loader

069. Ҳааққоҳ сураси

(Эллик икки оятдан иборат, маккий суралардан ҳисобланади.)

Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

[1] Ал-Ҳааққоҳ.

[2] Ал-Ҳааққоҳ нима ўзи?!

[3] Ал-Ҳааққоҳ нималигини сизга нима билдирди?!

[4] Самуд ва Од қориъани ёлғонга чиқаришди.
Юқорида зикр қилганимиздек, қиёмат куни (инсонларни) қўрқитиш ва даҳшатга солиш учун бало ва мусибатлардан иборат кулфатларнинг номлари билан аталган.
Унинг вақтининг баёни ва айнан ўзининг зикрида на қўрқувга солиш ва на қизиқтириш бор. Аллоҳ таоло ўша кунни (инсонларни гунохдан) тийиб қўйиш ва қайтариш сабаблари билан зикр қилди. Аллоҳ таолонинг [ал-ҳаққоҳ] сўзи «Ҳар бир амал эгаси учун ўзининг амали ҳақ. Ҳар бир ҳақ эгаси ўзининг ҳақига лойиқ бўлади. У дўзахий бўлса, унга муносиб бўлибди. Жаннатий бўлса, унга дохил бўлибди», деган маъноларни англатади.
Баъзилар: [ал-ҳаққоҳ] - умуман кўтарилмайдиган (бошдан аримайдиган) дўзах бўлиб, у (итоатсиз) халойиқнинг боши-га тушадиган жазо ва қиёмат кунида ваъда қилинган азобнинг кўринишларидир, дейди.
Бир қарашга кўра, у (яъни «ал-ҳакқоҳ») [ва ҳаақо биҳим](«Бордию улардан азобни маълум муддатгача кечиктирсак, улар: «Уни (азобни) нима ушлаб турибди?» дейдилар. Огоҳ бўлсинларки, (азоб) келадиган кунида (уни) улардан қайтариб бўлмас ва масхара қилиб юрган нарсалари (азоб) уларни қамраб олур» (Ҳуд сураси, 8-оят).) ояти каби «вожиб бўлувчи» маъносини ифодалайди, яъни «вожиб бўлди, бошларига тушди», демакдир.
Аслида, қиёмат куни Қуръони Каримда келган «ал-қориа», «ал-воқеа», «ат-танод», «ас-соххоҳ» каби у кунда инсонлар мубтало бўладиган ҳолатлар билан номланган. Қиёматнинг номлари инсонлар (у кунда) гирифтор бўладиган ҳолатлардан олингандир. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таолонинг: «Ал-Ҳааққоҳ нима ўзи?!» сўзи ўша кундаги вазиятнинг нақадар оғирлигини ифодалаш учун келган. Масалан, (арабларда) бирор кишининг куч ёки саховат каби сифатларини муболаға билан сифатлашда [фуланун ма фуланун] - «Фалончи?! Ким у фалончи?!»деб айтилади.
Аллоҳ таолонинг: «Ал-Ҳааққоҳ нималигини сизга нима билдирди?!» ояти ҳам қиёмат кунидаги ҳолатнинг оғирлигини ифодалаш учун келган. (Оят маъноси) «Сиз билмас эдингиз, Аллоҳ (уни) сизга билдирди. Чунки сизнинг ҳам, қавмингизнинг ҳам қиёмат ҳақида маълумоти йўқ эди. Аммо Аллох таоло сизни ундан бохабар қилди», деган маънода бўлиши ҳам мумкин. Чунки у зотнинг қавми қайта тирилишни инкор этар ва қиёмат куни ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмас эдилар. Аллоҳ таоло ақл идрок қила оладиган қайта тирилишга оид далилларни ва яхши билан ёмон, исёнкор билан итоаткорнинг тенг бўлиши мумкин эмаслиги ҳамда ушбу оламнинг бекордан-бекорга вужудга келмагани ва бошқа сон-саноқсиз ҳикматларни уларга эслатди. Улар бунга қаноат қилмай, Еру осмонларнинг яратилиши борасида фикр юритмаганлари ва оятлардан ибрат олмаганларидан сўнг расулларни ёлғончига чиқарувчи ва қайта тирилишни инкор қилувчи қавмлар гирифтор бўлган нарсани, яъни таг-томирлари билан қириб юборилгани сабабли уларнинг на ота-боболари ва на давомчилари қолганини Аллоҳ таоло уларга ҳужжат қилиб келтирди.
Бундан уларни кучлироқ огоҳлантириш кўзда тутилган эди. Уша ҳужжат(лардан бири) Аллоҳ таолонинг: «Самуд ва Од қориъани ёлғонга чиқаришди» оятидир. Бу оятда Аллоҳ таоло ўз пайғамбарларини ёлғончига чиқарганлари учун Самуд ва Од кабилалари бошига тушган мусибат ва балони эслатиб: «Пайғамбарларини ёлғончига чиқарганлари сабабли Од ва Самуд қабилаларига етган мусибат Аллоҳ таолодан етказаётган хабарларида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ёлғончига чикарганларга ҳам тезда етади. Шунда шояд, улар пайғамбарни ёлғончига чиқаришдан тийилишса!» демоқда. Ёки Аллоҳ таоло уларга: «Самуд ва Од қабилалари ўз пайғамбарларини ёлғончига чиқардилар. Улар ҳалок бўлишга яқин қолганларида пайғамбарларини ёлғончига чиқарганларидан пушаймон бўлдилар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни келтирган хабарларида ёлғончига чиқаришда давом этсангиз, вафот этганингиздан кейин, албатта, сиз ҳам афсус-надомат қиласиз», демоқда.
Од ва Самуд қабилалари ҳақидаги хабарларни инкор этишларига қарамай, қиёмат куни мушрикларда ҳеч қандай ҳужжат қолмаслиги ва: «Ҳақиқатан, биз бундан бехабар эдик» (Аъроф сураси, 182-оят), демасликлари учун Аллоҳ таоло (маккаликларга) уларнинг хабарини эслатмоқда. Улар ўша нарса (яъни Од ва Самуд қавми) ҳақида маълумот излаганларида, бу оят ва хабарлар уларга аниқ маълумот берар эди. Зеро, ушбу оятлар ҳужжат ўрнида нозил бўлган. Улар мазкур оятлардан юз ўгириб, эътиборсиз қолдирганлари учун уларда узр қолмади ва имон келтирмаган бўлсалар-да, уларга қарши (ушбу оят) ҳужжат бўлди.
Аллоҳ таолонинг: «Ал-Ҳааққоҳ. Ал-Ҳааққоҳ нима ўзи?! Ал-Ҳааққоҳ нималигини сизга нима билдирди?!» ва «Ал-Қориъату. Қориъату нима? Қориъат қандоқ нарса эканини сизга нима билдирди?» оятлари Пайғамбар алайҳиссаломга эмас, қайта тирилишни инкор этувчиларга қаратилган бўлиши мумкин. Бу оят шундай таъвил қилинса, Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятига мазмунан ўхшайди:
«Эй инсон! Карамли Парвардигорингга нисбатан (ибодат қилма деб) сизни алдаб қўйган нарса нима?!» (Инфитор сураси, 6-оят).
Мазкур хитоб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эмас, дунёга алданган инсонларга қаратилгандир.
Оятдаги хитоб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қаратилган бўлиши ҳам мумкин. Хитоб Расулуллоҳга қаратилса, ёлғончига чиқарувчиларга қаратилган хитобдаги маънодан бошқа маъно ирода қилинади. Аслида, бир кишининг: [Фуланун. Маа фуланун] - «Фалончи. Ким у фалончи?» деган сўзи воқеликда қулоқ (зеҳн)ларни ўзига жалб этади ва тингловчини изланишга чорлайди. Чунки фалончида ҳайратомуз нарса бўлгани ёки унинг қадр-қиммати юксаклиги учун бир киши уни «Фуланун. Маа фуланун», деб эсламоқда. Натижада, киши ўша ажойиб нарсалардан воқиф бўлиш учун у ҳақда изланиш олиб боради.
Оятдаги хитоб қайта тирилишни инкор этувчиларга қаратилган бўлса, бу уларни ажойиб ва улуғвор нарсаларни билишга чорлайди. Аллоҳ таолонинг: «Ал-Ҳааққоҳ нималигини сизга нима билдирди?!» оятидаги ҳайратланишда муболаға бордир. Қайта тирилишни инкор этувчилар ушбу оятни мулоҳаза қилиб, тушунсалар, бунинг ўзи уларни имонга чорлайди. Натижада, оят (инсонларни) қизиқтириш ва қулоқларини ўзига жалб килиш маъносида экани аён бўлади.
Бордию (оятдаги) хитоб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қаратилган бўлса, унинг таъвили бундай бўлади: «Қайта тирилишни инкор этувчилар Расулуллоҳга макр қилганлари учун у зот улардан озорландилар ва бу Пайғамбаримизга оғир ботди. Шунинг учун Аллоҳ таоло мушрикларнинг бошларига тушадиган ва тушиши ҳақ бўлган азобни зикр қилмоқда». Агар шундай деб таъвил қилинса, мушриклардан етган азият учун Пайғамбаримизга тасалли бериш маъноси юзага чиқади. Ёки Аллоҳ уларнинг бошига келиши муқаррар бўлган азобни Пайғамбаримизга эслатиб, уларнинг қилмишидан хафа бўлмасликка чақирди. Бу Расулуллоҳни кофирларга нисбатан шафқатли ва меҳрибон бўлишга чақиради.
Агар оятдаги хитоб қайта тирилишни инкор этувчи кимсаларга қаратилган бўлса, демак, унда маккаликларни қўрқитиш ва даҳшатга солиш бордир. Бордию улар Пайғамбарларини «қайта тирилтириш борасидаги» хабарида ёлғончига чиқаришса, Од ва Самуд қабилаларига тушган азобга гирифтор бўладилар. Зеро, улар ҳам ўз пайғамбарларини ёлғончига чиқарганлари сабабли азобга мубтало бўлган эдилар. Маккаликлар у икки қабилага тушган азобдан бохабар эдилар. Бордию оятдаги хитоб Расулуллоҳга қаратилган бўлса, унда Од ва Самуд қабилаларининг зикр қилинишида Пайғамбаримизни уларнинг азиятига сабр қилишга чорлаш ва тасалли бериш маъноси бордир. Чунки Аллоҳ таоло: «Сиз (ўз қавми тарафидан) ёлғончига чиқарилган дастлабки пайғамбар эмассиз. Аксинча, сиздан аввалги пайғамбарлар ҳам ёлғончига чиқарилганлар ва шу билан имтиҳон қилинганлар», деди (Шу орқали Аллоҳ таоло Расулуллоҳга тасалли бермоқца).
Сўнг Аллоҳ таоло «Қориъа» (қиёмат)ни инкор этган Од ва Самуд қабилаларига тушган азобни баён қилиб, бундай деди:

[5] Бас, Самуд (Солиҳ пайғамбар қавми) ҳаддан ошувчи (чақмоқ) билан ҳалок қилиндилар.
[ат-тоғияҳ] - «чақмоқ», [ал-ъаатияҳ] - «исёнкор» ва [ар-робияҳ] - «ўта қаттиқ» сифатлари Самуд қабиласига тушган азобнинг сифати бўлиши мумкин. Булар Самуд қабиласидан илгари содир бўлган ҳолатларнинг сифати бўлиши ҳам мумкин. Бордию [ат-тоғияҳ] уларга тушган азобнинг сифати бўлса, туғён - шиддатни ифодалайди. Тоғий орқаолдига қарамайдиган, қўрқув билмайдиган ўта исёнкор кишидир.
Аллоҳ таоло мазкур оятда Самуд қабиласи бошига юборган азобни «улардан бирортасини тирик қолдирмай, қириб юборди ва барчасини ҳалок қилди», деб васфлаган. Бир қарашга кўра, ўша азоб [ас-соиқоҳ] - «чақмоқ», бошқа бир қарашга кўра, у [ас-сойҳа](Бу гапни Қатода розияллоҳу анҳудан Ибн Жарир, Абдураззоқ, Абд ибн Ҳумайд, Ибн Мунзир ривоят қилган. Суютий. «Ад-дур ал-мансур», 6-жилд, 405-бет;) - «қичқириқ»дир. Шунинг учун бу ерда [тоғий] эмас, (муаннас(Араб тили грамматикасига кўра, сўзлар икки жинсли: музаккар ва муаннас бўлади. Тушуниш учун музаккар жинсини рус тилидаги «мужской род»га, муаннас жинсини эса «женский род»га бир жиҳатдан ўхшатиш мумкин.) жинсда) [тоғияҳ] дейилган.
Айтилишича, азобнинг мазкур исми азобланаётган кишиларнинг феълидан олинган. Феълларнинг ўзи [ат-тоғияҳ] эмас. Балки қавмнинг амалидан азобнинг исми олингандир. Бунга Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятлари мисол бўлади:
«(Ҳар қандай) ёмонликнинг жазоси худди ўзига ўхшаш ёмонликдир» (Шуро сураси, 40-ояти).
«Ким сизларга тажовуз қилса, сизлар ҳам уларга ўша меъёрда тажовуз қилинг!» (Бақара сураси, 194-оят). Буларнинг барчаси қилган ёмонликлари ва ҳаддан ошишларининг жазосидир.
(Яна) Айтилишича, улардан ўтган гуноҳ ва туғён сабаб оятда [бит-тоғияҳ] деб келтирилган. Бу худди Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятига ўхшайди:
«Самуд (қабиласи) ҳаддан ошгани сабабли (ўзларининг пайғамбарини) ёлғончига чиқардилар» (Шамс сураси, 11-оят)(Бу гапни Мужоҳид розияллоҳу анҳудан Ибн Жарир, Абд ибн Ҳумайд, Ибн Мунзир ривоят қилган. Суютий. «Ад-дур ал-мансур», 6-жилд, 405-бет.).
Бу (яъни [ат-тоғияҳ]) уларнинг ҳаддан ошиш ва ўта қайсарлик ҳолатларининг васфи бўлиши мумкин. [ал-ҳаққоҳ] ва [ал-қориъаҳ]ни инкор қилишлари ҳам уларнинг туғёнларидан (бири) ҳисобланади. Бордию инкор қилишдан тийилмасалар, Аллоҳ таоло худди анавилар (Од ва Самуд)ни ҳалок қилганидек, маккаликларни ҳам ҳалок қилишини айтиб (мазкур) оятда уларга таҳдид қилмоқда.

[6] Ва аммо Од (қавми) қаттиқ совуқ шамол билан ҳалок қилинди.
Ҳасан (Басрий): [ар-рийҳу ас-сорсору] - «баланд овозли қичқириқ», деган бўлса, баъзилар: «У ўта совуқ шамол» деб таъвил қилганлар. Бу Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятига ўхшайди:
«...Уни ҳалок қилган совуқ шамолга ўхшайди» (Оли Имрон сураси, 117-оят). Ундаги [ас-сорру] сўзи «совуқ» маъносида бўлиб, [ас-сорсор] унинг такрорланган шаклидир. Шамол давомли ва такрорланиб тургани учун Аллоҳ таоло уни мазкур сифат билан васфлади»(Бу гапни Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан Ибн Жарир ривоят қилган бўлиб. Қатода ва Мужоҳид ҳам шу гапни айтган.).
Аллоҳ таолонинг [ъаатияҳ] сўзининг таъвили [ат-тоғияҳ] лафзи остида зикр қилинди.
Калбий ва ундан бошқаларнинг айтишича, шамол қўриқчи фаришталарга итоатсизлик қилиб, унга уларнинг тоқатлари етмагач, у ии [ъаатияҳ], яъни «исёнкор» деб аталди. Бу қараш тўғри эмас. Чунки фаришталарга шамолни тутиб туриш вазифаси юклатилса, уларнинг бунга кучлари етмаслиги ва шамолнинг уларга итоатсизлик қилиши мумкин эмас. Аммо ўша пайтда шамолни жиловлашга фаришталар масъул қилинмаган эдилар дейилса, тўғри бўлади. Фаришталар шамолни жиловлашга масъул бўлишса-ю, лекин уларнинг шамолни тутиб туришга ожиз қолиши мантиққа зиддир. Тавфиқ Аллоҳдандир!

