loader
Foto

Ўрта Осиё Россия империяси мустамлакаси бўлган даврда мусулмон диний ташкилотлари

1865-1867 йилларда Қўқон хонлигининг бир қисми Россия империяси томонидан босиб олиниб.Туркистон генерал-губернаторлиги таъсис этилди. Маҳаллий аҳолининг босқинчиларга қарши курашлари давом этди, губернаторлик ерларида Империяга қарши қўзғолонлар бўлиб турди. Айниқса, Қўқон хонлиги маркази Фарғона водийсида Чор ҳукумати қўшинларига қарши қуролли ҳаракатлар бўлди. Одатда, исёнлар бошида зиёли ва уламолар турди. Аммо кучлар нотенгбўлиб, маҳаллий қўзғолончилар тиш-тирноғигача қуролланган Чор ҳукумати аскарларига бас кела олмадилар ва 1876 йилда Қўқон хонлиги босиб олинди. Бухоро амирлиги ва Хоразм хонлиги бундан аввалроқ Россия империясининг қарам давлатларига айлантирилганди.(Бу воқеалар тафсилоти билан танишиш учун қуйидаги адабиётларни тавсия қиламиз: Бабабеков, Народные движения; Бабаджанов, Кокандское ханство.)

Бу пайтда Империя ҳудудида яшовчи мусулмон аҳоли учун фатволар чиқарувчи уламолар, масжидлар, мутаваллиёт,умуман,динга тааллуқли барча масалаларда Оренбург ва Таврия диний бошқармаларига итоат этишган.(Арапов, Ислам, с. 175.) Бироқ бу идораларнинг фатволари, буйруқ ва қарорлари Туркистон ўлкасида жорий этилмаган.(Туркистон ва Шимолий Кавказ Россия империясига Оренбург ва Таврия диний бошқармалари ҳақидаги Қонун чиқарилганидан кейин қўшиб олингани туфайли уларга мазкур ҳужжаттатбиқ этилмаган.)Туркистон генерал-губернатори фон Кауфман (1818-1882) Туркистон ўлкаси мусулмонлари мазкур диний бошқармалардан бирортасига тобе бўлишини истамади; 1880 йили унинг тақдимномаси билан Россия Ички Ишлар вазирлиги Оренбург муфтийсига диний бошқарувда Туркистонга дахл қилмаслик тўғрисида кўрсатма беради.

Чор ҳукуматининг Туркистон генерал-губернаторлигини бошқариш тўғрисидаги 1867 ва 1886 йиллардаги “Низом”ларида генерал-губернаторга аҳолининг эътиқодига тааллуқли масалаларга аралашмаслик буюрилган. Чунки ҳукумат назарида диний раҳнамоларнинг таъсир кучи пасайган, қўлларида айтарли имконият қолмаган эди.(Арапов, Ислам, с. 267-276.) Лекин ички сиёсатда Чор ҳукумати учун “мусулмонлар масаласи” асосий муаммо бўлди.Улар аҳолини “оқпошшо”га қарши қайровчи куч уламолар ва ислом ғоялари бўлишини билишган.Дейлик, умрининг сўнгигача Тошкентда яшатан миссионер, ислом эксперти Н. Остроумов (1846-1930) бу хусусда шундай ёзади: “Қурол билан бўйсундирилган халқлар ва мусулмонлар рус ҳукуматига тобеликни зинҳор бўйнига олмайди,эртами-кечми улар очиқ-аён “фотиҳ”лари ва зулмкорларга қарши бош кўтарадилар. Бунда ислом уларнинг ялови бўлади”.(Остроумов, К воспоминаниям.)

Ўша пайтда губернаторлар ҳукуматга йўллаган ҳисоботларида шундай ёзадилар: “Сирдарё вилоятида, шунингдек, ўлканинг бошқа ҳудудларида “мулла” сўзи ҳеч қандай расмий лавозим эгасини билдирмайди, балки оддий саводхон одамга айтилади. Муллалар масжидларга хусусий тарзда чақириб келинади. Аҳоли ўртасида мусулмон уламолари (руҳонийлар) деб ҳурмат қилиниши мумкин бўлган мансаб ёки лавозимнинг ўзи йўқ. Диний маросимлар ёши каттароқ, ҳурматли ёки саводхон бўлган бирор киши бошчилигида амалга оширилади.(Арапов, Ислам, с.276.)

