loader

066. Таҳрим сураси

(Мадинада нозил бўлган, 12 оятдан иборат.)
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)

1. Эй Пайғамбар! Нега хотинларингизнинг розилигиии истаб, Аллоҳ сизга ҳалол қилган нарсани ҳаром қилиб олурсиз? Аллоҳ мағфиратли ва раҳмлидир.
Аллоҳ Пайғамбари учун ҳалол қилган нарсани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига ҳаром қилиб олишлари зоҳиран олиб қаралганда, ўта даҳшатли ишдир. Ким: «У зот алайҳиссалом Аллоҳ ҳалол қилган нарсани ҳаром қилган» деса, мункар гапни айтган бўлади. Борди-ю, у шундай эътиқодда бўлса, кофир бўлади. Чунки ким Аллоҳ ҳалол қилган нарсани ҳаромга чиқарса, кофир бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам борасида кимнинг эътиқоди шундай бўлса, у кофирдир.
Абу Бакр Асом: «Бу оят - Аллоҳ таоло ҳалол қилган нарсани ҳаромга чиқаришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлигига далолат килади. Чунки Аллоҳ таоло бу ишдан Уз Расулини қайтарди», деган. Лекин бизнинг наздимизда иш, Абу Бакр Асом ўйлагандек ҳам ва баъзи жоҳил кимсалар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ ҳалол қилган нарсани ҳаром қилди», - деб гумон билан шошиб айтган гапларидек ҳам эмас. Ким Расулуллох соллаллоҳу алайҳи васаллам борасида шундай гумонда бўлса. у Расулуллоҳ устидан кофир деб ҳукм қилган бўлади.
Бизнинг наздимизда унинг таъвили - Валлоҳу аълам - икки кўринишдадир: Биринчиси, Аллоҳ ҳалол қилган нарсани ҳаромга чиқариш - ҳалол қилинган нарсани ҳаром ва Аллоҳ мутлақо ҳаром қилган нарсаларни ҳалол деб эътиқод қилишдир. Ким ҳалол қилинган нарсани ҳаром деб эътиқод қилса, унга кофир деб ҳукм қилинади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ ҳалол килган нарсани ҳаром деб эътиқод қилмаганлар. Зеро, унга(Зайнаб бинт Жаҳш розияллоҳу анҳо.) яқинлик қилишни ўзларига ҳаром қилмаганлар, балки ундан фойдаланишни қасам билан ўзларига ман қилганлар. Қасам сабабл?: юзага чиқадиган ҳаромлик, одамнинг бевосита иштироки сабабли ҳосил бўлса-да, ҳаромлик одамнинг феъли ҳисобланмайди. Бу худди талоқ ва шунга ўхшаш нарсалар билан (ҳалол нарсани ўзига) ҳаром қилишга ўхшайди. Худди бошқа ҳукмлар каби бандаларнинг бевосита иштироки сабабли Аллох таолс томонидан ҳаромлик ҳукми собит бўлади. Қандай қилиб, ахир қасамнинг ўзи билан бир ишни бажариш ҳаром бўлмайди-ку? Ҳа, тўғри, бу ерда ҳаром қилинган нарса Аллоҳ таолонинг вожиб бўлган улуғлигини қасам сабабли тарк қилишдир. Бу ҳаромни ҳалол ва ҳалолни ҳаром қилиш ҳисобланмайди. Ёки оятдаги «ҳаром қилиш» сўзидан «ҳалол деган эътиқодда, ундан нафсни тийиш» ирода қилинган бўлиши мумкин. Бундан асло бир нарсанинг айнисини ҳаромга чиқариш қасд қилинмайди. Бирор мақсад сабабли гоҳо киши ҳалол емишни тановул қилишдан ўзини тияди. Бунинг маъноси Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятига ўхшайди:
«Биз олдиндан (Мусога барча) эмизувчи аёлларни тақиқладик»(Биз олдиндан (Мусога барча) эмизувчи аёлларни тақиқладик (у ҳеч бир аёлни эммади), шунда (унинг опаси келиб): «Мен сизларга унга кафил бўлиб (эмизадиган) ва унга холис (доялик қиладиган) бир оилани кўрсатайми?» - деди.) (Қосос сураси, 12-оят). Бу оятдан айни ва шаръий ҳаромлик ирода қилинмаган. Зеро, чақалоқ унга аҳл эмас. Балки, оятдан (гўдакнинг) онасидан бошқасининг кўкрагини эмишдан тийилиши ирода қилинган. Мазкур оят ҳам айни шундай тушунилади. Валлоҳу аълам!
Иккинчиси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллари билан гўзал муомала қилишга, шафқатли ва меҳрибон бўлишга буюрилган эдилар. У зот аёллари билан ўта гўзал муомала ва суҳбат қилганларидан, ҳатто аёлларининг розилигини истаб ҳамда улар билан гўзал муомала қилишни хоҳлаб, Аллоҳ таоло у зотга ҳалол қилган ва лаззатланишни мубоҳ қилган нарсадан ҳам ўзларини тийдилар.
Шунда, Аллоҳ таоло: «Эй Пайғамбар! Нега хотинларингизнинг розилигини истаб, Аллоҳ Сизга ҳалол қилган нарса (асал)ни ҳаром қилиб олурсиз?» деди. Яъни уларга нисбатан шафқатли ва гўзал муомалали бўлишингиз, Аллоҳ ҳалол қилган нарсадан ўзингизни тийишга олиб бормасин. Демак, бу оят Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан қайтариқ ва тойилишга итоб маъносида эмас, балки аёллари билан гўзал муомала қилишда у зотга енгиллик беришга қаратилгандир. Бу ҳакда Аллоҳ таоло шундай деган:
«Уларга ҳасратлар чекиб, жонингиз ҳалок бўлмасин» (Фотир сураси, 8-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам имондан юз ўгирганларга нисбатан шафқатли бўлганларидан, ҳатто нафслари ҳалок бўлаёзди. Аллоҳ таолонинг «Уларга ҳасратлар чекиб, жонингиз ҳалок бўлмасин» оятида Расулуллоҳга масъулиятни енгиллаштириш бордир. Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти ҳам айни шу маънодадир:
«Уни бутунлай ёйиб ҳам юборманг!» (Исро сураси, 29-оят). Бу оятда Расулуллоҳ бутунлай саховатдан қайтарилмадилар. Балки, оятда Расулуллоҳга енгиллик бордир, яъни ўзингизга. аёлингизга ҳеч нарса қолмайдиган даражада ўта саховатпеша бўлиб, ўзгаларни ўзингиздан афзал кўрманг, дейилмокда. Аллоҳ таолонинг «Нега... Аллоҳ сизга ҳалол қилган нарса (асални ҳаром қилиб олурсиз?» деган ояти ҳам айни шу маънодадир. Валлоҳу аълам! Ушбу оятда Расулуллоҳга аҳли аёллари билан гўзал муомала қилишда енгиллик берилмоқда ва ундан асло қайтарилмаяптилар.
Таъвил аҳли таҳрим (Аллоҳ таоло ҳалол қилган нарсани ўзига «ҳаром» қилиш) сабаби борасида ихтилоф қилганлар:
Улардан баъзилари шундай деганлар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳафса онамизнинг уйида эканларида. У онамиз қариндошларининг зиёратига кетдилар. Шунда. Иброҳимнинг онаси Морияи қибтия келиб, Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирди ва у зот билан бирга бўлдилар. Ҳафса розияллоҳу анҳо келсалар, икковлари ухлаб ётибдилар. У отасини уйига қайтиб, бир кечани у ерда ўтказди... Қиссанинг давоми бор. Ҳафса онамиз бу хабар охирида: «Ҳаққи-ҳурматимнинг риоясини қилмадингиз», деди. Унга жавобан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен учун (буни) сир тутгин. Энди, у (Мория) менга ҳаром», дедилар. Шунда, ушбу оят нозил бўлди.
Яна баъзилар айтади: «Уша кун Оиша розияллоҳу анҳонинг навбати эди. Ҳафса онамиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан жорияси Мориянинг яқинлик қилганига воқиф бўлиб қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳафсага сирни яширишни амр этдилар. Ҳафса эса, кўрган нарсасини Оиша розияллоҳу анҳога айтиб берди. Шунда, Оиша ғазабнок бўлди. У то Пайғамбаримиз Морияни ўзларига ҳаром қилмагунларича ўз ҳолларига қўймади. Шунда, ушбу оят нозил бўлди».
Икрима: «Оят ўзини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳадя қилган аёл Умму Шурайк борасида нозил бўлган. Лекин Расулуллоҳ аёлларининг розилигини истаб, ҳибани қабул қилмаганлар. Шунда ушбу оят нозил бўлди», деган. Валлоҳу аълам!
Муфассирлардан айримлари айтади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига ҳаром қилган нарса асал эди. Уни Расулуллоҳ баъзи аёлларининг уйида ичар эдилар. Аёлларидан бири кундошига: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам келсалар, сиздаги бу ёқимсиз ҳид нима? - деб айт», деди. У Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга шундай деди ва у зот у (асал)ни ўзига ҳаром қилди. Шунда ушбу оят нозил бўлди». «Ҳаром қилиш»нинг сабабини ва Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига ҳаром қилган нарсани тайин қилишга эҳтиёжимиз йўқ. Бироқ воқеа у зот билан аёллари ўртасида бўлиб ўтгани маълум.
Аллоҳ азза ва жалланинг «Аллоҳ мағфиратли ва раҳмлидир», деган сўзи «Сизнинг аввалги ва охирги гуноҳларингизни кечирувчи» деган маънони англатади. «Раҳмлидир», яъни Аллоҳ таолодан аввал ўтган изнсиз қасам ичишга журъат қилганингиз учун сизни жазоламади. Ёки «магфиратли ва раҳмлидир», дегани «икки аёлингиз қилмишига тавба этиб, такрорламаса, Аллоҳ таоло сизни ва у иккисини кечиради ва раҳм қилади» деган маънода бўлиши мумкин.
«...мағфиратли ва раҳмлидир» ояти «оилавий муомалада енгиллик қилиш ва ўзингизга вожиб қилган нарсани зиммангизга юкламаслик билан (мағфиратли ва раҳмлидир)», деган маънони англатади.