[7] У зот уларнинг устидан бу шамолни етти кечаю саккиз кундуз тўхтовсиз эстириб қўйди. Бас, қавмнинг у ерда ҳалок бўлиб, йиқилганини кўрасан. Улар худди хурмонинг чириб, ичи бўшаб қолган танасига ўхшайдилар.
Аллоҳ таолонинг [саххороҳаа] сўзини «уни юборди» ва «уларнинг устидан уни бетўхтов эстириб қўйди», деб талқин қилинган.
Айтилишича, [ат-тасхир] - «бўйсундириш», яъни «уни бўйсундириб қўйди», деган маънони англатади. Аллоҳ таоло шамолни шундай амр қилдики, у (Од қабиласининг) устидан Аллоҳ белгилаб қўйган тарзда ўтишда ва У Зот юборган ишда асло У Зотга итоат қилишдан бўйин товламади. Ахир Аллоҳ таоло шамолни хоссатан уларнинг баданларига жўнатган. У уларнинг масканларидан бирортасига зиён етказмади. Бу худди Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятига ўхшайди:
«У Парвардигорининг амри билан барча нарсани вайрон қилади. Бас, (у бўрон келиб) тонг отганида фақат уларнинг (колдиқ) масканларигина кўзга ташланар эди» (Аҳқоф сураси, 25-оят). Шамол баданларга қаратилган экан, бинолар (вайрон қилиниши)га йўналтирилиши кўпроқдир. Лекин Аллоҳ таоло унга бундай амр этмади. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таолонинг «пайдарпай етти кеча ва саккиз кундуз» сўзида кундузларнинг кечалар саноғида бўлмаганини баён қилиш бордир. Бордию кеча ва кундуз бир хил саноқда бўлса, бошқа ададнинг зикри икки ададдан бирининг зикри ичида бўлар эди. Чунки кечаларни тилга олиш кундузларни, кундузларни тилга олиш кечаларни ўз ичига олади. Аллоҳ таоло Закариё алайҳиссаломнинг қиссасида бундай деган:
«Сизнинг белгингиз уч кун одамларга фақат ишора билан гапиришингиздир» (Оли Имрон сураси, 41-оят).
Бошқа ўринда бундай деган:
«...Соғ бўлатуриб, уч кеча (ва кундуз)гача гапирмайсиз» (Марям сураси, 10-оят). Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таолонинг [ҳусуман] сўзи бир қарашга кўра «тўхтовсиз» деган маънони билдиради. Айтилишича, у [ал-ҳасм] сўзидан олинган бўлиб, «бўлак-бўлак» деган маъ-нони англатади. Яъни [ҳасамат аррийҳу кулла шайъин маррот биҳи ҳасман] - «Шамол барча нарсани бўлак-бўлак қилиб юборди», дейилади. Бир қарашга кўра, «Улардан шамолнинг баракасини кесган нарса шумликлари»дир.
Аллоҳ таолонинг «Бас, қавмни у ерда ҳалок бўлиб, йиқилганини кўрасан» ояти шундай изоҳланади: «Сиз уларни учратиб, шоҳид бўлиб, ўз кўзингиз билан кўрганингизда эди, албатта, уларнинг ҳалок бўлиб, йиқилганларини кўрар эдингиз. Улар худди хурмонинг чириб, ичи бўшаб қолган танасига ўхшайдилар».
Баъзилар: «Яъни бир-биридан ажралган аъзоларни кўрасан. Улардан ҳар бир бўлак худди хурмонинг чириб, ичи бўшаб қолган танасига ўхшайди. Чунки улар хурмо дарахтининг таналаридан каттароқ бўлган. Демак, бу оят бир-биридан ажралиб, парчаланиб кетган аъзолар, деб таъвил қилинади».
Бу оятда «нахл» (хурмо) сўзи муаннас билан зикр қилинган. Яъни [аъжаазу нахлин ховияҳ] дейилган(Ушбу оятда «хурмо» сўзидан кейин келган «ховия» (чириб, ичи бўшаб қолган) сўзи муаннас ҳисобланади.). [иқтаробат] сурасида(Қамар сураси.) эса:
«Худди улар хурмони томири билан қўпоргандек (ердан)» (Қамар сураси, 20-оят) у (мунқаъир сўзи) музаккар билан қайд қилинган. Чунки хурмо ҳар иккала жинсда ҳам қўлланади. Зажжож худди шу қарашни илгари сурган (Зажжож. «Маъонил Қуръан ва иъробуҳу», 5-жилд, 214-бет.).
Зикр қилинишича, «хурмо» бу ерда ҳар қандай ҳолатда му-заккар жинсда бўлади. Лекин оятдаги (муаннас жинсдаги) [ховияҳ] - «ичи бўш, ғовак» сўзи «хурмо»нинг эмас, [аъ-жаазу] сўзининг сифатидир. У кўплик шаклида бўлиб, (араб тили қоидасига кўра, барча ақлсиз ва жонсиз нарсаларнинг) кўплик (шакли учун сифат вазифасида келган сўзлар) муаннас жинсда ифодаланади. «Хурмо» бирликда келгани учун музаккар жинсда бўлади». Аммо бу фикр унчалик тўғри эмас. Чунки мазкур оятдаги [ховияҳ] - «ичи бўш, ғовак» сўзи «хурмо»нинг сифати бўлиб келган. Шунинг учун ҳам сўзи кейинги оятга боғлаб ўқилганда рафъда(Араб тили грамматикасида исм туркумига мансуб сўзлар доимо уч ҳолат (рафъ, насб, жар)дан бирида бўлади. Бу ҳолатлар ҳосил қиладиган маънолар ўзбек тили грамматикасидаги келишикларга қисман ўхшайди. Шунга кўра, рафъ ҳолатини бош келишикка, насб ҳолатини тушум ва ўрин-пайт келишигига, жар ҳолатини эса қаратқич келишигига қиёслаш мумкин.) эмас, жарда тиловат қи-линади. Чунки ў [нахл] сўзи «исму жам» (кўпликнинг исми) бўлиб, битта хурмо бўлса [нахлатун], кўпи бўлса [нахл] дейилади. Қуйидаги исмлар ҳам худди шунга ўхшайди: [шажаротун, шажарун], [самаротун, самарун], [тамротун, тамрун].
Аллоҳ таолонинг [ховиятин] сўзига баъзилар «чириган» деб ва яна баъзилар «йиқилган» деб маъно берганлар. Йиқилган маъносини англатишига Аллоҳ таолонинг қуйидаги:
«...Шифтлари устига қулаган қишлоқ»(«Ёки бошқа бир киши (Узайр) кабики, (у) томлари йиқилиб, вайронага айланган қишлокдан (Байтул Мақдисдан) ўтиб бораркан: «Аллоҳ бу харобага айланган қишлоқ (аҳли)ни қандай тирилтирар экан-а?» деди» (Бақара сураси, 259-оят).) (Бақара сураси, 259-оят) ояти далил бўлади.
Айтилишича, [ховияҳ] сўзи - «бўшаб қолиш» маъносини ҳам англатади. Яъни хурмолар илдизи билан суғурилиб, ўрни бўшаб қолгани учун Аллоҳ таоло уни «бўшаган» деб зикр қилган.
[аъжаазун-нахли] - хурмо дарахтининг таналари, демакдир.

[8] Бас, сиз улардан бирортасининг боқий қолганини кўрасизми?
Мазкур оятда ёдга олинишларига сабаб бўладиган ҳеч бир насллари қолмаганига ишора бор. Уларнинг барчалари ҳалок қилиндилар. Улар ҳақида фақат ёмон хотираларгина қолди. Йўқса, улардан бирор асорат кўринар эди. Оят замиридан қавмнинг бутунлай йўқ қилиб юборилгани, азоб каттаю кичикни қамраб олгани келиб чиқади. Аллоҳ таоло ана ўша (итоатсиз)ларнинг оқибати ҳақида хабар бериб, маккаликларни қўрқитиб қўймоқда. Шунингдек, бу оятда осий қавм уларга раҳм-шафқатсиз азоб берилгани ҳақида хабар берилди. Ўтмишда пайғамбарларни ёлғончига чиқарган кимсалар борасида Аллоҳ таолонинг суннати (қонуни) айнан шундай бўлган.
Аллоҳ таоло бу уммат(дан имон келтирмаган ва динни ёлғонга чиқарган киши)нинг азобини уларга қарши қаттиқ курашиш ва жанг қилиш негизига жойлади. Демак, бу умматга бериладиган азобда (ўтган умматлардан фарқли равишда) раҳм-шафқат мавжуд, яъни ёш болалар ва аёллар ўлдирилмайди. Балки улар Исломни қабул қилиб қолсалар, деган умидда асирга олинадилар. Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти шунга биноан таъвил қилинади:
«Биз сизни фақат оламларга раҳмат қилиб юбордик» (Анбиё сураси, 107-оят). Валлоҳу аълам!
Бу уларнинг [Инна Муҳаммадан сунбурун],(«Абу Ҳанифа шундай деган: («ҳо»сиз) хурмо дарахтининг томирлари тарвақайлаб кетган туби - кучсиз, хор, бола-чақасиз, кимсасиз киши. Ҳадисда келишича, Қурайш кофирлари Пайғамбар алайҳиссалом ҳақларида:
[Муҳаммад сунбур], баъзан: [сунайбийрун], яъни унинг орқаси кесик, ака-укаси йўқ, агар вафот этадиган бўлса, номи ўчиб кетади», дер эдилар. Шунда Аллоҳ таоло: «Албатта, ғанимингизнинг ўзи (барча яхшиликлардан) махрумдир» (Кавсар сураси, 3-оят) оятини нозил қилди».) яъни «Муҳаммаднинг наслини ва зикрини боқий қиладиган ўғил фарзанди йўқ», деган сўзларига жавоб бўлиши ҳам мумкин. Демак, Аллоҳ таоло: «Бола-чақанинг кўплиги бирор нарсани у зотдан беҳожат қилмайди», деб хабар берди. Чунки уларнинг аҳллари, фарзандлари бор эди, аммо улардан ҳеч бирлари омон қолмай ҳалок қилиндилар ва уларнинг насли тўхтади. Билсинларки, хоҳ фарзанди бўлсин, хоҳ бўлмасин, Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилганларнинг номи боқий қолади. Валлоҳу аълам!

[9] Фиръавн, ундан аввалгилар ва тўнтарилганлар хато қилдилар.

[10] Бас, улар Раббиларининг Расулига осий бўлдилар. Дарҳақиқат, У Зот уларни қаттиқ тутишлик билан тутди.
[ва жааъа фиръавну ва ман қоблаҳу], яъни «Фиръавн, ундан аввалгилар» оятидаги [қоблаҳу] сўзи (баъзи қироатларда) «қоф» ҳарфининг касраси ва «ба» ҳарфининг фатҳаси билан (яъни Яд [қибалаҳу] тарзида) ҳам, «қоф» ҳарфининг фатҳаси ва «ба» ҳарфининг сукуни билан (яъни [қоблаҳу] тарзида) ҳам ўқилган(Ибн Меҳрон. «Ал-Мабсут фил қироъотил ашр», 444-бет; Ибн Жазарий. «Ан-Нашр фил қироъотил ашр», 2-жилд, 291-бет.). Биринчи қироатга кўра, оятнинг таъвили бундай бўлади: «Фиръавн ва у билан бирга бўлган лашкарлари, тобелари (хато қилдилар)» ёки «Миср яқинидаги қишлоқда ундан олдин ўтган кишилар (хато қилдилар)».
Баъзи ҳарфлар шоз (кам учрайдиган) қироат билан қуйидагича ўқилган: [ва жааъа фиръавну ва ман дунаҳу] - «Фиръавн ва ундан пастдагилар (хато) қилдилар», деб ўқилган. Улар Фиръавннинг тобелари бўлиши ҳам, бўлмаслиги ҳам мумкин.
Иккинчи қироатнинг таъвили эса бундай бўлади: «Фиръавн ва ундан олдин яшаб ўтган халқлар (хато) қилдилар».
Аллоҳ таолонинг [вал муътафикаату] - «тўнтарилганлар» сўзи борасида баъзилар: «У аҳолиси устига тўнтарилган Лут қавми қишлоқларидир. Расулларига итоатсизлик килганлари сабабли қишлоқ устиларига тўнкариб қўйилган», деганлар(Бу гапни Қатода розияллоҳу анҳудан Ибн Жарир, Абдураззоқ, Абд ибн Ҳумайд, Ибн Мунзир ривоят қилган. Суютий. «Ад-дур ал-мансур», 6-жилд, 406-6ет.). Айтилишича, [ал-муътафику] - ростгўйликдан ёлғончиликка, ҳакдан ботилга ва адолатдан зулмга ўзгарган кишидир.
Бу оятни ким «қоф» ҳарфининг касраси (ва «ба» ҳарфининг фатҳаси) билан ўқиса, у ҳолда «Фиръавн, унинг тарафдорлари ва тўнтарилганлар хато қилдилар. Бас, улар Раббиларининг Расулига осий бўлдилар» оятининг барчаси Мусо алайҳиссаломга исён қилганлар борасида нозил қилинган бўлади. Бу ҳолда [вал муътафикаату] сўзидан Лут алайҳиссалом қавмидан бошқа ҳақдан ботилга ўзгарган кишилар ирода қилинган бўлади. Чунки Лут қавми Мусо алайҳиссалом замонидан анча олдин яшаб ўтган.
Ким «қоф» ҳарфининг фатҳаси (ва «ба» ҳарфининг сукуни) билан ўқиса, [фа ъасов Расула Роббиҳим] ояти Расулига итоатсизлик қилган барча қавмлар ҳақида бўлади. Шунга кўра, [вал муътафикаату] сўзидан Лут алайҳиссалом қавми ирода қилинган дейиш мумкин.
Аллоҳ таолонинг [бил хотиати] сўзи «гуноҳлар ва ширк» деган маънони англатади. Абу Муоз [ал-хотиати] сўзини «ширк ва куфр» деб тафсир қилган Мужоҳидга раддия беради. (Абу Муоз) бу қарашга «Аллоҳ таоло Ўз Китобида Лут қавмининг куфри ва ширкини қайд қилмаган. Балки буткул фаҳшга берилиб, шу сабабли ҳалок қилинган. Чунки улар бу ишдан тўхтамаган ва тавба қилмаган эдилар», деб ҳужжат келтиради. Ва у яна: «Улар мушрик бўлганларида Лут алайҳиссалом уларга:
«Ана улар - қизларим, улар сизлар учун покроқдир» (Ҳуд сураси, 78-оят), демаган бўлар эди. У киши бу ерда никоҳлаб олишни назарда тутган. Кофир одамнинг муслима аёлга никоҳланиши эса, дуруст эмас», дейди.
Лекин бу Абу Муоз ўйлаганидек эмас. Балки Лут алайҳисса-ломнинг қавми мушрик ва Аллоҳ таолога куфр келтирган эди. Лут алайҳиссалом қавми ҳақида Аллоҳ таоло айтган оятларга қаранг:
«Улар: «Эй Лут, агар тўхтамасанг, албатта, ҳайдаб чиқарилганлардан бўлурсан!» дедилар» (Шуъаро сураси, 167-оят). Пайғамбарларни яшаб турган юртидан чиқариб юбориш кофирларнинг жирканч ишларидандир. Бошқа бир оятда:
«Лут аҳлини юртингиздан қувиб чиқаринг!» (Намл сураси, 56-оят), дейилган. Юртларидан Лут алайҳиссаломни чиқариб юборишга нафслари рози бўлган. Бундай ишга қўл урган кишиларнинг куфрида шак қилинмайди. Аллоҳ таоло Лут алай-ҳиссалом ҳақидаги қиссада яна бундай деган:
«Ва Биз у жойдан мўминларни чиқардик. У ерда бир хонадондан бошқа мусулмонларни топмадик» (Зориёт сураси, 35-36-оятлар). Демак, уларнинг кофир бўлганлари исботини топди.
Аллоҳ таолонинг «Фиръавн, унинг тарафдорлари ва тўнтарилганлар хато қилдилар. Бас, улар Раббиларининг Расулига осий бўлдилар» ояти ҳақида кимдир (эътироз билдириб) бундай дейиши мумкин: «(Бу оятда) Фиръавн Мусонинг олдига келиб, унга осийлик қилган, дейилмокда(Биз ўрганаётган «Ҳаққо» сурасининг мазкур) оятидаги ҳамда лафзлари бир-бирига боғлиқ бўлиб, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳамда Абдулазиз Мансур каби олимларимиз томонидан «хато қилдилар», «хато иш қилдилар» тарзида таржима қилинган (аслида сўзма-сўз таржимада: «хато билан келдилар» бўлиши керак) ва бу таржима маъқул саналади. Аммо ушбу маънони «хато билан келдилар» тарзида ифодаланса ҳам, оят маъносидан четга чиқилмаган бўлади. Фиръавннинг Мусо алайҳиссалом олдига келиши ҳақидаги масала ҳам шу ифода асосида ёритилмоқда.). Воқеликда эса у Мусонинг олдига келмаган, нима учун (оятда) у Расулнинг олдига келган, деб айтиляпти? Аслида, Расулнинг ўзи унинг олдига борганида, Фиръавн унга итоатсизлик қилган-ку! Фиръавн Мусонинг олдига борган эмаски, у (пайғамбар) уни итоатсизлиги билан кутиб олса».
Айтилишича, ким бировнинг ҳузурига келса, (гўё) иккинчи томон ҳам унинг олдига келган ҳисобланади. Ва яна ким бировга яқин борса, иккинчи томон ҳам унга яқин келган ҳисобланади. Чунки «келиш» муштарак феъл бўлиб, у «учрашиш» феъли учун исмдир. Учрашиш эса бир киши билан эмас, икки киши билан амалга ошади. Шунинг учун (мазкур оятда) «келиш» феълининг нисбати Фиръавнга берилса ҳам, тўғри бўлади. Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти шу маънода таъвил қилинади:
«Ва жаннат тақводорларга яқинлаштирилди» (Шуъаро сураси, 90-оят), яъни жаннат тақводорларга яқин келтирилди. Аслида жаннатийлар жаннатга борадилар. Лекин улар жаннатга яқин борганида, жаннат ҳам уларга яқин бўлади. Шу эътибордан «яқинлаштириш» феълининг нисбати жаннатга берилди. Аллоҳ таолонинг ушбу оятларини ҳам мазкур талқинга кўра таъвил қилиш мумкин:
«...Ва Раббингиз ва фаришталар саф-саф бўлиб келган-да» (Фажр сураси, 22-оят).
«Улар Аллоҳ ва фаришталар сояли булутларда келишига... интизор бўлмаяптилар шекилли?!» (Бақара сураси, 210-оят). Яъни Аллоҳ таоло халойиқнинг олдига келганида деб эмас, халойиқ Унинг ҳузурига келганда, деб тушунилади. У зотнинг Узи уларнинг ҳузурига келади, деб тушунилмайди. Ушбу оятлар ҳам шунга далолат қилади:
«...Ўзига қайтариладиган (қиёмат) кунини ҳам...»(«Огоҳ бўлингизким, осмонлар ва Ердаги бор нарсалар, албатта, Аллоҳникидир! У сизлар нимада эканингизни (мўмин ёки мунофиқлигингизни) ҳам, ўзига қайтариладиган (қиёмат) кунини ҳам яхши билур. Бас, уларни (ўшанда) қилиб ўтган ишларидан хабардор қилур. Аллоҳ барча нарсани билувчидир».) (Нур сураси, 64-оят).
«Аллоҳ (ҳузури)га қайтиш муқаррардир» (Оли Имрон сураси, 28-оят).
«(У кунда) барча ишлар Аллоҳга оширилажак» (Бақара сураси, 210-оят). Аллоҳ таоло хабар берадики, халойиқ Унинг ҳузурига келадилар ва қайтадилар. Лекин шунга қарамай, «келиш» Аллоҳ таолога боғлаб зикр қилинмоқда. Чунки халойиқ Унинг ҳузурига келар экан, гўё биз қайд қилган талқинга кўра (Имом Мотуридий бу ўринда юқорида ўтган: «... Ҳар кимки бошқа бир одамнинг ҳузурига келса, демак, ўша бошқа одам унинг олдига келган деб ҳисобланади ва ким бошқа бировга яқин келса, демак, ўша бошқа биров ҳам унга яқин келган деб ҳисобланади. Чунки келиш муштарак маънодаги феълдир. Чунки у учрашишга қўйилган номдир. Учрашиш эса ҳар иккови билангина содир бўлади, уларнинг биттаси билан эмас», деган жумлаларни назарда тутмоқда.) Унинг Узи уларнинг ҳузурига келган бўлади. Бунда асло Аллоҳ таоло бир жойдан иккинчи жойга кўчди, деган маъно келиб чиқмайди.
Иккинчидан, «келиш» феъли одатда бир макондан иккинчи маконга ўтиш маъносида ишлатилса-да, баъзан у ҳеч қандай ҳаракат ёки кўчиб ўтиш бўлмаган ўринда ҳам ишлатилади. Бу ҳакда Аллоҳ таоло бундай деган:
«Ва: «Ҳақ келди», дегин» (Исро сураси, 81-оят)(«Яна айтинг: «Ҳақиқат (яъни Ислом) келди ва ботил (куфр) йўқолди. Чунки ботил нарса йўқолувчидир» (Исро сураси, 81-оят).). У (оят) ҳақиқат юзага чиқди, деган маънони англатади. «Ҳақ бир жойдан бошқа жойга ўтди» деган маънода эмас. Аллоҳ таолонинг «Фиръавн келди» ояти «Мусо алайҳиссаломга нозил қилинган нарсани ёлғонга чиқарди», деган маънода бўлиши мумкин.
(Учинчидан), Аллоҳ таолонинг «Фиръавн келди» ояти «Фиръавн осийлик қилди», деган маънода бўлиши ҳам мумкин. Шунда «келиш» сўзи «осийлик қилиш»га тегишли бўлади. Бу таъвил оятнинг зоҳирига жуда мос келади. Чунки Аллоҳ таоло: «Фиръавн, унинг тарафдорлари ва тўнтарилганлар хато қилдилар», яъни «гуноҳга қўл урдилар», деган.
Аллоҳ таолонинг: «Дарҳақиқат, У зот уларни қаттиқ тутишлик билан тутди», ояти(даги [робияҳ] сўзи) «кўтарилмоқ, олий бўлмоқ» деган маънони англатади, яъни уларнинг баданлари кўтарилди.
Ушбу оятдан мурод, уларнинг уқубати «тутиш»дан ҳам ўтиб тушди бўлиши ҳам мумкин. Чунки азоб уларнинг баданларини тутиб, ҳалок қилди. Сўнг руҳлари жаҳаннамга қайтарилиб, эртаю кеч уларга уқубат берилади. Бу нарса «тутиш»га зиёдалик ҳисобланади. Валлоҳу аълам!