Бу маълумотлар, албатта, ҳақиқатдан йироқ. Чунки Бухоро, Қўқон ва бошқа шаҳарларда масжидлар, мадрасалар фаолият олиб борган. Кўплаб уламо ва зиёлиларимиз мазкур мадрасаларда таҳсил олганлари ҳақида Садриддин Айний(Айни, Ёддоштҳо.) (1878-1954), Абдурауф Фитрат (1886-1938) каби ўнлаб адибларимиз ўз хотираларида ёзиб қолдиришган.

1898 йили Андижонда ҳаммага маълум Дукчи Эшон (1856-1898) қўзғолони бўлиб ўтди. Биз бу қўзғолон тафсилотига тўхталмаймиз, чунки унингижобий ва салбий жиҳатлари, сиёсий ва ижтимоий аҳамиятини тарихчиларимиз яхши ўрганишган.(Бу қўзғолон ҳақида қуйидаги адабиётлардан тўла маълумот олиш мумкин: Эгамназаров, Дукчи Эшон; Ўзбекистоннинг янги тарихи, б. 353-381;) Инчунин, шу қўзғолондан кейин Туркистон генерал-губернатори С. М.Духовской (1838-1901) яна ўлкада диний бошқарма тузиш масаласини кўтарди. У 1898 йили 8 августда Россия Ҳарбий вазирига Туркистонда ҳам Кавказорти ҳудудидаги диний идорага ўхшаш идора тузиш ва унга муфтий эмас, балки шариатдан бохабар,туркий ва форс тилларини яхши биладиган рус назоратчини раҳбар қилиб белгилаш таклифи билан мурожаатнома ёзади. Ички Ишлар вазирлиги ва Ҳарбий вазирлик томонидан диний идоранинг тузилиши мақсадга мувофиқ эмас, чунки бу нарса исломга эътиқод қилувчиларнинг бирлашишига олиб келади.деган сабаб билан унинг таклифи рад этилади. Шундан сўнгС.Духовской 1899 йили “Туркистонда ислом” номли ҳисобот тайёрлайди: унда ўзи бошқараётган минтақа ва бошқа ҳудудлардаги мусулмонларга тааллуқли ечимини кутаётган масалаларни бирма-бир санаб кўрсатади.(Бабаджанов, Андижанское восстание, с. 155-200.)“Қирғизлар(Бу ерда қозоқ миллатига нисбатан "қирғиз” атамаси қўлланган.) орасида ислом тарғиботчилари ва устоз ролини ўйнаётган татарлар, - деб ёзади у, -сартлар (ўзбеклар) орасида бу ишларни бажаришга ҳеч қачон журъат қилолмайдилар, чунки улар (ўзбеклар) ислом илмлари борасида [татарларга нисбатан] анча илгарилаб кетганлар”.(Духовской, Ислам в Туркестане, с. 12.) У ислом динига сиёсий куч сифатида қараб, уларнинг ишларини маъмурий ҳукуматга бериб юбориш таклифини беради. С. Духовскойнинг лойиҳаси кучга кирмаса-да,“Туркистон ўлкаси мусулмонларинингдиний ишлари.билим юртлари ва вақф мулкларини бошқариш бўйича муваққат Қоидалар” ишлаб чиқилди. Лекин бу ҳужжат ҳам ўз тасдиғини топмади, амалда қўлланмади.

