loader
Foto

Қутлуғ-хотин – ҳаж зиёратини амалга оширган мўғул маликаси

Энг муҳим ўзгаришлардан бири илхонийлар аста-секин Исломни қабул қилганлиги, бу эса умумий эътиқодга эга бўлган иккита рақобатчи империя ўртасидаги муносабатларнинг юмшатилишига олиб келди, деб ёзади Ҳассам Мунир.

Кутилганидек, бу жараён жуда оғир эди – пировардида Ҳалаб битимига (1323) олиб келган кўплаб омиллар мавжуд эди. Улардан бири, динга янги қабул қилинган мўғулларнинг ҳажга бориши, имкони бўлган мусулмонлар ҳаётида камида бир марта бажариши зарур бўлган ҳаж зиёрати эди. Бағдод 1258 йил вайрон қилинганлиги сабабли мунтазам равишда Бағдоддан Ҳижозга йўл оладиган карвонлар ҳам тўхтатиб қўйилганди. Ироқ ва Эрондан келган зиёратчилар мамлуклар назоратидаги Сурияга бориб, Сурия карвонига қўшилдилар. Албатта, Ҳижознинг ўзи ҳам мамлуклар томонидан назорат қилинарди. Мамлуклар мусулмон мўғулларнинг ҳаж қилишларига ҳеч қачон тўсқинлик қилмасалар ҳам, икки империя орасидаги зиддиятлар сезилиб турарди. Вазият 1323 йилга келиб ўзгарди.

Янги имкониятдан фойдаланган дастлабки илхонийларидан бири Абага хоннинг (1265-82) қизи ва Чингизхоннинг авлоди бўлган мўғул маликаси Қутлуғ-Хотун эди. Ўша даврнинг тарихчиси Ал-Сафдий уни "художўй, ҳурматли, худодан қўрқадиган, тақводор аёл" деб таърифлайди. Унинг отаси Абага ҳам, унинг укаси Аргун (1284-1291) ҳам ашаддий буддавийлардан эди, лекин унинг ўзи Исломга яқин эди. Лекин шунга қарамай, у ҳам мўғул урф-одатларига қатъий риоя қилди. Ал-Сафдийнинг сўзларига кўра, бу кўчманчи аёл "ўткир ақл соҳибаси, жасур, отда юриш борасида катта тажрибага эга" бўлган. У мўғуллар орасида катта ҳурматга эга эди. Унинг характери кучи эри Уроб Тининг ўлими учун қасос олиш ҳақидаги ҳикояда энг аниқ намоён бўлади.

1323 йилда, Ҳалаб битими имзоланган йили Қутлуғ ҳажга кетди. Кўп йиллар мобайнида у мамлуклар билан тинчлик ўрнатишга интилган Илхонийлар давлатида катта таъсир кучига эга бўлан мўғуллардан иборат бўлган "тинчлик партияси" нинг бир қисми бўган. У узоқ вақтдан бери кутилган тинчликка эришилгач, унинг ҳажга боришга бўлган истаги унинг "тинчлик партияси" га алоқадорлиги асосий сабабидир. Буюк аждоди Чингизхон биринчи бор Марказий Осиёдаги мусулмон ҳудудларини босиб олиб, дунё ҳукмронлигига интилишни бошлаганидан сўнг бир аср ўтгач, унинг авлодидан бўлган бир вакил муқаддас зиёратга қарор қилди.

У Дамашққа муқаддас Рамазон ойида кўп сонли хизматкорлар қуршовида келди. Уни мамлуклар ҳокими шахсан кутиб олди, чунки унга нисбатан ҳурмат ва эҳтироми баланд эди. Катта муфассир олим Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ ўша пайтда ёш талаба бўлган ва Дамашқда яшаган. У Аблак саройи малика учун турар жой вазифасини ўтагани ва барча харажатлар мамлуклар томонидан тўланганини эслайди. Қутлуғ 50 ёшдан сал ошганди.

Унинг Дамашқдан Макка томон сафари ўша даврдаги зиёратчилар учун ҳақиқий томоша бўлган. Айниқса, сафар давомида чўлда анъанавий мўғулча халқа овида қатнашиши эсда қолди. Бу отлиқлар маълум бир ҳудудни ўраб олганда, кейин аста-секин барча томонлардан илвасинга яқинлашиб келадиган ов турларидан бири. Қутлуғ ҳайратланарли эҳтирос ва қобилият билан ов қилиб, бу ҳаж вақтида нисбатан камтар бўлган аббосийлар ёки мамлук ҳукмдор уйларининг аёлларнинг хатти-ҳаракатларидан кескин фарқ қиларди. У узоқ масофаларда отга миниб юрарди, бу унинг учун туяга қараганда анча қулайроқ эди.

Ов маликанинг келиб чиқиши мўғуллардан эканлигини кўрсатганидан кейин, Қутлуғ яқинда топган исломий ҳаётга шўнғиб кетди. У тарих давомида барча бой мусулмон аёллар билан бир хил иш тутди: Қутлуғ сафар пайтида катта миқдорда садақа қилди, фақат Макка ва Мадина шаҳарларига 30 минг динорни хайр-эҳсон қилди. Бундан ташқари, зиёрат вақтида кўпинча унинг номидан иш юритадиган Мамлук султонининг қариндош-уруғларидан фарқли ўлароқ, жуда мустақил эди.

Қутлуғнинг ҳаж сафари ва ҳаёти ҳақида жуда кам нарса маълум. Олим Ибн Хожар Асқаланий уни «мусулмонларга яхши маслаҳатлар берган яхши муслима» сифатида таърифлайди. Тарихчи Ас-Сафадий томонидан ёзилган Қутлуғ-хотиннинг таржимаи ҳоли мусулмонлар уммати ичида ўсиб бораётган маданият хилма-хиллигига мисол бўла олади.

Айнан Қутлуғ хотиннинг бобоси, Хулагу хон аббосийлар халифалигини йўқ қилганлиги ва кўп жиҳатдан ислом тамаддунининг олтин асрига якун ясаганлиги унинг таржимаи ҳолига алоҳида мазмун бахш этади.

Абу Муслим (Интернетдан олинган манбалар асосида)