[11] Албатта, Биз сув туғёнга келган пайтда сизларни кемада кўтарганмиз.
Баъзилар айтадилар: «Яъни сув қўриқчи фаришталарга итоатсизлик қилди. Чунки қўриқчи фаришталар ёмғирни ўлчов, вазн ва маълум миқдор билан юборадилар». Бошқа бир ўринда Аллоҳ таоло бундай деган:
«Осмон эшикларини шаррос сув билан очиб юбордик» (Қамар сураси, 11-оят), яъни «қуюлувчи». Унинг таъвили: Аллоҳ таоло қўриқчи фаришталарга ўша вақтда ёмғирни тутиб қолишга имкон бермади. Шу сабабли ёмғир уларга итоатсизлик қилди, демакдир. Фаришталар у пайтда ёмғирни тутиб туришга масъул бўлганларида, сув уларга итоатсизлик қилмаган бўлар эди. Зеро, юқорида: «Фаришталар сувни тутиб туришга буюрилсалар, уни тутиб тура олмасликлари мумкин эмас», дедик.
Оятдаги [тоғоо] сўзи «Нуҳ алайҳиссаломни ёлғончига чиқариб, ҳалок қилинганлар устига (сув) кўтарилди», деган маънода бўлиши ҳам мумкин. Биз [тоғий] сўзининг таъвилини юқорида баён қилганмиз(Қаранг: шу суранинг 5-ояти.). Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таоло «сизларни кемада кўтарганмиз» оятида [ҳамалнаакум], яъни «сизларни кўтардик», деган. Ҳолбуки, биз ўша вақтда (Нуҳ алайҳиссалом даврида) мавжуд эмасдикки, (Нуҳ алайҳиссаломнинг кемасига) кўтарилсак. Демак, бу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида яшаган кишиларга қаратилган. Чунки (Нуҳ алайҳиссаломнинг кемасида) кўтарилган ўша кишиларнинг нажот топиши - уларнинг зурриётларининг нажот топишига, анави кимса-ларнинг ҳалок қилиниши - уларнинг зурриётлари йўқ бўлиб кетишига сабаб бўлган. Бу оятда Аллоҳ таоло уларнинг ота-боболарини (Нуҳ алайҳиссалом кемасида) кўтариш орқали уларни ҳам кўтарди. Чунки ота-боболарини кемада кўтаргани учун зурриётлари нажотга ноил бўлганлар. Ёки Аллоҳ таоло оталарининг пуштикамаридан вужудга келишларини такдирда белгилагани учун уларга [ҳамалнаакум] - «сизларни кўтардик» феълининг нисбатини берди. Шу билан гўё улар ҳам (кемага) кўтарилган бўладилар. Бу худди Аллоҳ таолонинг ушбу сўзига ўхшайди:
«Эй Одам авлоди! Сизларга авратларингизни беркитадиган либосни туширдик» (Аъроф сураси, 26-оят). Бунинг маъноси: «Биз сизларнинг тепангиздан сувни, яъни ёмғирни туширдик, либоснинг ундан вужудга келишини тақдир қилиб (белгилаб) қўйдик». Демак, Аллоҳ таоло либоснинг вужудга келишига сабаб қилиб қўйган ёмғирни нозил қилган вақтида худди либоснинг ўзини нозил қилгандек бўлади. Аллоҳ таоло бошқа бир оятда:
«Биз сизларни тупроқдан яратдик» (Ҳаж сураси, 5-оят), деган. Ҳолбуки, биз тупроқдан яратилган эмасмиз(Бу ўринда Одам Атодан бошқа инсонлар тўғридан-тўғри тупрокдан эмас. балки насл йўли билан яратилаётганига урғу берилган.). Аммо Аллоҳ таоло бизнинг аслимиз (отамиз Одам алайҳиссалом)ни тупроқдан яратгани учун биз ҳам тупроқдан яратилган каби зикр этилдик. Шунга кўра, гарчи биз (Нуҳ алайҳиссалом ясаган) кемага чиқмаган бўлсак-да, Аллоҳ таоло аслимиз (ота-боболаримиз)ни унда кўтарган, бизлар эса ўша аслдан вужудга келганмиз. Бинобарин, биз ҳам кемада кўтарилгандек бўлганмиз. Чунки Аллох таолонинг иродасида биз (келажакда) дунёга келадиганлардан бўлганмиз. Валлоҳу аълам!
Ёки Аллоҳ таоло Узининг оталарга қилган яхшилигини фарзандларга миннат тарзида (Биз сизларни Нуҳ алайҳиссалом ясаган кемада кўтардик, деб) зикр қилган. Бундан мақсад фарзандларга ўз ота-боболарига қилинган яхшиликнинг шукрини адо этишлари лозимлигини билдириб қўйиш бўлган. Валлоҳу аълам!

[12] Биз буни сизларга эслатма қилиш учун ва англовчи қулоқлар англаб олишлари учун (қилдик).
«Биз буни сизларга эслатма қилиш учун...» оятидаги эслатманинг сабаби шуки, маккаликлар Расулуллоҳга қулоқ солмадилар ва:
«Албатта, бизлар ота-боболаримизни (маълум) бир дин узра топдик ва албатта, бизлар уларнинг изларидан эргашувчидирмиз» (Зухруф сураси, 23-оят), дедилар. Аллоҳ таоло уларга эслатма бериб: «Сизлар Нуҳ алайҳиссалом билан бирга кемада кўтарилган кишиларнинг авлодларисиз. Улар (яъни Нуҳ алайҳиссалом билан бирга кемада кўтарилган кишилар) пайғамбарларга эргашганлари учун нажот топдилар ва икки дунё шарафига эришдилар. Шундай экан, нимага сизлар пайғамбарларни тасдиқлаган кишиларга эргашиш ўрнига, уларни инкор қилган кимсаларга эргашмоқдасиз?!» демоқда.
Ёки уларга ўзларининг «Албатта, бизлар ота-боболаримизни (маълум) бир дин узра топдик», деган сўзларида ёлғончи эканларини эслатиб: «Аксинча, сизлар ота-боболарингизни ўзингиз бўлиб турган диндан бошқаси узра топдингиз. Айнан ота-боболарингиз Нуҳ алайҳиссаломга эргашиб, нажот топганларини, улар кофир эмас, мўмин кишилар бўлганини ўзингиз ҳам биласиз», демокда.
Оятдаги эслатманинг яна бир жиҳати шуки, Аллоҳ таоло уларга (пайғамбарлар ва қайта тирилишни) инкор этувчи ким-саларнинг аҳволларини, уларнинг оқибатлари сувга ғарқ қи-линиб, ҳалок этилиш билан якун топганини эслатиб ўтмокда. Бинобарин, унинг замирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни инкор этган Макка мушрикларини қўрқитиб қў-йиш ҳам ётади. Демак, (юқоридаги оятда зикр қилинган) [ал-жаарияҳ] - «кема» уларга пайғамбарларни тасдиқловчилар ҳамда уларни инкор этувчи кимсаларнинг оқибатларини эслатиб турадиган бир эслатма ва насиҳатга айланган.
Ёки Аллоҳ таоло у (маккалик)ларга кемада қутқарилган ота-боболарига берган буюк неъматларини эслатиб қўймокда, токи улар ўша неъматларнинг шукрини адо этсинлар.
Бошқалар яна бундай деганлар: «Уша вақтдан буён ҳалок қилинган қанчадан-қанча кемалар борки, улар фалон жойда ҳануз ибрат ва эслатма бўлиб турибди»(Бу гапни Қатода розияллоҳу анҳудан Ибн Жарир, Абд ибн Ҳумайд, Ибн Мунзир ривоят қилган. Суютий. «Ад-дур ал-мансур», 6-жилд, 407-бет.).
Эслатма икки хил маънода тушунилади. Биринчиси шуки, ундан аломат (белги) ва ибрат назарда тутилади. (Бинобарин, оятнинг мазмуни); «Биз сизлар учун ўша ишни қилдик (яъни сизни Нуҳ алайҳиссаломнинг кемасида кўтардик), токи ибрат олинг ва у сизлар учун Аллоҳ таолонинг ягоналиги ва қудратига далолат қиладиган бир белги бўлсин». Бунинг далили қуйидаги оятда зикр қилинади:
«Бас, Биз унга ва кема соҳибларига нажот бердик ва у (кема)ни оламларга оят-белги қилдик» (Анкабут сураси, 15-оят).
Иккинчи маъноси шуки, оят: «Биз ўша хабарларни сизлар учун эслатма қилдик. Яъни сизлар қиёмат кунига қадар ўқиб, эслаб юрадиган бир Қуръон қилдик. Шоядки, сизларга қилган яхшилиги учун Аллоҳ таолога шукр қилсангиз», деган мазмундадир. Валлоҳу аълам!
Энди «...Ва англовчи қулоқлар англаб олишлари учун (қилдик)» ояти (хусусида тўхталамиз). (Араб тили нуқтаи назаридан) киши бирор нарсани эслаб қолса ёки ёдда тутса [ваъаа] сўзи, агар уни бирор идишда ёки бошқа бир нарса ичида сакласа [авъаа] сўзи қўлланилади. Шунга кўра, бу оят: «Эслаб қолувчи қулоқлар уни эслаб қолиши учун», маъносида бўлади.
Аллоҳ таоло бу оятда англаш ва эслаб қолиш амалини қулоқларга боғлаб зикр қилмокда. Қулоқлар эса англамайди, балки эшитади. Ундан сўнг қалб уни англайди. Аммо англаш амалининг қулоқларга боғлаб зикр қилинишига сабаб шуки, ўша англашга қулоқлар орқали эришилади. Чунки эшитиш ёрдамида англаб олинади. Эшитиш - бу қулоқ орқалидир. Ундан кейин ўша эшитилган нарса англанадиган жойга, яъни қалбга бориб тушади. Демак, англаш амалининг эшитишга нисбат берилишига сабаб у орқали англаб етилишидир. Зеро, биз (юқорида) либосни уни вужудга келтирувчи нарсага, яъни ёмғирга боғлаб зикр қилдик, шунингдек, яратилишимизнинг асли тупроқ бўлгани учун ҳам бизнинг яратилишимиз тупроққа нисбат берилган, деб ҳам айтилди.
Шу каби, Аллоҳ таоло қалбларда ҳам англайдиган қулоқлар, кўрадиган кўзлар яратиб қўйган бўлиши ҳам мумкин. Шу боис «англаш» бошдаги қулоқларга эмас, қалблардаги қулоқларга изофа қилинди. Валлоҳу аълам!
Айтилишича, [узунун вааъияҳ], яъни Аллоҳ таолодан (келган эслатмани) англаб оладиган, Китобидан эшитган нарсасидан фойдаланадиган қулоқлар мўминнинг қулоқларидир. Аммо кофирнинг қулоқлари эшитади ва (эшитган нарсасидан) фойда олмагач, (уни фойдасиз тарзда) улоқтиради, (ўзига) сингдирмайди. Улар эшитган нарсасидан фойда олмаганлари учун Аллоҳ таоло уларнинг қулоқларини «карлик» билан васфлади. Бошқа бир оятда бундай дейди:
«Бас, уни ортларига қаратиб отдилар» (Оли Имрон сураси, 187-оят). Мазкур оятда Аллоҳ таоло эшитган нарсасидан фойдаланмай, тарк қилишни [набзун] - «тарк этиш» деб, ундан фойдаланишни [ваъюн] - «ўзига сингдириш» деб номлади. Одамларнинг одати ҳам шундай, яъни улар бирор илм ёки нарсадан фойда олишни истасалар, уни англаб етиш ва ёдда тутишга қаттиқ ҳаракат қиладилар.