1904 йили Россия билан Япония ўртасида бошланган уруш Империядаги ички курашларни тезлаштириб юборди. Бу хусусда Абдулла Авлоний (1878-1934) шундай ёзади:“1905 йилги инқилобий кўтарилишлар беҳуда кетмади. Подшо ҳукумати ён беришга мажбур бўлди. 17 октябрь Манифести эълон қилинди. Шахснинг дахлсизлиги, виждон, сўз, йиғилишлар эркинлиги таъминланиши ҳақида ваъда берилди”.(Авлоний, Танланган асарлар, 6.7.) 12 декабрда ва 1905 йилнинг17 апрелида эълон қилинган Манифест мусулмонларга нисбатан қўлланадиган ҳар қандай чекловни тақиқлади. 1905 йилга келиб қабул қилинган янги Қонунда(Особьй журнал.) Туркистон ўлкасида диний бошқарма тузиш масаласи ҳам кўтарилди.Унда Оқмула, Семипалатинск, Урал ва Тўрғай ўлкаларидаги қирғизларнинг диний бошқармаси ва Шимолий Кавказ, Ставрополь губернияси, Туркистон ва Каспийорти вилоятларидаги мусулмонлар диний бошқармасини тузиш катта аҳамиятга эга, дейилади. Бунга сабаб қилиб қуйидагилар кўрсатилди:“Ҳозиргача бу мусулмонларнинг ишлари ҳукуматтомонидан тўғри назорат қилинмаяпти. Қўмита мазкур ҳудудлардаги мусулмонлар жамоаларининг ишларини уюшган, деб баҳоламайди. Баъзи диний жамоалар бевосита маъмурий ҳукумат таркибида, баъзилари эса мустақил ва умуман назоратсиз ҳолда. Шу сабабли уларнинг диний фаолиятини тартибга солиш масаласи тўла қонунийдир. Қўмита бу ишни иккита йўл билан бажаришни кўзлайди: уларни мавжуд диний бошқармалар таркибига қўшиб юбориш ёки жойларда диний ишларни бошқарувчи янги марказларни ташкил этиш. Қўмита иккинчи йўлни

маъқуллайди, чунки мустақил ташкилотлар аҳоли учун яқинроқ ва мақбулроқдир. Мазкур ҳудудлардаги мусулмон аҳоли учун Таврия диний бошқармасини тузишда танланган тамойиллар асос қилиб олинган диний муассаса ташкил этиш яхшироқдир”.(веротерпимости. с. 78-88.)

Мазкур Қонуннинг бўлимларида масжидлар қуриш, диний арбобларни сайлаш тартибини жорий этиш, диний мансабдаги шахсларни мажбурий ҳарбий хизматдан озод этиш, мусулмон мактаб ва мадрасаларини очиш тўғрисида ҳам сўз боради. Бу Қонун ўлка мусулмонларининг сиёсий ҳаётида сезиларли ўзгаришлар ясади. Нижний Новгородда 1905 йил 16 июнда I Бутунроссия мусулмонлари съезди, 1906 йилнинг январь ва август ойларида II ва III Бутунроссия мусулмонлари съездлари бўлиб ўтди.(1917 йил февраль инқилобидан сўнг Москвада I ва II Умумрусия мусулмонлари съездлари я бўлиб ўтди. Бу съезд моҳиятан мусулмон коммунистлар қурултойи эди. Уларга Туркистондан  Мустафо Чўқаев, Убайдулла Хўжаев, Заки Валидий депутат бўлишган. ЗАХа6утдинов-Мухетдинов, Всероссийские мусульманские съездь!; Сенюткина, Третий съезд-Ч. II.)Бу съездларда Туркистон ўлкасидан ҳам вакиллар қатнашди.34 Съездлар мусулмонларга ўз, ҳақ-ҳуқуқларини таниш ва бошқа дин вакиллари билан тенгҳуқуқли эканликларини намоён этиш йўлида ишонч берди. Нижегород ярмаркасида бўлиб ўтган I съездда Россия мусулмонлари иттифоқи тузилди.

1906 йилнинг 31 март ва 1 апрель кунлари бўлиб ўтган Еттисув мусулмонлари йиғилишида Туркистон диний бошқармасини тузиш масаласи резолюция билан Вазирлар Кенгаши раисига тақдим қилинади.Ҳужжатга кўра диний кенгаш таркибига ўлкадаги мусулмон халқларнинг ҳар биридан вакил қатнашиши ва улар халқ тарафидан сайланиши кераклиги алоҳида белгиланади.(Арапов, Ислам, с. 211.) Ҳукм сурган сиёсий вазияттақозосига кўра ҳукуматДумасига Империя ҳудудида яшайдиган барча халқлар ва дин вакилларидан депутат сайлаш жорий қилинади. Мусулмонлардан жами 79 киши: 25 киши биринчи чақириқ, 37 киши иккинчи чақириқ ва 10 киши учинчи ва тўртинчи чақириқ депутати бўлишди.

