loader
Foto

Атеизм эътиқодининг бешта устуни

Атеист ва мўмин ўртасидаги жарлик жуда чуқур ва эҳтимол ўтиб бўлмайдиган тўсиқ ҳамдир. Хўш, бугунги замонавий агрессив атеистнинг дунёқарашлари нимага асосланади? Қуйидаги мақола замонавий атеистларнинг мафкурасига устун бўлаётган асосий константалар ҳақидадир.



Илм-фан абсолют сифатида



Бу ерда замонавий атеистлар учун илм-фан билим олиш учун восита эмас, балки бахсларда аргумент эканини алоҳида таъкидлаб ўтиш керак. Ҳамда бу аргумент рақибларга қарши қаратилмаган, балки ўзини ўзи алдаб, ҳақман деб билиш учун керак. “Олимлар аллақачон исботлаган”, “яқинда ўтказилган тадқиқотлар исботлади”, деган сўзлар замонавий атеистларнинг энг яхши кўриб, ишлатадиган сўзларидир. Одатда бу каби сўзлардан фойдаланаётганлар исбот-далил сифатида ижтимоий оқибатларга эга аксар илмий тадқиқотлар сиёсий буюртма эканлиги қизиқтирмайди; уларни бу тадқиқотларга зид бўлган яна бошқа жуда кўп олимларнинг бошқа тадқиқотлари борлиги ҳам ажаблантимайди. Энг асосийси, улар одатда ўзлари нима ҳақида гапираётганларининг туб маъносини ҳам билишмайди. Ҳусусан, эволюция назарияси, шулар жумласидандир.

Замонавий атеист учун исм-шарифида олим деган ёзув бўлган деярли ҳар қандай одам авторитет бўлиши мумкин. Нега “деярли”? Чунки бу олим либераллар туридан бўлиб, унинг асосий вазифаси нарсаларни тушунишда либерал қарашдаги тезисларни тасдиқлаш бўлиши керак.

Масалан, биолог ва генетик Жеймс Уотсоннинг таъкидлашича, инсоннинг интеллектига баҳо беришда миллий генетика муҳим ўрин тутади. У бу ҳақда жуда кўп асарларини чоп қилгани билан гуманистлар тарафидан жуда кўп танқидга учраган. Шунинг учун ҳам у замонавий либерал атеист учун ҳеч қачон авторитет бўлмайди. Атеистлар жуда яхши кўрадиган, гомосексуализм мавзусидан яна бир ёрқин мисол. Роберт Шпитцер америкалик психиатр бўлиб, гомосексуализм бўйича тадқиқотлар олиб борган ва гомосексуализмни тузатса бўлади деб, ўз тадқиқотларининг натижаларини эълон қилган. Бу фамилия атеистларга танишми? Албатта, йўқ.

Мазкур ҳолатда бу тадқиқотларнинг тўғри ёки ёлғон эканининг аҳамияти йўқ. Атеистлар ҳатто ўша олимларнинг асарларига қараб ҳам қўймайди. Атеист учун “илмий” деган сўз муҳим.



Жоҳиллик



Атеистлар мўминларни жоҳилликда айблашади. Юқорида атеистлар ўзлари таянадиган илмий аргументларни билмасликларига тўхталган эдик, аммо бу ерда бошқа жоҳиллик – билимсизлик ҳақида гап боради. Аксар ҳолатларда атеистлар ўзлари бахс қилаётган мавзуга унчалик тушунавермайди, яъни мураккаб тизимга эга бўлган диний қарашлар ҳақида билимлари йўқ. Атеистлар бундай бахсларга чуқур кетмай, қисқа қилиб, “дин нафратга ўргатади”, “Дин бу оммани бошқариш учун тўқиб чиқарилган эртак” каби тамғаларни урушга ҳаракат қилади.

Бироқ, ҳар қандай одам илоҳиёт ёки динларни юзаки ўрганган бўлса ҳам, диннинг кўп қиррали ва мураккаблиги ойдиндир. Файласуф Дмитрий Узланер ўзининг “янги атеистлар” ҳақидаги асарида атеистларнинг жоҳиллиги ҳақидаги тезисини қуйидагича изоҳлайди: “Янги атеистлар” танқид қаламлари билан қандайдир абстракт динни “тушунтириб”, уни ўзларича “фош қилади”. Муаммо шундаки, умумий ва “қандайдир дин” йўқ. Дин маълум бир абстракция бўлиб, ўтмиш ва бугунги инсоният маданиятидан ташкил топган тури хил феноменлардан келиб чиқади. Динлар, яъни биз дин деб атаётган нарсалар – турли хилдир, улар турли хил онгларни, турли хил одоб-ахлоқ, турли хил ижтимоий амалиётлар ва ҳоказоларни шакллантиради. Худди ҳайвонларни умумийлаштириб гапирганидек, динни ҳам умумийлаштириб гапириш тўғри эмас. Замонавий биология нуқтаи назаридан ҳайвонлар ҳақида у бу нарса ёзиш мумкинми? Масалан, ҳайвонларга бир-бирларига ҳужум қилиш хосдир. Ҳайвонлар тўдаларга бирлашади. Ҳайвонлар балиқларни яхши кўради. Дарҳол савол туғилади: айнан қайси ҳайвонлар? Қайси ҳолатларда? Динларни умумийлаштириб гапириш кулгилидир. Диний зўравонлик, терроризм, фундаментализм, салбчилар юриши, диний урушлар, Ислом, насронийлик ҳақида гапиришдан олдин аввал бу нарсалар нима эканини яхшилаб билиб олиш керак. Бунинг ўрнига “янги атеистлар” ўз хаёллари маҳсуллари билан уришиб ётибди”.