[13] Қачонки сурга биргина пуфлашла пуфланса,

[14] Ва еру тоғлар кўтарилиб, бир мартагина силкитилса,

[15] Бас, ўша кунда, Воқеа воқеъ бўлибдир.
Аллоҳ азза ва жалланинг «Бас, қачонки сур бир бор чалинганида» сўзи ҳақида. Макка кофирлари «Воқеа», «Ҳаққо» ва «Қориъа»(Барчаси қиёмат кунининг номлари.) қачон юз беради, деб сўраганларида, Аллоҳ таоло ушбу сўзи билан хабар берди: «Қачонки сурга биргина пуфлашла пуфланса ва еру тоғлар кўтарилиб, бир мартагина силкитилса, бас, ўша кунда Воқеа содир бўлибдир». Демак, саволларининг жавоби «ўша кунда Воқеа содир бўлур» оятидадир.
Сўнгра биз баён қилиб ўтганимиздек, барча берилган саволлар ўша вақт (қиёмат)да содир бўладиган ҳолатлар ҳақида бўлган. Чунки қиёматнинг аниқ вақтини баён қилиш уларга ҳеч қандай фойда келтирмайди ва уни билишга эҳтиёжлари ҳам йўқ. Қиёматда содир бўладиган ҳолатларни баён қилишдан келиб чиқадиган бирдан бир фойда одамларни (Аллоҳнинг азобидан) қўрқитиб қўйиш ва (Унинг мукофотига) рағбатлантиришдир. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таолонинг [нафхотун вааҳидатун] ибораси
чиндан ҳам сурга пуфлаш маъносида бўлиши мумкин. Сурнинг бир бор чалиниш миқдори маъносида бўлиши ҳам мумкин. Бунинг маъноси Аллоҳ таолога қайта тирилтириш осон эканини эслатишдир. Чунки бу дунёда сурга бир бор пуфлаш жуда осон иш бўлиб, ҳеч қандай қийинчилик туғдирмайди. (Шундай экан, қиёматдаги қайта тирилтириш ҳам Аллоҳ таолога сурни бир пуфлагандек енгил ишдир).
(Мазкур оятда) сурга пуфлаш зикр қилиниши (сур чалинганидан сўнг) руҳларнинг ўз жасадларига (қайта) кириши ва уларнинг ичига тарқалиши билан боғлиқ бўлиши ҳам мумкин. Бу эса пуфлаш билан содир бўладиган ишдир. Чунки бирор идишнинг ичига пуфланса, (пуфланган ҳаво) унинг ичига ёйилиб, тарқалади. Сурнинг иши ҳам пуфлаш билан бўлгани учун руҳларнинг жасадларга киритилиши киноя тарзида «пуфланиш» деб зикр қилинмоқда. Худди шу маънода руҳларнинг жасадлардан чиқиши ҳам киноя тарзида «пуфланиш» деб зикр қилинган. Қуйидаги оят ҳам шу маънода тушунилади:
«Биз унга Ўз руҳимиздан пуфладик» (Таҳрим сураси, 12-оят)(«Яна ўз номусини сақлаган аёл - Марям бинти Имронни (мисол келтирди). Бас, Биз ўз (даргоҳимиздаги) руҳимиздан унга пуфладик (ва у Ийсога ҳомиладор бўлди). У Парвардигорининг сўзларини ва китобларини тасдиқ этди ҳамда (Унинг амрига) итоат этувчилардан бўлди» (Таҳрим сураси, 12-ояти).). Мазкур оятдаги пуфлаш ҳақиқий маънода қўлланмаган, балки руҳ жасадда пуфлаш ишини бажарган (ва руҳни жасадга кириши билан пуфлаш маъносидаги иш ҳам амалга ошган. Шу сабабли оятда руҳга нисбатан пуфлаш феъли ишлатилган). Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таолонинг [ас-сур] - «сур» сўзи ҳақида бундай дейилган: «Сур - шох бўлиб, унга биринчи пуфланганида осмонлар ва Ердаги барча жон эгалари ўлади, фақат Аллоҳ хоҳлаганларгина тирик қоладилар. Сўнг унга яна бир бор пуфланганида, улар (барча халойиқ тирилиб, қабрларидан) туриб, (Аллоҳнинг амрига) қараб турадилар»(Мазкур таъвил соҳиби бу билан қуйидаги оятга ишора қилмокда: «Сур чалиниши билан осмонлар ва Ердаги бор жонзот ўлади, илло Аллоҳ хоҳлаган зотларгина (тирик қолурлар). Сўнгра у яна бир бор чалинганда, ногоҳ улар (барча халойиқ тирилиб, қабрларидан) туриб, (Аллоҳнинг амрига) қараб тургайлар» (Зумар сураси, 68-оят).).
Баъзилар [нуфихор-руҳу фи суварил холқи] «Руҳ махлуқотларнинг суратлари (қиёфалари)да пуфланди», деб талқин қиладилар. Аммо [ас-суврату] сўзининг кўплиги [ас-сувар] шаклида - «вов» ҳарфининг фатҳаси билан бўлади. Шундай экан, оятда келган «сур»дан мурод, «суврат»нинг кўплиги бўлиши мумкин эмас. Лекин Аллоҳ таоло сурнинг пуфланишини халойиқларнинг ҳалок қилинишига ва уларни қайта тирилтиришига сабаб қилган бўлиши мумкин. Аммо сур чалинмаса, Аллоҳ таоло халойиқни ҳалок қилиш ва қайта тирилтиришдан ожиз қолади, деб тушунилмайди. Аллоҳ таоло уни қандайдир ҳикмат ва манфаатга биноан ёки (Исрофил) фариштани(Аллоҳ таоло фаришталарни маълум ишларга масъул қилиб қўйган. Жумладан, фаришта Жаброил алайҳиссаломни пайғамбарларга ваҳий етказиш учун, ўлим фариштасини жон олиш учун масъул қилган. Худди шу каби Исрофил фаришта ҳам қиёмат бошланишининг белгиси ҳисобланган сур пуфлаш ишига масъул этилган.) имтиҳон қилиш учун жорий қилган бўлиши мумкин. Бунинг мисолини фаришталарнинг ёмғир ёғдириш, булутларни ҳаракатга келтириш, Одам болаларининг амаллари устидан масъул қилинишлари каби турли имтиҳонлар билан синалганларида кўриш мумкин.
Аллоҳ таолонинг: «Ва еру тоғлар кўтарилиб, бир мартагина силкитилса» ояти «бир мартада чил-чил қилиб синдирилса», деган маънони англатади. Мазкур оятга «бир мартада вайрон қилиб юборилса», деб маъно берганлар ҳам бор.
Баъзилар унга: «Бир мартагина силкитилса»(Бу гапни Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан Тастий ривоят қилган. Суютий. «Ад-дур ал-мансур», 6-жилд, 408-бет.), деб маъно берганлар. Бу маънога кўра, Аллоҳ таоло оятда гўё шундай марҳамат қилади: «Ер силкиниб, ичидаги ортиқча нарсаларни улоқтиради ҳамда бир силкинишдаёқ ундан бўлмаган маъданларни, қолаверса, тоғларни илдизи билан ташқарига чиқариб ташлайди. Сўнгра Аллоҳ таоло уларни тўзиб кетувчи қумтепалар каби қилиб қўяди. Шундан кейин унинг устидан шамол юбориб, сочилган тўзон каби қилиб қўяди. Ҳатто мулойимлигидан титилган юнг каби бўлиб қолганини, сўнг булутлар мисоли ҳавода учиб юрганини, сўнг ернинг даралари, водийлари ва ҳар хил жойларига тушганини кўрасиз». Ана шунда Ер Аллоҳ таоло қуйидаги оятда таърифлагандек бўлиб қолади:
«Сўнг уларни теп-текис ҳолга келтирур. У ерда чуқур ҳам, дўнг ҳам кўрмассан» (Тоҳо сураси, 106-107-оятлар). Шамол шундай бўлади. Бордию у бирор нарсага тегса, уни турли томонга тўзитиб, ёриқларни текислаб, ер юзига сочиб юборади.
Аллоҳ таолонинг: «Ва ер... кўтарилиб» ояти ерни бир жойдан бошқа жойга кўчиришни англатмайди. Бироқ тоғлар Ер ичига киргизилиб, бири иккинчисига силкитиб урилса, тоғлар гўё кўтарилган (ўз жойидан кўчирилган) каби бўлиб қолади. Бордию ушбу ҳодисалар юз берса, ўша кун Воқеа (қиёмат) содир бўлибди. Тоғлар ҳақида келган оятлар мазмунан бир-бирига муносиб бўлиши учун бу ҳолатлар (тоғлар билан боғлиқ башоратлар) турли вақтларда бўлади, деб тушуниш лозим. Валлоҳу аълам!
Айтилишича, бошқа оятларда (тоғлар ҳақида) ўзгача тафсилотлар бор, яъни Ердан олдин тоғлар йўқ бўлиб кетиши айтилган:
«Раббим уларни мутлақо совуриб юборажак. Сўнг уларни теп-текис ҳолга келтирур» (Тоҳо сураси, 105-106-оятлар). Тоғлар ердан олдин йўқ бўлиб кетишига далолат қиладиган бундан бошқа оятлар ҳам бор.
Аммо хабарларда келишича, Ерни ўзгартиришнинг маъноси унинг ҳозирги ҳолатидан бошқа бир ҳолатга ўзгартирилишидир. Яъни бу устидаги биноларнинг вайрон қилиниши, водийларнинг теп-текис қилиб қўйилиши ва тоғларнинг ўз ўринларидан кўчирилиши билан содир бўлади. Шунинг учун ҳам бу ҳолат [табдийл] - «ўзгартириш» деб аталган. Яхши ҳолатдан бошқа ҳолатга ўзгариб қолган кишига нисбатан: «Сен аввалги ҳолингдан ўзгариб қолибсан», деган маънода: [табаддал-та] - «ўзгариб қолибсан», дейилиши ҳам шунга ўхшайди. (Биз таъвил қилаётган) оятнинг маъноси ҳам худди шу маънода бў-лади. Яъни бир силкитишда тоғлар парча-парча бўлиб, Ернинг ҳолати ўзгариб қолади.
Ёки бу оятда аслида тоғлар Ердан олдин йўқ қилиб юборилса-да, «бир марта урилишнинг ўзи билан тоғлар ва Ер йўқ бўлиб кетади», деган ифода орқали қиёмат кунининг қўрқинчли, даҳшатли экани хабар қилинаётган бўлиши мумкин. Бунда тоғлар ва Ер бир пайтнинг ўзида йўқ қилиб юборилади, дейилмаган. Бироқ бир мартагина урилиш билан тоғлар ва Ер йўқ бўлиб кетади, дейилган. Демак, мақсад Ер ва тоғларнинг йўқ бўлиш тартибини баён қилиш эмас, балки қиёмат кунининг нақадар оғир ва даҳшатли эканини билдиришдир. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таолонинг: «Ўша кунда Воқеа содир бўлур!» ояти ҳисоб-китоб ва жазо маъносида келган(Яъни ўша кунда ҳисоб-китоб қилингандан кейин жазо ва мукофот воқе бўлувчидир, деган маънода келган.). Бу маъно Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятида ҳам ўз аксини топган:
«Ва, албатта, қиёмат воқеъ бўлгувчидир» (Зориёт сураси, 6-оят)(«Сизларга ваъда қилинаётган нарса (қайта тирилиш), шубҳасиз, ростдир ва албатта, (қиёмат кунида ҳисоб-китоб қилингандан кейин) жазо (ва мукофот) ҳам воқе бўлувчидир!» (Зориёт сураси, 5-6-оятлар).). Қиёматнинг шаънини улуғлаш мақсадида унинг айрим номларига муаннас жинс аломати «ҳо» киритилган(Қиёматнинг [Ас-соххоҳ], [Ал-ҳаққоҳ], [Ал-қориаҳ] ҳамда биз ўрганаётган [Ал-воқеаҳ] каби номлари бор. Араб тили қоидаларига кўра, муаннас жинс аломати ҳисобланган «ҳо» (ҳ) ҳарфи муболаға, яъни бир нарсанинг сифатини кучайтириш маъносида ҳам кўлланилади. Мазкур аломатнинг қиёмат куни номларига қўшилиши эса У куннинг нақадар улуғ кун эканини англатади.).

[16] Ва осмон парчаланса, бас, ўша кунда у (осмон) заиф бўлиб қолади.
Ушбу оятда келган еИйў [ваншаққот] - «парчаланди» сўзига баъзилар «бўлиниб кетди», деб маъно берганлар. Нарса ёрилганида ана шундай бир-биридан ажралиб, сочилиб кетади ва бу ёрилиш билан вужудга келади. Ёрилиш юмшоқликдан киноя бўлиши ва (оятнинг мазмуни) олдин қаттиқ бўлган осмонлар юмшаб қолади, маъносида бўлиши ҳам мумкин. Бунинг далили мазкур оятнинг давомидир:
[фаҳия явмаизин вааҳияҳ] - «бас, ўша кунда, у (осмон) заиф бўлиб қолади», яъни бунга қадар қаттиқ, салобатли, деб билинган осмонлар у кунда заиф бўлиб қолади. Бунинг далили ушбу оятдир:
«У кунда Биз осмонни худди мактуб ёзилган саҳифани ўраган каби ўраб қўямиз» (Анбиё сураси, 104-оят)(«У кунда Биз осмонни худди мактуб ёзилган саҳифани ўраган каби ўраб, биринчи марта қандай яратган бўлсак, (ўша яхлит ҳолига) қайтарурмиз. (Бу) Бизнинг зиммамиздаги ваъдадир. Албатта, Биз (шундай) қилувчидирмиз» (Анбиё сураси, 104-оят).). Воқеликда ҳам бир нарса юмшоқ бўлганидан кейингина у ўраб қўйилади. Осмондагилар тушиши учун осмон ёрилиши мумкин. Шунда фақат осмон четидаги фаришталар у ерда қолишади, холос. Сўнгра осмонлар бир-бирига қўшилади ва ўраб қўйилиш учун юмшоқ бўлиб қолади. Валлоҳу аълам!
(Қуръони Каримда) осмонларнинг ёрилиши, дарз кетиши ва очилиб қолиши каби ҳолатларнинг зикр қилиниши юқорида зикр қилганимиздек, фақат инсонларни қўрқитиб (огоҳлантириб) қўйиш учун бўлиши мумкин. Ёхуд осмонларда эшиклар бўлиб, улар очилган пайтда, ёрилиш ва дарз кетиш юз бериши мумкин. Осмоннинг ёрилиши «эшикларнинг очилиши» маъносида бўлмаслиги ҳам мумкин. Чунки унинг ёрилиши бу ерда қўрқитиб қўйиш учун қайд қилинган. «Эшикларининг очилиши»да эса қўрқитиш маъноси йўқ.
[фаҳия явмаизин ваҳияҳ], яъни заиф ва кучсиз бўлиб қолувчидир. Бир қарашга кўра, [ал-ваҳй] - «тешилиб қолиш» маъносини англатади(Бу гапни Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан Ибн Абу Ҳотим ривоят қилган. Суютий. «Ад-дур ал-мансур», 6-жилд, 408-бет.). Шундай бўлиши ҳам мумкин, чунки осмонлар ёрилса, тешилиб қолади.

[17] Ва фаришталар у (осмон)нинг атрофида ва ўша кунда Раббингнинг Аршини саккизтаси кўтариб туради.
Мазкур оятдаги [ал-аржаау] сўзи «четлар, атрофлар», яъни осмонларнинг четлари ва томонлари маъносидадир. [ал-аржаау] сўзининг бирлик шакли охири алиф мақсура билан тугаган [рожаа] сўзидир. Оятдаги [ал-малак] сўзидан фаришталар назарда тутилади.
(Биринчидан) Аллоҳ таоло бу оятда фаришталар осмонларнинг четлари ва атрофларида бўлишини айтмоқда. Бинобарин, осмон ёрилганидан сўнг Ер аҳлининг устига тушиб кетмаслиги учун фаришталар уни тутиб туриш вазифасини олишлари ва шу иш билан имтиҳон қилинишлари мумкин. Осмонларнинг четлари ва томонлари айрим фаришталар назоратига берилган бўлиб, уларнинг эшиклари очилганида осмондаги фаришталар Ерга тушадилар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай деган:
«Фаришталар (ер юзига) тушириладиган кун...» (Фурқон сураси, 25-оят)(«Булутли осмон ёрилиб, фаришталар (ер юзига) тушириладиган кун (қиёмат)ни эсланг!» (Фурқон сураси, 25-оят).). Масканлари осмон атрофида бўлган фаришталар у ерда қолиб, Раббиларининг амрига мунтазир бўлиб туришлари мумкин.
(Иккинчидан) фаришталар учун осмон маскан қилиб қўйилган бўлса-да, аслида улар қўним топиладиган маконга муҳтож эмаслар. Чунки фаришталар осмондан Ерга тушадилар, ҳавода қароргоҳ тутиш имконсиз бўлишига қарамай, у ерда ўрнашадилар.
Учинчидан, Аллоҳ таоло (бу оятда) осмонлар бутунлай парчаланиб кетмаслигини, аммо биз зикр қилиб ўтган сабаблар туфайли унинг ўртаси ёрилишини, қолган қисми эса ўз ҳолича қолишини баён қилмокда.
«Ва фаришталар унинг атрофида...», яъни осмондаги йўлларнинг чеккаларида (Аллоҳнинг амрига мунтазир бўлиб) турадилар. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таолонинг: «...ва ўша кунда Раббингнинг Аршини саккизтаси кўтариб туради» ояти хусусида бундай дейилади: «Сур биринчи бор пуфланганида Аршни кўтариб турувчи фаришталардан бошқа барча фаришталар ҳалок бўлади», деган маъно ҳам бўлиши мумкин. Бунга ушбу оят ҳам далилдир.
«Сур чалиниши билан осмонлар ва Ердаги бор жонзот ўлади, илло Аллоҳ хоҳлаган зотларгина (тирик қолурлар)» (Зумар сураси, 68-оят). Бинобарин, (биз таъвил қилаётган оятда келган) ана шу саккиз фаришта (Зумар сураси, 68-оятида) истисно қилинганлардан бўлиб чиқади. Демак, улар ҳалок бўлмайдилар. Улар Аршни кўтариб турадилар. «...фаришталар унинг атрофида» оятида келганидек, уларнинг жойлари осмонларнинг атрофларида бўлади. Мазкур оятда келган [самаанияҳ] сўзидан мурод саккиз фаришта бўлиши ҳам, тафсирда зикр қилинганидек, фаришталарнинг сак-киз тоифаси бўлиши ҳам мумкин. Эҳтимол, ана шу саккиз фаришта (сурга биринчи бор пуфланганида) ҳалок қилинадилар, сўнг бошқа махлуқотлардан олдин тирилтирилиб, Раббимизнинг Аршини елкаларида кўтариб турадилар. Аллоҳ таоло махлуқотларни қайта тирилтирганида, улар Аршни ўша фаришталарнинг елкасида турганини кўрадилар. Арш подшоҳлик тахтидир ва у нурдан яратилган бўлиши мумкин. Чунончи, хабарда зикр қилинишича: «Қуёш (одатдагидек) ўз жойидан чиқмоқчи бўлганида фаришта Жаброил алайҳиссалом Аршнинг олдига келиб, унинг зиёсидан бир ҳовуч олиб, сўнг сизлардан бирингиз ўзининг кўйлагини кийгани каби (ўша зиёни) Қуёшга кийгизиб қўяди. Ой ҳам ўз жойидан чиқмоқчи бўлганида, Жаброил алайҳиссалом Аршнинг нуридан бир ҳовуч олиб, сизлардан бирингиз ўзининг кўйлагини кий-гани каби (ўша нурни) ойга кийгизиб қўяди»(Қаранг: Суютий. «Ал-Лаолил маснуъату фил аходи сил мавдуъати», 1-жилд, 49-бет.). Демак, Арш зиёдан ва нурдан яратилган бўлиши мумкин.
Махлуқотларнинг наздида энг улуғ ва энг буюк нарса зиё ва нурдир. Истаклар бориб-бориб, ана шу иккисида якун топади. Аршни зикр қилиш замирида Парвардигори оламнинг буюк мулкини эслаш бордир. Воқеликда ҳар бир подшоҳ ўзига арш (тахт) ясатади ва улар подшоҳларнинг мулки ҳамда салтанатига қараб, бир-биридан фарқланади. Подшоҳлар уни ўзларига (доимий) маскан қилиб олиш учун ясатмайдилар. Модомики, бандалар тахтни ўзлари (доимий) ўтириб, туришлари (учун маскан қилиб олишлари) тасаввурга сиғмас экан, бу нарсанинг Аллоҳ таолога нисбатан тасаввур қилинмаслиги яна ҳам муносиброқдир.

[18] Бас, ўша кунда рўбарў қилинасизлар, бирор нарсангиз махфий қолмайди.
Яъни сизлар ўз амалларингиз билан рўбарў қилинасиз, ҳеч бир сир сиздан махфий қолмайди. Яъни ўша кунда амалларингиз сизларга намойиш қилинади ва ўша кунда улар кўзга кўринадиган бўлиб қолади. Чунончи, Аллоҳ таоло айтади:
«Сирлар фош қилинадиган (қиёмат) куни» (Ториқ сураси, 9-оят). Яъни уларга ўз сирлари фош қилинади, ҳатто улар қилган амалларини танийдилар ва ҳеч бир нарса уларга махфий қолмайди.
Эҳтимол, «Бирор нарсангиз махфий қолмайди» оятининг маъноси «Сизларнинг бирор сирингиз Аллоҳ таолога махфий қолмас» бўлиши мумкин. Бундан Аллоҳ таолога аввал махфий бўлгану ўша куни Унга аён бўлади, деган маъно чиқмайди. Балки қилган баъзи ишлари Аллоҳ таолодан махфий қолишини даъво қилиб, Аллоҳ таоло ундан хабардор эмас, деб ўйлаган ҳар киши ўша кунда У Зотга ҳеч қандай сир махфий қолмаслигини билиб олади, деган маъно ирода қилинган. Буни ушбу оят қувватлайди:
«Бугун мулк кимникидир?! Яккаю ёлғиз, ўта қаҳрли Аллоҳникидир!» (Ғофир сураси, 16-оят). Зеро, мазкур оятда (бундан олдин) подшоҳлик Аллохдан бошқаники эди, деган маъно йўқ. Аммо баъзи инсонлар бу дунёда подшоҳлик борасида Унга шерикликни даъво қилар эдилар. Уша кунда улар ҳам ўз даъволаридан воз кечадилар ва амин бўладиларки, Аллоҳ таоло подшоҳликда якка-ягонадир. Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти айни
шу маънода тушунилади:
«Уларнинг ҳаммалари Аллоҳ ҳузурида пайдо бўлдилар» (Иброҳим сураси, 21-оят). Яъни инсонлар бундан олдин ҳам У Зотдан махфий эмасдилар, балки ҳамма вақт Унга кўриниб турган эдилар. Аммо бу дунёда ўзини Аллоҳ таолодан махфий қоламан, деб даъво қилган кишилар ўша кунда бу даъволаридан воз кечадилар ва Унга рўбарў бўлишларини эътироф этадилар. Валлоҳул мустаъон!
Хабарларда ривоят қилинишича, рўбарў қилиниш уч марта бўлади. Шундан иккитаси хусуматлашув ва узр сўрашлардан иборат бўлади. Яъни инсонлар аввал (азобга йўлиқмаслик учун қилган амаллари юзасидан) талашиб-тортишадилар. Қилган ўша амаллари юзага чиққач, узр сўрашга, талашиб-тортишганлари учун Раббиларидан афв этишини ва кечириб юборишини сўрашга тушадилар. Учинчи рўбарў бўлиш эса саҳифалар (ўз эгаларига) берилаётган вақтда бўлади.
Оятдаги [туъродуна] - «рўбарў бўлур» ибораси қуйидаги маъноларни ифода этади: «Инсонлар бир-бирларига рўбарў қилинадилар, ҳеч кимга унинг хусуматчиси номаълум ҳолда қолмайди». Ёки: «Инсонларга ўз амаллари кўрсатилади, ҳатто ҳар бир инсон ўз қилмишини ҳамда ҳар бир хусуматчи ўз рақибини таниб олади». Гўё улар ўша куннинг даҳшати ва кучли қўрқинчларидан бу нарсаларни ёддан чиқариб қўйгандек бўладилар. Лекин Аллоҳ таоло ёдларига тушиши учун уларни ўша нарсалардан хабардор қилади. Валлоҳу аълам!

