loader
Foto

Ҳалима Саъдия

Ҳалима бинт Аби Зуайб Саъдия (р.а.). Буюк саҳобия, Расулуллоҳни эмизиб катта қилган оналари.

У Мадина яқинидаги Ҳавозин қабиласида таваллуд топган. Аммо, туғилган йили ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Пайғамбар (алайҳис-салом) туғилган йилларида Ҳалима ўттиз ёшлар атрофида бўлган. Ана шу тахминга кўра 540 йиллар атрофида дунёга келгани ҳақида хулоса чиқариш мумкин.

Отаси Абу Зуайбнинг асл исми Абдуллоҳ ибн Ҳорис ибн Шижна ибн Жобир ибн Ризом ибн Носир ибн Саъд ибн Бакр ибн Ҳавзан.

Маккаликлар одатига кўра, янги туғилган чақалоқни эмизиш учун шаҳар атрофидаги салқинроқ қишлоқларда турувчи аёлларга берилар эди. Пайғамбар (алайҳис-салом) ни аввал амакилари Абу Лаҳабнинг жорияси Сувайба эмизади. У Пайғамбар (алайҳис-салом)дан олдин амакилари Ҳамза (р.а.)ни ҳам эмизган эди. Бир неча кундан сўнг Маккага Бану Саъд ибн Бакр қабиласи аёллари билан Ҳалима Саъдия ўзига эмизиш учун бола қидириб келиб, ёш Расулуллоҳни олиб қайтади.

Ҳалима Саъдия (р.а.) Пайғамбаримизни эмизишга олиш ҳикояси ислом оламида жуда машҳурдир. Ҳалима (р.а.) эри билан эмизикли фарзандини олиб, Маккага йўлга тушган карвонга қўшилиб олди. Ҳалима (р.а.) воқеанинг давомини шундай ҳикоя қилади: «Ҳосил яхши бўлмаган йил эди, уйимизда ҳеч нарса қолмади. Кул ранг эшагимда йўлга чиқдим. Биз билан қари туямиз ҳам бор эди, Аллоҳга қасамки, туямиз сутдан қолган эди. Очликдан йиғлаб чиққан болам туфайли ўша тунни ухламасдан ўтказдик. Кўкракларимдаги сут унга етмасди, туямизнинг ҳам сути йўқ эди. Лекин ёмғир ёғиб ҳаммаси яхши бўлишига умид қилардик. Мен урғочи эшагимда йўлга чиққандим ва йўлда карвоннинг ушланиб қолишига сабаб бўлардим, бу карвондагилар учун қийин ҳолат эди. Жониворлар нимжонлашиб, озиб кетганди. Ниҳоят, Маккага етиб келдик. Карвонимизда келган ҳар бир аёлга гўдак Муҳаммадни таклиф қилишди, лекин етим эканлигини билгач, уни олишдан бош тортар эдик ва: «У етимча-ку! Онаси ёки бобоси нима ҳам бера оларди?», дер эдик. Шунинг учун ҳам гўдакни олишни хоҳламасдик.

Мен билан келган барча аёллар эмизишга бола олдилар. Фақат мен қолдим. Шунда эримга: «Аллоҳга қасамки, бола олмасдан қайтишни хоҳламайман, ҳозир бориб ўша етимни олиб келаман», дедим. Шунда эрим: «Нима ҳам қилардик, ёмон бўлмасди. Балки Аллоҳ ўша гўдак туфайли бизга барака ато этар», деди. Бориб гўдакни олиб келдим. Бошқа гўдак қолмагани учунгина шундай қилдим.

Ҳалима (р.а.) шундай давом эттирди: «Уни олиб, турган жойимизга келдим. Кўкрагимни тутсам, унга етадиган сут келди ва у тўйгунча эмди. Унинг иниси (кўкалдоши) ҳам тўйгунча эмди ва ухлаб қолдилар. Бунгача биз бу бола билан ухлолмасдик. Эрим туямиз олдига борса, елинига сут келибди. Туяни соғиб, эрим ўзи сут ичди, мен ҳам тўйгунимча ичдим. Тунимиз осуда ўтди. Тонгда эрим шундай деди: «Биласанми, Ҳалима, сен жуда муборак гўдакни олибсан». Мен: «Шундай деб умид қиламан», дедим. Сўнгра йўлга тушдик. Эшагимга ўтириб, болани қўлимга олиб жўнадик. Аллоҳга қасамки, карвонда шундай илдам юрардики, ҳамма эшаклар ҳам бундай юра олмасди. Ҳатто дугоналарим орқамдан: «Эй, Абу Зуайбнинг қизи, бизни кутиб тур. Бу ўша сени олиб келган (имиллаган) эшагингми?», деб бақириб чақиришарди. «Ўша эшак», дедим. Улар: «Аллоҳ ҳаққи, бу эшагинг бошкача экан», деб айтишарди.

Шу тариқа уйимизга етиб келдик. Яшаётган еримиз унумсиз бўлиб, етиб борганимиздан қўйларимиз яйловдан тўйиб келадиган ва кўп сут берадиган бўлди. Бошқалар моли сут бермайдиган бир пайтда, қўйларимизни соғиб сутлари-ни ичардик. Буни кўрган қабиладошларимиз чўпонларига: «Абу Зуайб қизининг чўпонлари подаларини ўтлатадиган жойда сизлар ҳам ўтлатинглар!», деб тайинлардилар. Нима қилсалар ҳам, қўйлари яйловдан оч ва сутсиз қайтар, биз-нинг қўйлар эса, тўқ ва елини сутга тўлиб қайтарди. Аллоҳ бизга янаям кўп яхшиликларни инъом этаверди.

