loader
Foto

Ҳадисга бўлган зарурат ҳақида

Мусулмон кишининг ҳадисга эҳтиёжи борлигини учта далили бор: 1-далил: Мўътадиллик.

Инсоннинг асл фитратида учта қувват мавжуд: ақлий қувват; шаҳвоний қувват; ғазабий қувват.

A). Ақлий қувват - Инсон ўзига Аллоҳ томонидан берилган ақлий қувват воситасида манфаат ва зарарни фарқлайди ҳамда унинг ёрдамида ўзи учун фойдали ва зарарли нарсаларни ажратади.

Б). Шаҳвоний қувват - Инсон бу қувват воситасида ейиш-ичиш ва истиқомат қиладиган макони учун ҳаракат қилади. Агарда инсон-да мазкур шаҳвоний қувват бўлмай, фақатгина ақлий қувватга суянганида, ақли уни фақатгина ибодатларга буюрган бўлар эди.

B). Ғазабий қувват - Инсон мазкур қувват ёрдамида шаҳвоний қувват истакларига эришиш йўлида дуч келадиган тўсиқларни бартараф этади.

Бу ўринда яна шу нарсага эътибор бериш керакки, инсондаги мана шу уч қувватнинг ҳар бири учун учтадан мақом мавжуд:

Биринчиси: Муфрито - ҳаддан ошиш даражаси.

Иккинчиси: Муфаррито - ноқис даражаси.

Учинчиси: Мутавассито - мўътадил даражаси.

Ақлий қувватнинг ҳаддан ошиш даражаси - ҳийлакорлик ва маккорлик ва ўз ҳаддидан ошишда кўринади. Шунингдек, Аллоҳ таолонинг зоти, макони, моҳияти, сифатларининг ҳақиқатидан баҳс-мунозара қилиш ҳам ақлий қувватнинг ҳаддан ошиш даражасидир.

Аклий қувватнинг ноқис даражаси - ақл бўла туриб тафаккур килмасликдир. Бу икки даража, гарчи ақлга оид бўлсада, нуқсон ҳисобланади.

Ақлий қувватнинг мўътадил даражаси - донолик ва ҳикматли бўлиш.

Шаҳвоний қувватнинг ҳаддан ошиш даражаси - фосиқлик, белармлик ва бадкирдорликдир.

Шаҳвоний қувватнинг ноқис даражаси - сусткашлик ва пасткаштик каби иллатлардир.

Шаҳвоний қувватнинг мўътадил даражаси - иффат ва шарм ҳаёдир.

Ғазабий қувватнинг ҳаддан ошиш даражаси - босқинчилик, бузғунчилик ва зулмкорлик каби разилликлардан иборатдир.

Ғазабий қувватнинг ноқислик даражаси - қўрқоқлик каби иллатлардир.

Ғазабий қувватнинг мўътадиллик даражаси - шижоат каби сифатлардир.

Шуни билиш лозимки, шаҳвоний қувват бу буткул салбийликни ифода этади дегани эмас. Умуман олганда мазкур уч қувватнинг маҳмуда (яхши саналган) мақоми ҳам, мабғуз (ёмон кўрилган) даражаси ҳам мавжуд. Ақлий қувватнинг мўътадил даражаси бўлган донолик, шаҳвоний қувватнинг мўътадил даражаси бўлган иффат ва ғазабий қувватнинг мўътадил даражаси бўлган шижоатнинг мажмуаси - «авсотул мутавассито», яъни адолат дейилади. Гўзал хулқнинг асл негизи ҳам мана шудир .