2. Дарвоқе, Аллоҳ сизларга қасамларингиздан халос бўлишни шариатга киритди. Аллоҳ сизнинг хожангиздир. У ўта билувчи ва ўта ҳикматли Зотдир.
Баъзилар Аллоҳ таолонинг «Дарвоқе, Аллоҳ сизларга қасамларингиздан халос бўлишни шариатга киритди» оятини янги жумла дейишиб, ундан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошқалар ирода қилинган, чунки Расулуллох соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аввалги ва охирги гунохдари кечирилган эди. У зот гуноҳларни кетказиш учун асло каффоратга муҳтож бўлмаганлар, дейишади.
Биз: «Ҳа, албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даражалари шундай бўлса-да, у зот ва уммати Муҳаммадия шариат ахкомларида жавобгардирлар», деймиз. Шунга биноан аввалги ва охирги гуноҳларининг мағфирати - сабабларга риоя қилиш, яъни тавба, каффорат ва шунга ўхшаш нарсаларни адо этиш билан бўлади. Шундай талқин қилинса, Аллоҳ таолонинг «Дарвоқе, Аллоҳ сизларга қасамларингиздан халос бўлишни шариатга киритди» ояти Набий соллаллоҳу алайхи васаллам ва уммати Муҳаммадияга тегишли бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир нарсани ҳалол деб билиб, уни ўзларига «ҳаром қилиш»да, ундан энди фойдаланмасликни ирода қилганлар, қасамни эмас. Аллоҳ таоло эса, уни қасам деб белгилади. Демак, унда «ҳаром қилиш» қасам эканига далолат бор. Шунинг учун асҳобларимиз, Аллоҳ уларни раҳматига олсин, «Кимдир аёлига ниятсиз: «Сен менга ҳаромсан», деса, у қасамдир», деганлар(Бу ҳақда «ал-Ихтиёр ли таълили-л-мухтор» асарида шундай дейилган: «Эр аёлига: «Сен менга ҳаромсан» деб, ундан ёлғонни қасд қилган бўлса, тасдиқ қи-линади. Борди-ю, талоқни ирода қилган бўлса, бир боин талоқ тушади. Уч талоқни кўзлаган бўлса, уч талоқ, зиҳорни қасд қилган бўлса, зиҳор бўлади. Узига «ҳаром қилиш»ни ирода қилса ёки ҳеч нарсани ният қилмаса, у қасам бўлади (Ж. III. -Б. 156).).
Еки Расулуллоҳ онт ичиб, аҳддан қасамни ирода қилган бўлишлари ҳам мумкин.
Аллоҳ таолонинг «Дарвоқе, Аллоҳ сизларга қасамларингиздан халос бўлишни шариатга киритди» ояти барча қироатларда деб ўқилган. Баъзи қироатларда эса тарзида келган (яъни «каффорат» сўзи қўшиб тиловат қилинган).
Оятда «фарз» сўзининг келиш сабаби шуки, олдинги умматларга қасамни бузишга ҳам, каффорат билан ундан халос бўлишга ҳам изн берилмаган. Бунга Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти далил бўлади:
«Қўлингга бир боғ (новдани) олиб, у билан (хотинингни) ургинда, қасамингни бузмагин!» (Сод сураси, 44-оят). Аллоҳ таоло Айюб алайҳиссаломга қасамни бузишга рухсат бермади ва унга (аёлини) уришга рухсат берди. Бу умматга эса, қасамни бузиш ва каффоратини бериш билан ундан халос бўлиш имконини берди. Аллоҳ таоло оятда қасамдан халос бўлишни «каффорат»га, бошқа ўринда қасамни бузиб, ундан халос бўлишга нисбат берган.
Аллоҳ азза ва жалланинг «Дарвоқе, Аллоҳ сизларга... шариатга киритди» ояти «Сизларга кенглик қилди ва қасамдан халос бўлишни ҳалол қилди», деган маънони англатади. Қуръони каримда зикри келган [кутиба лакум] ёки [фарадо лакум] каби жумлалар рухсатга ва кенгчиликка далолат қилади.
[ъалайкум] ибораси эса, «вожиб» ва «лозим» қилишга далолат қилади. Бунга қуйидаги оятлар мисол бўлади:
«Сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди» (Бақара сураси, 183-оят).
«Сизлардан бирортангизга ўлим келганда... фарз қилинди» (Бақара сураси, 180-оят).
Мазкур оятларда [кутиба] сўзи «фарз, вожиб» маъносини ифодалаган. Бошқа ўринда шундай дейилган:
«Аллоҳ сизлар учун битиб қўйган муқаддас ер (Байтул Макдис)га кирингиз» (Моида сураси, 21-оят). Ушбу оятда [катаба] сўзи «рухсат», яъни «Сизларга унга киришга рухсат берди», деган маънони ифодалаган.
Аллоҳ таолонинг [Валлоҳу Мавлаакум] - «Аллоҳ хожаларингиздир» ояти «У сизларни каффорат ва бошқа нарсалар билан имтиҳон қилишга ҳақлидир» ёки «Сизларга нусрат бериб, ҳимоя қилишда Аллоҳ сизларга ҳақлидир», деган маъноларни англатади.
Аллоҳ азза ва жалланинг «У ўта билувчи ва ўта ҳикматли Зотдир» оятидаги «ўта билувчи» сўзи «сизнинг фойдангиз ва мақсадларингизни» ёки «яширган ва ошкор қилган нарсаларингизни» ёки «бўлган ва бўладиган нарсаларни ўта билувчидир», деган маъноларни англатади.
«У ўта ҳикматли» сўзи «тадбирда хато қилмайдиган» ёки «қасамдан халос бўлишингизда чиқарган ҳукмида ҳакимдир», деган маъноларни англатади. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таолонинг «ўта билувчи» оятида муроқабага ва ҳушёрликка буюриш ҳамда қилаётган ва айтаётган ҳар бир сўзида сергак бўлишга ундаш маънолари бор.
Аллоҳ таолонинг «ўта ҳикматли» сўзида Унинг ҳукмига таслим бўлишга чақириқ бор. Зеро, ҳикматли Зот ҳар бир кишига ҳикмат ва фойдали нарса билан ҳукм қилади. Шундай экан, банда ҳикматни биладими, билмайдими, нафсини Унинг ҳукмига топшириш лозим бўлади.
Аслида, тўққиз аёлга никохданиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мубоҳ қилиниб, У зот улар билан чиройли муомала қилишга, рози-ризочилигини олишга буюрилган эдилар. Бир кишига тўрт аёл билан гўзал муомала қилиш жуда қийин. Қолаверса, киши улар орасидаги тақсимотга риоя қилиб, барчасининг розилигини олишни ҳам эплай олмайди. Энди, ўйлаб кўринг, киши тўққиз аёл билан гўзал муомала қилиш ила имтиҳон қилинса, қандай бўлади? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллар борасидаги синовлари ҳам бошқалардан кўра машаққатли кечган. Шу билан бир қаторда, Расулуллоҳ халқнинг феъл-атвори турли бўлишига қарамай, улар билан ҳам чиройли муомала қилишга буюрилган эдилар. Аллоҳ таоло Расулуллоҳни имтиҳон қилганида, унинг енгил кечиши ва барча билан хушмуомала қила олиши учун у зотга гўзал хулқ-атвор ва сийрат ато этди. Яна Аллоҳ таоло У зотга аёлларининг ҳақ-ҳуқуқлари ва рози-ризоликларини уддасидан чиқа оладиган қувватни ҳам ато қилди. Ва ҳатто аёллари билан гўзал муомалада ва розиликларини олишда илоҳий танбеҳ олишгача етиб бордилар.
Расулуллоҳ диннинг тарғиби йўлида ўта жидду-жахд қилганларидан, у зотга қарата:
«(Муҳаммад) юзини буриштирди ва юз ўгирди» (Абаса сураси, 1-оят) дейилди.
Расулуллоҳ умматга ўта шафқатли ва меҳрибон бўлганликларидан у зотга шундай дейилди:
«Уларга ҳасратлар чекиб, жонингиз ҳалок бўлмасин»
(Фотир сураси, 8-оят). Ва яна бошқа оятда шундай дейилган:
«Албатта, Сиз буюк хулқузрадирсиз!» (Қалам сураси, 4-оят).
Расулуллоҳнинг нафсий қувватларини хулқлари енгиб, ҳатто нафслари ҳалок бўлаёзиши, хулқларининг юксаклигига далолат қилади. Сўнгра, Расулуллоҳ тўққиз аёлнинг ҳақ-ҳуқуқларига тўлиқ риоя қилиб, уларни рози қилишларида у зотнинг нубуввати ва рисолатига ёрқин далил бордир.
Инсонлар эса, ортиқча озиқ-овқатлар сабабли аёллар билан яқинлик қилишга куч топадилар. Улар ўта ортиқча таом ва ширинликларга берилганликларидан, ҳатто тўрт аёлнинг ҳақ-ҳуқуқига риоя қилишда ҳам бепарво бўладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёда зоҳидликни устун билиб, кам таом ва ичимликлар билан кифояланишларига қарамай, аёлларнинг ҳуқуқларини тўлиқ адо этардилар. Бундан Расулуллох зикр қилинган нарсаларга ҳийла ва турли сабаблар ила эмас, Аллоҳ таоло берган қувват ва имконият сабабли эришганликлари маълум бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақларига вафо қилиш, у зотга ҳурмат-эҳтиром назари билан бокиш ила имтиҳон қилинган эдилар. Расулуллоҳ аёлларининг имтиҳони бошқа аёлларнинг эрлари билан бўладиган имтиҳондан қийинрок кечган. Чунки аёллар, гарчи эрининг иккинчи хотини бўлмаса ҳам, эрининг овозидан овозини баланд кўтармаслиги ўта нодир ҳолатдир. Энди, эрнинг иккинчи хотини бўлса-чи?
Борди-ю, оналаримиз овозларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг овозларидан баланд кўтарсалар, бу улар-нинг амалларини ҳабата қилар эди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай деган:
«Овозингизни Пайғамбар овозидан юқори кўтарманг ва унга бир-бирингиз ила баланд сўзлашгандек гаплашманг, ўзингиз сезмаган ҳолда амалларингиз ҳабата бўлиб қолмасин» (Ҳужурот сураси, 2-оят).
Аллоҳ қалбини очиб, кенг қилиб қўйган аёлларгина ушбу машаққатли имтиҳон билан синалишлари мумкин. Чунки, шундай аёлларгина бундай машаққатларни кўтара оладилар.
Биз юқорида қайд қилинган икки имтиҳондан кўра машаққатли синов билан имтиҳон қилинганмиз. Чунки биз қуйидаги оят ўз ичига олган маъно ва унга эътиқод қилиш ила имтиҳон қилиндик:
«Эй Пайғамбар!... Аллоҳ Сизга ҳалол қилган нарсани нимага ҳаром қилиб олурсиз?!»
Бизнинг имтиҳонимиз мазкур оятни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шаънларига путур етмайдиган ва бизни жавобгарликдан халос қиладиган маънода тушунишимиздир. Зикр қилинганидек, оятни «Расулуллоҳга ишни енгиллаштириш» маъносида талқин қилиш мумкин. Шунда, оятдан кўзланган маъно зоҳиран «наҳйи (қайтариқ)» бўлса-да, ундан «ишни Расулуллоҳга енгиллаштириш» маъноси тушунилади.
Таҳрим воқеаси Мория билан боғлиқ бўлса, мазкур оят Расулуллоҳга Мория сабабли танбеҳ бўлиши мумкин. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Морияни ўз мулкида жория сифатида олиб қолишга изн берилди, бироқ Мория Расулуллоҳнинг аёллари қаторида шаҳватини қондириши учун Пайғамбаримизнинг унга уйланишларига рухсат берилмади. Лекин Мория шаҳватини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан жория сифатида қондиради. Набий алайҳиссалом уни ўзларига ҳаром қилиш билан Мориянинг ҳақ-ҳуқуқини поймол қилмаганлар. Чунки жорияларнинг кунлик тақсимотдан улуши йўқки, у сабабли Расулуллоҳ илоҳий танбеҳ олсалар. Лекин Мориянинг Расулуллоҳдан жория сифатида умиди бор эди. Расулуллоҳ уни ўзига ҳаром қилиш билан, унинг умидини йўққа чиқардилар. Шу сабабли, Аллоҳ таоло Расулуллоҳга шундай деди:
«Эй Пайғамбар!.. Аллоҳ сизга ҳалол қилган нарсани нимага ҳаром қилиб олурсиз?!» Морияни шаҳватини қондиришдан, яъни Аллоҳ таоло мубоҳ қилган Мориянинг шаҳватини қондиришдан ўзингизни тўсасиз?
Итобда Расулуллоҳни мазкур икки талқиндан охиргисига амал қилишга ундаш бордир. Икки таъвилдан охиргиси, Мория умид қилган нарсани Расулуллоҳнинг ўзларидан узишлари эмас, аслида Мориянинг кунлик тақсимотдан ҳаққи бўлмаса ҳам, уни Морияга етказишдир. Валлоҳу аълам’
Биз учун (мазкур оятдаги) иккинчи имтиҳон, оналарга нисбат беришни ёқтирмаган нарсаларимизни Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васалламнинг аёлларига ҳам нисбат бермаслигимиздир. Чунки Расулуллоҳ аёлларининг бизда оналик ҳаққи бордир. Бизда оналаримизнинг ишларини уларнинг шаънига путур етказмайдиган тарзда таъвил қилишнинг ягона имкони бўлса хам. албатта ўшани қиламиз. Яъни шаънига путур етказиш ва хурмат-эҳтиромни тарк этиш юзага чиқмаслиги учун у ишлар зикридан тийиламиз. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай деган:
«У(ифк)ни эшитган вақтингизда мўминлар ва мўминалар ўзлари ҳақида яхши гумонга бориб: «Бу очиқ-ойдин ифк-ку!» десалар бўлмасмиди?!» (Яур сураси, 12-оят).
Шунингдек, ҳар бир мўмин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари борасида яхши гумонда бўлиши ва уларга ҳурмат-эҳтиром нигоҳи билан қарамоғи вожиб бўлади. Аллоҳ таоло бошқа ўринда шундай деган:
«Сен, Ўзинг поксан! Бу катта бўҳтондир!» (Hyp сураси, 16-оят).
Бу уларнинг зиммамиздаги ҳақи бўлса, фалон-фалон айбларини эсламаслигимиз керак. Чунки уларнинг тойилишлари хаёлимизга келган нарсадан бошқа бўлиши мумкин. Натижада улар борасидаги сўзимиз сабабли бизга катта азоб етиши мумкин. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деган:
«Агар дунёю охиратда сизларга Аллоҳнинг фазли, марҳамати бўлмаганида, ўзингиз ичига шўнғиган нарса учун сизни, албатта, буюк азоб тутар эди» (Hyp сураси, 14-оят).
Кимдир Аллоҳ таолонинг «Бу катта бўҳтон!» деган сўзи борасида: «Бу қандай улкан бўҳтон бўлиши мумкин, ахир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари маъсум (гунохдан илоҳий тўсилган) эмаслар-ку! Бўҳтон отилаётган амал улардан содир бўлиши мумкин-ку?» деса, жавоби шундай бўлади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари шундай мақомда бўлганларки, улар борди-ю, махфий ёки ошкора айб иш қилсалар, албатта Аллоҳ таоло уни Уз Пайғамбарига билдирган. Қаранг, улардан бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сирини бошқасига ошкор қилганида, Аллоҳ таоло уни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга билдирди. Аллоҳ таоло арзимаган айбни Расулуллохдан сир тутмас экан, мабодо аёлларидан бири зино қилса, уни яширармиди? «Зинокор» деб туҳмат қилинган онамиздан воқеликда зино содир бўлганида, албатта, Аллоҳ таоло бу ҳақда халқ орасида овоза бўлишидан олдин уни Расулига билдирган бўлар эди. Аллох таоло бу ҳақда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни огоҳлан-тирмадими, демак, бу - онамизнинг отилган туҳматдан покдомон эканини тақозо қилади. Бу гап-сўзларни кўтариб юрувчилар бўҳтончи ва ёлғончилардир.
Ушбу оятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳали рухсат этилмасдан, ўз ижтиҳодлари билан амал қилишлари мумкинлигига далолат бор. Борди-ю, бу (ҳаром қилиш) ҳақида олдин рухсат бўлганида, у зот бу ишлари учун танбех олмас эдилар. Биз юқорида Расулуллоҳ тойилганликлари сабабли итоб қилинмаганларини айтдик. Акс ҳолда, мазкур оятда ижтиҳодга биноан амал қилишдан қайтарилган бўлар эдилар. Балки у зот аёлларига нисбатан ўта меҳр-шафқатли бўлганлари учун танбеҳ олганлар.
Аслида, чўриларнинг (яқинлик борасидаги) кунлик таксимотдан насибалари йўқдир. Ҳурлар каби чўриларга ҳам кунлар тақсим қилинмайдики, уни адо қилиш вожиб бўлса! Расулуллох соллаллоҳу алайҳи васалламга Морияни ўз мулкида олиб қолиб уни турмушга чиқармасликка изн берилди. Жорияни турмушга бермай, устига-устак шаҳватини ҳам қондирмаслик мумкин эмас. Расулуллоҳ Мориянинг истаги ва шаҳватини аёлларидан бирининг навбати куни (унинг ҳақини ҳам поймол қилмай) адо этар эдилар. Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни аёллари пайқамайдиган маҳалда Мория билан яқинлик қилиш ила сийлаган бўлиши мумкин. Оналаримиз бу ҳақда маълумотга эга бўлишларидан олдин ҳам, кейин ҳам имтиҳон бир хил эканини билишлари учун Аллоҳ таоло Расулуллоҳнинг феълини аёлларидан баъзисига билдирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни улуғлаш оналаримизга лозимдир. Шунингдек, рашк оналаримизни Расулуллоҳни хунук ҳолатда кутиб олишга ва у зотга нисбатан айбдор сифатида боқишга ундамаслиги керак. Аёлларнинг тақсимот кунида Расулуллоҳнинг жорияси билан яқинлик қилишларида, аёлларининг ҳақ-ҳуқуқини поймол қилиш йўқдир. Чунки Расулуллоҳ чўрилари билан аёлларининг (навбат) кунларида яқинлашишларида, уларнинг ҳақларига путур етказмаганлар. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бир кечада барча аёлларини ҳам айланиб чиқиш қуввати ато этилган эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларини асал ичишдан тўсганлари борасидаги ривоят (сабаби нузул бўлиши) эҳтимоли бор. Лекин Расулуллоҳ Морияни ўзларига ҳаром қилишлари ҳақида келган ривоятнинг (сабаби нузулликда) эҳтимоли кучлироқ. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларини ёқимсиз ҳолатга соладиган даражада асал ичишга рағбат қилишлари эҳтимоли йўқ. Лекин Расулуллоҳнинг чўрилари билан яқинлик қилишлари аёлларида нохушликни пайдо қилиши мумкин. Шунда, бу ҳол оналаримизни юқорида зикр қилинган нарсага ундаган.

