Маккада нозил қилинган ушбу сурайи карима эллик икки оятдир. Бу сурада ҳам, Макка сураларининг аксарисида бўлгани каби, эътиқод, ваҳий, тавҳид - Оллоҳ таолонинг Танҳо Маъбуди Барҳақ эканлигига иймон келтириш, қайта тирилиш ва хусусан Қиёмат Кунида бўладиган ҳисоб-китоб ва жазо-мукофот ҳақида батафсил сўз юритилади.
Сура пайғамбарлар зиммасига юклатилган вазифа инсониятни зул-матлардан нурга олиб чиқиш эканини баён этувчи оят билан бошланади. Бу билан биринчидан, ҳаётда зулматлар - эгри-нотўғри йўллар кўп, Нур - Ҳақиқат Йўли эса танҳо бўлиши баён қилинса, иккинчидан, ўша ягона нурга фақат пайғамбарлар - Оллоҳнинг элчиларига нозил бўлган ваҳий воситасидагина етиш мумкинлиги уқтирилади. Яна бу сурадан Мусо пайғамбарнингўз қавми билан бўлган мулоқотларидан бири ҳақидаги оятлар ҳам жой олгандир.
Суранинг “Иброҳим”, деб аталишига сабаб, унда пайғамбарлар отаси Иброҳим алайҳис-саломнинг Маккага келишлари ва у ерда Оллоҳ таолога қилган дуо-илтижолари хусусида муфассал ҳикоя қилингандир.
Меҳрибон ва Раҳмли Оллоҳ номи билан
1. Алиф, Лом, Ро. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом, ушбу Қуръон) Сиз одамларни Парвардигорларининг Изни-Иродаси билан зулматлардан нурга - Кудрат ва ҳамду сано Эгаси бўлган Зотнинг Йўлига - олиб чиқишингиз учун Биз Сизга нозил қилган Китобдир.
“Алиф, Лом, Ро”.
Сурайи кариманинг илк оятида келган ушбу алоҳида-алоҳида ҳарфлар хусусида айни мана шундай ҳарфлар билан бошланган Юнус ва Юсуф сураларида айтиб ўтилди.
Ушбу буюк оятда Ҳақ субҳонаҳу ва таоло Ўзининг сўнгги Элчиси бўлмиш Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиб, Қуръон Ўзининг Китоби - бандаларига юборган Мактуби эканини, бу Китобни етказиш учун Элчи қилиб Муҳаммад алайҳис-саломни танлаганини, энди Пайғамбар алайҳис-саломнинг вазифалари мана шу Китоб ёрдамида барча оламларнинг Парвардигори бўлмиш Оллоҳтаолонинг Изни ва Ҳидояти билан одамларни куфр-жаҳолатнинг турли-туман зулматларидан иймоннинг мунаввар Йўлига - Қудрат ва ҳамду сано Эгаси бўлган Зотнинг Йўлига олиб чиқиш эканини айтади.
Бас, маълум бўладики, Китоб Оллоҳ таолонинг Китоби, ушбу Китоб нозил қилинган зот - Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам Оллоҳ таолонинг Элчиси, у зот одамларни даъват қилган Йўл Оллоҳнинг Йўли ва бу Нурли Йўлга Ўзи яхши кўрган бандаларини ҳидоят қилгувчи ҳам Оллоҳ субҳонаҳу ва таолонингЎзидир.
Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам айтилгандир: “Оллоҳ мўминларнинг Дўстидир. Уларни зулматлардан нурга чиқаради. Кофирларнинг дўстлари эса шайтонлардир. Улар (кофирларни) ёруғлик-нурдан қоронғу-зулматларга чиқарадилар. Ана ўшалар дўзах эгаларидир ва улар ўша жойда мангу қолурлар”. (Бақара сураси, 257-оят).
“Оллоҳ мўминларнинг Дўстидир”. Ушбу муборак жумла аҳли иймонни кўкларга кўтаради. Ахир Оллоҳ таоло дўст бўлган инсондан ҳам бахтлироқ ким бор?! Ўша Буюк Дўст Ўз дўстларини - мўмин бандаларини динсизлик зулматларидан иймон нурига - ёруғликка чиқаради. Дарҳақиқат, куфр йўли - қоронғи йўлдир. Бу йўлга кирган одам қаёққа кетаётганини ҳам, қаерда кетаётганини ҳам билмай, инсонийлиқцан ажраб, охир-оқибат дўзах чоҳига кулаши муқаррардир. Иймон йўли эса ёруғ - мунаввар йўл бўлиб, унинг белгилари аниқ. Бу Йўлнинг Раҳнамоси - мўминларнинг Буюк Дўсти бўлмиш Оллоҳ таолонинг Ўзидир. У мўмин бандаларига бу Йўлда қандай амаллар қилиш кераклигини, қаерда тўхтаб, қаерда юриш кераклигини кўрсатиб туради. Мана шу Илоҳий кўрсатмаларга амал қилган мўмин банда адашмай - қоқилмай, охир-оқибатда йўлнинг поёнига - жаннатларга етади.
Эътибор қилинса, ояти каримада нур бирлик шаклида, зулматлар эса кўплик шаклида келди. Бу, албатта, бежиз эмас. Чунки Ҳақ Йўл ягонадир, аммо куфр йўлларининг эса тури, шакли жуда кўп. “Албатта, мана шу Менинг Тўғри Йўлимдир. Бас, Унга эргашинглар! (Бошқа) йўлларга эргашмангизки, улар сизларни Унинг Йўлидан узиб қўяр. Шояд тақво қилсангизлар, деб (Оллоҳ) сизларни мана шу нарсаларга буюрди”. (Анъом сураси, 155-оят).
“Кофирларнинг дўстлари эса шайтонлардир. Улар (кофирларни) ёруғлик - нурдан қоронгулик зулматларга чиқарадилар. Ана ўшалар дўзах эгаларидир. Улар ўша жойда мангу қолурлар”. Яъни, ким куфр йўлини танлаган бўлса, унинг ҳам “дўстлари” бор бўлиб, улар шайтонлардир. Шайтонларни дўст деб билганларни энди улар ҳар кўйга соладилар. Аввало ўша адашганларнинг қалбларида йилт этган иймон шуъласини қолдирмай, қоп-қоронғу қилиб қўядилар. Сўнгра ҳаёт йўлларини зулматга чўмдириб, кўзларини боғлаб, гуноҳни савоб, қорани оқ, зулмни адолат қилиб кўрсатиб, зулматларнинг зулмати бўлган дўзахга олиб бориб ташлайдилар. Энди улар ҳеч қачон дўзахдан чиқа олмайдилар. Зотан, Чин Дўстдан юз ўгириб, очиқ душманни дўст, деб билганларнинг жазоси шудир.
“У Ўз бандаси (Муҳаммад алайҳис-салом)га токи у сизларни (куфр) зулматларидан (иймон) нурига олиб чиқиши учун аниқ-равшан оятларни (яъни, Қуръони Каримни) нозил қиладиган Зотдир. Албатта, Оллоҳ сизларга Меҳрибон ва Раҳмлидир”. (Ҳадид сураси, 9-оят).
2. Оллоҳ - осмонлардаги бор нарса ва Ердаги бор нарса Ўзиники бўлган Зотдир. Кофирлар учун қаттиқ азоб бўлгай.
Ҳақ таоло ушбу ояти каримада коинотдаги бор нарсанинг Эгаси Ёлғиз Ўзи экани ҳақида хабар беради. Дарҳақиқат, осмонлардаги ва Ердаги бор нарса - жамийки жонли-жонсиз мавжудот Оллоҳ таоло тарафидан яратилган, Ёлғиз Унинг мулкидир, демак, уларни қандай тасарруф қилиш ҳам Ёлғиз Оллоҳнинг Қўлидадир. Чунки уларни йўқдан бор қилишда ҳеч ким Оллоҳ таолога шериклик қилмаган, бас, уларни тасарруф қилишда ҳам ҳеч ким У Зотга шериклик қила олмайди.
Ҳақ субҳонаҳу ва таоло бутун борлиқнинг Эгаси эканлиги Қуръони карим оятларида бот-бот такрорланиши албатта бежиз эмасдир.
Уламоларнинг айтишларича, Оллоҳ таоло Ўзининг бу Буюк Сифатини тез-тез эслатиб туриш билан биз бандаларини Яратган Парвардигоримиз бениҳоя Улуғ Қудрат Соҳиби эканлигини эсдан чиқармасликка ва Унинг Ер-у осмонлардаги махлуқотига ибрат назари билан боқиб, мана шу мавжудотларнинг барчасини йўқдан бор қилган ва бошқариб турган Қудратли Зотга тинмай ҳамду санолар айтишга, чин ихлос билан ибодат қилишга чақиради.
Яратганни тан олмаган, Унга ҳеч қандай далил-ҳужжатсиз ширк келтирган кофир кимсалар учун эса Қиёмат Кунида жаҳаннамнинг ашаддий азоби бор эканлигини айтиб огоҳлантиради.
3. Улар ҳаёти дунёни Охиратдан афзал биладиган, (одамларни) Оллоҳнинг Йўлидан тўсадиган ва ундан эгрилик-хато излайдиган кимсалардир. Улар узоқ - қаттиқ адашишдадирлар.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло охиратда азобга гирифтор қилинишлари аниқ бўлган кофир кимсаларнинг уч сифатини баён қилади ҳамда мана шу уч мазмум сифат эгалари шак-шубҳасиз, Ҳақ Йўлдан озган ва олис-олисларга адашиб кетган кимсалар эканини айтиб огоҳлантиради. У сифатлардан биринчиси, динсиз кимса дунё ва Охират иккисидан мана шу ўткинчи дунёни танлаб, мангу Охиратни унутиб қўйиши, яъни, Охират албатта келишига, у жойда ҳар бир амал ҳисоб-китоб қилинишига, сўнгра жаннатдаги мангу роҳат ёки дўзахдаги мангу азоб борлигига мутлақо ишонмагани ёки ишончи комил бўлмагани учун Охират ғамини емасдан, унга ҳозирлик кўрмасдан, фақат мана шу тўрт кунлик ҳаёти дунё лаззатлари ортидан елиб-югуриши, Оллоҳ таоло синов учун берган ҳаётни гуноҳ-маъсият ва ҳою-ҳаваслар билан беҳуда совуришидирки, бундан ортиқ адашиш бўлмас! Йўлдан озганларнинг яна бир сифати,улар инсонларни Оллоҳ таоло ва Унинг Расули кўрсатиб берган Ҳақ Йўлдан тўсадилар, мусулмонларни Дини Ислом кўрсатмаларига тўла-тўкис амал қилиб ҳаёт кечиришларига тўсқинлик қиладилар, улардан баъзилари оғизларида “бизда эътиқод эркинлиги бор, ҳар ким ўз эътиқодига амал қилиб яшаш хуқуқига эга”, деб лоф урганлари билан, амалда бутун куч-қудратларини турли баҳоналар билан одамларни Оллоҳнинг Йўлидан тўсиш ва бу Йўлдаги инсонлар кўпайиб-кучайиб кетишини олдини олиш учун сарфлайдилар. Бундай кимсаларнинг учинчи сифати шуки, улар бир умр Оллоҳнинг Тўғри Йўлидан эгрилик - хато излайдилар, аниқроғи, бу Йўлни эгиб - бузиб, унга ўз томонларидан турли хурофот-бидъатларни аралаштириб, бу Муқаддас Йўлнинг Илоҳий мусаффолигига путур етказишга ва мана шундай макр-ҳийлалар билан одамлрни Ҳақиқий Ислом Йўлидан чалғитишга ҳаракат қиладилар. Улар худди яхуд ва насронийлар Таврот ва Инжилни бузиб - ўзгартириб юборганларидек, Қуръон Кўрсатмаларига ҳам ўз томонларидан бирон сўз қўшиб ёки олиб мусулмонларни Ҳақ Йўлдан оздирмоқчи бўладилар.
Ояти карима мазмунидан кимда мазкур сифатлардан биронтаси топиладиган бўлса, ундай кимсалар ўзларини қандай ном билан атамасинлар, қандай баландпарвоз шиорларни кўтариб чиқмасинлар, шак-шубҳасиз Ҳақ Йўлдан озган, демак, охир оқибатда Ҳақ таолонинг ашаддий азобига гирифтор бўладиган бахтсиз кимсалар эканликлари маълум бўлади.
4. Биз ҳар бир элчи - пайғамбарни, токи у (Бизнинг Ҳукмимизни қавмига) аниқ баён қилиб бериши учун ўз қавмининг тили билан (сўзлайдиган қилиб) юборганмиз. Сўнгра Оллоҳ Ўзи хоҳлаган кимсани йўлдан оздирур ва Ўзи хоҳлаган кишини ҳидоят қилур. У Кудратли, Ҳикматли Зотдир.
Ояти каримада Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиниб, у зотдан илгари ўтган барча пайғамбарларни Ҳақ таоло уларнинг қавмлари қайси тилда сўзласа, ана ўша тилда сўзлайдиган - уларга ўз тилларида ваҳйи Илоҳийни аниқ тушунтириб берадиган қилиб юборгани ҳақида хабар берилади. Бу Илоҳий хабардан Оллоҳ таоло Ўзи элчи юборган қавмлар Унинг Каломини ўз она тилларида аниқ англаб, Унга итоат этишларини ирода қилгани маълум бўлганидек, У Зот юборган элчиларнинг зиммасидаги вазифа фақат ўзларига нозил бўлган ваҳийни қавмларига аниқ-равшан баён қилиб беришлари эканлиги ҳам аён бўлади. Бас, бирон кишини йўлдан оздириш ёки Ҳақ Йўлга ҳидоят қилиш ҳеч қайси пайғамбарнинг қўлидан келмайди - бу тенгсиз Қудрат ва Ҳикмат Соҳиби бўлмиш Ёлғиз Оллоҳ таолонинг хоҳишига боғлиқ ишдир. Фақат Унинг Ўзигина Ўзининг етук Ҳикмати билан ким дўзах азобига лойиқ эканини билади ва у кимсани Тўғри Йўлдан оздириб қўяди, шунингдек, жаннатга мустаҳиқ эканини ҳам аниқ билади ва у инсонни Ҳақ Йўлга ҳидоят қилади. Ҳеч ким Унинг хоҳишига қарши бора олмайди.
Шу ўринда ўртага чиқиши мумкин бўлган бир саволга - “Демак, пайғамбар тилини билмаган қавмлар Оллоҳтаоло нозил қилган Дин аҳкомларига итоат қилмасалар ҳам бўлаверар эканда”, деган хомхаёлга “Тафсири Қуртубий”да шундай жавоб қилинибди: “Ушбу оят ажамлар - араб бўлмаган миллатлар араб тилида нозил бўлган Қуръони Азим кўрсатмаларига амал қилмасалар бўлаверади деган хужжат эмасдир. Чунки қай бир қавмга Пайғамбар алайҳис-салом келтирган Дин - Қуръон ва Суннат таржима қилиниб, тушунтириб берилар экан, уларнинг барчаси Оллоҳ таолонинг Динига итоат этишлари фарзи айндир. Зотан, Ҳақтаоло: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Биз Сизни шак-шубҳасиз, барча одамларга - (мўминларга жаннат ҳақида) хушхабар элтгувчи, (кофирларни эса дўзах азобидан) огоҳлантиргувчи бўлган ҳолингизда, Пайғамбар қилиб юбордик. Лекин кўп одамлар билмаслар.” (Сабаъ сураси, 28-оят), деб Ҳазрати Муҳаммад соллоллоху алайҳи ва салламни нафақат араб миллатига, балки барча инсониятга Элчи қилиб юборгани ҳақида хабар бергандир.
Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламнингўзлари ҳам: “Барча пайғамбарлар ўз умматларига уларнинг тили билан сўзлайдиган элчи қилиб юборилдилар, мени эса Оллоҳ таоло Ўз халқидан ҳар бир қизил ва қорага (яъни, миллатидан қатъий назар ҳар бир инсонга) Элчи қилди”, деб марҳамат қилдилар.
Имом Муслим ривоят қилган яна бир ҳадиси шарифда эса: “Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, бу халқдан хоҳ яҳудий бўлсин ва хоҳ насроний бўлсин, кимда ким мен ҳақимда эшитса-ю, сўнгра мен элчи ўлароқ келтирган Динга иймон келтирмаса, ундай кимса шак-шубҳасиз дўзах аҳлидан бўлур”, дедилар. (“Тафсири Қуртубий”дан).
5. Дарҳақиқат, Биз Мусони Ўз оятларимиз билан (бани Исроил қавмига) элчи қилиб юбордик (ва унга дедик): «Қавмингни (куфр) зулматларидан (иймон) нурига олиб чиққин ва уларга Оллоҳнинг кунларини (яъни, Оллоҳнинг неъматларини) эслатгин! Албатта бу (неъ-матлар)да ҳар бир сабр-қаноатли, шукр қилгувчи киши учун оят-ибратлар бордир».
Ояти каримадаги “Ўз оятларимиз”дан мурод, Оллоҳ таоло Мусо алайҳис-саломга ато этган унинг ҳақ пайғамбар эканига далолат қиладиган тўққиз Илоҳий мўъжиза бўлиб, улар қандай мўъжизалар экани ҳақида Бақара сурасининг тафсирида бир мунча батафсил айтилди.
“Оллоҳнинг кунлари”ни Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ва Муқотил “олис-яқин ўтмишдаги воқеа-ҳодисалар - динсиз қавмларга Оллоҳ таоло томонидан юборилган бало-офатлар”, деб тафсир қилганлар, Ибн Аббос, Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳум ҳамда Мужоҳид ва Қатода раҳимаҳумуллоҳдан ривоят қилинган яна бир тафсирда эса, “Оллоҳнинг кунлари - Оллоҳ таоло бандаларига ато этган неъматлардир”, дейилади.
Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу: “Мен Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг Мусо алайҳис-салом Хизр алайҳис-саломга қай тарзда йўлиқиб қолгани ҳақида сўзлаганларида “Мусо алайҳис-салом бани Исроил қавмига Оллоҳнинг кунларини эслатиб турган чоғида - Оллоҳнинг кунлари Унинг неъмат ва балоларидир...”, деяётганларини эшитганман”, дейди. (Насоий ва Табарий ривояти. “Тафсири Куртубий”дан).
Уламолар: “Ояти каримада Мусо алайҳис-салом қавмини куфр ва жаҳолат зулматларини тарк этиб, иймоннинг нурли йўлига чиқишга даъват қилар экан, уларга Оллоҳ таоло ато этган неъмат ва балоларни эслатиб туришга буюрилишидан маълум бўладики, Ҳақ Йўлга даъват қиладиган уламолар қавмларига ибрат бўлиши учун илгари ўтган қавмлар бошига тушган яхши-ёмон кунлар ҳақида ҳикоя қилиб, Ҳақ Йўлдаги меҳнат-машаққатларга сабр қилган, Оллоҳ таоло ато этган неъматларга шукр қилган кишилар топган хайрли оқибат ҳақида ва бесабр, ношукур кимсалар кўрган кўргуликлар тўғрисида тез-тез эслатиб туришлари лозимдир. Шунда ўтган кунлар кейингилар учун ибрат бўлиб, улар қилган яхши ишлардан ўрнак оладилар ва улар йўл қўйган хатоларни такрорламасликка ҳаракат қиладилар”, дейдилар. Зотан, “мозийга қараб иш кўриш хайрликдир”, деган иборанинг мазмуни ҳам шудир.
6. Ўшанда Мусо қавмига айтди: «Оллоҳнинг сизларга берган неъматини - сизларни оғир азоблар билан қийнаётган, ўғилларингизни сўйиб, хотинларингизни тирик қолдираётган Фиръавн одамларидан қутқарганини эслангиз. Ана ўша ишларда Парвардигорингиз томонидан буюк синов бордир.
Ушбу оятда Жаноби Ҳақ бани Исроил қавмига ато қилган неъматла-ридан яна бирини эслатади. Сўз яҳудларнинг Фиръавн ва унинг қавмидан қандай қилиб нажот топганлари ҳақида боради. Хўш, Фиръавн ўзи ким эди? Қадимда форслар подшоҳни хисрав, деб, турклар хоқон, деб атаганларидек, араблар подшоҳларини фиръавн дердилар.
Имом Бағавий “Маолимут-танзил” тафсирида ёзишича, Мусо алайҳис-салом замонларида яшаган подшоҳ - фиръавннинг асл исми Валид ибн Мусъаб ибн Раййон бўлиб, Миср мамлакатининг туб аҳолиси санал-миш қибтийлардан эди. У тўрт юз йилдан ортиқ умр кўрган. Ўзини “худо” деб эълон қилган бу золим подшоҳ Юсуф алайҳис-салом замонларида Мисрга келиб, шу заминда яшаб қолган бани Исроил қавмини, ояти кари-мада хабар берилганидек, қаттиқ азоблар билан қийнар, ўғил болаларини сўйиб ҳалок қилар, қизларини эса ҳаёт қолдирар эди. Бунга эса куйидаги воқеа сабаб бўлган эди: Бир куни Фиръавн туш кўрса, бир олов Қуддус тарафдан келиб, Мисрни ўраб олган эмиш. У Мисрдаги ҳар бир қибтийни куйдириб юборибди-ю, аммо бани Исроилдан ҳеч кимга тегмабди. Кўрган тушидан даҳшатга тушган Фиръавн коҳин-фолбинларидан унинг таъбирини сўраганида, улар: “Кўрган тушингнинг таъбири шундан иборат: бани Исроил қавмида бир бола дунёга келадики, сенинг ўлиминг ҳам, мулку давлатингнинг заволи ҳам ўша боланинг кўлида бўлади”, дейдилар. Бу таъбирни эшитган Фиръавн бани Исроилда туғиладиган ҳар бир ўғил болани ўлдиришга ҳукм қилади ва қўл остидаги барча қабилаларни тўплаб, уларга “Қўлларингизга тушган бани Исроилга мансуб ҳар бир ўғил болани ўлдирасизлар, фақат қизларинигина тирик қолдирасизлар”, деб буюради ҳамда ҳар бир қабилага ўзининг бир вакилини тайинлайди. Бани Исроилдан чиқадиган бир боланинг, яъни, Мусо алайҳис-саломнинг қўлида ҳалок бўлишидан талвасага тушган золим Фиръавннинг зулми шу даражага етадики, айтилишича, Мусони қидириб бани Исроилдан ўн икки минг бола ўлдирилган.
Муфассир уламолардан Ваҳб ибн Мунаббиҳ эса, бундай дейди: “Менга етиб келишича, Мусо алайҳис-саломни қидириб золим Фиръавн томонидан бани Исроил қавмидан тўқсон минг бола сўйилган”.
Шунда Мисрнинг туб аҳолиси бўлган қибтийларнинг оқсоқоллари Фиръавн олдига кириб: “Бани Исроилнинг гўдакларини сўяверсак, бу ғамни кўтара олмасдан катталари ҳам ўлиб кетмоқдалар. Бу ҳолда биз ўз кулларимиздан ажраб, барча оғир юмушлар ўзимизнинг бўйнимизга ту-шиб қоладику”, дейишгач, Фиръавн бундан буёғига йил оралаб сўйишга буюради. Шундан кейин Ҳорун - Мусонинг оғаси бола сўйилмайдиган йилда, Мусо эса келгуси йили, болалар сўйиладиган йилда дунёга келади.
Дунёдаги барча келган ва келадиган золим подшоҳларнинг “отаси” бўлган Фиръавннинг инсоният тарихида мисли кўрилмаган зулми ҳақида хабар берилган ушбу оятнинг яна бошқа тафсир-таъвиллари ҳам бор. Шулардан бири, аллома Муҳаммад Жалолиддин Қосимийнинг “Маҳосинут-таъвил” тафсирида зикр қилинишича, Фиръавн бани Исроил қавмининг ўғилларини сўйдиришига сабаб, (Тавротда ривоят қилинганига биноан) уларнинг тез кўпайиб, униб-ўсиб кетаётганлари бўлган. Улар шу қадар кўп туғила бошлаганларки, ҳатто Миср ери бани Исроил кўлига ўтиб кетадими, деган хавф пайдо бўлган.
Маълумки, бани Исроил қавмининг Миср заминига келиб қолиш тарихи Юсуф алайҳис-салом билан боғлиқдир. Миср подшоҳининг фармони билан, бу ўлкада ўта иззат-эътиборли вазир бўлган Юсуф алайҳис-салом оталари Яъқуб алайҳис-саломни ва оға-иниларини оила аъзолари билан Канъон заминидан Мисрга чақиртиради ва уларни энг чиройли, серҳосил ерларга жойлаштиради. Бу улуғ зот шарофатидан бани Исроил Мисрда кўп иззат-хурматларга сазовор бўлишиб, жуда тез томир отиб кўпая бошлайдилар. Аммо Юсуф алайҳис-салом ва у зотни ўзига вазир қилиб олган подшоҳ вафот қилганларидан кейин бани Исроил қавмига бўлган муносабат кескин ўзгаради. Улар аввал кўрган ҳурмат-эътиборларидан маҳрум бўладилар. Ўшанда Миср мамлакати устига келган фиръавнлардан бири ўз қавми - қибтийларга қараб: “Бу бани Исроил бизнинг юртимизда ўзимиздан ҳам кўпайиб кетди. Энди уларга қарши бирор чора ўйлаб топмасак, агар юрти-мизга бирон душман уруш очадиган бўлса бу қавм душманларимизга кўшилиб олиб, ўзимизга қарши жанг қилишлари, бизларни ўз юртимиздан қувиб чиқаришлари мумкин”, дейди ва ўз аъёнлари билан бани Исроилни турли-туман чидаб бўлмас азоб-уқубатларга гирифтор қила бошлайди. Лекин уларни қанча хорлаб-зўрламасинлар, улар янада кўпайиб, янада кучайиб кетаверадилар. Шунда Фиръавн - Оллоҳ таоло ушбу ояти каримада хабар берганидек - уларнинг ўғилларини сўйишга буюради.
Оят ниҳоясида Ҳақ таоло “Ана ўша ишларда Парвардигорингиз томонидан буюк синов бордир”, деди. Биз “синов” деб ўгирган сўз Қуръондаги “бало” лафзидир. Бало сўзи арабларда неъмат маъносида ҳам, кулфат маъносида ҳам ишлатилади. Зотан, Оллоҳ таоло бандаларига гоҳо неъмат ато қилиб, шукр қилармиканлар, деб бир синовдан ўтказса, гоҳо бирон кулфат юбориб, сабр қилармиканлар, деб яна бир имтиҳон қилади. “Биз сизларни (сабр-тоқатларингизни синаш учун) ёмонлик билан ҳам, (шукр қилишингизни билиш учун) яхшилик билан ҳам «алдаб» имтиҳон қилурмиз. (Кейин барчаларингиз) фақат Бизгагина қайтарилурсизлар”. (Анбиё сураси, 35-оят)
Ушбу оятда зикр қилинган Фиръавн балоси бани Исроил қавмига Оллоҳ таоло юборган бир синов бўлса, бу балодан Оллоҳ таоло уларга нажот бериши ҳам улар учун қани шукр қилармиканлар, деган яна бир катта синов эди.