Лекин бу ўринда мана шу уч мўътадил қувватнинг энг гўзал даражасини аниқлаш зарур. Уни билиш учун эса, муаллимга эҳтиёж сезилади. У бизга ҳар бир қувватнинг маҳмуди қайси, ёмони қайси эканини ўргатиб туриши лозим. Ана шу муаллим Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч ким бўла олмайди. Аммо Аллоҳ таоло инсониятнинг ҳар бирига алоҳида-алоҳида ва тўғридан-тўғри хитоб қилмайди. Демак, Хақнинг файзларини бандаларга етказадиган бир шахсга эҳтиёж мавжуд. Ана шу шахс Аллоҳнинг танланган бандаси - Пайғамбаримиз алайҳиссалом бўладилар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ана шу вазифани етказиш, таълим бериш учун юборилганлар. У зот тараф-ларидан етказилаётган таълимотлар ҳадис дейилади. Ҳақ ва ботил, камол ва нуқсон, маҳмуд ва мазмум орасини ажратиб, фарқлаб берувчи шахс айнан Пайғамбаримиз алайҳиссаломдир.

2-далил: Инсон таркибидаги унсурлар.

Маълумки, инсон тўрт унсур (модда) - тупроқ, сув, олов ва ҳаводан таркиб топган.

Тупроқ унсури: Инсон танасининг бирон ерини ишқаласа кир тупроқ чиқади. Бу ундаги тупроқ унсури аломати.

Сув унсури: Иссиқда терлаши ундаги сув унсури белгиси.

Олов унсури: Агар киши икки қўлини бир-бирига ишқаласа, иссиқликни ҳис қилади. Бу ундаги олов унсурининг аломати.

Ҳаво унсури: Бирон ери қадоқ бўлса шишиб чиқади. Бу ундаги ҳаво унсури аломати.

Буларнинг ҳаммаси очиқ кўриниб турган ҳолатлардир. Аммо инсондаги мана шу тўрт унсурдан кўзга кўринмайдиган салбий натижалар ҳам келиб чиқади. Ундаги олов унсуридан манманлик, қизиққонлик, ҳаво унсуридан шаҳват, риё пайдо бўлади. Сув унсуридан мизожларнинг ўзгариши, қатъиятсизлик ҳосил бўлса, тупроқ унсуридан кишида бахиллик иллати пайдо бўлади. Зеро, ер ҳам бахил бўлиб, ичидаги барча нарсани жинсига айлантириб юборади. Демак, инсондаги ёмон иллатларни кетказиб, уни мўътадил даражага келтириш зарур. Инсондаги такаббурликни кетказиш учун унга намоз ўқиш буюрилган. Обрўпарастлик ва шуҳратпарасликни йўқотиш учун у ҳажга буюрилган. Унда қатъийятни ҳосил қилиш учун рўзага буюрилган. Ундаги бахиллик ва таъмагирликни кетказиш учун эса, закот беришга буюрилган. Қуръони Каримда инсонлар ҳаж, намоз, рўза ва закот каби фарз амалларни адо қилишга буюрилган. Аммо «Молнинг қанчасидан закот бериш керак, қачон кишига ҳаж фарз бўлади, намозни қайси вақтларда ўқиш лозим, рўза қачон тутилади, у неча кун бўлиши керак?» каби саволларга жавоб берилмаган. Қуръони Каримда мазкур тўрт ибодатнинг, фақатгина умумий қоидаларигина баён қилинган. Уларнинг тўлиқ тафсилоти Қуръони Каримда зикр қилинмаган. Намознинг ракъатлари адади қанча, унинг ичида қанча вожиботлари бор, намознинг тўлиқ кайфияти, закотнинг нисоби, унинг масрифи (закотга ҳақли ўринлар) ва миқдорини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз хадислари билан баён қилиб берганлар. Бундан кўринадики, Қуръ:гўёки матн, ҳадислар эса унинг шарҳи. Аллоҳ таоло ушбу ҳақи-жатга ишора қилиб:

«Ва сенга одамларга нозил қилинган нарсани ўзларига баён килиб беришинг учун зикрни нозил қилдик»,(Наҳл сураси, 44-оят.) дея марҳамат қилган.

3-далил: Саҳобалар розияллоҳу анҳумнинг мурожаати.