3. Набий хотинларидан баъзисига сир гап айтган эди. Бас, ундан (сирдан) хабар бергач, Аллоҳ ишни унга (Набийга) билдирди. У баъзисини билдирди ва баъзисини эсламади. Қачон (Набий) унга (аёлга) (иш) ҳақида хабар бергани-да, у: Буни сенга ким хабар қилди? деди. У: Менга ҳамма нарсани билувчи ва ҳамма нарсадан хабардор Аллоҳ хабар берди, деди.
Аллоҳ азза ва жалланинг «Набий хотинларидан баъзисига сир гап айтган эди. Бас, ундан (сирдян) хабар бергач...» оятидаги «Бас, ундан (сирдян) хабар бергач...» сўзи «Пайғамбаримиз хуфёна айтган сўзини сир сақлашни аёлидан талаб қилди» деган маънога далолат қилади. Расулуллоҳ аёлига сир қилиб айтган сўзларни билишга бизда ҳеч қандай эҳтиёж йўқ. Яна, оятда Расулуллоҳнинг Аллоҳ таоло кўмагида аёли Пайғамбаримизнинг сирини кундошига ошкор қилганини билганларига далолат бордир. Бу ҳакда Аллоҳ таоло шундай деган: «Аллоҳ ишни унга (Набийга) билдирди».
Аллоҳ азза ва жалланинг «У баъзисини билдирди ва баъзисини эсламади» деган оятидаги [ъаррофа] сўзи иккилантирилмай [ъарофа] ҳамда иккилантириш билан [ъар-рофа] тарзида ўқилган. Ким уни ташдид билан ўқиган бўлса, унга кўра (оятнинг маъноси шундай бўлади): Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам махфий тарзда аёлига айтган сирни, у (кундошига) ошкора қилди ва Расулуллоҳ онамизга айтиб қўйган нарсаларнинг баъзисини билдирди, баъзисини билдирмади. Расулуллоҳнинг мақсадлари, аёлига хуфёна айтган сирни яна унга айтиб бериш бўлмаган, балки ундан кўзланган мақсад аёлларига сирни ошкор қилиб, кундошига айтиб қўйгани учун танбеҳ бериш бўлган. Токи, бундай ишга одатланиб қолишдан ҳазар қилсин. Қиссанинг барчасидан хабардор бўлган одам. унинг баъзисини ҳам билади. Шундай экан, барчасини айтиб ўтиришга ҳожат йўқ.
Баъзи хабарларда зикр қилинишича, Расулуллоҳ онамизга: «Сенга айтмаганмидим?» деб, сукут қилганлар. Бунда у зотнинг пайғамбарликларига далолат бордир.
Пайғамбаримиз оналаримизни у зотга маълум бўлиб қолса. уялиб қоладиган сир-асрорларни фош қилишдан қайтардилар. Борди-ю, улар шундай иш қилсалар, Аллоҳ таоло уни Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васалламга ошкор қилади, натижада, Расулуллоҳ уларнинг сирларидан воқиф бўладилар.
Ким уни иккилантирмай [ъарофа] деб ўқиса, уни «жазо» маъносида талқин қилган бўлади. Шунда «Унинг баъзисини билди» ояти «Сирни ошкор қилгани боис бериладиган жазонинг баъзиси ила жазолади ва баъзисидан юз ўгирди», маъносида бўлади. Масалан бир киши бошқа бир одамга: «У ҳаққимни билди, мени ҳам унинг ҳаққини билдим» ёки «Ҳаққимни билдинг, мени ҳам сенинг ҳаққингни яқинда биламан, яъни жазолайман», дейди.
Хабарларда келишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳафса онамизни бир талоқ қилдилар. Шунда Жаброил алайҳиссалом тушиб, у зотга: «Унга ражъат қилинг (яъни қайтариб олинг), чунки у ўта кўп рўза тутувчи, ўта кўп тунни қоим қилувчи, қолаверса, у сизнинг жаннатдаги аёлингиз» деди. Расулуллоҳнинг Ҳафса онамизга талоқ қўйишлари унинг қилган баъзи қилмишларига жазо бўлиши ҳам мумкин.
Одамлар ичида икки қироатдан бирини танлаб, бирида қироат қилиб, бошқасини хоҳламайдиганлари ҳам бор. Бу тўғри эмас. Чунки ҳар икки маъно, яъни жазо ва таҳрим ҳам мавжуддир. Аллоҳ таоло ҳар икки маънони ҳам бир оятда жамлаб, орасини эъроб билан ажратди. Ҳеч кимнинг икки қироатдан бирини бошқасидан устун қўйишга ҳаққи йўқ. Бу Аллоҳ таолонинг Мусо алайҳиссалом қиссасидаги ушбу сўзига ўхшайди:
«У деди: «Сен анави (мўъжиза)ларни фақат осмонлар ва Ернинг Парвардигори нозил қилганини аниқ билурсан» (Исро сураси, 102-оят). Оятдаги [лақод ъалимта] жумласи икки хил кўринишда, яъни [лақод ъалимту] ва [лақод ъалимта] тарзида ўқилган. Чунки Мусо алайҳис-салом ҳам, лаънати Фиръавн ҳам (ўша мўъжизаларни Аллоҳ таоло нозил қилганини) билар эдилар. Ҳар икки иш ҳам воқеликда содир бўлган. Аллоҳ таоло эса, икки ҳолатни бир оятда жамлади. Бирор кишига икки қироатдан бирини тиловат қилиб, бошқасидан юз ўгириш жоиз эмас. Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятида ҳам айни шу ҳолат мавжуддир:
«Парвардигоро, сафарларимиз орасидаги (масофани) йироқ қилгин!» (Сабаъ сураси, 19-оят).
«Парвардигоро, сафарларимиз орасидаги (масофа) йироқ бўлди».
Ким уни [Раббана баъид] деб буйруқ майлида ўқиса, оятни «дуо» маъносида талқин қилган бўлади. Ким уни [бааъада] деб ўқиса, уни «хабар бериш» маъносига бурган бўлади. Мазкур икки маъно ҳам, яъни «дуо» ва «хабар бериш» воқеликда бўлган. Бирор киши иккисидан бирини бошқасидан устун қўйиши жоиз эмас. Аллоҳ таолонинг [ъаррофа баъдоҳу] билан [ъарофа баъдоҳу] сўзи ҳам айни шу ҳукмдадир. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таолонинг «Билувчи ва Хабардор Зот» сўзининг таъвилини баён қилдик. Мазкур икки сифатда ҳам инсонни муроқаба ва ҳушёрликка ундовчи маъно бор.

