loader
Foto

Ҳадис илми ўрганувчи толибларга тегишли одоблар ҳақида

Барчамизга маълумки, ҳадис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтган гаплари ва қилган ишларидир. Шунга кўра, ҳадисларга эътиборли бўлиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган эътибордир. Ҳадисларни эҳтиром килиш Расулуллоҳ алайҳиссаломни эҳтиром қилишдир. Ҳадис илми бошқа илмлардан фарқ қилади. Шу боис, бу илмни ўрганишнинг ўзига хос одоб-ахлоқлари бордир. Муҳаддис уламолар ҳадис ўрганувчилар одобларини алоҳида баён қилиб ўтганлар: Улар қуйидагилардир:

1. Ҳадис илмини ўрганмоқчи бўлган инсон, аввало, ниятини тўғирлаб, бу илмни ўрганишидан мақсад, фақатгина Аллоҳ таолонинг розилигини ният қилиши.

Бу борада ҳадиси шарифда шундай дейилган:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳ таолонинг розилиги талаб қилинадиган илмни дунё матоҳига етишиш учун ўрганса, қиёмат куни жаннатнинг исини тополмайди», дедилар (Абу Довуд ривоят қилган).

2. Ҳадис ўрганувчи гўзал ахлоқлар билан хулқланиши. Яъни ҳадис ўрганаётган киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари каби хулқланишга интилиши керак.

Бу борада Абу Осим раҳматуллоҳи алайҳ: «Ким ҳадис илмини талаб қилса, илмларнинг энг олийсини талаб қилган бўлади. Шу сабабли у одам инсонларнинг ҳам энг яхшиси бўлиши зарур», деб айтган.

3. Ҳадис ўрганувчи киши ҳар бир вақтини ғанимат билиши. Зеро, вақтини зое кетказган одамнинг илмида барака бўлмайди.

4. Ҳадис ўрганаётган киши масъулият билан ёндашиши. Чунки масъулиятсиз бўлган кишида илм ҳосил бўлиши қийин бўлади.

Бу ҳакда Яҳё ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ шундай дейди: «Илмга жисмнинг роҳатланиши билан эришиб бўлмайди».

Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ: «Ҳадис илмини малоллик ва бепарволик билан талаб қилган киши бирор нарсага эриша олмайди. Аммо машаққат чекиб, жидду жахд билан ўрганган одам зафар қучибди», деган.

5. Ҳадис толиби ҳадис ўрганишида таъзим калималарини, яъни улуғлашга далолат қиладиган сўзларни ўзига лозим тутиши.

Мисол учун, Аллоҳ таолонинг номини айтганда Аллоҳ таолонинг гўзал сифатлари билан бирга тилга олиш, Пайғамбар алайҳис-саломни зикр қилганда у зотга салавотлар айтиш, саҳобаларнинг исмларини айтгандан сўнг «розияллоҳу анҳу» деб айтиш, тобеъин ва бошқа уламоларнинг исмини айтгач, «раҳимаҳуллоҳ» деб айтиш. Чунки бу одобга амал қилган кишининг илм олишида барака ҳосил бўлади. Бу амаллар сабабли унда илму-маърифат ҳосил бўлиши осон бўлади.

6. Ҳадис ўрганаётган киши ўқиган ҳадисига амал қилиши. Зеро, ўрганган ҳадисига амал қилиш ўша ҳадиснинг зеҳнига муҳрланишига сабаб бўлади.

Бу ҳақида Имом Вакеъ раҳимаҳуллоҳ шундай дейди: «Ўқиган ҳадисинг ёд бўлишини истасанг, унга амал қил».

Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бирор ҳадисга амал қилмай туриб уни ёзмадим. Ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қон олдириб, қон олувчига бир динор берганликлари айтилган. Шунга кўра, мен ҳам қон олдирдим ва қон олувчига бир динор бердим» Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, илм ўрганаётган талаба нафл тбодатлар билан қаттиқ машғул бўлиши зарурий эмас. Зеро, талаба у чун нафл ибодатдан кўра илм ўқишлиги муҳимдир.

7. Илм ўрганаётган устози, шайхини ҳурмат қилиш. Зеро, илмга устозини ҳурмат қилиш орқали эришилади.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: «Илм олаётган устозларингизга тавозеъли бўлинглар», деб айтганлар.

Алий розияллоҳу анҳу: «Менга бир ҳарф ўргатган инсоннинг қулиман, хоҳласа сотиб юборсин, хоҳласа озод қилсин», дедилар.

Устозни ҳурмат қилишнинг меъёри шуки, унинг ортидан уни ранжитадиган гап-сўз гапирмаслик ёки бирор иш қилмаслик. Устозини илмда ўзидан устун деб билиш.

8. Илмда бахиллик қилмаслик. Яъни билган илмини бошқа ўқувчиларга ҳам етказиш. Илм йўлида уларга ёрдам бериш.

Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳ: «Ким илмда бахиллик қилса, уч нарса билан мусибатланади: вафот этиб, илми ҳам ўзи билан кетади, номи унутилиб кетади, султонлар билан овора бўлиб колади», деб айтганлар.

Аммо илмга аҳл бўлмаган, илмни қадрига етмайдиган кишиларга илм ўргатмаслик яхши иш саналади. Илмга ахд бўлмаганлар деган-да, илмни тушунмайдиган ёки илмни холис Аллоҳ учун таълим олмайдиган ёки риё ва дунё мақсадида илм ўрганувчилар тушунилади.

9. Илм ўрганишда ортиқча ҳаё қилмаслик ва такаббур бўлмаслик.

Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ Мужоҳид раҳматуллоҳи алайхдан шундай нақл қиладилар: «Илмга ҳаё қилгувчи ва мутакаббир одам эриша олмайди».

10. Илм ўрганаётган талаба ўқиётган илмини шериклари билан бирга муколама, музокара қилиб бориши. Зеро, бу услуб орқали илм зеҳнга тез ўрнашади. Шунингдек, дарснинг мубҳам жойларини кўпчилик билан тушуниш осон бўлади.

Аллома Суютий раҳимаҳуллоҳ: «Илм ўрганаётган киши зеҳнида бор бўлган илмни музокара қилсин ва аҳли илмлар билан баҳс-мунозара қилсин. Чунки музокара илмнинг давомли бўлишига ёрдам беради», деб айтганлар.

11.    Ҳадис ўрганаётган киши ҳадис ва фиқҳ китобларини таҳоратсиз ушламаслиги.

Бу ҳақида Аллома Шомий раҳимаҳуллоҳ шундай дейди: «Илм ўрганувчи ҳадис ва фиқҳ китобларини таҳоратсиз ушламасин. Чунки бу иш макруҳдир».



Юқорида келтирилган одобларнинг барчаси Имом Молик раҳимаҳуллоҳнинг «Муватто» китобига ёзилган аллома шайх Закариё раҳимаҳуллоҳнинг «Авжазул масолик» китобидан олинди.

"Мишкот ал-масобиҳ шарҳи" китобидан