Саҳобалар розияллоҳу анҳум Қуръон нозил бўлаётган вақтда яшаб, у нозил бўлган тилни яхши билсалар ҳам, оятлар тафсирини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрар эдилар. Улар Қуръони Каримни фаҳмлашда Пайғамбаримиз алайҳиссаломга мурожат қилишлари ҳадисга эҳтиёж борлигининг далилидир. Масалан, Аллоҳ таолонинг;

«Иймон келтирган ва иймонларига зулмни аралаштирма-ганлар - айнан ўшаларга хавфсизлик (бордир) ва улар ҳидоят I тўғри йўл) топган зотлардир»(Анъом сураси, 82-оят.) ояти нозил қилинганида саҳобалар кўрқиб кетишди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мурожаат қилиб: Ё Расулуллоҳ, қай биримиз нафсимизга зулм қилмаган-миз?! дейишди. Ушбу оят нозил бўлганда саҳобаи киромлар мазкур оят маъносини тўғри идрок қила олмай, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадилар. Шунда У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур оятни тафсир қилиб: Зулмдан мурод - ширк эканини баён килганлар. Зеро, Аллоҳ таоло бошқа оятда шундай деган:

«Албатта, ширк улкан зулмдир».(Луқмон сураси, 13-оят.)

Саҳобаларнинг ўша даврда яшаб, Қуръон нозил бўлишига шоҳид бўлиб, Пайғамбаримиз алайҳиссаломга савол беришлари ҳадисга эҳтиёж борлигининг исботидир.

Иккинчи мисол:

«...Тонг пайтида оқ ип қора ипдан ажрагунча еб-ичаверинг. Сўнгра рўзани кечасигача батамом қилинг...»(Бақара сураси, 187-оят.)

Шу оят нозил бўлганда Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳу иккита, бири оқ, бири қора ип олдилар. Яъни оқ ип қора ипдан ажрагунича ейиш мумкин деб ўйладилар. (Сабаби оятда ҳам шундай дейилган эди). Бу оятдаги оқ ва қора ипдан, субҳисодиқ ҳамда субҳикозиб ирода қилинганини Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўргатганлар. Бундан саҳобалар ҳам Қуръон оятларини лафзан тушунганлари билан маъносини англаш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳтож бўлганлари маълум бўлади.

Саҳобаи киромлардек зотлар Қуръони Каримни англаб, тушунишда ҳадисга шунчалар эҳтиёж сезган эканлар, кейинги авлод вакилларининг ҳадисга муҳтожлигида бирор шак бўлиши мумкин эмас. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ бу борада: «Агар суннат бўлмаганда бизлардан бирор киши Қуръонни тушунишга қодир бўлмас эди», деганлар.

7-баҳс: Ҳадисни инкор қиладиган баъзи тоифаларнинг шубҳаларига бўлган жавоблар ҳақида

Бу тоифа вакиллари XX асрда вужудга келган бўлиб, ҳадисларни инкор қиладилар, ҳамда ўзларини Қуръон аҳилларимиз, деб таништирганлар.

Асосчиси: Абдуллоҳ Чакролвий деган шахс бўлиб, у аввал ҳанафий мазҳабида бўлган, кейинчалик бирор бир мазҳабга эргашмаган. Даставвал, у фақатгина «Саҳиҳул Бухорий» ва «Саҳиҳи Муслим»даги ҳадисларни тан олган. Улардан бошқа ҳадисларни қабул қилмаган ва инкор қилган. Кейинчалик бу икки саҳиҳ китобни ҳам инкор қилган. Ҳадисларни инкор қилганлиги учун уламолар уни муртадликка ҳукм қилганлар. Ҳозирги замон ҳадис инкор қилгувчилари Чакролвийнинг маънавий фарзандлари ҳисобланади. Шу кунда ҳадисни инкор қилгувчи иккита шахс бор бўлиб, бири Ҳиндистонлик Аслам Жийрож Пурий ва иккинчиси Покистонлик Ғулом Аҳмад Парвездир.



Уларнинг шубҳалари ва мазкур шубҳаларга жавоблар



Биринчи шубҳалари: Улар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вазифалари, фақатгина Қуръонни инсонларга етказиш бўлган, уни тафсир қилиш эса, умматнинг ишидир. Хоҳлаган киши ўз фикри билан тафсир қилиб олаверади», деб даъво қилишади. Улар ушбу оятни ўзларига далил қилишади:

«Пайғамбар зиммасида фақат етказиш бор, холос».(Моида сураси, 99-оят.)

Уларга Жавоб: «Уммат» Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан икки хил бўлади:

А) Уммати даъват: Бу умумий маънодаги уммат бўлиб, Мухаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъватлари қаратилган умматдир. Бу уммат ер юзидаги барча инсонларни қамраб олади. Зеро, Пайғамбар алайҳиссаломнинг даъватлари ер юзидаги барча инсонларга қаратилган. Мазкур оят шу умматга нисбатан айтилган. Яъни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тўғри йўлга чақирувчи ва Аллоҳнинг амрини етказувчи эдилар, холос. Уларнинг иймон келти-риши ва ҳидояти эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зиммасида эмас, балки Аллоҳ таолога ҳавола бўлган ишдир.

Ушбу оятда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга тасалли берилмокда ва ундан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз вазифаларини адо этганларидан сўнг инсонлар шариат аҳкомларига амал килишларига у зот масъул эмасликлари маълум бўлмоқда.

Б) Уммати ижобат: Хос маънодаги уммат бўлиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъватларини қабул қилган, иймон келтирган умматдир. Булар ер юзидаги барча мусулмонлардир.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга етказувчи бўлишдан ташқари мураббий, муфассир, муаллим, шореъ (қонун чиқарувчи) ҳам бўлганлар. Шунингдек, у зот итоат қилинувчи бошлиқ, ҳукм чиқарадиган қози, йўл кўрсатувчи машъал ҳам эдилар. Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг бир неча ўринларида Набий алайҳиссаломни юксак мақом ва сифатлар билан зикр қилади. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам етказувчи бўлишлари билан бирга, бу чақирган йўлларида йўлбошчи, тўғри йўл кўрсатадиган, эргашишга энг ҳақли, барча ишларда намуна бўлган зот эдилар. Бундан маълум бўладики, юқоридаги оят «уммати даъват»га қарата айтилгандир.

Иккинчи шубҳа: Улар: «Агар ҳадиси набавий шаръий ҳужжат бўлганида, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони Каримни ёздиргани каби уни ҳам ёздирган бўлар эдилар. Ваҳоланки, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳадисларни ёзишдан қайтарганлар», деб даъво қилишиб, ушбу ҳадисни ўзларига далил қилиб келтиришади:

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мендан ёзманглар, ким мендан Қуръондан бошқасини ёзган бўлса, ўчирсин...» деб айтдилар (Имом Муслим ривоят ҳилган).

Уларга Жавоб: Уларнинг бу шубҳалари қуйидаги уч эътибордан ботил ҳисобланади:

Биринчи жавоб: Шаръий эътибордан бирор нарсанинг ҳужжат бўлиши учун унинг ёзилган ёки ёзилмаган тарзда бўлиши шарт қи-линмайди. Балки унинг сақланган ҳолда кейингиларга етказилган бўлиши муҳимдир. Мана шу сақланиш тил билан нақл қилинган бўлсин ёки ёзиш билан бўлсин, бунинг фарқи йўқ. Сақланиш тил билан етказилган бўлганда нақл қилгувчи ровийлар сиқа (ишончли) ҳамда қабул қилишга лойиқ бўлиши шарт қилинади.

Масалан, Қуръони Каримда ширк борасида кофирлардан далил келтиришлари талаб қилиниб шундай дейилган:

«Агар ростгўй бўлсаларингиз, менга бундан (Қуръондан) олдинги китобни ёки илмий асарни келтиринг».(Аҳқоф сураси, 4-оят.)

Яъни сизларнинг ширк келтиришингиз жоиз бўлса, олдинги ёзиб қўйилган бирор китоб ёки илмий, оғзаки нақлни менга келтирингларчи?

Бу оятдан ёзилган китоб ҳужжат бўлганидек, оғзаки нақл ҳам санади бор бўлса ҳужжат бўлишга лойиқ бўлиши маълум бўлади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида ҳадисларнинг аксари қалбларда сақланар эди. Қуръони Каримда шундай дейилган:

«Ва уйларингизда тиловат қилинаётган Аллоҳнинг оятларини ва ҳикматни эсланг. Албатта, Аллоҳ ўта латиф ва ўта хабардор бўлган зотдир».(Аҳзоб сураси, 34-оят.)

Бу оятда мўминларнинг оналари Қуръон оятлари ва ҳикмат (ҳадис)ларни ёдлашга буюриляптилар. Бу ҳукм саҳобаларга ҳам тааллуқли экани ўз-ўзидан маълум. Бу ҳақида, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: «Албатта, бизлар ҳадисни ёдлар эдик», деб айтганлар.

Шунингдек, Анас розияллоҳу анҳу: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида у зотнинг тилларидан чиққан сўзларни эшитар эдик, у зот орамиздан туриб кетсалар биз у зотнинг сўзларини бир-биримиз билан музокара қилар эдик», деб айтганлар. Ибн Можа ривоят қилган.

Иккинчи жавоб: Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Мендан ёзманглар, ким мендан Қуръондан бошқасини ёзган бўлса, ўчирсин...» деб айтганлари ҳадис ҳужжат бўлишга ярамайди, дегани эмас. Чунки ҳадиснинг давомида Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Мендан ҳадис айтинглар. Бунинг зарари йўқ», деганлар. Агар    ҳадис ҳужжат бўлишга лойиқ бўлмаганида, у зот «Мендан ҳадис айтинглар», деб айтмаган бўлардилар.

Учинчи жавоб: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларни ёзишдан қайтаришлари Исломнинг аввалида бўлган. Кейинчалик бу ҳукм бекор қилинган. Бу ҳукмни бекор бўлишига Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ушбу ҳадис ҳам далил бўлади:

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Садақа китоби»ни ёз-дирдилар. То вафот этгунларича уни омилларига чиқармадилар (тарқатмадилар). Уни қиличларига боғлаб қўйдилар. У зот вафот этгач Абу Бакр розияллоҳу анҳу вафотларига қадар шунга амал қилдилар. Сўнгра Умар розияллоҳу анҳу ҳам вафот этгунларигача шунга амал қилганлар...» (Имом Аҳмад ривоят ҳилган).

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Мендан ёзманглар, ким мендан Қуръондан бошқасини ёзган бўлса ўчирсин...», деб ёзишдан қайтарганларига бир неча омиллар сабаб бўлган:

1. Қуръони Карим лафзи ва маъноси ҳам Аллоҳ таоло томонидан нозил бўлган илоҳий каломдир. Шу эътибордан маъносининг ўзини ривоят қилиш жоиз эмас. Уни лафзи ва маъносини бирдек сақлаб, ривоят қилиш лозим бўлган. Ҳадислар эса ундай эмас. Уларнинг маъноларини сақлаш зарурий бўлган. Шу эътибордан Исломнинг аввалида Қуръон лафзларини ёзиб боришга катта эътибор берилган.

2. Қуръон оятлари билан ҳадис лафзлари аралашиб кетишидан сақланиш мақсадида, аввалда у зот ҳадисларни ёзиб боришдан қайтарганлар. Кейинчалик эса, у зотнинг ўзлари ҳадисларни ҳам ёзишга буюрганлар. Зеро, ўша вақтда ҳадисларни ёзиш ҳам заруратга айланган эди. Саҳобалардан бўлган ушбу ривоятлар мана шу заруратга далил бўлади:

Биринчи ривоят:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий солдллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари орасида мендан кўра у тдан кўпроқ ҳадис ривоят қилган ҳеч ким йўқ. Магар Абдуллоҳ бин Амр бундан мустасно. Чунки у ёзар, мен эса ёзмас эдим» (Имом Бухорий ривоят қилган).