Бир қарашда мавжуд муаммолар ҳал қилингандек эди.Аммо 1916 йилнинг 25 июнида Император Николай II (1868-1918) томонидан имзоланган “Империянинг турли халқлари эркакларини армия ҳаракатланаётган ҳудудларда ҳимоя ускуналари ва ҳарбий алоқалар ўрнатиш ҳамда давлат ҳимояси учун зарур бўлган барча ишларга жалб қилиш ҳақида”ги, халқона айтганда, “Мардикорликка чақириш” тўғрисидаги Қарор Россияга қарам ўлкалардаги аҳолида катта норозилик уйғотди,ўз навбатида, Чор ҳукуматига қарши тиш қайраб турган коммунистлар учун қулай имконият юзага келтирди.

1917 йилда Россияда кетма-кет содир бўлган сиёсий воқеалар: октябрь ойи охирида Петроградда рўй берган яна бир инқилобий тўнтариш ва Муваққат ҳукуматнинг ағдарилиши Туркистондаги сиёсий жараёнларга ҳам таъсирини ўтказди. 1917 йил 1 ноябрда Коммунистик партиянинг Тошкентсовети Туркистонда Советҳокимияти ўрнатилганлигини эълон қилади. Ўша куни Советлар Термиз ва Каттақўрғонда, 25 ноябрда Янги Бухоро ва Когонда, 28 ноябрда Самарқандда,7 декабрда Наманганда ҳокимиятни қўлларига олдилао-Большевиклар моҳиятан Чоризм давридаги мустамлакачилик сиёсатг эргашиб, уни янгича кўринишда давом эттирдилар. 1917 йилнинг 19 ноябрида Туркистон Советларининг III съезди бўлиб ўтди.Унга кўра мусулмонларни ўлка инқилобий ҳукумати таркибига киритиш мақсадга мувофиқ эмас, деб қатъий белгилаб қўйилди.56

1917 йил 20 ноябрда Россия Совет Халқ комиссарияти раиси В.И.Ленин (1870-1924) ва миллатлар масалалари бўйича комиссариат раиси И. В. Сталин (1878-1953) имзо чеккан “Россия ва Шарқнинг барча мусулмон меҳнаткашларига” мурожаатнома эълон қилинади. Унда Россия мусулмонларининг эътиқоди, қадриятлари, ташкилотлари дахлсиздир, дейилган эди. Бироқ бу шўроларнинг оммани ўзига оғдириш йўлидаги тадбирларидан бири эди. 1918 йилнинг январь ойида эса “Черковни давлатдан ва мактабни диндан ажратиш тўғрисида” Қонун эълон қилинади. Ўрта Осиёга М. Фрунзе (1885-1925) ва В. Куйбышев (1888-1935) каби марказдан махсус юборилган “уддабурон” масъуллар ерлик аҳоли билан рус раҳбарлар ўртасидаги муносабатда мувозанатга эришишга муваффақ бўлдилар.

Мажбурий советлаштириш сиёсатининг бир йўналиши мусулмонларда янги инқилобий ҳукуматга нисбатан хайрхоҳлик муносабатини ҳосил қилиш эди, шунга кўра “ислом социализми” ғояси юзага келди. Бунда большевикларнинг мусулмонлар орасидаги ишончли вакилларининг хизматлари катта бўлди. Улардан бири Шерали (Сер-Али) Лапин(Мустафа Чокай-оглы, Туркестан, с. 25.) “Шўрои уламо”га ёзган мурожаатида шундай дейди:“Ислом ва социализм[нинг ўхшашлиги] бир қарашда ақл бовар қилмайдиган нарсалардир. Бироқ моҳиятига қаралса, уларда жуда кўп умумийликни кўрса бўлади. Ҳар икки таълимотнинг асосий тамойили меҳнаткашларнинг манфаатини ҳимоя қилишдан иборат. Уларнинг иккиси ҳам империализмнинг ашаддий душманларидир: миллатпарастлик ғояларини тан олмайдилар, миллатлараро тотувлик тарафдори бўлиб, капитализмни кўра олмайдилар. Социализм барча ерлар меҳнаткашларга, дейди. Ислом эса ер Аллоҳники, ким уни тирилтирса, ўшаникидир, дейди. Социализм исломдан кўп фарқланмайди, фақатгина ғояни амалга ошириш йўли бошқача,холос. Европа социализми исломни ўзининг бирламчи манбаларидан деб билади.буэса у (социализм) мусулмонлар ҳаётида ва бутун инсониятни бирлаштирувчи буюктарихий аҳамиятга эга эканини билдиради”.(ЎзР МДА-11, б. 5; Исламский социализм, с. 12-27.)

