loader
Foto

Биздаги ҳамма яхшиликларни йўқ қиладиган нарса

Биз ҳар бир сўзимиз, фикримиз ва амалимиз учун Аллоҳ Таолонинг олдида жавоб беришимиз ҳақида ўзимизга такрор ва такрор эслатиб туришимиз лозим. Аллоҳ Таоло айтадики: «Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, бир қавмга билмасдан мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар» (Ҳужурот сураси, 6).

Кунлардан бир кун бир донишманд бир киши ғийбатни мунтазам равишда тарқатаётганини кўриб, унга ёстиқ олиб келиш ва уни қирқиб ташлашни айтди. Ёстиқдан ҳар томонга патлар сочилади. Шунда донишманд ғийбатчига шамолда тарқалган барча патларни тўплашни айтди.

«Ахир сен бунинг имконсиз эканлигини биласанку, ҳар ёққа учиб кетган патларни қандай тўплайман, уларни топиш ва йиғишнинг имкони йўқ ва сен буни биласан», - деди ғийбатчи.

«Ғийбатлар ҳам, ўзгаларнинг сирлари ҳам худди шундай: бир марта сени тарк этгач, уларнинг қаерга бориб қолиши номаълум».

Донишманд ғийбатчига чин дилдан тавба қилиш, улар ҳақида ғийбат тарқатган кишилардан узр сўрашни маслаҳат берди.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда айтадики: «Эй иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир. Жосуслик қилманглар. Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар. Сизлардан бирорталарингиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрадими? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавбани кўп қабул қилувчи ва раҳмлидир.» (Ҳужурот сураси, 12).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Ғийбат нима эканини биласизларми?”, дедилар. Улар:

“Аллоҳ ва Унинг расули билувчироқдир”, дейишди.

Шунда у зот:

“Ўз биродарингни у ёқтирмайдиган нарса билан зикр қилишинг”, дедилар. (Шунда:) “Айтингчи, мен айтган нарса биродаримда бор бўлса-чи?”, дейилди. У зот:

“Агар сен айтган нарса унда бор бўлса, уни ғийбат қилган бўласан, агар сен айтган нарса унда йўқ бўлса, унга бўҳтон (туҳмат) қилган бўласан”, дедилар”. (Муслим)

Ҳар қандай жамиятда ғийбат ҳар доим кенг тарқалган ва биз ҳам истисно эмасмиз. Ҳар куни биз ҳам бунга дуч келишимизга тўғри келади, бунда баъзи дўстларимиз ҳақида бошқа қизиқарли ҳикояни тинглаш васвасаси жуда катта бўлади. Биз одамларни ўзгартира олмаймиз, лекин биз бунга муносабатимизни ўзгартиришимиз мумкин. Биз бу ғийбат занжирини тўхтатадиган одам бўлишимиз мумкин. Бунинг учун қуйидагиларни ёдда тутиш керак:

1) Ўзингизни ғибат қилинаётган одамнинг ўрнига қўйиб кўринг

Сизнинг дилда яширилган ҳикоянгиз ёки шахсий сирларингизни бошқа одамлар билиб, муҳокама қилишини хоҳлайсизми? Бундай вазиятда ўзингизни қандай ҳис қилган бўлардингиз?

2) Одамларда ижобий жиҳатларни изланг

Ҳар бир одамда, худди сизда ҳам бўлгани каби, қоралаш ва унинг устидан кулиш мумкин бўлган нарсалар ҳам, қойил қолиш ва ҳурматга лойиқ бўлган нарсалар ҳам бор. Булардан кейингисини кўрадиган одамлардан бўлинг.

3) Аллоҳ таолодан қўрқинг ва тавба қилинг

Эсдан чиқарманг, Аллоҳ таоло ҳамма нарсани кўриб туради ва эшитиб туради, шу сабабли биз Қиёмат куни Унинг олдида барча амалларимиз учун жавоб берамиз. Агар сиз ғийбатларга аралашиб қолган бўлсангиз, чин дилдан, самимий тавба қилинг – Аллоҳ таоло кечиргувчидир.

4) Ғийбатларни тингламанг

Шунчаки одамлар бошқалар ҳақида ғийбат қилаётган пайтда бўлиш ҳам тақиқланади.

5) Мавзуни ўзгартиринг ёки бу жойни тарк этинг

Қуръони каримда айтиладики: «Қачонки беҳуда нарса эшитсалар, ундан юз ўгириб: «Бизга ўз амалларимиз, сизга ўз амалларингиз, омон бўлинглар, биз жоҳилларни истамасмиз», дедилар.» (Қасас сураси, 55).

Барча эзгу амалларимизни бир оғиз сўз билан йўққа чиқаришимиз мумкин. Ҳақиқий мусулмон бошқаларга тили билан ҳам, қўли билан ҳам зиён етказмаслигини ёдда тутинг.

Абу Муслим таржимаси