Баъзилар эса, араблар ҳар юз йилни “ҳимор” деб атайдилар, Марвонга келиб Бани Умайя подшоҳлиги муддати юз йилга яқинлашгани учун, унга ҳимор лақабини берганлар, дейишади. Марвон отаси амири бўлган Жазирада 72 йили туғилган. Онаси умму валад.
У халифа бўлишидан олдин катта вилоятларга волийлик қилган ва 105 (723-24) йили Кўнияни фатҳ этган. У ўзининг чавандозлиги, жасорати, қайтмаслиги, айёрлиги ва золимлиги билан машҳур эди. Валид қатл қилинганида у Арманистонда эди. Хабар етиши билан ўз тарафдорларини байъатга чақирди, улар байъат беришди ва у хазиналардаги бойликларни улашди. Иброҳим билан жанг қилиб уни енгди. Шундай қилиб, Марвонга байъат берилди ва бу 127(745-44) йили сафар ойининг ўртасида амалга ошди. Ўз ҳокимияти мустаҳкам бўлишига эришди. Биринчи қилган иши Язид Ноқисни қабридан ковлаб олиб; Валидни қатл қилгани учун уни дорга осди. Аммо у халифаликда давр суролмади. Чунки 132 йилгача ҳар тарафдан унга қарши кўдлаб исёнлар бўлиб турди. Бани Аббос тарафидан амалга оширилган бу исёнларга Саффоҳнинг амакиси Абдуллоҳ ибн Али бошчлик қилди. Марвон уларга қарши жанглар олиб борди. Бу икки жамоа Мавсил яқинида тўқнашганда, Марвон енгилди ва Шомга қайтди. Абдуллоҳ унинг кетидан борди. У эса Мисрга қочди. Абдуллоҳнинг укаси (акаси) Солиҳ унинг ортидан борди ва Бавсир (Бусир) қишлоғида бўлган жангда 132 йили зилҳижжа ойида Марвон ўлдирилди.
Унинг даврида ўлганлар: Суддий Кабир, зоҳид Молик ибн Динор, қори Осим ибн Абиннажуд, Язид ибн Аби Ҳабиб, қори Шайба ибн Нассоҳ, Муҳаммад ибн Мункадир, Мадина қозиси Абу Жаъфар Язид ибн Қаъқо, Абу Айюб Сахтиёний, Абуззанод, Ҳаммом ибн Мунаббаҳ ва мўтазилий Восил ибн Ато.
Жалолиддин Суютийнинг
"Тарих ал-хулафо" китобидан