loader
Foto

Илмга амал қилиш

Каломуллоҳни дилига жо қилганлар оддий мусулмонлардан маънавиятининг юксаклиги билан ажралиб туриши лозим. Қори шакл-шамойили ва феъл-атвори юқори савияда бўлиши, виқорли, оғир, сокин, сабр-бардошли бўлиши керак. Қуръони карим бўйруқларига амал қилиб, унда тақиқланган ишлардан ўзини узоқ олиб юриши зарур.

Илм ўрганаётган, хусусан, Қуръони каримни ёд олаётганлар таълим билан бир қаторда таҳсил олган билимларига амал қилиб боришлари лозим. Усмон ибн Аффон(Усмон ибн Аффон ибн Абул Ос ибн Умайя ибн Абдушшамс ибн Абдуманоф. Хулафои рошидинларнинг учинчиси. Жаннат башорати берилган ўн саҳобадан бири. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг қизлари Руқайя ва унинг вафотидан кейин Умму Кулсумга уйлангани туфайли “Зуннурайн” - “Икки нур соҳиби” деб ном олган. Ҳижрий 35-йили 80 ёшида Мадинада вафот этган.), Абдуллоҳ ибн Масъуд ва бошқа баъзи саҳобийлар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ўн оят таълим олиб, ундаги илмларни мукаммал ўрганиб, уларга амал қилмагунларича бошқа оятни таълим олишга ўтмас эдилар. Улар: “Биз Қуръонни, илмни ва амални бирданига ўзлаштирдик”, дердилар.

Имом Муҳаммад Доримийнинг “Муснад”ида Али ибн Абу Толиб(Али ибн Абу Толиб ибн Абдулмутталиб ибн Ҳошим ибн Абдуманоф. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг жиянлари ва куёвлари,)нинг ушбу сўзлари ривоят қилинади: “Эй илм эгалари, унга (илмга) амал қилинглар. Чунки олим киши билганига амал қилган ва илми амалига мувофиқ келган кишидир. Тез орада шундай қавмлар келадики, илмни эгаллайдилару, лекин билимлари ҳалқумларидан ўтмайди, қилаётган ишлари айтаётган илмларига, қалблари зоҳирларига тескари бўлади, мажлисларда бир-бирларига мақтаниб ўтирадилар. Ҳатто, баъзилари ҳам-суҳбатига уни тарк қилиб, бошқа биров билан ўтиргани сабабли ғазаб қиладилар. Улар шундай инсонларки, амаллари ана ўша мажлисдан Аллоҳ таолога кўтарилмайди”.

Ўқиган, билган нарсаларни бошқаларга кўз-кўз қилиш, у билан фахрланиш Исломнинг кўрсатмаси эмас, албатта. Баъзи уламоларнинг ҳаётига назар ташласак, улар имкон борича ўз номларини қолдирмасликка ҳаракат қилганлар. Ҳатто, асарларига ҳам номларини битмаганлар. Имом Шофиъий (раҳимаҳуллоҳ): “Инсонлар (мендан) илм ўрганиб, ундан бирор нарсани менга нисбатини бермасалар эди”, деганлари ривоят қилинади.

Жалолиддин Ҳамроқуов

"Тиловат одоблари" китобидан