4. Агар икковингиз Аллоҳга тавба қилсангиз, шунда қалбларингиз (ҳаққа) мойил бўлур. Агар унга қарши чиксангиз, албатта, Аллоҳ унинг ёрдамчисидир ва Жаброил ҳам, солиҳ мўминлар ҳам. Ундан сўнг, фаришталар унга суянчиқдир.
Аллоҳ таолонинг «Агар икковингиз Аллоҳга тавба қилсангиз, батаҳқиқ, қалбларингиз (ҳаққа) мойил бўлур» оятида сир, фош қилинган гап-сўз Расулуллоҳнинг икки аёли ўртасида бўлганига далил бор. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам иккисидан бирига сирини айтиб, уни бошқага айтишдан қайтарган эдилар. У эса ошкор қилиб қўйди. Бироқ биз у гап-сўз нима ҳақида эканини билмаймиз. Аммо у бизга маълум бўлмаса-да, Аллоҳ таолонинг «Агар икковингиз Аллоҳга тавба қилсангиз», деган ояти у иккисидан танбеҳ беришга ва тавбага чорлашга лойиқ иш содир бўлганига далолат қилади.
Бизга маълумки, Аллоҳ таоло оналаримизнинг жазосини бошқа аёллар жазосидан ўта оғир қилган. Бунга қуйидаги оят далолат қилади:
«Эй Набийнинг аёллари! Сиздан ким очиқ гуноҳ қилса, унга бериладиган азоб икки марта кўпайтирилур. Бу эса, Аллоҳ учун осон бўлган ишдир» (Аҳзоб сураси, 30-оят). Оналаримиз, бошқа аёллардан кечириб юбориладиган энг кичик тойилиш учун ҳам тавба қилишга чақирилган бўлишлари мумкин.
Аллоҳ таолонинг «Агар икковингиз Аллоҳга тавба қилсангиз, шунда қалбларингиз (ҳаққа) мойил бўлур» оятидаги [ин] сўзи зиёда бўлиб, аслида у тушиб қолиши керак эди. Шунда оят маъноси қуйидагича бўлади: «Иккингиз Аллоҳга тавба қилинглар, шунда қалбларингиз ҳаққа мойил бўлур». Шу ерда вақф қилиниб, сўнг оят Аллоҳ таолонинг «Агар унга қарши чиқсангиз», деган сўзи давом этади.
[ин] ҳарфи зоида бўлмай, шарт маъносида бўлиши ҳам мумкин. Шунда оятнинг маъноси шундай бўлади: «Агар иккингиз тавба қилсангиз (қалбларингиз ҳаққа мойил бўлур), акс ҳолда, «Аллоҳ унинг ёрдамчисидир ва Жаброил ҳам, солиҳ мўминлар ҳам». Бу талқинга кўра, шартнинг жазоси яширилган бўлади.
Уларнинг қилмишларининг жазоси, Расулуллоҳ уларни талоқ қилиши бўлиши мумкин. Бунда оятнинг маъноси шундай бўлади: «Гўё У Зот: «Агар Аллоҳга тавба қилсангиз (тавба қилинг), акс ҳолда, у (Пайғамбар) сизларни талоқ қилади». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга ўта маҳбуб қилиб қўйилганидан, талоқ қилиниш уларга ўта оғир ботади. Шунинг учун оятда уларнинг қилмишларининг жазоси сифатида «талоқ» сўзи зикр қилинди. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таолонинг «шунда қалбларингиз (ҳақка) мойил бўлур» ояти «Қалбингиз Расулуллоҳнинг зиммангиздаги ҳақидан оғди» деган маънони англатади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақлари ўта улуғ бўлиб, унда бироз эътиборсиз бўлишга ҳам танбеҳ берилади.
Аллоҳ азза ва жалланинг «Агар унга қарши чиқсалар...» ояти зоҳиридан танбеҳ беришдир. Шундай экан, уни мухотаб (иккинчи шахс) шаклида бериш керак эди, яъни худди Аллоҳ таолонинг: «Агар икковингиз Аллоҳга тавба қилсангиз», деганидек бунда ҳам «Агар сиз иккингиз Унга қарши чиқсангиз...» дейиши керак эди.
Аллоҳ таолонинг «Агар икковингиз Аллоҳга тавба қилсангиз» ояти мухотаб (иккинчи шахс) сийғасида бўлса ҳам, танбеҳ, яъни «иккиси тавба қилиб, қайтишди» маъносида бўлиши мумкин. Лекин саҳиҳ гап шуки, Аллоҳ таолонинг «Агар унга қарши чиқсангиз...» ояти мухотаб (иккинчи шахс) сийғасида, яъни 013 [ва ин татазоҳаро] маъносида бўлади. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ азза ва жалланинг «...албатта, Аллоҳ унинг ёрдамчисидир» оятида тўхталиб (вақф қилиниб), сўнгра оятнинг «ва Жаброил ҳам, солиҳ мўминлар ҳам. Ундан сўнг фаришталар унга суянчиқдир», деган қисмидан (гап) бошланади. Шундай ўқилса, Расулуллоҳнинг «Аллоҳ таолодан бошқа мавлоси бор эканда» деган гумонга борилмайди. Оятнинг давомида улар (Жаброил алайҳиссаломни, мўминларни ва фаришталар)нинг зикр этилишида ўта қаттиқ қўрқитиш бордир. Аслида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларига зикр қилинган нарсалардан бирини айтиш ҳам кифоя қилар эди. Оналаримиз Расулуллоҳга қарши чиқишса, уларнинг уқубатлари борасида «...унинг учун азоб икки баробар зиёда қилинур»(«Эй Пайғамбар аёллари! Сизлардан ким аниқ фаҳш ишини қилар экан, унинг учун азоб икки баробар зиёда қилинур» (Аҳзоб сураси, 30-оят).) ояти ҳам муболаға сийғасида айтилгандир. Аслида, тарбияда муболаға сийғаларидан фойдаланиш, шаръий меъёрларга риоя қилишида тарбияланувчига ёрдам беради. Худди шунингдек, жазони икки баробар кўпайтириш ҳам нафсни тарбиялашда тарбияланувчига кўмак беради. Натижада, у нафсининг ёмонликларидан ўзини ҳифзу ҳимоя қилади.
Аллоҳ азза ва жалланинг «...солиҳ мўминлар ҳам...» деган сўзидан Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумолар назарда тутилган бўлиши мумкин. Зикр қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳафса розияллоҳу анҳони талоқ қилганларида Умар розияллоҳу анҳу Ҳафсанинг олдига кириб: «Аллоҳ таолонинг илмида Умарнинг оиласига яхшилик бўлганида, албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сени талоқ қилмаган бўлар эдилар», деди. Шунда Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига тушиб, уни никоҳида олиб қолишга буюрди, унинг жуда кўп рўза тутувчи ва (тунлари) жуда кўп намоз ўқувчи эканини зикр қилди. Ҳафса розияллоҳу анҳо навбатидан ташқари кунлари кундузи рўза тутиб, кечасини ибодат билан ўтказишини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билмаган бўлишлари мумкин. Шу сабабли Жаброил алай-ҳиссалом тушиб, Расулуллоҳни бундан воқиф этди.
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Солиҳ мўминлар Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳулардир», деганлар. Бир ривоятда, мўминларнинг солиҳлари пайғамбарлар ва расуллар экани айтилган.
Ҳасан (Басрий) раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар: «Солиҳ мўминлар мунофиқликни яширмаган ва фосиқликни зоҳир қилмаган кишилардир».
Аллоҳ таоло мўминлардан фақат солиҳларини хослади. Жумла мўминларни умумий тарзда зикр қилмади. Чунки мўминларни умумий тарзда зикр қилганида, уларнинг сафига, қарши чиққан икки аёл ҳам кирар эди. Чунки қалбнинг мойил бўлиши у икковларини мўминлар жумласидан чиқариб юбормайди. Сабаби, У Зот «солиҳ мўминлар» сўзини дин ишида кўмак маъносида зикр қилди. Солиҳ мўминлар эса дин ишида ёрдам берадиган зотлардир.

5. У сизларни талоқ қилса, шоядки, Раббиси (Расулуллоҳга) сизлардан яхшироқ, муслима, мўмина, итоатли, тавба қилувчи, ибодатли, рўзадор жувон ва қизларни ўрнингизга хотин қилиб бериши мумкин.
Аллоҳ азза ва жалланинг «У сизларни талоқ қилса, шоядки, Раббиси сизлардан яхшироқ... ўрнингизга хотин қилиб бериши мумкин», деган сўзи тафсирида мўътазилийлар: «Аллоҳ таоло оналаримиздан яхшироғига алмаштириб беришга молик эмас», дейдилар. Чунки уларнинг сўзига биноан Аллох таоло ҳеч кимга яхшиликни тақдир қилишга қодир ҳам, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга аёлларни алмаштириб беришга молик ҳам эмас. Улар: Аллоҳ таоло ҳеч бир аёлни эркаклардан бирининг жуфти қилишга қодир эмас, балки хоҳиш ва ихтиёр никоҳланувчи эркак ва аёлда, феъл ҳам фақат у икковидан содир бўлади, дейдилар.
Биз айтамизки, У Зот хоҳлаганига, хоҳлаган ўринда яхшилик беришга моликдир. Аллоҳ таоло Ўзи хоҳлаган эркакларга аёллардан жуфт қилиб беришга қодир. Ушбу оят бизнинг сўзимиз тўғрилигига гувоҳлик бериб, мўътазилийларнинг сўзига раддия бўлади. Чунки У Зот «...алмаштириб...» деган сўзининг нисбатини Ўзига берди. Мўътазилийларнинг сўзига кўра, Аллоҳ таоло ваъдасига вафо қилишга молик бўлмай қолади (наузан биллаҳ).
Ушбу оятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга аёлларни алмаштириш ва талоқ мубоҳлигига далил бўлсада, Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятида Расулуллоҳ аёлларини яхшироғига алмаштиришдан қайтарилганлар:
«Сизга бундан бошқа аёллар ҳалол бўлмас ва уларга бошқа завжаларни алмаштиришингиз ҳам» (Аҳзоб сураси, 52-оят).
Аллоҳ таолонинг «Сизга бундан бошқа аёллар ҳалол бўлмас...» ояти олдин, «У сизларни талоқ қилса, шоядки, Раббиси» ояти кейин нозил бўлган бўлиши мумкин. Шунда кейинги оят ўзидан олдин нозил бўлган оятни насх қилувчи бўлади.
Бунинг тўғрилигига Оиша розияллоҳу анҳодан нақл қилинган қуйидаги ривоят далил бўлади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга аёллар ҳалол қилинмагунча дунёдан ўтмадилар». Бундан аёлларни алмаштиришга қўйилган тақиқ олдин бўлиб, сўнгра рухсат берилгани собит бўлади. Икки оят ўртасидаги қарама-қаршиликни кўтариш учун икки оят: «Носих-мансух» деб айтилади. «Талоқ» сўзидан чиройи хайратлантиргани учун аёлини алмаштириш ирода қилинса, унга «алмаштириш» тақиқланган бўлиши мумкин. Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти каби:
«Агар ўшаларнинг ҳусни сизни ажаблантирса ҳам» (Аҳзоб сураси, 52-оят). Расулуллоҳнинг талоқдан мақсадлари «алмаштириш» бўлса, бу у зотга ҳаром қилинган. Аммо талоқдан «алмаштириш»ни эмас, очиқдан-очиқ қарши чиққанига жазолашни мақсад қилган бўлсалар, бу у зотга мубоҳ қилинган. Аллоҳ таоло Расулуллоҳга талоқ қилинган аёлни яхшисига алмаштириб беради. Аллоҳ таоло «У сизларни талоқ қилса, шоядки, Раббиси» оятидаги «талоқ» сўзидан «алмаштириб бериш»ни қасд қилмаган. Мазкур икки оятни шундай тушунилса, (маънолари) қарама-қаршиликдан холи бўлади.
Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бир аёлни бошқасига алмаштириш ҳалол бўлганми?» деб сўралганида, у: «Ҳа», деб жавоб берган. Шунда, ундан: «Ундай бўлса, Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятига нима дейсиз», деб савол сўралган:
«Сизга бундан бошқа аёллар ҳалол бўлмас ва уларга бошқа завжаларни алмаштиришингиз ҳам» (Аузоб сураси, 52-оят).
У бунга жавобан шундай деган: «Бу оят қуйидаги оятда номлари зикр этилган аёллар ҳақидадир:
«...амакингизнинг қизлари, аммаларингизнинг қизлари, тоғангизнинг қизлари, холаларингизнинг қизларидан сиз билан ҳижрат қилганларини ҳалол қилдик. Ва агар бир мўмина аёл ўз нафсини Набийга ҳадя этса, Набий уни никоҳлаб олишни ирода қилса, сиз учун махсус ҳалол қилдик» (Аҳзоб сураси, 50-оят). Аллоҳ таоло мазкур оятда амаки, тоға, холаларнинг қизларини ва бегона аёлларни зикр қилиб, бошқа маҳрамларга уйланишдан Расулуллоҳни қайтарди. Бу оятда, бошқаларга ҳаром қилингани каби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам яқин қариндошларига уйланиш тақиқлангани баён қилинди. Чунки бу ерда бир муаммо бор эди.
Яъни Расулуллоҳга тўрттадан зиёдасига уйланиш ҳалол бўлгач, яқин қариндошларига уйланишлари ҳам ҳалол бўладида (деган муаммо бор эди). Мазкур оят билан ушбу муаммо барҳам топди.
Аллоҳ азза ва жалланинг «...сизлардан яхшироқ...» деган сўзи «Аёлларнинг энг яхшисини эмас, улардан Расулуллоҳга энг яхшисини...» деган маънода бўлиши мумкин. Чунки Аллоҳ таоло: «муслима, мўмина, итоатли, тавба қилувчи...», деган. Дарҳақиқат, Пайғамбаримизнинг аёллари «муслима, мўмина, итоатли, тавба қилувчи» бўлганлар. Буни Жаброил алайҳис-саломнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтган қуйидаги сўзлари ҳам қўллаб-қувватлайди: «Ҳафсани яна ўзингизга қайтариб олинг. Чунки у кўп рўза тутувчи ва кечалари кўп қоим бўлувчидир». Бунга оят охиридаги Аллоҳ таолонинг ушбу сўзи ҳам далил бўлади: «...жувон ва қизларни...». Бу икки сифат Расулуллоҳнинг аёлларида ҳам топилган. Демак, оят(нинг тўғри таъвили) биз зикр қилган маънога кўрадир.
Аллоҳ таолонинг «...сизлардан яхшироқ...» ояти «чирой, насаб ва шунга ўхшаш нарсаларда энг яхшиларини» деган маънода бўлиши ҳам мумкин. Ёки «Расулуллоҳга хилоф қилмаслик, қарши чиқмасликда улардан яхшиларини» деган маънода бўлиши ҳам мумкин. Аммо улар ҳам Расулуллоҳга хилоф қилиб, у зотга қарши чиқишда бардавом бўлсалар, улар (оналаримиз)дан паст (даражада) бўладилар. Аммо қарши чиқишдан ўзларини тийиб, олдинги қаршиликка тавба қилсалар, улар ҳам, бошқалари ҳам бир даражада бўладилар.
Аллоҳ азза ва жалланинг «...муслима, мўмина...» деган сўзининг тафсирига келсак, биз юқорида ҳар бир мусулмон умумий маънода мўмин эканини баён қилдик. Чунки «ислом» билан «имон» сўзларининг маъноси бирдир. Зеро, Ислом - ҳар бир нарсани Аллоҳ таолога хослаб, унда бошқасини шерик қилмасликдир. Имон эса Аллоҳ таолони ҳар бир нарсанинг Рабби деб тасдиқ қилмоқдир. Агар У Зотни ҳар бир нарсанинг Парвардигори деб тасдиқ этсангиз, демак, барча нарсани У Зотга хослаган бўласиз. Ёки, имон - ҳар бир нарса ўзининг моҳияти билан Аллоҳ таолонинг Раб эканлигига гувоҳлик беришини тасдиқлашингиздир. Демак, у икки сўздан ҳар бири бошқаси англатган маънони англатиши собит бўлди. Агар у икки сўздан бири якка ҳолда зикр қилинса, ундан бошқаси ҳам назарда тутилган бўлади. Борди-ю, икки сўз биргаликда зикр қилинса, бири бир маънони, иккинчиси бошқа маънони англатади. Бу худди «тақво» сўзи борасида айтган сўзимизга ўхшайди. У якка ўзи зикр қилинса, «эҳсон» маъносини англатади. Чунки тақво ҳалок қилувчи нарсалардан сақланишдир. Ҳалок қилувчи нарсалардан сақланиш яхшиликларни қилиш билан амалга ошади. Борди-ю, «тақво» сўзи билан «эҳсон» сўзи биргаликда зикр қилинса, «тақво» сўзи куфрдан сақланиш, «эҳсон» сўзи «яхши амаллар қилиш» маъносини англатади.
Набий алайҳиссаломдан ривоят қилинади: «Қўшниси офатларидан омонда бўлмаган киши мўмин бўлмайди» (Имом Аҳмад, Имом Бухорий ривоятлари). Яна у зотдан ривоят қилинган: «Мусулмон инсонлар унинг тили ва қўлидан омонда бўлган кишидир». Мазкур ҳадисда имон бошқа маънога, ислом бошқа маънога йўналтирилди. Аммо иккиси ҳам умумий маънода, яъни натижада бирдир. Чунки одамлар унинг офатларидан омонда бўлишса, унинг тили ва қўлидан ҳам саломат бўладилар.
Аллоҳ азза ва жалланинг [қонитат] сўзи «итоатли аёллар» маъносини англатади. Бир ривоятга кўра, «намоз учун кечалари қоим бўлувчи аёллар» маъносидадир. Бу тўғрироқдир, чунки Аллоҳ таоло мазкур сўздан кейин «рўза тутувчи аёллар» маъносини англатувчи [сааиҳаат] сўзини зикр қилди. Рўза кундузига тегишли бўлса, «қонитаат» кечасини ибодат билан ўтказиш таъвилида бўлади. Шунда, оят кечаю кундузни ибодат билан ўтказиш маъносини беради. Шунинг учун ҳам Жаброил алайҳисса-лом Ҳафса розияллоҳу анҳонинг васфида: «У кўп рўза тутувчи ва кечалари кўп қоим бўлувчидир» деди. Яъни (Ҳафса онамиз) кундузлари кўп рўза тутувчи ва тунлари кўп қоим бўлувчи (аёл)дир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан амалларнинг энг афзали ҳақида сўраганларида: «Қунутнинг узоги», деганлар. Бу иборадан мурод қиёмул лайл, яъни тунни ибодат билан ўтказишдир.
Аллоҳ азза ва жалланинг «...тавба қилувчи...» деган сўзи «гуноҳда бардавом бўлмайдиган аёллар», деган маънодадир. Балки, улар хато (гуноҳ) иш қилиб қўйсалар, тавба-тазарру билан Аллоҳ таолога илтижо қиладилар.
Аллоҳ таолонинг «...ибодатли...» деган сўзи борасида Абу Бакр Асом: «Нафл ибодат қилмайдиган киши обид дейилмайди», деган. Ҳақиқатда шундай бўлса, оятда «Аёллар фарзларни адо қилиш билан бир қаторда, нафл ибодатларни ҳам адо қиладилар», деган маъно бор.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Қуръондаги ҳар бир «ибодат» сўзи тавҳид маъносини, [ъабидаат] сўзи эса «тавҳид соҳибалари» деган маънони англатади», деганлар. Муваҳҳид - барча махлуқотларнинг яратувчиси Ягона, ҳеч қандай шериги йўқ Аллохдир, деб тасдиқ қилади. «Обид» сўзи ҳам «муваҳҳид» маъносида бўлиши мумкин. Чунки у холис Аллоҳ таоло учун амал қилиб, Унга ҳеч кимни шерик қилмайди. Демак, «обид» сўзида феълий тавҳид маъноси бордир. Икки тавҳиднинг бири қавлий, иккинчиси муомала ва феъл билан бўлади. Бир ривоятга кўра, «обид» деб фарз ибодатларни адо қилувчи кишига айтилади.
Аллоҳ таолонинг оиги. [сааиҳаат] сўзи «ерни озиқ-овқатсиз кезадиган кишилар» маъносини англатади. Рўзадор ўзини овқатланишдан тийгани учун унга ҳам [сааиҳаат] дейилади. Демак, Аллоҳ таолонинг [сааиҳаат] сўзи «рўзадорлар» деган маънони ҳам англатади.
Аллоҳ азза ва жалланинг [саййибаатив ва абкаро] «...жувон ва қизларни...» деган сўзи тафсирига келсак, бундан: «Аёллар бокира ва саййиба ҳолида яратилади», деган маъно ирода қилинмаган. Балки «мазкур сифатдаги аёлларга алмаштириб беради», деган маъно кўзланган. Аллоҳ таоло оятда жувон ва қизларни бирга зикр қилишига сабаб, одатда жувонларга одамлар кам рағбат қиладилар, табиатлари уларни ёқтирмайди. Аллоҳ таоло Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга неъматларни эслатиш ўрнида жувон ва қизларни бир жойда зикр этди, (одамлар фақат) бокираларга рағбат қилмасинлар, балки бокираларга уйланганлари каби жувонларга ҳам уйлансинлар, деган маънода. Валлоҳу аълам!