[19] Бас, ўз китоби (номаи аъмоли) ўнг томонидан берилган киши айтади: «Мана, менинг китобимни ўқинглар!»
Қуръони Каримда келган хитобнинг зоҳири охиратда мўминларнинг барчаларига раҳм қилиниши ва азобланмасликларини, кофирларга эса раҳм-шафқат қилинмай, азобланишларини тақозо этади. Чунки Аллоҳ таоло қиёмат куни халойиқ (жин ва инсон)ни икки синфга ажратиб, улардан бир синфини ўнг томон, яна бир қисмини чап томон эгалари қилди. Сўнгра ҳар бир синфни учта аломат (белги) билан васфлади. (Жумладан, номаи аъмоли чап томонидан бериладиганлар борасида Аллоҳ таоло бундай деган:)
«Кимнинг (савоб) вазнлари енгил бўлса...» (Муъминун сураси, 103-оят) ояти орқали бир гал уларнинг тарозилари енгил келишини зикр қилган бўлса, бир гал уларнинг юзлари қорайишини айтган. Яна бир гал китоблари (амал дафтарлари) чап томондан берилиши ҳақида хабар берган. Мазкур сифатларни Аллоҳ таоло икки синфдан бири (чап томон эгалари) ҳақида айтган. Иккинчи синфни зикр қилар экан, уларни ҳам учта аломат, яъни юзлари оқ (ёруғ) бўлиши, тарозилари оғир келиши ва китоблари ўнг томондан берилиши билан васфлаган. Сўнгра юзлар қора бўлиши ҳақидаги оятда бундай деган:
«...Юзлари қора бўлганларга: «Имонингиздан кейин кофир бўлдингизми?! Куфр келтирган бўлганингиз учун азобни татиб кўринг», дейилади» (Оли Имрон сураси, 106-оят). Шунингдек, тарозининг енгил келиши зикр қилинганда, Аллоҳ таоло тарозилари енгил келган ўша кимсалар кофирлар эканини баён қилган. Чунки Аллоҳ таоло:
«(Уларга): «Сизларга менинг оятларим тиловат қилинганида, сизлар уларни ёлғонга йўйган эмасмидингиз?!» (Муъминун сураси, 105-оят) деган. Аллоҳ таоло унга китоби чап томонидан берилишининг ҳамда куфр аҳлидан бўлиши сабабларини келтирган. Зеро, Аллоҳ таоло бундай деган:
«Чунки у (дунё ҳаётида) Улуғ Аллоҳга имон келтирмас эди. Мискинга таом беришга (ўзини ва ўзгаларни) тарғиб қилмас эди» (Ҳаққо сураси, 33-34-оятлар). Демак, мутлақ ваъид (азоб тахдиди) куфр аҳлига тегишлилиги ўз исботини топди. Аллоҳ таоло яна бундай деган:
«Кофирлар учун тайёрлаб қўйилган дўзахдан сақланингиз!» (Оли Имрон сураси, 131-оят) деди. Аллоҳ таоло: «Махлуқотлар учун тайёрлаб қўйилган дўзахдан», демади. Ва яна бошқа оятда Аллоҳ таоло:
«Ва кенглиги осмонлару Ерга тенг, тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган жаннат сари...» (Оли Имрон сураси, 133-оят), деган. Демак, дўзахийларнинг кофирлар экани тасдиғини топди.
Бу дунёда мўминлардан ҳам баъзи бир хато ва гуноҳлар содир бўлиб туради. Кофирлар ҳам яхши амаллар қилиши мумкин. Аммо кофирлар ўз яхшиликларининг мукофотини шу дунёнинг ўзида оладилар. Чунки улар охиратга ишонмайдилар. Охиратга ишонмаганларидан кейин қилган амаллари ҳам охират савоби умидида бўлмайди. Мўмин бандага эса гуноҳларининг азоби шу дунёда берилиши мумкин. Охиратга фақат яхши амаллари олиб қўйилади ва уларга яраша мукофотланади. Мўмин банданинг гуноҳлари у қилган яхши амаллар туфайли кетказилиши ҳам мумкин. Чунки яхши амаллар гуноҳларни ювиб юбориши ҳақида Аллоҳ таоло бундай деган:
«Албатта, савобли ишлар гуноҳларни кетказади» (Ҳуд сураси, 114-оят). Мўмин банданинг гуноҳлари шу дунёнинг ўзида кетказилса, охиратда улар сабабли азобга мубтало бўлмайди. Аллоҳ таоло мўминларни қилган гуноҳларига яраша жазолаб, сўнг уларни имони ва бошқа савобли амаллари туфайли афв қилиши мумкин. Демак, ҳақиқатда ҳар бир мўминнинг оқибати жаннат бўлиб, унинг тарозиси оғир келади, юзи оқ бўлиб, китоби ўнг томонидан берилади.
Гуноҳлари учун азобланадиган мўминлар китоблари ўнг томонидан берилиши ва тарозилари оғир келишидан олдин азобланишлари мумкин. Юзлари оқаришидан олдин қора эмас, балки дунёдаги ҳолатида бўлади. Афв этилганларидан сўнг Аллоҳ таоло инъом этган нур туфайли юзлари оқаради. Чунки хабарда келишича: «Қиёмат куни одамлар уч марта Аллоҳга рўбарў қилинадилар. Биринчи ва иккинчи мартаси талашиб-тортишиш ва узр сўраш билан бўлади. Аммо учинчисида саҳифалар қўлларга берилади»(Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамлар қиёмат куни уч марта (Аллоҳга) рўбарў қилинадилар. Биринчи ва иккинчи мартаси(да улар: «Бизга пайғамбар келмаган эди... Биз эшитмаган, билмаган эдик... ва ҳоказолар», деб талашиб) тортишиш ва (гуноҳлари бўйинларига қўйиб берилгач, уларни тан олиб: «Биз уларни билмасдан ё адашиб ёки унутиб содир этган эдик», деб) узр сўрашлар билан ўтади. Аммо учинчи мартасида - ана шунда саҳифалар (ўз эгаларининг) қўлларига берилади. Бас, уларни ўнг томонидан олувчи ҳам, чап томонидан олувчи ҳам бўлади», де-дилар». Термизий. «Сунан», Қиёмат сифати ҳақидаги китоб, 4-бет.). Бинобарин, гуноҳкор мўминнинг азобланиши учинчи марта рўбарў қилинишдан аввал бўлиши, учинчи рўбарў қилинишда унинг китоби ўнг томонидан берилиши ва ўша вақтда унда бахтиёрлик аломатлари намоён бўлиши эҳтимоли бордир. Модомики, (Қуръони Каримда) мутлақ ваъид кофирлар ҳақида келгани ўз тасдиғини топган экан, гуноҳи кабира қилган мўминларни уларга қўшиб ҳукм чиқарилмайди. Аксинча, мазҳаббошиларимиз айтганлари каби, бундай мўминлар тўғрисида сукут қилиш керак бўлади. Тавфиқ Аллохдандир!
[ҳааумуқроу китаабияҳ] - «Мана, менинг китобимни ўқингиз!» оятидаги [ҳааум] сўзи ҳақида баъзилар:
«Келинглар», маъносини англатади, десалар, баъзилар: [ҳакум] - «мана, олинг», деган маънода бўлиб, ундаги «коф» ҳарфи «ҳамза»га алмаштирилган, дейдилар. Оятнинг зоҳиридан келиб чиқадики, амал дафтари ўнг томонидан берилган банда халойиқни чақириб ёки ўзининг амал дафтарини уларга узатиб, хурсанд бўлиб, шод-хуррам бўлганча, шундай («Мана менинг китобимни ўқинглар!») дейди. Демак, Аллоҳ таоло уларни афв этгани ва раҳматига олгани уларни хушнуд этган.
Баъзи таъвилчилар бу оятни (номаи аъмол эгасига эмас, балки уни) берувчига нисбат бериб: «Бу гапни айнан амал дафтарларини берувчи фаришта айтади», деганлар. Демак, дунё ҳаётида ўша китобни ёзиб борган фаришта амал дафтарини ўз соҳибига беради ва: «Мана, менинг китобимни ўқинглар!» («Олинг, мен сизнинг фойдангиз ва зарарингизга ёзиб борган нарсаларни ўқинг!») дейди. Валлоҳу аълам!

[20] Дарҳақиқат, мен ҳисоб-китобимга рўбарў бўлишимни билар эдим.
Мазкур оятдаги [зонанту] - «билар эдим» сўзини унинг ҳақиқий маъноси (ўйлаш, ҳисоблаш, гумон қилиш)га бурсангиз, уч хил талқин қилиш мумкин бўлади.
Биринчиси, «Мен дунёда ўзим қилган гуноҳларим учун қаттиқ ҳисобга тутиламан, улар учун иқобга олинаман ва жазоланаман, деб ўйлар эдим. Ҳозир ҳам бу куннинг даҳшатини кўриб, гуноҳларим (учун жавоб бериш)дан қочиб қутулмасам керак, деб ўйлаб турган эдим. Бас, гуноҳларим кечирилгани ва хатоларим ювиб юборилганини кўрдим». Мўмин банданинг бу сўзлари Аллоҳ таолога шукр қилиш, қилган яхшилигини (хало-йиққа) билдириш учун айтилгани келиб чиқади.
Иккинчиси, «Мен дунёда хатолик ва янглишишлардан иборат нохушликларга рўбарў бўлганимда (агар бу гуноҳни содир этсам), улар билан Аллоҳ таолога йўлиқаман, деб ўйлаганим учун улардан тийилиб, ўша ишларни қилишдан сақланган эдим». Оятнинг мазкур талқинида банданинг нажотга эришиш сабаби баён қилинмоқда.
Учинчиси қуйидагича бўлади: «Мен ўзим ҳақимда тафаккур қилиб, менга ўхшаганлар бекордан-бекорга яратилмаган ва ўз ҳолига ташлаб қўйилмайди, деб ўйладим. Бундай ўйлаш мени аниқ ишончга олиб борди ва мен имон келтириб, пайғамбарларни тасдиқладим. Шундай қилиб, мен илк ўйловим ва тафаккурим сабабли нажот топдим». Валлоҳу аълам!
Баъзилар [зонанту] - «ўйладим» ибораси аниқ ишонч ва илмни ифода этишини таъкидлаб: [зонанту] - «ўйладим» иборасига «аниқ ишонган ва билган эдим», деб маъно берганлар.
Маълумки, махфий билим ва хуфёна ишларда юзага чиққан ҳар қандай аниқлик собиқ гумон асосида юзага чиқади. Ўша гумон кишини мулоҳаза юритишга, изланишга ундайди. Ҳатто ўзидан беркитилган нарсадан воқиф бўлишгача олиб боради ва унга махфий бўлган илм юзага чиқади. Шундай қилиб, кишининг аниқ ишонч ва тўлақонли илмга етишишига унинг олдиндан қилиб юрган гумони сабаб бўлади. Бинобарин, бир гал уни ҳақиқий маънода аниқ ишонч деб, бошқа сафар эса мажоз йўли билан гумон деб номлаш жоиздир. Зеро, биз «ва англовчи қулоқлар англаб олишлари учун (қилдик)»(Шу суранинг 12-ояти.) оятининг таъвилида зикр қилиб ўтган эдикки, қулоқлар ҳеч нарсани англаб етмайди, балки эшитади. Аммо ўша англашга қулоқлар воситасида эришилади. Шу жиҳатдан, қулоқлар англашга олиб борадиган сабабга айланди. Шунинг учун (бу оятда) «англаш» феъли қулоқларга боғлаб зикр қилинган. Шунга кўра, бошдаги гумонлари уларни аниқ ишонч ва илмга олиб борса, ўз ишончларини ва илмларини бир гал гумон деб, бир гал ишонч деб номлашлари дуруст бўлди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай деган:
«Улар, албатта, Раббиларига рўбарў бўлишлари ва, албатта, Унга қайтиб боришларига ишонган зотлардир»
(Бақара сураси, 46-оят). Бошқа бир оятда бундай дейди:
«Ва охиратга аниқ ишонурлар» (Бақара сураси, 4-оят). Аллоҳ таоло мўминларни изланиш ва ақлни ишга солиш ўринларида бир сафар гумон қилувчилар деб, бошқасида эса қатъий ишонувчилар деб номлаган. Шунинг учун ҳеч бир масалада Аллоҳ таолони «ишонувчи» деб сифатлаш мумкин эмас. Зеро, барча нарсалар У Зотга маълум ва зоҳирдир. Чунки уларни йўқдан бор қилувчи ва яратувчи Зот Унинг Ўзидир. Шундай экан, уларнинг ҳеч бири Аллоҳга махфий эмас, Аллоҳ уларни билишга ҳам муҳтож эмас. Тавфиқ Аллоҳдандир!
Ёки бундай деймиз: Ижтиҳод билан идрок қилинадиган ишлардан бирортаси эътироз, васваса ва хавотирлардан холи бўлмайди. Ўша васваса ва хавотир ўз эгасини гумонга етаклайди. Шунинг учун ҳам васваса ва хавотир (маънолари)га нисбатан «гумон» сўзини ишлатишни жоиз деб билганлар. Зеро, у гумондан холи бўлмайди. Шунингдек, ўй-хаёлларга нисбатан «яқин» (аниқ ишонч) лафзини ишлатишни жоиз деб билганлар. Чунки уларнинг кўпида яқинга ва тўлақонли илмга далолат қиладиган сабаблар бўлади. Ахир кўрмайсизми, ўлдирилиш ёки қаттиқ азоб билан тахдид қилиниб, Аллоҳ таолога куфр келтиришга мажбурланган киши учун куфр калимасини тилида жорий қилишига рухсат берилган ва агар мажбур қилувчи айтган ишни қилмайдиган бўлса, унинг азоб беришига аниқ ишонувчи киши сифатида белгиланган, гарчи тахдид қилиб турган ишни қилишига ишончи комил бўлмаса ҳам. Чунки мажбур қилувчи шахс ўз тахдидини амалга ошира олмаслиги, ўша вақтга қадар унда имконият бор бўлиб турмаслиги мумкин. Шундай бўлса-да, мажбурланган кишига тилида куфр калимасини айтиши учун ишончга яқин гумон ва кучли мулоҳаза билан кенгчилик яратиб берилди ҳамда унинг гумони тўлақонли илм ва аниқ ишонч ўрнида қабул қилинди. Бу ерда ҳам шундай: аниқ ишонч ва ростликнинг аломатлари устунлик қилгач, унга (яъни оятда келган [зонанту] лафзига) яқин лафзини ишлатиш (ва оятни «Дарҳақиқат, мен ҳисоботимга рўбарў бўлишимни билар эдим», - дер» деб маъно бериш) жоиз бўлди.
Аммо сезги аъзолари ва кузатишлар орқали идрок қилинадиган нарсаларни гумон деб аташга ҳеч қандай асос йўқ. Чунки уларда шубҳа бўлиши мумкин эмас. Тавфиқ Аллоҳдандир!

[21] Бас, у қониқарли маишатда.
Яъни мамнун бўладиган ҳаётда. Айтилишича, [ъааша] -«яшамоқ» ва [ҳайия] - «ҳаёт бўлмоқ» сўзлари бир маънодадир. [родияҳ] сўзи [мардийяҳ] маъносида бўлиб, оятнинг мазмуни «ўзи рози бўладиган ҳаёт ичида бўлур», тарзида ифода топади. Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти ҳам шунга мисолдир:
«(У) отилиб чиққан сувдан» (Ториқ сураси, 6-оят), яъни Зўл. [мадфуқун] - «отилиб чиққан»(Бу ерда араб тили қоидаси бўйича розия (рози бўладиган) ва дофиқ (отилиб чиққан) исми фоил (ўзи бажарувчи) шаклидаги сўзлар исми мафъул, яъни бажарилган, бошқалар таъсирида амалга оширилган маънони касб этади ҳамда шунда «розия» сўзи «розия бўлинадиган», «дофиқ» сўзи «отилиб чиққан» маъноларида келади.). Бунга ўхшаш ҳолатлар араб сўзларида кўп учрайди.
Мазкур оятда «ўз аҳлидан рози бўлган ва розилигини намоён қилган» жаннатнинг айни ўзи назарда тутилган бўлиши ҳам мумкин. Худди дўзах ўз аҳлига «ғазабланиш» ва «аччиқ-ланиш»(«Иўқ, улар қиёматни инкор этдилар. Биз эса қиёматни инкор этганлар учун (аллақачон) дўзахни тайёрлаб қўйганмиз. (Дўзах) уларни узоқ жойдан кўргандаёқ унинг ғалаёни ва чинқириғини эшитурлар» (Фурқон сураси, 11-12-оятлар).) билан васфланганидек. Шунинг учун жаннатни (ўз аҳлидан) рози ва хурсанд бўлади, деб васфлаш мумкин, яъни ақлли кишилар тарафидан берилса, розилик аломати ҳисобланадиган турфа яхшиликлар, ноз-неъматларни жаннат уларга тақдим қилади. Бу худди «алдаш»ни дунёга нисбат беришга ўхшайди(Мисол тариқасида ушбу оятга қаранг: «Бунга сабаб - сизлар Аллоҳнинг оят-ларини масхара қилиб олган эдингиз ва сизларни дунё ҳаёти алдаб қўйган эди» (Жосия сураси, 35-оят).), яъни алдоқчи тарафидан бўлса, алдов ҳисобланадиган нарсаларни дунё намоён қилганига ўхшайди.

