Қуръонни тўхтовсиз, куну-тун, уйда ва масжидда, йўлда ва муқим бир жойда турган ҳолда ўқиш керак. Агар чуқур фикрлаш туфайли инсон қандайдир нозик жиҳатларни тушуниш ёки янги билимлар ўзлаштиришга эришадиган бўлса, Қуръон ўқишга бу унга ўқиётган нарсаларни тўлиқ тушунишга имкон берадиган даражада вақт сарфласин.
Агар одам билимлар тарқатиш, мусулмонлар орасида низоларни, масалаларни ёхуд мусулмонлар манфаатларида қандайдир диний ва дунёвий ишларни ҳал қилиш билан шуғулланмайдиган бўлса, Қуръонни имкон қадар кўпроқ ўқишга ҳаракат қилсин, лекин бу унда зерикиш ҳосил қиладиган ва тезроқ ўқиб ташлашга ундайдиган даражада эмас.
Қуръон ўқиш вақтида энг аввало, самимий бўлиш керак. Қуръонни ўқиш ёрдамида бошқа биронта мақсадни амалга оширишни кўзламасдан, фақат Аллоҳ таолонинг розилигини истаб ўқиш керак.
Қуръон ўқиётган одам маълум бўлган хулқ-атвор меъёрларига риоя қилиши, Аллоҳ таоло билан яширин суҳбат олиб бораётган ва Унинг Китобини ўқиётганини ёддан чиқармаслиги керак. Бу эса шуни англатадики, Аллоҳ таоло кўриб турганини тўлиқ хис қилиш керак.
Қуръон ўқиш билан банд бўлган одам итоаткорлик ва мўминлик намойиш этиши, ўқилган нарсаларнинг мазмуни устида фикрлаши лозим. Бу унга эришиш, одамларга қувонч келтирадиган ва қалбларни ёритишга хизмат қиладиган кўнгилдаги мақсад ҳисобланади.
Бизнинг айрим тақводор аждодларимиз Қуръон оятларини бутун тун давомида ёки унинг катта қисми мобайнида ўқиб, унинг мазмуни устида фикр юритарди, натижада уларнинг баъзилари хушини йўқотарди.
Қуръонни имкон қадар чиройли ўқиш, лекин ҳаддан ташқари чўзиб юбормасик керак, агар Қуръон ўқувчи битта ҳарфни тушириб қолдирадиган ёки қўшиб юборадиган бўлса, у тақиқланган ишни қилган бўлади.
Қуръон ўқишнинг юқорида баён қилинган барча қоидалари ва шартларига амал қилиш ва бунда тўғри мақсад сари қадам ташлаш жуда муҳим. Асосийси, агар одам Қуръонда ўқиётган нарсаларига зид чиқадиган бўлса, шундай бўлиб чиқиши мумкинки, у нафақат Қуръон ўқигани учун ажр олмайди, балки гуноҳкор бўлиб ҳам қолади. Қуръон ўқиганлик учун ажрни эса одам ўқиётган нарсаларни тушуниши ёки тушунмаслигидан қатъи назар олади.
Анас ибн Малик (розиалоҳу анху) айтадилар: “Қуръон тиловат қилувчиларнинг кўплари борки, Қуръон уни лаънатлайди". (“Иҳё улумиддин”)
Шу сабабли Қуръон ўқиётган ҳар бир киши белгиланган кўрсатмаларга риоя қилиши ва унда келтирилган тақиқлардан узоқ юриши лозим. Шу тариқа Қуръонни тез-тез ўқиш Аллоҳнинг амри ва тақиқларига риоя қилишда ёрдамчи бўлиши мумкин.
Аллоҳнинг валийларидан бири, Абу Сулайман Дороний роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Қуръон келганидан сўнг Аллоҳга осий бўлган бутпарастлардан кўра, Қуръонни кўтариб, Аллоҳга осий бўлганларга (азоб берилиши) тезроқдир”.
Қуръон ўқиш одоби ҳақида, уни фақат ўқиш етарли эмаслиги, балки амал қилиш ҳам зарурлиги ҳақида кўплаб китобларда ёзилган. Агар барча китоблардан Қуръон ҳақида ёзилган қисмларни тўплайдиган бўлсак, бу ёзилганлардан ҳаммасининг мақсади бир нарсага бориб тақалади – бу ўқилган нарсаларига амал қилишдир.
Аллоҳ таоло бизга Қуръон ва Суннатга кучимиз етган қадар амал қилишга ёрдам берсин! Омин!