loader
Foto

Идлиб жаҳаннам ёқасида

Душанба куни Башар Асад Дамашқда тўлақонли инсоний ривожланишга кўмаклашиш бўйича Дикастерия префекти Питер Кодво Аппиа делегацияси билан учрашди. Сурия диктаторига Рим Папасининг хати топширилди, унда Франциск Идлибдаги вазиятни кескинлаштирмасликка чақирди ва президентдан гуманитар ҳалокатнинг олдини олиш учун барча ишларни амалга оширишни сўради. Аслида вазият бироз бошқача, қайд қилади журналистлар Доминик Петерс, Максимилиан Попп ва Кристоф Сидов. "Айнан Асад черков вакилларини қабул қилган пайтда Идлиб охирги ойлар ичида энг вайронакор ҳужумлар тўлқинига дуч келди. БМТ маълумотларига кўра, душанба куни бомбардимон вақтида 59 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлди ва юздан ортиқ одам ярадор бўлди", - дейилади мақолада.

"Уч ой давомида Сурия армияси иттифоқчи қуролли гуруҳлар билан биргаликда яна Идлибни эгаллашга ҳаракат қилмокда. Касалхоналар, бозорлар ва бошқа фуқаролик нишонлари бўйича авиазарбалар ёрдамида у тинч аҳолини тушкунликка солиш ва уни Туркия чегараси томон қочишга мажбур қилмоқчи", - дейди нашр.

"Бунда Асад қўшинлари, узоқ давом этаётган авиазарбаларга қарамасдан, зўрға ҳаракатланмокда. Агар улар бирон-бир жойни назорат остига оладиган бўлса, исёнчилар кўпинча бу жойни қисқа вақти ичида қайтариб олишнинг уддасидан чиқмоқда. (...) Идлиб учун жанглар шуни кўрсатадики, саккиз йиллик уруш ҳукумат қўшинларининг бор кучини сўриб олди. Энди исёнчилар Россия ҳужумларни жадаллаштириш учун фронтга сараланган кучларни юборди деб таъкидламоқда. (...) Москва ушбу баёнотни рад этди", - деб ёзади журналистлар.

"Асадни сиёсий ва ҳарбий қўллаб-қувватлаши билан Кремл Туркия манфаатларига қарши чиқмоқда, - қайд қилади нашр. – Шу муносабат билан Москва ва Анқара ўртасидаги муносабатлар бир неча йиллар давомида икки тарафлама бўлиб келмоқда". 2015 йил, турк қўшинлари Сурия осмонида Россия ҳарбий самолетини уриб туширгандан сўнг, мамлакатлар уруш ёқасига келиб қолганди. Тукрия президенти рўй берган ҳодиса учун узр сўраганидан кейин муносабатлар яхшиланди. Яқинда Туркия ҳукумати Россиянинг С-400 зенит-ракета комплексларини сотиб олди, бу эса унинг ғарбдаги ҳамкорлари норози бўлишига сабаб бўлди.

"Москва ва Анқара ҳамкорлиги тактика билан мотивацияланади, у масалан, Туркия-Европа муносабатлари каби тарихан вужудга келган эмас, - дейди нашр. – Шу сабабли Идлибда эндиликда қандай қилиб кечаги ҳамкорлар бугунда рақибга айланиб қолишини кузатиш мумкин".

"Бу низода Россия ва Туркия қарама-қарши томонда турибди. Эрдўған HTS жиҳодчи гуруҳларига ёрдам бераётган бир пайтда, Путин Асаднинг асосий ёрдамчиси саналади. HTSни назорат остида ушлашга ваъда берган турк ҳукумати зўр бериб исёнчиларни қуроллантирмоқда".

"Кузатувчиларнинг тахмин қилишича, Эрдўған шу тариқа Идлибдаги низони ҳарбий йўл билан ҳал қилиш нархини оширмоқчи. Агар Идлиб қулайдиган бўлса, юз минглаб қочоқлар Туркия чегараси томон йўл олади".

"Путин, ўз навбатида, унинг учун нима муҳим эканлигини ҳал қилиши лозим: Суриядаги ўз манфаатлари ёки Туркияни Ғарбдан янада узоқлаштириш", - деб ёзади Der Spiegel.

Манба: Der Spiegel

Абу Муслим таржимаси