[22] Олий жаннатда,

[23] Мевалари (узиб олувчига) яқиндир.
Баъзилар: «Дунёда одамлар боғнинг тепаликда бўлганини яхши кўрганларидек, жаннат ҳам баланд жойда бўлади», деганлар. Яна айримлари шундай деганлар: «Жаннат дарахтзор боғнинг исмидир. Гўё унинг дарахтлари баландлик, узунлик ва кўркамлик сифатлари билан васф қилинмокда. Бу сифатлар боғ эгалари учун энг ёқимли сифатлар ҳисобланади. Аллоҳ таоло: «Мевалари яқиндир», дер экан, дарахтлар ҳақида зикр қилмаган. Чунки жаннатнинг зикри ўз-ўзидан дарахтларнинг зикрини тақозо қилади. Учинчидан, [ъаалияҳ] лафзи қадри буюк ва обрўси баланд деган маъноларни англатади. Баъзан баландда турган нарса олийлик билан сифатланади. Валлоҳу аълам!
«Мевалари яқиндир», яъни (жаннатдаги дарахтларнинг мевалари уларни) узиб олишни истаган жаннат аҳлига яқин, истамаганларидан узоқдир.
[даанияҳ] - «яқиндир» лафзига худди тик турган одамнинг қўли етгани каби, ўтирган одамнинг ҳам қўли етадиган, деб маъно берилган.
Яна бир қарашга кўра, бундай маъно берилган: «Уларнинг мевалари яқиндир, яъни жаннат аҳлининг қўлларини у мевалардан на узоқлик, на тикан қайтармайди»(Бу гапни Баро розияллоҳу анҳудан Ибн Абу Шайба, Абд ибн Ҳумайд ва Ибн Мунзир ривоят қилган. Суютий. «Ад-дур ал-мансур», 6-жилд, 410-бет. Қатода розияллоҳу анҳу ҳам шу гапни айтган.).

[24] Утган кунларда қилган нарсаларингиз туфайли енглар ва ичинглар, ош бўлсин!.
Оятнинг таъвили, мўминларга: «Ўтган кунларда қилган нарсаларингиз туфайли енглар ва ичинглар, ош бўлсин!», яъни ўтган кунларингизни охиратдаги кунларингиз учун бўнак қилдингиз», дейилишидир. Бўнак - бир кишининг бошқасига қарз бериши бўлиб, бу қарз ўзига керак бўлиб қолганда қайтариб олинади. Еки киши фойда кўришни умид қилган нарсаларига сармоя сифатида тиккан пули бўнакдир. Демак, сотган нарсасининг фойдасини охиратда олиш учун ўз жонини бўнак ва сармоя қилгандек бўлади. Оятда келган [аслафтум] сўзининг маъноси шудир. Ёки у охират учун бажарган амалларини ўзининг сармояси қилиб олади ва ўзига ризқ қилиб берилган мол-давлатни Аллоҳ йўлида эҳсон қилиб, уни ҳам ўзи учун (охиратига) сармоя қилади.
Вакиънинг бундай дегани ривоят қилинади: «Бизга етиб келишича, дунёда еб-ичишни тарк қилиб, рўза тутган кишиларни Аллоҳ таоло охиратда мукофотлаб: «Ёқимли иштаҳа билан еб-ичаверингиз!» дейди».

[25] Ва аммо кимнинг китоби чап тарафдан берилса, у: «Вой шўрим, кошки менга китобим берилмаса эди.
Номаи аъмолнинг чап томонидан берилиши бадбахтлик аломатларидан биридир. У ўз бадбахтлигининг аломати бўлган нарсаси (китоби) берилмаслигини орзу қилиб қолади.

[26] Ва ҳисоб-китобим қандай бўлишини билмасам эди!
У (яъни китоби чап томонидан берилган кимса ўзининг китобида) дунёда ўзи ўйлаб, ҳисоблаб юрганидан бошқа нарсани кўриб, (номаи аъмолини) ўқиган вақтида мазкур оятдаги гапни айтади. Чунки у дунёда ўзини имон келтирган зотлардан кўра иши чиройлироқ ва даражада Аллоҳ таолога яқинроқ деб ҳисоблар эди. Аллоҳ таоло бундай деган:
«...Аммо ўзларини ишни чиройли қилаётган ҳисоблайди-лар»(«(Эй Муҳаммад!) Айтинг: «Сизларга қилмишларидан энг кўп зиён кўрувчиларнинг хабарини берайликми?! Улар қилган саъй (ҳаракат)лари дунё ҳаётидаёк йўқ бўлиб кетган-у, аммо ўзларини ишни чиройли қилаётган ҳисоблайдилар»» (Каҳф сураси, 103-104-оятлар).) (Каҳф сураси, 104-оят). Аммо ўз (амал) китобини ўқиб кўргач, иш у ўйлаганидек эмаслиги, балки ёмон иш(лар) қилиб юргани аён бўлади. Ана шу пайтда қилган ёмонликлари ошкор бўлиб қолмаслиги учун ўша ҳисоб-китоби қандай бўлишини билмасликни истайди. У ҳатто ҳисоб-китоб нима эканини кўрмаслик ва билмаслик учун вафот этганидан сўнг қайта тирилмасликни хохдайди.

[27] Қани (бу дунёдаги ўлим) охиргиси бўлса эди!
Яъни қанийди, биринчи ўлимим мен учун доимий бўлса!
Баъзилар: «Эҳ, қанийди, сурга иккинчи пуфланиши ўлим ва ҳалокатни якунловчи бўлса-ю, қайта тирилишга сабаб бўлма-са!» деб маъно берганлар. Валлоҳу аълам!
Қатода: «Улар (кофирлар) ўлимни истаб қолдилар. Ҳолбуки, улар учун дунёда ҳеч нарса ўлимдан кўра ёмонроқ эмас эди»(Табарий. «Жомеул-баён ан таъвили ойил-Куръон», 29-жилд, 77-бет; Суютий. «Ад-дур ал-мансур», 8-жилд, 273-бет.), деган. Аслида ўлим улар устидан ҳал қилувчи эмас, балки ҳал қилиб бўлинган ишдир. Шундай экан, у: у [йаа лай-таҳаа каанат мақдийяҳ] - «Эҳ, қанийди, у ҳал қилиб бўлинган иш бўлса!» дейиши керак эди. Эътибор қилсангиз, одамлар Аллоҳ таолога дуо қилиб, ўзларидан Аллоҳнинг қазосини эмас, балки қазонинг ёмонлигини буриб юборишини сўрайдилар. Чунки ўлим ҳал қилиб бўлинган ишдир. Шунинг учун (оятда келган) бу сўз одамлар орасида одат бўлган услубда айтилган. Бу худди «Намоз Аллоҳнинг амри билан ўқилади» эмас, [ас-солату амруллоҳи], яъни «Намоз Аллоҳнинг амридир», деб жумласига ўхшайди. Лекин унинг таъвили бундай: «Намоз Аллоҳнинг амрига асосан адо этилади. Демак, аслида ҳал қилиб бўлинган иш бўлса ҳам, у (яъни ҳисоб-китоб) Аллоҳнинг қазоси (ҳукми) деб аталди. Валлоҳу аълам!

[28] Менга мол-мулким ҳам асқотмади.
Аслида кофирлар мол-мулкларининг кўплиги билан фахрланиб:
«Улар: «Бизнинг молу дунёмиз, бола-чақамиз кўпроқ. Биз азоблангувчи эмасмиз», дерлар» (Сабаъ сураси, 35-оят). Бордию (охиратда) азобга учрайдиган бўлсалар, Аллоҳ таоло берган мол-давлатлар ёрдамида ўзларини ундан ҳимоя қилишларини ўйлаб юрар эдилар. Уша (амал дафтарлари чап томонларидан берилган) пайтда мол-мулклари умуман фойда бермаслиги аён бўлгани учун ҳар бири: «Менга мол-мулким ҳам асқотмади», дейди.

[29] Салтанатим ҳам ҳалок бўлиб, мендан кетди.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, у: «Қуръонда келган ҳар бир «султон» (сўзи)дан мурод ҳужжатдир»(Имом Бухорий. «Ал-жомеъ ас-сақиҳ», Тафсир китоби, 17-бет.), деган. Аслида кофир кимса дунёда ботил ҳужжатларни ўзига далил-ҳужжат қилиб олиб, гоҳида:
«Сен ҳам худди бизларга ўхшаган одамдирсан» (Шуъаро сураси, 154-оят), деган бўлса, гоҳида:
«Бу фақат аввалгиларнинг афсоналаридир» (Аҳқоф сураси, 17-оят), дер, бошқа гал эса:
«Бу сеҳрдир»(«Бу сеҳрдир, бизлар унга кофирдирмиз» (Зухруф сураси, 30-оят).) (Зухруф сураси, 30-оят), деган бўлса, яна бир гал:
«У мажнундир»(Имом Мотуридий ушбу оятга ишора қилаётган бўлса, ажаб эмас: «Албатта, кофир бўлган кимсалар Зикрни (Қуръонни) эшитган вақтларида, Сизни кўзлари билан (тикилиб) йиқитаёзурлар ва «албатта, у мажнун», дерлар» (Қалам сураси, 51-оят.)) (Қалам сураси, 51-оят) ва ҳоказолар деб юрар эди. Энди эса у: «Салтанатим ҳам ҳалок бўлиб мендан кетди», яъни «биз уларни ҳужжат деб ўйлаган ва қаттиқ тутиб юрган ўша ҳужжатлар ҳалок бўлди (яъни йўқолди) ва йўқ бўлиб кетди», деб турибди.
Баъзилар: «Султон - бу қадр ва шараф» деб, оятга: «Менинг қадрим ҳам, шарафим ҳам кетди», деб маъно берганлар.
Оятга: «Дунёда пайғамбарларга такаббурлик, ҳукмронлик қилганим мендан кетди ва эътибор уларга қолдирилди», деб ҳам маъно берилган.
Юқоридаги оятда (банда томонидан): «Дунёда нафсим устидан менга берилган ҳукмронлик (бугун) тамоман тўхтади», дейилиши ирода қилинган бўлиши ҳам мумкин. Чунки банданинг ўз нафсини Аллоҳ таолонинг розилиги йўлида ушлаб туриш имконияти бор эди. Натижада банда: «Ўша ҳукмронлигим мендан кетиб қолди. Энди уни Аллоҳнинг розилигига олиб борадиган ўринларга ишлата олмайман», дейди. (Бу ҳақиқатларни англаган) кофир кимса ўша вақтда имон келтиради, аммо унинг (бу пайтдаги) имони қабул қилинмайди.
(Мазкур сурада) оятлар сўнгида келган «ҳо» ҳарфлари(Оятдаги «X ва сўзлари охирида келган» (ҳо) ҳарфлари назарда тутилмокда.), уларни айтувчиларнинг ўзларига ишора қилиш ёки ишни таъкидлаш ва [нассобаҳ](Насл-насаб билан шуғулланувчи олим.) лафзи каби муболаға маъносида бўлиши ҳам мумкин. Ёки улар ўзларига худди шундай нидо қилгандек бўладилар. Айрим ҳолларда мунодо (ундалма)га «ҳо» ҳарфи қўшилиши кузатилади. Масалан, [ё Раббоҳ!] - «Эй Раббим», [ё саййидоҳ!] - «Эй Саййидим!» сингари. Шунингдек, у (оят сўнгида) тўхташ ва гапни тугаллаш учун келтирилган бўлиши ҳам мумкин. Наҳв олимлари буни [ҳаул истироҳати] - «истироҳат «ҳо»си» (Тўхташ, нафас ростлаб олиш.) деб айтганлар.

[30] Тутинглар уни ва кишанланглар уни!!!
Аллоҳ таоло бошқа бир оятда:
«Уни ушлаб, судраб олиб борингиз!»(«(Фаришталар:) «Уни (гуноҳкорни) ушлаб дўзахнинг ўртасига судраб олиб борингиз, сўнгра бошидан қайноқ сув азобидан қуйингиз!» дерлар» (Духон сураси, 47-оят).) (Духон сураси, 47-оят), деган. У (яъни ҳар иккала оятда келган [хузу] феъли) қўполлик билан тутиб, ҳайдаш маъносини ифодалайди. Бошқа бир оятда Аллоҳ таоло:
«Жиноятчиларни жаҳаннамга чанқоқ ҳолларида ҳайдаймиз» (Марям сураси, 86-оят), деган. Бундан келиб чиқадики, улар - яна ҳам Аллоҳ билувчи - кишанланадилар. Иш уларни кишанлашга буюриш билан бошланади. Чунки одамлар дунёда ўзларидан азобни даф қилиш учун қўллари билан қаттиқ ҳаракат қиладилар. Шунинг учун Аллоҳ таоло уларнинг қўллари охиратда кишанланишини, улар ўзлари дучор бўлган азобни даф қилиш имконига эга бўлмасликларини, бу нарса улар учун азоб устига азоб бўлишини хабар қилмоқда. Аллоҳ таоло айтганидек, уларнинг ҳоллари қуйидагича бўлади:
«Ахир қиёматда ...ёмон азобдан юзи ила сақланадиган одам (мўмин ила тенг бўлармиди)?!» (Зумар сураси, 24-оят). Демак, дўзах оловидан юзи билан сақланиши учун унинг қўллари кишанланади. Сўнгра улар занжирбанд қилиниб, қиёматдаги турфа ҳолатларга юзтубан судраб, ҳайдаладилар.

[31] Сўнгра жаҳаннамга солинглар уни!!!
Яъни уни дўзахга киргизинг! Арабларда [лаҳмун му-соллаа], деб «қовурилган гўшт»га айтилади. Жаҳаннамийларни дўзахда қовуриш буюрилган бўлиши ҳам мумкин.

[32] Сўнгра узунлиги етмиш газ бўлган занжирга солингиз!
Аллоҳ таоло аввал уларнинг кишанланишларини, кейин дўзахга ташланишларини, шундан сўнг занжирга солинишларини зикр қилмокда. Аслида, улар аввал бир жойга жам қилинадилар, сўнг дўзахга қараб ҳайдаладилар. Бунинг далили ушбу оятдир:
«Кофир кимсалар гуруҳ-гуруҳ қилиниб, жаҳаннамга ҳайдалур» (Зумар сураси, 71-оят). Дўзахга кирганларида, у ердан қочишга ҳаракат қиладилар ва ўша пайтда занжирбанд қилиниб, яна дўзахга қараб судраладилар. Натижада, улар қочишга имкон топа олмайдилар.
«Сўнгра узунлиги етмиш газ бўлган занжирга солингиз!» оятида зикр қилинган занжир дўзах аҳлининг баданларидан ортиб қолиб, дўзахдан ортиқча жой эгаллаши мумкин эмас. Чунки Аллоҳ таоло дўзахни барча куфрда ўтган одамлар ва жинлар билан тўлдиришини ваъда қилган(Имом Мотуридий ушбу оятга ишора қилаётган бўлса, ажаб эмас: «Раббин-гизнинг «Жаҳаннамни барча (куфрда ўтган) жинлар ва одамлар билан тўлдиражакман», - деган сўзи ҳақдир» (Ҳуд сураси, 119-оят).). Шундай экан, ўша занжир (дўзахда) ортиқча жой эгалласа, дўзах фақат одамлар ва жинлар билан тўлмаган бўлади. Бу эса ваъдага хилофдир. Аллоҳ таоло ваъдасига асло хилоф қилмайди. Аммо ўша занжир дўзахийларнинг баданларига қараганда узунроқ бўлса, янада қаттиқ қисилишлари ва ғамга ботишлари учун (ортиқча қисми) ўз эгаларига (қайта) ўраб қўйилади. Аммо занжир дўзах аҳлининг баданларини ўрашдан ортиб туриши эҳтимолдан йироқдир.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган хабарда у зот: «Ҳисоб-китоб қилинишингиздан олдин ўзингизни ҳисоб-китоб қилиб олинг. Чунки бу иш (дунёда) сиз учун енгилроқдир. Амалларингиз тарозига солинишидан олдин ўзингиз уларни тарозига солиб кўринг ва қиёмат куни бўладиган катта ҳисоб-китобга ҳозирлик кўринг», (деб):
«Бас, ўша кунда кўрикдан ўтасизлар, бирорта нарсангиз махфий қолмайди» (Ҳаққо сураси, 18-оят) оятини ўқигани айтилади»(Ибн Муборак, «Зуҳд ва рақоик, китоби», 103-бет; Суютий. «Ад-дур ал-мансур», 8-жилд, 271-бет.).
Ҳасандан ривоят қилинади: «Албатта, мўмин банда ўз нафси устидан назорат қилади. У ўз нафсини Аллоҳ учун ҳисоб-китоб қилади. Албатта, дунёда ўз нафсларини ҳисоб қилган кишиларга қиёмат кунидаги ҳисоб-китоб осон кечади. Аксинча, бу иш (амаллар)ни ҳисобга олмаган кимсалар учун қиёмат кунининг ҳисоб-китоби оғир кечади. Ҳақиқатан, мўмин банда тўсатдан бирор нарсага дуч келиб, уни ёқтириб қолса: «Аллоҳга қасамки, мен сени жуда хоҳлаб турибман ва сен менга жуда кераксан. Лекин, валлоҳи, менинг сенга ҳеч қандай алоқам йўқ. Сен узоқдасан, орамизда катта масофа бор. Ва ўша нарсани йўқотади (яъни қилмайди). Кейин ўзига келиб, «Мен буни хоҳламаган эдим, мени у билан нима ишим бор? Аллоҳга қасамки, мени бунга узрим йўқ. Аллоҳга қасамки, мен бу ишни қайтиб қилмайман», дейди.
Албатта, мўминларни Қуръон (ўз ҳидояти билан) мустаҳкам боғлаб олган ва улар билан ҳалокатлари ўртасини тўсиб туради. Мўмин банда бу дунёда асирдир. У доим ўзини асирликдан озод қилиш учун саъй-ҳаракат қилади. То Аллоҳга йўлиққунига қадар хотиржамлик билмайди. У қулоғи, кўзи, тили ва барча аъзолари учун ҳисобга тутилишини яхши билади.
Нафсни ҳисоб-китоб қилиш амалга оширмоқчи бўлган ҳар бир ишининг оқибатига назар солиш, тўғри бўлса, унда давом этиб, уни амалга ошириш, бордию тойилиш бўлса, ундан тийилишдир. Чунончи, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир иш қилмоқчи бўлсанг, унинг оқибатини ўйла. Агар тўгри бўлса, уни амалга ошир. Агар ёмонлик бўлса, уни тўхтат»(Ибн Муборак, «Зуҳд ва рақоиқ китоби», 14-бет; Абдураззоқ. «Мусаннаф», 11-жилд, 165-бет.) деганлар».
Бошқа бир хабарда бундай дейилган: «Мўмин банда ўзидан воқиф бўлади ва доим ўзини-ўзи (амалларини) тарозига солиб (назорат қилиб) туради». Тарозига солиш юқоридаги хабарда келганидек, оқибатига назар солишдир. Банда оқибатига назар солиб, уни амалга оширишни тўғри деб билса, демак, ўзини-ўзи ҳисоб-китоб қилибди. Бордию янглиш деб билса, ундан ўзини тияди ва ўша ишни қилмайди. Бу унинг тўхташидир. Юқорида зикр қилинганидек, кишининг ўз нафсини ҳисобга тутиши, қилмоқчи бўлиб турган ишлари ҳақида эди. Амал қилиб бўлган ёки қилиб юрган ишлари учун ўзини ҳисобга тутиши - (ўтмишига) назар солиши, бордию ҳаром иш қилган бўлса, ундан тавба қилиб, Аллоҳ таолога истиғфор айтишидир. Шоядки, Аллоҳ таоло марҳамати билан уни мағфират қилса! Амали Аллоҳ таолони рози қиладиган иш бўлса, У Зотга ҳамд айтиб, шунга ўхшаш ишларга яна муваффақ қилишини сўрайди. Ушбу (кўрсатма)лар қилган амаллари юзасидан банданинг ўзини ҳисоб-китоб қилиши ҳисобланади».