Яна бир “ғояпарвар” Ариф Клевлеевнинг Туркистон компартиясининг I съездида билдирган “чуқур мулоҳазалари” ундан ҳам ўтиб тушади: “Мусулмонлар масаласи юқори даражада жиддий ва унга эҳтиёткорлик билан муносабатни талаб этади, - дейди у. - Мен унга Қуръонга суянган ҳолда ёндашдим. Мусулмонларнинг пайғамбари Муҳаммад ва унинг барча таълимотини илмий ўрганиб унда коммунистни тасаввур қилдим. Ўз партиямнинг мавқеини ривожлантириб ва уларни Қуръондан олганларим билан уйғунлаштириб, омманинг фикрини эгаллай олдим ва уларда ёрқин ташаббускорлик ҳиссини уйғотдим. Менинг бундай фикрларимни уламолардан бошқа барча яхши қабул қилди”.(Россия-Средняя Азия, с. 19.)

Юқоридаги каби турли сиёсий ўйинлар, мажбурий советлаштириш ҳаракатлари натижасида XX аср бошларида Туркистонда зиёлилар ва уламолар ўртасида зиддияттуғилди.“Шўрои уламо”,“Шўрои Исломий” кейинчалик“Туркистон ўлка мусулмонлари шўроси”(“Ўлкамусшўроси”) каби ташкилотлар аъзоларининг асосий қисми уламолар бўлиб,уларнинг мақсади Туркистоннинг сиёсий эркинлигини қўлга киритиш эди. Улар янгича ислоҳотчилик йўлидан бориб, мусулмонларнинг маърифий ва сиёсий онгини ошириш орқали мақсадга эришишни кўзладилар.("Шўрои Ислом"нинг бошқарув ҳайъати аъзоси Мунаввар қори Абдурашидхонов 1917 йил 15 мартда ўтказилган бошқарувнинг 1-йиғинида Туркистон мусулмонлари орасида замонавий рухдаги илмий ва ижтимоий ислоҳотчилик ғояларини тарқатишни энг зарурий вазифа, деб белгилайди (Аъзамхўжаев, Туркистон мухторияти, 6.37).)

Келишмовчиликлар оқибатида халқни ўзига эргаштириши мумкин бўлган зиёлилар қадимчилар ва жадидчиларга ажралиб қолдилар. Маърифатпарвар жадид адиблари асарларида энди кўпроқ муллалар ва уламолар танқид остига олинди.(Кичик мисол сифатида Мунаввар қори Абдурашидхонов билан Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий ўрталарида бўлган ёзишмани келтирамиз. Унда шундай дейилган: "Хурматли Ҳамза афанди!) Туркистондаги бу вазият кўп жиҳатдан социалистик тузум тарафдорларининг Россияда қўллаган сиёсий ўйинларинингтакрори бўлди: большевиклар Чор ҳукуматини қулатишда рус буржуазияси ҳамкорлигидан қандай унумли фойдаланган бўлсалар, бу ерда ҳам босмачилик ва халқ ҳаракатларига қарши жадидлар ва маҳаллий раҳбар кадрлардан шундай фойдаландилар.

Бу орада зиёлилар томонидан юксак мақсадларни кўзлабтузилган Туркистон мухториятининг (1917-1918) тақдири ҳам аянчли бўлди, Мухториятни тугатиш асносида маҳаллий аҳолининг мол-мулки ҳам талон-торож қилинди. Чунончи, ўзини баралла динсизлар, худосизлар жамияти деб айтган коммунистик фирқанинг юқорида айтилганга ўхшаш мусулмонлар ёки умуман, диндорлар билан “келишувлари” вақтинчалик сиёсий ўйин бўлди. Бундай ўйинлар большевиклар томонидан ер ислоҳотини ўтказишда ҳам ўйналди. Янги ҳукумат газеталарида шариат аҳкомлари ерни феодаллар синфидан тортиб олишга изн беради, деган фатволар босилди. Ҳозирда уларни таҳлил қилган мутахассислар большевиклар бундай ҳужжатларни атайин уюштиришган ва уламолар раъйига қарши эълон қилишгақдеган фикрдалар.(Баг Гогу, Тоиагбз а Н 151огу, р. 330-352; Бабаджанов-Исламов, Социализация земли, с. 35.)

