Ўзаро алоқалар, танқид ва чекланган санкциялар Кремлда Ғарбнинг заиф эканлиги ва унинг ҳаракатларини олдиндан айтиб бериш мумкинлиги ҳақида тасаввурларни кучайтиради. Россия неоимпериализмини тўхтатиш учун Россиянинг таназзулга юз тутишига хизмат қиладиган ва унинг парчаланиб кетиши халқаро оқибатларини бартараф қилишга имкон берадиган янги стратегия керак.
Россия кучли бўлиб кўринган даражадан заифроқ, Ғарб эса тасвирланганидан кучлироқ. Тез орада унинг ҳукмронлиги учинчи ўн йиллиги бошланадиган Путин режими остида бу мамлакат шаклланаётган демократиядан беқарор авторитаризмга ўтишни амалга оширди.
Гарчи глобал рақобатбардош даражасига чиқиш учун ўз иқтисодиётини модернизация қила олмаган бўлсада, Кремль ёлғон хабарлар тарқатиш борасида катта муваффақиятларга эришиб, Россияни ҳар жабҳада АҚШдан ортди қолмайдиган, кучайиб бораётган давлат сифатида намойиш этиб келмоқда.
Ҳақиқатда эса Россия таназзул ҳолатида турибди ва ички ожизлигини ташқи ҳужумкор ҳаракатлар билан ниқоблашга уринмоқда. Россия иқтисодиёти турғунлик ҳолатида. Жаҳон банкининг 2017 йил учун берган маълумотларига кўра, аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМ бўйича у дунёда 62-ўринда турибди.
Ҳаттоки мудофаа бюджети ҳам қисқариб, АҚШ бюджетининг 10 фоизига зўрға етади. Энергетика ресурслари нархининг пастлиги, инфратузилманинг заволи, коррупциянинг ҳамма жойга кириб борганлиги ва ғарбнинг молиявий санкциялари туфайли давлат даромадлари қисқармоқда, турмуш даражаси пасаймоқда, жамиятдаги низолар кучаймоқда, минтақалардаги норозиликлар эса ўсиб бормоқда.
Россиянинг парчаланишига яқинлиги ҳақида мулоҳаза юритиш учун фақат иқтисодий кўрсаткичларнинг ўзи етарли эмас, бироқ ижтимоий, этник ва минтақавий босим ортиб бораётгани шуни кўрсатадики, бу мамлакатнинг парчаланишига олиб келади.
Россия этник ва фуқаролик идентификациясига эга мамлакатга айлана олмади. Чор Россияси ва советлар мероси туфайли у империяча структура бўлиб қолавермоқда.
Улкан мамлакат бўлган Россия Федерацияси 85 «субъект»дан иборат бўлиб, шундан 22 таси рус бўлмаган миллатлар яшайдиган республикалар ҳисобланади. Улар Шимолий Кавказ ва Поволжьеда жойлашган. Бундан ташқари, Москвадан тобора узоқлашиб бораётган, ўзига хос бир хилликка эга бўлган кўп сонли минтақалар мавжуд.
Минтақалар интилишлари томон юриб, нормарказлашув йўлини танлаш ўрнига, Кремль уларнинг мустақиллигини заифлаштирмоқда. «Русификация»ни илгари суришга қаратилган тил тўғрисидаги янги қонун, шунингдек, бир қатор минтақаларни бирлаштириш ва тугатиш бўйича режалар шундан далолат беради.
Бутун мамлакат бўйлаб босим кучаймоқда. Кремль томонидан тайинланган маҳаллий губернаторлардан ва Москванинг минтақавий ресурсларни ўзлаштириб олишидан норозилик кучймоқда. Аслида, жуда катта миқдордаги фойдали қазилмаларга эга бўлган Узоқ Шарқдаги Магадан вилояти ва Саха каби минтақалар, агар Москва уларни эксплуатация қилишни тўхтатса, бемалол муваффақиятли давлатларга айланиши мумкин.
