Coalition Avenir Québec («Квебек келажаги учун коалиция») ҳукумати 21-рақамли янги қонун лойиҳасини таклиф қилди, ушбу қонун жамоат хизматчиларига мусулмонлар ҳижоби, яҳудийлар кипаси ёки сикҳлар салласи каби «диний рамзлар» кийишни тақиқлайди.
«Давлат лаицизмини ҳурмат қиладиган ҳужжат» деб номланган қонун лойиҳасининг эълон қилинган мақсади шундан иборатки, диний бетарафликни «Квебек миллатлари жамоавий ҳуқуқлари ҳамда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари ўртасида мувозанатни таъминлаш» учун жавоб берадиган тарзда тасдиқлаш лозим.
Тақиқ бошқалар қаторида, Квебек прокурорлари, судьялари ва ўқотар қурол олиб юриш ҳуқуқига эга бўлган ҳар қандай давлат хизматчиларига, шунингдек, мактаб директорлари ва ўқитувчиларига нисбатан амал қилади.
Фуқаролар жамоат хизмати олиш истагида бўлса, идентификация ёки хавфсизлик мақсадида, жумладан, талабалар учун имтиёзли чипта орқали шаҳар транспортида юриш учун ўз юзини очиб кўрсатишини талаб қиладиган қоида алоҳида ёдга олиб ўтилади. Тушунарлики, бу чора ниқоб ва буркага қарши қаратилган.
Ҳуқуқ ҳимоячилари ва диний озчиликлар манфаатларини ифодалайдиган ташкилотлар танқиди олдида қонун лойиҳаси маълум қиладики, қонун Канада ҳуқуқ ва эркинликлар хартияси ва провинциал инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари хартиясига «қарамасдан» кучга эга бўлади.
Бу ерда изоҳ бериб ўтиш керак. Гап шундаки, федерал ва Квебек хартиялари дин ва виждон эркинлигини, шунингдек, тенг ҳуқуқлиликни ҳимоя қилади. Ҳамма мутлақо тушуниб турибдики, секуляризм ҳақида қонун дин эркинлигини бузади. Лекин бу хартиялар шунингдек, ҳукуматларга бу ҳуқуқларни бекор қиладиган қонунлар, чунончи, notwithstanding clause («қарамасдан параграфи») қабул қилиш имконини берадиган қоидаларни ўз ичига олади.
Квебек 100 мартадан ортиқ «қарамасдан параграфи»ни қўллаган бўлиб, мана энди ундан яна бир марта фойдаланмоқчи.
Пайшанба куни, журналистлар олдида сўзга чиқар экан, Канада бош вазири Джастин Трюдо қонун лойиҳаси дискриминация учун эшиклар очиб беришини айтди.
«Ўйлайманки, кўплаб квебекликлар яқин соатлар ва кунлар давомида сўрайдиган асосий нарсалардан бири таклиф қилинаётган ушбу қонун қандай ишлаши ҳақида бўлади», - деди у.
«Тўғрисини айтганда, мен кўпчилик квебекликларда бу борада жиддий саволлар юзага келишдан умид қиламан, чунки квебекликлар, барча канадаликлар каби, эркин ва адолатли жамиятда яшаётганлигидан фахрланади ва мен ўйлайманки, кўпчилик эркин жамиятда биз фуқароларимизни диний белгилар бўйича дискриминация қилинишини қонунлаштиришимиз лозим деб ҳисоблайди».
Бироқ Квебек бош вазири Франсуа Легонинг айтишича, янги қонун кўрсатилган лавозимларда ишлаётган шахслар учун алоҳида ҳуқуқ тақдим этган ҳолда «муроса»ни ўз ичига олади. Ҳукумат шунингдек, қонун лойиҳаси қабул қилингандан сўнг провинция қонун чиқарувчи органидан чормихга солинган Исо сурати солинган бутни (крест) олиб ташлаш ҳақида ҳам таклиф киритган, демак, бу қонун насронийларга нисбатан ҳам амал қилади. Миллий йиғилиш спикери креслоси ортидаги крест 1936 йилдан бери мавжуд бўлиб, ҳукумат ўтган йилнинг октябрида бу провинция меросининг муҳим қисми ҳисобланиши сабабли унинг олиб ташланмаслигини маълум қилганди.