Динга баҳо беришда тотал примитивизм замонавий атеистларни бошқалардан ажратиб турадиган ёрқин бир сифатларидир.



Сурбетлик



Сурбетлик – узоқ  тушунтириш шарт қилинмайдиган атеистик устундир. Атеистик сурбетлик ижтимоий ахлоқ, маданий, миллий қадриятларга нисбатан очиқча нафратни изҳор қилишдир. Дин эса, аксинча олий қадриятларга чақиради ва қалбга сурур ва хотиржамлик бағишлайди. Шунинг учун ҳам сурбетлик иймон билан чиқиша олмайди.

Замонавий кинематограф, сериаллардаги қаҳрамонларда ҳаётга нисбатан айнан шундай қарашларни тараннум этади. “Доктор Хаус”, “Шерлок Холмс”  ва ҳатто бугун оммалашиб бораётган “Ёш от” сериаллари ҳаётга даҳрийча муносабатда бўлишни ўргатади. Ёшлар эса, бошқалардан ажралиб туриш, ўзини ёрқин ва нодир қилиб кўрсатиш учун онгости даражасида ўша сериал ва филм қаҳрамонларининг саҳналаридан қолип олишга ҳаракат қилади. Шу тарзда ўзини атрофдагиларга “чиройли” кўрсатишга ҳаракат бўлади.



Ажратувчи белги



Замонавий атеизм маълум доираларга мансублик маркери ҳамдир.  Буларнинг кўпчилиги Ғарбча яшаш тарзини энг тўғри деб биладиган одамлар доирасидир. Бундай қарашда  худо учун ўрин йўқ. Бундай доираларда гомосексуализм, феминизм ва атеизм каби мавзуларни танқид қилиб бўлмайди. Мўминлар бу мавзулардан сўз очса, дарҳол устларидан кулиб ташлашади ва “ўрта аср”ча фикрлашда айблашади. Баъзан фожиавий оқибатлар ҳам учраб туради.

Масалан, насроний олим Натэниэл Абрахам 2004 йил диний қарашлари учун ишдан ҳайдаган Woods Hole (АҚШ) океанографик тадқиқот маркази устидан маҳкамага ариза берган. Чунки у эволюция назариясини илмий факт сифатида қабул қилмаган экан. Абрахам ола-була даниони ўрганиш бўйича мутахассис бўлиб Woods Hole марказидан тавон пули сифатида 500000 доллар талаб қилган. Унинг айтишича, эволюция назариясини қабул қилмаслиги ва инсониятнинг пайдо бўлиши ҳақидаги маълумотлар Библияда ҳаққоний баён қилинганига ишонганини раҳбарига айтганидан сўнг марказ унинг фуқаролик ҳуқуқларини поймол қилиб, ишдан  бўшатган.



Ўзини кўрсатиб қўйиш услуби



Замонавий атеизм бутун бошли бир субмаданиятдир. Ижтимоий тармоқ, форумларда гуруҳлар ташкил қилинмоқда, анжуманлар ўтказилмоқда. Ҳатто ҳамфикр одамлар бир жойга тўпланиб, дин билан қандай курашиш бўйича ўзларининг “тўғри йўлларини” муҳокама ҳам қилишмоқда. Улар ўзларини шу ишга бағишлайдилар, бу уларнинг асосий машғулоти (хоббисига) ёки асосий ишларига ҳам айланади. Бундай одам бу ишларсиз ўзини ҳеч кимга керак эмас, деб ҳис қила бошлайди.

Бугун атеист ва мўминлар ўртасида маъноли ва концептуал бир диалогни кўриш амри маҳолдир. Исбот-далиллари ҳақоратга айланди, кўп ҳолатларда бахс қилувчиларда на баҳс қилиш одоби, на услуби, на баҳсдаги мавзу учун керакли энг минимал билим ҳам йўқ.

Бундай бахсларда “мўмин” ва “атеист”ларни фарқлаш ҳам шартли равишдадир.

Атеизм ҳам ўзига яраша бир эътиқодга айланган. Бемаъни, бемазмун ва тутруқсиз бўлса ҳам баъзилар шунга ошиқ бўлмоқда. Афсус...

Артём Уточкин мақоласи асосида

Абу Муслим тайёрлади