7. Яна Парвардигорингиз билдирган (бу сўзларни) эслангиз: «Қасамки, агар сизлар (берган неъматларимга) шукр қилсангизлар, албатта, Мен (уларни янада) зиёда қилурман. Энди агар куфрони (неъмат) қилсангизлар, албатта, Менинг азобим жуда қаттиқдир».
Ушбу ояти карима гарчи Мусо алайҳис-салом ва унинг қавми ўртасида бўлиб ўтган можаролар баён қилинган оятлар қаторида келган бўлса-да, ундаги хитоб нафақат бани Исроил қавмига, балки барча инсонларга қаратилгандир.
Оят, бандаларнинг Оллоҳ таолога ато этган неъматлари учун шукр қилишлари албатта у неъматларнинг янада кўпайишига сабаб бўлиши, куфрони неъмат - ношукурлик эса, нонкўр кимсаларнингу неъматлардан маҳрум бўлиб, Яратганнинг қаттиқ азобига дучор қилинишларига сабаб бўлиши ҳақида эълон қилинган Илоҳий Ҳужжатдир.
Бас, маълум бўладики, агар каттами-кичикми, ҳар бир неъмат учун шукр қилиш у неъматнинг янада кўпайишига сабаб бўлса, демак, неъматга шукр қилишнинг ўзи ҳам неъматдир. Ҳикоя қилишларича, Довуд алайҳис-салом: “Ё Роббим, мен Сенга қандай шукр қила оламан, ҳолбуки, менинг Сенга шукр қилишимнинг ўзи ҳам Сен томондан менга ато этилган янги бир неъматку!” деганида, Ҳақ таоло: “Эй Довуд, мана ҳозир (яъни, шукрнинг ўзи ҳам неъмат эканини англаш билан) сен Менга шукр қилдинг”,деди.
Бу ўринда аниқ билишимиз лозимки, Оллоҳ таолога шукр қилиш фақат тилимизда “Алҳамдулиллоҳ - Худога шукр”, деб қўйишимизнинг ўзи эмасдир, балки шу билан бирга зиммамизда бизга берилган ҳар бир неъмат учун амалий шукр қилиш вожиби ҳам бордир.
“Тафсири Қуртубий”да солиҳ кишилардан биридан Оллоҳ таолога шукр қилишнинг мазмуни ҳақида сўралганида, у зот: “Оллоҳ берган неъматнинг қуввати билан Унга исён - итоатсизлик қилмаслигингдир”, деб жавоб бергани ривоят қилинади.
8. Мусо яна деди: «Агар сизлар ўзингиз ва Ер юзидаги барча кишилар кофир бўлсангизлар ҳам (Оллоҳга бирон зиён етказа олмайсизлар). Зеро, Оллоҳ (сизларнинг шукр қилишингиздан) Беҳожатдир, ҳамду сано Эгасидир.
Яъни, қачонки Мусо алайҳис-салом бани Исроил қавмига Оллоҳ таолонинг шукр неъматнинг зиёда бўлишига, ношукурлик эса қаттиқ азобга гирифтор қилинишга сабаб бўлиши ҳақидаги ваъдасини етказгач, қавм томонидан бу Илоҳий Ваъдага ишонмаслик аломатларини кўрди. Шунда уларга бундай эслатмалар таъсир қилмаслигини билиб: “Агар сизлар, эй бани Исроил, шунингдек, Ер юзидаги барча инсу жин - барчаларингиз нонкўрлик билан Оллоҳ таоло сизларга ато этган неъматларга ношукрлик, куфрони неъмат қилсаларингиз ҳам бунинг Оллоҳ таолога ҳеч қандай зиёни йўқ, бу қилмишларингиздан фақат ўзларингиз зиён тортурсизлар. Чунки Ҳақ таоло Ўзи яратган бирон махлуқнинг, жумладан сизларнинг ҳам шукр қилишларингизга муҳтож эмасдир, Унинг неъматлари шу қадар беҳисобки, осмондаги сон-саноқсиз малоикалар ҳам, борлиқдаги барча мавжудот ҳам Унга тинмай ҳамду сано айтур”, деди.
“Саҳиҳи Муслим”да Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси Қудсийда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Оллоҳ таоло деди: “Эй бандаларим, агар фаразан сизларнинг аввал-у охирларингиз, инсу жинларингиз ораларингиздаги энг тақволи бир кишининг қалбида бўлсалар ҳам, яъни, ҳар бирингизнинг қалбингиз ана ўша кишининг қалбидек тақволи бўлганида ҳам, бу Менинг Мулкимга бирон нарсани зиёда қилмайди. Эй бандаларим, агар фаразан сизларнинг аввал-у охирларингиз, инсу жинларингиз ораларингиздаги энг фожир - фисқу фужурга тўла бир кимсанинг қалбида бўлсалар ҳам, яъни, ҳар бирингизнинг қалбингиз ана ўша кимсанинг қалбидек фисқу фужурга тўла бўлганида ҳам, бу Менинг Мулкимдан бирон нарсани камайтирмайди. Эй бандаларим, агар фаразан сизларнинг аввалу-охирларингиз, инсу жинларингиз бир баландликда туриб олиб Мендан ўз ҳожатларини сўрасалар-у, Мен ҳар бир инсонга сўраган нарсасини берганимда ҳам бу Менинг Мулкимдан бирон нарсани камайтирмайди, магар денгизга суқиб олинган нина унинг сувидан қанча камайтира олса ўша миқдорда камайтириши мумкин”.
9. Сизларга ўзларингиздан илгари ўтган кишиларнинг - Нуҳ қавмининг, Од, Самуд (қабилаларининг) ва улардан кейин ўтган, (сону саноқлари қанча эканини) Ёлғиз Оллоҳгина биладиган қавмларнинг хабари келмадими? Уларга пайғамбарлари (ўзларининг ҳақ пайгамбар эканликларини билдирувчи) ҳужжатлар келтирганларида, улар қўллари билан (пайгамбарларнинг) оғизларини тўсдилар ва: «Биз сизлар элчи қилиб юборилган нарсага - динга кофир бўлдик. Чунки биз сизлар бизни даъват қилаётган (динингиз)дан шак-шубҳададирмиз», дедилар.
Яъни, ахир сизларга эй бани Исроил, ўзларингиздан илгари ўтган ва Оллоҳ таолонинг оятларига кофир бўлганлари ҳамда Унинг элчиларини ёлғончи қилганлари учун ҳалокатга дучор қилиниб Ер юзидан йўқ бўлиб кетган қавмлар ҳақидаги хабарлар етиб келган эдику?! Нега ўшалардан ибрат олмайсизлар, Ҳақ таоло юборган элчилар келтирган Ҳақ Йўлга юрмайсизлар?!
Мана, Нуҳ алайҳис-саломнинг қавми уни ёлғончи қилганлари, унинг даъватига қулоқ солмаганлари учун тўфон балосига гирифтор бўлдилар ва уларнинг касофатидан бутун Ер юзи сув остида қолди. Фақат Нуҳга иймон келтирган кишиларгина нажот топдилар. Оллоҳ таоло у золим қавм ҳақида шундай хабар берди: “Аниқки, Биз Нуҳни ўз қавмиға пайғамбар қилдик. Бас, у уларнинг орасида эллик йили кам минг йил турди (аммо улар иймон келтирмадилар), бас, уларни золим-кофир бўлган ҳолларида тўфон (балоси) тутди.” (Анкабут сураси, 14-оят).
Ҳуд алайҳис-саломнинг қавми бўлган Од қабиласи эса, у пайғамбарни ёлғончи қилишгач, бўрон балосига дучор қилиниб ҳалок бўлди. Бу ҳақда Оллоҳтаоло шундай хабар берди: “Од (қабиласининг қиссаси)да ҳам (ибрат бордир). Эсланг, Биз уларнинг устига туғмас (яъни, ҳеч қандай фойда етказмайдиган) бўронни юборган эдик. У (бўрон) ниманинг устидан ўтса, албатта уни (ҳалок этиб) худди чириб-битган суяклар каби қилиб қўяр эди.” (Ваз-зориёт сураси, 41-42-оят).
Солиҳ алайҳис-саломнинг қавми Самуд қабиласи Солиҳни ёлғончи қилиб, туяни сўйиб юборишгач, Оллоҳнинг балосига йўлиқдилар.
У қандай бало экани ҳақида мана бу оятларда хабар берилди: “Самуд (қабиласининг қиссаси)да ҳам (ибрат бордир). Эсланг, уларга (Оллоҳ томонидан мўьжиза қилиб юборилган туяни сўйиб юборган пайтларида): «Бир вақтгача (яъни, уч кунгача тириклик неъматидан) фойдаланиб қолингиз», дейилган эди. Бас, улар Парвардигорнинг Амри(га итоат этиш)дан кибр-ҳаво қилишгач, қараб турган ҳолларида уларни чақ-моқ урди. Бас, улар (у чақмоқдан қочиб қутулиш учун ўринларидан) туришга ҳам қодир бўлмадилар ва (бирон кимса томонидан) ёрдам олгувчи ҳам бўлмадилар!” (Ваз-зориёт сураси, 43-45-оят).
“...ва улардан кейин ўтган, (сону саноқлари қанча эканини) Ёлғиз Оллоҳгина биладиган қавмларнинг хабари келмадими?”
Ояти каримадаги ушбу жумла мазмунидан маълум бўладики, Қуръони Каримда зикр қилинган Од, Самуд қабилаларидан кейин то Иброҳим алайҳис-салоту вас-салом замонларигача ўтган давр ичида қанча аср-авлод ўтганини ва улардан қанчалари Оллоҳ таоло юборган пайғамбарларни ёлғончи қилганлари сабабли ҳалокатга дучор бўлиб қирилиб кетганларини Ёлғиз Оллоҳ таолодан ўзга ҳеч ким билмайди. Шунинг учун ҳам Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ушбу жумлани ўқиган вақтида инсоният тарихини ипидан игнасигача ёзмоқчи бўлган, то Одам алайҳис-саломгача ҳар бир авлодни бир-бирларига нисбат бериб таърифлаган кимсалар ҳақида “Бундай нисбат бергувчиларнинг сўзлари ёлғондир”, дер эди.
Аммо шуниси аниқ маълумки, узун тарих давомида қанча қавм-қабила Оллоҳ таолонинг ғазабига дучор бўлган бўлса, у қавмларнинг Ер юзидан қирилиб кетишларига сабаб бўлган нарса мана будир: “Уларга пайғамбарлари (ўзларининг ҳақ пайғамбар эканликларини билдирувчи) ҳужжатлар келтирганларида, улар қўллари билан (пайғамбарларнинг) оғизларини тўсиб, дедилар: «Биз сизлар элчи қилиб юборилган нарсага - динга кофир бўлдик. Чунки биз сизлар бизни даъват қилаётган динингиздан шак-шубҳададирмиз”.
Муфассирлар “улар қўллари билан оғизларини тўсдилар” жумласини турлича тафсир қилдилар. “Ал-Муқтатаф мин уювнит-тафосийр” китобида: “У кофир қавмлар ўзларига юборилган элчиларни қаттиқ масхара қилиш учун қўллари билан оғизларини тўсиб олганлар, яъни, улар қачонки элчилар айтган: “Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилинглар, Унинг ҳеч қандай шериги йўқдир”, деган сўзларни эшитишгач, у элчиларни масхара қилиб кула бошладилар ва кулаётганларини яшириш учун қўллари билан оғизларини тўсиб олдилар”, дейилади.
“Тафсири Бағавий”да Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган тафсирда эса, мазкур жумла улар (яъни, кофир қавмлар) элчиларнинг сўзларини эшитганларида ғазабланганларидан қўлларини оғизларига тиқиб, бармоқларини тишладилар деган маънони англатиши айтилади ва бошқа бир оятдан шу мазмунга далолат қиладиган иқтибос келтирилади: “Улар (яъни, кофир қавмлар) сизларни қаттиқ ёмон кўрганлари сабабли бармоқларини тишлайдилар”. (Ол-и Имрон сураси, 119-оятдан).
10. Пайғамбарлари (у кофир қавмларга) айтдилар: «Осмонлар ва Ернинг Яратувчиси бўлмиш Оллоҳ(нинг Борлиги ва Бирлиги) хусусида шак-шубҳа бўлиши мумкинми?! Ахир сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қилиш ва ўзларингизни маълум муддатгача (ҳалок қилмай) қолдириш учун биз - элчилари орқали сизларни Унинг Ўзи даъват қилмоқда-ку!» Улар дедилар: «Сизлар ҳам худди ўзимизга ўхшаган одамларсиз, фақат сизлар бизни ота-боболаримиз ибодат қилиб ўтган нарсадан (бут-санамларга сиғинишдан) тўсишни истайсизлар, холос. Бас, (агар сизлар чиндан ҳам пайғамбар бўлсангизлар), у ҳолда бизга аниқ бир ҳужжат далил келтиринглар-чи?!»
Яъни, юқоридаги оятда хабар берилганидек, ўша олис-яқин ўтмишда ўтган, Оллоҳ таоло юборган элчиларга иймон келтириб итоат этиш ўрнига: “Биз сизлар келтирган динга кофирмиз, чунки биз сизлар бизни даъват қилаётган нарсаларга қаттиқ шубҳа билан қараймиз - уларга ҳеч ишона олмаймиз, деб ўзларининг куфру исёнларидан қайтишни истамаган қавмларга уларга юборилган элчилар айтдилар: “Демак, сизлар осмонлар ва Ерни Яратгувчиси бўлмиш Оллоҳ таолонинг Борлиги ва Бирлигига ҳам шак-шубҳа билан қарар экансизлар-да! Ахир Ер-у осмонлардаги мавжуд бўлган ҳар бир нарса бетакрор сурат ва аниқ интизом билан яратилганининг ўзи бениҳоя Қудратли, беқиёс Ҳикматли Танҳо Яратгувчи борлигига далолат қилиб турибдику! Ахир Унинг Ўзи биз - элчилари орқали сизларнинг икки буюк неъматга - гуноҳларингизни мағфират қилиб кечириб юборишга ва то Оллоҳ таоло томонидан белгилаб қўйилган ажалларингиз етмагунича турли бало-қазоларда ҳалок бўлиб кетишдан нажот топишларингизга - даъват қилмоқдаку!”
Аммо динсиз қавмлар элчилар айтган бу сўзларни эшитганларидан кейин ҳам уларга иймон келтирмадилар, балки саркашликлари яна бир қат ошиб, элчилар томонидан уларнинг ҳақ пайғамбар эканликларини тасдиқлайдиган аниқ хужжат - мўъжизаларга неча бор гувоҳ бўлган эсалар-да, гўё ҳеч нарса кўрмагандек яна қайтадан: “Сизларнинг биздан қандай ортиқчиликларингиз бор? Сизлар ҳам худди бизга ўхшаган оддий одамсизларку? Айтаётган сўзларингиз, “Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилинглар” қабилидаги даъватларингиз билан эса, фақат бизларни ота-боболаримизнинг динидан чиқаришни, улар каби бут-санамларимизга сиғинишдан тўсишни истайсизлар, холос. Бас, агар сизлар ҳақиқатдан ҳам ўзларингиз даъват қилаётганларингиздек Оллоҳ юборган элчилар бўлсаларингиз, у ҳолда бизларга осмонлар ва Ернинг яратилиши, улардаги ажойиботлар ҳақида сўзлаш ўрнига биз сизлардан талаб қиладиган, оддий одамларнинг қўлидан келмайдиган мўъжизаларни кўрсатинглар, акс ҳолда биз сизларга ҳеч қачон иймон келтирмаймиз”, деган эдилар, -
11-12. Пайғамбарлари уларга айтдилар: «(Ҳа), биз ҳам худди сизларга ўхшаган одамлармиз, лекин Оллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларга (пайғамбарлик) инъом қилур. Биз сизларга бирон ҳужжат - мўъжиза келтира олмаймиз, магар Оллоҳнинг Изни-Иродаси билангина (келтиришимиз мумкиндир). Бас, мўминлар Ёлғиз Оллоҳгагина таваккул қилсинлар. Нечун биз Оллоҳга таваккул қилмайлик? (Ахир) У бизни (Тўғри) Йўлимизга ҳидоят қилдику! Қасамки, албатта, биз сизлар етказган озорларга сабр қилурмиз. Таваккул қилгувчилар Ёлғиз Оллоҳга таваккул қилсинлар».
Ушбу икки оятда Ҳақ таоло Ўзининг элчилари уларнинг ҳақ пайғамбар эканликларига иймон келтирмаган қавмларига қандай жавоб берганлари ҳақида ҳикоя қилади.
Элчилар гўё шундай дедилар: “Тўғри, биз ҳам суратда худди сизларга ўхшаган одамлармиз - еймиз, ичамиз, ухлаймиз, бозор-кўчаларда юрамиз, ризқу рўз истаймиз. Лекин Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло Ўзи хоҳлаган бандаларига элчилик-пайғамбарлик вазифасини ато этар экан - “Оллоҳ пайғамбарлик вазифасини қаерга қўйишни (яъни, кимга ато этишни) яхшироқ Билгувчидир”. (Анъом сураси 124-оятдан).
“(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Парвардигорингизнинг Раҳмати (бўлмиш пайғамбарлик)ни ўшалар тақсимлайдиларми?! (Йўқ, асло ундоқ эмас!) Уларнинг ҳаёти дунёдаги маишат-тирикчиликларини ҳам уларнинг ўрталарида Биз Ўзимиз тақсимлаганмиз ва баъзилари баъзиларини қўл остига олиб (ишлатишлари) учун (бировларини бой ёки кучли-қувватли қилиб, бошқа бировларини эса камбағал ёки заиф-кучсиз қилиб) айримларини айримларидан баланд даража-мартабаларга кўтариб қўйганмиз. Парвардигорингизнинг Раҳмати - пайғамбарлик эса улар тўплайдиган нарса (мол-дунё)ларидан яхшироқдир. (Бас, Биз бу улуғ неъматни фақат Ўзимиз танлаган кишиларгагина ато этурмиз).” (Зухруф сураси, 32-оят) - Оллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсинки,У Зот бизга ана ўша улуғ ҳамда масъулиятли неъматни ато этиб сизларга элчи қилиб юборди, демак, сизларнинг нажотингиз, биз кўрсатган Ҳақ Йўлга юришларингиздадир. Бас, шу ҳолда сизларнинг: “Биз фақат ота-боболаримизга тақлид қиламиз - эргашамиз, бошқа ҳеч қандай йўлга
- агар у Тўғри Йўл бўлган тақдирда ҳам - эргашмаймиз”, деб оёқ тираб туриб олишларингиз ақлли одамларнинг иши эмасдир. Энди сизлар биз-дан талаб қилаётган очиқ ҳужжат - мўъжиза кўрсатишга келсак, бу мутлақо бизнинг ихтиёримиздаги иш эмас, магар Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Изни
- Хоҳиши билангина амалга ошадиган Илоҳий ҳодисадир”.
“Бас, мўминлар Ёлғиз Оллоҳгагина таваккул қилсинлар”.
Оллоҳ таолонинг элчилари кофир қавмларга айтган сўзларнинг давоми бўлган бу жумлада жамийки мўминлар барча ишларида, жумладан, душманларининг ёмонликларини дафъ қилишда ҳам, уларга қарши бўлган курашда сабр қилишда ҳам Ёлғиз Оллоҳга таваккул қилишлари - суянишлари лозим эканлиги уқтирилади. Дарҳақиқат, ҳар қандай ишда зафар топиш, ғалаба қозониш фақат саноқнинг кўплиги ёки куч-қувватнинг зўрлиги билангина амалга ошмайди, балки ким Ёлғиз Оллоҳга таваккул қилса ва Унинг Амрига итоат этса, ғалаба ана ўша кишиларнинг томонида бўлади. Таваккул - банда ўзи учун керакли - фойдали, Шариати Исломийя буюрган ёки рухсат берган ҳар қандай мақсадга етишда ва ёхуд ўзидан зиён - ёмонликларни дафъ этишда кучи етганича ҳаракат қили-шидир, аммо шу билан бирга натижа Ёлғиз Оллоҳнинг Қўлида эканига аниқ ишониб, бошқа ҳеч нарса ё кимсага суянмасдан Оллоҳ таолонинг Ўзигагина суянмоғидир. Чунки Ҳақ таолонинг ёзганини ўчирадиган ёки унга бирон нарса кўшиб қўядиган бошқа илоҳ йўқдир. Мана шу ақидани маҳкам ушлаган кишиларгина иймон ҳаловатидан насибадор бўлган кишилардир. Албатта, Оллоҳ таоло пайғамбарлик мақом-мартабасига лойиқ кўрган у солиҳ бандалар зиммаларига юкланган элчилик вазифасини адо этарканлар, динсиз қавм ва жоҳил кимсалар томонидан етиши мумкин, балки аниқ бўлган ҳар қандай озор-азийятларга сабр тоқат қилишда, уларнинг ёмонликларини дафъ этишда энг Ишончли ва энг Қудратли Дўстга - Ёлғиз Оллоҳ субҳонаҳу ва таолога суянардилар - таваккул қилардилар ҳамда бошқа мўмин-мусулмонларга ҳам барча ишларида Унинг Ўзига таваккул қилишни тавсия этардилар.
“Нечун биз Оллоҳга таваккул қилмайлик? (Ахир) У бизни (Тўғри) Йўлимизга ҳидоят қилдику! Қасамки, албатта биз сизлар етказган озорларга сабр қилурмиз. Таваккул қилгувчилар Ёлғиз Оллоҳга таваккул қилсинлар”.
Улар ўзларининг Оллоҳ таолога бўлган эътиқод ва эътимодларини таъкидлаб гўё шундай дер эдилар: “Бизларни Оллоҳтаолога таваккул қилишдан тўсадиган бирон нарса борми? Бизларга нажот Йўлини - Ўзининг Раҳматига етказгувчи Йўлни кўрсатиб қўйган Оллоҳ таолога таваккул қилмасдан - суянмасдан кимга суянамиз? Албатта биз УнингЎзига таваккул қиламиз ва Оллоҳга қасамки, албатта биз сизларни Оллоҳ таоло кўрсатган ўша Тўғри Йўлга даъват қилганимиз учун сизлар бизга етказган ҳар қандай азийятларга - бизни хўрлашларингизга, уриб-сўкишларингизга, ёлғончи қилишларингизга ва ҳатто ўлдириб юборишларингизга ҳам сабр қиламиз. Ҳар бир таваккул қилгувчи Ёлғиз Оллоҳга таваккул қилиши ва мана шу таваккулида бир умр собит-барқарор бўлиш керак. Чунки Ҳақ таоло ҳар бир нарса ва воқеа-ҳодисани, жумладан бизнинг ҳаёт-мамотимизни ҳам бирон лаҳзасини қолдирмай Ўз ҳузуридаги Лавҳул-Маҳфуз Китобига ёзиб кўйгандир. Бас, бизнинг бошимизга нима келса - яхшиликми, ёмонликми; хурсандликми, хафаликми; ҳаётми, ўлимми
- барчаси ана ўша Лавхул-Маҳфуз Китобида ёзилгандир. Оллоҳнинг ёзганига бандалар бирон нарса кўша олмайдилар ёки камайтира олмайдилар. Демак, мўмин ҳар бир иш-амалида турли сабабларга эмас, балки ўша сабабларни сабаб қилиб қўйган Оллоҳ субҳонаҳу ва таолога суянишлари
- таваккул қилишлари керак”.
Ибнул-Жавзийдан ривоят қилинишича, Ҳазрати Расулуллоҳ соллол-лоху алайҳи ва салламга ўтган пайғамбарларнинг қиссалари бу тарзда сўйлаб берилишига сабаб, биринчидан, у зотга ўзидан аввалги салафларининг ҳоли-хабарларини етказиш бўлса, иккинчи томондан, ўзларининг бошларига ҳам у пайғамбарлар ўз умматлари тарафидан кўрган кўргуликлар тушиши мумкинлиги ва бундай ҳолатда улар каби сабр-тоқат қилишлари лозимлигини уқтиришдир. Таваккул - уламолардан Абу Туробнинг таърифлашича,- ўзни мудом ибодатга чоғлаш, дилни Ёлғиз Парвардигорга боғлаш, сафоли кунларда шукр қилиш, балоли кунларда сабр қилишдир.
13-14. Кофир бўлган кимсалар уларга юборилган пайғамбарларга: «Қасамки, албатта биз сизларни еримиздан ҳайдаб чиқарурмиз ёки сизлар бизнинг динимизга (яъни, мушрикликка) қайтурсизлар», дедилар. Бас, Парвардигорлари уларга (яъни, Ўзи юборган элчиларга): «Албатта, Биз бу золимларни ҳалок қилурмиз ва улардан сўнг шу ерни сизлар учун маскан қилурмиз. Бу (ваъда Қиёмат Кунида) Менинг ҳузуримда (сўроқ-савол бериб) туришдан қўрққан ва Менинг (кофирларни дўзахга гирифтор қилиш хусусидаги) ваъдамдан хавф қилган кишилар учундир», деб ваҳий юборди.
Ҳақ таолонинг олис-яқин тарихда ўтган элчи-пайғамбарлари билан уларни ёлғончи қилган динсиз қавмлар ўртасидаги можаролар ҳақида ҳикоя қилувчи ушбу оятлар Ёлғиз Оллоҳ таолога таваккул қилган, Ундан ўзгадан қўрқмаган кишилар учун Яратганнинг Ўзи етарли Ҳимоячи эканига очиқ далолат қиладиган Илоҳий Ҳужжатдир. Мушрик-кофир кимсалар Оллоҳ таолонинг элчиларига ва уларга иймон келтирган мўминларга агар куфр йўлига қайтмайдиган бўлсалар уларни ўз ерларидан ҳайдаб чиқариб юборишларини айтиб таҳдид қилдилар. Оллоҳ таоло эса, агар мўминлар кофирларнинг турли-туман таҳдидларидан эмас, балки Қиёмат Кунида Оллоҳ таоло ҳузурида туриб сўроқ-савол, ҳисоб-китоб қилинишдан кўрқсалар ва Унинг кофирларни мангу дўзах азобига гирифтор қилиш хусусидаги ваъдасидан хавф қилсалар, яъни, Ёлғиз Оллоҳга таваккул қилсалар, албатта У Зот мўминларни ўз диёрларидан қувиб чиқармоқчи бўлган золим-кофир кимсаларни нафақат ўзлари яшаб турган ерларидан, балки бутунлай Ер юзидан йўқ қилиб юборишини айтди ва кекса тарих Ҳақ таолонинг мўмин бандаларига берган Ваъдаси ҳақ эканига асрлар давомида қайта-қайта гувоҳ бўлди.
Ояти каримада мушрик-кофирлар “золимлар” деб аталди, чунки “Оллоҳга ширк келтириш энг катта зулмдир”. (Лукуюн сураси, 13-оят).
