loader
Foto

Жидал ва жадал (тортишув)нинг таърифи

Жидал - душманлик ва ғолиб бўлиш. Арқонни эшиш учун бураш ҳам жадал дейилади. Гўё икки тортишувчи ўз сўзи билан ғолиб келиш учун бошқани раъйи ва мақсадидан буради. Бу қораланган ишдир. Лекин адолат юзасидан ёки ҳақиқатни ошкор қилиш бундан мустасно. Лекин бугун бундай иш ва уни қиладиганлар жуда ҳам камдир.



Тортишув ва тушунтириш ўртасидаги фарқ

Тортишув ва тушунтириш ўртасидаги фарқ шуки, сиз бирор инсон билан баҳс қилаётганингизда унга ғолиб келишга ҳаракат қилсан

гиз, у ҳолда мужодил (тортишувчи) бўласиз. Лекин унга тушунтириш ва ўзингиздаги нарсани у учун яхши кўрсангиз ёки уни қаноатлантирмоқчи бўлсангиз, у ҳолда муфҳим (тушунтирувчи) бўласиз. Шеригингиз ва суҳбатдошингиз сиздаги ҳақиқатларни билишга муштоқлиги, сизни яхши кўриб, фазлингизни эътироф этишини сезасиз.



Шаръан қораланган жадал

Имом Ибн Жавзий роҳимаҳуллоҳ “Ал-муташобиҳ фил-Қуръон” рисоласида қуйидагиларни айтган: “Билгинки, киши Исломининг гўзаллиги ўзига алоқаси бўлмаган нарсани тарк қилишидир. Агар Аллоҳ бир бандага ёмонликни хоҳласа, уни жадал билан балолайди. Агар Аллоҳ бир бандага яхшиликни ирода қилса, уни амалга муваффақ қилиб қўяди. Агар У Зот сендан тилингни олиб қўйиб, қалбингни қайтариб берса, сенга лутф-марҳамат қилибди. Агар сендан қалбингни олиб, тилингни қайтариб берса, батаҳқиқ, сенинг мусибатинг катта бўлибди”.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам жадалга воқе бўлишдан огоҳлантирганлар ва уни одамларни ҳидоятдан залолатга ўзгартириб юборадиган сабаб қилганлар. Улуғ саҳобий Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир қавм ўзлари унда бўлган ҳидоятдан кейин фақат жадал берилиши туфайли залолатга кетади”, дедилар. Сўнг Аллоҳ таолонинг ушбу сўзини тиловат қилдилар:

“Улар (бу мисолни) Сизга фақат тортишиш учунгина келтирадилар. Аслида, улар хусуматчи (жанжалкаш) қавмдирлар” (Зухруф сураси, 58-оят).

Бу ҳадисни Имом Аҳмад “Муснад”, Имом Термизий “Сунан”ида ривоят қилган. Имом Термизий ҳасан саҳиҳ, деган. Бундан ташқари, Имом Ибн Можа “Сунан”, Имом Ҳоким “Мустадрак” асарида ривоят қилганлар. Имом Ҳоким уни саҳиҳ, деган. Имом Заҳабий ҳам уни тасдиқлаган.

Имом Аҳмад “Муснад” асарида Макҳулдан роҳимаҳуллоҳдан, у Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Банда тортишувни тарк қилмагунча тўлалигича имон келтирмаган бўлади, гарчи ростгўй бўлса ҳам”, деганлар”. Яъни, ҳақ бўлса ҳам.

Имом Термизий Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Биродаринг билан тортишма”, деганлар. Имом Термизий ривоят қилиб, ҳасан деган ва Ибн Можа ҳам Анас розияллоҳу анҳудан марфуъ тарзда ривоят қилган: “Ким ҳак, бўлатуриб, тортишувни тарк қилса, унга жаннатнинг ўртасидан бир қаср бино қилинади”.

Тортишув нафрат ва ёмон кўришни келтириб чиқаради, икки яхши кўрган кишиларни бегона қилишга сабаб бўлади. Шунинг учун уни ҳақ бўлатуриб тарк қилувчига ушбу улуғ ажр бор. Ундан четланиш ва узоқ бўлиш лозим.