6. Эй имон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган ўтдан сақланг. Унинг тепасида қўпол, қаттиққўл фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг амрига исён қилмаслар ва нимага буюрилсалар, шуни қилурлар.
Аллоҳ азза ва жалланинг «Эй имон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни... ўтдан сақланг» ояти «Ўзингизни нафсларингиз чорлайдиган нарсадан сақланглар», деган маънода бўлиши мумкин. Чунки нафс одамларни Аллоҳ таоло айтганидек, ёмонликка буюради, унга чорлайди:
«Эй имон келтирганлар! Албатта, жуфтларингиздан ва болаларингиздан сизга душман бор, шундай экан, улардан ҳазир бўлинг!» (Тагобун сураси, 14-оят).
Аллоҳ таолонинг «Ўзингизни... сақланг» ояти «Ундан юрсангиз, сизларни дўзахга олиб борадиган йўлдан сақлангиз ва аҳлингизни ҳам ушбу йўлдан сақлангиз», деган маънода бўлиши мумкин. Бу амал билан бўлади, чунки амал икки хилдир: (бири) ўз соҳибини жаннатга олиб борса, (иккинчи) амал уни дўзахга элтиб ашлайди. Бу талқинда «тақво» амалга, аввалгисида эса нафсларга тегишли бўлади. Аллоҳ азза ва жалланинг «Ўзингизни... сақланг» ояти «зарардан ва ҳалокатдан нажот топиш сабабларини ҳозирлаб («Ўзингизни... сақланг») деган маънода бўлиши мумкин.
Аллоҳ таолонинг «...ва аҳли аёлингизни...» ояти «дўзахдан халос бўлиш сабабларини уларга ўргатинглар», деган маънода бўлиши мумкин. Мужоҳид «Ўзингизни... сақланг» ояти таъвилида шундай деган: «Аҳли аёлингиз ҳам дўзахдан сақлансин». Сўнгра, Аллоҳ таоло Ўзининг қуйидаги сўзи билан дўзахдан сақланишни ўргатди:
«Раббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшиликни, охиратда ҳам яхшиликни бергин ва бизни дўзах азобидан сақлагин» (Бақара сураси, 201-оят).
Аллоҳ таоло ўзимизнинг қувватимиз ва тадбиримиз билан дўзахдан сақлана олмаслигимизни билади. (Шунинг учун) бизга ҳузурида хокисорлик билан туришни ва Ўзига зорланишимизни буюрди. Шояд, шунда У Зот Ўз фазли ила бизларни дўзахдан асраса!
Аллоҳ таолонинг «...ёқилғиси одамлару тошдан бўлган...» деган сўзи дўзах шиддатини васфлашда муболағадир. Аллоҳ таоло дўзахнинг шиддати одамларни, шунингдек, тошларнида ёқилғига айлантириб юбориш даражасига етиши ҳақида хабар берди. Одамлар ва тошлар дунёда ёқилғи бўлмайди, чунки олов инсонга ишлатилса, уни битта ҳам қолдирмай куйдириб ташлайди ва натижада у ёқилғига айланмайди. Шунингдек, олов тошларга тегса, уни синдириб, йўқ қилиб ташлайди. Демак, оятда муболағали қўрқитиш билан дўзахнинг шиддатини баён қилиш бордир. Тошдан Аллоҳ таолони қўйиб, ибодат қилган санамлари ирода қилинган бўлиши мумкин. Улар санамларга азобни даф қилиб, уларга ёрдам бериши учун ибодат қилишар эди. Бу ҳакда Аллоҳ таоло шундай деган:
«Улар Аллоҳдан ўзга илоҳлар тутдилар. Гўёки улардан ёрдам берилар эмиш» (Ёсин сураси, 74-оят).
«Улар ўзларига куч-қудрат, иззат бўлиши учун Аллоҳдан ўзгаларни худо қилиб оладилар. Йўқ! У (бут)лар уларнинг ибодатларини инкор этурлар ва уларга қарши бўлурлар» (Марям сураси, 81-82-оят). Азобдан қутулишларига сабаб бўлади деб ўйлаган нарсалари бошларига кулфат бўлади. Бут-санамлар уларга қарши бўлишади.
Аллоҳ таолонинг «...Унинг тепасида қўпол, қаттиққўл фаришталар бўлиб...» оятидаги васфлар фаришталарнинг сифати бўлиши мумкин. Яъни улар қўпол ва дағал қилиб яратилганлар. Яна у фаришталар кофир ва Аллоҳ таолонинг душманларига шиддатли, дўстларига эса, раҳмли бўлишлари мумкин. Аллоҳ таоло бу ҳақда: «Ва нимага буюрилсалар, шуни қилурлар...» деган. Аллоҳ таоло ушбу оятда фаришталарнинг қаттиққўл бўлишлари ҳам бир буйруқ эканини баён қилди. Бу Аллоҳ таолонинг ушбу сўзига ўхшайди:
«У билан бирга бўлганлар кофирларга шиддатли, ўзаро раҳмдилдирлар» (Фатҳ сураси, 29-оят).
Аллоҳ таоло саҳобаларни кофирларга нисбатан қаҳр, мўминларга нисбатан раҳм-шафқат билан сифатлади. Охиратда фаришталар ҳам айни шундай бўлишлари мумкин. Бунда фаришталар охиратда амр ва қайтариқ билан имтиҳон қилинишларига далолат бордир. Чунки раҳмат фаришталари жаннат аҳлига туҳфа ва кароматлар келтириш билан имтиҳон қилинсалар, азоб фаришталари дўзах аҳлини азоблаш, уларга дағаллик ва қаттиққўллик қилиш билан имтиҳон қилинадилар. Мазкур икки тоифа нимага буюрилган бўлса, уни тарк қилишдан ҳам қайтарилган.
«Эй имон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни... ўтдан сақланг».
«Эй имон келтирганлар! Аллоҳга чин тавба қилингиз» (Таҳрим сураси, 8-оят).
Абу Бакр Асом мазкур икки оят хусусида шундай деган: «Бу намоз аҳлига огоҳлантиришдир. Чунки Аллоҳ таоло уларга дўзахдан сақланишни ва гуноҳлари афв этилиши учун тавбани лозим қилди. Борди-ю, уларга ваъид бўлмагани-да, (дўзахдан) сақланишга эҳтиёж сезмас эдилар»(Бу масала гуноҳи кабира қилган инсон икки манзил орасида қолади, деган масалага тегишлидир.).
Бундай талқин Абу Бакр Асом ва жумла мўътазилийларнинг Қуръонни ўз мавзусидан ўзгартириши ҳисобланади. Чунки Аллоҳ таоло ваъидни қуйидаги оятларда аҳли имонга қаратди:
«Эй имон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни... ўтдан сақланг».
«Эй имон келтирганлар! Аллоҳга чин тавба қилингиз». Аллоҳ таоло мазкур оятларда на намозхонни зикр қилди ва на ваъидни уларга тегишли қилди. Мўътазилийлар Аллоҳ таоло «ваъид» нисбатини берган мўминлар қолиб, Қуръонда зикри келмаган ва ваъидга дахлдор бўлмаганларга унинг нисбатини беришади. Бу Китоб (Қуръон)ни бузиш ва баённи ўзгартиришдир. Чунки мўмин имони билан намозхонлардан бўлди, агар уни имони бўлмаганида, намозхонлардан бўлмас эди.
Мўътазилийлар ваъидни намозхонларга тегишли қилсалар, аслида, уни мўминларга ҳам тегишли қилган бўладилар. Демак, биз билан улар ўртасидаги фарқ адабсизликдадир. Акс ҳолда, ваъидни мўминларга тегишли қилмай, намозхонларга алоқадор қилишда ҳеч қандай маъно қолмас эди. Ахир, намозхонлар мўминлар жумласидандир. Мўътазилийларнинг сўзига кўра, мўмин имондан чиқса, унга ваъид алоқадор бўлади.
Биз айтамизки, мазкур ваъид (барча) мўминларга тегишлидир(Яъни мўмин-мусулмон киши Аллоҳ қайтарган гуноҳларга қўл урса, унга жазо берилади. Шу жиҳатдан ваъид мўминларга тегишли, дейилмоқда.). Ваъид имонли кишиларга тегишли бўлиши ҳам, гуноҳлари сабабли уларни Аллоҳ таоло азоблаши ҳам мумкин. Оят ваъид имондан чиққанларга ҳам тегишли эканини ифодалаши мумкин. Мўътазилийлар ваъидни икки ҳолатдан биридан олиб, иккинчисига алоқадор қилишади. Биз эса, ваъидни ҳатто имондан чиққан кишиларга ҳам тегишли қиламиз. Имондан чиқмаган кишиларга ваъид абадий бўлмайди. Биз оятларнинг зоҳирига қаттиқ амал қилиш йўлидан юрдик. Демак, оятнинг умумий маъноси бизга эмас, уларга қарши ҳужжатдир. Валлоҳу аълам!

7. Эй кофир кимсалар, бугун узр айтманглар, сиз ўзингиз қилган нарсанинг жазосини олмоқдасиз, холос.
Аллоҳ азза ва жалланинг «Эй кофир кимсалар, бугун узр айтманглар...» деган оятида «Мабодо узрлари бўлса, қабул бўлмайди», деган маъно йўқ. Лекин уларнинг узрлари қилган ишларига пушаймон бўлиб, Аллоҳ таолога қайтиш ва Унга тавба қилишдир. Бу тавба қабул бўладиган вақт эмас. Чунки бу вақт ихтиёр эркинлиги қўлларидан кетган пайтдир, бу пайтда энди на имон ва на амал қабул қилинади.
Аллоҳ азза ва жалланинг «Сиз ўзингиз қилган нарсанинг жазосини олмоқдасиз, холос» ояти «Ёмон амалларингиз ҳикматга биноан сизларни азобга гирифтор қилди. Сизлар ўз амалларингиз сабабли жазоланяпсиз. Бизга етадиган манфаат ёки ўзгаларнинг гуноҳини юклаб олганингиз учун эмас. Балки, ўзингизнинг ёмон амалингиз сабабли жазоланяпсиз. Аслида, оят «Ҳикмат ҳам гуноҳ сабабли азоб беришни тақозо қилади», деган маънони англатади.
Бу оят мушрикларнинг гўдаклари азобланмаслигига далил бўлади. Чунки улардан жазога ноил қиладиган амал содир бўлмайди. Яна, улар оталарининг гуноҳлари сабабли азобланишлари мумкин эмас. Чунки У Зот ҳар ким бошқанинг амали билан эмас, ўзининг амали билан жазоланишининг хабарини берди. Валлоҳу аълам.

8. Эй имон келтирганлар! Аллоҳга чин тавба қилингиз, шоядки, Раббингиз сизларнинг гуноҳларингизни ўчириб, остидан анҳорлар оқиб турадиган (жаннатдаги) боғларга киритса! У кунда Аллоҳ Пайғамбарни ва у билан бирга имон келтирганларни шармисор қилмас. Уларнинг нурлари олдиларида ва ўнг томонларида юрар. Улар: «Эй Раббимиз! Ўзинг бизларга нуримизни комил қилиб бергин ва бизларни мағфират этгин. Албатта, Сен ҳар нарсага қодирдирсан», - дерлар.
Аллоҳ азза ва жалланинг «Эй имон келтирганлар! Аллоҳга чин тавба қилингиз...» деган оятида «имон билан биргаликда тавба қилишга ҳам ундаш» бордир. Чунки Аллоҳ таоло уларни мўмин деб атаганидан кейин, уларни тавба қилишга ундади. Аллоҳ таоло тавба билан гуноҳларини афв этиши ҳақида уларни хабардор қилди. Мўътазилийларнинг эътиқодига кўра, мўминлар кабира гуноҳдан сақланар эканлар, сағира гуноҳлари мағфират қилинади. Уларнинг сағира гуноҳларга тавба қилишларига ҳожат йўқ. Шундай бўлса, уларнинг эътиқодига кўра, мазкур оят гуноҳи кабира ҳақидадир. Гуноҳи кабира уларнинг эътиқодига кўра, кишини имондан чиқаради.
Аслида, оятда Аллоҳ таоло улар (гуноҳкор мўминлар)га нисбатан имон исмини қўллади. Шундай экан, ким улар (гуноҳи кабира қилган мўминлар)дан имон исмини юлиб олса, у Қуръон оятига хилоф иш қилган бўлади. Борди-ю, улар оятни сағира гуноҳ хусусида дейишса, унда оят «Кичик гуноҳ қилганларнинг азобланишига, улар тавбасиз ва кечирим сўраб, истиғфор айтмасалар, мағфират этилмаслигига» далил бўлади. Бошқа бир оятда Аллоҳ таоло шундай деган:
«Барчангиз Аллоҳга тавба қилингиз, эй мўминлар!
Шояд, (шунда) нажот топсангиз» (Нур сураси, 31-оят).
Сағира (кичик) гуноҳлардан тавба қилишга буюрилган бўлишса, оят кичик гуноҳлар афв этилмаслигига далолат бўлади. Борди-ю, кичик ёки катта гуноҳга тавба қилишга муҳтож бўлишса, оят улар (кичик ёки катта гуноҳ қилганлар)нинг мўмин сифатида қолишларига далолат бўлади. Шунинг учун Аллоҳ таоло бундай деган:
«Ва ўз гуноҳингиз учун ҳамда мўмин ва мўминалар(нинг гуноҳлари) учун мағфират сўранг!» (Муҳаммад сураси, 19-оят).
Агар Расулуллоҳнинг ушбу истиғфори кичик гуноҳлар бораси-да бўлса, оят кичик гуноҳлар тавбасиз мағфират этилмаслигига далил бўлади. Борди-ю, иш мўътазилийлар ўйлаганидек бўлса, банданинг мағфират сўраши оламлар Парвардигори устидан истеҳзо қилиш маъносида бўлади. Чунки банда Аллоҳ таолодан Узи молик бўлмаган нарсани сўраётган бўлади. Бу эса, воқеликда калака қилиш ва сўралувчини менсимасликдир. Аксинча, оят гуноҳи кабира хусусида бўлса, бу у (катта гуноҳ қилган)ларнинг имонда қолишларига далолат қилади. Чунки Аллоҳ таоло: «...ҳамда мўмин ва мўминалар(нинг гуноҳлари) учун (мағфират сўранг!)» деган.
Аллоҳ таолонинг    [тавбатан насуҳан] оятидаги [насуҳан] сўзи [насуҳан] тарзида нуннинг фатҳаси ва [нусуҳан] шаклида нуннинг заммаси билан ҳам ўқилган. Замма билан масдар, фатҳа билан эса «тавбатан» сўзига сифат бўлади. Феъллардаги Зўй [фаъулун] вазни амр феъли учун муболаға исми феълдир. Гўё Аллоҳ таоло шундай демоқда: «Чин дилдан тавба қилинглар». «Насуҳан» сўзининг муболағаси «сидқи дилдан» деган маънони англатади. Тавба чин дилдан эканининг белгиси қилган ишига чин қалбдан, қайтиб уни қилмайман деган азму қарор билан пушаймон бўлдиларр. Шунингдек, қўлини гуноҳлардан суғуриб олиб, Аллоҳ таолога тили билан истиғфор айтиб, бутун бадани гуноҳлардан лаззатлангани каби бутун танасини надоматга ва гуноҳдан тийилишга қаратмоғидир. Буларнинг барчаси [насҳун] сўзининг муболаға маъносидир.
Аллоҳ азза ва жалланинг «Шоядки, Раббингиз сизларнинг гуноҳларингизни ўчириб...» ояти «тавба билан ўчириб юборса», деган маънони англатади. Бу оят гуноҳлар орасида тавбасиз авф этилмайдиганлари борлигини ойдинлаштиради. Ва яна уларнинг орасида гуноҳи кабиралардан тийилиш билан кечириладигани ҳам бор. Бунга қуйидаги оят далолат қилади:
«Агар сизлар ман этилган гуноҳларнинг катталаридан сақлансангиз, (кичик) гуноҳларингизни сизлардан ўчирурмиз» (Нисо сураси, 31-оят). Аммо мўътазилийлар ўйлаганидек, кичик гуноҳларнинг ҳаммаси ҳам катта гуноҳлардан тийилиш билан кечирилиб кетавермайди.
Аллоҳ таолонинг «...остидан анҳорлар оқиб турадиган (жаннатдаги) боғларга киритса!» деган оятининг тафсири юқорида ўтди.
Аллоҳ таолонинг «У кунда Аллоҳ Пайғамбарни ва у билан бирга имон келтирганларни шармисор қилмас», деган оятининг мўътазилийларга алоқадор жойи бор. Яъни «Аллоҳ таоло Пайғамбар ва мўминларни шармисор қилмаслик ҳақида хабар берди. Оятдаги [ал-ихзаау] «шармисор қилиш» сўзи азоб бериш билан юзага чиқади. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло имон келтирганларни азобламасликка ваъда берди. Агар катта гуноҳ қилган мўмин бўлсалар ҳам, азоб уларга хавф солмайди. Чунки Аллоҳ таоло мўминларни шармисор қилмасликка ваъда берди. «Сизлар эса, гуноҳи кабира соҳибларига азоб хавф солади», демоқдасизлар. Демак, бундан уларнинг мўмин эмаслиги келиб чиқади».
Лекин биз айтамизки, ушбу савол мўътазилийларнинг рақибларини мот қилган услубда уларнинг ўзларини ҳам мот қилади. Чунки оятда имон келтирганлар шармисор қилинмаслигининг ваъдаси бор. Мўътазилийлар эса, гуноҳи кабира соҳиблари имон келтирганлардан эканини, аммо кабира гуноҳ содир этганларидан сўнг мўмин эмасликларини тасдиқлайдилар. Оятда мўминлар шармисор қилинмаслиги айтилмаган. Чунки У Зот: «У кунда Аллоҳ Пайғамбарни ва мўминларни шармисор қилмас», демаган. Балки «...ва имон келтирганларни...» деган. Мўътазилийлар имон келтирганларнинг шармисор қилиниши ҳақида қатъий сўз айтишиб, мазкур оятни ўзларига қарши ҳужжат қилган кишиларга айланиб қолишмоқда. Бизнинг-ча, ушбу оятдаги Аллоҳ таолонинг [ан-набий] сўзида вақф қилиш керак. Яъни «Аллоҳ таоло Набий алайҳиссаломнинг шафоатларини рад қилиш ёки азоблаш билан шармисор қилмайди». Аллоҳ таолонинг «У билан бирга имон келтирганлар...», деган сўзи эса гапнинг эгаси, унинг кесими эса: «Уларнинг нурлари олдиларида ва ўнг томонларида юрар», деган жумладир. Бу Аллоҳ таолонинг ушбу сўзига ўхшайди:
«Илмда мустаҳкам (ҳаққоний олим)лар эса: «Унга имон келтирдик» дейдилар» (Оли Имрон сураси, 7-оят).
Еки оятнинг иккинчи талқини бундай: «Аллоҳ таоло имон келтирганларни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларидан кейин шармисор қилмас».
Оятдаги [ал-ихзаау] сўзи «шарманда қилиш» маъносидадир. Яъни қиёмат куни мўминларни кофирлар олдида шарманда қилмайди. Балки, Аллоҳ таоло мўминларни кофирлар воқиф бўлмайдиган кўринишда азоблаши мумкин. [ал-хизйу] сўзи «шарманда қилиш» ва «обрўсизлантириш» деган маъноларни англатади. Аллоҳ таоло мўминларга нисбатан Уз фазли карами билан бундай иш қилмайди. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ азза ва жалланинг «Уларнинг нурлари олдиларида ва ўнг томонларида юрар» деган сўзи «юрганларида нур олдиларида, ҳисоб-китоб пайтида ўнг томонларида бўлади. Чунки китоб уларнинг ўнг қўлига берилади. Бунда нур ва хайрият бордир» ёки «нур уларнинг қадам қўйган жойларида, яъни олдиларида ва ўнг томонларида бўлади. Зеро, бу уларнинг йўлларидир. Уларнинг чап томонлари эса кофирларнинг йўлларидир», деган маънодадир.
Аллоҳ азза ва жалланинг «Улар: «Эй Раббимиз! Ўзинг бизларга нуримизни комил қилиб бергин...», дерлар» ояти тафсирига келсак, мўминлар мунофиқларнинг нури ўчган пайтда, ўзларидан ҳам нур ўчиб қолишидан қўрқиб, мазкур сўзни айтган бўлишлари ёки улар буни нур кучсизланиб қолганида, унинг ёрқин бўлишини сўраб айтган бўлишлари мумкин. Валлоҳу аълам!

9. Эй Пайғамбар! Кофир ва мунофиқларга қарши курашинг ва уларга маҳкам туринг! Уларнинг жойи жаҳаннамдир ва у қандоқ ҳам ёмон манзилдир!
Бир ривоятга кўра, «Кофирларга... қарши курашинг...» ояти «қилич билан», «мунофиқларга...» ояти «уларга жазоларни қўллаш билан» деб тафсир қилинган. Сабаби, мунофиқлар жазо тайин қилинган гуноҳларга қўл урганлари учун улар борасида ҳадлар нозил бўлди. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари жазо тайин қилинган гуноҳлардан маъсум эдилар.
Ботинийлар Аллоҳ таолонинг «Кофир ва мунофиқларга қарши курашинг» оятини «Кофир ва мунофиқларга қарши жанг қилинглар. Зеро, Расулуллоҳ икки тоифа билан ҳам жанг қилишга буюрилган эдилар. Лекин у зот кофирларга қарши жанг қилиш билан банд бўлиб, мунофиқларга қарши курашишга имкон топа олмадилар», деб тафсир қилганлар.
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу мунофиқларга қарши курашишга бош бўлганлар. Зикр қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оёқ кийимини ямаётган Али розияллоҳу анҳуни кўриб, асҳобларига шундай деганлар: «Албатта, ковушини ямаётган таъвилга кўра жанг қилади, хулди биз Танзил (Қуръони карим)га кўра жанг қилганимиз каби». Али розияллоҳу анҳунинг таъвилга кўра жанг қилиши мунофиқларга қарши курашганидир.
Уруш борасидаги иш (ҳолат) улар айтгандек бўлса, мунофиқларга қарши (биринчи) курашган Али розияллоҳу анҳу эмас, балки Абу Бакр розияллоҳу анҳу бўлганлар. Ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан сўнг баъзи араблар диндан қайтиб, муртад бўлдилар. Шунда, Абу Бакр розияллоҳу анҳу уларга қарши жанг қилди. Уларнинг муртад бўлишлари имонда собитқадам эмасликларига далолат қилади. Борди-ю, улар аксинча бўлганларида, имондан қайтмаган бўлар эдилар. Дарҳақиқат, улар мунофиқ бўлганлар.
Аммо Али розияллоҳу анҳу курашган инсонлар мунофиқ бўлмаганлар, балки уни Аллоҳ таолонинг Китоби билан ҳукм қилишга чақирган кишилар бўлишган. Мунофиқ ўзини Аллоҳнинг ҳукми билан амал қилгандек кўрсатиб, унинг ҳукмига хилоф ишда махфий давом этади. Улар асло Аллоҳ таолонинг ҳукмига амал қилишга чақирмайди. Бу хусусият Али розияллоҳу анҳу урушган кишиларда эмас, Абу Бакр розияллоҳу анҳу урушган одамларда намоён бўлган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг курашлари кофир ва мунофиқларнинг қалбларига ҳужжатни қарор топтириш ва далиллар билан таслим қилиш бўлган. Бу иш гоҳ қилич билан, гоҳ далиллар билан амалга ошган. Қилич билан ҳужжатни иқрор қилдириш деб, юқорида айтганимиздек, душманларнинг кўплиги ва ансорларнинг камлигига қарамай, Аллоҳнинг Расулуллоҳга берган нусратини, ҳақ узра бўлганини намоён қилиши мушрикларни Аллоҳ таолога имон келтиришга ундади. Шундай бўлса, Аллоҳ таолонинг «Кофир ва мунофиқларга қарши курашинг» ояти «уларни ҳужжатга таслим қилиш» маъносида бўлади. Мусулмонлар тинч-омонликда бўлсалар, мушрикларни ҳужжатга таслим қилиш сўз билан, уруш ва жанг ҳолатида бўлсалар, уларга қарши курашиш ва жанг қилиш билан бўлади. Дарҳақиқат, мунофиқлар орасида кофирларга қўшилган ва уларни ҳимоя қиладиганлар бор эди. Бу ҳакда Аллоҳ таоло шундай деган:
«Сизга нима бўлдики, мунофиқлар ҳақида иккига бўлинасизлар?!» (Нисо сураси, 88-оят).
Мунофиқлардан ким кофирларга қўшилса, уларга ҳам, кофирларга ҳам қарши жанг қилинглар ва кофирларга қўшилмаган мунофиқларни ҳужжатга таслим этинглар. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ азза ва жалланинг «...ва уларга маҳкам туринг!» ояти «Уларга қаттиқ туринг» деган маънони англатади. «Қаттиқ туриш» уларнинг ақлини аҳмоққа чиқариб, обрўларини тўкишдир. Бу эса, улар тутган нифоқ йўлини баён қилиб бериш билан бўлади. Аллоҳ азза ва жалланинг «Уларнинг жойи жаҳаннамдир ва у қандоқ ҳам ёмон манзилдир!» оятининг тафсири юқорида ўтган.
Аллоҳ таолонинг «Эй Пайғамбар! Кофирга... қарши курашинг» ояти Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа пайғамбарларга нисбатан фазилатли эканликларига далолат қилади. Чунки Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломни Тавротда «Эй Мусо» деб, Исо алайҳиссаломни Инжилда «Эй Исо» деб, Одам алайҳиссаломга хитоб қилишда «Эй Одам» деб зикр қилган. Хуллас, барча пайғамбарларни ўз исми билан номлаган. Бироқ, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни «Эй Пайғамбар», «Эй Расул» деб зикр қилган ва у зотга шундай хитоб қилган.
Пайғамбарлар рисолат ва нубувват билан фазилатга эришганлари туфайли Аллоҳ таоло Расулуллоҳни «Пайғамбар» ва «Расул» деб зикр қилди ва шундай хитоб қилди. Бошқа пайғамбарлар алайҳимуссаломнинг эса, исмларини зикр қилди.

10. Аллоҳ куфр келтирганларга Нуҳнинг хотини ва Лутнинг хотинини мисол қилиб келтирди. Улар бандаларимиздан икки солиҳ банданинг тагида эдилар. Бас, уларга хиёнат қилдилар ва (эрлари) улардан Аллоҳнинг азобини қайтара олмадилар ва уларга, дўзахга кирувчилар билан киринглар, дейилди.
Бу зарбулмасал Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қариндошлик алоқаси бўлган кофирларга қаратилган бўлиши мумкин. Улар охиратдаги ҳолат, мабодо, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек бўлса, у зотнинг шафоатини умид қилишарди. Чунки улар Расулуллоҳни барча махлуқотларга шафқатли ва раҳмли деб билган эдилар. Расулуллоҳ қариндошларининг ҳалокатга кетаётганини кўриб, қандай қилиб уларга нисбатан шафқатли ва раҳмли бўлмасликлари мумкин? Аллоҳ таоло уларнинг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга боғланишлари борлигига алданиб қолмасликлари учун уларга Нуҳ ва Лут алай-ҳимассаломнинг хотинлари оқибатини ҳамда у иккиси билан Нуҳ ва Лут алайҳимуссаломнинг ришталарини зикр қилди.
Бу оят исломнинг аввалида оталар исломни қабул қилиб, ўғиллар қабул қилмаган, ўғиллар исломни қабул қилиб оталар қабул қилмаган пайтда нозил бўлган бўлиши мумкин. Шунда, зарбулмасал куфр йўлини тутиб, унда маҳкам турган, (исломни қабул қилган) оталарига ёки фарзандларига эргашмаганларга қаратилган бўлади. Аллоҳ таоло улар борасида: «Куфрда мустаҳкам турганларга қариндошларидан исломга кирган кишининг исломи наф бермайди, гарчи у иккисининг ўртасида ота-болалик риштаси бўлса ҳам», демоқда. Зеро, кишининг аёлига нисбатан меҳри ва шафқати юқорида биз зикр қилганларнинг ўзаро шафқатидан, риштасидан кучлироқ бўлади.
Бу зарбулмасал мўминларга дўстликни изҳор қилиб, ичларида душманликни яширган мунофиқларга қаратилган бўлиши ҳам мумкин. Шунда оятнинг маъноси бундай бўлади: «Ҳақиқатда динга қарши бўлиб, ўзларини динимиз бир деб кўрсатишлари уларга наф бермайди. Ҳудди Нуҳ ва Лут алайҳимусса-ломнинг аёлларига эрларининг тарафдор эканликларини изҳор қилишлари фойда бермагани каби. Чунки у иккиси эрларига хуфёна қарши эдилар. Валлоҳу аълам!
Абу Бакр Асом айтади: «Ушбу оятда икки аёлнинг ўзи фосид (бузуқ) бўлгани учун Нуҳ ва Лут алайҳимуссаломнинг солиҳлиги фойда бермагани каби солиҳнинг солиҳлиги ёмонга фойда бермаслигига далолат бор». Абу Бакр Асом бу сўзи билан гуноҳи кабирага шафоат борлигини инкор қилмоқда. Оятнинг тафсири у айтгандек эмас, чунки зарбулмасал осий мўминларга эмас, кофирларга қаратилгандир. Зеро, Аллоҳ таоло оятда: «Аллоҳ осий бўлган кишиларга... мисол қилиб келтирди», демаган. Демак, унинг бу оятга алоқаси йўқ. Қаранг, воқеликда солиҳ кишининг солиҳлиги кофирга бўлмаса ҳам, ёмон кишиларга фойда беришини гоҳо учратиб турамиз. Зеро, солиҳ, тақводор кишининг ёмон хотини эри сабабли кўплаб ёмонликлардан тийилиши мумкин. Шунингдек, болага ота-онанинг солиҳлиги дунёда фойда беради. Чунки у иккисидан қўрққани ва иккисининг солиҳлиги туфайли кўплаб қайтарилган ишларга қўл урмайди. Демак, ота-онанинг солиҳлиги у болага, эрнинг солиҳлиги у аёлга фойда берди. Ва яна, охиратда ҳам солиҳларнинг солиҳлиги ёмон кимсага фойда бериши мумкин. Кофир ота-онасидан ёки одамларнинг биридан юз-хотир қилиб, ношаръий ишдан асло тийилмагани сабабли, унинг ота-онасининг мусулмонлиги ва солиҳлиги дунёда унга фойда бермаганидек, охиратда ҳам унга наф бермайди. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ азза ва жалланинг «Бас, у (аёл)лар уларга хиёнат қилдилар ва (эрлари) улардан Аллоҳнинг азобини қайтара олмадилар ва уларга: «Дўзахга кирувчилар билан киринглар», дейилди» оятида у икки аёлнинг динда эрларига хиёнат қилганлари айтилмоқда. Баъзилар Нуҳ алайҳиссалом аёлининг хиёнати эрининг «мажнунлиги»дан қавмини воқиф этиши, Лут алайҳиссалом аёлининг хиёнати эса, қавмига Лутнинг меҳмонлари ҳақида хабар бериши бўлган, дейишади. Лекин бу жоиз бўлса-да, ушбу ҳолат аввалги (қараш)га (яъни динда эр-хотин ўртасидаги хилофликка) қайтади. Чунки ҳар иккисини бу ишга ундаган нарса, у икки аёлнинг қавм билан ҳамфикрлиги ва динда эрига хилофлиги бўлган. Бунга фақат ҳужжат эгаларидан мутавотир тарзда етиб келган нарса ила гувохдик берилади. Баъзи (муфассир)лар: «У икки аёл зино қилиб қўйишган ва хиёнатлари зино бўлган», дейишади. Бу асоссиз гап. Чунки пайғамбарлар алайҳимуссалом уят ва шармандаликдан илоҳий муҳофаза қилинганлар. Эрга аёлининг ёки қариндошларининг зино қилиши ор келтиради. Қолаверса, унда фарзандлари борасида ҳам туҳматнинг гумони келади. Демак, бу ушбу таъвил тўғри эмаслигини билдиради. У иккисининг хиёнатига тафсирда эҳтиёжимиз йўқ. Бундай гап-сўзлар билан гувоҳлик бериш ярамайди, балки ҳужжати бор кишидан мутавотир тарзда келган нарса билан гувоҳлик берилади.