Ўрганаётганимиз ушбу оятларда баён қилинган воқеалардан бири Оллоҳ таолонинг пайғамбарларидан Шуайб алайҳис-салом ва унинг қав-ми ўртасида ҳам бўлиб ўтган эди. Бу ҳақда Аъроф сурасида шундай хабар берилади: “(Шунда) унинг қавмидан бўлган мутакаббир кимсалар: «Эй Шуайб, ё сени ва сен билан бирга иймон келтирган кишиларни қишлоғимиздан ҳайдаб чиқарамиз ёки сизлар бизнинг динимизга (яъни, мушрикликка) қайтасизлар», дейишди. У айтди: «Агар биз (ширк келтиришни) ёмон кўрувчи бўлсак ҳам-а? Агар Оллоҳ бизга ўша (динингиз)дан нажот берганидан кейин яна унга қайтсак, Оллоҳ шаънига ёлғон тўқиган бўламиз-ку? (Яъни, аслида бўлмаган нарсаларни Оллоҳга шерик қилган бўламиз-ку?) Биз учун у “дин”га қайтиш мутлақо жоиз эмас, магар Парвардигоримиз - Оллоҳ (бизни йўлдан оздиришни) хоҳласагина (бундай иш бўлиши мумкин). Парвардигоримизнинг илми ҳамма нарсани қамраб олгандир. Биз Оллоҳнинг Ўзига таваккул қилдик (суяндик). Парвардигоро, биз билан қавмимиз ўртасида ҳақ ҳукм қилгайсан. Ўзинг ҳукм қилгувчиларнинг Яхшироғидирсан”. (Аъроф сураси, 88-89-оятлар).
Мадян шаҳридаги бой-бадавлат зодагонлар, Ёлғиз Оллоҳтаолога ибодат, Шуайб алайҳис-саломга итоат қилишдан орланган мутакаббир кимсалар пайғамбарнинг панд-насиҳат ва даъватига шундай жавоб қилишди. Улар ўзлари Тўғри Йўлга юришдан бош тортганларидан ташқари Шуайб ва унга иймон келтирган мўминларни ҳам Ҳақ диндан кечиб, кофир бўлишларини талаб қилишди. Акс ҳолда, уларни қишлоқларидан қувиб юборишларини айтиб қасам ичишди. Улар иймонли инсонлар билан ҳатто бир шаҳарда туришни ҳам хоҳламадилар. Негаки улар Шуайб алайҳис-саломнинг ҳақ пайғамбар эканига иймон келтирган кишиларнинг саноғи кўпайиб кетишидан хавотирга тушиб қолган эдилар. Шунинг учун ҳам қўрққан олдин мушт кўтарар, деганларидек мўминларга “Ё сизлар ҳам бизга ўхшаган мушрик - бутпараст бўласизлар ёки биз сизларни шаҳримиздан ҳайдаб чиқарамиз”, деб юзсизлик қилдилар.
Шунда Шуайб алайҳис-салом мушрикларнинг бу ботил талабларини рад этиб, уларнинг мўминларни қўрқитиш учун ичган қасамларини мутлақо писанд қилмасдан “Агар биз ширк келтиришни истамасакҳам сизлар бизни мажбур қиласизларми?! Ахир биз мушрикликни ёмон кўрамиз-ку?!”, деди ва мўминларга Оллоҳ таоло ширк балосидан нажот бериб, Ҳақ Йўлга ҳидоят қилиб кўйганидан кейин ким яна ўша динсизликка қайтадиган бўлса, одамлар ясаган бут-санамларни Оллоҳтаолога шерик деб билиб уларга сиғинадиган бўлса, у ҳолда Оллоҳ шаънига ёлғон сўзларни тўқиган, туҳмат қилган бўлишини айтиб, кофирлар кутган иш ҳеч қачон бўлмаслигини - мўминлар ҳаргиз мушрикликка қайтмасликларини билдирди.
Шуайб алайҳис-салом ўзининг ва тобеларининг бир умр иймонда барқарор эканликларини эълон қилгач, яна бир ўта муҳим, ҳар бир мўминнинг ақидасида мустаҳкам ўрин тутадиган сўзни айтди.
Яъни, мўминлар ҳеч қачон куфрга қайтиб, муртад бўлишлари мумкин эмас, магар ким ўз қилмиши билан иймон неъматига нолойиқ эканини кўрсатса ва Оллоҳ таолонинг тавфиқидан маҳрум бўлиб, Яратган уни залолатга кетказишни хоҳласа, у ҳолда Оллоҳ таолонинг Хоҳиш ва Иродасига ҳеч ким қарши бора олмаслигини, ҳамма иш - бандаларини ҳидоят қилиш ҳам, уларни залолатга кетказиш ҳам Ёлғиз Унинг Қўлида эканини, Танҳо Оллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг Ўзигина Ўз Илми ва Ҳикмати билан барча нарсани қамраб олганини, кимни ҳидоят қилишни ва кимни залолатга кетказишни ҳам фақат Унинг Ўзи билишини, бандалар биладиган нарсалар жуда оз эканини, бинобарин, Шуайб ўзи ва тобелари Ёлғиз Оллоҳ таолога таваккул қилишларини айтди.
15. (Сўнгра пайғамбарлар Оллоҳдан кофирлар билан уларнинг ўртасини) очишини сўрадилар. (Оллоҳ уларнинг дуо-илтижоларини мустажоб қилди) ва ҳар бир жабркор-саркаш кимсанинг умиди пучга чиқди, (яъни, ҳалок қилинди).
(“Маолимут-танзил” тафсирида) Мужоҳид ва Қатодадан ривоят қилинди: “Қачонки Оллоҳтаолонинг элчилари қавмларининг иймон келти-ришларидан буткул умидлари узилгач, Оллоҳга ёлвориб, энди кофирлар билан уларнинг орасини очиб қўйишини, яъни, куфр йўлида оёқ тираб туриб олган ҳар бир кимсани ҳалок қилиб юборишини сўрадилар.
Масалан, Мусо ва Ҳорун алайҳимас-салом ҳам Ҳақ таолога шундай илтижо қилдилар: “Мусо деди: «Парвардигоро, дарҳақиқат, Сен Фиръавн ва унинг одамларига ҳаёти дунёда зеб-зийнат ва мол-давлат ато этдинг. Парвардигоро, охир-оқибатда улар (мана шу мол-давлатлари билан одамларни) Сенинг Йўлингдан оздиришлари учун (шундай қилдинг). Парвардигоро, уларнинг мол-давлатларини йўқ қилгин, кўнгилларини қаттиқ қилгин, токи улар аламли азобни кўрмагунларича, иймон келтирмасинлар!” (Юнус сураси, 88-оят).
Мусо алайҳис-салом ўзининг ҳақ пайғамбар эканини исботлайдиган Илоҳий мўьжизаларни такрор-такрор келтирганидан кейин ҳам Фиръавн ва унинг қавми иймон келтириш, Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилиш ўрнига куфр-исёнларида, Ҳақ Йўлни инкор қилишда давом этаётганларини кўргач, уларни ушбу ояти каримада мазкур бўлганидек дуойибад қилди. Мусонинг оғаси Ҳорун билан бирга қилган бу дуоси худди олис мозийда ўтган, ўз қавмини салкам минг йил Ҳақ Динга даъват қилиб, улардан фақат куфр ва инкорни кўрган яна бир пайғамбар Нуҳ алайҳис-салом қилган дуога ўхшар эди: “Нуҳ айтди: «Парвардигорим, Ер юзида кофирлардан бирон ҳовли-жой эгасини қолдирмагин. Чунки Сен агар уларни (Ер юзида) қолдирсанг, улар бандаларингни йўлдан оздирурлар ва улар фақат кўрнамак, нопок (кимсалар)ни туғиб-кўпайтирурлар.” (Нуҳ сураси, 26-27-оятлар).
Албатта, Оллоҳ таоло юборган элчилар, агар Ҳақ таоло томонидан уларга изн берилмаса, бундан кейин қавмларидан ва уларни авлод-зурриётларидан бирон кимса иймон келтирмаслиги Илоҳий ваҳий билан аниқ билдирилмаса, ҳеч қачон у қавмларни дуойибад қилмаган бўлар эдилар. Бунинг далили мана бу ояти каримадир: “Нуҳга ваҳий қилиндики: “Қавмингдан фақат аввалда иймон келтирган кишилардан бошқа ҳеч ким иймон келтирмайди”. (Худ, сураси, 36-оят). Қачонки мана шу оят нозил бўлганидан кейингина Нуҳ алайҳис-салом: “Парвардигорим, Ер юзида кофирлардан бирон ҳовли-жой эгасини (яъни, бирон кофирни) қолдирмагин, (барчасини ҳалок қилгин)”, деб дуо қилди.
Мусо пайғамбар ҳам қачонки Фиръавн ва одамларининг иймон келтиришларидан мутлақо умиди узилганидан кейингина Ҳақ таолога илтижо қилиб гўё шундай деди: “Парвардигоро, албатта Сен Фиръавн ва унинг одамлари Ёлғиз Ўзингга ибодат қилишлари ва берган неъматларингга шукр қилишлари учун уларга ҳаёти дунёда энг чиройли зеб-зийнатлар. саноқсиз мол-давлатлар ато этдинг. Аммо улар Сен берган шундай буюк неъматларга шукроналар айтиш, Сенга тоат-ибодат қилиш ўрнига туғёнга тушиб, залолат йўлини танладилар ва охир-оқибатда Сен ато этган неъматни ҳам Сенинг Йўлингдан оздириш учун ишлатмоқдалар. “Дарҳақиқат, (кофир) инсон ўзини бой-беҳожат кўргач, албатта туғёнга тушар - ҳаддидан ошар.” (Алак, сураси, 6-7-оятлар).
Парвардигоро, энди Ўзинг уларга мана шу ҳаёти дунёнинг ўзида қилмишларига яраша жазо бергин - уларнинг мол-давлатларини бутунлай йўқ қилиб юборгин, қалбларини тошдек қаттиқ қилиб қўйгин, токи улар ҳалок бўлиб аламли азобни кўрмагунларича иймон келтирмасинлар!”
Ўрганаётганимиз ояти кариманинг аввалидаги “истафтаҳув” калимасининг луғавий маъноси “очишни сўрадилар” деганидир. Истилоҳда эса бу калима “дуойибад қилдилар”, деган мазмунда ҳам келади. Яъни, пайғамбарлар Оллоҳ таолога илтижо қилиб, улар билан кофирлар орасини очиб қўйишини - мўминларга нажот беришини, кофирларни эса, ҳалокатга дучор қилишини сўрадилар.
“Парвардигоро, биз билан қавмимиз ўртасида ҳақ ҳукм қилгайсан. Ўзинг ҳукм қилгувчиларнинг Яхшироғидирсан”. (Аъроф сураси, 89-оятдан).
Ушбу сўзлар Оллоҳ таолонинг яна бир пайғамбари Шуайб алайҳис-салом айтган сўзлар, у ҳам қавмининг Тўғри Йўлга юришидан бутунлай умиди узилгач, Яратганга илтижо қилиб, ким ҳақ-у ким ноҳақ эканини кўрсатиб қўйишини, яъни, мўминларга нажот беришини, кофирларни эса, Ўзининг азобига гирифтор қилишини сўраб ана шундай дуо қилади.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Шуайб ўта ибодатли, кўп намоз ўқийдиган киши эди. Қачонки, қавмининг куфр ва залолатга ёпишиб олганини кўргач, уларнинг ўнгланишидан тамоман умиди узилгач, уларни дуойи бад қилди ва Оллоҳ таоло Ўз элчисининг дуосини ижобат қилиб у кофир қавмга зилзила балосини юбориб ҳалок қилди”. (“Тафсири Куртубий”дан).
“Ва ҳар бир жабркор-саркашнинг умиди пучга чиқди (яъни, ҳалок қилинди)”.
Албатта, Ҳақ таоло Ўзи юборган элчи-пайғамбарларни ёлғончи қилган кофир кимсалар ҳақида хабар берар экан, уларни “жабркор-саркаш” деб сифатлаши бежиз эмасдир. Чунки улар Оллоҳнинг элчиларига жабр-зулм қилган, Ҳақ Йўлга юришдан қайсарлик билан бош тортган ва шу жабру саркашликлари оқибатида ҳалок бўлиб кетган кимсалардир. Бас, ушбу Илоҳий Огоҳлантиришдан бировларга жабр-зулм қилишнинг ва Ҳақ Сўзга қулоқ солмасликнинг оқибати албатта ҳалокат экани маълум бўлади.
16-17. Унинг (яъни, ҳар бир кофир бўлган кимсанинг) олдида жаҳаннам бордир. (Жаҳаннамда) унга йирингдан бўлган “сув”дан берилганида, уни ютмоқчи бўлади-ю, (томоғидан) ўтказолмайди, унга ҳар томондан ўлим келади-ю, у ўлолмайди. Ҳали унинг олдида (янада) оғир-қаттиқ азоб бордир.
Яъни, Яратганнинг қаҳрига учраган у жабркор-қайсар кимса учун фақат ҳаёти дунёда берилган жазо - ҳалок қилиниши етарли жазо эмасдир, балки олдинда уни жаҳаннамдаги мангу азоб ҳам кутиб турибди. У жойда ҳар бир дўзахи кимса жаҳаннам ўтида куйиб-ёниб, азоб фаришталаридан бирор қултум сув беришларини сўраганида унга дўзахиларнинг баданларидан оқиб чиққан қон ва йирингдан иборат бўлган “сув” берилади. “Мана бу қайноқ сув ва йирингдир! Бас, улар ўшани тотиб кўрсинлар!” (Сод сураси, 57-оят).
Абу Умома розияллоҳу анхудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда айтилишича, бу шундай қайноқ, бадбўй ва бадтаъм “сув”ки, дўзахи кимсанинг оғзига яқинлаштирилганида унинг юзи жизғанак бўлиб, бошидаги сочлари тўкилиб тушади, у “сув”ни минг азоб билан ичиб томоғидан ўтказганида эса унинг ичак-чавоқлари майда-майда бўлиб остидан чиқади. (“Тафсири Бағавий”дан).
Кофир кимсаларни Охират диёрида кутиб турган бу даҳшатли азоб ҳақида Ҳақ таоло бошқа сураларида ҳам хабар бергандир: “Тақво эгалари учун ваъда қилинган жаннатнинг мисоли-сифати (будир): «Унда айнимаган сувдан бўлган дарёлар ҳам, таъми ўзгармаган сутдан бўлган дарёлар ҳам, ичгувчилар учун лаззатли (яъни, бадтаъм ва ақлдан оздиргувчи бўлмаган) майдан бўлган дарёлар ҳам, мусаффо асалдан бўлган дарёлар ҳам бордир. Улар учун у жойда барча мевалардан бордир ва (улар учун у жойда) Парвардигорлари томонидан мағфират бордир. (Ана шундай жаннат аҳли бўлган тақво эгалари) дўзаҳда мангу қоладиган ва (у жойда) қайноқ сув билан суғорилиб, у (сув) ичакларини бўлак-бўлак қилиб ташлаган (кофир) кимсалар каби бўлурми?!” (Муҳаммад сураси, 15-оят). “Айтинг: «(Бу Қуръон) Парвардигорингиз томонидан (келган) Ҳақиқатдир. Бас, хоҳлаган киши иймон келтирсин, хоҳлаган кимса кофир бўлсин». Аниқки, Биз золим - кофирлар учун алангалари (дўзахиларни) ўраб-чирмаб оладиган дўзахни тайёрлаб қўйгандирмиз. Агар улар (ташналик шиддатига чидамай) сув сўрасалар, уларга эритилган (доғланган) ёғ каби юзларни куйдиргувчи сув берилур. Нақадар ёмон ичимлик у, нақадар ёмон жой у!” (Каҳф сураси, 29-оят).
“Унга ҳар томондан ўлим келади-ю, у ўлолмайди. Ҳали унинг олдида (янада) оғир-қаттиқ азоб бор”.
Яъни, дўзах азобига гирифтор бўлган кимсага олти томонидан - устидан ва остидан, олдидан ва ортидан, ўнгидан ва сўлидан тинимсиз ҳар бир одамни ўлдирадиган қайноқ-азоб келиб туради, ҳатто дўзахининг энг катта орзуси ўлиш ва бу азоблардан кутулиш бўлиб қолади, аммо унинг учун энди ўлим йўқ, балки ҳар соатда янгиланиб, кучайиб турадиган чек-чегарасиз ва мангу азоб бордир.
“Тафсири Бағавий”да оятдаги “унга ҳар томондан ўлим келади-ю, у ўлолмайди”, жумласини дўзахига баданининг ҳар бир жойидан, ҳатто танасидаги ҳар бир тук остидан одамни ўлдирадиган қаттиқ оғриқлар пайдо бўлиб, азобни кўплигидан ва қаттиқлигидан жони ҳалқумига келиб қолади-ю, аммо худди ўлим ҳам ундан ҳазар қилгандек ҳеч ўлолмайди ёки азоб бирор лаҳзага бўлса ҳам тўхтаб, жони жойига тушмайди, деб тафсир қилинган.
“Ҳеч шубҳа йўқки, кимда ким Парвардигори(нинг ҳузури)га жиноятчи-кофир бўлган ҳолда келса, у ҳолда албатта унинг учгун жаҳаннам бордирки, (кофир) у жойда на ўла олур ва на яшай олур”. (Тоҳа сураси, 74-оят).
“Кофир бўлган кимсалар учун эса жаҳаннам ўти бордирки, на уларга (иккинчи бор ўлиш) ҳукм қилиниб, ўла олурлар ва на улардан (жаҳаннам) азоби енгиллатилур. Биз ҳар бир кофирни мана шундай жазолармиз”. (Фотир сураси, 36-оят).
Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган ҳадиси шарифда айтилиши-ча, Қиёмат Кунида дўзах ахлидан энг енгил азобга гирифтор қилинган кимсадан “Агар Ер юзидаги бор нарса сеники бўлганида мана шу тортаётган азобингдан қутулиш учун бериб юборган бўлармидинг?” деб сўралади ва у дарҳол “Ҳа”, деб жавоб беради. Шунда Ҳақ таоло томонидан: “Мен сендан отанг Одамнинг белида турган вақтингда бундан озроқ нарсани - Менга бирон нарсани шерик қилмаслигингни - истаган эдим, сен бўлсанг, фақат, Менга ҳар нарсани шерик қилишни истадинг!” дейилур. (“Танвирул-азҳон ” тафсиридан).
18. Парвардигорларига кофир бўлган кимсаларнинг - улар қилган амалларининг мисоли худди бўронли кунда қаттиқ шамол учириб кетган кулга ўхшайди - улар қилган амалларидан бирон нарсага эга бўла олмайдилар. Бу узоқ - қаттиқ адашишдир.
Юқоридаги оятларда кофирлар Охират диёрида - жаҳаннамда тортадиган жисмоний азоблардан айримлари жуда аниқ, ҳеч эсдан чиқмайдиган қилиб тасвирлаб берилгач, ушбу ояти каримада динсиз кимсалар яна бир карра огоҳлантириладилар. Яъни, агар улар бу ҳаёти дунёдан Оллоҳ таолога иймон келтирмасдан, У Зот буюрган Ҳақ Йўлга юрмасдан ўтиб кетадиган бўлсалар, у ҳолда уларнинг умрлари давомида қилган амалларининг яхшилари ҳам, масалан, хайр-саховат, қавм-қариндошни йўқлаш, ота-онага яхшилик қилиш ёки яна бошқа яхши ишлар қилган бўлсалар ҳам, энг асосий Яхшиликдан - барча яхшиликларнинг илдизи бўлмиш Иймон неъматидан маҳрум бўлганлари учун қилган бошқа яхши амалларининг ҳаммаси худди қаттиқ бўрон остида қолган кулдай кўкка совурилиши ва улар қилган яхши амаллари учун Қиёмат Кунида бирон ажр-мукофотга эга бўлмаганлари сабабли ҳеч тугамайдиган аттанг ва надомат азобига ҳам гирифтор бўлишлари аниқ эканлиги ҳақида хабар берилади ҳамда оят ниҳоясида ўткинчи дунёда динсиз ҳаётни танлаш оқибатида мангу Охират диёрида бирон ажр-савобга эга бўлмай қуруқ қўл билан қолиш энг қаттиқ адашиш экани таъкидланади.
Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам айтилгандир: “Улар бу ҳаёти дунёда қилган инфоқ-эҳсонларининг мисоли худди (динсизлик билан) ўзларига зулм қилган қавмнинг экинига тегиб, уни ҳалок қилган совуқ шамолга ўхшайди. Уларга Оллоҳ зулм қилмади. Балки улар ўзларига зулм қиладилар”. (Ол-и Имрон сураси, 117-оят).
Яъни, динсиз, иймонсиз кимсаларнинг қилган сарф-харажатлари, “эҳсонлари”, уларни қандай ниятда қилган бўлмасинлар, савоб истаб қилганмилар, хўжа кўрсинга қилганмилар, мақтаниш учун қилганмилар ёки яна бошқа бирон дунёвий манфаатга етиш учун қилганмилар - баробар, уларга Охиратда, Оллоҳ ҳузурида ҳеч қандай фойда, манфаат бермайди. Улар ўша қилган ишларидан келадиган фойда - савобга ўта муҳтож бўлган пайтларида - Қиёмат Кунида ҳамма ишлари беҳуда кетганини кўрадилар.
Ҳақ таоло кофирларнинг Қиёмат Кунидаги аҳволини жуда ёдда қоладиган бир мисол билан таърифлайди: Оллоҳ таолони тан олмасдан, иймонсизлик билан ўз жонларига жабр қилган кофир қавм ўз кучларига ишониб, ойлаб меҳнат қилиб, экин экиб, ерга уруғ қадаб, ундириб-ўстириб - парвариш қилиб, вақти-соати етганда, энди ҳосилни ўриб - йиғиб оламан деб турганларида Яратган томонидан - ўша улар ҳаёти дунёдалик пайтларида тан олмаган, қўрқмаган, ибодат қилмаган - Парвардигори олам томонидан уларнинг кофирликларига, золимликларига жазо бўлиб бир шиддатли, совуқ бўрон келади-да, етиштирган ҳосиллари бир зумда ҳалок бўлади - йўқ бўлади. Яъни, Қиёмат Кунида, яшаб ўтилган ҳаёт ҳосили олинадиган Кунда умрларини куфру исён билан ўтказиб юборган қавм ўзларининг динсизликлари касофатидан қилган барча меҳнатлари зое бўлганини кўрадилар, ҳаётлари беҳуда ўтиб кетганини биладилар, кофир бўлганларига минг-минг пушаймонлар қиладилар, аммо энди кеч бўлган, тавба соати ўтиб кетган бўлади, ҳаётларини ортга қайтара олмайдилар ва дод-войлар билан қилмишларига яраша жазога - жаҳаннамга равона бўладилар! Бас, уларни жаҳаннам азобига ўзларининг жиноятлари гирифтор қилди. “Уларга Оллоҳ зулм қилмади. Балки улар ўзларига зулм қиладилар”. Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам хабар берилган: “(Зотан), Биз улар қилган ҳар бир (яхши) амалга келиб, уни сочилган тўзон (каби) қилиб қўйгандирмиз.
Исломий ақидага кўра Ёлғиз Оллоҳга иймон келтирмасдан туриб қилинган ёки Ягона Оллоҳ таолонинг ризосини кўзламасдан хўжакўрсинга қилинган ҳар қандай яхши амал ҳам худди ҳавода учиб юрган чанг-тўзон каби фойдасиздир. Шу боисдан бут-санамлар йўлида қилинган ёки яхши ном чиқариш учун риёкорлик билан қилинган «савоб иш»ларнинг эгалари учун Қиёмат Кунида бирон ажр-мукофот бўлмас”, (Фурқон сураси, 23-оят).
“Кофир бўлган кимсаларнинг қилган амаллари эса саҳродаги саробга ўхшайди. Ташна одам уни сув деб ўйлар, то қачон унинг олдига келгач, ҳеч нарса эмаслигини кўрур ва Оллоҳни унинг (яъни, қилган амалининг) олдида топур. Бас, У Зот унинг ҳисоб-китобини комил қилур. Оллоҳ жуда тез ҳисоб-китоб қилгувчидир”. (Нур сураси, 39-оят).
19-20. (Эй инсон), Оллоҳ осмонлар ва Ерни Ҳақ (қонун) билан яратиб қўйганини кўрмадингми?! Агар У Зот хоҳласа сизларни кетказиб, (ўрнингизга тамоман) янги халқни келтирур - яратур. Бу (иш) Оллоҳ учун қийин эмасдир.
Ушбу оятлар Ҳақ таолонинг беназир буюк Қудратига далолат қиладиган, яъни, Ер-у осмонларни, жамийки борлиқни йўқдан бор қилишга Қодир бўлган Зот ҳар бир инсонни Ўзи хоҳлаган соатида йўқ қилишга ҳам, сўнгра Қиёмат Кунида қайта тирилтириб ҳисоб-китоб қилишга ҳам албатта Қодир экани ҳақида хабар берадиган Илоҳий Огоҳлантиришдир.
Бу ҳақда яна бошқа сураларда ҳам айтилгандир: “Осмонлар ва Ерни яратган Зот (у буюк сайёраларга нисбатан минг-минг марта кичик бўлган инсонларнинг) ўхшашини яратишга Қодир эмасми?! Йўқ, (албатта Қодирдир), Унинг Ўзигина Яратгувчи ва Билгувчидир. Бирон нарсани (яратишни) ирода қилган вақтида Унинг иши фақатгина «Бўл», демоқлигидир. Бас, у (нарса) бўлур - вужудга келур”. (Ёсин сураси, 81-82-оятлар).
“Парвардигорингиз Беҳожат, Раҳмат Соҳибидир. (Эй золимлар), агар У Зот хоҳласа худди бошқа қавмларни (кетказиб) уларнинг зурриётидан сизларни пайдо қилгани каби сизларни ҳам кетказиб, ортингиздан Ўзи истаган халқни халифа - ўринбосар қилур”. (Анъом сураси, 133-оят).
Яъни, Оллоҳ таоло ҳеч кимга, жумладан сизларга ҳам муҳтож бўлмагани сабаб, бошқа қавмни кетказиб сизларни пайдо қилгани каби сизларни ҳам дарҳол ҳаётдан маҳрум қилиб ўрнингизга Ўзи хоҳлаган инсонларни яратиши Унинг учун жуда осон ишдир. Лекин, Марҳаматли Оллоҳ сизларга раҳм-шафқат қилгани учунгина сизларни ҳалок қилмай, тавба эшигини очиб, бандаларим ўзларини дўзах азобидан озод қиладиган амалларни қилиб олсинлар, деб сизларга фурсат бермоқда.
Барча махлуқотга, жумладан инсониятга ҳам ҳаёт ва ўлим бериш Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Қўлида эканини баён қилгувчи оятлар яна бошқа сураларда ҳам такрор-такрор келган: “Агар У Зот хоҳласа, эй одамлар, сизларни кетказиб, бошқаларни келтирур. Оллоҳ бунга Қодир бўлган Зотдир”. (Нисо сураси, 133-оят).
“Агар сизлар (Оллоҳга итоат этишдан) юз ўгириб кетсангизлар, У Зот (ўрнингизга) сизлардан бошқа бир қавмни алмаштириб қўюр, сўнгра улар сизларга ўхшаган бўлмаслар, (балки Оллоҳга тоат-ибодат қилурлар)”. (Муҳаммад сураси, 38-оятдан)
Шунингдек, ўрганаётганимиз ояти каримада одамлар устида раҳбар бўлган турли мансаб ва лавозим эгалари агар қўл остидаги инсонларга адолат қилмасалар ёки олимлар ўзларининг билган илмларига амал қилмасалар, уларни йўқ қилиб, ўрниларига адолатли, илмига амал қиладиган кишиларни келтириш Оллоҳ таоло учун жуда осон иш эканига ҳам далолат бор.