Янги давлатлар, федерал бюджети сезиларли даражада қисқарган Москвадан мустақил бўлган қўшни давлатлар билан иқтисодий ва сиёсий алоқалар яқинроқ эканлигидан ютади. Инфратузилманинг ёмонлашуви Сибир ва Россиянинг Узоқ Шарқдаги аҳолиси марказдан янада кўпроқ ажралиб чиқишига олиб келади, бу эса ажралиб чиқиш ва суверенитет ҳақида талаблар кучайишига олиб келади.
Россия муаммоларини ҳисобга олиб, Ғарбнинг қатъиятли ёндашуви ҳимоя реакциясидан кўра самаралироқ бўлади. Вашингтон Совет Иттифоқи парчаланиб кетиши пайтидаги асосий тамойилларга қайтиши керак. Бунинг учун у демократия, плюрализм, озчилик ҳуқуқлари, ҳақиқий федерализм, номарказлашув ҳамда Россиянинг турли минтақалари ва этник гуруҳлар ўз тақдирини ўзи белгилашини қўллаб-қувватлаши керак.
Москва Ғарб мамлакатлари, Европа Иттифоқи ва НАТО орасига ихтилоф солишга интилиб, Европада миллатчи ва сепаратчи партияларни қўллаб-қувватлаётган бир пайтда Вашингтон Россия Федерациясида ҳудудий ва этник ўз тақдирини белгилашни қўллаб-қувватлаши керак. Бу Москванинг бузғунчилик ҳаракатларига Ғарбнинг тегишлича жавоб беришга қодир эканини кўрсатувчи кучли сигнал беради.
Бўлиниш фойдасига хизмат қилдиган далилларни мантиқан асослаб бериш керак. Омон қолиш учун Россия федерал демократияга ва кучли иқтисодиётга муҳтож. Яқин келажакда демократия кузатилмаётгани, иқтисодий шароитлар эса ёмонлашаётгани сабабли федерал структура тобора бошқарилмайдиган бўлиб қолади.
Бўлиниш жараёнини бошқариш ва давлатлар чегараларидан ўтадиган низолар эҳтимолини пасайтириш учун Ғарб Россиянинг турли минтақалари билан алоқа ўрнатиши, уларнинг тинч йўл билан давлатчиликка ўтишини қўллаб-қувватлаши керак.
Россияни қисмларга бўлиниши билан боғлиқ хавф-хатарлар ва қулай имкониятларни кутган ҳолда НАТО томонидан кутилмаган ҳолатларга ва фавқулодда ҳолатларга тайёргарлик кўриш керак.
Хусусан, Москванинг Европалик қўшнилари беқарорлик сценарийларидан ҳимояланиш ва шу билан бир пайтда Россия ўрнида пайдо бўладиган янги давлатлар билан ўзаро алоқаларга тайёрланиш учун етарли даражада хавфсизликни таъминлашлари лозим.
Айрим минтақалар Финляндия, Украина, Хитой ва Япония каби мамлакатларига қўшиб олиниши мумкин, чунки Москва ўтмишда бу мамлакатлар бир қисмини куч билан тортиб олган. Шимолий Кавказ, Поволжье, Сибирь ва Узоқ Шарқ республикалари Хитой, Япония, АҚШ ва Европа билан муносабатларни йўлга қўйган ҳолда тўлиқ мустақил давлатларга айланиши мумкин.
Россиянинг парчаланишига эътиборсизлик Ғарб учун бундай парчаланишнинг халқаро оқибатларини бартараф қилишга тайёрланишдан кўра кўпроқ зарар етказиши мумкин. Кескин геосиёсий тўнтаришлар ва ҳарбий тўқнашувларга йўл қўймаслик учун Вашингтон янги тузилмалар билан алоқаларни ўрнатган ҳолда тинч йўл билан бўлинишни назорат қилиши ва рағбатлантириши лозим.
Совет Иттифоқининг кутилмаганда парчаланиб кетиши Кремлнинг ёлғон хабар тарқатиш бўйича кампанияларидан қатъий назар, Ғарбнинг беқарор статус-кво вазиятни сақлаб қолиш бўйича узоқни кўра олмайдиган ҳаракатларидан қатъи назар, бу кенг кўламдаги ўзгаришлар рўй беришидан сабоқ бериши лозим.
Абу Муслим таржимаси