[33] Чунки у улуғ Аллоҳга имон келтирмаган эди.
Мазкур оятда улар (китоби чап томондан берилган кимсалар)нинг азобга дучор бўлишлари сабаби баён қилинмоқда, яъни улар Улуғ Аллоҳга имон келтирмас эди.
Оятдаги: «Аллоҳга имон келтирмаган эди» жумласи «Аллоҳнинг ягоналигига ёки пайғамбарларга ёхуд қайта тирилишга имон келтирмаган эди» маъносида бўлиши мумкин. Аслида, улар Аллоҳга имон келтирган эдилар. Лекин ким пайғамбарларга ва қайта тирилишга имон келтирмаса, демак, у мўмин эмас. Чунки пайғамбарларни юборган, қайта тирилтиришга қодир бўлган Зот - ҳаққоний Илоҳ (Аллоҳ)нинг Ўзидир. Кофир кимса, Аллоҳ таоло қайта тирилтиришга қодир эмас, У пайғамбарларни юбориши мумкин эмас, деб билади. Шу сабабдан у Улуғ Аллоҳга чинакамига имон келтирмаган ҳисобланади.

[34] Ва мискинларга таом беришга қизиқтирмаган эди.
Мазкур оятда у (китоби чап томонидан берилган кимса)нинг қайта тирилишга имон келтирмагани ҳақида хабар берилмоқда. Чунки одамлар мискинларни таомлантирганлари учун улардан мукофот сўрамайдилар. Балки улар Аллоҳ таолонинг розилиги ва охиратда бериладиган савоб умидида уларни таомлантирадилар, холос. Кофир эса, охиратда бериладиган ўша мукофотга имон келтирмаган бўлса, уни мискинларга таом беришга нима ҳам ундасин? Қолаверса, мискинларга таом бериш дунёда рағбат қилинадиган касблардан бири ҳам эмас. Демак, Аллоҳ таоло (бу оят орқали) «Уни дўзахга етаклаган нарса - Аллоҳ таолога ёки қайта тирилишга имон келтирмаганидир», демоқда.
«Ва мискинларга таом беришга қизиқтирмаган эди» ояти ўз аҳлини мискинларга таом беришга тарғиб қилмаган кимсада (динни) масхаралаш борлигини асослаётган бўлиши ҳам мумкин. Бунга қуйидаги оят далил бўлади:
«Агар Аллоҳ хоҳласа, Ўзи озиқлантирадиган кишиларга бизлар таом берамизми?» (Ёсин сураси, 47-оят). Яъни кофир кимса (истеҳзо қилиб): «Ер ва осмонлардаги хазиналар измида бўлган Зот озиқлантирмаган кишиларга мен қандай қилиб таом бераман? Зеро, у (мискин) таом беришга муносиб бўлганида, Аллоҳ таолонинг Ўзи уни озиқлантирган бўлар эди», дейди.

[35] Бас, бугун бу ерда унга бирор дўст йўқдир.
Мазкур оятда келган [ҳамимун] - «дўст» сўзи «умид қиладиган яқини» маъносидадир. Бу маънони қуйидаги оят ҳам таъкидлайди:
«...Ўша куни уларнинг ўрталарида (ҳеч қандай) насаблар қолмас ва улар ўзаро савол-жавоб ҳам қила олмаслар» (Муъминун сураси, 101-оят). Демак, унинг умид қиладиган яқини бўлмайди ёки ўша яқин кишиси унга фойда бермайди. Дарвоқе, унинг дунёда фойдаси тегадиган ва умид қиладиган яқин одами (кўп) бўлар эди.

[36] Йирингдан бошқа бирор таом ҳам йўқдир.
Аллоҳ таоло бошқа бир оятда бундай деган: «Уларга тикандан бошқа таом йўқ» (Ғошия сураси, 6-оят).
Бошқа бир оятда бундай деган:
«Сўнгра, сиз эй адашганлар, ёлғонга чиқарувчилар! Албатта, заққум дарахтидан еювчисизлар. Бас, ундан қоринларни тўлдирувчисизлар» (Воқиъа сураси, 51-53-оятлар), деган. (Мазкур оятларда келган) [заққум] ва [дорийъ] бошқа-бошқа (хусусиятли) нарсалардир. Бу нарса шунга далолат қиладики, - яна ҳам Аллоҳ билувчи - жаҳаннамнинг даражот, яъни паст даражалари бўлиб, ўша паст даражаларнинг биридаги дўзах аҳли фақат йиринг билан таомланади. Яна бир даражадаги дўзах аҳли эса йирингдан бошқа нарса билан таомланади. Яна бир даражадаги дўзах аҳлининг таоми эса заққум бўлади ва уларга шундан бошқа таом берилмайди. Оятлар шу тарзда таъвил қилинмаса, биз зикр қилиб ўтган (дўзах аҳлининг таоми турли бўлиши ҳақидаги) маълумотлардан Қуръонда қарама-қаршилик мавжуд, деган нотўғри тушунча келиб чиқиши мумкин. Пировардида, у гўё Аллоҳ таолонинг ҳузуридан нозил қилинмагандек бўлиб қолади. Бунинг далили ушбу оятдир:
«Агар у Аллохдан бошқанинг ҳузуридан бўлганида, ундан кўп ихтилофлар топар эдилар» (Нисо сураси, 82-оят).
Дўзахдаги ҳар бир даража аҳлига ҳикмат ила таом тайин қилинган бўлиши мумкин. Бинобарин, дунёда турли хил таомларни ўзларидан бошқаларга (кўз-кўз қилиб,) мақтаниб, ўша таомга эга бўлмаганларни таҳқирлаб юрганлари сабабли, Аллоҳ таоло улар учун ҳам жаҳаннамда таҳқирланишга олиб борадиган таом тайёрлаб қўйган.
Ҳасан (Басрий) бундай деган: «Албатта, Қуръоннинг ҳаммаси битта сура каби, битта сура эса битта оят кабидир. Гўё Аллоҳ таоло мана шу нарсаларнинг барчасини битта оятда жамлаб:
«Йирингдан бошқа бирор таом ҳам йўқдир. Уларга тикандан ва заққумдан бошқа таом йўқ», демоқда. Дўзах аҳлининг таоми ҳақидаги оятлар Ҳасан (Басрий) зикр қилган маънода тушунилса, «Қуръони Каримда қарама-қаршилик бор», деган хомхаёл бартараф бўлади. Валлоҳу аълам!
[иллаа мин ғислийнин] оятидаги «ғислийн» дўзах аҳлига азоб бериладиган нарсалардан бирининг номи бўлиб, Аллоҳ таоло унинг нималиги ва моҳиятини халойиққа ошкор қилмаган бўлиши мумкин. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло (Қуръонда) охиратга тааллуқли шундай номларни зикр қилганки, ҳали улар ҳақида инсонларда ҳеч қандай маълумот мавжуд эмас. Аслида, заққум дунёда одамлар жирканадиган ва жуда ёмон деб биладиган нарсанинг номи эмас. Шундай бўлса-да, Аллох таоло уни охиратда жирканиладиган ёмон нарса учун ном қилиб қўйди. У зот:
«У ердаги чашманинг номи «Салсабил» деб аталур» (Инсон сураси, 18-оят), деган. Ана шу «Салсабил» тилшунослар наздида номаълум нарсадир (демак, ғислин маълум, салсабил эса номаълум нарсадир, шу сабабли ғислин ҳақида турли фикрлар берилган).
Баъзилар: «Ғислийн дўзах аҳли азобланганида, уларнинг териларидан оқадиган йирингдир»(Бу гапни Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан Ибн Жарир икки йўл билан ривоят қилган. Бу гап бошқа кўпгина йўллар орқали ҳам ривоят қилинганини Суютий ўзининг «Ад-дур ал-мансур» асари, 6-жилд, 412-бетида айтиб ўтган.), деганлар.
Дўзах аҳлини унинг олови қаттиқ қиздириб юборганида, улар Аллоҳ таолога илтижо қилиб, ўзларидан ўша иссиқни кетказиши мумкин бўлган нарсани сўраганларида, уларнинг устиларидан азобларига азоб қўшадиган нарса қуйилади. Уша вақтда улардан ажралиб чиқадиган нарса ғислийн деб аталади. Валлоҳу аълам!

[37] Уни эса фақат хатога (куфрга) кетганларгина егайлар.
Мазкур оятда келган [ал-хотиун] - «хатога кетганлар» Аллоҳ таоло: «Чунки у улуғ Аллоҳга имон келтирмаган эди. Ва мискинларга таом беришга қизиқтирмаган эди»(Шу суранинг 33-34-оятлари.) деб таърифлаган кимсалардир.

[38] Сизлар кўриб турган нарсалар билан қасам ичурман.

[39] Ва сизлар кўрмайдиган нарсалар билан ҳам.
«Қасам ичаман» оятининг маъносини юқорида айтиб ўтганмиз. Бинобарин, оятнинг маъноси қуйидагичадир: «Сизлар кўриб турган еру осмонлар ва сизларнинг яратилишингиз билан ва сизлар кўрмайдиган қулоқлар, кўзлар, қалблар ҳамда ақллар билан қасамёд этаман». Ёки, сизлар кўриб турган ҳузурингиздаги махлуқотлар ва сизлар кўрмайдиган ғайбдаги махлуқотлар билан «(қасам ичаман)», деган маънода бўлади. Ана шунда кўринадиган ва кўринмайдиган нарсалар билан ичилган ушбу қасам барча (яратилган) махлуқотлар (номи) билан ичилган бўлади. Чунки махлуқотларнинг барчаларини мазкур икки жиҳат қамраб олади. Яъни бир тоифаси кўзга кўринади, бошқаси кўзга кўринмайди. Қайд қилганимиздек, Аллоҳ таолонинг қасами тадаббур ва тафаккур билан англанадиган мақсадни таъкидлаш учун бўлади(Бу хусусда Воқиъа сурасининг 75-76-оятлари маъноси асносида сўз юритилган).

[40] Албатта, у (Қуръон) карамли Расулнинг сўзидир!
Яъни сизлар эшитиб турган нарсангизни Пайғамбардан - мукаррам элчидан эшитяпсиз. Аллоҳ таоло бу оятда «Албатта, у (Қуръон) карамли Расулнинг сўзидир!» деб зикр қилди. Бошқа ўринда эса уни Аллоҳ таолонинг каломи деб зикр қилган:
«Агар мушриклардан бирортаси сиздан ҳимоя сўраса, бас, уни ҳимоянгизга олинг, токи у Аллоҳнинг каломини эшитсин» (Тавба сураси, 6-оят). Биринчи оятда «Албатта, у (Қуръон) карамли Расулнинг сўзидир!» дейилган. Қуръони Карим Расулуллоҳ орқали бизга етиб келгани учун унинг нисбати Расулуллоҳга берилган. Чунки биз Қуръонга у зот орқали етишганмиз. Аммо (кейинги оятда) Аллоҳ таолога боғлаб зикр қилинишига келсак, Қуръон (нозил бўлишининг) бошланиши Унинг ҳузуридан бўлгани учундир. Қуръон Расул орқали (бандаларга) маълум бўлгани сабабли (мазкур оятларда) нисбати элчига берилган. Бу худди қуйидаги оятда калбнинг англаши қулоққа нисбат берилганига ўхшайди: «...Ва англовчи қулоқлар англаб олишлари учун». Зеро, Қуръон қулоқлар орқали қалбга етиб боради. Шунинг учун ҳам Аллоҳнинг каломи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбат берилди. Чунки махлуқотлар уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам орқали эшитади.
Аслини олганда, калом ва сўзнинг ўзи эшитилмайди. Эшитиладиган нарса бу калом ва сўзни танитадиган, унга далолат қиладиган товушдир. Аллоҳнинг каломи дейилганда чиндан ҳам У Зотнинг товуши эшитилади, деб тушунилмайди. Шунга кўра, (эшитилаётган) Қуръон ҳам Аллоҳ таолонинг каломи деб айтилди. Чунки у Аллоҳнинг каломига далолат қилади. Эшитилаётган Қуръон аслида Унинг каломи эмас, (балки Унинг каломига далолат қиладиган сўздир).
«Албатта, у (Қуръон) карамли Расулнинг сўзидир!» оятининг таъвили (маъноси) қуйидагича бўлиши ҳам мумкин: «Сизлар Пайғамбар алайҳиссаломдан эшитган ва у сизларга олиб келган сўз, албатта, Аллоҳнинг ҳузуридан қабул қилиб олингандир». Аллоҳ таоло бу (эслатма)ни шайтонлар ва улардан бошқа душманлар тарафидан Қуръонга нисбатан таъсир ўтказиш содир этилмаслигидан хотиржам қилиш учун зикр қилмоқда.
Аллоҳ таоло:
«Албатта, у (Қуръон) карамли Расулнинг сўзидир. У қувватлидир. Арш эгаси ҳузурида мартабаси олийдир» (Таквир сураси, 19-20-оятлар), деб зикр қилганидек, мукаррам элчи - бу Жаброил алайҳиссалом бўлиши ҳам мумкин. Ва яна «карамли Расул»дан мурод Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлишлари ҳам мумкин. Ҳақиқатга яқинроғи шудир. Чунки кофирлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбар эканларини инкор этар, лекин Жаброил алайҳиссалом ҳақида бирор нарса демас эдилар.

[41] Ва у шоирнинг сўзи эмас. Сизлар жуда оз ишона-сизлар.

[42] Ва фолбиннинг ҳам сўзи эмас. Сизлар жуда оз эсларсизлар. Яъни албатта, бу Қуръон улуғ элчининг сўзидир, шоирнинг ҳам, коҳиннинг ҳам сўзи эмас.
Сўнгра (мазкур оятларда келган): «Сизлар жуда оз ишонасизлар» ва «Сизлар жуда оз эсларсизлар» жумлаларига «Элчи сизларга олиб келган нарсаларнинг жуда озига имон келтирурсиз ва уларнинг жуда озидан эслатма олурсиз», деб маъно бериш мумкин. Улар имон келтириб, эслатма олган ўша оз нарса ўзларининг фойдаларига хизмат қиладиган нарса эди. Аммо уларнинг зарарига хизмат қиладиган нарсага на имон келтирдилар ва на ундан эслатма олдилар(Банда имон келтириш лозим бўлган таълимотларга имон келтирмагач, улар қиёматда унинг зарарига хизмат қилади.).
Агар мазкур оятларнинг таъвили (маъноси) биз айтиб ўтгандек бўлса, у ҳолда [қолийл] - «оз» сўзининг насб ҳолатда (тушум келишигида) зикр қилиниши ундаги жар ҳарфи (предлоги) олиб ташлангани учундир. Аслида унинг насб ҳолатда зикр қилинишига сабаб масдар (ҳаракат номи), яъни мафъул мутлақ(Мафъул мутлақ - гапдаги феъл ўзагидан ясалган тушум келишигида турадиган масдар тўлдирувчи.) бўлганидир.
Эҳтимол, ундаги [қолийл] лафзи шоир ва коҳиннинг сўзига тегишли тарзда зикр қилингандир. У ҳолда мазкур оятларнинг таъвили (маъноси) бундай бўлади: «Агар иш сизлар ўйлагандек, яъни Қуръон шоирнинг ёки коҳиннинг сўзи бўлса, нима учун сиз ундан (Қуръондан) лоақал жуда озини ҳам тасдиқламайсиз, ваҳоланки, шоир ўз шеърларида, шунингдек, коҳин ҳам аксар ҳолларда ёлғон ишлатсада, камдан-кам ўринларда рост гапиришини яхши биласиз-ку? Шундай экан, нима учун Қуръондан озини бўлса ҳам, тасдиқламайсиз? Ҳолбуки, унинг (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг) рост гапираётганини сизлар биласиз-ку?» Мазкур оятлар ушбу таъвил (маъно)га кўра тушуниладиган бўлса, улар кофирларга Қуръонни тасдиқлашларини вожиб қилиш маъносида келган бўлиб чиқади. Агар юқоридаги таъвилга кўра бўлса, унинг замирида кофирларнинг Қуръоннинг камдан-кам оятига имон келтириш-лари баён қилинаётган бўлади. Валлоҳу аълам!

[43] Оламлар Раббисидан туширилгандир.
(Мазкур оятда келган) [танзилун] - «туширилган» аслида эшитилишни қабул қилмайди (яъни у эшитиладиган нарса эмас). Чунки у нозил қилиш феълидан хабар беришдир. Эшитиладиган нарса - бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилингани, холос(Бу ерда «танзилун» ва «муназзалун» сўзларининг маъноларидаги фарқ ҳақида гапирилмокда. Чунки «танзилун» «нозил бўлиш» маъносида, «муназзалун» эса «нозил килинган», яъни Қуръон маъносидадир. Демак, нозил қилишни эшитиб бўлмайди, балки нозил қилинган нарсани эшитиш мумкиндир.).
Аллоҳ таолонинг: «У (Қуръон), албатта, мукаррам элчининг (Аллоҳ номидан айтган) сўзидир!» ва «...нозил қилинган (Китоб)дир» деган сўзи ҳақиқий маънода эмас, мажозий маънода тушунилишини билдириш учун (Қуръони Каримнинг) нозил қилинишини Узига боғлаб зикр қилди. Чунки оятда келган [танзилун] - бу Аллоҳ таоло нозил қилган нарса бўлгани сабабли шундай аталмоқда. Чунки (Қуръонни) нозил қилиш масъулиятини унга (Жаброил алайҳиссаломга) юклаган Зот айнан Аллоҳ таолонинг Узидир. Нозил қилиш амалининг яратувчиси - Аллоҳ таоло бўлса-да, Қуръонни айнан Унинг Ўзи олиб тушган, деб тушунилмайди.