21. (Қиёмат Кунида) барча (халойиқ қабрларидан чиқарилиб) Оллоҳ(га ҳисоб-китоб бериш) учун кўриндилар, бас, ожиз-нотавон (эргашувчи)лар мутакаббир кимсаларга (яъни, ўзларининг собиқ йўлбошчиларига): «Бизлар (ҳаёти дунёдалик пайтимизда) сизларга эргашган эдик, энди (бу Кун) сизлар Оллоҳнинг азобидан бирон нарсани бизлардан дафъ қила олурмисизлар?!» деган эдилар, улар айтдилар: «Агар Оллоҳ бизни (Ҳақ Йўлга) ҳидоят қилганида биз ҳам сизларни ҳидоятга чақирган бўлур эдик. (Энди эса) дод-вой қиламизми ёки сабр-тоқат қиламизми, биз учун баробардир - энди бизларга нажот йўқдир».
Ояти карима Оллоҳ таолонинг Амри билан Қиёмат Кунида жамийки халойиқ У Зотга ҳисоб-китоб бериш ва мўминлар баҳосини, кофирлар жазосини олиш учун қайта тирилганларидан кейин бўладиган воқеалар ҳақида хабар беради.
Муҳаммад ибн Каъб Қуразий ушбу оят тафсирида айтади: “Менга етиб келган хабарга кўра Қиёмат Кунида дўзахга ҳукм қилинган кофирлар у жойдаги азобга тоқат қила олмасдан дўзах қўриқчилари бўлмиш фаришталарга ялиниб-ёлворадилар. Бу ҳақда Оллоҳтаоло хабар беради: “Дўзахдаги кимсалар жаҳаннам қўриқчиларига: «Парвардигорингларга дуо қилинглар, бизлардан бирон кунлик азобни енгиллатсин», деб ёлворганларида; улар айтдилар: «Ахир сизларга пайғамбарларингиз аниқ ҳужжатлар билан келмаганмидилар?!» «Ҳа, (келган эдилар, лекин бизлар уларни ёлгончи қилган эдик)», деди улар. (Шунда фаришталар уларга) айтдилар: «У ҳолда ўзларингиз дуо-илтижо қилаве-ринглар. Кофирларнинг дуо-илтижолари албатта залолатдадир (яъни, бефойдадир)”. (Ғофир сураси, 49-50-оятлар).
Ялиниб-ёлворишларидан ҳеч қандай нафъ чиқмаслигини билишгач, “Улар (дўзах ходими бўлган фариштага) “Эй Молик, Парвардигоринг бизларга Ўз хукмини қилсин (яъни, тезроқ жонимизни олсин, бизлар бу азобдан кутулайлик”, деб) нидо қилганларида, у: “Албатта сизлар (мана шу азобда мангу) тургувчидирсизлар”, деди”. (Зухруф сураси, 77-оят).
Қачонки кофирлар дўзах азобидан ўлиб ҳам қутулиб бўлмаслигини, яъни, Охират диёрида ўлим йўқлигини билишгач, бир-бирларига қараб: “Бошимизда мана шу кўргуликлар бор экан, келинглар энди сабр қилайлик, шояд сабрнинг бизга фойдаси тегса. Ахир ҳаёти дунёда Оллоҳ таолога тоат-ибодат машаққатларига сабр қилиб ўтган мўминларга ўша сабрларининг фойдаси тегдику - жаннат роҳатларига эришдиларку”, дейишиб, сабр қилишга қарор қилдилар. Аммо узоқ муддат сабр қилсалар ҳам (Муқотилдан ривоят қилинишича, улар дўзах азобига беш юз йил сабр қилганлар), бу сабрларининг уларга ҳеч фойдаси тегмади. Шундан кейин кофирлар яна шунча муддатни дод-вой билан ўтказдилар ва охир-оқибат ҳақиқатни тан олиб: “Энди бизлар дод-вой қиламизми ёки сабр қиламизми, биз учун баробардир - энди бизларга нажот йўқдир”, деди-лар. (“Маолимут-танзийл ” тафсиридан).
22. Қачонки, иш тугагач (яъни, ҳисоб-китоб битиб, жаннат аҳли жаннатга, дўзахилар дўзахга киришгач), шайтон: «Албатта Оллоҳ сизларга ҳақ ваъда қилган эди. Мен эса (ёлғон) ваъдалар бериб, сизларни алдаган эдим. (Лекин) мен учун сизларнинг устингизда ҳеч қандай ҳукмронлик йўқ эди, илло мен сизларни (куфр йўлига) чақиришим биланоқ ўзингиз менга итоат этдингиз. Энди мени маломат қилмай, ўзларингизни маломат қилингиз. Мен сизларга ёрдам бера олмайман, сизлар ҳам менга ёрдам бергувчи эмассиз. Албатта мен сизлар илгари (Оллоҳга) мени шерик қилганингизни инкор этурман”, деди. Албатта золимлар (яъни, кофирлар) учун аламли азоб бордир!
Ҳақ таоло ушбу оятда иблиси лаийннинг тобеларига ҳаёти дунёда унга эргашганлари учун Охиратда мангу дўзах азобига гирифтор бўлган кимсаларга айтадиган сўзларини худди юқоридаги оятда бўлгани каби яна ўтган замон сийғасида келтиради.
Муфассирларнинг таъкидлашларича, бу Қиёмат қойим бўлиши аён ҳақиқат эканлигига бир ишорадир. Зеро, бўлиши ё келиши аниқ бўлган иш-воқеалар ҳақида ўтган замон тилида гапириш ҳамма халқларда ҳам бор бўлган услубдир. Масалан, ўлим жазосига мустахиқ бўладиган жиноятни қилган кимсага, «Энди ўлдинг», дейилади ва ҳоказо.
“Жомиул-баён”, “Ал-Жомеъ лиаҳкомил-Қуръон”, “Маолимут-танзийл” ва яна бошқа тафсир китобларида мазкур савол-жавоб қай тарзда ва қандай суратда рўй бериши ҳақида хабар берадиган бир ҳадиси шариф ривоят қилинади: Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳу айтди: “Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам Қиёмат Кунида Оллоҳтаоло томонидан ўзларига ато этиладиган “Мақоми Маҳмуд - Мақтовли Мақом”да туриб мўмин бандаларнинг гуноҳларини Оллоҳ таолодан сўраб олишлари - уларни шафоат қилишлари ҳақида сўзлаб шундай дедилар: “Ийсо алайҳис-салом ундан шафоат қилишини сўраб келган одамларга: “Мен ҳам сизларни шафоат қила олмайман, сизлар ана у уммий пайғамбар хузурига боринглар”, деганидан сўнг улар менинг олдимга келадилар. Бас, Оллоҳ таоло менга ўрнимдан туришимга изн беради. Шунда ўтирган ўрнимдан то Парвардигорим хузурига келгунимча одамзот димоғига кирган ҳидларнинг энг хушбўйи ҳар томонга тарқалиб туради. Сўнг У Зот менга шафоат неъматини, яъни, мўминларнинг ҳаёти дунёда йўл қўйган хато ва гуноҳларини сўраб олиш ва уларни оқлаш хукуқини ато этади ҳамда мен учун бошимдаги сочимдан оёғимнинг тирноқларигача бир нур пайдо қилади. Шундан сўнг кофирлар: “Мўминлар ўзларини шафоат қиладиган кишини топишди, энди бизчи, бизларни ким шафоат қилиб дўзах азобидан кутқазади?” дейишиб, “иблисдан бошқа ҳеч ким! Чунки бизларни Тўғри Йўлдан адаштирган ҳам унинг ўзи”, деган қарорга келадилар ва иблиснинг олдига боришиб: “Мўминлар ўзларини шафоат қиладиган кишини топишди, энди сен ҳам тургин-да, бизларни шафоат қил, чунки бизларни адаштирган ҳам ўзингсан”, дейдилар. Шунда у ўрнидан турганида ўтирган жойидан одамзот димоғига кирган ҳидларнинг энг бадбўйи ҳар томонга тарқалади. Сўнгра кофирларнинг дод-войлари янада кучайиб, ҳўнграб йиғлай бошлашгач, малъун иблис бор ҳақиқатни тан олишга мажбур бўлиб: “Албатта Оллоҳ сизларга ҳақ ваъда қилган эди - У мўминларга жаннат, кофирларга эса дўзах ваъда қилган эди, ана ўша ваъдасига вафо қилиб мўмин бандаларини жаннатга киритди, сизларни - кофирларни эса дўзахга ташлади. Мен эса “ҳеч қандай қайта тирилиш, ҳисоб-китоб деган нарсалар йўқ, мана шу ҳаёти дунёдан бошқа ҳаёт йўқ”, деб ёлғон ваъдалар бериб сизларни алдаган эдим. Аммо менда сизларни кофир бўлишга, гуноҳлар қилишга мажбурлай оладиган ҳеч қандай ҳукмронлик йўқ эди. Фақат сизларни ана ўша залолат йўлига чақирган эдим, холос. Сизлар бўлсангиз, ўз инон-ихтиёрингиз билан дарров сўзларимга ишондингиз, даъватимга қулоқ солдингиз ва менга эргашдингиз. Менинг сизларга очиқ душман эканимни, ким менга эргашадиган бўлса дўзах азобига гирифтор бўлишини қайта-қайта айтган Парвардигорингиз Оллоҳ таолонинг Сўзига эса, ишонмадингиз, Унга итоат этмасдан менга итоат этдингиз. Бас, энди бугун мени маломат қилиш ўрнига ўзларингиз-ни маломат қилинглар. Бугун мен сизларга ҳеч қандай ёрдам бера олмайман, дўзах азобидан қутқаза олмайман, сизлар ҳам менга ҳеч қандай ёрдам қила олмайсизлар, энди сизлар билан орамиз очиқ - мен сизларнинг дўстингиз ҳам, йўлбошчингиз ҳам эмасман, ҳатто сизлар ҳаёти дунёда мени Оллоҳга шерик қилганларингизни, яъни, У Зотга эмас, менга қуллик қилганларингизни ҳам бутунлай инкор этурман”, дейди.
Ушбу ояти карима шайтоннинг иши фақат куфр ва исённи чиройли кўрсатиб, унга чақириш эканига, аммо унга эргашиш ва оқибат натижада бад бахт-дўзахи бўлиш ёки унга эргашмасдан, васвасаларига учмасдан саодатга эришиш эса, инсоннинг инон-ихтиёридаги иш эканига Илоҳий далилдир. Оят ниҳоясида Ҳақ таоло иблиснинг макрига учиб бадбахт бўлган кимсаларни ўз жонларига жабр қилган золимлар деб атайди ва “Албатта золимлар учун аламли азоб бордир!” деб огоҳлантиради.
Ривоят қилинган ҳадиси шарифда Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ўзларини уммий Пайғамбар эканликларини айтдилар. У зоти бобаракотнинг уммий Пайғамбар эканликлари Қуръони Азимда ҳам бир неча бор таъкидланган.
Ҳақ таоло Ёлғиз Ўзига маълум бўлган ҳикмат билан сўнгги элчиси уммий пайғамбар бўлишини ирода қилди.
Уламолар “уммий” сўзини уч хил тафсир қиладилар. Ибн Азиз: “Уммий” сўзи уммат сўзидан олинган бўлиб, ўқимаган, хат танимайдиган саводсиз миллат бўлган араблар ичидан танланган пайғамбар деган маънони англатади”, дейди.
Наҳҳос: “Уммий” сўзи “уммул-қуро”дан олинган. Оллоҳтаоло Ўз Каломида Маккайи мукаррамани “Уммул-куро - барча қишлоқ ва шаҳарларнинг онаси” деб атайди. Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам Уммул-қурода, яъни, Маккада туғилиб, вояга етиб, ўша шаҳарда Ҳақ таоло ҳузуридан у зотга илк бор ваҳий нозил қилиниб пайғамбар бўлганлари учун “уммий Пайғамбар” деб номландилар”, дейди.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо эса: “Пайғамбарингиз соллоллоҳу алайҳи ва саллам - ўқишни, ёзишни ва ҳисоб-китобни билмайдиган уммий киши эдилар”, деб у зотнинг онадан туғилганларидан вояга етгунларича бирон кимсадан таълим олмаганларини таъкидлайди. Бу таъвилга кўра “уммий” сўзи умм - онадан туғилган ҳолида қолган деган маънони англатади.
Бухорий Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари ҳам: “Биз ёзув ва ҳисобни билмайдиган уммий умматмиз”, деб эътироф этганлар. Яъни, у зоти бобаракот бирон инсондан на ўқишни, на ёзишни ва на ҳисоб илмини ўрганмаганлари ҳолда дунёнинг аввал-у охир барча олимлари жамланиб ҳам эгаллай олмайдиган, Ҳақ Сўз эканини ҳеч ким инкор қила олмайдиган Қуръон Илмига эга бўлганлари яъни, Жаноби Ҳақнинг Ўзидан таълим олганларининг ўзи у зотга ато этилган энг улуғ мўъжизалардан биридир.
Агар фаразан Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ёшликларидан бошлаб бировлардан таълим олганларида ва кейин ўзларига Ҳақ таоло томонидан нозил бўлган оятларни одамларга етказганларида айрим кимсалар: “Устозларидан ўрганганларини айтяпти”, дейишлари мумкин эдики, у зотнинг уммий пайғамбар бўлишлари ана шундай туҳмат тошларига қарши қўйилган Илоҳий ҳимоя бўлди.
Бу Ҳикмати Илоҳийя бир ояти каримада шундай баён қилинади: “Сиз (ўзингизга Қуръон нозил қилинишидан) илгари бирон китобни тиловат қилгувчи бўлган эмас эдингиз ва ўз қўлингиз билан хат ҳам ёзган эмас эдингиз. Акс ҳолда, бузғунчи кимсалар албатта шубҳага тушган бўлур эдилар.” (Анкабут сураси, 48-оят).
23. Иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар Парвардигорларининг Изни-Иродаси билан остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга киритилиб, у жойда мангу қолдилар. Уларнинг (жаннатдаги) салом-аликлари (бир-бирларига) тинчлик-омонлик тилашдир.
Юқоридаги оятларда кофирларнинг Охират диёридаги аҳволлари нақадар даҳшатли бўлиши баён қилингач, ушбу ояти каримада мўминларга кўз тутиб турган гўзал оқибат ҳақида хабар берилади.
Албатта ҳаётларини иймон ва Ислом билан, Оллоҳ ва Расули буюрган солиҳ амаллар билан ўтказган инсонларнинг Охиратда, Яратган ҳузурида эришажак ажр ва мукофотлари ҳам аниқ ва муқаррардир. Ҳақ таоло бундай солиҳ бандаларини тез орада жаннатларга киритишга ваъда беради. У жаннатлардаги дарахтлар ва қасрлар остидан дарёлар оқиб туради. Агар кофирларнинг борар жойлари дўзах - тинимсиз куйдиргувчи олов бўлса, мўминларнинг мукофотлари тинимсиз оқиб, аҳли жаннатга роҳат бергувчи сув - оби ҳаёт экан, ҳеч қачон сўлиб-қуриб қолмайдиган, қуюқ сояли боғлар ва у жойда жаннат ҳурлари - покиза жуфтлари билан мангу роҳатда яшаш экан. Бу ҳақда Ҳақ таоло яна бошқа бир оятида шундай хабар берган: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), иймон келтириб, яхши амаллар қилган зотларга хушхабар берингки, улар учун остларидан дарёлар оқиб турувчи жаннатлар бор. Қачон ўша (жаннат)ларнинг бирор мевасидан баҳраманд бўлсалар, «Илгари татиб кўрган нарсамиз-ку» дейишади. Зеро, уларга (сурати) бир-бирига ўхшаш мевалар берилади. Ва улар учун (жаннатларда) покиза жуфтлар бордир. У зотлар (жаннатларда) абадий қолгувчидирлар. (Бақара сураси, 25-оят).
“Уларнинг (жаннатдаги) салом-аликлари (бир-бирларига) тинчлик-омонлик тилашдир”.
Дарҳақиқат, Оллоҳ таоло мўмин бандалари учун тайёрлаб кўйган жаннат дорус-салом - тинчлик-омонлик диёридир. У жойда аҳли жаннат бир-бирларига фақат тинчлик-омонлик тилаб салом берадилар: “Уларнинг (жаннатларда қиладиган) дуолари: “Оллоҳим, Ўзингни поклаймиз”, дейиш, у жойдаги ўзаро саломлари (бир-бирларига) тинчлик-омонлик тилашдир. Охирги тилаклари эса, барча оламлар Парвардигори - Оллоҳга ҳамду сано айтишдир”. (Юнус сураси, 10-оят).
“Улар у жойда бирон беҳуда ва гуноҳ-ёлғон (сўз)ни эшитмаслар, фақат “салом-салом”, деган (тилакни)гина (эшитурлар). (Воқеа сураси, 25-26-оятлар).
Аҳли жаннатга у жойда малоикалар салом берадилар: “Уларнинг хузурларига хдр эшикдан фаришталар кириб: “(Оллоҳ Йўлида меҳнат-машаққатларга) сабр-тоқат қилганларингиз сабабли (энди ушбу жаннатларда) сизларга тинчлик-омонлик бўлгай. Охират диёри нақадар яхши!” (дерлар)”. (Раъд сураси, 23-24-оятлар).
“Ана ўшалар сабр-қаноат қилганлари сабабли (жаннатдаги) юксак манзил - кўшклар билан мукофотланурлар ва у жойда (фаришталар томонидан) салом ва омонлик билан қарши олинурлар. Улар ўша жойда мангу қолурлар. У энг гўзал қароргоҳ, (энг гўзал) манзилдир”. (Фурқон сураси, 75-76-оятлар).
“Парвардигорларидан қўрққан зотлар эса, тўп-тўп ҳолда жан-натга «ҳайдалдилар». То қачон улар дарвозалари очилган ҳолдаги (жаннатга) келиб етганларида ва унинг қўриқчилари: «Сизларга тинчлик-омонлик бўлсин! Хуш келдингиз! Бас, унга мангу қолгувчи бўлган ҳолларингизда кирингиз», деганларида (улар беҳад шодланурлар)”. (Зумар сураси, 73-оят).
Ва ниҳоят, аҳли жаннат учун энг шарафли мақом - у жойда улар Буюк Оллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг саломини эшитурлар: “Уларга Меҳрибон Парвардигор томонидан салом айтилур”.
Ҳадиси шарифда ворид бўлишича, “жаннат эгалари ўзларига ваъда қилинган ноз-неъматлар ичида роҳат-фароғатда эканлар, баногоҳ устларида бир нур пайдо бўлур. Бошларини кўтариб... “Ассалому алайкум, эй аҳли жаннат”, деб турган Парвардигори оламни кўрурлар” (Ёсин сураси, 58-оят тафсиридан).
24-25. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Оллоҳ Пок Сўзга (яъни, иймон калимасига) қандай мисол келтирганини кўрмадингизми? (У Сўз) худди бир асил дарахт кабидирки, унинг илдизи (Ер остига) маҳкам ўрнашган, шохлари эса, осмонда бўлиб, Парвардигорининг Изни-Иродаси билан ҳамма вақт мева берур. Оллоҳ, одамларга шояд эслатма-ибрат олсалар деб (мана шундай) мисоллар келтирур.
Дарҳақиқат, ҳар бир мўмин дилида тасдиқлаб, тилида талаффуз қиладиган “Лаилаҳа иллаллоҳ” калимайи тоййибаси худди илдизи заминга чуқур ўрнашган, шохлари эса кўкка бўй чўзган асл - покиза бир дарахтга ўхшайди. Чунки мўминнинг қалбига Ишонч ва Маърифат уруғи бўлиб жойлашган бу Хуш Сўзни қачон у талаффуз қилса, ўша онда кўкка бўй чўзиб, ҳеч қандай тўсиқларсиз Яратганнинг ҳузурига кўтарилади. Ҳақ таоло бошқа бир ояти каримада: “Хуш сўз (яъни, Лаилаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур-Расулуллоҳ калимаси) Ёлғиз Унга юксалур”. (Фотир сураси, 10-оят), дейди. Дарвоқеъ, ушбу Калима шу қадар кудратлики, агар кофир кимса бу Сўзни сидқидилдан иқрор бўлиб айтса, шу онда мўминга айланади. Бошқа иш-амаллар яхши ёки ёмонлиги, холис ёки хўжа кўрсинга қилингани жиҳатидан қанча тўсиқ-текширувлардан ўтгачгина Оллоҳ таоло наздида қабул қилиниш ёки қилинмаслиги маълум бўлгани ҳолда, ушбу Калима мусулмон инсоннинг оғзидан чиқиши билан Оллоҳ таоло хузурига юксалади.
“Лаилаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур-Расулуллоҳ” Калимаси шундай буюк Сўзки, бу Сўзни айтган ва бу Сўзга амал қилган мусулмон жаннатга киради.
Шу Сўз шарофати билан ибодатлар қабул бўлади, шу Сўзни айтган инсоннинг гуноҳлари мағфират қилинади. Демак, ҳеч қандай шериги бўлмаган Ягона Оллоҳнинг Меҳрини қозониш, Раҳматига эришиш учун биринчи навбатда “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимасини чин дилдан тасдиқлаб, комил ишонч билан иқрор қилиб, бутун умр давомида мана шу эътиқодда яшаб, ўлим соати келганда ҳам Охират диёрига мана шу калима билан кўчиш лозимдир.
Ояти каримада иймон калимасига мисол қилиб келтирилаётган дарахт қайси дарахт эканлиги имом Бухорий ва Муслимдан ривоят қилинган мана бу саҳиҳ ҳадисдан маълум бўлади: Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтади: “Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам: “Дарахтлар ичида барги тўкилмайдиган бир дарахт борки, у худди мусулмон кишига ўхшайди. Ўша қайси дарахт эканини менга айтиб беринглар-чи?” деган эдилар, одамларнинг хаёли дала-даштдаги турли дарахтларга кетди. Менинг дилимга эса, у хурмо дарахти бўлса керак, деган ўй келди, аммо ўша жойда ҳозир бўлган абу Бакр, Умар розияллоҳу анҳумо каби кишилар индамай турганларини кўриб, дилимга келган сўзни айтишга тортиндим. Сўнгра одамлар: “Ё Расулуллоҳ, ўзингиз у қандай дарахт эканини айтиб беринг”, дейишган эди, “У хурмо дарахтидир”, дедилар. Кейин мен отамга кўнглимдан ўтган сўзларни айтиб берганимда, у: “Эй ўғилчам, агар сен ўшанда дилингга келган сўзни айтганингда эди, мен учун қизил туялар подасини берганингдан суюклироқ бўлур эди”, деди.
“Тафсири Бағавий”да айтилишича, хурмо дарахти инсонга ўхшатилишининг ҳикмати, бошқа дарахтларнинг боши - учи кесилса энига шох чиқариб ўсаверади, аммо хурмо дарахтининг боши кесиладиган бўлса, худди боши кесилган одамдек ҳалок бўлади - қуриб қолади.
Рабийъ ибн Анас хурмо дарахтининг ояти каримада айтилганидек, ҳамма вақт мева беришини шарҳлаб: “Ҳамма вақт эрта-ю кеч деганидир. Чунки хурмо меваси доимо кечаси ҳам, кундузи ҳам, ёзда ҳам, қишда ҳам, янги ҳолида ҳам, қоқиси ҳам суйиб ейиладиган тўйимли ва суюмли таомдир”, дейди.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган яна бир ҳадиси шарифда ҳам: “Мўминнинг мисоли худди ҳамма нарсасидан фойдаланиладиган хурмо дарахтига ўхшайди - агар мўмин билан дўст-суҳбатдош бўлсанг ҳам сенга фойдаси тегади, у билан ҳаммажлис бўлиб бир жойда ўтирсанг ҳам сенга фойдаси тегади, ундан кенгаш-маслаҳат сўрасанг ҳам сенга холис маслаҳати билан фойдаси тегади (яъни, худди хурмо дарахтининг танасидан ҳам, шоҳ-бутоғидан ҳам, мевасидан ҳам “ҳамма вақт” фойдаланилгани каби мўминнинг ҳам ҳаммавақт ҳаммага фойдаси тегади)”, дейилади.
Ояти карима ниҳоясида Қуръони Каримда бу каби зарбулмасаллар келтирилиши, масалан, мўминнинг қалбидаги бебаҳо маънавий неъмат бўлган иймон моддий нарсага - Ерда чуқур илдиз отган кучли, хушманзара, ҳам соясидан, ҳам мевасидан одамлар доимо фойдаланадиган покиза бир дарахтга ўхшатилиши албатта беҳикмат эмаслиги, балки одамлар ибрат олишлари ва иймон ўзлари учун нақадар фойдали неъмат эканини янада тўлароқ ва теранроқ тасаввур қилишлари учун мана шундай мисоллар келтирилиши таъкидланади.
Қуйидаги оятда эса яна бошқа бир мисол, энди иймонсизлик қандай жирканч ва бетайин иллат экани ҳақида ибратли мисол келтирилади -
26. Хабис - нопок сўзнинг (яъни, куфр сўзининг) мисоли эса худди (илдизи йўқлиги сабабли) юза ердан узиб олинган, (бирон жойда ўрнашиб) қўним топмайдиган нопок дарахтга ўхшар.
Яъни, куфр калимаси, ёхуд Ҳақни инкор қилгувчи ҳар қандай қабиҳ сўз худди бир хунук-жирканч ўсимликка ўхшайдики, унинг на илдиз-асоси бор ва на бирор жойда қўним-қарори бор. Шундай. Динсиз кимсаларнинг оғзидан чиқадиган куфр калимаси шу қадар беқарор, асоссиз ва ҳеч куракда турмайдиган, тутуриқсизки, бундай сўз бамисоли сахродаги сал шамолга учиб-думалаб, кимга тегса яралаб-заҳарлайдиган тиканакка ўхшайди.
Ояти каримада Ҳақ таоло мўминларни қабиҳ сўз қабиҳ кимсадан чиқиши ҳақида, бошқача айтганда, эгри мўридан эгри тутун чиқиши ва сўзи ёмоннинг ўзи ёмон экани ҳақида огоҳлантиради.
Юқоридаги оятда мўмин ҳаммага фойдаси тегадиган покиза дарахтга ташбеҳ қилингани ҳолда ушбу оятда кофир кимса ҳаммага зиёни тегадиган жирканч дарахтга ўхшатилиши билан куфр ва иймон ўртасидаги фарқ ер билан осмонча экани яна бир бор таъкидланади.
27. Оллоҳ иймон келтирган кишиларни ҳаёти дунёда ҳам, Охиратда ҳам устивор Сўз (иймон калимаси) билан собитқадам қилур. Золимларни эса Оллоҳ адаштирур. Оллоҳ Ўзи хоҳлаган ишни қилур.
Яъни, Оллоҳ таоло чин ихлос билан иймон келтирган кишиларни мана шу ҳаёти дунёда иймон калимаси бўлмиш “Ла илаҳа иллаллоҳ Муҳаммадур-Расулуллоҳ” калимайи тоййибасида собит-барқарор қилгани ва ҳеч қандай таҳдид-қўрқитувлар, фитна, алдов ва синовлар уларни ушбу калимани айтишдан тўса олмагани каби Охират диёрида ҳам уларни ушбу Пок Сўзда собит-барқарор қилур.
Ояти карима мазмунини бизга Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам қатор ҳадисларда тафсир қилиб берганлар:
Барро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Мусулмон инсон қабрида сўралганида, “Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур-Расулуллоҳ”, яъни, “Ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Ёлғиз Оллоҳ бор, Муҳаммад Унинг Элчисидир”, деб гувоҳлик берур. “Оллоҳ иймон келтирган кишиларни ҳаёти дунёда ҳам, Охиратда ҳам устивор Сўз билан собит қадам қилур”, оятининг маъноси шудир”. (Бухорий ривояти).
Шуъба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Ушбу оят қабр азоби ҳақидадир. Мўминдан “Роббинг ким?” деб сўралганида, “Роббим Оллоҳ, Пайғамбарим Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам” деб жавоб берур. Оллоҳтаолонинг “Оллоҳ иймон келтирган кишиларни ҳаёти дунёда ҳам, Охиратда ҳам устивор Сўз билан собит қадам қилур”, деган сўзларининг маъноси шудир”, дедилар. (Муслим ривояти).
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Банда қабрига қўйилиб, ёр-дўстлари ундан бурилиб кетар эканлар, маййит ҳали уларнинг кавушлари товушини эшитиб ётганида олдига икки фаришта келадиларда, уни ўтирғизиб: “Мана бу киши, яъни, Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳақида нима дер эдинг?” деб сўрайдилар. Агар у мўмин бўлса, дарҳол: “Гувоҳлик бераманки, у зот Оллоҳнинг бандаси ва Элчисидир”, деб жавоб берур. Шунда унга: “Дўзахдан сен учун тайёрлаб қўйилган жойга қарагин. Оллоҳ унинг ўрнига сен учун жаннатдан бўлган мана бу жойни тайёрлаб қўйди”, дейилур ва у ҳар икки жойни кўрур.
Агар у майит мунофиқ ёки кофир бўлса, ундан: “Мана бу киши ҳақида нима дер эдинг?” деб сўралганида у: “Билмадим, мен ҳам одамлар айтадиган сўзларни айтар эдим”, деб жавоб беради. Шунда унга: “Билмагин ҳам, айтмагин ҳам”, дейилади ва бошига темир гурзи билан шундай ури-ладики, унинг дод-фарёдини чор атрофдаги инс ва жиндан бўлак барча эшитади”. (Бухорий, Муслим ва Бағавий ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Аниқки, маййит уни ташлаб бурилиб кетаётган одамларнинг кавушлари сасини эшитиб ётур. Сўнграуни ўтиргизилур ва кафанини бўйнига ташлаб, сўроққа тутилур”, дедилар. (Ибн Ҳуббон, Аҳмад ва Бағавий ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Маййит қабрга қўйилгач, унинг олдига иккита қора, кўк кўз фаришта кириб келади. Улардан бирининг номи Мункар, иккинчиси Накирдир. Бас, улар: “Мана бу киши ҳақида нима дер эдинг?” деб сўрайдилар. У: “Бу киши Оллоҳнинг бандаси ва Элчисидир, гувоҳлик бераманки, ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Ёлғиз Оллоҳ бордир ва Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам Оллоҳнинг бандаси ва Элчисидир”, деб жавоб беради. Шунда фаришталар: “Албатта, биз сен шундай дейишингни билар эдик”, дейдилар. Сўнгра унинг қабри етмиш газга етмиш газ қилиб кенгайтирилади, сўнгра уни ёп-ёруғ нурга тўлдирилади, сўнгра маййитга: “Энди сен то Оллоҳ таоло қайта тирилтиргунича худди суюкли аҳли-оиласигина уйғотадиган куёвдек ухлаб ором олавергин”, дейилади.
Аммо агар маййит мунофиқ ёки кофир бўлса, у ҳолда мункар-накирнинг саволига: “Билмадим, мен ҳам одамлар айтаётган сўзларни эшитиб, ўшани такрорлайверар эдим”, деб жавоб беради. Шунда фаришталар: “Албатта биз сен шундай дейишингни билар эдик”, дейдилар. Сўнгра Ерга: “Қисилгин!” дейилади-да, Ер уни шундай қисадики, қовурғалари бир-бирига киришиб кетади. Бас, кофир ва мунофиқ то Оллоҳ уни қайта тирил-тиргунича мана шу жойда азоб-уқубатда ётади”. (Термизий ривояти).
Барро ибн Озиб розияллоҳу анхудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ сололлоху алайҳи ва саллам мўминнинг жон таслим қилишини зикр қилар эканлар, дедилар: “(Мўмин дафн қилиниши билан) жони жасадига қайтарилади ва олдига икки фаришта келиб уни қабрида ўтиргизадилар-да: “Роббинг ким, дининг нима, пайғамбаринг ким?” деб сўроққа тутадилар. У дарҳол: “Роббим Оллоҳ, Диним Ислом, Пайғамбарим Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламдир”, деб жавоб беради. Фаришталар уни тўхтатиб қайта сўраганларида у яна аввалгидек жавоб беради. Шунда самодан бир жарчи: “Бандам рост сўзлади”, деб нидо қилади. Оллоҳтаоло айтган: “Оллоҳ иймон келтирган кишиларни ҳаёти дунёда ҳам, Охиратда ҳам устивор Сўз билан собит қадам қилур”, оятининг мазмуни шудир”. (АбуДовуд, Ҳоким ва Аҳмад ривояти).
Усмоннинг кули Ҳониъ розияллоху анхумодан ривоят қилинди: у айтди: “Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам киши дафнидан фориғ бўлгач, унинг устида тўхтар ва: “Биродарингиз учун истиғфор айтинглар ва Оллоҳдан уни собитқадам қилишини сўранглар. Чунки у ҳозирнингўзида сўроққа тутилади”, дер эдилар. (Абу Довуд ва Байҳақий ривояти).
“Золимларни эса Оллоҳ адаштирур. Оллоҳ Ўзи хоҳлаган ишни қилур”.
Яъни, Тўғри Йўлга юрмасдан залолат йўлини танлаш билан ўз жонларига жабр қилган золим-кофир кимсаларни эса, Оллоҳ таоло ҳаёти дунёда ҳам адаштириб кўяди. Бас, улар ҳеч қачон Ҳақ Йўлга ҳидоятланмайдилар, балки аксинча, умр бўйи фитна-алдовларга эргашиб адашиб-улоқиб юрадилар ва ўлганларидан кейин Охират диёрида, қабрларида ҳам сўзла-ридан адашадилар, устивор Сўзни - иймон калимасини айта олмайдилар ва оқибат-натижада аввал қабр азобига, сўнгра дўзах азобига гирифтор бўладилар.
“Оллоҳ Ўзи хоҳлаган ишни қилур”.
Оллоҳтаоло кимни ҳидоят қилишни ва кимни адаштиришни Ўзи билур ва Ўзи хоҳлаган ишни қилур. У Зот ҳеч кимнинг олдида масъул эмасдир.
28-29. (Эй инсон), Оллоҳнинг неъматини (яъни, иймонни) куфрга алмаштириб юборган ва қавмларини (яъни, ўзининг ортидан эргашганларни) ҳам ҳалокат чоҳига - ўзлари кирадиган жаҳаннамга қулатган кимсаларни кўрмадингми?! Нақадар ёмон жой у!
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, ушбу оятларда зикр қилинган неъматни куфрга алмаштириб юборганлари сабабли ҳалок бўлган кимсалардан мурод, Макка мушрикларидир. (Бухорий ривоятпи).
Алий каррамаллоҳу важҳаҳу: “Оллоҳнинг неъматини куфрга алмаштирганлар Бадр жангида шармандаларча ҳалок бўлиб, чуқурга ташланган Қурайш кофирларидир”, дейди. (Ибн Жарир ривояти).
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу эса, янада аниқроқ қилиб: “Улар Қурайшдан бўлган икки бузуқ тўп - Бану Муғийра ва Бану Умайя уруғларидир. Бану Муғийрадан Бадр кунида қутулдинглар, Бану умайя бир муддат ўтгач, ҳалок қилинди”, деди. (Бухорий ривояти).
Дарҳақиқат, Макка кофирлари ўзларига ато этилган Буюк Неъмати Илоҳийяга шукр қилиш ўрнига куфрони неъмат қилиб, иймонни куфрга алмаштириб олдилар ва оқибат-натижада бу улуғ неъматдан бутунлай маҳрум бўлиб, жаҳаннам чоҳига қуладилар. Ҳолбуки, Оллоҳ таоло уларга Ўз Ҳарамидан жой берган эди, уларга Ўзининг Эски Уйи - Каъбатуллоҳга хизмат қилишдек олий мартаба ато этган эди, ризқу рўзларини кенг-мўл қилиб қўйган эди ва энг муҳими, уларни энг улуғ Инсон, энг сўнгги Пайғамбар Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдек буюк зот билан шарафлаган эди. У кофирлар эса мана шундай Буюк Неъматларнинг барчаси учун Оллоҳ таолога минг-минг шукр қилиш ва Ёлғиз Унга ибодат, Унинг Расулига итоат қилиш ўрнига куфрони неъмат қилдилар, иймондан воз кечиб куфрни танладилар ва оқибат-натижада барча неъматлардан маҳрум бўлдилар - устма-уст етти йил қаҳатчиликка учраб, қирилдилар, асрга тушдилар, қатл қилиндилар ва кенг-мўлчилик, иззат-ҳурматдан мосуво бўлиб, хор-зор кимсаларга айландилар ва энг ёмони у қавмнинг барчаси - бошлиқлари ҳам, эргашганлари ҳам Оллоҳ таолонинг Ҳукми билан энг ёмон жойга - жаҳаннамга равона бўлдилар.
Гарчи ушбу оятлар Умар, Алий ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳум ажмаийн каби буюк саҳобийлар айтганларидек Макка мушриклари ҳақида нозил қилинган бўлса-да, лекин оят ҳукми умумий бўлиб, то Қиёматга қадар дунёга келадиган барча мушрик-кофирларга тааллуқлидир. Зотан, Оллоҳ таоло Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламни фақат маккаликларга эмас, балки бутун оламга Раҳмат, барча инсонлар учун буюк неъмат қилиб юборгандир. Бас, ким бу улуғ неъматни қабул қилиб, шукрини адо этса, яъни, Оллоҳ таоло нозил қилган Дини Исломни қабул қилиб Унинг сўнгги Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга бир умр итоат этса, албатта Оллоҳ таолонинг Охират диёридаги Буюк Неъмати - жаннатга сазовор бўлади, ким уни рад этса ва куфрони неъмат қилса, шак-шубҳасиз жаҳаннамга равона бўлади. Қуйидаги оятда ана шундай бахтсиз кимсалар ҳақида сўз боради.
30. Улар (одамларни) Оллоҳ Йўлидан оздириш учун У Зотга «тенг»ларни (ўйлаб) топдилар. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг: «Фойдаланиб қолинглар! Ҳеч шубҳа йўқки, сизларнинг борадиган жойларингиз дўзахдир!»
Ширкнинг турлари кўп. Улардан бири ва энг хунуги Оллохдан ўзгани ҳам Худо деб эътиқод қилиш ва унга сиғиниб - чўқинишдир. Ҳеч нарса ярата олмайдиган, обидларига бирон фойда ёки зиён етказиш қўлидан келмайдиган жонсиз бут-санамларга, турли-туман махлуқларга сиғиниш, чўқиниш, улардан ҳожатлар сўраш соғлом инсоний ақлга сиғмайдиган нодонлик экани аён бўлса-да, таассуфки, дунё аҳолисининг ярмидан кўпи ўтмишда ҳам, ҳозир ҳам мушриклардан иборатдир. Уларнинг мазҳаблари, йўналишлари, кўринишлари турлича бўлиши мумкин, Аммо ҳаммасининг моҳияти бир - Оллоҳнинг Танҳо Маъбуд эканини тан олмаслик, Оллоҳнинг “тенглари” бор, деб эътиқод қилишдир.
Ҳақтаоло ояти каримада бундай ботил эътиқод эгалари фақат ўзларигина адашмасдан, балки охир-оқибатда бошқа одамларни ҳам Оллоҳнинг Йўлидан оздиришларини айтиб, Ўзининг Элчисига буюради: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом, у мушрикларга), айтинг: “Фойдаланиб қолинглар! Ҳеч шубҳа йўқки, (сизларнинг ҳам, сизларга эргашиб мушрик бўлганларнинг ҳам) борадиган жойингиз дўзахдир!”
Албатта, Оллоҳ таолонинг мушрикларга: “Фойдаланиб қолинглар!” деб қилган амри таҳдид учун бўлиб, худди табибнинг буюрилган парҳезга амал қилмасдан олдига келган таомни еяверадиган беморга: “Истаган овқатингни еявергин, шунда тезроқ ўласан”, дегани каби бир огоҳлантиришдир. Яъни, ким дўзах азобига гирифтор бўлмасликни хоҳласа, “Оллоҳнинг “тенглари” бор”, деб Оллоҳ таоло шаънига ёлғон тўқишни тўхтатиб, Ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилсин! деган маънодадир.
Бундай Илоҳий таҳдид бошқа оятларда ҳам келгандир: “(Ундай кимсалар учун) бу дунёда озгина фойдаланиш бор. Сўнгра Бизга қайтишади. Ана ундан кейин кофир бўлиб ўтганлари учун уларга қаттиқ азоб тоттирурмиз. (Юнус сураси, 70-оят).
Ояти карима баъзи бировларнинг дилларидан ўтадиган саволга жавобдир. Яъни, агар кимдир: “Мушрикларнинг, Оллоҳ Шаънига турли ёлғонлар тўқийдиган кимсаларнинг нажот топмасликларини қандай тушуниш керак? Ахир уларнинг кўплари ноз-неъматлар ичида, роҳат-фароғат-да яшаяптиларку?” дейдиган бўлса, жавоб шудир: улар фақат мана шу дунёдаги тўрт кунлик ҳаётларида Оллоҳ таоло уларга синов учун берган ноз-неъматлардан фойдаланмоқдалар, холос. Аммо бу кунлар ўткинчи-дир - кўзларини очиб-юмгунларича тугаб қолади-да, улар ўладилар, сўнгра албатта қайта тириладилар, сўнгра ҳаммалари Бизнинг хузуримизга қайтиб тўпланадилар, сўнгра Биз уларга кофир ҳолда яшаб, кофир ҳолда ўлганларининг жазосини бериб, улар ҳеч қачон нажот топа олмайдиган, қутулиб кета олмайдиган қаттиқ азобни - дўзах азобини тотдирурмиз, улар ана ўша азобда мангу қолурлар! Мана шу уларнинг нажот топганларими?! Албатта йўқ! Оллоҳ Шаънига ёлғон тўқийдиган кимсалар асло нажот топмаслар! Чунки дўзах азобнинг уясидир, дўзахнинг азоби қаттиқдир, дўзахнинг азоби мангудир.
Нўъмон ибн Башир розияллоху анху Пайғамбар соллоллоху алайҳи ва салламдан ривоят қилди, у зоти бобаракот хабар бердилар: “Албатта, дўзахдаги энг енгил азобланадган кимса бир кимсаки, унинг икки оёғи остига иккита чўғ қўйиб қўйилади ва ўша чўғларнинг иссиғидан унинг мияси худди қозон қайнаганидек қайнаб туради!” (Бухорий ва Муслим ривояти).
31. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Менинг иймон келтирган бандаларимга айтинг, олди-сотди ва ошна-оғайнигарчилик бўлмайдиган Кун (Қиёмат) келиб қолишидан илгари намозни тўкис адо этсинлар ҳамда Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ-эҳсон қилсинлар.
Юқоридаги оятларда иймон неъматини куфрга алмаштирган ва “Оллоҳнинг “тенглари” бор”, деб ширк келтирган мушрик-кофирларнинг тўрт кунлик ҳаёти дунёдан кейин борар жойлари шак-шубҳасиз, дўзах ва ундаги мангу азоб экани ҳақида хабар берилгач, ушбу ояти каримада сўз мўминлар ҳақида боради ва Ҳақ таоло уларни “Менинг иймон келтирган бандаларим”, деб шарафлайди ҳамда Расули акрам соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиб гўё шундай дейди: “Сиз Менинг бандаларимга Қиёмат Куни яқин эканлигини, у Кунда тўлов тўлаб гуноҳларни сотиб олиб бўлмаслигини ва дўст-ёр, қариндош-уруғлар бир-бирларини шафоат қилиб қўллаб юбора олмаслигини эслатиб, ўша Кун келиб қолишидан илгари мўминлар зиммаларидаги энгулуғ вазифа бўлган намозни тўкис адо этишлари ҳамда Мен уларга ризқ қилиб берган мол-давлатларидан махфий ва ошкора эҳсон ва садақотлар беришлари фарз эканини айтинг, шунда Менинг бандаларим албатта Мен фарз қилган кундалик беш вақт намоз ибодатини барча шарт ва арконларига риоя қилган ҳолларида ўз вақтида, комил итоат ва таъзим-тавозуъ билан бутун умрлари давомида адо қиладилар, қўлларидаги молу давлат ва нозу неъматни Менинг томонимдан уларга ато этилган ризқ эканини доимо ёдларида тутадилар ва топган бойликларини фақат ўзларининг шахсий манфаатлари йўлида сарфламасдан, бошқаларга ҳам баъзан махфий, баъзан ошкора ҳолда закот-садақотлар берадилар, хайр-саховатлар кўрсатадилар”.
Уламолар нафл - ихтиёрий садақалар махфий, фарз амаллардан бўлган закот эса ошкора берилиши афзал дейдилар.
Агар эътибор қилсак, Ҳақ таоло мўминларнинг яширин ва ошкора тарзда хайру садақотлар беришларини мадҳ қилар экан, уларга ўша молу давлатларини УнингЎзи ризқ қилиб берганини таъкидлайди. Демак, бировларга хайр-саховат кўрсатган инсонлар аслида ўзларининг молларини эмас, балки Оллоҳ таолонинг уларга омонат ризқ қилиб берган молидан бир қисмини Унинг ишончли вакили сифатида буюрилган жойларга тар-қатаётган кишилардир, холос. Бас, ўзгаларга яхшиликлар қилар эканлар, улардан яхшилик кўрган кишилар томонидан мақтов-олқишлар кутмасдан, аксинча зиммаларидаги омонатни эгаларига - муҳтож инсонларга етказишдек савобли амални насиб этгани учун ўзлари Яратганга шукроналар айтишлари лозимдир. Нақл борку: Ким ўзгаларга хайр-саховат кўрсатар экан, улардан мақтов, раҳматлар эшитишни тамаъ қилса, у кимса сахий эмас, балки оддий савдогардир. Чунки у моли билан мақтовни сотиб олди. Сахийлик эса, эвазига ҳеч нарса олмасдан бермоқдир.
32. Оллоҳ осмонлар ва Ерни яратган ва осмондан сув (ёмғир-қор) ёғдириб, унинг ёрдамида сизларга ризқ бўлсин, деб меваларни чиқарган Зотдир. У Ўз Амри билан денгизда сузиб юриши учун кемаларни сизларга бўйинсундирди. Яна дарёларни ҳам сизларга бўйин-сундирди.
Ушбу ва қуйидаги икки оятда Ҳақ таоло бутун борлиқни - осмонлар-у Ерни ҳам, ризқу рўзимиз манбайи бўлган сувни ҳам Унинг Ўзи яратганини ва коинотдаги барча нарсани биз инсонларнинг манфаатимиз учун бўйсундириб қўйганини, бизларни санаб саноғига етиб бўлмайдиган ноз-неъматларга кўмиб ташлаганини эслатиб, лекин инсонларнинг кўпи нонкўр ва ношукур эканликларини таъкидлайди.
Албатта Оллоҳ таоло осмону замин ва улар ўртасидаги бирон нарсани беҳуда яратган эмасдир. Балки У Зот коинотдаги ҳар бир мавжудотни ҳақ Қонун ва етук Ҳикмат билан яратиб, уларни Ўзининг Ердаги халифаси бўлмиш инсон манфаати учун бўйсундириб қўйди.
Шунингдек, У Зот борлиқдаги ҳар бир нарсага алоҳида сурат ва сийрат ато этиб, то Қиёмат амал қилиб ўтадиган ҳаёт қонунини белгилаб қўйди. Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам хабарлар келган: “Биз осмонлар ва Ерни ҳамда уларнинг орасидаги нарсаларни ўйнаб-беҳуда яратганимиз йўқ. Биз уларни фақат Ҳақ (қонун, интизом) билан яратганмиз. Лекин уларнинг кўплари билмаслар.” (Духон сураси, 38-39-оятлар). “Биз осмон ва Ерни ҳамда уларнинг ўртасидаги бор нарсаларни беҳуда яратган эмасмиз. Бу (яъни, улар беҳуда-бемақсад яратилган деган гумон) кофир бўлган кимсаларнинг гумонидир. Бас, кофир бўлган кимсалар учун дўзах - ҳалокат бўлгай!” (Сод сураси, 27-оят).
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло, ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолиши ҳеч қандай ақлга сиғмайдиган, шу билан баробар Оллоҳдан ўзга ҳеч ким «мен яратганман», деб даъво қилиши мумкин бўлмаган уч буюк неъматини эслатади. Улардан бири оёғимиз остидаги қароргоҳимиз, бизга ҳаётлик пайтимизда устидан, ўлганимиздан кейин бағридан жой берадиган она замин - Ер бўлса, яна бири устимиздаги том - гумбаз янглиғ ташқаридан - бошқа сайёралар томонидан келадиган ҳар қандай зиён-офатлардан бизни ҳимоя қилиб турадиган осмон, учинчиси эса, Ердаги барча жонзотларнинг ва хусусан биз инсонларнинг ризқу насибамиз манбаи бўлмиш, осмондан ёғадиган оби ҳаёт - сув неъматидир.
“У денгизда сузиб юриши учун (яратган) кемаларни Ўз Амри билан сизларга бўйинсундирди. Яна дарёларни ҳам сизларга бўйин-сундирди”.
Денгизнинг итоаткорлигида, устида кемалар сузиб, худди қуруқликдаги от-уловлар каби бир соҳилдан бошқа соҳилга одамлар учун керакли бўлган нарсаларни ташиб, бир иқлимдаги инсонлар билан бошқа иқлимдаги инсонлар бир-бирлари билан борди-келди, олди-берди қилишларига хизмат қилиш учун бўйсундириб қўйилишида ва яна дарёларнинг ҳам инсон манфаатлари учун бўйсундириб қўйилишида, гўё бадандаги қон томирлари янглиғ, етиб борган жойига инсонлар учун, барча жонзот учун ҳамда экин-тикин ва боғ-роғлар учун ҳаёт олиб боришида - мана шу ҳар бир инсоннинг кўз ўнгида рўй бераётган ҳақиқатда, Оллоҳ таолонинг Танҳо Холиқ - Яратгувчи, бениҳоя Қудратли, Ҳикматли ва бандаларига Меҳрибон Зот эканини очиқ-ойдин кўрсатиб турган мана шу мўъжизаларда, албатта, ақли ҳуши жойида бўлган ҳар бир инсон учун етарли ибрат бордир, унинг Яратганга минг бор қуллик қилиши ва тинмай шукроналар айтиши учун етарли асос бордир.
33. У доимо (яъни, то Қиёмат қойим бўлгунича) айланиб турувчи қуёш ва ойни ҳам сизлар учун бўйинсундирди (яъни, сизлар яхши яшашингиз учун тартиб-интизомга солиб қўйди). Яна У Зот кеча ва кундузни ҳам сизлар учун бўйинсундирди.
Ояти кариманинг биринчи жумласи Раъд сурасининг 2-оятида, ҳам таъкидланади: “У Зот қуёш ва ойни ҳам (Ўз Амрига) бўйинсундирди. Уларнинг ҳар бири муайян муддатгача (яъни, Қиёмат қойим бўлгунича) сайр қилаверар”.
Ушбу жумланинг энг гўзал тафсири мана бу оятлардир: “Куёш (бирон сония тўхтамай) ўз қароргоҳи сари жорий бўлур. Бу Қудратли ва Билгувчи Зотнинг тақдири - ўлчовидир”. (Ёсин сураси, 38-оят).
Ердан минг-минг марта катта ҳажмга эга бўлган қуёш то «кун ва ой бирлашиб кетадиган» Қиёмат Куни келгунича бир нафас ҳам тинмасдан фазода айланаверади. Фақат Қудратли ва Доно Зот - Оллоҳ таолонинг Ўзигина уни шундай тартиб-ўлчовга бўйсундириб қўя олур.
“Биз ойни ҳам токи у эски (хурмо) бутоғи каби бўлиб (эгилиб ҳилол ҳолига келиб) қолгунича бир неча манзилга белгилаб-тайинлаб қўйгандирмиз”. (Ёсин сураси, 39-оят).
Дарҳақиқат, ой бир ой давомида йигирма саккиз манзил - жойда турли суратда кўрингани сабабли кўзга йигирма саккизта бўлиб туюлади. Сўнгра бир ёки икки кеча кўринмасдан туради-да, кейин яна ўша тартиб такрорланади. Агар куёш кундузлари оламни нур ва ҳароратга тўлдирса, ой кечаларга ёруғлик бахш этиши билан бирга барча кишилар учун вақт ўлчови бўлиб ҳам хизмат қилади.
“На куёш учун ойга етиш мумкин бўлур ва на кеча кундуздан ўзгувчидир. (Қуёш, ой ва юлдузларнинг) барчалари фалакда сузиб юрур”. (Ёсин сураси, 40-оят).
Яъни, то Қиёмат қойим бўлгунича қуёш ойга ета олмас ва кеча кундузнинг ўрнини эгаллаб ола билмас. Ушбу ояти каримада яна коинотдаги барча катта-кичик сайёралар фазода муаллақ ҳолда сузиб юришлари баён қилингандир. Илм-фанга йигирманчи асрнинг бошларига келибгина маълум бўлган бу ҳақиқатлар ҳақида Қуръони Карим бундан ўн тўрт аср илгари хабар берган эди. Бунда ақл эгалари учун ибрат бордир.
“Яна У Зот кеча ва кундузни ҳам сизлар учун бўйинсундирди”. Ушбу жумлани мана бу оятлар тафсир қилади:
“Кеча ҳам улар учун (Бизнинг Қудратимизни кўрсатиб турадиган) бир оятдир. Биз ундан кундузни ечиб олишимиз билан баногоҳ улар зулматда қолурлар”. (Ёсин сураси, 37-оят).
“У кечани (қоронғуликни) кундузга ўрар (ва кеча кундузни) шошилган ҳолда қувиб юрар”. (Аъроф сураси, 54-оят).
Яъни, Оллоҳ таоло тунни гўё бир кўрпа каби кундуз устига ёйиб, ҳеч нарса кўринмайдиган қилиб ўраб қўяр ва тонг отиши билан кундуз тун пардаси остидан чиқиб, тобора оқариб, ёришиб борар. Аммо маълум соатлар ўтгач, унинг ортидан қора пардасини кўтариб шошилган ҳолда кувиб юрган тун уни қувиб етар.
Барча нарсанинг, жумладан, тун ва куннинг ҳам Эгаси бўлмиш Зотнинг бу гўзал тасвири кеча ва кундуз яралганидан буён бир нафас бўлсин тўхтамаслиги ҳақида, ҳеч қачон бир-бирларидан ажралмаслиги, яъни, у иккисининг ўртасига бирон нарса кира олмаслиги ҳақида, худди макон - замин ўз ўқи атрофида тинимсиз айланиб турганидек, замон - кеча ва кундуз ҳам бир-бирининг ортидан тинимсиз қувиб юриши ва ҳар бир инсон учун у дунёга келган лаҳзада бошланган бу ҳаракат то унинг Ер юзидаги кунлари ниҳоясига етгунича бир сония ҳам тинмаслиги ҳақида ҳикоя қилади ва инсонни ғафлат уйқусидан уйғониб, учиб ўтиб кетаётган умрини ғанимат билиб, ундан имкон борича фойдала-ниб қолишга чақиради.
“(Оллоҳ) сизлар учун кеча ва кундузни - унда (яъни, кечада) ором олишларингиз, (кундузи эса) Унинг фазл-ризқидан исташларингиз ва шукр қилишларингиз учун пайдо қилиб қўйгани Унинг Раҳмат - Марҳаматидандир.” (Қасас сураси, 73-оят).
34. Шунингдек, У Зот сизларга барча сўраган нарсаларингиздан ато этди. Агар сизлар Оллоҳнинг неъматларини санасангиз, саноғига етолмайсизлар. Ҳақиқатан, инсон ўта золим, жуда ношукрдир.
Муфассирлар ояти каримадаги инсонлар сўраган нарсалардан мурод, улар муҳтож бўлган барча нарсалардир, чунки Оллоҳ таоло инсонлар сўраган барча нарсани ато этганидан ташқари яна сон-саноқсиз улар сўрамаган, ҳатто сўраш хаёлларига ҳам келмаган, аммо ҳар бир инсон муҳтож бўлган неъматларни ҳам уларга ато этди, деб тафсир қиладилар.
Дарҳақиқат, биз инсонлар Оллоҳ таолонинг неъматларини ҳар бирини эмас, у неъматларнинг турлари қанча эканини санамоқчи бўлсак ҳам саноғига ета олмаймиз-у, қандоқ қилиб у неъматларнинг ҳар бирининг шукрини адо қила олайлик?
“Танвийрул-азҳон” тафсирида неъматлар икки қисмга бўлиниши айтилади.
Улардан бири, бадан саломатлиги, тинчлик-хотиржамлик, қорин тўқ ва уст-бош бут бўлиши, тинч-тотув оила, мол-давлат, дилбанд фарзандлар каби биз учун ҳар бири манфаатли экани очиқ-равшан неъматлар бўлса, иккинчи қисмдаги неъматлар биздан зиённи дафъ қиладиган лекин биз инсонлар кўп ҳолларда улардан ҳар бирининг қандай буюк неъмат эканини ҳис қилмайдиган - Ҳақ таоло бедаво дардлардан, жон чидамас меҳнат-машаққатлардан, муҳтожлик-йўқчиликдан ва яна бошқа бало-мусибатлардан бизларни олис қилгани каби кўзимизга кўринмайдиган неъматлардир.
Ибнус-Саммок подшоҳ ҳузурига кирганида қўлидаги кўзадан сув ичаётган подшоҳунга қараб: “Менга панд-насиҳатларингдан айт”, деди. Олим: “Агар сенинг жамийки мол-давлатинг бўлса-ю, аммо ташналигинг-ни қондирадиган сувинг бўлмаса ва мана шу бир кўза сув учун бор мол-мулкингни беришингни талаб қилсалар, берармидинг?” деб сўраган эди, подшоҳ: “Ҳа”, деб жавоб қилди. Шунда олим: “У ҳолда бир кўза сувга арзимайдиган бу мол-давлатингга қувонма”, деди. Бас, бандаларига бениҳоя Меҳрибон Парвардигорнинг ташна бўлган бандасига берган бир култум сувидаги неъмат Ер юзига подшоҳ бўлишдан қимматроқ неъматдир.
Ривоят қилинишича, бир фақир киши улуғлардан бирига ўзининг бениҳоя камбағаллигидан шикоят қилди. Шунда у зот: “Агар сенингўн минг тангганг бўлса-ю, кўзларинг кўр бўлса хурсанд бўлармидинг?” деган эди, ҳалиги фақир кимса: “Йўқ”, деди. “Агар сенинг қўл-оёқларинг кесилган бўлса-ю, эвазига йигирма минг тангга берилса рози бўлармидинг?” “Йўқ”. “Агар сенинг ўн минг тангганг бўлса-ю, аммо Оллоҳ сенга ақл неъматини бермасдан жинни қилиб кўйган бўлсачи, хурсанд бўлармидинг?” “Йўқ”. Олим айтди: “У ҳолда сенга қирқ минг тангага ҳам сотиб олиб бўлмайдиган неъматларни ато этган Хожангдан шикоят қилишга уялмайсанми?” (“Танвийрул-азҳон ” тафсиридан).
“Ал-Муқтатаф мин уювнит-тафосийр” китобида ояти карима тафсирида мана бу ҳикматли ва ибратли сўзлар келтирилибди: “Одамлардан қай бир инсон, ҳатто у фақирликнинг энг чекида бўлса ҳам, агар тааммул қилиб ўйлаб кўрсангиз, унинг ҳад-ҳисобсиз неъматлар ичида эканини билиб оласиз. Агар бунга шубҳа қилсангиз, у ҳолда тасаввур қилинг, оламнинг ҳамма тарафини эгаллаб олган, дунёдаги жамийки мол-давлатнинг эгаси бўлган бир подшоҳнинг тақдир тақозоси билан нафаси қисилиб ёки бавли тутилиб, ҳар тарафдан ўлими кўзига кўриниб қоладиган бўлса, бир марта тўйиб нафас олиш учун бутун молу дунёсини бериб юбормайдими? Албатта бериб юборади ва бу ҳеч кимга сир бўлмаган аён ҳақиқатку! Бас, маълум бўладики, Ҳақ субҳонаҳу ва таоло биз бандаларига ҳар онда саноқсиз неъматларини ёғдириб туради! Эй Пок Парвардигор, бунчалар Буюксан! Эй Пок Парвардигор, бунчалар Улуғ Қудрат Соҳибисан! Биз ожиз бандаларинг эса, Сени таний олмай, Сенинг шукрингни адо қила олмай ҳайрони хастамиз!”
“Ҳақиқатан, инсон ўта золим, жуда ношукрдир”.
Чунки у тинмай гуноҳ қилиш билан доим ўз жонига жабр-зулм қилади, бошига сал қаттиқчилик келса, бесабрлик ва дод-вой қилиш билан яна зулм қилади, унга сонсиз неъматлар ато этган Зотни унутиб, бошқаларга қуллуқ қилиш билан тағин зулм қилади - ҳақиқатан инсон, агар у Оллоҳдан қўрқмаса, ўта золимдир. Ҳақиқатан, инсон, агар у иймонсиз кимса бўлса, жуда ношукрдир. Чунки у доим куфрони неъмат қилади; неъматнинг эгасини танимайди; тинмай алҳамдулиллоҳ - Оллоҳга шукр, дейиш ўрнига тинмай йўқчиликдан шикоят қилади; Оллоҳ таоло ато этган неъматларни, мол-дунёни тинмай йиғиб яшираверади, ҳақдорларга, камбағал-бечораларга бермайди ва бу билан гўё Оллоҳ менга ҳеч нарса бергани йўқ, дегандек бўладики, бу ҳам унинг ўта ношукрлигидир.
35. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), эсланг, Иброҳим айтган эди: «Парвардигорим, бу шаҳарни (яъни, Маккани) тинч (шаҳар) қилгин, мени ва болаларимни бутларга ибодат қилишдан йироқ этгин.
Бу оятда Иброҳим алайҳис-саломнинг Макка шаҳри ва унинг аҳли ҳаққига қилган дуолари зикр қилинди. Келгуси авлод, то ҳозиргача ҳам Оллоҳ таолонинг Халили қилган дуолари баракотига гувоҳ бўлиб келади. Оллоҳнинг суюкли бир бандаси сўради, Яратган ижобат қилди - Маккайи Мукаррама дунёдаги энг тинч шаҳарга айланди. Ҳадиси шарифда келади: Жобир розиялоҳу анҳу айтади: “Мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитдим: “Ҳеч ким учун Маккада қурол кўтариб юриш дуруст эмас”. Бас, бу шаҳар ҳар турли офат-балолардан омонда, бирор золимнинг қўли унга ета олмайди, магар ким Маккага ва унинг аҳлига ҳужум қилса, Оллоҳнинг Ўзи уни худди асҳоби филни ҳалок қилгани каби ҳалок қилур.
Ояти каримада Иброҳим алайҳис-салоту вас-саломнинг Оллоҳ таолодан энг аввало тинчлик-омонлик сўрагани зикр қилиниши тинчлик-хотиржамлик Яратгандан сўраладиган неъматларнинг энг улуғларидан эканига далолат қилади. Чунки фақат тинчлик-хотиржамлик бўлсагина дин ишлари ҳам, дунё ишлари ҳам бекаму кўст адо этилиши мумкиндир.
“Мени ва болаларимни бутларга ибодат қилишдан йироқ қилгин”.
Иброҳим алайҳис-салоту вас-салом қилган дуонинг мана шу иккинчи банди хусусида туғилиши мумкин бўлган икки саволга, яъни, агар кимдир: “Ахир Иброҳим алайҳис-салом Оллоҳ таолонинг барча элчи ва пайғамбарлари каби бутларга ибодат қилиш айбидан пок-маъсум эдику, бас, бу ҳолда нега Оллоҳ таолодан яна бутларга ибодат қилишдан сақлашини сўради? Иккинчидан, унинг авлод-зурриётларидан жуда кўплари бутпараст-мушрик бўлиб кетдиларку, бас, бу ҳолда нега Оллоҳ таоло Ўзининг элчиси қилган дуони ижобат этмади?” деб сўрайдиган бўлса, бу саволларга муфассир уламолар шундай жавоб берганлар: Иброҳим алайҳис-саломнинг ўзи хусусида сўраган дуоси мени маъсумликда, яъни, Ёлғиз Ўзингга ибодат қилишда бардавом этгин, деган маънодадир. Энди болалари хусусида қилган дуосида эса, у зот ўз пушти камаридан бўлган фарзандларини бутларга ибодат қилишдан асрашини сўраб илтижо қилган эди, Оллоҳ таоло Ўз элчисининг бу дуосини ҳам ижобат этди ва Иброҳим Халилул-лоҳнинг ўз пушти камаридан бўлган саккиз фарзандидан бирортаси мушрик бўлмади. (“Маолимут-танзил”тафсиридан).
Айрим уламолар: “Ояти каримадаги Иброҳим алайҳис-саломнинг болаларидан мурод, унинг авлод-зурриётидан то Қиёматга қадар дунёга келадиган мўминлардир”, дейдилар. (“Ал-Муқтатаф мин уювнит-тафосийр” тафсиридан).
36. Парвардигорим, у (бут)лар кўпдан-кўп одамларни йўлдан оздирдилар. Бас, ким менга эргашса, албатта у мендандир (яъни, менинг динимдадир). Ким менга исён қилса, Ўзинг Мағфиратли, Меҳрибондирсан.
Ояти каримадаги биринчи жумланинг мазмуни, уламоларнинг айтишларича, ўша бутлар сабабли кўп одамлар адашдилар, деганидир. Чунки мушриклар сиғинадиган бут-санамлар ҳеч кимга ҳеч қандай фойда ёки зиён етказа олмайдиган жонсиз темир, тош, ёғоч ёки кесаклардир. Фақат у бутлар ўзларига сиғинадиган одамларнинг адашишига сабаб бўлгани учунгина бутлар адаштирди дейилади. Бу худди “сени дунё алдаб қўйди”, деган иборага ўхшайди. Холбуки дунё ҳеч кимни алдай олмайди, балки дунёга муҳаббат қўйган одам ўзини ўзи алдайди.
Ушбу оятда Иброҳим алайҳис-салом Парвардигорга нидо қилиб, бутлар кўп одамларни йўлдан оздирганларини таъкидлаш билан ўзининг аввал (юқоридаги оятда) “мени ва болаларимни бутларга ибодат қилишдан йироқ этгин”, деб қилган дуосига нима сабаб бўлганини арз қилади.
“Бас, ким менга эргашса, албатта у мендандир (яъни, менинг динимдадир). Ким менга исён қилса, Ўзинг Мағфиратли, Меҳрибондирсан”.
Яъни, Парвардигорим, болаларимдан, авлод-зурриётимдан кимки менга эргашиб Ёлғиз Ўзингга ибодат қилса - Ислом Динида барқарор бўлса, албатта у кишилар гўё менинг бир бўлагимдир ва мен уларни Ўз Раҳматингга олишингдан умидворман. Аммо уларнинг орасида менга итоатсизлик қилган, мен даъват қилган Тўғри Йўлга юрмаган кимсалар ҳам борки, агар улар Сенга ширк келтирмаган бўлсалар, ўша осий қулларингни ҳам гуноҳларини кечириб юбориш яна Ўз Қўлингдадир. Зотан, Сен Мағфиратли, Меҳрибондирсан.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ояти каримани ва Моида сурасида келтирган Ийсо алайҳис-саломнинг: “Агар уларни азобласанг, улар Сенинг (ожиз) бандаларинг. Агар уларни мағфират қилсанг, албатта Сен Ўзинг Кудрат, Ҳикмат Эгасидирсан”. (Моида сураси, 118-оят) деган сўзларини тиловат қилдилар, сўнгра қўлларини дуога кўтариб: “Оллоҳим, менинг умматим(нинг ҳоли қандай бўлади)?”, деб йиғладилар. Шунда ҳамма нарсани Билгувчи Оллоҳ азза ва жалла: “Эй Жаброил, Муҳаммад-нинг олдига боргинда, ундан: “Нега йиғлаяпсиз”, деб сўрагин”, деди. Жаброил алайҳис-салом келиб сўраган эди, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам унга ўзлари айтган сўзларнинг хабарини бердилар. Бас, ҳар ишдан Огоҳ Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло Жаброилга буюрди: “Сен Муҳаммаднинг олдига қайтиб бориб, унга мана бу Сўзимни етказгин: “Албатта Биз умматингиз тўғрисида Сизни рози қилурмиз, хафа қилмасмиз”. (Муслим ривояти). Марҳаматли Оллоҳимизга беҳад ҳамду саноларимиз, меҳрибон Пайғамбаримизга салавот ва саломларимиз бўлгай.
37. Парвардигоро, албатта мен зурриётимдан (ўғлим Исмоил ва унинг онаси Ҳожарни) Сенинг Байти муҳарраминг ҳузуридаги экин ўсмайдиган бир водийга жойлаштирдим. Парвардигоро, улар намозни тўкис адо этсинлар, деб, (шу жойда қолдирдим). Бас, Сен Ўзинг одамлардан (бир қисмининг, яъни, мусулмонларнинг) дилларини уларга мойил қилиб қўйгил ва уларни (жамийки) мевалардан баҳраманд этгил. Шояд шукр қилсалар.
Ояти каримада Иброҳим алайҳис-салом Оллоҳ таолодан бир қанча нарсалар сўрагани зикр қилинади. Улардан биринчиси: “Парвардигоро, албатта мен зурриётимдан (ўғлим Исмоил ва унинг онаси Ҳожарни) Сенинг муҳаррам - ҳурматли Байтинг ҳузуридаги экин ўсмайдиган бир водийга жойлаштирдим”, жумласидир. Ушбу жумла тафсирида уламолар Саҳиҳи Бухорийда ривоят қилинган кўламли бир ҳадиси шарифни келтирадилар: “Маолимут-танзил”, “Ал-жомеъ лиаҳкомил-Қуръон” ва “Ал-Муқтатаф мин уювнит-тафосийр” китобларида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Исмоил алайҳис-саломнинг онаси Ҳожар аслида Иброҳим алайҳис-салоту вас-саломнинг аёли Соранинг чўриси бўлиб, у Ҳожарни Иброҳим алайҳис-саломга ҳадя қилган - чўри қилиб берган эди. Аммо қачонки Ҳожар Иброҳим алайҳис-саломдан фарзанд кўргач, Сора бундан ғашланиб, Ҳожарга рашк қила бошлайди. Шунда Иброҳим алайҳис-салом Оллоҳ таолонинг Амри билан ўғли Исмоил ва унинг онаси Ҳожарни олиб, Шомдан Макка заминига боради ва уларни Одам алайҳис-салом бино қилган, сўнгра Нуҳ алайҳис-салом замонидаги тўфонда фаришталар Оллоҳ таолонинг Амри билан еттинчи осмонга олиб чиқиб кетган Байтуллоҳнинг изи қолган жойга туширади. У вақтда Маккада бирон кимса яшамас, сув ҳам йўқ эди. Иброҳим алайҳис-салом она-боланинг олдига бир халтада хурмо ва бир меш сувни қолдиради-да, сўнгра келган изига қайтиб кета бошлайди.
Буни кўрган Ҳожар унинг ортидан эргашиб: “Эй Иброҳим, сиз бизни бу кимсасиз водийда ёлғиз ташлаб қаёққа кетмоқдасиз?” деб неча бор чақирса-да, Иброҳим алайҳис-салом уларга қайрилиб ҳам қарамай йўлида давом этди. Шунда Ҳожар унга: “Бу ишни сизга Оллоҳ буюрдими?” деб сўраганида у: “Ҳа”, деб жавоб бергач, Ҳожар: “У ҳолда Оллоҳ бизни зое этмас - ҳалок қилмас”, деб боласининг олдига қайтади. Иброҳим алайҳис-салом эса, юриб бориб бир қирнинг ортига ўтгач, улар кўрмайдиган жойда туриб, юзини Байтуллоҳ томон буриб қўлларини кўтарганча ояти каримада мазкур бўлган дуони ўқийди.
Шундай қилиб Ҳожар қўлида эмизикли боласи Исмоил билан ўша кимсасиз ва сувсиз жойда қолаверди. У мешдаги сувдан ичар эди. Бу сув ҳам тамом бўлгач, она-бола ташналикка дучор бўлдилар. Ерда типирчилаб ётган боласини ҳеч юпата олмаган она не қилишини билмай атрофга аланглаб, ёнгиналаридаги Сафо тепалигига чопиб чиқар ва бирон кимса кўриниб қолармикан деган умид билан чор атрофга тикилар, ҳеч кимга кўзи тушмагач, водийга қайтиб, яна жони тинчимасдан кўйлакларининг этагини кўтариб олганича рўбарўсидаги бошқа бир тепалик - Марванинг устига югуриб чиқар ва у жойда ҳам тик турганича бирон кимса кўриниб қолармикан деб атрофига тикилар, ҳеч кимни кўрмагач, яна изига қайтиб, Сафога қараб чопар эди. Шундай қилиб у икки тоғ орасида етти марта у ёқдан бу ёққа елиб югурди.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: “Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Шунингучун одамлар Сафо ва Марва ўртасида етти марта югурадилар”, деганлар”, дедида, сўзини давом эттирди: Бас, қачонки Ҳожар Марва устига чиққач, ҳеч кутилмаганда бир овозни эшитди-да, ўзига ўзи: “Тўхта”, деди. Сўнгра қулоқ солган эди, ўша овоз яна эшитилди. Шунда у: “Овозингни эшитдирдинг. Агар бирон ёрдам ҳам қила олсанг эди”, деган эди, баногоҳ зам-зам булоғининг ўрнини оёғи биланми, қаноти биланми кавлаётган бир фариштага кўзи тушди. Қачонки у жой-дан сув кўрингач, Ҳожар уни кечганича келиб, қўллари билан ҳовучлаб сув олиб мешни тўлдира бошлади. Қачон у сувдан бир ҳовуч олса, ўрни яна сувга тўлиб қолар эди.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: “Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Оллоҳ Исмоилнинг онасини раҳмат қилсин, агар у чиққан сувни ҳовучлаб олиб турмасдан тек қўйганида эди, замзам отилиб чиқиб турадиган булоқ бўлур эди”, деганлар”, дедида, сўзини давом эттирди: Бас, Ҳожар у сувдан ичди ва боласини эмизди. Шунда фаришта унга: “Сизлар ҳалок бўлиб кетишдан қўрқманглар. Бу жой Байтуллоҳнингўрнидир. Уни мана шу бола ва унинг отаси бино қилади. Албатта Оллоҳ Ўз аҳлини зое қилмайди”, деди.
Байтуллоҳнинг ўрни ердан адирлик каби бир баландликда эди. Агар тоғдан сел келадиган бўлса ҳам унинг ўнг ва сўл тарафидан оқиб ўтиб кетар, яъни, бу муқаддас маконга бирон зиён етказмас эди. Буюк Ҳикмат Соҳибининг Амри билан бу кимсасиз чўли биёбонга оби ҳаёт келиб, зам-зам булоғи кўз очганидан кейин ҳам то кунлардан бир кун Журҳум қабиласининг бир карвони ўтиб қолмагунича бу азиз жой уни маскан тутган она ва болани ҳисобга олмаганда кимсасизлигича қолаверди. Макканинг қуйи тарафига келиб тўхтаган карвон эгалари олисдан осмонда тинмай айланаётган қушга кўзлари тушгач: “Аниқки, бу қуш сув устида айланмоқда. Аммо биз бу водийда сув йўқ эканини аниқ биламиз-ку”, дейишиб, ўша томонга чопарларни жўнатган эдилар, улар бориб замзам було-ғидан оқиб ётган сувни кўрдилар ва қайтиб келиб сув топганлари ҳақида хабар беришгач, бутун карвон ўша жойга келганларида, сув олдида Исмоилнинг онаси турар эди. Улар: “Биз ҳам сенинг ҳузурингда жойлашишимизга изн берасанми?” деб сўраган эдилар, у: “Майли, лекин сизлар сувга эгалик қилмайсизлар”, деб жавоб берди. Улар: “Хўп”, дедилар”.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Пайғамбар соллоллоху алайҳи ва саллам дедилар: “Бу воқеа Исмоилнинг онаси ёлғизлиқцан ўта қийна-либ, одамлар билан ошно-ҳамсуҳбат бўлишни жуда соғиниб турган вақтга тўғри келди. Шунингучун у келган одамларни ўша ерга жойлашишларига изн берди. Улар ўзлари жойлашиб олгач, қариндош-уруғларини ҳам чақириб келдилар. Қачонки улардан бир қанча оилалар уй-жой солиб Макка обод бўла бошлагач, Исмоил ҳам уларнинг болалари билан бирга униб ўсди, улардан араб тилини ўрганди. У ўсиб-улғайган сари уларнинг орасида қадр-қиммат топди ва ҳамма ҳавас қиладиган бир йигит бўлди. Қачонки вояга етгач, унга ўзларининг бир қизларини бериб куёв қилиб олдилар. Сўнг Исмоилнинг онаси оламдан ўтди.
Исмоил уйланганидан кейин Маккага шу жойда Оллоҳнинг Амри билан қолдириб кетган кишиларини излаб Иброҳим алайҳис-салом келди. Исмоилни уйидан топа олмагач, унинг аёлидан сўраган эди, у: “Биз учун бирон егулик истаб кетган”, деди. Сўнгра Иброҳим алайҳис-салом аёлдан ҳол-аҳвол сўраб тирикчиликлари қандай ўтаётганини суриштирганида у: “Жуда ёмон. Биз қашшоқликда зўрға кунимизни ўтказмоқдамиз”, деб шикоят қилди. Шунда Иброҳим алайҳис-салом: “Эринг келса мендан унга салом айт ва яна айтиб қўйгин, эшигининг остонасини янгилаб олсин”, деб чиқиб кетди. Исмоил келгач, гўё бир нарсани сезгандек: “Ҳеч ким келмадими?” деган эди, хотини: “Ҳа, бир чол келди. Сени сўраган эди, биз учун бирон егулик топиб келиш учун кетганингни айтдим. Тирикчилигимиз қандай ўтаётганини суриштирди, мен унга аҳволимиз жуда ёмонлигини, зўрбазўр тирикчилик ўтказаётганимизни билдирдим”, деди ва келган одамнинг кўринишини таърифлаб берди. “Сенга бирон нарса тайинламадими?” деди Исмоил. Хотини: “Сенга салом айтиб қўйишимни буюрди ва эшигингнинг остонасини янгилаб олишинг кераклигини айтди”, деди. Шунда Исмоил: “Бу отам! У менга сен билан ажрашишимни буюрибди. Энди сен ота-онанг олдига бор”, деб хотинини талоқ қилди ва ўша уруғдан бошқа бир аёлга уйланди.
Оллоҳ таоло хоҳлаганча бир муддат ўтгач, Иброҳим алайҳис-салом уларникига яна келди ва яна Исмоилни уйидан топа олмагач, унинг хотинидан сўраган эди, у: “Биз учун бирон егулик топиб келгани кетди”, деди. У: “Қандайсизлар?” деб ҳол-аҳвол сўраб тирикчиликлари қандай ўтаётганини суриштирганида бу аёл: “Жуда яхши, мўл-кўлчилик”, деб Оллоҳ таолога шукроналар айтди. “Ейдиган таомларингиз нима?” деганида, “Гўшт”, деди, “Ичимликларингизчи”, деб сўраган эди, “Сув”, деди. Шунда Иброҳим алайҳис-салом: “Оллоҳим, уларга гўшт ва сувни баракали қилгин”, деб дуо қилди.
Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Ўшанда уларнинг дон-дунлари йўқ эди. Агар бўлганида, Иброҳим алайҳис-салом улар учун дон-нон ҳам баракали бўлишини сўраб дуо қилган бўлур эди”, дедилар ва яна: “Маккадан бошқа жойда биров бошқа овқат аралаштирмасдан фақат гўшт ва сув истеъмол қиладиган бўлса, асло тўғри келмайди, яъни, яхши ҳазм бўлмайди”, деб қўшиб қўйдилар. (Бухорий ривояти).
Ояти каримада зикр қилинган Иброҳим алайҳис-салоту вас-саломнинг дуолари баракоти билан, мазкур кўламли ҳадиси шариф мазмунидан англаб билганимиздек, Оллоҳ таоло Ўзининг муҳаррам Байти атрофида бир азиз ва обод шаҳар - Маккайи мукаррамани барпо қилиш учун энг аввало у жойга бир фариштани юборди ва у фаришта қанотлари билан қазиб очган замзам булоғидан чиққан сувни нафақат ташналарни қондирадиган ичимлик, балки очларни тўйдирадиган таом ва жамийки хасталикларга шифо ҳам қилиб қўйди. Бу муборак сувнинг фазилат ва хусусиятлари ҳақида жуда кўп ҳадис ва хабарлар ривоят қилингандир:
Доруқутний Ибн Аббос розияллоху анҳумодан ривоят қилди: Расулуллоҳ сололлоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар: “Замзам суви нима учун ичилса, ўшанга кор қилур. Агар сен уни шифо топиш учун ичсанг, Оллоҳ сенга уни шифо қилур, агар сен уни қорин тўйдириш учун ичсанг, Оллоҳу билан қорнингни тўйдирур, агар сен уни ташналигингни қондириш учун ичсанг, у ташналигингни кетказур. У Жаброилнинг оёғи остидан отилиб чиққан ва Исмоилнинг ташналигини қондирган сувдир”.
Икрима яна Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилди: “Ибн Аббос замзамдан ичганида: “Оллоҳим, мен Сендан фойдали илм, кенг ризқ ва барча дардларимга шифо сўрайман”, деб дуо қилар эди”.
“Саҳиҳ”да ривоят қилинишича, Абу Зарри Ғифорий розияллоҳу анҳу ўттиз кун кеча-ю кундуз ҳеч нарса емай фақат замзам суви билан кифояланди. Абу Зарр: “Мен бирон егулигим йўқ, фақат замзам сувидан ичдим-у, семириб кетдим, ҳатто биқинларим бўлак-бўлак бўлиб қолди, жигаримда - ичимда очликдан нишона ҳам йўқ эди”, деганида Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам унга: “Шак-шубҳасиз, замзам суви таъмли таомдир”, дедилар. (Муслим ривояти).
Ибнул-Арабий айтади: “Бу (яъни, нима учун ичилса, ўшанга кор қилиш хусусияти) замзам сувида нияти тоза, қалби пок, уни(нг бу хусусиятини) ёлғон демайдиган ёки уни синаб кўриш учун ичмайдиган киши учун то Қиёмат Кунига қадар боқийдир. Зотан, Оллоҳ Унинг Ўзига таваккул қилгувчилар билан биргадир, синаб кўрмоқчи бўлганларни эса Унинг Ўзи шарманда қилур”.
Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Алий Термизий айтади: “Отам раҳматли менга сўзлаб берган эди: “Бир қоронғу кечада Каъбатуллоҳни тавоф қилиш учун кирган эдим, қаттиқ заҳартанг қилиб қолди. Қанчалик чидашга ҳаракат қилмай, бўлмади, қийналиб кетдим. Масжиддан чиқай десам, ҳаж кунлари бўлгани учун одам жуда кўп эди, биронталарининг оёқларини қоронғуда босиб оламан деб кўрқар эдим. Шунда замзам сувининг шарофати ҳақидаги ҳадис ёдимга тушди-ю, замзамга кириб, ундан тўйиб-тўйиб ичдим ва то тонг отгунича заҳартанглик мени безовта қилмади”.
Ўрганаётганимиз ояти каримадаги “Байти муҳаррам” (бошқа оятларда “Байтул-Ҳаром” шаклида ҳам келади) - уруш-жанжал ҳаром қилинган муҳтарам Уй “деган маънони англатади ва бу иборадан Каъба ҳамда унинг атрофида бино бўлган шаҳар - Маккайи мукаррама тушунилади.
Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Маккани одамлар ҳарам - азиз ва муҳтарам қилганлари йўқ, уни Оллоҳ ҳарам қилиб қўйди”, деб марҳамат қилганлар.
“Саҳиҳи Бухорий”да ривоят қилинган яна бир ҳадисда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта Оллоҳ таоло осмонлар ва Ерни яратган кунида Маккани ҳарам қилгандир”, дедилар.
“Парвардигоро, улар намозни тўкис адо этсинлар, деб, (шу жойда қолдирдим)”.
Ушбу жумла, муфассирлар таъкидлашларича, Маккада ўқилган намоз бошқа жойда ўқилган намозлардан афзал эканлигига далолат қилади.
Бу хусусда муборак ҳадисларда ҳам айтилгандир.
Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Жаноби Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Менинг мана шу масжидимда (Яъни Мадинайи мунавварада) ўқилган бир намоз бошқа масжидларда ўқилган минг намоздан афзалдир, фақат Масжидул-Ҳаромда ўқилган намоз бундан мустасно”, дедилар. Бошқа бир ривоятда “Масжидул-Ҳаромда ўқилган бир намоз Мадинайи мунавварадаги Масжидун-набавийяда ўқилган юз намоздан афзал”, дейилган.
Шунингдек, бу Уй инсонлар учун Ҳидоят манбайи қилиб кўйилди - Ер юзининг қай тарафида бўлмасин, фақат мана шу Уйга юзланиб намоз ўқиган кишиларгина ҳидоят топурлар. Шунинг учун ҳам то Қиёмат қалблар унга ошиқ, Иброҳим алайҳис-салом дуолари баракоти билан Ернинг ҳар тарафидан ҳаж ва умра қилиш ниятида бу Уйни кўзлаб келаётган, унинг атрофида тавоф қилиб тинмай айланаётган инсонлар дарёси иншооллоҳ, то Қиёмат тинмайди.
“Бас, Сен Ўзинг одамлардан (бир қисмининг, яъни, мусулмонларнинг) дилларини уларга мойил қилиб қўйгин ва уларни (жамийки) мевалардан баҳраманд этгил. Шояд шукр қилсалар”.
Ибн Аббос, Мужоҳид, Саид ибн Жубайр розияллоҳу анҳум ва бошқалар айтадилар: “Агар Иброҳим алайҳис-салом одамларнинг дилларини уларга мойил қилгил деганида, Маккага форс, рум, яҳуд, насроний ва бошқа турли туман одамлар тўлиб кетган бўлар эди, лекин у: “одамлардан (бир қисмининг) дилларини уларга мойил қилгил”, деб дуо қилди. Шунинг учун Маккайи Мукаррамага фақат мусулмонлар дунёнинг ҳар томонидан келиб йиғиладиган бўлдилар”. (“Тафсири Мунийр”дан).
Иброҳим алайҳис-салом қилган ушбу дуонинг баракоти билан, Ҳақ таоло у дуони ижобат қилгани шарофатидан Байти муҳаррамга бўлган муҳаббат, унинг зиёратига бўлган сўнмас иштиёқ ҳар бир мўминнинг қалбига маҳкам ўрнашиб қолди. Бу Муқаддас Макон нафақат дунёнинг ҳар тарафидан келган мўмин-мусулмонларнинг тўпланадиган жойига, балки Байтуллоҳ атрофида тўпланган одамларга ризқ-рўз бўлиши учун дунёнинг ҳар тарафидан келган анвойи мева-чеваларнинг ҳам тўпланадиган жойига айланди. Шунинг учун ҳам, бу Муқаддас Маконда гарчи ҳеч қандай мевали дарахт ўсмаса-да, йилнинг хоҳлаган фаслида, бир куннинг ўзида баҳор, ёз ва кузда пишадиган жамийки меваларни янги узилган ҳолда кўриш ва улардан баҳраманд бўлиш мумкиндир. Бу неъматларнинг барчаси одамларга улар Яратганга шукр қилишлари, яъни, зиммаларидаги ибодатларни астойдил адо қилишлари учун ато этилди.
“Ахир Биз уларга тинч осойишта Ҳарамни макон қилиб бермадикми?! Барча нарсанинг мева-ҳосиллари Бизнинг даргоҳимиздан ризқу рўз бўлиб ўша жойга йиғилади-ку! Лекин уларнинг кўплари (буни) билмаслар”. (Қасос сураси, 57-оят).
38. Парвардигоро, албатта Сен бизлар яширадиган нарсани ҳам, ошкор қиладиган нарсани ҳам билурсан. Оллоҳучун на Ердаги ва на осмондаги бирон нарса махфий эмасдир.
Яъни, Иброҳим алайҳис-салом қилаётган дуолари ўртасида яна Ҳақ таолога муножот қилиб гўё шундай деди: “Парвардигоро, албатта, Сенга бизнинг сиртимиз маълум бўлгани каби сирримиз ҳам маълумдир. Бизнинг ҳол-аҳволимизни ҳам, ҳақиқатда нимага муҳтож эканимизни ҳам Ўзинг биздан яхшироқ Билгувчи, бизга ўзимиздан кўра Меҳрибонроқдирсан. Бас, биз сўрамаган тақдирда ҳам биз учун яхшилик бўлган барча нарсаларни ато этгувчи Ўзингсан. Шундоқ бўлса ҳам, бизлар Сенинг қулларинг эканимизни изҳор қилиш учун, Сенинг кечирим-Мағфиратингга ҳамда Раҳмат-Марҳаматингга жуда ҳам муҳтож бўлганимиз ва Сенинг хузурингдаги нарсага етишга шошганимиз учун Ўзингга ёлвориб дуо-илтижо қиламиз”.
Оятнинг иккинчи жумласида Ҳақ субҳонаху ва таоло Ўз элчисининг сўзларини тасдиқлаб деди:
“Оллоҳ учун на Ердаги ва на осмондаги бирон нарса махфий эмасдир”.
Яъни, бутун оламдаги ҳамма нарса ва ҳар бир иш-амал Оллоҳ таолога аёндир. Жумладан У сидқидилдан иймон келтирган кишини ҳам, динсиз кофирни ҳам, тил учида “иймон” келтирган, аммо қалбида мараз бўлган мунофиқни ҳам жуда яхши билур ва ҳар бирининг қилмишига яраша жазо берур.
Маълумки, Қуръони Каримдаги аксари оятларда аввал осмон, кейин Ер зикр қилинади. Аммо бу ояти каримада Ер осмондан аввал келдики, бу тартиб ҳам Каломуллоҳдаги ҳар бир калима ўзига энг муносиб ўринда келишига, бошқача айтганда, Қуръоннинг Мўъжиза эканига яна бир равшан далилдир. Чунки сўз иймон, куфр, нифоқ ҳақида, савоб ва гуноҳ ҳақида борар экан, бундай хилма-хиллик асосан Ер аҳлига хос бўлган сифатлардир. Осмон аҳли - малоикалар эса фақат савоб амаллар қиладиган бегуноҳ мавжудотдир. Шунинг учун Ҳақ таоло бу ўринда аввал Ер аҳлини огоҳлантириб, ҳамма нарсани билиб туришини билдирди.
Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам такрор-такрор таъкидланган:
“Албатта Парвардигорингиз уларнинг диллари яширадиган нарсани ҳам, улар ошкор қиладиган нарсани ҳам билур. Осмон ва заминдаги ҳар бир сир очиқ Китобда (яъни, Лавҳул-Маҳфузда) мавжуддир”. (Намл сураси, 74-75-оятлар).
“(Оллоҳ) кўзларнинг хиёнатини (яъни, қараш ҳаром қилинган нарсага ўғринча кўз ташлашни) ҳам, диллар яширадиган нарсаларни ҳам билур”. (Ғофир сураси, 19-оят).
39. Менга кексалик пайтимда Исмоил ва Исҳоқни ҳадя қилган Зотга - Оллоҳга ҳамду санолар бўлсин. Албатта Парвардигорим дуоларни Эшитгувчидир.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, ояти каримада Исмоил алайҳис-салом Исҳоқ алайҳис-саломдан аввал зикр қилинишига сабаб, Исмоил Исҳоқдан ўн уч йил аввал дунёга келган эди.
Иброҳим алайҳис-салом ўғли Исмоил туғилганида тўқсон тўққиз ёшда эди. Исмоилнинг онаси Ҳожардир. Исҳоқ дунёга келганида эса Иброҳим алайҳис-салом юз ўн икки ёшда эди. Исҳоқнинг онаси Сорадир.
Муфассир уламолар Иброҳим алайҳис-саломнинг кексалик ёшига етиб, фарзанд кўришдан умиди узилган вақтда унга икки ўғил ато этган Оллоҳ таолога шукроналар айтиб, сўнгра “Албатта, Парвардигорим дуоларни Эшитгувчидир”, дейишида унинг илгари Парвардигордан фарзанд ато этишини сўраб дуо қилганига ва У Зот ато этган неъмати янада тансиқ ва аниқ бўлсин учун Иброҳим фарзанд кўриш ёшидан ўтган чоғида у сўраган ана ўша улуғ неъматни ато этганига ишора бордир”, дейдилар. (“Танвийрул-азҳон”тафсири).
Иброҳим алайҳис-саломнинг Оллоҳ таолодан ўз ҳожатларини сўраб дуо қилиш ўрнида У Зотга ҳамду сано айтгани хусусида Фаҳриддин Розий “Тафсийри Кабийр”да айтади: “Банда муҳтож бўлган вақтида Оллоҳ таолога ҳамду сано айтиши дуо қилганидан ҳам афзалдир. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадиси Қудсийда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Ҳақ субҳонаҳу ва таолонинг ушбу Сўзини нақл қилдилар: “Ким Менинг зикрим билан машғул бўлгани сабабли Мендан сўрай олмайдиган бўлса, Мен унга сўрагувчиларга берганимдан ҳам афзалроқ нарсани ато этурман”. (Бухорий ривояти).
40. Парвардигорим, мени намозни тўкис адо этгувчи қилгил, ва авлод-зурриётимдан ҳам (намозхон кишиларни чиқаргин). Парвардигоро, дуоимни қабул айла.
Иброҳим алайҳис-салоту вас-саломнинг Парвардигорга ёлвориб қилган ушбу дуоси ҳақиқатан бу буюк инсон Оллоҳ таолога тинимсиз ҳамду санолар айтгувчи киши бўлганига равшан бир далилдир. Чунки банда Яратганга айтадиган ҳамду саноларнинг энг афзали унинг холис Оллоҳ учун узлуксиз ва беками кўст адо этадиган намозидир. Шунингдек, намоз чин мўминлик белгисидир, нафсларни бузуқлик ва гуноҳлардан тўсиб турадиган энг ишончли воситадир. Шу боисдан ҳам Халилуллоҳ алайҳис-салом: “Роббим, Ўзинг мени намозни энг комил суратда холис ва беками кўст адо этгувчи, уни қазо бўлиб кетишдан муҳофаза этгувчи бандала-рингдан қилгин”, деб дуо қилди ҳамда Яратгандан мана шундай намозхонлик бахтини унинг авлод-зурриётларига ҳам насиб этишини сўради, сўнгра “Парвардигоро, дуойимни қабул айла”, деб илтижо қилди.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: “Ояти каримадаги дуодан мурод, барча ибодатлардир”, дейди ва Нўъмон ибн Башийр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган мана бу ҳадиси шарифни сўзига далил ўлароқ келтиради: Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам: “Дуо - у ибодатдир”, (бошқа бир ривоятда “Дуо ибодатнинг илигидир”,) дедилар, сўнгра ушбу оятни ўқидилар: “(Эй инсонлар), Парвардигорларингиз: “Менга дуо-илтижо қилинглар, Мен сизларга (қилган дуоларингизни) мустажоб қилурман. Албатта Менга ибодат - дуо қилишдан кибр-ҳаво қилган кимсалар яқинда бўйинларини эгган (яъни, хор-зор бўлган) ҳолларида жаҳаннамга кирурлар”, деди. (Ғофир сураси, 60-оят).
41. Парвардигоро, ҳисоб-китоб (яъни, Қиёмат) қойим бўладиган Куни мени, ота-онамни ва (барча) мўминларни мағфират қилгил.
Юқоридаги оятда Иброҳим алайҳис-саломнинг Парвардигордан уни ҳам авлод-зурриётларини ҳам намозни тўкис адо этгувчи, яъни, ҳаётларини Ёлғиз Оллоҳга ибодат билан ўтгазгувчи инсонлардан қилишини сўраб дуо қилгани айтилган бўлса, энди ушбу ояти каримада Ҳақ таолонинг у улуғ элчиси Яратганга ёлвориб, инсонларнинг ҳаёти дунёда қилиб ўтган барча амаллари бирма-бир ҳисоб-китоб қилинадиган Қиёмат Кунида уни, ота-онасини ва дунёдан иймон билан ўтган барча инсонларни мағфират қилишини сўрагани зикр қилинади.
Иброҳим алайҳис-салом аввало ўзининг қилган гуноҳларини кечириб юборишини сўраб Яратганга дуо қилди. Ҳолбуки, Оллоҳ таолонинг элчи-пайғамбарлари маъсум - катта-ю кичик гуноҳлардан пок инсонлардир. Шунинг учун ҳам уламолар бу ўринда сўз гуноҳ ҳақида эмас, балки пайғамбарнинг айрим ишларда йўл қўйган кичик хато ва янглишишлари, масалан, айрим хукмларда бир нечта тўғри ечим бўлса, ўшаларнинг энг афзалини танламагани ҳақида боради, дейдилар.
Кейин у Парвардигордан ота-онасини кечиришини сўради. Ҳасан ра-ҳимаҳуллоҳ айтади: “Иброҳим алайҳис-саломнинг онаси мўмина эди”. (“Тафсири Мунийр”). Аммо отаси Озар бутпараст-мушрик бўлиб, мушрик ҳолида ўлгани маълумдир. Бас, нега Иброҳим алайҳис-салом мушрик отаси ҳаққига дуо қилди? Ахир Оллоҳтаоло мана бу ояти каримада кофирлар ҳаққига дуо қилишдан қайтарганку: “На пайғамбар ва на мўминлар -уларга мушрикларнинг дўзах эгалари эканликлари аниқ маълум бўлганидан кейин, агар у мушриклар ўзларининг қавм-қариндошлари бўлганларида ҳам - улар учун мағфират сўрашлари жоиз эмасдир”. (Тавба сураси, 113-оят).
Биз хаёлимиздан ўтган бу ва яна бошқа саволларга Қуръони Каримнинг бошқа оятларидан ва саҳиҳ ҳадислардан аниқ жавоб оламиз:
Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу айтади: “Қачонки Оллоҳ азза ва жалла Иброҳим алайҳис-салом ҳақида хабар бериб, мана бу оятларни: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), ушбу Китобда Иброҳим (қиссаси)ни зикр қилинг! Дарҳақиқат, у жуда ростгўй пайғамбар эди. Эсланг, у отасига: «Эй ота, нега сен эшитмайдиган, кўрмайдиган ва сенга бирон нарсада асқотмайдиган бутга ибодат қилурсан? Эй ота, дарҳақиқат, менга сенга келмаган илм-маърифат келди. Бас, сен менга эргашгин, сени Ҳақ Йўлга ҳидоят қилурман. Эй ота, сен шайтонга ибодат-қуллик қилмагин! Чунки шайтон Раҳмонга осий бўлгандир. Эй ота, ҳақиқатан, мен (кофир ҳолда яшаб ўтганинг сабабли Охират диёрида) сенга Раҳмон томонидан азоб етиб, (дўзахда) шайтонга дўст-яқин бўлиб қолишингдан қўрқурман», деганида; (Отаси) айтди: «Сен менинг худоларимдан юз ўгирувчимисан, эй Иброҳим?! Қасамки, агар сен (менинг худоларимни сўкишдан) тўхтамасанг, албатта сени тошбўрон қилурман ва (ёки) мени узоқ вақтга (яъни, бутунлай) тарк эт!» (Иброҳим) деди: «Сенга омонлик бўлсин. Энди мен Парвардигоримдан сени мағрифат қилишини сўрарман. Шак-шубҳасиз, У менга Меҳрибон бўлган Зотдир.” (Марям сураси, 41-47-оятлар) оятларини нозил қилганида, мен бир кишининг мушрик ота-онаси учун мағфират сўраб дуо қилаётганини эшитиб қолдим. Мен унга: “Ота-онанг мушрик-ку, нега улар учун мағфират сўраб дуо қилаяпсан?” деган эдим, у: “Ахир Иброҳим алайҳис-салом ҳам ўз отаси учун гарчи у мушрик бўлса-да, мағфират сўрадику?” деди. Мен Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бориб мана шу ҳақда хабар берганимда, Оллоҳ азза ва жалла у зотга: “Сизлар учун Иброҳим ва у билан бирга бўлган кишиларда (уларнинг кофирларга қилган муносабатларида) гўзал намуна бордир. Эслангиз, улар ўз қавмларига: «Дарҳақиқат, бизлар сизлардан ва сизлар Оллоҳни қўйиб ибодат қилаётган бутларингиздан безормиз. Бизлар сизлар (ишониб, ибодат қилаётган бут-санамлар)ни инкор этдик. Токи сизлар Ёлғиз Оллоҳга иймон келтиргунларингизча, сизлар билан бизнинг ўртамизда адоват ва ёмон кўриш зоҳирдир», дедилар. Фақат Иброҳим ўз(ининг кофир бўлган) отасига: «Албатта мен (Оллоҳдан) сен учун мағфират сўрайман, (лекин) сенга Оллоҳ томонидан бўладиган бирон нарсани (азобни қайтаришга) молик эмасман», (деган сўзларигина сизларга намуна бўлмасин)!” оятини нозил қилди. (Термизий ривояти).
“Иброҳимнинг ўз отаси учун мағфират сўраши фақат унга берган ваъдаси сабабли эди. Энди қачонки унга (отаси) Оллоҳнинг душмани эканлиги аниқ маълум бўлгач, ундан бутунлай алоқани узди (яъни, унинг учун мағфират сўрашни тўхтатди). Албатта Иброҳим кўнгилчан ва ҳалимдир”. (Тавба сураси, 114-оят).
Яъни, Иброҳим алайҳис-саломнинг отаси Озар учун мағфират сўрагани мўминлар мушриклар учун мағфират сўрашлари мумкин эканига далил бўлмайди. Чунки у ўртада ваъда бўлгани учунгина ўша ишни қилган эди.
Уламолар ояти каримадаги “унга берган ваъдаси сабабли эди”, жумласини икки хил тафсир қиладилар: Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: “Иброҳимнинг отаси Озар Иброҳим Халилуллоҳ алайҳис-салоту вас-саломга Ёлғиз Оллоҳга иймон келтириб, бутлардан юз ўгириш ҳақида ваъда берган, шунинг учун Иброҳим отаси учун Оллоҳтаолодан мағфират сўраган эди. Бас, қачонки у ваъдасини бажармай, кофирлигича ўлганидан кейин Иброҳим алайҳис-салом унинг Оллоҳ таолонинг душмани эканини билди ва унинг учун мағфират сўрашни бас қилди”, дейди.
Бошқа уламолар эса: “Иброҳим алайҳис-саломнинг ўзи отасининг Исломга киришидан умидвор бўлиб, унга: “Агар Исломни қабул қилсанг, “мен Парвардигоримдан сени мағфират қилишини сўрайман”, (Марям сураси, 47-оят) деб ваъда қилган эди ва мана шу ваъдасига биноан “аҳдига вофодор бўлган Иброҳим” (Ван-нажм сураси, 37-оят) “Отамни ҳам мағфират қилгин”, (Шуаро сураси, 86-оят) деб унингучун мағфират сўраган эди”, дейдилар. (“Тафсири Бағавий”дан).
Қозий Абу Бакр ибн Арабий айтади: “Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам Иброҳим алайҳис-саломнингўз отасига: “Мен Парвардигоримдан сени мағфират қилишини сўрайман”, деган сўзини ушлаб, Иброҳим алайҳис-салом мушрик отаси учун мағфират сўрадику, деб ўзларининг мушрик ҳолда ўлган амакилари Абу Толиб учун мағфират сўрамоқчи бўлганларида Ҳақ таоло Иброҳим алайҳис-саломнинг отаси учун дуо қилиши унинг иймонга келишидан умидвор бўлгани учун эди. Шунинг учун қачонки отаси кофир ҳолда ўлгач, Иброҳим унинг учун мағфират сўрашни бас қилган. Бас, у воқеани далил қилиб кофир ҳолда ўлган Абу Толиб учун мағфират сўраш дуруст эмас, деб хабар берди”.
Ўрганаётганимиз ояти каримада зикр қилинишича, Иброҳим алайҳис-салом қилган дуоси давомида Парвардигордан барча мўминларнинг гуноҳларини кечиришини сўради ва бу билан бизга дуо қилган мўмин гарчи ёлғиз ҳолда дуо қилса ҳам, фақат ўзи учун эмас, балки унинг энг азиз ва меҳрибон инсонлари бўлмиш ота-онаси учун ҳамда дунёдаги барча мўмин-мусулмонлар учун ҳам дуо қилиши суннат эка-нини таълим берди.
Савбон розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадиси шарифда бу хусусда қаттиқ огоҳлантириш бордир: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Бирон қавмга имом бўлган банда дуо қилганида ҳаргиз уларни қўйиб ёлғиз ўзи учун дуо қилмасин. Бас, агар шундай қиладиган бўлса, у ҳолда уларга хиёнат қилибди”, дедилар. (Абу Довуд ва Термизий ривояти).
42. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз ҳаргиз Оллоҳни золим кимсаларнинг қилаётган амалларидан ғофил, деб ўйламанг! Фақат Оллоҳ уларни(нгжазоларини) кўзлар (даҳшатдан) қотиб қоладиган Кунга (яъни, Қиёмат Кунига) қолдирмоқда, холос.
“Тафсири Қуртубий”да ояти карима шундай тафсир қилинади: Ушбу оят Макка мушрикларининг Ҳақ Динга иймон келтирмаётганларидан ҳайрон бўлиб ташвишга тушган Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламга ҳамда у зотга иймон келтирган мўминларга таскин-тасаллий бериш, золим-мушрикларни эса огоҳлантириш учун нозил бўлгандир. Ҳақ таоло гўё шундай дейди: Эй Муҳаммад алайҳис-салом, худди бобонгиз Иброҳим алайҳис-салом ўз замонасидаги бутпараст мушрикларнинг берган озор-азийятларига сабр қилгани каби Сиз ҳам Макка мушриклари етказаётган озор-азийятларга сабр қилинг ва уларнинг устига куфр-зулм йўлини танлаганлари учун Оллоҳ таолонинг балоси тушмаётганидан ҳайрон бўлманг ва Оллоҳ буларнинг қилмишларидан бехабармикан, деган хаёлларга ҳам борманг! Сиз у золим кимсаларга билдириб қўйингки, ҳозир азобга гирифтор бўлмаётганлари асло Оллоҳ уларнинг кирдикорларидан рози бўлгани учун эмасдир, балки Оллоҳ таолонинг осий-золим кимсаларга маълум бир муддат жазоламасдан муҳлат бериб кўйиш Қонуни бордир. Ана ўша муҳлат битадиган ва ҳар бир золим-кофир албатта қилмишига яраша жазосини оладиган Кун Қиёмат Кунидирки, у Кунда бериладиган азобнинг даҳшатидан, у Куннинг ҳайбатидан кофирларнинг кўзлари қотиб қимирлай олмай қолур.
43. (У Кунда) улар бошларини (осмонга) кўтарган ҳолларида (чор-ланган томонга ҳисоб-китоб учун) чопурлар. Кўзлари ўзларига қайтмайди (яъни, қўркувдан қотиб қолиб, ўзларининг қандай ҳолда эканликларини ҳам кўрмайдилар). Уларнинг диллари (даҳшатдан) бўм-бўш бўлиб қолур.
Яъни, золим-кофир кимсалар Қиёмат Кунида қабрларидан шошганларича чиқиб, бошларини осмонга кўтарганларича маҳшаргоҳга қараб чопурлар. Бу даҳшатли ҳолат бошқа оятларда шундай тасвирланади: “У Кунда улар (мушрик-кофирлар) гўё (ўзлари сиғинадиган) бутларга қараб чопишаётгандек шошилган ҳолларида қабрларидан чиқиб келурлар”. (Маориж сураси, 43-оят). “Чорлагувчи (фаришта) томонга шошганларича кетар эканлар, у кофирлар “Бу жуда оғир Кундир”, дерлар!” (Қамар сураси, 8-оят).
“...бошларини осмонга кўтарган ҳолларида...”
Ҳасан раҳимаҳуллоҳ айтади: “Қиёмат Кунида одамларнинг юзлари осмонга қараб қолади, биров бировга қарай олмайди”.
“Кўзлари ўзларига қайтмайди”.
Яъни, у Кундаги даҳшат ва қўрқув шундай қаттиқ бўладики, кофирлар ўзларини йўқотганларидан очган кўзларини қайта юма олмай, бирон марта киприк ҳам қоқмасдан бир томонга тикилганларича қўрқувдан қотиб қоладилар.
“Уларнинг диллари бўм-бўш бўлиб қолур”.
Қатода айтади: “Кофирларнинг қўрққанларидан юраклари қинидан чиқиб, томоқларига тиқилиб қолади, аммо оғизларидан чиқиб кетмайди ва қайтиб жойига ҳам тушмайди, бас, уларнинг кўкраклари бўм-бўш бўлиб қолади”.
Ҳақ таоло ушбу оятларида динсиз кимсаларни огоҳлантириш учун ҳисоб-китоб Куни бўлган Қиёмат даҳшатларини ва у Кунда кофирлар бениҳоя ёмон аҳволга тушиб, шармандайи шармисор бўлишларини баён қилди. Қуйидаги оятларда бу мавзу яна давом этади.
44. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), одамларни огоҳлантиринг: золим кимсалар, уларга азоб келар Кунда (Қиёматда) «Парвардигоро, бизларга озгина муҳлат бергин, (яъни, бизларни дунёга қайтариб, озгина ҳаёт бергин, албатта) Сенинг даъватингни қабул қилурмиз ва (юборган) элчиларингга эргашурмиз», дейдилар. Шунда уларга: «Ахир илгари (яъни, ҳаёт пайтларингизда) ҳеч қачон заволга юз тутмаслигингиз (яъни, ҳеч қачон ўлмаслигингиз ва Охират жазосига дучор бўлмаслигингиз) ҳақида қасам ичган сизлар эмасмидингиз?!” (деб жавоб қилинур).
Ояти каримада Ҳақ таоло Ўз Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга барча одамларни огоҳликка даъват қилишни буюради ҳамда ҳамма огохданиши лозим бўлган бир ибратли манзарани - Қиёмат Кунида золим-кофир кимсалар Оллоҳ таолога ялиниб-ёлвориб қандай нидо қилишлари ва Ҳақтаоло уларга қандай жавоб беришини баён қилади.
Дарҳақиқат, Қуръон оятларини диққат-этибор билан ўқиб-ўргансак, дунёдаги ҳаётларини динсизлик билан ўтказиб кофир ҳолда ўлган кимсалар Қиёмат Кунида, бу Куннинг ҳақ эканини ўз кўзлари билан кўрганларида, қандай қилиб бўлса ҳам бошларига тушиши муқаррар бўлган азобдан қутулиб қолиш илинжида Яратганга бир неча бор ялиниб-ёлвориб нидо қилишлари ва ўшанда Ҳақ субҳонаҳу ва таоло у золим кимсаларга қандай жавоб бериши баён қилинган оятларга дуч келамиз.
Байҳақий Муҳаммад ибн Каъб Қуразий раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилиб деди: “Дўзах эгалари Қиёмат Кунида қиладиган беш дуо-илтижо бордир. Оллоҳ таоло уларнинг қилган тўрт дуоларига жавоб беради. Қачонки улар бешинчи марта дуо қилганларидан кейин қайтиб бирон сўз айта олмайдилар.
Кофирларнинг биринчи дуолари: “Улар дедилар: «Парвардигоро, Сен бизларни икки бор ўлдирдинг ва икки бор тирилтирдинг (яъни, аввал она қорнида ўлик-жонсиз ҳолда яратиб, сўнгра Ўзинг бизларга жон-ҳаёт ато этдинг. Кейин, ажалимиз етганда Ўзинг жонимизни олиб-ўлдириб, Қиёмат Кунида яна тирилтирдинг). Бас, бизлар (ҳаёти дунёда қилиб ўтган барча) гуноҳларимизни эътироф этдик. Энди (бу дўзах азобидан) чиқишнинг бирон йўли борми?” (Ғофир сураси, 11-оят).
Оллоҳ таоло уларга жавоб беради: “(Йўқ, сизлар мана шу азобда мангу қолурсизлар). Бунга сабаб, қачон (сизларни) Ёлғиз Оллоҳгагина (ибодат қилишга) даъват қилинганида, кофир бўлиб - бўйинсунмай, агар У Зотга ширк келтирилса, (яъни, сизларни кимдир турли бут-санамларга сиғинишга чорлаганда) иймон келтиришларингиздир. Бас, барча ҳукм Юксак ва Улуғ Оллоҳникидир”. (Ғофир сураси, 12-оят).
Сўнгра улар дейдилар: “Парвардигоро, (ваъданг рост эканлигини) кўрдик ва эшитдик, бас, бизларни (ҳаётга) қайтаргин, яхши амал қилайлик. Энди бизлар (Қиёмат ҳақ эканлигига) шак-шубҳасиз, ишонгувчидирмиз”. (Сажда сураси, 12-оят).
Шунда Оллоҳ таоло уларга жавоб беради: “Бас, (эй кофирлар), ушбу кунингиздаги учрашувни унутиб қўйганларингиз сабабли (аламли азобни) тотингиз! Дарвоқеъ, Биз ҳам (бугун) сизларни «унутдик». Қилиб ўтган амалларингиз сабабли мангу азобни тотингиз!” (Сажда сураси 14-оят).
Сўнгра улар дейдилар: “Парвардигоро, бизларга озгина муҳлат бергин, (яъни, бизларни дунёга қайтариб, озгина ҳаёт бергин, албатта) Сенинг даъватингни қабул қилурмиз ва элчиларингга эргашурмиз”. (Иброҳим сураси 44-оят).
Бас, Оллоҳ таоло уларга жавоб беради: “Ахир илгари (яъни, ҳаёт пайтларингизда) ҳеч қачон заволга юз тутмаслигингиз (яъни, ҳеч қачон ўлмаслигингиз ва Охират жазосига дучор бўлмаслигингиз) ҳақида қасам ичган сизлар эмасмидингиз?!” (Иброҳим сураси, 44-оят).
Сўнг улар дейдилар: “Парвардигоро, бизларни (бу азобдан) чиқаргин, бизлар қилиб ўтган амалларимиздан бошқа яхши (амалларни) қилурмиз”. (Фотир сураси, 37-оят).
Бас, Оллоҳ таоло уларга жавоб беради: “Ахир Биз сизларга эслатма оладиган киши эслатма олгудек узун умр бермаганмидик?! Сизларга огоҳлантиргувчи (пайғамбар) ҳам келган эди-ку! Бас, энди (азобларингизни) тотаверинглар! Энди золим кимсалар учун бирон ёрдамчи бўлмас!” (Фотир сураси, 37-оят).
Улар яна дейдилар: “Парвардигоро, бадбахтлигимиз бизлардан ғолиб келиб, адашган қавм бўлиб қолган эканмиз. Парвардигоро, бизларни (жаҳаннамдан ҳаёти дунёга) чиқаргин. Бас, агар яна (куфр ва туғёнга) қайтсак, у ҳолда шак-шубҳасиз, (ўз жонимизга) жабр қилгувчидирмиз (яъни, жаҳаннам азобига лойиқдирмиз)”. (Мўминун сураси, 106-107-оятлар).
Бас, Оллоҳтаоло уларга жавоб беради: “(Оллоҳ) айтди: “(Жаҳаннамда) хор бўлингиз ва Менга сўз қотмангиз!” (Мўминун сураси, 108-оят).
Шундан кейин кофирлар бирон сўз айта олмайдилар”. (“Тафсири Куртубий”дан).
45. Ҳолбуки, сизлар (эй Макка мушриклари), ўзларига зулм қилган кимсаларнинг масканларига (улар заволга юз тутганларидан кейин) жойлашган эдингизлар. Уларни қандай (ҳалок) қилганимиз ҳам сизларга аниқ маълум эди. Биз сизлар учун (қанчадан-қанча) мисоллар келтирган эдик (лекин сизлар бу кўрган-билганларингиздан ибрат олмадингизлар, Ҳақ Йўлга юрмадингизлар)».
Яъни, эй Макка мушриклари, сизлар ширк ва исён билан, Оллоҳтаоло юборган элчиларга иймон келтирмаслик билан ўз жонларига жабр қилган Од, Самуд каби қабилалар яшаб ўтган жойларни - Биз уларни ҳалок қилиб юборганимиздан кейин - маскан тутиб ўзларингизча ватан қилдингизлар-у, аммо ўзларингизга “бу жойларнинг аввалги эгалари нима сабабдан ҳалок бўлган эдилар?” деб савол бермадингизлар. Ҳолбуки, Биз уларни қандай ногаҳоний балоларга дучор қилганимиз, қандай кутилмаган азобларга гирифтор қилганимиз сизларга жуда яхши маълум эди. Яна Биз сизларга, эй Макка мушриклари, ибрат олишларингиз учун ва ўз қилмишларингизни уларнинг қилмишларига солиштириб кўришларингиз учун Қуръони Азимда уларнинг қилмишлари ва ўша қилган жиноятлари оқибатида ҳалок қилиб юборилганлари ҳақида қанчадан қанча мисоллар ҳам келтирдик. Лекин сизлар бу келтирилган мисоллардан мутлақо ибрат олмадингизлар - ўз куфру исёнинггиздан қолмадингизлар! Бас, сизлар ҳам куфрда ва ҳалок қилиб юборилишга лойиқликда ўша ҳалок қилиб юборилган кофир қавмлар билан баробардирсизлар!
46. Дарҳақиқат, улар (яъни, Макка мушриклари) бор макр-ҳийлаларини қилдилар. (Лекин) агар уларнинг макрлари сабабли тоғлар емирилиб кетадиган бўлса-да, уларнинг (бу) макр-ҳийлалари Оллоҳ ҳузурида (маълумдир).
Бу оятда мушрикларнинг Муҳаммад алайҳис-саломга қарши қилган ҳийла-найрангларига ва Оллоҳ таоло уларнинг барча уринишларини беҳуда кетказганига ишора қилинмоқда.
Муҳаммад ибн Жарир Табарий ўзининг “Жомиул-баён” китобида ояти каримани шундай тафсир қилади: “Парвардигорга ширк келтириш билан ўз жонларига жабр қилган Макка мушриклари Оллоҳ таолога ва Унинг Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга қарши, у зот даъват қилаётган Ҳақ Динга қарши жуда кўп туҳмат-уйдирмалар ва турли-туман ҳийла-найранглар қилдилар. Ҳолбуки, Оллоҳ таолога уларнинг ширк келтиришлари ҳам, қиладиган барча ҳийла-найранглари ҳам азалдан аниқ маълумдир ва У Зот албатта уларни қилган қилмишлари учун ўзлари лойиқ бўлган ашаддий азобга гирифтор қилур. Албатта, уларни Оллоҳ таолога ширк келтиришлари ва У Зотга қарши турли уйдирма-туҳматлар тўқишлари сабабли тоғлар талқон бўлиб кетмайди, яъни, Ҳақ Динни йўқ қилиб юбора олмайдилар, балки аксинча, бу қилмишлари билан фақат ўзларига зиён қиладилар ва тўқиган ёлгонларининг жабрини фақат ўзлари тортадилар”.
47-48. Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз ҳаргиз Оллоҳни Ўз элчиларига (золим-кофирларни азоблаши ҳақида) берган ваъдасига хилоф қилгувчи, деб ўйламанг! Албатта Оллоҳ Ер бошқа Ерга, осмонлар (ўзга осмонларга) айланиб қоладиган ҳамда (барча одамлар қабрларидан чиқиб) Танҳо Кудратли Оллоҳга рўбарў бўладиган Кунда (Қиёматда) Ғолиб ва Интиқом олгувчидир.
Ушбу оятларда Ҳақ субҳонаҳу ва таоло Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга Ўзининг ҳеч қачон берган ваъдасига хилоф қилмаслигини - албатта золим-кофир кимсаларни ашаддий азобга гирифтор қилажагини ва барча одамлар ҳисоб-китоб қилиниш учун Унга рўбарў бўладиган Қиёмат Кунида албатта Ўзининг дўстлари бўлмиш мўминлар учун душманларидан, яъни, кофирлардан ўч олиши аниқ эканини айтиб, Пайғамбар алайҳис-саломни ва мўминларни ҳотиржам қилади ҳамда Ўзининг Танҳо ва енгилмас Қудрат Соҳиби эканини яна бир бор таъкидлайди. Шунингдек, ояти каримада Қиёмат Кунида содир бўладиган буюк бир ҳодиса ҳақида - Ер бутунлай бошқа Ерга, осмонлар ҳам тамоман ўзга осмонларга айланиб қолиши ҳақида хабар берилади.
Бу ҳақда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларида ва у зотнинг асҳобларидан нақл қилинган хабарларда ҳам айтилгандир.
Муслим, Термизий, Ибн Можжа ва бошқалар ривоят қилган ҳадиси шарифда Оиша розияллоҳу анҳо айтди: “Мен: “Ё Расулуллоҳ, Ер бошқа Ерга, осмонлар ўзга осмонларга айланиб қоладиган Кунда одамлар қаерда бўладилар?” деб сўраган эдим, у зот: “Сен илгари ҳеч ким сўрамаган нарса ҳақида сўрадинг, У Кунда одамлар Сирот кўприги устида турадилар”, деб жавоб бердилар”.
Бухорий ва Муслим Саҳл ибн Саъд Соидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилдилар; Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Одамлар Қиёмат Кунида худди оппоқ думалоқ нонга ўхшаб қолган оппоқ Ер устида тўпланадилар. У Ерда бирон кимсадан қолган бино, экин-зор ёки уй-жой каби аломатлар бўлмайди”.
Абу Ҳурайра розияллоху анхудан ривоят қилинди: Пайғамбар соллол-лоҳу алайҳи в саллам дедилар: “Қиёмат Кунида Ер бошқа Ерга айланиб қолади. У худди Укоз бозорида терини тортганлари каби бўйига ҳам, энига ҳам шундай тортилиб текисланадики, унда баланд-пастлик ёки ўйдим-чуқурни кўрмайсан”. (Бсшҳақий ривояти).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ушбу оят ҳақида сўзлаб, деди: “Ер, унда бирон марта қон тўкилмаган, унинг устида бирон гуноҳ қилинмаган оппоқ кумушдек бир Ерга айланиб қолади”. (Ибн Жарир, Ибн Мунзир ва бошҳалар ривояти).
Алий ибн Абу Толиб розияллоху анху: “Ер кумушдай бўлган Ерга, осмон эса олтиндан бўлган осмонга айланиб қолади”, деди. (Ибн Абу Дунё, Ибн Жарир ва бошқалар ривояти).
49. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), у Кунда жиноятчи кимсаларни кишанларда, бир-бирларига боғланган ҳолларида кўрурсиз.
Юқоридаги оятда Ҳақ таоло Ўзининг Қаҳҳор - енгилмас Қудрат Соҳиби эканини таъкидлаганидан сўнг энди ушбу ва қуйидаги оятларда Қиёмат Куни Унинг Қудрати олдида ҳаётларини куфру исён билан ўтказган жиноятчи кимсалар нақадар хор бўлишларини тасвирлаб гўё шундай дейди: “Эй Муҳаммад алайҳис-салом, ўша Куни Сиз у жиноятчиларни ўзларига ўхшаган ҳамтовоқлари билан бирга кишанланган ҳолларида энг мудҳиш азоб билан азобланаётганларини кўрурсиз”.
Кофирларнинг Қиёмат Кунидаги бу шармандали ҳолатлари ҳақида яна бошқа оятларда ҳам хабар берилган: “(Эй фаришталар, сизлар) золим-кофир бўлган кимсалар ва уларнинг ҳамтовоқларини ҳамда улар Оллоҳни қўйиб ибодат қилиб ўтган нарсаларини тўплаб, дўзах йўлига бошланглар”. (Вас-соффот сураси, 22-23-оятлар).
“Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салом), Парвардигорингизга қасамки, албатта Биз уларни (йўлдан оздирган) шайтонлари билан бирга тўплармиз, сўнгра (барчаларини) жаҳаннам атрофида тиз чўккан ҳолларида ҳозир қилурмиз.” (Марям сураси, 68-оят).
50. Уларнинг “кийим-бошлари” қора мойдан бўлиб, юзларини олов ўраб олур.
Ҳақ таоло дўзах азобига гирифтор қилган жиноятчи кимсаларнинг у жойда киядиган “кийимлари” қора мой бўлади, яъни, уларнинг яланғоч баданларига асил ёнилғи бўлган қора мойдан шундай суртиладики, ўша қора мой уларнинг кийим-бошларига айланади. Натижада дўзахилар қоп-қора, ниҳоят даражада бад бўй ва даҳшатли суратга кирадилар ва ҳали дўзах ўтида ёнмасларидан бурун бутун аъзойи баданларини қора мой куйдириб-ачиштирганига тоқат қила олмасдан дод-фарёд қилар эканлар, шу онда юзларидан бошлаб бутун баданларини жаҳаннам олови ўраб олади.
Ояти каримада олов дўзахиларнинг юзларини ўраб олиши зикр қилинишига сабаб, муфассирларнинг айтишларича, юз бадандаги энг азиз аъзо бўлгани, қолаверса, улар ҳаёти дунёда юзларини Ҳақ Йўлдан буриб, ботил йўлларга юзланиб яшаганларидир.
Мана бу ояти каримада у мудҳиш манзара янада равшанроқ баён қилинди: “Ахир Қиёмат Кунида ёмон азобдан ўз юзи билан сақланадиган кимса (у Кундаги ҳар қандай азобдан тинч-хотиржам киши билан баробар бўлурми)?! (У Кунда) золим-кофирларга «Ўзларингиз касб қилиб ўтган нарсани (яъни, динсизлик мевасини) тотиб кўринглар!» дейилди”. (Зумар сураси, 24-оят).
“Қиёмат Кунида ёмон азобдан ўз юзи билан сақланадиган кимса” дейилганида қўллари кишанбанд бўлгани сабабли у қўллар билан юзларини дўзах ўтидан тўсишга қодир бўлмайдиган ва оқибат-натижада у оловда аввал юзлари куядиган кимсалар тушунилади.
Бу ҳақда яна бошқа оятларда ҳам айтилади:
“Улар юзтубан ҳолларида дўзахга судраладиган Кунда (уларга): “Дўзах азобини тотиб кўринглар!” (дейилур)”. (Қамар сураси, 48-оят).
“Уларнинг юзларини ўт куйдириб, бадбашара бўлиб қолгувчидирлар”. (Мўминун сураси, 104-оят).
51. Оллоҳ ҳар бир жонга қилган ишига яраша жазо бериш учун (мана шундай қайта тирилтирур). Албатта Оллоҳ жуда тез ҳисоб-китоб қилгувчи Зотдир.
Демак, Оллоҳ таоло инсонларни яхши баҳосини, ёмон жазосини олиши учун - адолат қарор топиши учун Охиратда қайта тирилтирар экан.
“Осмонлардаги ва Ердаги бор нарсалар Ёлғиз Оллоҳникидир. У Зотнинг Ўзи ёмонлик-гуноҳ қилиб ўтган кимсаларни қилган амаллари билан жазолагай ва чиройли амал қилган зотларни гўзал (савоб-жаннат) билан мукофотлагай!” (Ван-нажм сураси, 31-оят).
Бас, маълум бўладики, ҳаёти дунёда қилинган бирон иш Охиратда мукофот ёки жазосиз қолмас. У Кундаги ҳисоб-китоб ҳақида бошқа оятларда ҳам такрор-такрор хабар берилади:
“Биз Қиёмат Куни учун адолатли мезон-тарозилар қўюрмиз, бас, бирон жонга заррача зулм қилинмас. Агар хардал (ўсимлигининг) уруғидек (яъни, заррачалик яхши ёки ёмон амал қилинган) бўлса, ўшани-да келтирурмиз! Биз Ўзимиз етарли ҳисоб-китоб қилгувчидирмиз.” (Анбиё сураси, 47-оят). “Ўша Кунда одамлар, уларга (қилиб ўтган) амаллари(нинг жазо ёки мукофотлари) кўрсатилиши учун тўда-тўда бўлиб чиқиб келурлар! Бас, ким (ҳаёти дунёдалик пайтида) зарра мисқоличалик яхшилик қилса, (Қиёмат Кунида) ўшани кўрур. Ким зарра мисқоличалик ёмонлик қилса уни ҳам кўрур!” (Залзала сураси, 6-8-оятлар).
Марҳаматли Парвардигоримиз Қиёмат Кунида яхши кишиларни, яъни, ҳаётларини иймон ва солиҳ амаллар билан ўтказган мўмин бандаларини мукофотлашда фақат уларнинг қилган яхши амалларига яраша эмас, балки Ўз томонидан яна неча баробар зиёда мукофотлар ҳам ато этишга ваъда беради: “Албатта Оллоҳнинг Китобини (Қуръонни) тиловат қиладиган, намозни тўкис адо этадиган ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ-эҳсон қиладиган зотлар ҳаргиз касод бўлмайдиган олди-сотдидан (яъни, улардан яхши амал ва инфоқ-эҳсон, Оллоҳдан ажр-мукофот бўлишидан) умидвордирлар, зеро, (Оллоҳ) уларнинг ажрларини комил қилиб берур ва Ўз Фазлу-Карамидан уларга яна зиёда (мукофотлар) ҳам берур. Албатта У Мағфиратли ва ўта Шукр қилгувчидир (яъни, озгина яхши амал учун кўп мукофот ато қилгувчидир)”. (Фотир сураси, 29-30-оятлар).
Аммо кофирларга эса, куфр-исёнларига яраша энг адолатли жазо берилади. Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам хабар берилган: “Мана бу қайноқ сув ва йирингдир! Бас, улар ўшани тотиб кўрсинлар! Бошқа (азоб-уқубатлар) ҳам ўша тур, ўша шаклда бўлур!” (Сод сураси, 57-58-оятлар). “Жиноятчи-осий кимсалар ёлғон дейдиган жаҳаннам мана шудир! Улар ўша (жаҳаннам) билан ўта қайноқ сув ўртасида айланаверурлар!” (Раҳмон сураси, 43-44-оятлар).
Яъни, ҳаёти дунёдан куфру исён билан ўтган кимсалар Охиратда дў-зах ўтида куяр эканлар, дўзах ходимлари бўлмиш фаришталардан бирон қултум сув беришни сўрарлар. Шунда уларга қайноқ сув берилиб, яна дўзахга отилурлар ва бу ҳол абадул-абад давом этур.
“Албатта Оллоҳ жуда тез ҳисоб-китоб қилгувчи Зотдир”.
Яъни, У Зотни ҳисоб-китоб чоғида биров бошқа бировдан чалғита олмас ва барча бандаларни жуда тез, ҳадиси шарифда айтилганидек, дунё кунларидан ярим кун ўтгунича ҳисоб-китобларини олиб, Ўз Илоҳий Адолати билан яхшининг баҳосини, ёмоннинг жазосини берур. Чуни У Зотга ҳеч нарса махфий эмасдир ва жамийки махлуқотнинг ҳисоб-китоби Унинг Қудрати олдида худди бир кишининг ҳисоб-китоби каби осондир. Бу ҳақда мана бу ояти каримада айтилгандир: “(Эй инсонлар), сизларни (барчангизни аввал бошда) яратиш ҳам, (Қиёмат Кунида) қайта тирилтириш ҳам худди бир жонни (яратиш ва қайта тирилтиришнинг) ўзгинасидир (яъни, шу қадар осондир). Зеро, Оллоҳ Эшитгувчи, Кўргувчидир”. (Лукуион сураси, 28-оят).
52. Ушбу (Қуръон) одамлар учун - токи улар огоҳлантирилишлари ва (Оллоҳ) Ягона Илоҳ эканини билишлари ҳамда ақл эгалари эслатма-ибрат олишлари учун (Оллоҳ тарафидан нозил қилинган) Баёнот - Билдиришдир.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Ўзининг Каломи бўлмиш Қуръони Азимни “Балоғ” деб атадики, бу сўзнинг маъноси етказиш, билдириш деганидир. Яъни, ушбу беназир Китоб орқали Парвардигоримиз биз инсонларга токи огоҳ бўлишимиз, билишимиз ва эслатма-ибрат олишимиз учун Ўзининг хукмларини, хабарларини ва панд-насиҳатларини билдирди - етказди. Демак, биз ушбу Илоҳий Билдиришни ўқиб-ўрганиб, Охират диёрида осий-кофирлар учун мангу азоб борлигидан огоҳ бўлишимиз, Роббимизнинг танҳо Маъбуди Барҳақ эканини аниқ билиб, Ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилишимиз ва Қуръон оятлари қатидаги Илоҳий панд-насиҳатлардан ибрат-эслатмалар олиб, Оллоҳ таоло буюрган ишларни қилишимиз ва У қайтарган ишлардан қайтишимиз зиммамиздаги бандалик вазифамиздир.
Агар эътибор қилсак, ушбу сурайи кариманинг илк ояти билан сўнгги ояти бир бири билан узвий боғланганини кўрамиз.
Аввалги оятда Ҳақ таоло Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиб: “Алиф, Лом, Ро. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом, бу Қуръон) Сиз одамларни Парвардигорларининг Изни-Иродаси билан зулматлардан нурга - Қудрат ва ҳамду сано Эгаси бўлган Зотнинг Йўлига - олиб чиқишингиз учун Биз Сизга нозил қилган Китобдир”, (Иброҳим сураси, 1-оят) деган бўлса, ушбу сўнгги оятда ўша зулматлардан нурга чиқишнинг йўли Оллоҳтаолонинг оятларидан огоҳ бўлиш, Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилиш ва Яратганнинг панд-насиҳатларидан эслатма олиб, Қуръон чизиб берган андозада ҳаёт кечириш эканини айтади ва бундай буюк бахт фақат ҳақиқий ақл эгалари бўлган инсонларгагина насиб этишини таъкидлайди.
Ушбу сўнгги ояти карима инсон учун берилган энг улуғ неъмат, энг буюк фазилат ақл неъмати эканига далолат қилади. Чунки ояти карима мазмунидан маълум бўладики, Оллоҳ таоло нозил қилган оятлардан фақат ақл эгалари эслатма-ибрат оладилар ва Оллоҳ таолонинг элчиларига фақат ақл эгалари эргашадилар.
Ҳақ таоло барчамизга ана шундай ақл эгаларидан бўлиш бахтини насиб этсин!
Алҳамдулиллоҳ, Оллоҳ таолонинг Мадади билан Иброҳим сурасининг тафсири ўз ниҳоясига етди.