Ибн Саъд роҳимаҳуллоҳнинг “Табақот” китобида келтирилишича, улуғ тобеин Ибн Сирийн роҳимаҳуллоҳ билан бир киши тортишди. Шунда унга Ибн Сирийн роҳимаҳуллоҳ: “Албатта, мен сенинг нима хоҳлаётганингни биламан. Мен албатта, сендан бўлган тортишувни ҳам биламан! Лекин мен сен билан тортишмайман”, деган.



Ўнта хислатдаги жадал (тортишув) одоби

Мен ўз замонасида ҳанбалийлар пешволари имом бўлган Маҳмуд ибн Аҳмад Калвазоний роҳимаҳуллоҳга тегишли “Ал-интисор фил-масаил ал-кибор” китоби қўлёзмасида баъзи уламоларнинг қимматли фойдалар, дурлар ва маржонларнигина ёзадиган уламоларнинг қуйидагиларни ёзганини кўрдим:

“Жадал (тортишув) одобларидан: бир киши имом ва ҳакимлардан бирининг олдига келиб: “Мен сиз билан тортишмоқчиман”, деди. Шунда айтди: “Ўзинг учун ўнта хислатни шарт қилганингдан кейин (сен билан тортишаман):

Биринчиси: ғазаб қилма.

Иккинчиси: чарчаган ҳолда бўлма.

Учинчиси: ажабланган ҳолда бўлма.

Тўртинчиси: ўз амрингни ўтказувчи бўлма.

Бешинчиси: кулма.

Олтинчиси: даъвони далилинг қилиб олма.

Еттинчиси: агар хабарларга киришсак, уни тасдиқлаш бизнинг мақсадимиз бўлсин.

Саккизинчиси: агар ақллардаги нарсага ки-ришсак, ўзаро танишишга эргашайлик.

Тўққизинчиси: биздан ҳар бир киши ғолиб келишни мақсад қилиб эмас, ҳақиқатни йўқотган нарсаси деб олсин.

Ўнинчиси: сўзлаётганимда мендан бошқаси томон кетмаслигинг лозим, вассалом”. Дарҳақиқат, бу ўз бобида жуда керакли одоблардир.

Имом Ибн Жавзий “Ал-муташобиҳ фил-Қуръон” китобида шундай деган: “Сен: “Аллоҳга ташбиҳсиз имон келтирдим ва тамсилсиз Уни тасдиқладим”, дегин. Қиёмат куни сенинг кафилинг бўлиш менинг зиммамда. Чунки сен ўзинг ибодат қилаётган Зот бирор нарсага ўхшамаслиги ва Унга ҳам бирор нарса ўхшамаслигинига эътиқод қилишинг лозим.

Сени ақл ва калом (илми)га ўтказмайман (ундамайман). Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:

“Унинг мислидек бирор нарса йўқдир” (Шуро сураси, 11-оят).

Ушбу оят сен учун мушаббиҳа ва мужассималарга раддия ўлароқ кифоя қилади.

“У Эшитувчи ва кўрувчидир”.

(Аллоҳ таолонинг ушбу сўзи) сен учун муаттилаларга раддия ўлароқ кифоя қилади. Киши учун Ал-лоҳ таоло Зоти ва сифатларига шўнғиш (қаттиқ киришиш)дан кўра зарарлироқ нарса йўқ. Аллоҳ таолонинг неъматлари борасида тафаккур қилинглар, Аллоҳнинг Ўзи ҳақида эса тафаккур қилманглар.

Матн: Аллоҳ азза ва жалла улар ҳақида айтган зотлардан бўл:

“Улар жоҳил кимсалар (бемаъни) сўз кртганда «Саломатлик бўлсин!» деб жавоб қиладиган кишилардир”, (Фурқон сураси, 63-оят).

Одобни лозим тут, нафсу ҳаво ва ғазабдан йироқ бўл. Уйғоқлик сабабларини қил. Муроқаба мақсадинг охири (бўлсин). Мулойимликни ўзингга ошна, эҳтиёткорлик ва ҳушёрликни дўст тут. Саломатлик ғоринг, бўш вақт ўлжанг, дунё (юк ортиладиган) ҳайвонинг ва Охират манзил (уйинг) бўлсин.

Ҳорис Муҳосибийнинг

"Рисолатул мустаршидийн" китобидан