Орадан икки йил ўтди. Мен уни кўкракдан ажратдим. У жуда яхши ўсарди. Ҳали икки ёшга тўлмай туриб жуда бақувват бола бўлиб улғайди.

Биз уни онаси олдига олиб бордик. Лекин биз билан қолишини жуда истардик, биз ундан барака топдик. Мен онаси билан гаплаша туриб: «У каттароқ бўлгунча биз билан қолса бўларди, Маккада касал тегишидан қўрқаман», дедим. Уни кўндиргунча ҳол-жонига қўймадик. Қайтиб келганимиздан бир неча ой ўтгач, у уйимиз орқасида иниси (кўкалдоши) билан қўзичоқларга қараётган эди. Бирдан унинг кўкалдоши олдимизга келиб, ховлиқиб: «Қурайшлик инимни оқ кийимли икки киши ушлаб олиб, ерга ётқизиб қорнини ёришди. Улар уни уришяпти», деди. Дарҳол эрим билан унинг олдига югурдик. Қарасак, унинг юзлари оқариб кетибди. Биз болани қучоқлаб олдик ва «Уғлим, сенга нима бўлди?», деб сўрадик. У: «Олдимга оқ кийинган икки киши келиб, мени ерга ётқизиб қорнимни ёриб ниманидир қидиришди, нималигини билганим йўқ», деб жавоб берди. (Бу пайтда Расулуллоҳ тўрт ёки беш ёшда бўлганлар).

Биз уни чодиримизга олиб келдик. Шунда эрим: «Ҳалима, бу бола касал бўлиб қолмадимикин, деб қўрқаман. Бир кор-ҳол бўлмасдан уни ўз яқинларига қайтарайлик», деди. Болани онасининг олдига олиб келдик. Онаси бизни кўриб: «Нега қайтиб келдингиз. Бола биз билан қолсин, деб роса ялинган эдингизку?», деб ҳайрон бўлди. Мен унга: «Бола катта бўлиб қолди. Мен ўз вазифамни бажардим. Болага бирон кор-ҳол бўлмасин, деб қўрқаман, шунинг учун уни ўзингизга қайтараман», дедим. У эса гапимни эшитиб: «Менга ростини айтинг. Боламга нима бўлди», дея ўз ҳолимга қўймади. Сўнг мендан сўради: «Нима, унга шайтон зарар келтиради деб қўркдингми?». Мен «Ҳа», дедим. Омина: «Аллоҳга қасамки, шайтон ўғлимга ҳеч бир зиён етказа олмайди. Менинг ўғлим бошқача. Хохдайсанми, у ҳакда гапириб бераман», деди. Мен: «Ҳа, албатта», деб жавоб бердим. У: «Ҳомиладорлигимда тушимда мендан нур чиқиб Шом қасрларини ёритиб юборганини кўрдим. Уни енгил кўтарардим. Аллоҳга қасамки, бундан енгил ва оддий ҳомиладорликни кўрмаганман. У туғилганида қўллари билан ерга таяниб, бошини осмонга кўтарган эди. Майли болани қолдирингда, ўзингиз яхши етиб олинг», деди.

Мазкур ҳикоядан ислом келгунига қадар ҳам Ҳалима Саъдиянинг нақадар ростгўй, меҳнатсевар, омонатдор ва меҳрибон аёл бўлганини кўриш мумкин.

Ҳалима Саъдия (р.а.)нинг турмуш ўртоғи Бану Саъд ибн Бакр қабиласидан бўлган Ҳорис ибн Абдулуззо эди. Уларнинг Абдуллоҳ ибн Ҳорис исмли бир ўғил ҳамда Унайса ва Ҳузафа (Шайма) исмли икки қиз фарзандлари бўлган.

Ҳалима Саъдия Муҳаммад (алайҳис-салом)га ваҳий кела бошлагач, эри Ҳорис ибн Абдулуззо билан бирга исломни қабул қилган.

Расулуллоҳ Ҳалимани жуда яхши кўрганлар. Ўзларига бирор яхшилик келса, бир бўлагини Ҳалимага олиб боришни айтганлари ҳақида ҳадислар мавжуд. Пайғамбар (алайҳис-салом) ўзлари ҳақида гапирганларида, Бану Саъд ибн Бакр қабиласидаги аёлни эмиб катта бўлганларини айтар эдилар.

Ҳалима Саъдия (р.а.)нинг қачон вафот этгани ҳақида аниқ маълумот мавжуд эмас. Лекин, Ибн Касир ҳижрий 8 йилда Пайғамбар (алайҳис-салом) Ҳалима Саъдия билан кўришганлари ҳақидаги маълумотни келтиради. Китобда келтирилишича, ўша вақт Ҳалима (р.а.) 90 ёшлар чамасида бўлган. Чунки Расулуллоҳни эмизган пайтида ўттиз ёшлар атрофида бўлса, бу воқеа 60 йилдан сўнг содир бўлган. Шундан келиб чиқиб, Ҳалима Саъдия (р.а.) ҳижрий 8 йилдан сўнг вафот этган ва Бақиъ қабристонига дафн этилган, деб хулоса чиқариш мумкин.

"101 улуғ саҳобий" китобидан

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР