(Қалам сураси маккий суралардан бўлиб, 52 оятдан иборат.)
Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).
[1] Нуун. Қалам билан ва сатрларга ёзадиган нарсалар билан қасам.
Оятдаги [нун] сўзининг таъвили борасида ихтилоф қилинган. Баъзилар уни ҳут (наҳанг балиқ) деганлар. Аллоҳ таоло бундай дейди:
«Зуннунни эсла. Ўшанда у ғазабланган ҳолда чиқиб кетган эди» (Анбиё сураси, 87-оят). Аллоҳ Юнус алайҳиссаломнинг нисбатини «нун»га, яъни ҳутга берди. Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятига қаранг:
«Бас, уни маломатчи ҳолида наҳанг балиқ ютди» (Софрот сураси, 142-оят), дейилган.
Баъзилар [нун] сўзидан мурод «сиёҳдон» деганлар. Бу ерда нун» сўзи оятдаги (қалам ва у билан ёзиладиган нарсалар хақидаги) мутаносибликка риоя қилиш эътиборидан («сиёҳдон» маъносида) таъвил қилинган. Чунки Аллоҳ таоло оятда каламни ва у билан ёзиладиган нарсани зикр қилди. Шундай экан, бу ерда сиёхдондан бошқа маънога ўрин қолмади. Демак, «нун» сўзининг «сиёҳдон» маъносида таъвил қилиниши, унда «сиёҳдон»ни англатадиган маъно бўлгани учун эмас, мутаносибликка кўра таъвил қилингандир. Валлоҳу аълам!
Баъзилар «нун» сўзи асли форс тилидан арабийлашган сўз бўлиб, [акнуун кун] - «хоҳлаганингни қил» деган иборадан олинган, дейишган. Бу ибора одатда ноумидликда айтилади. Яъни бир киши кимдандир ноумид бўлса, унга: «Ундай бўлса, хохдаганингни қил», дейди.
Баъзилар уни «ҳуруфул муқаттаъот» (маънодан кесилган ҳарфлар) жумласидан, дейдилар. «Нун» сўзидан айни шу маъно ирода қилинган бўлиши мумкин. Чунки оятда «қалам» сўзи ва унинг ортидан у билан битилган ёзувлар келтирилди. Зеро, қалам билан ёзилади ва ҳарфлар сатрга туширилади. Аллоҳ таоло ҳарфлар, қалам ва ёзувларни яратиш орқали Ўз азамати ва лутфини (мавжудотларга) кўрсатди. Чунки булар ҳикмат ва дину дунёнинг барча манфаатларини билиш сабабларидандир. Аллоҳ таоло мазкур воситаларни дину дунёнинг устуни қилди Баъзилар алифбо ҳарфларининг ҳар бирини Аллоҳ таолонинг исмларидан бир исм ёки Аллоҳ исмларининг бош ҳарфи деб билганлар. Шунингдек, баъзи саҳобий розияллоҳу анҳулардан айни шу маънони айтгани ривоят қилинади. Агар «нун» сўзи Аллоҳ таолонинг исмларидан бири деб эътиборга олинса, «нун» билан қасам ичиш Аллоҳ номи билан қасам ичиш демакдир. Агар «нун» сўзидан Аллоҳнинг исмидан бошқа биз юқорида қайд қилган маънолар ирода қилинса, у ҳолда қасам барча махлуқотларнинг барқарорлиги ва манфаатига сабаб бўлувчи нарса билан ичилган бўлади. Қасам (маълум бир) ишдан кўзланган мақсадни таъкидлаш учун ичилишини юқорида қайд қилганмиз(Қаранг: Воқиъа сураси, 75-76-оятлар. Ҳаққо сураси, 38-39-оятлар.). Валлоҳу аълам!
[2] (Эй Муҳаммад,) сиз Раббингизнинг неъмати боис мажнун эмассиз!
Мана шу оятда қасам ичишдан мақсад баён этилган. У ҳам бўлса, «(Эй Муҳаммад,) сиз Раббингизнинг неъмати боис мажнун эмассиз!» Ушбу оят бир неча маъноларни қамраб олади: биринчиси, Раббингизнинг неъмати сизни мажнунликдан сақлади. Аллоҳ таоло Пайғамбари мажнун эмаслигини Ўзининг «(Эй Муҳаммад,) сиз Раббингизнинг неъмати боис мажнун эмассиз!» ояти билан ифодаламоқда. Бу «Эй Муҳаммад, Аллоҳга ҳамд бўлсин, сиз мажнун эмассиз» деганга ўхшайди. Бу билан мажнун эмаслик ирода қилинади.
Иккинчиси, сиз неъмат алдаб қўйган ва улар билан чалғиб, ўзининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари билан шуғулланишдан неъмат тўсиб қўйган киши эмассиз. Неъматга мажнун бўлган инсон неъматларга алданиб, охиратга захира тўплашдан чалғиган кишидир.
Ёки (оятнинг учинчи изоҳи шундай бўлади:) сиз Раббингизнинг неъматидан ғафлатда эмассиз, балки уларни эсга олиб, неъмат учун Аллоҳ таолога шукр айтасиз. Мажнун эса неъматга бепарво бўлиб, шукридан юз ўгирган кишидир.
Кофирлар мажнунлик нисбатини (қуйидаги асосларга кўра) у зотга беришар эди: ваҳий оғир келиб, беҳуш бўлганлари учун у зотга мажнунлик нисбатини беришар эди ёки жонлари ва руҳларини хатарга қўйиб золим ва фиръавнлардан иборат бутун бир жамиятга қарши чиқиб, уларнинг душманчилигига қарши турганлари сабабли (у зотни мажнун дер эдилар). Ким кучи етмайдиган кишига қарши чиқиб, унга душманлик қилса, бу воқеликда мажнунлик ҳисобланади. Аллоҳ таоло мазкур икки караш вакилига ҳам етарли жавоб берган. Биринчи қарашга қуйидаги ояти билан жавоб берган:
«Сиз: «Мен сизга биргина насиҳат қиламан: Аллоҳ учун холис, якка-якка ва тўп-тўп туриб бир фикр юритиб кўринглар. Соҳибингизда жинга оид ҳеч нарса йўқ...» деб айт» (Сабаъ сураси, 46-оят).
Яъни унга нима асосда мажнунлик нисбатини берасизлар? Ваҳоланки, у ваҳий таъсиридан чиққанидан кейин сизларга жин ва инсонлар қурби етмайдиган ҳикмат ва мавъизани баён этади. Бу мажнунларнинг илмидан ҳам, қолаверса, мажнунликда эгалланадиган илм ҳам эмас. Чунки мажнунлар ҳушига келганларида эътиборсиз ва аҳамиятсиз гап-сўзларни вайсайдилар.
Руҳи ва жонини хатарга қўйгани учун у зотга мажнунлик нисбатини берганларга Аллоҳ таоло қуйидаги оят билан жавоб берди:
«У сизларга шиддатли азобдан олдинги огоҳлантиргувчи, холос» (Сабаъ сураси, 46-оят).
Мазкур оятда Аллоҳ таоло Пайғамбарнинг ўз руҳи ва жасадини хатарга қўйишига ундаган нарса - унинг ваҳийни етказиш ва дўзахдан огохдантиришга бўлган масъулияти эканининг хабарини берган. У зиммасига юклатилган вазифа ижроси унинг жонига талафот етказишга олиб борса ҳам, уни тугал адо этади. Аллоҳ таолога ҳамд бўлсин, (ўз вақтининг) фиръавнлари у (пайғамбар)ни ўлдиришга ва унга нисбатан макр ишлатишга имкон топа олмадилар. Балки Аллоҳ таоло Пайғамбарини уларнинг устига ғолиб қилди, ҳатто у зот уларни қатл этди ва ҳийлаларини бошларига бало қилди. Натижада мушрикларнинг Пайғамбаримизни мажнун эканига келтирган «ҳужжатлари» аслида у зотнинг рисолати белгиси ва пайғамбарлигининг далолати бўлди. Аллоҳ ҳидоят қилувчи Зотдир!
[3] Ва албатта, сизга миннат қилинмайдиган ажр бордур.
Аллоҳ таолонинг: «Ва албатта, сизга миннат қилинмайдиган ажр бордур» ояти борасида Ҳасан (Басрий) бундай деган: «Аллоҳ сизга озор берадиган миннат эмас, балки раҳмат ва каромат бўлган миннат қилади». Озор берувчи миннат қуйидаги оятда зикр қилинган:
«Эй имон келтирганлар, садақаларингизни миннат ва озор билан йўққа чиқарманг!» (Бақара сураси, 264-оят).
Шундай экан, бирор кишининг сизга озор берувчи миннат қилишга ҳаққи йўкдир.
Баъзилар оятдаги уу [ғойро мамнуунин] - «миннат қилинмайдиган» иборасини «узлуксиз» деб изоҳлаганлар. Яъни сизнинг савобингиз амаллар билан ўлчанмайдики, қилган амалларингиз миқдорича мукофотлансангиз. Одатда амаллар тўхтаса, ажру савоб ҳам тўхтайди ва инқирозга учрайди. Сизнинг ажру савобингиз эса асло тўхтамайди ва мўл-кўл бўлади.
Сўзлашувда: [мананту ал-ҳабла] дейилса, «арқонни кесдим» маъносини англатади [манна] феъли «кесиш» деган маънода қўлланади. Баъзилар: [ғойро мамнуунин] ибораси «беҳисоб», яъни «сизга берилган неъматларни ҳисобламаймизки, ҳисоб тугаши билан у ҳам тугаб қолса (яъни беҳисоб неъматлар билан сийланасиз)», деган мазмунни беради», деганлар.
[4] Албатта, сиз буюк хулқ узрадирсиз!
Аллоҳ азза ва жалланинг: «Албатта, сиз буюк хулқ узрадирсиз!» оятининг маъноси «У зотнинг буюк хулқи Қуръондир, яъни уни Қуръон тарбиялаган», демакдир. Бу Аллоҳнинг куйидаги оятида ўз исботини топган:
«Афвни ихтиёр этинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг!» (Аъроф сураси, 199-оят).
Бошқа бир оятда: «Сиз (ёмонликни) гўзалроқ (муомала) билан даф қилинг!» (Фуссилат сураси, 34-оят), дейилган.
Яна бир оятда:
«Мўминлар учун қанотингизни қуйи тутинг (камтар бўлинг)!» (Ҳижр сураси, 88-оят) дейилган.
Пайғамбар алайҳиссаломнинг кечиримли бўлишлари, яхшиликка буюриб, жоҳиллардан юз ўгиришлари, ёмонликка ях-шилик билан жавоб қайтаришлари ва мўминларга мурувватли бўлишлари юксак хулқ ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръон тарбияси билан мазкур хулқларнинг барчасига эга бўлдилар. Валлоҳу аълам!
Баъзиларнинг таъкидлашича, оятдаги «буюк хулқ» иборасидан мурод «Ислом дини»дир. Ислом Аллоҳ таолонинг буйруғига таслим бўлиш ва бўйсунишдир. Расулуллоҳ Аллоҳнинг буйруқларига бўйсундилар, натижада инсонлар у зотнинг тили ва қўлларидан ҳамда барча азиятлардан омонда бўлдилар. Бу эса юксак ахлоқдир.
Аслида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зиммаларида Аллоҳнинг душманлари, дўстлари ва ансорлари билан муомала қилиш масъулияти юклатилган. Шунингдек, у зот дунё (ҳой-ҳаваси)дан юз ўгириб, зуҳд ила яшашга, каттаю кичик, олиму жоҳил, жину инс ва аёллари билан муомала қилишга амр этилганлар. Ким мазкур тоифалардаги инсонлар (ва жинлар) билан муомала қилишга буюрилса, юксак хулқ билангина бунинг уддасидан чиқа олади.
Аллоҳ таоло Расулуллоҳни гўзал хулқ билан сийлагани сабабли мазкур инсонлар билан тўғри ва дўстона муомала қила олдилар. Ҳатто Аллоҳ таоло Расулуллоҳнинг гўзал хулқи (сабабли қилган баъзи ишларига) танбеҳ ҳам берган:
«Аллоҳ Сизни афв этди. Нега уларга (жангдан қолишга) рухсат бердингиз?» (Тавба сураси, 43-оят).
Бошқа оятда:
«Эй Пайғамбар, нега хотинларингизнинг розилигини истаб, Аллоҳ сиз учун ҳалол қилган нарсани ҳаром қилиб олурсиз!» (Таҳрим сураси, 1-оят).
Яна бир оятда:
«Эҳтимол, сиз уларнинг ортидан, афсуслик билан ўзингизни ҳалок қилувчидирсиз?!» (Каҳф сураси, 6-оят) дейилган.
Фотир сурасида:
«Бас, (эй Муҳаммад,) уларга ҳасратлар чекиб жонингиз (чиқиб) кетмасин» (Фотир сураси, 8-оят), дейилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни бу улкан меҳнат ва машаққатларга ундаган нарса (у зотнинг) гўзал хулқи ва меҳр-муҳаббатларидир.
Расулуллоҳнинг гўзал ахлоқлари нафслари қувватидан устун келиб, ҳатто нафслари унга тоқат қила олмаганидан ҳалок бўлаёзган. Расулуллохдан бошқа махлуқотларнинг ахлоқи эса, аксинча, нафс қувватига нисбатан кучсиздир. Халойиқнинг нафслари ўзларидаги хулқдан бир неча баробарини кўтара олади. (Афсуски,) уларнинг хулқлари нафсларининг қувватига нисбатан ўта танг холатдадир. Ушбу айтганларимиз «буюк хулқ» борасида айтилган сўзларнинг ниҳоясидир. Тавфиқ Аллоҳдандир!
[5] Ҳали яқинда кўражаксиз ва улар ҳам кўражаклар
[6] қайсиларингиз (сизми ёки уларми) мафтун эканингизни.
Жаъфар ибн Ҳарб(Абул Фазл Ашаж Жаъфар ибн Ҳарб Ҳамадоний мўътазилий (236/850). У «Муташобиҳ ал-Қуръон», «Китоб ал-истисқо», «Китоб ар-рад ъала асҳаб ат-табаиъ», «Китоб ал-усул» номли китоблар муаллифи (Заҳабий. «Сияр аълом ан-нубало». - ж. 10. - б. 549-550).): «Бу ерда «мафтун» сўзи - ўз залолатига мафтун, хатоси билан ғурурланган ва нодонлигини севадиган деган маъноларни англатади», деган.
Ҳасан (Басрий)нинг айтишича, мафтун - шайтон билан бирга (ҳаммаслак) бўлган киши. Яна бир қарашга кўра, мафтун - фитнали киши. Чунончи, [фулаанун лаа маъқуула лаҳу] - «фалончининг ақли йўқ» жумласидаги [маъқуулун] сўзини «ақл» маъносида қўллангани каби оятда ҳам [маф-туунун] сўзига «фитна» маъносини бериш жоиз.
Бошқа бир қарашга кўра, [мафтуунун] сўзи «азобланган» деган маънони англатади. Бунга Аллоҳ азза ва жалланинг:
«(У Кун) улар дўзахда азобланадиган Кундир» (Зориёт сураси, 13-оят) ояти далил бўлади.
Оят Ҳасан (Басрий) айтган талқинда тушунилса: «Тез кунда сизлардан қайсингиз азобланувчи ва қайсингиз адашувчи эканини биласизлар» мазмуни келиб чиқади. Агар «мафтун» сўзининг маъноси «фитна» бўлса, оят «сизлардан қай бирингиз алданган...», деган маънони англатади.
(Макка мушриклари) Расулуллоҳга «у рисолат даъвосида алданган» деган нисбатни бериб: «У рисолатга алданди ва бошқаларни ҳам у билан алдади», деб гумон қилган бўлишлари мумкин. Чунончи, мунофиқлар (бу ҳақца) бундай деган:
«Аллоҳ ва Унинг пайғамбари бизларга фақат ёлғон ваъда қилган эканлар» (Аҳзоб сураси, 12-оят).
Бизнинг наздимизда оят тафсирига синчковлик билан киришмаслик муносибдир. Чунки Аллоҳ таоло: «Ҳали яқинда кўражаксиз ва улар ҳам кўражаклар қайсиларингиз (сизми ёки уларми) мафтун (мажнун) эканингизни», деди. Аллоҳ бу оятни Пайғамбарга нисбатан юзага келган хусуматга жавоб сифатида қайд қилди. Чунки Макка мушриклари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни «мафтун» деб ҳисоблар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса: «Уларнинг ўзлари «мафтун», дер эдилар. Мазкур оят икки томон ўртасида бўлиб ўтган хусуматга жавоб бўлди, яъни «улар ҳам, сиз ҳам яқинда кўрасизлар...» дейилди.
Икки томон ўртасидаги мунозара бир неча кўринишда бўлиб ўтган: баъзан Макка мушриклари Расулуллоҳни сеҳргар дейишса, баъзан мажнун, баъзан йўлдан озган ва баъзан мафтун, деганлар. Булардан ташқари (ноўрин айбловларининг яна бошқа кўри-нишлари) ҳам бор эди. Мазкур оят мушрикларнинг айбловларига жавоб сифатида нозил қилингани собит бўлса, модомики хусумат кайси жиҳатга тегишли экани маълум бўлмас экан, жавобни қаёқка йўналтириш ҳам номаълум бўлиб қолаверади. Валлоҳу аълам!
Томонлар ўртасидаги низо залолат ва ҳидоят масаласида юз берган бўлиши мумкин. Макка мушриклари ўзлари ҳидоят йўлида эканларини иддао қилиб: «Аллоҳ таолога биз ҳақлироқмиз ва Унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўра якинроқмиз», дейишар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса (аксинча): «Макка мушриклари залолатда, мен эса ҳақ ва тўғри диндаман», деб даъво қилар эдилар. Бунга «мафтун» сўзидан кейин навбатдаги оятда «залолат» ва «ҳидоят» сўзлари зикр қилиниши далилдир:
[7] Албатта, Раббингизнинг Ўзи Унинг йўлидан озган кимсаларни яхши билувчидир ва У ҳидоят топувчиларни ҳам яхши билувчидир.
Мазкур оят Аллоҳ таолонинг бундай жавобига ҳақли кимсаларга раддия сифатида нозил бўлди. (Аслида, бундай жавоб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тарафидан айтилиши керак эди. Лекин Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зиммаларига қарши томонни афв этиш ва хусуматга қарши жавоб қайтармасликни юклагач, Аллоҳ таоло уларга қарши жавоб қайтаришни Ўз зиммасига олиб: «Албатта, Раббингизнинг Ўзи ...яхши билувчидир» деди, яъни сизларга маълум бўлсинки, «Раббингиз Унинг йўлидан озган кимсаларни яхши билувчидир ва У ҳидоят топувчиларни ҳам яхши билувчидир». Ва сизларга тез орада буларни баён қилиб берамиз
[8] Бас, (эй Муҳаммад,) (сизни) инкор этувчи кимсаларга итоат этманг!
Аллоҳ азза ва жалла бошқа ўринда бундай деган:
«Ва улардан (кофирлардан) бирор гуноҳкор ё ношукрга итоат этманг!» (Инсон сураси, 24-оят).
Аллоҳ таолонинг: «Бас, (эй Муҳаммад,) (сизни) инкор этувчи кимсаларга итоат этманг!» оятидан уни тасдиқ этиб, имон келтирган (мўмин)ларга (Расулуллоҳнинг) итоат этишлари тушунилмайди. Чунки Расулуллоҳни тасдиқлаб, имон келтирганлар олдинга чиқиб, у зотни бирор ишга буюришлари ёки бирор ишдан қайтаришлари ва у зотни итоат этишга чақиришлари мумкин эмас. Балки у Расулуллоҳнинг буйруқ ва қайтариғига қарайди, буйруғига бўйсуниб, чақириғига итоат этади. Аммо ким Расулуллоҳни ёлғончига чиқарса, у зотни ўзига итоат этишга чақирибди. Шу сабабли Аллоҳ таоло Расулуллоҳни ёлғончига чиқарувчиларга итоат қилишдан қайтарган ўринда [муказзиб] - «ёлғончига чиқарувчи»ни хослаб келтирди. Чунки ёлғончига чиқарувчи ўзига итоат қилишга чақиради, тасдиқ қилувчи эса бундай қилмайди. Лекин Аллоҳ таолонинг: «Бас, (эй Муҳаммад,) (сизни) инкор этувчи кимсаларга итоат этманг!» ояти тасдиқ қилувчиларга итоат қилиш лозимлигини англатмайди. Ушбу оятда қўлланган ифода услубини қуйидаги оятда ҳам кўриш мумкин:
«(Эй инсонлар,) болаларингизни қашшоқликдан қўрқиб ўлдирмангиз» (Исро сураси, 31-оят). Зотан, ушбу оят оч қолишдан қўрқмаса, фарзандларни қатл этиш мумкин, деган маънони билдирмайди. Аллоҳ таоло ушбу оятда фарзандни ўлдириш (дан қайтариш)ни оч қолишдан қўрқиш маъносига хослади. Чунки айни шу ҳолат Макка мушрикларини ўз фарзандларини катл этишга ундар эди. Оч қолишдан омонда бўлган вақтларида фарзандларини қатл қилишга қўл урмас эдилар. Ушбу маълумот айрим кимсаларнинг: «Бирор нарсани сўз билан хослаш ундан бошқа нарсадаги ҳукмнинг ўзгача бўлишига далолат қилади»(Мазкур қоида «Усулул фиқҳ» китобларида «Қуръон ва ҳадисдаги мафҳумул мухолафа ҳужжат бўлмайди», деган тамойил остида баён қилинади.), деган сўзлари нотўғри эканини кўрсатади. Валлоҳу аълам!
Оятдаги Аллоҳ таолонинг: «инкор этувчи кимсалар» ибораси Аллоҳнинг оятларини ёки яккаю ягоналигини ёки расулларини ёки қайта тирилишни ёлғонга чиқарувчи кимсалар, деган маъноларни англатади.
Оятдаги («инкор этувчи кимсаларга итоат этманг» деган) буйруқ Исломнинг аввалида бўлган бўлиши ҳам мумкин. Мушриклар (у пайтда) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чақириқларини қабул қилиб қолишларини ўта хоҳлар эдилар. Чунки молу давлат эвазига, Расулуллоҳнинг улар истаган нарсага рози бўлишларига умид қилар эдилар. Шунга кўра, (оятдаги мушрикларга итоат этишдан) қайтариқ ўша давр, яъни Исломнинг аввалги вақтига тегишли саналади. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам динда собит туриб, Аллоҳнинг буйруқларини олий қилишга бел боғлаганларидан сўнг у зотнинг уларга итоат килишлари эҳтимоли йўқки, итоатдан қайтарилсалар!
Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Аллоҳ таолонинг: «Улар (билан) муросасоз бўлишингизни, шунда улар хам (сиз билан) муросасоз бўлишни истарлар» (Қалам сураси, 9-оят) оятидаги муросасозликка чақираётган бўлишлари мумкин. Араб тилидаги [ал-мудааҳана] сўзда «хушмуомала бўлиш, ширинсухан бўлиш» маъноларини англатади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мушрикларнинг илохдарини айблаб, уларга ибодат қилаётганларни аҳмоққа, уларнинг етакчиларини эса эсипаст ва жоҳилга чиқарар эдилар. Улар эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламда ҳеч қандай айбу нуқсон топа олишмай, у зотга баъзан ёлғончилик, баъзан мажнунлик ва баъзан сеҳргарлик нисбатини берар, қачон у зотни кўрсалар, масхара қилар эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мушрикларни аҳмоққа чиқарганлари ва уларнинг илоҳларини айблаганлари сабабли улар Пайғамбаримизга мазкур таънадашномларни отар эдилар. Бироқ мушриклар Расулуллоҳнинг каззоб ҳам, сеҳргар ҳам, коҳин ҳам эмасликларини жуда яхши билганлар. Бунинг исботини ушбу оятда кўрамиз:
«Сизни, албатта, уларнинг айтаётганлари хафа қилишини яхши биламиз. Улар сизни ёлғончига чиқараётганлари йўқ...» (Анъом сураси, 33-оят).
(Мазкур оятда) мушриклар у зотнинг ёлғончилигини билганлари учун ёлғончига чиқармаганлари, балки улар Расулуллоҳни омонатдор ва ростгўй деб билганлари ҳақида Аллоҳ таоло хабар беряпти. Улар у зотдан ёлғон содир бўлганини асло билмаганлар. Расулуллоҳнинг мушрикларнинг илоҳларини айбу нуқсон билан тилга олишлари у зотни ёлғончига чиқаришларига ва мазах қилишларига ундади. Шунинг учун Аллоҳ таоло:
«Куфр келтирганлар сизни кўрганларида, масхара қилиб: «Худоларингизни зикр қилаётган шуми?!» дейишдан бошқани билмаслар» (Анбиё сураси, 36-оят), деган. Уларнинг бу муомалалари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни жазолаш учун бўлган.
[9] Улар (билан) муросасоз бўлишингизни, шунда улар хам (сиз билан) муросасоз бўлишни истарлар.
Иншааллоҳ, бу оятдан қуйидаги маъно келиб чиқади:
Сиз мушрикларнинг (сохта) илоҳлари айбини айтишдан тиқилиб, саййидларини аҳмоққа чиқармасангиз, улар ҳам сизга мажнунлик, сеҳргарлик, ёлғончилик ва бошқа шу каби айбловларни нисбат беришдан тийиладилар. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улар ҳақида айтган сўзларидан кайтмадилар ва бунга ҳақли ҳам эдилар. Мушриклар у зот ҳакидаги сўзларни ёлғон ва тўқима гаплар асосида айтар эдилар. Шу сабабли Аллоҳ таолонинг: «Инкор этувчи кимсаларга итоат этманг» (Қалам сураси, 8-оят) амри «мушрикларнинг муросасоз бўлишга чақириқларига» ҳам тегишли бўлади. Бордию мушриклар муросасозлик йўлини танлашса, улар ҳақ узра бўлиб қолишади. Агар муросасозликни тарк қилишса, ўзлари гутган ҳақни тарк қилган бўладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улар билан муросасозлик йўлини тутганлари-да, муросасозликда ноҳақ бўлиб қолар эдилар. Шунинг учун ҳам муросасозликдан қайтарилдилар.
Баъзи муфассирлар «Улар (билан) муросасоз бўлишингизни, шунда улар ҳам (сиз билан) муросасоз бўлишни истарлар» оятини: «Сиз ўз динингиздан воз кечсангиз, улар ҳам ўз динидан воз кечадилар» тарзида шарҳлаганлар. Лекин бундай талқин воқеликка тўғри келмайди. Чунки Пайғамбаримизнинг ўз динидан воз кечишлари куфр, мушрикларнинг ўз динларини тарк қилишлари эса Ислом динини қабул қилиш саналади. Шу сабабли, мушриклар келишув ва муросасозликка чақираётган ихтилоф уларнинг ўртасида сақланиб қолди.
[10] (Эй Муҳаммад,) ҳар қандай тубан қасамхўрга итоат этманг.
[11] Шунингдек, ғийбатчи, гап ташувчига,
[12] яхшиликни ман этувчи (бахил), тажовузкор, гуноҳкорга.
Айтилишича, мазкур оятлар Валид ибн Муғийра Махзумий(Абу Абду Шамс Валид ибн Муғийра ибн Абдуллоҳ ибн Амр ибн Махзумий Қураший (1/622) жоҳилиятда арабларнинг қозиси ва Қурайш аҳлининг етакчиси бўлган. У жоҳилиятда хамрни ҳаром қилган кишилардан бўлиб, ўз ўғли ҳам ичгани сабабли уни калтаклаган эди. Қариб, кексайиб қолганида Ислом дини нозил бўлди ва у Ислом динига қарши чиқиб, унга қарши кураш олиб борди. У ҳижратдан уч ой ўтиб оламдан ўтди ва ал-Ҳужун деган жойга дафн қилинди. У Холид ибн Валиднинг отасидир (Зириклий. «Ал-Аълом». -ж.-б. 95).) исмли мушрик ҳақида нозил бўлган. Аслида бир кишига ишора қилинганда [куллун] - «ҳар бир» сўзи қўлланилмайди. Оят-да «(Эй Муҳаммад,) ҳар қандай тубан қасамхўрга итоат этманг», дейилди. (Ундаги) «тубан қасамхўр» (сифати) бир ки-шида бўлади. Лекин оят «Бу кимсага ҳам, ундаги сифат топилган кишиларга ҳам итоат қилманг» маъносида бўлади.
Бир кишини «...тубан қасамхўр, ғийбатчи, гап ташувчи, яхшиликни ман этувчи (бахил), тажовузкор, гуноҳкор» каби сифатлар билан зикр қилиш воқеликда уни мазах қилиш ва таҳқирлаш ҳисобланади. Чунки кишини у қилаётган фаҳш ва ҳаром-хариш ишлар билан тилга олишда, уни пастга уриш ва ҳақоратлаш бор. Аллоҳ ва Унинг Расули бир инсонни таҳқирлашни кўзлашдан покдир. Оят Валид ибн Муғийранинг ҳаром-хариш ишларини исботлаш учун нозил бўлмаган. Балки оятда у каби инсонларга эргашишдан қўрқитиш ва огохдантириш мақсад қилинган. Чунки у ўз вақтида кофирларнинг етакчиси ва бой-бадавлат кишиси бўлиб, барча қабила вакиллари унга эргашар, Аллоҳ таолонинг йўлидан тўсишдаги чақириғига итоат қилар эдилар.
Халқ Валид ибн Муғийрага итоат этишдан юз ўгириши учун Аллоҳ таоло оятда унинг мазкур сифатларини баён қилиб, халойиққа унинг кимлигини намоён қилди. Оқил инсоннинг нафси ва табиати оятда зикр қилинган сифатлар билан сифатланган шахсга итоат этишни ҳамда инсонларни Аллоҳ таолонинг йўлидан тўсишни ёқламайди. Демак, Аллоҳ таоло бундай кимсаларни таҳқирлаш ёки мазах қилиш учун эмас, балки инсонлар унга итоат этмасликлари учун унинг айбу нуқсонларини оятда очиқ-ойдин зикр қилди.
Шунингдек, Масад сурасида Абу Лаҳабни «қўлинг қурисин», «зиён кўргин» каби сўзлар билан тилга олинишидан мақсад ҳам инсонларни унга эргашишдан қайтаришдир. Мазкур оятда, иншааллоҳ, Масад сурасида биз зикр қиладиган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарлигига далолат бор.
Бир қарашга кўра, оятдаги [ал-маҳийну] - «тубан» сўзи [ал-маҳаанату] - «ҳақорат, камситиш», [ал-миҳнату] -«машғулот, иш, касб» ва [ал-ваҳну] - «заифлик, жиззакилик» сўзларидан келиб чиққан.
Аллоҳ таолонинг: «...ғийбатчи, гап ташувчига, яхши-ликни ман этувчи (бахил), тажовузкор, гуноҳкорга» оятини «у ғийбатчи, чақимчи, яхшиликдан тўсувчи ва ҳаддидан ошгани сабабли хорликни ўзига тилаб олди» деб изоҳлаш мумкин. Шунда оятдаги мазкур сифатлар ўнинчи оятдаги [ал-маҳийн] сўзининг тафсири бўлиб, [ал-маҳаанату] - «ҳақорат, камситиш» сўзидан келиб чиққан бўлади.
Аслида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай сифатли кимсага итоат қилишлари ва унга қалбан мойил бўлишлари хавфи (эҳтимоли) бўлиши мумкин эмас. Оятдаги (Валид ибн Муғийрага «итоат этманг») қайтариқ бошқа жиҳатга кўра келтирилган. Оятдаги [кулла ҳаллаафин маҳийн] - «ҳар кандай тубан қасамхўрга» ибораси аввалги жумланинг ниҳояси бўлиб, [ҳаммаазин машшааин бинамийм] - «ғийбатчи, гап ташувчи» ибораси янги жумла бўлиши мумкин. Яъни «(Эй Муҳаммад,) ҳар қандай тубан қасамхўрга итоат этманг. Ҳар қандай ғийбатчи - гап ташувчи, ҳар қандай тажовузкор - гуноҳкор, ҳар кандай қўпол шахс бенасабдир». [ҳамзун] - «ғийбатчи» сўзининг тафсири Ҳумаза сураси тафсирида, иншааллоҳ, баён этилади.
[ал-машшаау бин намим] - «гап ташувчи» ибораси ака-уканинг ўртасини бузиш учун ҳаракат қиладиган кимса, деган маънони англатади. Бундай кишилар ўртадаги риштани узиш билан шуғулланадилар.
[ал-маннааъу лил хойри] - «яхшиликни ман қилувчи» иборасидан «турли минтақалардан ҳузурига келган кишиларни Расулуллоҳга итоат этишдан: «Унинг ўзи адашган ва бошқаларни ҳам адаштиради» деб қайтарган киши тушунилган. Айтилишича, [ал-маннааъу лил хойри] - «яхшиликни ман қилувчи» ибораси шу эътибордандир.
Баъзиларнинг таъкидлашича, Валид ибн Муғийра фарзандини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мажлисида иштирок этишдан қайтаргани учун у [ал-маннааъу лил хойри] - «яхшиликни ман қилувчи» деб аталган. Валид ибн Муғийра закот, фитр садақаси каби молиявий ибодатларга қарши чиққани учун ҳам [ал-маннааъу лил хойри] - «яхшиликни ман қилувчи» деб аталган бўлиши ҳам мумкин.
Аллоҳ таолонинг (оятдаги) [мўътадин] сўзининг «Аллоҳ белгилаган ҳадлардан тажовуз қилиш» ёки «ўз-ўзига зулм қилиш» каби маънолари бор. Аллоҳ таолонинг [асимун] сўзи «гуноҳ ишларга қўл урган» маъносини англатади.
[13] Қўпол ва булардан ташқари, бенасаб (ҳароми)га (итоат этманг)!
[ал-ъутулл] сўзи «қўпол сўз», «қаттиқ зулмкор» деган маъноларни англатади. Бир қарашга кўра, у «бузуқ табиатли» деганидир. Мужоҳидга кўра: [ал-ъутулл аш-шадийд] ибораси «ёмон хулқли» маъносини англатади. Набий соллаллоҳу алай-ҳи васалламдан ривоят қилинган хабарда: «Жаннатга жаввоз, жаъзарий ва ал-утулуз занимлар кирмайди», дейилган. Мусулмонлардан бир киши: «Эй Аллоҳнинг Расули! Жаввоз, жаъзарий ва ал-утулуз занимлар кимлар?» деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жаввоз - тўплаб, бермайдиган (бахил). Дўзах уни терисини сидириб олиш учун чаҳиради. Жаъзарий эса «қўпол, тошбагир»дир. Аллоҳ таоло у ҳаҳда бундай деган:
«Аллоҳнинг раҳмати ила уларга мулойим бўлдингиз. Агар қўпол, қалби қаттиқ бўлганингизда, атрофингиздан тарқаб кетар эдилар» (Оли Имрон сураси, 159-оят).
[ал-утуллуз заним] эса «хулқи ёмон, қорни кенг, соғлом, кўп еб-ичувчи, таоми ва шароби бор, инсонларга зулм қиладиган шахс» деганидир. [аз-заним] - насаби бир қавмга ёпиштирилган (нотайин), насаби кимгадир берилган, деган маъноларни англатади»(Ибн Масъуддан ривоят қилинган ҳадис. «Аҳкомул Қуръон». ж. 9. - б. 232.).
Бунга шоирнинг қуйидаги шеърини далил қиладилар:
Ота-онаси бетайин шахс занимдир,
Пасткаш ҳасабли шахс зинокор аёлнинг боласидир.
Бошқа бир шеърда бундай дейилади:
Кишилар занимни (насабга) зиёда деб чақирадилар,
Худди ер юзида туёқлар кўпайиб кетгани каби...(Хатим Тамимий ва Ҳассон ибн Собит шеъри.)
Баъзилар айтадики, унинг қулоғининг бир чеккаси кесилиб, осилиб қолган ва у (халқ орасида) шу билан танилган эди(Таниб олиш учун чорва ҳайвонларининг қулоғига қўйиладиган белгига ҳам «заним» дейилади.). Баъзилар эса: «Заним - ёмонлик белгиси», деганлар.
Бир киши (эътироз сифатида): «Агар [ал-утулл] сўзига ҳадисга биноан «ёмон хулқли», [заним] сўзига эса «ташландиқ» деб ёки «ёмонлик белгиси» деб маъно берилса, нима учун Валид ибн Муғийра ўзи қилмаган иш билан айбланиши керак? Ахир, инсон ўзи қилган иш билан айбланади, бошқасининг феъли билан эмас», деб эътироз билдирса, бунга икки хил жавоб берилади:
Биринчиси, таъкидлаганимиздек, Валид ибн Муғийранинг айблари шунчаки айтиб ўтилмади. Балки инсонлар унга эрга-шишдан ҳазар қилишлари учун зикр қилинди. Зеро, ҳаром-хариш ишлар билан шуғулланадиган кимса, шу билан бирга, насл-насабсиз ва дағал (муомалали) бўлса, покдомон халқ унга эргашишдан бош тортади. Демак, Валид ибн Муғийранинг айбу нуқсонларини оятда келтиришдан мақсад биз қайд қилган ҳикматдир. Яъни инсонлар унинг этагини тутмасликлари учундир. Ва яна (оятдан) асосий мақсад уни ёмон хулқлига чиқариш эмас.
Иккинчиси, оятда Валид ибн Муғийранинг ёмон хулқи ва феълидан киноя тарзда унинг асл зоти ҳақида сўз юритилди. Бундан насл-насабсизлик одатда инсонни номақбул ишларга етаклаши, насл-насаб ва поқцомонлик эса кишини гўзал ахлоқ ва барчага маъқул феълларга етаклаши баён қилинган.
[14] У мол-мулк ва ўғилларга эга бўлгани учун (шундай қилади).
Аллоҳ таоло: «Ким Валид ибн Муғийрага эргашаётган бўлса, унинг бойлиги ва фарзандлари кўплиги учун эргашади», деган маънонинг хабарини бермоқда. Чунки кишидаги молу давлат халойиқнинг ҳурмат ва эътиборини жалб этадиган сабаблардан биридир. Валид ибн Муғийрага заиф қалблар бойлиги сабабли эргашмасликлари учун оятда Аллоҳ таоло унинг айбу нуқсонларини зикр қилди. Буни (ўқиган) киши: «Аллоҳ Қуръонда айбу нуқсонини васф қилган шахсга қандай эргашасизлар?!» деб халойиққа айтади. Валид ибн Муғийранинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қилган муомаласи ҳақида Аллоҳ таоло қуйидаги оятда хабар берди:
[15] Қачонки, унга оятларимиз тиловат қилинса: «Булар аввалгиларнинг афсоналарику!» - дейди.
Мазкур оят мазмунан умумийликни ифодаласа-да, лекин (Валид ибн Муғийра) у сўзи билан умумийликни ирода қилмаган. Чунки «Бу аввалгилардан қолган афсоналардан» (Анъом сураси, 25-оят) ояти барча (сура ва оятларга) тегишли эмас. Балки ўтган умматлар ҳақида хабар берувчи оятларгагина тааллуқлидир. Аммо Валид ибн Муғийрага рисолат, тавҳид ва қайта тирилиш исботига доир оят тиловат қилинса, Муддассир сурасида келган:
«Бас, бу асар қолган сеҳрдан ўзга ҳеч нарса эмас. Бу башар сўзидан ўзга ҳеч нарса эмас, деди» (Муддассир сураси, 24-25-оятлар) сўзларини айтар эди. Бу - умумни ифодаловчи оятлар ҳақида, модомики аниқ билинмас экан, унинг зоҳирига эътиқод қилиш вожиб эмаслигига далилдир. Валлоҳу аълам!
[16] Яқинда унинг тумшуғига тамға босиб қўяжакмиз.
Оятдаги «тамға» сўзидан мурод, ундан ажралмайдиган шармандаликдир. Валид ибн Муғийрани кўрганлар таниб олишлари ва унинг айбу нуқсонларини эслашлари учун Аллоҳ таоло унга дунёда тамға урган бўлиши ҳам мумкин. Натижада инсонлар унинг суҳбатидан сақланадилар ва у мана шу жиҳатдан бадном кишига айланиб қолади.
Бу унинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қилган ўжарлиги ва етказган азиятлари учун берилган бир жазо бўлди. Ёки мазкур тамға охиратда бўлиши ҳам мумкин. Валид ибн Муғийра бошқалардан ажралиб, маълум бўлиб туриши учун Аллоҳ таоло қиёмат куни қўшимча жазо сифатида унинг бурнига тамға босади. Худди шу ҳолат судхўрлар билан ҳам юз беради. Яъни танилиб туришлари учун қиёмат куни уларга белги қўйилади. Бунга Аллоҳ таолонинг ушбу ояти далилдир:
«Судхўрлар (қиёмат куни қабрларидан) жин чалиб кетган одам каби (ҳолатда) турадилар» (Бақара сураси, 275-оят).
Оятда кофирлар ичида Валид ибн Муғийра бурни кесилган тарзда қайта тирилиши назарда тутилган бўлиши мумкин. Чунки оятларда бошқа кофирлар қиёмат куни соқов, кўр ва кар ҳолатда қайта тирилишлари қайд қилинган(Имом Мотуридий бу ўринда «Уларни қиёмат кунида юзтубан ҳолларида кўр, соқов, кар қилиб тирилтирурмиз» (Исро сураси, 97-оят) оятига ишора қилаётган бўлиши мумкин.). Лекин уларнинг бурунларига тегишли бирор нарса қайд қилинмаган. Демак, Валид ибн Муғийра бурунсиз қайта тирилтирилиши ҳам мумкин. Бу ўта хунук кўринишдир. Валлоҳу аълам!
[17] Дарҳақиқат, Биз уларни (Макка аҳлини) боғ эгаларини синаганимиздек синовга солдик. Ўшанда улар, албатта, уни (боғ ҳосилини) эрта тонгда узиб оламиз, деб қасам ичган эдилар.
[18] Лекин истисно қилмаган эдилар (Аллоҳ хоҳласа, демаган эдилар).
Аллоҳ азза ва жалланинг: «Дарҳақиқат, Биз уларни (Макка аҳлини) боғ эгаларини синаганимиздек синовга солдик» ояти икки хил маънони ифодалайди:
Биринчиси, оятдаги боғ эгалари тарихда мискинларга хайр-эҳсон қилиш билан синалгани каби Макка аҳли ҳам Расулул-лоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашганларга хайр-эҳсон қилиш борасида имтиҳон қилиндилар. Аллоҳ таоло оят даво-мида улар ҳақида «улар мискинларга хайр-эҳсон қилишдан бош тортдилар. Буйруққа бўйсунишдан бўйин товлаганлари учун зикр қилинган бало уларга тушди» деб хабар берди. Шунингдек, Аллоҳ таоло Макка аҳлини огоҳлантириб: «Мабодо, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлини тутганларга хайр-эҳсон қилмасалар, улар ҳам боғ аҳли мубтало бўлган балога гирифтор бўладилар», деди. Ҳақиқатда Макка аҳли (буйруққа бўйсунишдан) бош тортди, натижада улар Юсуф алайҳиссалом замонасидагидек очарчилик ва қаҳатчиликка дуч келдилар. Ҳатто ўлимтик ва чиқиндиларни едилар(Масруқ Абдуллоҳ (ибн Масъуд) розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Ҳақи-қатда (қаҳатчилик) бўлди. Чунки Қурайш Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга осийлик қилгач, уларнинг ҳаққига: «Юсуф йиллари каби бир неча йил (қаҳатчилик етсин)» деб дуойи бад қилдилар. Натижада уларга ўта қаттиқ қаҳатчилик ва машаққат етиб, ҳатто суякларни ейишга мажбур бўлдилар. Киши осмонга қараса, ўзига етган қийинчилик туфайли осмон билан ўзи орасида қандайдир тутун кўринар эди. Шунда Аллоҳ таоло: «Бас, (эй Муҳаммад,) Сиз осмон аниқ тутунни келтирадиган Кунни кутинг! У (тутун барча) одамларни ўраб олур. Бу аламли азобдир» (Духон сураси, 10 - 11-оятлар) оятларини нозил қилди. Улардан бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурига (қавм ҳолати ҳақида арз қилиш учун) келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, Музар қабиласига Аллоҳ таолодан сув сўранг, акс ҳолда улар ҳалок бўлиб кетадилар», деди. У зот: «Музаргами? Сен ўта журъатли экансан. Сув сўраб дуо қиламан, суғориладилар», дедилар. Шунда: «Сизлар ҳам (ўз куфру исёнларингизга) қайтувчидирсизлар» (Духон сураси, 15-оят) ояти нозил бўлди. Уларнинг емоқ-ичмоғида енгиллик бўлгач, яна асл ҳолатларига қайтиб олдилар. Яна Аллоҳ таоло: «Даҳшатли тутиш билан тутадиган кунимизда (Бадр жангида ёки қиёматда) Биз интиқом олувчидирмиз» (Духон сураси, 16-оят) оятини нозил қилди. Ибн Масъуд: «Бу оятдан Бадр куни ирода қилинган», дейди (Имом Бухорий. «Саҳиҳи Бухорий», Имом Табарий. «Тафсири Табарий». -ж. 25.-6.151-152).). Боғ эгаларига азоб келгач, унга чин қалбдан ишондилар ва Аллоҳ таолога (итоат қилишга) қайтиб, ёмонликлардан бутунлай ти-йилдилар. Аллоҳ уларнинг тавбаларини қабул қилиб, балони бошларидан кўтарди. Макка аҳли эса адашишларида давом этиб, тавба қилмадилар. Натижада Аллоҳ таоло Бадр куни уларни қатл қилиш билан дунёдаёқ интиқом олди. Охиратда эса уларни яна азобга мубтало қилади.
Иккинчиси, Аллоҳ таоло маккаликларни азизу мукаррам қилиб, кўплаб одамлар наздида эътиборли қилгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни улуғлаш ва ҳурмат қилишга буюриш билан уларни имтиҳон қилган бўлиши мумкин. Маккаликлар Расулуллоҳга ёмон муносабатда бўлишгач, Аллоҳ уларни юқоридаги бало билан жазолади. Аллоҳ таоло боғ эгаларига ҳам ризқ-рўзни кенг қилиб бериб, айни шу орқали уларни имтиҳон қилган эди. Яъни Аллоҳ уларга: «Узларига берилган неъматлардан бошқаларга хайр-эҳсон қилишни» буюрди, лекин улар амрга итоат қилмадилар. Натижада ноз-неъматнинг заволи билан жазоландилар. Макка мушриклари эса, азизликларини қўлдан бой беришлари билан жазоландилар.
«Бас, Аллоҳ унга қилган ишлари учун очлик ва хавф кийимини тоттирди» (Наҳл сураси, 112-оят)(Оятнинг тўлиқ шакли бундай: «Аллоҳ бир шаҳарни (яъни Маккани) мисол келтирур: у тинч, сокин (шаҳар) эди, ҳар томондан ризқи кенгу мўл келиб турар эди. Бас, у (аҳолиси) Аллоҳнинг неъматига ношукрлик қилгач, Аллоҳ унга (аҳолисига) бу "ҳунарлари" сабабли очлик ва хавф либоси (балоси)ни тоттириб қўйди). Валлоҳу аълам!
Аллоҳ азза ва жалланинг: «Ушанда улар, албатта, уни (боғ ҳосилини) эрта тонгда узиб оламиз деб қасам ичган эдилар» оятидаги [мусбиҳийна] - «эрта тонгда» сўзи тонгнинг энг аввалги вақтига нисбатан қўлланади. Бу туннинг тугаш ва тонгнинг бошланиш вақтига тўғри келади. Шунингдек, [мумсийна] - «кеч кирганда» сўзи туннинг бошланиш вақти-ни билдиради. Шундай бўлса, меваларни териб олиш тунда юз берган бўлади. Бунга қуйидаги оят далил бўлади:
«Бугун (боғда ҳосил тераётган вақтда) устиларингизга бирор мискин кириб қолмасин-да», - дер эдилар» (Қалам сураси, 24-оят). Сабаби тонг отганидан кейин улар мискинларни (боққа) киришдан қайтара олмайдилар (Бундан мевалар тунда териб олингани келиб чиқади).
Бир қарашга кўра, Аллоҳ азза ва жалланинг: «...Лекин истисно қилмаган эдилар» оятидан мурод, улар [иншааллоҳ] - «Аллоҳ хоҳласа» иборасини айтмаган эдилар. Бошқа бир қарашга кўра эса: [Субҳаналлоҳ] - «Аллоҳ барча айбу нуқсонлардан покдир», демаган эдилар. Иккинчи таъвил маъносига кўра, (ўша вақтда) тасбеҳ истисно ўрнида ишлатилган деган мазмун чиқади. Гоҳида тасбеҳ истисно маъносини англатиши мумкин. Чунки Аллоҳга тасбеҳ айтишда ҳам, истиснода ҳам поклаш маъноси бордир. Ва яна тасбеҳда «Аллоҳ таоло нарсаларни ўзгартирувчи ва тартибга солувчи» деб иқрор қилиш бордир.
Боғ эгалари қасд қилган қасамлари сабабли гуноҳ ишга мубтало бўлдилар. Уларнинг ўзаро келишувлари маъсият, яъни исён эди. Улар келишувда «Аллоҳ хоҳласа» деб истисно қилишни тарк этганлари учун танбеҳ олдилар. Гуноҳ ишлар ҳам Аллоҳнинг иродаси билан бўлади, деб эътиқод қилувчилар учун оятда: «маъсиятли ишларни ирода қилувчи» деган сифат билан Аллоҳни васфлашга далил бор. Бордию Аллоҳ таоло «маъсиятли ишларни ирода қилувчи» деб сифатланмаганида, боғ эгалари «Аллоҳ хоҳласа» истисносини тарк этганлари учун У Зотнинг танбеҳига учрамаган бўлар эдилар. Чунки маъсиятли ишлар Аллоҳнинг иродасига боғлиқ бўлмаса, гуноҳга алоқадор вазиятда «иншааллоҳ» иборасини ишлатиш мумкин бўлмай қолади.
Бошқача қилиб айтганда, «иншааллоҳ жоиз», «иншааллоҳ жоиз эмас», «иншааллоҳ адашди», «иншааллоҳ адашмади», «иншааллоҳ еди», «иншааллоҳ емади» дейиш хато бўлиб қолади. Шунингдек, Аллоҳ бандаларнинг адашишига таъсир кўрсатади, яъни [излаалун] - «йўлдан адаштириш» билан сифатланади, деган эътиқоддаги (аҳли сунна) одамлар бор. Бордию Аллоҳ [излаалун] - «йўлдан адаштириш» билан сифатланмаса, боғ эгалари истиснони тарк қилганлари туфайли маломат қилинишлари тўғри бўлмас эди. Ҳатто бу ўрин «Аллоҳ хохласа» иборасини қўллаш учун муносиб саналмас эди. Биз қайд қилган сўзлар тўғрилигига Аллоҳ таолонинг:
«Аллоҳ хоҳлаган кишини адаштирур ва хоҳлаган кишини тўғри йўл узра (собит) қилур» (Анъом сураси, 39-оят) ояти далил бўлади. Мазкур оятдан биз зикр қилган кимсаларнинг адашиши Аллоҳнинг иродаси билан бўлиши маълум бўлади.
Бунда яратувчи билан яратилинган нарса бошқа-бошқа эканига далолат бор, яъни Аллоҳни [излаалун] - «адаштириш» сифати билан сифатлаш мумкин. Лекин шундай бўлса ҳам, У Зотни [золалун] - «адашиш» сифати билан васфлаш мумкин эмас. Шунингдек, Аллоҳ тирилтирувчи, ўлдирувчи сифатлари билан сифатланади. Яъни «тирик ва ўлик бўлмоқ» феълини Аллоҳ яратса-да, У Зотга нисбатан «У хоҳласа, тирик бўлади, хоҳласа, ўлик бўлади» дейиш жоиз эмас.
Аллоҳ таолонинг: «қасам ичган эдилар» оятида нима билан қасам ичилганига аниқлик киритилмаган. Бордию оятда Аллохдан ўзгага қасам ичилган бўлса, оят қасам баъзан Аллоҳдан ўзгага ичилиши ҳам мумкинлигига далил бўлади(Бу ўринда шаръий жиҳатдан Аллохдан бошқа нарсалар билан қасам ичиш мумкинлиги эмас, балки воқеликда Аллохдан бошқа нарсалар номи билан қасам ичувчилар ҳам учраб туриши маъноси ирода қилинган.). Агар боғ эгалари Аллоҳ таоло номига қасам ичган бўлсалар, мазкур оят Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ (нинг қасам ҳақидаги қарашлари)га қарши Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ (қарашлари)га мувофиқ ҳужжат бўлади, яъни қасам муайян муддатга ичилса, вақт ўтишидан олдин қасам ичилган нарса-нинг ҳалок бўлиши қасамни бекор қилмайди. Қасам ўз кучида қолади ва белгиланган вақт ўтиши билан қасамни бузганлик ҳукми (каффорати) қасам ичувчига лозим бўлади. Чунки териб олинишига қасам ичилган мевалар, териш зиммаларига вожиб бўлишидан олдин ҳалок бўлди. Агар мева нобуд бўлиши билан қасам ўз кучини йўқотганида, боғ эгаларининг «Аллоҳ хохдаса» дейишларига ҳожат қолмас эди. Зеро, қасамни бузиш натижасида юзага келадиган каффоратни соқит қилиш учун «Аллоҳ хоҳласа» иборасига эҳтиёж сезилади. Бордию меванинг нобуд бўлиши қасамни ва унинг каффоратини бекор қилганида эди, боғ эгалари «Аллоҳ хоҳласа» иборасини айтишга эҳтиёж сезмас эдилар. Боғ эгалари «Аллоҳ хоҳласа» иборасини тарк қилганлари учун (Аллоҳ таолонинг) танбеҳига гирифтор бўлишлари - «Аллоҳ хоҳласа» иборасини айтмай маълум вақтга ичилган қасам каффорати уларнинг зиммаларида қолганига далолат қилади.
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ: «Аллоҳ таоло номи билан қасам ичилганида, қасам ичилган нарса ҳалок бўлса, у кишидан қасам бекор бўлади. Бордию қурбат ва тоатга қасам ичилса, яъни назр бўлса, (қасам ичилган нарсанинг ҳалок бўлиши) касамни бекор қилмайди», деган. Оятда боғ эгаларининг қасами Аллоҳ таоло номи билан ичилганига аниқлик киритилмаган. Улар қурбат ҳосил қиладиган бирор нарсага қасам ичган бўлишлари ва каффорати зиммаларида мажбурият сифатида қолган бўлиши мумкин. Боғ эгалари гуноҳ ишга қасд қилишиб, истиснони тарк қилганлари учун Аллоҳ таоло уларни маломатлади. Билингки, истисно, яъни «Аллоҳ хоҳласа» ибораси қасдни йўққа чиқаради. Шунинг учун ҳам бир киши маъсиятга қасд килиб: «иншааллоҳ» деса, айтган сўзига гуноҳкор ҳам ва гуноҳ-га қасд қилган ҳам бўлмайди. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ таъкидлашича, маълум вақтда гуноҳ иш қилишга қасам ичилса, истисно кишини гуноҳдан халос қилмайди. Шу сабабли боғ эгалари истиснони тарк қилганлари учун маломатга учрадилар. (Машҳур) хабарларда ҳам, бирор китобда боғ эгаларига каффорат лозимлиги қайд қилинмаган. Бордию уларга қасамнинг каффорати лозим бўлганида, истиснони тарк қилганлари учун маломат қилинганлари каби каффоратни тарк қилганлари учун ҳам, албатта, маломат қилинар эдилар. Валлоҳу аълам!
[19] Бас, (тунда) улар уйқуда бўлган чоғларида, у (боғ) узра Парвардигорингиз томонидан бўлмиш айланувчи (офат - олов) айланди.
Аллоҳ азза ва жалланинг оятидаги «Парвардигорингиз то-монидан бўлмиш айланувчи» иборасидан мурод, айтилишича, «Раббингизнинг азоби»дир. Азоб тунда келгани учун оятда Аллоҳнинг азоби [тоиф] - «айланувчи» сўзи билан ифодаланди. Зеро, тунда келадиган ҳар бир нарсага [тоиф] - «айланувчи» дейилади.
[20] Бас, у худди меваси териб олинганга ўхшаб қолди.
Айтилишича, боғ эгалари ҳосилни йиғишга турганларида, гўё боғ (ҳосили) йиғиштириб, териб қўйилган каби эди.
[21] Эрта тонгда туришиб, бир-бирини чақиришди:
[22] «Агар (ҳосилни) узмоқчи бўлсангизлар, зироатгоҳингизга бора қолинглар», - (деб).
[23] Сўнгра шивирлашиб жўнадилар.
[24] «Бугун (боғда ҳосил тераётган вақтда) устиларингизга бирор мисқин кириб қолмасин-да», - дер эдилар.
Аллоҳ азза ва жалланинг: «Сўнгра шивирлашиб жўнадилар» оятидан уларнинг ўзаро хуфёна гаплашишлари назарда тутилмоқда. Бева-бечоралар сезиб қолмасликлари учун боғ эгалари тез ҳаракат қилиш ҳақида ўзаро шивирлашиб олган бўлишлари мумкин. Камбағаллар келишидан олдин уйдан чиқишга ва тезроқ юришга шошилган бўлишлари мумкин.
[25] Улар (ўзларича мазкур) ғаразга қодир бўлган ҳолларида тонг-саҳарлаб бордилар.
Баъзилар: «Уларнинг боғининг исми [ҳардун] бўлган» деганлар. Айтилишича, ўзаро келишиб олган ишга тонг-саҳарлаб бордилар (деб оятдаги [ҳардун] сўзини «ўзаро келишиб олган ишлари» деб тафсир қилинган). Зажжожнинг таъкидлашича, [ҳардун] сўзининг уч хил маъноси бор. Биринчиси, «қасд» маъносида бўлиб, унга шоирнинг қуйидаги шеъри далил сифатида келтирилади:
Аллоҳнинг амридан бўлган сел юзланди,
Ҳосилдор боғни қасд қилиб келди.
Иккинчиси, у «ман қилиш, тақиқламоқ» маъносини ҳам англатади. Масалан, араблар йилнинг баракаси кетиб, қурғоқчилик бўлса [аҳродат ас-санату] - «йил ман қилди» дейишган.
Учинчиси, [ҳардун] сўзи «ғазаб» маъносини ҳам англатади. Шунда оятнинг маъноси, «Улар қодир бўлган ҳолларида тонг-саҳарлаб (мискинларга) ғазаб қилдилар» деган маънони англатади. Аллоҳ таолонинг [қодирийна] - «қодирлар» сўзи «унга ўзлари қодирлар» деган маънони англатади.
Кимдир: «Бу оятда қудрат феълга муқаддам бўлишига далолат бор. Чунки Аллоҳ таоло боғ эгаларига феълдан олдин кудратни собит қилди», дейиши мумкин. Лекин буни «феълга қодир бўлиш» деб тушунмаслик керак. Балки уни «сабаб ва ҳолатларга қодир бўлиш» деб тушунилади.
[26] Уни кўрганларида, биз адашибмиз, дедилар.
[27] Балки биз маҳрум бўлгандирмиз, дедилар.
Яъни биз йўлдан адашиб қолдик. Улар шундай ўйлашди: «Йўлдан адашганлари сабабли ҳосилни йиғиштиришга имкон топа олмадилар». Кейинчалик уларга йўлдан озмаганлари, балки қилган қилмишлари сабабли меваларнинг баракотидан маҳрум қилинганлари маълум бўлди. Қилган хато-камчиликлари ҳақида тафаккур қилиб, пушаймон бўлдилар ва Аллоҳ таолога тавозе ва хокисорлик билан юзландилар. У Зот уларнинг тавбаларини қабул қилди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло:
«Дарҳақиқат, Биз уларни (Макка аҳлини) боғ эгаларини синаганимиздек синовга солдик» (Қалам сураси, 17-оят), деди. Яъни «Боғ эгаларини синадик ва улар (ундан) ўзларига панд-насиҳат олдилар. Шунда улардан азоб кўтарилди. Макка ахди эса, (имтиҳондан) ўзларига ибрат олмадилар ва уларга Бадр куни азоб тушди». Бу ҳақда бошқа оятда бундай дейилади:
«Мана, Биз уларни азобга тутдик. Улар эса на Парвардигорга бўйин эгдилар ва на (тавба) тазарру қилдилар» (Муъминун сураси, 76-оят).
[28] Уларнинг энг яхши ва адолатлиси, «Сизларга тасбеҳ айтсаларингиз-чи, демабмидим?’» деди.
Аллоҳ азза ва жалланинг: «Уларнинг энг яхши ва адолатлиси» ояти «уларнинг адолатлироғи» деган маънони англатади. Аллоҳ азза ва жалланинг: «Сизларга тасбеҳ айтсаларингизчи, демабмидим?!» ояти «Бомдод намозини ўқиб чиққанларингизда эди» ёки «Тасбеҳ айтганларингизда эди», деган маъноларда бўлиши мумкин. Биз юқорида истисно қилишда тасбеҳ маъноси борлигини қайд қилдик. Тасбеҳ айтишда «ҳар бир иш Аллоҳнинг хоҳиши билан амалга ошишини иқрор қилиш» маъноси бор. Зеро, Аллоҳ таолонинг якка Узи ўзгартирувчи ва алмаштирувчидир.
[29] Улар (кеч бўлса-да): «Раббимизга тасбеҳ айтамиз. Ҳақиқатан, бизлар (ўзимизга) зулм қилувчи бўлдик», - дедилар.
Аллоҳ азза ва жалланинг: «Раббимизга тасбеҳ айтамиз» ояти «Раббимизнинг яккаю ягоналиги ва Унинг айбу нуқсондан поклигини эътироф этамиз», деган маънони англатади. Аллоҳнинг: «...бизлар (ўзимизга) зулм қилувчи бўлдик» ояти «Қилган гуноҳларимизни эътироф қилиб, Аллоҳ таолога хоксорлик билан қайтамиз» деган мазмунни англатади. Тавбаларининг тўлиқ шакли кейинги оятда акс этган:
[30] Сўнгра улар бир-бирларига қараб, маломат қила бошладилар.
[31] (Улар) дедилар: «Ҳолимизга вой! Дарҳақиқат, бизлар ҳаддан ошувчи бўлдик.
Баъзи муфассирлар қайд қилишларича: «...улар бир-бирларига қараб, маломат қила бошладилар» оятидан мурод бундай: «Боғ эгалари бир-бирларини маломат қилишиб: «Сен бизни тунда ҳосилни териб олишга буюрдинг», дедилар. Бошқаси: «Йўқ, балки сен қилган қилмишинг сабабли шундай бўлди», деди. Оятни бундай талқин қилиш ҳеч қандай маъно касб этмайди. Чунки бундай таъвилда боғ эгаларининг ҳар бири ўзларининг айбсиз эканларини исботлашга ҳаракат қилиш маъноси келиб чиқади. Аслида, оятда улар ўз гуноҳларига: «Улар (кеч бўлсада): «Раббимизга тасбеҳ айтамиз. Ҳақиқатан, бизлар (ўзимизга) зулм қилувчи бўлдик», деб иқрор бўлмокдалар. Уларнинг: «Ҳолимизга вой! Дарҳақиқат, бизлар ҳаддан ошувчи бўлдик», деган эътирофларидан кейин улар қандай қилиб ўзларини бегуноҳ дейишлари мумкин.
Умуман олиб қараганда, юқоридаги таъвилда ҳеч қандай маъно йўқ. Балки «...улар бир-бирларига қараб, маломат қила бошладилар» оятини «Боғ эгаларидан ҳар бири ўзини мало-матланганлар сафига қўшди» ёки «Улардан ҳар бири ўзини-ўзи маломатлади», деб таъвил қилиш мақсадга мувофикдир. Шунда маъно «Дарҳақиқат, бизлар ҳаддан ошувчи бўлдик», деган оят мазмунига мувофиқ бўлади. Аллоҳ таолонинг: «Дарҳақиқат, бизлар ҳаддан ошувчи бўлдик» оятида боғ эгаларининг тугал тавбаси акс этган. Улар уч кўринишда қилган ишларига пушаймонликларини изҳор қилдилар: биринчиси, ўзларини золимлик билан сифатладилар; иккинчиси, ўзларини маломат қилдилар; учинчиси, ўзларини туғёнга кетиш билан айбладилар.
[32] Шояд Раббимиз унинг ўрнига ундан кўра яхшироғини берса. Биз ўз Раббимизга рағбатлимиз, дедилар.
Яъни тавба қилиб, Раббимизга итоат килсак, у боғдан яхшисини яна бизларга беради, деган маънони ифодалайди. Чунки гуноҳ қилишдан тўхтамай, Парвардигордан яна ҳам яхшироқ инъомни кутишлари воқеликка тўғри келмайди. Зеро, боғ эгаларининг ўзлари: «Гуноҳ ишга қўл урганимиз боис, меваларнинг баракотидан маҳрум қилиндик», деб эътироф этишлари биз қайд қилган маънонинг тўғрилигини асослайди. Мазкур оят охиратга тегишли бўлиши ҳам мумкин, яъни «Тавба қилиб, Аллоҳ таолога тоат этишга қайтсак, охиратда «Шояд Раббимиз унинг ўрнига ундан кўра яхшироғини берса» деган мазмунни ифодалаши мумкин. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ азза ва жалланинг: «Бизлар, албатта, Раббимиз сари интилувчидирмиз» ояти «Раббимиз ҳузуридаги мукофот ва совғаларга ўта ошиқувчимиз» ёки «Гуноҳига тавба қилганларга Раббимиз ваъда қилган нарсага интилувчимиз», деган маъноларни англатади.
[33] Азоб мана шундай! Агар билсалар, албатта, охират азоби янада каттароқдир.
Аллоҳ азза ва жалла «Азоб мана шундай!» ояти орқали гўё Макка аҳлига: «Аллоҳ таолонинг дунёдаги азоби сизларга сергаклигингизда ҳам, ғафлатдалигингизда ҳам етади. Худди боғ эгалари ҳосилни териб олишга ишониб турганларида азоб келгани каби», деб хитоб қилмоқда.
Аллоҳ азза ва жалланинг: «Агар билсалар, албатта, охират азоби янада каттароқдир» оятида (Аллоҳ таолонинг) азобини билмаган ва унга имон келтирмаган кишилар учун азоб ҳақ эканига далил бор. Зеро, улар (Макка мушриклари) на охират азобига имон келтирган ва на у ҳакда билимга эга эди. Аллоҳ уларга азобни вожиб қилди, гарчи улар билмасаларда, уларнинг узрларини қабул қилмади. Чунки Аллоҳ таоло уларга ақл берди, агар тафаккур юритсалар эди, албатта, охиратдаги азоб(нинг ҳақлиги)ни билиб, унга аниқ ишонар эдилар. Мазкур оятда Аллоҳ таолонинг яккаю ягоналигини билмаган ва Унга имон келтирмаган кишиларга ҳеч қандай узр йўқлиги айтилмоқда. Лекин мажнун инсонлар бундан мустаснодир. Чунки ақли расо инсонлар Аллоҳ таолонинг тавҳиди ва имон масалалари борасида тафаккур юритмаганлари сабабли жаҳолат гирдобига кириб қолдилар. Агар улар бор имкониятларини ишга солиб маърифатни излаганларида, албатта, яккаю ягона Холиқ, яъни Аллоҳ таолони танишга йўл кўрсатувчини топар эдилар.
[34] Албатта, тақводорлар учун Парвардигорлари ҳузурида неъмат боғлари бордир.
Бу оятда Ислом динини маҳкам тутган кишиларга жаннат инъомлари борлигига тарғиб ва ташвиқ қилинмоқда.
[35] Ахир, Биз мусулмонларни жиноятчи (кофир)ларга баробар қилармидик?!
[36] (Эй мушриклар,) сизларга не бўлди? Қанақа ҳукм чиқармоқдасизлар?!
Аллоҳ азза ва жалланинг: «Ахир, мусулмонларни жиноятчиларга баробар қилармидик?!» ояти «Ҳар бир нарсани Аллоҳ таолодан деб билган ва Унга бирор нарсани шерик қилмаган кишини мушрикка баробар қиламизми?! Ахир у ибодатда ва тасмияда Аллоҳ таолога шерик қилган-ку!» ёки Аллоҳ таоло «Ўзини мўминларнинг дўсти, (мушрик ва кофир) жиноятчиларнинг душмани» эканини баён қилиб бундай деди: «Душманларим улар билан дўстларимни тенг кўришимни ва уларни охиратда бир жойда жамлашимни истайдилар. Иўқ, асло бундай қилмаймиз. Чунки бунда ҳикматни йўққа чиқариш бор. Аслида, ҳикмат душман билан дўстнинг орасини ажратишни тақозо қилади. Қиёматда иккисини бир жойда жамлаш эса, ҳикматни йўққа чиқаради».
Аллоҳ азза ва жалланинг: «(Эй мушриклар,) сизларга не бўлди? Қанақа ҳукм чиқармоқдасизлар?!» ояти «Сизлар нима асосда душманимни дўстим, дўстимни эса душманимнинг мартабасига тенглаштиришга ҳаракат қиласизлар?!» ёки «Нима асосда сизлар бундай ҳукм чиқармоқдасизлар?! Ахир Китоб ҳам, ақл ҳам бундай ҳукм қилишни ёқламайди. Сизлар нима асосда бундай бўлишини хоҳлаяпсизлар?!» ёки «Нима асосда Раббингизга жабр (зулм)ни нисбат бермоқдасиз?! Зеро, охиратда душман билан дўстни жаннатда жамлаш зулм ҳисобланади», деган маъноларни ифодалайди.
Аллоҳ таолонинг: «Ахир, Биз мусулмонларни жиноятчи (кофир)ларга баробар қилармидик?!» ояти қайта тирилишни инкор қилувчи тоифага ҳам, мусулмонларга охиратда бериладиган инъомларга шерик бўлишни умид қиладиган кимсаларга ҳам раддия бўлади.
Оятнинг қайта тирилишни инкор қилувчиларга қарши далил бўлишига келсак, соғлом ақл дўст билан душман, шукр қилувчи билан ношукр ўртасида тафовут бўлишини тақозо этади. Сизлар эса қайта тирилишни инкор қилган ҳолда: «Аллоҳ таоло мусулмонни кофирга, нонкўрни шукр қилувчига, душманни дўстга баробар қилади», деб ўйлайсизларми? Ким бундай ўйласа, у аҳмокдир ва ҳикмат эгаси бўлишга лаёқатсиздир. Қайта тирилишни инкор қилишда аҳмоқлик ва золимлик бор. Чунки дўст билан душманга бирдек мукофот бериш жабр, яъни зулм ҳисобланади.
Иккинчи тоифа, яъни дўст билан душман дунё ноз-неъматлари, зарарлари, қийинчиликлари ва балоларида модомики баробар экан, охиратда ҳам улар бир хил мартаба ва даражада бўлади, деб иддао қилувчиларга бундай жавоб берилади: дунёда душман дўстдан, шукр қилувчи ношукрдан фарқланиб, намоён бўлади. Охират эса душманга жазо, дўстга мукофот бериладиган жойдир.
Дўст душмандан ажраладиган жойда, яъни дунёда дўст ҳам, душман ҳам (ноз-неъмат ва қийинчиликларда) баробар бўлиши мумкин. Лекин мукофот ёки жазо бериладиган кунда у иккиси баробар бўлмайди. Зеро, жазо ёки мукофот аввал ўтган душманлик ва дўстликка берилади. Ҳикмат - душман билан дўстнинг жазоси ёки мукофоти турли бўлишини тақозо қилади. Демак, мусулмонга охиратда кофирга қилингани каби муомала қилинмайди. Акс ҳолда, (илоҳий) ҳикмат йўққа чиқиб қолади. Имтиҳондан олдин эса мусулмон билан кофирнинг орасини ажратиш-да ҳеч қандай маъно йўқ. Шунинг учун ҳам дунёда у иккиси тенг бўлиши мумкиндир. Зеро, дунёдаёқ уларнинг ораси ажратилса, имтиҳон ўз моҳиятини йўқотади. Дунё эса имтиҳон ҳовлисидир.
Юқорида «имтиҳон ўз моҳиятини йўқотади», дедик. Чунки имтиҳон умид ва хавф, рағбат ҳамда қўрқув билан ҳамоҳанг тарзда бўлади. Мабодо дунёда дўст ва душман ораси ажратилиб, дўстларга кенглик, душманларга торлик қилинса, албатта, барча дўстликни ихтиёр қилган бўлар эди. Чунки адоват йўлини танлаган инсон (дунёдаёқ) ўзига танглик келишини ва азоб тезда етишини билса, албатта, адоват йўлини тарк қилиб, дўстликни танлайди. Натижада имтиҳоннинг мазмун-моҳияти ҳам қолмайди. Билингки, синов синовлигича қолиши учун дунё ҳаётида дўст ва душман бир-биридан (неъматланиш ёки қийинчилик етиши борасида) фарқланмайди. Охиратда эса у иккисининг ораси баробар қилинмайди. Чунки охират мукофот ва жазо диёридир. Қолаверса, ақл ҳам у иккисининг жазоси турли бўлишини тақозо қилади. Тавфиқ Аллохдандир!
Мушриклар етакчиларининг: «Дўст билан душман жазо-да баробар» деган қарашлари учун Аллоҳ азза ва жалла: «(Эй мушриклар,) сизларга не бўлди? Қанақа ҳукм чиқармоқда-сизлар?!» деган ояти билан улар устидан «аҳмоқлар» деб ҳукм чиқарди. Ҳақиқатан ҳам, бу каби сўзлар аҳмоқликнинг белгисидир. Мазкур оят «Ҳакимларнинг ҳакими ва энг адолатли зотга қандай қилиб жабр, яъни золим ҳукмини берасизлар?» деган маънони англатади. Ахир сизлар икки тоифа ҳам охиратда баро-бар бўлади, деб ўйлайсизлар-ку! Аслида, дўст билан душманни охиратда тенг кўриш ўтакетган золимликдир. Мазкур қарашдаги инсонлар, аслида Аллоҳ таолони энг адолатли ва ўта ҳаким Зот эканини эътироф этадилар.
[37] Ёки сизларнинг китобингиз бор-у, ундан ўқидингизми?
[38] Унда сизларга нимани ихтиёр қилсангиз, албатта, (бўлаверади) дейилганми?!
Биринчидан, Аллоҳ таоло Макка мушрикларига ҳикмат ила далил келтирди. Яъни сизларга маълумки, ҳикмат дўст ва душман орасида тафовут борлигини тақозо қилади. Гарчи сизлар дўст билан душман орасини ҳикмат билан тенглаштиришни даъво қилсаларингизда, биласизларки, ҳикматнинг айни ўзи дўст ва душман орасини фарқлашни талаб этади. Мабодо, бу даъвони бирор китоб асосида гапираётган бўлсаларингиз, душман билан (Аллоҳнинг) дўстлари ораси баробар экани ҳақида сизларга Аллоҳнинг ҳузуридан қайси китоб келди? Айтингларчи, қайси Пайғамбар сизлар билан (Аллоҳнинг) дўстлари ораси охират неъматлари олдида баробар эканини баён қилди?
(Аллоҳ таоло юқоридаги оятларда ҳикмат орқали далил келтирганидан кейин) Китоб билан ҳужжатлашишга юзланди. Аслида, араб мушриклари бирор китобга ҳам, пайғамбарларга ҳам имон келтирмаган эдилар. У иккисига имон келтирганлари-да, албатта, улар: «Бизда ўқиб-ўрганган китобимиз бор, унда биз зикр қилган ва даъво қилган нарсалар мавжуд. Пайғамбар у ҳақида бизга маълум қилган», дея олган бўлар эдилар. Улар китоб ва пайғамбарларга имон келтирмас эканлар, Аллоҳ таоло зикр қилган услуб уларнинг зарарига қатъий ҳужжат бўлади. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ азза ва жалланинг: «Унда сизлар учун ўзларингиз хоҳлаган нарса борми?!» ояти «Ўша китобда ўзингиз хоҳлаган нарсани топяпсизларми?» деган маънони англатади.
[39] Ёки сизларга Бизнинг қиёмат кунигача етадиган ваъдаларимиз бўлиб, унда, албатта, сиз нима ҳукм қилсангиз шу бўлади, дейилганми?!
Ушбу оят ўзидан олдинги оят билан узвий боғлиқ, яъни сизлар Аллоҳ таолонинг «Бу худди сизлар чиқарган ҳукм каби бў-лади», деб қасам ичганига шоҳид бўлганмисизлар? Бу Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятига ўхшайди:
«Ёки Аллоҳ шу (ҳукм)ни буюраётганида гувоҳмидинглар?» (Анъом сураси, 144-оят). Аллоҳ таоло Макка мушрикларига мазкур оят аввалида:
«Айтинг: «Шу икки эркагини ҳаром қилганми ёки икки урғочисиними?» (Анъом сураси, 144-оят) деб қиёс асосида савол берди. Уларда на қиёсан ва на ақлан айтган сўзларини исботловчи далил бўлмагач, Аллоҳ таоло: «Ёки Аллоҳ шу (ҳукм) ни буюраётганида гувоҳмидинглар?» ояти билан уларга қарши далил келтирди. Улар Аллоҳ таолонинг буйруғига гувоҳ бўлмаганларини жуда яхши биладилар. Уларнинг даъволарининг ҳам ҳеч қандай асоси йўқ. Исботи бўлса, юқорида зикр қилинган йўл ила исботлаб беришлари лозим эди. Айтган сўзларидан бирортасини исботлай олишмаса, даъволарининг пуч экани ўз исботини топади. Қалам сурасидаги мазкур оятнинг таъвили ҳам айни Анъом сурасида келган юқоридаги оят кабидир. Яъни Аллоҳ таоло Макка мушрикларидан ҳикмат ёки Китоб ёхуд гувоҳлик асосида ҳужжат келтиришни талаб қилди. Уларда мазкур далиллардан бирортаси мавжуд бўлмаса, нима асосда «Аллоҳ таоло буни қилади», деб Унга қарши гувоҳлик беришади?
Аллоҳнинг: [баалиғатун] сўзи - «мустаҳкам» ёки «Аллоҳь таоло томонидан сизларга етказилдими?» деган маъноларни англатади.
[40] (Эй Муҳаммад,) улардан сўранг-чи, қайсилари бунга (даъволарининг ҳақ эканлигига) кафил бўла олар эканлар?!
Аллоҳ таоло айтади: «Шунга қарамай, Макка мушриклари ҳеч бир ҳужжатсиз, ўз даъволарида барқарор туравердилар. Шундан сўнг Аллоҳ таоло Набий алайҳиссаломга «улардан иш ўзлари гумон қилганларидек эканига» кафил талаб қилишни амр этди.
[41] Ёки уларнинг шериклари борми?! У ҳолда, ростгўй бўлсалар, ўша шерикларини келтирсинлар!
Яъни қиёмат куни уларни шафоат қиладиган шериклари борми? Баъзилар: «Айтган сўзларига ҳужжат қиладиган китоблари борлигига гувоҳлари борми?» деб изоҳлашган.
[42] Болдирлар шимарилган кунда ва улар саждага чақи-рилганда, қодир бўлмаслар.
Аллоҳ азза ва жалланинг: «Болдирлар шимарилган кунда» ояти «шиддат ва қўрқинчлар сабабли тахдид этилган жой очилган кун», деган маънони англатади. [ас-соқу] - «болдир» сўзи «шиддат» маъносидадир. Инсонларнинг кучи болдирларида бўлгани боис араблар уни [ас-соқу] деб атаганлар. Чунки воқеликда инсонлар юкларни болдирнинг кучи билан кўтарадилар. Оятда Аллоҳ таоло [ас-соқу] сўзи билан «куч ва шиддат» маъноларини англатувчи [аш-шидда] сўзидан киноя қилган. Бир қарашга кўра, Макка мушриклари бирор бало ёки синовга гирифтор бўлишса, болдирларини шимарар эдилар. Оятда Аллоҳ таоло [ас-соқу] сўзини қайд қилиш орқали «шиддат ва машаққат» маъносидан киноя қилди. Бу ўринда [ас-соқу] сўзи ўзининг асл маъносида ишлатилмаган. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ азза ва жалланинг: «...улар саждага чақирилганда, қодир бўлмаслар» оятидаги чорлов ҳолат ёки буйруқ чорлови бўлиши мумкин. Ҳолат чорлови - Макка мушриклари қийинчиликка тушиб, вазият таранглашса, одатга кўра, сажда қилишга уринишлари «ҳолат чорлови» дейилади. Макка мушриклари тушган вазият ва қийинчиликларни уларни саждага чақирувчи «ҳолат чорлови» дейиш мумкин. Лекин улар бунга қанчалик эътибор қаратишмасин, сажда қилишга имкон топа олмас эдилар. Демак, Аллоҳ таолонинг «...улар саждага чақирилганда» ояти ҳолатнинг уларни саждага чорлаши, деб тушунилади. Айни шунга «ҳолат чорлови» дейилади.
Ушбу оятни буйруқ саждаси деб тушуниш ҳам мумкин. Яъни Аллоҳ сажда қилишга амр этиб, шу орқали уларни имтиҳон қилди. Оятдаги «саждага чорлов» иборасига «буйруқ саждаси» деб маъно берилса, ушбу буйруқ ўлим вақтида ёки қиёмат куни юз бериши мумкин. Бордию унга «ҳолат чорлови» деб маъно берилса, у ўлим вақтида юз беради.
Оятдаги саждага буюриш икки хил маънони ифодалаши мумкин:
Биринчиси, оятдаги саждадан мурод, ҳақиқий сажда қилишдир. Ундан «таслим бўлиш, бўйсуниш» маънолари ирода қилинган бўлиши ҳам мумкин. Зеро, «сажда» сўзи «таслим бўлиш» ва «бўйсуниш» маъноларини англатади. Қуръони Каримда «сажда» сўзидан айнан сажда қилиш маъноси ирода қилинса, уни ўқиганда тиловат саждаси вожиб бўлмайди. Қуръони Каримнинг қайси ўрнида «сажда» сўзи ишлатилиб, ундан «таслим бўлиш» ва «бўйсуниш» маънолари кўзланса, уни ўқиганда тиловат саждаси вожиб бўлади. (Қуръони Каримда) «сажда» сўзи куфр аҳли ҳақида қўлланилса, улардан «сажда феъли» эмас, балки эътиқодий таслим бўлиш (бўйсуниш) ирода қилинган бўлади. Мусулмонларда эътиқодий бўйсуниш топилгани учун улар сажда қилиб, таслим бўлишлари лозим бўлади. Оят маъноси қиёмат кунига тегишли деб қаралса, мушриклар у Кунда қийинчилик ва даҳшатга рўбарў келганларида, Аллоҳ таолога таслим бўлиб, бўйсунадилар. Лекин Аллоҳ улардан буни қабул қилмайди. Чунки охират имтиҳон вақти эмас, балки мукофот ва жазо вақтидир.
Иккинчиси, «сажда» бор куч-ғайратни талаб қилинган нарсага сарфлашдир. Инсон ўлимга дуч келганида, ундан нафси эмас, балки руҳи олинади. Мабодо, у кофир бўлса, вафотидан кейин азобга дуч келишини билгани учун руҳининг чиқиши машақ-қатли бўлади. Шунинг учун ҳам (динсизлар) жон беришни жуда ёмон кўрадилар. Бу ҳақда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ушбу мазмунда ҳадис ривоят қилинган: «Ким Аллоҳ таолога йўлиқишни ёқтирмаса, Аллоҳ ҳаму билан учрашишни ёқтирмайди. Ким Аллоҳга йўлиқишни ёқтирса, Аллоҳ ҳам у билан учрашишни ёқтиради». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бунинг қачон юз бериши ҳақида сўралди. У зот: «Ўлим вақтида», дедилар. Кофир инсон ўлими асносида кўзига кўринган ёқимсиз вазият сабабли руҳининг қабз қилинишини ёмон кўради.
«Улар саждага чақирилганда» ояти (мўминларнинг) ўлим вақтига тегишли деб қаралса, Аллоҳ азза ва жалланинг «қодир бўлмаслар» ояти сажда қилишга имконлари қолмайди, деган маънони англатади.
Мўмин киши (ўлим вақтида) ўзи учун охиратда тайёрлаб қўйилган ноз-неъматларни кўрса: «Руҳим тезда олинса-ю, иззат-икромларга эришсам», деб орзу қилади. Мазкур оят охиратга тегишли бўлиб, зикр этилган саждадан ҳақиқий сажда қилиш маъноси ирода қилинса, оятдан мушрикларга қуйидаги эслатма келиб чиқади: «Аллоҳ таолога етадиган манфаат ёки ҳожат туфайли сажда қилиш билан дунёда имтиҳон қилинмадилар, балки ўзларига етадиган манфаат туфайли (дунёда сажда қилиш билан) имтиҳон қилиндилар. Бордию ушбу имтиҳон Аллоҳнинг манфаати учун бўлганида, албатта, улар охиратда ҳам сажда қилишдан тўсилмаган бўлар эдилар». Валлоҳу аълам!
Кўпчилик мутакаллимларнинг таъкидлашича, Аллоҳ таоло уларни охиратда сажда билан имтиҳон қилмайди. Чунки охират имтиҳон диёри эмас. Албатта, бу ўринда саждага буйруқ танбеҳ маъносидадир. Жаъфар ибн Ҳарб ҳам уни танбеҳ маъ-носида деб билган. Буни қуйидагича тушуниш мумкин: Бир киши бой-бадавлат бўлиб, молидан закот чиқармаса ва имкони бўлиб, ҳажга ҳам бормаса, сўнгра бойлик қўлидан кетса, унга танбеҳ сифатида: «Энди ҳаж қилгин! Энди закотингни бергин!» дейилади. Бундай танбеҳда айнан ҳозир ҳаж ибодатини адо этиб, закотингни бер, деган маъно йўқ. Балки унда танбеҳ ва эслатма маъноси бордир. Мутакаллимлар томонидан айтилган бу сўзлар эҳтимолли қарашлардир. Биз юқорида қайд қилган маънода сажда билан имтиҳон қилинишлари мумкин, яъни сажданинг манфаати Аллоҳ таолога эмас, сажда қилувчиларга бўлади.
Аллоҳ азза ва жалланинг: «улар саждага чақирилганда» деган оятини «куч-қувват ва сабабларга имкони бўлмайди» тарзида ёки «улар бошларига тушган ташвиш ва қўрқинчли вазиятлар туфайли сажда қилишга куч топа олмайдилар», деб тафсир қилиш мумкин.
[43] (Ўшанда) кўзлари қуйида ва уларни хорлик эгаллаган ҳолда бўлурлар. Улар соғлом бўлган ҳолларида сажда қилишга чорланар эдилар (аммо ундан бош тортар эдилар).
Аллоҳ азза ва жалланинг: «Улар соғлом бўлган ҳолларида сажда қилишга чорланар эдилар (аммо ундан бош тортар эдилар)» ояти сабаблар топилганида фарз амаллар зиммага вожиб бўлади, деган маънони англатади. Валлоҳу аълам!
[44] Бу гапни ёлғонга чиқарувчиларни Менинг Ўзимга қўйиб беринг. Биз уларни ўзлари билмаган тарафдан аста-секин оламиз!
Оятдаги «гап»дан Қуръони Карим ёки қайта тирилиш назарда тутилаётган бўлиши мумкин. Бу ўринда «қайта тирилиш» маъноси муносиброкдир.
Аллоҳ азза ва жалланинг: «Биз уларни ўзлари билмаган тарафдан аста-секин оламиз!» ояти борасида Қутабий бундай деган: «Инсоннинг даражасини то ҳалок бўлгунича (ўзига билдирмай) пасайтириб-пасайтириб боришдир».
Бошқа бир қарашга кўра, оятдаги «истидрож» сўзи Макка мушрикларига ноз-неъматлар инъом этиб, фурсат бериб, уларнинг шукронасини унуттирамиз. Натижада улар қаерда бўлмасинлар, устиларига азоб ва ҳалокат тушади, деган маънодадир.
[45] Мен уларга муҳлат бериб тураман. Зеро, Менинг «макрим» жуда каттиқдир.
Аслида [кайдун] - «ҳийла», «макр» ва «истидрож» сўзлари маънодош бўлиб, бир инсоннинг ишончига кириб, ҳалокатига сабаб бўладиган нарсаларни кутишдир. Мазкур сўзлар одатда инсонлар орасида салбий маънода қўлланади. Шунингдек «макр» сўзи Аллоҳ таолога нисбатан ҳам ишлатилади. Лекин у Яратганнинг исми бўла олмайди. Чунки Аллоҳ таолони [маакирун] - «макр қилувчи», [кааидун] - «ҳийла қилувчи» ва [мустадрижун] - «истидрож қилувчи» деб атаб бўлмайди. Мазкур сўзлар Аллоҳга нисбат берилганда бандаларнинг аммалларига Унинг «жазо»си маъносини англатади. Аслида ушбу жазо «ҳийла» ҳисобланмайди. Лекин баъзи ўринларда «жазо» қилинган гуноҳнинг исми билан аталиши мумкин. Жумладан, «Ёмонликнинг жазоси ёмонликдир» (Шуро сураси, 40-оят) оятида қилинган [саййиатун], яъни ёмонликнинг жазоси [сай-йиатун] - «ёмонлик» деб аталмокда. Ҳолбуки, жазо [саййиатун] - «ёмонлик» бўлмайди. Худди шунингдек, бошқа бир оятда:
«Ким сизларга тажовуз қилса, сизлар ҳам ўша меъёрда тажовуз қилинг!» (Бақара сураси, 194-оят) дейилган. Бу оятда ҳам тажовуз (ҳаддан ошиш)нинг жазоси - тажовуз (ҳаддан ошиш) дейилмоқда. Худди шунингдек, (биз ўрганаётган) мазкур оятда макр-ҳийлага тайин қилинган жазо ҳам «макр» деб аталмоқда. Бу оятдаги [кайдун] сўзини ҳақиқий маънода, яъни «Аллоҳнинг макри» деб тушунмаслик керак.
Еки бундай деймиз: «Уз дўсти ва яқинига нисбатан макр ишлатган киши мазаммат қилинади. Лекин душманига нисбатан кимдир макр-ҳийла ишлатса, асло мазаммат қилинмайди. Юқоридаги оятда ҳам Аллоҳ таоло Уз дўстларига эмас, душманларига [кайдун] - «ҳийла» қилиши айтилган. Шундай экан, мазкур оятда [кайд] сўзини Аллоҳ таолога нисбатан қўллаш жоиздир.
Аслида, Аллоҳ таолога нисбатан ишлатилган феъл ҳақиқий маънода қўлланилганми ёки мажозий маънодами, деган саволни ўртага қўйиш керак. Агар феъл мажозий маънода ишлатилса, уни Аллоҳ таолога исм қилиб бўлмайди. Масалан, Аллоҳ таолога нисбатан [каатибун], [наафиху рууҳин] - «руҳни пуфловчи», [кааидун] - «ҳийла қилувчи» ва [маакирун] «макр қилувчи» исмларини қўллаб бўлмайди. Чунки Аллоҳ таоло мазкур сифатлардан покдир. Агар феъл Аллоҳ таолога нисбатан ҳақиқий маънода ишлатилса, уни Яратганга исм сифатида талқин қилиш мумкин. Масалан, Аллоҳ таолони [мунъимун] «инъом қилувчи», [муфзилун] - «илтифотли», [холиқун] -«яратувчи», осфроҳманун] - «раҳмли» деб аташ мумкин. Чунки мазкур феъллар ҳақиқатда Аллоҳ таоло томонидан содир бўлади.
Аллоҳ азза ва жалланинг [матийнун] - «жуда қаттиқ» сўзи «ўта кучли», «собит» деган маъноларни англатади. Аллоҳ таолонинг [инна кайдий матийнун] - «Менинг «макрим» жуда қаттиқдир» ояти «Душманларимга қарши макрим собит» деган маънони беради. Шунингдек, Аллоҳ таолонинг макри душманларнинг макрига ўхшамайди. Чунки душманларнинг ҳийласи шайтон макрига асосланган бўлиб, шайтоний макр ўта заиф экани Қуръони Каримда баён қилинган(«Имон келтирганлар Аллоҳ йўлида жанг қиладилар. Кофирлар (эса) Тоғут (шайтон) йўлида жанг қиладилар. (Сизлар) шайтоннинг дўстларига қарши жанг қилинглар! Албатта, шайтоннинг макри заифдир» (Нисо сураси, 76-оят).). Аслида, Аллоҳ таолога нисбати берилган «макр» ҳақдир. У ўта кучли ва мустаҳкам бўлиб, уни даф қилувчи қудрат йўқ. Шайтоний макр эса ботил бўлиб, у беқарордир. У ҳакда Аллоҳ таоло бундай деган:
«Ёмон сўзнинг (яъни куфр сўзининг) мисоли эса ер юзасидан (илдизи) узилиб қолган, бир жойда қарори йўқ нопок дарахтга ўхшар» (Иброҳим сураси, 26-оят).
[46] Ёки сиз улардан ҳақ сўряпсизу, улар қарзга ботиб қолдиларми?!
Аслида Пайғамбар алайҳимуссаломлар ақл ва табиатга оғирлик қиладиган нарсага халқни чорламаганлар. Балки даъватни қабул қилишлари осон бўлиши учун табиат ва ақлга енгил ва содда нарсага уларни чақирганлар. Зеро, мушриклар кўплаб илоҳларга ибодат қилаётганларида, пайғамбарлар уларни якка-худоликка чақирганлар. Аслида бир зотга ибодат қилиш, кўпчиликка ибодат қилишдан кўра енгилроқдир. Пайғамбарлар ўз қавмини ростгўйлик, гўзал хулқ каби ижобий хислатларни эгаллашга даъват қилганлар. Бу каби нарсаларни қабул қилиш ўта енгилдир. Аллоҳ таоло: «Улардан ҳақ оляпсизу, бу уларга оғирлик қилиб, (диним) енгил бўлишига қарамай, уни қабул қилмай тарк қилмокдаларми?» Мазкур оят уларнинг ақллиларини аҳмоққа чиқариш учун айтилган
.
[47] Ёки ҳузурларида ғайб илми бору, улар ёзиб оладиларми?
Бу оят бир неча маъноларни ифодалаши мумкин: Биринчиси, уларда мусулмонларни кофирларга тенглаштиришимиз ҳақидаги даъволарини асословчи ғайб илми борми ва бу ҳақда ҳузурларида ёзилган ҳужжат борми ёхуд уларнинг салафларида ғайб илми бўлиб, уни уларнинг китобларидан топиб, авлодларига ўргатганлару шу (илм) юзасидан сиз билан тортишмокдаларми?
Билингки, бу даъво эгалари илоҳий китобларга ҳам, пайғамбарларга ҳам имон келтирмаган бўлсалар, қандай қилиб сиз олиб келган хабар ҳақида тортишадилар ва қандай қилиб берган хабарингизда сизни ёлғончига чиқарадилар?! Аслида, бирор нарсани ёлғонга чиқариш учун кишида унга қарши илм бўлиб, биз юқорида қайд қилган икки нарсанинг бири билан қувватланган бўлиши даркор. Мазкур оят Макка мушрикларининг:
«Биз фақат уларга бизни Аллоҳга яқин қилишлари учунгина ибодат қилурмиз (ва натижада улар бизнинг охиратдаги шафоатчимиз бўлади)» (Зумар сураси, 3-оят), деган гумонларига қарши ҳужжат бўлиши ҳам мумкин. Уларни бундай даъво қилишга нима ундамоқда? Ёки уларнинг қўлида ғайб ҳақида маълумот бормики, юқоридаги даъволарни ундан ёзиб олаётган бўлсалар?!
Ёки қавм Аллоҳ таолонинг динини маҳкам тутиб, Уни илоҳ сифатида эътироф этганлар. Бу уларни Аллоҳ таолони улуғлашга ва неъматларга шукр қилишга ундайди. Булар эса пайғамбарларсиз маълум бўлмайди. Одамлар ғайб илмини ўргатадиган кишига муҳтожликларини эътироф этганлар. Шунга қарамай, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъватига лаббай деб жавоб беришдан уларни нима тўсмокда? Яъни уларда ғайб ҳақида илм йўқки, у билан чекланиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан беҳожат бўлишса!
[48] Раббингиз ҳукмига сабр қилинг ва бир вақтлар ғамга тўлган ҳолда нидо қилган балиқ соҳибига ўхшаманг.
Аллоҳ азза ва жалланинг: «Раббингиз ҳукмига сабр қилинг» ояти борасида (тўхталамиз). Аллоҳ таолонинг расулларга ҳукми уч турлидир: биринчиси, қавм томонидан пайғамбарга етадиган азият қанча кучли бўлмасин, то илоҳий изн бўлмагунича, уларнинг ҳалокатини сўраб дуо қилмаслик; иккинчиси, уларга нисбатан бало қанчалик кучаймасин, Аллоҳнинг изни бўлмагунича, қавмни ташлаб кетмаслик; учинчиси, жонларига хавф бўлса ҳам, динни етказишда бепарволикка йўл қўймасликдир.
Мазкур уч ҳукм ортида пайғамбарларга қуйидаги икки амр юклатилган: Биринчиси, фақат Аллоҳ таоло учун ғазаб қилиш. Иккинчиси, қавмларидан азият етганида ўз жонларига азият етгани учун хафа бўлмаслик, балки пайғамбарларни ёлғончига чиқарганлари учун қавмнинг устига азоб келиши муқаррар экани сабабли ўз қавмига нисбатан шафқати ва марҳамати туфайли маҳзун бўлиш. Бу Раббингизнинг ҳукмидир. Аллоҳ азза ва жалланинг: «Раббингиз ҳукмига сабр қилинг» оятини «Қилмишлари сабабли қавмингизни жазолашга шошилмай, уларни азоблаш ҳақида Раббингизнинг ҳукми келгунича сабр қилинг», деб таъвил қилиш мумкин.
Аллоҳ азза ва жалланинг: «Ва бир вақтлар ғамга тўлган ҳолда нидо қилган балиқ соҳибига ўхшаманг...» ояти икки хил маъно англатиши мумкин: биринчиси, Юнус алайҳиссалом қавмининг ҳалокатини сўраб, уларнинг зарарига дуо қилди-ю, лекин бу дуо Бизнинг ҳузуримизда қабул бўлмади. Юнус алай-ҳиссалом қавмига аччиқланиб, улардан ажралди. Бу маъно Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятида акс этган:
«Зуннун (Юнус) (ўз қавмидан) ғазабланган ҳолда (қишлоғидан чиқиб) кетди» (Анбиё сураси, 87-оят). Аслида, Юнус алай-ҳиссаломнинг қавмини тарк қилишга Аллоҳ таолодан изн бўлмаган эди. Шунинг учун оятда Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб: «Қавмни тарк этиб чиқиб кетишингиздан Раббингиз қайтарди. Бу ҳукмда матонат билан туринг ва наҳанг соҳиби каби бўлманг. Чунки у Аллоҳ таолодан изн келишидан олдин ўз қавмини тарк этиб, чиқиб кетди», деди.
Иккинчиси, Юнус алайҳиссалом қавмининг азиятига сабр қилмай, уларни ташлаб кетди. Натижада Аллоҳ таоло уни наҳанг балиқ билан имтиҳон қилди. Балиқ қорнида Аллоҳ таолога дуо билан ёлвориб, (бу ғамдан) халос қилишини сўради. Аллоҳ таоло бўлиб ўтган воқеаларни Расулуллоҳга эслатиб бундай деди: «Қавмингизга сабр қилинг ва асло наҳанг соҳибининг йўлига эргашманг. Чунки у қавмига сабр қила олмади ва натижада мазкур синовга мубтало бўлиб, балиқ қорнидан бундай деб илтижо қилди:
«Сендан ўзга илоҳ йўқцир. Сен (барча) нуқсонлардан поқдирсан. Дарҳақиқат, мен (ўзимга) зулм қилувчилардан бўлдим» (Анбиё сураси, 87-оят). Эй Муҳаммад алайҳиссалом, қавмингизга сабр қилмай, сиз ҳам чиқиб кетсангиз, Юнус алай-ҳиссалом каби имтиҳон қилинасиз...»
Юнус алайҳиссаломни маломат қилиш, наҳанг қорнидан халос қилишини сўраб қилган дуоси учун унга танбеҳ бериш асло мумкин эмас. Зеро, унинг бошига келган синовлар илоҳий имтиҳон бўлиб, бундай вазиятда банда азобга сабр қилиш билан кифояланмай, Аллоҳ таолога ундан халос қилишини сўраб, муножот қилиши лозим бўлади. Лекин Юнус алайҳиссаломга изнсиз қавмини тарк этганлари ва қавмнинг қилмишларига сабр қилмаганлари учун танбеҳ берилган.
[49] Агар унга Парвардигори (томони)дан неъмат етмаганида, албатта, қораланган ҳолида қуруқликка улоқтирилган бўлур эди.
«Парвардигоридан неъмат» иборасидан Юнус алайҳиссаломга тавба ва итоат учун илоҳий тавфиқ насиб этиши, Аллоҳ таоло у кишининг тавбасини қабул қилиши назарда тутилган. Аслида, илоҳий ҳикматга кўра, у зотнинг тавбаси қабул қилинмаслиги керак эди. Чунки у машаққатга гирифтор бўлиб, бошига илоҳий кулфат ва Аллоҳнинг жазоси келганида тавбага юзланди. Бундай ҳолатда, Аллоҳнинг ҳикматига кўра, илоҳий азоб ва кулфат тушганида тавбалар қабул қилинмаслиги керак эди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай деган:
«Бас, қачонки, улар Бизнинг азобимизни кўришгач: «Якка Аллоҳга имон келтирдик ва (илгари Аллоҳга) шерик қилиб олган нарса (бут)ларимизга кофир бўлдик», - дедилар. (Лекин) Бизнинг азобимизни кўрган вақтдаги имонлари уларга фойда бермади. (Бу) Аллоҳнинг (барча) бандалари ҳақида (жорий қилган) йўлидир. Ўшанда кофирлар зиён кўрдилар» (Ғофир сураси, 84-85-оятлар(Ғофир сурасининг бошқа номларидан бири «Мўмин» сураси бўлиб, мазкур сура Имом Мотуридийнинг тафсирида айнан шу ном билан зикр этилган.)). Юнус алайҳиссалом тавбасининг қабул қилиниши Аллоҳ таолонинг унга берган юксак неъматидир.
Аллоҳ азза ва жалланинг: «...қуруқликка улоқтирилган бўлар эди» оятидаги [ал-ъароъ] - «қуруқлик» сўзи «холи, очиқ жой» деган маънони англатади. Аллоҳ таоло Юнус алайҳис-саломнинг тавбасини қабул қилмаганида наҳанг қорнида қиёматгача қолиб кетар ва ўша куни қораланган ҳолида майдонга улоқтирилган бўлар эди. Лекин Аллоҳ таоло Юнус алайҳиссаломга тавбасини қабул қилиш билан марҳамат кўрсатиб:
«Биз уни хаста ҳолида қуруқликка улоқтирдик» (Соффот сураси, 145-оят) деди. Оятдаги «хаста» сўзи «безгак, иситма» деган маъноларни англатади. Аллоҳ таоло Юнус алай-ҳиссаломни ўз ҳолига ташлаб қўйганида «қораланган ҳолида қуруқликка (майдонга) улоқтирилган бўлур эди». Лекин Аллоҳ таоло Юнус алайҳиссаломнинг тавбасини қабул қилди ва куруқликка қораланмаган ҳолда улоқтирилди.
Аллоҳ азза ва жалланинг: «Агар унга Парвардигори (томони)дан неъмат етмаганида...» оятидаги «неъмат» сўзини уч хил маънога йўйиш мумкин: биринчиси, (содир этилган) хатони эслатиш маъноси. Юнус алайҳиссаломни наҳанг ютиб юбориши орқали, унга қилган хатоси эслатилди. Аслида, Юнус алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг изнисиз қавмини ташлаб чиқиб кетди ва бу ҳаракатини хато иш деб ҳисобламади. Чунки қавми пайғамбарга нисбатан дин масаласида душманлик қилар эдилар. Юнус алайҳиссалом қавмидан қутулиш, динини сақлаш ва Аллоҳ таоло борасида номақбул гап-сўзлар эшитмаслик учун уларни ташлаб кетди.
Иккинчиси, Юнус алайҳиссаломнинг қавмидан ажралиб чиқиб кетишида уларни Аллоҳнинг азобидан қўрқитиш ва даҳшатга солиш (ҳикмати) мавжуд. Чунки Аллоҳ таоло бирон қавмга азоб юборишни ирода қилмагунига қадар, пайғамбар уларни ташлаб чиқиб кетмайди. Юнус алайҳиссаломнинг қарорида қавмни ботил эътиқоддан бутунлай суғуриб олиб, Аллоҳ таолодан қўрқишга ундаш бордир.
Учинчиси, тўғри йўлга чорлаш мақсадида бировни қўрқитган киши савобли ва мақталган ишга қўл урган ҳисобланади. Юнус алайҳиссаломнинг ўз қавмини тарк этишидан мақсад уларни Ислом динига чорлаш бўлган. Натижада улар Исломни қабул қилдилар. Бу ҳакда Аллоҳ таоло бундай деган:
«Бас, имон келтирдилар. Кейин Биз уларни маълум муддат баҳраманд қилдик» (Соффот сураси, 148-оят). Юқоридаги уч сабабдан бирини мақсад қилиб, қавмни тарк этиш, аслида хато ҳисобланмайди. Балки у фазилатдир. Лекин шунга қарамай, Юнус алайҳиссаломга маломат етди. Чунки, қайд қилганимиздек, пайғамбарларга ўз қавмларидан қанчалик азият етмасин, Аллоҳ таолонинг изнисиз қавмни тарк этишлари мумкин эмас эди. Юнус алайҳиссаломнинг ўз қавмни ташлаб чиқиб кетиши Аллоҳ таолонинг изнисиз бўлган эди. Валлоҳу аълам!
Юнус алайҳиссалом мазкур ҳолатни хато деб ўйламаганлар. Бунга Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти ҳужжат бўлади:
«Бас, у Бизни ўзига (ер юзини) тор этмайди, деб гумон қилди» (Анбиё сураси, 87-оят). Бу оят: «...унга асло торлик қилмаймиз, деб ўйлаган...» деб таъвил қилинган. Бир қарашда: «Уни азобламаймиз деб ўйлаган...» деб изоҳланган.
Юнус алайҳиссалом нигоҳида қавмни ташлаб кетиш тойилиш бўлмаган. Акс ҳолда бундай гумон қилмаган бўлар эдилар.
Наҳанг балиқ ютиб, кўплаб машаққатларга гирифтор бўлганларидан кейин хато иш қилганларини англадилар. Аллоҳ таоло Юнус алайҳиссаломнинг янглишганини эслатгани у зотга берилган неъматлардан бири ҳисобланади. Аллоҳ таолонинг Юнус алайҳиссалом қалбига тавба қилиш тавфиқини солиши ҳамда унинг тавбасини қабул қилиши юқорида қайд қилинганидек, иккинчи ва учинчи неъматлардир. Аслида, Аллоҳ таолонинг ҳукмига кўра, азоб келгандан кейин ҳеч кимнинг тавбаси қабул қилинмайди. Чунки Аллоҳнинг азоби етиши аниқ бўлганидан сўнг ҳар қандай инсон дарҳол тавбага шошилади.
Аллоҳ таолонинг азоби келганидан кейин тавбага имконият қолмаслиги мўминларга эмас, кофирларга тегишли бўлиши мумкин. Чунки бошқа бир оятда бундай дейилади:
«...ёки Раббингизнинг баъзи оятлари келишини кутмоқдалар, холос. Раббингизнинг баъзи оятлари келган кунида ҳеч бир жонга, олдин имон келтирмаган ёки имонида яхшилик касб қилмаган бўлса, имони наф бермас» (Анъом сураси, 158-оят). Мазкур оятда Аллоҳ таолонинг белгиси, яъни жазоси келишидан олдин келтирилган имон ёки имон келтирганидан кейин қилинган яхши амаллар қабул қилинишига ишора бор. Чунки банданинг имони азоб келишидан олдин наф беради. Бошқа бир оятда кофирларга нисбатан бундай дейилади:
«Бас, қачонки улар Бизнинг азобимизни кўришгач: «Якка Аллоҳга имон келтирдик ва (илгари Аллоҳга) шерик қилиб олган нарса (бут)ларимизга кофир бўлдик», - дедилар. (Лекин) Бизнинг азобимизни кўрган вақтдаги имонлари уларга фойда берувчи бўлмади. (Бу) Аллоҳнинг (барча) бандалари ҳақида (жорий қилган) йўлидир. Ўшанда кофирлар зиён кўрдилар» (Ғофир сураси, 84-85-оятлар). Бу оят мушрикларга ҳам тегишлидир. Яна бир оятда:
«Гуноҳ ишларни қилиб юриб, қачонки бирорталарига ўлим келганида, «Энди тавба қилдим», дейдиган, шунингдек, кофирлигича ўлиб кетадиганларнинг тавбалари эса қабул қилинмагай» (Нисо сураси, 18-оят), дейилган.
Мўминларнинг тавбаси борасида қуйидаги оят нозил бўлган:
«Аллоҳнинг тавба қабул қилиши фақат ёмонлик (гуноҳ)ни билмасдан қилиб қўйиб, сўнгра тезлик билан тавба қилганлар учун (муқаррар)дир» (Нисо суараси, 17-оят).
Юқорида биз қайд қилган (азоб келгандан сўнг тавба қабул бўлмаслиги ҳақидаги) ҳукм мўминларга эмас, кофирларга тегишлидир. Ақл ҳам бунинг тўғрилигини тасдиқлайди. Чунки мўмин қилган ҳаракати гуноҳ эканини исботловчи ишорага муҳтож эмас, балки у ўзидан ўтган хатолик ва осийликни англайди. Демак, мўминнинг тавбаси балодан олдин мақбул бўлганидек, азоб келганидан кейин ҳам қабул қилинади. Кофир ўзи қилган ишини гуноҳ ва исён деб билмайди. Шунинг учун ҳам қилган иши гуноҳлигини англатувчи ишора ва далилга муҳтождир. Айни бу ҳолатда, тўсатдан унинг бошига Аллоҳ таолонинг балоси ва азоби келса, бу ҳол уни тафаккур қилиш ва ақлий мушоҳада юритишдан тўсиб қўяди. Натижада, унинг имони асосли ва ишончли бўлмагани учун наф бермайди. Бошқа томондан, кофир инсон ўзини азобдан қутқариш учун имон ва тавбага шошилади. Унинг мақсади доимий имонли бўлиш эмас, балки бошидан қора булутларни кетказишдир, холос. Шунинг учун ҳам оятда:
«Бордию (дунёга) қайтарилсалар ҳам, (яна ўша) тақиқланган нарсаларга қайтган бўлур эдилар» (Анъом сураси, 28-оят), дейилган. Яъни кофир кимсалардан азоб олиб ташланса, яна асл ҳолларига қайтиб оладилар. Шунинг учун ҳам уларнинг (жазо ва бало вақтидаги) имони қабул қилинмайди.
Ушбу фикрга: «Юнус алайҳиссалом қавми муқаррар азоб келишига ишончлари комил бўлганидан сўнг имон келтирдилар ва уларнинг имони фойда берди. Буни қандай изоҳлайсиз?» деб эътироз билдирилса, унга икки хил жавоб бериш мумкин:
Биринчиси, Юнус алайҳиссалом қавмига азоб ваъда қилинган-у, лекин қавм бу азобни ҳали ўз кўзлари билан кўрмаган бўлишлари мумкин.
Иккинчиси, Аллоҳ таоло уларнинг имонда содиқ эканини билгани учун имконият сифатида улардан азобни кўтарган бўлиши мумкин. Бошқа қавмлар эса: «Азоб кўтарилиб, сўнг куфрга қайтамиз», деган ниятда имон келтирганлари учун уларнинг имони қабул қилинмади. Аслида Аллоҳ таолонинг азоби келганида, ҳеч кимнинг тавбаси қабул қилинмаслиги керак эди. Лекин Аллоҳ таоло Ўз фазли ва инояти билан мўминларнинг тавбасини қабул қилади. Аммо Аллоҳ таоло дунё ноз-неъматларини диндан устун қўйган кофирларга асло фазл кўрсатмайди.
Мўътазилийларнинг мазкур масаладаги қарашларига кўра, гарчи мусулмон бўлса ҳам, кишининг тавбаси қабул қилиниши Аллоҳ таолонинг бандага берган неъмати ҳисобланмайди. Уларнинг бундай қарашни илгари суришлари қуйидаги эътиқодга асосланади: «Аллоҳ таоло кофирни маълум бир вақт ўтганидан кейин, ҳатто минг йилдан сўнг мусулмон бўлишини билса, Аллоҳ таоло у бандани мусулмон бўлишидан олдин ўлдириши мумкин эмас. Аксинча, Парвардигор зиммасида у бандани тавбага йўллаш ва тавбасини қабул қилиш масъулияти бор. Демак, буларнинг барчаси банданинг Аллоҳ таолодаги ҳақи бўлса, унинг тавбаси қабул қилиниши Аллоҳнинг бандасига берган инъоми ҳисобланмайди. Зеро, зиммасидаги мажбуриятни бажариб, ҳақни ҳақцорга етказиш инъом ҳисобланмайди. Балки зиммадаги масъулиятни адо этиш ҳисобланади» (мўътазилийлар эътиқоди шу ерда тугади). Мазкур талқин (наузан биллаҳ) гўё Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятида ҳеч қандай маъно-мазмун йўқлигини келтириб чиқаради:
«Агар унга Парвардигори (томони)дан неъмат етмаганида, албатта, қораланган ҳолида қуруқликка улоқтирилган бўлур эди» (Қалам сураси, 49-оят).
Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти мўътазилийларга том маънодаги раддия бўлади:
«Улар Сизга Исломга кирганларини миннат қилурлар. Айтинг: «Сизлар менга Исломингизни миннат қилмангиз. Балки агар (имонингизда) содиқ бўлсангиз, билингизки, Аллоҳ сизларни имонга ҳидоят қилганини миннат қилур» (Ҳужурот сураси, 17-оят). Аллоҳ таолонинг зиммасида бандасини ҳидоят йўлига солиш вожиб бўлганида, оятда «Аллоҳ сизларни имонга ҳидоят қилганини миннат қилур», демаган бўлар эди.
[50] Бас, уни Раббиси танлаб олди ва солиҳ бандаларидан қилди.
Аллоҳ азза ва жалланинг: «Парвардигор уни танлаб...» деган ояти «уни танлаб олиб, рисолат учун ихтиёр қилди», деган маънони англатади. Бу ҳакда оятда бундай дейилган:
«Биз уни юз минг, балки ундан ҳам кўпроқ (одам)га пайғамбар қилдик» (Соффот сураси, 147-оят).
Аллоҳ азза ва жалланинг: «...солиҳ бандаларидан қилди» ояти бу барча юборилган пайғамбарларнинг охиратдаги васфидир.
[51] Ва кофирлар зикрни эшитаётганларида сизни кўзлари билан тойдирмоқчи бўлдилар ва, албатта, у мажнундир, дерлар.
Баъзилар: «Бу ҳақиқий маънодадир (яъни кўз тегиши тушунилади). Ушбу оят шарафли ва ҳурматли кишиларга (ёмон назар билан) қарасалар, (кўз тегиб) офат келиши ва кўзи тегиши билан танилган «кўзли» инсонларга тегишлидир. Аллоҳ таоло Ўз фазли билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўз тегишидан асради ва кўзларини у зотга теккизишлари учун мушрикларга фурсат бермади. Бунда ҳам кофирлар учун Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақ пайғамбарлигига мўъжиза ва далил бордир», дедилар.
Бир киши эътироз билдириб: «Макка мушриклари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни мажнун ҳисоблаб: «Албатта, у мажнун», дер эдилар. Мажнунга эса ҳеч кимнинг кўзи тегмайди. Аксинча, шарафли, зодагон ва ақлли инсонларга кўз тегади. Ҳеч ким унга назар солмаган бўлса, нима асосда оятдан кўз тегиш маъносини чиқариш мумкин?» деса, унга қуйидагича жавоб берилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинаётган Қуръони Карим ва баракотга ҳасад қилган Макка мушриклари у зотни мажнунлар қаторига қўшдилар. Аслида, улар Пайғамбаримизга берилган ушбу неъматларга ҳасад кўзи билан қарар эдилар. Лекин уларнинг макру ҳийлалари ва ёмон назарлари Расулуллоҳга таъсир қилмади».
Баъзилар оятга ҳақиқий маъно эмас, мажозий маъно бериб: «Ва кофирлар» сизга нисбатан адовати ва нафрати қаттиқ бўлгани учун «сизни кўзлари билан тойдирмоқчи бўлдилар», тарзида тафсир қилганлар. Сўзлашувда учрайдиган: «Менга фалончи шундай қарадики, ўлдириб қўяй деди» мазмунидаги жумланинг маъноси ҳам мажозий бўлиб, оят маъносини шунга ўхшатиш мумкин. Аллоҳ азза ва жалланинг [лаюзлиқуунак] - «сизни йиқитадилар» сўзи «сизни (мақомингиздан) йиқитадилар, сизни (мақомингиздан) ағдарадилар», деган маъноларни англатади.
Аллоҳ азза ва жалланинг: «зикрни эшитаётганларида» оятидаги «зикр» сўзидан мурод, «Қуръони Карим»дир. Аллоҳ азза ва жалланинг: «Ва, албатта, у мажнундир, дерлар» оятига келсак, Макка мушриклари нима сабабдан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни мажнун дейишлари борасида юқорида сўз юритдик. Шунингдек, мушрикларнинг сўзларига раддиялар ҳамда шак-шубҳаларига етарли жавоблар берилди.
[52] Ҳолбуки, у бутун одамларга эслатмадан ўзга нарса эмас.
Мазкур оятдаги «эслатма» сўзидан Қуръони Карим ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ирода қилинган бўлиши мумкин. Чунки бундан олдинги оятларда иккисининг ҳам зикри ўтди. Зеро, Расулуллоҳ ҳам, Қуръони Карим ҳам инсониятга нима фойдаю нима зиён эканини, (ишларнинг) оқибатларини, бериладиган (мукофот ва жазо) ҳамда тақво қилинадиган нарсаларни эслатадиган эслатмадир. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таолонинг инояти билан Қалам сурасининг тафсири ниҳоясига етди.