Макгилл университети юридик мактаби декани Роберт Леккининг айтишича, Лего «муроса»си жуда чекланган. Ҳозирги ўқитувчилар қонун лойиҳасига кўра ўз рамзларини (тўғрироғи, диний рамз деб аталган нарсаларни) «улар ушбу мактаб доирасида аввалги функцияларни бажарадиган вақт мобайнидагина сақлаши мумкин».
Леккининг айтишича, бу «ёқимсиз даражада чекланиш. Сиз бошқа лавозимга ёки мактабга ўтишингиз ва шу билан бир вақтда диний рамзларни сақлаб қолишингиз мумкин эмас». Бундан ташқари, унинг сўзларига қараганда, қонун лойиҳаси қамраб олган одамлар дастлаб кўзда тутилган даражадан анча юқори.
Шу билан бир пайтда, Лекки бу қарор устидан судга бериш усулини кўрмаётганлигини айтган. Расмий нуқтаи назардан, Квебек ҳукумати «қармасдан параграфи»дан фойдаланиши мумкин ва бунга қарши чиқиш қийин.
21-рақамли қонун лойиҳаси ўнг-марказчи миллатчи Квебек келажаги учун коалициянинг сайловдан олдинги ваъдасини бажаришга қаратилган бўлиб, Лего бу ташаббус квебекликларнинг кўпчилиги томонидан қўллаб-қувватланганини маълум қилди.
Олдинги либерал ҳукумат 2017 йилнинг октябрида 62-рақамли қонун лойиҳасини қабул қилган бўлиб, унга кўра юзини беркитмаган ҳолда жамоат хиззматлари олиш ва тақдим этиш талаб қилинади. Бу қонун судда шу асосда даъво қилинмоқдаки, у ниқоб ёки буркали аёллар ҳуқуқларини камситади.
Шу аснода, кўплаб кузатувчиларнинг қайд этишича, қонун диний озчиликларнинг Квебек жамиятига интеграциялашувига халақит беради ва ҳаттоки аллақачон бу жамиятга интеграция қилинган одамларни, масалан, мактаб ўқитувчлари бўлган мусулмонлар ва сикҳларни узоқлаштиради. Монреаль мэри Валери Планте айнан шу руҳда фикр билдирди. Унинг айтишича, шаҳардагри жамоат хизматлари, жумладан, полиция аҳолини акс эттириши лозим.
Яҳудий ва мусулмон ҳуқуқни ҳимоя қилиш гуруҳлари пайшанба куни бир вақтга қонунга қарши чиқиб, бу қонун озчиликларга қарши қаратилган ҳамда Квебек ва Канаданинг фундаментал қадриятларига зид келади деб айтдилар.
Бней Брит яҳудийлар гуруҳи минтақавий директори Харви Левайн қонунни «увебекликларнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларига тажовуз» деб атади.
Канада мусулмонлар Миллий кенгаши ижрочи директори Эҳсон Гардий айтдики, жабр кўрганларнинг асосий қисмини мусулмон аёллар ташкил қилишини ҳисобга оладиган бўлсак, қонунчилик амалда ҳижобни тақиқламоқда.
Канаданинг Бутунжаҳон сикҳлар ташкилоти ҳам шунга ўхшаш баёнот билан чиқди.
Квебек аёллар федерацияси, ўз томонидан, кескин баёнот билан чиқиб, ҳукуматни ушбу қонун лойиҳасини дунёвий тамойиллар асосида эмас, айнан ўхшашлик сиёсати билан асослашда айблади.
Шу аснода Монреалнинг инглиз мактаб кенгаши чоршанба куни – қонун лойиҳаси ҳали киритилмасдан олдин – бундай тақиқни жорий қилишдан бош тортиш таклифини киритди.
Қонун лойиҳаси ҳозирча кўриб чиқиш босқичида. Франсуа Лего қонуннинг ёзга келиб қабул қилинишига умид қилмоқда.