loader
Foto

Ҳишом ибн Абдулмалик

Ҳишом ибн Абдулмалик, Абул Валид етмишинчи йилларда туғилган. Акаси Язиднинг васиятига биноан халифа бўлади.

Мусъаб Зубайрий деди: “Абдулмалик тушида ўзининг меҳробга тўрт бор пешоб қилганини кўради. Бу ҳақда Саид ибн Мусаййибдан сўратганда, у: “Ўғилларидан тўрттаси подшоҳ бўлади”, деган. Ҳишом ана шу ўғилларнинг охиргиси эди”.

Ҳишом ақлли ва қатъиятли одам эди. Қирқ киши гувоҳ бўлмагунича бирон молни ўз байтул молига (хазинасига) киргизмас эди, яъни у (фақат) ўз ҳаққини олган ва ҳар кимнинг ҳаққини ўзига берган.

Асмаий деди: “Бир одам Ҳишомга қўпол гапирганда у, эй фалончи, ўз халифангга қўпол гапирмагин деди, холос”.

Саҳбал ибн Муҳаммад айтади: “Халифалар ичида Ҳишомдан ҳам қонни ёмон кўрган ва уни жуда оғир олган халифани кўрмадим”.

Шофеъий деди: “Қансариндаги Русофа (Суриядаги жойлар номи)га бориб, бир кун бўлса ҳам ғам-ташвишдан холи бўлишни истади. Аммо пешин бўлмасданоқ чегарадан қон тўкилгани ҳақида нохуш хабар келди. Шунда, “Қон тўкилмай бир кун ҳам ўтмади-я”, деди”.

У 125 (743) йили рабиул охир ойида вафот этди.

Ҳукмронлигининг еттинчи йилида Румнинг Қайсария шаҳри қилич билан фатҳ этилди.

Саккизинчи йили Ханжара машҳур баҳодир Баттол тарафидан фатҳ қилинди.

12 йили Малтия тарафидаги Харшана шаҳри фатҳ қилинди.

Унинг даврида вафот этган машҳур одамлар: Солим бин Абдуллоҳ ибн Умар, Товус, Сулаймон ибн Ясор, Ибн Аббоснинг мавлоси Икрима, Қосим ибн Муҳаммад ибн Аби Барк Сиддиқ, шоир Касир Иззат, Муҳаммад ибн Каъб Қуразий, Ҳасан Басрий, Муҳаммад ибн Сийрин, энг охирги ўлган саҳоба - Абуттуфайл Омир ибн Восила, Жарир, Фараздақ, Атия Авфий, Муовия ибн Қирра, Макҳул, Ато ибн Рабоҳ, Абу Жаъфар ибн Боқир, Ваҳб ибн Мунаббаҳ, Ҳусайннинг қизи Сакина, Аъраж, Қатода, Ибн Умарнинг мавлоси Нофеъ, Шом қориси Ибн Омир, Макка қориси Ибн Касир, Собит Банноний, Молик ибн Динор, қори Ибн Муҳайсин, Ибн Шиҳоб Зуҳрий ва бошқалар.

Ҳишом ҳақидаги хабарлар

Ибн Асокир Иброҳим ибн Абу Абладан ривоят қилади: “Ҳишом ибн Абдулмалик менга Миср харожини йиғишни топширмоқчи бўлди. Мен буни рад этдим. Бундан қаттиқ аччиқланиб ҳатто юзлари титраб кетди. Кўзида ғилайлик бор эди ва менга хунук қараш қилиб деди: “Ўз ихтиёринг билан қабул қиласанми ёки зўрлик билан қабул қилдирайми?” Мен унинг ғазаби пасайгунча гапирмай турдим.Кейин:

- Эй амиралмўминин, мен гапирсам бўладими?

- Ҳа, - деди.

- Аллоҳ Ўзининг азиз китобида: “Инно араднал амоната алассамовоти вал арди вал жиболи фа абайна ай яҳмилнаҳо”, дебди. (Биз омонатни осмонларга, ерга ва тоғларга таклиф қилдик, улар уни олмоҳликдан бош тортдилар) Аллоҳ ҳаққи, эй амиралмўминин, Аллоҳ омонатни қайтарганлари учун уларга ғазаб қилмади, хоҳламаганлари учун уларни мажбурламади. Менга ҳам рад этганим учун ғазаб, хоҳламаганим учун зўрлик қилишлингиз нолойиқдур.

Буни эшитиб у кулдида, мени афв этди”.

Ибн Асокир Холид ибн Сафвондан ривоят қилади: “Мен Ҳишом ибн Абдулмаликни зиёратига борганимда ушбу қиссани айтиб бердим: “Бир подшоҳ Хаварнақга (қадимги Ироқда бўлган бир улкан сарой) дам олгани борибди. У бой-бадавлат, куч-қувватли бўлиши билан бирга илмли ҳам экан. Суҳбатдошларига қараб дебди:

- Булар кимники?

- Подшоҳники.

- Мендан бадавлат одамни кўрганмисизлар?

Унинг хизматида ҳужжат соҳибларидан (донишманд) бўлган бир киши бор экан. У деди:

- Рухсат берсанг жавоб берай.

- Айт!

- Сендаги нарсалар азалдан бормиди сенда ёки сенга қолганидек, сендан ҳам ўтиб бошқаларга мерос бўлиб қоладиган меросми?

- Ҳа, шундай.

- Шундай экан, муддати қисқа, айрилиғи оғир, уни устига жавобгарлиги бор арзимас нарса сени нега таажжубга солмайди?

- Сени қара! Унда нажот қаерда, қаерда мақсад? - дея титроқ босди уни.

- Сен ё подшоҳлигингда қолиб, ўзингга ёққан ва ёқмаган ҳар ишда Аллоҳнинг тоатида бўлиб иш юритасан ёки ундан қўл силтаб, тожингни ташлаб, зийнатларингни ирғитиб, Роббингнинг ибодатига киришасан.

- Бу кеча ўйлай, саҳарда сенга жавобим берай, - деди у.

Тонг отганда олдига бориб:

- Мен энди мана шу тоғларни, мана шу биёбонларни ихтиёр этдим. Устимга эски либосимни кийдим. Агар менга хамроҳ бўлишни истасанг, менга хилоф иш қилмагайсан, - дебди.

Шундай қилиб, улар тоғдан тушмай дунёдан ўтибдилар”.

У (Ибн Сафвон) деди: “Ҳишом буни эшитиб йиғлаб, ҳатто соқолларини ҳўл қилди. Қизларига (ўрин-кўрпасини) солишни буюрди ва саройдан чиқмай қўйди. Шунда, вазирлар, аёнлар Холид ибн Сафвонга амиралмўмининни нима қилиб қўйдинг, ширин ҳаётини барбор қилдинг-ку дейишди. У эса: “Мен Аллоҳга ваъда берганман, подшохдар билан учрашганда Аллоҳ таолони эслатаман, шунингучун мени тинч қўйинглар”, деб айтган экан”.

Жалолиддин Суютийнинг

"Тарих ал-хулафо" китобидан