11. Аллоҳ имон келтирганларга Фиръавннинг хотинини мисол қилиб кўрсатди. У: «Раббим, менга Ўз ҳузурингда, жаннатда бир уй бино қилгин. Менга Фиръавндан ва унинг ишидан нажот бергин ва золим қавмлардан нажот бергин», деб айтди.
Аллоҳ азза ва жалла «Аллоҳ имон келтирганларга Фиръавннинг хотинини мисол қилиб кўрсатди» деб зарбулмасал келтиришининг сабаби, кофирлар қўл остидаги ночор кишилар ҳам Аллоҳ таолога имон келтиришни пайсалга солишларига узр йўқлигини билдиришдир. Зеро, Фиръавннинг аёли унинг қўл остида ночор, зулмат ичра эди. Аммо бу нарса унинг Аллоҳ таолога имон келтириб, У Зотнинг пайғамбари - Мусо алайҳис-саломни тасдиқлашдан тўсмади.
Иккинчидан, у аёл ўз эридан ва атрофдаги одамлардан Аллоҳ таолога куфр келтиришдан ўзга нарсани кўрмади. Сўнг Аллоҳ таоло Уз лутфу инояти билан унга имон келтиришни илҳом қилди ва мўмина бўлди. Нуҳнинг хотини эса, пайғамбарнинг хотини эди. У Нуҳ алайҳиссаломдан Аллоҳ таолога тоат ва ибодатдан ўзга нарсага гувоҳ бўлмади. Шунга қарамай, Нуҳнинг имони ва ибодати у аёлга наф бермади. Шу тадбир билан бировга ўзганинг исломи наф бермаслиги ва бошқага ўзганинг куфри зиён етказмаслиги маълум бўлди. Ҳа, албатта, инсон ўз феъли билан мусулмон, ўз феъли билан кофир бўлади.
Аллоҳ азза ва жалланинг «Уз ҳузурингда, жаннатда бир уй бино қилгин», деб айтди» деган сўзи (тафсири шуки), у (Фиръавннинг аёли) «менга Ўз ҳузурингда, жаннатда бир уй бино қилгин» деган сўзи билан «эри ва бошқалар қурган бино каби бино қуришни» ирода қилмаган. Балки «...бино қилгин» деган сўзи билан «Жаннатда менга бир уй яратгин» деган маънони ирода қилган. Шунингдек, «Биз ўз (даргоҳимиздаги) руҳимиздан унга пуфладик»(Таҳрим сураси, 12-оят.) оятидан ҳеч ким одамлар тушунгандек - нарсаларга пуфлашни идрок қилмаган, балки ундан яратиш ва вужудга келтиришни англаганлар.
Мушаббиҳа тоифасига нима бўлдики, улар Аллоҳ таолонинг «Сўнгра самога «истиво» қилди»(Бақара сураси, 29-оят, Фуссилат сураси, 11-оят.), «Сўнгра Арш узра «муставий» бўлди»(Аъроф сураси, 54-оят, Юнус сураси, 3-оят, Раъд сураси, 2-оят.) оятларини худди «истиво» сўзи махлуқотларга нисбат берилгандек тушунмоқдалар. Уларнинг эътиқоди заиф бўлмаганида ва Холиқи борасида чин илмга эга бўлганларида эди, асло бундай тушунмаган бўлардилар.
Қоида шуки, махлуқотлар билан Аллоҳ таоло ўртасида муштарак феълларнинг исмларидан бири Ўзига нисбати берилса, у Аллоҳ таолога хос феълларнинг исмига зид келади ва бундай ўринда махсус исмдан кўзланган маъно муштарак исмдан ҳам ирода қилинади. Аллоҳ таолонинг феълини хос исми [халқун] «яратиш»дир. Чунки, махлуқотлардан бирортаси «холиқ» деб аталмайди. Шунда, Аллоҳ таолонинг «Ўз ҳузурингда... бир уй бино қилгин» деган сўзидан «Мен учун яратгин», деган маъно тушунилади. Аллоҳ азза ва жалланинг «Бас, Биз ўз (даргоҳимиздаги) руҳимиздан унга пуфладик» деган сўзидан эса яратиш ва вужудга келтириш тушунилади.
Демак, муштарак исмларни махсус исмларга солиштириб кўрилади ва махсус исмлардан тушунилган маъно муштаракдан ҳам тушунилади. Бунга Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти мисол бўлади:
«У сизларнн қуруқлик ва денгизда сайр қилдирур» (Юнус сураси, 22-оят). Яъни оят «У сизларнинг қуруқлик ва денгиз узра сайрингизни яратди» деган маънони англатади ва яна бошқа оятда шундай дейилган:
«У тирилтирадиган ва ўлдирадиган Зотдир» (Муъминун сураси, 80-оят). Яъни оят «У ўлимни ва ҳаётни яратади» деган маънони англатади. Яна бошқа оят ҳам бунга мисол бўлади:
«У (Ўзи) хоҳлаганини адаштирур» (Раъд сураси, 27-оят). Яъни, оят «У залолатни яратади», деган маънони билдиради.
«Ва хоҳлаган кишини тўғри йўлга ҳидоят этади» (Юнус сураси, 25-оят) ояти «Аллоҳ унинг ҳидоятини яратади», деган маънодадир. Юқоридаги оятларни ким биз айтган йўсинда тушунса, шубҳадан, шайтоннинг васвасаси ва ташбехдан халос бўлади. Тавфиқ Аллохдандир.
Бу оятда Фиръавннинг аёли қайта тирилтириш ва ҳисоб-китобга имон келтирганига далолат бордир. У қайта тирилтириш ва ҳисоб-китоб илмини таълим ёки далил ва ҳужжатларда тафаккур юритиш орқали эгаллаган бўлиши мумкин. Муфассирлар мазкур сўзни у аёл Фиръавн уни азоблаганида айтган, деганлар. Қандай азоблангани борасида муфассирлар ихтилоф қилганлар. Бу каби ўринларда тилни тийиб, тафсилотига киришмаслик лозим. Чунки бундай қилиш ўтган китобларда баён қилинган нарсага зиёдаликни ёки нуқсонни келтириб чиқаради. Бу каби хабарлар Пайғамбаримизнинг ҳақ пайғамбар эканликларига аҳли китобларга қарши далил қилинган. Чунки улар ушбу Ҳабарларни ўз китобларида зикр қилинган ривоятларга мувофиқ деб билганлар. Борди-ю, тафсирда зиёдалик ёки нуқсон бўлса, Расулуллоҳнинг пайғамбарликларига таъна-дашном отишга имкон топадилар. Шунинг учун бундай мавзуларга чуқур киришмаслик ва уларнинг тафсилотини баён қилмаслик лозим.
Ҳасан (Басрий) ва бошқалардан зикр қилинишича, мўмин бўлсин ё кофир бўлсин, унга жаннатда уй бино қилинади. Агар мусулмон ҳолида вафот этса, ўша уйда яшайди, кофир ҳолида жони узилса, унга бошқаси ворис бўлади.
Бундай бўлиши мумкин эмас. Чунки Аллоҳ таоло унинг кофир бўлиб ўлишини билган, унга яшамаслиги учун уй қурган бўлиб қолади. Воқеликда кимдир ўзи учун яшамаслигини билатуриб, уй қурса, у беҳуда иш қилган бўлади. Аллоҳ таоло эса, «беҳуда иш қилиш билан» сифатланишдан покдир.
Аллоҳ азза ва жалланинг «Менга Фирьавндан ва унинг ишидан нажот бергин ва золим қавмлардан нажот бергин, деб айтди» ояти «Фиръавннинг ёмонлиги, жабри ва қилмиши, яъни куфридан нажот бергин» деган маънони англатади. «Менга Фиръавндан нажот бергин», деган сўзи Фиръавннинг ўзига, қолгани эса унинг хатти-ҳаракатига тегишлидир. «...золим қавмлардан нажот бергин» ояти уни (Фиръавнни)нг қавмига тегишлидир. Аллоҳ таолонинг ибодатидан тўсганлари сабабли у (аёл) уларнинг барчасидан халос бўлишни сўради. У уларнинг тутган йўлидан қўрқар, хотиржам бўлолмас ва улардан ҳам хавфсирар эди. У Раббисининг ибодатига муваффақ бўлиш учун улардан халос бўлишни сўради.

12. Ва Имрон қизи Марямни (мисол келтирди), у фаржини пок сақлаган эди. Биз унга Ўз руҳимиздан пуфладик ва у Парвардигорининг сўзларини ҳамда китобларини тасдиқ этди ва итоаткорлардан бўлди.
Аллоҳ азза ва жалла «Ва Имрон қизи Марямни (мисол келтирди), у фаржини пок сақлаган эди» ояти орқали Марямнинг фаржини пок сақлагани ҳақида хабар берди. Бу иш сабаблар билан амалга ошди. У (Марям) одамлар кўзи унга тушмаслиги ва ўзининг кўзи уларга тушмаслиги, бу билан фаржини сақлашга эришиши учун ўзи билан одамлар ўртасига ҳижоб (тўсиқ) тортди. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деган:
«(Эй Муҳаммад!) Мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёллардан) қуйи тутсинлар ва авратларини сақласинлар!» (Нур сураси, 30-оят). Мўминлар кўзларни тийсалар, фаржларни сақлашга эришадилар. Ҳижобда кўзни тийиш, кўзни тийишда эса фаржни сақлаш ва уни пок тутишга эришиш бордир. Бошқа оятда У Зот шундай деган:
«Эй Марям, албатта, Аллоҳ сени танлаб олди, поклади ва оламдаги аёллардан устунлигингни ихтиёр қилди» (Оли
Имрон сураси, 42-оят).
Уни поклаши - фаҳш ва зинодан уни пок тутишидадир. Аллоҳ таоло биринчи оятда (яъни Таҳрим сураси, 12-оятда) «пок тутиш» феълининг нисбатини ун (Марям)га, бу оятда эса «поклаш» феълининг нисбатини Узига берди. «Пок тутиш» феълининг нисбати Марямга берилишининг боиси, юкорида айтганимиздек, у зинодан тўсувчи ва пок тутишга ундовчи сабабларни машаққат билан бажарди. «Поклаш» феълининг нисбатини Аллоҳ таоло Узига нисбат беришига келсак, унинг юзага чиқиши ва пайдо бўлиши Аллоҳнинг тавфиқи билан бўлгани учундир. Бу оятда бандаларнинг ҳар бир феълида Аллоҳ таолонинг таъсири ва тадбири бор эканига далил бор.
Аллоҳ таолонинг «Биз унга Ўз руҳимиздан пуфладик» ояти «Унда сурат ва таналарни тирилтирадиган нарсани яратдик» деган маънони англатади. Аллоҳнинг «...унга...» деган сўзи «Исога» деганидир. Бошқа оятда шундай марҳамат қилган:
«Руҳимиздан унга «пуфладик» (Анбиё сураси, 91-оят) ояти «Исонинг нафсига» маъносидадир. Чунки «нафс» сўзи муаннасдир. Руҳни пуфлашга ўхшатилишига келсак, худди ҳаво бир нарсага пуфланса, унга тарқалгани каби руҳ ҳам жасадда яратилса, унга тарқалади. Пуфлашга ўхшатилишининг сабаби, шамол каби пуфланган нарсага руҳ тез кирганлиги учундир. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таолонинг «Ва у Парвардигорининг сўзларини тасдиқ этди» оятидаги «сўзлар»дан мурод Марям онамизга берилган қуйидаги хушхабар бўлиши мумкин:
«Аллоҳ сенга Ўзининг «Калимаси» хушхабарини берадиким, унинг исми Масихдир» (Оли Имрон сураси, 45-оят).
«Эй Марям, Раббингга итоат эт» (Оли Имрон сураси, 43-оят).
«Эй Марям, албатта, Аллоҳ сени танлаб олди» (Оли Имрон сураси, 42-оят).
«(Мана шу қуриб қолган) хурмо шохини силкитгин» (Марям сураси, 25-оят).
Марям уларнинг барчаси Аллоҳнинг ҳузуридан эканини, шайтон унга бирор нарса ташламаганини тасдиқ этди. Ёки «Ва у Парвардигорининг сўзларини тасдиқ этди» ояти «Парвардигорининг ҳужжати ва далилларини тасдиқлади» маъносидадир. Бу худди Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти маъносига ўхшайди:
«Аллоҳ ўз сўзлари билан ҳақиқатни рўёбга чиқарур» (Юнус сураси, 82-оят). Яъни ҳужжати ва далиллари билан ҳақиқатни рўёбга чиқарди. Сўнгра, ўша ҳужжатлар - қайта тирилиш ёки рисолат ёки ваҳдоният ҳужжатлари бўлиши мумкин. Ёки «Ва у Парвардигорининг сўзларини тасдиқ этди» ояти «ёмонликлардан, улар ила паноҳ сўраладиган калималарни тасдиқлади», маъносидадир, яъни «Ким улар билан паноҳ сўраса, паноҳ топишини тасдиқлади». Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таолонинг [ва кутубиҳи] - «...ҳамда китобларини» деган сўзи (бошқа қироатда) [ва китабиҳи] тарзида ўқилган. Унинг бир китобни тасдиқлашида (бошқа) китобларни тасдиқлаш маъноси ҳам бор. Чунки ким Аллоҳ таолонинг китобларидан бирига имон келтирса, Унинг бошқа китобларига ҳам имон келтирган бўлади. Сабаби, у китобларнинг бири иккинчисига мувофиқдир. Ким Аллоҳнинг китобларига имон келтирган бўлса, бу Аллоҳнинг ҳар бир китобига имон келтиришига ишорадир. Демак, бир китобга имон келтиришда бошқа китобларга ҳам имон келтириш маъноси бордир. Мазкур қироатдан ҳар бири бошқа қироатнинг маъносини тақозо қилади. Чунки [ва китабиҳи] - «...Китобини (тасдиқ этди)» деган сўзи Инжилни, [ва кутубиҳи] - «...ҳамда китобларини (тасдиқ этди)» деган сўзи Инжил ҳамда Аллоҳ таоло нозил қилган бошқа китобларни билдиради.
Аллоҳ азза ва жалланинг «...ва итоаткорлардан бўлди» ояти «намоз ўқувчилардан бўлди», деган маънони англатади. Чунки У Зот бошқа бир оятда шундай деган:
«Эй Марям, Раббингга итоат эт, сажда қил ва руку қилувчилар билан бирга руку қил!» (Оли Имрон сураси, 43-оят). Бу намознинг васфидир. У (Марям) бу буйруқни маҳкам тутди ва намозхонлардан бўлди. Бошқа қарашга кўра, оят «Раббисига итоат қилувчилардан бўлди», деган маънодадир. Валлоҳу аълам!

Орқага Олдинга