loader
Foto

Илмнинг фатво бергувчига зарурлиги

Илми мустаҳкам бўлган, динни билган олимдан бошқаси муфтий бўлиши жоиз эмасдир.

Акс ҳолда у ҳалолни ҳаром, ҳаромни ҳалол қилади. Вожиботларни соқит қилади, Аллоҳ лозим қилмаган нарсани одамларга лозим қилади, бидъатларни пайдо қилади, ўзича қонунлар тузади, иймон аҳлини кофирга чиқаради ёки аксинча куфр аҳлининг куфрини оқлайди. Буларнинг барчаси илм йўқлигининг, хусусан, муфтийликка журъат қилиш, унинг дуч келган одамга ҳалол эканлигини мубоҳ санашликнинг самарасидир. Бу нарса бизнинг асримизда авж олди. Дин иши гапирадиган тили, ёзадиган қалами бор бўлган хоҳлаган инсон ҳайдаб бошқариб кетаверадиган ишга айланиб қолди. Ваҳоланки, Қуръон ва суннат, салафи солихдар мана бу хатарли нарсага унинг шартларини ўзлаштирмай, малака оширмай туриб журъат қилишдан қаттиқ қайтарган. Уни ўзлаштирмоқ бунча ҳам қийин бўлмаса!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз замоналарида фатво беришга шошилган кимсаларга салбий муносабат билдирганлар. Улар жароҳати бор кимсага жароҳатига эътибор бермай жунуб бўлганда ғусл қилишга фатво беришган. Бу эса ўша инсоннинг ўлимига сабаб бўлган. Расулулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳолатни эшитиб: “Улар уни ўлдирдилар. Аллоҳ уларни ўлдирсин. Билмасалар сўрасалар бўлмасмиди. Билмасликни шифоси сўраш-ку, у таяммум қилса кифоя эди”, дедилар.

Қаранг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг фатволарини қотиллик деб эътибор қилдилар ва уларни “уларни Аллоҳ ўлдирсин”, деб дуоибад қилдилар. Демак, жоҳилий фатво қотиллик экан. Вайрон қилар экан. Шунинг учун Ибнул Қоййим ва бошқалар Аллоҳнинг динида билимсиз фатво ҳаромлигига ижмо қилганлар, ундайларни Аллоҳ таолонинг бу оятининг остига киритганлар:

“Айтинг: «Парвардигорим фақатгина ошкор ва яширин бузуқликларни, (барча) гуноҳ ишларни, ноҳақ зулм қилишни ва Аллоҳга (шерик эканлигига) ҳеч қандай ҳужжат туширмаган нарсаларни шерик қилиб олишингизни ҳамда Аллоҳ шаънига билмай-диган нарсаларни гапиришингизни ҳаром қилган, холос”. (Аъроф сураси, 33-оят)

Ҳадислар, саҳобалар ривоятлари, салафлар-нинг сўзларидан ана шундай қаллоблар, ёш болалар, чала муллаларнинг йўлларини тўсадиган нарсалар нақл бўлган.

Ибн Сийрийн айтади: Киши жоҳил ҳолда ўлиши билмаган нарсасини айтишдан кўра яхшироқдир.

Абу Ҳусайн ал-Ашъарий айтади: Улар бир масъалага фатво берадилар. Агар бу масъала Умарга рўпара қилинса, уни ечиш учун Бадр аҳлини тўплаган бўлар эди.

Энди бизнинг аср “мулла”ларининг журъатига нима дейсиз?!

Ибн Масъуд, ибн Аббос айтадилар: Сўралган ҳамма нарсага жавоб берган кимса мажнундир.

Абу Бакр айтади: Билмаган нарсамни айтсам қайси ер мени ўзига кўтариб, қайси осмон менга соя беради.

Алий: Киши биладиган нарсаси ҳақида сўралганида ҳам жавоб қиларкан: “Аллоҳ яхшироқ Билгувчидир”, дейиши жоннинг роҳатидир, жоннинг роҳатидир, жоннинг роҳатидир, деган.

Тобеинлар саййиди ибнул Мусаййиб ҳеч фатво бермаган. Агар шу ҳол бўлиб қолса: Аллоҳим, Мени ундан, уни мендан саломат қилгин, дер эди.

Буларнинг ҳаммаси фатво бериш хатарли нарса эканлигига ҳамда нафс ва ўзгалар ҳавосига эргашишдан сақланган тақво билан бирга кенг уфқ, мустаҳкам илм билан муфтийликни ўзлаштириш зарурлигини билдиради.

Баъзи бир шаръий илм талабалари - кўпинча улар бундай илмга бегонадирлар - қийин масъалаларда, хатарли ҳукмларда катталик билан фатво беришга шошилаётганлари, катта уламоларга тили узунлик қилаётганлари, балки катта имомларга, таниқли саҳобаларга пешонасини тақаётгани ва ғурур ва гердайиш билан: Улар ҳам одам, бизлар ҳам одам, дейишлари кишини ажаблантиради.

Улар энг аввало ўз ўринларини билмоқликлари, сўнгра шариат мақсадларини, воқенинг ҳақиқатларини англамоқликлари керакдир. Лекин ғурур бунинг олдида қалин пардага ўхшайди. Куч-қудрат Ёлғиз Аллоҳникидир.

Юсуф Қарзовийнинг

"Амалларнинг мартабаларини англаш" китобидан

Заҳириддин Мансур таржимаси