1920 йилдан бошлаб Туркистонда вақф мулклари тасарруфига доир масала кўтарилади.(Шу йили Бухородаги Мир Араб мадрасаси фаолияти тўхтатилди (ЎзР МДА-292, в. 5.).) Зеро, куч билан бўйсундирилган Туркистонда ҳукумат ҳокимиятни мустаҳкамлаш учун маҳаллий аҳолининг истак-хоҳишлари билан ҳам ҳисоблашишга мажбур эди. Шу сабаб вақф мулклари ва улардан келадиган даромадни ҳукумат ихтиёрига ўтказишда ислоҳотлар халқнинг кайфиятига қараб қадам-бақадам амалга оширилди. Ўлкада маориф ва маданиятнинг тараққиёти кўп жиҳатдан диний муассаса ва ташкилотлар, вақф мулклари билан боғлиқ эди. 1921 йили Тошкентда бўлиб ўтган Туркистон Коммунистик партиясининг VI съездида вақф ерларини давлат муассасалари ихтиёрига ўтказиш тақиқланиши тўғрисида қарор қабул қилинади. Бироқ бу пайтга келиб вақф ерларининг катта қисмидан келадиган фойда маҳаллий ҳокимият қўлига ўтиб улгурган эди.(Бабаджанов, Журнал “Ҳақиқат", с. 30.)

1922 йилнинг февраль ойига келиб Туркистон компартияси Марказий қўмитаси иштирокида Халқ комиссариатининг маориф, миллатлар масалалалари бўлими, адлия бўлими, Маҳкамаи шариа (диний бошқарма) каби идораларнинг қўшма мажлиси бўлиб ўтади. Унда вақф мулклари масаласи кўриб чиқилиб, мажлис қарорига кўра улар Умумтуркистон халқ мулкидир, деб белгиланди. Демакки, ундан фойдаланиш учун Халқ комиссариати қошида Бош вақф бошқармаси тузиш керак,дейилди. Шундан сўнг барча масжид ва мадраса мулклари Совет ҳукумати назоратига ўтди. Омма орасида норозилик кучайгач, Марказқўм шу йилнинг 18 май куни “Туркистон-Бухоро иши тўғрисида”ги қарорни эълон қилишга мажбур бўлди. Унда жумладан, босмачиларга қарши муваффақиятли кураш олиб бориш туркман ва тожиклар ўртасида сиёсий фаолликни кучайтириш ерли аҳолига баъзи имтиёзларни бериш, мусодара қилинган вақф ерларини қайтариш, қозилик маҳкамаларини қонуний деб тан олиш, босмачиларнинг муросасоз унсурларига афв эълон қилиш назарда тутилган эди.(Россия-Средняя Азия, с. 101-102.) 1924 йил январда Хоразмда Совет ҳокимиятига карши кўтарилган қўзғолондан кейин коммунистлар яна халққа ён беришга мажбур бўлди. Апрель ойида ХССР Марказий Ижроия қўмитасининг 11-сессияси IV қурултой қарорини бекор қилиб, вақф ерлари яна масжид ва мадрасалар ихтиёрига қайтарилди.