[44] Ва агар у Бизнинг (номимиздан) баъзи ёлғон сўзларни тўқиса,
Ушбу оят ўзидан олдинги «У (Қуръон), албатта, мукаррам элчининг (Аллоҳ номидан айтган) сўзидир!» ва «У бирор шоирнинг сўзи эмасдир» оятларининг давомидир. (Мазкур суранинг 38-39-оятларидаги) қасам ана шу икки оят учун ичилган. Бинобарин, Аллоҳ таоло гўё шундай демоқда: «Албатта, у (Қуръон)ни Аллоҳнинг ҳузуридан қабул қилиб олган зот (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам) улуғ элчидир. У бирор коҳин ёки шоирдан қабул қилиб олган сўз ҳам, Бизнинг номимиздан тўқиб айтилган сўз ҳам эмасдир. Агар Бизнинг номимиздан тўқиб айтганида эди, албатта, Биз унинг ўнг қўлидан тутган бўлар эдик».
Мазкур оят бошқа бир маънони ифода этиши ҳам мумкин. Яъни сизлар ундан (Қуръонни) эшитиб турган зот (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам) улуғ элчидир. У шоир ҳам, коҳин ҳам ёки гап тўқувчи ҳам эмас. Чунки кофирлар Пайғамбар алайҳиссаломни гоҳ коҳинга, гоҳ сеҳргарга ва гоҳ Аллоҳ таоло номидан гап тўқувчига чиқарар эдилар. «(Пайғамбар) Бизнинг номимиздан (Биз айтмаган) баъзи сўзларни тўқиб айтганда эди, албатта, Биз унинг ўнг қўлидан тутган бўлур эдик». Аллоҳ таоло бу сўзи билан шу нарсани баён қилмоқдаки, агар У Зот танлаб олган бандалар Унинг буйруқларига тескари иш қилиб, хато қилсалар, Аллоҳнинг азоби уларга, У зотнинг душманларига етганидан кўра тезроқ етади. Сиз Аллоҳ таолонинг «...Албатта, Биз унинг ўнг қўлидан тутган бўлур эдик», деган сўзига эътибор қилинг. Бундан аён бўладики, кофирлар Пайғамбар алайҳиссаломга нисбат берган ишлардан бирортаси Расулуллоҳда топилса, Аллоҳ таоло у зотни ўша жойнинг ўзида (азоб билан) ушлаган бўлар эди. Одам алайҳиссалом хато қилиб, Аллоҳ таолонинг амрига хилоф иш қилганида, у зотга қандай чора кўрилганини, шунингдек, Юнус алайҳиссалом ҳам қилган хатоси ортидан қандай итобга қолганини эсланг. Аллох таолонинг дўстларига азоб етиши уларга танбеҳ бериш, эслатиб қўйиш ва хато қилишдан олдинги итоат ва бўйсуниш ҳолатига қайтишни талаб қилиш маъносида тушунилади. Аллох таолонинг душманлари бу тарзда азобланмайди. Чунки уларнинг жазолари улар абадул-абад азобланадиган кун (қиёмат)га қадар кечиктирилган.
Мазкур оятнинг қуйидагича талқини ҳам бор: Агар сизлар Пайғамбардан эшитган нарса, сеҳр ёки шеър, фолбинлик ёхуд тўқима гап бўлганида эди, Аллоҳ таоло, албатта, унга яшаш учун муддат бермас, балки ўша ернинг ўзида азоб билан ушлаган ва «У ҳолда сизлардан бирор киши ундан (пайгамбардан ҳалокатни) тўса олувчи бўлмас эди» оятида келганидек, ундан ҳалокатни тўса олувчи топилмас эди. Демак, Пайғамбар алайҳиссаломга муддат берилиши улар айтганидек эмас, балки Қуръон оламлар Парвардигори ҳузуридан нозил қилинганига далолат қилади.

[45] Албатта, Биз уни қудрат билан тутармиз.

[46] Сўнгра, албатта, унинг шоҳтомирини кесармиз.
Аллоҳ таолонинг тутиши (ушлаши) Унинг азоб-уқубатидир. Бунга қуйидаги ояти далил бўлади:
«Сўнгра, шояд тазарруъ қилсалар, деб уларни бало ва зиёнларга тутганмиз» (Анъом сураси, 42-оят). Бошқа бир оятда бундай дейилган:
«Шундан сўнг бехос уларни ўзлари сезмаган ҳолда (азобга) тутдик» (Аъроф сураси, 95-оят).
Мазкур оятда келган [бил-ямийн] ибораси «куч билан» деган маънони англатади. Яъни «Бизни ундан ҳеч нарса ожиз қолдирмайди ва уни азоблашни унутмаймиз», деган мазмунни ифода этади. Бу маъно Аллоҳ таолонинг ушбу оятида ўз аксини топган:
«Улар (балодан қутулиш учун бирор ишни) уддалай олувчи эмасдирлар» (Зумар сураси, 51-оят). Бошқа оятда бундай дейилган:
«Орангиздаги ўлимни Биз белгилаганмиз» (Воқиъа сураси, 60-оят). (Бинобарин, биз сўз юритаётган оятнинг) маъноси бундай бўлади: «Ундаги шараф ва қувват уни (азоб билан) тутишимиздан ва азобга дучор қилишимиздан Бизни ожиз қолдирмайди».
Мазкур оятда келган [ал-ямийн] лафзи ҳақиқатда (ўнг) қўл маъносида эмас, балки (олдинги оятдаги) «сўз» лафзига алоқадор бўлиши мумкин. Шунинг учун ўнг қўл зикр қилинган. Чунки воқеликда ҳам (бировни) тутиб, одоб бериш ўнг қўл билан амалга оширилади. Бу оят ҳам қуйидаги оят кабидир:
«Бундай бўлиши ўз қўлларинг тақдим қилган нарсалардандир» (Ҳаж сураси, 10-оят). Бу оятда Аллоҳ таоло тақдим қилиш амалини қўлга боғлаб зикр қилган, бироқ қўлнинг ўзини ирода қилмаган. Чунки банданинг қилган ишига унинг қўллари дахлдор бўлмаслиги мумкин. Лекин воқеликда такдим қилиш қўллар орқали амалга оширилгани боис, бу ўринда қўллар зикр қилинган. Бироқ иш-ҳаракатнинг айнан қўллар билан амалга оширилиши ирода қилинмаган. Бинобарин, воқеликда (бировни) тутиб, одоб бериш ўнг қўл билан бўлгани учун бу ўринда (Аллоҳ таолонинг азоб билан ушлашида ўнг қўл бўлмаса ҳам) ўнг қўл зикр қилинган бўлиши мумкин. Валлоҳу аълам!
[ал-ямийн] - «куч-қувват»дир. Ўнг қўл «ямин» деб аталишига сабаб шуки, кишининг қудрати унда бўлади. Қулга эгалик қилиш ҳам [милкул-ямийн] - «Куч-қувватга эгалик қилиш» деб аталди. Чунки қўл остидаги қул ёки жориялар куч ва ғолиблик орқали қўлга киритилади. Киши бўйсундириш ва ғалабага фақатгина куч орқали эришади. Шу нуқтаи назардан [милкул-ямийн] - «Куч-қувватга эгалик қилиш» деб аталди. Бу ерда [ал-ямийн] сўзи зикр қилиниб, ундан ҳақи-қий маънодаги ўнг қўл назарда тутилмаган. Чунки қўл ҳеч нарсага эгалик қилмайдики, унга нисбат берилса. Худди шу каби, Аллоҳ таолога боғлаб зикр қилинган [ал-ямийн] сўзидан мурод ҳам куч-қудратдир.
«Сўнгра унинг шоҳтомирини узиб ташлаган бўлур эдик» оятида келган [ал-ватийн] - «шоҳтомир» сўзи хусусида бир манбада [ал-ватийн] - юракдаги бир томирдир»(Бу гапни Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан Ибн Жарир, Ибн Мунзир ривоят қилган. Суютий. «Ад-дур ал-мансур», 6-жилд, 413-бет.), дейилса, бошқасида «У юракдаги ипдир»(Бу гапни Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан Ибн Жарир, Фирёбий, Саид ибн Мансур, Абд ибн Ҳумайд, Ибн Мунзир, Ибн Абу Ҳотим ривоят қилган. Уни Ҳоким ривоят қилиб, саҳиҳ деган. Суютий. «Ад-дур ал-мансур», 6-жилд, 413-бет. Мужоҳид ва Қатода розияллоҳу анҳумо ҳам шу гапни айтган.), дейилган. «Унинг узилиши оқибатида инсон ҳалок бўлади. У инсоннинг орқа белига туташган бир томирдир»(Заҳҳок шунга ўхшаш гапни айтганини Ибн Жарир ривоят қилган.), деган қараш ҳам бор. Демак, Аллоҳ таоло гўё: «Биз уни шундай азоблаймизки, ўша азоб сабабидан яшаб қола олмас», демоқда. Пайғамбарлар қачон тўғри йўлдан оғишса, ўша вақтнинг ўзида азоб билан тутилишлари пайғамбарликнинг энг катта аломатларидан биридир. Бундан ташқари, бу ишда пайғамбарлар томонидан (Аллоҳ таоло нозил қилган китобга) ўзгартириш ва бошқасига алмаштириш содир этилиши эҳтимолидан халойиқни хотиржам қилиш бор. Чунки пайғамбарлар уни ўзгартирсалар, албатта, азобга дучор қилинадилар.
Эҳтимол, яъни «Албатта, Биз уни қудрат билан тутган бўлур эдик» оятида келган [минҳу] - сўзи гапдаги зиёдалик бўлиб, уни аслида зикр қилмаслик керак эди(Имом Мотуридийнинг ушбу сўзлари Қуръони Карим оятларини танқид қилиш маъносида эмас, балки араб тили қоидалари нуқтаи назаридан оятни шарҳлаш ҳисобланади. Бу йўл билан Қуръон маънолари грамматик тахдил асосида кенг очиб берилади.). Ана шунда бу оят [лаъахознааҳу бил-ямийни] (яъни «Биз, албатта, уни қудрат билан тутган бўлур эдик»)(Мазкур жумлалар ўзбек тили нуқтаи назаридан бир хил маъно ва шаклда ифодаланса ҳам, араб тили қоидаларига кўра, шакл жиҳатидан бир-биридан бир оз фарқланади.) деган маънода бўлади.
[минҳу] сўзининг маъноси «Биз, албатта, у сўз тўқигани, сеҳр қилгани, коҳинлик қилгани сабабли қудрат билан тутган бўлур эдик» бўлиши ҳам мумкин. Шундай бўлса, [минҳу] бирикмаси ортиқча боғловчи бўлиб эмас, балки ўз ўрнида қолиб, зикр қилиниши керак.

[47] Бас, сизлардан ҳеч ким уни тўсиб қола олмас.
Мазкур оят замирида кофир бўлган кимсаларни Расулуллоҳдан ноумид қилиш бордир. Зеро, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига эргашишлари ва динларига рози бўлишларидан умидвор эдилар. Демак, Аллоҳ таоло хабар бермокдаки, агар Пайғамбар алайҳиссалом кофирларнинг таклифига рози бўлсалар, албатта, у зотнинг шоҳтомирларини узиб юборади, у зотни ҳеч ким ҳимоя қила олмайдиган қилиб ушлайди, ана шунда ҳеч ким у кишига ёрдам бера олмайди ёки у кишидан ҳалокатни тўса олмайди. Бу фикримизнинг далили ушбу оятлардир:
«Сизни Биз ваҳий қилган нарсадан фитна орқали буриб, Бизнинг шаънимизга бошқасини уйдиришингизга ундашларига оз қолди. Шундай бўлган тақдирда, албатта, сизни дўст тутар эдилар. Агар Биз сизни собит қилмаганимизда, батаҳқиқ, уларга бир оз бўлсада, мойил бўлишингизга оз қолар эди. Шундай бўлган тақдирда биз сизга ҳаёт (азобини) ҳам икки ҳисса, мамот (азобини) ҳам икки ҳисса тоттирган бўлардик. Сўнгра ўзингиз учун бизга қарши ёрдамчи топа олмас эдинг» (Исро сураси, 73-75-оятлар).

[48] Ҳақиқатан, у (Қуръон) тақводорлар учун эслатмадир.
Тақводорлар - Аллоҳ таолони яккаю ягона деб билувчи (Аллоҳни бир деб билувчи) мўминлардир. Шунинг учун Аллоҳ таоло (Қуръонда) уларни бир гал тақводорлар деб атаган бўлса, бир гал сабрлилар ва шукр қилувчилар деб атаган. Бунга Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти мисол бўлади:
«Албатта, бунда ҳар бир сабрли ва шукр қилувчи киши учун аломатлар бордир» (Иброҳим сураси, 5-оят).
Қуръон - бу эслатмадир. Чунки у бандаларга Аллоҳнинг (жаннат билан берган) ваъдаси ва (дўзах азоби билан қилган) тахдидини, нимани қилишлари мумкин-у, нимадан сақланишлари лозимлигини эслатиб туради. Демак, у, яъни Қуръон эслатмадир.

[49] Биз сизларнинг орангизда (Қуръонни) инкор этувчилар бор эканини аниқ билурмиз.
Яъни Биз сизларнинг орангизда Менинг оятларим ва пайғамбарларимни инкор этувчилар бор эканини аниқ биламиз. Сўнгра сизларга муҳлат берамиз. Бинобарин, бу оят «Агар (пайғамбар) Бизнинг номимиздан (Биз айтмаган) баъзи сўзларни тўқиб айтганда эди» оятининг давоми ҳисобланади. Зеро, Аллоҳ таоло шу нарсани баён қилмоқдаки, кофирлар Унинг оятлари ва пайғамбарларини инкор этишларига қарамай, уларга муҳлат беради, уларни азоблашга шошилмайди. Бордию Пайғамбар Аллоҳнинг номидан У айтмаган баъзи сўзларни тўқиб гапирса, албатта, унинг шоҳтомирини узиб, ҳалок қилиб юборар эди. Бу оят биз юқорида зикр қилиб ўтган маънони қувватлайди. Яъни Аллоҳ таолонинг хос бандалари Унинг ҳукмларига тескари иш қилсалар, У Зотнинг азоби Унинг душманларига қараганда, хос бандаларига тезроқ етади.
Эҳтимол, «Биз сизларнинг орангизда инкор этувчилар бор эканини аниқ билурмиз» оятидан мурод («инкор этувчи») мунофиқлардир. Чунки улар тилларида ўзларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни қўллаб-қувватловчи қилиб кўрсатишиб, қалбларида у зотга қарши фикрда бўлишар ва у зотни инкор этар эдилар. Шунда оятнинг мазкур таъвили мунофиқларга тегишли бўлади. Бундан олдинги таъвил (маъно) эса очиқчасига (Расулуллоҳ олиб келган нарсани) инкор этган кофирларга тегишли эди.

[50] Ва, албатта, у кофирлар учун ҳасратдир.
Яъни Қуръон қиёмат куни кофирларга ҳасрат-надоматдир. Чунки у ўзига эргашган, ҳукмларига амал қилган кишиларни шафоат қилади ва шафоати қабул қилинади. Қуръон уни орқасига улоқтирган ва унга амал қилмаган кишилар учун хусуматлашувчи, тортишувчи ва сўзи тасдиқланувчидир(Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу шундай деган: «Албатта, бу Қуръон шафоат қилувчи ва шафоати қабул қилинувчи, шоҳидлик берувчи ва шоҳидлиги қабул қилинувчидир. Ким уни ўз олдига қўйса, жаннатга етаклайди. Ким уни ортига ташласа, дўзахга ҳайдайди». Табароний. «Ал-муъжам ал-кабир», 9-жилд, 132-бет; Суютий. «Ад-дур ал-мансур», 3-жилд, 378-бет.). Демак, Қуръон кофирларга ҳасрат-надоматдир. Чунки у улар билан хусуматлашади, уларга қарши гувоҳлик беради ва гувоҳлиги тасдиғини топади.
Ёки кофирлар қиёмат куни дунёда Қуръонга қилган муомалаларини ёдга олиб, ҳасрат қиладилар ва ҳасратлари яна ҳам зиёда бўлади. Чунки дунё ҳаётида улар Қуръон тиловат қилинганида яна ҳам адашган ва куфрга кетган, ифлосликлари устига ифлосликни зиёда қилиб олган эдилар. Бунга қуйидаги оят далил бўлади:
«Аммо қалбларида касали борларнинг ифлосликлари устига ифлосликни зиёда қилди...» (Тавба сураси, 125-оят). Қуръон улардаги ифлосликнинг (куфрнинг) зиёда бўлишига сабаб эмас эди. Бироқ Қуръон тиловат қилинганида улардаги инкор ва адашиш яна ҳам зиёдалашар эди. Шунинг учун «зиёда қилди» феъли Қуръонга боғлаб зикр қилинди. Чунки улардаги инкорнинг яна ҳам кучайишига сабаб Қуръон эди. Бас, уларнинг Қуръонга қилган бундай муомалалари қиёмат куни улардаги ҳасратни зиёда қилгани боис, бу иш Қуръонга боғлаб зикр қилинди. Чунки улар Қуръон ўқилган вақтда уни инкор қилган эдилар. Ифлосликнинг зиёда бўлиши Қуръонга боғлаб зикр қилиниши ҳам худди шу кабидир. Валлоҳу аълам!

[51] Албатта, у аниқ ҳақиқатдир.
Аслида «ҳақ» сўзи мадҳ этиладиган нарсанинг исмидир. Шунинг учун бу сўз ишлатилган ўринларга назар солиш ва уни энг яхши талқинларга буриш керак бўлади. Агар «ҳақ» сўзи хабар маъносида қўлланса, ундан мурод «чин, рост» маъноси бўлади. Масалан, [ҳаазаа хобарун ҳаққун], яъни бу рост хабардир, дейилади. Агар у «ҳукм» билан ишлатилса, ундан мурод адолат бўлади. Агар у амаллар билан ишлатилса, ундан тўғрилик назарда тутилади. Бинобарин, «Албатта, у аниқ ҳақиқатдир» ояти «Албатта, Қуръоннинг оламлар Парвардигори ҳузуридан нозил қилингани рост ва аниқдир», деган маънода бўлади. Шунинг учун мазкур оят «Оламлар Раббисидан туширилгандир» оятига боғлиқдир.

[52] Бас, улуғ Раббингизнинг исмини поклаб ёд этинг!
Ушбу оят бир қавлда, «Намоз ўқинг!» деб, бошқасида эса «Улуғ Раббингизни шундай ном билан ёдга олингки, у номни тилга олганингизда тасбеҳ, яъни У Зот динсизлар айтган барча гап-сўзлардан ва У Зотга нисбат берилган нолойиқ сифатлардан пок эканини тасдиқ этинг!» деб таъвил қилинган. Аллоҳ ҳидоят қилувчидир!

 

 

 

Орқага Олдинга