Иккинчи ривоят:

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан барча эшитганларимни ёд олмоқчи бўлиб ёзиб олардим. Қурайшликлар мени бундан кайтардилар. Улар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳам-ма эшитганларингни ёзаверасанми? Ҳолбуки, у зот ҳам ғазабланган ва розилик ҳолларида гапирадиган инсон», дейишди. Шунга кўра мен ёзмай қўйдим. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бу ҳақида айтганимда бармоқлари билан оғизларига ишора қилиб: «Еза-вергин, нафсим қўлида бўлган Зотга қасамки, бундан фақатгина ҳақ (гаплар) чиқади», дедилар (Абу Довуд ривоят қилган).

Учинчи ривоят:

Рофиъ ибн Хадийж розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг олдимизга чиқдилар-да: «Ҳадис айтаверинглар. Ким менга нисбатан ёлғон гапирса жаҳаннамдан ўрнини эгаллайверсин», дедилар. Мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, биз сиздан кўп нарсаларни эшитамиз, уларни ёзиб қўяверайликми? дедим. У зот: «Ёзаверинглар, зарари йўқ», дедилар» (Табароний «Муъжамул кабийр»да ривоят қилган).

Тўртинчи ривоят:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: «Макка фатҳ қилинган пайтда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам (хутба қилишга) турдилар», дедиларда, сўнгра На-бий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хутбаларини зикр қилдилар. У (Абу Ҳурайра) айтдилар: «Яман аҳлидан бўлган Абу Шоҳ деган киши ўрнидан туриб: «Эй Расулуллоҳ, менга ёзиб беринглар», деб айтди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Абу Шоҳга ёзиб бе-ринглар», дедилар (Абу Довуд ривоят ҳилган).

Ушбу ҳадис «Саҳиҳул Бухорий»да ҳам узун ҳолда ривоят қилинган.

Шунингдек, баъзи саҳобаларнинг ҳадислар ёзиб борилган саҳифалари мавжуд бўлган. Жумладан, Алий розияллоҳу анҳуда ҳам бир неча саҳифа бўлган. У киши унга дия (хун), қасос, закот, Мадинанинг ҳарам (Ҳарам - у жойда ҳамма ишларни қилиш ҳалол эмас, баъзи ишларни қилиш ҳаром қилинган.) ҳудуди ва бошқа масалаларга тегишли кўплаб ҳадисларни ёзиб олган эдилар.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик даврларида ҳам, у зотдан кейинги лазгларида ҳам У зотнинг муборак ҳадислари оғзаки тарзда ҳам, равишда ҳам сақланган.

Учинчи шубҳалари: Ҳадисни инкор қилгувчи тоифалар: «Қуръони Каримда ҳамма нарсанинг баёни келган, ҳадисга нима зарурат -деб даъво қилишади ва ушбу оятни ўзларига далил қилишади:

«Сенга китобни ҳар бир нарсани баён қилгувчи этиб, мусулмонларга ҳидоят, раҳмат ва хушхабар қилиб нозил этдик».(Наҳл сураси, 89-оят.)