Айни пайтда шўроларнинг дин ва диндорларга қарши кураш сиёсати амалда йил сайин кучайиб борди. 1917-1920 йилларда қатор диний муассасалар, хусусан, масжид ва мадрасалар бузиб, вайронага айлантирилди. Бутузум томонидан шошма-шошарлик билан “Ҳужум” кампанияси ва “Худосизлар ҳаракатлари” каби тадбирлар уюштирилдики, улар ўртаосиёлик аҳолининг кундалик турмуш тарзига сингиб кетган диний ва миллий қадриятларга бевосита дахл қилиш эди. Шу ўринда Президентимизнинг: “Инсониятнинг кўп минг йиллик тажрибаси шундан далолат берадики, дунёдаги зўравон ва тажовузкор кучлар қайси бир халқ ёки мамлакатни ўзига тобе қилиб, бўйсундирмоқчи,унингбойликларини эгалламоқчи бўлса,авваламбор, уни қуролсизлантиришга, яъни энг буюк бойлиги бўлмиш миллий қадриятлари, тарихи ва маънавиятидан жудо қилишга уринади”(Каримов И. Юксак маънавият - енгилмас куч. Тошкент, 2006, 6. 8.), -деган сўзлари айни ҳақиқат эканига гувоҳ бўламиз.

1923 йили 11-16 мартда ўтган РКП(б)нинг XII съездида “Туркистон шароитида аксилдиний ташвиқот олиб бориш” тўғрисида резолюция қабул қилинди. 1925-1932 йилларда Тошкентда “Фан ҳам дин” (“Наука и религия”) номли журнал нашр қилинди. Унда дин, эътиқод ва уламолар муттасил қораланди. Шунингдек, Ўзбекистон компартияси қошида 1924 йилда “Общство друзей газеты “Безбожник” (“Худосиз” газетаси дўстлари жамияти”) уюшмаси тузилди. 1925 йилда бу уюшма “Союз безбожников” (“Худосизлар уюшмаси”), 1929 йилда эса “Союз воинствуюцих безбожников” (“Курашчан худосизлар уюшмаси”) деб номланди.("Худосизлик ҳаракати" ҳақида қуйидаги тадқиқотни ўқинг: Салмонов, Диссертация, 6. 64-82.) Мазкур жамият томонидан “Безбожники” (“Худосизлар”) номли журнал таъсис этилиб, 1922-1933 йилларда рус тилида, 1928 йилдан ўзбек тилида ҳам нашр этила бошлади. 1932 йилга келиб “Безбожник” газетасининг ойлик тиражи 500 минг нусхага, шу номдаги журнал тиражи эса 200 минг нусхага етди.

Шу тариқа 20-йиллар охирига келиб шўролар диёрида динга муносабат узил-кесил ҳал қилинди. 1927 йилнинг 13-15 июнидаги Ўзбекистон компартияси Марказий қўмитасининг VI пленуми вақф ерларини диний бошқармадан тортиб олиш тўғрисидаги қарорни маъқуллашга чақирди. Пленум қарорида шундай сатрлар бор эди: “Марказқўмнинг вақф мулкларини диний бошқармадан тортиб олиш ва асосий қисмини маорифташкилотларига бериш тўғрисидаги қарори маъқуллансин.Қайта ислоҳ қилишнингзарарли оқибатларини эътиборга олиб ҳар қандай ҳолатда диний мактабларнинг ислоҳ қилинишига йўл қўйилмасин.уларнингёпилиши учун барча чора-тадбирлар қўллансин”.(Коммунистическая партия, с. 31-36.)

Ўзкомпартия Марказий Ижроия Қўмитаси ва Халқ Комиссарлари Советининг 1928 йил 22 сентябрь куни бўлиб ўтган йиғилишида вақф мулкларини бекор қилиш тўғрисидаги қарори қабул қилинди ва уларнинг маҳаллий совет органларига берилиши билан боғлиқ масалалар Ўзбекистон ССРнинг барча ўлкаларида шошилинч тадбирлардан бири сифатида қаралди. Шунингдек, Ўзбекистон ССР Марказий Ижроия Қўмитасининг 1928 йил 13-19 ноябрда бўлиб ўтган II чақириқ 4-сессиясида “Эски усул мактаблари ва қорихоналарни тугатиш ҳақида”ги қарорининг қабул қилиниши мамлакатда дин ва диндорларга нисбатан шафқатсиз кураш бошланганлигидан далолат берар эди. Шу аснода юзлаб уламо ва фозил шахслар таҳсил кўрган Тошкентдаги Бароқхон мадрасаси ҳам Ўзбекистон ССР ҳукумати қарори билан атеистлар марказий музейига айлантирилди.   

Ҳайдархон Йўлдошхўжаевнинг

"Ўзбекистон Уламолари" китобидан