ қилганларни жазоламаганида, Унинг пайғамбар ва унга эргашганларни ҳалок қилиши зулм бўлиб қолади. Аллоҳ таоло зулм сифатидан пок ва олийдир.
Аллоҳ таоло Фатҳ сурасининг 2-оятида бундай деган:
«(Бу фатҳ) Аллоҳ сизнинг олдинги ва кейинги гуноҳларингизни кечиши учундир» (Фатҳ сураси, 2-оят). Аллоҳ таоло сағира гуноҳ сабаб бирор кишини азобламаса эди, оятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аввалги ва кейинги гуноҳларини мағфират қилинганини миннат қилмаган бўлар эди.
Аслида хорижийлар ва мўътазилийлар кабира гуноҳ содир қилсалар, Аллоҳ таоло уни мағфират қилиши мумкин эмас, деб айтиш керак. Гуноҳи кабираларнинг мағфират этилиши борасидаги умид мазкур икки оқимдан бошқа мусулмонларга тегишлидир. Чунки ушбу икки тоифа Аллоҳ таоло гуноҳи кабира қилганларни мағфират қилиши ва уларни афв этиши мумкин эмас, бу кабилар абадий дўзахда қолади, деб эътиқод қиладилар. Уларнинг наздида, Аллоҳ таоло уларнинг гуноҳларини мағфират қилса, кабира гуноҳларини эмас, балки сағира гуноҳларини афв қилган бўлади. Бу ҳолатда афв этиш ва яхшилик ўз ўрнида амалга оширилмаган бўлади.
Аммо улардан бошқа мусулмонлар эса, ҳар бир гуноҳ қилганларида Аллоҳ таолонинг мағфирати ва раҳматидан умидвор бўладилар. Аллоҳ таоло уларни мағфират қилса, уларнинг наздида мағфират қилиш ўз ўрнида бўлади ва бу Аллоҳниг яхшилигини зое қилиш бўлмайди. Аллоҳ таоло золимлар айтган нарсадан олий ва покдир.
Аллоҳ азза ва жалла айтади: «Айтинг: «Айтинглар-чи, агар Аллоҳ мени ва мен билан бирга бўлган кишиларни ҳалок қилса ёки раҳм қилса...», Яъни «Айтинг, аввалги гуноҳ ва хатолар сабаб Аллоҳ таоло мени ва менга эргашганларни ҳалок қилса ёки У зотга имон келтирганимиз, буйруқларига итоат қилиб, тоатига бўйсунганимиз сабаб бизларга раҳм қилса, кофирларни ким ҳимоя қилур?! Яъни кофирларни қайси нарса Аллоҳнинг азобидан халос қилади?! Ахир улар раҳматга сабаб бўладиган ҳасанотлар, мағфиратга боис бўлувчи тоат қилмаган бўлсалар?! Яна бир маъноси: «Аллоҳнинг азоби устиларига келганида ким уларни қутқариб қолади?!» бўлади. Гўёки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Уларга шундай деб айтинг», деб амр қилинмоқда. Зеро, улар аламли азобдан бизларни қутқаради, деган умидда бут-санамларга ибодат қилар эдилар. Шунда Расулуллоҳ уларга: «Ўша бут-санамлар сизларни қутқара олмайди», дейдилар. Валлоҳу аълам!
[29] Айтинг: «У Раҳмондир. Унга имон келтирдик ва Унгагина таваккул қилдик. Тез орада сизлар ким аниқ залолатда эканини билиб оласизлар».
Аллоҳ азза ва жалланинг: «Айтинг: «У Раҳмон (меҳрибон) дир. Бизлар Унга имон келтирдик...» оятини «Ўлимни ва ҳаётни яратган, етти қават осмонни барпо қилган, Ерни бўйсунувчи қилган ва ошкорани ҳам, махфийни ҳам биладиган Зот Раҳмондир», деб таъвил қилиш мумкин. Оятда Еру осмонларнинг, ўлим ва ҳаётнинг, бандаларнинг феъллари ва қушларнинг феълларининг яратувчиси Раҳмон - Аллоҳ таоло экани айтилмоқда.
«Унга имон келтирдик...» ояти «Аллоҳ таолонинг зикр қилинган барча нарсаларнинг яратувчиси эканига, ўхшаш ва мислдан олий ҳамда айбу нуқсондан пок эканига имон келтирдик», маъносидадир.
Оятдаги [ҳува] «У» сўзи Аллоҳ таолонинг исмларидан бўлиши мумкин. Бу ҳакда Ихлос сурасида сўз юритамиз. Шундай экан, оятдаги [ҳува] ва [ар-Роҳмаан] сўзлари Аллоҳнинг икки исми бўлади.
Аллоҳ таолонинг «Унгагина таваккул қилдик» сўзи маъноси қуйидагича бўлиши мумкин: мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни турли-туман нарсалар билан қўркитганларида Аллоҳ таоло Пайғамбарига шундай амр қилган: «Айтинг: Унгагина таваккул қилдик, яъни биз Унга суяндик. У сизларнинг ёмонлигингиздан халос қиладиган ва сизларга қарши бизларга кўмак берадиган Зотдир».
Аллоҳ азза ва жалланинг: «Тез орада сизлар ким аниқ залолатда эканини билиб оласизлар» сўзи маъноси қуйидагича бўлиши мумкин:
Мушриклар Пайғамбаримиз ва у зотга эргашганларни залолатда, ўзлари эса ҳидоят йўлида эканларини даъво қилиб, аслида ким залолатдаю ким ҳидоятда эканини билиш учун Аллоҳ таолонинг оятлари борасида фикр юритмадилар. Аллоҳ таоло: «Тез орада сизлар ким аниқ залолатда эканини билиб оласизлар», яъни Аллоҳ таолонинг азоби келган вақтда билиб оласизлар, деди. Бу эса ўлим вақтида ёки охиратда бўлади.
[30] Айтинг: «Айтингларчи, агар сувингиз сингиб кетса, ким сизларга кўринадиган сувни келтира олур?!»
Ушбу оят юқоридаги: «Ёки У Зот ризқини тўхтатиб қўйса, сизларга ризқ берадиган ким ўзи?!» ояти билан боғликдир. Яъни Аллоҳ таоло бу оятнинг давоми ўлароқ: «Сувингиз ерга сингиб кетса, ким ҳам сизларга кўринадиган сувни келтира олур?» демоқда.
[ал-маъийну] сўзи «инсоннинг кўзи тушадиган сув» маъносини ҳам англатади. Валлоҳу аълам!