Уларга Жавоб: Аллоҳ таоло Қуръони Каримда намоз ўқишга гмр қилган, аммо намознинг неча ракъатлиги, унинг вақтлари, қандай ўқилиши ҳақида баён қилмаган. Шунингдек, Қуръонда закотнинг фарз эканлиги баён қилинган. Лекин закотнинг нисоби, кимларга фарз бўлиши, ҳақида айтилмаган. Бу ишларнинг тафсилотини Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўз ҳадислари орқали баён қилиб берганлар. Мазкур оятдаги «баён қилгувчи этиб» сўзининг маъноси, икки дунё саодатининг барча қоида ва кўрсатмалари баён қилинган, деганидир. Набий алайҳиссаломнинг вазифалари Қуръонни баён килишдир. Қуръон Аллоҳнинг каломи бўлиб, инсонлар уни тўлиқ тушунишлари учун тафсир қилиниши лозимдир. Қуръон кўрсатмасига биноан тафсир қилишга энг ҳақли зот бу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдир. Бу ҳақида Қуръони Каримнинг Наҳл сурасининг 44 ва 64-оятларида шундай дейилган:

«Ва сенга одамларга нозил қилинган нарсани ўзларига баён қилиб беришинг учун зикрни нозил қилдик. Шоядки тафаккур қилсалар».(Наҳл сураси, 44-оят.)

«Сенга Китобни уларга ўзлари ихтилоф қилган нарсаларни баён этишинг учун, иймон келтирадиган қавмларга хидоят ва раҳмат қилиб нозил этдик, холос».(Нахд сураси, 64-оят.)

Тўртинчи шубҳалари: Ҳадисни инкор қилгувчиларнинг яна бир даъволари шуки, улар : «Аксар ҳадислар оҳод хабар(Узида мутавотир хабарнинг шартларини жамламаган хабар «оҳод хабар» дейилади.) билан ривоят қилинган. Оҳод хабар эса зонний(Зонн, дегани қатъийлик даражаси тўла топилмаган, деганидир.) далилдир, бу эса, зонний илмни ифода қилади. Шариатда эса зоннинг эътибори йўқ», дейишади. Ўзларининг бу даъволарига ушбу оятни далил қилиб келтиришади:

«Уларнинг аксарияти фақат гумон ортидан эргашадилар. Гумон эса, бирор нарсада ҳақиқат ўрнига ўтмайди. Албатта, Аллоҳ уларнинг нима қилаётганларини билгувчи зотдир».(Юнус сураси, 36-оят.)

Уларга жавоб: Зонн аслида икки хил бўлади:

Биринчи зонн: Саҳиҳ далил ва илмга асосланмаган, яъни таҳмин ва фараз маъносидаги зонн. Бундай зоннга эргашиш мумкин эмас. Қуръондаги зоннга эргашиш қораланган ўринларининг барчаси мана шундай таҳмин асосига қурилган зоннга нисбатан айтилган. Чунки Аллоҳ таоло Нажм сурасида шундай деб айтган:

«Уларда бу ҳақда ҳеч қандай илм йўқ. Улар гумондан бошқа нарсага эргашмаслар. Албатта, гумон ҳақиқат ўрнига ўтмас».(Нажм сураси, 28-оят.)

Бу оятда ҳадисни инкор қилгувчилар ўйлаганидек илмга асосланган зонн эмас, балки илмсизлик ва жаҳолатга барпо қилинган гумон ҳақида сўз юритилган.

Иккинчи зонн: Саҳиҳ далил ва илмга асосланган зонн. Бу зонн гумоннинг устунроқ томони ёки устунроқ тараф, деб ифода қилинади. Яъни икки эҳтимолдан бир тарафи устунроқ бўлса, шунга нисбатан зонн дейилади. Шаръий масалаларда далилга таянган зонн қабул жилинади ва ҳужжат бўла олади. Бунга мана бу оят далил бўлади:

«У (ифк)ни эшитган вақтингизда мўминлар ва мўминалар ўзлари ҳақида яхши гумонга бориб: «Бу очиқ-ойдин ифкку!» десалар бўлмасмиди?!»(Нур сураси, 12-оят.)

Ушбу оятда Оиша розияллоҳу анҳога нисбатан бўлган ифк воқеасида мазкур зоннга кўра ҳукм қилиш назарда тутилмоқда.



"Мишкот ал-масобиҳ шарҳи" китобидан